close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

362-боб. Сеҳрнинг оғир ҳаромлардан экани ҳақида

Аллоҳ таоло: «Сулаймон кофир эмас эди, балки одамларга сеҳр ўргатадиган шайтонлар кофир эдилар» (Бақара сураси, 102-оят), деб айтган.

1792/1. Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Еттита ҳалокатга элтувчи амаллардан сақланинглар», деганларида, саҳобалар: «Эй Аллоҳнинг расули, улар нима?» дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «1. Аллоҳга шерик бор, дейиш. 2. Сеҳргарлик. 3. Аллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ўлдириш. Аммо ҳақ билан бўлса, яъни ҳад, қасос ва шунга ўхшаш нарсаларда зарари йўқ. 4. Судхўрлик орқасидан кун кечириш. 5. Етимнинг молини ейиш. 6. Урушда орқага чекиниш. 7. Ҳеч нарсадан хабари йўқ, покиза, афифа аёлларни (фоҳишаликда) айблаш», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

 

363-боб. Агар душман қўлига тушишидан хавф этилса, ғайримуслим ўлкаларга Қуръон китоби билан сафар қилишдан ман этилгани ҳақида

1793/1. Ибн Умардан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам Қуръони карим билан душман ерига сафар қилишдан ман этдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

365-боб. Заъфарон рангли кийим кийишнинг ҳаромлиги ҳақида

1797/1. Анасдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам кишиларга заъфарон рангли либос кийишни ман этдилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

1798/2. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Оссдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам бир куни менинг устимда иккита сарғиш, заҳил рангга бўялган кийимни кўриб: «Онанг мана шуни кийишга буюрдими?» дедилар. Мен: «Рангини кетказиб ювиб юборайми?» десам, у зот: «Балки ёндириб ташлагин», дедилар».

Бошқа ривоятда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Бу каби сарғиш, заҳил рангли либослар кофирларнинг кийимидир. Сен бундай кийимларни киймагин», деб айтганлар. Имом Муслим ривояти.

364-боб. Ейиш, ичиш, таҳорат қилиш ва бошқа ишларда тилла ва кумуш идишларни ишлатишнинг ҳаромлиги ҳақида

1794/1. Умму Саламадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Кумуш идишларда сув ичадиганлар қорнини дўзах оловига тўлдирибди», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Имом Муслимнинг ривоятларида «Тилла ва кумуш идишларда сув ичувчи ва овқатланувчилар» бўлиб келган.

1795/2. Ҳузайфадан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ипак ва кимхоб кийишдан ҳамда тилла, кумуш идишларда сув ичишдан ман қилдилар. Ва: «Бу нарсалар бу дунёда кофирлар учун, охиратда эса сизлар учундир», дедилар. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари.

Икки «Саҳиҳ» китобида келган Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ривоятларида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ипак ва кимхобдан тайёрланган кийимлар кийманглар, тилла, кумуш идишларда сув ичманглар ва тилла, кумуш тақсимчаларда овқат еманглар», деб айтдилар.

1796/3. Анас ибн Сийриндан ривоят қилинади: «Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу билан бирга бир неча мажусийлар ҳузурида ўтирганимизда, кумушдан ясалган идишда қиём олиб келинди. У зот бундан емадилар. Олиб келган кишига бу идишингни алмаштириб кел, деб айтилган эди, у киши кумуш идишни халанж дарахтидан ишланган косага алиштириб келди. Анас ибн Молик бу идишдаги қиёмдан тановул қилдилар». Имом Байҳаққий ҳасан иснод билан ривоят қилганлар.

366-боб. Кундузидан кечасигача жим (сукут қилиб) юришдан қайтарилгани ҳақида

1799/1. Алидан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади: «Расулуллоҳнинг соллоллоҳу алайҳи васаллам «Балоғатга етгандан кейин етимлик йўқ. Кундузидан кечасигача жим (сукут қилиб) юриш йўқ», деб айтганларини эшитдим». Абу Довуд ривояти.

Имом Абу Сулаймон Хаттобий Маъолус «Сунан» номли китобларида бу ҳадисни қуйидагича шарҳлаганлар: «Жим юриш жоҳилият аҳлининг амалларидан эди. Улардан бири бир кеча ва кундуз эътикоф ўтирарди-да, ҳеч нарса гапирмай, сукут қиларди. Ислом келгандан кейин бундан қайтарилди ва яхшиликларни зикр этишга буюрилди».

1800/2. Қайс ибн Абу Ҳозимдан розияллоҳу анҳу ривоят қилинади. Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу аҳмаслик Зайнаб исмли аёлнинг олдига кирдилар. Унинг гапирмаётганини кўрдилар. Ва унга: «Нима учун гапирмаяпсан?» дедилар. Атрофидагилар: «Ҳаж қилган, гапирмайди», деб айтишди. Шунда Абу Бакр унга: «Гапиргин, бу (ишинг) ҳалол бўлмайди. Ва бу жоҳилият амалларидандир», деганларида, у хотин гапирди. Имом Бухорий ривояти.

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase