close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

РАСУЛИ АКРАМ АЛАЙҲИССАЛОМГА ИТОАТ ЭТИШ ВА У ЗОТНИ ҲУРМАТ ҚИЛИШ ВОЖИБЛИГИ

Ислом шариатида таъкидланганидек, ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга итоат этиш, у зот қайтарган нарсалардан қайтиш вожибдир. Пайғамбар алайҳиссаломга осий бўлиш, буйруқларидан бўйин товлаш диндин чиқишга, дунё ва охиратда ёмон оқибатларга йўлиқишга сабаб бўлади.
Нисо сурасида Расули акрам алайҳиссаломга итоат этишга амр қилиниб, шундай дейилган:
“Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилинг ва Пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (мусулмон) ҳокимларга бўйсунинг! Борди-ю бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, – агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз – у нарсани Аллоҳга ва Пайғамбарига қайтаринглар! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир” (Нисо сураси, 59-оят).
Аллоҳга маъсият бўлмайдиган ҳолатда мусулмон раҳбарларги итоат этилади. Агар улар Ислом шариатига зид бўлган ишларга буюришса, уларга бўйсунилмайди.
Аллоҳ таоло бизларни гуноҳ бўлмаган ишларда ишбошиларга итоат этишга буюрган. Сабаби, улар шариат таълимотларини амалга оширадилар. Умматнинг иши уларга ишониб топширилади. Улар раият манфаати учун ҳаракат қиладилар. Уларга итоатсизлик – мусулмон умматининг ҳолати ёмонлашиши, ораларида ихтилоф чиқишига сабаб бўлади.
Айтилишича, оятдаги “ишбошилар”дан мурод, диёнатли уламолардир. Улар одамларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтарадилар .
“Ўзларингиздан” деганда, динингиздан бўлган, эътиқоди сизларники каби бўлган ишбошилар назарда тутилади.
“Борди-ю бирон нарса ҳақида талашиб қолсангиз, – агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз – у нарсани Аллоҳга ва Пайғамбарига қайтаринглар!”
Агар мусулмонлар ўртасида, диний ишларда бирон ихтилоф келиб чиқса нима қилиш керак? Бу оятда ана шу саволнинг жавоби бор.
Яъни, эй мўминлар, агар сиз ва ишбошилар дин ишларида бирор ихтилофга борсангиз, у ҳолда ана ўша ишни Аллоҳнинг Китоби – Қуръонга ва Расулига қайтаринглар. Ҳаётлик чоғида унинг ўзидан сўранглар, вафот этганидан кейин суннатига мурожаат қилинглар !
Мана шу оят Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига амал қилиниши, ундаги кўрсатмаларга итоат этилиши кераклигига далилдир.
Ҳадиси шарифларнинг бирида у зот алайҳиссалом: “Сизларни бирон ишдан қайтарсам, ундан узоқлашинглар. Агар бирон ишга буюрсам, уни қодир бўлганингизча амалга оширинг. Сизлардан аввалгиларнинг ҳалок бўлишига кўп савол беришлари ва пайғамбарларига хилоф қилишлари сабаб бўлганди”, деганлар (Муслим ривоят қилган).
“Агар ҳақиқатан Аллоҳга ва охират кунига ишонсангиз...”
Яъни, агар имонингиз ҳақиқий бўлса, чин мўмин бўлсангиз, ораларингизда низо чиққан маҳал Аллоҳнинг Китоби ва Расулининг суннатига мурожаат қилинглар.
“Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир”.
Бирон масалада мусулмонлар орасида низо келиб чиққанда, Қуръон ва ҳадисга мурожаат қилиб, ундаги ҳукмларга эргашиш чиройли оқибатга сабаб бўлади, бу билан масала ўз ечимини топади. Бу ўша низони инсон ўз ақли билан “ҳал” қилишидан яхшироқдир.
Аллоҳ таоло бошқа оятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш Ўзига эргашиш эканини баён қилган: “Ким Пайғамбарга итоат этса, демак, Аллоҳга итоат этибди. Ким юз ўгирса, (бунинг Сизга зарари йўқ, эй Муҳаммад алайҳиссалом. Зеро,) Биз Сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ” (Нисо сураси, 80-оят).
Яъни, қайси бир банда Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам даъват қилаётган таълимотларга эргашса, демак, у Аллоҳга эргашган бўлади. Чунки Расулуллоҳ Аллоҳнинг буйруқ ва қайтариқларини одамларга етказувчидирлар.
Оятнинг давомида Парвардигори олам Ўз Расулига:
– Эй Муҳаммад алайҳиссалом, ким сизга эргашмаса, айтанингизга кирмаса, у фақат ўз жонига жабр қилибди. Биз Сизни одамларга қўриқчи, ё пойлоқчи қилиб эмас, балки уларни огоҳлантирувчи ва топшириқларимизни етказувчи қилиб юборганмиз, – деган.
Қуръони каримни ўқиб тафаккур қилган киши бу хусусда келган ўнлаб оятлар борлигига гувоҳ бўлади. Жумладан, Аллоҳ шундай деган: “Айтинг: “Аллоҳга ва Пайғамбарга итоат қилинг!” Агар юз ўгирсалар, бас, албатта Аллоҳ кофирларни севмайди” (Оли Имрон сураси, 32-оят).
Яна бир оятда шундай дейилган: “Пайғамбар сизларга берган нарсани олинглар. У зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир” (Ҳашр сураси, 7-оят).
Мана бу оятда Аллоҳ ва Расулига итоат этиш нажотга элтиши маълум қилинган: “Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига ўрталарида ҳукм чиқариш учун чорланган вақтларида мўминларнинг сўзи “эшитдик ва бўйинсундик”, дейишдир. Ана ўшалар нажот топувчилардир” (Нур сураси, 52-оят).
Мана бу оятга ҳам эътибор қаратайлик: “Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари бир ишни ҳукм қилган – буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Аллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ўзлари хоҳлаган ишларини ихтиёр қилишлари жоиз эмасдир. Ким Аллоҳ ва Пайғамбарига осий бўлса, бас, у очиқ йўлдан озибди” (Аҳзоб сураси, 36-оят).
Пайғамбар алайҳиссаломга итоат этиш вожиблиги ҳақида жуда кўп ҳадислар айтилган. Бу ерда имом Бухорий “Саҳиҳ”да ривоят қилган бир ҳадисни келтириш кифоя қилади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам:
– Умматимдан ҳар бир инсон жаннатга киради. Фақат ёқтирмаганлар (ёки юз ўгирганлар кирмайди), – дедилар.
Шунда:
– Ё Расулуллоҳ! Ёқтирмаганлар кимлар? – деб сўралди.
У зот:
– Ким менга итоат этса, жаннатга киради. Менга осий бўлган (амримга бўйсунмаган) кимсалар ёқтирмаганлардир, – дедилар .
Севимли Пайғамбар алайҳиссаломни ҳурмат қилиш, эъзозлаш ҳақида қуйидаги оятларни келтириш мумкин. Аллоҳ таоло шундай деган:
“Эй мўминлар, сизлар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари олдида қадам босманглар! Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳ Эшитувчи, Билувчидир. Эй мўминлар, амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ сўз қилманглар! Албатта Аллоҳнинг Пайғамбари ҳузурида овозларини паст қилган зотлар – ана ўшалар Аллоҳ дилларини тақво учун имтиҳон қилган зотлардир. Улар учун мағфират ва улуғ ажр-мукофот бордир. (Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) албатта ҳужралар ортидан туриб Сизни чақирадиган кимсаларнинг кўплари ақлсиз кимсалардир. Агар улар то Сиз ўзингиз уларнинг олдига чиққунингизча сабр қилганларида, албатта ўзлари учун яхшироқ бўлар эди. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир” (Ҳужурот сураси, 1-5-оятлар).
Яъни, эй ҳақиқий имон келтирган мўминлар! Аллоҳ ва Расулининг ҳукмига суянмасдан туриб бирон сўз айтишдан ёки динга оид бирон иш қилишдан ҳазир бўлинг! Ҳар қандай ҳолатда ҳам Аллоҳга тақво қилинг! Зеро, Аллоҳ ҳар бир сўзингизни эшитиб, қилаётган амалларингизни билувчи Зотдир.
Ибн Касир шундай деганлар: “Аллоҳ таоло бу билан Ўзининг мўмин бандаларига одоб бермоқда, Пайғамбарлари билан қандай муомала қилиш, уни ҳурматлаш, эҳтиром кўрсатиш ва улуғлаш хусусида кўрсатмалар бермоқда: “Эй мўминлар, сизлар Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари олдида қадам босманглар!”
Яъни, бирон нарсани ундан олдин бошламанг, балки барча ишда унга эргашинг, ортидан юринг! Ҳатто бу шаръий одоб доирасига Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг ҳадиси ҳам киради. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муозни Яманга юбораётиб:
– Нима билан ҳукм қиласан? – деб сўрадилар.
У:
– Аллоҳнинг Китоби билан, – деб жавоб берди.
Расулуллоҳ:
– Агар топа олмасанг, нима қилсан? – дедилар.
Муоз:
– Унда Расулуллоҳнинг суннатлари билан ҳукм қиламан, – деди.
– Агар ундан ҳам топа олмасанг, қандай йўл тутасан? – деб сўраганларида, Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу:
– Ўз раъйим билан ижтиҳод қиламан, – деб жавоб берган.
Муоз бунда ўз раъйи-қараши ва ижтиҳодини Қуръон ва ҳадисдан кейинги ўринга қўйган. Агар бу икки манбадан қидирмай туриб, ўз раъйини афзал деб билганида, бу нарса Аллоҳ ва Расулининг олдида қадам босиш сирасига кирарди ”.
Шундан кейин Аллоҳ таоло мўминларга қарата иккинчи марта нидо қилади ва Расулини ҳурмат қилиш вожиблигини таъкидлайди:
“Эй мўминлар, овозларингизни Пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал сўз) қилгандек очиқ сўз қилманглар!”
Яъни, эй, Аллоҳга ва охират кунига ишонган кишилар! Пайғамбарингизни эҳтиром қилинглар, унга ҳурмат кўрсатинглар! Унга мурожаат қилганда, овозингизни унинг овозидан баланд кўтарманг! Унга хитобан: “Эй Муҳаммад!” деб эмас, балки “Ё Расулуллоҳ”, “Эй, Аллоҳнинг Пайғамбари!” деб хитоб қилинглар.
“Амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун...”
Бу ўринда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида овозни кўтариш қандай оқибат билан тугаши баён этилмоқда.
Яъни, Пайғамбар алайҳиссалом олдида овозингизни юқори кўтарманг, унинг исми билан чақирманг. Акс ҳолда ўзингиз сезмаган тарзда солиҳ амалларингиз савоби бекор бўлиб қолиши мумкин.
Ибн Касир айтишича, Расули акрам алайҳиссалом ҳаётликларида у зот олдиларида баланд овозда гапириш қандай макруҳ бўлган бўлса, қабрлари олдида ҳам юқори овозда гапириш макруҳдир. Сабаби, у зот тириклик чоғларида ҳам, қабрдалик вақтларида ҳам ҳурматга лойиқ инсондирлар .
Саҳобалар (Аллоҳ улардан рози бўлсин!) бу кўрсатмаларга тўлиқ риоя қилишган. Ривоят қилинишича, мана шу оят нозил бўлганида Абу Бакр: “Эй Расулуллоҳ! Аллоҳга қасамки, мен сизга худди пичирлаб гапирадиган одам каби мурожаат қиламан”, деганлар.
Собит ибн Қайснинг овози жуда баланд эди. Юқоридаги оят нозил бўлганида, у: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга овозини баланд кўтарадиган мен эдим. Энди жаҳаннам аҳлиданман мен. Амалим бекор бўлди!” деди ва уйида маҳзун ҳолида ўтирди. Собит айтган гап Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга етиб борганида, у зот саҳобаларга қараб: “Йўқ, (Собит) жаннат аҳлидандир”, дедилар .
Қуръони каримдаги оятлар далолатига кўра, Аллоҳ таоло Ўз Расулининг исми билан хитоб қилмаган, балки унинг ҳурматлаб: “Эй Набий!”, “Эй Пайғамбар!”, “Эй либосларга ўраниб олган Зот!” деб нидо қилган.
Бошқа пайғамбарларга эса уларнинг исми билан “Эй Одам”, “Эй Иброҳим”, деб нидо қилган.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг исмлари хитоб қилинганда эмас, балки бошқа ўринларда зикр қилинган.
Пайғамбар алайҳиссаломни ҳурматлаш ва у зот ҳузурларида овозни баланд кўтаришдан қайтарилгач, Расули акрам олдиларида оҳиста гапирадиган зотлар ҳақига мақтов айтилади:
“Албатта Аллоҳнинг Пайғамбари ҳузурида овозларини паст қилган зотлар – ана ўшалар Аллоҳ дилларини тақво учун имтиҳон қилган зотлардир”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилганда овозларини паст қиладиган зотлар қалбларини Аллоҳга бўлган тақво ва тоатга холис қилган инсонлардир.
“Улар учун мағфират ва улуғ ажр-мукофот бордир”.
Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурида паст овозда гапирадиган инсонларнинг гуноҳлари мағфират этилади ва уларга ҳисобини ёлғиз Аллоҳ биладиган даражада улуғ мукофотлар ато этилади.
Мана шу одобга барча мусулмонлар Расулуллоҳ ҳаётлик вақтларида ҳам, у зот ёруғ оламни тарк этганларидан кейин ҳам оғишмай амал қилиб келишган. Ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб Масжидун набавийда бир киши овозини баланд кўтараётганини эшитиб қолди ва унга: “Ҳой, сен қаерликсан?” деди. “Тоифданман”, деди у. Шунда Умари одил: “Агар Мадина аҳлидан бўлганингда, уриб адабингни берардим”, дедилар.
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом,) албатта ҳужралар ортидан туриб Сизни чақирадиган кимсаларнинг кўплари ақлсиз кимсалардир”.
Ушбу икки оятнинг нозил бўлишига қуйидаги воқеа сабаб бўлган. Бани Тамимдан бир гуруҳ одамлар ҳижрий тўққизинчи йилда Мадинага келиб, қайлула  вақтида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам яшайдиган уй олдига келиб: “Эй Муҳаммад, бизнинг олдимизга чиқ!” деб баланд овозда чақира бошлашди. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг бу ишини хушламадилар.
“Ҳужралар”дан мурод, Пайғамбар алайҳиссалом аёллари яшайдиган ҳужралардир.
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, аёлларингиз ҳужралари ортидан туриб сизни чақирадиган кишиларнинг кўпи тўғри ақл юритишдан, одоб-ахлоқдан, ҳурмат-эҳтиром кўрсатишдан бенасибдирлар. Улар одамларга одоб ила мурожаат қилмайдилар. Чунки улар аъробийлардир, тарбия кўрмаган, одамлар билан муомала қилишни билмайдиган одамлардир.
“Кўплари” дейилишига қараганда, уларнинг орасида оз бўлса-да, тарбия кўрганлари ҳам борлиги ойдинлашади.
Шундан сўнг Аллоҳ таоло энг афзал йўлни кўрсатади:
“Агар улар то Сиз ўзингиз уларнинг олдига чиққунингизча сабр қилганларида, албатта ўзлари учун яхшироқ бўлар эди. Аллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир”.
Яъни, эй муҳтарам Пайғамбар, Сизга ҳужралар ортидан нидо қилган кишилар олдиларига чиққунингизча сабр қилиб, одобсизлик қилмаганларида, ўзлари учун яхши бўларди. Зеро, Аллоҳ таоло мағфирати ва раҳмати кенг Зотдир.
Ушбу оятларни тадаббур қилар эканмиз, мўминларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан қай тарзда муомала қилиш лозимлиги ўргатилаётганини кўрамиз. Шунингдек, бу оятларда мўминлар динларига оид бир сўз айтиш ё иш қилишдан аввал ана ўша сўз ёки иш шаръий ҳукмга асосланганини билишлари, Аллоҳ ва Расули жорий қилган қонунлар доирасида иш қилиш лозимлигига далолат қилади.
Қолаверса, бу оятларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида паст овозда сўзлайдиганлар мақталиб, у зотга одобсизларча мурожаат этадиган кимсалар танқид остига олинмоқда. Бу далиллар Расули акрам алайҳиссаломни ҳурмат қилишимиз, у зотни улуғлашимиз лозимлигини кўрсатади.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase