close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

142-БОБ. Акса уриб, «Алҳамдулиллаҳ» деганга, «Ярҳамукаллоҳ» деб жавоб қайтаришнинг маҳбублиги, агар акса уриб, «Алҳамдулиллаҳ» демаса, «Ярҳамукаллоҳ» деб айтишнинг кароҳияти ҳамда акса уриш, жавоб қайтариш ва эснашнинг одоблари ҳақида

877/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ таоло акса урганни яхши кўради. Эснашни эса кариҳ кўради. Сизлардан бирингиз акса уриб, «Алҳамдулиллаҳ», деб Аллоҳга ҳамд айтса, ҳар бир эшитган мусулмон кишига «Ярҳамукаллоҳ», яъни «Аллоҳ сенга раҳм қилсин», деб айтмоғи шарт бўлади. Аммо эснаш шайтондандир. Агар сизлардан бирингиз эснайдиган бўлса, қодир бўлганича уни қайтарсин. Чунки эснаган кишига шайтон кулади», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.
Фойда: Акса уришнинг яхши кўрилишига сабаб, у фаоллик ва оч ҳолатдан юзага келади. Эснаш эса тўқлик ва дангасалик оқибатидан юзага келади.

878/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз акса берса, «Алҳамдулиллаҳ», десин. Ёнидаги оғайниси ёки дўсти «Ярҳамукаллоҳ», десин. «Ярҳамукаллоҳ», деган кишига «Яҳдикумуллоҳу ва юслиҳ балакум», яъни «Аллоҳ сизни ҳидоят қилиб, шаънингизни ислоҳ этсин», десин», дедилар. Имом Бухорий ривоятлари.

879/3. Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирингиз акса уриб Аллоҳга ҳамд айтса, унга жавоб қайтаринг. Агар ҳамд айтмаса (яъни, «Алҳамдулиллаҳ», демаса), жавоб қайтарманг», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

880/4. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида икки киши акса урди. Уларнинг бирига жавоб қайтардилар. Иккинчисига жавоб қайтармадилар. Ҳалиги жавоб қайтарилмаган киши: «Фалон киши акса урувди, жавоб қайтардингиз. Мен акса урсам, жавоб қайтармадингиз», деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу «Алҳамдулиллаҳ», деди. Сен «Алҳамдулиллаҳ», демадинг», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

881/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам агар акса урадиган бўлсалар, қўллари ёки кийимларини оғзиларига қўйиб, овозларини пастлатардилар. Абу Довуд ва Термизийлар ривояти.

882/6. Абу Мусодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Яҳудийлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида акса уриб, Расулуллоҳнинг «Ярҳамукаллоҳ», (яъни, «Аллоҳ раҳм қилсин»), дейишларига умид қилишар эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам эса: «Яҳдикумуллоҳу ва юслиҳ балакум», (яъни, «Аллоҳ сизни ҳидоят қилиб, шаънингизни ислоҳ этсин»), деб айтардилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.

883/7. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар сизлардан бирингиз эснайдиган бўлса, қўли билан оғзини тўссин, чунки шайтон кириб кетади», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase