191-БОБ. Жамоат билан намоз ўқишнинг фазилати ҳақида
- Шанба, Окт 22 2022
- 168 марта кўрилди
1063/1. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Жамоат билан ўқилган намоз ёлғиз ўқилган намоздан йигирма етти даража афзалдир», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1064/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кишининг жамоат билан ўқиган намози уйда ва бозорда ўқиган намозидан йигирма беш баробар афзалдир. Агар ўша киши чиройли таҳорат қилиб, фақат намоз ўқишни ният этиб, масжидга чиқса, Аллоҳ унинг даражасини баланд қилиб, хатоларини ўчиради. Киши намозхонасида таҳоратини синдирмасдан ўтирар экан, фаришталар унинг ҳаққига: «Аллоҳим, мағфират эт, Аллоҳим, унга раҳм қил», деб дуода бўлишади. Улар (масжидга кириб), уни кутганидан бери намозда турган ҳисобланади», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.Бу ҳадис лафзи Бухорийники.
1065/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир кўзи ожиз киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули, мениг етаклаб масжидга олиб борувчи кишим йўқ», деб, у зотдан масжидга бормасдан уйда намоз ўқишга рухсат сўради. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам у кўзи ожиз кишига рухсат бердилар. У киши энди орқа ўгириб кетаётган эди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уни чақириб: «Намозга айтиладиган азонни эшитасанми?» дедилар.У киши: «Ҳа», деб жавоб берган эди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Муаззиннинг азонига жавоб қил, яъни жамоатга боргин», деб айтдилар. Имом Муслим ривоятлари.
1066/4. Ибн Умму Мактум куняси билан таниқли муаззин Абдуллоҳ ибн Қайсдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот: «Эй Аллоҳнинг Расули, Мадина зарарли ҳашарот ва йиртқичлари кўп шаҳардир. (Менга жамоатга бормасдан, уйда намоз ўқишимга рухсат берасизми?)» деганларида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаййа ъалас солат, ҳаййа ъалал фалаҳ» калималарини эшитасанми? Агар эшитадиган бўлсанг, жамоатда ҳозир бўл», дедилар. Абу Довуд ривоятлари.
1067/5. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг жоним Унинг қўлида бўлган зотга қасамки, мен ўтин териб келишни буюришга қасд қилсам. Бас, ўтин териб келинса. Кейин намоз ўқишга буюрсам, у намозга азон айтилса, кейин бир кишига буюрсам, у одамларга намоз ўқиб берсаю мен бунга хилоф қилиб, жамоатга келмаганларнинг уйига ўт қўйиб юборсам», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1068/6. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот: «Кимни эртага Аллоҳ таолога мусулмон ҳолда йўлиқиш хурсанд қилса, азон айтиладиган масжидда намозларини адо этсин. Албатта, Аллоҳ набийларингизни ҳидоят йўлига йўналтириб қўйган. Албатта, беш вақт намозни масжидда жамоат билан ўқиш ҳидоят йўлларидандир. Агар сизлар ҳам уйида намоз ўқувчи кишилар каби уйингизда ўқисангиз, набийларингиз суннатини тарк қилган бўласизлар. Агар набийларингиз суннатини тарк қилсангизлар, залолатга кетасизлар. Биз саҳобаларни кўрар эдик. Маълум бир нифоқи бор мунофиқ бўлмаса, жамоат намозидан қолмас эди. Икки кишининг орасида келиб бўлса ҳам, сафда турар эди», дедилар. Имом Муслим ривоятлари.
Имом Муслимнинг бошқа ривоятларида: «Албатта, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизга ҳидоят йўлини ўргатдилар. Азон айтиладиган масжидда намозни жамоат билан ўқиш ҳидоят йўлларидандир», дедилар.
1069/7. Абу Дардодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нафар киши бирор қишлоқ ёки саҳрода жамланишсаю жамоат бўлиб намоз ўқишмаса, шайтон уларга ғолиб келади. Бас, шундоқ экан, жамоатни ўзингизга лозим тутинг. Чунки бўри ҳам ёлғиз юрган қўйни ейди», деб айтдилар. Абу Довуд ривоятлари.