72-БОБ. Кибр ва манмансирашнинг ҳаромлиги
- Якшанба, Окт 16 2022
- 119 марта кўрилди
Аллоҳ таоло айтади: «Биз ўша охират диёрини Ер юзида зулму зўравонлик ва бузғунчилик қилишни истамайдиган кишилар учун қилурмиз. Оқибат тақво қилгувчи кишиларникидир» (Қасас сураси, 83-оят).
«Ер юзида кибр-ҳаво билан юрмагин» (Исро сураси, 37-оят).
«Одамлардан (мутакаббирлик билан) юзингни ўгирмагин ва ерда кибру ҳаво билан юрмагин. Чунки Аллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас» (Луқмон сураси, 18-оят),
«Албатта, Қорун ўзи Мусо қавмидан эди. Бас, у (қавмдошларига) кибру ҳаво қилди. Биз унга хазина-дафиналардан калитлари (ни кўтариб юришнинг ўзи) куч-қувват эгалари бўлган бир жамоатга ҳам оғирлик қиладиган нарсаларни ато этган эдик. Ўшанда қавмдошлари унга: «Ҳовлиқмагин. Чунки Аллоҳ ҳовлиқма кимсаларни суймас», деб айтган» (Қасас сураси, 76-оят).
611/1. Абдуллоҳ ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг қалбида зарра мисқолича кибр бўлса, у жаннатга кирмайди», деганларида, бир киши: «Баъзи кишилар борки, яхши кийим ва яхши пойафзал кийишни яхши кўради (бу амали ҳам кибр-ҳавога кирадими?)», деганида, у зот: «(Йўқ, бу амали кибр эмас). Албатта, Аллоҳ кўркамдир. Ва кўркамликни яхши кўради. Аслида кибр ҳақ сўзни рад этиб, одамларга паст назар билан қарашдир», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
612/2. Салама ибн Акваъдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида чап қўли билан таом тановул қилди. У зот: «Ўнг қўлингда егин», дедилар. Ҳалиги киши: «Бунга қодир эмасман», деди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қодир ҳам бўлмагин, бундан фақат мутакаббирлиги ман қилди, холос», дедилар. Шундан кейин ҳалиги киши (ўнг) қўлини оғзига кўтара олмади. Имом Муслим ривоятлари.
613/3. Ҳориса ибн Ваҳбдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга аҳли дўзах кимлар экани ҳақида хабар берайми? Улар қўпол, дағал, гердайиб юрувчи мутакаббирлардир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
614/4. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Жаннат ва дўзах мартаба талашиб хусуматлашишди. Дўзах: «Менда золимлар, мутакаббирлар бўлади», деди. Жаннат: «Менда заиф ва мискинлар бўлади», деди. Аллоҳ таоло уларнинг ўртасида ҳукм қилди ва: «Эй жаннат, сен Менинг раҳматимдирсан. Мен хоҳлаган бандамга сен билан раҳмат қиламан (яъни, сенга уни киргизаман). Эй дўзах, сен Менинг азобимдирсан. Мен хоҳлаган бандамга сен билан азоб бераман (яъни, сенга уни киргизаман). Икковларингизни тўлдириш Менинг зиммамдадир», деди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
615/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кийимини такаббурлик билан судраб юрувчи кишиларга Аллоҳ таоло Қиёмат куни (раҳмат назари ила) қарамайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
616/6. Абу Ҳурайрарадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Уч тоифа кишилар борки, Аллоҳ таоло Қиёмат куни улар билан гаплашмайди ва покламайди. Уларга (раҳмат назари ила) қарамайди ҳам. Ҳамда улар учун аламли азоб бордир. 1) Зинокор қария. 2) Ёлғончи подшоҳ. 3) Камбағал мутакаббир», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.
617/7. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: Аллоҳ таоло: «Азизлик изорим, кибрлик эса ридоимдир (яъни бу икки сифат менга хосдир). Кимки менинг бу сифатларим устида мен билан низо қилса, уни азобимга гирифтор қиламан», деди. Имом Муслим ривоятлари.
618/8. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир киши ўзига маҳлиё бўлиб, чиройли кийиниб, сочларини тараб, мутакаббирларча қадам қўйиб юриб кетаётган эди, Аллоҳ таоло у кишини ерга ютқизиб юборди. У киши энди Қиёмат кунигача ерга шўнғиб боради», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
619/9. Салама ибн Акваъдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши гердайиб юришда бардавом бўлади, ҳаттоки, шафқатсиз золимлар қаторига ёзилади. Ва уларга келган азоб бу кишига ҳам келади», дедилар. Имом Термизий ривоятлари.
Фойда: Ким ўзини бир қавмга ўхшатса ўшалар қаторида ёзилади. Ҳамда уларга етган азобга бу ҳам гирифтор бўлади.