Аллоҳ таоло: «Мўминлар ҳеч шак-шубҳасиз оға-инилардир» (Ҳужурот сураси, 10-оят);
«Улар мўминларга ҳокисор, кофирларга эса қаттиққўл кишилардир» (Моида сураси, 54-оят);
«Муҳаммад Аллоҳнинг пайғамбаридир. У билан бирга бўлган (мўмин)лар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (мўминлар билан) эса раҳм-шафқатлидирлар» (Фатҳ сураси, 29-оят), деб айтган.
1566/1. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир-бирингизни ёмон кўрманг. Бир-бирингизга ҳасад қилманг. Бир-бирингизга орқа ўгириб кетманг. Ҳамда бир-бирингиздан алоқа узманг. Эй Аллоҳнинг бандалари, бир-бирингизга биродар бўлинглар. Мусулмон кишининг бошқа бир мусулмон билан уч кундан ортиқ гаплашмасдан аразлашиб юриши ҳалол эмас», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1567/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Душанба ва пайшанба кунлари жаннат эшиклари очилади. Ҳамда Аллоҳ таолога бирор нарсани шерик қилмаган бандаларнинг гуноҳлари кечирилади. Лекин бир кишининг биродари билан адовати бўлса, гуноҳлари кечирилмайди. Ва: «Бу иккови ярашгунча муҳлат бериб туринглар. Бу иккови ярашгунча муҳлат бериб туринглар», деб айтилади», дедилар. Имом Муслим ривояти.
Имом Муслимнинг бошқа ривоятларида «Амаллар пайшанба ва душанба кунлари кўрсатилади» бўлиб келган.