248-боб. Эрталаб ва кечқурун Аллоҳнинг зикри билан машғул бўлиш ҳақида
- Якшанба, Окт 23 2022
- 109 марта кўрилди
Аллоҳ таоло: «Парвардигорингизни ичингизда ёлвориб, қўрқиб, дилдан эртаю кеч ёд қилинг ва ғофил кимсалардан бўлманг» (Аъроф сураси, 205-оят);
«Қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (У Зотни) покланг – намоз ўқинг» (Тоҳо сураси, 130-оят);
«Туну кун Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (У Зотни) покланг» (Ғофир сураси, 55-оят);
«(У чироқ) бир уйларда (яъни, масжидларда ёқилурки), Аллоҳ уларни баланд кўтариб, (бино) қилинишига ва уларда Ўзининг номи зикр қилинишига изн берган (яъни, амр қилган) эди. (У масжидларда) эртаю кеч У Зотни поклайдиган кишилар борки, уларни на тижорат ва на олди-сотди Аллоҳни зикр қилишдан, намозни тўкис адо этишдан ва закотни (ҳақдорларга) ато этишдан машғул қила олмас» (Нур сураси, 36-оят);
«Албатта Биз тоғларни кечки пайт ва эрталаб (яъни, мудом) у билан бирга тасбеҳ айтадиган қилиб бўйинсундириб қўйдик» (Сод сураси, 18-оят), деб айтган.
1450/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам «Ким тонг отганда ва кеч кирганда «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деб юз марта айтса, қиёмат куни бирор киши ундан афзал бўла олмайди. Фақатгина у каби айтса ёки ундан зиёда қилса, афзал бўлади, холос», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1451/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Расулуллоҳ, кеча мени чаён чақиб олди», деди. Шунда Набий соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кеч кирганида «Аъузу бикалиматиллаҳит таммати мин шарри ма холақ», десанг, сенга ҳеч нарса зарар бермайди», дедилар (маъноси: «Аллоҳнинг ҳамма калималари билан У яратган нарсаларнинг ёмонлигидан паноҳ тилайман»). Имом Муслим ривояти.
1452/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам тонг отганида: «Аллоҳумма бика асбаҳна ва бика амсайна ва бика наҳйа ва бика намуту ва илайкан нушур» («Аллоҳим, Сенинг номинг ила тонг оттирдик, Сенинг номинг ила кеч киргиздик. Сенинг номинг ила тириламиз ва Сенинг номинг ила ўламиз. Ва Сенга қайтажакмиз»), дер эдилар. Кеч кирганида эса: «Аллоҳумма бика амсайна ва бика наҳйа ва бика намуту ва илайкан нушур» («Аллоҳим, Сенинг номинг ила кеч киргиздик. Сенинг номинг ила тириламиз ва Сенинг номинг ила вафот этамиз. Ва Сенга қайтажакмиз»), деб айтар эдилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
1453/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: «Эй Расулуллоҳ, менга бирор калимани ўргатинг, уни тонг отганида ва кеч кирганида айтиб юрай», дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «(Сиз) «Аллоҳумма фатирос самавати вал арзи ъалимал ғойби ваш шаҳадати робба кулли шай`ин ва малийкаҳ, ашҳаду алла илаҳа илла анта, аъузу бика мин шарри нафсий ва шарриш шайтони ва ширкиҳи», деб тонг отганида, кеч кирганида ва тўшагингизга ётганингизда айтиб юринг», дедилар (маъноси: «Эй еру осмонни бор қилган Аллоҳим, эй ғойибни ва шоҳидни билувчи Раббим, Сен ҳар бир нарсанинг Парвардигори ва подшоҳидирсан. Гувоҳлик бераманки, Сендан бошқа илоҳ йўқ. Нафсимнинг ёмонлигидан ва шайтоннинг ёмонлигию ҳийласидан Сенинг номинг ила паноҳ тилайман»). Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
1454/5. Абдуллоҳ ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кеч кирса: «Амсайна ва амсал мулку лиллаҳ, валҳамду лиллаҳи ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шай`ин қодийр. Робби ас`алука хойро ма фий ҳазиҳил лайлати ва хойро ма баъдаҳа ва аъузу бика мин шарри ма фий ҳазиҳил лайлати ва шарри ма баъдаҳа, робби аъузу бика минал касали ва су`ул кибар. Аъузу бика мин ъазабин нари ва ъазабин фил қобр», деб айтар эдилар. Агар тонг отса: «Асбаҳна ва асбаҳал мулку лиллаҳ», деб, қолганини юқоридегидек давом эттирардилар (маъноси: «Биз ҳам, бутун мулк ҳам Аллоҳники бўлган ҳолда кеч киргизди. Аллоҳга ҳамд бўлсин. Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Унинг шериги ҳам йўқ. Мутлақ мулк Уникидир. Мақтов ҳам Унга хосдир. У ҳар нарсага қодирдир. Эй Раббим, Сендан бу кечанинг яхшиликларини ва ундан кейинги яхшиликларни сўрайман. Бу кечанинг ёмонлигидан ва ундан кейинги кечанинг ёмонлигидан Сендан паноҳ тилайман. Эй Раббим, Сенинг номинг ила дангасаликдан ва ёмон кибрликдан паноҳ тилайман. Яна дўзах ва қабр азобидан ҳам паноҳ тилайман». Имом Муслим ривояти.
1455/6. Абдуллоҳ ибн Хубайбдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менга «(Сен) «Қул ҳуваллоҳу аҳад... », «Қул аъузу бироббил фалақ... », «Қул аъузу бироббин нас... » сураларини кечки пайт ва эрталаб уч мартадан айтсанг, сенга ҳар бир нарсада кифоя қилади», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
1456/7. Усмон ибн Аффондан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор бир банда ҳар тонгда ва тунда «Бисмиллаҳиллазий ла йазурру маъасмиҳи шай`ун фил арзи ва ла фис самаи ва ҳувас самийъул ъалийм», деб уч марта айтса, унга бирор нарса зарар бермайди», дедилар (маъноси: «Шундай Аллоҳнинг исми билан бошлайманки, Унинг исми туфайли еру осмонда бирор нарса зарар бера олмайди. У эшитувчи ва билувчи Зотдир»). Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.