Аллоҳ таоло: «Ота-онангизга ҳамда қариндош-уруғ, етим ва мискинларга, қариндош қўшни ва бегона қўшнига, ёнингиздаги ҳамроҳингизга, йўловчи мусофирга ва қўлларингиздаги қулларингизга яхшилик қилингиз! Албатта Аллоҳ ўзлари бахиллик қиладиган ва ўзга одамларни ҳам бахилликка чақирадиган ҳамда Аллоҳ фазлу карамидан берган неъматларни яширадиган мутакаббир ва мақтанчоқ бўлган кимсаларни севмайди» (Нисо сураси, 36-оят), деб айтган.
1599/1. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бир хотин мушук сабабли азобга мустаҳиқ бўлди. Яъни, уни қафасга қамаб ўлдиргани сабаб дўзахга дохил бўлди. У хотин мушукни қафасга солиб овқат ҳам, ичимлик ҳам бермади. Агар қамамасдан қўйиб юборганда эди, ердаги (ўз насибаси бўлган) ҳашаротларни еб (ҳаётини сақлар) эди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1600/2. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот бир куни қурайшлик йигитлар олдидан ўтдилар. Улар бир тирик қушни нишон қилиб унга (найза) отишаётган эди. Йигитлар Ибн Умарни кўриб қолиб тарқалиб кетишди. Ибн Умар розияллоҳу анҳу: «Буни ким қилди? Аллоҳ лаънатлагур, қайси киши қилди? Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам тирик жонни нишон қилган кишини лаънатлаганлар», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1601/3. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳайвонларни (найза отиб ўлдириш ниятида) нишон қилишдан ман қилдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
1602/4. Абу Али Сувайд ибн Муқриндан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Мен Муқриннинг еттита болаларидан биридирман. Бизнинг бир хизматкоримиз бор эди. Кичик укам унга шапалоқ тортиб юборибди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизга ана шу хизматкорни озод қилишни буюрдилар». Имом Муслим ривояти.
1603/5. Абу Масъуд ал-Бадрийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Мен бир хизматкоримни қамчи билан ураётган эдим, ногаҳон орқамдан «Билгин, эй Абу Масъуд», деган овозни эшитдим. Жаҳлим чиқиб тургани сабабли кимнинг овозилигини англамадим. Гапираётган киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам эканлар. У зот: «Билгинки, эй Абу Масъуд, сен бу болага азоб беришингдан кўра, Аллоҳ сени азоблашга қодирроқдир», дедилар. Буни эшитгандан кейин бундан сўнг бирорта қулни асло урмайман, деб айтдим».
Бошқа ривоятда «У зотнинг ҳайбатларидан қўлимдаги қамчи тушиб кетди» бўлиб келган.
Яна бошқа ривоятда: «(Мен): «Эй Аллоҳнинг расули, Аллоҳнинг розилиги учун бу озоддир», десам, у зот: «Агар шундай қилмаганингда ҳам дўзах сени куйдирар ёки ўзига олар эди», деб айтдилар», дейилади. Буларнинг ҳаммасини Имом Муслим ривоят қилганлар.
1604/6. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қилмаган ишига хизматкорини жазоласа ёки шапалоқ урса, унинг каффорати қулни озод қилишдир», деб айтдилар. Имом Муслим ривояти.
1605/7. Ҳишом ибн Ҳаким ибн Ҳизомдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот Шом шаҳрида бир неча деҳқоннинг олдидан ўтдилар. Ўша деҳқонларни қуёш тагига қўйиб, устиларидан ёғ қуйилаётган экан. Ҳишом розияллоҳу анҳу: «Бу нимаси?» дедилар. «Хирож (солиғи) беришмагани сабабли азобланишмоқда», дейилди. (Бошқа ривоятда: «Жизя беришмагани сабабли ҳибс қилинган», дейилган.) Ҳишом розияллоҳу анҳу: «Гувоҳлик бериб айтаманки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ ҳаёти дунёда одамларни азоблайдиганларга азоб беради», деб айтганларини эшитганман», дедилар. Ва бошлиқнинг олдига кириб унга ҳам бу сўзларни айтгандилар, бошлиқ уларни бўшатишни буюрди. Имом Муслим ривояти.
1606/8. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам юзига тамға урилган эшакни кўриб бу ҳолатдан ранжидилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Аллоҳга қасамки, юзига ҳеч тамға урмайман. Фақатгина юзидан пастга тамға ураман», дедилар. Эшакларини олиб келиш буюрилди. Ва икки сони юқори тарафидаги думи атрофига тамға урилди. Ибн Аббос эшагини ана шу ерига тамға урдирганларнинг биринчисидирлар. Имом Муслим ривояти.
1607/9. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам юзига тамға урилган эшакнинг олдидан ўта туриб: «Аллоҳ мана шунақа тамға қилувчиларни лаънатлаган», деб айтдилар. Имом Муслим ривояти.
Имом Муслимнинг бошқа ривоятларида «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам юзга уришдан ва юзга тамға туширишдан ман этдилар» бўлиб келган.
- Создано 24 Октябр 2022
- 133 марта кўрилди
282-боб. Хизматкорини, ҳайвонларни, хотинини ва боласини шаръий сабабсиз ёки одоб чегарасидан чиқиш даражасида қийнамоқдан қайтарилгани ҳақида
- Создано 24 Октябр 2022
- 14572 марта кўрилди
283-боб. Қандай жонивор бўлишидан қатъий назар, ҳаттоки бит ва шунга ўхшаш нарсаларни ҳам олов билан азоблашнинг ҳаромлиги ҳақида
1608/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бизни бир жойга жўнатиб: «Агар қурайшлик фалончи ва фалончини топсанглар, оловда ёқиб юборинглар», дедилар. Қачонки, чиқишни хоҳлаб турсак, у зот: «Мен сизларга фалончи ва фалончини ёқиб юборишни буюрган эдим. Албатта олов билан фақат Аллоҳ азоблайди. Агар уларни тутиб олсангиз, ёқмасдан қатл қилинглар», деб айтдилар». Имом Бухорий ривояти.
1609/2. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга сафарда кетаётган эдик. У зот ҳожат чиқаргани борганларида, биз бир қушнинг боласи билан турганини кўрдик. Боласини ушласак, у қуш келиб қаноти билан устимизда уча бошлади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам келиб: «Ким бунинг болаларини ушлаб олиб хафа қилди? Унинг болаларини ўзига қайтаринглар», деб айтдилар. Кейин яна биз ўт ёқиб куйдирган чумоли уйини кўриб: «Буни ким куйдирди?» деганларида, «Биз», деб жавоб бердик. Шунда у зот: «Олов билан куйдириш фақат ўша оловнинг Раббиси Аллоҳ учун хосдир», дедилар». Абу Довуд саҳиҳ иснод билан ривоят қилганлар.
- Создано 24 Октябр 2022
- 14776 марта кўрилди
285-боб. Киши бераётган нарсасини ҳали топширмасдан олдин қайтариб олиши ва боласига берган ёки ҳали беришга улгурмаган нарсасини қайтариб олишининг кароҳияти ҳақида
1611/1. Ибн Аббосдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Берган нарсасини қайтариб олувчи киши қусиғини қайта (еган) ит кабидир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Бошқа ривоятда «Берган садақасини қайтариб олувчи киши қусиб, ўша қусиғини қайта еган итга ўхшайди» бўлиб келган.
Яна бошқа ривоятда: «Берган нарсасини қайтариб олувчи қусиғини қайта еювчига ўхшайди», дейилган.
1612/2. Умар ибн Хаттобдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Мен отимни бир мужоҳидга Аллоҳ йўлида садақа қилдим. Кейин у отни оздириб юборганини кўриб, сотиб олишни хоҳладим. Ва арзон берар, деб гумон қилдим. Сўнгра Расулуллоҳдан соллоллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақда сўрасам, у зот: «Сотиб олма! Гарчи бир дирҳамга берса ҳам, садақангни қайтариб олма. Чунки садақасини қайтариб олувчи қусиғини қайта еювчига ўхшайди», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
- Создано 24 Октябр 2022
- 18254 марта кўрилди
284-боб. Ҳақдор ҳаққини талаб этганида бадавлат киши унинг ҳаққини кечиктириши ҳаромлиги ҳақида
Аллоҳ таоло: «Албатта Аллоҳ сизларни омонатларни ўз эгаларига топширишга буюради» (Нисо сураси, 58-оят);
«Агар бир-бирларингизга омонат қўйсангиз, омонат қўйилган киши омонатини адо қилсин» (Бақара сураси, 283-оят), деб айтган.
1610/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бадавлат кишининг (қарзини, омонатини ва бировларнинг ҳаққини беришда) кечиктириши зулмдир. Агар (камбағал киши) пулдор кишидан қарзини бериб юборишини талаб қилса, қабул этсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
- Создано 24 Октябр 2022
- 14571 марта кўрилди
286-боб. Етим молини ейиш таъкидланган ҳаром экани ҳақида
Аллоҳ таоло: «Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз қоринларига оловни еган бўлурлар. Ва албатта дўзахга киражаклар» (Нисо сураси, 10-оят);
«Етимнинг молига то у вояга етгунча фақат энг чиройли йўл билангина яқинлашингиз» (Анъом сураси, 152-оят);
«Яна сиздан етимларнинг (моллари) ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Уларни ислоҳ қилиш яхшидир. Агар (молларингизни) уларнинг (моллари) билан қўшиб юборсангиз (зарари йўқ). Зеро, улар биродарларингиздир. Аллоҳ ким бузғунчи, ким ўнгловчи – ислоҳ қилувчи эканини билади» (Бақара сураси, 220-оят), деб айтган.
1613/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам «Еттита ҳалокатга элтувчи амаллардан сақланинглар», деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули, улар қайси?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «1. Аллоҳга шерик бор дейиш. 2. Сеҳргарлик. 3. Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ўлдириш. Аммо ҳақ билан бўлса, яъни ҳад, қасос ва шунга ўхшаш нарсаларда зарари йўқ. 4. Судхўрлик орқасидан кун кечириш. 5. Етимнинг молини ейиш. 6. Урушда орқага чекиниш. 7. Ҳеч нарсадан хабари йўқ, покиза, афифа аёлларни (фоҳишаликда) айблаш», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.