close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

332-боб. «Аллоҳим, агар хоҳласанг, мени кечир», деб айтишнинг кароҳияти ҳақида (Аллоҳдан бирор нарса сўралаётганда жазм ва қатъият ила сўралади)

1742/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Сизлардан бирортангиз «Аллоҳим, агар хоҳласанг, мени кечир» ёки «Аллоҳим, агар хоҳласанг, менга раҳм қил», деб айтмасин. Балки жазм ва қатъият билан сўрасин. Чунки Аллоҳ таолони (бир нарса беришга ҳеч ким) мажбурлай олмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Муслимнинг ривоятларида «Лекин қасд қилиб, қаттиқ сўрасин. Аллоҳ наздида бирор (хоҳ дунёвий, хоҳ ухровий) нарсанинг каттаси бўлмайди, албатта беради» бўлиб келган.

1743/2. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон сизлардан бирингиз дуо қилса, қатъият ила тиласин. «Аллоҳим, агар хоҳласанг, бергин», деб қатъиятсизлик ила сўрамасин. Чунки Аллоҳни (ҳеч ким бир нарса беришга) мажбурлай олмайди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

333-боб. «Аллоҳ ва фалон киши хоҳласа», деб айтишнинг кароҳияти ҳақида

1744/1. Ҳузайфа ибн Ямондан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ хоҳласа ва фалон киши хоҳласа, деб («ва» сўзини қўшиб) айтманглар. Балки «Аллоҳ хоҳласа, кейин фалон киши хоҳласа», деб («кейин» сўзини қўшиб) айтинглар», дедилар. Абу Довуд ривояти.
Фойда: чунки Аллоҳнинг хоҳиши билан инсоннинг хоҳиши орасида катта фарқ бор. Аллоҳнинг хоҳиши азалий ва қадимийдир. Инсоннинг хоҳиши эса янги пайдо бўлган нарсадир.

335-боб. Эр ўз хотинини тўшагига (жимоъ ниятида) чақирса-ю, хотин шаръий узри бўлмай, унга боришдан бош тортишининг ҳаромлиги ҳақида

1748/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Агар киши ўз хотинини (жимоъ ниятида) тўшагига чақирганда, у хотин бош тортса ва эри ундан норози бўлса, тонг отгунча фаришталар у хотинни лаънатлаб туришади», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Бошқа ривоятда «Қайтгунича» бўлиб келган.

334-боб. Хуфтон намозидан кейин (бефойда) сўзларни гаплашишнинг кароҳияти ҳақида

Бошқа вақтларда мубоҳ бўлган сўзларни хуфтондан кейин гаплашиш кароҳиятлидир. Аммо бошқа пайтларда ҳаром ёки макруҳ бўлган сўзларни хуфтондан кейин гаплашиш ундан-да қаттиқ ҳаром ва макруҳдир. Хуфтондан кейин гаплашиш жоиз бўлганлари: илм музокара қилиш, солиҳлар ҳикоясини ва яхши ахлоқларга ундовчи суҳбатларни тинглаш ҳамда меҳмон ва ҳожатманд каби кишилар билан сўзлашишдир. Фавқулодда узрли бўлинганда ҳам кароҳияти йўқ. Балки шу айтилган нарсаларни бу пайтда гаплашиш мустаҳабдир. Бу айтилган нарсалар саҳиҳ ҳадисларда ворид бўлгандир.

1745/1. Абу Барзадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам хуфтондан олдин ухлашни ва хуфтондан кейин гапиришни кариҳ кўрардилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1746/2. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларининг охирги пайтида хуфтон намозини ўқиб салом берганларидан кейин: «Бу кеча ҳақида хабар беринглар-чи. Бу кечадан юз йил ўтгандан кейин ҳозир ер юзида мавжуд бўлганларнинг бирортаси тирик қолмайди, деб мен хабар бераман», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.
Фойда: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам хабар берганларидек, охирги вафот этган саҳоба Абу Туфайл Омир ибн Воилдир. Бу зот Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бу сўзни айтганларидан юз йил ўтгандан кейин бир юз ўнинчи йили вафот этганлар. Яъни, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳижратнинг ўнинчи йилида бу сўзни айтганлар.

1747/3. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Бир кеча саҳобалар Расулуллоҳни соллоллоҳу алайҳи васаллам (масжиди набавийда) кутиб ўтиришган эди, у зот кечанинг ярмида келиб, уларга хуфтон намозини ўқиб бердилар. Кейин қуйидагича хутба айтдилар: «Огоҳ бўлинг! Албатта одамлар намоз ўқиб бўлиб ором олишмоқда. Сизлар қанча кутган бўлсангиз, ўшанча муддат намозда турган ҳисобланасизлар». Имом Бухорий ривояти.
Фойда: бу икки ҳадисдан хуфтондан кейин яхши сўзларни гаплашиш жоизлиги тушунилади.

336-боб. Эр сафарда бўлмай, уйдалигида аёлига унинг рухсатисиз нафл рўза тутишининг ҳаромлиги ҳақида

1749/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Эри сафарга бормасдан уйда бўлган пайтида хотинга эрининг изнисиз нафл рўза тутиши ва изнисиз уйига бирор шахсни киритиши ҳалол эмас», деб айтдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase