1495/1. Усома ибн Зайддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга яхшилик қилинса, яхшилик қилувчи кишига «Жазокаллоҳу хойрон», яъни «Аллоҳ сизни яхшиликлар ила мукофотласин», деб айтса, мақтовнинг энг етугини қилибди», дедилар. Имом Термизий ривояти.
1496/2. Жобирдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Нафсингиз, болаларингиз, хизматкорларингиз, молларингиз зарарига дуо қилманглар. Чунки Аллоҳ талаб қилувчининг талабини берадиган соатга мувофиқ келиб қолсангиз, (қарғишингизни) ижобат этиб қўяди», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1497/3. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Банданинг Раббига энг яқин бўладиган пайти саждада турганидадир. Унда (саждада) дуони кўпайтиринглар», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1498/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам «Сизлардан бирингиз ошиқмаса, яъни дуо қилдим-у, ижобат бўлмаяпти, демаса, дуоси ижобат қилинади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Муслимнинг ривоятида айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики, банда гуноҳ учун ёки қариндошлик ришталарини узиш учун дуо қилмаса ва шошилмаса, дуолари ижобат қилинади», деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули, шошиш, деганингиз нима?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Дуо қилдим, дуо қилдим, аммо дуоим ижобат қилинганини кўрмадим, деб қийин ҳолатда қолади-да, дуо қилишни тарк этади», дедилар.
1499/5. Абу Умомадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам «Қайси дуо тезроқ қабул бўлади?» деб савол берилганида, у зот: «Кечанинг ўртасида ва фарз намозлари орқасидан қилинган дуо», деб айтдилар. Имом Термизий ривояти.
1500/6. Убода ибн Сомитдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар ер юзидаги бирор мусулмон Аллоҳ таолога дуо билан илтижо қилса, Аллоҳ унга сўраган нарсасини беради ёки ундан ўша миқдорча ёмонликни кетказади. Модомики, ўша мусулмон гуноҳни ёки қариндошликдан узилишни сўраб дуо қилмаса», деганларида, қавмдан бир киши: «Ундай бўлса, дуони кўпайтирайликми?» деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ сўраб дуо қилганингиздан ҳам кўпайтириб берувчи», дедилар. Имом Термизий ривояти.
Имом Ҳоким Абу Саиддан розияллоҳу анҳу худди мана шу ҳадисни ривоят қилиб, «У каби савобни ўша кишига заҳира қилиб беради»ни зиёда қилдилар.
1501/7. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам маҳзунликда: «Ла илаҳа иллаллоҳул ъазиймул ҳалийм, Ла илаҳа иллаллоҳу роббул ъаршил ъазийм, Ла илаҳа иллаллоҳу роббус самавати ва роббул арзи роббул ъаршил карийм», деб айтардилар. (Маъноси: «Ҳалим ва улуғ Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Улуғ аршнинг Рабби бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ. Мукаррам аршнинг ва еру осмонларнинг Рабби бўлган Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ».) Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
- Создано 24 Октябр 2022
- 15773 марта кўрилди
252-боб. Дуодаги турли масалалар ҳақида
- Создано 24 Октябр 2022
- 156 марта кўрилди
253-боб. Авлиёлар кароматлари ва уларнинг фазилати ҳақида
Аллоҳ таоло: «Огоҳ бўлингизким, албатта Аллоҳнинг дўстларига (охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар. Иймон келтирган ва (Аллоҳдан) қўрқувчи бўлган зотлар учун ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бордир. Аллоҳнинг сўзлари (оятлари) ўзгартирилмас. Мана шу (мазкур неъматларга эришиш) буюк саодатдир» (Юнус сураси, 62–64-оятлар);
«Мана шу (қуриб қолган) хурмо шохини силкитгин, у сенга янги хурмо меваларини ташлар. Энди сен еб-ичгин» (Марям сураси, 25-оят);
«Ҳар қачон Закариё (Марямнинг) олдига – хужрага кирганида унинг ҳузурида бир ризқ-насиба кўрди. У: «Эй Марям, бу нарсалар сенга қаёқдан келди?» деб сўраганида (Марям) жавоб қилди: «Булар Аллоҳ ҳузуридандир. Албатта Аллоҳ Ўзи истаган кишиларга беҳисоб ризқ берур» (Оли Имрон сураси, 37-оят);
«(Йигитлар) модомики, улардан (мушриклардан) ва Аллоҳдан ўзга – улар сиғинаётган нарсалардан юз ўгирган экансиз, энди ғорга паноҳ топиб борингиз. Парвардигорингиз сизларга Ўз раҳмат-марҳаматини кенг-сероб қилур ва сизларнинг ишларингизни ўнглар. Қуёш чиқишида уларнинг ғорларидан ўнг тарафдан ўтиб кетганини, ботишда эса улардан сўл томонга йироқлашиб кетганини кўрурсан» (Каҳф сураси, 16–17-оятлар), деб айтган.
1502/1. Абу Муҳаммад Абдураҳмон ибн Абу Бакрдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Аҳли суффадаги кишилар камбағаллардан ташкил топган эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кунларнинг бирида: «Кимнинг икки кишилик таоми бўлса, (аҳли суффадагилардан бирини олиб) уч киши бўлиб борсин. Кимнинг тўрт кишилик таоми бўлса, беш-олти киши бўлиб борсин» (ёки шунга ўхшаш сўзларни) айтдилар. Бу сўздан кейин Абу Бакр розияллоҳу анҳу улардан учтасини олиб келдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам эса ўнтасини олиб кетдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу кечки овқатни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида тановул қилиб, сўнгра хуфтон намозини ўқиб бўлгунча ўша ерда турдилар. Кейин кечанинг Аллоҳ ҳохлаганча қисми ўтганидан кейин келганларида хотинлари: «Меҳмонларингиз хизматида бўлишдан нима тўхтатиб қўйди?» деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Нима, уларга овқат бермадингларми?» дедилар. Хотинлари: «Биз уларга овқат тортиқ этдик, лекин улар (хонадон соҳиби) келмагунча емаймиз, дейишди», деди. (Шунда) Абдураҳмон ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳу айтадилар: «Мен бориб беркиниб олдим. Отам: «Эй пасткаш, бурни кесилгур», деб дашном бериб мени сўкдилар. Меҳмонларга: «Олинглар, енглар. Аллоҳга қасамки, бундан ҳечам емайман», дедилар. Аллоҳга қасамки, ундан бирор луқма олинса, яна остидан кўпайиб зиёдалашар эди. Ҳаттоки, улар ундан еб тўйишди. Ва олдингидан ҳам таомлари кўпайиб қолган эди». Абу Бакр розияллоҳу анҳу таомга боқиб хотинларига қарата: «Эй бани фирослик, бу нима?» деганларида, хотинлари: «Кўзимнинг қувончи ҳаққи! Бу таом аввалги ҳолатига қараганда уч баробар кўпдир», деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Ана шу таомдан емайман, деб қасам ичишим шайтондандир», дедилар. Сўнгра ундан бир луқма едилар. Кейин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига олиб бордилар. У таом Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида тонггача турди. (Яна Абдураҳмон ибн Абу Бакр розияллоҳу анҳу айтадилар): «Шу кунларда биз билан бир қавм ўртасида шартнома бўлиб, унинг муддати тугаган эди. Ўша ердагилар ўн иккига бўлиндик. Ҳар биримиз билан бир қанча киши бор эди. Қанча одам борлигини Аллоҳ билади. Ўшаларнинг ҳаммаси у таомдан ейишди».
Бошқа ривоятда келтирилишича, Абу Бакр розияллоҳу анҳу у овқатдан емайман, деб қасам ичдилар. Хотинлари ҳам емайман, деб қасам ичди. Меҳмонлар ҳам (хонадон соҳиблари) ейишмагунча емаймиз, деб қасам ичишди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Бу қасам шайтондандир», деб овқатни олиб келишни буюрдилар. Қачонки, овқат олиб келинганида, ундан едилар. Улар ҳам ейишди. Бирор луқма олинса, остидан кўпайиб зиёдалашаверар эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Эй бани фирослик, бу нима?» деганларида, хотинлари: «Кўзимнинг қувончи ҳаққи! Ҳозир бу таом еганимизнинг аввалги ҳолатидан ҳам кўпайгандир», деди. Улар бу таомдан ейишди. Ҳамда Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам бундан юбордилар. Ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ундан еганларини зикр қилдилар.
Бошқа ривоятда айтилишича эса, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўғиллари Абдураҳмонга: «Меҳмонларингни уйга олиб боргин. Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бораман. Мен бормасдан меҳмонларнинг овқатларини бергин», дедилар. Абдураҳмон меҳмонларни олиб келиб уйдаги таомни келтирди ва: «Бундан енглар», деди. Меҳмонлар: «Хонадон соҳиби қани?» дейишди. Абдураҳмон яна: «Олинглар, енглар», деди. Меҳмонлар: «Хонадон соҳиби келмагунча емаймиз», дейишди. Абдураҳмон: «Зиёфатларингизни биздан қабул қилиб олинглар. Чунки хонадон соҳиби келсалар, сизлар овқатланмаганингизни кўриб ғазаблари келади», деганида, меҳмонлар қабул қилишмади. «Билдимки, отам келсалар, (бу қилган ишим учун) мендан хафа бўлардилар. Отам келганларида, мен яшириниб олдим. Отам: «Меҳмонларга нима тайёрладинглар?» деб сўраганларида, уйдагилар (бўлиб ўтган воқеадан) хабар беришди. Отам: «Эй Абдураҳмон», дедилар. Мен жим турдим. Кейин яна: «Эй Абдураҳмон», дедилар. Мен жим турдим. Отам: «Эй пасткаш, қасам ичаманки, агар овозимни эшитаётган бўлсанг, чиқ», дедилар. Мен чиқиб: «Меҳмонлардан сўранг», дедим. Меҳмонлар: «Ўғлинг рост гапиряпти. Бизга овқат олиб келди», дейишди». Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Сизлар мени кутдингларми? Аллоҳга қасамки, мен бу кеча овқатланмайман», дедилар. Қолган кишилар ҳам: «Аллоҳга қасамки, сен овқатланмагунингча биз ҳам тановул қилмаймиз», дейишди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Вой бўлсин! Нима учун зиёфатларингизни биздан қабул қилмайсизлар?» деб таомни келтиришни буюрдилар. Қачонки, у келтирилганида, овқатга қўлларини қўйиб «Бисмиллаҳ», деб аввалги қасам шайтондандир, дедилар. У зот овқат ейишни бошладилар, улар ҳам ейишни бошлашди. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1503/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам «Сизлардан аввал ўтган умматлардан (пайғамбар бўлмаса ҳам, пайғамбарлар каби) сўзлайдиганлари бор эди. Агар умматимда шундай илҳомланган киши бор бўлса, ўша Умардир», дедилар. Имом Бухорий ривояти.
Имом Муслим ҳам худди шу лафздаги ҳадисни Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилганлар.
1504/3. Жобир ибн Самурадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Куфа аҳли Умарга розияллоҳу анҳу Саъд ибн Абу Ваққосдан розияллоҳу анҳу шикоят қилишганида, бу кишини ишдан бўшатиб, уларга Амморни бошлиқ этиб тайинладилар. Уларнинг арз қилишларича, Саъд ибн Абу Ваққос намозни чиройли суратда адо этмайди. Умар розияллоҳу анҳу у зотга: «Эй Абу Исҳоқ! Улар сизни чиройли суратда намозни адо қилмайди, деб гумон қилишмоқда», десалар, Саъд: «Аллоҳ номига қасамки, мен уларга Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам намозларини ўқиб беряпман, ундан ҳеч нарсани камайтирмаяпман. Ва хуфтон намозининг аввалги икки ракатида узун сура ўқиб, кейинги икки ракатида қисқа қилмоқдаман», дедилар. Умар розияллоҳу анҳу: «Бу сизнинг гумонингиз, эй Абу Исҳоқ», деб бу ҳақда суриштириш учун бир киши ёки бир неча кишини Куфага юбордилар. Улар бирор масжид қолдирмасдан бу ҳақда сўрашганида, барчалари Саъднинг яхшиликларини айтиб мақташди. Қачонки, бир масжидга киришганида, Абу Саъда Усома ибн Қатода исмли шахс туриб: «Агар сиз суриштирадиган бўлсангиз, албатта Саъд ибн Абу Ваққос сариййа (уруш)ларга бормайди, ўлжани тенг тақсимламайди. Қозиликда одиллик қилмайди», деди. Буни эшитган Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга қасамки, мен сени уч нарса ила дуоибад қиламан: Аллоҳим, агар мана шу қулинг ёлғончи ва ўзини кўрсатиб риё учун буни қилган бўлса, умрини узоқ, камбағаллигини узун ва ўзини фитнага дучор қилгин», дедилар. Мана шундан кейин шайх: «Саъднинг дуоибади менга етиб фитнага дучор бўлдим», деб айтди. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Жобир ибн Самурадан ривоят қилган ровий Абдулмалик ибн Умайр шундай дейди: «Мен у шайхни қариб кетганидан икки қоши икки кўзи устига тушган ҳолда кўрдим. У йўлда учраган қизларга кўз қисар эди».
1505/4. Урва ибн Зубайрдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Саид ибн Зайд розияллоҳу анҳу билан Арво бинти Авс хусуматлашиб Марвон ибн Ҳакам ҳузурига келишди. У аёл еридан бир парчасини Саид ибн Зайд олганини даъво қилди. Саид: «Мен Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам бунинг ёмонлиги ҳақида эшитганимдан кейин ҳам еридан бир парча олармидим?» деганида, «Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам нима эшитгансан?» деди Марвон. Шунда Саид: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким зулм билан ердан бир қаричига эга бўлиб олса, етти (қават) ерга ўралади», деганларини эшитганман», деди. Буни эшитган Марвон: «Бундан кейин сендан далил-исбот сўрамайман», деди. Саид эса: «Аллоҳим, агар бу аёл ёлғончи бўлса, кўзини кўр қилиб ўз ерида ўлдиргин», деди. Айтишларича, бу аёлнинг кўзи ўлишидан олдин кўр бўлди, ўз ерида кета туриб бир чуқурга тушиб вафот этди. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1506/5. Жобир ибн Абдуллоҳдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Уҳуд куни кечаси отам мени чақириб: «Гумонимча, бугун Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари ичида биринчи ўлдирилган киши мен бўлсам керак. Ўзимдан кейин Расулуллоҳни соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳисобга олмаганда сендан кўра азизроқ киши йўқдир. Албатта менинг бўйнимда қарзларим бор. Сен уларни узгин. Ака-укаларингга яхши муомалада бўлгин», дедилар. Ҳақиқатда ўша куни биринчи ўлдирилган киши отамиз бўлдилар. Мен отамни бир кишига қўшиб қабрга дафн этдим. Кейин қилган ишимдан кўнглим таскин топмади. Олти ой ўтгандан кейин қайта қазиб олдим. Отам қабрга қўйган кунимдагидек қулоқларидан бошқа аъзолари ўзгармаган ҳолатда турибдилар. Мен танҳо ўзларини қабрга қўйдим». Имом Бухорий ривояти.
1507/6. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Саҳобалардан иккитаси Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидан зулумот кечада чиқишганида олдиларида чироқ каби иккита нур бор эди. Қачонки, ҳар иккилари бир-бирларидан алоҳида бўлишган эди, ўша нур ҳам алоҳида бўлиб иккига бўлинди. Ҳаттоки, икковлари уйларига нур билан боришди. Имом Бухорий ривояти.
Бу икки саҳобадан бирларининг исми Усайд ибн Ҳузайр, иккинчисининг исмлари Аббод ибн Бишрдир.
1508/7. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўн нафар кишини хабар олиб келиш учун юбордилар. Уларга Осим ибн Собит Ансорийни бошлиқ этиб тайинладилар. Улар йўлга чиқиб, Макка билан Усфон оралиғидаги Худат деган жойда кетишаётганида Ҳузайл қабиласидан Бани Лиҳён, деб аталувчи қавмга буларнинг кетишаётгани маълум бўлди. Улар юзга яқин чавандоз билан ахтариб изларидан тушишди. Осим ва унинг биродарларига Бани Лиҳённинг издан тушгани хабари етиб келганида, улар бир маконга қочиб чиқишди. Бани Лиҳён эса уларни ўраб олди ва: «Пастга тушинглар, қўлларингизни беринглар. Биз сизлардан бирортангизни ўлдирмасликка аҳд берамиз», дейишди. Осим ибн Собит розияллоҳу анҳу: «Эй қавм, мен кофирнинг аҳдига (ишониб) пастга тушмайман. Аллоҳим, биз ҳаққимизда набиййингга хабар бер», дедилар. Душманлар камондан ўқ уза бошлашди ва Осимни ўлдиришди. Улардан уч нафари душманнинг аҳдига ишониб (пастга) тушишди. Улар Ҳубайб, Зайд ибн Дасина ва бошқа бир киши (унинг исми Абдуллоҳ ибн Ториқ) эди. Қачонки, душман қўлга туширганидан кейин камонлари ипини ечиб уларни боғлай бошлади. Бу ҳолатни кўрган учинчи киши: «Мана шу биринчи хиёнатдир. Аллоҳ номига қасамки, мен сизлар билан бирга кетмайман. Балки ўлганларга эргашаман, (яъни) мен ҳам шаҳидлар каби ўлишни хоҳлайман», деди. Душманлар уни тортиб судрашди. Бу зот (яъни, Абдуллоҳ ибн Ториқ) бирга юришдан бош тортган эди, душманлар ўлдириб юборишди. Лекин Ҳубайб ва Зайд ибн Дасиналарни олиб бориб Маккада сотиб юборишди. Ҳубайбни Ҳорис ибн Омир ибн Навфалнинг болалари сотиб олишди. Чунки Ҳубайб Бадр куни Ҳорисни қатл этган эди. Ҳубайб уларнинг ҳузурида асир бўлиб қолди. Ҳориснинг болалари уни ўлдиришга келишиб олишди. Кунларнинг бирида Ҳубайб покланиш учун Ҳорис қизларининг биридан устара сўради. У хотин устара келтирди. Ўша хотиннинг бир ёш боласи ўйнаб-ўйнаб, онаси бехабар ҳолда Ҳубайбнинг олдига келиб қолди. Онаси қараса, боласи Ҳубайбнинг тиззасида турибди. Қўлида эса ҳалиги устара. Онаси қаттиқ қўрқиб кетди. Ҳубайб онаси қўрқиб кетганини кўриб: «Боламни ўлдиради, деб қўрқяпсанми? Ҳаргиз бундай қилмайман», деди. Шунда у хотин: «Аллоҳ номига қасамки, Ҳубайбдан кўра яхшироқ асир кўрмаганман. Ва яна Аллоҳ номига қасамки, мен унинг қўлида бир шингил узум кўрдим. Қўллари боғлиқ бўлиб, ундан тановул қилаётган эди. Ўша кунларда Маккада узум йўқ эди. Бу Аллоҳнинг Ҳубайбга ато қилган ризқи эди», деб айтди.
Қачонки, Ҳубайбни Ҳарамнинг чегарасидан ташқарига ўлдириш учун олиб чиқишганида, икки ракат намоз ўқигунча ҳоли қўйишларини сўради. Ҳоли қўйишганида икки ракат намоз ўқиб: «Аллоҳ номига қасамки, сизлар мени қўрққанидан намозимни узун қилди, деб гумон қилмаганингларда эди, бундан ҳам зиёда қилган бўлар эдим. Аллоҳим, уларнинг ададларини ҳисоблаб, бирорта қолдирмасдан барчаларини ҳалок қилгин», деб қуйидаги байтни ҳам айтди:
«Қандай ўлишимнинг не қизиғи бор,
Мусулмон ҳолимда шаҳид бўлсам, бас!
Ўлимим Аллоҳнинг йўлида бўлгач,
Унинг измида-ку ҳар қандай нафас».
Ҳубайб ҳар бир шаҳид этилган мусулмон учун қатлдан олдин икки ракат намоз ўқишни суннат қилиб кетган зот эди.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам буларга етган мусибат хабарини саҳобаларига маълум қилдилар.
Қурайшликлар Осим ибн Собитнинг ўлганини эшитиб, бирор аъзосини бўлса ҳам, олиб келиш учун бир неча одам юборишди. Чунки Осим Қурайшнинг катталаридан бирини қатл этган эди. Аллоҳ таоло Осим мурдасига ғуж-ғуж асалариларни юборди. Улар Осимнинг мурдасини (душманлар етказиши мумкин бўлган зарардан) ҳимоя қилишди. Душманлар бирор аъзосини кесишга қодир бўлишмади. Имом Бухорий ривояти.
Бу бобга тегишли саҳиҳ ҳадислар юқорида ҳам ўтди. Масалан, Роҳиб билан сеҳргар ўртасида қатновчи бола воқеаси, Журайж воқеаси, ғорнинг оғзи харсанг тош билан ёпилиб қолгани ҳақидаги ҳикоя ва бир кишининг булутдан чиққан «Фалон кишининг боғини суғоргин», деган овозни эшитгани ҳақидаги воқеа каби ва бунга ўхшаш ҳадислар.
1509/8. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот: «Қачонки, Умар розияллоҳу анҳу бирор нарса ҳақида гумонимча, бундай бўлса керак, десалар, албатта ўйлаганларидек бўлар эди», дедилар. Имом Бухорий ривояти.
- Создано 24 Октябр 2022
- 16175 марта кўрилди
255-боб. Ғийбатга қулоқ солишнинг ҳаромлиги, ғийбатни эшитганда гапирувчи кишига раддия бериб ғийбатдан тўхтатиш, агар бундан ожиз бўлса ёки гапирувчи қабул қилмаса, имконини топиб ўша мажлисни тарк этишга буюриш ҳақида
Аллоҳ таоло: «Қачонки беҳуда (сўз ё ишни) эшитсалар, ундан юз ўгирурлар» (Қасос сураси, 55-оят);
«Улар беҳуда-фойдасиз (сўз ва амаллардан) юз ўгирувчи кишилардир» (Мўминлар сураси, 3-оят);
«(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган ва ишонган ҳар бир нарсаси учун киши қиёмат кунида жавоб беради)» (Исро сураси, 36-оят);
«Қачон Бизнинг оятларимизни (масхара қилишга) киришаётган кимсаларни кўрсангиз, то бошқа гапга киришмагунларича улардан юз ўгиринг! Энди агар шайтон ёдингиздан чиқарса, эслаганингиздан сўнг бу золим қавм билан бирга ўтирманг!» (Анъом сураси, 68-оят) деб айтган.
1527/1. Абу Дардодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким биродари обрўси тўкилаётганда уни ҳимоя қилса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида ўша кишининг юзини дўзахдан ҳимоя қилади», деб айтдилар. Имом Термизий ривояти.
1528/2. Итбон ибн Моликдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинган узун ҳадисда келтирилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб намоз ўқидилар. Ва: «Молик ибн Духшум қаерда?» дедилар. Шунда бир киши: «У мунофиқ-ку, Аллоҳ ва Унинг расули мунофиқни яхши кўрмайди», деганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ундай дема, унинг «Ла илаҳа иллаллоҳ», деганига қарамайсанми? У буни айтиш билан Аллоҳнинг розилигини хоҳлайди. Албатта Аллоҳ бундай деб айтувчига дўзахни ҳаром қилди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1529/3. Каъб ибн Моликдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Тавба ҳақидаги узун ҳадисда келтирилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Табукда қавм орасида ўтирганларида: «Каъб ибн Моликка нима бўлди?» дедилар. Шунда бани саламалик бир киши: «Эй Расулуллоҳ, унинг кийимлари ҳамда икки ёнига назар солиши (яъни, бойлигига ажабланиши) бу ерга келишидан тўсиб қўйди», деди. Буни эшитган Муоз ибн Жабал: «Айтган нарсанг бунча ҳам ёмон. Аллоҳга қасамки, эй Расулуллоҳ, биз унда фақат яхшилик кўрганмиз», деганларида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам сукут қилдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
- Создано 24 Октябр 2022
- 103 марта кўрилди
254-боб. Ғийбатнинг ҳаромлиги ва тилни сақлашга буюриш ҳақида
Аллоҳ таоло: «Айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз!) Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи, меҳрибондир» (Ҳужурот сураси, 12-оят);
«(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган ва ишонган ҳар бир нарсаси учун киши қиёмат кунида жавоб беради)» (Ал-Исро сураси, 36-оят);
«У (инсон) бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)» (Қоф сураси, 18-оят), деб айтган.
Билинг, албатта ҳар бир оқил киши тилини барча сўзлардан сақламоғи лозим. Фақатгина манфаат бўлгандагина гапириши лозим. Энди қачонки гапириш ва гапирмасликдаги манфаат баробар бўлиб қолса, гапирмасдан тилни тиймоқ суннат амалдир. Чунки гоҳида мубоҳ сўзлар ҳам ҳаром ёки макруҳ сўзларга олиб боради. Одатда кўпинча шунақа ишлар бўлади. Омон қолишни эса бирорта нарсага алмаштириб бўлмайди.
1510/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, яхши сўз айтсин ёки жим турсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бу ҳадис агар яхшилик бўлсагина гапирмоқ лозимлигини кўрсатмоқда. Агар гапида манфаат бўлмаса, сўзламаслиги лозим.
1511/12. Абу Мусо ал-Ашъарийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. «Эй Расулуллоҳ, мусулмонларнинг қайсиниси афзал?» деб сўралганида, у зот: «Агар мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан омонда бўлишса, ана шуниси афзал», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1512/3. Саҳл ибн Саъддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга икки жағи ва икки оёғи орасини (сақлашга) кафолат берса, унинг жаннатга киришига кафолат бераман», дедилар. Имом Бухорий ривояти.
1513/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Банда ўйламасдан бир сўзни айтиб қўяди-да, кейин у сабабли дўзахга шу қадар пастлаб тушиб кетадики, унинг оралиги мағриб ва машриқчадир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1514. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир банда Аллоҳ таоло рози бўладиган сўзни айтиб, натижасини ўйламай юраверади-да, аммо Аллоҳ таоло Ўзи билиб, унинг даражасини кўтаради. Яна бир банда Аллоҳ таолони норози қиладиган бир сўзни айтиб, оқибатини ўйламай юраверади-да, бироқ Аллоҳ таоло буни ҳам Ўзи билиб, жаҳаннамга ташлайди», дедилар. Имом Бухорий ривояти.
1515/6. Билол ибн Ҳорис ал-Музанийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши Аллоҳнинг розилигидан бўлган сўзни гапириб, у билан олий даражага етишни фикр қилади. Аллоҳ таоло сўзи сабабли Унга йўлиқадиган кунгача розилигини ёзиб қўяди. Ва яна бир киши Аллоҳнинг ғазабини келтирувчи сўзни гапириб, у билан олий даражага етишни фикр қилади. Аллоҳ таоло сўзи сабабли Унга йўлиқадиган кунгача ғазабини ёзиб қўяди», дедилар. Имом Молик ва Термизий ривоятлари.
1516/7. Суфён ибн Абдуллоҳдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Мен: «Эй Расулуллоҳ, бир ишни айтиб беринг, уни маҳкам ушлай», деганимда, у зот: «Раббим Аллоҳ, деб айт, кейин шу сўзингга мувофиқ истиқоматда (собитқадам) бўл», дедилар. Яна «Эй Расулуллоҳ, менга қўрқиладиган нарсанинг энг хавфлиси (хабарини беринг)», деганимда, у зот тилларини ушлаб «Бу», дедилар». Имом Термизий ривояти.
1517/8. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг зикридан бошқа сўзларни кўпайтирманглар. Чунки Аллоҳнинг зикридан бошқа сўзлар бағритош қилиб қўяди. Инсонларнинг Аллоҳдан энг узоғи бағритошларидир», дедилар. Имом Термизий ривояти.
1518/9. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимни икки жағи орасидаги ёмонликдан ва икки оёғи орасидаги ёмонликдан сақласа, у жаннатга киради», дедилар. Имом Термизий ривояти.
1519/10. Уқба ибн Омирдан ривоят қилинади: «Мен: «Эй Аллоҳнинг расули, нажот нимада?» десам, у зот: «Тилингни тийгин, уйингга сиғиб ўтир, яъни рўзғорга керакли нарсаларни қилиб қўй ва хатоларингга йиғлагин, шунда нажот топган бўласан», деб айтдилар». Имом Термизий ривояти.
1520/11. Абу Саид ал-Худрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар одам боласи тонг оттирса, аъзоларнинг барчаси тилни койиб: «Бас, эй тил, Аллоҳдан қўрқ! Биз ҳам сенданмиз. Агар сен тўғри бўлсанг, биз ҳам тўғри бўламиз. Агар сен эгри бўлсанг, биз ҳам эгри бўламиз», дейди», деб айтдилар. Имом Термизий ривояти.
1521/12. Муоздан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «(Мен): «Эй Расулуллоҳ, менга бир амалнинг хабарини берингки, у мени жаннатга киритиб, дўзахдан узоқ қилсин», десам, у зот: «Сен жуда катта нарса сўрадинг. Албатта у Аллоҳ осон қилган кишига енгилдир», дедилар, сўнгра: «Аллоҳга бирор нарсани ширк келтирмасдан ибодат қиласан. Намозни қоим қиласан. Закотни берасан. Рамазон рўзасини тутасан. Байтуллоҳни ҳаж қиласан», дедилар. Ва яна у зот: «Сени эшикларнинг яхшисига далолат қилайми? Рўза пардадир. Садақа хатоларни худди сув оловни ўчиргандек ўчиради», деб кишининг кечанинг ўртасидаги намози ҳақида қуйидаги оятни ўқидилар:
«Уларнинг ёнбошлари ўрин-жойларидан йироқ бўлур (яъни, тунларини ибодат билан ўтказишиб, оз ухлайдилар). Улар Парвардигорларига қўрқув ва умидворлик билан дуо-илтижо қилурлар ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар. Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни, охират неъматларини) бирор жон билмас» (Сажда сураси, 16–17-оятлар). Сўнгра яна у зот: «Ишнинг боши ва устуни ҳамда юксак чўққисининг хабарини берайми?» деганларида, «Ҳа, эй Расулуллоҳ», дедим. Шунда у зот: «Ишнинг боши – Ислом. Устуни – намоз. Юксак чўққиси жиҳоддир», дедилар. Яна у зот: «Буларнинг ҳаммасидан ҳам асосийсининг хабарини берайми?» деганларида, «Ҳа, эй Расулуллоҳ», дедим. Бас, у зот тилларини ушлаб: «Сен мана буни тийгин», дедилар. Шунда мен: «Эй Расулуллоҳ, гапирган нарсаларимизга ҳам сўроқ қилинамизми?» десам, у зот: «Онанг боласиз қолгур, кишиларнинг юзлари билан дўзахга ағдарилишлари фақат тиллари айтган нарсалар сабабидандир», дедилар». Имом Термизий ривояти.
1522/13. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «ғийбат нима эканлигини биласизларми?» деганларида, саҳобалар: «Аллоҳ ва Унинг расули билувчироқ», дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кариҳ кўрадиган нарсаси билан биродарингни зикр қилмоғинг», дедилар. Шунда: «Айтган нарсам биродаримда бўлса-чи?» дейилганида, у зот: «Айтаётган нарсанг биродарингда бўлса, ғийбат қилибсан. Агар айтаётган нарсанг биродарингда бўлмаса, унда бўҳтон қилибсан», дедилар. Имом Муслим ривояти.
1523/14. Абу Бакрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам қурбонлик куни Минодаги видолашув ҳажида: «Бу кунингиз, бу шаҳрингиз, бу ойингизда қон тўкиш ҳаром бўлгани каби сизларнинг қонингиз, молингиз ва обрўйингизга (тажовуз қилмоқлигингиз) ҳаромдир. Огоҳ бўлинг, етказдимми?» дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1524/15. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам «Сафийянинг ундай ёки бундайлиги (баъзи ривоятларда келтирилишича, паканалиги) мисол сифатида етарлидир», десам, у зот: «Сен бир калима айтдингки, агар у денгиз сувига аралаштириб юборилса, таъми ёки ҳиди ўзгариб кетарди», дедилар. Ва яна у зотга бир инсонни ҳикоя қилдим. Шунда у зот: «Менда у ёки бу нарса бўлатуриб, бошқа бировни гапиришни яхши кўрмайман», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.
Бу ҳадис ғийбатчиларга энг катта дашном берувчи ҳадисдир. Мана шу даражада ғийбатни ёмонлашда етук бўлган бошқа бирор ҳадисни билмайман.
«Ва у Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам (Қуръонни) ўз ҳавойи-хоҳиши билан сўзламас. У (Қуръон) фақат ваҳий қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир» (Нажм сураси, 3–4-оятлар).
1525/16. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Мен осмонга кўтарилганимда (яъни, Меърож кечасида) бир қавмнинг олдидан ўтдим. Уларнинг мисдан тирноқлари бўлиб, юзлари ва кўкракларини тирнашар эди. Шунда мен: «Эй Жаброил, анавилар ким?» десам, у зот: «Улар шундай шахсларки, кишилар гўштини еб (яъни, ғийбат қилиб), обрўларига бўҳтон қилишарди», дедилар», деб айтдилар. Абу Довуд ривояти.
1526/17. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир мусулмон бошқа бир мусулмоннинг қонига, обрўсига ва молига (тажовуз қилиши) ҳаромдир», деб айтдилар. Имом Муслим ривояти.
- Создано 24 Октябр 2022
- 69 марта кўрилди
256-боб. Рухсат этилган ғийбат баёни
Билингки, ғийбат ҳаром бўлса-да, баъзи ҳолатларда ислоҳ учун рухсат этилган. Ана шу ислоҳ саҳиҳ, шаръий мақсадда бўлиб, ундан бошқа йўл билан етишиш мумкин бўлмаса, ўшанда рухсат этилган. У қуйидаги олтита сабабларнинг бирида бўлади:
Биринчиси – шикоят. Мазлум султонга ё қозига ёки золимни инсофга чақиришга қурби етадиган шунга ўхшаш бирор бошлиққа шикоят қилиб: «Фалон киши менга зулм қилди» ёки «Мендан буни тортиб олди» каби сўзларни айтмоғи жоиз.
Иккинчиси – мункар нарсани ўзгартиришга ва осийни тўғри йўлга қайтаришга ёрдам сўрамоқ. Бас, у ана шу мункар нарсани кетказишга қудрати етадиган кишига «Фалон киши бундай ишларни қилиб юрибди, уни бундан тўхтатиб қўйинг» каби сўзларни айтади. Ана шу пайтда унинг мақсади мункар нарсани кетказишга қаратилмоғи керак. Унинг мақсади бундай бўлмаса, ҳаром бўлади.
Учинчиси – фикр-мулоҳаза сўраш. Масалан, муфтийга «Отам ё иним ёки фалончи менга зулм қилди, ундан халос бўлиш, ҳаққимни олиш ва зулмни ўзимдан даф этиш йўли қанақа?» деб айтмоғи жоиз. Ва шу сингари «Хотиним мени ундай қилди» ёки «Эрим бундай қилди», деб ҳожати учун айтмоғи жоиз. Яна ҳам тўғрироғи, «Бир кишининг ана бу ишида нима дейсиз?» ёки «Эр ёки хотин бундай қилди», деб тайин қилмасдан мақсадини ҳосил қилмоғи ҳам дуруст.
Кейинги бобда зикр этиладиган Ҳинддан розияллоҳу анҳу қилинган ривоят тайин қилишнинг жоизлигини кўрсатади. У эри Абу Суфённинг бахил-зиқна эканини айтганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам уни бу ғийбатидан қайтармадилар.
Тўртинчиси – мусулмонларни ёмонликдан огоҳ этиб, уларга насиҳат қилиш. У бир нечта кўринишда бўлади. Улардан ҳадис ривоят қилувчи ровийларнинг гувоҳлик кўрсатмаларини мажруҳлиги учун рад этмоқ. Мана шу мусулмонлар ижмоъи билан жоиздир. Балки эҳтиёж бўлгани учун вожибдир. Айтадилар: «Бир киши ё никоҳ йўли билан қариндошлик муносабатларига киришини, ё ишда шерик бўлишини, ё омонат олишини, ё унинг ҳузурига омонат қўйишни, ё бундан бошқа нарсаларда муомала қилишни сендан маслаҳат сўраса, насиҳат юзасидан у ҳақда билган нарсангни айтмоғинг вожиб бўлади. Агар сен унга «Муомала қилиш ёки никоҳ ила қариндош бўлиш дуруст бўлмайди» ё «Бундай қилмагин», деб айтиш билан мақсад ҳосил бўлса, ёмонлигини ортиқча зикр қилиш жоиз эмас. Энди борди-ю, мақсад ҳосил бўлмаса, унда очиқчасига зикр қилавергин». Ва яна айтадилар: «Ўғрилиги, зинокорлиги, ичувчилиги ила машҳур бўлган қулни сотиб олаётган кишини кўрсанг, уни сотиб олувчи киши билмайдиган бўлса, баён қилмоғинг лозим бўлади. Нафақат бу қул сотиб олишда, балки ҳар бир сотиб олинаётган нарсанинг айбини билсанг, агар сотиб олувчи билмаса, баён этмоғинг вожиб бўлади». Яна айтадилар: «Агар бир фиқҳ ўрганувчи бидъатчи ёки фосиқ ҳузурига бориб, ундан илм ўрганаётган бўлса ва сен у фиқҳ ўрганувчи зарар топмоғидан қўрқсанг, унга насиҳат қилмоғинг ва ҳолини баён қилмоғинг лозим бўлади. Шу шарт биланки, сен бунда насиҳатни қасд қилмоғинг керак. Мана шу нарсада кўпинча хатога йўл қўйилади. Гоҳида бу ҳасадга олиб келади ёки шайтон алдаб қўяди. У эса бу қилган ишини насиҳат ва шафқат, деб хаёл қилади. Сен буни идрок этиб, фаросатли бўл». Яна айтадилар: «Бир киши бошлиқ бўлса-ю, солиҳ бўлмагани ёки фосиқ ва муғаффал бўлгани сабабли ишни яхши кўринишда бажармаса, ундан ҳам каттароқ бўлган бошлиққа унинг айбини зикр қилмоғинг вожиб бўлади. Ана шу катта бошлиқ уни ишдан четлатиб, ундан-да салоҳиятлисини тайинлайди. Ёки унинг ҳолатини билса, уни тўғри йўлда бўлишга ундайди».
Бешинчиси – фосиқлиги, бидъатчилиги ошкора бўлган кишиларни ғийбат қилиш жоиз. Масалан, ароқни ошкора ичувчи, кишиларнинг молини солиқ солиб, мусодара қилиб, зулм билан тортиб олувчи ҳамда ботил ишларни юргизувчилар шулар жумласидандир. Мана шу ишларни ошкора қилувчини ғийбат қилиш жоиз. Аммо бундан бошқаларида, юқоридаги зикр қилганларимиздан ташқари ҳолатларда жоиз эмас.
Олтинчиси – танишлик учун. Агар киши кўзи хира, оқсоқ, кар, кўр, ғилай, бурни пачоқ ва шунга ўхшаш нуқсонли лақаб билан танилган бўлса, танитиш ниятида танитмоқлик жоиз. Аммо ноқислик томонини бундан бошқа мақсадда айтиш ҳаром. Агар айбини айтмасдан бошқа йўл билан бўлса, жуда ҳам яхши. Мана шу зикр қилинган олтита сабабларда уламолар ғийбат қилиш жоиз, деб айтишган. Бунинг далили саҳиҳ ҳадисларда зоҳирий ҳолда келтирилган.
1530/1. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига кириш учун изн сўради. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам унинг киришига изн беринглар, деб кейин: «Бу одам ўз жамоасининг ёмон кишисидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Бухорий ёмон ва ишончсиз кишиларни ғийбат қилиш жоиз эканига бу ҳадисни ҳужжат қилганлар.
1531/2. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Фалон ва фалон кишиларни динимиздан бирор нарса билишади, деб гумон қилмайман», дедилар. Имом Бухорий ривояти.
Ушбу ҳадис ровийларидан бири Лайс ибн Саъд бу икки киши мунофиқлардан эди, дедилар.
1523/3. Фотима бинти Қайсдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бориб: «Абулжаҳм ва Муовиялар совчи юборишяпти, нима қилайин?» десам, у зот: «Муовия камбағал, унинг мол-дунёси йўқ. Абулжаҳм эса елкасидан ҳассасини ташламайди (яъни, хотинларига қаттиққўл)», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Имом Муслим ривоятларида «Абулжаҳм хотинларини урувчидир» бўлиб келган.
«Елкасидан ҳассасини ташламайди», деганларини баъзилар кўп сафар қилувчи, деб ҳам шарҳлашган.
1533/4. Зайд ибн Арқамдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарга чиққанимизда кишиларга қийинчилик етди. (Мунофиқ) Абдуллоҳ ибн Убай: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидаги кишиларга (саҳобаларга) ҳеч нарса берманглар. Шунда атрофидаги кишилар тарқалиб кетади. Агар Мадинага қайтсак, кучли бўлганлар кучсизларни у ердан чиқариб юборади» (яъни, ўзини кучли, Расулуллоҳни эса кучсиз, деб айтмоқчи), деганида, мен бунинг хабарини Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам етказдим. У зот Абдуллоҳ ибн Убайни олиб келиш учун одам юбордилар. У (мунофиқ) келиб бу сўзларни айтмадим, деб қасам ичди. Шунда одамлар: «Зайд ибн Арқам Расулуллоҳга соллоллоҳу алайҳи васаллам нисбатан ёлғон ишлатибди», дейишди. Бу сўзлар мени ранжитди. Ҳатто Аллоҳ таоло менинг сўзимни тасдиқлаб «Қачон мунофиқлар сизнинг олдингизга келсалар... » оятини нозил қилди. Кейин Расулуллоҳ уларни қилган гуноҳларига истиғфор айтиш учун чақиртирдилар. Лекин улар бошларини эгиб келмадилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1534/5. Оишадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Абу Суфённинг хотини Ҳинд Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эрим Абу Суфён зиқна киши. Менга ва болаларига кифоя қилгудек нарса бермайди. Шунинг учун унга билдирмасдан баъзи нарсаларни оламан. Бунинг ҳукми қандай бўлади?» деганида, у зот: «Ўзингга ва болаларингга кифоя қилгудегини яхшилик билан олавергин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.