close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

312-боб. Имом жума куни хутба айтиб турганида, икки оёқни қоринга ёпиштириб, қўлни халқа қилиб ўтиришнинг кароҳияти ҳақида (чунки бундай ўтириш уйқу келтириб, хутбани эшиттирмаслиги ва таҳоратни кетказиши мумкин)

1704/1. Муоз ибн Анас ал-Жуҳанийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам жума куни имом хутба айтиб турганида икки оёқни қоринга ёпиштириб, қўлни халқа қилиб маҳкамлаб ўтиришдан ман этдилар. Абу Довуд ва Термизий ривоятлари.

 

313-боб. Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунлиги кирса, қурбонлик қилиш ниятида юрган кишига қурбонлик қилиб бўлгунича сочини ва тирноғини олиши ман этилгани ҳақида

1705/1. Умму Саламадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг сўядиган қурбонлиги бўлса ва зулҳижжа ойи кириб қолса, то қурбонлигини сўймагунча соч ва тирноқларини олмасин», дедилар. Имом Муслим ривояти.
Фойда: бундай қилишнинг ҳикмати ана шундай мағфират кунларида баданининг барча аъзолари ҳам иштирок этиши кўзда тутилган.

315-боб. Қасддан ёлғон қасам ичишнинг оғир гуноҳ эканлиги ҳақида

1711/1. Ибн Масъуддан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бирор мусулмон кишининг молига ноҳақ эга бўлиш мақсадида (ёлғон) қасам ичса, Аллоҳни ғазабли ҳолида топади», дедилар, кейин бу сўзларини тасдиқлаб Аллоҳнинг оятидан қуйидагиларни ўқидилар:

«Аллоҳга берган аҳду паймон ва қасамларни озгина қийматга сотиб юборадиган кимсалар учун охиратда ҳеч қандай насиба йўқдир. Қиёмат кунида Аллоҳ уларга сўз қотмайди, раҳмат назари билан боқмайди ва гуноҳларидан покламайди. Улар учун аламли азоб бордир» (Оли Имрон сураси, 77-оят). Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1712/2. Абу Умома Иёс ибн Саълаба ал-Ҳорисийдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бирор мусулмон кишининг ҳаққига (ёлғон) қасам ичиб эгалик қилиб олса, Аллоҳ таоло унга дўзахни вожиб қилиб, жаннатни ҳаром этади», деганларида, бир киши: «Агар ана шу озгина ва арзимас нарса бўлса-чи?» деди. Шунда у зот: «Агар арок дарахтининг новдасичалик нарса бўлса ҳам», дедилар. Имом Муслим ривояти.

1713/3. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, бирор жонни ўлдириш ва ёлғон қасам ичиш кабира (улкан) гуноҳлардандир», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

Имом Бухорийнинг бошқа ривоятларида айтилишича, бир аъробий киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг расули! Кабира (улкан) гуноҳлар қайси?» деганида, у зот: «Аллоҳга бирор нарсани шерик қилиш», дедилар. «Кейин қайси?» деган эди, у зот: «Ёлғон қасам», дедилар. «Ёлғон қасам қанақа бўлади?» деган эди, у зот: «Ёлғон қасам мусулмон кишининг молига эгалик қилиш мақсадида ичиладиган қасам», дедилар.

314-боб. Пайғамбар, Каъба, фаришта, осмон, оталар, ҳаёт, жон, бош, подшоҳ неъмати, фалончининг қабри ва омонатларга ўхшаш махлуқотлар билан қасам ичишдан қайтарилгани ҳақида

1706/1. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ таоло ота-боболарингиз номига қасам ичишингиздан ман қилган. Ким қасам ичадиган бўлса, Аллоҳ номи билан қасам ичсин. Ундай бўлмаса, жим турсин», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бошқа саҳиҳ ривоятда «Ким қасам ичадиган бўлса, Аллоҳ номига ичсин. Ундай бўлмаса, сукут қилсин» бўлиб келган.

1707/2. Абдураҳмон ибн Самурадан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бут-санамлар ва ота-боболарингиз номига қасам ичманглар», деб айтдилар. Имом Муслим ривояти.

1708/3. Бурайдадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким омонат билан қасам ичса, биз (нинг йўлимиз)дан эмас», дедилар. Абу Довуд ривояти.
Фойда: қасам Аллоҳ ва Унинг сифатлари билан бўлади. Чунки омонат фақат Аллоҳнинг буйруқлари ва фарзларидан бири бўлгани учун булар билан қасам ичишдан қайтарилди. Ва яна омонат билан қасам ичиш Аллоҳнинг исмлари билан қасам ичишга тенглашиб қолишидан хавф бор. Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу ва бу зотнинг асҳоблари: «Аллоҳнинг омонати агар қасам бўлса, унга каффорат лозимдир», дейишди.

1709/4. Бурайдадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким қасам ичиб унда: «Мен Исломдан йироқман», деса, агар ёлғон қасам бўлса, ҳақиқатда Исломдан йироқ бўлади. Борди-ю, қасами рост бўлса, шундай ҳам Исломга саломат қайтмайди», дедилар. Абу Довуд ривояти.

1710/5. Ибн Умарданрозияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бу зот бир кишининг: «Каъба номига қасамки, ундай эмас», деб турганини эшитиб: «Аллоҳдан бошқа нарса номига қасам ичмагин. Чунки мен Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам «Ким Аллоҳ номидан бошқа нарса ила қасам ичса, батаҳқиқ куфр ёки ширк келтирибди», деб айтганларини эшитганман», дедилар. Имом Термизий ривояти.

Баъзи уламолар Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам «Куфр ёки ширк келтирибди», деган сўзларини зиёда қўрқитиш учун истеъмол қилганлар, деб шарҳлашди. Чунки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисларида: «Риё ширкдир», деб қўрқитиш мақсадида айтганлар.

316-боб. Бирор нарсага қасам ичилса-да, кейин ундан яхшироқ нарса кўриб қолса, у ҳолда қасамини бузиб, каффоратини бериши, ўша яхши деб билган ишини бажаравериши марғуб экани ҳақида

1714/1. Абдураҳмон ибн Самурадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам менга: «Агар бирор нарсага қасам ичсанг-да, кейин унинг акси яхши эканини билиб қолсанг, ўша яхши деб билганингга амал қилавергин-да, қасамингни бузганинг учун каффорат тўлаб қўй», дедилар». Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1715/2. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бирор нарсага қасам ичса-да, кейин ундан бошқаси яхши эканини билиб қолса, қасамига каффорат тўласин-да, ўша яхши деб билганига амал қилаверсин», дедилар. Имом Муслим ривояти.

1716/3. Абу Мусодан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ номига қасам, мен бирор нарсага қасам ичмайман. Борди-ю, қасам ичсам, кейин ундан яхшироғини кўриб қолсам, ўша ичган қасамимни бузганим учун каффорат бераман-да, ўша яхши деб билганимга амал қилавераман», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1717/4. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Киши ўз аҳли аёли хусусида бирор нарсага қасам ичиб қўйиб, шу қасамига (агар у зарарли бўлса ҳам) амал қилса, яъни қасамини бузмаса, Аллоҳнинг ҳузурида қасамини бузиб, Аллоҳ фарз қилган каффорат (жарима)ни берувчи кишидан ҳам гуноҳкорроқдир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase