close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

033. Аҳзоб сураси

Етмиш уч оятдан иборат ушбу сурайи карима Мадинада нозил қилингандир. Маълумки, одатда Мадина сураларида Маккада нозил бўлган суралардан фарқли ўлароқ, асосан Исломий турмуш тарзи ва диний урф-одатлар ҳақида сўз боради. Яъни, мавзу Исломий ақидани англатишдан Исломий Шариатни баён қилишга кўчади. Ушбу сура ҳам бундан мустасно эмасдир.
У дастлаб Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга тақвода - Оллоҳ таолодан қўрқишда устиворлик тилаб, Ёлғиз Оллоҳга суянишга ва фақат Илоҳий ваҳийга эргашишга буюриш билан бошланади, сўнгра Дини Ислом ҳукмича, боқиб олинган бола туққан фарзанд билан баробар бўлмаслиги баён қилинади ва сура давомида бу мавзуга яна қайтилади.
Яна ушбу сурада Пайғамбар алайҳис-саломнинг аҳли-аёллари тўғрисида ҳамда уларнинг зиммаларидаги айрича вазифалари ва алоҳида ҳақ-ҳуқуқлари борасида ҳам сўз юритилади, шунингдек, улар барча мўмин-мусулмонлар учун она мақомида эканликлари, бинобарин мўминлар уларга зиёда эҳтиром ва ўта эҳтиёткорлик билан муомала қилишлари лозим экани уқтирилади. Сура ниҳоясида инсон ўз зиммасига олган Оллоҳ таолонинг барча Амру Фармонларига итоат этиш вазифаси, ҳатто осмону замин ва тоғу тошлар ҳам кўтара олмаган оғир ва масъул вазифа эканлиги таъкидланади.
Ушбу сурадан Мадинада янги барпо бўлган Ислом давлатини йўқ қилиб юбориш ғаразида турли ҳизблар-фирқалар бирлашиб қилган ҳужумлари ва бу жанг воситасида Оллоҳ таоло мўминларнинг иймон-эътиқодларини яна бир бор имтиҳондан ўтказгани ҳақида хабар берган оятлар ҳам ўрин олгани сабабли у «Аҳзоб - Ҳизблар» деб номлангандир.

Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан

1. Эй Пайғамбар (алайҳис-салом), Оллоҳдан қўрқинг ҳамда кофир ва мунофиқ кимсаларга бўйинсунманг! Албатта Оллоҳ Билгувчи ва Ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир.
Воқидий “Асбобун-нузул” китобида зикр қилишича, ушбу ва қуйидаги икки оят Макка мушрикларининг катталаридан Абу Суфён, Икрима ибн Абу Жаҳл ва Абул-Аъвар Сулламий ҳақида нозил қилинган. Улар Уҳуд жангидан кейин Мадинага келиб, мунофиқларнинг каттаси бўлган Абдуллоҳ ибн Убайнинг уйига тушадилар. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам уларга сўзлашиб олишлари учун омонлик берадилар, яъни, Мадинадан тинч-омон чиқиб кетишларини таъминлашга ваъда берадилар. Бас, у мушрикларга Мадиналик мунофиқлар Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салул, Абдуллоҳ ибн Саъд ибн Абу Сарҳ ва Тўъма ибн Убайриқлар қўшилишиб, Умар ибн Хаттоб билан бирга улар билан сўзлашиш учун келган Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга: “Эй Муҳаммад сен бизнинг илоҳларимиз Лот, Уззо ва Манотни сўкишни тўхтатиб, улар ўзларига сигинган кишиларни шафоат қилади, дейсан, шунда биз сени Роббинг билан тинч қўямиз”, дейишган эди, уларнинг бу сўзлари Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга жуда оғир ботди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, Сиз менга уларни ўлдириш учун изн беринг”, деган эди, у зот: “Мен уларга омонлик берганман”, дедилар. Шунда Умар у кофирларга қараб: “Чиқинглар, Оллоҳнинг лаънат ва ғазабига гирифтор бўлинглар”, деди, бас, Пайғамбар соллоллоҳу алайи ва саллам Умарга уларни Мадинадан қувиб чиқаришни буюрдилар. Ана ўша соатда Оллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилиб, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни “Эй Пайғамбар алайҳис-салом”, деб шарафлайди - у зоти бобаракотнинг ҳақ Пайғамбар эканликларини яна бир бор таъкидлайди ҳамда Ўзининг ҳар бир иймон-эътиқодли бандаси зиммасида бутун умри давомида фарз бўлган энг улуғ вазифани, яъни, ҳамма вақт, ҳар бир ишда Оллоҳ таолодан қўрқишни ва куфр аҳлидан эканликларини очиқ-ошкор айтадиган кофирларга ҳам, ўзларини мусулмон кўрсатадиган, аммо қалблари тўла мараз бўлган иймонсиз мунофиқларга ҳам ҳеч қачон, ҳеч бир ишда итоат этмасликни, улар кўрсатган йўлларга юрмасликни буюради.
Ояти карима ниҳоясида Оллоҳтаоло ҳар бир ишни, ким нима қилаётганини Билгувчи ва айтган - буюрган ҳар бир Сўзи Ҳикмат бўлган Зот эканлиги яна бир бор таъкидланади.

2. Сиз (фақат) ўзингизга Парвардигорингиз томонидан ваҳий қилинадиган оятларга эргашинг! Албатта Оллоҳ қилаётган амалларингиздан Огоҳ бўлган Зотдир.
Яъни, Сиз, эй Муҳаммад алайҳис-салом, маккалик мушрик-кофирлар ва мадиналик мунофиқлар айтадиган сўзларга эмас, балки Сизга Оллоҳ таоло томонидан ваҳий қилинаётган оятларга эргашинг ва сизлар ҳам, эй мўминлар, кофирлар ва мунофиқлар чизиб бераётган йўлларга, тузиб бераётган ҳизбларга эмас, балки ўзларингиз ҳақ Пайғамбар деб иймон келтирган Муҳаммад алайҳис-саломга Ҳақ таоло нозил қилган Қуръони Карим оятларига эргашинглар. Билингларки, Оллоҳ таоло қилаётган амалларингизнинг барчасидан Хабардордир, Ундан ҳеч нарсани яшириб бўлмас.

3. Ва (Ёлғиз) Оллоҳга таваккул қилинг! Оллоҳнинг Ўзи етарли Вакил - Сақлагувчидир.
Юқоридаги оятларда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам, у зот орқали барча умматлари энг аввал Оллоҳ таолодан қўрқишга - тақвога буюрилишлари, кофирлар ва мунофиқларга бўйинсунишдан қайтарилишлари ҳамда фақат Оллоҳнинг Каломи бўлмиш Қуръон кўрсатмаларига амал қилишлари амр этилганидан кейин ушбу ояти каримада ҳар бир ишда Оллоҳтаолога суяниш - таваккул қилиш лозимлиги уқтирилишидан маълум бўладики, Оллоҳ таолога ибодат қилмасдан, У Зотнинг Амр-Фармонларига итоат этмасдан туриб Унга таваккул қилишнинг фойдаси бўлмаслиги мумкиндир. Чунки Ҳақ таоло аввал ўзингга буюрилган ишни қилгин, ибодатда бардавом бўлгинда, сўнгра ҳеч кимдан қўрқмай Менга суянгин, сени ҳар қандай бало-қазодан, душманларнинг фириб-найрангларидан Ўзим асрайман, деб ваъда бермоқда.

4. Оллоҳ бирон кишининг ичида иккита қалб қилган эмас, (шунингдек), У сизлар зиҳор қиладиган хотинларингизни сизларга она қилган эмас ва асранди болаларингизни ўз болаларингиз қилган эмасдир. Бу (яъни, хотинларингизни «онам» дейишларингиз, асрандиларингизни «болам» дейишларингиз) сизларнинг оғизларингиздаги сўзингиздир. Ёлғиз Оллоҳ Ҳақни айтур ва Унинг Ўзи (Ҳақ) Йўлга ҳидоят қилур.
“Оллоҳ бирон кишининг ичида иккита қалб қилган эмас”.
Ушбу жумла, аксар муфассирлар наздида тилида мўмин-у, дилида кофир бўлган мунофиқ кимсалар ҳақида келтирилган ибратли мисолдир. Ҳақ таоло ҳеч қачон бир кишининг қалбида иймон билан куфрни жамламаслигини, бошқача айтганда, иймонли қалбда куфрга жой бўлмаслигини, куфр ўрнашиб олган қалбга эса, иймон яқин йўламаслигини таъкидлаб, ҳеч бир кимсани бири кофир, иккинчиси мўмин бўлган икки юракли қилиб яратмаганини, демак, тили бошқа дили бошқа бўлган мунофиқлар аниқ кофир эканликларини айтиб огоҳлантиради.
“(шунингдек) У сизлар зиҳор қиладиган хотинларингизни сизларга она қилган эмас ва асранди болаларингизни ўз болаларингиз қилган эмасдир. Бу (яъни, хотинларингизни «онам» дейишларингиз, асран-диларингизни «болам» дейишларингиз) сизларнинг оғизларингиздаги сўзингиздир. Ёлғиз Оллоҳ Ҳақни айтур ва Унинг Ўзи (Ҳақ) Йўлга ҳидоят қилур.”
Ушбу жумлаларда икки масъала хусусидаги Оллоҳ таолонинг Ҳукми баён қилинди: Биринчиси «Зиҳор» масъаласи бўлиб, бу ибора арабларнинг истилоҳида киши ўз хотинига «сен менга онамнинг бадани каби ҳаромсан», дейишини англатади. Одатда улар, бу сўзлар айтилган хотин онага айланиб қолади, демак, энди у билан яшаш мумкин эмас, деб ҳисоблар эдилар. Қуръон уларнинг бу гумонлари нотўғри эканлигини уқтиради. Фиқҳ китобларида юқоридаги сўзларни айтган кишилар ушбу нолойиқ сўзлари учун маълум тартибда каффорат - жарима тўлаб, никоҳларидаги хотинлари билан яшайверишлари жоиз эканлиги айтилади.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам баён қилинади: “Ораларингиздаги ўз хотинларини зиҳор қиладиган кимсаларнинг (зиҳор қилинган хотинлари) уларнинг оналари эмасдирлар. Фақат уларни туққан (аёл)ларгина уларнинг оналаридирлар. Шак-шубҳасиз, улар сўзнинг номақбул ва ёлғонини айтурлар. (Лекин) Оллоҳ шубҳасиз, Афв этгувчи ва Мағфират қилгувчидир”. (Мужодала сураси, 2-оят).
Яъни, ўша ўз хотинларини оналарига ўхшатишдек номақбул ва ёмон сўз айтганлар ўз қилмишларидан пушаймон бўлиб, тавба қилсалар шак-шубҳасиз, Оллоҳ таоло Афв этгувчи, Мағфират қилгувчидир. Уларнинг ўртасига ҳеч қандай талоқ тушмайди. Лекин ўз хотинини зиҳор қилиб, кейин унга қайтмоқчи бўлган кимса бу қилмиши учун маълум миқдорда каффорат - тўлов тўлаши керак. Мана бу оятларда ўша каффорат миқдорлари баён қилинади.
“Ўз хотинларини зиҳор қилиб, сўнгра айтган сўзларидан қайтадиган кимсалар (зиммасида эр-хотин қайтадан) қўшилишларидан илгари бир қулни озод қилиш бордир. Бу сизларга мавъиза-ибрат бўлгай. Оллоҳ қилаётган амалларингиздан Хабардордир. Энди ким (озод қилиш учун қул) топа олмаса, (унинг зиммасида эр-хотин) қўшилишларидан илгари пайдар-пай икки ой рўза тутиш бордир. Энди ким (рўза тутишга) қодир бўлмаса, (унинг зиммасида) олтмишта бечора-мискинга таом бериш бордир. Бу (ҳукмлар) сизлар Оллоҳ ва Унинг Пайғамбарига иймон келтиришларингиз учун (нозил қилин-ди). Булар Оллоҳнинг (белгилаб қўйган) ҳадлари - қонунларидир. Ва (бу қонунларни инкор этгувчи) кофирлар учун аламли азоб бордир”. (Мужодала сураси, 3-4-оятлар).
Ояти каримада баён қилинган иккинчи масъала, асранди бола Шариати Исломийя хукмида пушти камардан бўлган бола каби эмаслиги ҳақидадир. Ушбу оятлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳали у зотга ваҳий нозил қилиниб пайғамбар бўлишларидан илгари асраб олган ўғиллари Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу ҳақида нозил қилинган бўлиб, суранинг 37-оятида бу мавзуга яна қайтилади.
Ояти карима сўнггида Ҳақ таоло зиҳор қилинган аёл онага айланиб қолиши ва асраб олинган бола ҳам пушти камардан бўлган бола ҳукмида бўлиши ҳақида одамлар айтиб юрадиган гаплар ҳеч қандай далил-ҳужжатга эга бўлмаган қуруқ сўзлар эканлигини айтиб, фақат Оллоҳ таолонинг Сўзигина Ҳақ Сўз эканлигини ва Ёлғиз УнингЎзи мўминларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилишини таъкидлайди.

5. Сизлар уларни ўз оталари (исми) билан чақиринглар - атанглар. Мана шу Оллоҳ наздида энг адолатли - тўғри (Ҳукмдир). Энди агар уларнинг оталарини билмасангизлар, у ҳолда (улар) сизларнинг диндаги биродарларингиз ва дўстларингиздир (яъни, у ҳолда уларни биродарим Фалончи, ёки дўстим Фалончи, деб атанглар, лекин боқиб олган отасининг номи билан чақирманглар). Қилган (хатоларингиз) сабабли сизлар учун гуноҳ йўқдир, лекин кўнгилларингиз (билан) қасд қилган (хатодагина гуноҳкор бўлурсизлар). Оллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир.
Яъни, эй мўминлар, сизлар бола асраб оладиган бўлсангизлар, уларни менинг фарзандим демасдан ўзларининг оталари исми билан чақиринглар, агар оталари ким эканлигини билмасангизлар, у ҳолда уларни диндош оға-иним ва дўстим деб айтинглар. Мана шу Ҳукмни билишларингиздан илгари асранди болаларингизни ўғлим, қизим деб қилган хатоларингиз учун сизларга гуноҳ ёзилмас. Чунки Оллоҳ таоло Кечиргувчи ва бандаларига Меҳрибон бўлган Зотдир. Аммо мазкур Илоҳий Ҳукмдан хабардор бўлганларингиздан кейин ҳам кўнгилларингизда улар менинг ўғлим, менинг қизим деган даъво тураверадиган бўлса, яъни хатоларингизни тузатмасангизлар, албатта гуноҳкор бўлурсизлар. Шунингдек, асраб олинган бола ўзининг ҳақиқий отаси бошқа эканлигини билгани ҳолда боқиб олган кишини менинг отам мана шу деб даъво қиладиган бўлса, жуда қаттиқ гуноҳкор бўлади. Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда саҳобалар Саъд ва Абу Бакра розияллоҳу анҳумо айтдилар: “Биз Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким билган ҳолида ўз отасидан бошқани отам деб даъво қилса, унга жаннат ҳаромдир”, деяётганлирини эшитдик”. (“Тафсири БағавшГдан).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: “Биз то “Сизлар уларни ўз оталари исми билан чақиринглар - атанглар. Мана шу Оллоҳ наздидаги энг адолатли - тўғри (Ҳукмдир)” ояти нозил бўлгунича Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ота-бола тутинган Ҳориса ўғли Зайдни Муҳаммад ўғли Зайд деб чақирар эдик”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

6. Пайғамбар (алайҳис-салом) мўминларга ўзларидан ҳам яқинроқ - ҳақдорроқдир, унинг жуфтлари уларнинг оналаридирлар. Оллоҳнинг Китобида қариндош-уруғлар (меросхўрлиқца) бир-бирларига (қон-қариндош бўлмаган) мўминлардан ва муҳожирлардан кўра ҳақдорроқдирлар. Магар сизлар дўст-яқинларингизга (ўлимингиз олдида қолдираётган мол-дунёнгиздан маълум бир қисмини васият қилиш би-лан) яхшилик қилмоғингиз (жоиздир). Бу - Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) битиб қўйилган (Ҳукмдир).
“Пайғамбар (алайҳис-салом) мўминларга ўзларидан ҳам яқинроқ - ҳақдорроқдир”.
Дарҳақиқат, шундай. Албатта, Ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам у зотнинг уммати бўлган ҳар бир мўмин учун уларнинг ўзларидан ҳам меҳрибонроқ, нафсларидан ҳам ғамхўрроқдир. Чунки у зоти бобаракот мўминларни нажотга, икки дунё саодатига чақирадилар, нафслар эса, аксар ҳолларда ўз эгаларини ҳалокат ва залолатга чақиради. “Албатта нафс ёмонликка буюргувчидир”. (Юсуф сурасининг 53-оятидан).
Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан имом Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам айтганлар: “Мен сизларни белбоғларингиздан тутиб дўзаҳдан тўсиб турибман, сизлар бўлсангиз, худди парвоналардек ўзларингизни ўтга ур-моқдасизлар”. (“Тафсири Мунийр”дан). Яна айтдилар: “Мўмин инсон борки, шак-шубҳасиз, мен дунё Охиратда унинг учун инсонларнинг энг яқиниман. Хоҳласаларингиз, “Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам яқинроқдир”. (Аҳзоб сураси, 6- оят) оятини ўқинглар. Бас, қайси бир мўмин вафот этса-ю, ўзидан мол-дунё қолдирган бўлса, унга қон-қариндошлари меросхўр бўлсин, аммо ким қарз ёки ночор оила - етим болаларни қолдирган бўлса, менинг олдимга келсин, мен унинг энг яқин кишисиман, яъни, унинг қарзини тўлайман, етимларини қарамоғимга оламан”. (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Имом Бухорий ривоят қилган). Бас, маълум бўлади-ки, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам биз мўминлар учун ўз оталаримиздан ҳам ғамхўрроқ, оналаримиздан ҳам меҳрибонроқ, ўз нафсимиздан ҳам бизга яқинроқ, демак, чин муҳаббат билан севишимизга энг ҳақдор бўлган зотдирлар. Шунинг учун ҳам барча мўминларни огоҳлантириб айтдилар: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, сизлардан биронтангиз то мен унга ўз нафсидан ҳам, молу-давлатидан ҳам, фарзандидан ҳам ва жамийки инсонлардан ҳам севиклироқ бўлмагунимча мўмини комил бўлмайди!” (“Саҳиҳи Бухорий” ва бошҳа ҳадис тўпламларида ривоят ҳилинган).
Яна “Саҳиҳи Бухорий”да ривоят қилинишича, Умар розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, Оллоҳга қасамки, Сиз менга ўз нафсимдан бошқа барча нарсадан суюклироқсиз”, деган эди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ эй Умар, токи мен сенга ўз нафсингдан ҳам суюклироқ бўлмагунимча комил мўмин бўлмайсан”, дедилар. Шунда Умар: “Ё Расулуллоҳ, Оллоҳга қасамки, Сиз менга барча нарсадан, ҳатто ўз нафсимдан ҳам суюклироқсиз”, деган эди, у зот: “Ана энди бўлди, эй Умар”, дедилар.
“Унинг жуфтлари уларнинг оналаридир”.
Яъни, Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламнинг жуфти ҳалоллари барча мўминлар учун уларнинг туққан оналари мақомидадирларки, ҳар бир мўмин Пайғамбар алайҳис-саломнинг аёлларини баайни ўз онасини ҳурмат-эҳтиром қилгани каби хурмат-эҳтиром қилиши вожибдир ва худди киши ўз онасига уйланиши ҳаром бўлганидек, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан кейин у зотнинг аёлларига уйланиш ҳам ҳаромдир.
“Оллоҳнинг Китобида қариндош-уруғлар (меросхўрликда) бир-бирларига (қон-қариндош бўлмаган) мўминлардан ва муҳожирлардан кўра ҳақдорроқдирлар. Магар сизлар дўст-яқинларингизга (ўлимингиз олдида қолдираётган мол-дунёнгиздан маълум бир қисмини васият қилиш билан) яхшилик қилмоғингиз (жоиздир). Бу - Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) битиб қўйилган (Ҳукмдир).
Маълумки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадинайи мунавварага ҳижрат қилган дастлабки йилларда мусулмонлар ўртасида меросхўрлик қариндошлик асосида эмас, балки диндошлик, бошқача айтганда муҳожирлик ва ансорийлик асосида жорий бўлган. Бу хусусда ояти карима нозил қилинган бўлиб, мазкур оятда Жаноби Ҳақ: “Албатта иймон келтирган, ҳижрат қилган ва молу жонлари билан Оллоҳ Йўлида курашган зотлар ва (Маккадан ҳижрат қилиб келган муҳожирларга) уй-жой бериб, ёрдам қилган зотлар - ана ўшалар, бир-бирларига дўстдирлар”. (Яъни, тириклари бир-бирига ҳамкор, ўрталарида ўлим бўлса, бир-бирларининг меросларига ҳақдордирлар)”, (Анфол сураси, 72-оятдан) дейди ва мусулмонлар диндош бўлганлари сабабли, гарчи қондош бўлмасалар-да, бир-бирларига меросхўр бўлишларини ва бу ҳукмнинг шартларини баён қилади. Ояти каримада таъкидланишича, Оллоҳга, Муҳаммад алайҳис-салоту вассаломга ҳамда Қуръонга иймон келтирган ва Оллоҳ талони ҳамда Унинг Расулини севганлари сабабли У Зотга эргашиб ўз ватанлари Маккани тарк этиб, Мадинайи мунавварага ҳижрат қилган, Оллоҳ Йўлида мол-мулкларини сарфлаб, жонларини фидо қилиб курашган муҳожир мусулмонлар билан уларга Мадинада ўз уйларидан жой бериб, ҳар соҳада, жумладан, Дин душманларига қарши курашда ҳам уларга кўмакчи бўлган, Дини Исломнинг равнақи ва Исломий жамият барпо бўлишида кўрсатган беқиёс ёрдамлари учун Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ансорлари - ёрдамчилари деган шарафли номга эга бўлган мусулмонлар гарчи ўрталарида қариндошлик алоқаси бўлмаса-да, бир-бирларининг меросларига эга бўлишларини айтади.
Бу ҳақда ҳадиси шарифда ҳам баён қилинган: Ибн Аббос, Ҳасан ва Қатода розияллоҳу анҳум айтадилар: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам муҳожирлар билан ансорийларни битта-биттадан танлаб бир-бирларига оға-ини қилиб қўйдилар”. Шундан кейин агар у оға-инилардан бири вафот этса, иккинчиси унинг меросига эга бўлар, аммо вафот қилган муҳожирнинг Маккада ҳижрат қилмасдан қолиб кетган қариндоши унинг меросига эга бўла олмас эди.
Жаноби Расуллуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг ёнларида турган, Ислом ғариб, мусулмонлар заиф бўлган замонда у зотга ёрдамчи бўлган, Оллоҳ Йўлида молу жонларини фидо қилган ва мана шу фидойиликлари билан Оллоҳ таолонинг розилигига эришган муҳожир ва ансорий саҳобалар - бевосита Пайғамбар алайҳис-саломнинг таълим ва тарбиясини олиш бахтига муваффақ бўлган у буюк зотлар (розияллоҳу анҳум ажмаъийн) иймон ва тақвода то Қиёмат дунёга келадиган барча мўмин-мусулмонларга ибрат бўлганлари каби бир-бирларига нисбатан бўлган меҳр-оқибат ва садоқатда ҳам бир-бирларига меросхўр бўлган қондош-қариндошларга ибрат эдилар. Чунки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари улардан икки кишини оға-ини қилиб қўйган соатдан бошлаб оғаси учун иниси ўзидан ҳам яқинроқ, иниси учун оғаси ўзидан ҳам азизроқ бўлиб қолар эди. Улар тириклик пайтларида бир-бирлари учун жонларини ҳам аямаганлари янглиғ, улардан бири вафот этса, иккинчилари унинг меросига эга бўлишларига ҳам албатта рози бўлар эдилар. Ушбу ҳукм то Макка мусулмонлар томонидан фатҳ қилиниб, ҳижрат тўхтагунига қадар жорий бўлади. Сўнгра Анфол сурасининг 75-ояти ва ўрганаётганимиз мана бу ояти карима нозил қилиниши билан муҳожир ва ансорийларнинг бир-бирларига меросхўр бўлишлари ҳақидаги ҳукм, яъни, қариндош бўлмаган диндош биродарлар бир-бирларига меросхўр бўлишлари насх қилинади - тўхтатилади. Энди то Қиёматга қадар вафот қилган мусулмондан қолган мерос унинг насабдош - қариндошларига барча нарсани Билгувчи Оллоҳ таоло Ўз Китобида белгилаб берган тартибда тақсим қилинади. Мерос тақсимоти хусусида Нисо сурасидаги айни мавзуда келган оятларда батафсил баён қилиндики, биз у оятларни ўз ўрнида бақадриҳол тафсир қилиб ўтдик.

7-8. Эсланг, Биз (барча) пайғамбарлардан ҳам, ва (хусусан) Сиздан, Нуҳдан, Иброҳим, Мусо ва Ийсо бинни Марямдан ҳам аҳду паймонларини олгандик. Токи у ростгўйлардан (яъни, барча пайғамбарлардан Қиёмат Кунида) ростгўйликлари ҳақида (яъни, зиммаларидаги пайғамбарлик вазифаларини рост - тўла адо этганлари ҳақида) сўраш учун (Оллоҳ) улардан пухта аҳду паймон олди ва кофирлар учун аламли азобни тайёрлаб қўйди.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, эсланг, Биз элчилик вазифасини юклаётган вақтимизда барча пайғамбарлардан ва хусусан, сўнгги Элчимиз бўлмиш Сиздан ҳам, тўфон балосидан кейинги биринчи элчимиз бўлган Нуҳдан ҳам, пайғамбарлар отаси ҳисобланмиш Иброҳимдан ҳам, шунингдек, Мусо Калимуллоҳ ва Ийсо Руҳуллоҳдан ҳам - барча-барчаларингиздан зиммаларингиздаги элчилик вазифасини тўла-тўкис адо этишларингиз ва Ҳақ Динга даъват қилишларингиз ҳақида аҳд-паймонларингизни олган эдик. Биз бу жуда қаттиқ ва оғир аҳд-паймонни барча пайғамбарлардан олганмиз.
Оллоҳ таоло пайғамбарлар орасидан беш пайғамбарни улар зиёда фазилатларга эга эканликларини ва пайғамбарлар жамоасининг устунлари бўлганликларини билдириш учун алоҳида номма-ном санади ҳамда, гарчи пайғамбарларнинг охиргиси бўлсалар-да, уларнинг энг улуғи бўлганлари боис Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳамма пайғамбарлардан муқаддам зикр қилди. Зотан, севикли Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Мен Одам болаларининг саййидиман. Бу сўз мақтаниш эмас”, деган муборак ҳадислари бежиз айтилмагандир. (Термизий ривоят қилган).
“Токи у ростгўйлардан (яъни, барча пайғамбарлардан Қиёмат Кунида) ростгўйликлари ҳақида (яъни, зиммаларидаги пайғамбарлик вазифаларини рост - тўла адо этганлари ҳақида) сўраш учун (Оллоҳ) улардан пухта аҳду паймон олди ва кофирлар учун аламли азобни тайёрлаб Қўйди”.
Маълум бўладики, Қиёмат Куни бўладиган сўроқ-саволдан ҳеч ким, ҳатто Оллоҳ таолонинг энг ростгўй бандалари бўлган пайғамбарлар ҳам қочиб қутула олмайдилар. Лекин у маъсум - бегуноҳ инсонлардан сўрала-диган савол бошқа гуноҳкор бандалардан сўраладиган нарсалардан ўзгачадир: улардан ўзларига юборилган ваҳийни қавмларига тўла-тўкис етказдиларми деб сўралади ва қавмлари уларни даъватларига қандай жавоб қилганлари ҳақида сўралади. Ҳақ таоло Ўзи юборган элчи-пайғамбарларнинг энг ростгўй инсонлар эканликларини ва улар зиммаларига юкланган рисолат вазифасини бекаму кўст адо этганларини, омонатга хиёнат қилмаганларини аниқ билгани ҳолда Қиёмат Кунида яна уларни сўроқ-саволга тутишининг ҳикмати, “Тафсири Бағавий”да айтилишича, уларга иймон келтирмаган қавмларни шарманда қилишдир ва ўша, ҳеч кимдан ҳеч қандай тавба-тазарруъ қабул қилинмайдиган Кунда кофирларни янада қаттиқ азоблаш учундир. Шунинг учун ҳам оят ниҳоясида “кофирлар учун (Оллоҳ) аламли азобни тайёрлаб қўйди”, деб огоҳлантирилди.

9. Эй мўминлар, Оллоҳнинг сизларга берган неъматини - сизларга (қарши турли ҳизблардан иборат) қўшинлар келган пайтида Биз уларнинг устига шамол ва сизлар кўрмаган қўшинларни (яъни, фаришталарни) юборганимизни эсланглар! Оллоҳ қилаётган амалларингизни Кўриб тургувчи бўлган Зотдир.
Ушбу ва қуйидаги оятларда Ҳақ таоло мўминларга ато этган неъматларидан бирини - Хайбар жангида уларни ўзларидан неча баробар кўп бўлган турли ҳизб-тўдалардан иборат кофирлар устидан ғолиб қилганини эслатади. Тафсир китобларида ёзилишича, вокеа бундай бўлган эди: ҳиж-ратнинг бешинчи йили шаввол ойида қиш фаслида ўн икки мингдан ортиқ яҳуд ва мушриклар бирлашиб Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳамда у зотни ҳақ Пайғамбар деб иймон келтирган мўминларни бутунлай қириб йўқ қилиб юбориш қасдида чор тарафдан Мадинайи мунаввара атрофига тўплана бошлайдилар. Уларнинг Мадинага бостириб кирмоқчи бўлаётганларидан хабар топган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалардан Салмон Форсий розияллоҳу анҳунинг маслаҳати билан шошилинч тарзда шаҳар атрофига чуқур хандақ қаздириб, ҳамма тарафдан ёв йўлини тўсиб қўядилар ва жанг қилишга қодир бўлган барча эркакларга душман қаршисига чиқишни, (уларнинг адади тўрт мингга яқин эди), аёллар ва балоғатга етмаган болаларга эса, аскарлар учун истеҳкомлар бино қилишни буюрадилар. Шундай қилиб, ичкарида Оллоҳнинг Динини ҳимоя қилиш учун саф тортган мўминлар, хандақ ортида эса, ушбу улуғ Динни Ер юзидан йўқ қилиб юбориш қасдида тўпланган кофир ҳизблар рўбарў туриб қоладилар. Кунлар ўтган сайин аҳвол оғирлашиб, шаҳар ичида қамалда қолган мўминлар орасида қўрқув ва хавотирлар пайдо бўлади. Бундан фойдаланган айрим мунофиқ кимсалар мўминлар ўртасида фитналар тарқата бошлайдилар. Ҳатто Муаттиб ибн Қушайр исмли бир мунофиқ: “Муҳаммад бизга Форс ва Рум мам-лакатларининг хазиналарини ваъда қилар эдику! Энди бўлса биронтамиз ҳожатга ҳам бора олмай қолдик”, деб иғво қила бошлади. Мана шу зайлда орадан бир ойга яқин муддат ўтди. Икки тараф ўртасида баъзи-баъзида бир-бирларига тош ёки найза отиб қолишларини айтмаса, ҳеч қандай жанг-жадал бўлгани йўқ. Шаҳарга бостириб кирмоқчи бўлган ҳизбларнинг олдини узунлиги ўн беш минг газ (ўн минг метрдан кўпроқ) масофага чўзилган, чуқурлиги ўн газ, эни тўққиз газ бўлган хандақ тўсиб турар, айрим хандақни тўлдириб ўзларига йўл очмоқчи бўлган босқинчиларни эса нариги тарафдаги мусулмонлар тошбўрон қилиб қайтариб турар эдилар. Аммо қамал азобида қолган мўминларнинг аҳволи танглик ва иложсизликнинг сўнг чекига етган эди. Мана шунда мўмин бандаларининг ўзларини ва Буюк Дини Исломни ҳимоя қилиш учун кўраётган барча чора-тадбирларини кўриб-билиб турган Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло томони-дан мўминларга бир Улуғ Илоҳий Неъмат келди - Жаноби Ҳақ кофир ҳизблар устига қишнинг ўша совуқ кечасида Ўзининг лашкарлари бўл-миш қаттиқ бўронни ҳамда яна бир нурдан яратган қўшинини - одамлар кўришга ожиз бўлган малоикаларини юборди. Ажабки, малоикаларнинг такбир ва даҳшатли хайқириқлари остида кофирлар лашкаргохдтни ағдар-тўнтар қилаётган қаттиқ бўрон қамалда турган мусулмонларга мутлақо тегинмасдан ўтиб, кофирларнинг юзларига тупроқлар сочар, исиниш учун ёққан оловларини ўчирар, тиккан ўтовларини таг-туги билан кўчи-риб, таом тўла қозонларини ағдариб осмонга учирар эди. Бу мудҳиш манзарадан қўрқиб кетган отлар ўзларини ҳар томонга урар эдилар. Лекин энг қаттиқ қўрқув кофирларнинг қалбларига тушган эди. Шунинг учун уларнинг катталаридан бири Тулайҳа ибн Хувайлид Асадий шерикларига қараб: “Сеҳргар Муҳаммад сизларга ўз сеҳрини кўрсата бошлади. Энди ҳар ким ўз жонини кутқарсин”, деб бақирди ва Оллоҳнинг Дини устидан ғолиб бўламиз деб келган ҳизблар шармандаларча мағлуб бўлиб, ҳеч қандай жанг-жадалсиз, ҳар бир ҳизбнинг бошлиғи ўз ҳизбини эргаштириб келган томонларига қараб қочиб қолдилар. (“Ал-Мук,татаф мин уювнит-тафосийр”ва “Тафсири Мунийр” тафсирларидан).

10. Эслангиз, ўшанда улар сизларнинг юқори томонингиздан ҳам, сизлардан қуйироқ томондан ҳам (бостириб) келган эдилар. Ўшанда кўзлар тиниб, (кўрқувдан) юраклар бўғизларга тиқилиб қолган ва сизлар Оллоҳ ҳақида (турли ёмон) гумонлар қила бошлаган эдинглар.
Яъни, ўша турли ҳизблар Мадина атрофидан бостириб келганларида шаҳарнинг юқори тарафидан - шарқ томондан Бану Ғатфон қабиласи, уларга эргашган Нажд аҳли ва уларга кўшилган яҳудларнинг Бану Қурайза ва Бану Назийр қабилалари келган эди, қуйи томондан - ғарбдан эса, Абу Суфён ибн Ҳарб бошлиқ бўлган қурайшликлар ва сахройи араблар келган эди. Ўшанда босқинчиларнинг кўплигини ва ҳаммаси бошдан оёқ қуролланганини кўриб даҳшатдан мўминларнинг кўзлари тиниб қолган, қалблари қаттиқ изтиробга тушиб, жонлар ҳалқумга келган эди. Ҳатто мўминлар Оллоҳ таоло ва Унинг “Албатта Мен мўмин бандаларимни ғолиб қилурман”, деган ваъдаси ҳақида ҳар-хил ўйларга ҳам бора бошладилар. Уларнинг айримлари албатта Оллоҳ Ўз Ваъдасига вафо қилади биз ғалаба қиламиз, десалар, бошқалари “йўқ, мағлуб бўлишимиз аниқ”, деб гумон қилар, мўминлар орасига суқилиб кириб олган мунофиқ кимсалар эса, “мана энди мусулмонлар бутунлай қириб ташланадиган бўлди”, деб ўзларича севинар эдилар.

11. Ана ўша жойда мўминлар (яна бир бор) имтиҳон қилиндилар ва (бу даҳшатдан) қаттиқ ларзага тушдилар.
Яъни, ана ўша мудҳиш қамал кунларида ким ҳақиқий мўмин-у, ким тил учида иймон келтирган мунофиқ эканлиги яна бир бор имтиҳондан ўтди. Гўё даҳшатли зилзиладек келган бу бало чин ихлосли мўминларни тебрата олмади, улар ҳеч иккиланмасдан ўз эътиқодларида собитқадам бўлдилар, аммо иймони суст кимсалар ва мунофиқлар эса, бутунлай умидсизликка тушиб, ўзларини йўқотиб қўйдилар.

12. Ўшанда мунофиқлар ва дилларида мараз бўлган (яъни, эътиқодлари заиф) кимсалар: «Оллоҳ ва Унинг Элчиси бизларга фақат ёлғон ваъда қилган эканлар», дея бошладилар.
Яъни, ўша мўминлар устига Оллоҳнинг синови келган кунларда қавм орасидаги сирти мусулмон аммо қалбида заррача иймони бўлмагам мунофиқлар ва ўзлари мўмин бўлсаларда, қалбларига иймон ўрнашмаган эътиқоди заиф кимсалар: “Оллоҳнинг берадиган нусрат-ғалабаси қаёқда қолди? Оллоҳ ва Унинг Элчиси (яъни, Муҳаммад алайҳис-салом) бизларни фақат ёлғон ваъдалар бериб алдаган эканлар-да”, деб одамлар ўртасида фитна қилишни бошладилар.
“Тафсири Мунийр”да айтилишича, улар Муаттаб ибн Қушайр ва Тўъма ибн Убайриқ каби яхуд ва мунофиқлардан иборат етмиш чоғли кимса эди.
Ояти каримада зикр қилинган “дилларида мараз бўлган кимсалар” кимлар эканлиги бошқа бир сурада аниқ-равшан баён қилинади: “Одамлар орасида Оллоҳга бир четда туриб (яъни, сидқидилдан эмас, балки шак-шубҳа билан) ибодат қиладиган кимсалар ҳам бордир. Бас, агар унга (диндор бўлгани шарофатидан) яхшилик етса ўша сабабли хотиржам бўлур, агар бирон фитна-мусибат етса (диндан) юз ўгириб кетур. У дунё-ю Охиратда зиён кўрур. Бу эса очиқ-аниқ зиёндир”. (Ҳаж сураси, 11-оят).
Ояти каримада қалбларига иймон ўрнашмаган, доимо иккиланиб турадиган, фақат ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаганлари учун ҳар вақт тарозининг қайси палласи оғир келса, ўша томонга ўтиб олишга тайёр бўлган мунофиқ кимсалар ва уларни кутиб турган ёмон оқибат ҳақида сўз боради.
Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоху анхумодан ривоят қилишича, ушбу оят бир гуруҳ аъробийлар (саҳройи араблар) ҳақида нозил бўлган. Улар чўлу саҳролардан Мадинайи мунавварага ҳижрат қилиб келиб мусулмонлар жамоасига қўшилар, сўнгра қай бирининг Мадинада саломатлиги яхшиланса, отлари чиройли тойчоқларни кулунласа, хотини ўғил туғиб берса ва мол-дунёси кўпайса, у кимса: “Бу жуда гузал дин экан, унга кирганимдан буён фақат яхшиликларга етмоқдаман”, деб мусулмон бўлганлигидан кўнгли хотиржам бўлар эди. Аммо агар иш аксинча бўлса, Мадинага келганидан кейин касал бўлиб қолса, ёки хотини қиз туғса, отлари ориқ-нимжон тойларни қулунласа, молу дунёси камайиб кетса, у ҳолда: “Мана шу динга кирганимдан буён фақат ёмонлик кўрмоқдаман”, дер эдида Дини Исломдан юз ўгириб кетаверар эди. (“Тафсири Бағавий”дан).
Ояти каримада бундай тоифадаги одамлар жанггоҳда қўшиннинг энг четидан жой олиб, агар душманнинг қўли баланд келаётганини сезиб қолса, бир ҳатлаб ёв томонига ўтиб кетишни кўзлаб турадиган айрим қўрқоқ аскарларга ўхшатилади ва бошига тушган фитна-синов сабабли Ҳақ Диндан юз ўгириб, куфр-ширкка қайтиб кетаверадиган ҳар бир кимса ўзи учун дунёда ҳам, Охиратда ҳам аниқ зиён бўлган залолат йўлини танлагани ҳақида огоҳлантирилади.

13. Ўшанда улардан (мунофиқлардан) бир тоифаси деди: «Эй Ясриб (яъни, Мадина) аҳли, сизлар учун (бу хатарли макон), турадиган жой эмасдир, бас, (ўз уйларингизга) қайтиб кетинглар». Улардан (яъни, мунофиқлардан) яна бир гуруҳ эса «Уйларимиз очиқ-сочиқ (қолган эди),» деб Пайғамбардан изн сўрардилар. Ҳолбуки, (уйлари) очиқ-сочиқ эмас эди. Улар фақат (жанг майдонидан) қочишнигина истардилар.
Ояти каримадаги “тоифа”дан мурод кимлар эканлиги хусусида турли тафсирлар мавжуд. Аксари муфассир уламолар: “мазкур тоифа Абдуллоҳ ибн Убай бошлиқ бўлган мунофиқлар эди. Улар Мадина аҳлидан бўлган ансорий мусулмонларни Маккадан ҳижрат қилиб келган муҳожир биродарларидан ажратиб мусулмонлар ўртасини бўлиб-ёриш ғаразида эй мадиналиклар, агар сизлар бу лашкаргоҳда Маккадан қочиб келган мана бу келгиндилар билан бир сафда турадиган бўлсангизлар, уларнинг орти-дан қувиб келган анави сон-саноқсиз лашкарлар маккаликларга қўшиб сизларни ҳам қириб юборадилар. Шунинг учун сизлар бу хатарли жойда турмасдан ўз уйларингизга қайтиб кетинглар”, деб мусулмонларни жанг майдонидан қочишга чақирар эдилар”, деган тафсирни келтирадилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо эса ояти каримани бундай тафсир қилади: “Оятда зикр қилинган тоифадан мурод, мадиналик яҳудийлардир. Улар Абдуллоҳ ибн Убай ва унинг дўстлари бўлган мунофиқларга: “Сизларни Абу Суфён ва унинг лашкарлари қўлида ўзларингизни ўлдиришга нима мажбур қилмоқда? Яхшиси сизлар Мадинага уйларингизга қайтиб кетинглар! Биз ўша қавм (яъни, Абу Суфён ва унинг лашкарлари) билан биргамиз. Бас, сизлар Муҳаммад ва унинг асҳоблари сафидан чиқиб уйларингизга қайтиб кетишларингиз билан жонларингиз омонда қолади”, дедилар”. (“Тафсири Қуртубий”дан).
“Улардан (яъни, мунофиқлардан) яна бир гуруҳ эса «Уйларимиз очиқ-сочиқ (қолган эди),» деб Пайғамбардан изн сўрардилар. Ҳолбуки, (уйлари) очиқ-сочиқ эмас эди. Улар фақат (жанг майдонидан) қочишнигина истардилар”.
Яъни, душман лашкарининг сон-саноқсиз ва жуда кучли эканлиги ҳақида тарқалган миш-мишлардан кўрқувга тушиб қолган мунофиқларнинг Бану Ҳориса ва Бану Салама қабилаларидан бўлган яна бошқа бир тоифаси эса, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан: “Уйларимиз йўл устида, атрофлари девор билан ўралмаган, ўғри-қароқчилар мол-мулкларимизни ўғирлаб кетишларидан қўрқмоқдамиз. Шунинг учун бизга уйга қайтишга изн беринг”, деб рухсат сўрай бошладилар. “Ҳолбуки (уйлари) очиқ-сочиқ эмас эди. Улар фақат (жанг майдонидан) қочишнигина истар эдилар”.

14.    Агар фаразан уларнинг (мунофиқларнинг) устига (Мадинанинг турли) томонларидан кирилганида, сўнгра улардан фитна (яъни, мусулмонларга хиёнат қилиш) талаб қилинганида, шак-шубҳасиз, улар кўп (иккиланиб) турмасдан (хиёнатга розилик) берган бўлур эдилар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло агар фаразан Мадина атрофини қуршаб турган ҳизблар шаҳарга кирадиган бўлсалар ва мўминлар орасига кириб олган мунофиқлардан Дини Исломдан қайтишни ва мусулмонларга хиёнат қилишни сўрайдиган бўлсалар, шак-шубҳасиз, мунофиқлар кўп ўйлаб ўтирмасдан улар сўраган нарсани беришлари, яъни, муртад бўлиб кетаверишлари ҳақида хабар беради. Юқоридаги оятда зикр қилинган мунофиқларнинг ёлғон-яшиқ баҳоналар тўқиб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳамда асҳоби киромни саноқсиз душман билан юзма-юз қолдириб, мусулмонлар сафини пароканда қилиб уйларига қочиб қолишга изн сўраганларининг ўзи ҳам уларни ҳар замон хиёнатга тайёр махлуқ эканликларини очиқ-ойдин кўрсатади. Ўшанда Пайғамбар алайҳис-салом мусулмонларнинг сафларини хоинлардан тозалаш учун бўлса керак, ким қандай баҳона билан уйга қайтиш учун изн сўраса изн берган эдилар.

15.    Ҳолбуки, улар илгари ортга чекинмасликлари ҳақида Оллоҳга аҳду паймон берган эдилар, Оллоҳга берилган аҳду паймон эса (Қиёмат Кунида) сўралгувчи эди. Яъни, ҳолбуки, ана ўша жангоҳдан кетиш учун изн сўраган кимсалар илгари, Хандақ ғазотига чиқишларидан олдин ҳам, ундан ҳам аввал ҳижратнинг иккинчи йили бўлган Бадр ғазотидан кейин ҳам Оллоҳтаоло-га ортга чекинмасликлари ҳақида онт берган эдиларку, Оллоҳга берилган аҳд-паймон Қиёмат Кунида сўралиши, яъни, аҳдни бузганлар дўзах азобига гирифтор қилинишлари аниқ эдику?! “Тафсири Қуртубий”да айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан Бадр жангига чиққанларида бир тўда мунофиқлар “йўқолиб қоладилар”, яъни, жангга чиқишдан қочадилар. Аммо кейин Бадрга қатнашган мусулмонларга Оллоҳ таоло ғалаба ва дунё-ю Охиратда улуғ мақом-мартабалар ато этганини кўрганларидан кейин: “Онт ичамизки, бундан кейин Оллоҳ бизни қандай жангга гувоҳ қилса, албатта ҳеч қаёққа қочмасдан жанг қиламиз”, деб Оллоҳ таолога аҳд-паймон берадилар. Ҳақ таоло ушбу ояти каримада Хандақ жангидан қочган кимсаларга ана ўша ахдларини эслатади.

16. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Агар сизлар ўлишдан ё ўлдирилишдан қочсангизлар, бу қочиш сизларга ҳаргиз фойда бермас, (яъни, фақат ажалларингиз битгунича қочишларингиз мумкин). Демак, сизлар жуда оз (яъни, ажалларингиз битгунча) фойдаланурсизлар, холос.
Яъни, ё Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам, Сиз ўша ўлимдан қўрқиб жанг майдонидан қочмоқчи бўлган кимсаларга айтингки, уларнинг бу қочишлари Оллоҳ таоло томонидан аниқ белгилаб қўйилган ажалларини кечиктирмайди, умрларини узайтирмайди.
Демак, ўлимдан ёки жанг майдонида ўлдирилишдан қочишнинг фойдаси йўқдир. Қазойи қадарда ёзилган ҳукм албатта амалга ошади.
Бу ҳақда бошқа бир оятда шундай дейилади: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: “Агар уйларингизнинг ичига беркиниб олганингизда ҳам ўлдирилиши ёзиб қўйилган (яъни, Оллоҳ таоло томонидан ҳукм қилинган) кишилар шубҳасиз, ўзлари ҳалок бўладиган жойларига келган бўлар эдилар”. (Оли Имрон сураси, 154-оят).
Яъни, агар уруш сабабли бўлмаса ёки бошқа қандайдир сабаб билан қаерда ўлишлари тақдир қилинган бўлса, ўша ерга келадилар, чунки Оллоҳнинг Ҳукми қайтарилмайди, ундан ҳеч ким қочиб қутулган эмас.
“Сизлар қаерда бўлсаларингиз ҳам, ҳатто мустаҳкам қалъалар ичида бўлсаларингиз ҳам ўлим сизларни топиб олур”. (Нисо сураси, 78-оятдан).
Демак, дунёга келган ҳар бир жонзот ўлади, аммо кимга қандай ва қачон ўлим бериш ҳаёт ва ўлим Қўлида бўлган Зотнинг Ихтиёридадир. Бу ишга бошқа ҳеч ким аралаша олмайди, ўзгартира олмайди. Оллоҳ Йўлидаги кураш майдонидагиларними ёки уйда яшириниб ўтирганларними, кексаларними ёки ёшларними, соғларними ёки беморларними вафот қилдиришни Ёлғиз УнингЎзи ҳал қилади. Бутун ҳаёти жанг майдонлари-да ўтган Холид ибн Валид розияллоҳу анҳунинг сўзлари нақадар ибратли. У айтади: “Мен жуда кўп жангларда қатнашдим. Баданимнинг қанча аъзоси бўлса уларнинг ҳар бирида қилич ва найзанинг изи - жароҳати бор (Холиднинг баданида саксондан ортиқ қилич ва найза жароҳати бор эди). Аммо мен ўша жангларда ўлмадим, мана тўшагимда ўлмоқдаман! Қўр-қоқларнинг кўзлари очилсин!”

17. Айтинг: «Агар Оллоҳ сизларга ёмонликни ирода қилса, қай бир кимса сизларни Ундан асрай олур ёки У Зот сизларга марҳаматни ирода қилса (ким Уни тўса олур)?!» Улар ўзлари учун Оллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир мададкор топа олмаслар.
Яъни, айтинг эй Муҳаммад алайҳи-салом, Оллоҳ таоло сизлар учун ирода қилган нарсани тўсиб қола оладиган бирон кимса борми?! Агар Оллоҳ сизларга бирон бало-мусибат (масалан ўлим) етишини Ўз Тақдири Азалийсида ёзган бўлса, ким уни сизлардан дафъ қила олади ёки У Ўз Марҳамати билан сизларга хайр-манфаат етказишни ирода қилган бўлса, ким уни сизлардан тўса олади?! Йўқ, улар ўзлари учун Оллоҳдан ўзга уларга манфаат-яхшилик ато этадиган бирон дўстни ҳам, улардан зиённи дафъ қиладиган бирон мададкорни ҳам топа олмаслар. Ёлғиз Оллоҳ тао-лонинг Ўзи бандаларига Чин Дўст ва Ёлғиз Мададкордир.

18-19. Оллоҳ сизларнинг орангиздаги (жиҳодга) тўсқинлик қила-диган ва дўстларига: «Биз томонга ўтинглар (Муҳаммадни тарк қилинглар, жиҳодга борманглар)», дейдиган кимсаларни аниқ билур. Улар жангга камдан-кам, фақат сизларга (яъни, сизларнинг ғалаба қозониб, ўлжаларга эга бўлишингизга) бахилликлари келган ҳолдагина келурлар. Бас, қачон (ёв томонидан) хавф келиб қоладиган бўлса, Сизга улар худди ўлим ўраб (шайтонлаб) қолган кимса каби қўрққанларидан кўзлари ола-кула бўлиб қараётганларини кўрурсиз. Энди қачон хавф кетса, улар яхшилик (яъни, ўлжалар) устида талашиб - очкўзлик қилиб сизларни ўткир тиллар билан ранжитурлар. Улар (сидқидилдан) иймон келтирмаганлар, бас, (шу сабабли) Оллоҳ уларнинг амалларини беҳуда кетказди. Бу Оллоҳга осон бўлган (ишдир).
Муқотил розияллоҳу анху айтади: “Ушбу оятлар мунофиқлар бошлиғи Абдуллоҳ ибн Убай ва унинг ҳамтовоқлари ҳақида нозил бўлди. Улар ўзлари турли ёлғон-яшиқ баҳоналар билан жанг майдонидан қочганлари етмагандай бошқаларни - дину иймонларини ва ватанларини ҳимоя қилиш учун Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида шаҳар атрофига хандақ кавлаб, чегарада посбонлик қилиб турган мўминларни ҳам йўлдан уриб: “Сизлар Муҳаммаддан нимани умид қилмоқдасизлар? Унда ҳеч қандай яхшилик йўқку? У фақат бизларни ана ўша хандақ олди-да душманларга ем қилиб бермоқчи, холос. Агар Абу Суфён ва унинг лашкарлари устингизга бостириб келса, қасамки, сизлардан биронтангизни тирик қолдирмайди! Шунинг учун юринглар, имкон борида бу хатарли жойдан қайтиб, биргаликда дўстларимиз яҳудийлар олдига бориб қўшилайлик”, дейишар эди. Аммо мунофиқларнинг бундай сўзларидан ҳақиқий мўминларнинг фақат иймонлари янада қувватланиб, ғалабага бўлган умидлари зиёда бўлар эди, холос.
Тобеинлардан яна бири Абдур-Раҳмон ибн Зайд розияллоҳу анҳу ҳикоя қилади: “Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламнинг асҳобларидан бири қилич-найзалар билан қуролланган ҳолида жангоҳ томонга кетаётган эди, унинг бир туғишган акаси йўлини тўсиб: “Сен у ёққа бормагин, менинг олдимга келгин. Сенинг ва соҳибингнинг изига тушишди (яъни, ҳамма томонингиздан ўраб олиндингиз, энди барчаларингиз қирилиб кетасизлар”, деди. У: “Сўзларинг ёлғон! Оллоҳга қасамки, албатта мен бу ишингни Расулуллоҳга бориб айтаман”, деб бундай фитначилар борлиги ҳақида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хабар бериш учун борганида, у зотнинг ҳузурларига Жаброил алайҳис-салом: “Оллоҳ сизларнинг орангиздаги (жиҳодга) тўсқинлик қиладиган ва дўстларига: «Биз томонга ўтинглар (Муҳаммадни тарк қилинглар, жиҳодга борманглар)», дейдиган кимсаларни аниқ билур” оятини олиб тушгани устидан чиқди”. (“Тафсири КуртубшГдан).
Ояти карима давомида Ҳақ таоло мунофиқларнинг мўминлар қаторида камдан-кам жангга боришлари, борганларида ҳам риёкорлик билан одамларга ўзларини қаҳрамон қилиб кўрсатиш учун ёки мўминлар жангда ғалаба қозониб ўлжаларга эга бўлсалар қуруқ қолмаслик учун - фақат очкўзликлари сабабли боришлари ва у жойда камдан-кам жангга киришлари ҳақида хабар беради. Шунингдек, бу ўринда мунофиқлар ўта бахил эканликлари, Оллоҳ Йўлида ҳеч кимга ёрдам бермасликлари, улар томонидан мусулмонларга ҳеч қандай фойда етмаслиги таъкидланади.
“Бас, қачон (ёв томонидан) хавф келиб қоладиган бўлса, Сизга улар худди ўлим ўраб (шайтонлаб) қолган кимса каби қўрққанларидан кўзлари ола-кула бўлиб қараётганларини кўрурсиз. Энди қачон хавф кетса, улар яхшилик (яъни, ўлжалар) устида талашиб - очкўзлик қилиб сизларни ўткир тиллар билан ранжитурлар. Улар (сидқидилдан) иймон келтирмаганлар, бас, (шу сабабли) Оллоҳ уларнинг амалларини беҳуда кетказди. Бу Оллоҳга осон бўлган (ишдир)”.
Яъни, мунофиқлар одамларни Ҳақ Йўлидан тўсадиган ва бениҳоя бахил-очкўз эканликларидан ташқари ўта қўрқоқ кимсалардир. Уларнинг бу сифатлари айниқса жанг майдонида яққол кўзга ташланар экан. Улар жанг-жадал пайтида, ўлим хавфи кучайган вақтида қанчалар қўрқоқ, юраксиз бўлсалар, хавф ортда қолиб тушган ўлжалар тақсим қилинадиган пайтда шунчалар очкўз ва дилозордирлар. Улар ҳеч уялмай-нетмай: “Бизнинг улушимиз қани? Нега бермайсизлар? Ахир биз ҳам сизлар билан баробар жанг қилдикку”, деб бақир-чақир қиладилар. Чунки улар гарчи тилларида иймон келтирган, сиртлари мусулмон бўлсалар-да, ҳақиқатда иймонсиз кофирлардир. Шунинг учун ҳам Оллоҳ таоло уларнинг ҳар қандай амалларини ҳабата қилиб, яъни, йўқ қилиб юборди. Албатта бу иш -иймонсиз ҳолда хўжакўрсинга қилинган амалларни йўқ қилиб юбориш ва ажрдан маҳрум қилиш Оллоҳга осондир.

20. Улар (яъни, мунофиқлар қўрқоқликлари сабабли ҳизблар Мадина атрофидан тарқаб кетганларидан кейин ҳам) у ҳизбларни кетмаган, деб ўйлайдилар, ва агар ўша ҳизблар яна қайтиб қолсалар (мунофиқлар шаҳарда - сизларнинг ичингизда қолмасликни, балки саҳрода) кўчманчи бадавийлар орасига чиқиб кетиб, (ўша жойда) сизларнинг ҳоли-хабарларингиз ҳақида сўраб-билиб туришни дўст тутадилар - орзу қиладилар. Агар фаразан улар сизларнинг орангизда бўлганларида ҳам камдан-кам жанг қилган бўлур эдилар.
Яъни, мунофиқлар шу қадар иймонсиз махлуқлардирки, мўминлар орасида бўлганларида уларни нима қилиб бўлса ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан узоқлаштиришга, мусулмонлар сафини паро-канда қилишга уринадилар, улар шу қадар юраксиз, қўрқоқ кимсаларки, Оллоҳ таолонинг мадади билан мусулмонлар ғолиб бўлиб, босқинчи ҳизблар мағлуб бўлиб, келган жойларига қайтиб кетганларидан кейин ҳам ишонмайдилар - йўқ улар ҳеч қаёққа кетганлари йўқ, тез орада яна қайта ҳужум қилиб қолишлари мумкин, деб жонларини ҳовучлаб яшайдилар, улар шу қадар хоин кимсаларки, ўзларича агар ростдан ҳам ўша ҳизблар қайтиб келиб мусулмнларга қарши жанг бошласалар, шошилинч тарзда шаҳарни ташлаб дала-даштларга чиқиб кетиб, ўзларини мусулмонлардан эмас эканликларини кўрсатиб, сўнгра ўша сахроларда юриб шаҳарда бўлаётган воқеаларни суриштириб туришни ва қачон мусулмонлар мағлуб бўлди деган хабарни эшитганларидан кейингина шаҳарга қайтиб, ўзларининг ҳамтовоқлари бўлган кофир ҳизбларга қўшилишни орзу қиладилар! Ояти каримада мўминларнинг кўзлари очилиши, ким дўст - ким душман эканлигини аниқ билиб олишлари учун мана шу ҳақиқатлар баён қилинади ва оят ниҳоясида Ҳақ таоло ана шундай мунофиқ кимсалар мўминлар сафини булғаб юрганларидан чет элларга, ўзларининг гумашталари ёнига чиқиб кетганлари мусулмонлар учун зиёнсизроқ эканлигини айтиб, агар фаразан у мунофиқлар мусулмонлар орасида ўша жанггоҳда бўлганларида ҳам камдан-кам жанг қилишларини, яъни, уларнинг борлигидан мусулмонларга ҳч қандай манфаат етмаслигини яна бир бор таъкидлайди.
Юқоридаги (9-20) оятларда ҳижратнинг бешинчи санасида бўлиб ўтган ва Ислом тарихида «Хандақ жанги» деган ном билан қолган бир жанг тафсилоти баён қилинди. Муфассирларнинг ёзишларича воқеа бундай бўлган экан: Макка ва Мадина атрофларидаги ҳар турли ҳизблар мусул-монларни йўқ қилиб юбориш учун тил бириктиришиб ўн икки мингдан ортиқ кўшин тўплайдилар ва Мадинага юриш қиладилар. Бу шум хабардан воқиф бўлган Пайғамбар алайҳис-салом уч минг чоғли аскарлари билан Мадинанинг четига чиқиб, саҳобалардан Салмони Форсийнинг маслаҳатига кўра зудлик билан шаҳарнинг чор-атрофига хандақ кавлай-дилар ва ўзлари ҳимояга ҳозир бўлиб турадилар. Шу орада ҳар тарафдан етиб келган турли ҳизбларнинг йўлини шу пайтгача араб урушларида қўлланилмаган усул - хандақ тўсади ва улар Мадинани тўрт томонидан куршаб қамал қиладилар, аммо шаҳар ичига кириш чорасини топа олмайдилар. Шаҳар аҳолиси эса қамал қилиб турган ёвнинг ваҳшатидан даҳшатга тушади ва шунда мўмин кйм-у, мунофиқ кимлиги аён бўлиб қолади: Мўминлар Оллоҳ таолонинг нусратига кўз тикиб, Пайғамбар алайҳис-салом теварагига янада жипслашадилар, мунофиқлар эса бутунлай ноумидликка тушиб, ўзгаларни ҳам васвасага сола бошлайдилар. Мана шу зайлда бир ойга яқин муддат кечганидан сўнг, бир куни тўсатдан ҳаво совуб, қаттиқ бўрон туради ва мусулмонларни қамал қилиб, ҳар тарафдан ўраб олган ҳизбларнинг ёққан ўт-оловларини ўчириб, тиккан чодир-ўтовларини учириб кетади ва улар Мадинага киришдан умидлари узилиб, ортларига қайтиб кетишдан ўзга чора топа олмай қоладилар. Шундай қилиб, Оллоҳ таоло ушбу оғир дамларда мўминларнинг иймонларини яна бир бор имтиҳон қилади ва тил учида иймон келтирган, лекин дилларида мараз-нифоқ бўлган мунофиқларнинг кирдикорларини фош этади.
Ушбу воқеа, айтиб ўтганимиздек, бундан ўн тўрт аср илгари рўй берган бўлса-да, ўша ҳизбларнинг думлари бугунги кунда ҳам мавжуд эканлиги ҳеч кимга сир эмас. Демак, ҳар замон мана шундай ҳизблар турли ялтироқ шиорлар билан мусулмонлар орасига кириб, уларни бўлиб юборишга, бир-бирларига душман қилиб кўйишга уринганларида ҳақиқий иймонли мусулмонлар ўз атрофларига Пайғамбар алайҳис-саломдан мерос бўлиб қолган маънавий хандақ қазиб олиб, яъни, Қуръони Карим ва ҳадиси шариф маъноларидан яхши хабардор бўлиб, улардаги Илоҳий кўрсатмаларга изчил амал қилиб, ундай шайтоний ҳизбларни ўзларига яқинлаштирмасликлари лозим бўлади. Шунда у бадкирдор ҳизблар мусулмонларга бирон зиён етказа олмай, йўқ бўлиб кетадилар. Аммо Исломдан бехабар билимсиз кимсалар ва мунофиқлар эса қандай қилиб ҳизбнинг ноғорасига ўйнаб юрганларини ўзлари ҳам билмай қоладилар. Албатта бунда ақл эгалари учун ибратлар бордир.

21. (Эй мўминлар), албатта сизлар учун - Оллоҳ ва Охират Кунидан умидвор бўлган ҳамда Оллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун - Оллоҳнинг Элчисида (у зотнинг иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал намуна бордир.
Ушбу ояти карима Ҳақ таоло томонидан барча мўминларга - ўша “аҳзоб куни”, яъни, турли куфр тўдалари ҳар томондан бостириб келганларида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ёнларида, Дин ва ватанни ҳимоя қилиш учун Мадинайи мунаввара четида сафланиб турган би-ринчи мўминларга ҳам, улардан кейинги, то Қиёмат дунёга келадиган барча мўминларга ҳам ҳар бир ишда - ихлос-эътиқодда ҳам, тоат-ибодатда ҳам, сабр-тоқатда ҳам, хуллас, ҳаётнинг ҳар жабҳасида Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олишлари лозим эканлиги ҳақида нозил қилинган Илоҳий Фармондир.
Чунки у зоти бобаракот Оллоҳ таолонинг энг улуғ бандаси, энг буюк Элчиси ва ҳар бир муслим ва муслиманинг энг муҳтарам Инсони, йўлбошчиси ва ота-онасидан ҳам меҳрибонроқ Пайғамбаридирлар. Демак, ҳар соҳада у зотнинг суннатларига эргашиш, аҳлоқ ва сийратларидан ибрат олиш ҳар бир мусулмоннинг бирламчи вазифаларидандир.
Ояти каримада Жаноби Ҳақ фақат Оллоҳ ва Охират Кунидан, яъни, ўша Кунда Оллоҳнинг Раҳматига эришишдан умидвор бўлган, бутун ҳаётлари давомида ҳар вақт Оллоҳ таолони ёдларида тутадиган мўминларгина Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам кўрсатган Тўғри Йўлга оғишмасдан эргашиб, суннати санийяга амал қилиб, бошларига иймонлари синовдан ўтадиган воқеа-ҳодисалар тушганида сабр, матонат кўрсатиб ҳаёт кечиришларини таъкидлайди. Қуйидаги оятларда сўз ана шундай мўминлар ҳақида боради.

22. Мўминлар у ҳизбларнинг (мўр-малаҳлай бостириб келаётгани-ни) кўрган вақтларида: «Бу Оллоҳ ва Унинг Элчиси бизларга ваъда қилган нарсадир (яъни, имтиҳондир). Оллоҳ ва Элчисининг Сўзи рост-дир», дедилар ва (устларига бостириб келаётган ҳизбларнинг сон-саноқсизлиги мўминларни қўрқитмади, аксинча) уларнинг (Оллоҳга бўлган) иймон ва итоатларини янада зиёда қилди, холос.
Яъни, қачонки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг асҳоблари ўзлари кавлаб битирган хандақ ортида туриб Мадина атрофига тўпланган сон-саноқсиз ҳизбларни кўрганларида ва қарийб бир ойлик муддат давомида қамал азобини бошларидан кечирганларида, ана шун-дай бениҳоя оғир кунларда кимнинг кимлиги ажралиб қолди: мўминлар қаторига кириб олган мунофиқлар ва айрим иймони суст кимсалар, юқо-ридаги оятларда зикр қилинганидек, душманнинг кўплигидан ва тиш-тирноғигача қуролланганлигидан даҳшатга тушиб, турли баҳоналар би-лан жанг майдонидан қочиб қолдилар. Аммо ҳақиқий мўминлар эса: “Ахир бу меҳнат-машаққатлар Оллоҳ таоло ва Унинг Расули Ҳазрати Му-ҳаммад соллоллоху алайҳи ва саллам бизларга ваъда қилган нарса - токи сизларнинг бошингизга ҳам аввал ўтган умматлар бошига тушган меҳ-нат-мусибатлар тушмагунича, яъни, иймонларингиз ҳақиқийми ёки тил учидами эканлиги синовдан ўтмагунича жаннатга кира олмайсизлар деган ваъданинг ўзику! Оллоҳ ва Расули берган ваъда рост бўлиши - амалга ошиши аниқку”, дедилар ва қийналганлари сари сустлашиш ўрнига ий-монлари янада қувватланиб, кучларига куч қўшилиб, таслимийятлари -Оллоҳ ва унинг Расулига итоатлари янада зиёда бўлиб борди.
“Ана ўша (мўмин)ларга айрим кимсалар: “(Қурайш) одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган; бас, улардан қўрқин-гиз!”, деганларида, (бу гап) уларнинг иймонларини зиёда қилди ва: Бизга Оллоҳнинг Ўзи Етарлидир. У Зот энг яхши ишончли Вакил-дир!”, дедилар”. (Ол-и-Имрон сураси, 173-оят).
Ўрганаётганимиз ояти каримада зикр қилинган “Оллоҳ ва Унинг Эл-чиси ваъда қилган нарса” нимадан иборат эканлигини мана бу ояти кари-ма тафсир қилиб беради: “Ёки (эй мўминлар), сизлардан илгари ўтган зотлар мисоли - ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни лладингизми? Уларга бало ва мусибатлар (устма-уст) келиб, шундай арзага тушган эдиларки, ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: Ахир қачон Оллоҳнинг ёрдами келади?» дейишган эди. (Шунда
улрга бундай жавоб бўлган эди «Огоҳ бўлингизким, Оллоҳнинг ёрда-ми яқиндир». (Бақара сураси, 214-оят).
Ушбу оятда Ҳақ таоло Ўзининг ўзгармас бир қонуни ҳақида эслатади. У ҳам бўлса Оллоҳтаоло Ўз бандаларини турли дардлар, бало ва мусибат-лар билан имтиҳон қилишидир. Аввалги умматлар ҳаётларида бўлгани каби ушбу Илоҳий Қонун Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг хизматлари ҳаётида ҳам жорийдир - ким Оллоҳнинг Дини ва Шариатида бўлса, албатта имтиҳон қилинади. Бас, агар диндор инсон Оллоҳнинг Амрига сабр қилса, ўз йўлидаги дуч келган қийинчилик-машаққатларни енгиб ўтса, демак, унинг иймони синовдан ўтган, чин садоқатли мусул-мондир. Ким одамларнинг фитна - озорларини Оллоҳнинг азоби каби қилиб олса - диндор бўлгани учун дуч келган машаққатлари уни ўз йўлидан қайтарса ё бошқа йўлларга буриб юборса, демак у мўминман деган даъвосида ёлғончидир.
“Одамлар орасида шундай кимсалар ҳам борки, ўзлари: «Оллоҳга иймон келтирдик», дейди-да, сўнг Оллоҳ Йўлида (кофирлар томонидан бирон азийят билан) озорланса, одамларнинг (бу) фитна-озорларини Оллоҳнинг азоби каби қилиб олур (яъни, ўткинчи ҳокимларнинг фитна-фасодларидан Оллоҳнинг азобидан қўрққандек қўрқиб ўз иймон-эътиқодидан кечур. Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қасамки, агар Парвардигорингиз томонидан (сиз - мўминларга) ғалаба келса, шак-шубҳасиз, улар: «Албатта бизлар сизлар билан бирга эдик», дерлар. Ахир Оллоҳ барча оламларнинг - яралганлар-нинг дилларидаги нарсаларни жуда яхши Билгувчи эмасми?! (Анкабут сураси, 10-оят).
Иймон шунчаки оғизни тўлдириб айтиб қўйиладиган сўз ва қуруқ даъво эмас - уни қилинган амаллар тасдиқлайди ёки ёлғонга чиқаради.
“Одамлар: «Иймон келтирдик», дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?! Ҳолбуки, Биз улардан аввалги (иймон келтирган барча) кишиларни имтиҳон қилган эдик-ку!! Бас, (шу имтиҳон воситасида) албатта Оллоҳ («Иймон келтирдик», деб) рост сўзлаган кишиларни ҳам, ёлғончи кимсаларни ҳам аниқ билур”. (Анкабут сураси, 2-3-оятлар).
Дарҳақиқат, илгари ўтган умматлар ҳаётида ҳам бундай синовлар бўлган. “Уларга бало ва мусибатлар (устма-уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто Пайғамбар ва иймонли кишилар: “Ахир қачон Оллоҳнинг ёрдами келади?” дейишган эди”.
Бухорий Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Биз Каъба соясида тўнларини тўшаб ёнбошлаб ўтирган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилиб: “Қийналиб кетдикку. Бизга Оллоҳ таолодан ғалаба - ёрдам сўрамайсизми, биз учун дуо қилмайсизми”, деган эдик, айтдилар: “Сизлардан аввал ўтганлардан бир киши ушланиб, унга ердан чуқур кавланиб, уни ўша чуқурга туширилиб, сўнг арра келтириб унинг боши устига қўйилиб қоқ иккига бўлиб ташланар эди, темир тароқлар билан баданидан гўшти ва суягидан ташқари бутун терисини “қашланар” - сидириб олинар эди, аммо мана шундай азоблар ҳам уни ўз динидан тўса олмас эди! Валлоҳ! Қасамки, албатта Оллоҳушбу Ишни камолига етказур! Ҳатто Санъодан чиққан отлиқни то Ҳазрамавтгача (бирон кимса тўсмасдан, ҳеч кимдан қўрқмасдан) Ёлғиз Оллоҳдан қўрққан ҳолида, қўйларини бўрилардан қўриқлаб бемалол сайр қилиб борар (яъни, олис-олис масофаларда ҳам Исломни ҳамма тан олар). Сизлар бўлса шошқалоқлик қилмоқдасизлар!”
Демак, мусулмон бошига келадиган дардлар, балолар, мусибатлар, машаққатлар - буларнинг барчаси синовлар экан. Демак, жаннат йўлига тушган инсон бу йўлда фақат дарёлар, боғлар, гулзорлардан ўтмасдан, балки сувсиз саҳролардан, тошли, тиканли жойлардан ҳам ўтиши, турли тўсиқларга дуч келиши бор гап экан. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннат меҳнат-машаққат билан ўраб қўйилди, дўзах шаҳватлар, яъни ҳою-ҳаваслар билан ўраб қўйилди”, деб огоҳлантирган эканлар.

23. Мўминлар орасида Оллоҳга берган (У Зотнинг Йўлида жиҳод қилиб, шаҳид бўлиш ҳақидаги) аҳду паймонларига содиқ бўлган мардлар бордир. Бас, улардан (айрим) кишилар ўз аҳдига вафо қилди, (яъни, шаҳид бўлди), улардан (айрим) кишилар эса (шаҳид бўлишга) интизордир. Улар (мунофиқларга ўхшаб Оллоҳга берган аҳду паймонларини) ўзгартирганлари йўқ.
Муҳаммад ибн Исҳоқ раҳимаҳуллоҳ айтади: “Оятдаги: “Бас, улардан (айрим) кишилар ўз аҳдига вафо қилди, (яъни, шаҳид бўлди)” жумласи Бадр ва Уҳуд жангида шаҳид бўлган мусулмонлар ҳақида, “улардан (айрим) кишилар эса, (шаҳид бўлишга) интизордир” жумласи бўлса, ана ўша мўминлар (Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари) орасидаги икки ишдан бирига - ё шаҳидлик, ё ғалаба қозонишга интизор бўлиб турган кишилар ҳақидадир”. (“Тафсири Бағавий”дан). Мазкур марди майдонлар, “Танвийрул-азҳон”тафсирида зикр қилинишича, Усмон ибн -    Аффон, Толҳа ибн Абдуллоҳ, Саид ибн Зайд, Ҳамза, Мусъаб ибн Умайр,
- Анас ибн Назийр ва уларнинг сафдошларидир (Оллоҳ ҳаммалирдан рози лсин). Улар қачон Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга
- ангга ҳозир бўлсалар, то шаҳид бўлгунларича сабот-матонат билан жанг кллишга аҳд қилган эдилар. Ҳакими Термизий айтади: “Мардлик - эркаклик ҳақиқати энг аввало сидқ - чин сўзлиқцир. Ким сидқ майдонларига кира олмаса, (яъни, айтган сўзида, берган ваъдасида тура олмаса), аниқки, у эркаклик ҳаддидан чиқибди”. (яна ўша тафсирдан).
“Улар (мунофиқларга ўхшаб Оллоҳга берган аҳд-паймонларини) ўзгартирганлари йўқ”.
Дарҳақиқат, Оллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Элчисига ҳамсуҳбат бўлиш бахтини ато этган садоқатли саҳобалар, Оллоҳҳаммаларидан рози бўлсин, уларнинг орасига суқулиб кириб олган Абдуллоҳ ибн Убай ва унинг гумашталари бўлган айрим мунофиқларга ўхшаб Оллоҳга берган аҳдларини ўзгартирганлари, иккиюзламачилик қилганлари йўқ, балки бутун ҳаётлари давомида Оллоҳ таолога берган ваъдаларига вафо қилиб, иймоннинг барча машаққатли синовларидан мардларча сабот-матонат билан ўтдилар ва бамисоли тирик Қуръонлар бўлиб, Дини Исломни бутун Ер юзига тарқатиб, Оллоҳ субҳонаху ва таолонинг розилигини топиб кетдилар.

24. Оллоҳ (ўзларининг берган аҳду паймонларига) содиқ бўлган ки-шиларни ростгуйликлари сабабли мукофотлаш учун, мунофиқларни эса агар Ўзи хоҳласа азобга гирифтор этиш ёки (улар иймон келтириб, тавба қилсалар), тавбаларини қабул қилиб (гуноҳларини мағфират этиш) учун (мазкур синовга дучор қилди). Албатта Оллоҳ Магфиратли ва Меҳрибон бўлган Зотдир.
Яъни, Оллоҳ таоло мўминларга мазкур Хандақ воқеаси ва яна бошқа шу каби синовларни ҳукм қилгани албатта беҳикмат эмасдир. Бандаларига бағоят Меҳрибон бўлган, уларнинг гуноҳларини кечиришни севадиган бениҳоя Мағфиратли Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло бандаларининг иймонларини имтиҳондан ўтказиш, ким ҳақиқий мўмин-у, ким мунофиқ эканлигини одамлар орасида ошкор қилиш учун ва охир-оқибат чин сўзли - айтган сўзларининг устидан чиқадиган, қилган аҳд-паймон ва барча ваъдаларига вафо қиладиган марди майдонларга Ўзининг ажр-мукофотларини бериши учун, яъни, уларга дунёда чинакам бахтли ҳаёт, Охиратда эса мангу жаннат неъматларини ато этиш учун, аммо аҳдига вафосиз, тили бошқа дили бошқа бўлган мунофиқларни - икки юзли кимсаларни эса, агар улар мунофиқ ҳолларида тавба қилмасдан ўлиб кетадиган бўлсалар, агар Ўзи хоҳласа дўзах азобига гирифтор қилиш, йўқ агар улар ҳаётлик пайтларида ўз хатоларини тушуниб тавба қилсалар ва иймон келтириб ҳақиқий мўминлар қаторига кирсалар, тавбаларини қабул қилиш учун юқоридаги оятларда мазкур бўлган синовларга дучор қилди.

25. Ва Оллоҳ кофирларни (яъни, ҳизбларни) ғазаб-ҳасратлари билан қайтарди. Улар бирон яхшилик-фойдага эришмадилар. Оллоҳ мўминларга жанг тўғрисида кифоя қилди (яъни, осмондан шамол ва фаришталар юбориб, мўминларни жангсиз ғолиб қилди). Оллоҳ Кучли, Кудратли бўлган Зотдир.
Ушбу ва қуйидаги оятларда юқорида мазкур бўлган воқеалар нима билан тугагани баён қилинади. Ҳақ таоло мусулмонларни қириб йўқ қилиш учун ҳар қаёқдан тўпланиб қаҳр-ғазаб билан ва албатта биз ғалаба қозониб мусулмонларнинг бор мулку давлатларини ўзимизники қилиб оламиз деган ишонч билан мусулмонлар юртига келган ҳизбларни худди ўша қаҳр-ғазаблари билан орқаларига қайтариб юборгани, улар бу дабдабали юришларидан бирон-бир манфаатга эриша олмай, хаёл қилганлари - ғалаба, мол-мулк ва асирлардан биронтасига эга бўлолмай ҳасрат-надомат билан ҳар томонга тум-тарақай бўлиб қочиб қолганлари ҳақида хабар бериб, бу тенгсиз тўқнашувда Унинг Ўзи мўмин бандаларига улар жангга киришмасдан турибоқ ғалаба ато этганини, кофир тўдаларга қарши уларнинг ўрнига бошқа лашкарларини - қаттиқ бўронни ва нурдан яралгав малоикаларини ишга солганини эслатади. Демак, аниқ билиб олишимие керакки, биз бандаларнинг вазифамиз Оллоҳ ва Унинг Элчисининг амрига имтисол - итоат этишимиз, холос. Бизни муваффақиятга, ғалабаг, эриштириш эса Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Қўлидадир. Агар биз итоат қи лишда Оллоҳнинг Имтиҳонидан ўта олсак, Тенгсиз Қувват ва Қудрат Соҳиби бўлмиш Ҳақ субҳонаху ва таоло, агар хоҳласа, бизларни ҳеч қандай меҳнат-машаққатсиз, жанг-жадалсиз ҳам ғалабага эриштириб қўйипг мумкиндир.

26-27. У (ҳизб)ларга ёрдам берган, аҳли Китобдан иборат бўлп кимсаларни (Оллоҳ) ўз қалъаларидан туширди ва дилларига қўрқинч солди. (Энди) сизлар (улардан) бир гуруҳни ўлдириб, бир гуруҳни асир олурсизлар. Ва Оллоҳ сизларни уларнинг ерларига, ховли-жойларига, молу мулкларига ва (ҳали) сизларнинг оёқларингиз етмаган ерларга ворис қилди. Оллоҳ ҳар нарсага Қодир бўлган Зотдир.
Ушбу икки оят бану Қурайза номли яҳудий қабиласи ҳақида нозил қилингандир. Бу қабила илгари Пайғамбар алайҳис-салом билан бир-бирларига қарши урушмаслик ҳақида битим тузган эди. Қачонки ҳизблар мўминларга қарши юриш қилганларида эса улар ўртадаги битимни хиёнаткорона бузиб, ҳизбларга қўшилиб олдилар. Шунинг учун у ҳизблар мағлуб бўлиб қайтиб кетганларидан кейин мусулмонлар бану Қурайза қабиласини қуршовга оладилар ва йигирма беш кунлик қамалдан сўнг улар яшириниб олган қалъаларидан чиқиб таслим бўлишга мажбур бўладилар. Шунда у хиёнаткор қабила аҳлидан бир неча юз кимса қатл қилиниб, қолганлари мусулмонлар томонидан асир олинади ва ер-мулклари мусодара қилинади.

28-29. Эй Пайғамбар (алайҳис-салом), жуфтларингизга айтинг: «Агар сизлар ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангизлар, у ҳолда келинглар, мен сизларни (ўша нарсалардан) баҳраманд қилай ва чиройли кузатиш билан кузатай (яъни, ажра-шайлик). Агар сизлар Оллоҳни, Унинг Элчисини ва Охират диёрини истайдиган бўлсангизлар, у ҳолда шак-шубҳасиз, Оллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилгувчилар учун улуғ мукофот - жаннатни тайёрлаб қўйгандир».
Бағавий раҳимахуллоҳўзининг “Маолимут-танзил” номли тафсирида ушбу оятлар нозил қилинишининг сабаби ҳақида шундай дейди: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари у зотдан баъзан дунё матоларини сўраб, улар учун кўпроқ сарф-харажат қилишларини иста-шар, баъзан эса бир-бирларидан Расулуллоҳни рашк қилиб у кишига озор берар эдилар. Бас, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам аёлларини тарк этиб, бир ойгача уларга яқинлашмасликка аҳд қилдилар ва асҳобла-рининг олдига ҳам чиқмай қўйдилар. Бас, айрим саҳобалар: “Расулуллоҳга нима бўлди экан? Аёлларини талоқ қилган эмишлар”, дея бошладилар. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Мен албатта сизларга бу ишнинг аниғини билиб бераман”, дейди. Умар айтади: “Бас, мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурларига кириб: “Ё Расулуллоҳ, аёлларингизни талоқ қилдингизми?” дедим. У зот: “Йўқ”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, масжидга кирган эдим, мусулмонлар: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам аёлларини талоқ қилибдилар”, деяётганларини эшитдим. Мен уларнинг олдига тушиб Сиз аёлларингизни талоқ қилмаганингизни айтсам бўладими?” деган эдим, у зот: “Хоҳласанг майли айтгин”, дедилар. Бас, мен масжид дарвозаси олдига бориб, баланд овоз билан: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам аёлларини талоқ қилганлари йўқ”, деб жар солдим. Ўшанда ишнинг ҳақиқатини билиб-билмасдан одамлар орасида турли миш-мишлар тарқатадиганлар шайтонга эргашган кимсалар эканликлари ҳақида огоҳлантирган оят нозил бўлган эди. (Мазкур оят Нисо сурасининг 83-ояти бўлиб, ўз ўрнида алақадри ҳол таржима ва тафсир қилиб ўтилган, мурожаат қилинсин). Бас, шунинг учун ҳам мен ана ўша ишнинг ҳақиқатини билмоқчи бўлган эдим, Оллоҳ таоло ушбу “тахйир” оятини (Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига ихтиёр бе-ришлари лозимлиги ҳақидаги оятни) нозил қилди. Ўшанда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саламнинг никоҳларида тўққиз аёл бўлиб, улардан бештаси Қурайш қабиласидан эди: Улар: Оиша бинти Абу Бакр, Ҳафса бинти Умар, Умму Ҳабиба бинти Абу Суфён, Умму Салама бинти Абу Умома ва Савда бинти Замъалардир. Қурайшдан бўлмаганлари: Бани Асад қабиласидан бўлган Зайнаб бинти Жаҳш Асадийя, Ҳилол қабиласидан Маймуна бинти Ҳорис, Хайбарлик Сафийя бинти Ҳуяй ибн Ахтаб ва Банил-Мусталақ қабиласидан бўлган Жувайрия бинти Ҳорисдирлар. Оллоҳ таоло барчалирадан рози бўлсин).
Бас, қачонки, тахйир ояти нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дастлаб ўзлари учун аёллари ичида энг севиклиси бўлган Оиша онамизга танлаш имконини бериб, ўрганаётганимиз икки оятни ўқиб берган эдилар, Оиша розияллоҳу анҳо дарҳол, ҳеч иккиланмасдан Оллоҳни, Унинг Элчисини ва Охират диёрини танлашини айтди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг юзларида шодлик кўринди. Оишадан кейин қолган аёлларининг барчалари ҳам ҳаёти дунёнинг арзимас матоларини эмас, балки Оллоҳни, Унинг Элчисини ва Охират диёрини танлашларини айтдилар. (Муслим, Табарий ва бошқалар ривоят қилганлар).
Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилган яна бир ҳадиси шарифда Оиша розияллоҳу анҳо айтади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам аёлларига ихтиёр беришга буюрилганларидан кейин бу ишни мендан бошлаб: “Эй Оиша, мен сен билан бир иш ҳақида гаплашмоқчиман (яъни, сен мен билан ажрашиб, ҳаёти дунё зеб-зийнатларига эга бўлишни танлайсанми ёки Оллоҳни, мени ва Охират диёрини танлайсанми, билмоқчиман). Истайманки, бу ишда шошқалоқлик қилмай, ота-онанг билан маслаҳатлашиб, кейин жавоб берсанг”, дедилар ва ўзларига эндигина Оллоҳ томонидан нозил бўлган: “Эй Пайғамбар алайҳис-салом, жуфтларингизга айтинг”, деб бошланадиган икки оятни ўқиб бердилар. У киши ота-онам ҳеч қачон менга у зот билан ажрашишни буюрмаслик-ларини яхши билганлари учун ҳам аввал ота-онамдан маслаҳатларини олиб, кейин жавоб беришимни сўраган эдилар. Бас, мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам мазкур оятларни ўқиб беришлари билан: “Бу ҳақда ота-онамнинг раъйларини сўрамасданоқ айтаманки, мен Оллоҳни, Унинг Элчисини ва Охират диёрини танлайман”, дедим. Мендан кейин Пайғамбар алайҳис-саломнинг бошқа аёллари ҳам худди мен айтган сўз-ларни айтишди, яъни, албатта Оллоҳни, Унинг Элчисини ва Охират диёрини танлашларини билдиршди. (“Тафсири. Қуртубий”дан).
Шундай қилиб, оналаримизнинг барчалари (Оллоҳ ҳаммаларидан рози бўлсин), ҳеч қачон дунё зеб-зийнатларини Охиратдаги чиройли амал қилгувчи мўмин-мўминалар учун тайёрлаб қўйилган улуғ мукофот - жаннатга алмаштирмасликларини ва албатта Оллоҳ ва Расулини танлашларини айтишди, аёлликларига бориб бир муддат Пайғамбар алайҳис-саломдан у зотнинг ҳузурида бўлмаган нарсаларни - дунё матоларини талаб қилганлари хато бўлганини эътироф этиб, тавбалар қилишди. Бу ҳақда “Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” тафсирида шундай дейилади: “Қачонки Пайғамбар соллоллоҳу алаи ва салламга аҳзоб ғазотида Оллоҳ таоло ғалаба ато этиб, мушрик ҳизбларни тирқиратиб юборганида ва яҳудларнинг Бану Қурайза, Бану Назийр қабилалари ҳам фатҳ қилинганида Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг аёллари у зотнинг қў-лига яҳудларнинг барча бойликлари, қиммат баҳо нарсалари йиғилди деб ўйладилар, у нарсаларнинг ҳаммасини мусулмонларга тарқатиб юбориш-ларидан қўрқиб, атрофларини ўраб олдилар ва: “Ё Расулуллоҳ, форс подшоҳи Кисронинг ва Рум подшоҳи Қайсарнинг қизлари зебу зийнатларга кўмилиб ётибдилар, бизлар бўлсак, Ўзингиз кўриб турганингиздек, боши-миз фақирлик ва тор-танқисликдан чиқмайди”, дея бошладилар. Албатта уларнинг бу талаб-истаклари Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг дилларини оғритар эди. Бас, ушбу тахйир ояти нозил бўлди”.

30. Эй Пайғамбар аёллари, сизлардан ким аниқ фахш бўлган бирон ишни қилса, унинг учун азоб (бошқа аёлларга нисбатан) икки баробар қилинур. Бу Оллоҳга осон бўлган ишдир.
Ушбу ва қуйидаги оятларда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга жуфти ҳалол бўлишдек буюк бахт насиб этган аёлларнинг мартабалари ҳам, масъулиятлари ҳам бошқа мўмина аёлларга нисбатан икки карра юқорироқ ва оғирроқ экани ҳақида хабар берилади. Зотан, энг улуғ Инсон бўлмиш Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг аёллари шак-шубҳасиз, дунёдаги жамийки аёлларнинг энг улуғидирлар. Демак, уларнинг масъулиятлари, қилган гуноҳлари учун жавобгарликлари ҳам бошқалардан икки баробар катта бўлиши айни адолат-дир. Бу иш, яъни, агар Пайғамбар аёллари аниқ гуноҳ бўлган ишга қадам қўядиган бўлсалар жазоларини икки баробар қилиб бериш эса Оллоҳ таолога жуда осон бўлган ишдир.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Оятда зикр қилинган “аниқ фаҳш”дан мурод, бузуқлик эмас, балки Пайғамбар алайҳис-саломга итоатсизлик қилиш ва ёмон хулқ, қўполлик билан (масалан, юқоридаги оятларда баён қилинганидек, у зотдан дунё матоларини талаб қилиш билан) у зотга озор беришдир”, деб тафсир қилади. Бу энг тўғри тафсирдир. Чунки Оллоҳ таоло Ўзининг энг севикли Пайғамбарига жуфти ҳолол бўлишларини тақдир қилган аёлларни - барча мўминларнинг оналари ҳисобланмиш у улуғ инсонларни ҳар қандай бузуқликдан сақлаган, янада аниқроғи, бутун умрлари давомида ўзларини ҳар қандай қабоҳатдан сақлаган энг покиза аёлларнигина Расулуллоҳга жуфти ҳалол бўлишларини раво кўргандир.

31. (Эй Пайғамбар аёллари), сизлардан ким Оллоҳга ва Унинг Элчисига итоат этса ва солиҳ амал қилса, Биз унинг ажру мукофотини ҳам (бошқа аёлларга нисбатан) икки ҳисса қилиб берурмиз ва унинг учун улуг ризқ (яъни, жаннат)ни тайёрлаб қўйгандирмиз.
Юқоридаги оятда Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламнинг аёлла-ри гарчи Ер юзидаги энг улуғ Инсоннинг танмаҳрамлари, жуфти ҳалоллари бўлишдек буюк бахт соҳибалари эсаларда, бу юксак манзилат уларни, агар гуноҳ-хатога йўл қўядиган бўлсалар жазоланишдан қутқариб қола олмаслиги, аксинча, худди бошқа ҳамма инсонлар каби, балки улардан икки баробар ортиқ жазога гирифтор қилинишлари ҳақида хабар берилган бўлса, ушбу ояти каримада энди ана ўша Пайғамбар аёллари Оллоҳ таоло ва Унинг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга барча ишларда бўйинсуниб, Дини Ислом буюрган солиҳ амалларни адо қилиб ҳаёт кечирсалар, Ҳақ таоло томонидан уларга ажрлари ҳам бошқа худди шундай амалларни қилган мўминларга нисбатан икки баробар қи-линиши, яъни, қилган бир чиройли амаллари ўн эмас, йигирма чиройли амал деб номайи амалларига ёзилиши айтилиб, улар учун энг улуғ ризқ-насиба бўлган жаннат тайёрлаб қўйилгани ҳақида хушхабар берилади.

32. Эй Пайғамбар аёллари, сизлар аёллардан биронтаси каби эмасдирсизлар (яъни, бирон аёл фазлу мартабада сизлар каби бўла олмас). Бас, сизлар агар тақводор бўлсангизлар (парда ортидан бирон номаҳрам эркакка жавоб қилган пайтларингизда) майин-назокатли сўз қилмангларки, у ҳолда кўнглида мараз-нифоқ бўлган кимса тамаъ қилиб қолур. Сизлар доим яхши - тўғри сўз сўзланглар!
Ушбу ояти каримада ҳам Ҳақ таоло Ўз Элчисининг аёлларига Илоҳий сабоқни давом эттириб, аввало улар энг улуғ Пайғамбарнинг жуфти ҳалоллари ва жамийки мўминларнинг оналари бўлганлари боис бошқа аёллардан биронтасига ўхшамасликларини, яъни, бошқа бирон бир аёл Оллоҳ таоло наздида қадру мартабада уларга тенг бўла олмаслигини, агар улар Оллоҳ таолодан қўрқиб, тақво - парҳезкорлик билан покиза ҳаёт кечирсалар, алабатта ҳаёти дунёда ҳам, Охират диёрида ҳам бошқа бирон аёл ета олмайдиган ўша юксак манизилатларида бардавом бўлишларини таъкидлайди ва уларнинг ҳақиқатдан ҳам тақво эгаси эканликларини кўрсатадиган белгилардан бири, бегона - номаҳрам эркаклар билан муомала қилиш зарурати туғилиб қолган вақтларда зоҳир бўлишини айтади. Жаноби Ҳақ буюради: сизлар ёт эркакларга ҳаргиз ширин тил ва назокат билан сўзламанглар, уларга эътиборларини жалб қиладиган ҳолатда очиқ-сочиқ кўринмангларки, у ҳолда қалбида мараз бўлган мунофиқ кимсалар ва тақвосиз фосиқлар кўнглида сизларга қизиқиш пайдо бўлиб, сизларни йўлдан уришга, гуноҳ ишларга етаклашга умид қилиб қолишади. Бас, сизлар учун агар бегона эркакка гапириш зарурати туғилса, масалан, уйингизда ёлғиз қолган пайтингизда кўчадан бегона эркак келиб чақирадиган бўлса, ва унга жавоб қилишга мажбур бўлиб бўлиб қолсангиз, у ҳолда майин сўзламасдан, парда ортида туриб жиддий ҳолда, кесиб, фақат сўралган саволга жавоб берингиз, айтганларингиз фақат яхши-тўғри сўз бўлсин, яъни, ҳар қандай шак-шубҳадан холи ва эшитгувчига фойдали сўз бўлсин!

33. Ва уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни, бесабаб уйларингиздан ташқарига чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги жоҳилият - динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар! Намозни тўкис адо қилинглар, закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ҳамда (барча ишларда) Оллоҳ ва Унинг Элчисига итоат этинглар! (Эй Пайғамбар алайҳис-саломнинг) хонадон аҳли, Оллоҳ фақат сизлардан гуноҳни кетказишни ва сизларни бутунлай поклашни истайди, холос.
“Ва уйларингизда барқарор бўлинглар (яъни, бесабаб уйларингиз-дан ташқарига чиқманглар, магар бирон ҳожат учун чиққанларингизда эса) илгариги жоҳилият - динсизлик (даври)даги ясан-тусан каби ясан-тусан қилманглар!”
Қуртубий “Ал-Жомеъ лиаҳкомил-Қуръон” тафсирида айтади: ‘Тарчи ушбу ояти каримада кўчада бегона эркакларга ўзларини кўз-кўз қилиб юрмасдан, балки зарурат бўлмаса ташқарига чиқмасдан уйни лозим тутиш, яъни, уй-хонадон ичида барқарор бўлиш ҳақидаги Илоҳий Амр Пайғамбар алайҳис-саломнинг аҳли байтларига буюрилаётган бўлсада, маъно жиҳатидан ушбу Илоҳий Фармон барча мўмина аёлларга қаратилгандир. Албатта, Ҳақ таолонинг Пайғамбар алайҳис-салом аёлларига хитоб қилиши ва уларни уйни лозим тутишга, зарурат бўлмаса ташқарига чиқмасликка, агар ноиложликдан чиқадиган бўлсалар, очиқ-сочиқ ясан-тусан қилиб юрмасликка буюриши оналаримизни ва барча мўмина аёлларни қийнаш, машаққатга солиш учун эмас, балки аксинча уларни шарафлаш учундир, улар кўча-кўйда ёмонларнинг суқ назарларига нишон бўлиб хорланмасликлари учундир”. (Бу ҳақда ўрганаётганимиз ушбу сурайи кариманинг 59-оятида ҳам зикр қилинади).
“Маолимут-танзийл” тафсирида айтилишича, ояти каримадаги “илгариги жоҳилийят даври”дан мурод, Ийсо алайҳис-салом давридан кейин то Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Пайғамбар қилиб юборилишларигача бўлган олти асрга яқин муддатдир. Оят мазмунидан маълум бўладики, агар у давр аввалги жоҳилийят даври бўлса, демак, албатта кейинги жоҳилийят даври ҳам келиши аниқ бўлиб, у давр охир за-монда келади ва ўшанда шундай қавмлар дунёга келадики, худди илгариги жоҳилийят давридагидек, аёллари кўча-кўйларда пардоз-андоз ва ясан-тусан қилиб ярим-яланғоч ҳолларида ўзларини бегона эркакларга кўз-кўз қилиб юрадилар.
Ояти карима давомида Пайғамбар алайҳис-салом аёлларига ҳам барча мўмин-мўминаларга буюрилган вазифалар - ҳар бир ишда Оллоҳтаолога ва Унинг Элчисига бўйинсуниш, кундалик беш вақт намозни тўкис адо қилиш ва камбағал-бечораларга закот-садақотлар ато этиш буюрилади.
Сўнгра “аҳли байт - хонадон аҳли” деб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларига ва барча оила аъзоларига хитоб қилиниб, аёлларнинг доимо уйда бўлишлари, кўча-кўйларда очиқ-сочиқ юрмасликлари, ҳар бир иш-амалда Оллоҳ ва Унинг Расули кўрсатмаларига бўйинсу-нишлари ва зиммаларидаги намоз, закот фарзларини ҳеч қолдирмай тўла-тўкис адо этишлари ҳақидаги Амр-Фармонларнинг барчасидан кўзланган ҳикмат, улардан гуноҳ-маъсият кирларини кетказиш ва тамомила поклаш эканлиги баён қилинади. Дарҳақиқат, гуноҳ-маъсият инсонни маънан кирлантириб қўяр экан. Шунинг учун ҳам гуноҳ қилишдан қайтмайдиган кимсани, агар у кунда ўн марта чўмилса ҳам, нопок-ифлос одам дейилади ва покиза инсонлар ундан жирканадилар. Шариати Исломийянинг барча амр ва наҳийлари, яъни, буйруқ ва қайтариқлари эса, фақат инсонлардан ана ўша гуноҳ кирларини кетказиш ва уларни покиза инсонларга айлантириш учун буюрилгандир.

34. (Эй хонадон аҳли), уйларингизда тиловат қилинадиган Оллоҳнинг оятлари ва ҳикмат (яъни, Пайғамбар ҳадислари)дан иборат нарсаларни зикр-музокара қилингар! Албатта Оллоҳ лутфу карам Карам Соҳиби ва (барча нарсадан) Хабардор бўлган Зотдир.
Ояти каримада Ҳақ таоло яна Пайғамбар алайҳис-саломнинг аҳли байтларига хитоб қилиб, уларга ато этган улуғ бир неъматини эслатади ва бу неъмат учун алоҳида шукр қилишлари лозим эканлигини уқтиради.
Дарҳақиқат, улар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга жуфти ҳалол бўлганлари шарофатидан доимо Қуръон оятлари ва Ҳикмат - Ҳадислар тиловат қилинадиган хонадон соҳибаларига айландилар. Демак, улар оддий уйда эмас, Оллоҳнинг оятлари нозил бўлиб турадиган ва Унинг энг улуғ фариштаси бўлмиш Жаброил алайҳис-салом тез-тез ташриф буюрадиган хонадонда яшамоқдалар. Бас, бу буюк неъмати Илоҳийя учун Яратганга тинимсиз шукр қилишлари лозим. Шукр шундан иборат-ки, бу хонадонда доим Қуръон ва Суннат зикр-музокара қилиниши, хонадон аҳли нозил бўлаётган оятларга биринчи бўлиб амал қилишлари ва бу уйларга Шариат аҳкомларини сўраб келган аёлларга хонадон эгалари бўлган оналаримиз таълим бериб, Қуръон оятлари ва Пайғамбар ҳадислари билан панд-насиҳат қилишлари лозим. Бошқача айтганда, Пайғамбар алайҳис-саломнинг аёллари жамийятнинг аёллар қисмига Оллоҳнинг оятлари ва Пайғамбар ҳадисларини еказишда у зотга ёрдамчи бўлишлари лозим. Ҳақ таоло оналаримиз зиммасига мана шу улуғ вазифани юклаб, Ўзининг мўмину мўминаларга улуғ Лутфу Карам Соҳиби эканлигини ва доимо уларнинг қилётган амалларидан Огоҳ - Хабардор эканлигини таъкидлайди.

35. Албатта муслим ва муслималар, мўмин ва мўминалар, итоатгўй эркаклар ва итоатгўй аёллар, ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар, сабр-тоқат қилгувчи эркаклар ва сабр-тоқат қилгувчи аёллар, тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар, хайр-садақа қилгувчи эркаклар ва хайр-садақа қилгувчи аёллар, рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар, авратларини (ҳаромдан) сақлагувчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақлагувчи аёллар, Оллохди кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Оллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар - улар учун Оллоҳ мағфират ва улуғ мукофот (яъни, жаннат) тайёрлаб қўйгандир.
Термизий Умму Умора Ансорийя розияллоҳу анҳодан ривоят қилди: У аёл Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, мен Қуръонда қандай яхшилик зикр қилинган бўлса, фақат эркаклар учунлигини кўрмоқдаман, аёлларни бирон яхшилик билан зикр қилинганларини кўрмаяпманку”, деганида ушбу ояти карима нозил бўлиб, Оллоҳ таоло бандаларидан эркакларига ҳам, аёлларига ҳам баб-баробар мағфират ва улуғ ажрлар тайёрлаб қўйгани ҳақида хабар берди. (“Таф-сири Қуртубий”дан).
“Тафсири Бағавий”да айтилишича эса, Пайғамбар алайҳис-саломнинг аёллари бўлган оналаримиз Оллоҳ таолонинг юқоридаги оятда зикр қилинган Амрига биноан Қуръон оятларини ўқиб-ўрганар эканлар, бир мулоҳаза туғилиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга мурожаат қилдилар: “Ё Расулуллоҳ, Оллоҳ таоло Қуръонда фақат эркакларни зикр қилди-ю, аёлларни бирон марта яхшилик билан зикр қилмади. Демак, биз аёлларда зикр қилинадиган-мақталадиган бирон яхшилик йўқ эканда. Шунинг учун биз Оллоҳ таоло бизлардан бирон тоат-ибодатни қабул қилмайди”, деб қўрқмоқдамиз”. Ана шунда Оллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилди. (Табарий ўз тафсирида ривоят қилган).
Ато ибн Абу Рабоҳ раҳимаҳуллоҳ ояти каримани шундай тафсир қилади: Эркакми, аёлми кимда ким Оллоҳтаолога таслим бўлиб барча ишини Унга топширса, яъни, Унинг Ўзига таваккул қилса, бас, у оятда зикр қилинган “муслим ва муслималар” қаторига кирибди, ким Оллоҳ Роббим, Муҳаммад Унинг Элчиси деб иқрор қилса ва дили тилига хилоф қилмаса, бас, у оятдаги “мўмин ва мўминалар” қаторига кирибди, ким фарз амалда Оллоҳга, суннатда эса Расулуллоҳга итоат этса, бас, у оятдаги “итоатгўй эркаклар ва итоатгўй аёллар” қаторига кирибди, ким айтар сўзини ёлғондан сақласа, бас, у оятдаги “ростгўй эркаклар ва ростгўй аёллар” қаторига кирибди, ким тоат-ибодатда ва гуноҳ-маъсийятлардан узоқ бўлишда ҳамда бало-мусибатлар устида сабр-тоқатли бўлса, бас, у оятдаги “сабр-тоқат қилгувчи эркаклар ва сабр-тоқат қилгувчи аёллар” қаторига кирибди, ким намоз ўқиркан, ўнг-чапидан ўтган кишини билмаса, бас, у оятдаги “тавозуъли эркаклар ва тавозуъли аёллар” қаторига кирибди, ким ҳар ҳафтада ҳеч бўлмаганда бир танга садақа қилса, бас, у оятдаги “хайр-садақа қилгувчи эркаклар ва хайр-садақа қилгувчи аёллар” қаторига кирибди, ким ҳар ойдаги “оқ кунлар”да, яъни, ойнинг ўн учинчи, ўн тўртинчи ва ўн бешинчи кунларида рўза тутса, бас, у оятдаги “рўза тутгувчи эркаклар ва рўза тутгувчи аёллар” қаторига кирибди, ким авратини ўзи учун ҳалол бўлмаган ишлардан асраса, бас, у оятдаги “авратларини (ҳаромдан) сақлагувчи эркаклар ва (авратларини ҳаромдан) сақлагувчи аёллар” қаторига кирибди ва ким беш вақт намозини шарт ва рукнларини адо қилган ҳолда ўқиса, бас, у оятдаги “Оллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Оллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар” қаторига кирибди. Оллоҳ таоло мазкур сифатларга эга бўлган барча эркак ва аёлларга улар йўл қўйган хато-камчиликлари учун кечиримни ва қилган солиҳ амаллари учун улуғ ажр-мукофотни, яъни, жан-натни тайёрлаб қўйгандир”. (“Маолимут-танзийл” тафсиридан).

36. Оллоҳ ва Унинг Элчиси бир ишни ҳукм қилган - буюрган вақтида бирон мўмин ва мўмина учун (Оллоҳнинг ҳукмини қўйиб) ўзлари хоҳлаган ишларини ихтиёр қилишлари дуруст эмасдир. Ким Оллоҳ ва Унинг Элчисига осий бўлса, бас, у очиқ йўлдан озиш билан йўлдан озибди.
Табарий ўз тафсирида ва Воқидий “Асбобун-нузул” китобида келтиришларича, ушбу ояти карима Пайғамбар алайҳис-саломнинг аммалари Умайя бинти Абдулмутталибнинг қизи Зайнаб бинти Жаҳш розияллоху анҳо ҳақида нозил бўлгандир. Пайғамбаримиз Зайнабни ўзларининг асраб олган ўғиллари Зайд бинни Ҳорисага хотинликка сўраб совчи бўлиб борганларида, аввал Зайнаб Расулуллоҳ ўзлари учун сўраб келдилар, деб ўйлади, аммо қачонки Зайд учун сўраб келгани маълум бўлгач, у унамас-дан: «Ё Расулуллоҳ, ахир мен Сизнинг амакингизнинг қизи, Қурайшнинг энг олий насабли аёлларидан бўлсам, Зайд эса куни кеча озод қилинган қул бўлса, қандай қилиб у менга муносиб бўлсин», деди. Шунда Пайғамбар алайҳис-саломга ўрганаётганимиз ушбу ояти карима нозил бўлади ва Зайнаб Оллоҳнинг Ҳукмига итоат этиб, ноилож қолиб, ўз розилигини беради ва Зайднинг никоҳига ўтади. Лекин Зайд билан Зайнабнинг турмушлари яхши бўлмайди. Чунки Зайнаб эрига нописандлик билан муомалада бўлар ва мудом унга ўзининг олийнасаб эканини пеш қилаверар эди. Охир-оқибат Зайд Пайғамбар алайҳис-саломнинг олдиларига Зайнаб ҳақида шикоят қилиб келиб, у билан ортиқ яшай олмаслигини айтади. Дарвоқеъ, бу орада Оллоҳ таоло томонидан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий нозил қилинган бўлиб, унда Зайд Зайнаб билан ажрашиб кетишлари ва Пайғамбар алайҳис-салом Зайнабга уйланишлари ҳақида хабар берилган эди. Лекин Пайғамбар алайҳис-салом одамларнинг «Муҳаммад асраб олган ўғлининг хотинига уйланди», деб таъна қилишларидан чўчиб бу ваҳийни ошкор қилмай келар эдилар. Шу-нинг учун ҳам Зайд келиб хотини билан ажрашмоқчи эканини билдирганида, унга сабр қилишни маслаҳат берадилар. Қуйидаги оятда Оллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига мана шу иши учун танбеҳ беради.

37. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эсланг, Сиз, Оллоҳ (Исломга ҳидоят қилиш билан) инъом-марҳамат қилган ва Сиз ҳам (қулликдан озод қилиб, ўзингизга ўғил қилиб олиш билан) инъом-марҳамат қилган кишига (яъни, Зайд ибн Ҳорисага): «Жуфтингни ўз ҳузурингда ушлагин (яъни, талоқ қилишга шошмагин), Оллоҳдан қўрққин», деган ва Оллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани ичингизга яширган эдингиз. Оллоҳдан қўрқишингиз ҳақроқ бўлгани ҳолда, Сиз одамлардан (яъни, уларнинг таъна - маломат қилишларидан) қўрққан эдингиз. Бас, қачонки Зайд ундан (яъни, Зайнабдан) ҳожатини адо қилгач, (яъни, уни талоқ қилгач), Биз Сизни унга уйлантирдик. Токи мўминларга асранди болаларининг хотинларида - қачонки улар ўша (хотинлари)дан ҳожатларини адо қилиб бўлишгач, (яъни, уларни талоқ қилишгач), ўша (хотинларга уйланишларида) - танглик бўлмаслиги учун (шундай қилдик). Ва Оллоҳнинг Амри Иродаси қилингувчи бўлди.
“Тафсири Қуртубий”да, Алий ибн Ҳусайн розияллоху анҳумдан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллоллоху алайҳ ва салламга Зайд Зайнаб билан ажрашиши ва у зот Оллоҳ таолонинг уйлаши билан ўша аёлга уйланишлари ҳақида Ҳақ таоло ваҳий билан билдирган эди. Аммо қачонки Зайд Пайғамбар алайҳис-салом ҳузурларига келиб Зайнабнинг ҳулқидан ва итоатсизлигидан шикоят қилганида ва уни талоқ қилмоқчи эканлигини маълум қилганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг ажрашишларини ва ўзлари ўша аёлга уйланишларини билган ҳолларида “Оллоҳ ошкор қилгувчи бўлган нарсани” ичларига яшириб унга: “Аёлинг ҳақида бундай гапларни гапирмагин, Оллоҳдан қўрққин, аёлинг билан ажрашмагин”, деб панд-насиҳат қилдилар, “э ундай бўлса талоғини бергин”, дейишни истамадилар. Бунга сабаб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам одамлар: “У ўзининг асранди боласи бўлган Зайдга: “Хотинингни талоғини бергин”, деб буюриб, кейин боласини хотини бўлган аёлга ўзи уйланиб олди”, деб гап тарқатишларидан қўрққан эдилар. Бас, Оллоҳ таоло у кишига Ўзи мубоҳ қилган нарсани - Зайд хотинини талоқ қилишини ва кейин ўзлари у аёлга уйланишларини - одамлардан қўрқиб яширганлари ҳамда хотининг билан ажрашмагин”, деб Зайдга насиҳат қилганлари учун танбеҳ берди ва ҳар қандай ҳолда Оллоҳдан кўрқиш ҳақроқ эканлигини таълиб берди”.
Уламоларимиз раҳимаҳумуллоҳ: “Мана шу Алий ибн Ҳусайн айтган сўз ушбу оятнинг энг чиройли тафсиридир”, дейдилар.
“Бас, қачонки Зайд ундан, (яъни, Зайнабдан) ҳожатини адо қил-гач, (яъни, уни талоқ қилгач), Биз Сизни унга уйлантирдик”.
Ривоят қилинишича, қачонки Зайд Зайнабнинг талоғини бериб, идда муддати ҳам битгач, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Зайдга: “Мен ўзимча сендан ишончлироқ одамни кўрмаяпман, бас, ўзинг менга Зайнабни сўраб совчиликка боргин”, дедилар. Зайд айтади: “Мен дарҳол Зайнабнинг олдига бориб, Пайғамбар алайҳис-саломнинг хурматларидан унга тескари қараб турган ҳолимда уни Пайғамбар алайҳис-саломга сўраб совчиликка келганимни айтган эдим, хурсанд бўлиб кетди, аммо: “Мен токи Роббимдан маслаҳатини олмагунимча ҳеч нарса деёлмайман”, деб, истихора намозини ўқиш учун жойнамозига турди ва “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сизни унга (Зайнабга) уйлантирдик” ояти нозил бўлиб, Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам унга уйланиб, бош қўшдилар”. (“Тафсири КуртубшГдан).
Анас розияллоху анҳу айтади: “Зайнаб Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг бошқа аёлларига: “Сизларни ота-оналарингиз турмушга узатган, мени эса етти қават осмон устидан ОллоҳтаолонингЎзи турмушга узатган”, деб мақтанар эди”. (“Маолимут-танзийл”тафсиридан).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло биз мўминлар учун Ўзининг муҳим бир Ҳукми Илоҳийси ҳақида хабар берди. Оят мазмунига кўра фарзанд асраб олиб тарбия қилган кишилар гарчи жуда катта ажр-савобга эга бўлсалар-да, асранди болалари учун ҳақиқий ота-онага айланиб қолмайдилар. Бинобарин, у боланинг отаси ким дейилганида асраб тарбия қилган отаси эмас, уни дунёга келтирган ҳақиқий отаси айтилиши керак бўлади. Шунингдек, агар ўша асранди бола вояга етиб уйланса-ю, маълум муддат бирга яшаганларидан кейин хотинини талоқ қиладиган бўлса, ўша хотинга уни асраб олган отаси уйланиши дуруст эканлиги маълум бўлади.

38. Оллоҳ Пайғамбар (алайҳис-саломга) фарз қилган (яъни, ҳалол қилган) нарсада унга бирон танглик бўлмас. (Бу) илгари ўтган (пайғамбарлар) ҳақидаги Оллоҳнинг Йўли - Қонунидир (яъни, улар учун ҳам Оллоҳ ҳалол қилган нарсаларда ҳеч қандай танглик бўлмаган). Оллоҳнинг Амри Иродаси Қадари Мақдур (яъни, азалда аниқ белгилаб кўйилган тақдирдир).
Ушбу ояти карима Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламни “асранди боласининг хотинига уйланиб олди” деб айблаган мунофиқларга ва “Муҳаммаднинг бор дарду ғами хотинларини кўпайтириш”, деб у зотни кўп хотинликда айблаган яҳудийларга Илоҳий раддиядир. Ҳолбуки ўша яҳудийлар ҳақ пайғамбар деб тан оладиган Довуд алайҳис-саломнинг юзта хотини ва уч юзта чўриси бор эди. Унинг ўғли Сулаймон алайҳис-саломнинг эса, оз эмас-кўп эмас, уч юзта хотини ва етти юзта чўриси бор эди! Демак, ўша илгари ўтган пайғамбарлардан суннат бўлиб қолган ва Оллоҳ таоло сўнгги Пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам учун ҳам тақдир қилиб қўйган бу иш - кўп аёлларга уйланиш аввалгилар учун ҳеч қандай айб саналмагани каби сўнгги Элчи бўлмиш Муҳаммад алайҳис-салом учун ҳам айб саналмаслиги лозимдир. Чунки бу ишларнинг барчаси Ҳақ таоло томонидан тақдири азалда аниқ белгилаб кўйилган ва ҳеч ким ўзгартира олмайдиган нарсалардир.

39. Улар (яъни, ўтган пайғамбарлар) Оллоҳнинг рисолатларини Амру-Фармонларини (бандаларга) етказадиган, Ёлғиз Ундан қўрқадиган, Оллоҳдан ўзга бирон кимсадан қўрқмайдиган зотлардир. Оллоҳнинг Ўзи етарли Ҳисоб қилгувчидир. Яъни, ўша илгари ўтган барча пайғамбарларнинг ҳам, уларнинг энг сўнггиси бўлган Ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳам зиммаларидаги вазифалари одамларга Оллоҳ таолонинг Дин ва Шариатини омонатдорлик билан, бекаму кўст етказиш бўлиб, ҳаммалари Оллоҳнинг Амру Фармонларини - нозил қилган ваҳийларини У Зотдан қўрққан ҳолларида тўла-тўкис етказадилар ва бу буюк вазифаларини адо этишда Оллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким ва ҳеч нарсадан қўрқмайдилар. Шунинг учун ҳам уларни зиммаларидаги вазифаларини адо этишларидан на золимларнинг зулму зўравонлиги ва на бировларнинг таъна - маломатлари тўхтата олади. Шунинг учун Оллоҳ таолонинг барча элчи-пайгамбарлари қўрқмасдан, тўхтамасдан, сусткашликка йўл қўймасдан Оллоҳ таоло буюрган рисолат - вазифаларини тўла-тўкис адо этадилар. Уларга одамлар берадиган баҳони ёки одамлар қиладиган турли танқидларни ҳеч қандай аҳамияти йўқ эди. Улар фақат Оллоҳ таолонинг ҳисоб-китобидан қўрқар эдилар. “Оллоҳнинг Ўзи етарли Ҳисоб қилгувчидир”.

40. (Эй мўминлар), Муҳаммад (соллоллоху алайҳи ва саллам) сизлардан бирон кишининг отаси эмасдир, балки у Оллоҳнинг Элчиси ва пайғамбарларнинг сўнггисидир. Оллоҳ барча нарсани Билгувчи бўлган Зотдир.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Зайнаб розияллоҳу анҳога уйланганларида айрим кимсалар “ўғлининг хотинига уйланиб олди”, дедилар. Ўшанда ушбу ояти карима нозил қилиниб, Зайнабнинг аввалги эри Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу Пайғамбар алайҳис-саломнинг ўғли эмаслиги, Зайднинг отаси ҳаммага маълум бўлганидек, Ҳориса эканлиги, демак, Зайд билан ажралиб кетган аёлга Пайғамбар алайҳис-саломнинг уйланишлари шаръан дуруст эканлиги баён қилинди ва шу билан баробар, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг пушти камарларидан бўлмаган бирон кимсага ота эмаслиги таъкидланди. Ояти каримада барча нарсани Билгувчи Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло яна бир марта Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламнинг Оллоҳнинг Элчиси ва жамийки пайғамбарларнинг энг сўнггиси - хатм қилгувчиси эканликларига гувоҳлик беради. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Оллоҳ таоло Пайғамбар алайҳис-саломдан кейин бирон пайғамбар келмаслигини ирода қилгани учун ҳам у зотга ўзларидан кейин қоладиган ўғил бермади”. (“Маолимут-танзишдан).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллоллоҳ алайҳи ва саллам: “Менинг мисолим билан бошқа пайғамбарларнинг мисоли худди бир гўзал қилиб қурилган муҳташам қасрга ўхшайди. У қасрнинг бирон айби йўқ, фақат унга сўнгги битта ғишти қўйилмаган. Зиёратчилар уни айланиб томоша қилар эканлар, гўзаллигидан ҳайратга тушадилар ва эсиз шундай гўзал қасрга биттагина ғишт етишмай қолибдида, дейдилар. Бас, мен пайғамбарлар қасрини бекаму кўст қилган ўша бир дона ғиштман, мен билан қаср битиб мукаммал бўлди ва мен билан пайғамбар-элчилар ҳам хотима топдилар”, дедилар”. (Бухорий, Муслим ва Бағавий ривоят қилганлар).

41-42. Эй мўминлар, Оллоҳни кўп зикр қилинглар! Ва эрта-ю кеч У Зотни поклаб - тасбеҳ айтинглар!
Ушбу оятларда Ҳақ таоло биз - мўминларга энг улуғ, дунё ва Охиратда асқотадиган иймон сифатимиз билан хитоб қилиб, эй мўминлар, агар сизлар чиндан ҳам мўмин бўлсангизлар, ҳар доим, эрта-ю, кеч, ҳамма жойда, соғлигингизда ҳам, хасталигингизда ҳам, дилингизда ҳам тилингизда ҳам, тик турган ҳолингизда ҳам, ўтирган, ёнбошлаган ҳолингизда ҳам Мени ёд этингиз ва Мени поклаб - тасбеҳ айтингиз”, деб амр қилади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Оллоҳтаоло бандаларига фарз қилган ҳар бир амал учун албатта маълум бир вақт, чегара белгилаб қўйган ва бандалар бирон бир узр сабабли ўша амални адо қила олмай қолсалар, (масалан, бетобликлари сабабли намозларини вақтида ўқий олмай ёки рўзаларини тута олмай қолсалар), уларнинг узрларини қабул қилишини айтган. Аммо зикр ва тасбеҳ ундай эмас. Бу амаллар учун Ҳақ таоло ҳеч қандай чегара белгиламади. Оллоҳ таолони зикр қилиш (масалан, субҳоналлоҳ, алҳамдулиллаҳ, ла илаҳа иллаллоҳ, Оллоху акбар, ла ҳавла ва ла қуввата илла биллаҳ, деб зикру тасбеҳ айтиш) банда учун жуда осон амал бўлиб, алоҳида шарт-шароитларни ҳатто албатта таҳоратли бўлишни ҳам талаб қилмайди. Шунинг учун Оллоҳни зикр қилмаган одам, магар ақлдан адашиб қолгани учун тарк қилмаган бўлса, кечирилмайди. Чунки У Зот “...тик турган ҳолларингизда ҳам, ўтирган ва ён бошлаган пайтларингизда ҳам доим Оллоҳни ёд этингиз!” деб буюрди. (Нисо сурасининг 103-оятидан). (“Тафсири Бағавий”дан).
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда Анас розияллоҳу анҳу айтди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан мана бу сўзларни ўнта бармоғимнинг саноғича, такрор-такрор эшитганман. У зот дер эдилар: “Оллоҳ таоло айтади: “Эй одам боласи, агар сен Мени ичингда зикр қилсанг, Мен ҳам сени ичимда зикр қилурман, агар сен Мени халқ олдида зикр қилсанг, Мен сени улардан яхшироқ халқ олдида зикр қилурман, агар сен Менга бир қарич яқинлашсанг, Мен сенга бир газ яқинлашурман, агар сен Менга бир газ яқинлашсанг, Мен сенга бир қулоч яқинлашурман, агар сен Мен томонга шошмасдан юриб келсанг, Мен сен то-монга шошиб борурман, агар сен Менга шошиб келадиган бўлсанг, Мен сенга чопиб борурман, агар сен Мендан сўрасанг, Мен сен сўраган нарсани берурман, агар сен Мендан сўрамасанг, Мен сенга ғазаб қилурман”.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадисда Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ азза ва жалла айтур: “Модомики бандам Мени зикр қилиб, лаблари қимирлар экан, Мен у билан биргаман”.
Абдуллоҳ ибн Буср айтади: “Бир аъробий (саҳройи араб) Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, амалларнинг афзали қайси”, деган эди, у зот айтдилар: “Бу дунёдан тилинг Оллоҳ таоло зикрининг нами билан бўлган ҳолида - яъни Оллоҳни зикр қилаётган ҳолингда ажрамоқлигинг”.
Муслим ривоят қилган ҳадисда Абу Саид Худрий ва Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳумо гувоҳлик берадиларки, Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қайси бир қавм Оллоҳ азза ва жаллани зикр қилиб ўтирар эканлар, албатта, уларни малоикалар ўраб олурлар, уларни Оллоҳнинг Раҳмати қоплаб олур, уларга сакинат - ором тушур ва уларни Оллоҳ Ўз ҳузуридаги зотлар - малоикалар олдида зикр қилур”, дедилар.
Ибн Жарир ривоят қилишича, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу оят тафсирида шундай дейди: “Оллоҳ таоло бандаларига қандай амални буюрган бўлса, унинг жазо-мукофотини ҳам белгилади ва ўша амални қилишга қодир бўлмаган кишиларнингузрларини қабул қилишини айтди. Аммо зикр ибодати учун эса ҳеч қандай чек-чегара белгиламади ва ақл-хуши жойида бўлган ҳар бир мусулмонга тик турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ёнбошлаган пайтида ҳам, туну кун, қуруқлиқца ҳам сувда ҳам, сафарда ҳам ватанда ҳам, бой-бадавлат вақтида ҳам камбағал-фақирлик пайтида ҳам, саломатликда ҳам, хасталикда ҳам, дилида ҳам, тилида ҳам - ҳаётининг ҳар бир соатида Оллоҳни зикр қилишни буюрди”.

43. У сизларни (куфр) зулматларидан (иймон) нурига чиқариш учун сизларга Раҳмат - Марҳамат кўрсатадиган Зотдир. Унинг фаришталари ҳам (ҳақларингизга дуо қилурлар). У мўминларга Меҳрибон бўлган Зотдир.
Юқоридаги оятларда мўминларга доимо Оллоҳ таолони ёдлаб, зикр қилиб, тасбеҳ айтиш буюрилганидан кейин ушбу ояти каримада Ҳақ таоло мўминларнинг зикру тасбеҳларига жавобан доимо Уларга Ўз Марҳама-тини кўргузиб, гуноҳларини кечириб, хатоларини ўчириб, Раҳматини ёғдириб туришини ва бу билан ҳар нафасда уларни куфр зулматларига тушиб қолишларидан асраб, иймоннинг нурли йўлида барқарор бўлишларини таъминлаб туришини, шунингдек, малоикалар ҳам туну кун мўминларнинг ҳақларига дуо қилиб, улар учун истиғфор айтиб туришларини эслатади. Албатта, эслатиш беҳикмат бўлмай, мўминлар Меҳрибон Парвардигорларини янада кўпроқ зикр қилишларига ва кеча-ю кундуз У Зотни поклаб тасбеҳ айтишларига сабаб бўлади. Чунки Жаноби Ҳақнинг бандаларига гарчи улар мустаҳиқ бўлмасалар ҳам узлуксиз Ўз Марҳаматини кўргузиб туриши мўминларга Оллоҳ таолога зикру тасбеҳ айтишда бардавом бўлишларини вожиб қилади.

44. (Мўминлар Оллоҳга) рўбарў бўладиган Кунда уларга (Оллоҳ томонидан) йўлланадиган салом (дўзах азобидан) омонлик бўлур. (Зеро, Оллоҳ) улар учун улуғ мукофотни (яъни, жаннатни) тайёрлаб қўйгандир.
Дарҳақиқат, Оллоҳтаоло мўмин бандалари учун тайёрлаб кўйган жаннат дорус-салом - тинчлик-омонлик диёридир. У жойда аҳли жаннат бир-бирларига фақат тинчлик-омонлик тилаб салом берадилар: “Уларнинг (жаннатларда қиладиган) дуолари: “Оллоҳим, Ўзингни поклаймиз”, дейиш, у жойдаги ўзаро саломлари (бир-бирларига) тинчлик-омон-лик тилашдир. Охирги тилаклари эса, барча оламлар Парвардигори - Оллоҳга ҳамду сано айтишдир”. (Юнус сураси, 10-оят).
“Улар у жойда бирон беҳуда ва гуноҳ-ёлғон (сўз)ни эшитмаслар, фақат “салом-салом”, деган (тилакни)гина (эшитурлар). (Воқеа сураси, 25-26-оятлар).
Аҳли жаннатга у жойда малоикалар салом берадилар: “Уларнинг ҳу-зурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб: “(Оллоҳ Йўлида меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилганларингиз сабабли (энди ушбу жаннатларда) сизларга тинчлик-омонлик бўлгай. Охират диёри нақадар яхши!” (дерлар)”. (Раъд сураси, 23-24-оятлар).
“Ана ўшалар сабр-қаноат қилганлари сабабли (жаннатдаги) юксак манзил - кўшклар билан мукофотланурлар ва у жойда (фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар. Улар ўша жойда мангу қолурлар. У энг гўзал қароргоҳ, (энг гўзал) манзилдир”. (Фурқон сураси, 75-76-оятлар).
“Парвардигорларидан қўрққан зотлар эса, тўп-тўп ҳолда жаннатга «ҳайдалдилар». То қачон улар дарвозалари очилган ҳолдаги (жаннатга) келиб етганларида ва унинг қўриқчилари: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз», деганларида (улар беҳад шодланурлар)”. (Зумар сураси, 73-оят).
Ва ниҳоят, аҳли жаннат учун энг шарафли мақом - у жойда улар Буюк Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг саломини эшитурлар: “Уларга Меҳрибон Парвардигор томонидан салом айтилур”.
Ҳадиси шарифда ворид бўлишича, “жаннат эгалари ўзларига ваъда қилинган ноз-неъматлар ичида роҳат-фароғатда эканлар, баногоҳ устларида бир нур пайдо бўлур. Бошларини кўтариб... “Ассалому алайкум, эй аҳли жаннат”, деб турган Парвардигори оламни кўрурлар” (Ёсин сураси, 58-оят тафсиридан).

45-46. Эй Пайғамбар (алайҳис-салом), дарҳақиқат, Биз Сизни (Қиёмат Кунида барча умматлар устида) гувоҳлик бергувчи, (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи ҳамда Оллоҳнинг Изни-Иродаси билан У Зотга (яъни, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга) чақиргувчи қилиб ва (Ҳақ Йўлни кўрсатгувчи) ёп-ёруг чироқ қилиб юбордик.
Ушбу оятларда Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олти сифати баён қилинади: Аввал-бошда Жаноби Ҳақ севикли бандасига “Эй Пайғамбар алайҳис-салом”, деб хитоб қилиб, у зот оддий банда эмас, балки ўзларига нозил қилинган Илоҳий ваҳийни етказгувчи Пайғамбар эканликларини таъкидлайди. Иккинчидан, у кишининг жамийки инсониятга юборилган бир Шоҳид-Гувоҳ эканликлари, яъни, умматларига Оллоҳ таолонинг Динини етказиб, сўнгра Қиёмат Кунида ким у зот кўрсатган Тўғри Йўлга иймон келтириб итоат қилди, ким ёлғончи деб залолатга кетди, ҳамма-ҳаммасига гувоҳлик бериб туришлари ҳақида хабар беради. Учинчидан, у зот мўминларга албатта Оллоҳ таолонинг Раҳматига - жаннатига эришишлари ҳақидаги ҳушхабарни етказгувчи - Мубашшир эканликлари, тўртинчидан, у киши осий-кофирларни дўзах ва ундаги мангу азоб ҳақида Огоҳлантиргувчи - Назийр эканликлари, бешинчидан, у киши Оллоҳнинг Изни, яъни, Амри ва Мадади билан одамларни Оллоҳга чақиргувчи, яъни, Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига ибодат қилишга чорловчи - Доъий эканликлари ва ниҳоят олтинчидан, у зот бутун инсоният оламини ёритгувчи, ҳаммага Тўғри Йўлни кўрсатиб турадиган бамисоли бир нурли Чироқ эканликлари ҳақида хабар берилади. (“Тафсири Қуртубий”дан).
“Тафсири Мунийр”да айтилишича, ояти каримада Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам нурли чироққа ташбеҳ қилинишларининг яна бир ҳикмати, у зот етказган Дини Ислом ва Қуръони Каримнинг барча ҳужжат-далиллари шу қадар очиқ ва равшанки, у зоти бобаракотнинг сийратлари, ахлоқлари, балки бутун ҳаётлари, умр дафтарларининг ҳар бир саҳифаси шу қадар аниқ баён қилинганки, ўқиб ўрганмоқчи бўлган ҳар бир одамнинг қалбига бамисоли нурли чироқ янглиғ том маънодаги ёруғлик олиб киради.

47. Мўминларга хушхабар берингки, шак-шубҳасиз, улар учун Оллоҳ томонидан катта Фазлу Марҳамат (яъни, жаннат) бордир.
Ибн Атийя айтади: “Бизга Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу ушбу ояти карима ҳақида шундай деган: “Ушбу ояти карима менинг наздимда Оллоҳ таолонинг Китобидаги энгумидбахш оятлардандир. Чунки Оллоҳ азза ва жалла Ўзининг Пайғамбарига мўминлар учун Унинг ҳузурида катта Марҳамат борлиги ҳақида хушхабар етказишни буюрди. Мазкур катта Марҳаматнинг нима эканлигини эса Ҳақ таоло мана бу оятида баён қилиб берган: “Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар эса жаннатларнинг боғларида бўлишиб, Парвардигорлари ҳузурида улар учун хоҳлаган нарсалари бордир. Мана шу катта Фазлу Марҳаматдир!” (Шўро сураси, 22-оят, “Тафсири Куртубий”дан).

48. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз кофирлар ва мунофиқларга бўйинсунманг ва уларнинг озор-азийятларига парво қилманг. Сиз Оллоҳга таваккул қилинг! Оллоҳнинг Ўзи етарли Вакилдир.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз Ҳақ Йўлга даъват қилар экан-сиз, кофирларга, яъни, Сизнинг Ҳақ Пайғамбар эканлигингизни очиқ инкор қиладиганларга ҳам, зоҳири мусулмон-у ботини кофир бўлган икки юзли мунофиқларга ҳам асло итоат қилманг, уларнинг эътироз ва танқидларига қулоқ ҳам солманг, улар бераётган озор-азийятларга парво қилмасдан, яъни, уларнинг ёмонликларига ёмонлик билан жавоб қайтармасдан зиммангиздаги Роббингизнинг рисолатини адо этаверинг, одамларга Ҳақ Динни етказаверинг. Қилаётган ҳар бир ишингизда Ёлғиз Оллоҳ таолога суянинг-таваккул қилинг. Аниқ ишонингки, Оллоҳ Сизни Ўз Ҳифзу Химоясида асрайди, қилаётган ишингизни ўнгидан келтиради. Чунки Оллоҳ суяниладиган - ишониладиган энг яхши Вакилдирки, кофир ва мунофиқларнинг ёмонликларини қайтаришдаУнингЎзи кифоя қилур. Ушбу ояти карима Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам кофир ва мунофиқлар устидан албатта ғалаба қозонишлари, у зот келтирган Оллоҳнинг Динини ҳеч ким, йўқ қилиб юбора олмаслиги ҳақида берилган Илоҳий муждадир.

49. Эй мўминлар, қачон сизлар мўминаларни никоҳларингизга олсангизлар-у, сўнгра уларга қўл теккизишдан - яқинлашишдан илгари уларни талоқ қилсангизлар, у ҳолда сизлар учун уларнинг зиммасида санайдиган идда бўлмас. Бас, (бундай ҳолатда) сизлар уларни (озми-кўпми ҳадя билан) баҳраманд қилиб, чиройли кузатиш билан кузатинглар!
Маълумки, Шариати Исломийя қонунига кўра эр-хотин ажралишганида хотин бошқа турмуш қуриш ҳуқуқига фақат уч ҳайз муддатида идда сақлаганидан кейингина эга бўлар эди. Энди агар эр-хотин қовушмасдан туриб ажраладиган бўлсалар, у ҳолда хотиннинг идда сақлашига ҳожат йўқдир, чунки идда хотин кишининг ҳомиладор бўлган-бўлмаганини аниқлаш учун сақланар эди. Яна бундай ҳолатда эр хотиннинг ҳаққи-маҳрини тўлаши ҳам лозим эмас, балки ўзи кўнглидан чиққан бирон совға билан ўша хотинни фойдалантириши кифоя экан.
Ояти карима ниҳоясидаги “чиройли кузатиш билан кузатиб қўйинглар” жумласидан мурод, қўшилмасдан туриб талоқ қилган хотинларингизни уйда сақламай кузатиб қўйинглар, йўлларини тўсманглар, чунки бундай ҳолда талоқ қилинган хотинларга идда ўтириш вожиб эмас, демак, улар агар хоҳласалар, эртагаёқ бошқа бировнинг никоҳига ўтишга ҳақлидирлар. Бас, уларнинг йўлларини тўсмасдан, беҳурмат қилмасдан, ҳайдамасдан чиройли тарзда уйларига кузатиб қўйинглар, деганидир. Аммо агар киши хотини билан бир муддат (бир соат) бўлса ҳам бирга ҳаёт кечириб, кейин уни талоқ қиладиган бўлса, у ҳолда талоқ қилинган хотин албатта маълум муддат идда ўтириши вожиб бўлади ва бу идда муддатини ўша талоқ қилган эрининг уйида ўтказишга ҳақли бўлади. (Бу муҳим мавзу Бақара сурасининг 236-237-оятларида батафсил баён қилинган ва ала қадри ҳол тафсир қилиб ўтилган эди).

50. Эй Пайғамбар (алайҳис-салом), албатта Биз Сиз учун ҳаққи маҳрларини берган жуфтларингизни, Оллоҳ Сизга (жангу жадалларда) ўлжа қилиб берган қўл остингиздаги чўриларингизни, Сиз билан бирга ҳижрат қилган амакингизнинг қизларини ва аммаларингизнинг қизларини, тоғангизнинг қизларини ва холаларингизнинг қизларини яна (ҳар қандай) мўмина аёлни - агар у ўзини Пайғамбарга ҳадя этса-ю, Пайғамбар уни ўз никоҳига олишни истаса (мазкур аёлларнинг барчасини Биз Сиз учун) ҳалол қилдик. (Ўзини ҳадя этган аёлга ҳаққи маҳрини бермасдан уйланиш ижозати) мўминлар учун эмас, холис Сиз учундир. Биз (мўминларга) жуфтлари ва қўл остиларидаги чўрилари ҳақида фарз қилган ҳукмларимиз эса аниқ маълумдир. Токи Сизга танглик бўлмаслиги учун (Биз Сизга мазкур имтиёзларни бердик). Оллоҳ Мағфиратли ва Меҳрибон бўлган Зотдир.
Ушбу ояти каримада Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам тўрт тоифа аёлларга уйланишлари дуруст эканлиги баён қилинди. Улардан биринчи тоифаси, ҳаққи маҳрларини бериб уйланган аёллари, иккинчи тоифа, жанг-жадалларда асирга тушиб ўлжа қилиб олинган аёллар бўлиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ана шундай аёллардан тўрт чўриси бўлиб, улар Софийя, Жувайрийя, Райҳона бинти Шамъун Назрийя ва Морийя Қибтийядирлар. Улардан Морийя Қибтийядан Пайғамбар алайҳис-саломнинг ўғиллари Иброҳим дунёга келган.
Расулуллоҳ уйланишлари дуруст бўлган учинчи тоифа аёллар у зотнинг амаки ва аммаларининг ҳамда тоға ва холаларининг Маккадан Мадинага ҳижрат қилган қизларидир. Муфассир уламоларнинг айтишларича, бу ўриндаги амаки-аммалардан мурод, Пайғамбар алайҳис-саломнинг ота уруғлари бўлган Қурайшликлар, тоға-холалардан мурод эса, у зотнинг она уруғлари Бану Заҳра қабиласига мансуб бўлганлардир. Чунки арабларда ҳам бошқа кўп миллатлар каби отанинг уруғ-аймоғидан бўлган кишилар узоқ бўладиларми, яқин бўладиларми, амаки ва амма; онанинг уруғ-аймоғидан бўлганлар эса, тоға ва хола хисобланаверадилар.
Ояти каримада Расулуллоҳ мазкур тоифадаги аёлларга уйланишлари дуруст бўлиши учун у аёллар Пайғамбар алайҳис-салом ва бошқа муҳожир саҳобалар каби ҳали Макка мусулмонлар қўлига ўтишидан илгари у жойдан Мадинага ҳижрат қилган бўлишлари шарт қилиб қўйилди. Демак, ўзлари Пайғабар алайҳис-саломнинг амаки ёки амалларининг, тоға-холаларининг қизларидан бўлса-ю, аммо ҳижрат қилмаган бўлса, у аёлга уйланиш Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам учун дуруст бўлмаган.
Термизий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Умму Ҳониъ бинти Абу Толиб (Пайғамбаримизнинг амакилари Абу Толибнинг қизи) айтади: “Макка мусулмонлар томонидан фатҳ қилинганидан кейин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам менга совчи қўйдилар, бас, Оллоҳ таоло мана бу оятни нозил қилди-ю, мен Расулуллоҳнинг никоҳларига ўтишим дуруст бўлмай қолди, чунки мен ҳижрат қилмаган эдим”. (“Тафсири Бағавий”дан). Ушбу оят нозил бўлганидан кейин Пайғамбар алайҳис-салом она уруғлари бўлган Бану Заҳра қабиласидан уйланмаганлар, ота уруғларидан эса фақат юқоридаги оятларда мазкур бўлган Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳога уйланганлар.
Ва ниҳоят, ўрганаётганимиз ояти каримада зикр қилинган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уйланишлари дуруст бўлган аёлларнинг ояти каримада зикр қилинган тўртинчи тоифаси, агар бирон бир мўмина аёл ўзини Пайғамбар алайҳис-саломга ҳадя қилмоқчи бўлса ва Расулуллоҳ ҳам уни ўз никоҳларига олишни истасалар, у ҳолда ҳеч қандай ҳаққи маҳрсиз ва бошқа шартларсиз у аёлга уйланишлари дурустдир. Аммо Ибн Аббос ва Мужоҳид розияллоҳу анҳумонинг айтишларича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг никоҳларида биронта ўзини у зотга ҳадя қилган аёл бўлмаган. Бир куни Умму Шарийк Давсийя исмли аёл Пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, мен ўзимни Сизга ҳадя қилдим”, деган эди, у зот сукут қилганларича туриб қолдилар. Шунда бу воқеага гувоҳ бўлиб турган кишилардан бири ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, агар бу аёлга Сизнинг ҳожатингиз бўлмаса, мени унга уйлаб қўйинг”, деди. Шунга ўхшаш кўп мўмина аёллар ўзларини Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳадя қилганлари ҳақида ривоятлар келган, лекин Пайғамбар алайҳис-салом улардан биронтасига уйланганлари эшитилмаган.
Ояти каримада алоҳида таъкидланишича, бундай имтиёз, яъни, аёлларининг сони чекланмаслиги ва ўзини ҳадя қилган мўминага маҳрсиз уйланиш дурустлиги фақат Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларига хос хукмдир. Аммо у зотнинг умматларига эса, никоҳ борасида Ҳақ таоло Ўзига аниқ маълум бўлган чек-чегараларни кўйиб, масалан, бир вақтнинг ўзида тўртдан ортиқ аёлга уйланмаслик, агар бир мўмина аёл бировга ўзини ҳадя қилса ҳам, унга ҳаққи маҳрини бермасдан уйланмаслик каби хукмларни жорий қилди.
Ояти карима ниҳоясида бандаларининг гуноҳларини Кечиргувчи ва уларга бениҳоя Меҳрибон бўлган Жаноби Ҳақ Ўз Элчисига хитоб қилиб, у зотга зиммаларидаги ўта масъулиятли ва оғир рисолатларини адо этишда тангланиб қийналмасликлари учун никоҳ бобида мазкур енгилликларни ато этгани ҳақида хабар беради.

51. Сиз (аёлларингиздан) ўзингиз хоҳлаган аёлни қолдириб, ўзингиз хоҳлаган аёлни ўзингизга ҳамхона қилурсиз. Ўзингиз четлатган аёлларингиздан бирон аёлни (ўзингизга яна ҳамхона қилишни) истасангиз Сизга бирон гуноҳ бўлмас. Бу (яъни, аёлларингизга қиладиган муомалангизда Сизга ихтиёр бериб қўйиш Бизнинг Амримиз эканлигини билишлари), уларнинг кўзлари қувонишига, ғамгин бўлмасликларига ва Сиз уларга ато этган нарсага барчалари рози бўлишларига яқинроқдир. Оллоҳ сизларнинг дилларингиздаги сирларингизни ҳам билур. Оллоҳ Билгувчи ва Ҳалим бўлган Зотдир.
Ушбу ояти карима Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Ҳақ таоло томонидан берилган оилавий муносабатларга доир яна бошқа енгилликлар ҳақидадир. Бу ўринда сўз аёллар ўртасида ётоқ вақтларини тақсимлаш тўғрисида боради. То ушбу ояти карима нозил қилингунича Пайгамбар алайҳис-саломга ҳам бошқа мўминлар каби ётоқни аёллари ўртасида баробар тақсим қилишлари вожиб эди. Мана бу ояти карима нозил бўлиши билан хоссатан у зот учун мазкур тартиб бекор қилиниб, аёллари ўртасида вақтларини тақсимлаш ихтиёри ўзларига берилди. Қачонки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ояти каримани аёлларига ўқиб бериб, бу хусусда уларнинг фикрларини сўраганларида, оналаримизнинг барчалари Оллоҳ таолонинг Ҳукмига рози эканликларини айтдилар. Чунки улар оят мазмунида аёлларингиздан хоҳлаганингизни ўзингиз билан олиб қолиб, хоҳлаганингизга жавобини бериш ихтиёрин-гизда деган маъно ҳам борлигини тушунишар, ҳаммаларининг орзулари ҳаёти дунёдаги умрларининг сўнгги нафасигача Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг жуфти ҳалоли бўлиб қолиш ва Қиёмат Кунида қайта тирилганларида ҳам у зотнинг жуфти ҳалоллари бўлиб тирилиш эди. Бошқа аёлларга насиб қилмаган мана шу буюк шарафларидан маҳрум бўлиб қолишдан қўрққанлари учун ҳам оналаримиз у зоти шарифга: “Вақтингизни кимимизга ажратасиз, нафақа-харажатларимизни қандай тақсим қиласиз ҳаммасига розимиз”, деб жавоб бердилар. Лекин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам “Тафсири Бағавий” ва бошқа тафсирларда ҳам таъкидланишича, Оллоҳ таоло у зотга шундай енгилликлар бериб қўйган бўлсада, аёлларидан ҳеч кимни четлатиб қўймадилар, ётоқлари-ни ҳам худди илгаригидек, аёллари ўртасида баробар тақсим қилавердилар, магар Савда розияллоҳу анҳони ўта кексайиб, аёллик вазифаларини адо кила олмай қолгани учун жавобини бермоқчи бўлганларида, у: “Ё Расулуллоҳ, мен ётоқ тақсимидаги ҳаққимдан кечай ва ўз навбатимни Оишага берай, аммо мени сизнинг никоҳингизда қолиш бахтидан маҳрум қилманг”, деганидан кейин у онамизни ҳам четлатмасдан никоҳларида қолдирдилар.

52. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз учун бундан сўнг аёллар яъни, мана шу аёлларингиз устига яна уйланишингиз) ҳалол бўлмас ва гарчи (бошқа) хотинларнинг ҳусни-жамоллари Сизни қизиқтирса ҳам уларни (ўз аёлларингизга) алмаштириш ҳам (яъни, аёлларингизни талоқ қилиб, уларни никоҳингизга олиш ҳам Сиз учун ҳалол бўлмас). Магар Сиз эга бўлган чўрилар (ҳалолдир). Оллоҳ барча нарса устида Кузатиб тургувчи бўлган Зотдир.
Юқорида ўқиб-ўрганганларимиз ояти карималар мазмунидан маълум бўладики, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам никоҳларидаги жуфти ҳалолларига ихтиёр бериб, хоҳласаларингиз ҳаёти дунё ва унинг матоларини танланглар ва мен сизларга сўраган нарсаларингизни ва жавобларингизни берай, хоҳласаларингиз, Оллоҳни, Унинг Элчисини ва Охират диёрини танланглар, у ҳолда Оллоҳ таоло сизлар учун тайёрлаб қўйган жаннат неъматига эга бўласизлар, деганларида никоҳларидаги тўққиз аёлнинг ҳар бири ҳеч иккиланмасдан “Биз Оллоҳни, Унинг Элчисини ва Охират диёрини танладик”, деб Расулуллоҳга бўлган муҳаббатлари ва то умрларининг охиригача у зотнинг никоҳларида қолиш истаклари нақадар кучли эканлигини изҳор қилган эдилар. Ана шунда Ҳақ субҳонаҳу ва таоло оналаримизнинг вафо ва садоқатларидан рози бўлиб ва Ўзининг ҳамма нарсани кўриб-кузатиб тургувчи эканлигини билдириб, Пайғамбар алайҳис-саломга ушбу ояти каримани нозил қилди ва бундан кейин то умрингизнинг охиригача мана шу аёлларингиз устига яна бошқа аёлларга уйланишингиз ҳам, улардан биронтасини талоқ қилиб ўрнига бошқа аёлларга - гарчи ўша бошқаларнинг ҳусну жамоллари Сизга ёқиб қолган бўлса-да - уйланишингиз ҳам дуруст эмас, магар қўл остингиздаги чўриларингиз устига яна бошқа чўриларга эга бўлишингиз ёки уларни алмаштиришингиз дурустдир, деб Ўз Ҳукмини баён қилди. Шундан кейин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳ таолонинг Амрига итоат қилиб умрларининг охиригача бошқа аёлга уйланмадилар ва оналаримиздан биронтасини талоқ ҳам қилмадилар.

53. Эй мўминлар, сизлар Пайғамбарнинг уйларига фақат бирон таомга чақирилсангиз киринглар. (Ўшанда ҳам олдинроқ кириб олиб) унинг идишига (яъни, қозондаги таомни пишишига) кўз тутиб тургувчи бўлманглар, балки чақирилган пайтингизда кирингларда, таомланиб бўлишингиз билан тарқалинглар ва гапга берилиб (у ерда қолиб кетманглар)! Чунки бу (ишларингиз) Пайғамбарга озор берур, у эса сизлардан (яъни, сизларни чиқариб юборишдан) ҳаё қилур. Оллоҳ ҳақ(ни айтиш)дан ҳаё қилмас. Қачон сизлар (Пайғамбар аёлларидан бирон нарса сўрасангизлар) парда ортида туриб сўранглар! Мана шу сизларнинг дилларингизни ҳам, уларнинг дилларини ҳам тоза тутгувчироқдир. Сизлар учун Оллоҳнинг Элчисига озор беришингиз ва у зот ўтганларидан кейин аёлларига уйланишингиз мутлақо дуруст эмасдир. Чунки бу Оллоҳ наздида катта (гуноҳ) бўлган ишдир.
Аксари муфассирлар меҳмондорчилик одоби ва ҳижоб ҳукми баён қилинган ушбу ояти карима Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳога уйланганларида бўлган тўй зиёфати ҳақида нозил қилинганини айтишади.
Анас розияллоҳу анҳу айтади: “Ўшанда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Зайнаб бинти Жаҳшни келин қилиб туширган хонага одамларни чақирган эдилар, улардан бир тўпи таомланганларидан кейин туриб чиқиб кетдилар. Аммо бир неча киши Расулуллоҳнинг уйларидан чиқиб кетмасдан узоқ ўтириб қолишди. У зотнинг завжалари бўлса, ўша хонанинг бир четида юзини деворга ўгириб ўтирар эди. (Чунки уй фақат бир хонадан иборат эди!) бас, меҳмонларнинг бу ишлари Расулуллоҳга оғир ботди. Шунда Пайғамбар алайҳис-салом улар ҳам чиқиб кетишар деб уйларидан ташқарига чиқдилар, мен ҳам у кишига эргашдим. Сўнг у зот юрдилар, мен ҳам орқаларидан юриб то Оишанинг ҳужрасигача бордик. Кейин одамлар чиқиб кетишгандир деган ўй билан қайтиб Зайнабнинг олдига кирган эдилар, улар ҳали ҳам чиқиб кетмай гаплашиб ўтирганларини кўрдилар. Бас, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам яна қайтиб уйларидан чиқиб, мен ҳам у кишининг ортидан эргашиб яна Оишанинг ҳужраси остонасигача бордилар ва энди чиқиб кетишгандир деб ўйладиларда, орқаларига қайтдилар, мен ҳам у кишига эргашдим. Қарасак, одамлар чиқиб кетишган экан. Уйга киргач, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайхи ва саллам мен билан ўзларининг ўртасига парда тортиб қўйдилар ва ўша кунда ҳижоб ояти нозил бўлди”. (Имом Бухорий ривоят қилган).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича эса, ояти карима нозил бўлишига сабаб, айрим мусулмонлар гоҳо-гоҳо Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига таом учун чақирилганларида эрта келиб олишиб таом пишишини кутиб ўтиришар, овқатланиб бўлганларидан кейин ҳам чиқиб кетмасдан гаплашиб ўтираверар эдилар. Пайғамбар алайҳис-салом эса, уларнинг бу ишларидан озорланар эдилар. Ана шунда ушбу оят нозил бўлди. (“Дуррул-мансур” тафсиридан).
Оиша розияллоҳу анҳо ва яна бир жамоат саҳобийлар айтадилар: “Ушбу оятнинг нозил қилинишига Умар розияллоҳу анҳунинг сўзи сабаб бўлган. Умар айтади: “Мен: “Ё Расулуллоҳ, аёлларингизнинг олдига яхши ҳам, ёмон ҳам киряптику! Уларга парда ортида ўтиришларини буюрсангиз эди”, деган эдим, ушбу оят нозил бўлди”. (Насоий ривоят қилган).
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ҳам бу хусусда бир саҳиҳ ҳадис ривоят қилинди: У айтади: “Умар розияллоҳу анҳу деди: “Уч ишда менинг раъйим Парвардигоримга мувофиқ бўлди: Каъбатуллоҳ олдидаги мақоми Иброҳимда намоз ўқиш тўғрисида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг аёллари ҳижоб - парда ортида бўлишлари лозимлиги ҳақида ва Бадр жангида асир олинганлар фидя эвазига озод этилмаслиги тўғрисида (менинг сўзларим бу хусусларда оятлар нозил қилинишига сабаб бўлди)”. (Бухорий ва бошқа беш муҳаддис ривоят қилганлар).
“Сизлар учун Оллоҳнинг Элчисига озор беришингиз ва у зот ўтганларидан кейин аёлларига уйланишингиз мутлақо дуруст эмас-дир. Чунки бу Оллоҳ наздида катта (гуноҳ) бўлган ишдир”..
Яъни, эй мўминлар, сизлар учун Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга - у зот ҳаётлик чоғларида ҳам, вафот қилганларидан кейин ҳам озор беришларингиз дуруст эмасдир. Ҳаётлик чоғларида у зотга ёқмайдиган ва озор берадиган бирон ишни қилишларингиз сизлар учун ҳалол бўлмайди, вафот қилганларидан кейин эса, у зотга жуфти ҳалол бўлган аёлларга уйланишингиз мутлақо ва ҳеч қачон дуруст бўлмайди. Чунки у зот ҳар бир мўмин учун маънавий Отадирлар, аёллари эса мўминларга она ҳукмидадирлар. Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳис-саломга озор бериш ва у зотдан кейин аёлларига уйланиш Оллоҳ таоло ҳузурида энг катта гуноҳ бўлган ишдир.
“Пайғамбар (алайҳис-салом) мўминларга ўзларидан ҳам яқинроқ - ҳақлироқдир, унинг жуфтлари уларнинг оналаридирлар”. (Аҳзоб сураси, 6-оят).

54. Агар сизлар бирон нарсани (тилларингизда) ошкор қилсангизлар ҳам ёки (дилларингизда) яширсангизлар ҳам, албатта (Оллоҳ билур). Зеро, Оллоҳ барча нарсани Билгувчи бўлган Зотдир.
Ояти карима Оллоҳ таолонинг барча нарсани - ошкора ва яширин; бўлган ва энди бўладиган; олис-яқин ўтмишда ўтган ва келажакда келадиган; одамлар тилларида сўйлаган ва дилларида ўйлаган барча нарсани Билгувчи Зот эканлигини мадҳ этади ва мўминларни огоҳлантиради. Юқоридаги оятга боғлиқлик жойи эса, ояти карима саҳобалар орасидаги: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам вафот қилганларидан кейин Оишага уйланаман”, деб ўйлаб юрган бир киши ҳақида нозил бўлган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Ўша киши ушбу оятлар нозил бўлгач ва Оллоҳ таолонинг дашномини эшитгач, мўминларнинг онасига, демак унинг ўзига ҳам она мақомида бўлган бир аёлга уйланиш ҳақида ўйлаб катта хато қилганини англаб етди ва қилган хатосига каффорат бўларми-кан деб бир қулни озод қилди, ўн туяни Оллоҳ Йўлидаги кишиларга миндириб юборди ва ўзи пойи пиёда ҳаж қилди”. (“Тафсири Мунийр”дан).

55. (Пайғамбар аёллари) оталарига, ўғилларига, оға-иниларига, оға-иниларининг ўғилларига, опа-сингилларининг ўғилларига, (мўмина) аёлларга ва қўл остиларидаги хизматкорларига (очиқ ҳолда кўринишларида) уларга бирон гуноҳ бўлмас. (Эй Пайғамбар аёллари), Оллоҳдан қўрқинглар! Албатта Оллоҳ барча нарса устида Гувоҳ бўлган Зотдир.
Ушбу ояти каримада гарчй Пайғамбар алайҳис-саломнинг аёлларига хитоб қилинган бўлсада, оятнинг ҳукми барча мўмина аёлларга тегишли бўлиб Ҳақ таоло уларни ҳар бир ишда Оллоҳдан қўрқишга чақиради ве Ўзи барча нарса устида Гувоҳ эканлигини айтиб огоҳлантиради.
Ушбу ўта муҳим мавзу хусусида Нур сурасида янада батафсил баёғ қилингани боис биз бу ўринда ўша ояти каримани тўла тафсири билағ келтирамиз: “Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (қараш ҳалол бўл маган нарсаларга боқишдан) тийсинлар ва авратларини (очилиб қолишдан) сақласинлар! Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнат ларини (яъни, устларидаги либосларидан бошқа зебзийнатларини но маҳрамларга) кўрсатмасинлар ва ёқаларининг устини (яъни, қулоғ бўйин, томоқларини) бошларидаги рўмоллари билан тўссинлар! Улар қулоқ, томоқ ва билак каби) зеб-зийнатларининг ўринларини фақат эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ўзларининг оға-иниларига ё оға-иниларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё ўзлари (каби муслима) аёлларга ё қўллари остидаги чўриларга ё (аёллардан) беҳожат бўлган (яъни, жуда кексайиб қолган ёки ақлсиз-девона) эркак хизматкор-қулларга ё аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдакларгагина кўрсатишлари жоиздир. Яна яширган зеб-зийнатлари билинсин учун оёқларини (Ерга) урмасинлар! Барчаларингиз Оллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки нажот топсангизлар”. (Нур сураси, 31-оят).
Маълумки, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифда Оллоҳ таоло ва Унинг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан мўмин эркакларга буюрилган ҳар бир иш-амал ўз-ўзидан мўмина аёлларга ҳам буюрилган бўлади. Мисоли: “Албатта намоз мўминларга (вақти) тайинланган фарз бўлди”. (Нисо сураси, 103-оят) ояти каримасидан намоз мўмина аёлларга ҳам фарз қилингани маълум бўлади. Демак, юқорида мазкур бўлган оятдаги “мўминларга айтинг, кўзларини (ҳалол бўлмаган нарсаларга боқишдан) тийсинлар ва авратларини (очилиб қолишдан) сақласинлар!” жумласидан ушбу Илоҳий Ҳукм мўмина аёлларга ҳам баб-баробар тааллуқли экани маълум бўлган эди. Бас, Ҳақ таоло ушбу ояти каримада худди ўша буйруғини “Мўминаларга ҳам айтинг!” деб яна қайтадан таъкидлаши албатта беҳикмат бўлмай, балки кўзни номаҳрамларга қарашдан тийиш ва ўзни бепарда, очиқ-сочиқ юришдан сақлаш эркаклар учун қанчалик муҳим бўлса, аёллар учун икки карра муҳимроқ ва зарурроқ эканини уқтириш учундир. Чунки эркакларнинг, яъни, жамиятни иккинчи ярмининг бузилишига олиб келадиган энг катта фитна, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам қайта-қайта огоҳлантирганларидек, очиқ-сочиқ юрадиган аёллардир. У зоти бобаракот, кийиниб-кийинмаган, яъни, кийган “кийимлари” қисқалиги, тор-танқислиги ва юпқалиги сабабли бутун баданла-рини худди устларида ҳеч нарса йўқдек кўрсатиб, таърифлаб турадиган ва шундай “либослар” билан номаҳрам эркаклар орасида бемалол юраверадиган аёллар албатта Оллоҳ таолонинг лаънатига дучор бўлишлари ҳақида огоҳлантирганлар.
Ояти карима давомида мўмина аёллар ёмонларнинг суқ назаридан омонда бўлишлари ва ўзлари ҳам бошқаларни йўлдан оздирадиган фитнага айланиб қолмасликлари учун ҳусну жамол ва қадду қоматларини бегоналарга кўз-кўз қилмасликлари фарз эканлиги уқтирилиб, устлари-даги улар учун том маънода парда бўлган, яъни, ҳаммани ўзига қаратадиган тор-танқис ва юпқа эмас, балки кенг-ковул, бамисоли бир қўрғондек ичидаги аёлни - унинг ёш ёки кексалигини, расо ё норасолигини-ю, чиройли ёки кўримсизлигини бегона кўзлардан яшириб турадиган либосларидан (зотан, ҳижобнинг асли маъноси шудир) бошқа бирон зеб-зийнат-ларини номаҳрамларга кўрсатмасликлари ва албатта бошларига рўмол солиб, у билан ёқа-елкаларини ҳам кўринмайдиган қилиб ўраб олишлари буюрилади: “Ҳамда кўриниб тургандан бошқа зеб-зийнатларини (яъни, устларидаги либосларидан бошқа зеб-зийнатларини номаҳрамларга) кўрсатмасинлар ва ёқаларининг устини (яъни, қулоқ, бўйин, томоқларини) бошларидаги рўмоллари билан тўссинлар! Улар (қулоқ, томоқ ва билак каби) зеб-зийнатларининг ўринларини фақат эрларига ё оталарига ё эрларининг оталарига ё ўғилларига ё эрларининг ўғилларига ё ўзларининг оға-иниларига ё оға-иниларининг ўғилларига ё опа-сингилларининг ўғилларига ё ўзлари (каби муслима) аёлларга ё қўллари остидаги чўриларга ё (аёллардан) беҳожат бўлган (яъни, жуда кексайиб қолган ёки ақлсиз-девона) эркак хизматкор-қулларга ё аёлларнинг авратларидан хабардор бўлмаган гўдак-ларгагина кўрсатишлари жоиздир. Яна яширган зеб-зийнатлари билинсин учун оёқларини (Ерга) урмасинлар!”
Афсусларким, бизнинг асримизда ушбу Илоҳий Фармоннинг жамият тозалиги учун, оилалар барқарорлиги учун, фаҳш-бузуқликлар тарқалмаслиги ва отасиз болалар пайдо бўлмаслиги учун нақадар муҳим Фармон эканлигини мусулмонлардан кўра динимиз душманлари яхшироқ англамоқдалар ва Дини Исломга қарши салб юришларини энг аввал қурол-яроғларини ишлатишдан эмас, балки демократия деган шиор остида аёлларни очишдан, уларнинг бошларидаги рўмолларини, устларидаги ҳижобларини ечишдан бошламоқдалар ва кўзлаган мақсадларига жуда осонлик билан эришмоқдалар мусулмонлар жамияти ичидан бузилмоқда, эркак ва аёл худди бир жинс каби аралаш-куралаш бўлиб кетмоқда, оқибат-натижада насабсиз фарзандлар дунёга келмоқда, энг ёмони, жоҳил оломон ота-боболари ҳазар қилган мана шундай нопок турмуш тарзига аста-секин кўникиб қолмоқда! Оммавий “маданият” шу қадар тезликда оммалашмоқдаки, ҳамиятсиз кимсалар ким ўзарга қизларини, хотинларини ярим яланғоч ҳолида кўчаларга чиқармоқдалар ва уларнинг номаҳрам эркакларга ўзларини кўз-кўз қилиб юришларидан кўзлари қувонмоқда!
Ўз динидан бехабар жоҳил мусулмонларни бундай аянчли ҳолга солган “дўстлар” бўлса, ўзлари бутун жамиятни бузиб, булғаб қўйиб, яна гўё ҳеч нарса бўлмагандек, “нега бузуқи, фоҳишалар кўпайиб кетяпти?” деб нолишиб, орқасидан “бунга асло бепарво қараб бўлмайди, агар бирон чора ўйлаб топмасак, улар бошқаларга турли бедаво дардларни юқтирадилар. Шунинг учун яхшиси, улар учун тиббиёт ходимлари назоратида “ишлайдиган” расмий фоҳишахоналар очиб беришимиз керак”, деб ўзла-рининг “доно маслаҳатларини” ҳам бермоқдалар!
Нақадар қабоҳат! Албатта бундай бедодликларга гувоҳ бўлган ҳеч бир мусулмон - агар у чиндан ҳам мусулмон бўлса - жим қараб тура олмайди. Албатта у золимларга қарши бутун нафратини тўкиб солгиси келади. Лекин азиз замондошим, бир оз шошманг, воқеага кўзларингизни каттароқ очиб қаранг, шунда ҳақиқат аён кўринади. Шунда дафъатан ҳаёлимизга: “душманларга отмоқчи бўлган қарғиш тошларига улардан ҳам ўзимиз лойиқроқ эмасмизми, мабодо?!” деган ўй келади. Ахир ҳақиқатдан ҳам душманнинг иши душманлик қилишку, бас, уни дўст деб билган ва унинг кўрсатган йўлига юрган кимса ўзининг ақлли киши деб ҳисоблаши дурустми ёки чаённи устига чиқариб олган кимса унинг нишидан заҳарланганида бировларга шикоят қилишга ҳақлими?! Албатта йўқ! Нафсул-амрни айтганда бизнинг аҳволимиз ўша кимсанинг ҳолидан қанчалик фарқ қилади?! Ахир биз ўзимиз эмасми, душманни дўст деб билиб, унинг заҳарли сўзларига қулоқ солган, ишонган?! Бас, нега энди ўзимизни эмас, балки ўз вазифасини қойиллатиб бажарган ва бажараётган душманлари-мизни қарғамоқдамиз?! Ахир биз эмасми, мўминларнинг Танҳо ва Меҳ-рибон Дўсти бўлмиш Парвардигоримизнинг: “эй мўминлар, эй мўминалар, номаҳрамларга боқишдан кўзларингизни тийинглар ва ав-ратларингизни очишдан сақланинглар!” деган сўзларига қулоқ солмаган?! Ва оқибатда ҳақли равишда фитналарга гирифтор қилинган, нопок жамиятда яшашга маҳкум этилган?!
Бас, кеч бўлиб қолмасидан Жаноби Ҳақнинг ояти карима сўнгидаги: “Барчаларингиз Оллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки нажот топсангизлар”, деган умидбахш Амрига итоат қилайлик, шояд шунда нажот топсак, гуноҳларимиз кечирилса ва ғайридинлар оёқлари остида хор бўлишдан қутулиб, яна улуғ аждодларимиз каби азизлик сари йўл тутсак.
Ояти карима тафсирида бир қанча ибратли ҳадислар ворид бўлган-дир: Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилади: “Умму Салама ва Маймуна оналаримиз розияллоҳу анхумо Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида эканлар, кўзлари ожиз бўлган саҳобий Абдуллоҳ ибн Умму Мактум розияллоҳу анҳу келиб қолди ва у зотнинг олдиларига кирди. Воқеа мўминаларга ҳижоб фарз қилинган вақтда бўлган эди. Бас, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам оналаримизга қараб: “Ундан яширининглар - қочинглар”, деган эдилар, улар: “Ё Расулуллоҳ, ахир у (яъни, Ибн Умми Мактум) бизни кўрмайдиган, танимайдиган бир аъмо - кўзи ожиз кишику, (нега ундан қочишимиз лозим)”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлар ҳам аъмомисизлар, сизлар ҳам уни кўрмайсизларми?” дедилар”. (“Маолимут-танзил ” тафсиридан).
Абу Довуд ўзининг “Сунан” китобида Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда айтилишича, Асмо бинти Абу Бакр (Оишанинг синглиси) розияллоҳу анҳо, Пайғамбар алайҳис-салоту вассаломнинг олдиларига юпқа кўйлак билан кирган эди, у зот юз ўгириб олдилар ва: “Эй Асмо, аёл киши балоғат ёшига етгач, унинг мана бу жойидан бошқа жойи кўриниши дуруст бўлмайди”, деб, юзлари ва кафтларини кўрсатдилар. (“Тафсири Мунийр”дан).

56. Албатта Оллоҳ ва Унинг фаришталари Пайгамбар (алайҳис-салоту вассалом)га салавот айтурлар. Эй мўминлар, сизлар ҳам у зотга салавот ва салом айтинглар!
Ушбу ояти карима билан Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни алоҳида шарафлайди, Унинг ҳузурида Пайғамбар алайҳис-саломнинг мартабалари нақадар юксаклигини зикр қилади ҳамда барча мўминларни у зоти бобаракотга ва аҳли байтларига дуойи саломлар юбориб туришга буюради.
Демак, барчамиз Оллоҳтаолодан ваУ Зотнинг нурдан яратган бегуноҳ малоикалардан андоза олиб бутун ҳаётимиз давомида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга саловот ва саломлар айтишни ўзимизга одат қилишимиз лозим.
Ҳақтаоло томонидан айтилган салавот У Зот Ўз Элчисига Илоҳий Раҳмат ва Ризолигини ёғдириб туриши, малоикалари томонидан у зотнинг ҳақларига дуо ва истиғфор айтиш, инсонлар томонидан эса, ўз Пайғамбарларига ҳурмат бажо келтириб, доимо у зоти бобаракотни дуойи салом билан йўқлаб туришдир.
Жаноби Ҳақ биз мўминларга Пайғамбар алайҳис-саломга салавот айтишни буюрди, ўша салавотни қандай айтишимизни ва ўша айтган салавотимизда ўзимиз учун қандай манфаат борлигини эса, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари таълим бердилар. Имом Молик, Шофеий, Аҳмад, Муслим ва бошқалар ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Абу Масъуд Ансорий розияллоҳу анҳу айтади: “Биз Саъд ибн Уббода розияллоҳу анҳунинг суҳбатида ўтирганимизда олдимизга Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам келган эдилар, Башийр ибн Саъд: “Ё Расулуллоҳ, Оллоҳ таоло бизни Сизга салавот айтишга буюрди. Сизга қай тарзда салавот айтамиз?” деб сўради. Пайғамбар алайҳис-салом индамасдан сукутга кетдилар, ҳатто биз ичимизда сўрамасак бўлар экан, деб ўйлаб қолганимизда у зот дедилар: “Сизлар: “Оллоҳумма солли ало Муҳаммадин ва ало оли Муҳаммад, камо соллайта ала Иброҳима ва ало оли Иброҳим ва борик алаМуҳаммадин ва ало оли Муҳаммад, камо боракта ало Иброҳим ва ало
- Иброҳим. Иннака Ҳамийдун Мажийд (яъни, Оллоҳим Сен Муҳаммад ва унинг аҳли байтига дуо-салавотимизни етказгин, худди Иброҳим ва унинг аҳли байтига дуо-салавотимизни етказганинг янглиғ, Оллоҳим, Сен Мухаммад ва унинг аҳли байтига баракотларингни ёгдиргин, худди Иброхим ва унинг аҳли байтига баракотларингни ёғдирганинг янглиғ. Албатта Сен хамду сано Эгаси бўлган энг Буюк Зотсан)”, деб айтинглар”.
Пайғамбар алайҳис-саломнинг номлари зикр қилинганида дарҳол ‘соллоллоҳу алайҳи ва саллам” ёки “алайҳис-солату вас-салом” ёхуд алайҳис-салом” деб салавот ва салом айтиш ҳам ҳадис китобларида мазкурдир.
Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламга салавот айтишнинг фазилати ҳақида у зотнингўзлари марҳамат қилганлар: “Ким менга бир салавот айтса, Оллоҳ таоло унга ўн салавот айтади”. (Бухорий, Муслим, АбуДовуд, Термизий, Насоий ва бошқалар ривоят қилганлар).
Имом Термизий ривоят қилган яна бир ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта одамларнинг Қиёмат Кунида менга энг яқин бўладиганлари уларнинг орасидаги менга энг кўп салавот айтган кишилардир”, деб марҳамат қилдилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анхудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Албатта Оллоҳтаолонинг Ерда сайр қилиб юрадиган малоикалари бўлиб, улар менга умматимнинг саломларини етказиб турадилар”. (Насоий ва бошқалар ривоят қилганлар).
57. Албатта Оллоҳга ва Унинг Элчисига озор берадиган кимсаларни Оллоҳ дунёда ҳам, Охиратда ҳам лаънатлаган ва улар учун хор қилгувчи азобни тайёрлаб қўйгандир.
Ибн Аббос розияллоху анхумо: “Оллоҳ ва Расулига озор берадиганлар яхудлар, насоролар ва мушриклардир. Яхудлар: “Узайр Оллоҳнинг ўғли”, “Оллоҳнинг қўли боғланган яъни, қўли очиқ эмас, бахил”, деб озор берадилар, насронийлар бўлса: “Ийсо Масийҳ Оллоҳнинг ўғли”, “у учтанинг (яъни, Оллоҳ, Марям, Ийсо) учинчисидир - ҳар уччаласи ҳам худолар”, деб озор берадилар, улардан бошқа мушрик-кофир кимсалар эса: “Малоикалар Оллоҳнинг қизлари”, “бут-санамлар Оллоҳнинг шериклари”, деб Оллоҳ субҳонаху ва таолога озор берадилар”, дейди. (“Тафсири Бағавий”дан).
Бухорий ва Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисларда Оллоҳ таолога озор берадиган яна бошқа тоифалар ҳақида ҳам айтилган: Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам айтдилар: “Оллоҳ субҳонаху ва таоло (ҳар қандай айб-нуқсондан Пок ва бениҳоя Юксак Оллоҳ) айтади: “Бандам Мени ҳақорат қилди - у: “Оллоҳнинг боласи бор”, дейди. Ҳолбуки Мен Танҳо, Бениёз - ҳеч кимга ва ҳеч нарсага, жумладан бола ушлашга ҳам муҳтож бўлмаган Зотдирманки, туғмаганман (яъни, ҳеч кимга ота бўлма-ганман), туғилмаганман (яъни, ҳеч кимни боласи ҳам эмасман) ва ҳеч ким Менга тенг эмасдир”.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам яна дедилар: “Оллоҳ таоло айтди: “Одам боласи Менга озор беради - у замонни сўкади, ҳолбуки замон Мендирман, иш Менинг Қўлимдадир, кеча ва кундузни ҳам Мен айлантириб - алмаштириб турурман”.
Энди Расуллуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга берилган озор-азийятлар эса, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, кофирлар томонидан у зотнинг муборак юзлари ёрилиши, тишлари синдирилиши ва шоир, сеҳргар, мажнун деб хақорат қилганларидир.
Ҳақ таоло Унга ва Унинг Элчисига бундай озор-азийятлар берадиган кимсалар учун албатта Оллоҳнинг лаънати ҳамда Охират диёрида уларни хору расво қиладиган жаҳаннам азоби борлигини айтиб қаттиқ огоҳлантиради.

58. Мўмин ва мўминаларга улар бирон гуноҳ қилмасаларда озор берадиган кимсалар ҳам бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар.
Юқоридаги ояти каримада Оллоҳ ва унинг Элчисига озор бериш куфр эканлиги, ундай кимсалар албатта Оллоҳнинг лаънатига учраб, дўзах азобига гирифтор қилинишлари айтилган бўлса, ушбу ояти каримада мўмин ва мўминаларга тухмат тошларини отиб уларни қилмаган гуноҳлари билан айблайдиган тухматчи кимсалар мўминларга озор беришдек очиқ гуноҳи кабирани қилганларидан ташқари яна бўхтончилик гуноҳини ҳам бўйнига олганларини, демак, энди бир эмас икки гуноҳнинг жазосига гирифтор бўлишлари аниқ эканлиги таъкидланади. Бу ҳақда бошқа бир сурада ҳам айтилган: “Кимки бирон хато ёки гуноҳни қилиб қўйиб, сўнгра уни бир пок одамга (туҳмат қилиб) отса, муҳаққақки, у бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз зиммасига олибди”. (Нисо сураси, 112-оят).
Албатта бундай кимса жиноятчилиги устига яна туҳматчи ҳамдир. Чунки у гуноҳни ўзи қилиб, сўнгра уни бошқа бировга тўнкади, ёлғон сўзлаб ўзини оқлади ва бир пок инсонни ёмонотлиқ қилди. Оқибат-натижада жиноятчи бу дунёда жазосиз қолди, бегуноҳ биров қилмаган иши учун ҳақсиз жазога гирифтор бўлди. Бунинг устига туҳматчининг  софатидан бир покиза инсон жамиятда гап-сўзга қолиб, катта маънавий зарбага дучор бўлди. Демак, қилар ишни ўзи қилиб, гуноҳини бошканинг бўйнига ортмоқчи бўлган бундай кимса қилган гуноҳи учун кандай жазоланишга лойиқ бўлса, бировга бўҳтон қилгани учун ҳам ўз казосини олиши керак.
Ояти карима гарчи ўзи ўғрилик қилиб, сўнгра: “Мен ўғирлаганим йўқ, мана бу ўғирлаган”, деб бировга туҳмат қилган ва бу қилмиши билан Оллохни, Расулини ва барча инсонларни алдамоқчи бўлган Тўъма ибн Убайриқ ҳамда унинг ёнини олиб ёлғон гувоҳлик берган қабиладошлари ҳақида нозил қилинган бўлса-да, унинг ҳукми умумий бўлиб, мана шундай килмишларни қиладиган ҳар бир кимсага тааллуқлидир.
“Танвийрул-азҳон”да ўрганаётганимиз ушбу ва юқоридаги оят тафсирида айтилади: “Билгилки, ушбу оятда зикр қилинган мўминларга озор бериш юқоридаги оятда зикр қилинган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга озор бериш билан, у зотга озор бериш эса Оллоҳ таолога озор бериш билан бирин-кетин айтилишида бир нозик ишора бор бўлиб, мўминларга озор бериш Расулуллоҳга озор бериш эканлиги, Расулуллоҳга озор бериш эса, Оллоҳга озор бериш эканлигига далолат қилади. Демак, Оллоҳ ва Унинг Элчисига озор берган кимсалар дунё ва Охиратда қандай лаънат ва азобга дучор қилинсалар, мўмин ва мўминаларга озор бергувчи кимсалар ҳам худди шундай лаънат ва азобга гирифтор қилинадилар. Ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам тушларида тилларидан осиб қўйилган одамларни кўриб: “Эй Жаброил, анавилар кимлар?” деб сўраган эдилар, Жаброил алайҳис-салом: “Улар мўмин ва мўминаларни улар қилмаган гуноҳлар билан айблаб тухмат тошларини отган кимсалар”, деб жавоб берди.
Ҳадиси Қудсийда Оллоҳ таоло айтади: “Ким Менга дўст бўлган бирон бандага (яъни, мўмин ва мўминага) озор берса, бас, у Менга қарши яккама-якка жангга чиқибди”, (Бухорий ривоят қилган ҳадисдан).
Маълум бўладики, мўмин банданинг мартабаси Оллоҳ таолонинг наздида жуда ҳам улуғдир. Шунинг учун ҳам Ибн Умар розияллоҳу анҳумо бир куни Каъбага тикилиб турар экан, “Мунча ҳам улуғсан, мунча ҳам ҳурматинг улуғ! Аммо Оллоҳ наздида мўминнинг ҳурмати сенинг ҳурматингдан улуғрокдир”, деган эди.
Фузайл раҳимаҳуллоҳ айтади: “Эй инсон, сенингтўнғиз ёки итга ҳам бесабаб озор беришинг дуруст эмаску, бас, қандоқ қилиб сен мусулмонга озор берасан?!”
Ҳадиси шарифда ҳам: “Тилидан ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган киши мусулмондир”, дейилганку! (Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий ва Абу Довуд ривоят қилганлар).

59. Эй Пайғамбар (алайҳис-салом), жуфтларингизга, қизларингизга ва мўминларнинг аёлларига айтинг, устларига ёпинчиқларини ёпинсинлар! Мана шу уларнинг (чўри эмас, балки озод аёллар эканликлари) танилиб, озорланмасликлари учун энг яқин (восита)дир. Оллоҳ Мағфиратли ва Меҳрибон бўлган Зотдир.
Муслима аёллар уйларидан ташқарига чиққанларида юз-бошларини бегона эркакларга кўрсатмасдан ёпинчиқларини ёпиниб чиқишлари фарз эканлигини баён қилган оятлар Нур сурасининг 31-ояти ва ушбу суранинг 53-оятида ҳам келган ҳамда ала қадриҳол тафсир қилиб ўтилган эди. Энди ушбу ояти каримада Ҳақ таоло учинчи бор аёллар учун ҳам, бутун жамият учун ҳам ўта муҳим бўлган ёпинчиқ мавзусини ёритиб, унинг ҳикматла-ридан бирини баён қилади: Жаноби Ҳақ Ўз Элчиси Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, аввало ўзларининг аёлларига ва қизларига сўнг жамийки мўмина аёлларга ёпинчиқ ёпинишлари фарз эканлигини етказишларини буюради ва ёпинчиқ ёпиниш фақат озод-ҳур аёлларга буюрилганини, бу иш уларнинг чўри эмас, яъни, одамлар орасида олиниб-сотилиб турадиган бир мато эмас, балки ҳуррияти ўз қўлида бўлган озод муслималар эканликларини кўрсатувчи энг аниқ аломатлардан бў-лишини, шу сабабдан кўча-кўйда ҳар-хил қаланғи-қасанғи, фосиқ кимсалар уларга хиралик қилиб сўз отишдан, озор беришдан тийилишлари учун энг яхши восита эканлигини айтади. Бас, маълум бўладики, мўмина аёлнингўзини, юзини ва қадди қоматини бегона эркакларга кўз-кўз қилмай пардада бўлишга буюрилиши асло уни хўрлаш, хуқуқини поймол қилиш учун эмас, аксинча уни шарафлаш, суқ назарлардан ҳимоя қилиш учун буюрилган экан. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ушбу Амри Илоҳийни аввало ўзларининг оилалари ва қизларига, кейин барча мўминаларга етказишга буюрилишлари у зотнинг ҳар бир яхши амалда умматларига гўзал намуна эканликларини, даъват қилаётган динларига энг аввал ўзлари ва оила аъзолари амал қилишларини кўрсатади.
Ушбу оят нозил қилинганида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг тўққиз аёллари: Оиша, Ҳафса, Умму Ҳабийба, Умму Салама, Савда, Зайнаб, Маймуна, Софийя ва Жувайрийя розияллоҳу анҳунна ҳамда тўрт қизлари: Зайнаб, Руқийя, Умму Гулсум ва Фотима розияллоҳу анҳун-на ҳаёт эдилар. Қизларининг тўртталаси ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг биринчи аёллари бўлмиш Ҳадича розияллоҳу анҳодан туғилган бўлиб, улардан учтаси Расулуллоҳ ҳаётлик пайтларида вафот этганлар, фақат Фотима розияллоҳу анҳо Пайғамбар алайҳис-саломнинг вафотларига олти ой бўлганида дунёдан ўтган.

60-61. Қасамки, агар мунофиқлар, дилларида мараз бўлган кимсалар ва Мадинада миш-миш тарқатиб юрувчилар (ўз қилмишларидан) тўхтамасалар, албатта Биз Сизни уларга қарши оёқлантирурмиз, сўнгра улар (Мадинада) Сиз билан бирга тура олмай қолурлар, магар лаънатга дучор бўлган ҳолларида жуда оз (вақт тура олурлар, холос). (У пайтда) улар қаерда топилсалар ушланурлар ва ўлдириб ташланурлар.
Муфассирлар бу ўринда зикр қилинган учта сифат эгаларининг ҳаммаси асли бир тоифа, яъни, мунофиқлардир, дейдилар. Мунофиқлар -дилларида мараз бўлган кимсалар эканлиги Бақара сурасининг 10-оятида айтилди. Ана ўша мараз дилли мунофиқлар Мадина кўчаларида санқиб юриб турли фисқу фужур ишларни қилишар, очиқ-сочиқ аёлларга шилқимлик қилиб уларни йўлдан урмоқчи бўлишар, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам жангга жўнатган аскарлар ҳақида Мадина аҳли орасида турли мишмишлар тарқатишиб гоҳо: “Уларнинг ҳаммаси мағлуб бўлиб ўлдирилиб юборилган эмиш”, десалар”, гоҳо мусулмонларни саросимага солиш учун: “Устинггизга душман бостириб келяпти”, деб гап тарқатар эдилар. Ояти каримада барча нарсани Билгувчи Зот қасам билан бундай миш-мишларни тарқатаётган кимлар эканлиги Бизга жуда яхши маълумдир, бас, агар улар бундай фитна-фасодларини тўхтатмайдиган бўлсалар ёки қилмишларига тавба қилиб чин иймон йўлига кирмайдиган бўлса-лар, албатта Биз Сизни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, оёқлантириб, уларга қарши очиқ жанг қилишга ва уларни Мадинадан сургун қилиб юборишга амр қилурмиз! Ана ундан кейин у мунофиқлар Сизга ҳамшаҳар бўлиб тура олмаслар, магар жуда оз фурсат - кирдикорлари фош бўлиб кўлга тушгунларича, ҳамманинг қарғишига нишон бўлган ҳолларида турадилар ва кейин қочиб кетишга улгурмаганлари топилган жойларида ушланиб ўлдириб юбориладилар! деб жуда қаттиқ огоҳлантиради.

62. (Бу Ҳукм ҳам) гўё Оллоҳнинг илгари ўтган (мунофиқ) кимсалар ҳақидаги суннати - Қонуни кабидир. Оллоҳнинг Суннатини эса ҳаргиз ўзгартира олмассиз.
Яъни, вақти келиб мунофиқлар ҳамманинг лаънатига учраши, мунофиқликлари фош бўлганида ушланиб қатл қилинишлари ва мусулмонлар албатта уларнинг устидан ғолиб бўлишлари - буларнинг барчаси азал-азалдан Оллоҳ таолонинг Қонуни бўлиб, ҳаргиз бу Қонуннинг ўзгарганини кўрмайсиз, чунки ҳеч ким Оллоҳ таоло буюрган Қонунни ўзгартира олмайди. Оллоҳнинг Қонуни ҳеч қачон ҳеч ким томонидан ўзгартирилмай келаётганининг ҳикмати, кишилик жамиятини сақлаш учун уни лой-қалатаётган, ўзларининг фисқу фужурлари билан одамларни бузаётган ва одамлар орасида турли миш-мишлар тарқатаётган мараз дилли мунофиқ кимсаларни вақти-вақти билан думларини қирқиб, жамият ҳавосини тозалаб туриш зарурати борлигидир, агар ушбу Илоҳий Қонун ўзгарадиган бўлса, кишилик жамияти ҳалокатга юз тутиши аниқ эканлигидир.

63. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), одамлар Сиздан (Қиёмат) Соати (қачон бўлиши) ҳақида сўрайдилар. «У (Соат ҳақидаги) илм Ёлғиз Оллоҳнинг ҳузуридадир», деб айтинг. Сиз қаердан билурсиз, эҳтимол у Соат яқин келиб қолгандир.
Ояти каримада Қиёмат Куни “Соат” деб номланишига сабаб, муфассирлар айтишларича, унинг тўсатдан келиши, дунёнинг сўнгги соати бўлгани ва аввал-у охир барча халойиқдан ким жаннати, ким дўзахи бўлиши Ҳақ таоло тарафидан бир соатда ҳал қилинишидир.
Ҳақ таоло Ёлғиз Ўзига маълум бўлган Ҳикмат сабабли ана ўша Соатнинг қачон келишини бандалари учун сир қилиб қўйди. Албатта мўминлар Оллоҳ таоло хоҳлаган соатда ўша Соат келишига иймон келтирадилар ва имкониятлари қадар ўша Соатдаги ҳисоб-китоб учун тайёргарлик кўриб, яъни, солиҳ амаллар қилиб, гуноҳлардан четланиб яшайдилар. Кофирлар эса - «Агар ростгўй бўлсангизлар (айтингларчи) ушбу ваъда (қилинган Қиёмат Куни) қачон бўлади?», дерлар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: «(Қиёмат қачон қойим бўлиши ҳақидаги) билим Ёлғиз Оллоҳнинг ҳузуридадир. Мен фақат бир очиқ огоҳлан-тиргувчидирман, холос”. (Мулк сураси, 25-26-оятлар).
Дарвоқеъ, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қиёмат Соати жуда яқин экани ҳақида кўп бор огоҳлантирганлар: Бухорий, Муслим ва Термизий Анас розияллоху анҳудан ривоят қилдилар: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ўзим билан Соат мана бу иккиси каби бўлганида пайғамбар қилиб юборилдим”, дедилар ва кўрсаткич бармоқлари билан ўрта бармоқларини жуфт қилиб кўрсатдилар.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қиёмат Соатининг қандай келиши ҳамда у Кун келганида одамлар қай ҳолатда қолишлари ҳақида ҳам хабар бердилар: Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “То қуёш кунботар тарафдан чиқмагунича Қиёмат Соати қойим бўлмайди. Бас, қачон қуёш кунботар тарафдан чиққанида уни кўрган барча одам иймон келтиради. Аммо илгари иймон келтирмаган ёки мўмин ҳолда яхши амал қилмаган кимсаларнинг ўша Куни келтирган иймонларининг фойдаси йўқдир.
Қиёмат Соати икки киши ўрталарига газмолларини ёйиб турган ҳолларида уни савдосини битирмасларидан ёки йиғиштириб олишга улгурмасларидан келиб қолади!
Қиёмат Соати кўйини соғиб Олган киши ўша сутни ичишга улгурмасидан келиб қолади!
Қиёмат Соати киши ҳовузини суваб унга сув тўлдирган ҳолида ўша сувдан ичишга улгурмасидан келиб қолади!
Қиёмат Соати киши таомини оғзига олиб борган ҳолида уни ейишга улгурмасидан келиб қолади”, дедилар.
Аммо Оллоҳ таолонинг энг суюкли бандаси ва сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам у Соатнинг қачон келишини аниқ айтмадилар, чунки “(Қиёмат Соати қачон қойим бўлиши ҳақидаги) билим фақатгина Оллоҳ даргоҳидадир. Лекин жуда кўп одамлар (буни) билмайдилар”.
Яъни, Қиёмат Соати қачон қойим бўлиши Оллоҳдан ўзга ҳеч кимга маълум эмаслигини билмайдилар ёки у Соат қачон қойим бўлишини билмаслик бандалар учун яхшилик эканини билмайдилар ёхуд умуман Қиё-мат қойим бўлишини билмайдилар - ишонмайдилар.

64-65. Албатта Оллоҳ кофирларни лаънатлади ва улар учун ловуллаган ўтни тайёрлаб қўйди. Улар на бир дўст ва на бир ёрдамчи топмаган ҳолларида у жойда мангу қолурлар.
Яъни, ҳеч шак-шубҳа йўқки, Оллоҳ таоло куфр аҳлини - барча иймонсиз кимсаларни қарғади - Ўзининг Раҳматидан дунё ва Охиратда йироқ қилиб қўйди. Энди улар Оллоҳнинг лаънати остида яшайдилар, ўладилар ва Қиёмат Кунида ҳам лаънат остида қайта тириладилар. Оллоҳ таоло улар учун абадул-абад тинмасдан ловуллаб ёниб турадиган жаҳаннамни тайёрлаб қўйгандирки, улар ўша жойда мангу азобга гирифтор қилинурлар. Кофирлар дўзахда азобланар эканлар, уларга раҳми келадиган бирон-бир дўст топа олмаслар ва уларни бу туганмас азоб-уқубатдан халос қиладиган бирон бир ёрдамчи ҳам топа олмаслар!

66. Юзлари оловда айлантириладиган - куйдириладиган Кунда, улар: «Қани эди, бизлар ҳам Оллоҳга итоат этганимизда, Пайғамбарга итоат этганимизда», дерлар.
Яъни, кофирларнинг кўзлари ана ўша Кунда очилади. Улар учун берилган ғанимат фурсатни - дунёдаги ҳаётларини куфру исён билан беҳуда совурганларини, куфр йўлини танлаб қаттиқ адашганларини англаб етадилар ва юзу кўзлари, бутун баданлари ловуллаган дўзах ўтида бирон лаҳза тинмасдан қовурилиб айлантирилар экан: “Эҳ, қани эди, дори дунёдалик пайтимизда бизлар ҳам Оллоҳ таолога иймон келтириб, Унинг Амр-Фармонларига итоат этганимизда, қил деган амалларини қилиб, қайтарганларидан қайтганимизда ва Унинг Ҳақ Йўлга даъват қилган Элчисига - Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга итоат этганимизда, унга эргашганимизда эди, мана бу азоб-уқубатларга гирифтор қилинмаган бўлар эдик”, деб минг-минг афсус-надоматлар қилурлар!

67-68. Яна улар «Парвардигоро, дарҳақиқат, бизлар бошлиқлари-мизга ва катталаримизга бўйинсундик, бас, улар бизларни (Тўғри) Йўлдан оздирдилар. Парвардигоро, Сен уларга азобни икки ҳисса қилиб бергин ва уларни катта лаънат билан лаънатлагин», дедилар.
Яъни, Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида Одам болаларидан ва жинлардан кофир бўлганларининг ҳаммасини дўзахга ҳукм қилади, кейин келган кофирларни аввал ўтган кофирларга қўшилишга, Ҳақ Йўлдан оздиргувчи доҳийларга тақлид қилиб, эргашиб куфр йўлига кириб кетган кимсаларни дўзахда ўзларининг пешволари билан бирга бўлишга буюради. Шундай қилиб, то Қиёмат қойим бўлгунича ҳаёти дунёдан бирин-кетин ўтган барча кофирлар ўша Кунда бирин-кетин дўзахга ташланиб, ҳаммалари жаҳаннамда тўпланадилар. Ояти каримада хабар берилишича, олдин-кейин ўтган кофирлар дўзах қаърига ташланиб, ўша жойда топишиб - тўп-ланишганларидан кейин ловуллаб ёнаётган дўзах яна ҳам қизиб кетади - куни кеча апоқ-чапоқ дўст бўлган, ана ўша дўстликларини сақлаш учун Оллоҳнинг Динидан кечиб кофир бўлган кимсалар У Кунда бир-бирларини кўргани кўзи йўқ энг ашаддий душманларга айланадилар бир-бирларига тинмай қарғиш-лаънатлар ёғдирадилар. Эргашганлар ўзларининг дўзахга тушишларига уларни йўлдан урган бошлиқлари - йўлбошчилари сабаб бўлганларидан шикоят қилиб, Оллоҳ таолодан уларга азобнинг энг қаттиғини беришни сўрашса, бошлиқлари эса, одамларни йўлдан уриб, дўзахга тушишларига сабаб бўлган доҳийлари эса ўзларига эргашиб, улар чизиб берган йўлларга, оқимларга юриб, улар тузиб берган ҳизбларга ки Хақ Йўлдан озган ва оқибат натижада дўзахи бўлган тобеларига аввал дунёда берган ваъдаларидан тониб: “Сизлар бизларга эргашганлагингизда ақлларингиз қаёқда эди? Энди сизлар ҳам, биз ҳам баробар деб жавоб қиладилар.
Хақ таоло ҳар икки тоифа кофирларга - бошлиқларига одамларни йулдан уриб адаштирганлари учун, уларга эргашиб дўзахга тушганларига эса бошлиқларига кўр-кўрона тақлид қилиб эргашганлари учун энг атаддий, ҳеч қачон тўхтамайдиган мангу азоб беришини айтиб огоҳлантиради.
Демак, Охиратдаги мангу ҳаётда бахтли бўлай деган инсон қилган хатоларига мана бу ўткинчи дунёда тавба қилиши керак, кирган нотўғри йўлидан мана шу дунёда қайтиб, ҳаётининг қолган қисмини Қуръон ва Хадис кўрсатган Тўғри Йўлда ўтказиши керак, акс ҳолда, бутун ҳаётини куфр, ширк ва бошқа гуноҳ - маъсиятлар билан совуриб, сўнгра Қиёмат Кунида қилган афсус-надоматидан ҳеч наф йўқ. У Кунда мушрикларга қилиб ўтган барча ёмонликлари кўрсатилади, улар: “Нима учун қилган эканмиз”, деб надоматлар қиладилар, уларга ҳаёт пайтларида қилишлари мумкин ва керак бўлган яхшиликлар ҳам кўрсатилади, улар: “Нима учун қилмаган эканмиз”, деб надомат қиладилар.
Суддий айтади: “Кофирларга, мушрикларга жаннат ва ундаги уйлари кўрсатилиб: “Агар сизлар Оллоҳга итоат қилганларингизда эди, мана бу уйлар сизларнинг масканларингиз бўлар эди”, дейилади ва у уйларни мўминларга тақсимлаб берилади. Ана ўшанда улар ҳасрат - надоматда қоладилар”.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “(Оллоҳ) айтур: «Сизлардан илгари ўтган жин ва инсдан иборат (кофир) миллатлар билан бирга дўзахга кирингиз!» Қачон бир жамоат (ўша дўзахга) кирганида шеригини (яъни, ўзини йўлдан урганларни) лаънатлайди. Қачонки унда (дўзахда) ҳаммалари топишишгач, кейингилари (эргашганлар) аввалгилари (бошлиқлари) ҳақида: «Парвардигоро, ана ўшалар бизларни йўлдан оздирганлар, бас, уларга дўзах азобини икки баробар қилгин», дейдилар. (Оллоҳ) айтур: «Ҳар бирингиз учун икки баробар азоб бўлур, лекин сизлар билмайсизлар». Аввалгилари эса кейингиларига: «Сизларнинг биздан бирон афзаллик томонингиз йўқдир, бас, қилиб ўтган (гуноҳларингизга) яраша азобингизни тота веринглар», дейдилар”. (Аъроф сураси, 38-39-оятлар).

69. Эй мўминлар, сизлар (ўз Пайғамбарларингиз Муҳаммад алайҳис-саломга нисбатан бани Исроил қавмидан бўлган) Мусога озор берган кимсалар каби бўлмангизлар! Бас, Оллоҳ (Мусони) улар айтган айблардан поклади. У Оллоҳ наздида обрўли киши эди. (Худди шунингдек Муҳаммад алайҳис-салом ҳам Оллоҳ наздида обрўли кишидир).
Юқорида ўтган оятларда Оллоҳга, Унинг Элчиси Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга ва мўминларга озор берган кофирлар ва мунофиқларнинг оқибатлари қандай бўлгани ҳақида зикр қилингач, энди ушбу ояти каримада мўминларга хитоб қилиниб, уларни Мусо алайҳис-саломга озорлар берган бани Исроил қавмига ўхшаб Муҳаммад алайҳис-саломга озор бермасликка чақиради. Оят тафсирида муфассирлар бир мўмин томонидан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга берилган озор ҳақида ушбу ҳадиси шарифни келтирадилар: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: У деди: “Пайғамбар алайҳис-салом жангда қўлга киритилган ўлжаларни мусулмонларга тақсимлаб берганларида ансорийлардан бўлган бир киши: “Бу тақсимотда Оллоҳнинг Юзи ирода қилинмади, яъни, холис тақсим қилинмади”, деган эди, мен Пайғамбар алайҳис-саломнинг олдиларига бориб унинг сўзи ҳақида хабар бердим. Шунда Расулуллоҳ жуда қаттиқ ғазабландилар, ҳатто муборак юзлари ғазабдан қизариб кетганини кўрдим. Сўнгра: “Оллоҳ биродарим Мусо алайҳис-саломни Ўз Раҳматига олсин. У бундан қаттиқроқ озорларга йўлиққанида ҳам сабр қилган эди”, дедилар. Энди яҳудларнинг Мусо алайҳис-саломга етказган озор-азийятлари бениҳоя кўпдир. Ояти карима тафсирида улардан бири мисол тариқасида келтирилади: Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Бани Исроил қавми чўмилганларида яланғоч чўмилаверар, Мусо алайҳис-салом эса уларга баданини кўрсатмасдан бир четда ўзи ёлғиз чўмилар эди. Шунинг учун у қавм: “Мусонинг баданида айби борлиги учун ечинмасдан яшириниб чўмилади”, деб Оллоҳнинг элчисига озор берар эдилар. Бас, Оллоҳ таоло Ўз элчисини оқлашни - унинг баданида ҳеч қандай айби йўқлигини ошкор қилишни хоҳлади. Бир куни Мусо ўзи ёлғиз Шом заминидаги булоқлардан бирида чўмилмоқчи бўлди ва кийимларини ечиб булоқ бўйидаги тош устига қўйиб энди сувга тушган эдики, ҳалиги тошга жон кириб, устидаги Мусонинг кийимларини олиб қоча бошлади. Буни кўрган Мусо жон ҳолатда: “Эй тош, кийимимни бер, эй тош кийимимни бер”, деганича унинг ортидан кувиб кетди. Тош бўлса, Оллоҳнинг амри билан то бани Исроилликлар турган жойга боргунича тўхтамади ва қавм тош ортидан югуриб келган Мусонинг баданида бирон айби йўқ, гўзал қад-қоматли йигит эканлигини кўрдилар. Оятдаги “Бас, Оллоҳ Мусони улар айтган айблардан поклади”. жумласининг маъноси шудир”. (Бухорий, Муслим ва бошкдтшр ривоят қилганлар).

70-71. Эй мўминлар, Оллоҳдан қўрқинглар ва (доимо) тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Оллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Оллоҳга ва Унинг Элчисига итоат этса, бас, у буюк саодатга эришибди.
Ушбу оятларда мўмин бандаларига бениҳоя Меҳрибон ва Раҳмли Парвардигоримиз бизларга энг улуғ унвонимиз иймон сифатимиз билан хитоб қилиб, ҳам дунё, ҳам Охиратимизда асқотадиган, ҳар иккисида бахтли-саодатли бўлишимизга кафолат берадиган уч ишни буюради ва уларга бериладиган уч буюк мукофотини зикр қилади. Демак, ҳар бир мўминга Яратган томонидан буюрилган энг биринчи вазифа - у бутун умри давомида Оллоҳ таолодан қўрқиб, Унинг буюрганларини қилиб, қайтарганларидан қайтиб, қўлидан келганича гуноҳ амаллардан сақланиб ҳаёт кечириши лозим, иккинчидан, тўғри сўз бўлиши, сўзлаганида фақат Ҳақ Сўзни айтиши, яъни, тили билан дили бир бўлиши керак. Лекин тўғри сўз дейилганида киши ўзи тўғри деб билган ёки бировлардан эшитган сўзларни етказавериши етарли эмас, балки айтадиган сўзининг ҳақиқатан ҳам ҳақ сўз эканлигини аниқ далил-ҳужжат билан билганидан кейингина тилига чиқарадиган киши тўғри сўзни айтган бўлади. Чунки эшитган сўзини рост ёки ёлғон эканлигини аниқламасдан туриб сўзлайверадиган кишилар ҳақида Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Киши эшитган ҳамма сўзини бошқаларга айтиб юравериши унинг ёлғончили-гига етарли далилдир”, деб огоҳлантирганлар. Демак, ростгўй инсон фақат далил-ҳужжати аниқ бўлган сўзнигина сўзлайдиган инсондир. Инсонлар айтадиган сўзларнинг энг рости, масалан: “Ла илаҳа иллаллоҳ - ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Оллоҳ бордир” деган Сўз бўлиб, иккинчи энг рост Сўз: “Муҳаммадун Расулуллоҳ - Муҳаммад Оллоҳнинг Элчисидир”. деган Сўздир. Зотан ушбу муборак калиманинг ростлигига бутун оламлар ва улардаги бор нарса гувоҳлик бериб туради. Мўминнинг мўмин сифатига эга бўлиши ҳам мана шу калимани чин ихлос билан айтганида воқеъ бўлади. Бас, мана шу Рост Сўзни айтган ҳар бир мўмин энди бутун ҳаёти давомида фақат рост сўзлаши, одамларни алдамаслиги ёки сўзлайдиган тўтиқушга ўхшаб қулоғига тушган ҳар қандай миш-мишни бировларга тарқатиб юрмаслиги лозимдир.
Ояти каримада Оллоҳ таоло мазкур икки сифатга эга бўлган - Оллоҳдан қўрқадиган ва доимо тўғри сўзни сўзлайдиган мўминларнинг ишларини Унинг Ўзи ўнглаб кўйиши ва уларнинг бандалик билан билиб-билмай қилган гуноҳларини кечириб юбориши ҳақида хабар беради. Ажабо! Яратганнинг Фазлу Карами нақадар кенг эканки, банда фақат ўзи муҳтож бўлган, фойдаси фақат ўзига тегадиган икки сифатга - тақводорлик -парҳезкорлик ва ростгўйлик сифатларига эга бўлсада, Оллоҳ таоло шундай сифатларга эга бўлган бандасининг ишларини ўнглаб қўйса ва гуноҳларини кечириб юборса! Меҳрибон Парвардигоримизга сон-саноқсиз ҳамду саноларимиз бўлсин.
Бу ўринда билиб олишимиз лозимки, Оллоҳ таоло Ундан қўрқадиган ва тўғри сўзни сўзлайдиган бандаларининг ишларини ўнглаб қўяди, деган иборанинг маъноси жуда кўп ва хилма-хилдир. Яъни, Оллоҳ таоло мазкур сифатларга эга бўлган мўминларнинг қилаётган амалларидаги хато ва нуқсонларни тузатиб - ўнглаб Унинг ҳузурида қабул бўладиган бенуқсон амалларга айлантириб қўяди, Оллоҳ таоло у бандаларининг амалларини ўнглаб, фақат яхши амаллар қиладиган кишиларга айлантириб қўяди Оллоҳ таоло бундай тақво ва ростгўйлик сифатларига эга бўлган бандаларининг ишларини ўнглаб, тўхтаб қолган ёки инқирозга учраган ишларини ҳам юргизиб юборади. Чунки бундай киши билан бирга ишлайдиган ҳамкорлар шерикларининг Оллоҳдан қўрқадиган ва бировни алдамайдиган инсон эканлигига гувоҳ бўлишгач, ўртада ишонч пайдо бўлади, ҳамкорликлари кучаяди ва оқибат-натижада ишлари юришиб, тижоратларига хайр-барака киради. Мана шу Оллоҳ таоло уларнинг ишларини ўнглаганидир.
Ва ниҳоят ояти каримада буюрилган учинчи иш Оллоҳ ва Унинг Расулига сўзсиз итоат этиш бўлиб, кимда-ким зиммасидаги фарзларни адо қилиш билан Оллоҳ таолога итоат этса, суннатларга амал қилиш билан Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга итоат этса, мана шу икки сифатга эга бўлган кишилар албатта Охират диёрида Оллоҳнинг инъомига сазовор бўлган зотлар - энг гўзал-яхши ҳамроҳлар - дўстлар билан, яъни, пайғамбарлар, чин ихлос ва садоқатли, айтган сўзлари қилган ишларига рост келадиган сиддиқлар (Улар Абу Бакр Сиддиқ розияллоху анху бош бўлган улуғ саҳобалар), Оллоҳ Йўлида жонларини фидо қилган шаҳидлар ва солиҳ - яхши кишилар (иймон билан солиҳ амаллар қилиб ўтган мўминлар) билан бирга бўладилар. Демак, улар ояти каримада зикр қилинганидек, энг буюк саодатга эришибдилар.

72. Албатта Биз бу омонатни (яъни, Шариати Исломийядаги тоат-ибодатларни) осмонларга, Ерга ва тоғу тошларга кўндаланг қилган эдик, улар уни кўтаришдан бош тортдилар ва ундан қўрқдилар. Инсон эса уни ўз зиммасига олди. Дарҳақиқат, у (ўзига) зулм қилгувчи ва нодон эди (яъни, бу омонатнинг нақадар вазмин юк эканлигини бутун коинот билди ва уни кўтаришга курби етмаслигини сезди, аммо инсон ўзи билмаган ҳолда ўта мушкил вазифани ўз зиммасига олди).
Муфассирлар ояти каримадаги “инсон”дан мурод, биринчи инсон Одам алайҳис-салом эканлигини айтадилар. “Тафсири Қуртубий”да Ҳасани Басрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, омонат (яъни, ҳар бир иш-амалда омонатдор - ишончли бўлиб, зиммасидаги омонатга ҳеч қачон хиёнат қилмаслик) осмонлардаги малоикаларга ва Ер-у тоғлардаги барча жонзотга кўндаланг қилиниб, зиммаларингизга оласизларми? деб сўралди. Улар: “Омонатда нима (яъни, қандай масъулият) бор?” дейишди. Айтилдики, агар уни чиройли адо қилсанг, (яъни ҳеч бир иш-амалда хиёнат қилмасанг), мукофотланасан, агар унга хиёнат қилсанг азоб-уқубатга гирифтор бўласан. Шунда улар: “Йўқ, бизлар бундай улуғ масъулиятни бўйнимизга олишдан қўрқамиз”, дейишди. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ айтади: “Бас, қачонки Оллоҳ таоло Одамни яратгач, унга ҳам омонатни кўндаланг қилган эди, Одам алайҳис-салом ҳам: “Унда нима (яъни, қандай масъулият) бор”, деб сўради. Айтилдики, агар уни чиройли адо этсанг, Мен сенга ажр-мукофот бераман, агар унга хиёнат қилсанг, сени азоблайман. Одам: “Ё Парвардигорим, мен уни зиммамга олдим”, деди. Одам алайҳис-салом омонатни бўйнига олиши билан унинг жаннатдан чиқарилиши ўртасида пешин билан аср ўртасидаги вақт ўтди, холос”. Шундай қилиб, омонат Одам болалари зиммасидаги вазифа бўлиб қолди.
Демак, омонатдорлик, ишончлилик мусулмоннинг ҳар бир иш-амалида, одамлар билан қиладиган муомаласида, Парвардигори буюрган ибодатларни адо этишида яққол кўриниб туриши керак, унинг энг устун фазилатларидан бирига айланиши керак. Яъни, ҳар бир мусулмон ишончлиликда, омонатга хиёнат қилмасликда ўз қавмлари томонидан Муҳаммад Амин - Ишончли Муҳаммад деб ном олган Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламдан улгу - ибрат олиши керак.
Албатта омонатнинг турлари кўпдир. Улар орасида Ҳақнинг омонатлари ҳам, халқнинг омонатлари ҳам бор. Парвардигоримиз биз мусулмон бандаларига буюрган ҳар бир иш зиммамиздаги Оллоҳнинг омонатидир. Намоз, рўза, закот, ҳаж ва бошқа ибодатлар Яратганнинг устимиздаги омонат қўйган ҳақларидирки, уларнинг биронтасига хиёнат қилмай адо этишимиз фарздир - мусулмонлик бурчимиз, вазифамиздир.
Шунингдек, ҳар биримизнинг вужудимиз - баданимизнинг бошдан оёққача бўлган ҳар бир аъзосини Роббимиз бизга омонат қилиб берган мусулмон ўз баданини дунёси ва Охирати учун фойдали бўлган нарсаларгагина ишлатиши, дунё ва Охиратига зиён етказадиган ишга қадам босмаслиги керак, шунингдек, у ўз баданини касалликка чалинишига, бирон аъзоси ишдан чиқишига сабаб бўладиган хатарлардан имконияти қадар ҳимоя қилиши керак.
Имом Бухорий, Муслим ва бошқа муҳаддислар Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Ҳар бирингиз (гўё) чўпонсиз, ҳар бирингиз ўзига қарашли подадан сўралгувчисиз...” Яъни, ҳар бир инсон ўзи бошқарадиган нарсага жавобгардир. Маълумки, ҳар бир инсон энг камида ўзига хўжайин - ўз баданининг ҳар бир аъзосини нимага ишлатиш, қандай бошқариш ҳуқуқига эга, демак, уни савобли, фойдали ишларгами ёки зиёнли гуноҳ ишларгами ишлатганига жавобгардир. Қиёмат Кунида унга мана шу баданни омонат қилиб бериб қўйган ва уни тасарруф қилиш хуқуқ ва имкониятини ҳам бериб кўйган Зот тарафидан сўралиши муқаррардир.
Яна мусулмон бошқалар билан қиладиган ҳар қандай муомалада омонатга хиёнат қилмаслиги керак: Қўлида омонат бўлган бировларнинг нарсаларини ўз вақтида ва тўла ҳолда эгаларига қайтариши, олди-берди муомалаларида алдамаслиги, сўзлаганида фақат рост сўзлаши, одамларнинг сирларини бошқаларга ёймаслиги мўминнинг омонатдор инсон, демакки, чин мўмин эканига далил бўладиган хислатлардандир.
Қуръон ва ҳадисда омонатни сақлаш хусусида кўп оят ва ривоятлар ворид бўлган: “Эй мўминлар, Оллоҳ ва Унинг Пайғамбарига хиёнат қилмангиз ва билган ҳолларингизда сизларга ишониб берилган нарсаларга (яъни, Динга ва бошқа ҳар қандай омонатларга) хиёнат қилмангиз”. (Анфол сураси, 27-оят).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилдилар: “Оллоҳ Йўлида шаҳид бўлиш барча гуноҳларни ўчириб юборади, аммо омонатга хиёнат қилинган бўлса, бу гуноҳ ўчирилмайди”.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Омонатсиз кимсанинг иймони йўқ, аҳдга вафо қилмайдиган кимсанинг дини йўқ”, дедилар.
Яна барча муҳаддислар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда: “Мунофиқнинг аломати учтадир: сўзласа, ёлғон сўзлайди, ваъда қилса, устидан чиқмайди, унга омонат қўйилса, хиёнат қилади”, дедилар.

73. Оллоҳ мунофиқ ва мунофиқаларни, мушрик ва мушрикалар-ни азоблаш учун ҳамда мўмин ва мўминаларнинг тавба-тазарруъларини қабул қилиб, (гуноҳларини мағфират қилиш учун Одам болаларига бу омонатни юклади). Оллоҳ Мағфират қилгувчи ва Меҳрибон бўлган Зотдир.
Ибн Қутайба раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ояти карима мазмуни, Оллоҳ таоло токи мунофиқнинг мунофиқлиги, мушрик-кофирнинг мушриклиги ошкора бўлиши ва бу жиноятлари - омонатга хиёнат қилганлари сабабли уларни азоб-уқубатга гирифтор қилиш учун ҳамда токи мўминнинг зиммасига олган омонатга хиёнат қилмаслиги билан ҳақиқий мўминлиги ошкор бўлиши ва шу сабабли Оллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилиб (яъни, Ўз Раҳматига олиб), агар унинг томонидан айрим тоат-ибодатларида нуқсон-камчиликлар содир бўлса кечириб юбориш учун инсон зотига омонатдорлик вазифасини юклади. Албатта Оллоҳ таоло мўмин банда-ларининг тавбаларини қабул қилиб, гуноҳларини Мағфират Қилгувчи, бениҳоя Меҳрибон Зотдир”.
Илоҳо Парвардигоримиз бизларга ҳам Ўзининг омонатдор бандала-ридан бўлишимизни насиб этсин. Илоҳим барчамизни тавба-тазарруъларимизни қабул қилиб, гуноҳларимизни кечириб Ўзининг Раҳмати - жаннати билан мушарраф айласин. Омин, ё Роббал-оламийн.
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг тавфиқ ва инояти билан Аҳзоб сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.

 

035. Фотир сураси

Ушбу сурайи карима ҳам Маккада нозил қилинган бўлиб, қирқ беш оятдан иборат.
Сура Оллоҳ таолога ҳамду сано айтиш билан бошланиб, Унинг осмонлар ва Ерни йўқдан бор қилган Зот экани ҳамда инсонларни Ҳақ Йўлга ҳидоят қилиш учун Ўзи билан улар ўртасида фаришталарни элчи-воситачи қилиб қўйгани ҳақида хабар берилади.
Ушбу сурада ҳаёти дунёдан кейин Охират ҳаёти келиши ҳақ эканлигига осмону заминда, кишилар кўз ўнгида кечадиган воқеа-ҳодисалар ҳам аниқ далолат қилиб туриши ва шу билан бирга коинотдаги ҳар бир махлуқотўзининг нечоғли мукаммаллиги ва ўта нозик интизоми билан тенгсиз Қудрат ва беқиёс Ҳикмат Эгаси бўлган бир Яратгувчи мавжуд эканига очиқ ҳужжат бўла олиши уқтирилади.
Сура мушрикларнинг жонсиз бутларга сиғинишларини кескин қоралаш билан ниҳояланади.
Ушбу сурайи карима Оллоҳтаолонинг гўзал исмларидан бири бўлмиш «Фотир - Илк Яратгувчи» номи билан аталгандир.

Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан

1. Ҳамду сано осмонлар ва Ерни илк Яратгувчи ҳамда фаришталарни (Ўзи билан пайғамбарлари ўртасида) икки, уч, тўрт қанотли элчилар қилгувчи Оллоҳ учундир. У Зот (яратган) махлуқотида Ўзи хоҳлаган нарсани зиёда қилур. Албатта Оллоҳ барча нарсага Қодирдир.
Ушбу сурайи карима ҳам юқоридаги Сабаъ сураси каби Оллоҳ таолога ҳамду сано айтиш - барча мақтов ва шукроналар Ёлғиз Оллоҳга айтилиши лозим эканлигини эслатиш билан бошланади. Чунки У осмонларни ҳам, Ерни ҳам мутлақо беандоза илк Яратгувчисидир, йўқдан бор қилгувчисидир, том маънодаги Танҳо Ижодкоридир. Демак, дунёдаги бор мавжудот, биринчи навбатда барча инсонлар мана шу дунёда яшаётганлари - борликлари учун ҳам Оллоҳ таолога доимо ҳамду санолар айтишга бурчлидирлар. Оятдаги суранинг номига айланган “Фотир” калимаси йўқликни ёриб бор қилгувчи, аслида мавжуд бўлмаган нарсани ҳеч қандай андозасиз илк бор Яратгувчи деган маънога далолат қилади. Ана шундай беқиёс Қудрат, Билим ва Ҳикмат Эгаси бўлмиш Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога яна шунинг учун ҳам ҳамду санолар, шукроналар айтишимиз лозимки, У Ўзи билан пайғамбарлари ўртасида элчилик қилгувчи Жаброил, Мекоил, Исрофил, ва Азроил каби муқарраб малоикаларни яратди ҳамда уларга осмондан Ерга тушишлари, Ердан осмонга учишлари учун иккитадан, учтадан, тўрттадан қанотлар ато этди.
“У Зот яратган махлуқотида Ўзи хоҳлаган нарсани зиёда қилур”.
Яъни, У Ўзи яратган малоикаларининг хилқатида яна Ўзи хоҳлаганича қанотларни зиёда қилиши, шунингдек, бошқа махлуқотларининг, жумладан, инсонларнинг хилқатида ҳам бирини биридан зиёда қилиб, бир-биридан чиройли кўз, бурун, оғиз, қад-қомат ва гўзал овозлар ато этиши мумкин. “Албатта Оллоҳ барча нарсага Қодирдир”.
Имом Муслим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам меърожга чиққанларида Жаброил алайҳис-саломни ўз суратида кўрдилар. Унинг олти юзта қаноти бўлиб, ҳар икки қанотининг ораси мағриб (кунботар) билан машриқ (кунчиқар)нинг орасичалик бор эди. (“Тафсири Мунийр”дан).
Бас, инсоний ақл мутлақо бовар қила олмайдиган бу қадар буюк мах-луқотни яратишга Қодир Оллоҳ субҳонаху ва таоло барча ҳамду саноларнинг Эгасидир.

2. Оллоҳ одамлар учун не бир раҳмат-марҳаматни очиб қўйса, бас, уни ушлаб-тўсиб қолгувчи бўлмас ва нени ушлаб-тўсиб қўйса, бас, У Зот (ушлаб қолгани)дан сўнг у (нарсани бандаларга) бирон юборгувчи бўлмас. У Кудрат ва Ҳикмат Эгасидир.
Ушбу ояти карима иймон рукнларидан бўлган “Ҳар иш Оллоҳдандир”, деган ақиданинг асосидир. Мўмин инсон яхшилик ҳам, ёмонлик ҳам Ёлғиз Оллоҳ таолонинг тақдири - ирода ва ўлчови билан бўлишига аниқ ишониши шартдир. Фақат шундагина у ҳоли ҳаётда хотиржам яшайди, яхшиликларга етганида ҳовлиқиб кетмайди, балки етказгани учун ҳар ишнинг Эгаси бўлмиш Оллоҳ таолога шукрлар қилади, бошига ёмонлик-мусибатлар тушадиган бўлса, тушкунликка - ноумидликка тушмайди, балки уларни кетказишини сўраб ҳар ишнинг Эгаси бўлмиш Оллоҳ таолога дуо-илтижо қилади.
Ушбу ояти карима мазмунини тўлдирадиган, уни тафсир қиладиган оят ва ҳадислар кўпдир: “Агар Оллоҳ Сизга бирон зиён етказса, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар Сизга бирон яхшилик (етказишни) ирода қилса, Унинг Фазлу Марҳаматини қайтара олгувчи йўқдир. У Ўзи хоҳлаган бандаларига яхшилик етказур. У Мағфиратли, Меҳрибондир.” (Юнус сураси, 107-оят).
“(Эй инсон), агар Оллоҳ сени (камбағаллик, хасталик каби) бирон зиён билан ушласа, бас, уни фақат Ўзигина аритгувчидир. Агар сени бирон яхшилик билан ушласа, бас, (билгинки), У ҳамма нарсага Қодирдир”. (Анъом сураси, 17-оят). “Саҳиҳи Бухорий”да ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Оллоҳим, Сен ато этган нарсани тўсгувчи йўқдир, Сен тўсган нарсани ато этгувчи йўқдир, бахт-омад Эгасига (Сенинг Изнингсиз омади) фойда бермас, бахт-омад Ёлғиз Сенинг Ўзингдандир”, деганлар.
Ояти каримада Оллоҳ таоло бандасига Ўз Фазлу Марҳаматини кўргазиб, гарчи банда лойиқ бўлмаса-да, унга диний ёки дунёвий яхшилик офият, барака ва ғалаба каби неъматлар ато этишни ирода қиладиган бўлса, у неъматларни ҳеч ким тўса олмаслиги таъкидланади ва бандалардан кимга Фазл-Марҳамат кўргазиш Ёлғиз Оллоҳнинг инон-ихтиёридаги иш экани уқтирилади. Демак, ҳар бир инсон зиён - ёмонликлардан омонда бўлиш учун ҳам, яхшиликка - Илоҳий Фазлу Марҳаматга эришиш учун ҳам гуноҳлардан тавба қилган бандалари учун Мағфиратли, тоат-ибодат қилгувчи бандалари учун Марҳаматли Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ёлғиз Ўзига дуо-илтижо қилиши лозимдир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Бутун умрингиз бўйи яхшилик сўраб дуо қилинглар, Парвардигорингизнинг Фазлу Марҳаматига кўз тутинглар! Албатта, Оллоҳ таолонинг Ўз Файзу Раҳматидан бўлган шундай ҳадялари бордирки, уларни Ўзи хоҳлаган бандаларига етказур. Ва доимо Оллоҳ таолодан сизларнинг аврат - айбларингизни беркитишини, хавфу хатарлардан паноҳ беришини сўранглар”, деб буюрдилар. (Ҳофиз ибн Асокир ривояти. “Тафсири Мунийр” китобидан).

3. Эй инсонлар, сизлар Оллоҳ ато этган (сон-саноқсиз) неъматни эслангиз! Сизларга осмону заминдан ризқу рўз берадиган Оллоҳдан ўзга бирон Холиқ борми?! Ҳеч бир илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи борку! Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!
Ушбу ояти карима Оллоҳ таолонинг Танҳо Холиқ-Яратгувчи ва Розиқ-Ризқ бергувчи эканига, Унга ширк келтириш эса ботил иш эканига яна бир Илоҳий Ҳужжатдир. Ҳақ таоло мушрик-кофир кимсалардан сўрайди: “Айтинглар-чи, сизлар “илоҳ” деб сиғинаётган бут-санамларингиздан биронтаси бирон кимсага ризқ ато эта оладими?! Оллоҳ таолодан ўзга бирон-бир кимса ёки нарса самодан сув-ёмғир ёғдириб, Ердан гиёҳундириб сизларни ризқу рўз билан таъминлашга қодирми?! Эй инсонлар, сизлар нега Оллоҳ таолонинг бу неъматларини ҳеч эсламайсизлар?! Ундан ўзга ҳеч бир Ризқ бергувчи йўқ эканлигини тан олмайсизлар?! Ахир Оллоҳдан ўзга ҳеч бир илоҳ йўқку, сизларни йўқдан бор қилгувчи Холиқ ҳам, сизларга сон-саноқсиз неъматларни ризқ қилиб бергувчи Розиқ ҳам, демак, ибодат қилинишга ҳақли бўлган Танҳо Маъбуди Барҳақ ҳам Ёлғиз ОллоҳтаолонингЎзику?! Бас, сизлар, эй мушрик кимсалар, ана ўша Танҳо Холиқ ва Розиқ Оллоҳга махлуқларни - турли бут-санамларни шерик деб уларга сиғинишингиз билан, улардан ҳожатларингизни сўраб дуо-илтижолар қилишингиз билан қаёққа қараб кетмоқдасизлар?!”
Ушбу оятда мушриклар сиғинадиган нарсалар - улар бут-санамлар бўладими, ёки қуёш, ой, юлдузлар бўладими, ёки фаришта ё жинлар бўладими, нима бўлса бўлсин, улардан биронтаси холиқ - яратувчи эмаслиги, балки барчалари махлуқ - яралгувчи эканлиги, бинобарин, Холиқни қўйиб махлуқларга сиғиниш албатта Ҳақ Йўлдан юз ўгириб кетиш эканлиги айтилиб, барча инсонларга Оллоҳтаолонинг сон-саноқсиз неъматларини доимо зикр қилиш-эслаб юриш буюрилади.

4.    (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар (мушриклар) Сизни ёлғончи қилсалар, бас, (билингки), Сиздан аввалги пайғамбарлар ҳам ёлғончи қилингандирлар. (Барча) ишлар Ёлғиз Оллоҳга қайтарилур.
Ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга таскин-тасаллий бериб, гўё шундай дейди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, агар Макка мушриклари Сизнинг ҳақ Пайғамбарлигингизга ишонмасдан ёлғончи қилаётган бўлсалар, Сиз асло маҳзун бўлманг, балки уларнинг озор азийятларига сабр қилаверинг. Чунки пайғамбарлар ичида ўз қавмидан азийят чеккан ёлғиз Сиз эмасдирсиз ва қавмлар ичида ҳам ўзларига юборилган пайғамбарларга озор-азийятлар етказиб уларни ёлғончи қилган қавм фақат Макка мушриклари эмасдир. Балки улардан илгари ҳам Нуҳ қавми Нуҳ алайҳис-саломни, Од қавми Ҳуд алайҳис-саломни, Самуд қабиласи Солиҳ алайҳис-саломни Иброҳимнинг қавми Иброҳим алайҳис-саломни, Лут қавми Лут алайҳис-саломни, Мадян аҳли Шуайб алайҳис-саломни” ёлғончи қилгандирлар. Мусо алайҳис-салом ҳам ёлғончи қилинди. Қибтликлар то денгизга ғарқ қилиниб ҳалок бўлиб кетгунларича ҳам Мусо алайҳис-саломнинг ҳақ пайғамбар эканлигига иймон келтирмадилар. Бас, Сиз охир-оқибатда мазкур кофир қавмларнинг аҳволи нима бўлганини билурмисиз? Аввал-бошда гарчи у динсиз қавмлар Мен юборган элчи-пайгамбарларга куфр келтираётган бўлсалар-да, тинмасдан зулм-зўравонликлар қилаётган бўлсалар-да, Мен уларга Ўзим аниқ белгилаб қўйган муддатгача муҳлат бердим, сўнгра эса, ўша ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган ҳар бир қавм-қабилани ҳалок қилиб юбордим - айримларини тўфонга ғарқ қилдим, бошқаларини қаттиқ бўронга дучор қилдим, баъзиларини даҳшатли қич-қириқ билан ҳалок қилдим, бошқаларини Ерга ютдириб юбордим, яна бир қабиланинг устидан тош ёғдирдим, яна бошқасини эса, бошларига оловни “соябон” қилиб қўйдим! Бас, Мен юборган пайғамбарларни инкор қилганларга қарши Менинг инкорим қандоқ бўлди?! Ношукурлик қилганлари, куфр келтирганлари учун қўлларидаги неъматларини кулфатга, ҳаётларини ҳалокатга, обод юртларини хароботга айлантириб қўймадимми?! Бас, Сиз ҳам, эй Муҳаммад алайҳис-салом, то Сизга душманлик қилаётган кофир кимсаларнинг ҳалокат вақтлари келгунича сабр қилинг!

5. Эй инсонлар, албатта Оллоҳнинг (қайта тирилтириш ва бу дунёда қилиб ўтилган яхши-ёмон амалларнинг мукофот жазосини бериш тўғрисидаги) ваъдаси ҳақ (ваъдадир). Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин! Ва ҳаргиз сизларни Оллоҳ (барча гуноҳларни кечиб юбораверади, деган алдов) билан алдагувчи (шайтон) алдаб қўймасин!
Яъни, Ҳақ таоло ваҳий билан Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга, у зот орқали барча инсониятга ваъда қилган нарсаларнинг ҳаммаси, жумладан, иймон билан солиҳ амаллар қилган инсонларга ажр-мукофотлар ато этиши, гуноҳ-жиноят қилган кимсаларни жазолаши, шунингдек, мушриклар: “мана шу ваъда (қилинган азоб) қачон бўлади?!” деб шоштираётган азоб уларнинг бошига тушиши ҳақ ва аниқдир, Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло албатта Ўз Ваъдасига Вафодордир.
Ояти каримадаги “Бас, ҳаргиз сизларни ҳаёти дунё алдаб қўймасин!” жумласидан, Рухулмаоний тафсирида айтилишича, ҳаёти дунёга алданиб қолган кимсалар дейилганида нафақат Охиратда ҳар бир иш учун ҳисоб-китоб бўлишига ишонмайдиган динсиз кимсалар, балки мусулмонлар орасидаги Муқаддас Дини Исломни ҳазил фаҳмлаб, унинг кўрсатмаларига амал қилмайдиган ёки агар амал қилганларида ҳам холис Оллоҳучун, Охиратдаги ажр-мукофотучун эмас, балки фақат эл кўрсинга, дунёвий манфаат учун амал қиладиган кимсалар ҳам тушунилади. Демак, ояти каримада ҳақиқий, Оллоҳ учун холис ибодат қиладиган мусулмонлар ана ундай бадғараз ва “ҳаёти дунёга алданиб қолган” риёкор кимсалардан ҳам узоқ бўлишлари буюрилади.
“Ва ҳаргиз сизларни Оллоҳ (барча гуноҳларни кечириб юбораверади, деган алдов) билан алдагувчи (шайтон) алдаб қўймасин!”
Алдагувчи шайтонга алданиб қолган кимсалар ва улар топадиган оқибат хдқида мана бу оятларда хабар берилган: “(Шайтон) уларга ваъдалар берур, хомхаёлларга мубтало қилур. Охир-оқибатда шайтон уларга берадиган ваъдалар фақат ёлғон-сароб бўлиб чиқар. (Нисо сураси, 120-оят).
Яъни, шайтон ўзининг кулларини бир гал: “Сен узоқ яшайсан, кейин, кексайган пайтингда тавба-тазарруъ қилиб олишга бемалол улгурасан, дунё сеники бўлади”, деб алдаса, бир гал: “Топганингни бировларга бераверсанг, хайр-эҳсон қилаверсанг ўзингга ҳеч нарса қолмайди, гадойга айланиб қоласан”, деб қўрқитади, уларни яхшилик кўчасига киришдан тўсади. Шайтон етовида юришга рози бўлган кимсалар унинг алдовларига учиб ҳаёти дунёда бахтсиз бўладилар - ўзларига ато этилган ҳаёт номли фурсатни бой берадилар, солиҳ амаллар қилиш ўрнига гуноҳлар қилиб, шайтоннинг шайтоний ваъдаларига учиб, турли хомхаёлларга берилиб умрларини ўтказиб юборадилар ва “охир оқибатда шайтон берган ваъдалар фақат ёлғон - сароб бўлиб чиқади”. Аммо энди вақт ўтган бўлади. Энди -
“Ундай кимсаларнинг жойлари жаҳаннам бўлиб, ундан қочиб қутуладиган бирон жой топа олмаслар”. (Нисо сураси, 121-оят).
Яъни, Оллоҳни қўйиб шайтонга ибодат қилган ва унинг ёлғон ваъдаларига алданиб ҳаётларини куфр ва исён билан ўтказган кимсалар ўзлари учун тайёрланган жойларига - жаҳаннамга жойлашадилар - мангу азобга гирифтор бўладилар. Энди афсус надоматлари фойда бермайди, қилган тавба-тазарруълари қабул бўлмайди. Энди фақат қилмишларига яраша жазо оладилар ва бу Илоҳий Жазодан - энг адолатли жазодан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайдилар! Улар дунёдаги ҳаётларида ўзларини йўқдан бор қилиб, саноқсиз неъматлар ато этган Оллоҳга иймон келтирмасдан, Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилмасдан, очиқ душман бўлган шайтонга сиғиниб ўтганлари учун, Ҳидоят ўрнига залолатни танлаб олганлари учун Охират ҳаётларида ҳам мўмин-мусулмонлар билан жаннатларда бўлмас-дан шайтон ва унинг қуллари билан жаҳаннам ўтида мангу ёнадилар!

6. Шак-шубҳасиз, шайтон сизларга душмандир, бас, уни душман тутинглар! Аниқки, у, ўз ҳизбини дўзах эгаларидан бўлишлари учун даъват қилур.
Яъни, эй инсонлар, аниқ билингларки, шайтон сизларнинг азалий, абадий ва энг ашаддий душманингиздир. Эсланглар, у барчаларингизнинг Ота-Онангиз бўлмиш Одам ва Ҳаввони васваса қилиб, жаннатдан чиқариб юборилишларига сабаб бўлган эди, “қасамки, бандаларинг орасидан (ўзимга) тегишли нарсани албатта оламан ва уларни йўлдан оздираман, хомхаёлларга мубтало қиламан”, деб қасамлар ичган эди. (Нисо сураси, 118-119-оятлар). “У айтди: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг Тўғри Йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнггу сўлларидан келиб (Тўғри Йўлдан оздирурман) ва (оқибатда) сен уларнинг кўпларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан». (Аъроф сураси, 16-17- оятлар).
Яъни, иблис Оллоҳ таолодан уни то Қиёмат қойим бўлгунича ўлдирмаслик ваъдасини олиб хотиржам бўлгач, ўзининг Одам болаларига қарши режалаштирган ғаразли мақсадини ошкора қилди. Гарчи Оллоҳ таолонинг “Сажда қил”, деган Амрига итоат қилмаслик билан иблис ўзи залолат йўлини танлаб олган бўлса-да, Оллоҳтаоло уни Тўғри Йўлдан оздириб лаънатлашига ўзининг қилмиши сабаб бўлган эсада, ҳеч уялмасдан (иблисда уят нима қилсин), тап тортмасдан Ҳақ таолога: “Сен мени йўлдан оздирдинг, энди мен ҳам Сенинг Тўғри Йўлингни - жаннатга олиб борадиган Йўлни тўсиб, Одам болаларини адаштираман. Уларга тўрт тарафдан ҳужум қиламан. Мен одамларга олдиларида турган Охират тарафидан келиб: “Ҳали Охират деганлари бор нарсами ёки йўқ нарсами”, деб уларни шак-шубҳага соламан, сўнгра орқаларида қолаётган дунёлари тарафдан келиб, уларни мол-дунёга қул қилиб қўяман, сўнгра ўнг тарафларидан - қилган ҳасанотлари, савоб амаллари томонидан келиб, уларни ўша амалларни холис Оллоҳ учун эмас, эл кўрсинга, риёкорлик билан қиладиан кимсаларга айлантириб қўяман. Сўнгра чап тарафларидан - қилган гуноҳ ва ёмонликлари томонидан келиб, уларга ўша гуноҳ амалларни чиройли кўрсатиб қўяман. Шунда Сенга шукр қиладиган одамлар жуда оз қолади”, деди. Бас, шундай экан, эй инсонлар, сизлар у малъунни сизларга душман эканлигини билинглар, унга итоат этманглар, Оллоҳ таолога тоат-ибодат қилиш билан сизлар ҳам шайтонга душман эканликларингизни кўрсатинглар ва асло унинг малайларига айланиб қолманглар. Чунки у “ўзининг ҳизбини” яъни, унга итоат этган, унинг энг қаттиқ душман эканлигини билиб туриб унга душманлик қилиш ўрнига у бошқарадиган ҳизбга - тўдага қўшилганларни шак-шубҳасиз, Ҳақ Йўлидан оздириб, дўзах эгаларидан бўлишлари учун даъват қилади.

7. Кофир бўлган кимсалар учун қаттиқ азоб бордир. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун эса мағфират ва улуғ мукофот (жаннат) бордир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло энг ашаддий душман бўлган шайтонни дўст деб билиб, Ҳақ Динга кофир бўлган кимсалар учун Охират диёрида жуда қаттиқ азоб борлиги ҳақида огоҳлантириб, аксинча, шайтон ҳизбига кирмасдан Оллоҳ таолога иймон келтирган ва Унинг Амрига итоат этиб, буюрган солиҳ амалларини қилган мўминларга эса билиб-билмасдан қилган гуноҳлари кечирилиши ва Улуғ Мукофот - жаннатларга эришишлари ҳақида хушхабар беради.

8. Ахир (қилган) хунук иши ўзига чиройли кўриниб, уни гўзал (амал) деб ўйлаган кимса (Оллоҳ Ҳақ Йўлга ҳидоят қилган инсон каби бўлурми)?! Зотан, Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур ва Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), жонингиз уларнинг (иймон келтирмаганлари) устида ҳасрат-надоматлар чекиб кетмасин. Албатта Оллоҳ уларнинг қилаётган ҳунарларини Билгувчидир.
Ояти карима бениҳоя катта бир Ҳақиқатни баён қилади: инсон қанча-лар ақлли, фаросатли бўлмасин, айрим ишларда, хусусан, Ҳақ билан ботилни ажратишда, Тўғри Йўл қайси-ю залолат нима эканлигини танишда - агар Оллоҳ унга ҳақни ҳақ, ботилни ботиллигини кўрсатиб қўймаса, бошқача айтганда, Тўғри Йўлга ҳидоят қилмаса, - албатта ёмон-хунук ишни чиройли, чиройли амални хунук деб тураверар экан, куфрни иймон деб, иймонни адашиш деб даъво қилаверар экан. Ҳақ таоло эса, фақат Ўзи хоҳлаган инсонларни - Унинг Илми азалийсида ҳидоят қилинишга лойиқ бўлган инсонларни ҳидоят қилар, уларга нима ҳақ, нима ботил эканлигини кўрсатиб қўяр, аммо ўз тийнат-табиатлари билан ҳидоятга нолойиқ бўлган кимсаларни эса, Ҳақ таоло Ўзининг хоҳиш-иродаси билан йўлдан оздириб қўяр, бас, уларнинг ҳамма нарсага етган ақллари Ҳақ билан ботилни ажратиб олишда оқсаб, оқни қора, қорани оқ деб, куфрни Исломдан афзал билиб юраверар эканлар. Шунингучун Жаноби Ҳақ Пайғамбар алайҳис-саломга хитоб қилиб, қавмлари Қуръони Каримни Ҳақ Каломуллоҳ деб иймон келтирмасалар сабр қилиш лозимлигини, уларнинг иймонсизликларидан ранжиб, сиқилиб ўзларини ўтдан-чўққа урмасликлари кераклигини таълим беради ва бу билан у зотнинг зиммаларига юкланган вазифа албатта ҳар бир одамни Тўғри Йўлга ҳидоят қилиш эмас, балки барчага Ҳидоят Йўлини кўрсатиш эканлигини, уларни ҳидоят қилиш ёки залолатга кетказиш эса, Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Қўлидаги иш эканини уқтиради. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “(Эй Му-ҳаммад алайҳис-салом), агар Сиз у (мушрик)ларнинг ҳидоят топишларига ташна бўлсангиз, бас, (билингки), Оллоҳ Ўзи йўлдан оздирадиган кимсаларни ҳаргиз ҳидоят қилмас ва улар учун бирон ёрдамчи ҳам бўлмас”. (Наҳл сураси, 37-оят).
Дарҳақиҳат, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Макка аҳлини Ҳақ Йўлга даъват қилиб Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан нозил бўлган Қуръон оятларини ўқиб берар эканлар, уларнинг ҳар бири Дини Исломни қабул қилиб Ҳидоят Йўлига киришини жуда-жуда хоҳлар, аммо ҳаётда бунинг аксини кўриб, уларнинг ўз ширкларида оёқ тираб турганларидан, Тўғри Йўлга юришни ҳеч хоҳламаётганларидан беҳад ғам-ғуссага ботар эдилар. Шунда Ҳақ таоло Ўз Элчисига таскин-тасаллий бериб ушбу оятни нозил қилди ва Оллоҳ адаштириб қўйган кимсалар ҳеч қачон Тўғри Йўлга юрмасликлари, уларга ҳеч ким ёрдам ҳам бера олмаслиги ҳақида хабар берди. Бу ҳақда мана бу оятларда ҳам айтилган:
“Кимни Оллоҳ адаштириб қўйса, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас. (Оллоҳ) ундайларни ўз тугёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида тарк қилур”. (Аъроф сураси, 186-оят).
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), аниқки, Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топгувчи зотларни яхшироқ Билгувчидир”. (Қасас сураси 56-оят).

9. Оллоҳ шамолларни юборган Зотдир. Бас, улар булутни қўзғатгач, Биз уни ўлик шаҳарга ҳайдаб, у сабабли ўлган Ерни тирилтирдик. (Қиёмат қойим бўлган Куни) қайта тирилиш ҳам шунинг ўзидир.
Ушбу оятни бизга мана бу ояти карима гўзал тафсир қилиб беради: “У шундай Зотки, Ўз Раҳматининг (яъни, ёмғирнинг) олдидан хушхабар қилиб шамолларни юборур. Қачонки улар вазмин булутларни кўтариб олгач, Биз уни (яъни, булутни, чанқоқ) ўлик маконга ҳайдаймиз. Бас, унга сув-ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида ҳар турли мевалар чиқарурмиз. Биз ўликларни ҳам (ўз жойларидан) мана шундай чиқа-рурмиз. Шояд эслатма-ибрат олсангизлар. (Аъроф сураси, 57-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ер-у осмоннинг, дунё ва Охиратнинг Танҳо Эгаси Ўзи эканини, бандаларига ризқ-рўз бериш ҳам, Уларни ўлдириб-тирилтириш ҳам Ёлғиз Ўзининг Қўлида эканини бир гўзал мисол билан баён қилади. У Зот ёмғир Ўзининг бандаларга ёғдирган Меҳри-Раҳмати эканини айтиб, шамоллар эса худди денгиз-дарёларда юк тўла кемаларни ҳайдаб юрганидек, осмонда ҳам сув тўла кемаларни - вазмин булутларни ҳайдаб юрадиган паҳлавон лашкарларга ўхшатилади. Дарвоқеъ, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича, “шамоллар ва сув Оллоҳ таолонинг лашкарларидандир”. Ояти каримада Яратганнинг Амри билан у лашкарлар сув тўла булутларни ўлик маконга - қақраб ётган ерларга ҳайдаб бориб, Оллоҳ таоло у ерларга ёмғир ёғдириб гулзор-экинзорларга, мевали боғларга айлантириб қўйгани каби Қиёмат Кунида жамийки Ер остида ётган жонсиз жасадлар устига ҳаёт ёмғирини ёғдириб - тирилтириб Ернинг устига чиқариб қўйиши ҳақида хабар берилади ва “Шояд эслатма-ибрат олсангизлар”, деб инсонларни ўз кўзлари билан кўриб турган, йил сайин уларнинг кўз ўнгида такрорланиб турадиган “ўлик Ернинг тири-лиши” ҳодисасидан ибрат олиб, Охиратдаги тирилиш ҳам ҳақ эканига иймон келтиришга чақирилади.
Бу муҳим мавзу Қуръони Карим оятларида такрор-такрор эслатилади: “Оллоҳ шундай Зотдирки, шамолларни юборур, бас, улар булутни ҳайдар, сўнг уни Ўзи хоҳлагандек ёюр ва (агар хоҳласа) уни бўлак-бўлак қилур, бас, Сиз уларнинг орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсиз. Энди қачон (Оллоҳ) уни Ўзи хоҳлаган бандаларига етказса, бано-гоҳулар шод-хуррам бўлурлар. Ҳолбуки, улар устларига (ёмғир) ёғдирилишидан олдин мутлақо ноумид эдилар. Бас, Сиз Оллоҳнинг Раҳмати - ёмғирнинг изларига қаранг - У қандай қилиб Ерни ўлганидан кейин тирилтирди-я?! Ҳеч шак-шубҳасиз, мана Шу (Оллоҳ) ўликларни ҳам Тирилтиргувчидир. У барча нарсага Қодирдир”. (Рум сураси, 48-50-оятлар).
Ояти каримада шамоллар ёмғир ёғишини билдирадиган хушхабар экани айтилди. Мўмин инсон ўша шамолларга нисбатан қандай муносабатда бўлиши лозим экани ҳақида Имом Бухорий ривоят қилган бир ҳадисда шундай дейилади: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтди: “Умар розияллоҳу анҳу билан ҳаж сафарига чиққанимизда Макка йўлида қаттиқ шамол турди. Шунда Умар атрофидаги кишилардан: “Сизларга Қуръон ёки Ҳадисда шамол тўғрисида айтилган бирон хабар етганми”, деб сўраган эди, улар ҳеч нарса дея олмадилар. Мен одамларнинг охирида кетаётган эдим. Умар сўраган савол менга етиб келиши билан туямни тезлатиб унга етиб олдим ва: “Ё амирал-мўминийн, шамол ҳақида сўрабсиз. Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Шамол ҳам Оллоҳнинг Раҳматидандир. У раҳмат ҳам, азоб ҳам келтириши мумкин. Бас, сизлар шамолни сўкманглар, балки Оллоҳдан унинг яхшилигини сўранглар, ёмонлигидан паноҳ тиланглар”, деяётганларини эшитганман”, дедим”.
Қиёмат Кунида одамларнинг қайта тирилишлари қандай содир бўлиши ҳақида Абу Ҳурайра ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳум шундай дедилар: “Сур биринчи марта чалиниши билан Ер юзидаги барча инсон-лар ўлганидан кейин Оллоҳ таолонинг Амри билан тинмасдан қирқ кун ёмғир ёғади. Арш остидан ёғаётган, “ҳаёт суви” деб аталадиган бу ёмғир гўё ота нутфаси она бачадонига жойлашганидек Ерга сингиб кетгач, одамлар қабрларидан ёмғирдан кейин чиққан чечаклардек кўкариб чиқа-дилар ва қачонки баданлари бутун-мукаммал ҳолга келгач, уларга жон киритилади. Сўнгра уларга уйқу ташланиб, барчалари қабрларида уйқуга кетадилар. Кейин сур иккинчи марта чалиниши билан ҳаммалари уйқусираган ҳолларида қайта тириладилар ва: “Эй бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ухлаб ётган жойимиздан (қабрларимиздан) турғазди?”, дейдилар. Шунда уларга: “Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаб хабар берган нарса - Қиёматдир”, дейилади”. “Улар: «Эй бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ётган жойимиздан (қабрларимиздан) турғазди?», деганларида, (уларга айтилур): «Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаган нарса - Қиёматдир”. (Ёсин сураси, 52-оят).

10. Ким Иззат - куч-қудрат истайдиган бўлса, бас, барча Куч-Кудрат Оллоҳникидир. Хуш Сўз Унга юксалур ва яхши амални ҳам (Оллоҳ Ўз даргоҳига) кўтарур. Ёмон макр-ҳийлалар қиладиган кимсалар учун эса қаттиқ азоб бордир ва уларнинг макрлари ҳам ҳалок бўлур (яъни, бехуда кетур).
Ушбу ояти карима мусулмон инсон ўз ҳаётини ҳақиқий мўмин ҳолда, азиз ва мукаррам бўлиб ўткариши учун кифоя қиладиган етарли дастурул-амалдир. Аввало азизликни истаган инсон бу мартабани Ёлғиз Оллоҳ таоло ҳузуридан топиши мумкин эканлиги баён қилинди. Бунинг учун эса У Зот рози бўладиган амалларга саъй-ҳаракат қилиш лозим. Ана ўша амалларнинг энг яхшиси, ҳеч қандай тўсиқларсиз Оллоҳ таоло ҳузурига етиб борадигани Хуш Сўз - Калимайи Тоййиба, яъни, «Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур-расулуллоҳ» калимасидир. Дарвоқеъ, ушбу Калима шу қадар қудратлики, уни оғзига олган кофир мўминга айланади. Бошқа ишлар яхши ёки ёмонлиги, холис ёки хўжакўрсинга қилингани жиҳатидан қанча тўсиқ-текширувлардан ўтгачгина Оллоҳ таоло наздида қабул қилиниш ёки қабул қилинмаслиги маълум бўлгани ҳолда, ушбу Калима ва Ҳақ таолонинг энг Буюк Зот эканини тасдиқловчи «Оллоҳу Акбар» такбири, шунингдек Оллоҳ таолони ҳар қандай айб-нуқсондан Пок Зот эканини тасдиқловчи «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» каби тасбеҳотлар мусулмон инсоннинг оғзидан чиқиши билан Оллоҳ таоло ҳузурига юксалур, демак, инсон аввало Яратганнинг Борлиги ва Бирлигини тан олиб, бутун ҳаёти давомида У Зотни улуғлаб, поклаб юрса, унинг холис ният билан Оллоҳ учун қилган яхши амалларини Ҳақ таоло Ўз даргоҳига кўтаради - қабул қилади ва уни дунёда ҳам, Охиратда ҳам азиз-мукаррам қилади. Хўжакўрсинга амал қилиб Оллоҳни алдамоқчи бўлган найрангбоз риёкорларнинг макр-ҳийлалари эса уларга бирон фойда бермай йўқ бўлиб кетади ва улар учун албатта Охират диёрида қаттиқ азоб бордир.
Ана шундай найрангбозлар ҳақида мана бу оятда айтилади: “Улар (яъни, мунофиқлар) мўминларни қўйиб кофирларни дўст тутадилар. Улар ўша кофирлар олдидан куч-қудрат излайдиларми?! (Овора бў-ладилар!) Зеро, бор Куч-Кудрат Оллоҳникидир”. (Нисо сураси, 139-оят).
Яъни, ким мўминларни қўйиб кофирларни дўст тутса, у шак-шубҳасиз, мунофиқдир. Мунофиқлар Оллоҳтаоло мўмин бандаларига нусрат - ғалаба ато этишига ишонмаганлари учун кофирлардан ёрдам кутадилар. Кофирларнинг айрим дунёвий масалаларда илғор бўлганларини кўриб уларни дўст тутадилар, ўзларича: “Ким ғайридинларни дўст тутиб, улар билан ҳамкор, ҳамфикр бўлса, ўшагина кучли-қудратли бўлади”, деб сафсаталар сотадилар. Шу туришда яна ўзларини мусулмон ҳам санайдилар. Ҳақ таоло ушбу оятда ким кофирни дўст тутса, ундан ёрдам кутса, ундай кимса мунофиқ эканини очиқ айтади ва ҳеч қандай кофир ҳеч қандай ёрдам бера олмаслигини ва ёрдам беришни истамаслигини, у мунофиқларнинг хаёллари тамоман ҳақиқатга зид эканини, билъакс, бор Куч-Қудрат Оллоҳники эканини таъкидлайди. Зотан, бандаларнинг ҳаёт мамотлари Ёлғиз Унинг Қўлидадир, ҳар иш фақат Унинг хоҳиши билан бўлади. Ҳақ таоло Ўз Каломида Дини Исломни ва мўмин бандаларини ғолиб қилишга Кафил бўлган: “Ҳолбуки, Куч-Қудрат Оллоҳники, Унинг Элчисиники ва мўминларникидир. Лекин мунофиқлар (буни) билмаслар”. (Мунофикун сураси, 8-оят). Бас, ким Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога иймон билан ибодат қилса, Унинг Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга иймон билан итоат этса, бошқа ҳеч кимга муҳтож бўлмайди.

11. Оллоҳ сизларни(нг отангиз Одамни) тупроқдан, сунгра (барчаларингизни) нутфадан яратиб, кейин сизларни жуфт-жуфт (яъни, эркак-аёл) қилиб қўйди. Бирон бир аёл ҳомиладор бўлмас ва кўзи ёримас, магар (буларнинг барчаси) Унинг Илми-Иродаси билан бўлур ва бирон бир умр кўргувчининг умрига умр қўшилмас ва (ё) умридан камайтирилмас, магар (буларнинг барчаси) Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда битилган бўлур). Албатта бу Оллоҳга осондир.
Ушбу ояти каримадан бошлаб бир неча оятларда Ҳақ таоло барча инсонларга хитоб қилиб, Ўзининг Қудратига очиқ далолат қиладиган, Ундан ўзга ҳеч кимнинг қўлидан келмайдиган бир неча далил-ҳужжатларни келтиради ва албатта, сўз дастлаб инсонларга ўзларининг Ер юзида қан-дай пайдо бўлганлари ва қай тарзда кўпайганлари ҳақида бориб, Ер юзида биринчи пайдо бўлган инсонни - Ҳазрати Одам алайҳис-саломни Оллоҳ таоло мана шу Ернинг ўзидан, қора тупроқдан яратгани ҳамда унинг вужудидан - чап қовурғасидан жуфти ҳалоли бўлмиш Ҳаввони пайдо қилиб, мана шу илк жуфтликдан дунёга келган фарзандларни нутфадан - бир томчи сувдан мукаммал инсонларга айлантиргани, сўнгра уларнинг зурриётларини ҳам ўзларидан кўпайиб Ер юзига тарқалишлари учун жуфт-жуфт эркак-аёл қилиб яратгани ҳақида биргина жумлада жуда мухтасар ва айни пайтда ўта мукаммал суратда баён қилади.
Инсониятнинг қай шаклда дунёга келиб, Ер юзига тарқалгани ҳақида хабар берилган ушбу оят айни пайтда одамзотнинг иккинчи ҳаёти ҳам борлигига, Оллоҳ таоло уларни Охират диёрида, Қиёмат Кунида яна қайта тирилтириши аниқ эканлигига ҳам очиқ далолатдир.
Дарҳақиқат, нутфанинг тирик инсонга айланиб дунёга келишининг ўзи Улуғ Ҳунарманднинг - Оллоҳ таолонинг борлигига ва чексиз Қудратига аниқ-равшан далилдир. Чунки инсоннинг она бачадонида пайдо бўлиши Қодир Оллоҳнинг Амри билан Ерда униб-ўсган турли озиқ-овқатлар ўша инсоннинг ота-онаси вужудига сингиб, тарқаганидан сўнг ота-она танасининг ҳар бир аъзосида пайдо бўлган қувват бир томчи сувга айланганидан кейин содир бўлади. Бас, турли-туман, бошқа-бошқа жойларда ҳосил бўлган озиқ-овқатларни ўша ота-она вужудида жамлашга қодир бўлган, сўнгра ота-онанинг турли аъзоларидаги куч-қувват ва шакл-шамойилларни бир томчи сувга жамлаб, у сувдан тирик инсонни пайдо қилишга қодир бўлган Зот - Оллоҳ субҳонаху ва таоло ўша инсон ўлиб, жасади чириб тупроққа айланиб, турли тарафларга сочилиб кетганидан кейин уларни қайтадан жамлашга ва яна тирик инсонга айлантиришга қодир эмасми?! Албатта Қодирдир!
Ояти каримада мана шу буюк Ҳақиқатни кўр-кўрона инкор этадиган хар бир жоҳил-нодон кимсага хитоб қилиниб, гўё шундай дейилади: “Сенинг Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида барча жонзотни қайта тирилтиришига ишонмаслигинг У Зотнинг Қудратини инкор қилганингдирки, бу очиқ куфрдир. Наҳотки сен ўзингнинг асли-наслинг бўлмиш Одам Отани ва унинг пуштикамарида барча одамларни, жумладан сени ҳам қора тупроқдан яратган, сўнгра ҳар бир инсонни бир томчи сув бўлмиш нутфадан оналари бачадонида пайдо қилган, сўнгра ўша ўлик тупроқ ва жонсиз сувдан яралган бир тишлам гўштга жон киритиб, сени мўътадил қоматли ва чиройли суратли инсонга айлантириб қўйган Оллоҳ таолони Ўзи хоҳлаган соатда тупроққа айланган жасадларга қайтадан жон киритишга Қодир Зот эканлигига иймон келтирмасанг?!”.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло инсоннинг яралиши ва унинг насли давомийлиги ҳар вақт мана шу тупроқ ва сувга боғланишини ўта ихчам, жуда гўзал ва ҳар бир ақл соҳиби тафаккур қилса яхши англайдиган аниқ тарзда баён қилиб беради. Дарҳақиқат, ибрат кўзи билан боқсак, асли-насли қора тупроқдан ва сўнгра бир томчи сувдан пайдо бўлган инсоннинг озиқ-овқати ҳам, жамийки жонзотларнинг емишлари ҳам мана шу тупроқдан униб чиққан набототдир. Барча ўсимлик, дон-дун ва мева-чеваларнинг ерда ҳосил бўлиши учун эса, сув зарурдир. Сўнгра истеъмол қилинган ғизо - таомнинг муайян бир қисми баданда қонга, у қоннинг бир қисми эса, яна бир инсоннинг асли бўлган нутфага айланади ва бу узлуксиз жараён то Қиёматга қадар давом этади.
Биз яшаётган замондан ўн тўрт аср муқаддам нозил бўлган ушбу оят ўзининг бениҳоя изчил илмий йўсини билан, яъни, она бачадонида - ҳеч ким кўрмайдиган жойда кечадиган жараёнларни жуда аниқ, босқичма-босқич баён қилиб бериши билан яна бир ҳақиқатга - бу сўзлар инсоннинг сўзлари эмас, балки ҳамма нарсани Билгувчи Зотнинг - Ҳақ таолонинг Сўзи эканлигига ҳам очиқ далолат қилиб туради.
“Тафсири Қуртубий”да ояти карима тафсирида имом Бухорий, Муслим ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган мана бу саҳиҳ ҳадис ривоят қилинади: Абдуллоҳ айтди: “Бизларга ростгўй ва ҳар бир сўзи тасдиқлангувчи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, сизларнинг ҳар бирингиз онасининг қорнида қирқ кун жамланади, сўнгра яна шунча муддат лахта қон ҳолида бўлади, сўнгра яна шунча муддат бир тишлам гўшт ҳолида бўлади, сўнгра бир фаришта юборилади ва унга ўша фаришта пуфлаб жон киритади ҳамда тўрт сўзни ёзишга буюрилади ва унинг ризқи, умри, амали ҳамда бахтсиз - дўзахи ёки бахтли - жаннати эканлиги ёзилади”, дедилар”.
“Бирон бир аёл ҳомиладор бўлмас ва кўзи ёримас, магар (буларнинг барчаси) Унинг Илми-Иродаси билан бўлур ва бирон бир умр кўргувчининг умрига умр қўшилмас ва (ё) умридан камайтирилмас, магар (буларнинг барчаси) Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда битилган бўлур). Албатта бу Оллоҳга осондир”.
Ушбу жумлалар Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг тенгсиз Билим, Қудрат ва тақдир Соҳиби эканлигига далолат қилади. Дарҳақиқат, Унинг Илми-Иродасисиз бирон она қорнида ҳомила пайдо бўлмайди ва бирон фарзанд дунёга келмайди. Бировнингумрига умр қўшилиб умрига барака ато этилиши ҳам, бошқа бировнинг умри қисқа қилиниб, ёшроқ дунёдан ўтиши ҳам Унинг Тақдири Азалийсида битиб-белгиланиб кўйилгандир ва бу инсоннинг ақли бовар қилмайдиган даражада улкан ва қийин иш Оллоҳ таоло учун осондир.
Ушбу мавзу бошқа оятларда ҳам такрор-такрор баён қилинади: “Ҳар бир аёлнинг кўтариб юрган ҳомиласини (ўғилми-қизми, умри узунми-қисқами, расоми-норасоми, чиройлими-хунукми, бахтлими-бахтсизми эканини) ҳам, бачадонлар (муддатидан илгари) ташлайдиган болани ҳам, (тўққиз ойдан) ортиқроқ туриб қоладиган болани ҳам Ёлғиз Оллоҳ билур. У Зот даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир”. (Раъд сураси, 8-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг ҳар бир она бачадонида пайдо бўлган ҳомилани ҳам билишини, унинг қандай пайдо бўлганини, қандай ривожланишини, она қорнида қанча муддат туришини - ўлик ёки чала, ногирон ҳолда дунёга келадими ёки ўз вақтида, соғлом ва бенуқсон ҳолда туғиладими ёхуд ҳомила муддати чўзилиб кетадими, у ўғилми-қизми, ёлғизми-эгизакми, умри узунми-қисқами, чиройлими-хунукми, ҳатто бахтли, яъни, жаннатими ёки бахтсиз, яъни, дўзахими эканигача барча-барчасини жуда яхши билишини айтади.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилгандир: “Оллоҳ сизларни (яъни, оталарингиз Одамни) Ердан - тупроқдан пайдо қилган пайти-даноқ ва сизлар оналарингизнинг қорнида ҳомила бўлган пайтин-гизданоқ жуда яхши Билгувчидир. Бас, сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар! Унинг Ўзи тақводор бўлган кишиларни жуда яхши Билгувчидир.” (Нажм сураси, 32-оят).
“(Оллоҳ оналарнинг) бачадонларидаги ҳомилаларини (ўғилми-қизми, расоми-нуқсонлими, бахтлими-бахтсизми эканини) билур. Бирон жон эртага нима иш қилишини била олмас. Бирон жон қай ерда ўлишини ҳам била олмас. Фақат Оллоҳгина Билгувчи ва Огоҳдир”. (Луқмон сураси, 34-оят).
“У сизларни оналарингизнинг қорнида уч (қават) зулмат ичида аста-секин яратур. Мана шу Оллоҳ Парвардигорларингиздир. Барча подшоҳлик Ёлғиз Уникидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас, (ана Ўша Зотга ибодат қилмай) қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар-а?!” (Зумар сураси, 6-оят).
Она қорнидаги уч қават зулмат - она қорни, бачадон ва боланинг йўлдошидир, боланинг аста-секин яратилиши эса, унинг она қорнида аввал нутфа, сўнгра лахта қон, сўнгра бир тишлам гўштга айланиб аста-секин ривожланиб боришидир.
Ҳомиланинг она бачадонидаги ривожланиш жараёнини - тиббиёт фанида ҳали ҳанузгача аниқ маълум бўлмаган бу жараённи ўн тўрт аср муқаддам муфассал баён қилиб берган Қуръони Азим дарҳақиқат Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Оллоҳ таоло томонидан нозил қилинган энг Буюк Илоҳий Мўъжизадир
У Зот даргоҳида ҳар бир нарса ўлчовлидир.
Яъни, борлиқдаги жонли-жонсиз барча нарса ҳар бир махлуқ Оллоҳ таоло Ўз ҳузуридаги Лавҳул-махфузда унинг тақдирига нимани ёзган бўлса ўша аниқ ўлчаб - белгилаб қўйилган умрни кўради, уни бирор лаҳзага бўлсин узайтира ёки қисқартира олмайди. Чунки Ҳақтаоло: “Албатта Биз ҳар бир нарсани аниқ тақдир - ўлчов билан яратдик”, (Камар сураси, 49-оят) деб ҳукм қилган.

12. Дарё-денгиз тенг бўлмас - буниси ширин-тотли ва ичилиши осон-ўтимли, буниси эса шўр-тахирдир. Сизлар (уларнинг) ҳар биридан янги гўшт (яъни, балиқ тутиб) ейсизлар ва тақадиган тақинчоқ-лар чиқариб олурсизлар. Шунингдек, сизлар (Оллоҳнинг) Фазлу Мар-ҳаматидан (яъни, ризқу рўзидан) исташларингиз учун (денгиз ва дарёларда сувни) ёриб кетаётган кемаларни кўрурсиз. Шояд шукр қилсангизлар.
Юқоридаги оятда Оллоҳ таолонинг Қудрати Илоҳийсига аниқ-равшан далолат қиладиган оят-аломатлардан бири - оламлар ичра алоҳида олам бўлмиш инсоннинг қандай пайдо бўлганидан бошлаб, бутун умри мухтасар баён қилинганидан сўнг ушбу ояти каримада ана ўша инсон ва жамийки махлуқот ҳаёти учун ўта муҳим неъмат бўлган сув, денгиз-дарёлар ва уларнинг инсониятга қиладиган ҳизматлари эслатилади.
Дарҳақиқат, денгизнинг итоаткорлигида, устидаги кемалар сузиб, худди қуруқликдаги от-уловлар каби бир соҳилдан бошқа соҳилга одамлар учун керакли бўлган нарсаларни ташиб, бир иқлим аҳолиси бошқа иқлим аҳолиси билан борди-келди қилишларига хизмат қилиш учун бўйсундириб қўйилишида ва яна денгизнинг чор-атрофдаги чанг-ғуборларни “ютиб”, ҳавони тозалаб туришида, ундан кўтарилган буғ - нам ҳаво осмонда қайтадан чучук сувга айланишида, буларнинг барчасидан ташқари денгиз ўз қаърида одамлар учун луқмайи ҳалол бўлган балиқларни ҳамда зеб-зийнат бўладиган дурру гавҳарларни асраб-авайлаб сақлаб беришида, албатта, ақлли кишилар учун оят-ибратлар бордир. Ҳақ таоло одамлар У Зотга шукр қилишлари учун буюк денгиз-дарёларни уларга шундай итоатли хизматкор қилиб қўйганки, хоҳласалар у иккисининг устида кемага миниб сайр ёки тижорат сафарларига чиқадилар, хоҳласалар сув остидан ўзлари учун ризқ-рўз бўлган янги гўшт - балиқлар овлайдилар, хоҳласалар, ғаввослари денгиз-дарёлар тубига шўнғийдилар ва “у иккисидан марварид, маржонлар чиқур” (Ар-Раҳмон сураси, 22-оят).
Чунки денгизлар ҳам, дарёлар ҳам, гарчи бутун Ер юзини сувга ғарқ қилиб юборишдек даҳшатли қувватга эга бўлсалар-да, Ҳақ таолонинг Амрига бўйинсуниб инсонларга хизмат қилаверадилар. Ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг инсонлар учун яратган неъматларини санар экан, бу неъматлар қаторида улар денгизлар остидан чиқариб оладиган зийнат-тақинчоқларни ҳам зикр қилишидан маълум бўладики, мазкур тақинчоқлардан фойдаланиш эркаг-у аёл барча инсонлар учун жоиздир. Ундай зеб-зийнатлардан фақат иккитаси эркаклар учун ҳаром эканлиги ҳақида Жаноби Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам бир қўлларида олтинни, иккинчи қўлларида ипак матони ушлаб туриб: “Мана шу иккиси эркак умматларим учун ҳаромдир”, деб огоҳлантирганлар. Яна имом Бухорий ва Муслим Умар ибн Хаттоб розияллоху анхудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда ҳам у зоти шариф эркакларга қарата: “Сизлар ипак либос кийманглар. Чунки ким уни дунёда киядиган бўлса, Охиратда киймайди”, деб танбеҳ бердилар.
Юқоридаги ҳадиси шариф тақозоси билан уламолар эркакларнинг олтин узук тақишлари ҳаром эканлигини айтадилар. Аммо уларнинг кумуш узук тақишлари дурустдир. Чунки Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам кумуш узук таққанлари, сўнг асҳоби киром ҳам у зотга эргашиб ўзлари учун кумушдан узук ясатиб таққанлари маълумдир. Ўшанда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен кумушдан узук тақдим ва унинг кўзига “Муҳаммадур-Расулуллоҳ - Муҳаммад Оллоҳнинг Элчиси” деган нақш солдирдим, бас, бошқа биров ҳаргиз ундай нақш солдирмасин”, деган эдилар. Ушбу ҳадиси шариф мусулмон киши кумуш узук тақиши ва унга ўз исмини нақш қилдириши дуруст эканлигига далилдир. (“Тафсири Мунийр”дан).

13. (Оллоҳ) кечани кундузга киритур (яъни, кечани қисқартириб, кундузни узайтирур) ва (аксинча), кундузни кечага киритур, У қуёш ва ойни ҳам (сизларнинг манфаатингиз учун) бўйинсундириб қўйгандир - ҳар бири муайян муддатгача (яъни, Қиёмат Кунигача ўз фазосида) жорий бўлур. Ана шу Оллоҳ сизларнинг Парвардигорингиздирки, (барча оламлар) Ёлғиз Унинг мулкидир. (Эй мушриклар), сизлар У Зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар.
Ояти карима яна бир бор, энди кеча ва кундуз, қуёш ва ой мисолида Оллоҳ таолонинг Қудрати бениҳоя Улуғ эканлигини таъкидлайди. Дарҳақиқат, борлиқдаги барча нарсани Унинг Ўзи яратгандир ва Ўзи бошқариб тургувчидир. Ҳатто зулмат ва нур, яъни, кеча ва кундуз ҳам Ёлғиз Унинг Қўлидадир, хоҳлаганида кечани кундузга киритиб, кундузларни узун қилиб қўяди. Яна бошқача айтилса, бировларнинг бахтларини фузун, кундузларини узун қилиб бахтли ҳаёт ато этиш ҳам, бировлврнинг кундузларини қора тунга айлантириб ёруғликдан бенасиб қилиб қўйиш ҳам фақат Унинг Қудрат ва Ҳикмати билан бўлади. Албатта У коинотдаги ҳар бир нарсадан Хабардор, ҳар бир сўз ва овозни Эшитгувчи, ҳар бир ишни Кўргувчидир. Одамларнинг қилган ишлари, адолат ёки зулмларигина эмас, зарра мисоличалик майда нарса ҳам Унинг нигоҳидан махфий бўла олмас, қоронғу тунда, қоп-қора хонада, қоп-қора тош устида қоп-қора қумурсқа қимирласа ҳам, албатта У Зот билур, эшитар ва кўрар.
Унинг Қудрати билан Ердан минг-минг марта катта ҳажмга эга бўлган қуёш то «кун ва ой бирлашиб кетадиган» Қиёмат Куни келгунича бир нафас ҳам тинмасдан фазода айланаверади. Фақат Қудратли ва Доно Зот - Оллоҳ таолонинг Ўзигина уни шундай тартиб-ўлчовга бўйсундириб қўя олур.
Шунингдек, то Қиёмат қадар ой ҳам Яратганнинг белгилаб қўйган Илоҳий ўлчови билан ўз фазосида жорий бўлади. У бир ой давомида йигирма саккиз манзил - жойда турли суратда кўрингани сабабли кўзга йигирма саккизта бўлиб туюлади. Сўнгра бир ёки икки кеча кўринмасдан турадида, кейин яна ўша тартиб такрорланади. Агар қуёш кундузлари оламни нур ва ҳароратга тўлдирса, ой кечаларга ёруғлик бахш этиши билан бирга барча кишилар учун вақт ўлчови бўлиб ҳам хизмат қилади.
Ояти карима давомида Ҳақ таоло мушрик-кофир кимсаларга хитоб қилиб, зикр қилинган кеча ва кундуздан тортиб қуёш ва ойгача Ер-у ос-монлардаги барча мавжудот Унинг мулки эканлигини, Ўзининг Танҳо Парвардигор эканлигини, бутун оламларни Ёлғиз Ўзи яратгани ва Ўзи бошқаришини айтиб, мушриклар сиғинадиган сохта “илоҳлар”нинг, бут-санамларнинг ҳеч нарсага эга эмасликларини, бинобарин ҳеч кимга ҳеч қандай фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмасликларини таъкидлайди. Ва бу Илоҳий танбеҳ қуйидаги оятда ҳам давом этади -

14. Агар сизлар уларни чорласангизлар дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсалар-да сизларга жавоб қила олмаслар ва Қиёмат Кунида (уларни Оллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, дунё-ю Охират ҳақида ҳеч ким) Сизга Хабардор Зот (яъни, Оллоҳ) каби хабар бера олмас.
Яъни, эй мушриклар, ана ўша бут-санамларингиз сизлар қилаётган дуо-илтижоларингизни эшитадиларми? Агар астойдил сиғинсангизлар, сизларга фойда етказиб ризқ-рўзларингизни кўпайтирадиларми ёки аксинча, уларга сиғинмай қўйсангизлар, сизларга зиён етказиб, бошларингизга бало-мусибатлар соладиларми? Аниқки, у жонсиз бут-санамларингиз сизга ҳеч қандай фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдилар. Бас, уларга сиғинишларингизда, дуо-илтижолар қилишларингизда қандай маъно бор? Ахир обид ўз маъбудига унинг манфаат етказишидан ёки зиён-захматни дафъ этишидан умидвор бўлгани учун сиғинадику?! Йўқ, агар сизлар уларни чорласангизлар, дуоларингизни эшитмаслар. Агар “эшитсаларда, сизларга жавоб қила олмаслар ва Қиёмат Кунида (уларни Оллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар”.
Ушбу сўнгги жумлада Ҳақ таоло Қиёмат Кунида мушрик-кофир кимсалар қандай аҳволга тушишлари ҳақида хабар беради. Яъни Оллоҳ таоло У Кунда жамийки инсонларни бир жойга тўплагач, Одам алайҳис-саломдан бошлаб Қиёмат қойим бўлиши олдида дунёга келган охирги инсонгача барча инсонлар кўз ўнгида мушрикларга: “Сизлар ҳам, сизлар Оллоҳнинг шериклари деб даъво қилган бут-санамларингиз ҳам, барчаларингиз то ҳаёти дунёда қилган қилмишларингизнинг ҳар бири тўғрисида сўралмагунингизча жойларингиздан жилмай - қимирламай туринглар”, деб мушрик кимсаларни алоҳида, уларнинг бир умр сиғиниб ўтган бутларини алоҳида қилиб, бир-бирларидан ажратиб қўяди. Бу ҳақда бошқа бир оятда шундай дейилади: “(Аммо то Менинг Фармоним бўлмагунча) уларни тўхтатиб (дўзахга ташламай) туринглар! Чунки улар (аввал ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари тўғрисида) сўралгувчидирлар”. (Саффот сураси, 24-оят).
Шунда Оллоҳ таоло бут-санамларга тил ато этади ва улар ўзларига сиғиниб ўтган мушрикларга: “Сизлар бизга ибодат қилганингиз йўқ (яъни, биз, бутлар жонсиз нарсалар бўлганимиз учун сизларнинг бизга сиғинганларингизни билганимиз йўқ). Бас, Оллоҳнинг Ўзи биз билан сизнинг ўртамизда етарли Гувоҳдир. Албатта биз сизларнинг ибодатингиздан ғофил - бехабар эдик», дейдилар.” Шундай қилиб, “Мана шу (бут-санамларимиз) Оллоҳ ҳузурида бизнинг қўлловчиларимиз бўладилар”, (Юнус сураси, 18-оят) деб юрган мушриклар Қиёмат Кунида ўзларининг “қўлловчилари”дан ажралиб қоладилар.
Дарҳақиқат, эшитмайдиган, кўрмайдиган жонсиз бутлар мушрикларга: “Сизлар бизга сиғинсангизлар, биз Оллоҳ ҳузурида сизларни шафоат қиламиз”, дея олмасликлари, Оллоҳ таолога ширк келтиришни мушрикларга фақат ҳавойи нафслари буюргани аниқдир. Бас, у бутлар бутпарастларнинг чўқиниб-сиғинганларидан ғофил - бехабар эканликлари ҳам аёндир.
Ўрганаётганимиз ояти кариманинг сўнгги жумласида Жаноби Ҳақ Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг умматларига хитоб қилиб, Ўзининг дунё ва Охиратда рўй берадиган барча воқеа-ҳодисалардан жуда яхши Хабардор эканлигини айтиб, бўлган ва бўладиган нарсалар ҳақида ҳеч ким У каби хабар бера олмаслигини эслатади.

15. Эй инсонлар, сизлар Оллоҳга муҳтождирсизлар. Оллоҳнинг Ўзигина (барча одамлардан) Беҳожат ва (барча) мақтовга Лойиқ Зотдир.
Ояти карима жуда катта бир Ҳақиқатни - Оллоҳ таоло мутлақо Беҳожат Зот эканлигини, У ҳеч кимга ҳеч қачон муҳтож бўлмаслигини, Унинг Ер-у осмонларни ва жамийки махлуқотни яратганидан бошлаб яна бошқа барча-барча ишлари учун мақталишга ва мадҳ қилинишга мустаҳиқ бўлган Танҳо мадҳ этилгувчи, яъни, Ҳамид Зот эканлигини баён қилиш билан бирга оламдаги ҳамма жонли-ю жонсиз махлуқот, жумладан инсонлар ҳам ҳамма соҳада - яралишлари, яшашлари, ҳатто оладиган ҳар бир нафаслари учун ҳам Оллоҳ таолога муҳтож эканликлари ҳақида хабар беради.
Гарчи фуқаро дейилганида кишилик жамиятидаги қашшоқ, биров-ларнинг ёрдамига муҳтож бўлган инсонлар тушунилсада ва бу маънода инсонларнинг ҳаммаси ҳам фақир-камбағал бўлмай, уларнинг орасида бой-беҳожат кишилар ҳам борлиги маълум бўлса-да, лекин уларнинг ҳамма-ҳаммаси, бойи ҳам, камбағали ҳам баб-баробар Оллоҳ таолога муҳтождирлар, бошқача айтганда, барча инсонлар Унинг фуқароларидир. Оллоҳ таоло эса, на уларнинг ўзларига ва на уларнинг қиладиган амал-ибодатларига муҳтож эмасдир.

16-17. Агар У хоҳласа сизларни (Ер юзидан) кетказиб, (ўрнингизга) янги бир халқни келтирур. Ва бу (иш) Оллоҳга қийин эмасдир.
Ушбу оятлар Ҳақ таолонинг беназир буюк Қудратига далолат қиладиган, яъни, Ер-у осмонларни, жамийки борлиқни йўқдан бор қилишга Қодир бўлган Зот ҳар бир инсонни Ўзи хоҳлаган соатида йўқ қилишга ҳам, сўнгра Қиёмат Кунида қайта тирилтириб ҳисоб-китоб қилишга ҳам албатта Қодир экани ҳақида хабар берадиган Илоҳий Огоҳлантиришдир.
Бу ҳақда яна бошқа сураларда ҳам айтилгандир: “Осмонлар ва Ерни яратган Зот (у буюк сайёраларга нисбатан минг-минг марта кичик бўл-ган инсонларнинг) ўхшашини яратишга Қодир эмасми?! Йўқ, (албатта Қодирдир), Унинг Ўзигина Яратгувчи ва Билгувчидир. Бирон нарса-ни (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур - вужудга келур”. (Ёсин сураси, 81-82-оятлар).
“Парвардигорингиз Беҳожат, Раҳмат Соҳибидир. (Эй золимлар), агар У Зот хоҳласа худди бошқа қавмларни (кетказиб) уларнинг зурриётидан сизларни пайдо қилгани каби сизларни ҳам кетказиб, ортингиздан Ўзи истаган халқни халифа - ўринбосар қилур”. (Анъом сураси, 133-оят).
Яъни, Оллоҳ таоло ҳеч кимга, жумладан сизларга ҳам муҳтож бўлмагани сабаб, бошқа қавмни кетказиб сизларни пайдо қилгани каби сизларни ҳам дарҳол ҳаётдан маҳрум қилиб ўрнингизга Ўзи хоҳлаган инсонларни яратиши Унинг учун жуда осон ишдир. Лекин, Марҳаматли Оллоҳ сизларга раҳм-шафқат қилгани учунгина сизларни ҳалок қилмай, тавба эшигини очиб, бандаларим ўзларини дўзах азобидан озод қиладиган амалларни қилиб олсинлар, деб сизларга фурсат бермоқда.
Барча махлуқотга, жумладан инсониятга ҳам ҳаёт ва ўлим бериш Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Қўлида эканини баён қилгувчи оятлар яна бошқа сураларда ҳам келган: “Агар У Зот хоҳласа, эй одамлар, сизларни кетказиб, бошқаларни келтирур. Оллоҳ бунга Қодир бўлган Зотдир”. (Нисо сураси, 133-оят).
“Агар сизлар (Оллоҳга итоат этишдан) юз ўгириб кетсангизлар, У Зот (ўрнингизга) сизлардан бошқа бир қавмни алмаштириб қўюр, сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар, (балки Оллоҳга тоат-ибодат қилурлар)”. (Муҳаммад сураси, 38-оятдан)
Шунингдек, ўрганаётганимиз ояти каримада одамлар устида раҳбар бўлган турли мансаб ва лавозим эгалари агар қўл остидаги инсонларга адолат қилмасалар ёки олимлар ўзларининг билган илмларига амал қилмасалар, уларни йўқ қилиб, ўрниларига адолатли, илмига амал қиладиган кишиларни келтириш Оллоҳ таоло учун жуда осон иш эканига ҳам далолат бор.

18. (Қиёмат Кунида) ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Агар оғир гуноҳ эгаси бўлган жон (бировни) ўз юки-гуноҳига (яъни, гуноҳининг бир қисмини кўтаришга) чорласа, (гарчи чорлангувчи) яқин қариндоши бўлса-да, у (гуноҳдан) бирон нарсани зиммасига олмас, (яъни, у Кунда ҳар ким ўз амали билан машғул бўлиб, ота болага, ака укага қарашга имкон топмас. Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз фақат ғайбдаги (яъни, кўзларга кўринмайдиган) Парвардигорлари (бўлмиш Ёлғиз Оллоҳ)дан қўрқадиган ва намозни тўкис адо этган зотларнигина огоҳлантирурсиз. Ким поқцоман бўлса, у фақат ўз (фойдаси) учун покдоман бўлур. Ёлғиз Оллоҳга қайтилур.
Ояти каримада зикр қилинган, ҳар бир инсон жуда яхши билиши ва доимо ёдда тутиши лозим бўлган бу мавзу бошқа оятларда ҳам эслатилади: “Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Ва инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни, ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас). Унинг қилган саъй-ҳаракати эса яқинда (Қиёмат Кунида) кўринур. Сўнгра у (ўша саъй-ҳаракати учун) тўла-тўкис жазо-мукофот олур.” (Нажм сураси, 38-41-оятлар).
Демак, бировнинг қилган яхши амали учун бошқа биров мукофотланмайди ва аксинча бировнинг қилган ёмонлик -гуноҳи учун бошқа биров жазоланмайди.
Шунингдек, у Кунда ҳеч ким бировнинг гуноҳини ўз бўйнига олмайди, ҳатто она боласига осилиб: “Болам менинг гуноҳларимдан бир қисмини кўтаришиб юборгин”, деб ялиниб-ёлворса ҳам боласи: “Онажон, қўлимдан келмайди. Ўз жонимнинг жавобини бериб олай”, дейди. (“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” тафсиридан).
Бу мавзуни яна ҳам аниқроқ баён қилиб берган бошқа оятларда Ҳақ таоло, бировларни йўлдан уриб: “Сизлар бизнинг йўлга-оқимга юраверинглар, Қиёмат Кунида сизлар учун ҳам биз жавоб берамиз”, дейдиган кимсаларнинг ёлғончи эканликларини айтиб огоҳлантиради: “Кофир бўлган кимсалар иймон келтирган зотларга: «Сизлар бизларнинг йўлимизга эргашинглар, гуноҳларингизни бизлар кўтарурмиз», дедилар. Ҳолбуки, улар (мўминларнинг) гуноҳларидан бирон нарсани кўтара олгувчи эмасдирлар. Албатта улар ёлғончидирлар”. (Анкабут сураси, 12-оят).
Ушбу оят Қурайш катталари иймон келтирган кишиларга: «Қайта ти-рилиш, Қиёматдаги ҳисоб-китоб деган нарсалар йўқ нарсалардир. Киши дунёга бир марта келади, бундан бошқа дунё йўқдир. Сизлар бизнинг йўлимизга юраверинглар, агар у дунё ҳақидаги гаплар рост чиқиб, Қиёмат қойим бўлса, барча гуноҳларингизни биз бўйнимизга олурмиз ва сизлар азобга дучор бўлмассизлар», дейишганида нозил қилинган бўлиб, улар мўминларнинг бирон гуноҳини бўйинларига олишга қодир эмасликлари ҳақида огоҳлантиради. Қуйидаги оятда одамларни Ҳақ Йўлдан оздирган бундай кимсалар ўзларининг гуноҳларига қўшиб тобеъларининг гуноҳларига ҳам жавобгар бўлишлари ҳақида хабар берилади. Саҳиҳул-Бухорийда ривоят қилинган бир ҳадиси шариф ҳам бу ояти каримага ҳаммазмундир: «Ким одамларни залолатга даъват қилса, унинг зиммасида ўзига эргашган кимсаларнинг гуноҳлари ҳам бўлур, аммо уларнинг ўз устларидаги гуноҳлари ҳам заррача камаймас».
“Албатта улар ўзларининг юк-гуноҳларини ҳам, у юклари билан бирга (бошқа) юкларни ҳам кўтарурлар ва албатта Қиёмат Кунида ўзлари тўқиб олган (ёлғонлари) тўғрисида сўралурлар”. (Анкабут сураси, 12-оят).
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз фақат ғайбдаги (яъни, кўзларга кўринмайдиган) Парвардигорлари (бўлмиш Ёлғиз Оллоҳ)дан қўрқадиган ва намозни тўкис адо этган зотларнигина огоҳлантирурсиз. Ким покдоман бўлса, у фақат ўз (фойдаси) учун покдоман бўлур. Ёлғиз Оллоҳга қайтилур».
Демак, Қуръон оятларидан ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг панд-насиҳатларидан фақат Оллоҳ таолонинг азобидан ҳали у азобни кўрмай туриб қўрқадиган ва энг улуғ ибодат - намозни тўкис адо қиладиган кишиларгина панд-насиҳат оладилар ва гуноҳ-маъсиятдан, нопок ишлардан узоқ бўладилар. Куфру исёндан олис бўлган мўмин эса, ўзи учун катта манфаатга эга бўлади. Албатта Оллоҳ таолонинг ҳузурига қайтиш бордир.

19-20-21. Кўр (гумроҳ) кимса билан - кўргувчи (Ҳақ Йўлга ҳидоят топган киши), зулматлар (куфр) билан - нур (иймон), соя (жаннат) билан - жазирама (дўзах) баробар бўлмас.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло мушрикларга ҳеч қачон динсиз кофир билан диндор мўмин баробар бўлмаслигини, динсизлик кўрлик эканини, мўмин инсон эса Оллоҳ таоло нозил қилган ваҳийга эргашиб, иймон нима-ю куфр нима эканини билиб, қандай амалларни қилиш кераклигини, қандай ишлардан тийилиш кераклигини, яъни, нима савоб-у нима гуноҳ эканини англаб, Ҳақ таоло кўрсатган Тўғри Йўлни - Жаннат Йўлини кўриб боргувчи инсон эканини айтишни ва уларни тафаккур қилишга, улар ёпишиб олган мушриклик нима-ю, Расулуллоҳ даъват қилаётган Ислом нима экани ҳақида ўйлаб кўришга чақиришни буюради.
“Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?”
Яъни, куфр билан иймон баробар бўлурми? Албатта баробар бўлмас. Чунки куфр йўли қоронғи йўлдир. Бу йўлга кирган одам қаёққа кетаётганини ҳам, қаерда кетаётганини ҳам билмай, инсонийликдан ажраб, охир-оқибат дўзах чоҳига қулаши муқаррардир. Иймон йўли эса, ёруғ - мунаввар йўл бўлиб, унинг белгилари аниқ. Бу Йўлнинг Раҳнамоси - мўминларнинг Буюк Дўсти бўлмиш Оллоҳ таолонинг Ўзидир. У мўмин бандаларига бу Йўлда қандай амаллар қилиш кераклигини, қаерда тўхтаб, қаерда юриш кераклигини кўрсатиб туради. Мана шу Илоҳий кўрсатмаларга амал қилган мўмин банда адашмай - қоқилмай, охир-оқибатда йўлнинг поёнига - жаннатларга етади.
Эътибор қилинса, ояти каримада нур бирлик шаклида, зулматлар эса кўплик шаклида келди. Бу албатта бежиз эмас. Чунки Ҳақ Йўл ягонадир, аммо куфр йўлларининг эса тури, шакли жуда кўп.
Ояти каримада жаннат доимо остидан дарёлар оқиб тургани учун абадул-абад соя-салқин оромбахш макон эканлиги, дўзах эса тушган одамни тинимсиз куйдирадиган энг дахшатли жазирама эканлиги, демак, у иккиси ҳеч қачон баробар бўлмаслиги таъкидланади.

22. Тириклар (мўминлар) билан - ўликлар (кофирлар) ҳам баробар эмасдир. Албатта Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга (Ҳақ Даъватни) эшиттирур. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз қабрлардаги кимсаларга (яъни, ўлик дилларга Ҳақ Сўзни) эшиттира олгувчи эмасдирсиз.
Ушбу ва юқорида мазкур бўлган оятларнинг мазмунини яхшироқ англашимизда бизга мана бу оятлар ва уларнинг тафсири ёрдам беради: “Албатта, Сиз «ўлик»ларга эшиттира олмайсиз ва юз ўгириб кетаётган «кар»ларга ҳам ушбу даъватни уқтира олмайсиз. Яна Сиз «кўр»ларни залолатларидан (чиқариб, Ҳақ Йўлга) ҳидоят қила олгувчи ҳам эмасдирсиз. Сиз фақат Бизнинг оятларимизга иймон келтирадиган кишиларгагина (ушбу даъватни) уқтира олурсиз. Бас, ана ўшалар мусулмонлардир”. (Намл сураси, 80-81-оятлар).
Мазкур оятларда тақдирларига ҳаёти дунёдан кофир ҳолларида ўтишлик ёзиб қўйилган кимсалар ўликлар деб аталди. Чунки улар худди ўликлар каби ҳеч қандай сўздан, ҳатто Каломуллоҳдан ҳам заррача таъсирланмайдилар.
Ушбу икки оят мушрикларнинг Ҳақ Сўзни - Каломуллоҳни англашни, Ҳақ Йўлни кўришни истамаётганларидан озурда дил бўлган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга таскин-тасаллий бериш учун нозил қи-лингандир.
Дарвоқеъ, Пайғамбар алайҳис-салом ўзларига кўкдан, Оллоҳ таоло ҳузуридан нозил бўлаётган Қуръон оятларини одамларга тиловат қилиб берар эканлар, бу Ҳақ Сўзни эшитган ҳар бир одам, бу Илоҳий Мўъжизага гувоҳ бўлган ҳар бир инсон албатта Унга иймон келтиради деб умид қилганлари учун, иш бунинг акси бўлаётганини кўргач, одамларнинг аксариси Қуръонни эшитиб туриб, бу Буюк Китоб кўрсатган йўл Ҳақ Йўл эканини кўриб-билиб туриб хотиржан ундан юз ўгириб, гўё ҳеч нарсани эшитмагандек, кўрмагандек ўзларининг ширк ва жаҳолатларидан ажрамасдан залолатларида кетаётганларини кўргач, бу ҳақсизликдан ниҳоят даражада изтироб чекиб, ғамга ботдилар. Ҳатто мен зиммамдаги рисолат-элчилик вазифамни тўла адо қила олмаяпманми, одамларга Оллоҳнинг Динини комил суратда етказа билмаяпманми, акс ҳолда Оллоҳнинг Каломини эшитган кишилар дарҳол иймон келтиришлари керак эдику, деган ўйларга ҳам борганларида Ҳақ таоло: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эҳтимол Сиз (Макка мушриклари) мўмин бўлмаганлари учун ўзингизни ҳалок қилгувчидирсиз. (Ундок қилманг)”, (Шуаро су-раси, 3-оят), деб, ўрганаётганимиз ушбу оятларда мушрикларнинг мўмин бўлмаётганларига уларнинг диллари муҳрлаб қўйилгани сабаб эканини, шу боисдан улар қалб қулоқлари эшитмайдиган, кўнгил кўзлари кўрмайдиган кар ва кўр кимсаларга айланиб қолганларини айтиб, Ўз Элчисига Сиз ҳеч қачон эшитиш ва англашни истамайдиган “кар” кимсаларга Ҳақ Сўзни эшиттира олмайсиз, Ҳақ Йўлни кўришни истамайдиган “кўр” кимсаларга Тўғри Йўлни кўрсата олмайсиз, демак, Сиз уларнинг иймон келтирмаётганларидан ғам чекманг, улар сўзни эшитганлари билан унинг маъносини англай олмайдиган ожиз махлуқлардир, деб таскин-тасаллий беради.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “Куфр йўлидаги кимсаларни (Ҳақ Йўлга даъват қилувчи кишининг) мисоли худди фақат овоз ва чақириқни эшитадиган ҳайвонларга қичқираётган кишининг мисолидир. (Яъни, улар худди жониворлар каби чақириқ ва овозларни эшитадилар-у, лекин ҳеч нарсани англамайдилар. Бинобарин, уларни Ҳақ Йўлга чорлашнинг ҳеч фойдаси йўқ.)
Улар кар, соқов, кўрдирлар. Демак, тушунмайдилар. (Бақара сураси, 171-оят).
Ушбу ояти каримада тинглаб туриб Ҳақни эшитмайдиган, билиб туриб Ҳақни айтмайдиган, қараб туриб Ҳақни кўрмайдиган динсиз кимсалар чўпоннинг овоз ва қийқириғини эшитадиган, аммо нима деяётганини тушунмайдиган ақлсиз ҳайвонларга, қаёққа қараб ҳайдалса, ўша ёққа қараб кетаверадиган подага ўхшатилмоқда. Аммо жуда ўхшатиб ўхшатилмоқда! Уларнинг ҳолларини тасвирлашда бундан аниқроқ ташбеҳ қилишнинг имкони йўқдир.
Ахир ҳамма нарсада жуда яхши ишлайдиган қулоқ-тил-кўзлари Динга даъват қилинганларида бирдан ишламай қолса, ҳамма нарсада жуда ўткир бўлган ақллари ҳам Ҳаққа чақирилганларида бирдан ишламай қолса, уларни ақлсиз ҳайвонлар демай, ақлли инсонлар дейиш мумкинми?! Дунёвий ишларни яхши билмаслик, тушунмасликнинг, бошқача айтганда, дунёдан мол-давлат ва юксак мартабаларга эришмасдан ўтиб кетишнинг зиёни камдир, чунки уни ўнгласа бўлади, агар ўнглай олмаса ҳам зиёни камдир, чунки у мана шу тўрт кунлик дунёнинг зиёнидир. Аммо Охират иши бўлган Динда зиёнкор бўлиш, яъни Ҳақ Динга кирмасликдан, мусулмон бўлмасликдан кўриладиган зиён кейин ҳеч қачон ўнглаб бўлмас зиёндирки, бунга рози бўлган кимсани ақлли деб бўлмас. “Аниқки, Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг диллари бор-у англай олмайдилар, кўзлари бор-у кўра олмайдилар, қулоқлари бор-у эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда чорвалардан ҳам) адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир”. (Аъроф сураси, 179-оят).

23. Сиз фақат огоҳлантиргувчидирсиз.
Яъни, Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз фақат бир огоҳлантиргувчи Элчисиз, холос. Сизнинг зиммангизда фақат Оллоҳ таоло нозил қилган оятларни - Ҳақ Динни инсонларга тўла етказишгина бордир. Аммо одамларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилиш эса, Сизнинг кўлингиздан келадиган иш эмас, ҳидоят қилиш Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Қўлидадир.

24. Албатта Биз Сизни Ҳақ (Дин) билан, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юбордик. (Сизнинг умматингиздан аввал ўтган) ҳар бир умматда ҳам албатта бир огоҳлантиргувчи - пайғамбар ўтгандир.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз Макка мушрикларининг ий-мон келтирмаганлари учун асло маҳзун бўлманг, улар Сизга итоат этмаётганларига парво ҳам қилманг. Чунки Сизнинг зиммангиздаги рисо-лат-вазифа уларни зўрлаб-мажбурлаб Исломга киритиш эмас, балки Биз Сизни фақат ўзингизга нозил қилинаётган оятларни уларга тўла-тўктис етказиш билан мўминларга Охират диёрида жаннат неъматлари мунтазир бўлиб тургани ҳақида хушхабар беришингиз, кофирларни эса дўзах азоби кутиб тургани ҳақида огоҳлантиришингиз учун Элчи қилиб юборганмиз.
“(Сизнинг умматингиздан илгари ўтган) ҳар бир умматда ҳам албатта бир огоҳлантиргувчи - пайғамбар ўтгандир”.
Ушбу жумланинг энг яхши тафсири мана бу ояти каримадир: “Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Оллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир элчи юборганмиз. Шунда (ўша умматлар) орасида Оллоҳ ҳидоят қилган зотлар ҳам, шунингдек, чекларига йўлдан озишлик тушган кимсалар ҳам бўлган. Бас, Ер юзида сайру саёҳат қилиб, (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар”. (Наҳл сураси, 36-оят).
Ояти каримада Ҳақ таоло аввал-у охир барча умматлар устида Ўзининг аниқ ҳужжати борлиги ҳақида, яъни, ҳар бир умматга Ўз томонидан элчи-пайғамбарлар юборгани ва у элчиларнинг ҳаммаси, қай замонда, қандай қавмга келмасинлар, фақат бир нарсага даъват қилганлари - “Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилинглар, шайтондан йироқ бўлинглар”, деб буюрганлари ҳақида хабар беради. Демак, Ер юзи инсоният тарихи давомида ҳеч қачон Оллоҳтаоло томонидан юборилган, ягона Ҳақ Йўлни кўрсатувчи элчи-пайғамбарлар таълимотидан холи бўлмаган. Демак, бирон уммат Эртага - Қиёмат Кунида Оллоҳтаоло ҳузурида “Бизга Тўғри Йўлни кўрсатиб берадиган элчиларинг ва уларнинг таълимоти етиб келмаган эди”, деб даъво қила олмайди. Танҳо Маъбуди Барҳақ бўлмиш Оллоҳ таолога ибодат қилинглар, Унга ширк келтирманглар, шайтондан ва унинг йўлида юрадиган кимсалардан йироқ бўлинглар, деган Илоҳий Таълимот ҳар доим бўлган, ҳозир ҳам бор ва албатта келажакда ҳам бўлади, иншооллоҳ. Фақат бу Амри Илоҳий олдида одамлар икки тоифага бўлинадилар - Оллоҳ таоло Тўғри Йўлга ҳидоят қилган бахтли инсонлар Яратганнинг Ам-рига бўйинсуниб, Унга ибодат қиладилар, турли шайтоний йўллардан олис бўлиб икки дунё саодатига эришадилар; залолат йўлини танлаган кимсалар эса, Ҳақ таоло буюрган Тўғри Йўлдан четлаб, унинг элчиларини ёлғончи қилиб, шайтон васвасасига учадилар ва оқибат-натижада ҳалокатга юз тутадилар. “Бас, Ер юзида сайру саёҳат қилиб, (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлгани-ни кўринглар!”.

25-26. Агар (мушриклар) Сизни ёлғончи қилсалар, бас, (билингки), улардан аввалги кимсалар ҳам (ўзларига келган пайғамбарларни) ёлғончи қилгандилар. Ҳолбуки, пайғамбарлари уларга аниқ-равшан мўъжизалар, (Илоҳий) саҳифалар ва (Таврот, Инжил каби) нурли Китоб келтирган эдилар. Сўнгра Мен кофир бўлган кимсаларни (куфрлари сабабли) ушладим-жазоладим. Бас, Менинг инкорим-азобим қандоқ бўлди?!
Ушбу оятлар айни суранинг 4-ояти такрори ва таъкиди бўлиб, ўз ўрнида ала қадриҳол тафсир қилиб ўтилди.
Дарҳақиқат, Ернинг ҳар тарафларида кўрган одамларга асрлар қаърида қолиб кетган олис ўтмишдан ҳикоя қилгувчи осори атиқалар жуда кўпдир. Уларнинг орасида ўз замонида мисли бўлмаган муҳташам қаср-у саройлар осмондан ёғилган харсанг тошлар остида вайроналарга айланиб қолганини ҳам, тўфон балосига дучор бўлиб сув остида қолган бутун-бутун шаҳарларни ҳам, ўнлаб қулоч қалинликдаги қум, тош ёки тупроқ билан кўмиб қўйилган қалъаларни ҳам кўриш мумкин. Ибрат олгувчи инсон учун бундай мудҳиш манзаралар Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмларнинг оқибати қандай даҳшатли эканига очиқ далолат қилиб туради. Пайғамбар алайҳис-саломни ёлғончи деб масхара қилган мушрикларга ҳам Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлмасликлари учун ўтган кофир қавмларнинг топган оқибатларидан ибрат олиш буюрилди. Аммо уларнинг кўплари ибрат олмадилар ва натижада ҳалокатга юз тутдилар - ўзлари бошқалар учун “ибрат”га айландилар.

27-28. Оллоҳ осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдирганини, бас, Биз унинг ёрдамида рангу рўйлари турли-туман бўлган меваларни чиқарганимизни кўрмадингизми?! Яна тоғлар орасида ҳам оқ, қизил - ранго-ранг йўл(ли тоғлар) ҳам, тим қора (тоғлар) ҳам бордир. Шунингдек, одамлар, жониворлар ва чорва ҳайвонлари орасида ҳам ранг-баранглари бордир. Албатта Оллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонлар қўрқур. Шак-шубҳасиз, Оллоҳ Кудратли, Мағфиратлидир.
Ушбу икки оятда оламдаги барча мавжудотнинг Яратгувчиси Ёлғиз Оллоҳтаоло эканлиги таъкидланмоқда. Дарҳақиқат, илм-маърифат эгаси бўлган ҳар бир инсон осмондан ёғилган бир хил рангдаги сув сабабли қора Ердан униб чиқадиган рангу рўйи турли-туман бўлган наботот оламига, усти-кўриниши ҳам, остида яширган хазина-дафиналари ҳам ранго-ранг тоғу-тошларга - жамодот оламига ва заминнинг осту-устида тарқалиб, ўзларига юкланган вазифаларини бош тортмасдан бажариб юрган ҳайвонот оламининг ранг-баранглигига ва ниҳоят мана шу барча мавжудотдан фойдаланиб, уларни бошқаришни ўз зиммасига олган инсонларнинг рангу рўйлари ҳам, феъл-атвор ва удум анъаналари ҳам неча турфа эканлигига тафаккур ва ибрат назари билан боқса, Яратганнинг Қудрату ҳунармандчилигига тасанно айтмасдан қолмас. Шунингучун ҳам мазкур оятда Оллоҳдан фақат ҳақиқий илм-маърифат эгалари қўрқишлари уқтириб ўтилди.
Ушбу жумлада Ҳақ таоло олимнинг мартабаси нақадар юксак эканини баён қилиш билан баробар кишининг олимлиги унинг тўплаган илми кўплиги билан эмас, балки илми ортган сари Оллоҳ таолонинг нақадар Буюк ва тенгсиз Қудрат Соҳиби эканлигини яхшироқ ҳис қилиб, Унинг Қаҳрига қолишдан кўпроқ қўрқадиган инсонга айланиб боришидан маълум бўлишини айтади. Робийъ ибн Анас раҳимаҳуллоҳ айтади: “Оллоҳдан қўрқмаган кимса олим эмасдир”. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан: “Кишига илм тўғрисида унинг Оллоҳ таолодан қўрқиши етарлидир, жаҳолат-нодонлик тўғрисида эса, унинг топган илми билан мақтаниши етарлидир”, деган ҳикматли сўзлар ривоят қилинган. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Ким Оллоҳ таолога ширк келтирмаса, У ҳалол қилган нарсани ҳалол деса, У ҳаром қилган нарсани ҳаром деса, Унинг Амр-Фармонини доимо ёдида тутса, Унга рўбарў бўлишига ва қилган ҳар бир амали учун ҳисоб беришига аниқ ишонса, ана ўша инсон Раҳмоний олимдир - Меҳрибон Оллоҳ таолони тўғри танигувчи кишидир”. (“Тафсири Қуртубий” ва “Тафсири Мунийр”дан).

29-30. Албатта Оллоҳнинг Китобини (Қуръонни) тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан (яъни, улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон, Оллоҳдан ажру мукофот бўлишидан) умидвордирлар, зеро, (Оллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз Фазлу Карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам ато этур. Албатта У Мағфиратли ва ўта Шукр қилгувчидир (яъни, озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир).
Яъни, доимо Қуръони Каримни тиловат қилиб, унинг хукмига амал киладиган, Қуръон буюрган намоз ибодатини ўз вақтида, барча шарт ва ру кнларига амал қилган ҳолда адо этиб, Оллоҳ таоло ато этган ризқлари бўлмиш молу давлатларидан ҳеч кимга билдирмаган ҳолларида ҳам, очиқ-ошкора ҳам инфоқ-эҳсон қиладиган мўминлар шундай бир ўта фойдали тижорат қилмоқдаларки, у ҳеч қачон касодга учрамайди. Бу тижорат ҳаёти дунёда Оллоҳ таолонинг Китобини ўқиб, Унинг Амр-Фармонларига итоат этиш эвазига Охират диёрида жуда катта фойдага жаннатга эга бўлиш тижоратидир. Улар қилаётган солиҳ амаллари учун Ҳақ таоло албатта ажр-мукофотлар беришига инонганлари каби, Ўзининг Фазлу Марҳамати билан яна зиёда неъматларни ҳам ато этишини умид қиладилар ва ҳеч шак-шубҳасиз умидларига етадилар. Зотан, Ҳақ таоло Мағфиратли ва ўта Шукр қилгувчидир - озгина яхши амал учун ҳам жуда кўп мукофот ато қилгувчидир.
Ояти каримада зикр қилинган мўминларнинг сифатларидан бири, улар қўлларидаги молу давлат ва нозу неъматни Оллоҳ таоло томонидан берилган ризқ эканини доимо ёдларида тутадилар ва топган бойликларини фақат ўзларининг шахсий манфаатлари йўлида сарфламасдан, бошқаларга ҳам баъзан махфий, баъзан ошкора закот-садақотлар берадилар, хайр-саховатлар кўрсатадилар.
Уламолар нафл - ихтиёрий садақалар махфий, фарз амаллардан бўлган закот эса ошкора берилиши афзал дейдилар.
Агар эътибор қилсак, Ҳақ таоло мўминларнинг яширин ва ошкора тарзда хайру садақотлар беришларини мадҳ қилар экан, уларга ўша молу давлатларини Унинг Ўзи ризқ қилиб берганини таъкидлайди. Демак, би-ровларга хайр-саховат кўрсатган инсонлар аслида ўзларининг молларини эмас, балки Оллоҳ таолонинг уларга омонат ризқ қилиб берган молидан бир қисмини Унинг ишончли вакили сифатида буюрилган жойларга тарқатаётган кишилардир, холос. Бас, улар ўзгаларга яхшиликлар қилар эканлар, улардан мақтов-олқишлар кутмасдан, аксинча зиммаларидаги омонатни эгаларига - муҳтож инсонларга етказишдек савобли амални насиб этгани учун ўзлари Яратганга шукроналар айтишлари лозимдир. Нақл борку: Ким ўзгаларга хайр-саховат кўрсатар экан, улардан мақтов, раҳматлар эшитишни тамаъ қилса, у кимса сахий эмас, балки оддий савдогардир. Чунки у моли билан мақтовни сотиб олди. Сахийлик эса, эвазига ҳеч нарса олмасдан бермоқдир.
Албатта, Ҳақ таоло Қиёмат Кунида Ўзининг Ҳақ ва Адолатли Ҳукми-ни чиқаради - кўрмасдан туриб Унинг Борлигига аниқ ишонган, ана ўша ишонч-иймонини бир умр, ҳар қандай шароитда қўлидан туширмай, айрим зулм ва зулматли кунларда, иймонни ушлаш худди чўғни ушлашдек қийин бўлган соатларда ҳам иймонларидан кечмай, мўмин ҳолда яшаб, мўмин ҳолда ўлган ва Яратган ҳузурига иймонларини, солиҳ амалларини дастурхон қилиб келган мўмин бандаларига, Унга берган аҳд-паймонларига вафо қилиб ўтган садоқатли қулларига “иш ҳақларини” тўла қилиб беради - уларнинг ҳар бири иймон билан, савоб умидида, холис Оллоҳ Юзидан адо қилган каттами-кичикми ҳар бир амалнинг мукофотини тўла-тўкис олади - Ҳар бир амалнинг ажри ўн баробардан етти юз баробаргача, Рамазон рўзасининг мукофоти эса ундан ҳам кўпроқ қилиб берилади. Бунинг устига Хожанинг солиҳ қулларига зиёда Фазл-Марҳаматлари ҳам бордир. Каломуллоҳ ва Ҳадиси Шариф далолатича, мукофот - жаннатлар, зиёда марҳамат эса - аҳли жаннат Яратганнинг Жамолини кўришларидир. Улардан ҳар бири иймон ва тақволарининг қувватига, қилиб ўтган амалларининг даражаларига мувофиқ ҳолда ҳар куни ё ҳафтада ёки ойда, ёхуд йилда бир бор Оллоҳ таборака ва таолонинг Юзини кўрадилар, Сўзини тинглайдилар! Том маънода Оллоҳнинг Раҳматига эришадилар!

31. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сизга ваҳий қилган Китоб
- Куръон ўзидан аввалги Илоҳий Китобларни тасдиқлагувчи бўлган Ҳақ (Китобдир). Албатта Оллоҳ Ўз бандаларидан Огоҳ ва (уларнинг барча ишларини) Кўриб тургувчидир.
Ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, у зотга энг афзал ва энг улуғ Китоб
- Қуръони Азимни нозил қилганини айтади ҳамда у Китобнинг сифатларини санаб, аввало Қуръонни Ҳақ билан нозил қилгани, яъни, Ундаги ҳар бир калима, ҳар бир ҳарф ҳақиқат экани, Унинг бирон ҳарфини ўзгартириш, олиб ташлаш ёки Унга бирон ҳарф кўшиш матлақо мумкин эмаслиги, комил Ҳақиқатни истаган инсонлар уни фақат мана шу Китобдангина топишлари мумкин экани ҳақида хабар беради.
Сўнгра бу Китоб ўзидан аввал нозил бўлган Таврот, Инжил каби ки-тобларни ҳам Оллоҳнинг Каломи деб тасдиқлайдиган Китоб эканини, айтиб, Оллоҳ таоло барча бандаларининг қиладиган ишларини иҳота қилиб-билиб туришини, уларнинг зоҳирий аҳволларини кўриб турганидек ботиний сирларини ҳам кўриб туришини таъкидлайди ва бу билан гўё “Агар Сиз, эй Муҳаммад алайҳис-салом, ҳамма томонлама пайгамбарлик мартабасига лойиқ бўлмаганингизда эди, Сизга бус-бутун Ҳақиқатдан иборат бўлган Китоб ваҳий қилинмаган бўлар эди”, деяётгандай бўлади.

32. Сўнгра Биз бу Китобни бандаларимиздан Ўзимиз танлаган зотларга (яъни, Сизнинг умматингизга) мерос қилиб бердик. Бас, уларнинг орасида (Қуръонни ўқисада, унга амал қилмай, гуноҳлардан четланмай) ўз жонига жабр қилгувчи ҳам бор, уларнинг орасида ўртача амал қилгувчи ҳам бор ва уларнинг орасида Оллоҳнинг Изн-Иродаси билан мудом яхшиликларга ўзгувчи ҳам бордир. Ана ўша (яъни, Қуръонга ҳақиқий ворис бўлиш Оллоҳ таоло томонидан ато этилган) Буюк Марҳаматдир.
Ояти карима Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари Хақ таоло наздида ўта юксак шараф эгалари эканини - У Зот бу умматни бошқа умматлар орасидан танлаб олиб, унга Ўзининг энг Улуғ Неъмати бўлмиш Қуръони Каримни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин мерос қилиб берганини баён қилади. Демак, Ҳақ таолонингЎзи гувоҳлик берадики, Ислом уммати Оллоҳтаоло томонидан танлаб олиниб, бошқа ҳеч бир умматга эмас, фақат мусулмонларга Қуръон Китоби мерос қилиб берилган экан. Бошқача айтганда, фақат мусулмонларгина Қуръонни кўз қорачиғларидек асраб-авайлаб, унинг кўрсатмаларига амал қиладилар деган ишонч бўлгани учун ушбу Буюк Омонат Ислом умматига топширилгандир.
Оят давомида Ҳақ таоло Қуръонга ворис бўлган мусулмонларнинг ҳаммаси ҳам ушбу улуғ Меросни Қадрига етмай уч тоифага бўлинишлари ҳақида хабар беради: Биринчи тоифа - гарчи ўзларини мусулмон санасаларда, Қуръон Каломуллоҳ эканлигини тан олсаларда, унинг кўрсатмаларига амал қилмай, ушбу Китобдаги Илоҳий Амр-Фармонларга тўла итоат этмай ўз жонларига жабр қилгувчи, яъни, тарозида тортилганида ёмонлик - гуноҳлари яхшилик - савоб амалларидан оғир келадиган кимсалар; иккинчи тоифа мусулмонлар эса, муқтасид - ўртача амал қилгувчи, яъни, Қуръон оятларининг баъзисига амал қилиб, айримларига амал қилмайдиган - яхши амаллари билан ёмон амаллари баробар келадиган кимсалар ва ниҳоят учинчи тоифа мусулмонлар бўлса, Оллоҳнинг Китобига энг муносиб ворислар бўлиб, солиҳ амаллар қилишда ҳаммадан ўзгувчи, Оллоҳ таолонинг ҳифзи-ҳимоясида катта гуноҳлардан сақланиб, қилган ҳасанотлари, савоб амаллари тарозида хато ва гуноҳларидан оғир келадиган кишиларки, ана шундай инсонлар Ҳақ таолонинг Буюк Марҳаматига - жаннатига сазовор бўлган ва икки дунё саодатига эришган чин маънодаги бахтли инсонлардир. Лекин ояти каримада зикр қилинган ҳар уч тоифадаги инсонлар ҳам Оллоҳ таоло Китобининг ворислари қаторида саналгани боис чин кўнгилдан “ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ” деб иймон келтириб мусулмон бўлган барча инсонлар Ҳақ таолонинг Фазлу Марҳаматига эришишлари умид қилинади. Бу эса мусулмон бўлишнинг ўзи нақадар катта шараф эканлигини билдиради. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, ушбу оятни тафсир қилиб Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Яхшиликларга ўзгувчимиз Охиратда жаннатга ўзгувчи - энг аввал киргувчидир, муқтасид - ўртача амал қилгувчимиз нажот топгувчидир, ўз жонига жабр қилгувчи - ёмонликлари яхшиликларидан оғир келадиган кимса бўлиб, у ҳам кечирилгувчидир”, деб марҳамат қилдилар. (“Тафсири БағавшГдан).
Яна ўша манбаъда Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ояти каримадаги яхшиликларга ўзгувчи ҳисоб-китоб қилинмасдан ки-рур, муқтасид енгил ҳисоб қилинур, ўз жонига жабр қилгувчи кимса бўлса то бутун вужудуни ғам-қайғу қоплаб олгунича турган жойида тургизиб қўйилиб, сўнгра жаннатга кирур”. Қуйидаги оятларда ана ўшандай саодат аҳлини кутиб турган хайрли оқибат ҳақида хабар берилади.

33. (Қуръон ворислари учун) улар олтиндан бўлган билакузуклар ва марварид-маржонлар билан безанган ҳолларида кирадиган мангу жаннатлар бордир. У жойда уларнинг либослари ҳарир-ипак бўлгур.
Ушбу ояти карима мазмунидаги оят Ҳаж сурасида ҳам келган эди: “Албатта Оллоҳ иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга дохил қилур. Улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар ва дуру гавҳарлар билан безанурлар, либослари эса ҳарир-ипак бўлур” (Ҳаж сураси, 23-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло яна бир бор мўмин бандаларини остидан доимо тўрт улуғ неъмат билан тўла бўлган дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритиши ҳақида хабар беради. Ўша жаннат-боғлар кимлар учун ваъда қилингани ва у тинимсиз оқиб турадиган дарёлар қандай дарёлар эканлиги тўғрисида мана бу ояти каримада айтилган: “Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли-сифати (будир): «Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичгувчилар учун лаззатли (яъни, бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (улар учун у жойда) Парвардигорлари томонидан мағфират бордир. (Ана шундай жаннат аҳли бўлган тақво эгалари) дўзахда мангу қоладиган ва (у жойда) қайноқ сув билан суғорилиб, у (сув) ичакларини бўлак-бўлак қилиб ташлаган (кофир) кимсалар каби бўлурми?!” (Муҳаммад сураси, 15-оят).
“Улар у жойда олтиндан бўлган билакузуклар ва марварид-маржонлар билан безанурлар, либослари эса ҳарир-ипак бўлур”.
Юқоридаги жумлада мўминларнинг Охират диёридаги мангу яшайдиган манзиллари зикр қилиниб, улар чор-атрофларидаги ўша анвойи нозу неъматлар ва меваларга тўла, ҳеч қачон хазон бўлмайдиган боғу бўстонларда оёқлари остидан тиним билмай оқиб турадиган дарёлар соҳилларида мангу роҳат-фароғатда яшашлари айтилгач, ушбу жумлада аҳли жаннатнинг устларидаги либослари ва зеб-зийнатлари зикр қилинади. Меҳрибон Парвардигоримиз Унга ишонган ва ҳаёти дунёдаги умрларини Унинг Буйруқларига амал қилиш билан ўтказган мўмин бандалари учун тайёрлаб қўйган мангу меҳмонхонаси бўлмиш жаннатларга киришдек буюк саодат насиб этган кишилар у жойда доимо бебаҳо зебу зийнатлар билан зийнатланган ва энг қимматбаҳо либослар билан ясанган ҳолларида энг азиз ва муҳтарам меҳмонлар янглиғ ҳаёт кечиришлари ҳақида хабар беради.
Азиз ҳамдарсим, агар эътибор қилган бўлсак, ояти каримада аҳли жаннатнинг зийнат ва либоси бўлиши айтилган олтин тақинчоқлар ва ипак кийимлар ҳаёти дунёда мўминлар учун манъ қилинган - Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салам: “Ушбу икки нарса эркак умматларим учун ҳаром”, деган эдилар. Шунингдек, жаннатдаги дарёларда оқиб турадиган ва жаннат аҳли ичиб роҳатланадиган май ҳам ҳаёти дунёда мўмин ва мўминалар учун ҳаром қилингани маълум. Албатта, мазкур “ичгувчилар учун лаззатли (яъни, бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) май” билан бу дунёдаги ичган одамни ақлдан оздирадиган нопок майнинг ўртасида ер билан осмонча фарқ борлигини эътироф этган ҳолимизда ояти карима мазмунидан шуни англашимиз лозимки, ушбу уч нарса - май, олтин ва ипак фақат мана шу имтиҳон оламида мўминларнинг иймон ва итоатларини синаш учун Шариати Исломийя томонидан ҳаром қилингандир. Бас, ким бу Илоҳий имтиҳондан ўта олса, Шариат Қонунига бўйин сунса, унинг учун Охиратда ушбу нарсалар ҳалол бўлади, аммо аксинча бўлса... бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Ким дунёда ипак кийса, Охиратда уни киймас, ким дунёда май ичса, Охиратда уни ичмас, ким олтин-кумуш идишда еб-ичса, Охиратда уларда еб-ичмас”, деб марҳамат қилдилар, сўнгра: “Улар аҳли жаннат либосидир, аҳли жаннат шаробидир, аҳли жаннат идиш-оёғидир”, деб қўшиб қўйдилар. (Насоий ривояти, “Тафсири Куртубий”дан).
Яна олти саҳиҳ ҳадис тўпламларининг Ибн Можжадан бошқа бешталари Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда ҳам Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким дунёда май ичса-ю, сўнгра ундан тавба қилиб қайтмаган бўлса, у кимса Охиратда ундан маҳрум қилинур”, деб огоҳлантирганлар.

34. Ва улар (жаннатга кирган чоғларида) дедилар: «Бизлардан ғам-қайғуни кетказган Зотга ҳамду сано бўлсин. Дарҳақиқат, Парвардигоримиз ўта Мағфиратли, ўта Шукр қилгувчидир.
Ояти каримада жаннат аҳли жаннатга кирганларида айтадиган ҳамдларини “дедилар” тарзида ўтган замон феъли билан зикр қилиниши ўша ҳодиса рўй бериши аниқ бўлгани учундир.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ла илаҳа иллаллоҳ аҳли учун на ўлимда ваҳшат бор, на қабрда даҳшат бор ва на қайта тирилиб қабрларидан чиқишларида қўрқув бор. Мен гўё уларнинг Қиёмат хабарини бериб сур чалинган пайтида қабрларидан чиқиб, бошларидан тупроқни қоққанларича: “Бизлардан ғам-қайғуни кетказган Зотга ҳамду сано бўлсин. Дарҳақиқат, Парвардигоримиз ўта Мағфиратли, ўта Шукр қилгувчидир”, деяётганларини кўриб тургандекман”. (“Тафсири Мунийр”дан).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва бошқа муфассирлар: “Оллоҳ таолонинг ўта Мағфиратли эканлиги - У бандаларининг қилган гуноҳлари қанча кўп бўлмасин кечириб юборганидандир, ўта Шукр қилгувчи эканлиги - У Зот бандаларининг қилган яхши амаллари жуда оз бўлса-да, қабул қилиб, неча-неча баробар кўпайтириб ажр-мукофотлар ато этишидир”, дейдилар.

35. У Ўз Фазлу Марҳамати билан бизларни мангу турадиган бир диёрга туширдики, у жойда бизларга на машаққат етар ва на чарчоқ етар».
Ояти карима жаннат аҳлининг у жойда бирон меҳнат-машаққатга йўлиқмасдан фақат роҳат-фароғатда яшашларига далолат қилгани каби бу том маънодаги бахтли ҳаёт уларга мангуликка берилишини, ҳеч қачон тугаб қолмаслигини ҳам баён қилади. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада янада равшанроқ айтилган: “Бахт-саодат насиб этган зотлар эса жаннатда бўлиб, у жойда осмонлар ва Ер тургунча турурлар, магар Парвардигорингиз хоҳласа (яна Ўзи хоҳлаган Ҳукмини қилур). Бу (яъни, жаннатга тушиш бахтига эришиш Парвардигорингизнинг) туганмас Инъомидир”. (Ҳуд сураси, 108-оят).
Яъни, ҳаётларини Ёлғиз Оллоҳга ибодат ва Унинг элчиларига итоат қилиш билан ўтказган бахтли кишиларнинг жойлари Оллоҳ таолонинг хоҳиши билан мангу жаннат бўлиб, улар у жойда осмонлар ва Ер тургунча, яъни, мангу қолурлар. Оллоҳ таолонинг уларга ато этган бу неъмати ҳеч қачон узилиб - тугаб қолмас. “Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун битмас-туганмас ажр-мукофот бордир”. (Инишкрк, сураси, 25-оят).
Аллома ибн Касийр айтади: “Ушбу оятдаги “магар Парвардигорингиз хоҳласа”, деб истисно қилинишининг маъноси шуки, саодатли кишиларнинг жаннатда мангу қолишлари ўз-ўзидан бўлиб қолган эмас, балки фақат Оллоҳнинг хоҳиши билан бўлган, бас, аҳли жаннат шундай туганмас неъмат ато этгани учун ҳар нафасда У Зотга шукроналар айтишлари вожибдир. Шунинг учун ҳам улар жаннатнинг кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, ҳеч қачон тугаб қолмайдиган неъматларидан баҳраманд бўлар эканлар, худди нафас олишни унутмаганлари каби ҳар нафасда Оллоҳтаолога ҳамд ва тасбеҳ айтишни ҳам унутмай-дилар”.
Ояти каримада жаннатда мангу қолиш бахтли бандалар учун Оллоҳ таоло томонидан ато этилган “туганмас Инъом”, деб айтилишининг ўзи бу улуғ бахт фақатгина мўминнинг қилган амалларига яраша берилган ажр эмас, балки Оллоҳ бандасига берган ҳадя эканига ишорадир. Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Сизлардан ҳеч ким ўз ама-ли билан жаннатга кира олмайди”, деганлари, саҳобалари: “Сиз ҳамми ё Расулуллоҳ?”, дейишганида, “Ҳа, мен ҳам, магар Оллоҳ мени Ўз Раҳмат-Марҳамати билан ўраса, ана ўшандагина кира олурман”, деб жавоб берганлари ҳам жаннат Ҳақ таолонинг бандаларига берган инъоми эканига далолат қилади. (Бухорий, Муслим, Насоий Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят ҳилганлар).
“Саҳиҳайн”да ривоят қилинган мана бу ҳадиси шариф ҳам мўмин-ларга ато этиладиган жаннат қандай буюк неъмат эканига далолат қилади: “Сўнгра уларга айтилур: “Эй аҳли жаннат, энди сизлар учун фақат яшаш бор, ҳеч қачон ўлмайсизлар, энди сизлар учун фақат ёшлик бор, ҳеч қачон қаримайсизлар, энди сизлар учун фақат соғлик бор, ҳеч қачон оғримайсизлар, энди сизлар учун фақат неъматлар бор, ҳеч қачон улардан ноумид - маҳрум бўлмайсизлар”.

36-37. Кофир бўлган кимсалар учун эса жаҳаннам ўти бордирки, на уларга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур. Биз ҳар бир кофирни мана шундай жазолармиз. Улар у жойда: «Парвардигоро, бизларни (бу азобдан) чиқаргин, бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқа яхши (амалларни) қилурмиз», деб дод-вой қилурлар. Ахир Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантиргувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку! Бас, энди (азобларингизни) тотаверинглар! Энди золим кимсалар учун бирон ёрдамчи бўлмас!
Юқоридаги оятларда жаннат аҳли, уларга ато этилажак ажр-мукофотлар ва уларнинг жаннатдаги аҳволлари, айтадиган сўзлари зикр қилингач, энди ушбу икки оятда дўзах аҳли, улар гирифтор қилинадиган азоб-уқубатлар ва уларнинг жаҳаннамдаги аҳволлари, қиладиган бефойда дод-войлари ҳақида хабар берилади.
Ушбу ояти кариманинг энг гўзал тафсири мана бу оятлардир: “Улар (дўзах ходими бўлган фариштага) «Эй Молик, Парвардигоринг бизларга Ўз ҳукмини қилсин (яъни, тезроқ жонимизни олсин, бизлар бу азобдан қутулайлик», деб) нидо қилганларида, у: «Албатта сизлар (мана шу азобда мангу) тургувчидирсизлар», деди”. (Зухруф сураси, 77-оят). “(Оллоҳдан) қўрқадиган киши панд-насиҳат олажак. Катта ўтга (дўзахга) кирадиган бадбахт кимса эса ўзини у (насиҳат) дан четга олур. Сўнгра у жойда у на ўла олур ва на яшай олур!” (Аъло сураси, 10-13-оятлар).
Аҳмад ва Муслим Абу Саид Худрий розияллоҳу анхудан ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам хутба қилар эканлар, ушбу ояти каримани ўқидилар ва дедилар: “Аммо жаҳаннамнинг ҳақиқий эгалари (яъни, кофир ҳолда ўлиб, Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло хузурига кофир ҳолда келган кимсалар), албатта улар у жойда на ўла олурлар ва на яшай олурлар. Аммо унинг аҳли бўлмаган (яъни, ўзлари кофир бўлмаган, лекин кечирилмаган гуноҳларининг жазосини олишлари учун вақтинча жаҳаннамга ташланган) кишиларни эса, дўзах ўти гўё ўлдиргандек бўлади, сўнгра шафоат қилгувчи зотлар уларни шафоат қиладилар, бас, улар тўп-тўп қилиниб, наҳрул-ҳаёт - ҳаёт дарёси деб аталадиган бир дарё олдига келтириладилар-да, унга ташланганларидан кейин уларнинг баданлари гўё сел оқизиб келган лойқадан униб чиққан ниҳоллар каби янгидан униб чиқади”. (“Тафсири Мунийр”дан).
Яна бир саҳиҳ ҳадисда ҳам бу ҳақда хабар берилган: “Қалбида зарра мисқоличалик иймони бўлган киши албатта дўзаҳдан чиқади”.
Айрим муффассирлар оятдаги “(кофир) у жойда на ўла олурл ва на яшай олур”, жумласи тафсирида: “Жаҳаннамдаги кофир кимсанинг жони бўғзига тиқилиб қолади, бас, у на жони чиқиб кетиб ўла олади ва на жони жойига тушиб яшай олади”, деб тафсир қилганлар. (“Тафсири Куртубий”дан).
Ояти каримадаги: “Ахир Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?!” жумласининг тафсирида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ушбу ҳадиси шариф ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ таоло бир кишининг ажалини кечиктириб, олтмиш ёшга етказган бўлса, кечиришни чекига етказибти”. (Имом Бухорий ривояти). Яъни, кимга Оллоҳ таоло олтмиш ёш умр берса, энди унинг учун ҳеч қандай узр қолмайди. Чунки олтмиш ёш ўлимнинг ёқасидаги ёшдир, у тавба-тазарруъ қилиш, қалбда қўрқув ҳиссини туйиш ва ўлимга, Оллоҳтаолога рўбарў бўлишга кўз тутиб туриш ёшидир. Бас, кимда-ким Оллоҳ таоло уни ана шундай улуғ ёшга етказганидан кейин ҳам тавба қилмасдан, ўзини ўнгламасдан, қилган гуноҳларига истиғфор айтмасдан гуноҳ-маъсиятлар ботқоғига ботиб юраверар экан ва ўша алфозда ўлиб кетар экан, энди унинг Қиёмат Кунида дод-вой қилиб кечирим сўрашидан, Роббим агар мени ҳаёти дунёга қайтарсанг фақат солиҳ амаллар қиламан деб қасамлар ичишидан ҳеч қандай фойда йўкдир. Ҳақ таоло томонидан огоҳлантиргувчи қилиб юборилган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам келтирган Китобга умри бўйи қулоқ солмай ўтган кимса шак-шубҳасиз, золимдир - ўз жонига жабр қилган кимсадир. Қиёмат Кунида “золим кимсалар учун бирон ёрдамчи бўлмас!”

38. Албатта Оллоҳ осмонлар ва Ернинг сирларини Билгувчидир. Албатта У диллардаги сирларни ҳам аниқ Билгувчидир.
Яъни, осмонлар ва Ердаги, бутун борлиқдаги бандалар билмайдиган, уларнинг онг шуурларидан махфий бўлган барча сир-асрорлар Оллоҳ таолога аёндир - У барча ошкора ва яширин нарсаларни билур, бас, сизларнинг қилган амалларингиз қандай қилиб Унга маълум бўлмай қолиши мумкин? Бундай бўлиши асло мумкин эмасдир.
Диллардаги сирлардан ҳам жуда яхши Хабардор бўлган Оллоҳ таолога жаҳаннам эгалари бўлган кофир-мушрик кимсаларнинг Қиёмат Кунида айтадиган “Агар бизларни ҳаёти дунёга қайтарсанг, фақат солиҳ амаллар қиламиз”, деган гаплари ёлғон эканлиги ҳам жуда яхши маълумдир. Бу ҳақда Анъом сурасининг 28-оятида ҳам хабар берилган:
“Йўқ, (улар иймонга келмайдилар. Фақат ҳозир - Қиёмат Кунида) уларга илгари яшириб юрган нарсалари ошкор бўлиб қолди, холос. Агар (дунёга) қайтарилсалар, шубҳасиз, улар яна ўзлари манъ қилинган ишларга қайтадилар. Албатта улар ёлғончидирлар”. (Анъом сураси, 28-оят).
Ўтмиш ва келажакни, ҳозир ва ғойибни, зоҳир ва ботинни Билгувчи Зот, дўзах даҳшатларини кўриб дод-вой қилаётган, агар ҳаёти дунёга қайтарилганимизда иймон келтириб, яхши амаллар қилган бўлар эдик, деб қасамлар ичаётган кофирларнинг бу сўзлари ёлғон эканини, балки уларнинг илгари яшириб юрган сирлари ошкор бўлиб, куфр ва гуноҳлари юзага чиқиб, ўзларича йўқ деб юрганлари - дўзах кўзларига кўриниб, унинг борлиги ва бутун даҳшатлари аниқ маълум бўлиб қолгани учунгина агар қайтарилганимизда ундоқ қилар эдик, бундоқ қилар эдик, деб лоф ураётганларини айтади. Агар фаразан улар ўзларининг орзуларича ҳаёти дунёга қайтарилганлари тақдирда ҳам яна ўша аввалги қабиҳ қилмишларига қайтишлари, табиатлари ўта нопок бўлгани сабабли улар дўзахни ўз кўзлари билан кўрганларидан кейин ҳам ўнгланмасликлари ҳақида хабар беради ва энг катта Ҳақиқатларни - Оллоҳнинг Борлиги ва Танҳолигини, Охират борлигини, Қиёмат борлигини, жаннат ва дўзах борлигини ёлғон деган кофирларнинг ўзлари шак-шубҳасиз ёлғончи эканликларини, бас, улар фақат дўзахда мангу азобланишга лойиқ махлуқлар эканликларини айтади.

39. У сизларни Ерда (ўтиб кетган ота-боболарингиздан кейин) халифа - ўринбосарлар қилиб қўйган Зотдир. Бас, ким кофир бўлса, унинг куфри фақат ўзининг зиёнига бўлур. Кофир бўлган кимсаларга куфрлари Парвардигорлари ҳузурида фақат ғазабнигина зиёда қилур. Кофир бўлган кимсаларга куфрлари фақат зиённигина зиёда қилур.
Ушбу ояти каримада то Қиёмат қойим бўлгунича Ер юзида инсонлар ҳаёти узлуксиз давом этиши, Оллоҳ таоло давомли равишда ҳаёти дунёдан кетганлар ўрнини тўлдириб, аждодлар ўрнига авлодларни ўринбосар қилиб бориши ҳақида хабар берилади. Демак, ҳар бир инсон учун ўзи яшаб ўтган давр - аср унга ато этилган ғанимат фурсатдир, ажр-мукофотларга лойиқ амаллар қилиб олиш учун берилган имкониятдир. Мана шу фурсатнинг омонат эканини, ўзига берилган умр муваққат эканини билган ва уни иймон билан, солиҳ амалларга тўлдириб яшаган инсон, ўзининг аждодлар ўрнига келган ўринбосар эканини ва яқинда унинг даври хам ўтиб, ўрнига бошқа ўринбосарлар келиши аниқ эканини ҳис қилиб яшаган инсон албатта Оллоҳтаоло унга синов - имтиҳон учун ато этган ҳаётда зафарларга эришиб, Охиратда нажот топгувчи - том маънода бахтли инсондир.
Аммо кимда-ким кўрнамаклик қилиб кофир бўлса, уни Ер юзида халифа-ўринбосар қилиб қўйган Зотнинг Амрига итоат этмаса, Ҳукмига бўйинсунмаса, бу кўрнамакликлигининг зиёни фақат ўзигадир, унинг бу мудҳиш жинояти учун бошқа ҳеч ким эмас, фақат ўзи жазоланади, Ҳақ таолонинглаънати ва азобига гирифтор бўлади.
“Кофир бўлган кимсаларга куфрлари Парвардигорлари ҳузурида фақат ғазабнигина зиёда қилур. Кофир бўлган кимсаларга куфрлари фақат зиённигина зиёда қилур.”
Яъни, улар куфрларида давом этар эканлар, Оллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлаверадилар, куфрларида оёқтириб тураверар эканлар, ўзларига ҳам, яқинларига ҳам фақат зиённи, кулфат ва ҳалокатни кўпайтираверадилар!

40. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, мушрикларга) айтинг: «Хабар берингиз-чи, сизлар Оллоҳни қўйиб илтижо қилаётган шерикларингиз-бутларингиз (ниманинг шарофати билан илтижо-ибодат қилинишга сазовор бўлдилар)? Менга кўрсатиб берингизчи, улар Ердан бирон нарсани (бирон бўлагини) яратганмилар, ёки уларнинг осмонларда (яъни, осмонларни яратишда Оллоҳга) шерикликлари борми, ёхуд Биз уларга бирон китоб ато этдикмики, улар ўша (китобдан ўзларининг Бизга шерик эканликлари ҳақида) бирон ҳужжат устида бўлсалар?! Йўқ, у золим кимсалар бир-бирларига («Бутларимиз бизларни шафоат қиладилар», деб) фақат алдовни ваъда қилурлар.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом Сиз мушрик кимсалардан сўранг: “Менга айтиб беринглар-чи, сизлар Оллоҳ таолони қўйиб дуо-илтижолар қилаётган шерикларингиз, яъни, сизлар “Оллоҳнинг шериклари” деб даъво қилиб сиғинаётган бут-санамларингиз Ернинг бирон бир бўлагини яратдилармики, “илоҳ”ликка ҳақдор бўлсалар?! Ёки уларнинг осмонларни яратишда ва тасарруф қилишда Оллоҳ таолога шерикликлари бормики, ўша сабабдан илоҳликда Оллоҳ таолога шерик бўлсалар?! Ёки Оллоҳ таоло ўша бут-санамларга бирон китоб-ҳужжат берганмики, улар ўша ҳужжат билан Оллоҳ таолонинг сиғинишга ҳақдор бўлган шерикларига айланиб қолган бўлсалар?! Йўқ, мушриклар “илоҳларимиз” деб сиғинаётган бут-санамларда мазкур сифатлардан биронтаси йўқдир! Бас, ўз жонларига жабр қилгувчи бўлган мушрик кимсаларнинг: “Илоҳларимиз бизга Қиёмат Кунида ёрдам қиладилар, улар бизларни Оллоҳга яқин қиладилар, Оллоҳ ҳузурида бизларни шафоат қиладилар”, деб бир-бирларига қилаётган ваъдалари қуруқ сафсатадан ўзга нарса эмасдир!

41. Албатта Оллоҳ осмонлар ва Ерни қулаб тушишдан ушлаб-асраб турур. Аниқки, агар улар қуласалар У Зотдан сўнг (яъни, Оллоҳдан ўзга) бирон кимса уларни тутиб тура олмас. Дарҳақиқат, У Ҳа-лим ва Мағфиратли бўлган Зотдир.
Юқоридаги оятларда мушрикларнинг сиғинадиган бут-санамлари на Ер ва на осмонда бирон иш қилишга қодир эмасликлари баён қилингач, ушбу ояти каримада осмонлар ва Ернинг Яратгувчиси ҳам, уларни фазода қулаб - йўқ бўлиб кетишдан сақлаб тургувчиси ҳам Танҳо Оллоҳ таолонинг Ўзи эканлиги, агар қулайдиган бўлсалар, Оллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким уларни тутиб қола олмаслиги таъкидланади ҳамда Оллоҳтаоло бениҳоя Ҳалим ва Ўта Кечиргувчи бўлгани боис мушрик-кофир кимсалар Унга ширк келтириб, “Оллоҳнинг боласи бор”, деб турсаларда, ғазабланмай, азобини нақд қилмай осмонлар ва Ерни ўз ўрнида сақлаб тургани айтилади. Ушбу мавзу мана бу оятларда янада очиқроқ баён қилинади: “(Эй мушриклар), сизлар шундай оғир нарсани айтдингизки, унинг сабабидан - Раҳмоннинг боласи бор, деган даъво(нинг оғирлиги)дан осмонлар ёрилиб, Ер бўлиниб, тоғлар парча-парча бўлиб қулашга яқин бўлур. (Марям сураси, 89-91-ояпишр).
Ушбу оятларни диққат ва инсоф билан ўқиган киши дарҳақиқат, уларни осмону заминни ҳам, тоғу тошларни ҳам яратган Эгаси нозил қилганига иймон келтиради. Чунки Ерлик одамнинг хаёлига Ер ёрилишидан ўзга нарса келиши амри маҳолдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Мушриклар: “Оллоҳнинг боласи бор”, деган вақтларида инсон ва жинлардан бошқа жамийки махлуқот, осмонлар, Ер ва тоғлар даҳшатга тушганларидан тамоман йўқ бўлиб кетишга яқин бўладилар, малоикалар ғазабланиб, жаҳаннам олови кўкка ўрлайди”. (“Тафсири БағавшГдан). Яъни, ҳеч қандай шерикка, ёрдамчига ёки болага муҳтож бўлмаган Танҳо Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ширк келтириш, “Унинг боласи бор” дейиш шу қадар оғир туҳматки, бирон ақлли инсон бундай бўҳтон сўзни айтиши мутлақо мумкин эмасдир. Нафақат инсон, балки Оллоҳ таолонинг жонсиз махлуқотлари бўлмиш Ер-у осмон ва тоғ-тошлар ҳам мушрик кимсалар оғзидан чиқаётган бундай бўҳтон сўзни эшитганларида унинг оғирлигини кўтара олмасдан ғазабдан тарс ёрилиб, парчаланиб, ер билан яксон бўлиб кетишга яқин бўладилар, бош-қача айтганда, Қиёмат қойим бўлишига оз қолади. Фақат Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига маълум бўлган ҳикмат сабабли ва Қиёмат Соати қачон келишини Унинг Ўзи аниқ белгилаб кўйгани боисидан Ердаги ҳаёт яна давом этаверади, бахти қаро мушрик кимсалар эса, ғафлат уйқусидан уйғонмасдан, яна ўзларининг: “Оллоҳнинг боласи бор”, деган ботил ақидаларида адашиб-улоқиб юраверадилар.

42. (Макка кофирлари) агар уларга бирон огоҳлантиргувчи (пайғамбар) келса, албатта ҳар қандай умматлардан ҳам ҳидоят топгувчироқ бўлишлари ҳақида Оллоҳ номига жон-жаҳдлари билан қасам ичгандилар. Бас, қачонки уларга огоҳлантиргувчи (Муҳаммад алайҳис-салом) келгач, (бу) уларни янада (Ҳидоятдан) узоқлаштирди, холос.
Араблар Бани Исроил қавмидан элчи-пайғамбарлар чиққани каби араб қавмидан ҳам пайғамбар чиқишини орзу қилишар, яҳуд ва насронийларнинг кўплари ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилганларини эшитганларида уларни лаънатлаб: “Агар бизга ҳам бирон-бир огоҳлантиргувчи пайғамбар келганида эди, Оллоҳга қасамки, биз ана у айрим яҳудий ва насронийларга қараганда Тўғри Йўлга юргувчироқ бўлар эдик, яъни, ўзимизга юборилган пайғамбарни ҳеч биримиз ёлғончи қилмас эдик”, деб қасамлар ичар эдилар. Аммо қачонки уларга ўз қавмларидан бўлган, ўзлари орзу қилган Огоҳлантиргувчи - Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Элчи қилиб юборилганида эса, улар Тўғри Йўлга юриш - Расулуллоҳга иймон келтириб, у зотга итоат этиш ўрнига ундан янада узоқлашдилар, холос!

43. Улар Ерда мутакаббирлик қилиб ва (пайғамбарга қарши) ёмон макр-ҳийла қилиб (ҳидоятдан узоқлашдилар). Ёмон макр-ҳийла эса фақат ўз эгаларини ўраб ҳалок қилур. Бас, улар фақат аввалгиларнинг суннатларига (яъни, кўргуликларига) кўз тутмоқдалар, холос (яъни, уларнинг ҳам бошларига аввалги динсизларнинг куни тушар). Бас, Сиз ҳаргиз Оллоҳ суннати - қонунининг ўзгарганини кўрмассиз ва ҳаргиз Оллоҳ суннатининг алмашганини (яъни, азобга мустаҳиқ бўлган кимсалар қолиб, ўзгалар азобланганини) кўрмассиз.
Яъни, мушрикларнинг бу қилиқлари - улар орзу қилган Пайғамбар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига нозил бўлган Қуръони Азим билан келганларида мушрик-кофир кимсаларнинг дарҳол иймон келтириш ўрнига куфрларига яна куфр қўшилиб, иймондан янада узоқлашишлари улар Оллоҳ таолонинг оятларига эргашишдан кибр қилганлари ва одамларни Оллоҳ Йўлидан тўсиш учун жуда ёмон хийла қилмоқчи бўлганларидандир. Бас, маълум бўладики, улар аҳдларида турмайдиган, ваъдаларига вафо қилмайдиган ёлғончи махлуқлар экан. Энди мушрикларнинг қилган разил макр-ҳийлалари фақат ўзларини ўраб ҳалок қилур, ёмонликлари учун албатта жазоларини олурлар. Энди уларнинг бошларига ҳам аввал ўтган умматлар орасидаги ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилган кимсаларнинг бошларига тушган бало-мусибат ва ҳалокатлар албатта тушар, улар гирифтор бўлган азоб-уқубатларга булар ҳам шак-шубҳасиз, гирифтор бўларлар! Чунки бу Оллоҳ таолонинг азалий ва абадий Қонунидирки, Оллоҳнинг Қонунини ҳеч ким, ҳеч қачон ўзгартира олмас! “Қачон Оллоҳ бирон қавмга ёмонлик - бало юборишни ирода қилса, бас, уни қайтариб бўлмас!” (Раъд сураси, 11-оятдан).

44. Ахир улар Ер юзида сайр қилиб, ўзларидан аввалги (динсиз) кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўрмайдиларми?! Ҳолбуки, (аввалгилар) булардан кўра кучли-қувватлироқ эдилар. На осмонлардаги ва на Ердаги бирон нарса Оллоҳдан қочиб қутулгувчи эмасдир. Зотан, У Билим ва Қудрат Эгаси бўлган Зотдир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло одамларни ва хусусан, Макка мушрикларини Ернинг ҳар тарафларига саёҳат қилиб, ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилган, уларнинг устидан масхара қилиб кулган қавмлар қандай ҳалок қилинганларини улардан қолган вайроналардан кўриб, кўзлари очилиб, ибрат олишга чақиради.
“Танвийрул-азҳон мин тафсири Руҳул-баён” тафсирида ривоят қилинишича, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Масжидул-Ҳаромда Билол, Суҳайб ва Аммор каби бечора - мискин саҳобалари билан ўтирган эдилар, мушрикларнинг катталаридан бўлган Абу Жаҳл бир тўда қурайш-ликлар билан ўтиб қолди ва: “Муҳаммад мана шуларни жаннат подшоҳлари деб ҳисоблайди”, деб фақир мусулмонларни масхара қилиб кулди ва ҳеч қанча вақт ўтмай Бадрда бу истеҳзосининг жазосини олди - ҳалок қилинди. Бу воқеа ҳам ақл эгалари учун ибрат ўрнидир.

45. Агар Оллоҳ одамларни улар қилган гуноҳлари билан ушлаганида эди, (Ер) юзида бирон жониворни тирик қолдирмаган бўлур эди. Лекин У Зот уларни (жазолашни) белгиланган муддатгача (яъни, Қиёмат Кунигача) қолдирур. Бас, қачон ўша муддатлари келгач, (уларнинг ҳар бирига қилиб ўтган барча яхши-ёмон амалларининг мукофот-жазоларини берур). Зеро, Оллоҳ бандаларини Кўриб тургувчи бўлган Зотдир.
Ушбу ояти карима юқоридаги оятларда зикр қилинган мушрик-кофир кимсаларнинг мудҳиш кирдикорлари ва куфр сўзларидан хабардор бўлган киши кўнглида табиий равишда пайдо бўладиган: “Нега Оллоҳ таоло ундай жиноятчиларни дарҳол қириб, ҳалок қилиб юбормас экан-а?” деган саволга Ҳақ таоло томонидан берилган жавобдир. Шунингдек, ояти карима Жаноби Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг бениҳоя сабрли ва беқиёс Ҳалим Зот эканлигига ҳам равшан далилдир. Чунки оят мазмунидан англашилишича, Қодир Оллоҳ агар золим кимсаларнинг иймонсизлик билан қилган зулмларига сабр-тоқат қилмасдан ғазабига оладиган бўлса, улар содир этган мудҳиш жиноятларга ҳалимлик қилмасдан Ўз азобини юборадиган бўлса, у ҳолда золимларнинг касофатидан нафақат уларнинг ўзлари, балки Ердаги тирик жонзотнинг ҳаммаси қирилиб кетган бўлар эди. То Қиёмат дунёга келадиган барча инсонларга ибрат бўлсин учун тарихда бўндай воқеа бир марта содир бўлди ҳам!
Қатода айтади: “Оллоҳ таоло Нуҳ замонида шундай қилди - золим кимсаларнинг касофатидан Нуҳ алайҳис-саломнинг кемасидаги кишилардан бошқа, Ердаги барча жонзотни ҳалок қилиб юборди”.
Байҳақий ривоят қилишича, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир кишининг: “Золим кимса фақат ўзигагина зиён қилади”, деяётганини эшитиб: “Йўқ, Оллоҳга қасамки, золимнинг зулми касофатидан ҳатто уясига яшириниб олган қушлар ҳам ҳалок бўладилар”, деди. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анху эса: “Яқинки, ўз инларидаги ҳашаротлар ҳам Одам боласи қилган гуноҳ сабабли ҳалок бўладилар”, деди ва ушбу ояти каримани ўқиди. (“Тафсири Мунийр”дан).
Демак, золимларнинг зулми сабабли ўша қавмдаги яхши инсонлар ҳам ҳалок бўлиб кетишлари мумкин экан. Бу ҳақда “Саҳиҳи Муслим”да Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ушбу ҳадиси шарифда хабар берилади: Ибн Умар айтади: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қачон Оллоҳ таоло бир қавмга азоб юборишни ирода қилса, у азоб ўша қавмдаги яхши-ю ёмон барча одамларга етади, сўнгра Қиёмат Кунида улар ниятларига қараб (золимлар дўзах аҳли сафида, мўминлар аҳли жаннат қаторида) тириладилар”, деяётганларини эшитганман”. (“Тафсири Қуртубий”дан).
“Зеро, Оллоҳ бандаларини Кўриб тургувчи бўлган Зотдир”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу жумла тафсирида айтади: “Албатта, Оллоҳ таоло бандаларидан ким Унга тоат-ибодат билан ўтганини ва ким умрини гуноҳ-маъсият билан ўтказганини Кўриб тургувчи ва Қиёмат Кунида уларнинг ҳар бирига қилиб ўтган амалига яраша жазо Бергувчидир”. (“Тафсири Бағавий”дан).
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг мадади билан Фотир сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.

040. Ғофир сураси

 Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Қуръони Каримдаги суралар тартибида пайдар-пай жойлашиб, «Ҳо, Мим» ҳарфлари билан бошланадиган етти суранинг аввалгиси бўлган ушбу сурайи карима Маккада нозил қилинган. У саксон беш оятдан иборат.
Суранинг илк оятларида ушбу Қуръони Азимни нозил қилган Зот Оллоҳ таолонинг улуғ Сифатларидан бир нечаси санаб ўтилади. Улардан бири «Ғофир - Мағфират қилгувчи» Сифати бўлиб, сура мана шу улуғ Сифат билан номлангандир.
Бу сурада ҳам сўз бошқа Макка сураларида бўлгани каби Исломий ақида атрофида бориб, Ҳақ билан ботил, иймон билан туғён ўртасидаги Одам Ато давридан буён давом этиб келаётган кураш Илоҳий қалам билан чизиб берилади.
Ушбу сурайи каримада фаришталар туну кун дуо-ю тасбеҳларида Яратгандан мўминларнинг гуноҳларини мағфират қилишини сўраб илтижо қилишлари ҳақида хабар берилади. Шунингдек, бу сурада ҳам Мусо пайғамбар билан Фиръавн ўртасида бўлиб ўтган можаролар баён қилиниб, бошқа сураларда зикр қилинмаган бир лавҳа анча батафсил тасвирланадики, у ҳам бўлса Фиръавн хонадонидан бўлган ва ўзининг Оллоҳ таолога иймон келтирганини сир тутиб юрган бир мўмин кишининг қиссасидир. Шунинг учун ушбу сурани «Мўмин» сураси деб ҳам атайдилар.
Суювтий ўзининг “Дуррул-мансур” тафсирида суралар тартиби баёнида Ибн Аббос ва Жобир ибн Зайд розияллоҳу анхумдан ривоят қилишича, “Ҳо, Мим” ҳарфлари билан бошлангувчи етти суранинг барчаси Зумар сурасидан кейин пайдар-пай ҳолда нозил қилинган, яъни, худди Мусҳафи шарифдаги тартибда - аввал Мўмин, сўнгра Сажда, Шўро, сўнгра Зухруф, сўнгра Духон, сўнгра Жосия, сўнгра Аҳқоф суралари нозил қилинган бўлиб, то ушбу сураларнинг ҳаммаси нозил қилиниб битмагунича орада бошқа сура нозил бўлмаган. Ушбу сураларни “Ол-и Ҳо, Мим”, яъни, “Ҳо Мимлар оиласи” деб ҳам аталади. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Ол-и Ҳо, Мим Қуръоннинг безагидир”, дейди. “Тафсири Мунийр”да ри-воят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир нарсанинг самараси-меваси бўлади. Албатта “Ҳо, Мим” эгаси бўлган суралар Қуръоннинг самарасидир. Улар жуда гўзал, серҳосил ва ёнма-ёндирлар. Бас, ким жаннат боғларида кезишни яхши кўрса, Ҳо, Мимларни ўқисин”, деб буюрганлар.

Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан

1. Ҳо, Мим.
“Ҳо, Мим” аксари уламо наздида ҳуруфи муқаттаот - маънодан узилган ҳарфлар жумласидан бўлиб, мазкур ҳарфлар қандай маънога далолат қилиши Ёлғиз Оллоҳ таолога маълумдир. Бу ҳақца юқоридаги мана шундай ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланган суралар тафсирида ала-қадриҳол тафсир қилиб ўтилди.

2-3. (Ушбу Қуръон) Кудратли ва Билгувчи, гуноҳни Мағфират қилгувчи, тавба-тазарруъни Қабул қилгувчи, азоби қаттиқ, шу билан бирга инъом-эҳсон Эгаси бўлмиш Оллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи бордир. Ёлғиз Унинг Ўзига қайтилур.
Ушбу оятлар Қуръони Азимнинг энг Буюк Илоҳий Мўъжиза, Ҳақ Кало-муллоҳ эканини баён қилади. Ушбу Китоб Пайғамбар алайҳис-саломнинг сўзлари эмас, балки Оллоҳ таоло томонидан у зотга нозил қилинган Калом эканини исботлайдиган оятлар Қуръонда такрор-такрор келади.
Ҳадиси Қудсийда ҳам Ҳақ таоло: “Менинг бандам (яъни, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам) ростгўйдир, у Мен томондан етказган ҳар бир сўз ҳақдир”, деб Қуръон тўласича Унинг томонидан нозил қилинган ваҳий эканини таъкидлайди. (“Тафсири Мунийр”дан).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу оятларда зикр қилинган Оллоҳ таолонинг Сифатларини қуйидагича тафсир қилади: “Мазкур Китобни нозил қилган Зот - барча оламларнинг Эгаси бўлмиш Оллоҳ таоло “ла илаҳа иллаллоҳ” деган мўмин учун барча гуноҳларни мағфират қилгувчи, “ла илаҳа иллаллоҳ” деган мўминдан тавба-тазарруъсини қабул қилгувчи, “ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтмаган кофир учун бениҳоя азоби қаттиқ, “ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтган мўмин учун доимий инъом-эҳсон Эгаси «ла илаҳа иллаллоҳ» айтмаган кофирдан эса, бутунлай Беҳожат Зотдир”. (“Тафсири Бағавий”дан).
“Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи бордир. Ёлғиз Унинг Ўзига қайтилур”.
Яъни, осмонлар ва Ер ҳамда уларда мавжуд бўлган барча жонли-жонсиз нарса ва кимсаларнинг Эгаси Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзидир.
Зотан, уларнинг ҳаммасини ва ҳар бирини УнингЎзи комил Қудрат ва тенгсиз Билим билан яратган - йўқдан бор қилган, бас, уларнинг ҳаммасини УнингЎзи гўзал Ҳикмат билан тасарруф қилади - бошқариб туради. Ҳеч бир иш, воқеа-ҳодиса Унинг Изнисиз, Унинг хоҳишисиз рўй бермайди, ҳеч ким Ундан яширина олмайди ва ҳеч ким Ундан қочиб кутула олмайди. Чунки Қиёмат Кунида “Ёлғиз Оллоҳга қайтиш бордир”.

4. Оллоҳнинг оятлари ҳақида фақат кофир бўлган кимсалар талашиб-тортишурлар. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сизни уларнинг шаҳарларда кезишлари алдаб қўймасин!
Ушбу ояти каримада Пайғамбар алайҳис-салом ва барча мўминларга хитоб қилиниб, Оллоҳнинг оятларига иймон келтирмаган кимсаларнинг Ҳақ таоло азобига дучор бўлмай соғ-саломат шаҳарма-шаҳар кезиб юришлари ва савдо-сотиқлари ҳам ривож топаётганини кўриб, алданиб қолмаслик лозимлиги уқтирилмоқда ҳамда ундай кимсалар гарчи бу фоний дунёда айшу ишрат билан ўтсаларда, Охиратда мангу азобга гирифтор бўлишлари шубҳасиз, эканлигига ишора қилинмоқда.
Ушбу ояти каримада гарчи Ҳазрати Муҳамад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса-да, бу хитоб мазмунан барча мўминлар учун умумийдир. Ҳақ таоло мўминларни кофирларнинг тўкин-сочин ҳаётларига, тиллари ва қўллари узун эканига алданиб қолмасликка чақиради.
Ривоят қилинишича, айрим мусулмонлар мушрикларнинг кенгчи-ликда, бой-бадавлат яшаётганларини кўришиб: “Оллоҳнинг душманларини яхши ҳаёт кечираётганларини кўрамиз, бизлар бўлсак, доим қийинчилик, очарчилик, қаттиқчилиқца кун кўрамиз”, деганларида ушбу оятлар нозил бўлган экан. Ҳақ таоло уларга кофирларнинг молу давлатлари, айшу ишратлари мутлақо ҳавас қилишга арзимайдиган озгина мато -вақтинча фойдаланиш эканини айтиб огоҳлантиради ва уларни энг ёмон оқибат жаҳаннам кутиб тургани ҳақида хабар беради.
Яна бошқа кўп оятлар ҳам ушбу оятларнинг энг гўзал тафсиридир: “(Ундай кимсалар учун) бу дунёда озгина фойдаланиш бор. Сўнгра Бизга қайтишади. Ана ундан кейин кофир бўлиб ўтганлари учун уларга қаттиқ азобни тоттирурмиз”. (Юнус сураси, 70-оят). “Биз уларни (бу дунёда) озгина (муддат) фойдалантириб, сўнгра қаттиқ азобни (тотишга) мажбур қилурмиз!” (Луқмон сураси, 24-оят). “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз кофирларга озгина вақт-муҳлат беринг (яъни, Сиз бир оз шошмай туринг, майли улар бугун Дину иймонга қарши қўлларидан келганини қилсинлар, эртага Қиёмат қойим бўлганида албатта қилмишларига яраша жазоларини олурлар)!” (Ториқ сураси, 17-оят).
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу айтди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келсам, у зот устига ҳеч нарса солинмаган бўйра-да ўтирган эканлар. Ёнбошларида бўйранинг изини кўриб, йиғлаб юбор-дим. У зот: “Нега йиғлайсан, эй Умар”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, Кисро ва Қайсар (форс ва румнинг кофир подшоҳлари) шойи, ипак кўрпачалар устида, Сиз Оллоҳнинг Расули эса бўйра устида ухлайсизми?”, деган эдим айтдилар: “Сен улар учун бу дунё, биз учун Охират бўлишига рози эмас-мисан? У қавмларга барча яхши кўрган нарсалари мана шу ҳаёти дунёла-рида бериб қўйилди”.
Ояти карима мазмунидан мўминлар учун Қуръон оятлари тўғрисида бир-бирлари билан талашиб-тортишиш оғир гуноҳ эканлиги маълум бўлади. Бу хусусда ҳадиси шарифда ҳам айтилган: Амр ибн Шуайб раҳимахуллоҳ бобосидан ривоят қилди. У айтди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бир қавмнинг Қуръон оятлари ҳақида бир-бирлари билан талашаётганларини эшитиб қолиб: “Сизлардан илгари ўтган яхудий ва насронийлар мана шу иш сабабли ҳалок бўлганлар. Улар Оллоҳ азза ва жалланиннг Китобидаги оятларнинг айрималарини айримларига уруштириб, бир-бирига қарши кўяр эдилар. Ҳолбуки, Оллоҳнинг Китобидаги оятлар бир-бирини тасдиқлаган ҳолда нозил қилингандир. Бас, сизлар Китобнинг бир қисмини рост, бир қисмини ёлғон деманглар! Ундан билганларингни сўзланглар, билмаганларингизни уни Билгувчи Зотга ҳавола қилинглар!” деб буюрдилар”. (Имом Аҳмад, ибн Можжа ва бошқалар риқоят қилганлар. “Тафсири Бағавий”дан).

5-6. Улардан (яъни, Макка кофирларидан) илгари Нуҳ қавми ва у (қавмдан) кейинги (Од, Самуд қабилалари каби турли) ҳизблар фирқалар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилганлар. (Ўша умматлардан) ҳар бир уммат ўзларининг пайғамбарларини тутишга-ўлдиришга қасд қилган ва ботил (ҳужжатлар) билан талашиб-тортишиб, унинг ёрдамида Ҳақни енгмоқчи бўлган эдилар. Шунда Мен уларни (ўз азобим билан) ушладим. Бас, Менинг азобим қандай бўлди?! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сизнинг қавмингиз орасидаги) кофир бўлган кимсаларнинг устига ҳам Парвардигорингизнинг Сўзи - азоби мана шундай ҳақ бўлгандир, албатта улар дўзах эгаларидир.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга таскин-тасаллий бериб, гўё шундай дейди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, агар Макка мушриклари Сизнинг ҳақ Пайғамбарлигингизга ишонмасдан ёлғончи қилаётган бўлсалар, Сиз асло маҳзун бўлманг, балки уларнинг озор азийятларига сабр қилаверинг. Чунки пайғамбарлар ичида ўз қавмидан азийят чеккан ёлғиз Сиз эмасдирсиз ва қавмлар ичида ҳам ўзларига юборилган пай-ғамбарларга озор-азийятлар етказиб уларни ёлғончи қилган қавм фақат Макка мушриклари эмасдир. Балки улардан илгари ҳам Нуҳ қавми Нуҳ алайҳис-саломни, Од қавми Ҳуд алайҳис-саломни, Самуд қабиласи Солиҳ алайҳис-саломни Иброҳимнинг қавми Иброҳим алайҳис-саломни, Лут қавми Лут алайҳис-саломни, Мадян аҳли Шуайб алайҳис-саломни” ёлғончи қилгандирлар. Мусо алайҳис-салом ҳам ёлғончи қилинди. Қибт-ликлар то денгизга ғарқ қилиниб ҳалок бўлиб кетгунларича ҳам Мусо алайҳис-саломнинг ҳақ пайғамбар эканлигига иймон келтирмадилар. Бас, Сиз охир-оқибатда мазкур кофир қавмларнинг аҳволи нима бўлганини билурмисиз? Аввал-бошда гарчи у динсиз қавмлар Мен юборган элчи-пайгамбарларга куфр келтираётган бўлсалар-да, тинмасдан зулм-зўравонликлар қилаётган бўлсалар-да, Мен уларга Ўзим аниқ белгилаб қўйган муддатгача муҳлат бердим, сўнгра эса, ўша ўз пайғамбарларини ёлғончи қилган ҳар бир қавм-қабилани ҳалок қилиб юбордим - айримларини тўфонга ғарқ қилдим, бошқаларини қаттиқ бўронга дучор қил-дим, баъзиларини даҳшатли қичқириқ билан ҳалок қилдим, бошқаларини Ерга юттириб юбордим, яна бир қабиланинг устидан тош ёғдирдим, яна бошқасини эса, бошларига оловни “соябон” қилиб қўйдим! Бас, Мен юборган пайғамбарларни инкор қилганларга қарши Менинг инкорим қандоқ бўлди?! Ношукурлик қилганлари, куфр келтирганлари учун қўлларидаги неъматларини кулфатга, ҳаётларини ҳалокатга, обод юртларини хароботга айлантириб қўймадимми?! Бас, Сиз ҳам, эй Муҳаммад алайҳис-салом, то Сизга душманлик қилаётган кофир кимсаларнинг ҳалокат вақтлари келгунича сабр қилинг!
Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам учун таскин-тасаллий бўлиб нозил қилинган ушбу оятлар айни пайтда кофир-золимлар учун қаттиқ Илоҳий Огоҳлантириш ҳамдир. Мазкур Огоҳлантириш мана бу ояти каримада янада қаттиқроқ таъкидланади: “Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим (бўлган) шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши - азоби аламли ва қаттиқдир”. (Худ сураси, 102-оят).
Ҳақ таоло ушбу оятида юқорида ўтган оятларда зикр қилинган воқеа-ҳодисалар, золим-кофир қавмларнинг қирилиб кетганлари, улар яшаган қишлоқ-шаҳарларнинг айримлари култепаларга, харобаларга айлантирилгани ва айримлари бутунлай йўқ қилиб юборилгани - буларнинг ҳаммаси одамзотнинг узун тарихи давомида Яратганнинг Ҳақ Йўлига юрмасдан зулм-куфр йўлини тутганлари сабабли Унинг Қаҳрига учраган бахтсиз кимсаларнинг фожиали қиссалари эканини эслатиб, бундан кейин ҳам қай бир қишлоқ-шаҳар аҳли мазкур қавмлар каби Ҳақ Йўлдан юз ўгириб, золимлик-динсизликда оёқ тираб туриб оладиган бўлсалар, уларнинг бошларига ҳам худди ўша аввал ўтган золим қавмларнинг куни тушиб ҳалок бўлиб кетишлари аниқ эканини айтиб огоҳлантиради.

7. Аршни кўтариб турадиган ва унинг атрофидаги (фаришталар) Парвардигорлари - Оллоҳ таолога ҳамду сано айтиш билан (У Зотни барча айбу нуқсонлардан) поклаб-тасбеҳ айтурлар ва У Зотга иймон келтирурлар ҳамда иймон келтирган кишиларни мағфират қилишини сўрарлар: «Парвардигоро, Ўзинг раҳмат-марҳамат ва илмда барча нарсадан кенгдирсан. (Яъни, Сенинг Марҳаматинг ва Илминг барча нарсадан кенгдир). Бас, (ширк ва исёнларидан) тавба қилиб, Сенинг Йўлингга - Динингга эргашган кишиларни Ўзинг мағфират қилгин ва уларни дўзах азобидан асрагин.
Албатта биз - ожиз инсонлар Қодир Оллоҳнинг Арши Аълосини ҳам, У Зотнинг Ўз Аршига қай суратда ўрнашишини ҳам тасаввур қилишга ожизмиз. Зотан, ғайб оламида рўй берадиган воқеа-ҳодисаларнинг сурат-кайфиятини тасаввур қилиш биз бандалардан талаб ҳам қилинмайди. Балки аксинча, бизнинг бурчимиз Қуръони Карим ва Ҳадиси Шарифда ожиз ақлимиз бовар қилмайдиган ғайб олами ҳақида айтилган хабарлар-ни ўқиган пайтимизда уларнинг ҳақ хабарлар эканига иймон келтириб, тафсилот ва кайфиятини ОллоҳтаолонингЎзига ҳавола қилишдир. Солиҳ салафлар мана шундай йўл тутганлар.
Қуръони каримдаги энг улуғ оят - оятал-курсийда инсонга ўта чекланган илм берилгани алоҳида таъкидланади: “Ва улар У Зотнинг илмидан фақат Унинг Ўзи истаган нарсаларнигина биладилар”. Дарҳақиқат, ҳар бир нарсани Билгувчи Оллоҳ таолонинг чексиз ва тубсиз Илми олдида Ер-у кўкдаги инсон ва фаришталарнинг билганлари ҳеч нарса билмаган билан баробардир. “Улар айтдилар: «Эй Пок Парвардигор, биз фақат Сен билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта Сен Ўзинг Илму Ҳикмат Соҳибисан». (Бақара сураси, 32-оят). “Оллоҳ пайғамбарларини тўплаб: «Сизларга (яъни, қилган даъватингизга уммат-ларингиз томонидан) қандай жавоб бўлди?», деб сўрайдиган Кунда, улар: «Биз билмаймиз. Фақат Сенинг Ўзинггина ғайб илмларининг Билгувчисисан», дейдилар. (Моида сураси, 109- оят).
Оллоҳ таолонинг Илми билан бандаларнинг билганлари ўртасидаги нисбат тўғрисида ҳазрати Ҳизир алайҳис-саломдан ибратли бир ривоят бор. У зот Мусо алайҳис-саломга денгизда кетаётганларида кема четига келиб қўниб, сувга тумшуқ солган чумчуқни кўрсатиб: “Мана шу парранда ҳозир олган бир томчи сув бу тубсиз уммондан ҳеч нарса камайтира олмайдиган даражада оз ва арзимас бўлганидек, аввалу охир барча инсо-ниятнинг билими Оллоҳ таолонинг Илми олдида тубсиз денгиздан бир томчи каби жуда ҳам оздир”, деган экан.
Саккизинчи жумла: “Унинг Курсиси осмонлар ва Ердан кенгдир”. Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Курсиси! Ё Оллоҳ! Ушбу муборак жумлани ўқиган инсон дафъатан ундан аввалги жумланинг маъносини тушуниб қолади - дарҳақиқат, инсонга нақадар оз илм берилган-а! Ҳақ таолонинг Арши Аълодаги Курсиси - ҳажми осмонлар ва Ердан кенг бўлган Курси инсоннинг - илми ниҳоят даражада чекланган инсоннинг ожиз тасаввурига сиғадими? Хусусан, мана бу ҳадиси шарифни ўқиганимиздан кейин: Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан Оллоҳ таолонинг Курсиси ҳақида сўраганида шундай жавоб қилдилар: “Эй Абу Зарр, етти қат осмон, етти қават Ер, шуларнинг ҳаммаси ёзилиб, текисланиб, бир-бирига уланган ҳолида Курси рўбарўсига кўйилсалар - худди бепоён даштга ташланган бир эшикнинг ҳалқаси эгаллаган жойни эгаллайдилар. Энди Аршнинг Курсига нисбатан буюклиги худди даштнинг ҳалқага нисбатан буюклиги кабидир”. Тасаввур қила оламизми? Албатта ожизлигимизни, илмимиз жуда озлигини нечанчи марта эътироф этишдан ўзга чорамиз йўқ. Тенгги ва ўхшаши йўқ Зот Курсисининг ҳам тенгги ва ўхшаши йўқдир.
Ўрганаётганимиз ояти каримада ана ўша Оллоҳтаолонинг буюкликда тенгги йўқ Арши Аълосини кўтариб тургувчи ва унинг атрофида Яратганнинг Амрига мунтазир бўлиб тургувчи жисму жонларида ҳам, куч-қувватда ҳам тенгсиз бўлган улуғ фаришталар ва уларнинг қиладиган амаллари ҳақида хабар берилади. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада ҳам айтилган эди: «Ва фаришталар (осмоннинг) чор-атрофида (Оллоҳнинг амрига мунтазир бўлиб) турурлар. Уларнинг устида Парвардигорингизнинг Аршини у Кунда саккиз (фаришта) кўтариб турур». (Ал-Ҳааққа сураси, 17-оят).
Мазкур буюк фаришталардан бири таърифида Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга Аршни кўтариб тургувчи фаришталардан бир фаришта ҳақида сўзлаш изни берилди: Унинг бўйни қулоқ юмшоғидан елкасига қадар етти юз йиллик масофа эди”, деб марҳамат қилдилар. (“Тафсири Қуртубий”дан)
Ояти карима далолат қилишича, Ҳақ таолонинг Арши Аълосини кўтариб туришдек ва унинг атрофида тиним билмасдан тавоф қилишдек шарафли вазифани адо этгувчи буюк малоикаларнинг қиладиган ишлари доимо Парвардигорга ҳамду сано билан тасбеҳ айтиш, яъни, У Зотни ҳар қандай айбу нуқсондан Пок Зот эканлигини айтиш, Унга сидқи дилдан иймон келтириш ҳамда мўминлар ҳаққига дуо қилиб, куфру исёндан тавба қилган Ҳақ таолонинг Ҳақ Динига иймон келтирган мўмин-мусулмонларнинг гуноҳларидан ўтишини сўраб дуо қилишдир. Улар доимо Яратганга илтижо қилиб айтадилар: “Парвардигоро, Сенинг Меҳру Раҳматинг ва Азалий-Абадий Илминг барча нарсани қамраб олгандир. Борки мавжудот Сенинг Раҳматинг билан мавжуддир, Сенинг кўз ўнгингдадир. Бас, Ўзинг бандаларинг орасидаги гуноҳларидан тавба қилган ва Сенинг Дининг - Дини Исломга амал қилган мўминларни мағфират қилгин, уларни дўзах ўтининг азобидан асрагин -
8. Парвардигоро, уларни ҳам, уларнинг ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётлари орасидаги солиҳ-мўмин бўлган кишиларни ҳам Ўзинг уларга ваъда қилган мангу туриладиган жаннатларга до-хил қилгин. Албатта Сенинг Ўзинггина Кудрат ва Ҳикмат Соҳибидирсан.
Саид ибн Жубайр роҳимаҳуллоҳ айтади: “Киши жаннатга киритилганида: “Ё Роббим, ота-боболарим, онам қаердалар? Фарзанд, набираларим ва аёлим қаерда?” деб сўрайди. Шунда унга: “Улар сен қилган амалларни қилмадилар”, дейилганида, у: “Мен ўзим учун ҳам, улар учун ҳам амал қилган эдим», дейди. Бас, Ҳақ таоло томонидан: “Уларни ҳам жаннатга иритинглар”, дейилади”. Ушбу сўзларни айтгач Саид мазкур оятларни ўқиди. (“Тафсири Бағавий”ва “Тафсири Қуртубий”дан).
Ват-тур сурасидаги мана бу ояти карима мазмуни ҳам ушбу оятга ҳамоҳангдир: «Ўзлари иймон келтирган ва зурриётлари ҳам уларга иймон билан эргашган зотларга (жаннатда ўша) зурриётларини қўшдик ва уларга қилган амалларидан бирон нарсани ҳам камитмадик. Ҳар бир киши ўзи касб қилган иши билан гаровга олингувчидир -ушлангувчидир». (Ват-тур сураси, 21-оят).
Ушбу оятни шундай тушунмоқ лозим. Агар аждодлар ҳаёти дунёдан иймон ва эзгу амаллар билан ўтиб, Оллоҳ таоло наздида юксак даражотларга эришсалар ва уларнинг фарзандлари ҳам уларга иймон билан эргашсалар-у, аммо ота-боболари муяссар бўлган баланд мақомларга кўтарила олмасалар-да, Оллоҳ таоло уларни ҳам ота-боболарига қўшиб, барчаларига Ўзи ваъда қилган жаннатдан жой ато этади, аммо фарзандлари сабабли аждодларнинг ажр-мукофотларини заррача камитмайди. Чунки ҳар бир жон ўзи қилган ишига жавобгардир.
Энди қуйидаги оятларда яна ўша аҳли жаннатга ато этиладиган бахт-саодат ва ноз-неъматлар зикр қилинади.
Мазкур зотлар учун тайёрлаб қўйилган оқибат диёри - улар кирадиган жаннатлардирки, у диёрга кириш насиб этган кишилар ўша мислсиз гўзал масканда мангу қолурлар ва вақтлари бекам, шод-ҳуррамликлари беғам бўлиши учун уларнинг энг суюкли бўлган инсонлари - ота-оналари, жуфти ҳалоллари ва зурриёт-авлодларидан ҳаёти дунёда солиҳ амаллар қилиб ўтган кишилар ҳам улар билан бирга бўлурлар.
Эътибор қилинса, ояти каримада кишининг Охират диёрида аҳли жаннат бўлиш бахти насиб этган зотлар қаторига бориб қўшилиши, улар билан бирга жаннат боғларида мангу роҳат-фароғатда яшаши учун фақат ўша зотларга қариндош-уруғ ёки авлод-зурриёт бўлишининг ўзи кифоя қилмаслиги, балки ўзи ҳам, гарчи фазл-мартабада уларнинг даражасига ета олмаса-да, солиҳ инсон бўлиши, тақво ва амалда уларнинг изларидан боришга ҳаракат қилиши шарт экани таъкидланмоқда.
Бас, маълум бўладики, кишилар агар диндош бўлмасалар, Охират диёрида уларнинг бир-бирларига қариндош эканликлари мутлақо асқотмайди. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада Ҳақ таоло огоҳлантиргандир: “Бас, қачон сур чалинганида (яъни, Қиёмат қойим бўлганида) ана у Кунда уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл-насаб қолмас”. (Мўминун сураси, 101-оят).
“Тафсири Қуртубий”да Абу Насл Қушайрийдан ривоят қилинишича, оятда зикр қилинган “жаннати адн - абадий туриладиган жаннатлар” жаннат боғларининг энгўртаси ва чўққиси, Оллоҳтаолонинг арши аълоси остида жойлашган Фирдавс жаннатидир.
“Саҳиҳи Бухорий”да келган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳдан сўраганларингизда Фирдавс жаннатини сўранглар. Чунки у жаннатнинг ўртаси ва чўқисидир. Раҳмонниг Арши унинг устидадир. Жаннат дарёлари ўша жойдан отилиб чиқур”, деб буюрдилар.

9. Ўзинг уларни ёмонликлардан асрагин. Кимни ўша Кундаги (Қиёматдаги) ёмонликлардан асрасанг, бас, ҳақиқатан, унга раҳм-шафқат қилибсан. Мана шу буюк саодатдир».
Яъни, малоикалар Оллоҳ таолога илтижо қилиб мўмин бандалар ҳақида қилган дуолари орасида мазкур дуо ҳам бордир: “Ўзинг уларни ёмонликлардан асрагин”. Ушбу жумлани уламолар икки хил тафсир қилганлар. Бирнчи тафсир: “Парвардигоро, Сен мўмин бандаларингни дунёдаги ҳаётларида ёмонлик-гуноҳ амаллар қилишдан асрагин, шунда улар Охират диёрида Сенинг Раҳматингга эришиб мангу жаннатларга киришдек буюк саодатга сазовор бўладилар”. Иккинчи тафсир: “Парвардигоро, Сен уларни Қиёмат Кунидаги ёмонликлардан - қилиб ўтган гуноҳларига яраша бериладиган жазодан асрагин. Шундагина Сенинг Раҳматингга эришиб, жаннатларга киритилур. Мана шу буюк саодатдир”.
Албатта Ҳақ таоло Ўзининг бегуноҳ бандалари бўлмиш малоикаларининг мўминлар ҳақида қилган дуо-илтижоларини қабул қилиб, ҳаёти дунёдан иймон билан ўтган бандаларини Ўзининг Раҳмат - жаннатига дохил қилур.

10. Албатта, кофир бўлган кймсаларга (Қиёмат Кунида дўзахга ташланиб, шундай азобга дучор қилган нафсларини лаънатлаб турган вақтларида): нидо қилинурки «Сизлар (ҳаёти дунёда) иймонга чорланиб (иймон келтириш ўрнига) кофир бўлган чоғларингиздаги Оллоҳнинг ғазаби - ёмон кўриши сизларнинг (бу Кундаги) ўз нафсларингизни ёмон кўришингиздан каттароқдир»!
Яъни, Қиёмат Кунида кофирлар жаҳаннам ўтида азобланаётган чоғларида ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари учун ўзларини ҳам, уларни Тўғри Йўлдан адаштириб жаҳаннамга киришларига сабаб бўлган доҳийларини ҳам бениҳоя ёмон кўриб бир-бирларини қарғаб лаънатлар эканлар, дўзахиларни азоблаш учун вакил қилинган малоикалар томонидан нидо қилинурки, “Эй жаҳаннам аҳли, сизларнинг Бугун - дўзах азобига гирифтор бўлганингизда ўзларингизга ва бир-бирларингизга бўлган нафратларингиздан кўра ҳаёти дунёда пайғамбарлар орқали иймонга даъват қилинганларингизда уни қабул қилишдан бош тортиб, куфр йўлини танлаган вақтларингизда сизларга нисбатан Оллоҳ таолонинг ғазаб ва нафрати албатта каттароқ эди”.

11-12. Шунда улар дедилар: «Парвардигоро, Сен бизларни икки бор ўлдирдинг ва икки бор тирилтирдинг (яъни, аввал она қорнида ўлик-жонсиз ҳолда яратиб, сўнгра Ўзинг бизларга жон-ҳаёт ато этдинг. Кейин, ажалимиз етганда Ўзинг жонимизни олиб-ўлдириб, Қиёмат Кунида яна тирилтирдинг). Бас, бизлар (ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча) гуноҳларимизни эътироф этдик. Энди (бу дўзах азобидан) чиқишнинг бирон йўли борми?» (Йўқ, сизлар мана шу азобда мангу қолурсизлар). Бунга сабаб, қачон (сизларни) Ёлғиз Оллоҳгагина (ибодат қилишга) даъват қилинганида, кофир бўлиб-бўйинсунмай, агар У Зотга ширк келтирилса, (яъни, сизларни кимдир турли бут-санамларга сиғинишга чорлаганда) иймон келтиришларингиздир. Бас, барча ҳукм Юксак ва Улуғ Оллоҳникидир.
Шундай қилиб, кофирларнинг кўзлари фақат дўзах ўтида куя бошлаганларида очилар экан, фақат ўшанда - ҳеч қандай афсус-надомат фойда бермайдиган Қиёмат Кунида ҳаётларини куфру исён билан беҳуда совуриб юборганларини эътироф этар эканлар ва бизларни яна қайтадан ҳаёти дунёга қайтаришнинг бирон йўли борми? деб илтижо қилар эканлар. Ҳолбуки, уларни ҳаёти дунёда эканликларида Оллоҳ таолонинг Элчи ва пайғамбарлари такрор-такрор Оллоҳ ва Охират Кунига кофир бўлишдан қайтариб, қайта-қайта огоҳлантирган эдилар: «(Эй инсонлар,) қандай қилиб Оллоҳга кофир бўласизлар-а?! Ҳолбуки сизлар ўлик эдингизлар, У сизларга ҳаёт - жон ато этди. Сўнгра ўлим берадиган ҳам, сўнгра яна қайта ҳаёт берадиган - қайта тирилтирадиган ҳам Унинг Ўзидир. Сўнгра Унинг Ўзига қайтарилурсизлар». (Бақара сураси, 28-оят).
Дарҳақиқат, Оллоҳ таолонинг Борлигини инкор қилиш, Қиёмат Куни қайта тирилиш ҳақ эканига ишонмаслик ақлли кишининг иши эмас. Чунки инсон ибрат кўзи билан қай тарафга боқса, каттами-кичикми, жонлими-жонсизми қандай нарсага қараса, албатта Буюк Яратгувчи бор эканига далолат қиладиган оят-аломатларни кўради, борлиқдаги бирон нарса ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмаслигига ақли етади. Инсоннинг ақли етмай-диган жиҳатларда эса бизга Каломуллоҳ ёрдамга келади, Тўғри Йўлни кўрсатади, қалб кўзларимизни очади. Масалан, келажакда - Қиёмат Кунида қайта тирилиш ва ҳаёти дунёда яшаб ўтган умримиз учун ҳисоб-китоб бериш, қилган амалимизга жазо - мукофот олишимиз ҳақ эканига ҳар биримизнинг ўтмишимиздан ҳеч инкор қилиб бўлмайдиган бир ибратли мисол келтиради: Инсон она қорнида ҳомила ҳолида аввал бир неча ой ўлик-жонсиз жасад - парча гўшт бўлгани аён ҳақиқатдир. Демак, ҳар бир одам боласи аввал-бошда ўлик ҳолда яратилган, сўнгра Қудратли Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кунида унга ҳаёт ато этган - ўликни тирилтирган экан. Бас, тирилиш ҳодисаси ҳар биримизнинг бошимиздан бир марта ўтгани маълум бўлди. Яна бир ўринда Жаноби Ҳақ ўлимни ҳаётдан илгари зикр қи-лади: “(Эй инсонлар, Оллоҳ) сизларнинг қайсиларингиз чиройлироқ - яхшироқ амал қилгувчи эканлигингизни имтиҳон қилиш учун ўлим ва ҳаётни яратган Зотдир”. (Мулк. сураси, 2-оят). Демак, ўлимдан кейин келадиган ҳаёт ҳақ экан. Демак, бизга она қорнида ўлик ҳолимизда жон ато этган - тирилтирган Зот она замин қаърида ўлик ҳолимизда яна қайта жон ато этишга - тирилтиришга албатта қодирдир. Аксинча бўли-ши асло мумкин эмас. Чунки борлиқни, энг катта сайёрадан энг кичик заррагача бўлган ҳар бир махлуқотни тенгсиз Адолат ва теран Ҳикмат билан яратган Зот Ўзи синов учун берган бу ҳаёти дунёда, санаб саноғига етиб бўлмайдиган неъматлар ичида яшаб ўтган инсонлар - аксар ҳоллар-да яхши баҳосини, ёмон жазосини олмай - ўлиб, Ер остига кириб кетар эканлар, уларнинг барчасини қайта тирилтириб, Ўз ҳузурига тўплаб -адолат ва ҳеч тониб бўлмайдиган ҳужжатлар асосида - пок иймон ва солиҳ амаллар билан ўтганларга ажр-мукофотини, динсизлик, жиноятлар билан умрларини зое қилганларга жазо - азобини бермаслиги асло мумкин эмас.
Кофир ҳолда ўлган кимсаларнинг Қиёмат Кунидаги аҳволлари ҳақида яна бошқа оятларда ҳам хабарлар берилган: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), уларни дўзах устида турғазиб қўйилган пайтларида: «Қани энди бизлар (дунёга) қайтарилсак ва Парвардигоримизнинг оятларини ёлғон демай, мўминлардан бўлсак», деганларини кўрсангиз эди». (Анъом сураси, 27-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло кофирларнинг Қиёмат Кунида дўзахни ўз кўзлари билан кўрган вақтларидаги аҳволларини зикр қилади. Улар Қиёмат даҳшатларига гувоҳ бўлишиб, азоб фаришталари уларни дўзахга кўндаланг қилишиб, сўнгра дўзахга киришгач ва унинг шиддатини яқин-дан кўришгач, қандай надомат қилганларини мана шу дўзах азобидан қай йўл билан бўлса ҳам қутулишни орзу қилишиб: “Қани энди бизлар (ҳаёти дунёга) яна қайтарилсаг-у, ҳаётимизни бошқатдан бошлаб, (Парвардигоримизнинг оятларини ёлғон демай), мўминлардан бўлсак”, яъни, Оллоҳга, Охират борлигига, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига иймон келтирсак, гуноҳларимизга тавба қилсак, Оллоҳ субҳонаҳу ва таолони рози қиладиган солиҳ амаллар қилсак”, деганларини бир кўрсангиз эди, таърифига тил ожиз бўлган бу даҳшатли манзарадан ҳайрон-у лол қолган бўлар эдингиз.
Бу ҳолатнинг рўй бериши жуда аниқ бўлгани учун ояти каримада “деганлари” сўзи ўтган замон феъли билан келди.
Аммо Қиёмат қойим бўлганидан кейин энди қилмишга жазо олиш муддати етиб келган бўлади, у жойдан ҳеч ким қайтиб кела олмайди. Бас, ақлли инсон қўлида турган энг бебаҳо сармоясини - умрининг ҳар соатини ғанимат билиб ўша Кун даҳшатларини бир зум бўлсин, кўз ўнгидан қочирмай иймон билан солиҳ амаллар қилишга, гуноҳлари учун тавба қилиб олишга сарфлайди ва Парвардигори ҳузурига ёруғ юз билан бориш тадорикини кўради.
«Йўқ, (улар иймонга келмайдилар. Фақат ҳозир - Қиёмат Кунида) уларга илгари яшириб юрган нарсалари ошкор бўлиб қолди, холос. Агар (дунёга) қайтарилсалар, шубҳасиз, улар яна ўзлари манъ қилинган ишларга қайтадилар. Албатта улар ёлғончидирлар». (Анъом сураси, 28-оят).
Ўтмиш ва келажакни, ҳозир ва ғойибни, зоҳир ва ботинни Билгувчи Зот, дўзах даҳшатларини кўриб дод-вой қилаётган, агар ҳаёти дунёга қайтарилганимизда иймон келтириб, яхши амаллар қилган бўлар эдик, деб қасамлар ичаётган кофирларнинг бу сўзлари ёлғон эканини, балки уларнинг илгари яшириб юрган сирлари ошкор бўлиб, куфр ва гуноҳлари юзага чиқиб, ўзларича йўқ деб юрганлари - дўзах кўзларига кўриниб, унинг борлиги ва бутун даҳшатлари аниқ маълум бўлиб қолгани учунгина агар қайтарилганимизда ундоқ қилар эдик, бундоқ қилар эдик, деб лоф ураётганларини айтади.
Агар фаразан улар ўзларининг орзуларича ҳаёти дунёга қайтарилганлари тақдирда ҳам яна ўша аввалги қабиҳ қилмишларига қайтишлари, табиатлари ўта нопок бўлгани сабабли улар дўзахни ўз кўзлари билан кўрганларидан кейин ҳам ўнгланмасликлари ҳақида хабар беради ва энг катта Ҳақиқатларни - Оллоҳнинг Борлиги ва Танҳолигини, Охират борлигини, Қиёмат борлигини, жаннат ва дўзах борлигини ёлғон деган кофир-ларнинг ўзлари шак-шубҳасиз ёлғончи эканликларини, бас, улар фақат дўзахда мангу азобланишга лойиқ махлуқлар эканликларини айтади.
“Албатта улар ёлғончидирлар”, деб мўмин бандаларини огоҳлантиради ва ёлғонга ўрганган тил дўзах азобини ўз кўзи билан кўриб турган ҳолида ҳам ёлғон сўзлайверишини айтиб мўмин инсон ростгўй бўлишига, балки ростгўй инсонгина мўмин бўлишига ишора қилади.
Ушбу оятлардан ёлғончиларнинг жойи дўзах экани ҳақида ўқир эканмиз, Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ёлғончи менинг умматим эмас”, деган сўзларининг ва: “Мўмин ёлғончи бўлмайди”, деган ҳукмларининг мазмунини янада яхшироқ англаймиз.

13. У Зот сизларга Ўз оятларини (яъни, Ўзининг Борлиги ва Бирли-гига далолат қиладиган аломатларни) кўргизур ҳамда сизларга осмондан ризқу рўз ёғдирур. (Лекин бу оят-аломатлардан) фақат (Оллоҳга) инобат-илтижо қиладиган кишигина эслатма-ибрат олур.
Ояти каримада Ҳақ таоло жамийки инсонларга хитоб қилиб, уларга доимо Ўзининг Борлигига, Бирлигига, тенгсиз Қудратига ва бениҳоя Би-лим Соҳиби эканлигига аниқ-равшан далолат қиладиган оят-аломатларини кўрсатиб туришини айтади. Дарҳақиқат, осмонлар, Ер ва у иккисининг ўртасидаги нарсалар - қуёш, ой, юлдузлар, шамоллар ва булутлар, денгиз-дарё ва булоқлар, тоғ-тошлар ва дов-дарахтларнинг барчаси ақлли инсон учун буларнинг ҳаммасини Яратган Парвардигори бўлмиш Оллоҳ таоло борлигини кўрсатиб туради ва У Зот тенгсиз Қудрат, Билим ва Ҳикмат Соҳиби эканига далолат қилиб туради. Мазкур оят-аломатларни ибрат кўзи билан кўриб, уларни яратган Ҳақ субҳонаҳу ва таолога иймон келтирган инсонлар Ҳақ Динда барқарор бўладилар. Шунингдек, Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ Ерда ҳаёт бардавом бўлиши учун, жамийки мавжудот-нинг, жумладан иноснларнинг ризқлари бут бўлсин деб осмондан аҳён-аҳёнда ёмғир ёғдириб, экин-тикин ва боғ-роғларни сув билан сероб қилиб туради. Лекин Оллоҳ таолонинг бутун коинотда аниқ-равшан кўрсатиб турган мазкур оят-аломатларини ва доимо самодан бандалари учун ризқ ёғдириб турганини ҳамма ҳам кўравермайди. Буни фақат бахтли бандалар - Ҳақ таолога дуо-илтижо билан ибодат қиладиган мўминларгина кўрадилар ва ибрат оладилар.

14. Бас, (эй мўминлар), гарчи кофирлар ёмон кўрсалар-да, Оллоҳга - У Зот учун Динни холис қилган ҳолингизда дуо-илтижо қилингиз!
Юқорида Ҳақ таолонинг Борлиги ва Бирлигига далолат қиладиган оятлари мавжуд эканлиги ҳамда У Зот бандаларига доимо осмондан ризқу рўз ёғдириб туриши зикр қилингач, ушбу ояти каримада мўминларга хитоб қилиниб, гарчи кофир кимсалар ёмон кўрсалар-да, (албатта мушриклар Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилишни ёмон кўрадилар), Оллоҳ таолога чин ихлос билан, У Зотга бирон нарсани ширк келтирмасдан ибодат қилишлари буюрилади. Бу иш икки нарса билан амалга ошади. Биринчиси, ибодатни Оллоҳ таоло буюрганидек, ўз вақтида, ўз ўрнида тўғри адо қилиш. Иккинчиси эса, холис Оллоҳ учун ибодат қилиш, яъни, киши ибодат қиларкан, Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Юзини кўзлаши, Унинг Ўзига дуо-илтижо қилиши, риёкорлик қилмаслиги керак. Чунки Ҳақ таоло мана шу икки сифатга эга бўлмаган, яъни, Шариатга мувофиқ бўлмаган ва холис Оллоҳучун бўлмаган ибодатни ҳаргиз қабул қилмайди.

15. (Унинг мартабаси) барча даражаларнинг энг баландидир, У, Арш Соҳибидир. У бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишига Ўз Амридан ваҳий нозил қилиб турур, токи у (пайғамбар инсонларни) мулоқот Кунидан огоҳлантирсин.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг тенгсиз буюк Сифатларидан уч Сифатни Баён қилади: бириничиси, Оллоҳтаоло бениҳоя юксак даража - манзилат Соҳибидирки, Ундан ўзга ҳеч ким ва ҳеч нарса бундай юксак мартаба эгаси эмасдир. Иккинчиси, Оллоҳ Арши аълонинг Танҳо Соҳибидирки, унинг кенглигини Яратганнинг Ўзидан ўзга ҳеч ким била олмас. Яъни, Ердаги тахт эгаларидан биронтаси подшоҳларнинг Подшоҳи бўлмиш Оллоҳ субҳонаху ва таолога тенг бўла олмас. Учинчиси, Оллоҳ таоло Ўзи бандаларидан элчилик учун танлаган пайғамбарларга токи улар инсонларни Қиёмат Кунида маҳшаргоҳда Оллоҳ таоло билан бўладиган мулоқот ҳақида, у Кунда кофирларнинг устига тушадиган жаҳаннам азоби ҳақида огоҳлантиришлари учун ваҳий нозил қилиб тургувчи Зотдир.
Ояти каримада ваҳий руҳ деб номланди. Чунки худди баданлар жон билан тирик бўлганлари каби инсонлар ваҳий билан - Оллоҳ таоло Ўз Элчилари орқали юборган Дин билан куфр деган ўлимдан тириладилар. Оллоҳ таолонинг Динидан юз ўгирган кофирлар эса, гарчи ўзларини тирик ҳисобласалар-да, ҳақиқий ўликлардир.

16. Улар (қабрларидан чиқиб) кўринган Кунда Оллоҳга улар(нинг қилиб ўтган амаллари)дан бирон нарса махфий бўлиб қолмас. Бу Кунда подшоҳлик кимникидир? Танҳо Ғолиб Зот - Оллоҳникидир!
Уламолар ушбу ояти каримани турлича тафсир қилганлар. Наҳҳос раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу тафсирларнинг энг саҳиҳи Абу Воил Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган мана бу тафсирдир. Ибн Масъуд айтди: “Қиёмат Кунида одамлар бамисоли кумушдек оппоқ бўлган Ер устида тўпланадилар. Ҳеч ким яширина олмайдиган даражада теп-текис бўлган, тўпланган сон-саноқсиз халойиқ ичидаги ҳар бир инсон аниқ-равшан кўриниб турган бу маҳшаргоҳда Оллоҳ азза жаллага исён-итоатсизлик қилинмаган эди. Ва малоикалардан бўлган бир жарчига буюрилгач, у тўпланган халойиқдан: “Бу Кунда подшоҳлик кимникидир?” деб сўрайди - жар солади. Шунда барча бандалар - мўминлари ҳам, кофирлари ҳам бир овоздан: “Танҳо Ғолиб Зот - Оллоҳникидир”, деб жавоб берадилар. Мўминлар бу жавобларини шодлик ва роҳат билан айтадилар, ко-фирлар эса, ночор - ноилож, ўлганларининг кунидан ҳақиқатни тан олиб айтадилар. (“Тафсири Куртубий”дан).

17. Бу Кунда ҳар бир жон ўзи қилган иш-амали билан жазоланур. Бу Кунда (ҳеч кимга) зулм қилинмас. Албатта Оллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир.
Демак, Оллоҳ таоло инсонларни яхши баҳосини, ёмон жазосини олиши учун - адолат қарор топиши учун Охиратда қайта тирилтирар экан.
“Осмонлардаги ва Ердаги бор нарсалар Ёлғиз Оллоҳникидир. У Зотнинг Ўзи ёмонлик-гуноҳ қилиб ўтган кимсаларни қилган амаллари билан жазолагай ва чиройли амал қилган зотларни гўзал (савоб-жаннат) билан мукофотлагай!” (Ван-нажм сураси, 31-оят).
Бас, маълум бўладики, ҳаёти дунёда қилинган бирон иш Охиратда мукофот ёки жазосиз қолмас. У Кундаги ҳисоб-китоб ҳақида бошқа оятларда ҳам такрор-такрор хабар берилади:
“Биз Қиёмат Куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яъни, заррачалик яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшанида келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилгувчидирмиз.” (Анбиё сураси, 47-оят). “Ўша Кунда одамлар, уларга (қилиб ўтган) амаллари(нинг жазо ёки мукофотлари) кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар! Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқолича-лик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!” (Залзала сураси, 6-8-оятлар).
Марҳаматли Парвардигоримиз Қиёмат Кунида яхши кишиларни, яъни, ҳаётларини иймон ва солиҳ амаллар билан ўтказган мўмин бандаларини мукофотлашда фақат уларнинг қилган яхши амалларига яраша эмас, балки Ўз томонидан яна неча баробар зиёда мукофотлар ҳам ато этишга ваъда беради: “Албатта Оллоҳнинг Китобини (Қуръонни) тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан (яъни, улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон, Оллоҳдан ажр-мукофот бўлишидан) умидвордирлар, зеро, (Оллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз Фазлу-Карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта У Магфиратли ва ўта Шукр қилгувчидир (яъни, озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир)”. (Фотир сураси, 29-30-оятлар).
Аммо кофирларга эса, куфр-исёнларига яраша энг адолатли жазо берилади. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Мана бу қайноқ сув ва йирингдир! Бас, улар ўшани тотиб кўрсинлар! Бошқа (азоб-уқубатлар) ҳам ўша тур, ўша шаклда бўлур!” (Сод сураси, 57-58-оятлар). “Жиноятчи-осий кимсалар ёлғон дейдиган жаҳаннам мана шудир! Улар ўша (жаҳаннам) билан ўта қайноқ сув ўртасида айланаверур-лар!” (Раҳмон сураси, 43-44-оятлар).
Яъни, ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтган кимсалар Охиратда дўзах ўтида куяр эканлар, дўзах ходимлари бўлмиш фаришталардан бирон қултум сув беришни сўрарлар. Шунда уларга қайноқ сув берилиб, яна дўзахга отилурлар ва бу ҳол абадул-абад давом этур.
“Албатта Оллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир”.
Яъни, У Зотни ҳисоб-китоб чоғида биров бошқа бировдан чалғита олмас ва барча бандаларни жуда тез, ҳадиси шарифда айтилганидек, дунё кунларидан ярим кун ўтгунича ҳисоб-китобларини олиб, Ўз Илоҳий Адолати билан яхшининг баҳосини, ёмоннинг жазосини берур. Чунки У Зотга ҳеч нарса махфий эмасдир ва жамийки махлуқотнинг ҳисоб-китоби Унинг Қудрати олдида худди бир кишининг ҳисоб-китоби каби осондир. Бу ҳақда мана бу ояти каримада айтилгандир: “(Эй инсонлар), сизларни (барчангизни аввал бошда) яратиш ҳам, (Қиёмат Кунида) қайта тирил-тириш ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг) ўзгинасидир (яъни, шу қадар осондир). Зеро, Оллоҳ Эшитгувчи, Кўргувчидир”. (Луқмон сураси, 28-оят).

18. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз уларни яқин Кун (яъни, Қиёмат) ҳақида огоҳлантиринг! Ўшанда улар юраклари ҳалқумларига тиқилган ҳолларида ғам-ҳасратга тўлиб турурлар. Золим-кофир кимсалар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни, шафоати қабул қилинадиган) шафоат қилгувчи бўлмас!
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, кофир, осий кимсаларни тинмасдан-тўхтамасдан яқинлашиб келаётган Қиёмат Куни ҳақида огоҳлантиринг, токи улар ширк ва куфрдан ажралиб, иймон келтирсинлар! У шундай даҳшатли Кундирки, кофирлар қўрққанларидан юраклари қинидан чиқиб, томоқларига тиқилиб қолади, аммо оғизларидан чиқиб кетмайди ва қайтиб жойига ҳам тушмайди, бас, уларнинг диллари бўм-бўш бўлиб қолади. Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам хабар берилган: «(У Кунда) улар бошларини (осмонга) кўтарган ҳолларида (чорланган томонга ҳисоб-китоб учун) чопурлар. Кўзлари ўзларига қайтмайди (яъни, қўркувдан қотиб қолиб, ўзларининг қандай ҳолда эканликларини ҳам кўрмайди-лар). Уларнинг диллари (даҳшатдан) бўм-бўш бўлиб қолур. (Иброҳим сураси, 43-оят).
“Золим-кофир кимслар учун (у Кунда) на бир дўст ва на итоат қилинадиган (яъни, шафоати қабул қилинадиган) шафоат қилгувчи бўлмас!»
Яъни, мушрик-кофир кимсалар Қиёмат Кунида мўминларни пайғамбарлар, малоикалар ва Оллоҳ йўлида чин дўст бўлган қадрдонлари қўллаб, Оллоҳ таолодан уларнинг гуноҳларини мағфират қилишини сўраб дўзахга ташланишдан қутқараётганларини кўришгач: «Бугун бизлар учун на бирон қўллаб-кувватловчи - Оллоҳдан гуноҳларимизни сўраб олгувчи бор ва на бизнинг ғамимизни ейдиган чинакам дўст бор, деб ҳасрат-надомат қиладилар.
Мушриклар ҳаёти дунёда ўзлари сиғинадиган бут-санамлари уларни Оллоҳ таоло хузурида қўллаб-қувватлашларига ишонар эдилар, уларга дунё-ю Охиратда ҳар қандай азоб-укубатдан қутқариш ҳақида ваъда берган инсонлар ичидан чиққан шайтон “дўст”ларнинг ваъдаларидан умидвор эдилар. Лекин у Кунда, дўстман деган ҳар қандай кас ҳам ҳақиқий жонкуяр дўст эмаслиги аён бўлади. Чунки “У Кунда дўстлар бир-бирларига душмандир, магар (Оллоҳ Йўлида дўстлашган) тақводор зотларги-на (мангу дўстдирлар)”. (Зухруф сураси, 67-оят).

19. (Оллоҳ) кўзларнинг хиёнатини ҳам (яъни, қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашни ҳам), диллар яширадиган нарсаларни ҳам билур.
Яъни, ҳамма нарсани Билгувчи Оллоҳ таолога ошкора қилинган амаллар қандай маълум бўлса, яширинча қилинган амаллар ҳам аниқ маълумдир. Ҳатто қараш ножоиз бўлган нарсага хиёнаткорона бир кўз ташлаш ҳам У Зотдан яширин қолмас, уни аниқ билур ва жазосини берур. Чунки, У нафақат кўринадиган, балки, ҳеч ким кўра олмайдиган қалбдан ўтган сирларни ҳам жуда яхши билур.
Жаноби Ҳақ одамларнинг кийимларига ўралиб ёки тунда кўрпаларига бурканиб олиб ўйлайдиган ўйларигача барча сирлари Ўзига аён эканини, демак, уларни ошкора қилган гуноҳлари учун қандай жазоласа, пинҳона қилган ёмонликлари учун ҳам албатта жазолашини айтади.
Ояти карима мазмунидан қалбни тузатиш, пок диллик энг муҳим нарса экани маълум бўлади. Чунки қалб баданнинг подшоҳи бўлиб, бадандаги барча аъзолар унинг фуқароларидир. Бас, агар қалб покиза - иймонли бўлса, бадан солиҳ амаллар қилади, акс ҳолда эса, барча иш аксинча бўлади. Мунофиқлик, яъни, зоҳирнинг ботинга, сўзнинг ишга мувофиқ бўлмаслиги ҳам қалб касаллиги бўлиб, унинг касофатидан бадан дўзах ўтига гирифтор бўлади.

20. Оллоҳ ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилур. Улар (Оллоҳни) қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутлари эса бирон нарсани ҳукм қила олмаслар. Албатта Оллоҳнинг Ўзигина Эшитгувчи ва Кўриб тургувчи Зотдир.
Шунинг учун ҳам, яъни, Ҳокими мутлақ бўлмиш Оллоҳ таоло ошкора ва яширин айтилган барча сўзларни Эшитгувчи, ошкора ва яширин қилинган барча амалларни Кўргувчи Зот бўлгани учун ҳам У қандай ҳукм қилса, аниқ Билим ва тўла адолат билан ҳақ ҳукм қилади. Аммо мушрик-кофир кимсалар Оллоҳ таолони қўйиб дуо-илтижо қиладиган турли-туман бут-санамлардан биронтаси бирон нарса ҳақида бирон ҳукм қила олмайдилар. Чунки улар ҳеч нарсани билиши мумкин бўлмаган жонсиз тош, ёғоч ва яна бошқа нарсалар бўлиб, ҳеч бир ақлли инсон улардан ҳукм сўрамайди. Фақат жаҳолат ботқоғига ботиб қолган нодон кимсаларгина у тошларга сиғинадилар, улардан ҳожатларини сўраб дуо-илтижо қиладилар.

21. Ахир улар Ер юзида сайру саёҳат қилишиб, ўзларидан аввал ўтган (иймонсиз) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими?! Ҳолбуки, улар (Макка мушрикларидан) кўра куч-қувват ва Ердаги осори атиқалари жиҳатидан зўрроқ эдилар. Бас, Оллоҳ уларни гуноҳлари сабабли ушлади - ҳалок қилди ва улар учун Оллоҳдан (яъни, Унинг азобидан) бирон сақловчи бўлмади.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло одамларни ва хусусан, Макка мушрикларини Ернинг ҳар тарафларига саёҳат қилиб, ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилган, уларнинг устидан масхара қилиб кулган қавмлар қандай ҳалок қилинганларини улардан қолган вайроналардан кўриб, кўзлари очилиб, ибрат олиб келишга чақиради.
Дарҳақиқат, Ернинг ҳар тарафларида кўрган одамларга асрлар қаърида қолиб кетган олис ўтмишдан ҳикоя қилгувчи осори атиқалар жуда кўпдир. Уларнинг орасида ўз замонида мисли бўлмаган муҳташам қаср-у саройлар осмондан ёғилган харсанг тошлар остида вайроналарга айланиб қолганини ҳам, тўфон балосига дучор бўлиб сув остида қолган бутун-бутун шаҳарларни ҳам, ўнлаб қулоч қалинликдаги қум, тош ёки тупроқ билан кўмиб қўйилган қалъаларни ҳам кўриш мумкин. Ибрат олгувчи инсон учун бундай мудҳиш манзаралар Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмларнинг оқибати қандай даҳшатли эканига очиқ далолат қилиб туради. Пайғамбар алайҳис-саломни ёлғончи деб масхара қилган мушрикларга ҳам Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлмасликлари учун ўтган кофир қавмларнинг топган оқибатларидан ибрат олиш буюрилди. Аммо уларнинг кўплари ибрат олмадилар ва натижада ҳалокатга юз тутдилар ва ўзлари бошқалар учун “ибрат”га айландилар.
“Танвийрул-азҳон мин тафсири Руҳул-баён” тафсирида ривоят қилинишича, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Масжидул-Ҳаромда Билол, Суҳайб ва Аммор каби бечора - мискин саҳобалари билан ўтирган эдилар, мушрикларнинг катталаридан бўлган Абу Жаҳл бир тўда қурайшликлар билан ўтиб қолди ва: “Муҳаммад мана шуларни жаннат подшоҳлари деб ҳисоблайди”, деб фақир мусулмонларни мас-хара қилиб кулди ва ҳеч қанча вақт ўтмай Бадрда бу истеҳзосининг жазосини олди - ҳалок қилинди. Бу воқеа ҳам ақл эгалари учун ибрат ўрнидир.

22. Бунга сабаб - уларга пайғамбарлари аниқ ҳужжатлар келтирганларида, кофир бўлдилар. Бас, Оллоҳ уларни ушлади - ҳалок қилди. Зеро, У бениҳоя Кучли ва азоби қаттиқ Зотдир.
Яъни, ана ўша аввалги асрларда ўтган ва Оллоҳ таолонинг ғазабига учраб ҳалок қилиб юборилган қавмларнинг ҳалокатларига сабаб, Оллоҳ таоло томонидан юборилган элчи-пайғамбарлар уларни Ёлғиз Оллоҳга иймон келтиришлари ва фақатУнингЎзига ибодат қилишлари учун жуда кўп аниқ ҳужжат-далиллар келтирган, аммо улар ўзларига юборилган пайғамбарлар келтирган очиқ-равшан ҳужжатларга кофир бўлган эдилар. Бас, уларга мана шу ҳаёти дунёнинг ўзидаёқ қилмишларига яраша жазо берилиб, ҳалок қилиб юборилган эдилар. Албатта Оллоҳ таоло бениҳоя Кучли ва азоби қаттиқ Зотдирки, ҳеч ким унга бас кела олмайди. У осий-кофир кимсларни мана шундай қаттиқ азоблайди. Бас, эй кофир-мушрик кимсалар, бошларингизга аввалгиларнинг куни тушиб қолмасдан кўзла-рингиз очилсин! Чунки бахтли одам ўзгаларнинг қилмишларидан ибрат олиб ўзини ўнглаган кишидир.

23-24. Аниқки, Биз Мусони, Ўз оят-мўъжизаларимиз ва очиқ ҳужжат билан Фиръавн, Ҳомон ва Қорунга элчи қилиб юборганимизда, улар «(Мусо) бир ёлғончи сеҳргарда», дедилар.
Ушбу оятлардан бошлаб Оллоҳ таолонинг улуғ элчиларидан бири бўлмиш Мусо пайғамбар билан Фиръавн ўртасида бўлиб ўтган можаролар баён қилиниб, бошқа сураларда зикр қилинмаган бир лавҳа анча батафсил тасвирланадики, у ҳам бўлса Фиръавн хонадонидан бўлган ва ўзининг Оллоҳ таолога иймон келтирганини сир тутиб юрган бир мўмин кишининг қиссасидир.
Ояти каримада Фиръавн билан бирга унинг ҳамтовоқларидан бўлган Ҳомон ва Қорун ҳам зикр қилинишига сабаб, Мусо алайҳис-саломга қарши адоват қилганларнинг бошида мана шу подшоҳ Фиръавн, унинг вазири Ҳомон ва сон-саноқсиз мол-дунё ва хазиналар эгаси бўлган Қорун турар эди. “Танвийрул-азҳон” тафсирида ривоят қилинишича, Қорун ўзи Фиръавн ва Ҳомон қавми бўлган қибтийлардан эмас, балки Мусо алайҳис-салом қавми бани Исроилдан эди.
У Мусонинг амакиваччаси бўлиб, аввал-бошда иймон келтирган ва ҳатто Таврот китобини ёд олган эди. Кейин, сон-саноқсиз бойликка эга бўлиб, қавмида энг бадавлат кишига айлангач, бойлиги уни айнитиб, куфр ва исёнда Фиръавн ва Ҳомонга қўшилди, бас, ҳалокатда ҳам уларга шерик бўлди. Ана ўша золим-кофирлар уларга Оллоҳтаолонинг оят-мўъжизаларини келтирган Мусо алайҳис-саломга иймон келтириш ўрнига уни “бир ёлғончи сеҳргар”, дедилар ва Оллоҳ таолонинг очиқ ҳужжати бўлган Таврот Китобига кофир бўлдилар.
Мусо ва Фиръавн ўртасида рўй берган воқеалар Қуръони Каримда кўп ўринларда - Бақара, Аъроф, Шуаро, Тоҳа, Қасас ва Ғофир сураларида ҳам баён қилингандир.
Ояти каримада зикр қилинган “оят-мўъжизалар ва очиқ ҳужжат”дан мурод, Оллоҳтаоло Мусо алайҳис-саломга нозил қилган Таврот ва яна унинг ҳақ пайғамбар эканлигига очиқ ҳужжат бўлган тўққиз мўъжиза бўлиб, улардан бири, Мусонинг асоси - у ерга ташлаши билан одамлар кўз ўнгида ҳақиқий аждарҳога айланиб қоладиган, тошни урса, ундан чашма отилиб чиқадиган мўъжиза асо, иккинчиси, Мусонинг қўли - чўнтагидан чиқарганида оппоқ нур сочиб оламни ёритиб юборадиган, қўлтиғига қисиб олганида яна ўз ҳолига қайтадиган мўъжиза қўлдир. Бу икки Илоҳий мўъжиза ҳақида бошқа сураларда шундай дейилади: “Асойингни (ерга) ташлагин!» Бас, қачонки (Мусо асосини ерга ташлагач), уни илондек қимирлаганини кўргач, ортига қарамай қочди. «Эй Мусо, кел, қўрқмагин. Зеро, сен (хавфу-хатардан) омонда бўлгувчи кишилардандирсан. Қўлингни чўнтагингга солгин, бирон зиёндардсиз оппоқ бўлиб чиқур ва қанотингни (яъни, қўлингни) қўрқувдан (яъни, агар бу мўъжизалардан қўрқиб кетсанг қўлтиғингга) қисиб олгин (у яна ўз ҳолига қайтур). Бас, шу иккиси (яъни, асойингни илонга айланиши ва қўлингни оппоқ бўлиб нур сочиши) Парвардигоринг томонидан Фиръавн ва унинг одамларига икки ҳужжатдир. Дарҳақиқат, улар фосиқ қавм бўлдилар».” (Қасас сураси, 31-32-оятлар).
“Кулингни чўнтагингга солгин, у ҳеч қандай дардсиз оппоқ бў-либ чиқур. (Бу мўъжизалар сен) Фиръавн ва унинг қавмига (олиб бора-диган) тўққиз оят-мўъжиза ичида (бордир). Дарҳақиқат, улар итоатсиз қавм бўлдилар.” (Намл сураси, 12-оят).
Қолган етти мўъжиза - Фиръавн одамларининг бошига тушган қаҳатчилик, дон-дун ва мева-чеваларнинг йўқ бўлиб кетиши, тўфон, чигиртка, бит, бақа ва қон балолари бўлиб, бу ҳақда Аъроф сурасида хабар берилгандир: “Дарҳақиқат, Биз Фиръавн одамларини панд-насиҳат олишлари учун (қаҳатчилик) йиллари билан ва мева-чеваларнинг ҳосилини камайтириш билан ушладик.” (Аъроф сураси, 130-оят).
Яъни, Ҳақ таоло Фиръавн ва унинг одамларини дарёга чўктириб ҳалок қилиб юборишидан илгари ибрат олишлари, кўзлари очилиб, куфрдан, зулмдан қайтишлари учун уларнинг бошларига бир неча йил давомида пайдар-пай қаҳатчилик, очарчилик балоларини туширди, ер ва боғлари ҳосил бермай қўйди. Дала-даштларида гиёҳ ўсмай, чорва ҳай-вонлари қирилди, ерларида дон-дун битмай, боғлари мева тугмай, одамлар ниҳоят даражада қийналдилар, аммо улардан ҳеч бирининг хаёлига: “Нега йил сайин бошимизга устма-уст балолар тушаяпти, қандай қилмишимиз учун биз Яратганнинг қаҳрига қолдик? Бу машаққат-мусибатларнинг сабабчиси ўзимиз эмасмизми? Балки Холиқни қўйиб махлуққа сиғиниб юрганимиз сабабли мана шундай балоларга йўлиқаётгандирмиз? Балки Фиръавнга қуллик қилишни тарк этиб, Мусога эргашсак ва Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилсак, Унинг Ўзи бошимиздан бу балоларни аритар?”, деган ўй келмади. Чунки берган неъматлари учун Яратганга шукр қилиш, бошга бало-мусибат тушганида эса, “бу балолар ўзимнинг қилмишим сабабли бўляпти”, деб тавба-тазарруъ қилиш, ўзини ўнглаб, Тўғри Йўлга тушиш саодатли кишиларнинг насибасидир. Бахтсиз кимсалар эса, худди неъматларга шукр қилмаганларидек, бошларига тушган бало-мусибатлардан ҳам ибрат-насиҳат олмайдилар, ўз-ларининг қилмишлари сабабли шундай балоларга гирифтор бўлганларини ҳам билмайдилар.
“Бас, Биз уларнинг устларига тўфон (сел), чигиртка, бит, бақа ва қон (балоларини Бизнинг Қудратимизга далолат қиладиган) очиқ оят-мўъжизалар қилиб юбордик. (Лекин) улар кибр-ҳаво қилдилар ва жиноятчи - осий қавм бўлдилар.” (Аъроф сураси, 133-оят).
Дарҳақиқат, Фиръавн қавми ўзларининг залолатларида оёқ тираб туриб олишгач, Оллоҳ таоло уларга мисли кўрилмаган даҳшатли балоларни юборди: Уларнинг барча экинзор - боғларини сел босиб ҳалок бўлди. Чигирткалар уларнинг экин ва мева ҳосилларидан тортиб уй-жой, кийим-бошларигача еб битиришди, уларнинг егулик ва жониворларини битлар босиб кетди; бақалар эса уларнинг таом ва қудуқларидан тортиб, ётоқ хоналаригача тўлдириб юборишди; уларнинг ариқ ва булоқларидан сув ўрнига қон оқди, бир ютум тоза сув топа олмай қолдилар. Аммо шунча бало-мусибатларни кўриб ҳам кўзлари очилмай, яна ўз куфрларида давом этдилар.

25. Энди қачонки (Мусо) уларга Бизнинг ҳузуримиздан ҳақ (пайғамбарлик) билан келганида, улар: «У билан бирга мўмин бўлганларнинг ўғилларини ўлдириб, аёлларини тирик қолдирингиз!», дедилар. (Лекин) кофирларнинг макр-ҳийлалари албатта залолатдадир (яъни, зое бўлгувчидир).
Фиръавн бани Исроил қавмидан бўлган ўғил болаларни қатли ом қилгани ҳақида бошқа сураларда (жумладан «Тоҳо» сурасидаги 37-40 - оятлар ва уларнинг тафсирида) батафсил айтилган эди. Энди ушбу оятда Фиръавн Мусо алайҳис-саломга иймон келтирган кишиларни яна қатли ом қилишга буюргани, лекин унинг бу макру ҳийласи ҳам бефойда кетгани ҳақида хабар берилди.
Аввалги қатли ом Мусо алайҳис-салом дунёга келишидан илгари бўлган эди. Бир куни Фиръавн туш кўрса, бир олов Қуддус тарафдан келиб, Мисрни ўраб олган эмиш. У Мисрдаги ҳар бир қибтийни куйдириб юборибди-ю, аммо бани Исроилдан ҳеч кимга тегмабди. Кўрган тушидан даҳшатга тушган Фиръавн коҳин-фолбинларидан унинг таъбирини сўраганида, улар айтадилар: “Кўрган тушингнинг таъбири шундан иборат: бани Исроил қавмида бир бола дунёга келадики, сенинг ўлиминг ҳам, мулку давлатингнинг заволи ҳам ўша боланинг кўлида бўлади”. Бу таъбирни эшитган Фиръавн бани Исроилда туғиладиган ҳар бир ўғил болани ўлдиришга ҳукм чиқаради ва қўл остидаги барча қабилаларни тўплаб, уларга “Қўлларингизга тушган бани Исроилга мансуб ҳар бир ўғил болани ўлдирасизлар, фақат қизларинигина тирик қолдирасизлар”, деб буюради ва ҳар бир қабилага ўзининг бир вакилини тайинлайди. Бани Исроилдан чиқадиган бир бола, яъни, Мусо алайҳис-салом қўлида ҳалок бўлишидан талвасага тушган золим Фиръавннинг зулми шу даражага етадики, айтилишича, Мусони қидириб бани Исроилдан ўн икки минг бола ўлдирилган.
Муфассир уламолардан Ваҳб ибн Мунаббаҳ бундай дейди: “Менга етиб келишича, Мусо алайҳис-саломни қидириб золим Фиръавн томонидан тўқсон минг бола сўйилган”.
Шунда Мисрнинг туб аҳолиси бўлган қибтийларнинг оқсоқоллари Фиръавн олдига кириб: “Бани Исроилнинг гўдакларини сўяверсак, бу ғамни кўтара олмасдан катталари ҳам ўлиб кетмоқдалар. Бу ҳолда биз ўз қулларимиздан ажраб, барча оғир юмушлар ўзимизнинг бўйнимизга тушиб қоладику”, дейишгач, Фиръавн бундан буёғига йил оралаб сўйишга буюради. Шундан кейин Ҳорун - Мусонинг оғаси бола сўйилмайдиган йилда, Мусо эса болалар сўйиладиган йилда дунёга келади.
Ўрганаётганимиз ояти каримада зикр қилинган иккинчи қатли ом эса, Мусо алайҳис-салом вояга етиб пайғамбар қилиб юборилганидан кейин содир бўлади. Қачонки золим Фиръавн Мусо алайҳис-салом келтирган мўъжизаларни кўриб унинг ҳақ пайғамбар эканига кўзи етгач, ўзининг ҳалокати мана шу пайғамбар кўлида эканини тушуниб, қўрққанидан Мусони ҳам, унинг барча эркак қавмини ҳам қатли ом қилишга буюрди. Лекин Оллоҳ таоло унинг бу уринишини ҳам ояти каримада хабар берилганидек зое қилди - рўёбга чиқармади.

26. Фиръавн деди: «Мени қўйинглар, Мусони ўлдирай. (Қани) у Парвардигорига дуо-илтижо қилсинчи, (унга нажот берармикан). Албатта, мен (Мусо) сизларнинг динингизни ўзгартириб юборишидан ёки Ер юзида бузғунчилик авж олдиришидан қўрқмоқдаман».
Муфассирларнинг айтишларича, золим Фиръавн айтган мазкур сўзларнинг мазмуни, у ичичидан Мусо алайҳис-саломнинг ҳақ пайғамбар эканини ҳис қилар ва агар Мусо одамларга ўз мўъжизаларини кўрсатадиган бўлса, улар Фиръавнга қуллик қилишни тарк этиб, Мусога эргашиб кетишларидан жуда қўрқар эди. Шунинг учун фақат ўлдириш билангина Мусодан қутулиш мумкин деган хаёлда эди. Аммо иккинчи томондан агар у Мусо алайҳис-саломни ўлдирадиган бўлса ва Мусо Яратганга дуо қилса, Оллоҳ таолонинг қаҳри ғазабига дучор бўлишдан кўрқар эди. Шунинг учун ҳам гарчи одам ўлдириш у золим подшоҳ учун ҳар куни қиладиган оддий иш саналса-да, Мусо пайғамбарни ўлдиришга бир ўзи журъат қила олмай худди қўрқоқ одам бировларнинг ортига яшириниб олиб рақибига дўқ-пўписа қилгандек қавмига “мени қўйворинглар, Мусони ўлдириб юборай”, дейди ва кейин беихтиёр ўзи кўрқаётган нарсани тилига чиқариб: “Қани у Парвардигорига дуо қилсин-чи”, деб юборди ва ҳамма замонлардаги золим подшоҳлар каби “агар Мусо ўлдирилмайдиган бўлса, сизларни менга сиғинишдан айнитиб, Оллоҳга ибодат қилишга чорлаб динларингизни ўзгартириб юборади ва тинч ҳаётларингизни бузиб, турли бузғунчиликларни авж олдиради”, деб қўрқитди. Лекин Оллоҳ-нинг элчиси у золим-кофир подшоҳнинг бу дағдағаларини эшитганида ҳатто бир сесканиб ҳам кўймади -

27. Мусо айтди: «Албатта мен, Парвардигорим ва Парвардигорингиз (бўлмиш Оллоҳ)дан ҳисоб-китоб Кунига иймон келтирмайдиган барча мутакаббир (кимсаларнинг ёмонлиги)дан паноҳ сўрадим.
Яъни, Мусо алайҳис-салом гўё шундай деди: “агар бу золим подшоҳ ўзининг салтанат ва давлатига суяниб дағдаға қилаётган бўлса, билсин-ки, менинг ҳам суянган Нажоткорим бор. Мен ўзимнинг ҳам, сизлар-нинг ҳам, эй қавмим, Эгамиз, тарбия қилиб Ўз паноҳида сақлагувчи Парвардигоримиз Оллоҳ таолога доимо дуо-илтижо қилиб, бизларни ҳар қандай иймонсиз золимларнинг ёмонлигидан Ўз паноҳида сақла-шини сўрадим. Бас, мен Охиратда ҳисоб-китоб қилиниши аниқ эканига ишонмайдиган махлуқларнинг зўравонлигидан эмас, фақат Холиқнинг ғазабидан қўрқаман”.
Мусо алайҳис-салом “Менинг ҳам, сизларнинг ҳам Парвардигорингиз бўлмиш Оллоҳдан паноҳ сўрадим”, деган сўзлари билан қавмига барча бир бўлиб, жамоат билан Яратганга дуо-илтижо қилиш лозимлигини уқтиради. Дини Исломда жамоат билан намоз ўқиш суннатлигининг ҳикматларидан бири ҳам мана шудир.

28. (Шунда) Фиръавн хонадонидан бўлган, ўзининг иймонини яшириб юрадиган бир мўмин киши деди: «Сизлар бир кишини, «Менинг Парвардигорим Ёлғиз Оллохдир», дегани учун ўлдирурмисиз?! Ҳолбуки, у сизларга Парвардигорингиз томонидан аниқ хужжатлар келтирди. Агар у ёлғончи бўлса, ёлғони ўз бўйнига. (Аммо) агар ростгўй бўлса, (у ҳолда) сизларга у (кофирлар учун) ваъда қилаётган (азоблардан) айримлари етиб қолади-ку! Албатта Оллоҳ ҳаддан ошгувчи, ёлғончи кимсаларни ҳидоят қилмас.
Ушбу ояти каримадан Фиръавн замонида ўтган бир мўмин киши ҳақидаги ибратли қисса бошланади. Муқотил ва Суддий раҳимаҳумаллоҳ айтадилар: “У киши қибтийлардан бўлиб, Фиръавнни амакисининг ўғли эди. Оллоҳ таоло у мўмин бандаси ҳақида бошқа бир ояти каримада ҳам ҳикоя қилган эди: «Ва шаҳарнинг нариги четидан бир киши шошганча келиб: «Эй Мусо, (Фиръавн) одамлари сени ўлдириш учун тил бириктирмоқдалар. Бас, сен (дарҳол бу шаҳардан) чиқиб кетгин. Албатта мен сенга холис насиҳат қилгувчи кишиларданман», деди». (Касас сураси, 20-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Қачонки Фиръавн ўзининг жаллодларини Мусо алайҳис-саломни тутиб ўлдириш учун юборгани-да, улар Мусони излаб шаҳарнинг катта кўчасидан кетдилар. Лекин қибтийлар орасида ҳам иймонли, диёнатли кишилар йўқ эмас эди. Ана шундай мўминлардан бири Фиръавн ва унинг гумашталари олган машъум қарордан хабардор бўлиб қолади ва ўша онда чопганича шаҳардаги торкўчаларга йўл солиб, Фиръавн жаллодларидан илгарироқ Мусо алайҳис-саломни излаб топади ҳамда уни золим подшоҳ фармонидан огоҳлантириб, дарҳол шаҳарни тарк этиши лозимлигини, акс ҳолда ҳалок бўлиши аниқ эканлигини айтади, ўзининг Мусо алаҳис-саломга ишончли ва холис насиҳат қилаётганини таъкидлайди. (“Тафсири Бағавий”дан).
Жалолиддин Суютий ҳам ўз тафсири “Дуррул-Мансур”да Суддий роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинган сўзни кувватлаб: “Менинг наздимда ҳам ояти каримада мазкур бўлган “мўмин киши” Фиръавн хонадонидан бўлиб, унинг амакиваччаси эди. Шунинг учун ҳам Фиръавн у мўминнинг сўзига қулоқ солган ва у Мусони ўлдирмасликни маслаҳат берганида Фиръавн Мусо алайҳис-саломни қатл этишдан тийилган эди. Агар айрим уламолар айтганидек у киши Фиръавн ўзининг душмани деб билган бани Исроил қавмидан бўлганида, золим подшоҳ ҳеч қачон унинг сўзини ол-маган ва дарҳол Мусони қатл қилган бўлур эди”, дейди.
Мазкур ҳодиса, яъни, ўзи бошқа бир қавмдан бўлган, аммо Мусо алайҳис-саломга пинҳона иймон келтирган бир кишининг золим подшоҳ олдида Мусони ҳимоя қилиб сўзлаши ва Қасас сурасининг 20-оятида зикр қилинганидек Мусони шаҳарнинг бир четидан излаб топиб Фиръавн одамлари унга қарши суиқасд уюштирмоқчи эканликлари ҳақида огоҳлантириши, албатта бежиз бўлмай, юқоридаги оятда хабар берилганидек, Оллоҳ таолонинг пайғамбари Парвардигори оламдан ҳар қандай мутакаббир золимнинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб қилган дуосининг нақд ижобати эди.
Ўшанда у мўмин инсон Фиръавн ва унинг аъёнларига гўё шундай деди: “Сизлар бегуноҳ бир инсонни фақат “Менинг Парвардигорим Ёлғиз Оллоҳдир”, дегани учунгина қатл қиласизларми?!»
Ҳолбуки у сизларга ўзининг ҳақ пайғамбар эканлигини исботловчи қанчадан-қанча мўъжизалар келтирди-ку! Агар Мусо сизлар ўйлаганингиздек мана шу айтган сўзларида ёлғончи бўлса, ёлғоннинг жабрини ўзи тортар, аммо агар унинг айтаётган сўзлари рост бўлса-чи?! У ҳолда Мусо кофирларга ваъда қилаётган Оллоҳнинг азобидан ҳеч бўлмаганда биронтаси сизларнинг бошингизга тушиши ва ҳалокатга учраб бутунлай қирилиб кетишларингиз аниқку! Билингларки, Оллоҳ таоло ҳеч қачон зулм-зўравонликда ҳаддидан ошган қонхўрни, ўзини “мен худоман” деган ёлғончини Тўғри Йўлга ҳидоят қилмайди!”
Ўзининг иймонини кофир қавмдан яшириб юрган мазкур мўмин кишининг айтган бу сўзларини орадан ўнлаб аср-авлод ўтганидан кейин ўзининг иймонини кофир қавмдан яширмасдан очиқ-ошкор эълон қилган яна бошқа бир мўмин ҳам айтди ва ҳақ Пайғамбарни ҳимоя қилишда то Қиёмат дунёга келадиган барча мўминларга намуна ва ибрат бўлиб қолди. У улуғ мўмин инсон Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анху эди.
Имом Бухорий ўз “Саҳиҳи”да Урва ибн Зубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилди. Урва айтди: “Мен Абдуллоҳ ибн Амр ибн ал-Ос розияллоҳу анҳумодан: “Менга мушриклар Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга етказган энг қаттиқ азийят ҳақида хабар бергин”, деганингда, у айтди: “Бир куни Расуллулоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Каъба айвонида намоз ўқиётган эдилар, кутилмаганда Уқба ибн Абу Муайт келди-да, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг елкаларига осилиб, тўнларини бўйинларига ўраб у зотни қаттиқ бўға бошлади. Шунда ҳеч ким уларга яқинлашишга журъат қила олмай турганида Абу Бакр розияллоҳу анҳу келиб, Уқбанинг елкасидан ушлаб Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламдан нари қилди, сўнгра: “Сизлар бир кишини “Менинг Парвардигорим Ёлғиз Оллоҳдир”, дегани учун ўлдирурмисизлар?!” деди. (“Тафсири Бағавий”дан).
Ушбу ва қуйидаги оятларда яна ўша кофир қавм ичидаги мўмин кишининг ўз қавмини огоҳлантириб айтган сўзлари зикр қилинади.
У киши гўё шундай деди: “Эй қавмим, сизлар модомики, Оллоҳ таолонинг ҳақ пайғамбари бўлган Мусо алайҳис-саломни ёлғончи қилиб, унга озор-азийятлар етказар, ҳаттоки, уни қатл қилмоқчи бўлар экансизлар, ҳақиқатан мен сизларнинг устингизга ҳам ўтган умматлардан чиққан турли ҳизблар, яъни, Оллоҳ таоло юборган элчиларга иймон келтирмаган тўдалар бошига тушган ҳалокат ва турли азоб-уқубатлар тушиб қолишидан қўрқмоқдаман. Мисоли, Нуҳ алайҳис-саломга иймон келтирмаган қавм қандай азобга гирифтор бўлди - ҳаммалари сувга ғарқ бўлиб қирилиб кетди, Од қабиласини бўлса, даҳшатли бўрон таг-томири билан йўқ қилиб юборди, Самуд қабиласини тўсатдан келган мудҳиш қичқириқ билан биронталари қолмай қирилиб кетдилар. Ҳолбуки, Оллоҳ таоло бандаларига бирон-бир зулм қилишни хоҳлагувчи эмасдир, бас, у ҳизбларни ҳам то уларга ўз Элчи-пайғамбарларини юбо-риб, улар ўша пайғамбарларни ёлғончи қилмагунларича ҳалок қилмаган, чунки, У ҳеч бир қавмни бегуноҳ жазоламас, аммо золим-кофирларни жазосиз ҳам қўймас. Агар сизлар ҳам, эй қавмим, Мусо алайҳис-саломни ёлғончи қилиш билан ана ўша кофир ҳизбларнинг йўлини тутар экансизлар, мен қўрқаманки, албатта сизларнинг бошингизга ҳам ўшаларнинг куни тушар!”

32-33. Эй қавмим, ҳақиқатан, мен сизлар ҳақингизда (кишилар бир-бирларига) нидо қилиб қоладиган Кундан (яъни, Қиёмат Кунида дўзах азобига дучор бўлиб, дод-вой қилиб қолишларингиздан) қўрқурман. У Кунда сизлар (жаҳаннам даҳшатларидан) юз ўгириб қочурсизлар, (аммо) сизлар учун Оллоҳ(нинг азоби)дан сақлагувчи - тўсгувчи бирон кимса бўлмас. Кимни Оллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас.
Яъни, эй қавмим, агар сизлар мана шу куфру исёнингизда оёқ тираб тураверар экансизлар, Мусо алайҳис-саломни Оллоҳ таолонинг элчиси деб иймон келтирмас экансизлар, мен қўрқаманки, сизлар нафақат бу дунёда Унинг ғазабига дучор бўлиб ҳалокатга юз тутасизлар, балки Охират диёрида, ҳаммалирингиз дод-вой қилиб, бир-бирларингизни чақириб, мўминлардан бир қултум бўлса ҳам сувларидан беришларини сўраб ялиниб-ёлвориб қоладиган Қиёмат Кунида ҳам ҳеч шак-шубҳасиз, Оллоҳнинг мангу азобига ҳукм қилинурсизлар. У Кунда дўзахга ташланганларингизда унинг азобидан қутулиш учун қаёққа қараб қочсангизлар ҳам яна ўша дўзахга қочасизлар ва ўзларингиз учун Оллоҳнинг азобидан сақлагувчи, уни сизлардан тўсгувчи бирон ёрдамчини топа олмассизлар!
Кофирларнинг дўзаҳдаги аҳволи ҳақида мана бу ояти каримада ҳам хабар берилган: «Дўзах эгалари жаннат эгаларига: «Бизларга ҳам сувдан ё Оллоҳ сизларга ризқ қилиб берган нарсалардан тўкинглар», деб нидо қилганларида, улар: «Оллоҳ (бу неъматларини) кофирларга ҳаром қилгандир», дедилар». (Аъроф сураси, 50-оят).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилинишича, қачонки аъроф эгалари Оллоҳ таоло томонидан жаннатга ҳукм қилингач, дўзах эгалари бўлган кофирлар ўзларига ҳам бирон енгиллик берилармикан деган илинжда: “Ё Роббий, аҳли жаннат орасида бизга қавм-қариндош бўлган кишилар бор, бизга изн берсанг, уларни кўриб, гаплашсак”, деб илтижо қиладилар. Изн берилгач, жаннатдаги неъмат ичида роҳатда яшаётган қариндошларини кўриб танийдилар, аммо аҳли жаннатуларни юзлари куйиб қора бўлгани учун танимайдилар. Шунда дўзах эгалари жаннат эгаларининг номларини атаб чақириб, ўзларини танитиб: “Бизларга ҳам сувдан ёки Оллоҳ сизларга ризқ қилиб берган бошқа неъматлардан тўкинглар - хайр-садақа қилинглар”, деб ялиниб ёлворишганида улар: “Оллоҳтаоло жаннат оби-таомини кофирларга ҳаром қилган”, деб жавоб берадилар.
Лекин мўмин инсонниг айтган бу сўзлари, қилган огоҳлантиришлари Фиръавн ва унинг одамларига мутлақо кор қилмади. Чунки “кимни Оллоҳ Йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас”. Ундай адашган кимсалар ўзларининг зулм ва туғёнларида сарсон бўлиб юраверадилар, ўзлари тўқиб-топиб олган йўлларини бирдан-бир тўғри йўл деб даъво қилаверадилар. Агар у йўллари нотўғри экани аён бўлиб қолса ҳам, асло Тўғри Йўлга эмас, балки аввалги нотўғри йўлларидан ҳам нотўғрироқ, ноинсонийроқ йўлларга эргашиб кетаверадилар, аммо ҳеч қачон Тўғри Йўлга ҳидоят топа олмайдилар.
Муфассир уламолар айтишларича, Оллоҳ таоло адаштирди деган сўз асло Оллоҳ уларни адашишга мажбур қилди, дегани эмасдир, балки уларнинг қалбларига куфр ўрнашиб, ўз ихтиёрлари билан зулм ва туғён йўлини танлашгач, Оллоҳ таоло уларни Тўғри Йўлни кўрмайдиган, у Йўлга даъват қилинса юрмайдиган қилиб қўйди, деганидир. Ундай адашганлар тўғрисида бир сурада шундай дейилади: “Қачон (ундай кимсага) Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса, у: «(Бу) аввалгилардан (қолган) афсоналар», дер. Йўқ, (ундоқ эмас)! Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилгувчи бўлган гуноҳлари қоплаб олгандир!” (Мутаффифун сураси, 13-14-оятлар).
Яъни, уларнинг дилларини ўзларининг доимий касб-корлари бўлган гуноҳ ва жиноят занглари босиб қолгани сабабли улар Илоҳий Ҳақиқатни афсонадан ажрата олмаслар.

34. Дарвоқеъ, илгари Юсуф сизларга (ўзининг пайғамбар эканлигини исботлайдиган) аниқ ҳужжатлар келтирганида ҳам, у сизларга келтирган нарсалардан шубҳа қилиб туриб олган эдинглар. То қачон у ҳалок бўлганида эса ундан: «Энди (яъни, Юсуф алайҳис-саломдан) сўнг Оллоҳ ҳаргиз пайғамбар юбормас», дединглар. Ҳаддан ошувчи, шак келтирувчи бўлган кимсаларни Оллоҳ мана шундай йўлдан оздириб қўяр».
Яъни, эй Миср аҳли, дарвоқеъ, пайғамбарларни ёлғончи қилиш сизларга ота-боболарингиздан мерос бўлиб қолган. Сизларнинг аждодларингиз бўлган Миср аҳлига Мусо алайҳис-саломдан илгари ҳам Оллоҳ таоло Ўз элчиси бўлган Юсуф алайҳис-саломни пайғамбар қилиб юборган ва у сизларга ўзининг ҳақ пайғамбар эканлигига далолат қиладиган аниқ ҳужжатлар келтирган эди. Ўшанда ҳам сизларнинг аждодларин-гиз унинг пайғамбар эканлигига шубҳа қилиб, иймон келтирмаган эдилар.
Мана энди Юсуф алайҳис-салом вафотидан кейин қанча аср-авлодлар ўтиб кетганидан сўнг Ҳақ таоло Мусо алайҳис-саломни элчи қилиб юборганида сизлар ҳам ўша ота-боболарингиз айтган сўзларини такрорлаб худди улар Юсуф алайҳис-саломга иймон келтиргандек Юсуфдан кейин Оллоҳ таоло ҳаргиз пайғамбар юбормайди», демоқдасизлар!
Бас, сизлар учун пайғамбарларни ёлғончи қилиш, Оллоҳнинг элчиларига қарши туриб, улар келтирган Оллоҳнинг динига кофир бўлиш ота мерос иллатлардандир. “Ҳаддан ошгувчи, шак келтиргувчи бўлган кимсларни Оллоҳ мана шундай йўлдан оздириб қўяр. У Зот адаштирган кимсани эса ҳеч ким Тўғри Йўлга ҳидоят қила олмас”. Ушбу ояти карима билан Фиръавн қавмидаги ёлғиз мўмин кишининг у золим подшоҳ қаршисида Ҳақ Динни ва Мусо пайғамбарни ҳимоя қилиб айтган сўзлари битади.

35. Оллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган бирон ҳужжат-далилсиз талашиб-тортишадиган кимсалар Оллоҳ наздида ҳам, иймон келтирган зотлар наздида ҳам энг катта мазаммат-нафратга дучор бўлурлар. Оллоҳ ҳар бир мутакаббир, зўравоннинг қалбини ана шундай муҳрлаб қўюр.
Яъни, юқоридаги оятларда зикр қилинган, ўзларининг бандалик ҳадларидан ошгувчи динсиз-иймонсиз кимсалар каби қўлларида бирон бир ҳужжат-далил бўлмаган ҳолда фақат ота-боболарига кўр-кўрона тақлид қилиб Оллоҳ таолонинг оятлари ҳақида талашиб-тортишадиган, Ҳақни ботил билан енгмоқчи бўлган кимсалар Ҳақ Динга қаршилик кўрсатганлари учун албатта Оллоҳ таоло томонидан ҳам, Унинг мўмин бандалари томонидан ҳам катта адоват ва нафратга дучор бўладилар. Оллоҳ таоло томонидан бўладиган нафрат, уларнинг мангу азобга гирифтор қилинишларидир, бандалар томонидан бўладиган нафрат эса, мўминлар улардан бутунлай узилишлари ва улар билан мутлақо муомалани тўхтатишларидир.
“Оллоҳ ҳар бир мутакаббир, зўравоннинг қалбини ана шундай муҳрлаб қўюр”.
Ҳақ таоло томонидан бўлган бу Илоҳий-огоҳлантириш Оллоҳ таоло юборган элчиларнинг Саййиди Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи қилаётган Макка мушрикларига қаратилган бўлиб, уларнинг бошига ҳам ўтмишдаги кофир қавмларнинг куни тушиб қолмасидан ҳақ пайғамбарга иймон келтириб Ислом Динини қабул қилсалар ўзлари учун яхши бўлишини яна бир бор эслатишдир.
Шунингдек, ушбу ояти карима, Жаноби Ҳақ томонидан Ўзининг суюкли бандаси ва сўнгги Элчисига берилган таскин-тасаллий бўлиб, мушрикларнинг Қуръони Азимни - энг буюк Илоҳий Мўъжиза оятларини тинглаб туриб ҳам иймон келтирмаётганларини кўриб ниҳоят даражада ғамга ботиб, озурда дил бўлган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга кофирларнинг Ҳақ Сўзга қулоқ солмасликлари, Ҳақ Йўлга юрмасликлари ҳеч янгилик эмаслигини, аввал ўтган пайғамбарларнинг қавмлари ҳам худди Макка мушриклари каби ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилганларини, улар кўрсатган мўъжизалардан ибрат олмаганларини эслатишдир.
Демак, кимнинг қалбини Оллоҳ таоло муҳрлаб қўйса, унга ҳеч қандай огоҳлантириш таъсир қилмас, ҳатто Илоҳий Мўъжизаларга гувоҳ бўлиб туриб ҳам кўнгил кўзи очилмас, Ҳақ Йўлга юрмас экан.

36-37. Фиръавн (мўмин кишидан юқорида зикр қилинган сўзларни эшитган одамлар Ҳақ Йўлига юриб кетишларидан қўрқиб, уларни чалғитиш учун ўз вазирига қараб) деди: «Эй Ҳомон, мен учун бир (баланд) қаср қургин, шоядки, мен (у қасрнинг устига чиқиб) йўлларга - осмонларнинг йўлларига етиб, Мусонинг илоҳини кўрсам, дарҳақиқат, мен уни ёлғончи деб гумон қилмоқдаман». Фиръавнга ўзининг ёмон амали мана шундай чиройли кўринди ва у (Тўғри) Йўлдан тўсилди. Фиръавннинг барча макру ҳийласи албатта зиёндир - ҳалокатдир.
Ушбу оятлар мазмунида Қасас сурасида ҳам бир ояти карима келган эди: «Фиръавн деди: «Эй одамлар, мен сизлар учун ўзимдан бошқа бирон илоҳ борлигини билган эмасман. Бас, сен, эй Ҳомон, лойни пишириб, (пишиқ ғишт куйиб) мен учун бир (баланд) қаср бино қил, шоядки мен (унинг устига чиқиб) Мусонинг худосини кўрсам. Албатта мен уни ёлғончи кимсалардан деб ўйламоқдаман». (Касас сураси, 38-оят).
Золим Фиръавн мазкур сўзларини ўз одамлари олдида Мусо алайҳис-саломни ёлғончи қилиш учун, унинг Танҳо Маъбуди Барҳақ Ёлғиз Оллоҳ таолодир, деган сўзини инкор этиш мақсадида айтади.
Фиръавннинг вазири Ҳомонга ғиштларни пишириб, ўз замонида мисли кўрилмаган даражада баланд - осмонўпар қаср бино қилишни буюришидан кўзлаган мақсади бир томондан ўзининг нақадар буюк қудрат соҳиби эканлигини кўз-кўзлаш бўлса, иккинчи томондан “мана шундай баланд қаср устига, осмони фалакка чиқиб ҳам Мусо айтган Илоҳни кўрмадим”, деб, Оллоҳ таолонинг элчисини ёлғончи қилиш эди. Лекин у ғофил махлуқ қилмоқчи бўлган иши, қурмоқчи бўлган осмонўпар қасри ўзининг одамлари бошига мисли кўрилмаган кулфат-бало бўлишидан тамоман бехабар эди. Муфассирлар ривоят қилишларича, вазир Ҳомон Фиръавн буйруғи билан мамлакатнинг ҳар тарафидан мардикор ва ёрдамчилардан ташқари эллик минг уста бинокорларни тўплаб қаср қурилишини бошлайди. Ҳунарманд усталардан талаб қилинган нарса ўта тез фурсатда ва бор ҳунарларини ишга солиб дунёдаги энг баланд ва энг муҳташам қасрни бино қилишлари эди. Золим подшоҳ малай-мардикорлари туну кун ишлаб хожалари буюрган ишни адоғига етказадилар, саноқли кунларда ўхшаши йўқ осмон ўпар қаср қад ростлайди. Аммо бино курилиб битган куни Фиръавн ва унинг малайлри йўқ деб гумон қилган Танҳо Маъбуди Барҳақ Парвардигори оламнинг Иродаси билан ўша янги бино қилинган муҳташам қаср бир лаҳзада таг-туги билан ерга қулайди ва бино қурилишида иштирок этган кимсалардан биронтаси омон қолмасдан барчалари ўзлари курган бинолари остида қолиб ҳалок бўладилар. Лекин мана шундай улкан кулфатни ўз кўзлари билан кўрганларидан кейин ҳам золим подшоҳ ва унинг малайларини кўзлари очилмади.

38-39. Иймон келтирган киши деди: «Эй қавмим, сизлар менга эргашинглар, мен сизларни Тўғри Йўлга етаклайман. Эй қавмим, бу ҳаёти дунё фақат бир (арзимас) матоъдир. Албатта Охиратгина (мангу) қароргоҳ бўлган диёрдир.
Фиръавн одамлари орасидаги ёлғиз мўмин бўлган киши томонидан айтган бу сўз Ҳақ таолонинг ҳаёти дунёга берган баҳосидир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло биз бандаларига ҳаёти дунё ва Охират ҳаёти ўртасидаги фарқни жуда аниқ қилиб белгилаб беради.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Йўқ, сизлар ҳаёти дунёни устун қўюрсизлар! Ҳолбуки, Охират яхшироқ ва боқийроқдир.” (Аъло сураси, 16-17-оятлар). “Сизларга берилган нарсалар фақат (ўткинчи) ҳаёти дунёнинг мато ва зийнатларидир. Оллоҳ ҳузуридаги (ажр-мукофот) эса яхшироқ ва боқийроқдир. Ахир ақл юргизмайсиз-ларми?!” (Қасас сураси, 60-оят).
«Бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир, холос. Охи-рат диёригина (мангу) ҳаёт (диёри)дир. Агар улар (мана шу ҳақиқатни) билганларида эди!» (Анкабут сураси, 64-оят).
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳга қасам, бу дунё Охиратга нисбатан ҳеч нарса эмасдир, магар мисоли бировингиз бармоғини денгизга солиб қайтиб олганида ўша бармоқда қоладиган намлик кабидир”. (Аҳмад, Муслим ва ибн Можжа ривояти).
Саҳл ибн Саъд розияллоху анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар дунё Оллоҳ таоло наздида бир пашшанинг қанотига тенг бўлганида, кофирга ундан бир култум сув ҳам бермаган бўлур эди”. (Термизий ривояти).
“Бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулгидир, холос”.
Маълумки, ўйин-кулги жиддий ва зарур ишдан қўядиган машғулотдир. Ким ўйин-кулгига берилса, зиммасидаги вазифаларини адо қилишдан оқсайди ёки умуман адо қила олмайди. Худди шунга ўхшаш, ҳаёти дунёга берилиб, фақат дунёвий истаклар кетидан қувган кимса ҳам Охират учун қилиши фарз бўлган амаллардан оқсайди ёки умуман Охират борлигини, у жойда ҳисоб-китоб, мукофот-жазо борлигини унутиб юборади.
Ибн Аббос розияллоху анхумо айтади: “Ояти кариманинг бу жумласи кофир-динсизлар ҳаёти тўғрисидадир. Чунки кофир кимса бутун ҳаётини ёлғон ва ботил амаллар билан ўтказади.
Аммо мўминнинг ҳаётини солиҳ амаллар безайди, бас, у ҳаёт фақат ўйин-кулгидан иборат бўлиб қолмайди”.
Биз ҳаёти дунё иборасини дунё ҳаёти деб тушунамиз ва бу бир жиҳатдан тўғридир. Лекин дунё лафзини биз тушунгандан бошқа маъноси ҳам борки, у тубан, паст деган маънодир. Каломуллоҳдек ҳар бир калимаси теран Ҳикмат бўлган Китобда, яшаётган бу ҳаётимизни “Тубан ҳаёт” деб аталиши бежиз эмасдир, албатта. Агар ибрат кўзи билан қаралса, бу атаманинг нақадар тўғри ва адолатли эканлигини тасдиқловчи жуда кўп далилларга дуч келамиз. Ахир иймонли, солиҳ амалли, покиза мўмин билан иймонсиз кофир, Оллоҳни ҳам, одамларни ҳам алдашни ўзига мақсад ва касб қилиб олган мунофиқ ёнма-ён яшаса, энг ачинарлиси, кўпинча мана шу кейингиларнинг қўли баланд келса, яхши баҳосини, ёмон жазосини олмаса, яна ҳам афсусланарли томони, кўпчилик одамлар мана шу адо-латсизликни оддий ҳол деб қабул қилиб кун кўраётган бўлсалар, бу ҳаётни тубан ҳаёт демай яна нима деб аташ мумкин? Яна бошқа томондан назар ташлайдиган бўлсак, бутун инсониятнинг ота-онаси бўлмиш Одам ва Ҳавво қилиб қўйган хатолари сабабли Оллоҳ таолонинг Амри билан осмонлар устидаги жаннатдан пастга, Ерга, бошқача айтганда, энг юксак, роҳатли ҳаётдан тубанга, меҳнат-машаққатли ҳаётга туширилмадилар-ми? Ёки мангу Охират олдида бу ўткинчи дунё ўта арзимас, тубан эканлигини қайси ақли хуши жойида бўлган одам инкор қилади? Қолаверса, балки энг муҳими, ҳар бир сўзи Ҳақ бўлган, ҳеч қачон ваъдасига хилоф қилмайдиган Ҳақ таоло дунёга муккасидан кетмай Охират ғами билан яшаган, модданинг қули бўлмасдан руҳоний поклик йўлини танлаган, яъни, Оллоҳ ва Охиратга иймон-ишонч билан, ўша иймони тақозо қилган солиҳ амаллар билан ўтган инсонларни ота ватанларига - кўкдаги жаннатларга киритишни ваъда қилган бўлса, ўшандай роҳатли ва мангу сао-датли ҳаётни қўйиб, мана бу ўткинчи дунёни танлайдиганлар кимлар ва улар бу қилмишлари учун Яратган томонидан қандай жазога мустаҳиқ бўладилар?
“Охират диёригина (мангу) ҳаёт (диёри)дир. Агар улар (мана шу ҳақиқатни) билганларида эди”.
Чунки дунё роҳатлари, лаззатлари худди кундуз ва кеча тинмай алма-шиб турганидек, доимо меҳнат-машаққатларга, алам-азобларга алмашиб туради, Охират саодати эса ҳеч қачон йўқ бўлмайди, ўзгармайди - у мангу саодатдир. Бас, ақлли киши улардан қай бирини танлашни билиши керак-ку?! Лекин, таассуфки, динсиз кимсалар дунё ҳаёти ўткинчи, Охират ҳаёти эса мангу эканлигини билмайдилар ва: “(Ҳаёт) фақат дунёдаги ҳаётимиздир (Айримларимиз) ўлсак, (бошқаларимиз) ҳаётга келаверамиз. Биз ҳеч қайта тирилгувчи эмасмиз”. (Мўминун сураси, 37-оят) деб ўтиб кетаверадилар!

40. Аниқки, ким бирон ёмонлик қилса, унга (Охиратда ўша ёмонлиги) баробарида жазо берилур. Ва эркакми, аёлми ким мўмин бўлган ҳолида бирон яхшилик қилса, ана ўшалар жаннатга дохил бўлурлар (ва) у жойда уларга беҳисоб ризқ берилур.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло мазкур мўмин банда тилидан ёмон-ликнинг жазоси албатта ёмонлик бўлишини айтиб, ёмонларни огоҳлантиради. Оятда зикр қилинган “ёмонлик”дан мурод, Оллоҳ таолога кофир бўлиш, Унга ширк келтириш ва Унинг Амрига бўйинсунмасдан итоатсизлик қилиш ҳамда Дини Ислом қайтарган ишни қилишдир. Айтиб ўтилганидек, чиройли амал қилгувчи мўминларга Оллоҳ таолонинг Фазлу Марҳамати билан неча баробар зиёда мукофотлар ато этилса, энди ёмонлик қилгувчи кимсаларга эса, Оллоҳ таолонинг Адолати билан фақат қилган ёмонликлари баробарида, бирга бир жазо берилади.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ таоло айтди: “Чиройли бир амалга ўн баробар мукофот ато этурман ёки бериладиган ажрни ундан ҳам зиёда қилурман. Бир ёмон амалга эса фақат бир жазо берурман ёки кечириб юборурман. Бас, бирлари (яъни, ёмонлик, гуноҳлари) ўнларидан (яъни, чиройли амалларидан) ғолиб бўлган кимсага ҳалокат бўлгай!”
Ояти каримани ўқиб-англаган киши Муқаддас Динимиз ҳақида ҳар бир мусулмон билиши зарур бўлган ўта муҳим маълумотларга эга бўлади: Биринчидан, Ҳақ таоло Шариат аҳкомларига амал қилишни эркаг-у аёл барча бандаларига буюрди ва амал қилган барча эркаг-у аёлга баробар ажр беришни ваъда қилди. Иккинчидан, фақат мўмин ҳолда қилинган амал мақбул бўлиши, демак, динсиз-иймонсиз кимсалар қандай яхши ишларни қилмасинлар, ҳаммаси беҳуда, ҳабата кетиши баён этилди.
Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам аниқ айтилган: “(Зотан), Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз”. (Фурқон сураси, 23-оят).
Исломий ақидага кўра Ёлғиз Оллоҳга иймон келтирмасдан туриб қилинган ёки Ягона Оллоҳни кўзламасдан хўжакўрсинга қилинган ҳар қандай яхши амал ҳам худди ҳавода учиб юрган чанг-тўзон каби фойдасиздир. Шу боисдан бут-санамлар йўлида қилинган ёки яхши ном чиқариш учун риёкорлик билан қилинган «савоб иш»ларнинг эгалари учун Қиёмат Кунида бирон ажру мукофот бўлмас.
“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобининг мусаннифи шайх Мустафо Мансурий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу ояти карима иймон билан солиҳ амал бошқа-бошқа нарсалар эканига далолат қилади. Чунки Оллоҳ таоло солиҳ амалнинг ажр-мукофотга сабаб бўлиши учун иймонни шарт қилиб қўйди. Маълумки, бир нарсага ўша нарсанинг ўзи шарт қилинмайди, балки нарса ва унинг шарти бошқа-бошқа нарсалар бўлади”.
Учинчидан, ояти карима матнидан аниқ маълум бўладики, эркакми, аёлми - кимда-ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса (Шариати Исломийя буюрган ҳар бир амал солиҳ амалдир), Оллоҳ таоло унга бу дунёда покиза ҳаёт, Охиратда эса, энг яхши амалларга бериладиган ажр-мукофотлар ато этади.
41-42. Эй қавмим, нега мен сизларни нажотга - жаннатга чорласам, сизлар мени дўзахга чақирмоқдасизлар? Сизлар мени Оллоҳга кофир бўлишга ва мен учун (илоҳ эканлиги ҳақида) ҳеч қандай маълумот бўлмаган нарсаларни У Зотга шерик қилишга чақирмоқдасизлар. Мен эса сизларни Қудратли, бениҳоя Мағфиратли Зотга чорламоқдаман.
Яъни, эй қавмим, сизлар мени жуда қаттиқ таажубга солмоқдасизлар-ку! Мен сизларга нима демоқдаман-у, сизлар менга нима деяпсизлар?! Ахир мен сизларни Оллоҳтаолога иймон келтириб, Унга ҳеч кимни шерик қилмай Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилиш билан ва У сизларга юборган элчига итоат қилиш билан дўзахдан нажот топиб жаннатга киришга даъват қилмоқдаманку?! Сизлар бўлсангиз, мени ширк келтиришга ва дўзах аҳлининг амалини қилишга чақирмоқдасизлар-а! Сизлар мени Танҳо Илоҳ бўлмиш Оллоҳ таолога куфр келтиришга ва Унга шерик эканлиги ҳақида менинг ҳеч қандай маълумотим бўлмаган нарсаларни Унинг шериклари дейишга ва ўша сохта илоҳларга сиғинишга чақир-моқдасизлар! Мен бўлсам, сизларни ҳақиқий Илоҳий Сифатларнинг барчасига - Иззат, Қудрат, Ғолиблик, Билим, Ирода - Ўзи истаган ишни қилишлик, кечиришга ҳам, азоблашга ҳам Қодирлик ва яна бошқа Илоҳий Сифатларининг барча-барчасига эга бўлган Оллоҳ таолога иймон келтиришга чақирмоқдаман. Бас, эй қавмим, сизлар яна ўша Ҳақ Оллоҳга иймон келтиринглар, У сизларни қилган гуноҳларингизни кечиради ва сизларни азиз-у мукаррам қилади. Зеро У кофир бўлган кимсалардан интиқом олишда Иззат-Қудрат Соҳибидир ва тавба қилиб иймон келтирган бандаларининг барча гуноҳларини Кечиргувчи - Ғаффордир.

43. Шак-шубҳа йўқки, албатта сизлар мени (ибодат қилишга) чақираётган бутларингиз (жонсиз нарсалар бўлгани сабабли) на дунёда ва на Охиратда (бирон кимсани ўзларига ибодат қилиш учун) даъват қилмас. Ва албатта (барчаларимизнинг) Оллоҳга қайтишимиз бордир. Дарҳақиқат, ҳаддан ошувчи кимсалар - улар дўзах эгаларидирлар.
Яъни, эй қавмим, сизлар мени сиғинишга чақираётган бут-санамларингиз бу дунёда ҳам ҳеч кимни ўзларига ибодат қилишга чақирмайдилар ҳам, обидлари қилган дуо-илтижоларни эшитмайдилар ҳам, чунки улар эшитмайдиган, кўрмайдиган жонсиз нарсалар бўлганлари учун ҳеч қачон илоҳликни даъво қилмайдилар, Охиратда бўлса, обидларидан тонадилар ва ҳаммамиз Ёлғиз Оллоҳ таолонинг ҳузурига қайтамиз, сўнгра У барчани ўзи мустаҳиқ бўлган жазо билан жазолаб, мўмин бандаларини Ўз Раҳматига - жаннатига дохил қилади, бандалик ҳаддидан ошган мушрик-кофир кимсалрни эса, жаҳаннамга ҳукм қилади. Чунки фақат улар дўзах эгаларидирлар.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: «(Эй мушриклар), сизлар У Зотни қўйиб илтижо қилаётган бутларингиз эса пўстлоқча нарсага ҳам эга эмасдирлар. Агар сизлар уларни чорласангизлар дуоларингизни эшитмаслар. Агар эшитсаларда сизларга жавоб қила олмаслар ва Қиёмат Кунида (уларни Оллоҳга) шерик қилиб олганларингизни инкор қилурлар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, дунё-ю Охират ҳақида ҳеч ким) Сизга Хабардор Зот (яъни, Оллоҳ) каби хабар бера олмас». (Фотир сураси, 13-14-оятлар). «Оллоҳни қўйиб, Қиёмат Кунигача ҳам (дуони) мустажоб қила олмайдиган бутларга дуо-илтижо қиладиган кимсадан ҳам йўлдан озганроқ ким бор?! Ҳолбуки, у (жонсиз бут)лар ўша (мушрик)ларнинг дуоларидан гофилдирлар! (Қиёмат Кунида) инсонлар (ҳисоб-китоб учун) тўпланган вақтида ўша (бутлар) уларга (мушрикларга) душман бўлурлар ва уларнинг (Оллоҳни қўйиб, ўзларига) ибодат қилганларини ҳам инкор этурлар». (Ахқоф сураси, 5-6-оятлар).

44. Ҳали (бошларингизга азоб тушганида албатта ҳозир) мен сизларга айтаётган сўзларни эслайсизлар. Мен ўз ишимни Оллоҳга топширурман. Зеро, Оллоҳ бандаларини Кўриб тургувчидир».
Яъни, Фиръавн ва унинг одамлари мазкур мўмин инсон айтган шунча панд-насиҳатларни қабул қилмасдан, аксинча, унга ёмон сўзлар билан таҳдидлар қилиша бошлагач, у золим қавмни сўнгги бор огоҳлантириб шундай деди: “Ҳали сизлар бошларингизга Оллоҳнинг азоби тушган кунда мен айтган сўзларни албатта эслайсизлар. Мен эса сизларнинг бундай қўрқитув-ҳуркитувларингиздан мутлақо қўрқмайман. Чунки мен Ёлғиз Оллоҳ таолога таваккул қилурман - суянурман ва барча ишларимни Унга топширурман. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, Оллоҳ таоло бандаларини Кўриб тургувчи, уларнинг барча аҳволидан Хабардор Зотдир. Албатта, У Ўзига илтижо қилган бандаларига нажот берур”. Қатода раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мана шу сўзларни айтгач, у мўмин киши золим-кофирлар ичидан чиқиб, яширинча тоғ томонга йўл солди ва уни ўлдирмоқчи бўлиб ортидан чиққан кофир қавм уни топа олмади”. (“Тафсири Мунийр”дан).

45-46. Бас, Оллоҳ у (иймон келтирган киши)ни уларнинг ёмон макр-ҳийлаларидан сақлади, Фиръавн хонадонини эса ёмон азоб ўраб олди. (Мазкур азоб бир) оловдирки, улар эрта-ю кеч ўшанга кўндаланг қилиниб (куйдирилурлар). (Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда эса (дўзах фаришталарига); «Фиръавн хонадонини энг қаттиқ азобга киритинглар», (дейилур).
Яъни, Оллоҳ таоло у мўмин бандасини бу дунёда ҳам Ўз ҳифзу ҳимоясига олди - уни Фиръавн одамларининг ёмон макрларидан, суйиқасдларидан халос қилиб, худди Мусо алайҳис-саломни қутқарганидек, уни ҳам Фиръавн чангалидан қутқарди. Шунингдек, Ҳақ таоло унга Охират диёри-да ҳам нажот бериб, жаннат неъматини ато этди. Фиръавн ва унинг қавмини эса, бу дунёда ҳам энг ёмон азобга гирифтор қилиб, барчаларини денгизга ғарқ қилиб юборди, Охиратда ҳам улар энг ашаддий азоб билан азобланурлар. Охират диёридаги у кофир қавм ўлишлари билан барзах оламида дучор қилинадиган энг қаттиқ азоб - қабр азоби бўлиб, улар ҳар куни эрта-ю кеч дўзах ўтига кўндаланг қилинурлар ва улардан ҳар бирига “мана шу дўзах сенинг мангу азобланадиган жойингдир” дейилур. Қиёмат Куни келганида эса, уларнинг жисму жонлари дўзахда жамланиб, дўзах посбонлари бўлган фаришталарга Оллоҳтаоло томонидан: “Фиръавн хонадонини дўзахга киритинглар, ўша жойда улар учун энг ашаддий азоб ва ҳеч қачон тугамайдиган энг қаттиқ қийноқлар бўлур”, деб амр қилинур.
Ушбу оят барча уламолар томонидан қабр азоби ҳақ эканига очиқ далил деб тафсир қилинган. Чунки унда ҳали Қиёмат қойим бўлмасдан туриб Фиръавн ва унга эргашган кофирлар эрта-ю кеч олов азобига гирифтор қилинишлари очиқ-ойдин баён қилинди. Яна неча ўнлаб муборак ҳадислар ҳам ушбу ояти карима мазмунини - қабрда азоб бўлишини тасдиқлайди. Демак, бу ҳар бир мусулмон учун қабр азобига иймон келтириш вожиб эканлигига очиқ ҳужжатдир.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Албаттта, сизлардан ҳар бирингиз ўлганида унга эрта-ю кеч, ҳар куни борадиган жойи кўрсатиб турилади. Агар у жаннат аҳлидан бўлса, бас, унга жаннат аҳлидан эканлиги, агар у дўзах аҳлидан бўлса, бас, унга дўзах аҳлидан эканлиги айтилиб, “мана шу сенинг жойингдир, токи Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида сени қайта тирилтириб ўша жойгача киритгунича жойинг мана шу қабрингдир”, дейилур”. (Имом Бухори, Муслим ва бошқалар ривоят қилганлар. “Тафсири Қуртубий”дан).

47-48. Ўшанда улар дўзахда ўзаро тортишиб, бечора (эргашувчи) лар мутакаббир кимсаларга (яъни, ўзларининг собиқ йўлбошчиларига): «Бизлар сизларга эргашган эдик, энди сизлар биздан дўзах (азоби)дан бирон бўлагини дафъ қила олурмисизлар», дер эканлар, мутакаббир кимсалар айтдилар: «Аниқки, бизларнинг барчамиз (дўзахдадирмиз). Дарҳақиқат, Оллоҳ бандалари ўртасида Ўз ҳукмини чиқарди».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, қавмингизга айтингки, ўшанда -Қиёмат Кунида дўзах аҳли ўзларининг дўзахдаги жойларига киритилиб, энг қаттиқ азоблар билан азобланар эканлар, бир-бирлари билан талашиб тортиша бошлайдилар. Ушбу ояти каримани мана бу оятлар ҳам тафсир қилиб беради: «(Қиёмат Кунида) барча (халойиқ қабрларидан чиқарилиб) Оллоҳ(га ҳисоб-китоб бериш) учун кўриндилар, бас, ожиз-нотавон (эргашувчи)лар мутакаббир кимсаларга (яъни, ўзларининг собиқ йўлбошчиларига): «Бизлар (ҳаёти дунёдалик пайтимизда) сизларга эргашган эдик, энди (бу Кун) сизлар Оллоҳнинг азобидан бирон нарсани бизлардан дафъ қила олурмисизлар?!» деган эдилар, улар айтдилар: «Агар Оллоҳ бизни (Ҳақ Йўлга) ҳидоят қилганида биз ҳам сизларни ҳидоятга чақирган бўлур эдик. (Энди эса) дод-вой қиламизми ёки сабр-тоқат қиламизми, биз учун баробардир - энди бизларга нажот йўқдир». (Иброҳим сураси, 21-оят).
Ояти карима Оллоҳ таолонинг Амри билан Қиёмат Кунида жамийки халойиқ У Зотга ҳисоб-китоб бериш ва мўминлар баҳосини, кофирлар жазосини олиш учун қайта тирилганларидан кейин бўладиган воқеалар ҳақида хабар беради.
Муҳаммад ибн Каъб Қуразий ушбу оят тафсирида айтади: “Менга етиб келган хабарга кўра Қиёмат Кунида дўзахга ҳукм қилинган кофирлар у жойдаги азобга тоқат қила олмасдан дўзах қўриқчилари бўлмиш фаришталарга ялиниб-ёлворадилар. Ялиниб-ёлворишларидан ҳеч қандай нафъ чиқмаслигини билишгач, “Улар (дўзах ходими бўлган фариштага) “Эй Молик, Парвардигоринг бизларга Ўз ҳукмини қилсин (яъни, тезроқ жонимизни олсин, бизлар бу азобдан кутулайлик”, деб) нидо қилганларида, у: “Албатта сизлар (мана шу азобда мангу) тургувчидирсизлар”, деди”. (Зухруф сураси, 77-оят).
Қачонки кофирлар дўзах азобидан ўлиб ҳам қутулиб бўлмаслигини, яъни, Охират диёрида ўлим йўқлигини билишгач, бир-бирларига қараб: “Бошимизда мана шу кўргуликлар бор экан, келинглар энди сабр қилайлик, шояд сабрнинг бизга фойдаси тегса. Ахир ҳаёти дунёда Оллоҳ таолога тоат-ибодат машаққатларига сабр қилиб ўтган мўминларга ўша сабрларининг фойдаси тегдику - жаннат роҳатларига эришдиларку”, дейишиб, сабр қилишга қарор қилдилар. Аммо узоқ муддат сабр қилсалар ҳам (Муқотилдан ривоят қилинишича, улар дўзах азобига беш юз йил сабр қиладилар), бу сабрларинингуларга ҳеч фойдаси тегмайди. Шундан кейин кофирлар яна шунча муддатни дод-вой билан ўтказдилар ва охир-оқибат ҳақиқатни тан олиб: “Энди бизлар дод-вой қиламизми ёки сабр қиламизми, биз учун баробардир -энди бизларга нажот йўқдир”, дейдилар. (“Маолимут-танзийл” таф-сиридан).

49-50. (Шунда) дўзахдаги кимсалар жаҳаннам қўриқчиларига: «Парвардигорингизга дуо қилингиз, бизлардан бирон кунлик азобни енгиллатсин», деб ёлворганларида; Улар айтдилар: «Ахир сизларга пайғамбарларингиз аниқ ҳужжатлар билан келмаганмидилар?!» «Ҳа, (келган эдилар, лекин бизлар уларни ёлғончи қилган эдик)», деди улар. (Шунда фаришталар) айтдилар: «У ҳолда ўзларингиз дуо-илтижо қилаверинглар. Кофирларнинг дуо-илтижолари албатта залолатдадир (яъни, бефойдадир)».
Дўзах аҳлининг у жойда гирифтор бўладиган азоб-уқубатлари ҳақида Термизий ва бошқа муҳаддис уламолар Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: “Дўзах аҳли устига шундай очарчилик ташланадики, унинг азоби улар тортаётган бошқа барча азобларга баробар бўлади. Дўзахилар бундай даҳшатли очликдан қутқаришларини сўраб ялиниб-ёлворганларида, уларга “ёрдам” бўлсин деб семиртирмайдиган ва очликдан халос қилмайдиган “Зарийъ” берилади. «Улар учун бирон таом бўлмас, (уларнинг емишлари) фақат (еган кимсани) семиртирмайдиган ва очликдан халос қилмайдиган зарийъдан (заҳарли ва бадбўй тикансимон ўсимлик) бўлур!» (Ғоишя сураси, 6-7-оятлар). Бас, улар ўша “таом”ни ейдилар-у аммо у ҳеч ҳам қоринларини тўйдирмайди. Сўнг улар яна ёрдам сўраганларида, уларга томоқларга тиқилиб қолгувчи “таом” берилади. «Зеро, Бизнинг даргоҳимизда (кофирлар учун тайёрлаб қўйилган) кишанлар ва (уларни куйдириб азоб бергувчи) олов-дўзах бордир! Ва (томоққа) тиқилгувчи (йиринг ва қон каби) «таом» ҳамда аламли азоб бордир!» (Муззамил сураси, 12-13-оятлар). Бас, у “таом”ни ейишгач, томоқларига тиқилиб қолади ва улар ҳаёти дунёдалик пайтларида тиқилиб қолганларида томоқларидаги таомни сув билан ўтказиб юборганларини эслашиб, сув сўрашади. Шунда уларга қайноқ сув (қўл билан ушлаб бўлмайдиган даражада қайноқ бўлгани учун) чангаклар-да кўтариб берилади. Бас, у қайноқ сув юзларига яқинлашганда уларни куйдириб, қоринларига тушганда ундаги ичак-човоқлар-у, ундаги бошқа нарсаларни ҳам узиб парчалаб юборади. Ана ўшандан кейин «дўзахдаги кимсалар жаҳаннам қўриқчиларига: «Парвардигорингизга дуо қилингиз, бизлардан бирон кунлик азобни енгиллатсин», деб ёлворганларида; Улар айтдилар: «Ахир сизларга пайғамбарларингиз аниқ ҳужжатлар билан келмаганмидилар?!» «Ҳа, (келган эдилар, лекин бизлар уларни ёлғончи қилган эдик)», деди улар. (Шунда фаришталар) айтдилар: «У ҳолда ўзларингиз дуо-илтижо қилаверинглар. Кофир-ларнинг дуо-илтижолари албатта залолатдадир (яъни, бефойдадир)».

51-52. Албатта Биз Ўз элчи-пайғамбарларимизга ва (уларга) иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (Қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз. У Кунда золим-кофир кимсаларга узру баҳоналари фойда бермас ва улар учун лаънат бўлур, улар учун энг ёмон жой - дўзах бўлур.
Ҳақ таолонинг Ўз элчиларига ва мўмин бандаларига ҳаёти дунёда сўзсиз ёрдам бериши, албатта уларни душманлари бўлмиш кофир-мушриклар устидан ғолиб қилиши, душманларини эса ё мағлуб қилиши, ёки ҳалок қилиб юбориши билан бўлади. Шунингдек, мўминлар учун душманларидан интиқом олиши билан бўлади. Суддий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қайси бир кофир қавм бирон пайғамбарни ёки Ҳақ Йўлга даъват қилгувчи мўмин қавмни қатл қиладиган бўлса, албатта Оллоҳ азза ва жалла у кофирлардан интиқом олгувчиларни юборади ва улар ўша қотил қавмни ҳалок қилиб юбориш билан қатл қилинган мўминларнинг ўчини оладилар ва мана шу Оллоҳ таолонинг мўмин бандаларига берган ёрдами бўлади. Энди Ҳақ таолонинг мўминларга Қиёмат Кунида берадиган ёрдами эса, барча гувоҳлар олдида - малоикалар, пайғамбарлар ва маҳшаргоҳга тўпланган жамийки халойиқ гувоҳ бўлиб турган ҳолларида мўминларни Ўз Раҳматига олиб жаннатларга киритиши, кофирларни эса, ҳеч қандай узру бахоналарини қабул қилмай Ўз лаънатига гирифтор қилиб, энг ёмон жой - дўзахга киритишидир. Ояти карима мазмунидан аён бўладики, Оллоҳ таолога ва Унинг элчи-пайғамбарларига иймон келтирган мўминлар ҳаётлик чоғларида ҳам, вафот қилганларида ҳам, Қиёмат Кунида ҳам Унинг мадад-ёрдамига сазовордирлар, Унинг ҳифзу ҳимоясидадирлар. Бу мавзуда муборак ҳадислар ҳам ворид бўлган: Абуд-Дардо розияллоҳу анҳу ва яна бошқа муҳаддислардан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда-ким мусулмон биродарининг орномусини ҳимоя қилса, Оллоҳ азза ва жаллага у бандасини дўзах ўтидан ҳимоя қилиш ҳақ бўлади”, дедилар, сўнгра «Албатта Биз Ўз элчи-пайғамбарларимизга ва (уларга) иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (Қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз» оятини тиловат қилдилар. (Термизий ривояти). У зоти шариф соллоллоҳу алайҳи ва саллам яна шундай деганлар: “Кимда-ким бир мўминни уни ғийбат қилаётган мунофиқдан ҳимоя қилса, Оллоҳ азза ва жалла Қиёмат Кунида уни дўзах ўтидан ҳимоя қиладиган бир фариштани юборур. Кимда-ким бирон мусулмонни уни айблайдиган сўз билан зикр қилса, Оллоҳ азза ва жалла ўша кимсани токи у айтган сўзини исботлаб, ўзини оқламагунича жаҳаннам устидаги кўприкда тўхтатиб қўяди”. (Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилганлар. “Тафсири Куртубий”дан).

53-54. Аниқки, Биз Мусога ҳидоят ато этдик ва бани Исроилни ақл эгалари учун ҳидоят ва эслатма-ибрат бўлган Китоб - Тавротга ворис қилдик.
Ояти карима аввалида - “лақод” калимасидаги “лом” ҳарфини уламолар “ломи қасам” деб тафсир қиладилар. Бу ҳолда оят мазмуни шундай бўлади: Қасамки, Биз Мусога Таврот, ва пайғамбарлик ато этдик. Таврот Мусо қавми учун Тўғри Йўлга ҳидоят қилгувчи диний аҳкомлар ва шариат қонунларини ўз ичига олди. Шунингдек, Мусонинг ҳақ пайғамбарлиги чўнтагидан чиқарганида бутун оламни ёритиб юборадиган қўл ва ерга ташласа бир лаҳзада аждарҳога айланадиган асо каби ўнлаб мўъжизалар билан қувватлантирилди. Сўнгра Мусо алайҳис-саломнинг вафотидан кейин Биз токи ақл эгалари учун ҳидоят ва эслатма-ибрат бўлсин деб Тавротни бани Исроил қавмига мерос қилиб қолдирдик.
Мана шу ояти карима мазмунидаги оят Моида сурасида ҳам келади: «Албатта Биз Тавротни Ҳидоят ва Нурни ўз ичига олган ҳолда нозил қилганмиз. (Оллоҳга) бўйинсунувчи бўлган пайғамбарлар, Илоҳий билим эгалари ва донишмандлар ўзларига Оллоҳнинг Китоби омонат қўйилгани сабабли яҳудийларга у (яъни, Таврот ҳукмлари) билан ҳукм қиладилар ва улар бу Китоб устида гувоҳдирлар». (Моида сураси, 44-оятдан).
Ояти карима Тавротнинг таърифи билан бошланиб, Ҳақ таоло у Китобни Ўзи нозил қилганини, унда яҳудлар учун Ҳидоят, яъни, тўғри ҳукмлар ва ибодатлар баёни бор эканини ҳамда унда Нур бор эканини, яъни, Оллоҳтаолонинг Танҳо Маъбуд эканини, пайғамбарларнинг вазифаларини, Охират аҳволини ва кутилаётган сўнгги Пайғамбар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларини нур каби ёритиб берувчи оятлар бор эканини айтади.
“(Оллоҳга) бўйинсунувчи бўлган пайғамбарлар, Раббоний - Илоҳий билим эгалари ва донишмандлар ўзларига Оллоҳнинг Китоби омонат қўйилгани сабабли яҳудийларга у (яъни, Таврот ҳукмлари) билан ҳукм қиладилар ва улар бу Китоб устида гувоҳдирлар”.
Ушбу жумлада Оллоҳ таоло Мусо алайҳис-салом оламдан ўтганидан сўнг то Ийсо алайҳис-салом дунёга келган замонгача бўлган муддат мобайнида юборилган барча пайғамбарлар (уларнинг адади бир ривоятда минг, яна бошқа ривоятга қараганда тўрт мингдан ошиқдир) ҳамда шу орада ўтган яҳудийларнинг Раббоний олимлари ва донишмандлари бани Исроил қавмига Таврот ҳукмларини етказиб, фақат ўша Китоб билан ҳукм юргизганларини айтади. Улар ўзларининг зиммаларидаги омонатга хиёнат қилмай, яҳудийлар Тавротга тўғри ва тўла амал қилишларига гувоҳ бўлиб, уларнинг билмаганларини ўргатиб турганлари ҳақида хабар беради.
Ушбу жумладан яна икки ўта муҳим маълумотга эга бўламиз. Биринчиси, Оллоҳ таоло пайғамбарларни ва то Ийсо алайҳис-салом туғилган замонгача ўтган, Тавротга тўғри ва тўла амал қилган яхудийларни “Оллоҳга бўйинсунувчилар”, яъни, мусулмонлар деб атайди. Чунки барча пайғамбарлар инсонларни Танҳо Оллоҳга бўйинсунишга даъват қилган-лар, бинобарин, уларга итоат этган кишилар ҳам мусулмонлар бўлганлар. Иккинчиси, бу жумладан Таврот ҳукмларига амал қилиш ҳамма одамларга эмас, фақат яҳудларга буюрилгани, бу Китоб фақат бани Исроил қавми учун нозил қилингани маълум бўлади.

55. Бас, Сиз ҳам, (эй Муҳаммад алайҳис-салом, мушриклар томонидан етаётган озор-азийятларга) сабр қилинг - зеро, Оллоҳнинг (Ўз пайғамбарлари ва мўмин бандаларига ёрдам бериш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир - ва гуноҳингизга мағфират сўранг ҳамда туну кун Парвардигорингизга ҳамду сано билан (У Зотга) тасбеҳ айтинг!
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз ҳам олис мозийда ўтган Мусо алайҳис-салом ва унинг қавми каби кофир-мушриклар томонидан етаётган ҳар турли озор-азийятларга сабр қилинг ва Ҳақ Динга собитқадам бўлинг, ана ўшанда албатта Ҳақ таоло худди Мусо ва унинг қавмини золим-кофир Фиръавн ва унинг одамларидан халос қилиб, у кофирларни ҳалок қилиб юборгани каби Сизга ва умматингизга ҳам кофир-мушриклар устидан ғалаба ато этади. Чунки Оллоҳтаолонинг Сўзи - Ваъдаси ҳақдир, У Зот ҳеч қачон ваъдасига хилоф иш қилмас. Мазкур ваъда мана бу оятларда зикр қилинган эди: «Аниқки, Бизнинг элчи-пайгамбар қилиб юборган бандаларимиз ҳақида: «Шак-шубҳасиз, улар қўллаб-қувватланг увчилардир ва шак-шубҳасиз, Бизнинг қўшинимиз (яъни, пайғамбарлар ва уларга иймон келтирган кишилар) ғолиб бўлгувчидирлар», деган Сўзимиз ўтган - собит бўлгандир». (Вас-соффот сураси, 171-173-оятлар).
Ушбу оятларда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотга иймон келтирган мўминлар албатта мушрик-кофирлар устидан ғолиб бўлишларига ҳамда дунё ва Охиратда нажот топишларига очиқ ишорат бор. Оятда зикр қилинган “Сўзимиз”дан мурод, Мужодала сурасидаги мана бу ояти каримадир: «Оллоҳ (Лавҳул-Маҳфузга): «Шак-шубҳасиз, Мен Ўз пайғамбарларим билан бирга ғолиб бўлурман», деб ёзиб қўйгандир. Албатта Оллоҳ Кучли, Қудратлидир». (Мужодала сураси, 21-оят). Яна бошқа бир ояти каримада ҳам Ҳақ таоло: “Иймон келтирган зотларни ғолиб қилиш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ бўлди”, деб, Оллоҳ таолога чин ихлос билан иймон келтириш ва Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилиш дунё ва Охиратда ғалаба қозонишнинг энг ишончли кафолати эканлигини айтади. Бу ҳақда мана бу оятларда ҳам аниқ хабар берилган: «Эй мўминлар, агар сизлар Оллоҳга ёрдам берсангизлар (яъни, Унинг Йўлида жиҳод қилсангизлар), У Зот ҳам сизларга ёрдам берур ва (жанг майдонида) қадамларингизни собит-барқарор қилур.» (Муҳаммад сураси, 7-оят). «Албатта Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (Қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз». (Ғофир сураси, 51-оят). Демак, Холиққа суянган ва Унинг элчиларига итоат этган инсонлар албатта махлуқларга ишонган ва уларнинг кўрсатмаларига амал қиладиган кимсалар устидан ҳар икки дунёда ғолиб бўлишлари аниқдир.
“Ва гуноҳингизга мағфират сўранг ҳамда туну кун Парвардигорингизга ҳамду сано билан У Зотга тасбеҳ айтинг!”
Ояти карима давомидаги ушбу жумладан жой олган “гуноҳингизга мағфират сўранг”, ибоарсини муфассир уламолар турлича тафсир қилганлар: маълумки, Оллоҳ таолонинг элчи-пайғамбарлари гуноҳлардан маъсум, яъни, бегуноҳ инсонлардир. Шунинг учун дейилдики, мазкур жумлада бир сўз ҳазф қилинган (жумла зимнига олинган) бўлиб, асли у “умматингизнинг гуноҳига мағфират сўранг”, деган маънодадир. Яна бошқа уламолар эса: “ушбу Илоҳий Амр Оллоҳ таоло томонидан Ўз Элчисига унинг ҳам Оллоҳнинг қули эканини таъкидлаш бўлиб, Сиз ҳам даражангиз янада баланд бўлиши учун ва бу иш умматларингизга бир суннат бўлиб қолиши учун гарчи Сизнинг аввал-у охир қилган саҳв-хатоларингиз кечириб юборилган бўлса-да, Яратгандан гуноҳингизга мағфират сўрашни ўзингизга одат қилинг” мазмунидадир”, деб тафсир қиладилар. (“Тафсири Куртубий”, “Тафсири Бағавий” ва “Танвийрул-азҳон” тафсирларидан). Жумла давомида Ҳақ таоло Ўз Элчисига ва у зотнинг барча умматларига эрта-ю кеч, кун-у тун беш вақт намозда бардавом бўлиб Яратганга ҳамд айтиш билан У Зотнинг ҳар қандай айб-нуқсондан Пок Парвардигор эка-нини эътироф этиб боришларини буюради. Ушбу Амри Илоҳий бошқа оятларда ҳам такрор-такрор таъкидаланади: «Бас, (эй Муҳаммад алай-ҳис-салом), Сиз улар айтаётган сўзларга сабр-тоқат қилинг ва қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (У Зотни) покланг - намоз ўқинг! Тунги соатларда ҳамда кундузнинг (аввалги ва охирги) тарафларида ҳам тасбеҳ айтинг - намоз ўқинг, шояд шунда (Парвардигорингиз Охират диёрида берадиган ажр-мукофотлардан) рози бўлурсиз». (Тоҳа сураси, 130-оят). «Бас, сизлар, (эй мўминлар), тунга кириш пайтларингизда ҳам, тонгга кириш пайтларингизда ҳам, оқшомда ҳам, пешин пайтига киришларингизда ҳам Оллоҳга тасбеҳ айтингиз (яъни, У Зотга ҳамду сано айтингиз! Зеро), осмонлар ва Ердаги бор ҳамду сано Уникидир (яъни, коинотдаги барча мавжудот Унга ҳамду сано айтур)». (Рум сураси, 17-18-оятлар).

56. Албатта Оллоҳнинг оятлари ҳақида ўзларига келган бирон ҳужжат-далилсиз талашиб-тортишадиган кимсалар, аниқки, уларнинг дилларида ҳеч нарса йўқ, фақат бир кибр бордирки, улар ўшанга (яъни, ўзлари орзу қилган катталикка) ҳеч қачон етувчи эмасдирлар. Бас, Сиз Оллоҳдан паноҳ сўранг! Албатта Унинг Ўзи Эшитгувчи, Кўриб тургувчидир.
Юқорида, сурайи кариманинг 35-оятида ҳам Оллоҳ таолонинг оятларига иймон келтирмай, қўлларида бирон-бир ҳужжат-далил бўлмаган ҳолларида мўминлар билан талашиб-тортишадиган кимсалар ҳақида айтилган ва улар Оллоҳ таолонинг ҳам, мўминларнинг ҳам нафрат-лаънатига дучор бўлишлари аниқ эканлиги таъкидланиб, Оллоҳ таоло бундай мутакаббир, зўравон кимсаларнинг қалбларини муҳрлаб қўйиши зикр қилинган эди. Энди ушбу ояти каримада яна бир марта ўша мавзуга қай-тилиб, мазкур кофир-мушрик кимсларни Оллоҳ таолонинг оятларини қабул қилишдан тўсадиган нарса фақатгина уларнинг қалбларини эгаллаб олган кибр деган иллат эканлиги айтилади. Фақат кибрлари уларни Ҳақ Динни қабул қилишдан, Оллоҳ таолонинг оятларига иймон келтиришдан ва Унинг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга итоат этишдан тўсиб туради, улар катталик, пайғамбарлик бизники бўлиши керак деб тамаъ қиладилар, ҳақ Пайғамбарга бўйсунишни ўзлари учун ор деб биладилар, лекин, ҳеч қачон ўзлари хом хаёл қилган ўша катталикка ета олмайдилар, балки, модомики Ҳақ Йўлни қабул қилмас эканлар, абадул-абдад Оллоҳ таолонинг ва мўминларнинг нафрат-лаънатига учраб, хор ва забун ҳолда қолаверадилар. Уларнинг қиладиган ишлари фақат ҳеч қандай далил-ҳужжатлари бўлмаган ҳолларида Оллоҳ таолонинг оятларини рад этиб, мўмин-мусулмонлар билан талашиб-тортишиш бўлади, холос. Бас, ҳар бир мўмин учун ундай мутакаббир мушрик-кофирларнинг адаштиришларидан сақланиш йўли - Оллоҳ таолога илтижо қилиб, уларнинг ёмонлигидан паноҳ сўрашидир, Ҳақ Динда устувор бўлиб, Ҳақ таолодан уни адашганлардан йироқ қилишини сўраб дуо қилишидир. Чунки Оллоҳ бандаларининг сўзларини Эшитгувчи, қилаётган ишларини Кўриб тургувчидир.

57. Шак-шубҳасиз, осмонлар ва Ерни яратиш инсонларни яратишдан каттароқ (иш)дир. Лекин одамларнинг кўплари (буни) билмайдилар.
Ояти кариманинг энг гўзал тафсири мана бу оятдир: «Ёки улар (яъни, кофир кимсалар) осмонлар ва Ерни яратган Оллоҳ инсонлар каби (кичик ва заиф мавжудот)ларни қайтадан яратишга албатта Қодир Зот эканлигини кўрмадиларми - билмадиларми?! Унинг Ўзи улар учун шак-шубҳасиз бўлган ажални белгилаб қўйгандир. Бас, у золим кимсалар фақат куфргагина рози бўлдилар». (Ал-Исро сураси, 99-оят).
Ояти кариманинг аввалги жумласида Охират борлигига иймон келтирмаган кимсалар ҳақида сўз боради.
Яъни, ўша Охиратда қайта тирилиш ҳақ эканлигини инкор қилаётган ва “суякларимизгача чириб кетганидан кейин қандай қилиб қайта тириламиз?” деяётган кофир кимсалар кўз ўнгларидаги осмонлар ва Ерни -шундай буюк махлуқотларни йўқдан бор қилган Оллоҳ уларга нисбатан минг-минг баробар кичик ва заиф бўлган инсон кабиларни чириган жасадларига қайтадан жон киритишга албатта Қодир эканлигига ақллари етмадими?!
Кофирларга: «Осмонлар ва Ерни ким яратган?», дейилса: «Оллоҳ», дейдилар-у, аммо «Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида барча инсонни қайта тирилтиради», дейилса, ишонмайдилар. Мазкур ояти карима ана ўшаларга берилган танбеҳдир.
“(Эй мушриклар), сизларни яратиш қийинроқми ёки осмонними?! (Яъни, бутун Ер куррасининг атрофини ўзга сайёралардан бирон зиён етмаслиги учун том - осмон билан қоплаб кўйишга Қодир бўлган Зот учун сизларни яратиш ёки қайта тирилтириш ҳеч гап эмас-ку! Оллоҳ) уни бино қилди”. (Ван-нозиот сураси, 27-оят).
“Унинг Ўзи улар учун шак-шубҳасиз бўлган ажални белгилаб қўйгандир”.
Яъни, ҳар бир инсонни Ўзи хоҳлаган соатда дунёга келтирган Оллоҳ таоло уларни дунёдан кетказиш учун ва жасадларига яна қайтадан жон киритиш - тирилтириш учун ҳам ҳеч шак-шубҳасиз келадиган аниқ ажал-муддатни белгилаб қўйдики, ҳар бир инсон ана ўша белгилаб қўйилган ажали битган соатда - ундан бир сония аввал ҳам кейин ҳам эмас - ўлади ва қайта тирилиш учун белгилаб қўйилган ажал етиб келган соатда барча инсонлар қайта тириладилар. Бу аён Ҳақиқатдир.
Аммо куфр келтириш билан ўз жонларига жабр-зулм қилган кимсалар ушбу Ҳақиқатдан тамомила юз ўгирдилар ва куфрдан бошқа барча нарсадан бош тортдилар. Оқибат-натижада жаҳаннамнинг мангу азобига гирифтор бўлдилар.

58. Кўр (гумроҳ) билан кўргувчи (Ҳақ Йўлга ҳидоят топган киши), иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотлар билан ёмонлик қилгувчи кимса баробар бўлмас. Камдан-кам эслатма-ибрат олурсизлар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло мушрикларга ҳеч қачон динсиз кофир билан диндор мўмин баробар бўлмаслигини, динсизлик кўрлик эканини, мўмин инсон эса Оллоҳ таоло нозил қилган ваҳийга эргашиб, иймон нима-ю куфр нима эканини билиб, қандай амалларни қилиш кераклигини, қандай ишлардан тийилиш кераклигини, яъни, нима савоб-у нима гуноҳ эканини англаб, Ҳақ таоло кўрсатган Тўғри Йўлни - Жаннат Йўлини кўриб боргувчи инсон эканини айтишни ва уларни тафаккур қилишга, улар ёпишиб олган мушриклик нима-ю, Расулуллоҳ даъват қилаётган Ислом нима экани ҳақида ўйлаб кўришга чақиришни буюради.
“Ёки зулматлар билан нур баробар бўлурми?”
Яъни, куфр билан иймон баробар бўлурми? Албатта баробар бўлмас. Чунки куфр йўли қоронғи йўлдир. Бу йўлга кирган одам қаёққа кетаётганини ҳам, қаерда кетаётганини ҳам билмай, инсонийлиқдан ажраб, охир-оқибат дўзах чоҳига қулаши муқаррардир. Иймон йўли эса, ёруғ - мунаввар йўл бўлиб, унинг белгилари аниқ. Бу Йўлнинг Раҳнамоси - мўминларнинг Буюк Дўсти бўлмиш ОллоҳтаолонингЎзидир. У мўмин бандаларига бу Йўлда қандай амаллар қилиш кераклигини, қаерда тўхтаб, қаерда юриш кераклигини кўрсатиб туради. Мана шу Илоҳий кўрсатмаларга амал қилган мўмин банда адашмай - қоқилмай, охир-оқибатда йўлнинг поёнига - жаннатларга етади.
Ояти карима ниҳоясида мушрик-кофир кимсаларга хитоб қилиниб, улар каби тақдири азалда пешоналарига бахтсизлик - куфр ёзиб қўйилган кимсалар бундай ибратли мисоллардан камдан-кам эслатма-ибрат олишлари айтилади.

59. Соат - Қиёмат шак-шубҳасиз келгувчидир. У ҳақда ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир. Лекин кўп одамлар (ўша Соат албатта кели-шига) иймон келтирмаслар.
Ояти каримада Қиёмат Куни “Соат” деб номланишига сабаб, айрим муфассирлар айтишларича, унинг тўсатдан келиши, дунёнинг сўнгги соати бўлгани ва аввал-у охир барча халойиқдан ким жаннати, ким дўзахи бўлиши Ҳақ таоло тарафидан бир соат ичида ҳал қилинишидир. Бас, ана ўша Қиёмат Соати албатта келгувчидир. Демак, ҳар бир инсон у Кунга иймон келтириши ва У Кунда бўладиган ҳисоб-китобга тайёргарлик кўриб, яъни, ҳаётининг ҳар бир кунини яхши амаллар билан тўлдириб яшаши лозим. Лекин инсониятнинг аксари қисми албатта қайта тирилиб, ҳисоб-китоб қилинишларига ишонмайдилар, балки, ўша Куннинг мавжудлигини ҳам ёлғон дейдилар ва ҳаётларини куфру исён билан ўтказадилар.

60. (Эй инсонлар), Парвардигорларингиз: «Менга дуо-илтижо қилинглар! Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман. Албатта Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қиладиган кимсалар яқинда бўйинларини букиб жаҳаннамга кирурлар», деди.
Ушбу ояти каримда Ҳақ таоло бандаларига “Менга дуо-илтижо қилинглар, Мен албатта дуоларингизни мустажоб қилурман”, деб буюрди. Бас, ҳар бир банда Меҳрибон Парвардигори бўлмиш Оллоҳ таолога дуо қилиши вожиб бўлиб, дуо қилгувчи Яратганнинг Лутфу Марҳаматига ўта муҳтож банда эканлигини жуда гўзал ва аниқ суратда кўрсатиб турадиган солиҳ амалдир, балки, улуғ бир ибодатдир. Бу хусусда ҳадиси шарифда ҳам айтилган. Имом Бухорий ва яна тўрт саҳиҳ ҳадислар тўпламларининг мусаннифлари Термизий, Абу Довуд, Насоий ва Ибн Можжа ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу айтди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта дуо ибодатдир”, дедилар, сўнгра ушбу ояти каримани тиловат қилдилар. Демак, ояти каримадаги: «Менга ибодат қилишдан кибр-ҳаво қиладиган кимсалар» ибораси «Менга дуо қилишдан кибр-ҳаво қилдиган кимсалар» деган маънода бўлиб, Яратганга дуо қилишдан бош тортадиган кимсалар албатта бўйинла-рини букиб жаҳаннамга киришлари ҳақида хабар берилади.
Яна Аҳмад ва Ҳоким Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимда-ким Оллоҳ азза ва жаллага дуо қилмаса, Оллоҳ ундан ғазабланади”, дедилар.
Ояти карима лафзидан Оллоҳ азза ва жалла Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларига бениҳоя Меҳрибон экани очиқ кўринади - У Зот ҳеч қандай алоҳида шарт қўймасдан “Менга дуо қилинглар, дуоларингизни албатта ижобат қиламан», яъни, «сўранглар, сўраган-ларингизни бераман”, деб ваъда қилади. Қатода Каъбул-Аҳбордан ҳикоя қилади: Ушбу умматга илгари фақат пайғамбарларга берилган уч нарса ато этилди: илгари Оллоҳтаоло бир пайғамбар юборса, унга: “Сен умматинг устида гувоҳсан”, дер эди, ушбу умматга эса Ҳақ таоло “Сизлар одамлар устида гувоҳсизлар”, (Бақара сураси, 143-оят) деди. Илгари фақат пайғамбарга “динда сенга ҳеч қандай ҳараж-танглик йўқ”, дейилар эди, ушбу умматга ҳам “Оллоҳ бу Динда сизларга бирон ҳараж-танглик қилмади”, дейилди. Илгари пайғамбарга: “Менга дуо қилгин, Мен ижобат қиламан”, дейилар эди, ушбу умматга ҳам “Менга дуо қилинглар, Мен сизларга қилган дуоларингизни ижобат қилурман”, дейил-ди. (“Тафсири Қуртубий” ва “Тафсири Мунийр”дан).

61. Оллоҳ сизлар ором олишингиз учун кечани (қоронғу) ва (касбу кор, сайру саёҳат қилишингиз учун) кундузни очиқ-ёруғ қилиб қўйган Зотдир. Албатта Оллоҳ одамларга Фазлу Марҳамат Соҳибидир. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмайдилар.
Яъни, Оллоҳ таолонинг тенгсиз Қудрат Соҳиби эканига далолат қиладиган белгилардан яна бири шуки, У замонни иккига бўлиб, кеча ва кундуз қилиб қўйди. Кечани одамлар ором олиб чарчоқлари ёзилиши учун, кундузнинг югур-югурларидан тин олиб, кун бўйи қилган ишларини фикрлари сочилмасдан хотиржам мулоҳаза қилиб тўғри хулосаларга келишлари учун ҳеч ким безовта қилмайдиган қоронғу қилиб - “чироқни ўчириб” қўйди.
Замоннинг яна бир бўлагини эса тирикчилик, саъй-ҳаракат, сафар-саёҳат ва бошқа эҳтиёжларни қондириш учун мослаб ёруғ қилиб қўйди.
Бу ҳақда бошқа сураларда ҳам хабар берилган: “Биз уйқуларингизни (баданларингиз ва асабларингиз учун) ором қилдик. Биз Кечани (ўз қоронғуси билан барча нарсани яшириб турадиган) либос қилдик. Кундузни эса тирикчилик (учун белгиланган вақт) қилдик.” (Набаъ сураси, 9-11-оятлар). “Биз кеча ва кундузни (Ўзимизнинг Қудрати Илоҳийямизни кўрсатиб турадиган) икки оят - аломат қилиб қўйдик. Сўнг (сизлар тунда ором олишларингиз учун) кечанинг аломати (бўлмиш ой)ни «ўчириб» қўйдик (яъни, ой юзини доғ билан қоплаб атрофга нур соча олмайдиган қилиб қўйдик), кундуз аломати (бўлмиш қуёш)ни эса, сизлар Парвардигорингиздан фазлу марҳамат (яъни, ризқу рўз) исташларингиз учун ёруғликнур сочувчи қилиб қўйдик. Токи сизлар йилларнинг саноғини ва ҳисоб-китобни билишларингиз учун (кеча ва кундузни пайдар-пай келадиган қилиб қўйдик). Ва Биз барча нарсани (рўзи азалдаёқ) батафсил баён қилиб қўйдик. (Яъни, дунёдаги содир бўладиган бирон иш ёки воқеа-ҳодиса тасодифий бўлмай, балки ҳар бирининг воқеъ бўлиш жойи, вақти ва сабаблари батафсил баён қилиб қўйилган-дир).” (Ал-Исро сураси, 12-оят).
“Албатта Оллоҳ одамларга Фазлу Марҳамат Соҳибидир. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмайдилар”.
Дарҳақиқат, Ҳақ таолонинг инсонларга Фазлу Марҳамати беқиёс ва бениҳоядир. Меҳрибон Парвардигоримиз Ўз Марҳаматини ҳаёти дунёда нафақат мўмин бандаларидан, ҳатто мушрик-кофир кимсалардан ҳам дариғ тутмайди. Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқиганлари учун уларга мана шу ҳаёти дунёнинг ўзида дарҳол жазо бермасдан, тавба қилишларига, ўзларини тузатиб олишларига муҳлат бергани Ҳақ таолонинг Фазлу Марҳамат Соҳиби эканлигидандир. У Зот инсонларга Фазлу Марҳамат Соҳиби бўлгани учун ҳам уларга тавба-тазарруъ қилиб Тўғри Йўлга ту-шишлари учун муҳлат берди, яхши билан ёмонни, ҳақ билан ботилни ажратсинлар деб ақл неъматини ато қилди, Ўз ҳузуридан элчилар юбориб, Туғри Йўлни кўрсатди, Китоблар нозил қилиб, дунё ва Охират ишларидан уларнинг ақллари қосирлик қиладиган ҳукмларни очиқ-равшан баён қилди, нима ҳалол-у, нима ҳаром эканини билдирди, улар учун манфаатли бўлган барча нарсаларни ҳалол қилди, фақат зиёнли нарсаларни уларга ҳаром қилди, Оллоҳ таолога қандай тоат-ибодат қилишни таълим берди, уларни ризқу рўз билан таъминлашни Ўз зиммасига олди ва яна бошқа сон-саноқсиз неъматлар ато қилди.
Ҳатто кеча ва кундузни ҳам одамлар ором-роҳатли ва баракотли ҳаёт кечиришлари учун хизматкор қилиб кўйди.
“Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмайдилар”.
Яъни, Оллоҳ таоло кўрсатган Тўгри Йўлга юрмайдидар, Оллоҳ ҳалол қилган айрим нарсаларни ҳаром қилиб олиб ўзларини қийнайдилар, куч-кувват ва имкониятларини Ҳақ таоло буюрган солиҳ амалларга сарф қилмайдилар.

62. Мана шу Оллоҳ Парвардигорларингиздир, У барча нарсанинг Яратгувчисидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас, сизлар, (эй мушриклар, ана ўша Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишдан юз ўгириб) қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!
Ояти каримада турли-туман мухлуқларга сиғинадиган мушрикларга хитоб қилиниб: “Мана шундай буюк сифатларнинг Танҳо Эгаси бўлган Зот сизларнинг Эгангиз. Яратган Парвардигорингиздир, Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқдир, ҳамма нарсанинг Холиқи - Яратгувчиси Ёлғиз Унинг Ўзидир, бас, сизлар ширк келтиришдан тўхтаб, тавба қилиб, Ёлгиз Оллоҳ таолога ибодат қилинглар”, дейилмоқда. Чунки фақат мана шу тўрт хислат Эгаси, яъни, юқоридаги оятларда зикр қилинган буюк сифатларга Эга бўлган, барча иш Ўзининг Қўлида бўлган, ҳеч қандай шери-ги бўлмаган ва ўтмиш-у келажақцаги барча нарсанинг Ёлғиз Холиқи -Яратгувчиси бўлган Оллоҳ таолонинг Ўзигина Маъбуди Барҳақдир. Бас, Ер-у осмонлардаги барча махлуқот, жумладан инсонларнинг ҳаммаси Ўша Ягона Парвардигорга ибодат қилишлари, Унинг азобидан қўрқишлари, Ундан мадад-ёрдам сўрашлари, Унга бирон нарсани ширк келтирмасликлари, ато этган саноқсиз неъматлари учун Унга ҳамду сано айтиб шукр қилишлари ва барча ишларини Унинг Ўзига ишониб топширишлари, яъни, яхши амалларга киришар эканлар, тавфиқ-муваффақиятни Унинг Ўзидан сўрашлари, адо қилган солиҳ амаллари учун ҳам муко-фотни Унинг Ўзидан кутишлари фарздир. Чунки “У ҳамма нарсанинг устидаги Вакилдир”. Ҳамма нарсани идора қиладиган ҳам, қабул қиладиган ҳам, муваффақият ато этадиган ҳам, ажр-мукофот берадиган ҳам Унинг Ўзидир.
“Бас, сизлар, (эй мушриклар, ана ўша Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш-дан юз ўгириб) қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!”

63. Оллоҳнинг оят-мўъжизаларини инкор қилгувчи бўлган кимсаларгина мана шундай бурилиб кетурлар.
Яъни, фақат Оллоҳ таолонинг оятларини инкор этгувчи, Унинг Танҳо Илоҳ эканини тан олмайдиган мушрик-кофир кимсаларгина, эй мушрик-лар, худди сизларга ўхшаб бирон-бир далил-ҳужжатсиз, фақат жоҳил -ўта кетган нодонликлари сабабли ҳавойи нафсларига эргашиб Тўғри Йўлдан - Ҳақ Диндан юз ўгириб ширк ва куфр томонга бурилиб кетадилар! Беназир Куч-Қудрат ва бандаларига тенгсиз Фазл-Марҳамат Соҳиби бўлмиш Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога бандалик қилишни ташлаб, турли махлуқотларга ва ўзлари кўллари билан ясаб олган, ҳеч кимга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган жонсиз бут-санамларга сиғинадилар!

64. Оллоҳ сизлар учун Ерни қароргоҳ, осмонни бино - том қилиб қўйган ва сизларга сурат-шакл бериб, суратларингизни гўзал қилган ҳамда сизларни ҳалол-пок нарсалардан ризқлантирган Зотдир. Ана ўша Оллоҳ Парвардигорингиздир. Бас, барча оламларнинг Парвардигори бўлмиш Оллоҳ Баракотли - Буюкдир.
Оллоҳтаолонинг биз ибодат-қуллик қилишимизга лойиқ ва мустаҳиқ бўлган Танҳо Маъбуди Барҳақ экани фақат У бизни йўқдан бор қилгани яратгани учунгина эмас, балки ато этган яна бошқа санаб саноғига етиб бўлмайдиган неъматларига шукрона келтириш учун ҳам барча махлуқот, хусусан инсоният Яратганга ибодат қилиши фарздир. Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло, ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолиши ҳеч қандай ақлга сиғмайдиган, шу билан баробар Оллоҳдан ўзга ҳеч ким «мен яратганман», деб даъво қилиши мумкин бўлмаган бир неча буюк неъматини эслатади. Улардан бири оёғимиз остидаги қароргоҳимиз, бизга ҳаётлик пайтимизда устидан, ўлганимиздан кейин бағридан жой берадиган она замин - Ер бўлса, яна бири устимиздаги том - гумбаз янглиғ ташқаридан - бошқа сайёралар томонидан келадиган ҳар қандай зиён-офатлардан бизни ҳимоя қилиб турадиган Осмон, яна бир буюк неъмати Илоҳия - Оллоҳ таоло инсон зотига гўзал сурат, мавзун қад-қомат, ҳар бир аъзоси бир-бирига ўта мутаносиб бўлган бадан ва ҳаёт давомида адо қилиниши керак бўлган ҳар турли касбу корга уқув ва малака ато этиб, уни бошқа жонзотлардан ажратди, борлиқдаги барча мавжудотни унга бўйсундириб кўйди.
Шунингдек, У Меҳрибон Зот инсонларга Ўзи Ерда яратган энг покиза, ҳалол ва лаззатли неъматларини ризқ қилиб берди. Демак, жамийки махлуқотнинг ва хусусан иносниятнинг Эгаси - Парвардигори ана ўша Оллоҳ субҳонаҳу ва таолодир. Бас, барча оламларнинг, жумладан, бутун инсониятнинг Парвардигори бўлмиш Оллоҳ таборака ва таоло ҳақиқатан Баракотли - Буюкдир.

65. У Мангу Ҳаёт Зотдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Ёлғиз Унинг Ўзи бордир. Бас, (эй мўминлар), сизлар (Оллоҳга) У Зот учун Динни холис қилган ҳолингизда дуо-илтижо қилингиз! Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори Оллоҳ учундир.
Яъни, барча оламларнинг Парвардигори бўлмиш Оллоҳ таборака ва таоло ҳеч қачон ўлмайдиган абадий Барҳаёт Зотдир ва Ундан ўзга бирон-бир илоҳ йўқдир - У Танҳо Илоҳдир. Бас, сизлар, эй инсонлар, агар ибодатларингиз қабул бўлишини хоҳласангиз, барча тоат-ибодатларингизни чин ихлос билан - Унга бирон нарсани ширк келтирмасдан Ёлғиз Унинг учун адо қилинглар. Ҳамду саноларнинг ҳаммаси оламлар Эгаси бўлмиш Оллоҳучундир.
Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда Ибн Аббос розиялло-ҳу анҳумо: “Кимки, “ла илаҳа иллаллоҳ - ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Ёлғиз Оллоҳ бордир”, деса, албатта ортидан “Алҳамду лиллаҳи роббил-оламийн - ҳамду саноларнинг ҳаммаси оламлар Эгаси бўлмиш Оллоҳ учундир”, десин”, деди ва ушбу оятни ўқиди. (“Тафсири Бағавийдан”).

66. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Шак-шубҳасиз, қачонки менга Парвардигорим томонидан аниқ ҳужжатлар келганида, сизлар Оллоҳни қўйиб, дуо-илтижо қилаётган бутларга ибодат қилишдан қайтарилдим ва фақат барча оламларнинг Парвардигорига бўйинсунишга буюрилдим».
Ушбу оятларда Ҳақ таоло Ўз Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, ўзларининг ҳеч қачон мушрикларга ўхшаб Оллоҳга ширк келтирмасликларини, улар кўрсатган йўлларга юрмасликларини уларга очиқ айтишни буюради.
Мушриклар Пайғамбар алайҳис-саломга: “Агар сен биз сиғинадиган бут-санамларимизга сиғинсанг, биз ҳам сен сиғинадиган Оллоҳга сиғинамиз”, деб ўзларининг ниҳоят даражада нодон ва ақлсиз қавм эканликларини кўрсатишар, “Агар олдингдаги ялангоёқларни ҳайдаб юборсанг биз ҳам сенга эргашар эдик”, деб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни адаштирмоқчи бўлишар эди. Бас, ушбу ояти каримада Пайғамбар алайҳис-саломту вас-салом ҳам, ҳар бир мўмин-мусулмон ҳам ҳар қандай ғайридинга қандай жавоб бериши вожиб экани таълим берилди. Оллоҳни қўйиб, бошқа жонли-жонсиз махлуқларга ибодат қилиш адашиш экани, Илоҳий Ҳужжатдан юз ўгириб, ҳавойи сўзларга эргашиш эса Ҳидоятдан юз ўгириш экани аниқ-равшан қилиб айтилди.
Зотан, оқил инсон, Ҳақ таоло ҳидоят қилган киши Оллоҳ Бор ва Танҳо Зот эканига сон-саноқсиз ақлий ва нақлий ҳужжатларга эга бўлиб тургани ҳолда ҳеч қачон махлуқларни Холиққа тенг ва шерик деб билмайди, Оллоҳни қўйиб уларга ибодат қилмайди, шунингдек, Яратган томонидан Қуръони Азимда аниқ белгилаб берилган Ҳақ Йўлни қўйиб, махлуқлар ўз ҳавойи хоҳишлари билан, ҳеч қандай ҳужжат-далилсиз тўқиб олган турли йўлларга, оқимларга эргашмайди. Балки, аксинча, фақат Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш, барча олмалар Парвардигори бўлмиш Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога бўйинсунади, яъни, чин мусулмон бўлади.

67. У сизларни(нг отангиз Одамни) тупроқдан, сўнгра (унинг барча авлодларини) нутфадан, сўнгра лахта қондан яратган Зотдир. Сўнгра У сизларнинг (оналарингиз қорнидан) чақалоқ ҳолингизда (ёруғ дунёга) чиқарур, сўнгра (У Зот) сизларни вояга етишларингизга, сўнгра қариб-қартайишингизга (қўйиб берур). Сизларнинг орангизда (вояга етишдан ёки кексалик ёшидан) илгари вафот топадиган кишилар ҳам бўлур. (У Зот) сизларни белгиланган ажалга етишларингизга (қўйиб берур). Шоядки, ақл юргизсангизлар.
Ушбу ояти карима мазмуни бошқа бир сурада янада батафсилроқ баён қилинади: «Эй инсонлар, агар сизлар қайта тирилишдан шубҳада бўлсангизлар, у ҳолда (қаранглар), Биз сизларга (Ўз Қудратимизни) баён қилиш - кўрсатиш учун сизларни (яъни, отангиз Одамни) тупроқдан, сўнгра (унинг зурриётларини аввало) нутфаманийдан, сўнгра лахта қондан, сўнгра яралиб битган-яралиб битмаган (яъни, инсон суратида шаклланиб битган ёки битмаган) бир тишлам гўштдан яратдик. Биз (сизларни) Ўзимиз хоҳлаганимизча - муайян муддатгача (оналарингиз) бачадонида қолдириб, сўнгра чақалоқ ҳолингизда (ёруғ оламга) чиқарурмиз, сўнгра вояга етгунларингизгача (ҳам Ўзимиз тарбия қилурмиз). Сизлардан (гўдаклик, ёшлик йилларидаёқ) вафот топадиган кишилар ҳам бордир, яна сизларнинг орангизда (ёшликдаги гўзал-тотли ҳаётдан кексалик пайтидаги) энг тубан кун кўришга (яъни, ўзини бошқара олмайдиган ҳолатга) қайтарилиб, илгари билган нарсаларининг биронтасини билмай қоладиган (яъни, ўта кексайиб вафот қиладиган) кишилар ҳам бордир. (Қайта тирилиш ҳақ эканлигининг яна бир далили ушбудир) - сиз(лар) Ерни совуқўлик ҳолида кўрурсиз. Энди қачонки Биз унинг устидан сув-ёмғир ёғдирсак, у (тирилиб, секин-аста) ҳаракатга келар, кўпчир ва (ўзидан) турли-туман гўзал (наботот) жуфтларини ундириб чиқарур». (Ҳажсураси, 5-оят).
Ушбу ояти каримада юқоридаги икки оятда зикр қилинган, ўзлари ҳеч нарсани билмаган ҳолларида Оллоҳ таоло ва Унинг Дини ҳақида талашиб-тортишадиган, У Зот Қиёмат Кунида барча жонзотни қайта тирилтиришини инкор этадиган ёки шубҳаланадиган динсиз кимсаларга хитоб қилиниб, ўзларини қандай қилиб дунёга келиб қолганлари ҳақида яхшилаб ўйлаб кўрсалар, уларни аввал-бошда ўлик тупроқдан, сўнгра бир томчи сувдан яратиб, сўнгра жонли инсонлар қилиб дунёга келтирган Тенгсиз Қудрат ва азалий Билим Соҳиби учун уларни яна қайта яратиш-тирилтириш жуда осон иш эканлигини англаб етишлари мумкин бўлиши айтилади.
Дарҳақиқат, нутфанинг тирик инсонга айланиб дунёга келишининг ўзи Улуғ Ҳунарманднинг - Оллоҳ таолонинг борлигига ва чексиз Қудратига аниқ-равшан далилдир. Чунки инсоннинг она бачадонида пайдо бўлиши Қодир Оллоҳнинг Амри билан Ерда униб-ўсган турли озиқ-овқатлар ўша инсоннинг ота-онаси вужудига сингиб, тарқаганидан сўнг ота-она танасининг ҳар бир аъзосида пайдо бўлган қувват бир томчи сувга айланганидан кейин содир бўлади. Бас, турли-туман, бошқа-бошқа жойларда ҳосил бўлган озиқ-овқатларни ўша ота-она вужудида жамлашга қодир бўлган, сўнгра ота-онанинг турли аъзоларидаги куч-қувват ва шакл-шамойилларни бир томчи сувга жамлаб, у сувдан тирик инсонни пайдо қилишга қодир бўлган Зот - Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло ўша инсон ўлиб, жасади чириб тупроққа айланиб, турли тарафларга сочилиб кетганидан кейин уларни қайтадан жамлашга ва яна тирик инсонга айлантиришга қодир эмасми?! Албатта Қодирдир!
Ояти каримада мана шу буюк Ҳақиқатни кўр-кўрона инкор этадиган ҳар бир жоҳил-нодон кимсага хитоб қилиниб, гўё шундай дейилади: “Сенинг Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида барча жонзотни қайта тирилтиришига ишонмаслигинг У Зотнинг Қудратини инкор қилганингдирки, бу очиқ куфрдир. Наҳотки сен ўзингнинг асли-наслинг бўлмиш Одам Отани ва унинг пуштикамарида барча одамларни, жумладан сени ҳам қора тупроқдан яратган, сўнгра ҳар бир инсонни бир томчи сув бўлмиш нутфадан оналари бачадонида пайдо қилган, сўнгра ўша ўлик тупроқ ва жонсиз сувдан яралган бир тишлам гўштга жон киритиб, сени мўътадил қоматли ва чиройли суратли инсонга айлантириб қўйган Оллоҳ таолони Ўзи хоҳлаган соатда тупроққа айланган жасадларга қайтадан жон киритишга Қодир Зот эканлигига иймон келтирмасанг?!”.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло инсоннинг яралиши ва унинг насли давомийлиги ҳар вақт мана шу тупроқ ва сувга боғланишини ўта ихчам, жуда гўзал ва ҳар бир ақл соҳиби тафаккур қилса яхши англайдиган аниқ тарзда баён қилиб беради. Дарҳақиқат, ибрат кўзи билан боқсак, асли-насли қора тупроқдан ва сўнгра бир томчи сувдан пайдо бўлган инсоннинг озиқ-овқати ҳам, жамийки жонзотларнинг емишлари ҳам мана шу тупроқдан униб чиққан набототдир. Барча ўсимлик, дон-дун ва мева-чеваларнинг ерда ҳосил бўлиши учун эса, сув зарурдир. Сўнгра истеъмол қилинган ғизо - таомнинг муайян бир қисми баданда қонга, у қоннинг бир қисми эса, яна бир инсоннинг асли бўлган нутфага айланади ва бу узлуксиз жараён то Қиёматга қадар давом этади.
Биз яшаётган замондан ўн тўрт аср муқаддам нозил бўлган ушбу оят ўзининг бениҳоя изчил илмий йўсини билан, яъни, она бачадонида - ҳеч ким кўрмайдиган жойда кечадиган жараёнларни жуда аниқ, босқичма-босқич баён қилиб бериши билан яна бир ҳақиқатга - бу сўзлар инсоннинг сўзлари эмас, балки ҳамма нарсани Билгувчи Зотнинг - Ҳақ таолонинг Сўзи эканлигига ҳам очиқ далолат қилиб туради.
“Тафсири Қуртубий”да ояти карима тафсирида имом Бухорий, Муслим ва бошқалар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган мана бу саҳиҳ ҳадис ривоят қилинади: Абдуллоҳ айтди: “Бизларга ростгўй ва ҳар бир сўзи тасдиқлангувчи Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Албутта, сизларнинг ҳар бирингиз онасининг қорнида қирқ кун жамланади, сўнгра яна шунча муддат лахта қон ҳолида бўлади, сўнгра яна шунча муддат бир тишлам гўшт ҳолида бўлади, сўнгра бир фаришта юборилади ва унга ўша фаришта пуфлаб жон киритади ҳамда тўрт сўзни ёзишга буюрилади ва унинг ризқи, умри, амали ҳамда бахтсиз - дўзахи ёки бахтли - жаннати эканлиги ёзилади”, дедилар”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу ҳадисга асосланиб: “Қуръони Азимда: “Сизлардан (мусулмонлардан) вафот қилган кишилар хотинларини қолдирган бўлсалар, улар тўрт ою ўн кун ўзларига қараб (идда сақлаб) турадилар” (Бақара сураси, 234-оят), деб белгиланишининг ҳикмати мана шудир”, дейди. Демак, эри вафот қилган аёл ёш ё кексали-гидан, ҳайз кўриш ё кўрмаслигидан қатъий назар тўрт ою ўн кун идда сақлайди. Уламолар бундай муддат белгиланишининг ҳикмати у аёлнинг ҳомиладор эмаслигини пухта аниқлаш, дейдилар. Чунки, тўрт ойлик ҳомилага жон кириб қимирлай бошлайди, кўшимча ўн кунда ҳомила ҳаракати такрор-такрор рўй бериб, аёлнинг ҳомиладорлиги аниқ бўлади. Ҳомиладор аёлнинг иддаси эса кўз ёриши билан битади: “Аёлларингиз орасидаги (кексайиб қолгани сабабли) ҳайз кўришдан умид узганлари, агар сизлар (уларнинг иддалари қанча давом этиши хусусида) шубҳалансангизлар, бас, (билингизки), уларнинг иддалари уч ойдир, яна (ҳали-ҳануз) ҳайз кўрмаган (аёллар)нинг (иддалари ҳам уч ойдир). Ҳомиладор (аёл)ларнинг (идда) муддатлари эса ҳомилаларини қўйишлари (яъни, кўз ёришларидир). Ким Оллоҳдан қўрқса, (Оллоҳ) унинг ишини осон қилур”. (Талок, сураси, 4-оят).
Юқорида ривоят қилинган ҳадис аввалидаги: “Албатта, сизларнинг ҳар бирингиз онасининг қорнида қирқ кун жамланади”, деган жумлани ровий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу шундай шарҳлаб берган: “Қачонки нутфа бачадонга тушгач, Оллоҳ таоло ундан инсонни яратишни ирода қилса, ўша нутфа аёлнинг бутун баданига учиб, то ҳар бир тирноқ ва ҳар бир мўй остигача тарқалиб кетади, сўнгра қирқ кун ичида жамланиб, бачадонда лахта қонга айланади. Мана шу нутфанинг жамланишидир ва мана шу унинг лахта қонга айланиш вақтидир”. (“Тафсири Қуртубий”дан).
“Сизларнинг орангизда (ёшликдаги гўзал-тотли ҳаётдан кексалик пайтидаги) энг тубан кун кўришга (яъни, ўзини бошқара олмайдиган ҳолатга) қайтарилиб, илгари билган нарсаларининг биронтасини билмай қоладиган (яъни, ўта кексайиб вафот қиладиган) кишилар ҳам бордир”. (Наҳл сураси, 70-оятдан).
Яъни, эй инсонлар, борлиқдаги барча махлуқотни яратгани каби сизларни ҳам Оллоҳтаоло яратгандир. Сўнгра айримларингизни гўдаклик чоғида, бошқаларингизни ёшлик пайтида, яна бошқаларингизни эса, қариб кексайган вақтида жонларини олиб вафот қилдирадиган ҳам Ёлғиз Унинг Ўзидир. Бас, ораларингизда соппа-соғ, куч-қувватга тўлган ҳолида вафот қилиб кетадиган кишилар бўлгани каби ёшликдаги гўзал-тотли ҳаётдан кейин кексалик пайтидаги худди ёш гўдакдек ўзини бошқара олмайдиган ночор аянчли ҳолатга қайтарилиб, яъни, ўта кексайиб афот қиладиган кишилар ҳам бўлур. Албатта, бу сирни - ким гўдаклик чоғидаёқ, ким ёшлик пайтида, ким кексайиб вафот қилишини Бир Оллоҳ таоло Билгувчидир, шунингдек, бандаларидан бировини ёш, кучга тўлган чоғларидаёқ вафот қилдиришга, бошқа бировини эса, ўлдирмасдан узун умр ато этишга Қодир бўлган Зот ҳам Ёлғиз Унинг Ўзидир. Лекин ояти каримада ҳамма пири бадавлатлик деб орзу қиладиган узун умр ҳамма учун ҳам кексалик гаштини сурадиган пири бадавлатлик бўлмай, балки “энг тубан кун кўриш” бўлиб қолиши ҳам мумкин эканлиги эслатилади. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада ҳам айтилган: “Биз кимга (узун) умр берсак унинг хилқатини (жисму-жонини) тубан -ночор қилиб қўюрмиз. Ахир ақл юргизмайдиларми (яъни, бир кишининг сурат ва сийратида ёш-яланглиги билан қариқартанглиги ўртасида нақадар катта фарқ борлигини кўриб ибрат олмайдиларми)?!” (Ёсин сураси, 68-оят).
Шунинг учун ҳам Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳим, мен Сендан бахилликдан, ялқовликдан, энг тубан умрдан кексаликдан, дажжолнинг фитнасидан - унга алданиб қолишдан ҳамда ҳаёт ва мамот фитнасидан паноҳ беришингни сўраб илтижо қиламан”, деб дуо қилар эдилар. (Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).
Яна Пайғамбар алайҳис-саломнинг: “Ҳар бир дарднинг давоси бор, фақат қарилик дардигина бедаводир”, деган сўзлари ҳам бордир.

68. Ҳаёт берадиган ҳам, ўлдирадиган ҳам Ўша Зотдир. Бас, қачон У Зот бирон ишни ҳукм қилса, унга фақат «Бўл», дер, холос. Бас, у (иш) бўлур.
Яъни, осмонлар ва Ер ҳамда уларда мавжуд бўлган барча жонли-жонсиз нарса ва кимсаларнинг Эгаси Ёлғиз Оллоҳ таоло экани аниқдир. Осмонлардаги малоикалар, қуёш, ой, юлдузлар ҳам, Ердаги бор мавжудот-махлуқот ҳам, ҳамма-ҳаммаси Унинг салтанат-мамлакатидир. Уларнинг ҳаммаси ва ҳар бирини У Зотнинг Ўзи комил Қудрат ва гўзал Ҳикмат билан тасарруф қилади - бошқаради. Ҳеч ким ундан яширина олмайди ва ҳеч ким ундан қочиб қутула олмайди.
“Ҳаёт берадиган ҳам, Ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир”.
Дарҳақиқат, осмонлар ва Ердаги барча жонзот Оллоҳ таоло унга ҳаёт беришидан аввал ўлик бўлган, яна Оллоҳ таоло ирода қилган соатда ўлади. Фақат Оллоҳ таолонинг Ўзигина Азалий Тирик, Абадий Тургувчидир. Баски, бир томчи сувга - нутфага агар хоҳласа ҳаёт бериб, тирик инсонга айлантиргувчи ҳам, Ўзи хоҳлаган соатда уни қайтадан тирилтиргувчи ҳам Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ўзи экан, демак, Унга иймон келтирмаслик, Унга куллик қилмаслик ёки Унга ширк келтириб мушрик бўлиш ақлли ақлли инсоннинг иши эмасдир.
«Бас, қачон У Зот бирон ишни ҳукм қилса, унга фақат «Бўл», дер, холос. Бас, у иш бўлур».
Яъни, Оллоҳ таолонинг нарсаларни яратиши модда ёки муддатга муҳтож эмас, балки Оллоҳ ирода қилган ҳар қандай иш - нарса - ҳодиса, жумладан, ўлган инсонларни қайта тирилтириш ҳам, У Зотнинг фақат биргина “Бўл” деган Амри билан ўша лаҳзада пайдо бўлади. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “(Яратмоқчи бўлган ҳар бир нарсамиз учун) Бизнинг Фармонимиз фақат биргина (яъни, «Бўл», деган сўз) дир. (Бас, ўша нарса) кўз юмиб очгунча (йўқдан бор бўлур)”. (Қамар сураси, 50-оят).

69.    Оллоҳнинг оятлари ҳақида талашиб-тортишадиган кимсаларни кўрмадингизми? Қаёққа бурилиб кетмоқдалар-а?!
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, ана у мушрикларнинг - Сизни ёлғончи дегувчиларнинг ҳолига боқинг. Ахир улар ўзлариниг пуч-ботил даъволари билан Оллоҳ таолонинг очиқ-равшан оят-мўъжизаларига, Унинг Ҳақ Парвардигор эканига, ҳамма нарса Унинг Қўлида эканига, тирилтириш ҳам, ўлдириш ҳам Ёлғиз Унинг Иродасига боғлиқ эканига аниқ далолат қилиб турган қанчадан-қанча далил-ҳужжатларга қарши талашиб-тортишмоқдалар-а?! У мушрик-кофир кимсалар Ҳақ Йўлдан юз ўгириб қаёққа бурилиб кетмоқдалар?!

70.    Улар (Биз Муҳаммад алайҳис-саломга нозил қилган) Китоб Куръонни ва Биз (аввал ўтган) элчиларимизга юборган нарсаларни ёлғон деган кимсалардир. Бас, яқинда (Қиёмат Кунида бу куфру исёнларининг оқибатини албатта) билурлар.
Яъни, ана ўша Макка мушриклари ва барча мушрик-кофир кимсалар Қуръонни ёлғон деб унинг Каломуллоҳ эканига ишонмадилар ва Биз аввалги элчи-пайғамбарларимизга юборган тавҳид - Оллоҳ таоло Танҳо Маъбуди Барҳақ эканини, холис Оллоҳучун ибодат қилишни, ҳаёти дунё-даги инсон ҳаётини ростлаб-ўнглаб турадиган шариат қонунларини, ширк ва бутпарастлик иллатларидан бира-тўла халос бўлиш кераклигини ёлғон деб инкор этдилар, Қиёмат Кунида қайта тирилиш ҳақ эканлигига иймон келтирмадилар! Бас, яқинда ана ўша ўзлари ишонмаган Қиёмат Кунида бу куфру исёнларининг оқибати нима эканлигини албатта билиб олурлар.

71-72. Ана ўшанда, (яъни, дўзахга ташланганларида), улар бўйинларида кишанлар ва занжирлар бўлган ҳолда қайноқ сув томонга судралурлар, сўнгра оловда ёндирилурлар.
Ушбу ва қуйидаги оятларда Қуръонни ёлғон деган кофир-мушрикларга Охират диёрида бериладиган ҳақли жазо, улар тортадиган кўз кўриб қулоқ эшитмаган азоб-уқубатлар ҳақида хабар берилади. Мазкур оятларнинг энгяхши тафсири мана бу оятлардир: «(Дўзах фаришталарига): «Уни (гуноҳкорни) ушлаб дўзахнинг ўртасига судраб олиб боринглар, сўнгра боши устидан қайноқ сувдан - азобдан қуйинглар!» (деб амр этилур). (Унга масхара қилиш учун: «Мана бу азобни) тотиб кўргин! Ахир сен «қудратли ва улуғсанку». Дарвоқеъ, бу (азоб) сизлар (ҳаёти дунёдалик пайтингизда) шак-шубҳа қилган нарсангиздир!», (дейилур). (Духон сураси, 47-50-оятлар). «Жиноятчи-осий кимсалар ёлғон дейдиган жаҳаннам мана шудир! Улар ўша (жаҳаннам) билан ўта қайноқ сув ўртасида айланаверурлар!» (Раҳмон сураси, 43-44-оятлар).
Яъни, ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтган кимсалар Охиратда дўзах ўтида куяр эканлар, дўзах ходимлари бўлмиш фаришталардан бирон қултум сув беришни сўрарлар. Шунда уларга қайноқ сув берилиб, яна дўзахга отилурлар ва бу ҳол абадул-абад давом этур.

73-74. Сўнгра уларга: «Сизлар Оллоҳни қўйиб ширк келтириб ўтган бутларингиз қани?», дейилганида, улар: «У (бут)лар бизлардан ғойиб бўлиб қолишди. Йўқ-йўқ, бизлар илгари (ҳаёти дунёда) ҳеч нарсага дуо-илтижо қилган эмас эканмиз», дедилар. Оллоҳ кофирларни мана шундай адаштириб қўюр.
Яъни, сўнгра, кофир-мушрик кимсалар дўзахга ўтин бўлиб ёқилиб, устларига ва ичларига қуйилган бениҳоя қайноқ сувдан баданлари бўлиниб, бурда-бурда бўлиб, ичаклари узилиб, парча-парча бўлиб кетганидан сўнг дўзах посбонлари бўлган фаришталар улардан: “Сизлар ҳаёти дунёда Оллоҳнинг шериклари деб ишонган, Қиёматда бизларни кўллаб шафоат қиладилар деб умид қилган бутларинигиз қаёқда қолди? Уларни чақиринглар, сизларни қўллаб-қувватлаб ёрдам беришсин”, деганларида, (аслида фаришталарнинг бу саволлари ҳам дўзахи кофирлар учун бериладиган азобнинг яна бир туридир), мушриклар: “улар бизни ташлаб ғойиб бўлишдику. Йўқ, Бугун Рўзи Қиёматда бизга аниқ-равшан бўлдики, бизлар ҳаёти дунёда ҳеч нарсага ибодат қилган эмас эканмиз, яъни, бизлар дуо-итижолар қилиб сиғинган бут-санамлар ҳеч нарса эмас экан. Биз кўрмайдиган, эшитмайдиган, бировга зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмай-диган бутларни “илоҳларимиз”, деб, улар Оллоҳнинг шериклари деб, шундай бузуқ-ботил ақида билан бутун умримизни совуриб ўта мудҳиш, энди ҳеч тузатиб бўлмайдиган хатога йўл қўйган эканмиз”, деб афсус-надоматлар фойда бермайдиган Кунда ўз жиноятларини эътироф этадилар, минг-минг пушаймонлар қиладилар, лекин бу дод-войларнинг энди уларга ҳеч қандай фойдаси тегмайди. Чунки улар жаннат йўлига юрмасдан адашиб дўзахга қулаган бадбахт кимсалардир. “Оллоҳ кофирларни мана шундай адаштириб қўюр”.
75-76. Сизлар Ерда (қилган айшу ишратларингиз ва гуноҳ-маъсиятларингиз билан) ноҳақ шоду хуррам бўлганларингиз ва кибру ҳаво қилганларингиз сабабидан (жаҳаннам азобига гирифтор бўлдингиз. Мана Бугун) ўзларингиз мангу қоладиган жаҳаннам дарвозаларидан кирингиз! Бас, мутакаббир кимсаларнинг борар жойлари нақадар ёмон!
Яъни, эй кофирлар, сизларнинг ана ўша - дунёда залолатга, Охиратда жаҳаннам азобига дучор бўлишларингизга сабаб, ҳаёти дунёда куфру исён қилиб, бундай катта гуноҳ-маъсиятларингиздан тавба қилиш ўрнига шод-хуррам бўлганларингиздир, Оллоҳ таолонинг юборган элчилари ва нозил қилган китоблари устидан масхара қилиб кулганларингиздир ҳамда мутакаббирлик билан куфр ва ширк йўлини танлаганларингиздир! Мана Бугун қилмишларингизга яраша энг олий ва адолатли жазо - жаҳаннам дарвозаларидан ҳеч қачон қайтиб чиқмайдиган бўлиб киринглар!
Ояти каримада “жаҳаннам дарвозалари” зикр қилингани албатта бежиз эмас, зотан, Қуръони Каримда бирон бежиз-беҳуда сўз йўқдир. Бас, маълум бўладики, У Кунда ҳар бир жиноятчи ўз жиноятига яраша энг адолатли жазо олиши учун дўзах ҳам турли табақаларга бўлингандир ва ҳар бир табақанинг алоҳида дарвозаси бордир.
“Мутакаббир кимсаларнинг борар жойлари нақадар ёмон!”
Ушбу жумлада Оллоҳ таоло Унга ибодат қилишдан бош тортганлар мутакаббир - каттазанг кимсалар экани ва кимда мана шу иллат бўлса, ўта ёмон жазога гирифтор бўлиши ҳақида огоҳлантиради. Бу ҳақда бошқа бир оятда айтилган: “Дарҳақиқат, Биз жиноятчи кимсаларни мана шундай (азобга дучор) қилурмиз. Чунки уларга: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Ёлғиз Оллоҳгина бордир», дейилган вақтда кибр-ҳаво қилган эдилар”. (Вас-саффот сураси, 34-35-оятлар).
Шайх Алий Самарқандий ўзининг “Баҳрул-уювн” тафсирида айтади: “Кибр уч қисмга бўлинади. Улардан биринчиси, Оллоҳтаолога кибр қилиш бўлиб, у кибр навларининг энг хабис ва қабиҳидир. Бундай кибр қилиш фақат бошидан оёғигача жаҳолат бўлган ўта нодон кимсаларнинг ишидир. Иккинчиси, Оллоҳ таолонинг элчи-пайғамбарларига бўйинсунмасдан, “улар ҳам бизга ўхшаган одамларда, нега биз уларга итоат этишимиз керак экан”, деб кибр қилиш бўлиб, бу навъ кибр ҳам худди Оллоҳ таолога ибодат қилишдан кибр қилган каби мангу азобга мустаҳиқ қилади. Учинчи навъ кибр, Оллоҳ таолонинг бандаларига кибр қилиш бўлиб, бундай мутакаббир кимса ўзини катта, ўзгаларни эса ҳақир санайди, уларни ўзига тенг кўрмай, доим бировлардан айб ахтаради. Бундай кибр ҳам қабиҳлик, унинг соҳиби эса ақлсиз жоҳилдир”. (“Танвирул-азҳон” тафсиридан).
Жаҳаннам ва унинг дарвозалари ҳақида бошқа бир сурада янада аниқроқ зикр қилинган: «У кимсаларнинг барчалари учун ваъда қилинган жой, шак-шубҳасиз жаҳаннамдир. Унинг етти дарвозаси бўлиб, ҳар бир дарвозага уларнинг бир тўдаси бўлингувчидир». (Ҳижр сураси, 43-44-оятлар).
Яъни, иблис ва унга эргашганларнинг барчалари шак-шубҳасиз борадиган жой жаҳаннамдир. Жаҳаннам сўзининг маъноси тубсиз жарлик дегани бўлиб, у Оллоҳ таолонинг Охиратдаги зиндонидир. (“Танвийрул-азҳон”дан).
Заҳҳок айтади: “Дўзах бири биридан қуйида жойлашган етти қават бўлиб, унинг биринчи қаватида, яъни, энг юқорисида дўзахга ҳукм қилинган аҳли тавҳид мўминлар бўлурлар”. Улар қилган гуноҳларига яраша азобланганларидан кейин ундан чиқарилурлар. Иккинчи қаватда насронийлар, учинчисида яҳудийлар, тўртинчисида собиийлар - фаришталарга сиғинувчи кимсалар, бешинчисида мажусийлар, олтинчисида барча мушриклар, еттинчи, энг куйи қаватида эса мунофиқлар азобланурлар. Оллоҳтаолонинг: “Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз!” (Нисо сурси, 145-оят) деган Сўзининг маъноси шудир”. (“Тафсири Бағавий”дан).
Муфассирлар айтадилар: “Дўзах - бири биридан қуйида жойлашган етти қаватдир. Биринчиси жаҳаннам, иккинчиси Лазо, учинчиси Ҳутама, тўртинчиси Саъийр, бешинчиси Сақар, олтинчиси Жаҳийм, еттинчиси Ҳовиядир. Ҳовия энг тубан деган маънони англатади. Мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида энг ашаддий азобга гирифтор бўлишларига сабаб, улар куфрда кофирлар билан баробар бўлганларидан ташқари, ўзларини мусулмон деб Исломни масхара қилганларидир. Шунингдек, улар ўзларининг динсиз кофир эканликларин яшириш билан мусулмонлар ичига кириб, уларнинг сирларини билиб, очиқ кофирлардан ҳам мусулмонларга кўпроқ зиён етказадилар. Демак, Охиратда оладиган жазолари ҳам жиноятларига яраша бўлади - у жойда ўзлари учун бирон ёрдамчи - мададкор топа олмай қоладилар!
Кофирларнинг қилган қилмишларига яраша дўзахда тортадиган азоблари ҳам бўлак-бўлак бўлиши ҳақида Самура ибн Жундаб розияллоҳу анхудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда ҳам айтилгандир: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Улардан айримларини дўзах ўти оёғининг ошиғигача ушлайди, улардан айримларини белигача ушлайди ва улардан айримларини томоғигача ушлайди”. (Муслим ривояти).

77. Бас, Сиз, (эй Муҳаммад алайҳис-салом, мушриклар томонидан етаётган озор-азийятларга) сабр қилинг - зеро, Оллоҳнинг (Ўз Пайғамбари ва мўмин бандаларига ёрдам бериш ва кофирларни азоблаш ҳақидаги) ваъдаси ҳақдир! Энди агар Биз ўша (кофирлар)га ваъда қилаётганимиз (азоб)дан айримларини Сизга кўрсатсак (яъни, Сиз ҳаётлик пайтингизда уларни айрим азоб-уқубатларга дучор қилсак) ҳам ёки Сизни (уларга азоб туширишимиздан илгари) вафот топдирсак ҳам, ҳар икки ҳолда улар Ёлғиз Ўзимизга қайтарилурлар.
Яъни, Бас, Сиз, эй Муҳаммад алайҳис-салом, қавмингиздан айримлари Сизни ёлғончи қилганларига сабр қилинг, чунки Оллоҳ таолонинг Сизга уларнинг устидан албатта ғолиб бўлишингиз ва Унинг Ўзи кофирлардан интиқом олиши ҳақида берган ваъдаси шак-шубҳасиз ҳақ Ваъдадир. Дарҳақиқат кофирларга Оллоҳ таолонинг азоби тушиши ҳақида берилган Илоҳий Ваъданинг ҳақлигини Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар ҳаётлик чоғларидаёқ ўз кўзлари билан кўрдилар, Бадр жангида энг ашаддий мушрикларнинг қатл қилинганлари ва аср олинганларида, сўнгра Макка фатҳ қилинганида, араб жазирасининг ҳар тарафлари мусулмонлар қўл остига ўтганида гувоҳ бўлдилар. Худди шунингдек, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётлик вақтларида ўз жазосини олмаган ва у зоти шариф вафотларидан кейин дунёга келган барча кофир-мушриклар ҳам Қиёмат Кунида - Оллоҳ таоло хузурига қайтганларида ўзлари мустаҳиқ бўлган жазога - жаҳаннам азобига гирифтор бўлишлари аниқдир. Бу ҳақда бошқа бир сурада ҳам хабар берилган: «Бас, агар Биз (кофирларни мағлуб этишдан илгари) Сизни кетказсак (яъни, вафот қилдирсак ҳам) албатта Биз улардан (Охиратда) Интиқом олгувчидирмиз. Ёки албатта Биз уларга ваъда қилган нарсани (яъни, кофирликлари сабабли уларнинг бошларига тушажак азобни ҳаётлик чоғингиздаёқ) Сизга кўрсатурмиз. Зеро, Биз уларга (азоб беришга) Қодирдирмиз. Бас, Сиз ўзингизга ваҳий қилинган нарсани - Қуръонни маҳкам ушланг! Албатта Сиз Тўғри Йўлдадирсиз». (Зухруф сураси, 41-43-оятлар).

78. Аниқки, Биз Сиздан илгари ҳам (кўп) элчи-пайғамбарлар юборганмиз. Улардан Биз Сизга ҳикоя қилиб берган кишилар ҳам бор, яна улардан Биз Сизга ҳикоя қилмаган кишилар ҳам бордир. Бирон элчи-пайғамбар учун - Оллоҳнинг Изну Иродасидан ташқари оят-мўъжиза келтириш жоиз бўлган эмас (яъни, ҳар бир пайғамбар фақат Оллоҳунга амр қилган мўьжизаларнигина келтиргандир). Бас, қачон Оллоҳнинг (кофирларга азоб тушиши тўғрисидаги) амри келгач, (пайғамбарлар ва уларни ёлғончи қилган кофирлар ўртасида) ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинур ва ўшанда бузғунчи кимсалар зиёнкор бўлурлар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, илгари ўтган умматлар - аср ва авлодлар ҳақида хабар беради. Улар ўзларига юборилган элчи-пайғамбарларга итоат қилишмаганида, бу хатоларидан тавба-тазарруъ қилишсин, кўзлари очилсин деб; Оллоҳ таолонинг Қудратини, Ўз элчисини ёлғончи қилганларга балолар юборишини билиб қўйишсин, деб уларнинг устига бало-мусибатлар, турли дард ва касалликлар, қаҳатчилик-қийинчиликлар юборганини айтади.
Ўтмишдан келтирилган бу мисол билан бир томондан, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга тасаллий берилиб, Макка мушриклари у зотга етказаётган озор-азиятлар, у зотни ёлғончи деб туҳмат қилишлар аввал ўтган элчилар ҳаётида ҳам бўлгани, уларни ҳам қавмлари ёлғончи қилишиб, турли озорлар етказишгани айтилган бўлса, иккинчи томондан, Пайғамбар алайҳис-саломга иймон келтирмаётган, у зотни ёлғончи қилаётган маккаликлар огоҳлантирилмоқда, яъни, агар улар ўзларининг ширкларидан, иймонсизликларидан тавба-тазарруъ қилмасалар, уларнинг бошларига ҳам худди аввалги динсиз қавмларнинг бошига келганидек бало-офатлар келиши хавфи бор экани айтилмоқда.
«Бас, қачон Оллоҳнинг (кофирларга азоб тушиши тўғрисидаги) амри келгач, (пайғамбарлар ва уларни ёлғончи қилган кофирлар ўртасида) ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинур ва ўшанда бузғунчи кимсалар зиёнкор бўлурлар».
Шунингдек, ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Расулига Қуръонда илгари ўтган элчи пайғамбарларнинг айримлари зикр қилинган бўлса, айримлари зикр қилинмаганини айтади. Масалан, Маккада нозил бўлган Анъом сурасида бир қанча пайғамбарлар номи зикр қилинган: “Биз унга (Иброҳимга фарзандлари) Исҳоқ ва Яъқубни ҳадя этдик. Уларнинг барчаларини ҳидоят қилдик. Илгари Нуҳни ҳам ҳидоят қилган эдик. Унинг (Нуҳнинг) зурриётидан Довуд, Сулаймон, Айюб, Юсуф, Мусо ва Ҳо-рунни ҳам (ҳидоят қилдик). Биз чиройли амал қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз. Закариё, Яҳё, Ийсо ва Илёсни ҳам (ҳидоят қилдик). Барчалари солиҳ бандалардандир. Исмоил, ал-Ясаъ (Ювшаъ пайғамбар), Юнус ва Лутни ҳам (ҳидоят қилдик) ва барчаларини бутун оламлардан афзал қилдик.”, (Анъом сураси, 84-86-оят).
Қуръони Каримда зикр қилинган пайғамбарлар адади йигирма бештадир. Улар: Одам, Идрис, Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Лут, Исмоил, Исҳоқ, Яъқуб, Юсуф, Айюб, Шуъайб, Мусо, Ҳорун, Юнус, Довуд, Сулаймон, Илёс, Ясаъ, Закариё, Яҳё, Ийсо, Зул-кифл алайҳимус-салом ва уларнинг саййиди Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Пайғамбарлар қиссалари энг кўп зикр қилинган суралар Ҳуд ва Шуаро сураларидир.
“Яна улардан Биз сизга ҳикоя қилмагана кишилар ҳам бордир”.
Дарҳақиқат, Оллоҳ таолонинг Қуръонида номлари зикр қилинмаган элчилари ҳам жуда кўпдир. Ҳақ таоло айтади: “Албатта Биз Сизни Ҳақ (Дин) билан, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи қилиб юбордик. (Сизнинг умматингиздан аввалги) ҳар бир уммат ичида ҳам албатта бир огоҳлантиргувчи - пайғамбар ўтгандир”, (Фотир сураси, 24-оят). Бошқа бир оятда эса айтилди: “Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Оллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир пайғамбар юборганмиз. Шунда улар (ўша умматлар) орасида Оллоҳ ҳидоят қилган зотлар ҳам, шунингдек, чекларига йўлдан озишлик тушган кимсалар ҳам бўлган. Бас, Ер юзида сайру саёҳат қилиб, (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар”. (Наҳл сураси, 36-оят).
Аммо Яратганнинг Ўзига маълум ҳикматлар сабабли Қуръонда барча набий - пайғамбар ва расул - элчиларнинг номлари зикр қилинмади.
Энди Қуръони Азимда номлари зикр қилинган элчиларнинг қиссалари баён қилинишидан мақсад эса, улардан мусулмонлар намуна, ибрат ва эслатма олишларидир: “Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган сўз эмас, балки у ўзидан аввалги нарсаларни (яъни, самовий Китобларни) тасдиқ этувчи, (унга) иймон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи Ҳидоят ва Раҳмат (бўлган бир Китоб-дир)”, (Юсуф сураси, 111-оят). “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сизга пайғамбарларнинг хабарларидан дилингизни мустаҳкам қиладиган барча қиссаларни сўйлаб берурмиз ва бу қиссаларда Сизга ҳақиқат ҳамда барча мўминлар учун панд-насиҳат ва эслатмалар келди”. (Худ сураси, 120-оят).
Пайғамбарлар ва элчиларнинг ададлари хусусидаги машҳур ҳадис Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Абу Зарр айтди: “Мен: “Ё Расулуллоҳ, қанча пайғамбар бор?” деган эдим, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Бир юз йигирма тўрт минг”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, улардан элчилари қанча?” деган эдим, “Уч юз ўн уч киши. Катта бир жамоат”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, уларнинг аввалгиси ким?” деган эдим, “Одам”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, Одам элчи қилиб юборилган пайғамбарми?” деган эдим, айтдилар: “Ҳа, Оллоҳ уни Ўз Қўли билан яратди, сўнгра унга Ўз Руҳидан киритди, сўнгра уни очиқ-аён ростлаб тиклади”. Кейин яна шундай дедилар: “Эй Абу Зарр, тўрт пайғамбар - Одам, Шийш, Нуҳ ва Идрис сурёнийдирлар. Идрис қалам билан ёзган биринчи инсондир. Яна тўрттаси араблардир - Ҳуд, Солиҳ, Шуайб ва сенинг Пайғамбаринг, эй Абу Зарр. Бани Исроилдан бўлган аввалги пайғамбар Мусо, охиргиси эса Ийсодир. Пайғамбарларнинг аввалгиси Одам, уларнинг охиргиси эса сенинг Пайғамбарингдир”. Мана бу ҳадиси шарифдан ўта қимматли, бошқа бирон жойда топиб бўлмайдиган маълумотларга эга бўламиз.
Жумладан, пайғамбарлар ва элчиларнинг ададлари ҳақида ҳам хабар берилди. Бу Ҳаққирост хабардир. Яна ояти каримадаги “айрим элчиларни эса Сизга ҳикоя қилганимиз йўқ”, деган жумлага эътибор қилинса, уларнинг адади бундан ҳам кўп бўлса эҳтимолки, бу Ёлғиз Оллоҳнинг Ўзига аёндир.
Энди набий - пайғамбар ва расул - элчи иборалари хусусида айрим уламолар бу икки ибора бир-бирига мазмундош десалар, бошқалари мазкур ҳадисга асосан улардан ҳар бирига алоҳида маъно айтадилар. Яъни, “Набий ўзига Оллоҳ таолодан келган ваҳийга амал қилиб ҳаёт кечирадиган, аммо бошқаларга у ваҳийни етказиш вазифаси бўлмаган кишидир, расул бўлса ўзига Оллоҳ таолодан келган ваҳийга ўзи ҳам амал қилиб, бошқаларга ҳам у ваҳийни етказиш вазифаси бўлган киши”, дейдилар. Бу шарҳга биноан ҳар бир расул айни пайтда набий ҳам бўлади.

79-80. Оллоҳ сизлар учун чорва ҳайвонларини (токи) сизлар ўша (ҳайвон)лардан (айримларини) минишларингиз учун (пайдо) қилди. Ўша (ҳайвон)лардан ейсизлар ҳам. Сизлар учун уларда (кўп) манфаатлар бордир. (У ҳайвонлар) сизлар уларнинг устида дилларингиздаги ҳожатларингизга етишларингиз учун ҳам (яратилгандирлар). Сизларни (қуруқликда) ўша (ҳайвонлар) устида ва (дарё-денгизларда эса) кемаларда (кўзлаган манзилларингизга) элтиб қўйилур.
Дарҳақиқат, анъом - туя, мол, қўй ва эчкилар, агар уларга ибрат наза-ри билан боқсак, тўласича фақат инсон манфаати учун яратилганига гувоҳ бўламиз. Уларнинг гўшт-ёғ ва сути инсонлар учун тўйимли таом, тери, юнг ва тивити совуқдан асрагувчи иссиқ либос, жунидан тайёрланган кигиз палос ва ўтов-бошпана бўлгани каби, агар уларни боқиб-кўпайтириладиган бўлса туганмас бойлик, қўшга қўшилса, миниладиган бўлса ёки юк ортилса чидамли ва беминнат дастёр, ҳатто уларнинг чиқиндила-ри ҳам ерни серҳосил қиладиган фойдали ўғитдир.
Бу жониворлар, холис инсон манфаати учун яратилган бу неъмати Илоҳийя хусусида бошқа оятларда ҳам айтилган: “Ахир ўша (мушриклар) Биз улар учун Ўз Қўлимиз билан қилган нарсаларни - чорва ҳайвон-ларини яратиб қўйганимизни - кўрмадиларми?! Мана улар ўша (ҳайвон)ларга эгадирлар. Биз ўша (ҳайвон)ларни уларга бўйсундириб қўйганмиз. Ана уларнинг минадиган нарсалари ҳам ўша (ҳайвон) лардандир, ейдиган (таом)лари ҳам ўшалардандир. Яна улар учун ўша (ҳайвон)ларда (турли) фойдалар ва ичимлик (сут-қаймоқ)лар бордир. Ахир шукр қилмасларми?!” (Ёсин сураси, 71-73-оятлар).
Шунингдек, ушбу оятларда Ҳақ таоло чорва молларидан хусусан туянинг инсонлар учун қиладиган ўта фойдали ва беминнат хизматларидан бирини эслатиб, бу ҳам Парвардигорнинг бандаларга бениҳоя Меҳрибон ва Марҳаматли Зот эканини кўрсатадиган яна бир очиқ ҳужжат эканини таъкидлайди.
Агар эътибор қилинса, дарё-денгизларда кема қандай хизматни бажарса, саҳро кемаси деб номланадиган туя ҳам қуруқликда ўша ишни қилиш учун яратилгандек.
Дарҳақиқат, саҳро аҳли учун туя ҳам алоқа воситаси, ҳам оғир юкларни ташувчи ва оғир вазифаларни бажарувчи хизматкор; унинг юнги кийим бўлса, сути тўйимли ва суюмли таом. У ўзи баҳайбат ва ниҳоят даражада бақувват бўлишига қарамасдан ёш гўдак етакласа ҳам бўйсуниб кетаверади. Унга миниш ёки вазмин юкларни ортиш ўта қулай: бир ишора билан олдингизга чўкиб, гўё бир харсанг тошдек қилт этмасдан туради, миниб олгач эса яна бир ишора билан у «харсанг тош» ўрнидан кўчиб, исталган тарафга равона бўлади. Булар туянинг ташқаридан кузатилган пайтда кўзга ташланадиган жиҳатларидир. Энди унинг вужудига ибрат назари билан қаралса, у ойлаб овқатсиз, сувсиз юра олишидан тортиб, унинг баданидаги ҳар бир аъзо нақадар саҳрога мослаб яратилганини кўриб Яратганнинг Қудратига лол қолмай илож йўқ.
Умуман, барча чорва ҳайвонлари ҳам Оллоҳ таолонинг бандаларига ато этган улкан неъматларидан эканини эслатадиган оятлар бошқа сураларда ҳам такрор-такрор келиши албатта беҳикмат эмасдир: “Албатта сизлар учун чорва молларида ҳам ибрат бордир - Биз сизларни уларнинг қорнидаги сут билан суғорурмиз, яна сизлар учун уларда (юнгларидан кийимлар тўқиш, миниш каби) кўп фойдалар бордир, шунингдек улар(нинг гўшт-ёғлари)дан ейсизлар. Яна уларнинг устида ва (дарё-денгизларда эса) кемаларда юк ташийсизлар.” (Мўминун сураси, 21-22-оятлар).

81. (Оллоҳ) сизларга Ўз оят-аломатларини кўрсатмоқда. Бас, сизлар Оллоҳнинг қайси оятларини инкор қилурсизлар?!
Яъни, Оллоҳ таоло юқоридаги оятларда бандаларига Ўзининг Борлигига, Бирлигига, тенгсиз Қудратига ва бениҳоя Меҳрибон Парвардигор эканлигига аниқ-равшан далолат қиладиган оят-мўъжизаларни кўрсатмоқда. Бас, эй мушриклар, сизлар Оллоҳ таолонинг мазкур оят-мўъжизаларидан қай бирини инкор эта оласизлар?! Ахир уларнинг барчаси ақл ва инсоф эгаси бўлган ҳар бир инсон учун кундек равшанку! Демак, сизлар, модомики, ушбу очиқ-равшан оят-аломатларни тан олмасдан инкор этар экансизлар, яъни, Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ёлғиз Ўзига ибодат қилмас экансизлар, бу фақат сизларнинг Ҳақни тан олмайдиган ортиқ даражада қайсар ва мутакаббир эканликларингиздандир.
82. Ахир улар Ер юзида сайру саёҳат қилишиб, ўзларидан аввал ўтган (иймонсиз) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими?! Ҳолбуки, улар (Макка мушрикларидан) кўра кўпроқ ҳамда куч-қувват ва Ердаги осори атиқалари жиҳатидан зўрроқ эдилар. (Аммо) уларга топган (молу дунёлари ва куч-қувват)лари асқотгани йўқ.
Ушбу ояти карима мазмуни суранинг 21-ояти билан хамоҳангдир. Ўша ўринда алақадриҳол тафсир қилиб ўтилди, муроажат қилинсин.

83. (Чунки) уларга пайғамбарлари (Оллоҳга иймон келтириш ва У Зотга бўйинсуниш зарур эканлиги ҳақида) аниқ ҳужжатлар келтирган вақтларида улар ўзларининг олдиларидаги (фақат дунёвий бўлган) билимлари билан шодланиб-мақтандилар (ва пайғамбарлари огоҳлантирган азобни масхара қилиб кулдилар). Ва уларни ўзлари масхара қилгувчи бўлган нарса (азоб) ўраб олди.
Ушбу ояти карима Ҳақ таоло тарафидан Ўз Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга берилган таскин ва тасаллийдир.
Макка мушрикларининг юқоридаги оятларда зикр қилинган турли-туман талаблари фақат Пайғамбар алайҳис-саломни масхара қилиш учун бўлар эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз ватандош ҳамшаҳарларидан - у зотнинг фақат рост сўзлайдиган эканликларини жуда яхши биладиган кимсалардан бундай сўзларни эшитганларида жуда кўнгиллари оғрир эди. Бас, Жаноби Ҳақ Ўз Элчисига қавмларининг бундай беодобликларидан тасаллий бериб ушбу оятларни нозил қилди ва илгари ўтган элчи-пайғамбарларни ҳам Ҳақ Йўлга даъват этганларида қавмлари ўзларининг тўласича афсона ва бидъат-хурофотдан ёки фақат дунёвий билимдан иборат бўлган “илмлари” билан мақтаниб Оллоҳнинг элчилари устидан худди шундай масхара қилганлари, сўнгра ўша масхарабоз қавмларнинг ҳаммаси мана шу дунёнингўзидаёқ бу қилмишлари - кофирликларининг жазосини олиб, ҳалок қилинганлари ҳақида хабар берди.
Демак, Оллоҳ таолонинг элчилари устидан кулиб, масхара қилиш қадимий иллатлардан экан. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), аниқки, Биз Сиздан илгари ўтган аввалги (турли-туман) тоифаларга ҳам (пайғамбарлар) юборганмиз. Улар ҳам ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни масхара қилиб кулган эдилар. Шунингдек, уни (яъни, пайғамбарлар устидан кулиш иллатини) барча жиноятчи - осийларнинг дилларига солиб қўюрмиз.” (Ҳижр сураси, 10-12-оятлар).
Шунингдек, ушбу оятлар охир-оқибатда Пайғамбар алайҳис-салом ва умматлари ғолиб бўлиши ҳақидаги хушхабар ҳамдир. Бу мазмун бошқа оятларда янада очиқроқ баён қилинган: “Бас, Сиз ўзингизга буюрилган ишни (яъни, Ҳақ Динга даъват қилишни) юзага чиқаринг ва мушриклардан юз ўгиринг! Албатта Биз Ўзимиз Сизни масхара қилгувчиларга (яъни, уларни ҳалок этиш учун) кифоя қилурмиз.” (Ҳижр сураси, 94-95-оятлар).
Дарвоқеъ, орадан ҳеч қанча муддат ўтмасдан Бадр жанггида Оллоҳ таоло Ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни масхара қилиб устидан кулган етмиш кофирни, улар орасида Қурайш катталаридан бўлган беш масхарабозни ҳам бир кунда ҳалок қилди.
Ояти каримада зикр қилинган мушрик-кофир кимсаларнинг “илмлари” қандай илмлар экани ҳақида мана бу ояти каримада ҳам баён қилинган: «Улар Охиратдан ғофил-бехабар бўлган ҳолларида фақат ҳаёти дунёнинг зоҳиринигина билурлар». (Рум сураси, 7-оят).
Яъни, иймонсиз кимсалар бор ақл заковатларини ва куч-ғайратларини фақат мана шу ўткинчи ҳаёти дунёнинг зоҳирини - тирикчилик йўл-йўриқларини билишга қаратадилар, бутун умрларини қандай қилиб бой-бадавлат бўлиш, қандай касб ёки тижорат билан шуғулланиш, экинти-кинни қачон экиш-у, қачон ўриб-йиғиб олиш, қандай иморатлар солиш-у, қандай маишатлар қилишни ўрганишга сарфлайдилар, аммо олдиларида турган Охират ҳаётидан - динсиз кимсалар учун абадий азоб, иймонли инсонлар учун эса мангу роҳат-фароғатдан иборат ҳақиқий ҳаётдан бўлса, тамоман ғафлатдадирлар. Бошқача айтганда, ундай кимсалар дунёвий илмларни сув қилиб ичиб юборганлар-у, дин илмидан мутлақо бехабарлар. Таассуфки, дунёга муккадан кетиб Охиратни унутиш иллати айрим ўзларини мўмин-мусулмон санайдиган кимсалар ҳаётида ҳам кўзга ташланади. Ҳасани Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: Улардан айримларининг дунёвий илмлари шу даражага етганки, тангани ушлаб кўриб унинг вазни қанча эканини сизга бехато айтиб беради, аммо намозни бехато ўқишни билмайди”.

84-85. Энди қачонки улар Бизнинг азобимизни кўришгач, «Якка-ю Ягона Оллоҳга иймон келтирдик ва (илгари Оллоҳга) шерик қилиб олганимиз бутларга кофир бўлдик», дедилар. (Лекин) Бизнинг азобимизни кўрган вақтдаги иймонлари уларга фойда бергувчи бўлмади - (Бу) Оллоҳнинг (барча) бандалари ҳақидаги ўтган Йўли -қонунидир (яъни, азоб тушган вақтида келтирилган иймоннинг фойдаси бўлмас) - Ва ўшанда кофирлар зиёнкор бўлдилар.
Яъни, кофирлар эътирофлари, тавба-тазарруълари бирон фойда бермайдиган соатда ўзларининг золим-жиноятчи кимсалар эканликларини эътироф этдилар, афсус-надоматлари ва пушаймонлари ўзларига душман бўлган бир вақтда ҳаётларини динсизлик билан ўтказганликлари учун пушаймон қилдилар. Аммо энди кеч бўлган эди. Энди ҳеч қандай дуо-илтижо қабул қилинмас эди. Чунки энди кофирларнинг устига қилмишла-рига яраша Оллоҳнинг азоби тушсин деган Илоҳий Фармон буюрилиб бўлган эди.
Ояти карима мазмунидан маълум бўладики, ҳаётини динсизлик би-лан совурган ҳар бир жиноятчи кимса ўлими олдидан ўз жонига жабр қилганини бўйнига олади, кофирлигидан тона олмайди. Бас, ўша кун бошга тушишидан илгари тавба-тазарруълар қабул қилинадиган вақтда динсизликни тарк этиб, қилган гуноҳларга тавбалар қилиб, иймон келтириб, дунё ва Охиратдаги бирдан-бир нажот Йўли бўлган Исломда барқарор бўлиш керак. Ушбу оятлар аввал-бошда гарчи Макка мушрикларини огоҳлантириш учун нозил қилинган бўлса-да, уларнинг Ҳукми умумий бўлиб, ҳамма замонларда яшайдиган инсонларга баробар тегишлидир.
Бутун умрини куфр ва зулм билан ўтказиб, қачонки ўлими кўзига кўриниб қолган вақтида Оллоҳ таолога иймон келтирган энг ашаддий кофирлардан бири золим подшоҳ Фиръавн эди. Ўшанда - Фиръавн денгизга ғарқ бўлар экан, у: “Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар бани Исроил иймон келтирган Ёлғиз Оллоҳгина борлигига иймон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман”, (Юнус сураси, 90-оят), деганида, Ҳақ таоло айта-ди: «Энди-я! Ахир сен илгари (яъни, шу пайтгача) итоатсизлик қилган ва бузғунчи кимсалардан бўлган эдинг-ку!» (Юнуссураси, 91-оят).
Яъни, Фиръавн ҳалок бўлишига аниқ кўзи етганида ўзининг иймон келтирганини, мусулмон бўлганини айтгач, унга ғойибдан шундай овоз келди: “Энди иймон келтирдингми?! Ахир сен то шу вақтгача фақат итоатсизлик қилдингку, бузғунчилардан бўлдингку?! Энди, ҳаётдан умидинг бутунлай узилганда, денгизга ғарқ бўлиб кетишингга кўзинг етгани-да, ўлиминг кўзингга кўринганида иймон келтирдингми?! Сенинг ҳолингдаги кимсанинг иймони ҳаргиз қабул бўлмас!”
Аксари тафсир уламолори ояти каримада зикр қилинган сўзлар Фиръавнга Жаброил алайҳис-салом томонидан айтилган деб тафсир қилганлар.
Ушбу оятлар Дини Ислом таълимотидаги: “бутун ҳаётларини куфр ва даҳрийлик билан ўтказиб, ниҳоят жонлари чиқар пайтида Оллоҳга иймон келтирган кимсаларнинг иймонлари мақбул эмас”, деган ақийданинг асосидир.
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг тавфиқ ва мадади билан Ғофир сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.

039. Зумар сураси

Макка сураларидан бўлган ушбу сурайи карима етмиш беш оятдан иборат.
Сура Қуръони Каримнинг Оллоҳ таоло томонидан нозил қилинган Китоб эканини таъкидлаш билан бошланиб, сўнгра Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ва барча мўминларни Ёлғиз Оллоҳ учун холисанлиллоҳ ибодат қилишга буюрилади.
Бу сурада Еру осмон ва уларнинг ўртасидаги барча мавжудотни йўқдан бор қилган Оллоҳ таоло ҳар бир нарсага ўзига хос сурат ва сийрат ато этгани ҳамда уларнинг ҳар бирига алоҳида вазифа юклаб қўйгани, демак, бу олам корхонасидаги ҳар бир нарса фақат Яратган буюрган ва имкон берган иш-амални қилиб ўтиши аниқ эканлиги уқтирилади. Сўнгра инсоният учун Оллоҳ таолодан ўзга бирон кимса ё нарсага сиғиниш - ибодат қилиш дуруст эмаслиги хусусида сўз бориб, бир Хожага бўйсуниб, фақат Унинггина буйруқ-фармонини бажаришга ва фақат Унигина рози қилишга ҳаракат қиладиган хизматкор билан бир неча хўжайин ўртасида қолиб, уларнинг қайсиларини кўнглини олишни бил-май, балки уларнинг бирорталарини тўла рози қилиш имконини топа олмай аросатда қолган хизматкор баробар эмаслиги ҳақида ибратли мисол келтирилади.
Сура ниҳоясида Маҳшар Кунидаги ҳисоб-китоб тасвирланиб, у Кунда ҳеч кимга зулм қилинмаслиги, билъакс иймон ва яхши амаллар қилиш билан яшаб ўтган мўминлар гуруҳ-гуруҳ бўлган ҳолда жаннатга, куфру исён билан ўтган кофирлар эса тўда-тўда қилиниб жаҳаннамга ҳайдалиши ҳақида хабар берилади. Суранинг «Зумар - Гуруҳлар» деб номланишининг боиси ҳам шудир.
Оиша розияллоху анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам токи Зумар ва Бани Исроил сураларини ўқимагунларича ухлагани ётмасдилар. («Саҳиҳи Термизий»дан).

Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан

1-2. (Ушбу Қуръон) Кудрат ва Ҳикмат Эгаси бўлмиш Оллоҳ томонидан нозил қилинган Китобдир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), албатта Биз Сизга бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик, бас, Сиз Оллоҳга - У Зот учун Динингизни холис қилган ҳолингизда ибодат қилинг!
Ушбу икки оят Қуръони Азимнинг энг Буюк Илоҳий Мўъжиза, Ҳақ Каломуллоҳ эканини баён қилади. Ушбу Китоб Пайғамбар алайҳис-саломнинг сўзлари эмас, балки Оллоҳ таоло томонидан у зотга нозил қилинган Калом эканини исботлайдиган оятлар Қуръонда такрор-такрор келади.
Ҳадиси Қудсийда ҳам Ҳақ таоло: “Менинг бандам (яъни, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам) ростгўйдир, у Мен томондан етказган ҳар бир сўз ҳақдир”, деб Қуръон тўласича Унинг томонидан нозил қилинган ваҳий эканини таъкидлайди. (“Тафсири Мунийр”дан).
Ояти каримада Қуръони Карим Оллоҳ таолодан бошқа биров томонидан тўқиб чиқарилган бўлиши мутлақо мумкин эмаслиги айтилади. Чунки у Калом фасоҳат - гўзаллиги ва балоғат - етуклиги билан, ўта катта маъноларни саноқли сўзларда ифодалаши билан, ўқиган тинглаган кишига берадиган, бошқа бирон жойдан топиб бўлмайдиган ҳаловати билан, ғайб оламидан етказган хабарлари билан, буюрган қонун-қоидалари ҳеч қачон эскирмаслиги билан ва ниҳоят, ҳар бир калимаси мўминнинг ҳам дунёсига, ҳам Охиратига фойдали эканлиги билан ўзининг Каломуллоҳ эканини, махлуқларнинг сўзларига мутлақо ўхшамаслигини ўзи исботлаб туради. Тарих китобларидан маълумки, ҳатто Макка мушрикларининг энг ашаддийси бўлган Абу Жаҳл ҳам Қуръон Каломуллоҳ эканини инкор қила олмайди.
Пайғамбар алайҳис-саломнинг Маккада кечган ҳаётларидан тўла хабардор бўлган бу кофир кимса: “Муҳаммад ҳеч қачон бирон инсонга ёлғон сўзламаганку, энди Оллоҳ шаънида ёлғон сўзлайдими?!” дейишга мажбур бўлади.
Дарвоқеъ, Қуръоннинг Ҳақ таоло томонидан очиқ араб тилида нозил қилиниши биринчи навбатда айни ўша, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламни ёлғончи қилаётган мушрик араблар унинг оятларини осон англаб амал қилишлари учун эди. Ибн Аббос розияллоху анҳумо айтади: “Қуръон қурайшликлар тушунишлари учун уларнинг тилида нозил қилинди”. (“Тафсири Бағавий”дан).
“бас, Сиз Оллоҳга - У Зот учун Динингизни холис қилган ҳолингизда ибодат қилинг!”
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз Ёлғиз, ҳеч қандай шериги бўлмаган Оллоҳ таолога чин ихлос билан - мутлақо беғараз, Танҳо Оллоҳ ризосини топиш учун холис ибодат қилинг ва қавмингизни ҳам ана шундай холис Оллоҳ учун ибодат қилишга чақиринг!

3. (Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким, Ёлғиз Оллоҳ учун бўлган Дин
- ибодатгина холис Диндир. У Зотдан ўзга «дўстлар»ни («илоҳ» деб) ушлаб олган кимсалар: «Биз (ўша «илоҳ»ларимизга) фақатулар бизни Оллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар). Шак-шубҳа йўқки, (Қиёмат Кунида) ихтилоф қилаётган нарсалари хусусида уларнинг ўртасида Оллоҳнинг Ўзи ҳукм қилур. Шак-шубҳа йўқки, Оллоҳ ёлғончи ва кўрнамак кимсаларни ҳидоят қилмас.
“(Эй инсонлар), огоҳ бўлингизким, Ёлғиз Оллоҳ учун бўлган Дин
- ибодатгина холис Диндир”.
Яъни, Оллоҳ таолога қилинган ҳар қандай тоат-ибодат агар Ёлғиз Унинг Юзини кўзлаб, ширк ва риёдан мутлақо холи бўлган ҳолида қилинсагина холис Дин бўлади ва Оллоҳ таоло бу ибодатни қабул қилади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло айтди: “Ким бирон амал қилса-ю, унда Менга бировни шерик қилса, (яъни, қилган амалини Ёлғиз Мен учун эмас, балки яна бошқа бирон кимса ёки нарсани кўзлаган ҳолда қилса), бас, у амал ана ўшаникидир, Мен ундан безордирман. Чунки Мен шерик бўлиш айбидан беҳожатларнинг энг беҳожатидирман” (“Танвийрул-азҳон” тафсиридан).
Каҳф сурасининг сўнгги оятидаги: “Менга Илоҳингиз Ёлғиз Оллоҳнинг Ўзи экани ваҳий этилмоқда. Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Парвардигорига ибодат қилишда (риёкорлик билан) бирон кимсани (Унга) шерик қилмасин!” жумлаларига тафсир бўлиб келган ҳадислар ўрганаётганимиз ушбу ояти кариманинг ҳам энг гўзал тафсиридир: Ибн Аббос розияллоҳу анхумо айтади: “Ушбу оят Жундуб ибн Зуҳайр Омирий ҳақида нозил бўлган. У: “Ё Расулуллоҳ, албатта мен Оллоҳ таоло учун амал қиламан ва Ёлғиз Унинг Юзини кўзлайман, фақат мана шу қилган амалимдан одамлар хабардор бўлсалар, бу мени хурсанд қилади”, деган эди, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта Оллоҳ таоло Покдир ва У фақат покиза амалларни қабул қилур, ширк келтирган (яъни, ҳам Оллоҳ таоло учун, ҳам одамлар учун қилинган) амалларни қабул қилмас”, дедилар ва ўша онда ушбу оят нозил бўлди”. (“Тафсири Куртубий” ва “Тафсири Мунийр” китобларидан).
Ибодатда риёкорлик қилиш Оллоҳ таолога ширк келтириш билан баробар эканлиги ҳақида ушбу ояти каримага тафсир бўлиб кўплаб ҳадислар ворид бўлганки, уларни билишимиз бизларни ўша мудҳиш иллатдан сақланишимизга сабаб бўлади иншооллоҳ.
Уббода ибн Нусай розияллоху анҳудан ривоят қилинди: “Мен Шаддод ибн Авснинг олдига борсам, у жойнамози устида йиғлаб ўтирарди. “Сени нима йиғлатди, эй Абу Абдур-Раҳмон”, деган эдим, у: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган бир ҳадис”, деди ва давом этди: “Бир куни у зотнинг юзларидаги хафаликни кўриб: “Ё Расулуллоҳ, ота-онам Сизга фидо бўлсин, мен юзингизда нени кўрмоқдаман?” деган эдим, у зот: “Мендан кейин умматим устига бир иш келиб қолмаса, деб қўрқмоқдаман”, дедилар. Мен: “У қандай иш, ё Расулуллоҳ?” деб сўраган эдим, “Ширк”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, Сиздан кейин умматингиз мушрик бўлиб кетадиларми?” дедим. Айтдилар: “Эй Шаддод, албатта улар қуёшга, ё ойга, ё тошга, ё бутларга сиғинмайдилар, лекин уларнинг риё учун амал қилишларидан қўрқаман”. “Риё ширкми?” деган эдим, “Ҳа”, дедилар”.
Жундуб ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анхудан ривоят қилинди. У айтди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким эшиттирса, Оллоҳ таоло уни эшиттириб қўяди, ким кўрсатса, Оллоҳ таоло уни кўрсатиб қўяди (яъни, ким одамлар эшитсин деб амал қилса, Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида уни ҳаммага эшиттириб шарманда қилади, ким эл кўрсинга ибодат қилса, Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида уни ҳаммага кўрсатиб шарманда қилади)”, дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
“Шарҳус-сунна”да ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларнинг устингизда энг кўп қўрқадиган нарса кичик ширкдир”, дедилар. Саҳобалари: “Ё Расулуллоҳ, кичик ширк нима?” деб сўраган эдилар, “Риё” дедилар.
«У Зотдан ўзга «дўстлар»ни («илоҳ» деб) ушлаб олган кимсалар: «Биз (ўша «илоҳ»ларимизга) фақат улар бизни Оллоҳга яқин қилишлари учунгина ибодат қилурмиз», (дерлар). Шак-шубҳа йўқки, (Қиёмат Кунида) ихтилоф қилаётган нарсалари хусусида уларнинг ўртасида Оллоҳнинг Ўзи ҳукм қилур. Шак-шубҳа йўқки, Оллоҳ ёлғончи ва кўрнамак кимсаларни ҳидоят қилмас».
Қатода раҳимаҳуллоҳ айтади: “Оллоҳни қўйиб турли бут-санамларга ccғинадиган мушрик кимсаларга: “Сизларни яратган Парвардигорингиз ким? Осмонлар ва Ерни ким яратган, ким самодан ёмғир ёғдиради?” делилса, улар: Оллоҳ”, дейдилар. Уларга: “Бас, шундай экан, сизларнинг бутларга ибодат қилишингизда қандай маъно бор?» дейилса, улар: “Бут-санамларимиз бизларни Оллоҳга яқин қиладилар ва Унинг ҳузурида бизларни шафоат қиладилар”, дейдилар. Албатта, мушрикларнинг бу сўзлари ўзлари учун ўта хатарли сўздир. Чунки Қиёмат Кунида уларнинг ўртасида ҳеч қандай шериги бўлмаган Ёлғиз ОллоҳтаолонингЎзи ҳакамлик қилади ва ҳар кимнинг қилган амалига яраша жазо бериб, чин ихлос билан Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиб ўтган мўминларни жаннатга, мушрик-кофир кимсаларни эса дўзахга киритади. Аниқки, Оллоҳ таоло Унинг шаънига “Ол-лоҳнинг шериклари бор, болалари бор, бут-санамларримиз албатта биз-ларни Оллоҳга яқин қилади”, деб ёлғон тўқиган каззобларни, ҳеч қандай далил-ҳужжатсиз Оллоҳтаолога ширк келтирган кофирларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилмайди. Чунки, улар Ҳақ Йўл нима эканлигини билмайдиган, Тўғри Йўлни кўрмайдиган кўнгил кўзлари кўр бўлган кимсалардир.

4. Агар Оллоҳ фарзанд тутишни истаса, сўзсиз Ўзи яратган нарсаларидан хоҳлаганини танлаб олган бўлур эди. У Зот (бундай айбдан) Покдир. У Танҳо ва Ғолиб Оллоҳдир.
Ушбу ояти каримани бизга мана бу оят тўла-тўкис тафсир қилиб беради: «Агар Биз кўнгилхушлик қилишни (яъни, хотин, фарзанд орттиришни) истасак, агар (шундай) қилгувчи бўлган чоғимизда ҳам Биз уни (яъни, хотин, фарзандни) Ўз даргоҳимиздан (яъни, малоикалардан ёки жаннат хурларидан) қилган бўлур эдик-ку!» (Анбиё сураси, 17-оят).
Ушбу ояти карима малоикаларни ва ўзлари қўллари билан ясаб олган бут-санамларни “Булар Оллоҳнинг қизлари”, деб даъво қиладиган мушрикларга ҳам, “Ийсо Оллоҳнинг ўғли, Марям Оллоҳнинг хотини”, деб даъво қиладиган насронийларга ҳам, “Узайр Оллоҳнинг ўғли”, деб даъво қиладиган яҳудийларга ҳам баробар жавоб бўладиган Илоҳий Раддиядир. Ҳақ таоло ундай жоҳил кимсаларга ўзлари тушуна оладиган жуда оддий ва айни пайтда ҳеч инкор қилиб бўлмайдиган мантиқ билан гўё шундай жавоб қилади: “Сизлар Оллоҳнинг хотини ва ўғил-қизлари бор”, деб Менинг шаънимга тухмат қиласизлар ва бу билан Менинг Ёлғизлик сифатимни инкор этиб, Менга ширк келтирасизлар Аввало бу сўзларингиз мутлақо ботил ва ҳеч қандай асоссиз пуч даъводир. Қолаверса, агар фаразан сизлар айтганингиздек, Бизга вақтичоғлик қилиш учун жуфт ёки кўнгилхушлик учун фарзанд керак бўлса, у ҳолда уларни Ўз даргоҳимиздаги жаннат ҳурларидан ёки Ўзимиз нурдан яратган малоикалардан танлаб олган бўлмасмидик. Наҳотки Биз бунинг учун сизлар тош-ёғочлардан ясаб олган бут-санамларингизга муҳтож бўлсак?! Шунингдек, агар Марям, сизлар даъво қилганингиздек, Бизнинг жуфтимиз бўлса, у сизларнинг орангизда - Ерда нима қилиб юрибди?! Ахир эр қаерда бўлса, хотин ҳам ўша жойда бўлиши лозим эмасмиди?! Бас, сизларнинг бу каби сўзларингиз ақлсизликдан ўзга нарса эмасдир ва бундай сўзларга қулоқ солиб эргашиш ҳам ақлли кишиларнинг иши эмасдир”.

5. У осмонлар ва Ерни Ҳақ (Қонун) билан яратгандир. У кечани кундузнинг устига ўрар, кундузни кечанинг устига ўрар. У қуёшни ҳам, ойни ҳам (Ўз Амрига) бўйсундириб қўйгандир. (Уларнинг) ҳар бири маълум муддатгача жорий бўлур. Огоҳ бўлингизким, У Кудратли ва бениҳоя Мағфиратли Зотдир.
Албатта Оллоҳтаоло осмону замин ва улар ўртасидаги бирон нарсани беҳуда яратган эмасдир. Балки У Зот коинотдаги ҳар бир мавжудотни ҳақ Қонун ва етук Ҳикмат билан яратиб, уларни Ўзининг Ердаги халифаси бўлмиш инсон манфаати учун бўйсундириб қўйди.
Шунингдек, У Зот борлиқдаги ҳар бир нарсага алоҳида сурат ва сийрат ато этиб, то Қиёмат амал қилиб ўтадиган ҳаёт қонунини белгилаб кўйди. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабарлар келган: “Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб-беҳуда яратганимиз йўқ. Биз уларни фақат Ҳақ (қонун, интизом) билан яратганмиз. Лекин уларнинг кўплари билмаслар.” (Духон сураси, 38-39-оятлар). “Биз осмон ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни, улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Бас, кофир бўлган кимсалар учун дўзах - ҳалокат бўлғай!” (Сод сураси, 27-оят).
Ояти карима яна бир бор Оллоҳ таолонинг Қудрати бениҳоя Улуғ эканлигини таъкидлайди. Дарҳақиқат, борлиқдаги барча нарсани Унинг Ўзи яратгандир ва Ўзи бошқариб тургувчидир. Ҳатто нур ва зулмат, яъни, кеча ва кундуз ҳам Ёлғиз Унинг Қўлидадир, хоҳлаганида кечани кундузга киритиб, кундузларни узун қилиб қўяди. Яна бошқача айтилса, бировларнинг бахтларини фузун, кундузларини узун қилиб бахтли ҳаёт ато этиш ҳам, бировлврнинг кундузларини қора тунга айлантириб ёруғлиқцан бенасиб қилиб қўйиш ҳам фақат Унинг Қудрат ва Ҳикмати билан бўлади. Албатта У коинотдаги ҳар бир нарсадан Хабардор, ҳар бир сўз ва овозни Эшитгувчи, ҳар бир ишни Кўргувчидир. Одамларнинг қилган ишлари, адолат ёки зулмларигина эмас, зарра мисоличалик майда нарса ҳам Унинг нигоҳидан махфий бўла олмас, қоронғу тунда, қоп-қора хонада, коп-қора тош устида қоп-қора қумурсқа қимирласа ҳам, албатта У Зот билар, эшитар ва кўрар.
Унинг Қудрати билан Ердан минг-минг марта катта ҳажмга эга бўлган куёш то «кун ва ой бирлашиб кетадиган» Қиёмат Куни келгунича бир нафас хам тинмасдан фазода айланаверади. Фақат Қудратли ва Доно Зот - Оллоҳ таолонингЎзигина уни шундай тартиб-ўлчовга бўйсундириб қўя олур.
Шунингдек, то Қиёмат қадар ой ҳам Яратганнинг белгилаб қўйган Илоҳий ўлчови билан ўз фазосида жорий бўлади. У бир ой давомида йигирма саккиз манзил - жойда турли суратда кўрингани сабабли кўзга йигирма саккизта бўлиб туюлади. Сўнгра бир ёки икки кеча кўринмасдан туради-да, кейин яна ўша тартиб такрорланади. Агар қуёш кундузлари оламни нур ва ҳароратга тўлдирса, ой кечаларга ёруғлик бахш этиши билан бирга барча кишилар учун вақт ўлчови бўлиб ҳам хизмат қилади.
Ҳақиқат шуки, Ёлғиз Оллоҳтаоло Ўз Қудрати ва бошқа улуғ Сифатлари билан барча нарсадан Юксак, Ўз Илми билан бутун мавжудотни иҳота қилиб олган тенгсиз Буюк Зотдир. У шу қадар Юксакки, барча махлуқот Унинг Қўл остида, Унга ҳеч ким тенг бўла олмайди, ўхшай олмайди, рақобатлаша олмайди. У шу қадар Буюкки, Буюклигини англашга фикрлар ожизлик қилади. Аммо ҳаётнинг ҳар жабҳасида, ҳар лаҳзасида иймонли инсонлар учун Унинг Юксаклиги, Буюклиги, Танҳолиги, бениҳоя Қудратли ва Кечирувчи Парвардигор эканлиги яққол кўриниб туради.

6. У сизларни бир жондан (Одамдан) яратди, сўнгра ундан жуфтини (яъни, Ҳаввони пайдо) қилди ва сизлар учун чорва ҳайвонларидан саккизта жуфтни туширди (яъни, дунёга келтирди). У сизларни оналарингизнинг қорнида уч (қават) зулмат ичида аста-секин яратур. Мана шу Оллоҳ Парвардигорларингиздир. Барча подшоҳлик Ёлгиз Уникидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзигина бордир. Бас сизлар, (эй мушриклар, ана Ўша Зотга ибодат қилмай) қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!
Ушбу ояти каримада сўз Оллоҳ таоло Танҳо Холиқ - Яратгувчи экани тўғрисида ва Ердаги одамзод тарихининг бошланиши ҳақида боради. Ҳақ таоло барча инсонлар бир ота-онанинг фарзандлари эканликлари ҳақида хабар бериб, Одамни жаннатда Ердан - тупроқдан яратганидан сўнг унинг вужудидан - сахдҳ ҳадисда келганидек - чап қовурғасидан жуфти ҳалоли Ҳаввони яратгач, маълум вақт ўтганидан кейин уларни Ерга ту-ширгани ва Ерда улар қай тарзда кўпайганлари тўғрисида сўйлайди.
Бу ҳақда Ҳақ таоло яна бошқа оятларда ҳам хабар берган: “Эй инсонлар, сизларни бир жондан (Одамдан) яратган ва ундан жуфтини (Ҳаввони) вужудга келтирган ҳамда у икковидан кўп эркак ва аёлларни тарқатган Парвардигорингиздан қўрқингиз! Ораларингиздаги савол-жавобларда ўртага Номи солинадиган Оллоҳдан қўрқингиз ва қариндош-уруғларингиз (билан ажралиб кетишдан сақланингиз)! Албатта Оллоҳ устингизда Кузатувчи бўлган Зотдир”. (Нисо сураси, 1-оят). “Эй инсонлар, дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишу-винглар (дўст-биродар бўлишинглар) учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила-элатлар қилиб қўйдик. Албатта сизларнинг Ол-лоҳ наздидаги энг ҳурматлироғингиз тақводорроғингиздир. Албатта Оллоҳ Билгувчи ва Огоҳдир.” (Ҳужурот сураси, 13-оят).
Ушбу оятда Ислом динининг инсоният оламига нисбатан бўлган кўз қараши баён этилгандир: биринчидан, барча инсонлар бир ота-онанинг фарзандларидир. Иккинчидан, инсонларнинг турли эл-уруғларга бўлинишлари бир-бирлари билан ер ёки мол-дунё талашиб уруш-жанжал билан умр ўтказишлари учун эмас, балки бир-бирлари билан танишиб, ҳамкорлик қилишлари ва биргаликда ўзлари халифа бўлган заминни обод қилишлари учундир. Ва ниҳоят учинчидан, одамларнинг Оллоҳ таоло ҳузурида обрў-эътиборли бўлишлари мол-дунё ёки олийнасаб билан эмас, балки Оллоҳдан қўрқиш ва У Зот нозил қилган амр-фармонларга итоат этиш билан бўлур.
Ушбу ояти каримадаги саккизта жуфт чорва ҳайвонидан мурод туя, мол, қўй ва эчкининг эркак ва урғочи жинсларидир. Чунки улардан ҳар бир жинс вакили ўз муқобилидаги жинс вакилига нисбатан жуфт ҳисобланади. Бинобарин мазкур тўрт тур ҳайвон эркак ва урғочи бўлиб саккизта жуфтдир.
Энди она қорнидаги уч қават зулмат - она қорни, бачадон ва бола-нинг йўлдошидир, боланинг аста-секин яратилиши эса унинг она қорнида аввал нутфа, сўнгра лахта қон, сўнгра бир тишлам гўштга айланиб аста-секин ривожланиб боришидир.
“Мана шу Оллоҳ Парвардигорингиздир. Барча подшоҳлик Ёлғиз Уникидир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Танҳо Унинг Ўзи бордир. Бас, сизлар (эй мушриклар, ана ўша Зотга ибодат қилмай) қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!
Яъни, эй мушриклар, ана Ўша Зот - сизлар ўзларингиз юқорида мазкур бўлган сифатларнинг Эгаси эканини эътироф этганингиз Оллоҳ таолнг Ўзигина Ҳақиқий Парвардигорингиздир. Чунки Ёлғиз Унинг Ўзи ҳарни йўқдан бор қилиб яратди, сизларга ризқ берди, УнингЎзи барча шларингизни тадбир қилур - узлуксиз бошқариб турур. Демак, ибодат илинишга мустаҳиқ бўлган Зот Танҳо Оллоҳтаолодир. Бас, ким мана шу лакиқатдан хатлаб ўтса, яъни, Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ибодат кллиш ўрнига яна бошқа кимгадир ёки нимагадир куллик қилса, сиғинса, . ндай кимсанинг йўлдан озгани, адашгани аниқдир. Бас, сизлар, эй мушриқлар, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?! Нега Тўғри Йўлдан - Ҳақиқий ^оббингиз бўлмиш Оллоҳ таолога ибодат қилишдан юз ўгириб, ботил бут-ганамларга сиғинмоқдасизлар?!
Ояти каримада Оллоҳ таоло Ўзининг Ҳақ Парвардигор эканини таъкидлайди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам дуоларида Оллоҳ таолога ҳамд айтганларидан сўнг: “Антал-Ҳақ - Сен Ҳақдирсан”, дейдилар. (Бухорий ва Муслим ривояти). Ҳақ деган сўзнинг луғавий маъноси рост, аниқ, собит, тан олинган деганидир. Бу маъноларнинг барчаси фақат Оллоҳ таолонинг Зоти ва Сифатларида мавжуддир. Агар биргина мисол келтирсак, Оллоҳ таолонинг Борлиги Ҳақдир. Чунки У ҳеч қачон йўқ бўлмаган ва ҳеч қачон йўқ бўлмайди. У Азалий ва Абадийдир. Қолган нарсаларнинг барчаси аввалда йўқ бўлган ва Оллоҳ яратганидан кейингина бор бўлган, аммо уларнинг борлиги ҳам абадий эмас - Оллоҳ хоҳлаган соатда яна йўққа айланади. Демак, Бор деган сифат ўзининг тўлиқ маъносида фақат Оллоҳ таолога нисбат берилганда Ҳақиқат айтилган бўлади, қолган барча нарсанинг борлиги унинг азалий эмаслиги, Яратганнинг Амри билан пайдо бўлгани ва эртага йўқ бўлиш эҳтимоли бўлгани эътибори билан ўта нисбийдир, шунчаликки, йўқ деса ҳам бўлгудек. Худди арабнинг буюк шоири Лабийд айтганидек:
“Билгилки Оллоҳдан ўзга барча нарса ботилдир”.
Оллоҳ таолонинг қолган барча Сифатлари ҳам худди Унинг Борлик Сифати каби Азалий ва Абадий Ҳақиқатдир. Шунингдек, Унинг буюрган Дини - Ислом бирдан-бир Ҳақ Диндир, ягона Тўғри Йўлдир. Ояти каримада таъкидланишича, ким мана шу Ҳақ Диндан бошқа йўлларга бир қадам босадиган бўлса ҳам, залолатга кетган-адашгани аниқдир. Ундай кимса Ҳақнинг чегарасидан чиққан заҳоти залолатнинг ичида турган бўлади. Чунки Ҳақ билан ботилнинг ўртасида учинчи бир мартаба йўқдир.

7. (Эй мушриклар), агар сизлар (Оллоҳ таолонинг мазкур оятларда зикр қилинган улуғ Сифатларини - бениҳоя Қудратли ва Кечиргувчи Зот эканини эшитиб-билиб туриб ҳам) кофир бўлсангизлар, бас, албатта Оллоҳ сизлардан Беҳожатдир. (Аммо) У бандаларининг кофир бўлишларига рози бўлмас. Агар шукр қилсангизлар (ва иймон келтирсангизлар) У Зот сизлар учун (шукр қилиб, иймон келтиришларингиздан) рози бўлур. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор) жон ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Сўнгра Ёлғиз Парвардигорларингизга қайтишларингиз бордир. Бас, У Зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур. Албатта У диллардаги сирларни Билгувчидир.
“(Эй мушриклар), агар сизлар кофир бўлсангизлар, бас, албатта Оллоҳ сизлардан Беҳожатдир. (Аммо) У бандаларининг кофир бўлишларига рози бўлмас”.
Бу ҳақда бошқа бир оятда янада аниқроқ айтилган: «Мусо яна деди: «Агар сизлар ўзингиз ва Ер юзидаги барча кишилар кофир бўлсангизлар ҳам (Оллоҳга бирон зиён етказа олмайсизлар). Зеро, Оллоҳ (сизларнинг шукр қилишингиздан) Беҳожатдир, ҳамду сано Эгасидир». (Иброҳим сураси, 8-оят).
“Саҳиҳи Муслим”да Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қи-линган ҳадиси Қудсийда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Оллоҳтаоло деди: “Эй бандаларим, агар фаразан сизларнинг аввал-у охирларингиз, инсу жинларингиз ораларингиздаги энгтақволи бир кишининг қалбида бўлсалар ҳам, яъни, ҳар бирингизнинг қалбингиз ана ўша кишининг қалбидек тақволи бўлганида ҳам, бу Менинг мулкимга бирон нарсани зиёда қилмайди. Эй бандаларим, агар фаразан сизларнинг аввал-у охирларингиз, инсу жинларингиз ораларингиздаги энг фожир - фисқу фужурга тўла бир кимсанинг қалбида бўлсалар ҳам, яъни, ҳар бирингизнинг қалбингиз ана ўша кимсанинг қалбидек фисқу фужурга тўла бўлганида ҳам, бу Менинг мулкимдан бирон нарсани камайтирмайди. Эй бандаларим, агар фаразан сизларнинг аввалу-охирларингиз, инсу жинларингиз бир баландликда туриб олиб Мендан ўз ҳожатларини сўрасалар-у, Мен ҳар бир инсонга сўраган нарсасини берганимда ҳам бу Менинг мулкимдан бирон нарсани камайтирмайди, магар денгизга суқиб олинган нина унинг сувидан қанча камайтира олса ўша миқдорда камайтириши мумкин”.
“Агар шукр қилсангизлар (ва иймон келтирсангизлар) У Зот сизлар учун (шукр қилиб иймон келтиришларингиздан) рози бўлур”.
Яъни, эй инсонлар, агар сизлар ато этган беҳисоб неъматлари учун Оллоҳ таолога шукроналар айтсангизлар, яъни, мўмин бўлсангизлар, У Зот сизларнинг шукрларингизга муҳтож бўлгани учун эмас, балки, фақат сизлар учун, сизлар иймон келтириш ва шукр қилиш билан икки дунё саодатига эришганларингиз сабабли рози бўлур. “Ҳеч бир кўтарувчи (яъни, гуноҳкор) жон ўзга жоннинг юкини яъни, гуноҳини) кўтармас”.
Оят давомида келган ушбу жумлада ҳар бир инсон қиладиган иш-амали учун у яхши амал бўладими ёки ёмон амалми - ўзи жавоб бериши, агар яхши амал қилган бўлса, ажр-мукофотга унинг ўзи сазовор бўлиши, ёмон амали учун ҳам унинг ўзи жазоланиши, ҳеч ким бошқа бировнинг гуноҳини ўз бўйнига ола билмаслиги уқтирилади.
«Сўнгра Ёлғиз Парвардигорингизга қайтишларингиз бордир. Бас, У Зот сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берур. Албатта У диллардаги сирларни Билгувчидир».
Шак-шубҳасиз, барча жонзот, жумладан ҳар бир инсон ўлади - узун уйқуга кетади сўнг бу “уйқу”дан Қиёмат Кунида уйғонади ва уни яратган, умр, ризқ ва саноқсиз неъматлар ато этган, уни иймон ва солиҳ амалларга буюрган, куфрдан, ёмон ишлардан қайтарган Оллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб-китоб бериш учун туради. У Зот ҳар бир инсонни қилиб ўтган амалларини кўрсатиб, иймон ва солиҳ амаллар билан ҳаёт кечирган бандаларини Ўз Раҳматига - жаннатларига дохил қилади.
Куфр ва исён-итоатсизлик билан гуноҳ-жиноятлар қилган кимсалар-ни эса Ўзининг Ғазаби - дўзах азобига гирифтор қилади.

8. Қачон инсонни бирон зиён ушласа, у Парвардигорига тавба-тазарруъ қилган ҳолида дуо-илтижо қилур. Сўнгра қачон (Оллоҳ) Ўз томонидан унга бирон неъмат ато этса, (инсон) илгари (Оллоҳга) қилган дуо-илтижоларини унутиб қўяр ва (ўзгаларни ҳам Оллоҳнинг) Йўлидан оздириш учун У Зотга «тенг»ларни (ўйлаб) топур. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз унга) айтинг: «Сен ўз куфринг билан (бу ўткинчи дунёда) озгина фойдаланавергин! Шак-шубҳасиз, сен дўзах эгаларидандирсан».
Ояти каримада динсиз-иймонсиз кимсалар агар бошларига андак ташвиш тушадиган бўлса, бирон дардга йўлиқсалар ё йўқчиликка дучор бўлсалар, ҳатто ишлари юришмай қоладиган бўлса ҳам, Оллоҳ таолога ялиниб-ёлвориб қолишлари, ўтиришга ҳам кучи етмай қолганлари ётган жойида, тура олмай қолганлари ўтирган жойида, юра олмай қолганлари турган жойида У Зотга чин ихлос билан дуо-илтижо қилиб қолишлари, аммо агар дуолари мустажоб бўлиб, Оллоҳ таоло раҳм қилиб, бошларидаги балони аритганида эса, кечаги кунлари тамоман эсларидан чиқиб, гўё  ҳеч қачон Оллоҳ таолога ялиниб-ёлвориб дуолар қилмагандек яна аввал-ги динсизликларига қайтиб, ўз ҳадларини билмасдан катта гапириб, гуноҳ-маъсиятларга муккадан кетиб юраверишлари ҳақида хабар берилади. Ҳатто уларнинг орасидаги айрим кимсалар Оллоҳ таолога шукроналар айтиш, мушкилларини осон қилгани учун Меҳрибон Парвардигорга янада астойдил тоат-ибодат қилиш ўрнига жирканч нонкўрлик йўлини тутадилар - Яратганга шукр келтириш ўрнига ширк келтирадилар, У Зот ато этган неъматнинг раҳматини бошқаларга - ўзлари сиғинадиган, кўлидан ҳеч нарса келмайдиган жонсиз бутларига айтадилар! Худди дарди оғирлашиб, азоб чекаётганида тинмай: “Оллоҳим, дардимга шифо бергин. Агар Ўзинг шифо бермасанг, ҳеч қандай дори-дармон кор қилмаяпти”, деб дуо-илтижо қилиб, сўнгра, Оллоҳ таоло шифо бериб, тузалиб кетганидан кейин: “Мени мана бу дори тузатди”, деб юрадиган аҳмоқ кимса каби!
Бир ояти каримада шундай дейилади: “Қачон Биз инсонга (неъмат - давлат) инъом қилсак, у (Бизга шукр қилишдан) юз ўгирар ва ўз томонига кетар (яъни, Бизни унутар). Қачон унга ёмонлик (камбағаллик-кулфат) етиб қолса эса у узундан-узоқ дуо-илтижо эгасидир.” (Фуссилат сураси, 51 оят).
Уламолар: “Ушбу оятда нафақат кофир кимсалар, балки мусулмонлар орасидаги бошларига мусибат-ташвиш тушганида тоат-ибодат қилиб қоладиган, ишлари юришиб кетганида эса Оллоҳни “унутиб”, худди динсиз-лардек умрларини исроф қиладиган кимсалар учун ҳам огоҳлантиришдир”, дейдилар.
Ояти карима тафсирида келган мана бу ҳадиси шариф ҳам биз учун ўзига хос бир огоҳлантиришдир:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким бошига қаттиқчилик, мусибат тушган пайтида Оллоҳтаоло дуоларини мустажоб қилишини яхши кўрса, у кенгчилик кунларида ҳам дуо-илтижони кўп қилсин!”. (Термизий ривояти).
«Ва (ўзгаларни ҳам Оллоҳнинг) Йўлидан оздириш учун У Зотга «тенг»ларни (ўйлаб) топур. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз унга) айтинг: «Сен ўз куфринг билан (бу ўткинчи дунёда) озгина фойдалана-вергин! Шак-шубҳасиз, сен дўзах эгаларидандирсан».
Ширкнинг турлари кўп. Улардан бири ва энг хунуги Оллоҳдан ўзгани ҳам Худо деб эътиқод қилиш ва унга сиғиниб - чўқинишдир. Ҳеч нарса ярата олмайдиган, обидларига бирон фойда ёки зиён етказиш қўлидан келмайдиган жонсиз бут-санамларга, турли-туман махлуқларга сиғиниш, чўқиниш, улардан ҳожатлар сўраш соғлом инсоний ақлга сиғмайдиган нодонлик экани аён бўлсада, таассуфки, дунё аҳолисининг ярмидан кўпи ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам мушриклардан иборатдир. Уларнинг мазҳаблари, йўналишлари, кўринишлари турлича бўлиши мумкин, Аммо ҳаммасининг моҳияти бир - Оллоҳнинг Танҳо Маъбуд эканини тан олмаслик, Оллоҳнинг “тенглари” бор, деб эътиқод қилишдир.
Ҳақ таоло ояти каримада бундай ботил эътиқод эгалари фақат ўзларигина адашмасдан, балки охир-оқибатда бошқа одамларни ҳам Оллоҳнинг Йўлидан оздиришларини айтиб, Ўзининг Элчисига буюради: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз унга) айтинг: “Сен ўз куфринг билан (бу ўткинчи дунёда) озгина фойдаланавергин! Шак-шубҳасиз, сен дўзах эгаларидандирсан! ”
Албатта Оллоҳтаолонинг мушрик кимсага: “фойдаланавергин!” деб қилган амри таҳдид учун бўлиб, худди табибнинг буюрилган парҳезга амал қилмасдан олдига келган таомни еяверадиган беморга: “Истаган овқатингни еявергин, шунда тезроқ ўласан”, дегани каби бир огоҳлантиришдир. Яъни, ким дўзах азобига гирифтор бўлмасликни хоҳласа, “Оллоҳнинг “тенглари” бор”, деб Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқишни тўхтатиб, Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилсин! деган маънодадир.

9. Ёки кечалари сажда қилган ва қиёмда-тик турган ҳолда тоат-ибодат қилгувчи, Охиратдан қўрқадиган ва Парвардигорининг Раҳмат-Марҳаматидан умид қиладиган киши (билан куфру исёнга ғарқ бўлган мушрик кимса баробар бўлурми)?!» Айтинг: «Биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!» (Бу оятлардан) фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар.
Ояти каримада аввало юқоридаги оятларда зикр қилинган кофир-мушрик кимсалар ҳеч қачон тунларини Оллоҳ таолога тоат-ибодат қилиш билан тик туриб, саждалар қилиб намозда ўтказадиган, қалбларида доимо Охират ғами, у диёрдаги ҳисоб-китобдан қўрқув ва шу билан бирга Яратганнинг Раҳмат-Марҳаматидан умидворлик бўлган мўминлар билан баробар бўлмасликлари таъкидланади. Ушбу оят мўминнинг қалбида доимо қўркув ва умид баробар бўлиши лозимлигини, бошқача айтганда, қўрқув ва умидворлик иймоннинг икки қаноти эканлигини уқтиради, шунингдек, тунлари одамлар ухлаб ётган вақтларида тоат-ибодат билан бедор бўлиш фазилатини алоҳида таъкидлаб, мўминларни тунларини фақат ғафлат уйқусида ўтказмасдан, маълум вақтларда намоз ва дуо-илтижолар билан бедор бўлишга даъват қилади.
“Айтинг: “биладиган зотлар билан билмайдиган кимсалар баробар бўлурми?!” (Бу оятлардан) фақат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар”.
Ушбу жумлалар мўмин билан кофир ўртасидаги фарқ ҳақида келтирилган яна бир ибратли масалдир. Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, худди юрар йўлини аниқ кўриб турадиган, демак, фақат манзилга олиб борадиган Тўғри Йўлни танлаб юрадиган киши билан ҳеч нарсани кўрмайдиган, демак, олдидан чиққан ҳар қандай жарликка қулаб ҳалок бўлиши ёки йўлидан чиққан экин-тикин ва гулзорларни ҳам босиб-янчиб пайҳон қилиб кетиши мумкин бўлган кўр кимса баробар бўлмагани каби Ҳақ таоло томонидан Расуллуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинган Қуръони Каримнинг ҳар бир ояти Ҳақ эканини биладиган, у Китобга иймон келтириб, кўрсатмаларига амал қиладиган киши билан кўнгил кўзи кўр бўлгани сабабли Ҳақиқат нурини кўра олмайдиган, демак, унинг гўзаллигини идрок қила билмайдиган, шу сабабли жаҳолат зулматларида қолиб, зало-латнинг эгри-бугри ва хатарли йўлларида адашиб-улоқиб юрган кимса ҳеч қачон баробар бўлмаслигини айтади ва бундай мисолларни фақат тоза ақл эгаларигина англаб эслатма-ибрат олишларини эслатади. Яъни, Қуръон оятлари энг Улуғ Ҳақиқат эканини англаб, ушбу Азиз Китоб Каломуллоҳ эканига иймон келтириб, ундаги ҳар бир оятдан эслатма-ибрат олиб, Қуръон чизиб берган андозада ҳаёт кечирадиган кишиларгина ҳақиқий аҳли дониш - ақл эгалари эканликлари таъкидланади.

10. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Менинг иймон келтирган бандаларимга айтинг: «Парвардигорингиздан қўрқингиз! Бу дунёда чиройли амал қилган зотлар учун (Охиратда) чиройли (оқибат-жаннат) бордир. Оллоҳнинг Ери кенгдир. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилгувчиларга ажр-мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур.
Ушбу оятда сўз Маккадан, аввал Ҳабаш юртига, сўнгра Мадинайи Му-навварага ҳижрат қилган саҳобалар ҳақидадир. Парвардигордан қўрқиб, тақводорлик билан яхши амал қилган зотларнинг амаллари зое бўлмаслиги уқтирилиб, энди агар киши ўз ватанида золим ҳоким, ёки носоз тузум сабабли Оллоҳ таолога ибодат қилишдан маҳрум этилса, Оллоҳнинг Ери кенг эканлиги уқтирилади, ватан ҳижрони ва мусофирлик меҳнат-машаққатларига сабр-тоқат қилган кишилар учун беҳисоб ажр-мукофотлар бўлиши ҳақида хабар берилади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қиёмат Кунида тарозилар тикланиб, дастлаб хайр-садақот эгалари келтирилади ва ажр-мукофотлари тарозида тўла тортиб берилади, сўнгра намоз, ҳаж ибодатлари ҳам ана ўша тарзда тарозида тортилиб, ажрлари берилади. Кейин мусофирлик меҳнат-машаққатларига, бало-мусибатларга сабр қилган кишилар келтирилганида уларнинг амаллари тарозида тортилмайди, ҳисоб-китоб қилинмайди ва уларнинг устига беҳисоб ажр-мукофотлар ёғдирилади. “Ҳеч шак-шубҳа йўқки, сабр-тоқат қилувчиларга ажр мукофотлари ҳисоб-китобсиз тўла-тўкис қилиб берилур” оятнинг мазмуни шудир.” (“Тафсири Куртубий”дан).
Ушбу ояти каримада мазкур бўлган ҳижрат мавзуси Нисо сурасининг 97-оятидан бошлаб бир неча оятда алоҳида зикр қилинган ва алақадри ҳол тафсир қилиб ўтилган эди.

11-12. Айтинг: «Дарҳақиқат, мен Оллоҳга У Зот учун Динимни холис қилган ҳолда ибодат қилишга буюрилганман. Ва мен мусулмонларнинг - бўйинсунгувчиларнинг аввали - пешқадами бўлишга буюрилганман.
“Танвийрул-азҳон” тафсирида ривоят қилинишича, Қурайш кофир-лари пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга: “эй Муҳаммад, сени бу динга - “ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтишга ва бизларни ҳам шунга чақиришга нима мажбур қилди? Ахир ота-боболарингни, қавмингдаги улуғларни динига қараб ўшаларга эргашсанг бўлмайдими? Улар Лот ва Уззога ибодат қиладиларку?!” дейишганида Оллоҳтаоло Ўз Элчисига ушбу оятларни нозил қилди ва мушрик-кофир кимсаларга жавобан гўё шундай дейишни буюрди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, айтинг: “Мен ушбу Динни ўзим ўйлаб топганим йўқ, балки менга Ҳақ таоло томонидан Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилиш ҳамда ибодатимга ширк ва риё каби нарсаларни мутлақо аралаштирмаслик буюрилди, шунингдек, Оллоҳ таолога бўйинсунувчи мусулмонларнинг энг пешқадами бўлиш амр қилинди”.
Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Ҳақ таоло томонидан мана шу сўзларни айтиш буюрилди. Мусулмонларнинг аввали - пеш-қадами бўлиш - Пайғамбаримиз алайҳис-салоту вас-саломга буюрилган бу Амри Илоҳий у зотнинг ҳар бир умматига - барча мусулмонларга ҳам қаратилгандир. Шунинг учун айрим уламолар ҳар гал намоз бошлаганда ушбу оятларни ўқиш вожиб дейдилар.
Зотан, мусулмонлик - ҳар бир иш-амалда Оллоҳ таолога бўйинсуниш ҳамда бу итоат ва ибодатда ҳар бир ишни Ёлғиз Оллоҳ таоло учун, Унинг ризолигини истаб қилишдир. Мусулмонни кофирдан, мушрикдан ажратиб турадиган бу сифат Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламда энг мукаммал суратда зоҳир эди.
Шунинг учун ҳам ояти каримада: “Мен мусулмонларнинг - бўйин-сунгувчиларнинг аввали - пешқадамиман”, деб айтишга буюрилдилар.
Ушбу жумладан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳ таолонинг барча буйруқларига бўйинсунушда итоатда ўз умматларига ибрат намуна бўлганлари, Шариатнинг ҳар бир ҳукмига биринчи бўлиб амал қилганлари аниқ маълум бўлгани каби у зотга буюрилган Дини Ислом фақат ўзларига хос бўлмасдан ҳар бир мусулмонга ҳам буюрилгани аён бўлади.
Шунингдек, бу жумладан Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алаҳи ва сал-лам мусулмонликда жамийки пайғамбарларнинг пешқадами - аввали эканликлари ҳам аён бўлади. У зоти бобаракот гарчи дунёга Ҳақ таоло тарафидан сўнгги Пайғамбар ўлароқ юборилган бўлсаларда яралишда барча пайғамбарлардан муқаддам эдилар. Бир ояти каримада Оллоҳ таоло у зотдан Нуҳ алайҳис-саломдан ҳам аввал аҳд-паймон олгани айтилади: “Эсланг, Биз (барча) пайғамбарлардан ва (хусусан) Сиздан, Нуҳдан, Иброҳим, Мусо ва Ийсо бинни Марямдан аҳду паймонлар олгандик. Биз ростгўйлардан (яъни, барча пайғамбарлардан Қиёмат Кунида) ростгўйликлари (яъни, зиммаларидаги пайғамбарлик вазифаларини рост - тўла адо этганлари) ҳақида сўраш учун улардан пухта аҳду паймон олдик. (Оллоҳ) кофирлар учун аламли азоб тайёрлаб қўйгандир.” (Аҳзоб сураси, 7-8-оят).
Ибн Саъд розияллоху анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам: “Мен яралишда инсонларнинг аввалиман, (Элчи қилиб) юборилишда эса уларнинг охиргисиман”, деб марҳамат қилганлар.
Шунингдек, оят давомида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам мушрикларга Оллоҳ таоло у зотни иймон ва ибодатда мусулмонларнинг энг пешқадами бўлишга ва ҳаргиз мушриклардан бўлмасликка буюрганини айтишга маъмур бўлдилар.
Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам тавҳидда - Оллоҳ таоло Танҳо Маъбуди Барҳақ деб эътиқод қилишда ҳам, ибодат-амалда ҳам уммати Исломийяга улгу-ибрат бўлиб қолдилар. Оллоҳ таоло қандай амалга буюрган бўлса, унга биринчи бўлиб ўз-лари амал қилиб, кейин умматларига ўргатдилар. Шунинг учун ҳам Ҳак таоло барча мўминларни у зотдан ибрат олишга чақирди: “(Эй мўминлар), албатта сизлар учун - Оллоҳ ва Охират Кунидан умидвор бўлган ҳамда Оллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун - Оллоҳнинг Элчи-сида (у зотнинг иймон-эътиқоди ва хулқи атвори)да гўзал намуна бордир.” (Аҳзоб сураси, 21-оят).

13. Айтинг: «Албатта мен агар Парвардигоримга осий бўлсам, улуғ Куннинг азобидан қўрқурман».
Яъни, ҳеч шак-шубҳа йўқки, агар мен Оллоҳ таолонинг Амрига итоатсизлик қилиб Унга чин ихлос билан ибодат қилмасам ва ширк аҳлига қарши даъват қилмасам, улар залолатда эканликларини фош қилмасам, бу исёним учун Улуғ Кун бўлмиш Қиёмат Кунида Парвардигорим томонидан бошимга тушадиган даҳшатли азоб-уқубатлардан қўрқаман. Шунинг учун ҳам, эй мушриклар, мен сизларнинг динларингизга кирмайман ва у ботил “дин” эканлигини айтиб одамларни огоҳлантиришда давом этаман.

14-15. Айтинг: «Мен Ёлғиз Оллоҳга У Зот учун Динимни холис қилган ҳолда ибодат қилурман. Бас, сизлар, (эй мушриклар), У Зотни қўйиб, ўзларингиз хоҳлаган бутларингизга ибодат қилаверинглар, (яқинда бу ширкларингизнинг оқибати қандай бўлишини жуда яхши билиб олурсизлар!» «Эй Муҳаммад, агар ота-боболарингнинг динидан чиқсанг, зиёнкор бўлурсан», дейдиган мушрикларга) айтинг: «Албатта зиёнкорлар Қиёмат Кунида ўзларига ва аҳли оилаларига зиён қилгувчи (яъни, ўзи ҳам мушрик бўлиб, аҳли-оиласини ҳам Тўғри Йўлдан оздиргани сабабли Қиёмат Кунида ўзи ва аҳли оиласи дўзах азобига гирифтор бўлгувчи) кимсалардир. Огоҳ бўлингизким, ана шу очиқ зиёнкорликдир».
Ушбу оятлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам мушрик-кофир кимсаларга айтишлари буюрилган ўта қаттиқ Илоҳий жавоблардир. Буюрилдики, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сизни бут-санамларга сиғинишга чақираётган мушрикларга шундай деб айтинг: “Сизлар нима десангизлар ҳам мен фақат Танҳо Маъбуди Барҳақ бўлган Оллоҳ таолога чин ихлос билан холисанлиллоҳ, Унга бирон кимса ёки нарсани шерик қилмаган ҳолда ибодат қилавераман. Сизлар ҳам Уни қўйиб хоҳлаган нарсаларингизга ибодат қилаверинглар!» Пайғамбар алайҳис-саломдан бу сўзларни эшитган мушриклар: “Эй Муҳаммад, сен ҳали ота-боболарингнинг динларини инкор қиляпсанми?! У ҳолда билиб қўйгинки, бу сўзларинг билан сен ўзингга жуда қаттиқ зиён етказмоқдасан!”дейишган эди, Ҳақ таоло Ўз Расулига у мушрик-жоҳил кимсаларга бундай жавоб беришни амр қилди: “Билингларки, зиён кўргувчи мен эмас, сизларнинг ўзингиздир. Чунки ҳақиқий зиён кўргувчи ҳаёти дунёда ўзи мушрик бўлганидек, аҳли оиласини ҳам ширк йўлига даъват қилгани сабабли Қиёмат Кунида ўзи ҳам аҳли аёли ҳам дўзах азобига ҳукм қилинадиган кимсалардир! Энг аниқ зиён, энг катта бахтсизлик ана шудир”. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Кофирларнинг Қиёмат Кунида кўрадиган энг катта зиёнлари шундан иборатки, Оллоҳ таоло ҳар бир инсон учун бир манзил ва аҳли оилани яратиб қўйгандир. Бас, ким ҳаёти дунёда Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиб ўтса, Қиёмат Кунида албатта жаннатдаги унинг учун тайёрлаб қўйилган манзил ва аҳли оилага эга бўлади. Аммо ҳаётини куфр, ширк ва исён билан ўтказган кимса эса, У Кунда дўзахга ҳукм қилиниб, мангу азоб-уқубатга гирифтор бўлганидан ташқари яна бошқа жуда катта, ҳеч ўрнинии тўлдириб бўлмайдиган зиёнга ҳам учрайди - жаннатдаги унинг учун тайёрлаб қўйилган жой ва аҳли оиласидан маҳрум бўлади ҳамда у манзил ичида бор нарсаси билан жаннатга ҳукм қилинган мўминларга мерос қилиб бўлиб берилади. Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам айтилган: «Ана ўшалар Фирдавс (жаннати)га меросхўр бўлгувчи ворислардир. Улар ўша жойда мангу қолгувчидирлар». (Мўминун сураси, 10-11-оятлар).
Яъни, сура аввалидан бошлаб зикр қилинган улуғ Исломий сифат ва фазилатларнинг эгалари бўлган мўминлар албатта Фирдавс жаннатига меросхўр бўладилар ва у жойда мангу бахт-саодатда яшайдилар. Шу ўринда улар кимларга меросхўр бўладилар, деган савол туғилиши табиийдир. Бу саволимизга ушбу оятнинг тафсири бўлиб келган ҳадиси шариф жавоб беради: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расу-луллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлардан ҳар бирингиз учун (Охират диёрида) икки манзил - жой бордир. Бир манзил жаннатда, яна бир манзил дўзахдадир. Бас, ким ўлгач, дўзахга кирса, унинг жаннатдаги манзили жаннат аҳли бўлган кишиларга мерос бўлиб қолади. Оллоҳ таоло айтган: “Ана ўшалар Фирдавс (Жаннати)га меросхўр бўлгувчи ворислардир”, деган ваъда мана шудир”. (Ибн Можжа ривоят қилган).

16. Улар учун устларидан ҳам оловдан бўлган «соябонлар», остларидан ҳам (оловдан бўлган) «соябонлар» бўлур. Бу (азоб-уқубат) билан Оллоҳ Ўз бандаларини қўрқитур. Эй бандаларим, Мендан қўрқингиз!
Ояти карима ҳақиқий зиён кўргувчилар кофирлар эканлигига яна бир бениҳоя жонли мисолдир. Ҳақ таоло ҳаёти дунёдан динсизлик ва гуноҳ-маъсиятлар билан ўтган кимсаларнинг Охират диёрида тушадиган жойлари албатта жаҳаннам эканлигини айтиб, улар у жойда ҳеч тиним билмасдан ёнаётган дўзах оташига тоқат қила олмасдан бирон-бир соябон борми деб устларига ва оёқ остларига илтижо билан қараганларида устларида ҳам, остларида ҳам худди устма-уст босиб келган паға-паға булутларга ўхшаган “соябонлар”ни кўришлари, фақат у соябонлар ҳам жаханнам оловидиан бўлишлиги ҳақида хабар бериб, бандаларини қўркитади - қаттиқ огоҳлантиради ва «эй бандаларим, Менинг ғазабимга дучор қиладиган ишлардан қўрқинглар», деб амр қилади. Қиёмат Кунида рўй бериши аниқ бўлган мазкур ўта даҳшатли манзара бошқа оятларда ҳам қайта-қайта зикр қилинган: “Аниқки, Биз золим - кофирлар учун алангалари (дўзахиларни) ҳар тарафдан ўраб-чирмаб оладиган дўзахни тайёрлаб қўйгандирмиз. Агар улар (ташналик шиддатига чидай олмай) сув сўрасалар, уларга худди доғланган ёғ каби юзларини куйдириб жизғанак қилиб қўядиган қайноқ сув ёғдирилур! Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у!” (Каҳф сураси, 29-оят).
«Улар учун жаҳаннамдан “тўшак”, устларидан эса (оловдан бўлган) “чойшаблар” бўлгур. Биз золимларни мана шундай жазолагаймиз». (Аъроф сураси, 41-оят).
Яъни, кофирларнинг мангу “ором олиб” ётадиган “ётоқхоналари” дўзах бўлиб, жаҳаннам оловидан бўлган “тўшаклари” тагларини куйдиради, устларидаги “кўрпалари” ҳам ўша оловдан, ҳар тарафларини ўраб, аъзойи баданларидан бирон жойини қўймасдан қамраб, тинмасдан ловуллаб “иситиб” туради. Бас, уларнинг бутун вужудлари мангу олов ичидадир! Ҳақнинг ҳаққини адо қилмаган, Ҳаққа қуллик қилишдан орланган золим-ларнинг золимларига ўта муносиб жазо!

17-18. Шайтондан унга ибодат қилишдан йироқ бўлган ва Оллоҳга (Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга) қайтган зотлар учун (жаннат) хуш-хабари бўлсин! Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Менинг бандаларимга - сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни, нажотга элтгувчи рост Сўзга) эргашадиган зотларга хушхабар беринг! Ана ўшалар Оллоҳ ҳидоят қилган зотлардир. Ва ана ўшалар ақл эгаларидир.
Ибн Абу Ҳотам Зайд ибн Аслам розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, ушбу оятлар уч нафар инсон ҳақида - Зайд ибн Амр, Абу Зарр Ғифорий ва Салмони Форсий розияллоху анҳум ҳақида нозил қилинган. Улар жоҳи-лият замонидаёқ - ҳали Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Қуръон оятлари нозил бўлмасдан турибоқ “Ла илаҳа иллаллоҳ” - Ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Оллоҳ бор”, дер эдилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
Воқидий “Асбобун-нузул” китобида Ато Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилишича эса, ушбу оятлар нозил қилинишига мана бу воқеа сабаб бўлган: “Абу Бакр Сиддиқ розияллоху анху Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирганида унинг олдига Усмон, Абдур-Раҳмон ибн Авф, Толҳа, Зубайр, Саъд ибн Абу Ваққос ва Саид ибн Зубайрлар келиб, Абу Бакрдан Пайғамбар алайҳис-салом ҳақида сўраганларида, Абу Бакр уларга ўзининг “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур Расулуллоҳ”, деб Оллоҳнинг Бор ва Бирлиги Пайғамбар алайҳис-саломнинг ҳақ Пайғамбар эканлигига иймон келтирганини айтди. Шунда улар ҳам иймон келтирдилар. Бас, ана ўша тўғри Сўзни эшитиб, унга иймон келтирган зотлар ҳақида “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Менинг бандаларимга - сўзга қулоқ тутиб, унинг энг гўзалига (яъни, нажотга элтгувчи рост Сўзга) эргашадиган зотларга хушхабар беринг. Ана ўшлар Оллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Ва ана ўшалар ақл эгаларидир” ояти нозил бўлди. (“Маолимут-танзийл” тафсиридан). Демак, ушбу хушхабар, сўзлар ичидаги энг гўзал ва энг рост Сўз бўлмиш “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур-Расулуллоҳ” калимасини сидқи дилдан айтган барча мўминларга берилган Илоҳий хушхабардир.
Муфассир уламолар ояти каримада зикр қилинган, Оллоҳ таолонинг валийлари бўлмиш мўминларга дунё ва Охиратда бериладиган “хушхабар”ни турлича тафсир қилганлар.
Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан Оллоҳ таоло мўминларга ваъда қилган хушхабар ҳақида сўраганимда, у зот: “Ушбу оят нозил қилинганидан буён сендан бошқа ҳеч ким мендан мана шу хушхабар нима экани ҳақида сўрамаган эди. У - мусулмон инсон ўзи кўрадиган ёки у ҳақда кўриладиган (яъни, ўша мусулмон тўғрисида бошқа мусулмонлар кўрадиган) яхши тушлардир”, дедилар”. (Термизий ривоят).
Заҳрий, Ато ва Қатода: “У - мўмин вафот қилиши олдида малоикалар унга айтадиган хушхабардир”, дедилар.
Муҳаммад ибн Каъб Қуразий айтади: “Қачонки мўминнинг жони томоғига келиб тўхтаганида, унинг олдига ўлим фариштаси келади ва: “Ас-салому алайка - Сенга омонлик бўлсин, эй Оллоҳнинг валийси, Оллоҳ сенга салом айтади”, дейди ва мана бу: “Улар (ширк ва исёндан) пок бўлган ҳолларида, фаришталар уларнинг жонларини олар эканлар: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлгай. (Энди) қилиб ўтган амалларингиз сабабли жаннатга кирингиз», дерлар.” (Наҳл сураси, 32-оят), оятини ўқиган ҳолда унинг жонини олади”.
Қатода ва Заҳҳок: “У хушхабар - мўмин ўлими олдидан қаёққа боришини билмоқлигидир”, дедилар.
Ҳасани Басрий эса: “Ояти каримада зикр қилинган хушхабар Оллоҳ таоло мўмин бандаларига бошқа оятларда берган хушхабарларидир”, дейди ва мана бу оятларни келтиради: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи жаннатлар бор.
Качон ўша (жаннат)ларнинг бирор мевасидан баҳраманд бўлсалар, илгари татиб кўрган нарсамиз-ку», дейишади. Зеро, уларга (сурати) бир-бирига ўхшаш мевалар берилади. Ва улар учун (жаннатларда) покиза жуфтлар бордир. У зотлар (жаннатларда) абадий қолгувчилардир.” (Бақара сураси, 25-оят). “Парвардигорлари уларга Ўз тарафидан Раҳмат ва Ризолик ҳамда жаннатлар хушхабарини берурки, у жаннатларда улар учун доимий неъматлар бордир. Улар ўша жойларда абадий қолурлар. Дарҳақиқат, улуг ажр Оллоҳнинг ҳузурида-дир.” (Тавба сураси, 21-22-оятлар).

19. Ахир бир кимсанинг устида азоб Сўзи (яъни, азобга дучор бўлиш ҳукми) ҳақ бўлса, (Сиз уни ҳидоят қилишга қодир бўлурмисиз)?! Ахир Сиз дўзахдаги кимсани қутқара олурмисиз?!
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ояти каримадаги “азоб Сўзи ҳақ бўлган кимса”дан мурод, тақдири азалда Оллоҳ таолога дўзах аҳлидан бўлиши аниқ маълум кимса”, деб тафсир қилади. Яна “азоб Сўзи” Ҳақ таолонинг “Мен жаҳаннамни барча (кофир) жин ва (кофир) одамлар билан тўлдирурман!” (Ҳуд сураси,119-оят), деган Сўзидир, деган тафсир ҳам мавжуд. (“Тафсири Бағавий”дан). Ояти каримада Ҳақ таоло Мен дўзахга ҳукм қилган кимсаларни ҳеч ким, ҳатто Сиз ҳам, эй Муҳаммад алайҳис-салом, азобдан қутқара олмайсиз”, деб огоҳлантиради.
Ибн Аббос розияллоху анҳумо: “Ояти каримада сўз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Лаҳаб ва унинг ўғли каби Пайғамбар алайҳис-саломга иймон келтирмаган қариндош-уруғлари ҳақида боради”, дейди.
Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам барча қавмларини, хусусан ўзларига қон-қариндош бўлган кишиларни Тўғри Йўлга ҳидоят топишларига ўта ҳарис бўлганлари сабабли уларни тинмасдан даъват қилиб, Ҳақ Динни қабул қилмаётганларини кўрганларидан кейин эса жуда қаттиқ тушкунликка тушиб қолганларида ушбу оят нозил бўлди. (“Тафсири Куртубий”дан). Бу мазмундаги оят бошқа бир сурада ҳам келган: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эҳтимол Сиз (Макка мушриклари) мўмин бўлмаганлари учун ўзингизни ҳалок қилгувчидирсиз?! (Асло бундай қила кўрманг)!» (Шуаро сураси, 3-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Пайғамбар алайҳис-саломга хитоб қилиб, қавмлари Қуръони Каримни Ҳақ Каломуллоҳ деб иймон келтирмасалар сабр қилиш лозимлигини, уларнинг иймонсизликларидан ранжиб, сиқилиб ўзларини ўтдан-чўққа урмасликлари кераклигини таълим беради ва бу билан у зотнинг зиммаларига юкланган вазифа албатта ҳар бир одамни Тўғри Йўлга ҳидоят қилиш эмас, балки одамларга Ҳидоят Йўлини кўрсатиш эканлигини, уларни ҳидоят қилиш ёки залолатга кетказиш эса, Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Қўлидаги иш эканини уқтиради. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар Сиз у (мушрик)ларнинг ҳидоят топишларига ташна бўлсангиз, бас, (билингки), Оллоҳ Ўзи йўлдан оздирадиган кимсаларни ҳаргиз ҳидоят қилмас ва улар учун бирон ёрдамчи ҳам бўлмас”. (Наҳл сураси, 37-оят).
Дарҳақиҳат, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Макка аҳлини Ҳақ Йўлга даъват қилиб Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан нозил бўлган Қуръон оятларини ўқиб берар эканлар, уларнинг ҳар бири Дини Исломни қабул қилиб Ҳидоят Йўлига киришини жуда-жуда хоҳлар, аммо ҳаётда бунинг аксини кўриб, уларнинг ўз ширкларида оёқ тираб турганларидан, Тўғри Йўлга юришни ҳеч хоҳламаётганларидан беҳад ғам-ғуссага ботар эдилар. Шунда Ҳақ таоло Ўз Элчисига таскин-тасаллий бериб ушбу оятни нозил қилди ва Оллоҳ адаштириб қўйган кимсалар ҳеч қачон Тўғри Йўлга юрмасликлари, уларга ҳеч ким ёрдам ҳам бера олмаслиги ҳақида хабар берди.

20. Лекин Парвардигорларидан қўрққан зотлар учун (жаннатда) устма-уст қурилган хоналар бўлиб, уларнинг остидан дарёлар оқиб турар. (Бу) Оллоҳнинг ваъдасидир! Оллоҳ ваъдасига хилоф қилмас.
Оллоҳ таолонинг Раҳматига эришиш бахтига муваффақ бўлган мўминларга жаннатларда тайёрлаб қўйилган хос хонаю қасрлар ҳақида Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Албатта жаннат аҳли ўзаро бирлари бирларидан юксак мақомларда бўлганлари сабабли ўзларидан юқоридаги хоналарнинг - қасрларнинг эгаларини худди сизлар уфқнинг шарқ ё ғарбидан ўтгувчи ёруғ юлдузларни кўрганларингиз каби кўрурлар”. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, у қасрлар пайғамбарларнинг манзилларику, улардан бошқалар бундай даражага ета олмайдиларку”, дейишган эди, айтдилар: “Йўқ, жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, у қасрларнинг эгалари Оллоҳ таолога иймон келтирган ва Унинг элчи-пайғамбарларини тасдиқ этган кишилардир!” (Имом Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилганлар).
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Албатта, жаннатда шундай хоналар борки, уларнинг ичидан сирти, сиртидан ичи кўриниб туради”, дедилар.
Шунда бир аъробий (саҳройи араб) туриб: “Улар кимларники, ё Расулуллоҳ?” деган эди, айтдилар: “У хоналар пок-тўғри сўзни сўзлаган, муҳтожларни таомлантирган, рўза тутишда бардавом бўлган ва тунда, одамлар уйқудалик пайтларида бедор бўлиб, Оллоҳ учун намоз ўқиган кишиларникидир”. (Термизий, “Тафсири Қуртубий”дан).

21. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), кўрмадингизмики, Оллоҳ ос-мондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, уни Ердаги булоқлар-чашмалар қилиб оқизиб қўйди. Сўнгра у (сув)нинг ёрдамида ранго-ранг экин-тикин чиқарур, сўнгра у қуриб-қовжирар, бас, Сиз уни сарғайган ҳолда кўрурсиз, сўнгра (Оллоҳ) уни хас-хашакка айлантирур. Албатта бунда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бордир.
Юқоридгаи оятда Ҳақ таоло Охират аҳволини зикр қилиб, у жойдаги мўминлар учун ҳозирлаб қўйилган муҳташам қасрлар ҳақида хабар бергач ва Оллоҳ таолодан қўрқадиган тақволи инсонлар қалбида Охират диёрига иштиёқ - муҳаббат уйғотгач, энди ушбу ояти каримада ҳаёти дунё аҳволи хусусида сўзлаб, унинг бебақо ва бевафолигини, демак, яхши кўришга арзимайдиган бир ўткинчи мато эканлигини жуда ибратли, ақли ҳуши жойида бўлган инсон албатта эслатма-ибрат оладиган бир мисол билан баён қилиб беради. Дарҳақиқат, ҳаёти дунёнинг мисоли шудир: Қодир Оллоҳ осмондан ёмғир-қор ёғдиради ва самодан тушган сувни Ер остига жойлаб, уни худди бадандаги қон-томирлар каби Ернинг ҳар тарафларига тарқаладиган дарё-анҳорларга тоғу тошлардан ва Ер остидан булоқлардан чиқариб оқизиб қўяди. Кейин ана ўша оби ҳаёт ёрдамида бутун Ер юзини ранги-рўйи, бўйи басти ва мазаси ҳар турли бўлган экин-тикин ва боғ-роғларга тўлдиради. Аммо энди одамлар гулу гулзорларни, боғу бўстонларни кўриб шодланиб турганларида баногоҳ улар бирин-кетин қуриб-қовжирай бошлайди, яъни, Ҳақ таоло у экин-тикинларнинг ҳаммасини қуруқ чўп ва хас-хашакларга айлантириб қўяди. Ушбу манзарага ҳар йили, бутун умри давомида гувоҳ бўлиб келаётган инсон, агар у ақл эгаси бўлса, албатта тўғри хулоса чиқаради - биринчидан, у ўткинчи дунё билан, унинг бир нафаслик ҳою-ҳаваси билан мангу Охират ва у жойдаги ҳеч туганмас неъматларни кўз олдига келтирганида албатта Охиратдаги абадий саодатни танлайди. Иккинчидан, ояти каримада тасвирланган ҳодисани - Оллоҳ таоло ўлик Ерни тирилтириб, яшнаган боғ-роғларга айлантириб қўйганини ўқиб-билган мўмин албатта У Зот Қиёмат Кунида ўлиб тупроққа айланган инсонларни қайта тирилтиришга ҳам Қодир эканлигига иймон келтиради. Ҳаёти дунёнинг бебақо экани яна бошқа бир ояти каримада ҳам жуда гўзал ифодаланган: «Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулги, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтиришдир, холос. (У) худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани деҳқонларни ҳайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр). Сўнгра у қурир, бас, уни сарғайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у қуруқ чўп бўлиб қолур. (Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир). Охиратда эса (ўша тўрт кунлик дунёга алданиб қолганлар учун) қаттиқ азоб ва (иймон-эътиқод билан ўтганлар учун) Оллоҳ томо-нидан мағфират ва ризолик бордир. Ҳаёти дунё эса фақат алдагувчи матодир». (Ҳадид сураси, 20-оят).

22. Ахир Оллоҳ кўнглини Ислом учун кенг қилиб қўйган ва Парвардигори томонидан Нур - Ҳидоят устида бўлган киши (қалби қо-тиб қолгани учун Тўғри Йўлга юрмасдан куфр зулматларида адашиб-улоқиб юрган кимса билан баробар бўлурми)?! Бас, диллари Оллоҳни эслашдан қотиб қолган (яъни, Оллоҳни эслашни тарк қилган) кимсаларга ҳалокат бўлғай! Улар очиқ залолатдадирлар!
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: у деди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Ахир Оллоҳ кўнглини Ислом учун кенг қилиб қўйган ва Парвардигори томонидан Нур - Ҳидоят устида бўлган киши (қалби қотиб қолгани учун Тўғри Йўлга юрмасдан куфр зулматларида адашиб-улоқиб юрган кимса билан баробар бўлурми)?!» оятини тиловат қилдилар ва : «Қачон қалбга иймон нури кирса у кенгайиб-очилиб кетади», дедилар. Шунда сўралдики, бунинг аломати недир? У зот айтдилар: «Қалбга иймон жо бўлганининг аломати у қалбнинг мангулик диёрига мойил бўлиши, ғурур - алдов диёридан чет-ланиб ўлим тушишидан илгари ўлимга тайёрланиб қолишидир». Адашган кимсалар эса иймон-Ислом сўзини эшитганларида худди сийрак ҳаволи осмонга кўтарилиб кетаётгандек дунё уларга торлик қилиб, гўё нафас ололмай қоладилар». (“Тафсири Бағавий”дан).
«Бас, диллари Оллоҳни эслашдан қотиб қолган (яъни, Оллоҳни эслашни тарк қилган) кимсаларга ҳалокат бўлғай! Улар очиқ залолат-дадирлар!»
Молик ибн Дийнор роҳимаҳуллоҳ айтади: “Банда учун қалби қотиб қолишидан каттароқ уқубат йўқдир. Оллоҳ азза ва жалла бирон қавмга ғазаб қилса, албатта уларнинг қалбидан раҳм-шафқатни суғуриб олур!” (“Тафсири Ҳуртубий”дан).
Ушбу ояти карима мазмунини биз Анъом сурасида келган бошқа бир оятдан янада яхшироқ англаймиз: «Ахир аввал ўлик (кофир) бўлган, сўнгра Биз уни (Ҳақ Йўлга ҳидоят қилиш билан) тирилтириб, унга одамлар орасида ўзи билан бирга олиб юрадиган Нурни (иймонни) бериб қўйганимиз бир киши - зулматларда қолиб кетган ва ундан ҳеч чиқувчи бўлмаган кимса каби бўлурми?! (Мўминларга иймонлари қандай чиройли кўринса) кофирларга ҳам қилаётган амаллари ана шундай чиройли кўрсатиб қўйилди». (Анъом сураси, 122-оят).
Ҳақ таоло мўмин инсон - қалбидаги иймони, қўлидаги Қуръони бутун ҳаёти давомида одамлар орасида юрар йўлини ёритиб турган мўмин инсон ҳеч қачон кофирга ўхшамаслигини, қабр зулматларида қолиб кетиб ҳеч ундан чиқишга қодир бўлмайдиган ўликка ўхшаган кофир кимса каби бўлмаслигини - мўмин тирик, кофир ўлик эканини айтади. Бир кофирнинг иймон келтириб мусулмон бўлиши худди бир ўликка жон кириб қайта тирилишига ўхшаган буюк ҳодиса эканини таъкидлайди. Кофирлар-нинг баданлари тирик бўлса-да, қалблари ўлик бўлгани, кўнгил кўзлари кўр бўлгани учун улар Ҳақ Йўлни кўрмайдилар, Ҳақ Сўзни эшитмайдилар.
“(Мўминларга иймонлари қандай чиройли кўринса) кофирларга ҳам қилаётган амаллари ана шундай чиройли кўрсатиб қўйилди.”
Шунинг учун улар турли гуноҳларни, қабиҳ ишларни, ёмонликларни ҳеч жирканмасдан, уялмасдан қилаверадилар. Масалан, Макка мушриклари Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга душманлик қиладилар, Оллоҳдан ўзгага атаб қурбонликлар қиладилар, Оллоҳ таоло ҳаром қилмаган нарсаларни ҳаром дейдилар, У Зот ҳаром қилган нарсаларни ҳалол дейдилар ва мана шу қабоҳатлари ўзларига чиройли кўринади. Чунки улар иймон нуридан бенасиб, зулматларда қолиб кетганлар, бас, ҳеч қачон Тўғри Йўлни топа олмайдилар.
Имом Аҳмад ўзининг “Муснад” китобида ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта ОллоҳЎз халқини зулматда яратди, сўнгра уларнинг устига Ўз Нуридан сочди. Бас, кимга у Нурдан теккан бўлса, ўша инсон ҳидоят топади, кимга тегмаган бўлса, у кимса залолат зулматидадир”, деганлари айтилади. (Ибн Касир тафсиридан).

23. Оллоҳ энг гўзал Сўзни - (оятлари фасоҳат ва балоғатда) бир-бирига ўхшаган, (ичидаги ҳукмлари) такрор-такрор келгувчи бир Китобни нозил қилдики, (ундаги Оллоҳнинг азоби ҳақидаги оятларни тиловат қилганларида) Парвардигорларидан қўрқадиган зотларнинг терилари - баданлари титраб кетар, сўнгра терилари - баданлари ҳам, диллари ҳам Оллоҳнинг зикрига юмшар - мойил бўлур. Мана шу Оллоҳнинг Ҳидоятидирки, унга Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Ва кимни Оллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас.
“Тафсири Мунийр”да Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга Қуръон нозил қилиниб, у зот бир муддат саҳобаларига Қуръон оятларини ўқиб берганларидан кейин айрим саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, Сиз бизларга бошқа сўзларни ҳам сўзлаб берсангиз эди”, дейишганида, ушбу ояти карима нозил бўлиб, ҳар бир инсон тинглаб-ўқиб-ўрганиб-амал қилиши вожиб бўлган энг керакли ва энг гўзал Сўз Оллоҳ таоло самодан бўлиб-бўлиб тушираётган мана шу Қуръон эканлиги айтилди ва ушбу Китобнинг оятлари гўзалликда, саноқли сўзлар билан жуда кўп маъноларни ифодалашда бир-бирларига ўхшайдиган, лафзда ҳам, маънода ҳам, бири бирини тасдиқлайдиган, яъни, ҳеч қачон бири иккинчисини рад этмай-диган, шу билан баробар такрор-такрор тиловат қилинса ҳам ҳеч зерикилмайдиган, ундаги қиссалар, хабарлар, хукмлар, буйруқлар ва таъқиқ-лар, хушхабар ва огоҳлантиришлар қайта-қайта келиб бир-бирини тўлдирадиган тенгсиз Ҳикматли Сўз эканлиги таъкидланди. Албатта, ояти карима давомида зикр қилинганидек, ушбу Китоб оятлари тиловат қи-линганида Оллоҳ таолодан қўрқадиган мўмин-мусулмонлар ҳеч қачон бепарво ҳолда тингламайдилар, балки ҳар бир оят мазмунига диққат-эътибор қилиб, ундаги азоб оятлари - осий-кофир кимсалар устига тушадиган Оллоҳнинг Қаҳру Ғазаби ҳақида огоҳлантирган оятлар ўқилганида қўрқувдан бутун вужудлари титроққа тушиб, Раҳмат оятлари - мўмин бандаларга ваъда қилинган улуғ ажр-мукофотлар ҳақида хушхабар берган оятлар ўқилганида жисму жонлари эриб, ором олиб, Оллоҳ таолонинг Зикри - Эслатмаси бўлмиш ушбу Китобни тиловат қилишга янада қаттиқроқ рағбат қиладилар. Ояти карима мазмуни бошқа бир оятда ҳам гўзал баён қилинган: «Улар иймон келтирган ва қалблари Оллоҳнинг зикри билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Оллоҳнинг зикри билан (мўминларнинг) қалблари ором олур». (Раъд сураси, 28-оят).
Демак, Оллоҳ таолони ёдга олганида, зикр қилганида ёки Унинг Исмини ва Каломини эшитганида қалби ором олиб дили таскин топиши кишининг ҳақиқий мўмин эканлигининг белгиларидандир.
Кофирлар эса, фақат дунё ва ундаги нарсалар ҳақида сўзланганида, ўзлари сиғинадиган турли-туман бутлар зикр қилинганида хурсанд бўладилар. “Қачон Ёлғиз Оллоҳ зикр қилинса Охиратга иймон келтирмайдиган кимсаларнинг диллари сиқилиб кетар. Қачон У Зотдан ўзга бутлар зикр қилинганида эса баногоҳ улар шодланиб кетурлар”. (Зумар сураси, 45-оят).
Муфассирлар “Оллоҳнинг зикри”ни турлича тафсир қилганлар: Муқотил: “Оллоҳнинг зикридан мурод Қуръондир”, дейди. Дарҳақиқат, мўминлар Каломуллоҳнинг ҳар бир ояти тенгсиз Илоҳий Мўъжиза эканига иймон келтирадилар. Шунинг учун улар Қуръон ўқиганларида ёки эшитганларида қалблари ором олади ва бу Эслатмадаги ҳар бир ҳукмдан диллари таскин топиб, унга роҳати дил билан итоат этадилар.
Қуръони Карим Зикр - Эслатма эканлиги бошқа оятларда ҳам эслатилгандир: “Албатта ушбу Эслатмани (яъни, Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни Сақлагувчидирмиз”. (Ҳижр, 9-оят).
“Бу (Қуръон) ҳам Биз нозил қилган бир муборак Эслатмадир. Ҳали сизлар уни инкор қилгувчимисизлар?!” (Анбиё сураси, 50-оят).
Қатода: “Оллоҳнинг зикри - мўминлар тилларида Оллоҳни зикр қилишларидир. Қачон улар Оллоҳ таолонинг Исмини зикр қилсалар, диллари яйраб кетади, роҳатланадилар”, дейди.
«Мана шу Оллоҳнинг Ҳидоятидирки, унга Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Ва кимни Оллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас».

24. Ахир Қиёмат Кунида ёмон азобдан ўз юзи билан сақланадиган кимса (у Кундаги ҳар қандай азобдан тинч-хотиржам бўладиган киши билан баробар бўлурми)?! (У Кунда) золим-кофирларга «Қилиб ўтган амалларингизни (нг жазосини, динсизлик мевасини) тотинглар!» дейилди.
«Қиёмат Кунидаги ёмон азобдан ўз юзи билан сақланадиган кимса» дейилганида қўллари кишанбанд бўлгани сабабли у қўллар билан юзларини дўзах ўтидан тўсишга қодир бўлмайдиган ва оқибат-натижада дўзах оловида энг аввал юзлари куядиган кимсалар тушунилади.
Мўмин билан кофир ҳеч қачон баробар бўлмаслиги бошқа оятларда ҳам таъкидланган: «Албатта Бизнинг оятларимизга эгрилик қиладиган (яъни, уларни бузмоқчи бўлган) кимсалар Бизга махфий-номаълум бўлиб қолмаслар. Ахир дўзахга ташланадиган кимса яхшироқми ёки Қиёмат Кунига (Оллоҳнинг азобидан) хотиржам ҳолда келадиган кишими?! Ўзларингиз хоҳлаган амални қилаверинглар! Албатта У қилаётган амалларингизни Кўриб тургувчидир». (Фуссилат сураси, 40-оят). «Ахир юз тубан (яъни, оёғининг остидан ўзга ёққа қарамасдан) юрадиган кимса Ҳақ Йўлни топгувчироқми ёки қадди рост ҳолида Тўғри Йўлда юрадиган кишими?!» (Мулк сураси, 22-оят).
Ушбу ояти карима кофир билан мўмин ҳақида келтирилган ибратли бир масалдир. Уни шундай тушунмоқ лозим. Динсиз-эътиқодсиз кимса бирон Илоҳий йўлланмасиз, ўтган кунини ҳам, келажагини ҳам унутиб, фақат бугунини қандай ўтказиш ғами, бугуннинг муаммоларини ҳал қилиш ташвиши билан овора-ю сарсон бўлиб, яъни, фақат оёғининг тагига қараб кун ўтказади. Демак, унинг эрта бир кун йўлидан чиқиб қолиши аниқ бўлган ҳар қандай тошга-тўсиққа қоқилиб, юз тубан қулаши ҳеч гап эмас. Аммо иймон-эътиқод эгаси эса Яратган юборган Илоҳий қўлланма кўрсатиб қўйган Тўғри Йўлда, қаддини рост тутиб, қиладиган ҳар бир иш-амалида фақат ҳозирнинг ҳузурини кўзламасдан, балки Эрта - Қиёмат Кунидаги ҳисоб-китоб ва ажр-мукофотни ўйлаб боради. Бинобарин бугуннинг, яъни, ўткинчи дунёнинг арзон матолари уни ўзи танлаб олган Тўғри Йўлидан адаштира олмайди.
(У Кунда) золим-кофирларга «Қилиб ўтган амалларингизни (жазосини, динсизлик мевасини) тотинглар!» дейилди.
Яъни, Қиёмат Кунида дўзахга ташланиб, ҳамма тарафларидан жон чидагис азобнинг ўртасида қолган мушрик-кофир кимсалар: “Қанийди, яна бир бор ҳаёти дунёга қайтарилсаг-у, бизни йўлдан оздирган доҳийлардан, бутлардан узоқ бўлиб, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиб ўтсак”, деб қоладилар, ўзларининг Тўғри Йўл деб ўйлаганлари дўзах йўли эканини, дўст деб билганлари душман эканини, яхши амал деб қилганлари ёмон бефойда ишлар эканини кўриб ҳасрат-надоматлар қиладилар, лекин энди вақт ўтган бўлади ва ҳаёти дунёдан куфр билан, ширк билан ўтган кимсалар қилган бу қилмишларига тўла жазо оладилар - улар мангу жаҳаннамда қоладилар.
Суддий айтади: “Кофирларга, мушрикларга жаннат ва ундаги уйлари кўрсатилиб: “Агар сизлар Оллоҳга итоат қилганларингизда эди, мана бу уйлар сизларнинг масканларингиз бўлар эди”, дейилади ва у уйларни мўминларга тақсимлаб берилади. Ана ўшанда улар ҳасрат - надоматда қоладилар”.
Ва уларга: “Қилиб ўтган амалларингизни(нг жазосини) тотинглар!” дейилади.

25-26. Улардан (Макка мушрикларидан) аввалгилар ҳам (ўз пайғамбарларини) ёлгончи қилганларида, уларга азоб ўзлари сезмайдиган томондан келган эди. Бас, Оллоҳ уларга мана шу ҳаёти дунёда расволикни тоттирди. Шак-шубҳасиз, Охират азоби янада каттароқдир. Агар улар (Оллоҳнинг азобини) билсалар эди (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилмаган бўлур эдилар).
Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни масхара қилган ва Қуръони Азимнинг Каломуллоҳ эканини инкор этиб, бу аввалгилардан қолган афсона, деган Макка мушриклари ҳақида нозил бўлган ушбу ояти карима ўз мазмун-моҳияти билан Оллоҳ ва Унинг Дини устидан куладиган барча замон ва маконлардаги динсиз кимсалар ва улар тузган турли тузум ва “изм”ларнинг оқибати нима бўлиши ҳақида айтилган Илоҳий Таҳдиддир, ўта қаттиқ Огоҳлантиришдир. Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Ўзи нозил қилган Ҳақ Каломига ҳамда сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга қарши макр-ҳийла қиладиган ва мўмин-мусулмонларни ҳам алдаб ўз тузоқларига туширмоқчи бўладиган куфр аҳлини огоҳлантириб, улар каби найрангбозлар аввалги асрларда ҳам ўтгани ва қачонки улар турли макр-ҳийлалар билан Оллоҳ таоло юборган Нурни ўчирмоқчи бўлганларида Ҳақ таоло уларнинг устига ҳеч кутмаган - ўйламаган тарафларидан азоб юбориб, ўз наздларида ўта мустаҳкам ва муҳташам қилиб қурилган жамиятларининг биноси пойдеворини емириб йўқ қилгани, натижада улар ўзлари қурган бинонинг қулаб тушган томи остида қолиб халок бўлганлари ҳақида хабар беради. Аксари муфассирлар: “Оятда зикр қилинган “макр-ҳийла қилган кимсалар”дан мурод, Иброҳим алайҳис-салоту вассалом замонида ўтган золим подшоҳ Намруд ибн Канъон ва унинг қавмидир. Ўзини Ердаги худо деб эълон қилган у золим подшоҳ: “Энди мен осмонга чиқиб, у жойдаги худолар билан урушаман”, деб Бобил шаҳрида баландлиги беш минг газ (3500 метр) бўлган бир осмонўпар қаср бино қилдирган ва тобеълари билан осмонга чиқиш учун у қасрнинг томига кўтарилганларида Оллоҳ таолонинг Амри билан бино пойдевори емирилиб, ҳаммалари ҳалок бўлганлар”, деб тафсир қиладилар. (“Тафсири Бағавий”ва “Тафсири Қуртубий”дан).
Бу - кофир кимсалар ҳаёти дунёда дучор бўлган азоб эди. Энди улар-нинг Охиратда қандай кўргуликларга дучор бўлишлари ҳақида қуйидаги оятларда хабар берилади.
Ушбу оятлар Оллоҳ таоло куфрони неъмат қилган ва Ҳақ Йўлга юришдан бош тортган қавмни нафақат Охиратда, балки мана шу дунёнинг ўзида ҳам турли бало ва офатлар билан жазолаши муқаррар эканлигига равшан бир далилдир. Шунингдек, ояти каримада Макка мисол қилиб келтирилиши ҳам албатта, бежиз эмасдир, Ҳақ таоло Ўзининг Байти - Каъбатуллоҳ ва Масжидул-Ҳаром жойлашган шаҳар аҳли устига улар Ҳақ Йўлга юрмаганлари, Ҳақ Пайғамбарга иймон келтирмаганлари учун хавфу хатар, нотинчлик, қаҳатчилик ва очарчилик балосини туширганини эслатиш билан, демак, Ер юзининг бошқа тарафларида ҳам агар қай бир қавм томонидан мана шундай нонкўрлик, куфрони неъмат содир бўлар экан, у қавм устига ҳам хавфу хатар, нотинчлик, қаҳатчилик ва очарчилик каби бало офатлар тушиши аниқ эканлиги ҳақида огоҳлантиради.
Бу - кофир кимсалар ҳаёти дунёда дучор бўладиган азоб-уқубатлардир. «Шак-шубҳасиз, Охират азоби янада каттароқдир. Агар улар (Оллоҳнинг азобини) билсалар эди (ўз пайғамбарларини ёлғончи қилмаган бўлур эдилар)».

27. Аниқки, Биз ушбу Қуръонда инсонлар учун барча мисоллардан келтирдик, шояд ибрат олсалар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Китобини шарафлаб Қуръони Каримда инсонлар учун - улар дунё ва Охиратда бахтли ҳаёт кечиришлари учун зарур бўлган барча мисол, ибрат ва ҳикматларни қайта-қайта баён қилиб берганини, баён қилганда ҳам, улар осон қабул қилишлари учун ҳар бир ҳукмни, буйруқни, қайтариқни, олис-яқин ўтмиш хабарларини, келажакда дунё ва Охиратда бўладиган воқеа-ҳодисаларни, жаннат ва дўзах аҳволини бениҳоя фасоҳат ва балоғат билан, худди бир гўзал масал янглиғ киши ёдидан чиқмайдиган суратда баён қилиб берганини, аммо инсонларнинг аксари қисми ушбу Китобдаги ўзлари ўта муҳтож бўлган Сўзни қабул қилмасдан - Қуръон Оллоҳнинг Каломи эканлигига иймон келтирмасдан, фақат куфрни танлаганларини, яъни, аниқ-равшан Ҳақи-қатни ҳеч ўйламасдан, ақл юргизмасдан инкор этганларини айтади. Дарҳақиқат, ҳозир ҳам, ушбу ояти карима инсонларга етганидан бир минг тўрт юз йил ўтганидан кейин ҳам одамларнинг аксариси Каломуллоҳдан - ҳамма нарса очиқ-ойдин ва бениҳоя гўзал тарзда баён қилинган Қуръони Азимдан юз ўгириб, ўзлари ўйлаб топган куфр ва залолат йўлларида адашиб-улоқиб юрибдилар. Макка мушриклари ҳам худди шундай куфрни танлаган эдилар.
Яъни, башариятнинг барча мушкилот муаммолари учун бирдан-бир даво бўлган ушбу Китобда бирон эгрилик - хато йўқдир.
Дарҳақиқат, Қуръон Ҳақ таолонинг биз бандаларига ато этган энг буюк Неъматидир. Чунки бошқа барча неъматларнинг неъмат эканлигини биз Қуръондан ўрганамиз. У бизга ҳам дунё, ҳам Охиратда бахтли бў-лиш сирларини ўргатади, нажот йўлини кўрсатади.
Дарҳақиқат, Қуръони Карим Оллоҳ таолонинг Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам орқали инсониятга юборган Сўзи Мактубидир. Инсонлар ёзган китобларнинг лафзида хатолар, мазмунида эса шубҳали маънолар бўлиши мумкин ва бу табиий бир ишдир. Аммо буюк Оллоҳнинг Китобида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир. Чунки Жаноби Ҳақ таолонинг Ўзи ҳам, айтган ҳар бир Сўзи ҳам Ҳақдир.

28. (Биз ушбу Китобни) шояд (инсонлар Оллоҳдан) қўрқсалар, деб бирон эгрилик эгаси бўлмаган арабий Қуръон ҳолида (нозил қилдик).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг очиқ-равшан Китоби бўлмиш Қуръони Каримни Ер юзига одамлар ақл юритиб, англаб, амал қилишлари учун араб тилидаги Қуръон ҳолида нозил қилганини таъкидлаш билан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг она тиллари бўлмиш араб тилини шарафлайди, шунингдек, бу тил фасоҳат ва балоғатда тенгсиз эканига, жамийки тиллар ичида энг бой, оз сўз билан кўп маънони ифодалашга қодир, бошқача айтганда, Каломуллоҳни инсонлар онгига етказиш учун энг муносиб бир тил эканига ишора қилади. Зотан, Ҳақ таолонинг Ер юзига туширган сўнгги ва ҳеч қачон ўзгармайдиган Каломи учун ана ўша буюк тил танланиши албатта беҳикмат эмасдир. Аллома Ибн Касир ўзининг “Қуръони Азим тафсири”да бундай дейди: “Араб тили ҳар жабҳада бошқа тиллардан афзал ва мукаммал тил бўлгани учун ҳам Илоҳий Китобларнинг энг улуғи бўлмиш Қуръони Карим мана шу энг улуғ тилда энг улуғ Элчига энг улуғ фаришта орқали нозил қилинди ва бу иш Ер юзидаги энгулуғ шаҳарда ойларнинг энгулуғи бўлган Рамазони шарифда бошландики, бу фазилатларнинг барчаси Куръон тенги ва ўхшаши йўқ, эгрилиги - хатоси йўқ бирдан-бир мукаммал Калом эканига далолат қилади”.
Оятдаги “арабий” калимасининг бир маъноси “соф араб тилида”, дегани бўлса, иккинчи маъноси, “аён, тушунилиши осон тилда”, деган мазмунни ҳам англатади. Шу маънода “арабий Қуръон” ибораси “очиқ-равшан Қуръон”, деганидир.

29. Оллоҳ (шундай) бир мисол келтирди: бир киши борки, унинг устида бир-бири билан талашгувчи шериклар (яъни, хожалар) бор. Яна бир киши борки, у бус-бутун ҳолида бир киши - бир хожаникидир. Иккисининг мисоли баробар бўлурми?! (Асло баробар бўлмас. Худди шунингдек бир неча «худо»ларга сиғинадиган мушрик билан Ёлғиз Оллоҳга бандалик қиладиган мўмин ҳам баробар бўлмас). Ҳамду сано (Ёлғиз) Оллоҳ учундир. Йўқ, уларнинг кўплари билмаслар, (бас, ана шу сабабдан турли «худо»ларга сиғинурлар).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қиладиган мўмин билан турли “илоҳлар”га сиғинадиган мушрик кимса ўртасидаги фарқни жуда ибратли ва айни чоғда ҳар бир соғлом ақл эгаси ҳеч қийнал-масдан англаб оладиган бир мисоли билан баён қилади. Дарҳақиқат, бири бирига тамоман тескари бўлган, бирининг хоҳлаганини иккинчиси хоҳ-ламайдиган бир неча хожалар қўл остида улардан қай бирини рози қилишни билмай сарсон-саргардон бўладиган қул билан Ёлғиз Хожанинг буйруғини бажариб Уни рози қиладиган ва ажр-мукофотларига эришадиган қул асло баробар бўлмас. Худди шунингдек, турли бут-санамларга сиғиниб бирон бир фойдага эриша олмайдиган мушрик кимса билан Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиб, Унинг Раҳматига сазовор бўладиган мўмин инсон ҳам асло баробар эмасдир. Алҳамдулиллоҳки, ўртадаги фарқ жуда аниқдир. Лекин, афсусларки, мана шу аён ҳақиқатни тан олишни истамасдан жуда кўп одамлар, яъни, мушрик-кофир кимсалар ўзлари қўллари билан ясаб олган турли-туман бутларни ўзлари учун хожа“илоҳ” қилиб олиб, ўшаларга сиғиниб ўтиб кетадилар ва Ёлғиз Хожанинг ғазабига гирифтор бўлиб, жаҳаннамга равона бўладиар!

30. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), ҳеч шак-шубҳасиз, Сиз ҳам ўлгувчидирсиз, улар ҳам ўлгувчидирлар.
“Тафсири Қуртубий”да айтилишича, ушбу ояти каримада Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиниб, у зотнинг ҳам, барча инсонларнинг ҳам ўлимлари ҳақ эканлиги, яъни, ҳеч ким бу дунёда абадий яшамаслиги ҳақида хабар берилди. Бу Илоҳий хабарнинг беш эҳти-молий маъноси бўлиб, биринчидан, ушбу хабар Охиратдан огоҳлантиришдир; иккинчидан, вақт борида солиҳ амаллар қилиб қолишга тарғибдир; учинчидан, ўлимга ҳар доим тайёр бўлиб туриш лозимлиги ҳақида берилган бир эслатмадир; тўртинчидан, вақти-соати келиб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам вафот қилганларида умматлари у зотнинг ўлимлари хусусида ихтилоф қилмасликлари учун нозил қилинган Илоҳий ҳужжатдир. Дарвоқеъ, Умар розияллоҳу анҳу Оллоҳнинг Расулиўлиши мумкин эмас, деб Пайғамбар алайҳис-саломнингўлимларини инкор қилганида Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу мана шу оятни ҳужжат қилиб келтирганидагина Умар сукут қилган эди; бешинчидан, ушбу ояти карима гарчи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бутун инсониятнинг энг улуғ вакили бўлсалар-да, яъни, барча инсонларнинг энг афзали бўлсалар-да, ўлим олдида барча баробар эканлиги, худди бошқа гуноҳкор бандалар ажаллари етганида албатта ўлганлари каби у маъсум - бегуноҳ зот ҳам вақти-соати етганида албатта вафот этишлари ҳақ эканлиги ҳақида хабар қилиш билан мўминларга ўзига хос таскин-тасаллий беради, уларнинг ҳасрат-надоматларини бир оз бўлса-да камайтиради.

31. Сўнгра албатта сизлар Қиёмат Кунида Парвардигорларингиз ҳузурида бир-бирларингиз билан талашиб-тортишурсизлар!
Шунингдек, инсонлар бир-бирлари билан - мазлум золим билан, ҳақ бўлган киши ноҳақ кимса билан талашиб-тортишадилар. Ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: “Ушбу ояти карима бизнинг ҳақимизда нозил бўлганини кўриб, аввал нега биз Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло ҳузурида бир-биримиз билан хусумат қилиб талашиб-тортишар эканмиз, ахир бизнинг Пайғамбаримиз ҳам, динимиз ҳам бирку”, дедик. Лекин кейин, мусулмонлар бир-бирлари билан урушиб, жанжалла-шаётганларини ҳатто айримлари айримларининг юзига қилич ураётганини кўрганимдан кейин ҳақиқатан ҳам Қиёмат Кунида ҳақни ҳақ, ноҳақни ноҳақ қилиш учун талашиб-тортишишимиз ҳақ экан дедим”.
Зубайр розияллоҳу анҳу айтди: “Қачонки ушбу оят нозил бўлгач, биз: “Ё Расулуллоҳ, Қиёмат Кунида бизларнинг мана шу дунёда осий-гуноҳкорлар билан қилган жанжалларимиз яна такрорланадими?” деган эдим, у зот: “Ҳа, ҳар бир ҳақдорга ҳаққи олиб берилиши учун албатта ҳар бир хусумат такрорланади”, дедилар. Шунда Зубайр: “Оллоҳга қасамки, иш жуда оғир экан”, деди.
Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилинди. У айтди: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким биродарининг обрўсига ёки мол-дунёсига бирон-бир суратда зулм ўтказган бўлса, у ҳолда бугун - ундан бирон динор ҳам, дирҳам ҳам қабул қилинмайдиган Кун келиб қолишидан бурун - ўрталаридаги можароларини ҳал қилиб, яъни, мазлумни рози қилиб олсин. Акс ҳолда Қиёмат Кунида унинг бирон-бир солиҳ амали бўлса, қилган зулми баробарида мазлумга олиб берилади, агар ҳеч қандай солиҳ амали бўлмаса, у ҳолда мазлумнинг гуноҳларидан олиниб, ўша зулм қилгувчининг бўйнига илинади”, дедилар. (Бухорий ва Бағавий ривоят қилганлар).
Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳақиқий муфлис - синиб, бир чақаси ҳам қолмаган қашшоқ ким эканини биласизларми?” деган эдилар, саҳобалар: Биз ўзимизча бирон тангаси ҳам, бирон нарсаси ҳам бўлмаган кимсани муфлис деймиз”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Билингларки, менинг умматим орасидаги муфлис (ҳеч нарсаси йўқ қашшоқ киши эмас, балки), Қиёмат Кунига ўзининг намоз, рўза ва закоти билан келган, аммо ҳаёти дунёдалик пайтида бировни сўккан, бировни ҳақорат қилган, яна бировнинг молини еган, яна бировнинг қонини тўккан, яна бировни урган. Ана энди қилган ҳасанотларидан - яхши амалларидан ўша мазлумлардан унисига беради, бунисига беради, агар зиммасидаги зулмларнинг тўловларини адо этиб бўлмасидан ҳасанотлари тугаб қолса, у ҳолда мазлумларнинг гуноҳларидан олиниб, унинг елкасига ташланади, сўнгра у дўзахга ташланади! (Ҳақиқий муфлис - ифлос кимса ана ўшадир), дедилар. (Муслим ривояти. “Тафсири Бағавий”ва “Тафсири Куртубий”дан).

32. Ахир Оллоҳ шаънига (Унинг шериги ва бола-чақаси бор», деб) ёлғон сўзлаган ва Рост - Куръонни ўзига келиб-етган пайтидаёқ (ўйламай-нетмай) ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ кимса борми?! Ё кофирлар учун жаҳаннамда жой йўқми?! (Албатта бор)!
Яъни, Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг “шериги бор”, деб, “Малоикалар Оллоҳнинг қизлари” деб ва яна бошқа шунга ўхшаган мутлақо асоссиз сўзлар билан Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқиган кимсалар ҳамда Оллоҳ таоло нозил қилган Қуръони Мажид оятларини ёлғон деган, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳнинг Элчиси эканликларига далил-ҳужжат бўладиган Илоҳий мўъжизаларни сеҳр деган кимсалар энг золим кимсалардир.
Яхши билиб олишимиз керакки, Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиш дегани фақат юқоридаги каби мисоллар билан чекланмайди. Балки мусулмонлар орасида ҳам бундай ёлғон тўқишлар, минг афсуски, учраб туради. Яъни, Қуръон ва Суннатга мувофиқ бўлмаган, оят ёки ҳадисда келмаган барча бидъат-хурофотлар ҳам ҳеч шак-шубҳасиз, Оллоҳ шаънига ёлғон тўқишдир. Демак, ҳеч қандай шаръий далил-ҳужжатсиз “Мана бу амал суннат ёки ана у иш ҳаром” деган кимсалар ва уларнинг ортидан эргашганлар ҳам ояти каримада айтилган - нажот топмайдиган золимлардир. Бас, кўзларимиз очилиши керак. Бунинг учун эса холис ният билан Каломуллоҳни ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ўрга-ниб, чин ихлос билан уларга амал қилишимиз керак.
Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳақида бошқа оятларда бундай дейилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Шубҳасиз, Оллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар нажот топмаслар». (Ундай кимсалар учун) бу дунёда озгина фойдаланиш бор. Сўнгра Бизга қайтишади. Ана ундан кейин кофир бўлиб ўтганлари учун уларга қаттиқ азоб тоттирурмиз.” (Юнус сураси, 69-70-оятлар)

33. Рост Куръонни келтирган зот (яъни, Муҳаммад алайҳис-салом) ва уни тасдиқ этган (мўминлар) - ана ўшалар асл тақводорлардир. Яъни, ширкдан узоқ бўлган ва бут-санамларга сиғинишдан ҳазар қилган ҳақиқий тақводор зотларнинг биринчиси ва энг афзали Оллоҳ таоло томонидан нозил бўлган Чин Сўзни - Ҳақ Қуръонни келтирган сўнгги Пайғамбар, элчилар султони Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдирлар ҳамда у зотни ҳақ Пайғамбар, Оллоҳ ҳузуридан юборилган Элчи деб тасдиқ этган, у зот келтирган Қуръон Оллоҳ таолонинг Каломи ва ҳамма нарсани аниқ-равшан баён қилгувчи энг улуғ Китоб деб аниқ ишонган мўминлардир.

34. Улар учун Парвардигорлари ҳузурида (яъни, жаннатда) хоҳлаган нарсалари бордир. Бу чиройли амал қилгувчи кишиларнинг мукофотидир.
“Улар учун Парвардигорлари ҳузурида (яъни, жаннатда) хоҳлаган нарсалари бордир”.
Бу ҳақда бошқа бир оятда шундай хабар берилади: “Уларга олтиндан бўлган лаганлар(да таомлар) ва қадаҳлар( да шароблар) айлантирилур. У жойда кўнгиллар тилайдиган ва кўзлар лаззатланадиган (барча) нарса бордир. Сизлар у жойда мангу қолурсизлар”. (Зухруф сураси, 71-оят).
Бас, жаннат аҳли у жойда кўнгилларига ором, жонларига роҳат берадиган қандай неъматни хоҳласалар, барчаси ҳозиру нозир эканини кўрадилар, ҳатто ҳадиси шарифда айтилишича, Оллоҳ таоло уларнинг хотир-ларига келмаган, кўзлари кўриб қулоқлари эшитмаган ноз-неъматларни ҳам муҳайё қилиб қўяди.
Ҳақ таоло Унинг ғазаб ва азобидан қўрққанлари учун зиммаларидаги Исломий бурч ва вазифаларини тўла тўкис адо этишга ҳаракат қилган тақволи бандаларини мана шундай мукофотлар.
“Бу чиройли амал қилгувчи кишиларнинг мукофотидир”.
“Саҳиҳайн”да Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам “Эҳсон - чиройли амал қилиш” нима”, деб сўралганида “Эҳсон - Оллоҳ таолога худди Уни кўриб тургандек ибодат қилишингдир, зотан, агар сен Уни кўра олмасанг, У албатта сени кўриб турур”, деб жавоб қилганлар. (“Тафсири Мунийр”дан).

35. Зеро, Оллоҳ уларнинг қилган ёмон амалларини кўмиб - ўчириб юбориб, қилиб ўтган чиройли амалларининг ажри билан мукофотлар. Ояти карима ҳаёти дунёда шояд Парвардигоримиз бизларнинг қилган хатоларимизни кечириб, гуноҳларимизни ўчириб юборса, деган умид билан қўлларидан келганча чиройли амалларни қилиб ўтган мўминларга Ҳақ таоло томонидан берилган бир Илоҳий мужда - хушхабар бўлиб, Оллоҳ таоло гўё Уни ўз кўзлари билан кўриб тургандек чин ихлос билан, аз-таҳидил чиройли амалларни адо қилиб ўтган бандаларига йўл қўйган хато ва гуноҳларининг барчасини, ҳатто энг ёмон гуноҳларини ҳам бутунлай ўчириб юбориб, уларнинг қилиб ўтган катта-ю кичик барча солиҳ амалларини энг чиройли амал қаторида қабул қилиб, энг гўзал мукофот-жаннат билан мукофотлаши ҳақида хабар беради.

36. Оллоҳ Ўз бандасига (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломга, у кишини барча бало-қазодан асраш учун) етарли эмасми?! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), улар Сизни (Оллоҳдан) ўзга бутлари билан қўрқитурлар. Кимни Оллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас.
Қурайш кофирлари Пайғамбар алайҳис-саломни «Сен бизнинг худоларимизни айблаётганинг сабабли улар сени ҳалок қилмасалар эди», деб қўрқитмоқчи бўлганларида, ушбу оят нозил бўлиб, Оллоҳ Ўз бандасини ҳар қандай ёмонликдан асрашга Қодир эканини уқтиради ва жонсиз бут-санамларга сиғинадиганларни йўлдан озган кимсалар, деб атайди.
Яна бошқа бир сурада Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳам у зотни ёлғончи қилган Макка мушрикларига Нуҳ, Ҳуд ва бошқа пайғамбарлар ўзларини ёлғончи қилган қавмларига айтган мазкур сўзларни айтишни буюрди: “Шубҳасиз, сизлар Оллоҳни қўйиб илтижо қилаётган нарсалар худди (сизларнинг) ўзларингиз каби бандадирлар. Бас, агар ростгўй бўлсангизлар, сизлар уларга бир дуо қилинглар, улар дуоларингизни ижобат қилсинлар-чи?! Уларнинг оёқлари бормики, юрсалар, ё қўллари бормики, тутсалар, ёки кўзлари бормики, кўрсалар, ёхуд қулоқлари бормики, эшитсалар?! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Сизлар (Оллоҳга) шерик деб билган ўша бутларингизни чақиринглар-да, сўнгра менга (бир лаҳза) муҳлат бермай бор ҳийла-найрангингизни қилаверинглар». (Қандай ҳунар кўрсатманглар, натижаси ҳечдир). (Аъроф сураси, 194-195-оятлар).
Макка, нафақат Макка, балки бутун дунё ширк ва куфр гирдобига ғарқ бўлиб ётган бир замонда, мусулмонларнинг саноқлари бармоқ билан са-найдиган даражада оз бўлган бир пайтда мушрикларга ва уларнинг илоҳларига қарши мазкур сўзларни баралла айтишга фақат Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Мададига аниқ ишонган, тутган Йўли Тўғри Йўл эканига иймони комил бўлган мусулмонгина журъат қилиши мумкин эдики, Ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламда ана шундай буюк фазилатларнинг барчаси энг баркамол суратда мужассам эди.

37. Кимни Оллоҳ ҳидоят қилса, бас, унинг учун бирон йўлдан оздиргувчи бўлмас. Оллоҳ Кудратли ва (Ўз душманларидан) Интиқом олгувчи эмасми?!
Ояти карима мазмунан юқоридаги оятнинг давоми бўлиб, Оллоҳ адаштириб кўйган кимсани ҳеч ким Тўғри Йўлга сола олмаслигини, Оллоҳ Тўғри Йўлга ҳидоят қилиб қўйган инсонни эса, ҳеч ким адаштира олмаслигини таъкидлайди, яъни агар Оллоҳ таолонинг Иродаси бўлмаса ҳеч ким ҳеч кимни Тўғри Йўлга бошлай олмаслигини ва ҳеч ким ҳеч кимни адаштира олмаслигини, ҳидоят ҳам, залолат ҳам Ёлғиз Оллоҳнинг Қўлидаги иш эканлигини айтиб, Ҳақ таолонинг тенгсиз Қудрат Эгаси, дўстларига беҳад Меҳрибон, душманларидан аёвсиз интиқом олгувчи Зот экани ҳақида хабар беради.

38. Қасамки, агар Сиз улардан: «Осмонлар ва Ерни ким яратган», деб сўрасангиз, улар албатта «Оллоҳ» дерлар. Айтинг: «Энди хабар берингларчи, сизлар Оллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутларингиз - агар Оллоҳ менга бирон зиён етказишни истаса - ўша (бутлар) У Зотнинг зиёнини арита олгувчимилар? Ёки (Оллоҳ) менга бирон марҳамат қилишни ирода қилса, ўша (бутлар) У Зотнинг марҳа-матини ушлаб - тўхтатиб қолгувчимилар?!» Айтинг: «Менга Оллоҳнинг Ўзи етарлидир. Таваккул қилгувчи - суянгувчи зотлар Ёлғиз Унга таваккул қилурлар».
Ушбу ояти карима Оллоҳ таолонинг Танҳо Холиқ, демак, Танҳо Маъбуди Барҳақ эканига, Унга бирон нарсани ширк келтириш ва Ундан ўзгага ибодат қилиш эса, ўта катта нодонлик-жаҳолат эканлигига яна бошқа бир Илоҳий Ҳужжатдир. Айтилмоқдаки, мана сизлар ўзларингиз эътироф этиб турганларингиздек, Ер-у осмонларни ва уларда мавжуд бўлган барча махлуқотни Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи йўқдан бор қилган - яратган. Алҳамдулиллоҳки, сизлар мана шу Ҳақиқатни тан олмоқдасизлар. Бас, шундай экан, нега сизлар, эй мушриклар, ана ўша Танҳо Холиққа ибодат қи-лиш ўрнига қўлидан ҳеч нарса келмайдиган жонсиз бут-санамларга сиғинмоқдасизлар?! Нега сизлар Ҳақни ташлаб ботилга бурилиб кетмоқдасизлар, Ҳидоятни тарк этиб, залолатни танламоқдасизлар?! Ахир бундан ортиқ жаҳолат бўладими?!
Ушбу оятда мушриклар сиғинадиган нарсалар - улар бут-санамлар бўладими, ёки қуёш, ой, юлдузлар бўладими, ёки фаришта ё жинлар бўладими, нима бўлса бўлсин, улардан биронтаси холиқ - яратувчи эмаслиги, балки барчалари махлуқ - яралгувчи эканлиги, бинобарин, Холиқни қўйиб махлуқларга сиғиниш албатта Ҳақ Йўлдан юз ўгириб кетиш эканлиги баён қилинади.
Юнус сурасининг 107-ояти ҳам ушбу оят билан бир мазмундадир:
«Агар Оллоҳ Сизни бирон зиён билан ушласа, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар (Оллоҳ) Сизга бирон яхшилик (етказиш)ни ирода қилса, Унинг Фазлу Марҳаматини қайтара олгувчи йўқдир. У бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларга яхшилик етказур. У Мағфиратли, Меҳрибондир». (Юнуссураси, 107-оят).
Юқоридаги оятлар мазмунини таъкидловчи ушбу ояти каримада бандаларга яхшилик ёки ёмонлик, манфаат ёки зиён етказиш Ёлғиз Оллоҳнинг Қўлида экани, бу ишларда Унга ҳеч ким шериклик қила олмаслиги, демак, ибодат қилинишга мустаҳиқ бўлган Зот ҳам Танҳо Оллоҳ таолонинг Ўзи экани уқтирилади. Бас, ҳеч кимга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган бут-санамларга топиниб дуо-илтижо қилиш, у жонсиз нарсаларни Тенгсиз Қудрат Эгаси бўлган Оллоҳ таолога шерик деб эътиқод қи-лиш ақлли инсонларнинг иши эмасдир.
“Агар Оллоҳ Сизни бирон зиён билан ушласа, уни фақат Ўзигина кетказа олур.”
Ояти каримада гарчи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса-да, барча инсонлар назарда тутилади. Ҳақ таоло қай бир киши ўзининг қилган гуноҳи сабабли Оллоҳ таоло томондан касал-лик, камбағаллик ёки шу каби бошқа бирон зиён-мусибатга гирифтор қилинса, у зиёндан қутулишнинг бирдан-бир йўли Оллоҳ таолога тавба қилиб, гуноҳ ишлардан тийилиш эканини, ана шунда, Мағфиратли, Меҳрибон ПарвардигорнингЎзи у кимсанинг бошига тушган балони кетказишини таъкидлайди. Банданинг бошига бало-мусибат келишига фақат унинг қилган қилмиши сабаб бўлиши ҳақида бошқа бир оятда шундай дейилади: “(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса - гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур.” (Шўро сураси, 30-оят).
“Агар (Оллоҳ) Сизга бирон яхшилик (етказиш)ни ирода қилса, Унинг Фазлу Марҳаматини қайтара олгувчи йўқдир. У бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларга яхшилик етказур. У Мағфиратли, Меҳрибондир.”
Ояти кариманингушбу жумлаларида Оллоҳтаоло бандасига Ўз Фазлу  Марҳаматини кўргазиб, гарчи банда лойиқ бўлмаса-да, унга диний ёки дунёвий яхшилик - офият, барака ва ғалаба каби неъматлар ато этишни лрода қиладиган бўлса, у неъматларни ҳеч ким тўса олмаслиги таъкидланади ва бандалардан кимга Фазл-Марҳамат кўргазиш Ёлғиз Оллоҳнинг инон-ихтиёридаги иш экани уқтирилади. Демак, ҳар бир инсон зиён ёмонликлардан омонда бўлиш учун ҳам, яхшиликка - Илоҳий Фазлу Мархаматга эришиш учун ҳам гуноҳлардан тавба қилган бандалари учун Мағфиратли, тоат-ибодат қилгувчи бандалари учун Марҳаматли Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ёлғиз Ўзига дуо-илтижо қилиши лозимдир. Анас ибн Молик розияллоху анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Бутун умрингиз бўйи яхшилик сўраб дуо қилинглар, Парвардигорингизнинг Фазлу Марҳаматига кўз тутинглар! Албатта, Оллоҳ таолонингЎз Файзу Раҳматидан бўлган шундай ҳадялари бордирки, уларни Ўзи хоҳлаган бандаларига етказур. Ва доимо Оллоҳ таолодан сизларнинг аврат - камчиликларингизни беркитишини, хавфу хатарлардан паноҳ беришини сўранглар”, деб буюрдилар.

39-40. Айтинг: «Эй қавмим, жойингиздан жилмай (яъни, куфрингиздан қайтмай билган) амалингизни қилаверинг. Мен ҳам (Парвардигорим буюрган) амални қилгувчиман. Бас, яқинда кимга уни шарманда қиладиган азоб келишини ва устига мангу азоб тушишини албатта билиб олажаксиз!»
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга хитоб қилиб, Макка мушрикларини қатъий огоҳлантиришни буюради. Аммо бу огоҳлантириш аввалгиларидан фарқли эди. Яъни, энди аввал нозил қилинган оятларда такрор-такрор айтилганидек, “Ширкдан воз кечинглар, куфрларингиздан қайтинглар”, дейилмасдан, аксинча, “Агар сизлар Яратганнинг Каломига ишонмас экансизлар, Унинг Ўзига ибодат қилмас экансизлар, дунё ва Охират саодати фақат Исломда эканини уқтирган шунча оятлар сизларга кор қилмаган экан, у ҳолда билганларингизни қилаверинглар, куфрларингизда тураверинглар! Мен ҳам ўз Диним - Исломда барқарор бўлиб, Парвардигорим буюрган амалларни қилавераман.
Эътибор қилсак, ояти каримада биз мусулмонлар учун ўта зарур бўлган бир нукта бор, яъни, киши кўзлаган мақсадига етиши учун амал қилиши, ўша мақсад томон қўлидан келган ҳаракатни қилиб интилиши керак, акс ҳолда амалсиз илмнинг ҳеч қандай фойдаси бўлмайди.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда у зотнинг асҳоби амал билан бемисл зафарларга эришдилар, бас, бизлар ҳам уларнинг изларидан эргашиб, улар бизга қолдириб кетган Қуръон ва Суннатни билиб, амал қилсакгина улар топган хайрли оқибат бизларга ҳам насиб этади, иншооллоҳ.
Мусулмонлар адади бармоқ билан санаса бўладиган даражада оз, ум-мати Исломийя жуда заиф бўлган ўша тарихда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ва у зотнинг садоқатли саҳобаларига - Оллоҳ ҳаммаларидан рози бўлгай - тез кунларда келадиган ғалаба умидини берган ушбу ояти карима каби оятлар бошқа сураларда ҳам нозил қилинган ва мусулмонларга беқиёс руҳоний мадад бўлган: “Иймон келтирмайдиган кимсаларга айтинг: «Ўзларингиз билган амалларингизни қилаверингиз, биз ҳам ўз амалимизни қилгувчимиз, ҳамда (қилаётган ишларингизнинг оқибатини) кутаверингиз, биз ҳам кутгувчидирмиз.” (Худ, 121-122-оятлар).

41. Албатта Биз Сизга бу Китобни барча одамлар (билиб, амал қилишлари) учун ҳаққи-рост нозил қилдик. Бас, ким Тўғри Йўлга юрса, фақат ўз фойдасига (юрган бўлур). Ким (у Тўғри Йўлдан) адашса, фақат ўзининг зиёнига адашган бўлур. Сиз уларнинг устида вакил қўриқчи эмассиз.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз барча инсонларга - Сизни кўриб, сўзларингизни эшитиб турган замондошларингизга ҳам, шунингдек, Сизнинг даъватингиз етиб борадиган, кейинги асрларда дунёга келадиган инсонларга ҳам мана шу Сўзни етказиб қўйинг: “Эй инсонлар, сизларга барча оламларнинг Эгаси бўлмиш Оллоҳтаоло томонидан нозил қилинган, ҳар бир калимаси Ҳақ бўлган, сизларга Ҳақ Йўлни кўрсатадиган Ҳақ -Қуръон келди. Бас, ким ушбу Китоб Каломуллоҳ эканига иймон келтириб, У кўрсатиб берган Тўғри Йўлга юрса, ўзи учун манфаатли йўлга юрган бўлур. Чунки ушбу Китоб кўрсатган соф Исломий ақийдага эга бўлган, У буюрган амалларни қилган, У қайтарган ишлардан ўзини тийган инсон ҳаёти дунёда ҳам, Охират диёрида ҳам шак-шубҳасиз бахт-саодатга эришади.
Аммо ким ушбу Китоб кўрсатган Ҳидоят Йўлини тарк қилиб залолат йўлини танласа, яъни, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилмай, турли-туман бут-санамларга сиғинса, қаттиқ адашган бўлади ва бу адашиши сабабли унинг ўзи зиён тортади. Мен сизларнинг устингизда вакил эмасман, яъни, менинг зиммамдаги вазифа сизларнинг устингизда қўриқчилик килиб, сизларни зўрлаб иймон йўлига киритиш эмас, балки мен фақат слзларнинг орангиздаги Ҳақ Йўлдан юз ўгирган ва мени ёлғончи қилган кимсалар учун Оллоҳнинг азоби борлиги ҳақида огоҳлантиргувчи, Ҳақ йўлга юрган инсонларга жаннат хушхабарини бергувчи бир элчидир-ман холос”.
Ояти карима мазмунидан аниқ маълум бўладики, одамларнинг Ҳақ таоло томонидан нозил қилинган Ҳақ Каломга иймон келтириб, Ҳақ Йўлга юришларидан Оллоҳ таоло манфаатдор эмас, балки ана ўша мўминларнинг ўзлари манфаат кўрадилар, шунингдек, одамлар Ҳақ Йўлни тарк этиб, залолат йўлини танлашларининг Ҳақ таолога ҳеч қандай зиёни йўқдир, балки бу қилмишларидан ана ўша кофирларнинг ўзлари зиён кўрадилар.
Инсонлар мана шу Ҳақиқатни англашга ўта муҳтож бўлганлари сабабли Оллоҳ таоло Ўз Китобида бу мавзуга оид оятларни бир неча сураларда қайта-қайта нозил қилди: “Эй инсонлар, бу Элчи сизларга Парвардигорингиздан Хақ (Дин)ни келтирди. Бас, иймон келтирингиз, ўзингиз учун яхши бўлур. Агар кофир бўлсангизлар (ўзингизга зарар қиласиз, холос). Зеро, Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Оллохдикидир. Оллоҳ Билим ва Ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир”. (Нисо сураси, 170-оят).

42. Жонларни ўша (жон)лар ўладиган вақтида Оллоҳнинг Ўзи вафот қилдирур, (ҳали-ҳануз) ўлмаган (жонлар)ни ҳам ухлаётган пайт-ларида (Оллоҳнинг Ўзи) олур. Сўнг (ўша уйқудаги) Ўзи ўлимга ҳукм қилган жонларни (баданларга қайтармасдан, яъни, уйқуларидан уйғотмасдан) ушлаб қолур ва бошқаларини (яъни, ҳали ўлимга ҳукм қилинмаган жонларни) эса белгиланган бир муддатгача (яъни, ажаллари етгунича) қўйиб юборур. Албатта бунда тафаккур қиладиган қавм учун оят-ибратлар бордир.
Дарҳақиқат, ўлим - узун уйқу, уйқу эса қисқа ўлимдир. Маълумки, кундалик одатдаги уйқуга чўмган кишилар ичидан куни битганлари уйғонмасдан - қайта ҳаётга келмасдан дунё ҳаётидан Охират диёрига ўтиб кетадилар. Лекин ҳали-ҳануз ажаллари етмаган кишиларга эса қайтадан ҳаёт ато этилади ва улар ўлимдан ҳаётга қайтганларидан бехабар ҳолда одатдаги уйқудан уйғондим, деб хаёл қиладилар. Аммо тафаккур қиладиган ақлли кишилар эса бу янги кун Яратган томонидан берилган янги ҳаёт эканини англаб, ибрат оладилар. Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилдилар: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қачон бировингиз ётоғига қайтганида ички кийимини олиб, у билан тўшагини қоқиб олсин ва Оллоҳнинг Исмини айтсин, чунки, у ўзидан кейин тўшагидан нима жой олганини билмас, бас, қачон ётмоқчи бўлганида ўнг ёни билан ётсин ва: “Эй Пок Парвардигор, ёнбошимни қўйдим ва Ёлғиз Ўзингнинг ёрдаминг билан уни кўтарурман. Агар Сен жонимни ушлаб қолсанг, (яъни, уйқумда жонимни олсанг), уни Ўз Раҳматингга олгин, агар уни қўйиб юборсанг, у ҳолда уни солиҳ бандаларингни сақлаганингдек Ўз ҳифзу ҳимоянгда сақлагин”, десин ва қачон уйғонса, у ҳолда дарҳол “Алҳамдулиллаҳ - Оллоҳга ҳамд бўлсин, У менинг баданимни саломат қилди, жонимни яна баданимга қайтарди ва менга Уни зикр қилишга изн берди”, десин”.
Имом Бухорий ривоят қилган яна бир саҳиҳ ҳадисда Ҳузайфа розияллоҳу анҳу деди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам тунда ётмоқчи бўлганларида қўлларини ўнг ёноқлари остига қўйиб, сўнгра: “Оллоҳим, Сенинг Исминг билан ўламан ва тириламан”, дер эдилар. Уйғонганларида эса: “Бизни ўлдирганидан кейин яна қайта тирилтирган Оллоҳга ҳамд бўлсин. Унинг ҳузурига тирилиб чиқиш - қайтиш бордир”, дер эдилар. (“Тафсири Куртубий”дан).

43. (Йўқ, мушриклар тафаккур қилмадилар). Балки улар Оллоҳдан ўзга «шафот қилгувчилар»ни (яъни, ўзларининг гумонларича уларни Оллоҳ ҳузурида «қўлловчи» - бутларни) ушлаб олгандирлар?! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «(Ўша жонсиз бутлар сизларни қўллайдими?!) Агар улар бирон нарсага эга бўла олмайдиган ва (бирон нарсани) англамайдиган бўлсалар ҳама!».
Ояти каримани бизга мана бу оят тафсир қилиб беради: «Улар Оллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: “Ана ўша (бизлар сиғинаётган бут-санамларимиз) Оллоҳ ҳузурида бизнинг қўлловчиларимиз бўлади”, дейдилар». (Юнуссураси, 18-оят).
Ояти карима мушрикларнинг Оллоҳ таоло шаънига буҳтон қилишла-ри, Унинг оятларини ёлғон дейишларидан бошқа яна бир жиноятлари ҳақида хабар беради: мушриклар гарчи Яратгувчи - Холиқ Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи эканини тан олсаларда, - “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қасамки, агар Сиз улардан: «Осмонлар ва Ерни ким яратган?», деб сўрасангиз, албатта: «Уларни Қудратли ва Билгувчи (Оллоҳ) яратган», дерлар”. (Зухруф сураси, 9-оят) - ўша Танҳо Маъбуди Барҳақнинг Узига тоат-ибодат қилиш ўрнига уларга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етка-за олмайдиган жонсиз бут-санамларга сиғинадилар. Бир ояти каримада бутпараст мушрикларга хитоб қилиб шундай дейилади: “Аниқки, сизлар Оллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар агар барчалари бирлаш-ганларида ҳам ҳатто бир дона чивинни ярата олмаслар, агар биронта чивин улардан бирон нарсани тортиб олса, уни (ўша чивиндан) қутқариб ҳам ола билмаслар. (Демак, ўша бутлардан ҳожатини раво қилишни) сўрагувчи (мушрик) ҳам, сўралгувчи (бутлар) ҳам ночор-нотавондир.” (Ҳаж сураси, 73-оят). Энг кулгили, балки энг ачинарли жойи, мушрик кимсалар ўзлари сиғиниб топинадиган бутларини тош, ёғоч, темир ва бошқа нарсалардан ўз қўллари билан ясаб оладилар-да, кейин уларни илоҳлар деб, яъни, Ер-у осмонларни, бутун коинотни яратган Оллоҳ таолонинг шериклари деб даъво қиладилар ва: “Мана шу (бизлар сиғинаётган бутларимиз) Оллоҳ ҳузурида бизнинг қўлловчиларимиз бўлади”, дейдилар”. Улар ниҳоят даражада жоҳил-нодон бўлганлари сабабли ўша жонсиз бутлари Охиратда уларни шафоат қилади деб ишонадилар. Мушрик кимсаларнинг аҳволи шудир. Аммо ояти карима мазмунини теранроқ англасак, унда зикр қилинган ширк аломатлари айрим ўзларини мусулмон санаб юрган кишиларда ҳам топилиб қолишини кўриб афсусланамиз. “Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” тафсирида: бу замонда кўп одамлар ўтиб кетган улуғларнинг мақбараларини зиёрат қилар эканлар, у қабрларни тавоф қилиб, қабр эгаларидан ҳожатларини раво қилишларини сўрашлари ва шундай қилсак албатта улар Охиратда Оллоҳ таоло хузу-рида бизларни шафоат қиладилар деб эътиқод қилишлари ҳам Оллоҳ таолога ширк келтириш билан баробардир”, дейилади.

44. Айтинг: «Барча шафоат-қўллаш Ёлғиз Оллоҳникидир, (чунки) Осмонлар ва Ернинг подшоҳлиги Уникидир. Сўнгра (барчаларингиз) Ёлгиз Унга қайтарилурсизлар».
Чунки “Унинг ҳузурида ҳеч ким (бировни) Унинг Изнисиз қўллай олмайди” (Бақара сураси, 255-оятдан).
Демак, Қиёмат Кунида, Оллоҳ таоло хузурида ҳисоб-китоб учун тўпланган Соатда, У Куннинг даҳшатларидан жонлар халқумга тиқилиб қолган вақтда, ҳар бир инсон ниҳоят даражада қўлловга муҳтож бўлиб қолган пайтида на Ер-у, на кўкдаги бирон кимса Оллоҳнинг Изни - Рухсатисиз бировни қўллай олмайди, шафоат қила олмайди. “Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас, магар Оллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлган кишилар учун (шафоатга) Изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур)”. (Ван-нажм сураси, 26-оят). Жаноби Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам хабар берадилар: У зоти бобаракот Арш остига келиб, бошларини саждага қўйиб, Парвардигорга ҳамду санолар айтиб, ҳушомадлар қилиб, аввал-бошда шафоатдан сўз оча олмай, саждадан бошларини кўтармасдан тураверар эканлар, йиғлайверар эканлар. Сўнгра нидо келар эканки: “Бошингни кўтаргин, сўзлагин тингланур, сўрагин берилур, қўллагин қўлловинг - шафоатинг қабул қилинур”. Шундагина муборак бошларини саждадан кўтариб: “Умматим, умматимнинг гуноҳидан ўтгин, Парвардигор”, деб сўрар эканлар.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилишича, у киши: “Ё Расулуллоҳ, Қиёмат Кунида Сизнинг шафоатингиз сабабли саодатга эришадиган инсонлар кимлар”, деб сўраганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга ўта ҳарислигинг учун бу сўз ҳақида сендан олдин ҳеч ким сўрай олмаслигини билар эдим. Ким чин қалбдан, холис ният билан “Ла илаҳа иллаллоҳ” деса, ана ўшалар Қиёмат Кунида менинг шафоатим сабабли саодатга эришадиган инсонлардир”, деб марҳамат қилдилар.

45. Қачон Ёлғиз Оллоҳ зикр қилинса Охиратга иймон келтир-майдиган кимсаларнинг диллари сиқилиб кетар. Қачон У Зотдан ўзга бутлар зикр қилинганида эса баногоҳ улар қувониб кетарлар.
Яъни, Макка мушрикларининг энг жирканч одатларидан бири, қачон уларга “Ла илаҳа иллаллоҳ” - ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Оллоҳ бор”, дейилса, диллари сиқилиб, ғазаб ва нафратдан юзлари тиришиб кетар эди. Чунки улар Оллоҳ таолонинг Танҳо Илоҳ эканлигига ва Охират ҳаёти ҳақ эканлигига ишонмасдилар.
Шунинг учун ҳам ўзлари илоҳ деб сиғинадиган Лот, Уззо, Манот каби бутларининг номларини эшитганларида хурсанд бўлиб кетар эдилар. Уларнинг бу ишлари ақлсизлик, жаҳолат ва фақат ҳавойи нафсга эргашиш эканлиги хусусида Ҳақ таоло “Ан-нажм” сурасида ҳам қаттиқ огоҳлантирган эди: «(Эй мушриклар, ўзларингизча сиғинаётган санамларингиз) «Лот», «Уззо», ва яна учинчилари бўлмиш тубан «Манот» ҳақида ҳеч ўйлаб кўрдингларми?! (Сизлар ўша бут-санамларни ва фаришталарни «Оллоҳнинг қизлари», дейсизлар, демак), эркак (жинси) сизларники-ю, аёл (жинси) У Зотникими?! У ҳолда бу адолатсиз тақсим-ку?! У (ном) лар фақат сизлар ўзларингиз ва ота-боболарингиз қўйиб олган номлардир. Оллоҳ улар(га ибодат қилиш) ҳақида бирон ҳужжат туширган эмас. У (мушрик)ларга (Пайғамбар алайҳис-салом воситаларида) Парвардигор томонидан Ҳидоят (Қуръон) келиб турган ҳолда улар фақат гумонга ва ҳавойи нафсларигагина эргашадилар-а!» (Нажм сураси, 19-23-оятлар).

46. Айтинг: «Оллоҳим, (эй) осмонлар ва Ерни Илк Яратгувчи Зот, (эй) ғайбу шаҳодатни (яъни, яширин ва ошкор нарсаларни) Билгувчи Зот, Ёлғиз Ўзинг бандаларинг ўртасида улар ихтилоф қилгувчи бўлган нарсалар ҳақида ҳукм қилурсан».
Ҳақ таоло томонидан жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга буюрилган ушбу Илоҳий дуо у зотнинг барча умматларига ҳам баробар тааллуқли ва ўта зарур дуодир. Хусусан, одамлар Дин ва унинг аҳкомлари хусусида тинмасдан ихтилоф қилаётган бизнинг замонимизда ушбу муборак дуони ўқиб Яратгандан бизни бундай ихтилофлардан қутқариб, Ўзининг Ҳақ Йўлига ҳидоят қилишни сўраб дуо-илтижо қилишга жуда муҳтожмиз. Албатта, бу хусусда бизга ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам энгулуғ намунадирлар.
Абдур-Раҳмон ибн Авф розияллоху анҳу айтди: “Мен Оиша розияллоҳу анҳодан: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам тунлари намозга турганларида намозларини нимадан бошлар эдилар?” деб сўраган эдим, удеди: “Қачонки Расулуллоҳ кечадан бир қисмида намозга турганларида дастлаб бу дуони ўқир эдилар: “Оллоҳим, эй, Жаброил, Мекоил ва Исрофилнинг Робби, “Эй осмонлар ва Ерни Илк Яратгувчи Зот, эй ғайбу шаҳодатни Билгувчи Зот, Ёлғиз Ўзинг бандаларинг ўртасида улар ихтилоф қилгувчи бўлган нарсалар ҳақида ҳукм қилурсан”, Ўзинг мени Ўз Изнинг билан ихтилоф қилинган нарсалардан ҳақиқатга ҳидоят қилгин. Албатта Сен Ўзинг хоҳлаган кишиларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилурсан”. (Имом Муслим ривоят қилган).
Қачонки Рабийъ ибн Ҳайсум розияллоҳу анҳуга ихтилофлар касофатидан Ҳусайн ибн Алий розияллоҳу анҳум қатл қилингани ҳақида хабар келганида, у ушбу ояти каримани ўқиди.
Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳу: “Мен шундай бир оятни биламанки, биров уни қироат қилиб Оллоҳ таолодан нимани сўраса, шак-шубҳасиз унга сўраганини ато этади”, деди ва мана шу ояти каримани ўқиди. (“Тафсири Қуртубийдан).

47. Агар золим-кофир кимсалар учун Ердаги бор нарса ва у билан бирга яна ўшанинг мислича нарса бўлса, албатта улар Қиёмат Кунидаги азобнинг ёмонлигидан, ўша (қўлларидаги бор нарсаларини) тўлов қилиб бериб юборган бўлур эдилар. (Чунки у Кунда) уларга Оллоҳ томонидан улар ўйлаб ҳам кўрмаган нарсалар - азоблар аниқ-равшан кўринди.
Улар Оллоҳ таолога кофир бўлган ва Унга тоат-ибодат қилмаган кимсалардир. Ҳақ таоло Тўғри Йўлни кўрсатиб, агар ана ўша Йўлдан юрсалар, Унинг ҳузурига - жаннатларга етишларини айтиб чорлаганида, улар Парвардигорларининг даъватига лаббай деб жавоб бериш ўрнига ўткинчи дунё ва унинг матоларига куллик қилган кимсалардир. Ана энди Қиёмат Кунида, агар бутун умрлари давомида сиғиниб ўтган дунёлари - Ер юзидаги бор нарса ва яна ўшанча молу давлат қўлларида бўлганида ҳам уларга кофир бўлганлари сабабли бериладиган ҳақли жазодан қутулиб қолиш учун бериб юборган ва ўзларини дўзах азобидан қутқариб қолган бўлар эдилар. Лекин Бу Кунда улардан ҳеч нарса - ҳеч қандай амал, ҳеч бир тав-батазарруъ қабул қилинмас. Чунки улар амал дунёсидан иймонсиз, со-лиҳ амалсиз ўтдилар ва жазо Кунига келиб етдилар. Энди «улар учун энг ёмон ҳисоб-китоб бўлур». (Раъд сураси, 18-оятдан).
Бухорий ва Муслим Анас Ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилди, Расулуллоҳ сололлоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қиёмат Кунида дўзах аҳлидан бўлган кимсадан сўралади: “Агар Ердаги бор нарса сеники бўлганида мана шу дўзах азобидан қутулиш учун бериб юборган бўлармидинг?” У: “Албатта”, деб жавоб қилади. Шунда Оллоҳ таоло: “Ахир Мен сендан бунга нисбатан жуда осон нарсани истаган эдимку?! Мен сендан ҳали сен отанг Одамнинг белида турганингда Менга бирон нарсани ширк келтирмайсан, деб аҳд-паймон олган эдим. Сен эса ўша аҳд-паймонингни бузиб, мушрик бўлишни истадинг”, дейди ва у кимса дўзахга ташланади”.
Ояти каримада, агар эътибор қилинса, келажакда рўй берадиган Қиёмат Куни аҳволоти ҳақида ўтган замон феъли билан хабар берилди. Бунга сабаб, биринчидан, у Куннинг келишида ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмагани учун Ҳақ таоло Қиёматда кечадиган воқеъа-ҳодисаларни гўё ҳозир бўлиб ўтгандек тасвирлайди. Иккинчидан, ўтган замон, ҳозирги замон, келгуси замон, деган тушунчалар биз - бандаларга ва барча махлуқотга нисбатан айтилиши тўғридир. Аммо Азалий ва Абадий Зотга ўтмиш ҳам, келажак ҳам худди ҳозирги замон каби аниқ маълум бўлгани учун, агар таъбир жоиз бўлса, қуйида - Ерда ҳар тарафга қараб кетаётган одамларнинг сафарларини қай нуқтадан бошлаганлари ҳам, бориб тўхташлари аниқ бўлган манзиллари ҳам, юқорида - осмонлар устида барча нарсани кўриб-кузатиб тургувчи Оллоҳ таолога аён кўриниб тургани учун У Зот айрим оятларида Қиёмат Куни ва ундан кейин келадиган замонда рўй берадиган воқеъа-ҳодисаларни ҳам ўтган замон шаклида баён қилади.
“(Чунки у Кунда золим-кофир кимсаларга) Оллоҳ томонидан улар ўйлаб ҳам кўрмаган нарсалар - азоблар аниқ-равшан кўринди”.
Яъни, мушрик-кофир кимсалар Қиёмат Кунида уларни кутиб турган азобни ўз кўзлари билан кўрган вақтларида қўрққанларидан худди дорга осиш учун олиб кетилаётган кимсанинг даҳшатдан тилига калима келмай қолганидек, бирон сўз айта олмай, ҳатто дилларини ўртаётган афсусларини, ҳаётларини беҳуда совуриб юборганлари учун қилаётган надоматла-рини ҳам изҳор қила олмай, дамлари ичларига тушиб кетади ва Одил Подшоҳ - Ҳақ субҳонаҳу ва таоло уларнинг ўрталарида Ўзининг Ҳақ ва Адолатли Ҳукмини чиқариб, улардан ҳар бири қилмишларига яраша етти дўзаҳдан бирига ташланади.

48. Уларга ўзлари касб қилган ёмонликлари аниқ-равшан кўринди ва уларни ўзлари (дунёдалик чоғларида) масхара қилиб ўтган (азоб) ўраб (ҳалок қилди).
Ушбу ояти карима мазмунини яхшироқ англашимиз учун Анъом сурасининг мана бу ояти ва унинг тафсирига мурожаат қиламиз: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қасамки, Сиздан аввал ўтган пайғамбарларнинг устидан ҳам масхара қилинган. Сўнг уларни масхара қилган кимсаларни ўша масхара - кулгилари ўраб, (домига тортиб) кетган (яъни, ҳалок қилган)». (Анъом, 10-оят).
Ушбу ояти карима Ҳақ таоло тарафидан Ўз Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга берилган таскин ва тасаллийдир.
Макка мушрикларининг юқоридаги оятларда зикр қилинган турли-туман талаблари фақат Пайғамбар алайҳис-саломни масхара қилиш учун бўлар эди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз ватандош ҳамшаҳарларидан - у зотнинг фақат рост сўзлайдиган эканликларини жуда яхши биладиган кимсалардан бундай сўзларни эшитганларида кўнгиллари оғрир эди. Бас, Жаноби Ҳақ Ўз Элчисига қавмларининг бундай беодобликларидан тасаллий бериб ушбу оятларни нозил қилди ва илгари ўтган элчи-пайғамбарларни ҳам Ҳақ Йўлга даъват этганларида қавмлари масхара қилганлари, сўнгра ўша масхарабоз қавмларнинг ҳаммаси мана шу дунёнинг ўзидаёқ бу қилмишлари - кофирликларининг жазосини олиб, ҳалок қилинганлари ҳақида хабар берди.
Демак, Оллоҳ таолонинг элчилари устидан кулиб, масхара қилиш қа-димий иллатлардан экан. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), аниқки, Биз Сиздан илгари ўтган, аввалги (турли-туман) тоифаларга ҳам (пайғамбарлар) юборганмиз. Улар ҳам ўзларига келган ҳар бир пайғамбарни масхара қилиб кулган эдилар. Шунингдек, уни (яъни, пайғамбарлар устидан кулиш иллатини) барча жиноятчи - -осийларнинг дилларига солиб қўюрмиз.” (Хджр сураси, 10-12-оятлар).

49. Бас, қачон инсонни бирон зиён ушласа, У Бизга дуо-илтижо қилур. Сўнгра қачон Биз Ўз томонимиздан унга бирон неъмат ато этсак, у «Ҳеч шак-шубҳасиз, бу (неъмат) менга билиб берилди», дер. (Яъни, Оллоҳ менга бу неъматни унга лойиқлигимни билгани учун берди, дейди), йўқ ундоқ эмас, балки у (ўша банданинг шукр ё кўрнамаклик қилишини билиш учун бир) синов-имтиҳондир. Лекин уларнинг кўплари билмаслар.
Ушбу ояти карима суранинг 8-ояти билан бир маънодаги оят бўлиб, ўз ўрнида алақадриҳол тафсир қилиб ўтилди.

50. У (сўз)ни улардан аввалгилар ҳам айтган эдилар. Бас, уларга ўзлари касб қилиб топган нарсалари асқотгани йўқ.
Яъни, юқоридаги оятда айтилган сўзни Макка мушрикларидан неча аср аввал ўтган Қорун ва унга ўхшаган бойлик-давлати билан ҳаддидан ошиб туғёнга тушган кимсалар ҳам айтган эдилар. Аммо уларнинг ишонган мол-дунёлари Оллоҳ таолонинг азобидан тўса олмади. Бу ҳақда мана бу оятларда хабар берилган: «Дарҳақиқат, Қорун ўзи Мусо қавмидан эди. Бас, у (қавмдошларига) кибру ҳаво қилди. Биз унга хазина-дафиналардан калитлари(ни кўтариб юришнинг ўзи) куч-қувват эгалари бўлган катта жамоатга ҳам оғирлик қиладиган нарсаларни ато этган эдик. Ўшанда қавмдошлари унга: «Ҳовлиқмагин. Чунки Оллоҳ ҳовлиқма кимсаларни суймас. Ва Оллоҳ сенга ато этган мол-давлат билан (аввало) Охират диёрини (обод қилишни) истагин ва дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Оллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (Оллоҳнинг бандаларига) инфоқ-эҳсон қилгин. Ерда (зулму зўравонлик билан) бузғунчилик қилишга уринма. Чунки Оллоҳ бузғунчи кимсаларни суймас», деганларида, «Менга (бу мулку давлат) фақат ўзимдаги билим сабабли берилди, (бас, ҳеч ким уни мендан тортиб ололмас»), деди. Ахир у ўзидан аввалги асрлар-авлодлардан, ундан кўра қувватлироқ ва топган-тўплагани ҳам кўпроқ (қанчадан-қанча) кимсаларни Оллоҳ ҳалок қилиб юборганини билмасми?! У жиноятчи кимсалардан гуноҳлари ҳақида сўралмас ҳам, (балки улар ҳеч қандай сўроқ-саволсиз дўзахга ташланурлар)!» (Қасас сураси, 76-78-оятлар).
Тафсир китобларида ривоят қилинишича, Қорун Мусо алайҳисса-ломга яқин қариндош - амакисининг ўғли эди. Аввал-бошда у ҳам Бани Исроилдаги бошқа қавмдошлари қатори Мусо алайҳис-саломга иймон келтиради ва қавмдаги энг билимдон кишилардан бўлади. Лекин қачонки Оллоҳ таоло унга ҳад-ҳисобсиз мол-дунё бериб, (айтишларича, унинг бойликлари сақланадиган сон-саноқсиз хазина-омборларнинг калитларини қирқ паҳлавон йигит зўрға кўтариб юрар эди “Тафсири Мунийр”-дан) имтиҳон қилганида, у Илоҳий синовдан ўта олмади ва: “Қўлимда ҳеч кимга берилмаган беҳисоб бойлигим бўла туриб, нега Мусо менга итоат этмасдан мен унга бўйинсунар эканман”, деб кибру ҳаво қилди ва Мусо алайҳис-салом даъват қилган диндан юз ўгирди, босар-тусарини билмасдан ҳеч кимни назар-писанд қилмай қўйди. Қавмдаги иймон-эътиқодли инсонлар унга насиҳат қилиб дедилар: “Эй Қорун, сен бу ўткинчи мол-дунёйингга алданиб бунчалар ҳовлиқиб кетмагин, ўзингни босиб иймон йўлига қайтгин! Оллоҳтаоло дунё зеб-зийнатлари билан ғурурланиб ўзгаларни менсимайдиган ҳовлиқма кимсаларни севмайди. Бас, сен Оллоҳ таоло сенга ато этган мол-давлатингни Охиратинг учун ишлатгин - Охиратда сенга ажр-мукофот бўлиб қайтадиган савобли ишларга сарфлагин, фақир-мискинларни қўллаб-қувватлагин, қавм-қариндошларингни йўқлаб ҳолларидан хабардор бўлиб тургин, бошларига мушкил иш тушиб қолган инсонларга ёрдам қўлини чўзгин, албатта ўзингнинг дунёдан бўлган насибангни ҳам бутунлай унутиб юбормагин, Оллоҳ таоло ҳалол қилган дунё неъматларидан исрофга йўл кўймаган ҳолда ўзинг ва аҳли оиланг учун етарлича фойдалан, зеро бу дунёдан сен топган насибанг асло сен йиғиб тўплаган мол-дунё эмас, балки мана шу дунёйингдан Охиратинг учун ишлатганинг ҳамда ўзинг ва кўл остингдагилар учун ҳаддан ошмаган ҳолда фойдаланган нарсаларингдир. Шунингдек, “Оллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (Оллоҳнинг бандаларига) инфоқ-эҳсон қилгин”. Яъни, Оллоҳ таоло сенга барча неъматларини жуда гўзал суратда ато этди, бас, сен ҳам яхшиликка яхшилик билан жавоб бериб, У Зотга чиройли ибодат қилгин ва Унинг бандаларига Оллоҳ сенга берган нарсалардан чиройли суратда яхшиликлар қилгин. Ҳаргиз Ерда зулм ва гуноҳларга берилиб бузғунчилик қилиб юрма, зотан Оллоҳга итоатсизлик энг ёмон бузғунчиликдир. Албатта Оллоҳ бузғунчи кимсаларни севмас. Бас, У бир лаҳзада сени бор нарсангдан маҳрум қилиб қўйиши мумкин”.
Лекин қўлидаги сон-саноқсиз мол-дунёсига мағрур бўлиб кўзини ёғ босиб қолган Қорун қавмнинг холис панд-насиҳатларига қулоқ солмади ва уларга жавобан деди: “Мен сизларнинг насиҳатларингизга муҳтож эмасман. Қўлимдаги беҳисоб молу давлатга келсак, унинг учун мен ҳеч кимнинг олдида қарздор эмасман, чунки мен унинг ҳаммасини фақат ўз билимим, тажрибам ва тинимсиз ҳаракатим билан қўлга киритганман, ҳеч ким бу молу давлатни менга эҳсон қилиб бергани йўқ, демак, мен ҳам уни бировларга эҳсон қилиб беришга бурчли эмасман, у ёлғиз ўзимга тегишлидир”.
Нобакор банданинг бундай юзсизлигидан, қўлидаги синов учун берил-ган молудавлати билан бу қадар мағрурланишидан гўё Ҳақ таолонингЎзи ҳам ҳайратга тушгандек: “Ахир у ўзидан аввалги асрлар-авлодлардан, ундан кўра қувватлироқ ва жамғармаси ҳам кўпроқ (қанчадан-қанча) кимсаларни Оллоҳ ҳалок қилиб юборганини билмасми?! У жиноятчи кимсалардан гуноҳлари ҳақида сўралмас ҳам, (балки улар ҳеч қандай сўроқ-саволсиз дўзахга ташланурлар)!” деб қаттиқ огоҳлантирди.

51. Бас, уларга ўзлари қилган ёмонликлари(нинг жазоси) етди. Ана улардан (Макка мушрикларидан) бўлган золим кимсаларга ҳам яқинда ўзлари қилган ёмонликлари(нинг жазоси) етар. Улар ҳам қочиб қутилгувчи эмасдирлар.
Ояти карима Макка мушрикларига ва жамийки дунёпараст, Оллоҳ ато этган молу давлатни “буни мен ўзим ўз билим ва тажрибам билан топганман, уни менга ҳеч ким берган эмас, демак, ҳеч ким ҳеч қачон тортиб ололмайди”, деб даъво қиладиган нонкўр кимсаларга берилган қаттиқ огоҳлантиришдир. Уларнинг энг катталари бўлган Қорунга қандай жазо берилгани ҳақида мана бу ояти каримада хабар берилади: «Бас, Биз (Қорунни) ҳам, унинг ҳовли-жойини ҳам Ерга ютдирдик. Сўнг унинг учун Оллоҳдан ўзга ёрдам берадиган бирон жамоат бўлмади ва унинг ўзи ҳам ёрдам олгувчилардан бўлмади». (Қасас сураса, 81-оят).
Яъни, қачонки Қорун қўлидаги беҳисоб бойлигига ишониб, ҳаддидан ошиб, туғёнга тушгач, бошқа дунёпарастларга ибрат бўлсин учун Ҳақ таоло унинг жазосини мана шу дунёдаёқ берди - уни ҳамда унга қарашли бор дору-диёрини Ерга ютдириб юборди ва у нобакор ўзи учун Оллоҳнинг Ҳукми-Қазосига қарши бора оладиган - унга ёрдам берадиган бирон бир жамоатни топа олмасдан тириклигича ерга кўмилиб кетаверди ва Оллоҳнинг азобидан кутулиб қолгувчилардан бўлмади.
“Тафсири Қуртубий”да ёзилишича, Қорун тириклайин ерга кириб кетганича тўхтаб қолган эмас, балки у то Қиёмат қадар ҳар куни бир бўй баробар пастлаб бораверади ва қачонки Ернинг туб-тубига етиб борган кунида Исрофил сурни чалиб Қиёмат қойим бўлади.
Шундай қилиб, Жаноби Ҳақ Ўз Каломида ушбу тарихий ҳодисани эслатиш билан ҳаётини мол-дунё тўплашга сарф қиладиган ва кейин ўша бойлиги билан ғурурланиб, ўзгаларни менсимасдан кибр-ҳаво қиладиган дунё қулларини қаттиқ огоҳлантиради ва охир-оқибатда бирон кимса уларга ёрдам қўлини чўзмасдан хору забун бўлган ҳолларида ер билан битта бўлишлари аниқ эканлиги ҳақида ақлли инсонлар учун ўта ибратли мисол келтиради.

52. Ахир улар Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кишининг ризқини кенг қилишини ва (Ўзи хоҳлаган кишининг ризқини) танг қилишини билмадиларми?! Албатта бунда иймон келтирадиган қавм учун оят-ибратлар бордир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло барча мўминлар учун етарли ибрат бўладиган бир ҳодисани, яъни, жамийки мавжудотнинг ризқи рўзи Ёлғиз Унинг Қўлида эканини, бинобарин, кимга кенг, кимга танг ризқ бериш ҳам Унинг Ихтиёридаги иш эканини яна бир бор таъкидлайди. Жаноби Ҳақ Ўзининг Танҳо Раззоқ - ризқ Бергувчи эканини бошқа бир оятда шундай баён қилган. “Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Ёлғиз Оллоҳнинг Зиммасидадир”. (Худ сураси, 6-оят).
Бас, У Ёлғиз Ўзига маълум бўлган Ҳикмат ва Адолат билан айрим бандаларининг ризқини кенг-мўл қилса, айримларининг ризқини тор-танг қилади ва у инсонларнинг ҳаёти дунёдаги ризқларини белгилашда уларнинг мўмин ёки кофир эканликларига боқмайди. Балки гоҳо Ўзи яхши кўрган баъзи бир мўмин бандаларининг ризқини - синов-имтиҳон учун - тангу тор қилса, айрим кофир кимсаларнинг ризқини кенг-мўл қилиб қўйиши мумкиндир.
Ҳадиси Қудсийда Ҳақ таоло айтади: “Албатта Мен мўмин бандаларимдан кимнинг иймони бой-бадавлатлик билан яхши, салоҳиятли бўлишини билурман. Агар Мен уни фақир, камбағал қилиб қўйсам, камбағаллик уни бузади. Мўмин бандаларимдан яна шундай кишилар ҳам борки, унинг иймони фақирлик камбағаллик билан салоҳиятли бўлади. Агар Мен уни бой, бадавлат қилиб кўйсам, бойлик уни бузади. Албатта Мен бандаларимнинг дилларини билганим учун уларнинг ишини Ўзим тадбир қилурман. Албатта, Мен Билгувчидирман, Хабардордирман”.
Демак, бой қилгувчи ҳам, камбағал қилгувчи ҳам, ризқни кенг қилгувчи ҳам, танг қилгувчи ҳам Оллоҳ таолонинг Ўзидир. Агар У ҳаммани бой қилиб қўйганида, улар ҳадларидан ошиб туғёнга тушган бўлур эдилар, агар ҳаммани фақир, камбағал қилиб қўйганида, улар қоринлари ғамида ибодат қилишни унутиб, ҳалокатга дучор бўлар эдилар.
Термизий “Зуҳд” китобида ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилади: “Етти нарса келиб қолишидан илгари амалларингизни қилиб қолишга шошилинглар. Сизлар фақат унутдириб юборгувчи камбағалликни ёки туғёнга туширгувчи бойликни ёки роҳатингизни бузгувчи касалликни ёки ақлни ўтмаслаштириб қўйгувчи қариликни ёки лаззатларни кесиб қўйгувчи ўлимни ёки ғойибдаги энг ёмон кутилгувчи бўлган дажжолни ёки энг балолик, энг аччиқ Кун бўлмиш Қиёмат Соатини кутмоқдасизлар, холос”.
Бас, оқилнинг иши Оллоҳ таолонинг Амрига таслим бўлмоқ, Унинг Ҳукмига рози бўлмоқ, тор-танг вақтда сабр қилмоқ, кенг-мўлчиликда шукр қилмоқ ва имкони борича инфоқ-эҳсон қилмоқдир. (“Танвийрул азҳон” кшпобидан).

53. Эй (Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар билан) ҳадларидан ошиб ўз жонларига жабр қилган бандаларимга айтинг: «Оллоҳнинг Раҳмат-Марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Ёлғиз Оллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳ-ларини мағфират қилур. Албатта Унинг Ўзи ўта Мағфиратли, жуда Меҳрибондир.
“Тафсири Қуртубий”да айтилишича, ушбу ояти карима ибодатга қаттиқ берилган, аммо илгари, жоҳилият замонида қилган гуноҳлари сабабли ибодатлари қабул қилинмай қолишидан қўрққан мусулмонлар ҳақида нозил бўлган. Ҳақ таоло уларга ҳеч қачон Оллоҳнинг Раҳмат-Марҳаматидан ноумид бўлмасликларини буюриб, У Ўзи хоҳлаган бандалари учун уларнинг қилган ҳар қандай гуноҳларини кечириб юбора оладиган бениҳоя Кечиримли ва бандаларига беқиёс Меҳрибон Зот эканлигини таъкид-лайди. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен ушбу оят ўрнига менга бутун дунё ва ундаги бор нарса берилишини хоҳламайман”, деб марҳамат қилганлар. (Имом Аҳмад ўзининг “Муснад” китобида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг куллари Савбон розияллоҳу анҳудан ривоят ҳилган).
“Танвийрул-азҳон” тафсирида ривоят қилинишича, Оллоҳтаоло Қиёмат Кунида айрим гуноҳкор мўминларга “Мен ҳаёти дунёда сенинг қилган гуноҳларингни яширганим каби Бугун уларни кечириб юбораман”, деб Ўзининг ўта Мағфиратли ва бениҳоя Меҳрибон эканлигини кўрсатади.
“Саҳиҳул-Бухорий”да Оллоҳ таоло тавба қилган бандасини қанчалар яхши кўриши ва гуноҳларидан ўтиши хусусида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳис-салом жиҳод вақтида асир тушган кишилар орасида бир аёл шу асирларнинг гўдак-чақалоқларини эмизаётганини кўрсатиб, саҳобаларига: «Мана бу хотин ўзининг боласидан бошқа чақалоқларни ҳам эмизяпти, шу аёлга ўз болангни ўтга ташла, деб буюрилса, ташлайдими?»- деб сўрадилар. Саҳобалар: «Ўзини ўтга ташласа ташлайдию, лекин ҳеч қачон боласини ўтга ташламайди», дедилар. Шунда Пайғамбаримиз: «Оллоҳ таоло ҳам бандасини ўтга таш-лашни истамайди. Бу онанинг ўз боласига бўлган меҳридан кўра Оллоҳнинг сиз билан бизга бўлган меҳри буюкроқ, улуғроқдир» дедилар.
Ёки яна бир ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: «Туя миниб кетаёган бир мусофир чарчаб, истироҳат қилгани тушиб, озгина дам олиб, кўзини очса, миниб келган туяси устидаги бор нарсалари билан йўқ эмиш. Чор атрофдан қидириб, ҳеч қаердан тополмасдан чарчаб, ҳориб келиб, яна ухлаб қолибди. Бироз вақт ўтгач уйғониб қараса, йўқолган туяси қайтиб келиб қолган экан. Ўша инсон шу пайтда қанчалар хурсанд бўлади? Сиз билан биз гуноҳларимизга тавба қилиб Оллоҳга қайтсак, Меҳрибон Оллоҳимиз бундан ҳам кўпроқ хурсанд рози бўлади».
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: “Ширк аҳлидан бўлган кўплаб қотилликлар қилган, кўплаб зинокорликлар қилган одамлар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам хузурларига келишиб: “Албатта, сен айтаётган, даъват қилаётган ишлар жуда чиройли. Энди сен бизларга қилган гуноҳларимизга нима каффорат бўлиши (яъни, уларни ўчириб юбориши) тўғрисида ҳам хабар берсанг эди”, дейишганида ушбу: «Эй (Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар билан) ҳадларидан ошиб ўз жонларига жабр қилган бандаларимга айтинг: «Оллоҳнинг Раҳмат-Марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта Ёлғиз Оллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини магфират қилур. Албатта Унинг Ўзи ўта Мағфиратли, жуда Меҳрибондир» оят нозил бўлди.
Жаноби Ҳақ яна Фурқон сурасининг 70-оятида: «Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб солиҳ амал қилса, бас, Оллоҳ ана ўша кишиларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Оллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир».
Ушбу оятларнинг нозил қилинишига сабаб бўлган воқеалар ҳақида имом Бухорий, Муслим ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган мана бу муборак ҳадисларда айтилгандир: “Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анху айтди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан: “Энг катта гуноҳ қайси?”деб сўраган эдим, айтдилар: “Сени яратган Оллоҳга бирон нарсани тенг қилмоқлигинг!” Мен: “Сўнгра қайси?”деб сўрадим. У зот: “Сен билан бирга таомланишидан кўрқиб ўз болангни қатл қилишинг”, дедилар. Мен яна: “Сўнгра қайси?” деб сўраган эдим, у зот. “Қўшнингнинг жуфти ҳалоли билан бузуқлик қилишинг”, дедилар. Бас, Оллоҳ таоло Ўз Элчисининг сўзларини тасдиқлаб ушбу оятларни нозил қилди”.
Бухорий ва бошқалар Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилдилар: “Қачонки Фурқон сурасидаги: “Улар шундай кишилардирки, Оллоҳ билан бирга бошқа бирон илоҳга дуо-илтижо қилмаслар, Оллоҳ (ўлдиришни ҳаром қилган) бирон жонни ноҳақ ўлдирмаслар ва зино қилмаслар” ояти нозил қилинганида Макка мушриклари: “Бизлар ноҳақ қотилликлар қилганмиз, Оллоҳ билан бирга бошқа илоҳларга ҳам сиғинганмиз, бузуқликлар ҳам қилганмиз”, дейишгач, ушбу: “Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб солиҳ амал қилса, бас, Оллоҳ ана ўша кишиларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Оллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир” ояти нозил бўлди.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло Ўзининг суюкли бандаларига хос бўлган энг муҳим сифатлардан яна уч сифатни зикр қилади: улар ҳеч қачон Оллоҳ таолога ширк келтирмайдилар - Оллоҳдан ўзга бирон нарса ё кимсага сиғинмайдилар; ҳеч қачон ноҳақ қон тўкмайдилар; зинокорлик қилмайдилар ва умрлари давомида мана шу учта энг оғир жиноятдан биронтасига қўл урмаганлари шарофатидан Раҳмоннинг суюкли бандалари бўлишдек буюк бахтга эга бўладилар. Аммо кимда-ким Танҳо Маъбуди барҳақ бўлмиш Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ширк келтирадиган бўлса ё бирон жонни ноҳақ ўлдирса ёки зинокор бўлса, ундай кимсанинг жазоси неча баробар қилиб берилиши аниқдир. Чунки ширк Оллоҳ таолонинг ҳақига тажовузкорлик қилишдир, қотиллик инсоният ҳақига тажовуз қилишдир, зинокорлик эса, инсон номусига тажовуз ва насл-насаблар бузулиб-булғаниб кетишига, жамиятда бенасаб валадизинолар кўпайишига сабаб бўладиган ҳамда одамлар орасида ҳаёсизлик ва беномуслик каби ҳайвоний иллатлар урчишига олиб келадиган энг оғир жиноятдир. Бас, кимда-ким мана шу уч жиноятдан бирини қилса, у албатта дунёда ҳам, Охиратда ҳам энг оғир жазога мустаҳиқдир. Бу мудҳиш жазо - унинг жаҳаннам оловида мангу хўрланиши, абадул-абад ёнишидир. Ушбу оятларда зикр қилинган мавзу Анъом сурасининг 151-оятида ҳамда Ал-Исро сурасининг 31-32-33-оятларида ҳам мазкур бўлган ва алақадриҳол тафсир қилиб ўтилган эди.
Жаноби Ҳақ мазкур жиноятларни қилган кимсаларга берадиган жазоси бениҳоя қаттиқлигини айтиб огоҳлантиргач, мана бу: “Магар ким тавба қилса ва иймон келтириб солиҳ амал қилса, бас, Оллоҳ ана ўша кишиларнинг ёмонлик-гуноҳларини яхшилик-савобларга айлантириб қўюр. Оллоҳ Мағфиратли, Меҳрибон бўлган Зотдир” оятида гуноҳкор бандалар учун тавба эшигини очиб, ўзининг тенги йўқ Кечиргувчи ва Меҳрибон Зот эканлигини эслатиб, кимда-ким ҳаётининг бир қисмида ана ўша айтилган жиноятларни қилган бўлса ҳам, кейин сидқидилдан қилмишларига тавба қилиб, ўтмишидаги гуноҳ-маъсиятларидан астойдил афсус-надоматлар чекиб, ҳаётининг қолган қисмини ҳақиқий мўмин ҳолида Оллоҳ ва Унинг Элчиси буюрган солиҳ амалларни адо қилиб ўтказса, ундай кишиларнинг ёмонликларини ўчириб, аввалги гуноҳларини кечириб юборишга ваъда қилади ҳамда Қиёмат Кунида уларнинг қилган ёмонликларини яхшилик-савоб амалларга айлантириб қўйиши ҳақида хабар берди.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат Кунида бир кишини келтирилиб: “Унга қилган кичик гуноҳларини кўндаланг килинглар”, дейилади ва катта гунохдари кўрсатилмайди. Бас, “Мана бу, мана бу гуноҳларни қилганмисан?” дейилганида у биронтасини инкор қилмасдан иқрор қилиб, ўзича катта гуноҳларидан қўрқиб туради. Сўнг: “Унга қилган ҳар бир ёмонлиги ўрнига савоб ато этинглар!” дейилганида, у киши: “Менинг қилган бошқа гуноҳларим ҳам бор эдику, уларни бу ерда кўрмаяпманку?” дейди”, дедилар”. Абу Зарр: “Мен Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам бу сўзларни айтар эканлар, кулганларини, ҳатто озиқ тишларигача кўринганини кўрдим”, деди, сўнгра ушбу оятни ўқиди. (Муслим ва Аҳмадривоят қилганалар. “Танвийрул-Азҳон”тафсиридан).

54. (Эй инсонлар), сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари (яъни, Оллоҳнинг бирон бало-қазосига дучор бўлмай туриб) Парвардигорингизга қайтингиз ва Унга бўйинсунингиз!
Юқоридаги оятда Ҳақ таоло Унинг Раҳматидан ҳеч ким ноумид бўлмаслиги лозимлигини, У Мағфиратли, Меҳрибон Зот Ўзи хоҳлаган бандаларининг гуноҳларини кечириб юборишини айтгач, ушбу ояти каримада барча инсонларга хитоб қилиб, мазкур Раҳмати Илоҳийга етиш учун улар вақт борида қилаётган исёну туғёнларидан тўхтаб, чин ихлос билан Оллоҳнинг Йўлига қайтишлари ва Унга тўла-тўкис бўйинсунгувчи мусулмонларга айланишлари кераклигини таъкидлайди ва акс ҳолда бошлари-га бало-мусибатлар тушиб қолганида уларга ҳеч ким ёрдам қилмаслиги ҳақида огоҳлантиради.
Жобир розияллоху анхудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Оллоҳ таоло кишига тоат-ибодатли узун умр бериб, унга гуноҳ-маъсиятлардан қайтиб тавба-таззаруъ қилишни ризқ қилиб берса, бу ўша кишининг бахти-саодатидандир, аммо киши амал қилса-ю, ўша амали билан кибри ҳаво қилса, унинг шақоватидан - бад-бахтлигидандир”, деб огоҳлантирганлар. (“Тафсири Қуртубий”дан).

55. Сизларга сезмаган ҳолингизда тўсатдан азоб келиб қолиши-дан илгари Парвардигорингиз томонидан сиз - инсонларга нозил қилинган нарсаларнинг энг гўзалига - Куръонга эргашингиз!
Ибн Зайд раҳимаҳуллоҳ айтади: “Оллоҳ таоло инсониятга аввал Таврот, Инжил, Забур китобларини тушириб, сўнгра сўнгги Китоб - Қуръонни нозил қилди ва барча инсонларни самовий китобларнинг энг гўзал, энг мукаммали бўлган мана шу Қуръони Азимга эргашишга, унинг жамийки, ҳукмларига бўйсунишга буюрди ва акс ҳолда, ўзлари сезмаган ҳолларида бошларига Оллоҳ таолонинг азоби тушиб, кейин қиладиган ҳар қандай афсусу надоматлари бефойда бўлиб қолишидан огоҳлантирди.
Қуръони Карим энг гўзал Сўз эканлиги, бошқа бирон сўз Қуръонга баробар бўла олмаслиги ҳақида суранинг 23-оятида ҳам айтилди ва тафсир қилиб ўтилди. Қуръони каримнинг энг гўзал, энг мукаммал Сўз эканлигининг яна бир далили, Қуръон ўзидан аввал нозил қилинган барча самовий китобларни насх қилган, яъни, ҳукмларини тўхтатган Китобдирки, энди фақат мана шу Китобга эргашган инсонлар Оллоҳнинг Каломига итоат этган бўладилар.

56-57-58. Ҳеч бир жон: «Оллоҳ ҳақида (яъни, У Зотга тоат-ибодат қилишда) сусткашлик қилганимга ҳасрат - надомат бўлғай! Ростдан ҳам мен (Унинг Динини ва Қуръонини) масхара қилгувчилардан бўлган эдим», деб қолмаслиги учун; Ёки: «Агар Оллоҳ мени ҳидоят қилганида эди, албатта мен ҳам тақво эгаларидан бўлур эдим-а», деб қолмаслиги учун; Ёки азобни кўрган чоғида: «Қани эди, мен учун яна бир карра (яшашнинг имкони) бўлса-ю, мен ҳам чиройли амал қилгувчилардан бўлсам», деб қолмаслиги учун (барчаларингиз Қуръ-онга эргашишга шошилингиз)!
Ушбу оятлар ҳам мазмунан юқоридаги оятнинг давоми бўлиб, инсонларга фурсат борида Оллоҳ таолонинг энг гўзал Каломи бўлмиш Қуръонга тўла-тўкис итоат этишга шошилиш кераклигини уқтиради ва акс ҳолда, бошларига азоб Куни тушганида қандай ҳасрат-надоматлар қилиб қолишларини эслатади. Оятлар огоҳлантиришича, ҳаёти дунёдан Қуръонга итоат этмасдан куфр-ширк-зулм билан ўтиб кетган кимсалар Қиёмат Кунида, Оллоҳнинг азобига - дўзахга ҳукм қилинганларида албатта жуда қаттиқ, аммо мутлақо бефойда ҳасрат-надоматлар қилиб қоладилар. Ҳар бир кофир нафснинг у Кунда айтиши муқаррар бўлган сўзлари мана будир: “Ат-танг-аттанг, минг-минг ҳасрат-надоматлар бўлсинки, бир умр ҳавойи нафсимга эргашиб, Оллоҳ таоло буюрган томонга ўта сусткашлик қилибман - Унга тоат-ибодат қилмабман, Китобига амал қилмабман, балки аксинча, Дини Исломнинг, Қуръоннинг ва унга итоат этгувчи мўмин мусулмонларнинг устидан масхара қилиб кулгувчилар қаторида бўлибман! Агар Оллоҳ Тўғри Йўлга ҳидоят қилганида мен ҳам ана ўша тақволи инсонлар қаторида бўлар эдимку! Афсус-афсус, ўзимнинг ёмонлигим ва қилган қилмишларим сабабли Қуръонга итоат этгувчилар қаторида жой олиш менга насиб этмади! Балки Оллоҳнинг азоб-уқубатларига лойиқ бўлган адашган кимсалар қаторидан жой олдим. Мана Бугун ана ўша кофирлар учун ваъда қилинган азобни ўз кўзларим билан кўриб, ҳасратимдан ўт чиқиб турибман. Қани эди, ҳаётимни орқага қайтариб бўлганида ва менга яна бир карра яшаш имконияти берилганида эди, ҳеч шак-шубҳасиз мен ҳам Қуръонга эргашиб чиройли амал қилгувчи мўминлардан бўлар эдим!”
Энг гўзал, энг Тўғри Сўз бўлмиш Қуръон оятлари хабар беришича, Қиёмат Кунида ҳар бир кофир кимса ушбу сўзларни айтиб ҳасрат-надоматлар қилиши аниқдир. Лекин унда вақт ўтган, фурсат қўлдан кетган бўлади! Халқ тили билан айтганда «кейинги пушмон ўзингга душман» бўлади! У Кунда кофирларнинг мазкур ҳасратлари устига яна бошқа ҳасратлар ҳам қўшилади. Ҳадиси шарифда айтилишича, дўзахга кираётган ҳар бир кофир кимсага унинг учун жаннатда ҳозирлаб қўйилган жойи кўрсатилиб, агар мўмин бўлганингда мана шу жой сеники эди дейилганида, у: “Агар Оллоҳ мени ҳидоят қилганида эди, албатта мени ҳам тақво эгаларидан бўлар эдим-а!” деб қолади ва бу ҳам унинг учун ҳасрат устига яна бир ҳасрат бўлиб қолади!
Қуръонга эргашмаган, унинг ҳукмларига итоат этмаган, буйруқларига бўйинсунмаган ва қайтарган ишларидан қайтмаган кимсаларга, яъни, ҳаётларини куфру исён билан, мўмин-мусулмонларнингустидан масхара қилиб кулиш билан ўтказган кимсаларнинг Қиёмат Кунидаги қиладиган ҳасрат-надоматларига, ичадиган қасамлари-ю, берадиган ваъдаларига Ҳақ таоло қандай жавоб қилиши ҳақида куйидаги ояти каримада хабар берилади -

59. «Йўқ, (Мен сенга Ҳидоят Йўлини кўрсатган эдим) аниқки, сенга Менинг оятларим келганида, сен уларни ёлғон дегансан ва кибр-ҳаво қилиб, кофирлардан бўлгансан!»
Яъни, эй, “Оллоҳ менга Ҳидоят Йўлини кўрсатмади, агар менга Тўғри Йўлни кўрсатганида албатта мен ҳам чиройли амал қилгувчилардан бўлар эдим”, деб Бугун - Қиёмат Кунида Менинг Шаънимга туҳмат қилаётган кимса, бу сўзларинг ёлғондир. Менинг оятларим сенга келган, Менинг Элчим сенга Қуръон оятларини тўла-тўкис етказган, аммо сен у оятларни ёлғон дединг, уларни Муҳаммад ўзи тўқиб олган деб ҳақ Пайғамбарни ёлғончи қилдинг, Ҳақ Йўлга юришдан бош тортиб, кибр-ҳаво қилиб кофирлардан бўлдинг! Бас, бу Кун қилаётган ҳасрат-надоматларинг-у дуо-илтижоларингдан сенга ҳеч қандай фойда йўқ Сен ўзинг мустаҳиқ бўлган жазога - дўзах азобига албатта гирифтор бўлурсан!

60. Қиёмат Кунида Оллоҳ шаънига ёлғон сўзлаган кимсаларни юзлари қора ҳолда кўрурсиз. Ё жаҳаннамда мутакаббир кимсалар учун жой йўқми?! (Албатта бор)!
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло шаънига “Унинг боласи бор, хотини бор, шериги бор”, деб нолойиқ сўзларни айтадиган ёлғончи кимсаларнинг шармандалиқдан юзлари худди қалб-ларига ўхшаб қоп-қора бўлиб кетганини кўрасиз ва уларнинг ҳақиқий юзи қора кимсалар эканликлари маҳшаргоҳга йиғилган жамийки махлуқотга аён бўлади. Ҳеч шак-шубҳа йўқки, Оллоҳтаолога қуллик қилишдан ор қиладиган мутакаббир кимсалар учун жаҳаннамда махсус ажратилган жойлар бордир. Аҳмад ва Термизий Абдуллоҳ ибн Амр розияллоху анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам айтдилар: “Қиёмат Кунида Оллоҳга ибодат қилишдан ор қилган мутакаббир кимсалар худди инсон суратидаги қумурсқалардек кичрайган ҳолда қайта тирилиб маҳшаргоҳга тўпланадилар ва уларни ҳар томондан шармандалик ўраб олган ҳолларида жаҳаннамдаги ўзларига аталган олов зиндонларига ҳайдаладилар!”.
61. Тақво эгалари бўлган зотларни эса, (жаннатга) эришганлари сабабли Оллоҳ (жаҳаннам азобидан) қутқарур - уларга бирон ёмонлик ҳам етмас ва улар ғамгин ҳам бўлмаслар.
Яъни, Оллоҳ таолодан кўрққани учун ширк ва маъсиятдан сақланган зотларнинг Қиёмат Кунидаги аҳволлари мутакаббир кимсаларнинг аҳволидан тамоман ўзгачадир. Оллоҳ таоло у тақволи бандаларини жаннатларга эриштиргани боисидан жаҳаннам азобидан нажот берар ва уларга у Кунда бирон-бир зиён-захмат ёки ғам-ташвиш яқин ҳам келмас. Ушбу ояти каримани Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилинган ҳадиси шарифларида Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам шундай тафсир қилганлар: “Оллоҳ таоло ҳар бир киши билан унинг амалини бирга тирилтирур. Бас, мўминнинг қилган амали унинг ёнида жуда гўзал суратда ўзидан бениҳоя хушбўй таратиб турар. Ҳар қачонки Қиёмат даҳшатларидан бирон кўрқув ёки хавф-хатар содир бўлса, амали мўминга: “Қўрқма, бу сенга эмас, сен ирода қилинганинг йўқ”, деб таскин берар. Бундай ҳол такрор-такрор содир бўлгач, мўмин амалига қараб: “Мунча ҳам гўзалсан! Кимсан ўзинг?” деб сўраганида у: “Мени танимадингми? Мен сенинг қилган солиҳ амалингдирман. Гарчи мен жуда оғир бўлсам ҳам сен мени бир умр кўтардинг, энди, Оллоҳга қасамки, мен сени кўтарурман ва сени мудофаа қилурман”, дейди. Оллоҳ таоло айтган: «Тақво эгалари бўлган зотларни эса, (жаннатга) эришганлари сабабли Оллоҳ (жаҳаннам азо-бидан) қутқарур - уларга бирон ёмонлик ҳам етмас ва улар ғамгин ҳам бўлмаслар» оятининг маъноси шудир”. (“Тафсири Мунийр”дан).

62. Оллоҳ барча нарсанинг Яратгувчисидир. У барча нарсанинг устида Вакил - Муҳофаза қилгувчидир.
Ушбу ояти кариманинг энг гўзал тафсири мана бу оятдир: «Мана шу Оллоҳ Парвардигорингиздир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Унинг Ўзи бордир. У ҳамма нарсани Яратгувчидир. Бас, Унга бандалик қилингиз! У ҳамма нарсанинг устидаги Вакил - Муҳофаза қилгувчидир». (Анъом сураси, 102-оят).
Ояти каримада турли-туман мухлуқларга сиғинадиган мушрикларга хитоб қилиниб: “Ушбу буюк сифатларнинг Танҳо Эгаси бўлган Зот сизларнинг Эгангиз. Яратган Парвардигорингиздир, Ундан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўкдир, ҳамма нарсанинг Холиқи - Яратгувчиси Ёлғиз Унинг Ўзидир, бас, сизлар ширк келтиришдан тўхтаб, тавба қилиб, Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилинглар”, дейилмоқда. Чунки фақат мана шу тўрт хислат Эгаси, яъни, юқоридаги оятларда зикр қилинган буюк сифатларга Эга бўлган, барча иш Ўзининг Қўлида бўлган, ҳеч қандай шериги бўлмаган ва ўтмиш-у келажакдаги барча нарсанинг Ёлғиз Холиқи - Яратгувчиси бўлган Оллоҳ таолонинг Ўзигина Маъбуди Барҳақдир. Бас, Ер-у осмонлардаги барча махлуқот, жумладан инсонларнинг ҳаммаси Ўша Ягона Парвардигорга ибодат қилишлари, Унинг азобидан қўрқишлари, Ундан мадад-ёрдам сўрашлари, Унга бирон нарсани ширк келтирмасликлари, ато этган саноқсиз неъматлари учун Унга ҳамду сано айтиб шукр қилишлари ва барча ишларини Унинг Ўзига ишониб топширишлари, яъни, яхши амалларга киришар эканлар, тавфиқ-муваффақиятни Унинг Ўзидан сўрашлари, адо қилган солиҳ амаллари учун ҳам мукофотни УнингЎзидан кутишлари фарздир. Чунки “У ҳамма нарсанинг устидаги Вакилдир”. Ҳамма нарсани идора қиладиган ҳам, қабул қиладиган ҳам, муваффақият ато этадиган ҳам, ажр-мукофот берадиган ҳам Унинг Ўзидир.

63. Осмонлар ва Ернинг калитлари Ёлғиз Уникидир. Оллоҳ оятларига кофир бўлган кимсалар эса, улар зиён кўргувчилардир.
Яъни, коинотнинг энг юқорисидан тортиб энг қуйисигача барча нарсаларнинг очқичлари уларни йўқдан бор қилган Оллоҳ таолонинг Қўлидадир. Демак, бор жонли-жонсиз мавжудотнинг Эгаси бўлган Холиқ таоло уларга Ўзи хоҳлагандек эгалик қилади, уларни Ўзи истагандек тасарруф қилади. Чунки хазиналарнинг калитлари кимнинг қўлида бўлса, ана ўша Зот уларнинг Эгасидир.
“Оллоҳ оятларига кофир бўлган кимсалар эса, улар зиён кўргувчилардир”.
Куфр - кўмиш, яшириш, инкор қилиш маъносида келиши аввалги оятлар тафсирида айтилди. Демак, кофирлар деганда энг буюк Ҳақиқатни - Оллоҳ таолонинг борлигини инкор қилган динсизлар ва Оллоҳнинг Танҳо Маъбуд эканини инкор қилган мушриклар тушунилади. Ҳақ таолонинг ушбу оятдаги “Оллоҳнинг оятлари” деган сўзларидан мурод, Оллоҳ таолонинг Ёлғиз Парвардигор эканига далолат қиладиган коинотдаги барча далиллар ва У Зотнинг элчилари келтирган мўъжизалар ва ҳеч инкор қилиб бўлмайдиган ҳужжатлардир. Демак, Оллоҳнинг борлиги ва бирлигига ишонмаган, пайғамбарлар келтирган оятлар, мўъжизаларни ҳамда коинотдаги Ёлғиз Яратгувчи ва парвариш қилиб тургувчи Зот борлигига далолат қиладиган очиқ далил ва аломатларни инкор қиладиган кимсалар аниқ зиён кўргувчилардир, яъни, жаҳаннамда мангу қолгувчилардир.
Абу Саид Худрий розияллоху анхудан ривоят қилинди, Жаноби Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Аҳли дўзах бўлган кофирлар у жойда на ўла оладилар ва на яшай оладилар, яъни дўзахда мангу азобланадилар. Лекин хато ёки гуноҳлари сабабли дўзахга тушиб қолган мўминлар эса гуноҳларига яраша жазоларини олгач, ўлик ҳолига яқин келгач, уларни шафоат қилишга изн берилади ва дўзахдан чиқариладилар”.

64. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, у мушрикларга) айтинг: «Эй нодонлар, ҳали сизлар мени Оллоҳдан ўзгага ибодат қилишга буюрурмисизлар?!»
Яъни, эй мушриклар, энди мен, Оллоҳ таолонинг Танҳо Илоҳ эканлигига далолат қилиб турган шунча оят-мўъжизаларни кўриб туриб, сизлар билан бирга Оллоҳдан ўзга бут-санамларга сиғинар эканманми?! Ҳеч қачон ундай бўлмайди!
Ушбу ояти карима Макка мушриклари Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламни ҳам улар сиғинадиган сохта “илоҳлар”га сиғинишга даъват қилиб “Эй Муҳаммад, ота-боболарингнинг динига қайтгин”, деганларида нозил бўлган.

65-66. Дарҳақиқат, Сизга ҳам, Сиздан аввалги (пайғамбарларга) ҳам (шундай) ваҳий қилингандир: «Қасамки, агар мушрик бўлсанг, албатта қилган амалинг беҳуда кетур ва албатта зиён кўргувчилар-дан бўлиб қолурсан! Йўқ, сен Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилгин ва шукр қилгувчилардан бўлгин!»
Ушбу оятларда гарчи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса ҳам, у зотдан бошқа инсонлар ирода қилингандир. Чунки, Оллоҳ таоло Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ва у зотдан илгари юборилган барча элчи пайғамбарларни ширк ва куфр жиноятидан асрагани аниқдир. Демак, Ҳақ таоло ушбу оят билан мусулмон умматини агар мўмин бўлганларидан кейин ширк келтирадиган бўлсалар, қилган ҳамма яхши амаллари бехуда кетиб, бошқа мушрик-кофир кимсалар каби дунё-ю Охиратда зиён кўргувчилардан, яъни, дўзах аҳлидан бўлиб қолишлари аниқ эканлигини айтиб огоҳлантиради. - Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам айтилган: «Сизлардан ким ўз динидан қайтиб, динсиз ҳолда ўлса, ундай кимсаларнинг қилган амаллари дунё-ю Охиратда беҳуда кетур. Улар дўзах эгаларидир ва унда абадий қолажаклар». (Бақара сураси, 217-оятдан).
- Ва Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламни ҳам, у зотнинг барча умматларини ҳам Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиб, уларга иймон неъматини ато этгани, Тўғри Йўлга ҳидоят қилгани учун бир умр Яратганга шукр қилгувчи бандалардан бўлишларини буюради.
Бас, Ҳидоят Оллоҳ таоло бандаларига ато этган энг Буюк Илоҳий Марҳаматдир. Агар Оллоҳ ҳидоят қилмаса, ҳеч ким ўз ақли, илми ва ёки бошқа ҳар қандай восита-сабаблар ёрдамида Тўғри Йўлни топиши мутлақо мумкин эмасдир. Энди Оллоҳ таолонинг Ҳидоятига сазовор бўлган, Яратган наздида шундай олий манзилат-мартабага эга бўлган ўша пайғамбарлар ҳам агар фаразан ширк келтирадиган бўлсалар, ана ўшаларнинг ҳам ҳаётлари давомида қилган барча амаллари ҳабата - беҳуда кетган ва ўзларига ато этилган барча фазилатлардан қуруқ қолган бўлар эдилар.
Маълум бўладики, гуноҳларнинг энг оғири, қилинган ҳамма амални куйдириб юборадигани Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ширк келтириш экан.
Ояти каримада хабар берилганидек, ширк пайғамбарлар қилган амалларни ҳам йўқ қилиб юборадиган бўлса, у ҳолда савобларидан гуноҳлари кўп бўлган оддий инсонлар ширк келтирадиган бўлсалар, ҳоллари не кечади?! Бир умр мушрик ҳолда яшаган кимсаларчи?! Уларнинг бутун ҳаётлари тўласича беҳуда ва бефойда бўлмайдими, дунёга келганларидан келмаганлари яхшироқ бўлмайдими?!
Шу ўринда ушбу оятлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Маккада нозил бўлганини ва пайғамбарлар отаси, Оллоҳтаолонинг Халили ва улуғ пайғамбари бўлган Ҳазрати Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломнинг ҳақларига туҳмат қилиб: “Биз отамиз Иброҳимнинг динидамиз”, деб даъво қиладиган Макка мушрикларига Илоҳий Раддия сифатида нозил қилинганини эсласак, Иброҳим алайҳис-салом ҳам бошқа барча пайғамбарлар ҳам бирон лаҳза ширк келтирмасдан Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиб ўтганларини аниқ англасак ва ҳар бир мусулмоннинг ҳаётидаги энг муҳим вазифа ширк иллатидан бир умр олис бўлиш эканини яхши билсак, иншооллоҳ, ушбу оятларни тўғри тушунган бўламиз.

67. (Мушриклар) Оллоҳни тўғри таний олмадилар! Бутун Ер Қиёмат Кунида Унинг қабзасидадир. Осмонлар эса Унинг Қўлида йиғилгувчидир. У Зот уларнинг ширкларидан Пок ва Юксакдир.
“(Мушриклар) Оллоҳни тўғри таний олмадилар!”
Дарҳақиқат, мушрик-кофир кимсалар Оллоҳ таолони тўғри таний олмадилар. Чунки агар улар У Зотни ҳаққирост таниган ва Унинг ҳар ишга Қодир эканини, ҳар нарсани Билгувчи эканини, бандаларига бениҳоя Меҳрибон эканини биладиган инсонлар бўлганларида, ҳеч қачон ширк келтирмаган бўлар эдилар, бир ҳақир чивинга ҳам бас кела олмайдиган жонсиз-ожиз бутларини У Зотга тенг деб билмаган бўлар эдилар, У нозил қилган Каломуллоҳ оятларига дарҳол иймон келтирган ва ушбу Китоб оятларини уларга етказган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга бажонидил итоат қилган бўлар эдилар. Лекин у нодон кимсалар Оллоҳ таолони тўғри таний олмадилар. Ҳолбуки, Оллоҳ таоло ҳеч шак-шубҳасиз, бутун оламларни йўқ қилишга ҳам, бор қилишга ҳам Қудрати етадиган Кучлидир, ҳамма нарсадан Устун бўлган, тенги ва ўхшаши бўлмаган Қудратли - Ғолиб Зотдир.
«Бутун Ер Қиёмат Кунида Унинг қабзасидадир. Осмонлар эса Унинг Қўлида йиғилгувчидир. У Зот уларнинг ширкларидан Пок ва Юксакдир».
Ояти карима тафсирида қатор ҳадислар ворид бўлган: “Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Яҳудий олимларидан бири Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига келиб: “Эй Муҳаммад, бизнинг китобимизда Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида барча осмонларни бир панжасида, етти қават Ерни яна бир панжасида, дарахтларни яна бир панжасида, сувни яна бир панжасида ва бутун халқни яна бир панжасида чангаллаб туриши айтилган”, деган эди, Пайғамбар соллоллоҳу алайху! ва саллам унинг сўзини тасдиқлаб шундай кулдиларки, ҳатто озиқ тишлари ҳам кўриниб кетди. Сўнгра “(Мушриклар) Оллоҳни тўғри таний олмадилар!” жумласи билан бошланган ушбу ояти каримани ўқидилар”. (Бухорий, Муслим, Термизий ва бошқалар ривоят қилганлар. “Тафсири Бағавий”дан).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоху анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида осмонларни ўраб, сўнгра уларни ўнг Қўлида ушлайди, сўнгра: "Подшоҳ Менман! Золим-кофир кимсалар қаерда қолди, мутакаббир подшоҳлар қаерда қолди?” дейди, кейин етти қават Ерни ўраб, уларни чап Қўлида ушлайди, сўнгра: “ПодшоҳМенман! Золим-кофир кимсалар қаерда қолди, мутакаббир подшоҳлар қаерда қолди?!” дейди”, деб хабар бердилар. (Муслим ривояти. “Тафсири Бағавий”дан).

68. Сур чалинди-ю, осмонлар ва Ердаги бор жонзот ўлди, магар Оллоҳ хоҳлаган зотларгина (тирик қолдилар). Сўнгра у иккинчи бор чалинди-да, баногоҳ улар (яъни, барча халойиқ қайта тирилди ва қабр-ларидан) туриб, (Оллоҳнинг амрига) кўз тутарлар.
У Кун келганида Оллоҳ таолонинг муқарраб малоикаларидан бўлмиш Исрофил алайҳис-салом У Зотнинг Амри билан зиммасидаги вазифани бажаришга киришади - минг-минг йиллар давомида Оллоҳ таолонинг Фармонини кутиб, қўлида тутиб турган беқиёс баҳайбат сурни чалади ва шу онда Оллоҳ таолонинг бир неча яқин фаришталаридан бошқа Ер-у осмонлардаги барча жонзот даҳшатдан тош қотиб, Ер-у осмонларда бирон тирик жон қолмайди! Сўнгра, ҳадиси шарифда хабар берилишича, орадан қирқ йил ўтганидан кейин сур иккинчи бор чалинади-да, жамийки ўликлар қайта тириладилар ва ҳисоб-китоб қилиниш учун хор-у забун ҳолларида Ҳақ таоло хузурига чиқиб келадилар! Шак-шубҳасиз содир бўладиган бу даҳшатли ҳодисалар ҳақида бошқа оятларда ҳам қайта-қайта ваъда қилинади, хабарлар берилади: “(Қиёмат Соати келиб фаришта Исрофилнинг) сури чалиниши билан баногоҳ улар қабрларидан Парвардигорлари (хузурига ҳисоб-китоб учун) суғурилиб чиқурлар. Улар: «Эй бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ётган жойимиздан (қабрларимиздан) турғазди?», деганларида, (уларга айтилур): «Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаган нарса - Қиёматдир. Фақат биргина даҳшатли қичқириқ бўлар-у, баногоҳ уларнинг барчалари Бизнинг даргоҳимизда ҳозир қилингувчидирлар”. (Ёсин сураси, 51-53 оятлар).
Термизий Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен қандай ҳузур-ҳаловатда яшайман, ҳолбуки сур соҳиби (Исрофил алайҳис-салом) сурни оғзига яқинлаштириб, бош-у қулоғи билан қачон сурни чалиш буюрили-шига қулоқ солиб кутиб турибди”, дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, у ҳолда бизга нима қилишимизни буюрасиз”, деган эдилар, у зот: “Бизга Оллоҳнинг Ўзи Етарлидир. У нақадар яхши Вакилдир”, деб айтинглар” дедилар.
Сур биринчи марта чалиниб, ўша ваъда қилинган Қиёмат Куни келганида аввал-бошда жамийки халойиқ - фаришталар, инсонлар, жинлар ва ҳайвонот худди денгиз тўлқинларидек бир-бирларига аралашиб кетадилар, яъни, улардан кимнинг жасадининг қайси аъзоси қаерларга сочилиб, нималарга айланиб кетгани номаълум бўлиб қолади. Сўнгра иккинчи бор сур чалингач, Оллоҳ таоло уларнинг ҳар бирини сочилиб, тупроққа айланиб кетган жасадларининг ҳар бир аъзосини жуда гўзал тарзда жамлаб, қайта тирилтириб, барчаларини, бирорталарини қолдирмай ҳисоб-китоб қилиш учун маҳшаргоҳга тўплайди. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз уларга) айтинг: «Албатта аввалгилар ҳам, кейингилар ҳам маълум Кундаги белгиланган вақтга шак-шубҳасиз, тўплангувчидирлар”. (Воқеа сураси, 49-50-оятлар).
“(У Кунда) Биз улардан бирон кимсани қолдирмасдан йиғдик”. (Каҳф сураси, 47-оятдан).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди. У айтди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Сурнинг биринчи чалиниши билан иккинчисининг ўртаси қирқ”, дедилар”. Қирқ кунми?” деб сўрашган эди, “Йўқ дедилар. “Қирқ ойми?” дейишганида яна “Йўқ”, дедилар. “Қирқ йилми?” дейишган эди, яна “Йўқ”, дедилар ва сўзларида давом этиб: “Сўнгра Оллоҳ таоло самодан Ёмғир ёғдириб, жамийки халойиқ ердан худди полиз экинлари униб чиққанидек униб чиқадилар. У вақтда инсондан ҳамма аъзолари чириб кетган бўлади. Фақат бир (нуқтадек) суяк чиримайди, у ажабуз-занаб - думғаза бўлиб, ана ўша суякдан Қиёмат Кунида жамийки халойиқтаркиб топади, (яъни, ҳар бир инсон ўзидан чиримай қолган ўша нуқтадек суякдан тўла шаклланиб бутун инсонга айланади)”, дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти қилганлар. “Тафсири Бағавийдан).

69-70. Ер (яъни, маҳшаргоҳ) Парвардигорининг нури билан ёп-ёруғ бўлди, китоб - номайи аъмол (ҳисоб-китоб қилиш учун ҳозирлаб) қўйилди, пайгамбарлар ва гувоҳлар келтирилди ҳамда уларнинг (яъни, барча бандаларнинг) ўрталарида (биронталарига) зулм қилинмаган ҳолда ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди. Ва ҳар бир жонга қилган амали(нинг мукофот ёки жазоси) комил қилиб берилди. (Оллоҳ) уларнинг қилар ишларини жуда яхши Билгувчидир.
Ушбу оятлардан бошлаб то сурайи карима ниҳоясигача Қиёмат Кунида аниқ содир бўладиган айрим воқеа-ҳодисалар ҳақида хабар берилади. Ушбу воқеаларнинг рўй беришида ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмагани боис улар ҳақидаўтган замон феъли билан хабар қилинди: “Ер (яъни, машаргоҳ) Парвардигорининг нури билан ёп-ёруг бўлди”, Демак, У Кунда Ер - жамийки халойиқ Парвардигор хузурида ҳисоб берадиган бениҳоя кенг ва теп-текис маҳшаргоҳ Яратганнинг нури адолати билан агар игна тушса ҳам топиладиган даражада ёп-ёруғ бўлади, яъни, инсонларнинг бутун ҳаётлари давомида қилган яхши-ю ёмон амалларидан биронтаси яшириниб қолмай ошкор бўлади. Зотан, Қиёмат Кунининг Кун деб номланганининг ҳикматла-ридан бири, у Кунда инсонларнинг нафақат зоҳирлари, балки ботинлари қалбларида яширинган барча сир-асрорлари хам кундай равшан бўлади.
Агар таъбир жоиз бўлса, биз яшаётган бу ҳаёти дунё, унда ҳамиша ҳам адолат қарор топмай, ҳақиқат рўёбга чиқмай қолиши ва жуда кўп сирлар очилмай қоронғу бўлиб қолиши сабабли бошидан оёғигача гўё зулматдаги бир кеча бўлса, Қиёмат Куни ана ўша яширилган сирларнинг барчаси аниқ ошкор бўладиган ёп-ёруғ бир Кундуздирки, шунинг учун ҳам у Кун деб номлангандир. У Кунда биз яшаётган Ер ҳам тамоман бошқа Ерга айланади: «Албатта Оллоҳ Ер бошқа Ерга, осмонлар (ўзга осмонларга) айланиб қоладиган ҳамда (барча одамлар қабрларидан чиқиб) Танҳо Кудратли Оллоҳга рўбарў бўладиган Кунда (Қиёматда) Ғолиб ва Интиқом олгувчидир». (Иброҳим сураси, 48-оят).
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг ҳадисларида ва у зотнинг асҳобларидан нақл қилинган хабарларда ҳам айтилгандир.
Муслим, Термизий, Ибн Можжа ва бошқалар ривоят қилган ҳадиси шарифда Оиша розияллоху анҳо айтди: “Мен: “Ё Расулуллоҳ, Ер бошқа Ерга, осмонлар ўзга осмонларга айланиб қоладиган Кунда одамлар қаерда бўладилар?” деб сўраган эдим, у зот: “Сен илгари ҳеч ким сўрамаган нарса ҳақида сўрадинг, У Кунда одамлар Сирот кўприги устида турадилар”, деб жавоб бердилар”.
Бухорий ва Муслим Саҳл ибн Саъд Соидий розияллоху анхудан ривоят қилдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Одамлар Қиёмат Кунида худди оппоқ думалоқ нонга ўхшаб қолган оппоқ Ер устида тўпланадилар. У Ерда бирон кимсадан қолган бино, экинзор ёки уй-жой каби аломатлар бўлмайди”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи в саллам дедилар: “Қиёмат Кунида Ер бошқа Ерга айланиб қолади. У худди Укоз бозорида терини тортганлари каби бўйига ҳам, энига ҳам шундай тортилиб текисланадики, унда баланд-пастлик ёки ўйдим-чуқурни кўрмайсан”. (Байҳақий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ушбу оят ҳақида сўзлаб, деди: “Ер, унда бирон марта қон тўкилмаган, унинг устида бирон гуноҳ қилинмаган оппоқ кумушдек бир Ерга айланиб қолади «китоб - номайи аъмол (ҳисоб-китоб қилиш учун ҳозирлаб) қўйилди, пайғамбарлар ва гувоҳлар келтирилди ҳамда уларнинг (яъни, барча бандаларнинг) ўрталарида (биронталарига) зулм қилинмаган ҳолда ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди. Ва ҳар бир жонга қилган амали(нинг мукофот ёки жазоси) комил қилиб берилди. (Оллоҳ) уларнинг қилар ишларини жуда яхши Билгувчидир».
Ушбу оятларнинг энг яхши тафсири мана бу оятлардир: (Сўнг ҳар бир кишининг) китоби - номаи аъмоли (тарозуга) қўйилди. Бас, гуноҳкорларнинг ундаги (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат бўлгай, бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз бирон кимсага зулм қилмас. (Каҳф сураси, 49-оят).
Ояти карима мазмунидан маълум бўладики, ҳаёти дунёда қилинган бирон бир амал Охират диёрида, Қиёмат Кунида жазосиз қолмайди. У яхши амал бўладими, ёмон амал бўладими, катта ёки кичик-арзимас амал бўладими, албатта Оллоҳ таоло улардан биронтасини қолдирмасдан яхшига баҳосини, ёмонга жазосини бериши аниқдир.
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлар арзимас саналган гуноҳлардан ҳам узоқ бўлинглар! Чунки арзимас саналган гуноҳларнинг мисоли худди бир қавмга ўхшайдики, улар бирон водийга тушиб-тўпланиб, буниси бир дона ўтин келтириб, буниси яна бир дона ўтин келтириб, ўша арзимас саналган хас-хашаклардан катта олов пайдо бўлади ва улар ўша олов билан нонларини пишириб оладилар (яъни, ўша арзимас саналган гуноҳлар ҳам кўпайиб-тўпланиб, охир-оқибатда эгасини дўзах ўтида куйдиришга етадиган оловга айланиши мумкин). Албатта арзимас саналган гуноҳлар ҳам ҳалок қилгувчидирлар”. (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, инсон фақат яхши амаллар қилишга одатланиши, ёмонликларнинг эса, каттасидан ҳам, арзимас саналган кичигидан ҳам узоқ бўлиши лозим. Чунки ҳар бир инсон ўзи эккан дарахтнинг мевасидан ейди. Бу хусусда “Танвийрул-азҳон” тафсирида бир ибратли ҳикоят келтирилибди: бир куни Оиша розияллоҳу анҳо ўтирган эди, қўлларини ўраб олган бир аёл кириб келди. Оиша: “Сенга нима бўлди, қўлингни енгингдан чиқармаяпсан?” деб сўради. Аёл айтди: “Эй мўминлар онаси, асти сўраманг. Менинг ота-онам ўтиб кетганлар. Отам хайр-садақотлар қилишни яхши кўрар, онам эса, бировга бир нарса беришни жуда ёмон кўрар эди. Мен унинг бир марта бировга бир бўлак ёғ берганидан бошқа садақа берганини кўрмаганман. Уларнинг икковлари ҳам вафот қилишгач, туш кўрсам, Қиёмат қойим бўлган эмиш-у, онам тик турганича қўлидаги бир бўлак ёғни ялар ва тинмасдан: “Чанқадим, сув беринглар”, деб зорланар эмиш, отам бўлса, ҳавзи Кавсар устида туриб, одамларга сув улашаётган эмиш. Отам ҳаётлик чоғида ҳам энг яхши кўрган садақаси одамларга сув улашиш эди. Бас, мен бир идишда сув олдим-у, онамга узатдим ва шу онда қулоғимга “Ким ўша аёлни суғорса, кўли шол бўлиб қолсин”, деган нидо келди. Уйғонсам, қўлим шол бўлиб қолибди”. “Парвардигорингиз бирон кимсага зулм қилмас”.
Дарҳақиқат, Ҳақ таолонинг қилган ҳар бир иши Ҳикмат ва Адолатдир, У бирон кимсага заррача зулм қилмас. Мана бу оятлар ҳам ушбу жумланинг тасдиқидир: “Биз Қиёмат Куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яъни, заррачалик яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшанида келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилгувчидирмиз”. (Анбиё сураси, 47-оят). “Албатта, Оллоҳ бир зарра вазнича зулм қилмас. Агар (заррача) яхшилик бўлса, уни бир неча баробар қилур ва Ўз ҳузуридан улуғ ажр ато этур. (Нисо сураси, 40-оят).
Одатда банда билан банда ўртасидаги муомалада зарра вазни эътиборга олинмайди. Зотан, бунинг иложи ҳам йўқ, чунки махсус ускуна бўлмаса, унинг оғирлигини ўлчаш мумкин эмасдир. Аммо банда билан Оллоҳ таоло ўртасидаги муомалада эса ушбу ояти каримада таъкид билан айтилишича, Яратган бандасининг зарра вазнича яхши амалини ҳам ҳисобга олиб, “уни бир неча баробар қилур ва Ўз хузуридан улуғ ажр ато қилур”.
Имом Бухорий ва Муслим “Саҳиҳайн”да ривоят қилган узун бир ҳадисда Жаноби Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам Қиёмат Кунидан хабар беришларича, у Кунда, дўзахдан нажот топган мўминлар ўзларининг дўзахга гирифтор бўлган биродарларининг ҳақларини талаб қилишиб, “Парвардигоро, улар ҳам биз билан бирга рўза тутишар, намоз ўқишар, ҳаж қилишар эди”, деб илтижолар қилишганида, уларга ўзлари таниган-билган кишиларни дўзахдан чиқаришга рухсат берилар экан. Дўзах мўминларнинг юзларини куйдирмагани учун улар ўзлари таниган-билган жуда кўп амал-ибодатли биродарларини айримларининг оёқлари ошиғигача, айримларни тиззасигача куйган ҳолда дўзахдан чиқаришиб, “Парвардигоро, сен буюрган кишиларни дўзахдан чиқариб бўлдик”, дейишар экан. Шунда Ҳақ таоло уларга яна қайтиб бориб дўзахдан қалбида бир танга вазнича, яъни, озгина яхшилиги бор бўлган кишиларни ҳам чиқаришга буюради ва шу тарзда улар Оллоҳнинг Амри билан қалбида зарра вазнича яхшилик бўлган кишиларни ҳам дўзахдан чиқаришади. Ушбу ҳадисни ривоят қилган Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу: “Агар сизлар мен келтирган бу ҳадисга ишонмасангиз, хоҳласаларингиз мана бу оятни ўқинглар”, деб мазкур оятни ўқийди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анҳу ривоят қилди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қиёмат Кунида ҳар бир банда тик турғизиб қўйилиб, барча халойиқ устида бир жарчи: “Бу Фалончининг фарзанди Фалончи. Кимнинг унда ҳаққи бўлса, келиб ўз ҳаққини олсин”, деб жар солади, сўнгра унга: “Анави ҳақталабларга ўз ҳақларини бергин”, дейди. У: “Ё Роббим, қўлимдан дунё кетган бўлса, қаердан олиб бераман”, деганда, Оллоҳ таоло малоикаларга: “Қаранглар, унинг яхши амалларидан олиб ҳақ эгаларига беринглар”, деб буюради. Бас, (ҳақдорларга унинг солиҳ амалларидан берилиб), агар зарра вазничалик яхшилиги ортиб қолса, малоикалар: “Ё Парвардигор, ҳар бир ҳақ эгасига ҳаққи берилди ва зарра вазнича яхшилик ортиб қолди”, дейишганида - ҳолбуки У Зот буни жуда яхши Билгувчидир - Оллоҳ таоло малоикаларга: “Бандам учун ўша зарра вазничалик яхшиликни кўпайтиринглар ва уни Менинг Раҳматим баракоти билан жаннатга киритинглар”, дейди. Бунинг тасдиқи ушбу оятдир: “Албатта, Оллоҳ бир зарра вазнича зулм қилмас. Агар (заррача) яхшилик бўлса, уни бир неча баробар қилур яна Ўз ҳузуридан улуғ ажр ато қилур”.
Агар у бахтсиз банда бўлса, малоикалар: “Ё Парвардигор, Унинг яхшиликлари тугади, ёмонликларигина қолди, ҳақ эгалари эса кўп”, дейишади. У ҳолда Оллоҳ таоло айтади: “Ўша ҳақ эгаларининг ёмонлик-гуноҳларидан олинглар-да, унинг ёмонликларига кўшинглар! Сўнгра уни жиноятлари жазосига дўзахга отинглар!”
Демак, бирон яхшилик ёки ёмонлик жазосиз қолмас экан. Мана бу оят ҳам шу мазмунни тасдиқлайди: “Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!” (Залзала сураси, 7-8оятлар).

71. Ва кофир бўлган кимсалар тўда-тўда қилиниб жаҳаннамга ҳайдалди. То қачон улар (жаҳаннамга) келиб етганларида, унинг дар-возалари очилди ва унинг қўриқчилари (кофирларга): «Сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар - Парвардигорларингизнинг оятларини сизларга тиловат қилган ҳолларида ва сизларни мана шу Кунингиздаги мулоқотдан огоҳлантирган ҳолларида келмаганмидилар», деган эдилар, улар: «Ҳа, (келганлар), лекин азоб Сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир, (бас, бизлар ҳам уларни ёлғончи қилганимиз сабабли мана шу азобга гирифтор бўлдик)», дедилар.
Яъни, ҳисоб-китоб қилиниб, яхши-ю ёмон ҳар бир амал тарозуда тортилиб, ҳаёти дунёдан солиҳ амаллар қилиб ўтган мўмин-мусулмон бандалар Ҳақ таолонинг Ҳукми билан жаннатга, осий-кофир кимсалар эса дўзахга хукм қилингач, кофирларни тўда-тўдаларга бўлиниб, ҳар бир тўдага куфрда уларга бош бўлганларини етакчи қилиб, қаттиқ таҳқир ва дашномлар билан жаҳаннам томонга ҳайдаладилар. Қачонки, улар жаҳаннам ёқасига судраб-ҳайдаб олиб келингач, қачон менга ўтин-ёқилғи бўладиган кофир ва мунофиқ кимсалар келар экан деб кўз тутиб очилмасдан эшик-дарвозалари берк ҳолда турган жаҳаннамнинг етти дарвозаси баробар очилади ва дўзах аҳлини анвойи азоблар билан азоблаш учун вакил қилинган азоб фаришталари у дўзахиларга қаттиқ дашномлар бериб: “Сизлар нима сабабдан Оллоҳнинг мангу азобига дучор бўлдингизлар?! Ахир сизларга ўз жинсларингиздан яъни, инсон қавмидан бўлган, ўзларингизнинг тилларингизда сўзлашадиган элчи-пайғамбарлар келмаганмидилар ва Парвардигорингиз нозил қилган, уларнинг ҳақиқатдан ҳам Оллоҳ таоло юборган элчилар эканига далолат қиладиган оятларни ўқиб тиловат қилиб бермаганмидилар?! Ана ўша элчи-пайғамбарлар сизларни мана бу Қиёмат Кунида албатта Парвардигорингизга рўбарў бўлиб, ҳисоб-китоб қилинишларинигиз ва қилган ҳар бир амалингиз учун шак-шубҳасиз жазо олишингиз муқаррар эканлиги ҳақида огоҳлантирмаганмидилар?!” деб сўрайдилар. Шунда у кофир кимсалар ўзларининг қилган муд-ҳиш жиноятларини бўйинларига олиб: “Ҳа, улар бизга келганлар, бизларни огоҳлантирганлар, ўзларининг ҳақ пайғамбарлар эканини исботлай-диган ҳужжатларни ҳам келтирганлар, лекин бизлар уларни ёлғончи қилганмиз, кўрсатган йўлларига юрмаганмиз ва оқибат-натижада бу Кун ҳар бир кофир-мушрик кимсага ҳақжазо бўлган жаҳаннам азоби - Оллоҳ таолонинг: “Албатта Мен жаҳаннамни барча (кофир) жин ва (кофир) одамлар билан тўлдирурман”, деган Сўзи мана бизнинг устимизга ҳам ҳақ жазо бўлиб тушди ва биз мана шу азобга гирифтор бўлдик”, дейдилар.

72. (Шунда уларга) айтилди: «Жаҳаннам дарвозаларидан киринглар! Сизлар ўша жойда мангу қолгувчидирсизлар!» Бас, (Оллоҳ таолога иймон келтиришдан ва яхши амаллар қилишдан) кибр-ҳаво қилгувчи кимсаларнинг жойлари нақадар ёмондир!
Яъни, иблис ва унга эргашганларнинг барчалари шак-шубҳасиз борадиган жой жаҳаннамдир. Жаҳаннам сўзининг маъноси тубсиз жарлик дегани бўлиб, у Оллоҳ таолонинг Охиратдаги зиндонидир. (“Танвийрул-азҳон”дан).
Заҳҳок айтади: “Дўзах бири биридан қуйида жойлашган етти қават бўлиб, унинг биринчи қаватида, яъни, энг юқорисида дўзахга ҳукм қилинган аҳли тавҳид мўминлар бўлурлар”. Улар қилган гуноҳларига яраша азобланганларидан кейин ундан чиқарилурлар. Иккинчи қаватда насронийлар, учинчисида яҳудийлар, тўртинчисида собиийлар - фаришталарга сиғинувчи кимсалар, бешинчисида мажусийлар, олтинчисида барча мушриклар, еттинчи, энг қуйи қаватида эса мунофиқлар азобланурлар. Оллоҳ таолонинг: “Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида бўлурлар. Ва улар учун бирон мададкор топа олмайсиз!” (Нисо сурси, 145-оят) деган Сўзининг маъноси шудир”. (“Тафсири Бағавий”дан).
Муфассирлар айтадилар: “Дўзах - бири биридан қуйида жойлашган етти қаватдир. Биринчиси жаҳаннам, иккинчиси Лазо, учинчиси Ҳутама, тўртинчиси Саъийр, бешинчиси Сақар, олтинчиси Жаҳийм, еттинчиси Ҳовиядир. Ҳовия энг тубан деган маънони англатади. Мунофиқлар дўзахнинг энг тубан жойида энг ашаддий азобга гирифтор бўлишларига сабаб, улар куфрда кофирлар билан баробар бўлганларидан ташқари, ўзларини мусулмон деб Исломни масхара қилганларидир. Шунингдек, улар ўзларининг динсиз кофир эканликларин яшириш билан мусулмонлар ичига кириб, уларнинг сирларини билиб, очиқ кофирлардан ҳам мусулмонларга кўпроқ зиён етказадилар. Демак, Охиратда оладиган жазолари ҳам жиноятларига яраша бўлади - у жойда ўзлари учун бирон ёрдамчи - мададкор топа олмай қоладилар!
Кофирларнинг қилган қилмишларига яраша дўзахда тортадиган азоблари ҳам бўлак-бўлак бўлиши ҳақида Самура ибн Жундаб розияллоҳу анхудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда ҳам айтилгандир: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Улардан айримларини дўзахўти оёғининг ошиғигача ушлайди, улардан айримларини белигача ушлайди ва улардан айримларини томоғигача ушлайди”. (Муслим ривояти).
Ушбу оятларда осий-кофирларнинг тушадиган жойлари зикр қилингач, энди қуйидаги оятларда Оллоҳдан қўрқадиган тақво эгаларининг борар жойлари ҳақида хабар берилади.

73-74. Парвардигорларидан қўрққан зотлар эса тўп-тўп ҳолда жаннатга «ҳайдалдилар». То қачон улар дарвозалари очилган ҳолда уларга мунтазир бўлиб турган жаннатга) келиб етганларида ва унинг қўриқчилари: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз», деганларида (улар беҳад шодланурлар) Ва: «Бизларга Ўз ваъдасини рост қилган, бизларни бу (жаннат) ерига ворис қилган ҳамда жаннатдан ўзимиз хоҳлаган тарафда жой олишимизга (муваффақ қилган) Оллоҳга хдмду сано бўлсин», дерлар. Бас, (чиройли) амал қилгувчи зотларнинг ажр-мукофоти нақадар яхшидир!
Ушбу оятларда ҳаётларини тақво билан, Яратганнинг осий-кофир кимсаларга Охират диёрида берадиган азобидан қўрққан ҳолларида солиҳ амаллар билан ўтказган мўминларнинг Қиёмат Кунидаги аҳволлари ҳақида хабар берилади. Улар кофир кимсалар каби тўда-тўда қилиб жаҳаннамга ҳайдалмайдилар, балки, ҳаёти дунёда қилган амалларига яраша жамоат-жамоат бўлган ҳолларида, от-уловлар устида уларга мунтазир бўлиб кўз тутиб турган жаннатнинг очиқ дарвозалари томон камоли иззат-икром билан кузатиб қўйиладилар. Бу ҳақда бошқа бир сурада шундай дейилган: «Биз тақводор зотларни отлиқ ҳолларида Раҳмон дар-гоҳига тўплайдиган; Ва жиноятчи-кофирларни жаҳаннамга тушишлари учун яёв ҳолларида ҳайдайдиган Кунни (эсланг)!» (Марям сураси, 85-86-оятлар).
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз қавмингизга Қиёмат Кунида рўй берадиган воқеа-ҳодисаларни зикр қилинг. Биз у Кунда ҳаёти дунёдан тақво билан яшаб ўтган бандаларимизни отлиқ ҳолларида тўп-тўп қилиб Раҳмон даргоҳига, яъни, Ўз ҳузуримизга йиғамиз ва улар худди подшоҳ қасрига чақирилган меҳмонлар янглиғ ўзларига ато этиладиган Илоҳий инъом-марҳаматга мунтазир бўлиб турадилар.
Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган хабарда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, албатта тақводор зотлар Қиёмат Кунида қабрларидан чиқишлари билан уларни оппоқ, қанотлари бор туялар кутиб олур, у туяларнинг эгар-жабдуқлари олтиндан бўлур”, дедилар ва ушбу оятни ўқидилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
Демак, дунёдаги муваққат ҳаётларида Оллоҳ таолодан қўрқиб, ҳаром гуноҳлардан парҳез қилиб, Яратган белгилаб қўйган чегаралардан чиқмасдан тоат-ибодат билан яшаб ўтган инсонлар учун Қиёмат Куни-да ва умуман Охират диёридаги мангу ҳаётда ҳеч қандай қўрқув ёки ғам-ташвиш бўлмаслиги аён бўлади. Аммо ҳаёти дунёда Охират ғамини емасдан, Оллоҳ таолодан қўрқмасдан, У белгилаб қўйган чегараларни бузиб, умрларининг охиригача энг оғир жиноят - даҳрийлик, ширк ва куфр-исён билан ўтган кимсалар учун эса, Охират диёридаги мангу қўрқув, хорлик ва ҳеч қачон тугамайдиган жон чидагис азоб-уқубатлар борлиги аниқдир.
У Кунда у жиноятчилар ташна, яёв ва ялангоёқ ҳолларида тўп-тўп қилиниб, жаҳаннамга қараб ҳайдаладилар.
Суддий айтади: “Қиёмат Соати келиб, мўмин қабридан чиқарилиши билан унинг олдида беқиёс гўзал суратли, беҳад ҳушбўй ҳидли бир хилқат пайдо бўлади ва унга: “Мени танийсанми?”, дейди. Мўмин: “Йўқ”, деб жавоб бергач, у: “Мен сенинг солиҳ амалинг бўламан. Дунёдаги ҳаётинг давомида мен сени минган эдим, (яъни, мудом яхши амаллар остида яшаган эдинг), энди сен мени миниб олгин”, дейди. Оллоҳ таолонинг мана бу Сўзининг мазмуни шудир: “Биз тақводор зотларни отлиқ ҳол-ларида Раҳмон даргоҳига тўплайдиган; ва жиноятчи-кофирларни жаҳаннамга тушишлари учун ҳайдайдиган Кунни (эсланг)!” (Марям сураси, 85-86-оятлар).
Кофир эса, қабридан чиқарилиши билан унинг олдида беҳад хунук суратли, ўта бадбўй ҳидли бир махлуқ пайдо бўлади ва унга: “Мени танийсанми?”, дейди. Кофир: “Йўқ”, деб жавоб бергач, у: “Мен сенинг хабис-нопок амалингман. Дунёдаги ҳаётинг давомида сен мени минган эдинг, энди мен сени миниб оламан”, дейди. Оллоҳ таолонинг мана бу: “То қачон тўсатдан Қиёмат келиб қолганда улар устларига гуноҳларини орқалаб олган ҳолларида: “У дунёда қилган сусткашлигимизга ҳасрат-надоматлар бўлгай”, деб қолдилар. Ў нақадар ёмон нарсани орқалаб юрадилар-а!”, (Анъом сураси, 31-оят) деган Сўзининг мазмуни шудир”.
Ўрганаётганимиз ояти каримада хабар берилишича, жаннатлар тақ-воли бандаларни дарвозалари очиқ ҳолда кутиб олади. Ҳадиси шарифда жаннат дарвозалари саккизта эканлиги айтилади: Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анхудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан кимда-ким таҳоратни бекаму кўст қилиб олиб, сўнгра “ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳ ва анна Муҳаммадан абдуҳу ва Расулуҳ” яъни, гувоҳлик бераманки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Оллоҳ бордир ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидир”, деса шак-шубҳасиз, унинг учун жаннатнинг саккиз дарвозаси очилиб, у инсон улардан ўзи хоҳлаганидан киради”, деб марҳамат қилдилар. (Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насоий ривоят қилганлар).
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мўминлар дўзахдан халос қилингач, жаннат билан дўзахнинг ўртасидаги кўприкда тўхтатиладилар ва ҳаёти дунёда ўрталарида бўлиб ўтган айрим ноҳақликлар учун бир-бирларидан қасос олишиб, ўзаро ҳисоб-китобларини тўғрилаб оладилар. То қачон покланиб тозаланиб олишгач, улар учун жаннатга киришга изн берилади. Муҳаммаднинг жони Кўлида бўлган Зотга қасамки, уларнинг хар бири ўзининг жаннатдаги манзилини дунёдаги манзилини топганидан хам осон топиб олади”, дедилар.
Наққош Алий каррамаллоҳу важҳаҳудан ҳикоя қилиб айтади: “Албатта, жаннат дарвозаси олдида бир дарахт бўлиб, унинг илдизи остидан икки булоқ оқиб туради. Уларнинг биридан мўминлар ичадилар, бас, уларнинг ичлари топ-тоза бўлади. “Ва Парвардигорлари уларни ниҳоятда покиза шароб-ичимлик билан суғорди”, (Инсон сураси, 21-) оягининг мазмуни шудир. Сўнгра улар иккинчи булоқда чўмиладилар, бас, уларнинг баданлари ҳам топ-тоза бўлади. Ана ўшанда жаннат посбонла-ри бўлган фаришталар уларга: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз», деганларида (улар беҳад шодланурлар) Ва: «Бизларга Ўз ваъдасини рост қилган, бизларни бу (жаннат) ерига ворис қилган ҳамда жаннатдан ўзимиз хоҳлаган тарафда жой олишимизга (муваффақ қилган) Оллоҳга ҳамду сано бўлсин», дерлар. Бас, (чиройли) амал қил-гувчи зотларнинг ажр-мукофоти нақадар яхшидир!»
75. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз (ана ўша Кунда) фаришталар Арш атрофидан ўраб олган ҳолларида Парвардигорларига ҳамду сано айтиш билан - (У Зотни) поклаб - тасбеҳ айтишларини кўрурсиз. Уларнинг (яъни, барча бандаларнинг) ўрталарида Хдқ (Ҳукм) би-лан ҳукм қилинди. Ва (мўминлар томонидан) айтилдики, «ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори бўлмиш Оллоҳ учундир».
“Танвийрул-азҳон” тафсирида айтилишича, ушбу ояти каримада зикр қилинган малоикаларнинг Қиёмат Кунида Арши Аъло атрофини ўраб олган ҳолларида тинмасдан зикру тасбеҳ ва ҳамду санолар билан тавоф қилишлари худди мўминларнинг ҳаёти дунёда зикру тасбеҳ ва ҳамду санолар билан Каъбатуллоҳни тавоф қилишларига ўхшайди.
Сурайи шарифа сўнггида Жаноби Ҳақ Ўзининг севикли ва сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, у зоти шарифнинг ва барча умматларининг Қиёмат Кунида албатта гувоҳ бўладиган манзараларидан яна бири, малоикаларнинг “Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳи” деганларича Улуғ Аршни тавоф қилаётганларини кўриш бўлиши ҳақида хабар беради. У Соатда бандалар ўртасида Оллоҳнинг Ҳақ Ҳукми ўқилиб, мўминлар жаннатга, кофирлар дўзахга киритилган бўлади ва жаннатга ҳукм қилинган мўминлар малоикалар ҳамда бутун борлиқ мўминлар билан дўзах аҳли ўртасида - Ўзининг адолатли Ҳукмини чиқаргани - мўмин бандаларини Раҳматига олиб, Ўзи ваъда қилганидек, жаннатга ворис қилгани учун кофирларга эса, ўзлари мустаҳиқ бўлган ҳақли жазони буюриб, мангу дўзах ўтига киритгани учун - Адолат қарор топгани учун “Алҳамдулиллаҳи роббил аламин”, деб Яратганга ҳамду санолар айтадилар. Бу ҳақда Ҳақ таоло яна бошқа бир оятда ҳам хабар берган: «Уларнинг (жаннатларда қиладиган) дуолари: «Оллоҳим, Ўзингни поклаймиз», дейиш, у жойдаги ўзаро саломлари (бир-бирларига) тинчлик-омонлик тилашдир. Охирги тилаклари эса барча оламлар Парвардигори - Оллоҳга ҳамду сано айтишдир». (Юнус сураси, 10-оят).
Илоҳим, ушбу тафсиримизни ўқувчиларининг барчасини Яратган Парвардигоримиз ҳаёти дунёда ҳам, Охират диёрида жаннатларда ҳам “Алҳамдулиллаҳи роббил-аламин”, деб У Зотга ҳамд айтадиган саодатли бандалари қаторига қўшгай!
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг мадади билан Зумар сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.
Бундан роппа-роса 28 йил муқаддам мелодий 1991-йил, 29-октябр, сешанба кунида Оллоҳ таолонинг Инояти билан Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги илк таржимасини ўз ниҳоясига етказган эдим. Алҳамдулиллоҳ, орадан шунча муддат ўтиб, худди шу кунда ёзаётганим “Қуръони Азим тафсирининг 17-китобига кирадиган Зумар сурасининг тафсирини битириш насиб этди. Алҳамдулиллаҳи роббил-аламийн”.

 

 

 

042. Шўро сураси

Ушбу сурайи карима эллик уч оятдан иборат бўлиб, Маккада нозил қилинган. У Қуръони Каримнинг Оллоҳ таоло томонидан туширилган Илоҳий ваҳий эканлигини таъкидлаш билан бошланиб, сўнгра аввалу охир барча пйғамбарлар келтирган шариатлар моҳияти жиҳатидан бир бўлиб, уларнинг ҳаммаси Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига ибодат қилишга буюргани ҳақида хабар беради.

Бу сурада ҳам бошқа Макка сураларидаги каби мўминлар қўрқув ва умид билан кутаётган, кофирлар эса инкор этаётган Қиёмат Кунининг келиши аниқ ва яқин экани таъкидланади ҳамда барча инсонларни ўша Кун келиб қолишидан илгари Парвардигорга иймон келтириб, Ёлғиз Унинг Амр-Фармонига итоат этишга буюрилади.
Сурайи карима ниҳоясида ушбу Қуръон мўминларни Ҳақ Йўлига ҳи-доят қиладиган бир Илоҳий Нур эканлиги уқтирилади.
Бу сурада аҳли иймоннинг гўзал фазилатларидан бўлмиш - ҳар бир ишда маслаҳат - кенгаш билан иш тутиш хислатига даъват этадиган оятлар ҳам мавжуд бўлгани учун у «Шўро - Маслаҳат» сураси деб номланган.

Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан

1-2. Ҳо, Мим. Айн, Син, Қоф.
Жумҳур уламо Ҳо, Мим ва Айн, Син, Қоф ҳарфлари икки оят эканини айтадилар ва Бақара сурасидан бошлаб бир неча сура аввалида келган мана шундай ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар каби ушбу ҳарфларга ҳам маъно айтмайдилар, балки ушбу ҳарфлар маъноси Ёлғиз Оллоҳ таолнинг Ўзига аён дейиш билан чекланадилар. Биз Бақара сурасининг биринчи ояти бўлмиш Алиф, Лом, Мимнинг тафсирида ушбу «ҳуруфи муқаттаот - маънодан узилган ҳарфлар» ҳақида бир қадар баён қилиб ўтган эдик, мурожаат қилинса бўлади.

3. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Кудрат ва Ҳикмат Соҳиби бўлмиш Оллоҳ Сизга ва Сиздан аввалги (пайғамбар)ларга мана шундай ваҳий қилур -
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сизга ушбу сурада Оллоҳ таоло томонидан ваҳий қилинаётган нарсалар - Танҳо Оллоҳга ибодат қилишга, барча пайғамбарларга иймон келтиришга, қайта тирилишга, Қиёмат Кунига, у Кунда ҳукм қилинадиган савоб ва азоб, яъни, жаннат ва дўзах борлигига аниқ ишониш, солиҳ амаллар қилиш, ёмон-гуноҳ ишлардан узоқ бўлиш буюрилган оятлар - буларнинг барчаси Сиздан аввал ўтган пайғамбарларга нозил қилинган китоблар ва саҳифаларда ҳам ваҳий қилингандир. Бу ҳақда бошқа бир сурада ҳам хабар берилган: «Дарвоқеъ, бу (сурада мазкур бўлган панд-насиҳатлар) аввалги (пайғамбарларга нозил бўлган) саҳифаларда - Иброҳим ва Мусо саҳифаларида ҳам бордир». (Аъло сураси, 18-19-оятлар). Бас, Сиз ўзингизга нозил қилинаётган ваҳийлардаги Илоҳий Амр-Фармонлардан, шариат ҳукмларидан, ғайб олами ҳақидаги хабарлардан ҳаргиз шак-шубҳада бўлманг!

4. Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Уникидир. У Юксак ва Улуғдир.
Яъни, осмонлар ва Ерда мавжуд бўлган ва бўладиган ҳар бир нарсанинг Яратгувчиси ҳам, демак, Эгаси ҳам Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзидир. Унинг Ўзи жамийки махлуқоти қатори ана ўша мушрик кимсаларни ҳам яратган, уларга ҳаёт, ризқ берган. Ўзи белгилаб қўйган муддат битгач, бандаларига ўлим берадиган Зот ҳам Танҳо Оллоҳ таолодир. Демак, ҳар бир банда модомики ҳаёт экан, умри бўйи Ёлғиз Оллоҳ учун диндор бўлиши - тоат-ибодати ҳам, ихлосу итоати ҳам фақат Унинг ризосини кўзлаб қилиниши вожибдир. Зотан, мушрик кимсалар сиғинадиган барча бут-санамлар вақт-замон ўтиши билан йўқ бўлиб кетгувчидирлар, демак, ўша бутларга сиғинувчиларнинг ўйлаб топган “динлари” ҳам ўткинчи “динлар” эканида ҳеч шак-шубҳа йўқдир. Фақат Азалий ва Абадий Оллоҳ таолонинг Динигина мангу Дин бўлиб, Ер-у кўкдаги бор мавжудот абадул-абад У Зотга сиғинади, тасбеҳ айтади ва сажда қилади.

5. (Мушрикларнинг ширк келтиришлари сабабли) устларидаги осмонлар ёрилиб кетишга яқин бўлур. Фаришталар эса Парвардигорга ҳамду сано билан (У Зотни айбу нуқсондан ва «шериклар»дан) поклаб - тасбеҳ айтурлар ва Ердаги (мўмин-мусулмон) кишилар учун (Оллоҳдан) мағфират сўрарлар. Огоҳ бўлингизким, албатта Ёлғиз Оллоҳ Мағфират қилгувчи, Меҳрибондир.
«(Мушрикларнинг ширк келтиришлари сабабли) устларидаги осмонлар ёрилиб кетишга яқин бўлур».
Ушбу оятларни диққат ва инсоф билан ўқиган киши дарҳақиқат, уларни осмону заминни ҳам, тоғу тошларни ҳам яратган Эгаси нозил қилганига иймон келтиради. Чунки Ерлик одамнинг хаёлига Ер ёрилишидан ўзга нарса келиши амри маҳолдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Мушриклар: “Оллоҳнинг боласи бор”, деган вақтларида инсон ва жинлардан бошқа жамийки махлуқот, осмонлар, Ер ва тоғлар даҳшатга тушганларидан тамоман йўқ бўлиб кетишга яқин бўладилар, малоикалар ғазабланиб, жаҳаннам олови кўкка ўрлайди”. (“Тафсири БағавшГдан). Яъни, ҳеч қандай шерикка, ёрдамчига ёки болага муҳтож бўлмаган Танҳо Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ширк келтириш, “Унинг боласи бор” дейиш шу қадар оғир туҳматки, бирон ақлли инсон бундай бўҳтон сўзни айтиши мутлақо мумкин эмасдир. Нафақат инсон, балки Оллоҳ таолонинг жонсиз махлуқотлари бўлмиш Ер-у осмон ва тоғ-тошлар ҳам мушрик кимсалар оғзидан чиқаётган бундай бўҳтон сўзни эшитганларида унинг оғирлигини кўтара олмасдан ғазабдан тарс ёрилиб, парчаланиб, ер билан яксон бўлиб кетишга яқин бўладилар, бошқача айтганда, Қиёмат қойим бўлишига оз қолади. Фақат Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига маълум бўлган ҳикмат сабабли ва Қиёмат Соати қачон келишини Унинг Ўзи аниқ белгилаб қўйгани боисидан Ердаги ҳаёт яна давом этаверади, бахти қаро мушрик кимсалар эса, ғафлат уйқусидан уйғонмасдан, яна ўзларининг: “Оллоҳнинг боласи бор”, деган ботил ақидаларида адашиб-улоқиб юраверадилар.
«Фаришталар эса Парвардигорга ҳамду сано билан (У Зотни айбу нуқсондан ва «шериклар»дан) поклаб - тасбеҳ айтурлар ва Ердаги (мўмин-мусулмон) кишилар учун (Оллоҳдан) мағфират сўрарлар. Огоҳ бўлингизким, албатта Ёлғиз Оллоҳ Мағфират қилгувчи, Меҳрибондир».
Яъни, Оллоҳ таолонинг нурдан яратган пок малоикалари бирон зум тўхтамасдан, бирон нарсага чалғимасдан, тун кун демасдан ҳар бир нафасларида Яратганнинг ҳар қандай айбу нуқсондан Пок Зот эканлигини зикр қилиб тасбеҳ айтадилар, ҳамду санолар билан Уни улуғлайдилар.
Абдуллоҳ ибн Ҳорис раҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен Каъб розияллоҳу ан-ҳудан: “Малоикаларнингтасбеҳ айтишдан бошқа ишлари йўқми? Наҳотки бирон нарса уларни тасбеҳдан чалғитмаса?” деб сўраган эдим, у: “Кимсан?” деди. Мен: “Абдул-Мутталиб авлодиданман”, дедим. Шунда у мени бағрига босиб: “Эй биродаримнинг ўғли, сени бирон нарса нафас оли-шингдан чалғита оладими? Билгилки, тасбеҳ улар учун нафас олиш билан баробардир”, деди”. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Шунингдек, у бегуноҳ фаришталар мудом Ҳақ таолога илтижо қилиб, мўмин бандаларининг гуноҳларини мағфират қилишини сўрайдилар. Улар айтадиларки, «Парвардигоро, Сен Ўзингнинг Ғофурур-Роҳийм Мағфират қилгувчи ва Меҳрибонлик Сифатларинг билан Ўзинг бандаларинг орасидаги гуноҳларидан тавба қилган ва Сенинг Дининг - Дини Исломга амал қилган мўминларни мағфират қилгин, Ўз Раҳматинг билан уларни дўзах азобидан асрагин».
«Огоҳ бўлингизким, албатта Ёлғиз Оллоҳ Мағфират қилгувчи, Меҳрибондир».

6. (Оллоҳни) қўйиб (бошқа) «дўстлар»ни ушлаб олган (яъни, ўшаларга сиғинаётган) кимсаларни (Қиёмат Кунида жазолаш учун уларнинг қилган амалларини) Оллоҳ Сақлаб қўйгувчидир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз уларнинг устида вакил-қўриқчи эмассиз.
Яъни, шак-шубҳасиз, Оллоҳни қўйиб, бут-санамларини дўст тутиб уларга сиғинадиган мушрик кимсаларнинг қилаётган барча иш-амалларини Оллоҳ таоло кузатиб тургувчидир, кейин жазоларини бериш учун сақлаб-муҳофаза қилиб қўйгувчидир, Сиз эса, эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларни ҳидоят қилишга ва қилмишлари учун жазо беришга вакил қилинган эмассиз. Сизнинг зиммангизда уларни мажбурлаб Исломга киритиш вазифаси йўқ, Сизнинг зиммангизда фақат ва фақат уларга Оллоҳ таолонинг Динини бекаму кўст етказиш бордир, холос. Сиз уларни, агар Ҳақ Динни қабул қилмасалар, Охиратда мангу азобга гирифтор қи-линишлари муқаррар экани ҳақида огоҳлантиргувчисиз, холос.

7. (Барча) қишлоқ-шаҳарлар онаси - пойтахти (Макка аҳли)ни ва унинг атрофидаги кишиларни (Охират азобидан) огоҳлантиришингиз учун ва (рўй беришида) шак-шубҳа бўлмаган тўпланиш Кунидан огоҳлантиришингиз учун Биз Сизга мана шундай арабий Қуръонни ваҳий қилдик. (У Кунда) бир гуруҳ жаннатда, бир гуруҳ дўзахдадир.
Яъни, Ушбу Китоб Оллоҳ таоло тарафидан Унинг кули ва сўнгги Пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга токи у зоти бобаракот барча қишлоқ ва шаҳарларнинг онаси - асли бўлган Макка аҳ-лини ва унинг чор-атрофида жойлашган Ер юзидаги барча маконларда яшайдиган инсонларни Охират азобидан огоҳлантиришлари учун нозил қилингандир.
Ояти каримада Ҳақ таоло Маккайи мукаррамани уммул-куро - қишлоқлар онаси деб атагани албатта бежиз эмасдир. Зотан, Макка барча жойларда яшайдиган мўмин-мусулмонларнинг қибласидир, улар ҳаж қилиш учун келадиган ягона шаҳардир, Ер юзидаги энг қадри баланд шаҳардир. Чор-атрофдаги мусулмонлар худди оналарини зиёрат қилгани келгандек бу улуғ шаҳар зиёратига келадилар, худди оналарига таъзим қилгандек бу Оллоҳтаоло абадий азиз ва мукаррам қилиб қўйган шаҳарни улуғлайдилар. Қолаверса, бу улуғ шаҳар дунё ва Охиратдаги энг улуғ фарзанд, энг буюк Инсон Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламнинг киндик қонлари томган она шаҳарларидир.
(У Кунда) бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир.
Яъни, у Кунда тўпланган инсонлар орасида куфр-исёни сабабли дўзах азобига хукм қилингувчи бадбахт кимсалар ҳам, иймон ва солиҳ амаллари учун жаннат неъматларига эришгувчи бахтли инсонлар ҳам бордир.
Имом Бухорий, Муслим ва Бағавий ушбу ояти карима тафсирида ривоят қилган ҳадиси шарифда Алий ибн Абу Толиб розияллоху анху айтди: “Биз бир жаноза ортидан Бақийъ қабристонига чиққан эдик, олдимизга Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам чиқиб келдилар. Қўлларида асолари бор эди. Келиб, бир муддат асони ерга урган ҳолда ўтирдилар, сўнгра: “Нафас олгувчи жон борки, унинг жаннат ёки дўзахдаги ўрни ёзиб-белгилаб қўйилгандир, бахтсиз ёки бахтли экани ёзиб қўйилгандир”, дедилар. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ, у ҳолда (яъни, ким жаннати, ким дўзахи экани ёзиб қўйилган бўлса), бизлар ўша ёзиб қўйилган китоби-мизга суяниб, амал қилмай кўймаймизми?” деб сўраган эди, у зот: “Йўқ, сизлар амалларингизни қилаверинглар. Бас, ҳар ким ўзи нима учун (яъни, жаннат учунми ёки дўзах учунми) яралган бўлса, унга ўша нарса осон қилиб қўйилади, бахтсиз кимсалар учун бахтсиз кимсаларнинг амали (яъни, дўзахга олиб борадиган гуноҳ-маъсиятлар) осон қилиб қўйилади, бахтли кишилар учун бахтли кишиларнинг амали (яъни, жаннатга олиб борадиган солиҳ амаллар) осон қилиб қўйилади”, дедилар. (“Тафсири Бағавий”дан).

8. Агар Оллоҳ хоҳлаганида, албатта уларни (яъни, барча инсонларни) бир миллат (Дини Исломда) қилган бўлур эди. Лекин У Ўзи хоҳлаган кишиларни Ўз Раҳматига (жаннатига) дохил қилур. Золим-кофирлар учун эса бирон дўст ва ёрдамчи йўқдир.
Яъни, агар Оллоҳтаоло хоҳлаганида эди, барча инсонларни бир Ислом уммати қилиб қўйган бўлар ва улар ўз ихтиёрлари билан фақат Ислом Динини танлаган бўлар эдилар. У ҳолда одамлар ўртасида ҳеч қандай диний низолар ҳам бўлмас эди. Лекин Оллоҳ таолога ҳамма одамлар ҳам Унинг Раҳматига лойиқ эмасликлари аниқ маълум бўлгани сабабли барчани Ҳақ Динига ҳидоят қилмади. Шунинг учун одамлар тинмай ихтилоф қиладилар, турли-туман динларга бўлинадилар. Бир тоифа одамлар Ол-лоҳ таолонинг Марҳамати билан У Зот юборган элчиларга иймон келти-риб, Ҳақ Йўлга юрсалар, бошқалари улар билан тинмасдан талашиб-тортишиб, охир-оқибат дўзах азобига гирифтор бўладилар. Оллоҳ таоло одамларни шунингучун, яъни, айримлари Оллоҳнинг Раҳматига эришиб, дунё ва Охиратда бахтли-саодатли бўлишлари учун, айримлари эса, Ҳақ Йўлга юрмай умр бўйи талашиб-тортишиб, оқибатда дўзахи бўлишлари учун яратгандир.
Сажда сурасидаги мана бу оят ҳам ушбу оят мазмунини таъкидлайди: “Агар Биз хоҳласак, албатта ҳар бир жонга ўз ҳидоятини ато этган бўлур эдик, лекин Мен томондан бу Сўз ҳақ-собит бўлгандир: «Мен жаҳаннамни (кофир) жин ва одамларнинг барчаси билан тўлдирурман». (Сажда сураси, 13-оят).
Ушбу оятда Оллоҳ таоло ҳеч кимни мажбуран ҳидоятга бошламаслиги, балки инсу жинни ўз ихтиёрларига қўйиб қўйилиб, сўнгра Оллоҳнинг Динига итоат этишдан бўйин товлаган кимсалар жаҳаннамга дучор қилинишлари аниқ эканлиги уқтирилади.
“Саҳиҳайн”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Жаннат билан дўзах шикоят қилдилар. Жаннат: “Нега менга фақат заиф ва бечора одамлар кирадилар”, деса, дўзах: “Нега мени мутакаббир ва золимлар эгаллаб олганлар”, деди, шунда Оллоҳ азза ва жалла жаннатга: “Сен Менинг Раҳматимсан, Ўзим хоҳлаган одамларни сенга киритиш билан Раҳматимга олурман”, деди. Дўзахга эса: “Сен Менинг азобимсан, Ўзим хоҳлаган кимсалардан сен билан интиқом олурман ва ҳар иккингиз ҳам албатта тўлурсизлар”, деди. Сўнгра айтди: “Жаннатда ҳар доим Оллоҳ таоло жаннат учун энди яратадиган инсонларга аталган ортиқча жой бўлур ва улар ўша ортиқча жойга жойлашурлар, дўзах эса, ҳар доим: “Яна қўшимча борми?” деб турур, то қачонки Қудрат Эгаси унинг оғзига Ўз қадамини қўйганидагина у: “Қудратингга қасам, бўлди-бўлди”, деб қолур”.
“У Кунда Биз жаҳаннамга: «Тўлиб битдингми?», дермиз, у эса:
«Яна қўшимча борми?», дер.” (Қоф сураси, 30-оят).

9. Ёки улар (Оллоҳни) қўйиб (бошқа) «дўстлар»ни ушлаб олдиларми (яъни, ўшаларга сиғинмоқдаларми?! Йўқ), Ёлғиз Оллоҳнинг Ўзи Дўстдир. У ўликларни тирилтирур, У барча нарсага Қодирдир.
Яъни, мушрик-кофир кимсалар Оллоҳ таолодан ўзгаларни - ўзлари ясаб олган бут-санамларни дўст деб билиб ўша бутларга сиғинмоқдаларми?! Йўқ,улар ҳеч нарса эмасдирлар. Ёлғиз ОллоҳнингЎзи Дўстдир. Танҳо Унинг Ўзи дўстларига ҳаёти дунёда ҳам Охират ҳаётида ҳам Мададкор-дир. Зотан, Унинг Ўзи жамийки мавжудотга ҳаёт берур, сўнгра ўлим берур, сўнгра барча ўликларни Охират ҳаётида яна қайтадан тирилтирур. У барча нарсага Қодирдирки, фақат ана шундай Буюк Сифатларга Соҳиб бўлган Зот ҳақиқий ва Ягона Дўст бўлур. Энди Оллоҳ таоло кимларнинг Дўсти, деган саволимизга Ҳақ таолонинг Ўзи жавоб қилиб: «Оллоҳ мў-минларнинг Дўстидир», дейди. Мазкур ояти каримада зикр қилинган Оллоҳ таолонинг Халили - Дўсти Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломнинг энг яқин издошлари мўмин-мусулмонлардир. Чунки мўминлар бобокалонлари келтирган Ҳақ Диннинг энг улуғ давомчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларидир.
«Шак-шубҳасиз, одамларнинг Иброҳимга яқинроғи у(нинг йўли) га эргашган зотлар, мана бу Пайғамбар (Муҳаммад алайҳис-салом) ва иймон келтирган кишилардир. Оллоҳ мўминларнинг Дўстидир». (Оли-Имрон сураси, 68-оят).
Жаноби Расулуллоҳ Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу муборак ҳадислари мазкур ояти кариманинг энг гўзал тафсиридир: У зот: “Албатта ҳар бир пайғамбар учун пайғамбарлардан бўлган дўстлар бордир. Албатта у пайғамбарлар орасидан менинг дўстим - бобом ва Роб-бимнинг Халили - Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломдир”, деб марҳамат қилдилар ва мазкур ояти каримани ўқидилар.

10. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, мўминларга айтинг): «Сизлар ихтилоф қилган ҳар бир нарсанинг ҳукми Оллоҳга (қайтарилур ва У Зот ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини ажратиб берур). Ана ўша Оллоҳ Парвардигоримдир. Мен Ёлғиз Унинг Ўзига суяндим ва Ёлғиз Унинг Ўзига илтижо қилурман».
«(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, мўминларга айтинг): «Сизлар ихти-лоф қилган ҳар бир нарсанинг ҳукми Оллоҳга (қайтарилур ва У Зот ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини ажратиб берур)».
Ояти каримадаги ушбу жумланинг энг яхши тафсири мана бу оятдир: «Бас, агар бирон нарса ҳақида талашиб қолсангизлар, - агар ҳақиқатан, Оллоҳга ва Охират Кунига иймон келтирган бўлсангизлар - у нарсани Оллоҳга ва Пайғамбарига қайтарингиз! Мана шу яхшироқ ва чиройлироқ ечимдир». (Нисо сураси, 59-оятдан).
Юқоридаги оятда мусулмон ҳокимларга одамлар орасида адолат билан ҳукм қилиш буюрилгач, ушбу ояти каримада мусулмонларга Оллоҳ таолога, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳамда ўзларидан бўлган, Оллоҳ ва Расулининг ҳукмини ижро қилувчи ҳокимларга бўйинсуниш буюрилди. Демак, ҳокимлар модомики омонатдорлик ва адолат билан, яъни, Қуръон ва Суннатга мувофиқ ҳукм юргизар эканлар, уларнинг ҳукмига бўйинсуниш мусулмонлар учун вожиб бўлади.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким менга итоат қилса, у Оллоҳга итоат қилибди, ким менга осий бўлса, у Оллоҳга осий бўлибди, ким амирга итоат қилса, у менга итоат қилибди, ким амирга осий бўлса, у менга осий бўлибди”, дедилар.
Яна Бухорий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилди. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмон киши модомики гуноҳ иш қилишга буюрилмас экан, истайдими, истамайдими, қулоқ солиши ва итоат этиши вожибдир. Агар гуноҳга буюрилса, у ҳолда қулоқ ҳам солмайди, итоат ҳам қилмайди”.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Абу Зарр розияллоҳу анҳуга: “Агар (ҳоким) боши майиздек қоп-қора ҳабаш қул бўлсада, сен унга кулоқ сол ва итоат эт!” дедилар. (Бухорий ривояти).
Яна Бухорий Абу Умома розияллоху анхудан ривоят қилди. У айтади: “Мен Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам видолашиш ҳажида хутба қилганларида шундай деганларини эшитдим: “Оллоҳдан қўрқинглар, беш вақт намозингизни ўқинглар, Рамазон ойи рўзасини тутинглар, молларингизнинг закотини беринглар ва бошлиқларингизга итоат этинглар, (шунда) Роббингизнинг жаннатига кирурсизлар”.
Аммо агар бошлиқ гуноҳга буюрадиган бўлса, у ҳолда унга итоат қилинмайди.
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилдилар: “Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам бир сафар аскарларга ансорийлардан бўлган бир кишини бошлиқ қилиб жўнатдилар ва уларни ўша амирга итоат этишга буюрдилар. Сафар асносида у нимадандир ғазабланиб: “Сизларни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам менга итоат этишга буюрмадими?” деди. Улар: “Ҳа, буюрганлар”, деб жавоб қилишди. У айтди: “Ундай бўлса, ўтин йиғиб, олов ёқинглар!” Улар олов ёққан эдилар, у: “Ўзларингизни оловга ташланглар”, деди. Шунда айримлари ўзларини ташламоқчи бўлдилар, айримлари эса уларни қўлларидан ушлаб: “Биз мана шу ўтда ёнишдан қочиб Пайғамбар томонга ўтган эдик-ку”, дейишди. Сафардан қайтишга-нидан кейин улардан бу хабарни эшитган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар улар ўзларини оловга ташлаганларида Қиёмат Кунигача ундан чиқа олмасдилар. Оллоҳга осий бўладиган ишда итоат қилинмайди. Фақат яхшилик - савоб ишда итоат қилинади”, дедилар”.
Имом Аҳмад, Ибн Можжа ва бошқалар Абу Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, мазкур воқеада аскарларга бошлиқ қилиб тайинланган саҳобий Бадр ғазотига гувоҳ бўлган улуғ саҳобалардан Абдуллоҳ ибн Ҳузофа розияллоху анху эди. У кишининг табиатида ўзига хос қувноқлик, ҳазилкашлик бўлиб, ўша олов ёқиш воқеаси ҳам унинг ҳазилларидан бири эди. Сафарда хориб-чарчаган саҳобаларнинг кўнглини ёзиш учун, иккинчи тарафдан уларга агар бошлиқ “ўзингни ўтга ташла” деса ташлайверадиларми, синаш учун мазкур воқеани ўйлаб топган эди, дейилади.
Ояти каримадаги биз “ҳокимлар” деб ўгирганимиз “улул-амр” ибораси сўзма-сўз олинганида “иш эгалари” деган маънони англатади.
Абу Ҳурайра, Ибн Аббос розияллоҳу анҳум каби саҳобалар ояти кари-мадаги “улул-амр”дан мурод султонлар, ҳокимлар ва амирлар дейдилар. Юқорида келтирилган ҳадислар ҳам мана шу тафсирни тасдиқлайди.
Шунингдек, саҳобайи киромдан Ибн Аббос, Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳум ва Ҳасан, Заҳҳок, Мужоҳид каби тобеинлар (саҳобаларнинг саҳобалари) томонидан: “улул-амр”дан мурод уламолар ва фуқаҳолардир. Улар одамларга Қуръон ва Ҳадисни етказиб, Оллоҳ ва Расулининг фармонларини таълим беришганида уларга итоат қилиш вожиб бўлади”, деган тафсир ҳам мавжуддир.
Икрима эса: “Улул-амр”дан Абу Бакр ва Умар розияллоху анҳумо ирода қилинган”, дейди ва Термизий Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ушбу ҳадисни далил қилиб келтиради: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларнинг ичингизда қанча вақт туришимни билмайман. Бас, сизлар мендан кейин икки кишига - Абу Бакр ва Умарга иқтидо қилинглар”, деб марҳамат қилганлар.
Ато бўлса “улул-амр”ни муҳожир ва ансорий бўлган барча саҳобалар ва уларга чиройли йўсинда эргашган кишилар, деб тафсир қилади ва ушбу ояти каримани келтиради: “Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар - Оллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Оллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк саодатдир”. (Тавба сураси, 100-оят).
Ҳасан Басрий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган мана бу ҳадиси шариф ҳам саҳобайи киром - Оллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлсин - уммати Исломийя ҳаётида нақадар юксак мақом ва мавқега эга эканига далолат қилади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Умматим ичида асҳобимнинг мисоли худди таомдаги туз кабидир - таом тузсиз тотли бўлмас”, деб марҳамат қилдилар.
Ҳасан Басрий ушбу ҳадиси шарифни ўқиб: “Тузимиз кетди-ку, энди қандай тузаламиз”, дер эди.
Ҳар ҳолда ояти каримада Дини Исломнинг энг асосий кўрсатмалари-дан бири - мўмин инсон дунё ва Охиратда нажот топиши учун, жамият ҳам мунтазам ва барқарор бўлиши учун Оллоҳтаолога итоат қилиш, Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилиш ҳамда улул-амрга бўйинсуниш вожиб экани баён қилинди, итоатсизлик катта гуноҳ экани маълум бўлди.
“Бас, агар бирон нарса ҳақида талашиб-тортишиб қолсангизлар, агар ҳақиқатан, Оллоҳга ва Охират Кунига иймон келтирган бўлсангизлар - у (тортишиб қолганингиз) нарсани Оллоҳга ва Расулига қайтарингиз! Мана шу энг яхши ва энг чиройли ечимдир”.
Демак, мусулмонлар бутун ҳаётлари давомида ҳар бир иш-амалда, ибодатда, муомалада Оллоҳ таолога, Унинг Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга, яъни, Қуръон ва Суннат кўрсатмаларига итоат қилиб, улул-амрга бўйинсуниб яшаганлари янглиғ, ўзаро ўртала-рида қандай бўлмасин, каттами-кичикми бирон масъалада талашиб-тортишиб қолсалар, албатта унинг ечимини ҳам яна Қуръон ва Ҳадисдан излашлари фарз экан. Чунки инсонлар ҳаётида содир бўлиш эҳтимоли бўлган ҳар қандай масъалага бу икки Асл Манбаъда энг тўғри жавоб бордир. Бу Жавоб Қуръони Азим ва Ҳадиси Шарифда очиқ лафзда “қилгин” ёки “қилмагин”, савоб ёки гуноҳ, ҳалол ёки ҳаром деб аниқ айтилган бўлиши мумкин - аксар ҳолатларда шундай - ёхуд кишилар ҳаётида кўндаланг бўладиган янги-янги масъалаларнинг жавобини оят ёки ҳадис мазмунига мувофиқми, мувофиқ эмасми эканини қиёс қи-лиш усули билан аниқлаб, тўғри хулосага келиш мумкин. Бунинг учун эса мусулмон инсон бу икки Асл Манбаъни изчил ўрганиб, тўғри тушунадиган даражада илм-маърифат ҳосил қилиши керак. Азиз Динимизни дунёга тарқатган улуғ салафларимиз - саҳобайи киромлар мана шундай теран билим соҳиблари эдилар.
Қуръон ва Ҳадисга қиёсан ҳукм чиқариш тўғри иш эканини Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган мана бу ҳадиси шариф ҳам тасдиқлайди: У зоти бобаракот Муоз ибн Жабал розияллоҳу анхуни Яман мамлакатига қози қилиб жўнатар эканлар: “Ҳукм чиқариш тўғри келса қандай хукм чиқарасан”, деб сўрадилар. Муоз: “Оллоҳнинг Китоби билан ҳукм чиқараман”, деди. “Агар Оллоҳнинг Китобида (сенга кўндаланг бўлган масъаланинг жавоби) бўлмасачи”, дедилар. “Оллоҳ Элчисининг суннати билан ҳукм чиқараман” деди. “Агар Оллоҳнинг Китобидан ҳам, Элчисининг суннатидан ҳам жавоб топа олмасангчи”, дедилар. Муоз айтди: “У ҳолда кучим етганича ижтиҳод қилиб - уриниб (Куръон ва Суннатга мувофиқ келадиган ҳукм чиқараман)”. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Расулуллоҳнинг расулини - элчисини Расулуллоҳни рози қиладиган нарсага муваффақ қилган Оллоҳга ҳамду санолар бўлсин”, дедилар. (Аҳмад, Абу Довуд, Термизий ва бошҳалар ривояти).
Маълумки, инсониятга Ислом Динини етказган Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳнинг Каломи бўлмиш Қуръони Азимни етказиш билан баробар бу Азиз Китобнинг тафсири бўлган, ундаги айрим мўжаз маълумотларни шарҳлаб берадиган Ҳадиси Шарифни ҳам етказдиларки, бу ҳадислар саноғи Қуръон оятларидан кўпдир.
Яъни, Жаноби Ҳақ Ўз Элчисига бошқа ҳеч кимга бермаган Буюк Илоҳий Илм ато этди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам: “Менга Қуръон ва у билан бирга яна ўшанча илм ато этилди”, деб марҳамат қилдилар.
Абу Довуд Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан бировингиз сўрисида ёнбошлаб ётиб ўзича “Оллоҳ фақат мана бу Қуръондаги ҳаром қилган нарсаларнигина ҳаром қилган”, деб ўйлайдими? Огоҳ бўлингиз-ким, Оллоҳга қасам билан айтаман, мен буюрган, тавсия қилган ва қайтарган нарсалар саноғи Қуръон билан баробар ёки кўпроқдир”, дедилар.
Демак, ҳақиқий мўмин инсон Оллоҳнинг Сўзига қандай итоат этса, Расулуллоҳнинг сўзларига ҳам худди ана ўшандай итоат этиши лозим экан. Бу ҳақда Қуръони Каримда ҳам огоҳлантириш бор: “(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларига бирон фитна-кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар”. (Нур сураси, 63-оят).
«Ана Ўша Оллоҳ Парвардигоримдир. Мен Ёлгиз Унинг Ўзига суяндим ва Ёлғиз Унинг Ўзига илтижо қилурман».
Ўрганаётганимиз ояти кариманинг ушбу жумласи ҳам Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг тилларидан айтилган. У зоти бобаракот гўё шундай дейдилар: «Эй мўминлар, мен суянган Зот менинг Эгам бўлгани каби сизларнинг ҳам Эгангиздир. Фақат сизлар эмас, балки Ер юзида қимирлаган ҳар бир жоннинг тақдири Ёлғиз Унинг Қўлидадир. Бас, фақат У хоҳлаган иш бўлади, ҳеч ким Унинг Хоҳиш-Иродасига, У Зот белгилаб қўйган Тақдири Илоҳийга қарши боришга қодир эмасдир”. Оллоҳ таоло Ер-у осмонлардаги жамийки нарсалар тақдирини уларни яратишидан неча минг йиллар илгари белгилаб қўйгани ҳақида саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган: “Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ осмонлар ва Ерни яратишидан эллик минг йил илгари барча яратадиган нарсаларнинг тақдирларини белгилаб қўйгандир”. (Муслим, Термизий ва Аҳмад ривояти. “Тафсири Куртубий”дан).
Мен барча ишларимда, жумладан, сизларга Ҳақ таолонинг Амр-Фармонларини етказишимда ҳам Унинг Ўзига суянганман. Чунки агар Парвардигорим мени кўлласа, ҳеч ким йўлимни тўса олмас, агар акси бўлса, ҳеч ким менга ёрдам бера олмас. Бас, мен Ёлғиз Унга илтижо қилурман ва сизлар менга қарши турасизларми ёки қўллаб-кувватлайсизларми, қатъий назар, мен Унинг Динига даъват қилавераман, Унинг Шариат аҳкомларини етказавераман ва зиммамдаги элчилик вазифасини адо этишда кучим ва умрим етганича давом этавераман.
11. (Оллоҳ) осмонлар ва Ернинг илк Яратгувчисидир. У сизлар учун ўзларингиздан бўлган жуфтларни яратди ва чорва ҳайвонларидан ҳам жуфт-жуфт (яратди). У сизларни ана шу (тадбир билан, яъни, жуфтлик воситаси)да кўпайтирур. У Зотга ўхшай оладиган би-рон нарса йўқдир. У Эшитгувчи ва Кўриб тургувчидир.
Яъни, Оллоҳ таоло осмонлар ва Ерни илк бор бирон-бир андозасиз -беандоза яратгувчи Зотдир. Эй инсонлар, У сизларнинг ўзларингиздан жуфтларингизни яратди, яъни, Холиқ таоло инсоният отаси Одам алайҳис-саломни тупроқдан инсон қилиб яратгач, унинг вужудидан - чап қовурғасидан жуфти Ҳаввони яратдики, бунинг ҳикмати, ушбу жуфтлик ўзларидан кўпайиб, авлод-зурриётлар кўриб, Ер юзида то Рўзи Қиёматга қадар Одам болалари бўлмиш инсоният боқий қолиши ва жамийки жонли-ю жонсиз махлуқот устида Оллоҳ таолонинг Ердаги халифаси ўлароқ дунё ҳаётини кечиришидир. Шунингдек, Ҳақ таоло чорва ҳайвонларини ҳам жуфт-жуфт қилиб яратдики, У Зот сизларни ана ўша тарзда кўпайтирур, яъни, сизларни жуфт-жуфт қилиб кўйиш тадбири билан саноқларин-гиз кўпайиб Ер юзига ёйилишингизни ирода қилур.
«У Зотга ўхшай оладиган бирон нарса йўқдир. У Эшитгувчи ва Кўриб тургувчидир».
Яъни, Оллоҳ таолонинг ҳеч бир ўхшаши ва тенги йўқдир. У Зотнинг Зотига, Сифатларига, Ҳикматига, Кудратига ва Илмига ўхшаш бирон нарса йўқдир. У ҳар қандай ошкора ва яширин овозни жуда яхши Эшитгувчидир, нарсаларнинг кичиг-у каттасини, кўзга кўринадиган-у кўринмай-диганини жуда яхши Кўриб тургувчидир.

12. Осмонлар ва Ер (хазиналари)нинг калитлари Ёлғиз Уникидир. У Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Дарҳақиқат, У барча нарсани Билгувчидир.
Яъни, коинотнинг энг юқорисидан тортиб энг қуйисигача барча нарсаларнинг очқичлари уларни йўқдан бор қилган Оллоҳ таолонинг Қўлидадир. Демак, бор жонли-жонсиз мавжудотнинг Эгаси бўлган Холиқ таоло уларга Ўзи хоҳлагандек эгалик қилади, уларни Ўзи истагандек тасарруф қилади. Чунки хазиналарнинг калитлари кимнинг қўлида бўлса, ана Ўша Зот уларнинг Эгасидир.
«У Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Дарҳақиқат, У барча нарсани Билгувчидир».
Бас, У Ёлғиз Ўзига маълум бўлган Ҳикмат ва Адолат билан айрим бандаларининг ризқини кенг-мўл қилса, айримларининг ризқини тортанг қилади ва у инсонларнинг ҳаёти дунёдаги ризқларини белгилашда уларнинг мўмин ёки кофир эканликларига боқмайди. Балки гоҳо Ўзи яхши кўрган баъзи бир мўмин бандасининг ризқини - синов-имтиҳон учун -тангу тор қилса, айрим кофир кимсаларнинг ризқини кенг-мўл қилиб қўйиши мумкиндир. Чунки Оллоҳ таоло бандаларининг яширган сирларини ҳам, ошкор қилган нарсаларини ҳам жуда яхши кўриб билиб туради. Албатта, У бандаларининг ўзларига махфий бўлган манфаатларини ҳам Билгувчидир.
Ҳадиси Қудсийда келади: “Албатта Мен мўмин бандаларимдан кимнинг иймони бой-бадавлатлик билан яхши, салоҳиятли бўлишини билурман. Агар Мен уни фақир, камбағал қилиб қўйсам, камбағаллик уни бузади. Мўмин бандаларимдан яна шундай кишилар ҳам борки, унинг иймони фақирлик, камбағаллик билан салоҳиятли бўлади. Агар Мен уни бой, бадавлат қилиб қўйсам, бойлик уни бузади. Албатта Мен бандаларимнинг дилларини билганим учун уларнинг ишини Ўзим тадбир қилурман. Албатта Мен Билгувчидирман, Хабардордирман”. (Анас розияллоҳу анҳу ривоят ҳилган. “Баҳрул улувм”китобидан).

13. (Эй мўминлар, Оллоҳ) сизлар учун ҳам диндан Нуҳга буюрган нарсани ва Биз Сизга (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломга) ваҳий қилган нарсани, (шунингдек), Биз Иброҳим, Мусо ва Ийсога буюрган нарсани - қонун қилди: Динни барпо қилинглар ва унда фирқа-фирқа бўлиб бўлинманглар! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), мушрикларга Сиз даъват қилаётган нарса (яъни, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш) зўр келди - оғирлик қилди. Оллоҳ унга (яъни, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш бахтига) Ўзи хоҳлаган кишиларни сайлар ва унга (Ёлғиз Оллоҳга) илтижо қиладиган кишиларни ҳидоят қилур.
Яъни, эй мўминлар, билингларки, Ҳақ таоло сизлар, сўнгги Пайғамбар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари учун ҳам, илгари ўтган пайғамбарлар - Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Ийсо алайҳи-муссаломнинг қавмлари учун ҳам Ўзининг Динидан бир нарсани - Динни тўғри ушланглар, яъни, барчаларингиз Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилинглар, турли йўлларга кириб фирқа-фирқа бўлиб бўлиниб кетманглар, деган Ҳукмини Қонун қилиб қўйди. Мазкур қонун ақийдада: Оллоҳ таолога, Унинг малоикаларига, нозил қилган китобларига, юборган барча элчи-пайғамбарларига ва Охират Кунига иймон келтириш, ибодатда бўлса, намозни барпо қилиш, закотни адо этиш ва Оллоҳ таоло буюрган барча Амр-Фармонларига сўзсиз итоат этиш ҳамда Динда фирқа-фирқа бўлиб бўлинмасликдир. Оллоҳ таоло юборган барча элчи-пайғамбарлар танҳо Динга - Оллоҳга иймон келтириб, Ёлғиз унга ибодат қилишга даъват этганлари ҳақида Анбиё сурасида ҳам хабар берилган: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сиздан илгари юборган ҳар бир элчи-пайғамбарга ҳам: Ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Менинг Ўзим бордирман, бас, сизлар фақат Менга ибодат қилинглар», деб ваҳий юборганмиз. (Анбиё сураси, 25-оят).
Ушбу ояти карима юқоридаги оят мазмунини яна бир бор таъкидлайди.
Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга гўё шундай дейди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз шуни аниқ билингки, Биз Сиздан илгари юборган барча элчи-пайғамбарларимизга ҳам, яъни, Ер юзидаги биринчи пайғамбар бўлмиш Одам алайҳис-саломдан бошлаб, Ийсо алайҳис-саломгача барча-барчаларига ҳам худди Сизга ваҳий қилганимиздек: “Ҳеч қандай Илоҳ йўқ, Ёлғиз Менинг Ўзим бордирман, бас, сизлар фақат Менга ибодат қилинглар!” деб ваҳий юборганмиз”. Демак, Ер юзига юборилган жамийки пайғамбарларга ўз қавмларига улар ҳар икки дунёдаги бахт-саодатга эришишлари учун икки Илоҳий Фармонни адо этмоқликлари фарз эканини етказиш вазифаси топширилганки, улардан биринчиси, Оллоҳ таолонинг Бор ва Бир эканлигига сидқидилдан иймон келтиришлари, иккинчиси, ана ўша Танҳо Маъбуди Барҳаққа чин ихлос билан ибодат қилишларидир. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сиздан илгари юборган пайғамбарлардан сўраб (яъни, улар келтирган диний таълимотларни ўрганиб) боқингчи, Биз Раҳмондан (яъни, Ўзимиздан) ўзга ибодат қилинадиган «илоҳ»лар қилганмиканмиз?! (Йўқ, барча пайғамбарлар Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга даъват этгандирлар)!” (Зухруф сураси, 45-оят). “Аниқки, Биз ҳар бир умматга: «Оллоҳга ибодат қилинглар ва шайтондан йироқ бўлинглар», (деган ваҳий билан) бир элчи юборганмиз. Шунда (ўша умматлар) орасида Оллоҳ ҳидоят қилган зотлар ҳам, шунингдек, чекларига йўлдан озишлик тушган кимсалар ҳам бўлган. Бас, Ер юзида сайру саёҳат қилиб, (ўз пайғамбарларини) ёлғончи қилган кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўринглар.” (Наҳл сураси, 36-оят).
Бу ҳақда Бухорий, Муслим, Аҳмад ва Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда ҳам айтилган: «Пайғамбарлар ота бир оғаинилардир. Уларнинг оналари бошқа-бошқа-ю, динлари бирдир». («Тафсири Мунийр»дан).
Маълум бўладики, Ҳақ таоло томонидан барча умматларга буюрилган Дин ягонадир - Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишдир. Лекин ҳар бир умматнинг шариат қонунлари хилма-хилдир. Бу ҳақда мана бу ояти каримада хабар берилади: «Сизлардан ҳар бир (уммат) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик». (Моида сураси, 48-оятдан).
Қатода розияллоҳу анҳу айтади: “Ушбу жумлада уч умматга - Мусонинг умматига, Ийсонинг умматига ва Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг умматига (Барчаларига Оллоҳнинг салавот ва саломи бўлсин) хитоб қилинмоқда. Уларнинг динлари бир - Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш бўлса-да, Тавротнинг ўз шариати ва йўли бор, Инжилнинг ўз шариати ва йўли бор, Қуръоннинг ўз шариати ва йўли бордир”. Яъни, Оллоҳ таоло аввал-у охир барча инсонларни бир динда бўлишга - Ёлғиз Ўзига сиғиниб, ибодат қилишга буюрди. Унинг аввал-у охир барча пайғамбарлари - элчилари ўз умматларини ана ўша ягона Динга - Исломга даъват қилдилар. Фақат ҳар бир иши Ҳикмат бўлган Ҳақ таоло асрлар давомида бандаларини тараққий этдириб, тарбиялаб борар экан, уларнинг савияларига яраша ҳар умматга алоҳида шариат ва йўлни жорий қилди. Демак, кейин юборилган пайғамбарга буюрилган шариат аввалгисидан юксакроқ, баркамолроқ бўлиб борди, аввал юборилган элчи-пайғамбарнинг умматлари ўзларига буюрилган шариат қонунларига бўйинсуниб ҳаёт кечирар эканлар, Оллоҳ таоло иймонларини имтиҳон қилиш учун уларга янги пайғамбар ва янги шариат қонунларини юбориб турди. Бу ҳол то сўнгги Пайғамбар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам юборилгунларича, у зотга Шариати Исломийя буюрилгунича ва Ҳақ таоло: “Бугун Мен сизлар учун Динингизни комил қилдим, (сизларни динсизлик зулматларидан иймон нурига чиқариш билан) Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни Дин қилиб танладим (яъни, Исломдан бошқа динлар Оллоҳ ҳузурида мақбул эмас)”, деб Ислом Шариатини сўнгги шариат эканини ва то Қиёмат қойим бўлгунига қадар барча инсонлар фақат Шариати Исломийяга итоат этишлари фарз эканини эълон қилгунича давом этди.
«(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), мушрикларга Сиз даъват қилаётган нарса (яъни, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш) зўр келди - оғирлик қилди. Оллоҳ унга (яъни, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш бахтига) Ўзи хоҳ-лаган кишиларни сайлар ва унга (Ёлғиз Оллоҳга) илтижо қиладиган кишиларни ҳидоят қилур».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, қавмингиздаги мушрик-кофир кимсаларга Сиз даъват қилаётган нарса - Танҳо Оллоҳ таолога ибодат қилиш ва турли бут-санамлардан бутунлай юз ўгириш жуда оғир келди ва улар «ла илаҳа иллаллоҳ» калимасини айтишдан, Дини Исломни қабул қилишдан бош тортдилар. Чунки бу улуғ неъмат ҳар кимга ҳам берила-вермайди - Ислом Дини ҳаммага ҳам насиб этмайди. Бу буюк Бахтни Ҳақ таоло танлаб-танлаб, фақат Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этади ва фақат Ёлғиз УнингЎзига тоат-ибодат қиладиган мўминларнигина Ўз Фазл-Марҳамати билан Тўғри Йўлга ҳидоят қилади.

14. Улар (яъни, аввалги пайғамбарларнинг қавмлари) ҳам бўлинмаганлар, магар ўзларига (турли дин ва фирқаларга бўлинмаслик зарурлиги ҳақида) билим-ҳужжат келганидан сўнг ўзаро ҳасад-адоват қилишиб (фирқа-фирқа бўлиб кетганлар.) Агар Парвардигорингиз томонидан (уларнинг жазоларини) белгиланган муддатгача (яъни, Қиёматгача таъхир қилиш хусусидаги) Сўз ўтмаганида, албатта уларнинг ўртасида ҳукм қилинган бўлур эди (яъни, улар мана шу дунёдаёқ жазоларини тортган бўлур эдилар)! Албатта улардан кейин Китобга (Таврот, Инжилга) ворис қилинган кимсалар (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломга замондош бўлган яҳудий ва насронийлар) ҳам ундан (ўз Китобларидан) шак-шубҳададирлар.
Яъни, аввал ўтган пайғамбарларнинг қавмларидаги фирқа-фирқа бўлиб бўлинган ва ўзларига юборилган элчи-пайғамбарларга иймон келтиришдан, уларга итоат этишдан бош тортган кимсалар ҳам билмаганларидан эмас, балки Ҳақ Динга эргашмаслик ва бўлиниш залолат эканини пайғамбарларидан эшитиб, жуда яхши билганларидан кейин қайсарликлари, ўзаро ҳасад-адоватлари сабабли ва моддий манфаатларидан ажраб қолмаслик ғаразида Ҳақ Йўлдан озиб турли фирқаларга бўлиниб кетганлар.
«Агар Парвардигорингиз томонидан (уларнинг жазоларини) белгиланган муддатгача (яъни, Қиёматгача таъхир қилиш хусусидаги) Сўз ўтмаганида, албатта уларнинг ўртасида ҳукм қилинган бўлур эди (яъни, улар мана шу дунёдаёқ жазоларини тортган бўлур эдилар)!»
Ояти карима мазмунидан маълум бўлганидек, одамлар турли динларга бўлиниб кетганларидан кейин уларнинг ўртасида ҳеч тугамайдиган ихтилофлар бошланди. Бас, ҳар ким ўзини ҳақ, бошқаларни эса ноҳақ деб даъво қилиб, кўп ҳолларда Оллоҳ таолонинг Ҳақ Йўлида барқарор бўлган мўмин-мусулмонлар ўзларининг ҳақ эканликларини исботлашдан ожизлик қиладиган, ноҳақ йўллардаги динсиз-кофир кимсалар эса қилмишларига яраша дарҳол жазоланиш ўрнига Ҳақ Йўлдаги мўминларнинг устидан масхара қилиб куладиган бўлдилар. Ҳатто Макка мушриклари Оллоҳ таолонинг Каломини етказган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳам ёлғончига чиқариб ҳақоратлар қилдилар. Албатта бундай ҳолатларда мўминлар яхши баҳосини, ёмон жазосини олмаётганини кўриб ҳайрон қолишлари табиийдир. Ояти каримада Пайғамбар алайҳис-саломга ва барча мўминларга худди мана шу ҳолатнинг сирри - сабаби баён қилиниб, Ҳақ таоло рўзи азалда, ҳали инсон зотини яратишдан аввал, одамлар ҳаёти дунёда қиладиган амалларининг мукофот - жазосини фақат Қиёмат Кунида олишлари ҳақида Ўз Ҳукмини айтгани, агар ўша Сўз ўтмаганида, Ҳақ Йўлдан бўлиниб ихтилоф қиладиган кимсаларнинг жазолари шу дунёдаёқ нақд қилиниб, ҳалок бўлиб кетишлари аниқ эканлиги ҳақида хабар беради, Қиёмат Кунида ҳар бир ишнинг ҳисоб-китоби бўлишини айтиб мўминларга таскин-тасаллий беради.
«Албатта улардан кейин Китобга (Таврот, Инжилга) ворис қилинган кимсалар (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломга замондош бўлган яхудий ва насронийлар) ҳам ундан (ўз Китобларидан) шак-шубҳададирлар».
Яъни, албатта аҳли Китоблардан Таврот ва Инжилни ота-боболаридан мерос қилиб олган кейинги авлодлари ҳам ўзларининг китобларидан, дину иймонларидан шак-шубҳададирлар. Чунки уларга Мусо алайҳис-саломга тушган Таврот ва Ийсо алайҳис-саломга тушган Инжил китоблари Оллоҳ таоло томонидан у пайғамбарларга қандай нозил қилинган бўлса, ўша ҳолатда етиб келмади, балки уларнинг ота-боболари мазкур Илоҳий Китобларни ўзгартирдилар - уларга ёқмаган оятларни қисқартирдилар ёки ўзларидан қўшдилар ва ўзлари тўқиган сўзларни ҳам Оллоҳнинг оятлари деб авлодларига етказдилар. Жумладан, улар асил Таврот ва Инжилда муборак номлари зикр қилинган охир замон Пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳақидаги оятларни ҳам ўчириб-ўзгартириб юборганларки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга замондош бўлган аҳли Китобнинг у зотга иймон келтирмасдан шак-шубҳада қолишганининг сабабларидан бири шудир.

15. Бас, Сиз (эй Муҳаммад алайҳис-салом), мана шунга даъват қилинг ва ўзингизга буюрилгани янглиғ Тўғри Йўлда устувор бўлинг, уларнинг (мушрикларнинг) ҳавойи нафсларига эргашманг! Айтинг: «Мен Оллоҳ нозил қилган ҳар бир Китобга иймон келтирдим ва сизларнинг ўртангизда (мендан сўраб келган муаммоларингизни ҳал этишда) адолат қилишга буюрилдим. Бизнинг Парвардигоримиз ҳам, сизларнинг Парвардигорингиз ҳам (Ёлғиз) Оллоҳдир. Бизнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир. Бизлар билан сизларнинг ўртангизда хусумат-жанжал йўқ. Оллоҳ (Қиёмат Кунида) барчамизни жамлар ва Ёлғиз Унга қайтиш бордир.
Яъни, бас, эй Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам, Сиз инсонларни мана шу Ҳақ Динга - Қуръонга даъват қилинг ва ўзингиз ҳам Сизга буюрилгани янглиғ Қуръонга амал қилишда устувор - собитқадам бўлинг, яъни, Оллоҳ таолога ибодатда, Унинг Динини одамларга етказишда бир умр бардавом бўлинг ҳамда уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг! Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни истиқоматга буюрган оят Ҳуд сурасида ҳам келган эди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Қуръон оятларидан бирон оят мана шу истиқомат тўғрисидаги оят каби оғир бўлмаган экан. Шунинг учун ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу у зотга: “Ё Расулуллоҳ, тез қариб қолдингиз-а?” деганида, “Мени Ҳуд сураси ва унинг опа-сингиллари (айрим ривоятларда Ҳуд, Воқеа ва Мурсалот суралари) қаритди”, дедилар.
Абу Алий Саррий айтади: “Мен тушимда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни кўриб: “Ё Расулуллоҳ, ривоятларга қараганда, Сиз: “Ҳуд сураси, мени қаритди”, деган эмишсиз”, деган эдим, у зот: “Ҳа”, деб жавоб қилдилар. Мен: “У сурадаги қайси оятлар Сизни қаритди? Пайғамбарлар қиссалари ва уларга иймон келтирмаган қавмларнинг ҳалок бўлиб кетганими?” деб сўрадим. Шунда у зот: “Йўқ, балки мени Оллоҳ таолонинг “Ўзингизга буюрилгани янглиғ истиқоматда - Тўғри Йўлда барқарор бўлинг!”, деган Сўзи қаритиб юборди”, дедилар. (“Тафсири Куртубий”дан).
Албатта Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга истиқоматда бўлиш буюрилганидан у зот истиқоматда бўлмаганлари тушунилмайди, балки аксинча, у зоти бобаракот истиқоматда ҳаммага ибрат эдилар. Демак, бу Илоҳий Фармон ана ўша истиқоматда бардавом бўлишга буюрмоқда. Ҳақ таоло Ўз Расулини ва барча мўмин бандаларини истиқоматда бардавом бўлишга буюришининг бир ҳикмати, Оллоҳ таоло буюрганидек Тўғри Йўлда бардавом бўлган инсонлар ҳар қандай душмандан ғолиб бўладилар, аммо у йўлдан ўнг ё сўлга оғадиган бўлсалар, мағлуб ва душманларига қарам бўлиб қолишлари аникдир.
«Айтинг: «Мен Оллоҳ нозил қилган ҳар бир Китобга иймон келтирдим ва сизларнинг ўртангизда (мендан сўраб келган муаммоларингизни ҳал этишда) адолат қилишга буюрилдим. Бизнинг Парвардигоримиз ҳам, сизларнинг Парвардигорингиз ҳам (Ёлғиз) Оллоҳдир. Бизнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир. Бизлар билан сизларнинг ўртангизда хусумат-жанжал йўқ. Оллоҳ (Қиёмат Кунида) барчамизни жамлар ва Ёлғиз Унга қайтиш бордир».
Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз олдингизга келадиган яҳудий ва насронийларга айтингки, мен Оллоҳ таоло нозил қилган Таврот, Инжил, Забурга ҳамда Иброҳим ва Мусо алайҳимас-саломга нозил қилинган саҳифаларга Қуръонга қандай иймон келтирган бўлсам худди шундай иймон келтирганман. Мен айрим самовий китобларга иймон келтириб, айримларига кофир бўлган кимсалардан эмасман. Шунингдек, мен Оллоҳ таоло томонидан қачон сизлар бирон бир масъалада ҳукм сўраб келсангиз, бирон тарафга ён босмай ўрталарингизда адолат қилишга буюрилганман. Зотан, Оллоҳ таоло сизларнинг ҳам, Бизнинг ҳам Танҳо Роббимиздир, ҳаммамизни яратган Холиқимиздир. Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. «Бизнинг амалларимиз ўзимиз учун, сизларнинг амалларингиз ўзларингиз учундир».
Яъни, “Менинг қилган амалим - Оллоҳ таоло нозил қилган ваҳийни инсонларга етказиш, кофирларни дўзах азобидан огоҳлантириш, мўминларга жаннат хушхабарини бериш, Ёлғиз Оллоҳга тоат-ибодат қилиш каби амалларим - меникидир, Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида мени ўша амалларим билан ҳисоб-китоб қилиб, менга ўша амалларим учун жазо-мукофот ато қилади.
Сизларнинг Ҳақ Йўлни тарк этиб, нотўғри йўлни танлаш, Танҳо Маъбуд бўлмиш Оллоҳ таолога турли жонли-жонсиз махлуқларни шерик қилиш ва бузғунчилик қилиш каби амалларингиз эса сизларникидир, Оллоҳ таоло сизларни Қиёмат Кунида ўша амалларингиз билан ҳисоб-китоб қилиб, қилмишларингизга яраша жазоларингизни беради. Сизлар мен учун жавобгар эмассизлар, мен сизлар учун жавобгар эмасман”, деб айтиб кўйинг. Бу мазмундаги оятлар бошқа сураларда ҳам такрор-такрор келади: “Ҳар бир жоннинг қилган гуноҳи фақат ўз зиёнига бўлур. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга (жон)нинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас”. (Анъом сураси, 164-оятдан).
“Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга (жон)нинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Ва инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни, ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас). Унинг қилган саъй-ҳаракати эса яқинда (Қиёмат Кунида) кўринур. Сўнгра у (ўша саъй-ҳаракати учун) тўла-тўкис жазо-мукофот олур.” (Ван-нажм сураси, 38-41-оятлар).
«Биз билан сизларнинг ўртамизда хусумат-жанжал йўқ».
Чунки Ҳақиқат кундек равшан бўлди ва ҳеч қандай талашиб-тортишишга жой қолмади. Энди ҳамма гап Қиёматга қолди. Ҳаммамиз Унинг ҳузурига қайтишимиз бордир. Ана ўша Кунда: Парвардигоримиз ҳисоб-китоб учун барча инсонларни, жумладан сиз билан бизни ҳам маҳшаргоҳга тўплайди ва кейин, ҳар биримизнинг кимлигимиз, ҳаёти дунёда қандай амаллар қилганимиз аниқ-равшан бўлганидан сўнг ораларимизни очиб, мўмин бандаларини кофир-мушриклардан ажратиб, Ҳақ Йўлда ҳаёт кечирган мўминларни жаннатга, ботил йўлларда умрларини зое қилган кофирларни эса жаҳаннамга ҳукм қилади.

16. Оллоҳ ҳақида (яъни, Унинг Дини ҳақида) у (Дин одамлар томонидан) қабул қилинганидан сўнг (уларни Исломдан чиқариш учун) хусумат-жанжал қиладиган кимсалар - уларнинг ҳужжатлари (яъни, жанжал-хусуматлари) Парвардигорлари - Оллоҳ наздида ботил-беҳудадир. Уларга (бу дунёда) ғазаб, (Охиратда эса) қаттиқ азоб бордир.
Қатода раҳимахуллоҳ айтади: «Ояти каримада зикр қилинган Оллох таолонинг Дини ҳақида талашиб-тортишадиган кимсалардан мурод, яҳуд ва насронийлардир. Улар Ислом Дини одамлар томонидан қабул қилиниб, кўпчилик мусулмон бўлиб кетаётганини кўрганларидан кейин ўринларида ўтира олмай қолдилар ва нима қилиб бўлса ҳам одамларни ушбу Ҳақ Дин ва ҳақ Пайғамбар Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламдан тўсиш учун мусулмонлар билан хусумат қилишиб, жанжаллаша бошладилар ва: «Бизнинг пайғамбаримиз сизларнинг пайғамбарингиздан аввал келган, бизнинг Китобимиз ҳам сизларнинг Китобингиздан илгари нозил бўлган. Ахир ўзларингиз ҳамма иттифоқ қилган нарсани ушлаш ихтилофли нарсани ушлашдан яхшироқ, дейсизларку. Мана, Мусонинг ҳак пайғамбар эканлиги ва Таврот чиндан ҳам Оллоҳтомонидан нозил қилинган Китоб эканлигига сизлар ҳам, бизлар ҳам баб-баробар ишонамиз. Аммо Муҳаммаднинг ҳақ пайғамбарлиги тўғрисида бўлса, ўртамизда ихтилоф бор. Демак, у келтирган Ислом дини ва Қуръон тўғрисида ҳам ўртамизда ихтилоф бор - сизлар уни Ҳақ Дин ва ҳақ Пайғамбар дейсизлар, бизлар эса унга ишонмаймиз. Бас, сизлар ҳам, бизлар ҳам, бил-иттифоқ тўғри деб билган Мусо ва Тавротни, яъни, яҳудий динини ушлаш вожиб бўлади», деб, одамларни Оллоҳ таолонинг барча инсонлар учун буюрган Ҳақ Дини бўлмиш Дини Исломдан тўсмоқчи бўлдилар. Шунда Ҳақ таолонинг Ўзи уларнинг келтирган «ҳужжат»лари бутунлай ботил эканини айтиб, бундай ботил сафсаталар билан улар ҳеч қачон одамларни Дини Исломдан тўса олмасликларини таъкидлади ва ундай Оллоҳ таолонинг Ҳақ Дини ва ҳақ Пайғамбари билан хусумат қиладиган бузғунчиларнинг барчаси албатта дунёда Яратганнинг ғазабига дучор бўлишлари, Охиратда эса, қаттиқ азобга гирифтор қилинишлари ҳақида қаттиқ огоҳлантирди. («Тафсири Мунийр»дан).

17. Оллоҳ шундай Зотки, ҳаққи-рост бўлган Китобни ва тарози-адолатни нозил қилди. Қаердан билурсиз, эҳтимол (Қиёмат) Соати яқиндир. (Бас, ғафлатда қолмай Оллоҳ нозил қилган Ҳақ Китоб ва адолатни маҳкам ушлаш лозимдир).
Яъни, Оллоҳ таоло Ҳақ Китобни, яъни, Ҳақ Динни нозил қилдики, у Китобдаги ҳар бир хукм, хабар ва қонун ҳақдир. Шунингдек, У Зот Ўзининг Китобида одамлрнинг ҳақ-хуқуқ ва масъулиятларини аниқ тортиб - белгилаб берадиган адолатли тарози қилиб Шариат қонунларини туширди ва бирма-бир баён қилиб берди. Бас, ҳар-бир мўмин-мусулмон банда дарҳол Оллоҳ таоло нозил қилган Китобни маҳкам ушлаб, ундаги адолат тарозиси бўлган Шариат қонунларига бекаму кўст амал қилишга шошилмоғи лозим. Чунки ҳаёти дунё ҳеч билинмасдан жуда тез ўтиб кет-гувчидир ва ҳеч ким билмайдики, эҳтимол, ҳар бир амал бирма-бир ҳисоб-китоб қилинадиган ва адолат тарозисида тортилиб, жазо-мукофоти бериладиган Қиёмат Соатининг келиб қолиши кўз очиб-юмгунчалик масофада - жуда ҳам яқиндир.
«Тафсири Бағавий»да Муқотил раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қиёмат Соати жуда яқин эканлигини зикр қилганларида ўша жойда турган мушриклар у зотни ёлғончи қилишиб: «Ўша сен бизни қўрқитаётган Қиёмат Соати қачон келади ўзи?» дейишган эди, Ўша онда Оллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди -

18. (Қиёматга) иймон келтирмайдиган кимсалар уни шоштирурлар. Иймон келтирган зотлар эса ундан қўрқувчидирлар. Улар (Қиёматнинг) ҳақ эканлигини билурлар. Огоҳ бўлингизким, (Қиёмат) Соати хусусида талашиб-тортишадиган кимсалар (Ҳақ Йўлдан) йироқ залолатдадирлар.
Яъни, Қиёмат Соати албатта келишига ишонмайдиган ва у Соатда қандай даҳшатли ҳодисалар рўй беришини билмайдиган ғофил-жоҳил кимсаларгина ҳеч қачон Қиёмат қоим бўлмайди деб гумон қилганлари сабабли уни тезроқ кела қолмайдими, деб шоштирадилар. Аммо Қиёмат Куни ҳақ эканлигига иймон келтирган мўминлар эса, доимо у Куннинг келиши ҳақлигини билиб, ўша Кундан, унда бўладиган ҳисоб-китобдан қўрқиб яшайдилар ва ўша Кунга тайёргарлик кўриб, қўлларидан келганича солиҳ амаллар қилиш ҳаракатида бўладилар. Зотан иймоннинг икки қаноти бўлиб, мўмин инсон доимо Қиёмат Соатида Оллоҳ таоло ҳузурида бўладиган ҳисоб-китобдан қўрқиб, шу билан баробар қилган солиҳ амаллари учун Оллоҳ таоло ато этадиган ажр-мукофотдан умидвор бўлиб ҳаёт кечиради ва мана шу икки туйғу - хавфу ражо, яъни, қўрқув ва умид туйғулари мўминни бутун умри давомида яхшиликка чорлаб, ёмон амаллардан олис бўлишга даъват қилиб туради. Аммо Қиёмат Соати келишига ишонмаганлари учун у Кун ҳақида мўминлар билан талашиб-тортишадиган иймонсиз кимсалар эса, Тўғри Йўлдан озиб, залолат йўлларида олис-олисларга кетиб қолган гумроҳлардир. Улар Тўғри Йўлдан шу қадар олислаб кетганларки, улар турган жойдан Ҳидоят Йўли мутлақо кўринмайди, шу сабабдан, гарчи улар жисмонан мўминларнинг ёнгинасида турган бўлсалар ҳам, Ҳидоят даъватини эшита олмайдилар!

19. Оллоҳ бандаларига Латиф - Меҳрибондир. У Ўзи хоҳлаган ки-шиларга (кенг-мўл) ризқ берур. У Кучли, Кудратлидир.
Ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг бениҳоя Лутфу Марҳаматли ва ҳар бир нарсадан Хабардор Зот эканлигини таъкидлайдики, биз бандалар барча ризқ-рўзимиз, бутун ҳаётимиз ва ундаги сон-саноқсиз ноз-неъматларнинг барчаси Ёлғиз Унинг Лутфу-Марҳаматидан эканлигини билиб, қилаётган ҳар бир иш-амалимиздан Яратган Парвардигоримиз жуда яхши Хабардор эканлигидан огоҳ бўлиб ҳаёт кечиришимиз лозим.
Ояти каримадаги Оллоҳ таолонинг Латиф сифатини уламолар: “Бениҳоя лутфу карамли, бандаларига ўта юмшоқ муомала қилгувчи” деб тафсир қиладилар. У Зотнинг лутфи шу қадарки, бандалари хижолат бўлмасликлари учун гунохқорларнинг қилган гуноҳларини ёдларидан чиқариб юборар экан.
Ана ўша бениҳоя Латиф ва беқиёс Куч-Қудрат соҳиби бўлмиш Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўзи хоҳлаган кишиларга кенг-мўл ризқу рўз ато этади.
Мусулмон инсон ризқ Ёлғиз Оллоҳдан эканини бир зум ҳам унутмаслиги керак. Демак, ризқ Оллоҳники, ўлчов ҳам У Зотнинг Кўлидадир. Ким қанча ризққа эга бўлишини Ёлғиз Оллоҳ белгилайди, банда эмас. “Оллоҳ Ўзи истаган кишиларга ҳисобсиз ризқ беради”. Мўмин инсон агар ризқи танг бўлса хотиржам ҳолда сабр қилади, бунинг албатта ҳикмати борлигини билади, нима қилиб бўлса ҳам бой бўлишим керак, деб ҳаром ризқ ортидан қувмайди, балки менинг ризқимни Эгам Ўз зиммасига олган, албатта У мени унутиб қўймайди, деб ҳалолдан топган ризқига қаноат қилади. Агар ризқи кенг бўлса Яратганга шукроналар айтади ва Оллоҳ берган ризқни ўзига, қарамоғидаги инсонларга, муҳтож мусулмонларга, эл-юртига сарфлайди.
Ҳақ таолонинг қонуни шундай эканки, дунёвий ризқ мўминга ҳам, кофирга ҳам берилаверар экан. Аммо Оллоҳ таоло фақат Ўзи яхши кўрадиган бандаларига ато этадиган яна бошқа бир ризқ борки, у Охират ризқидир. Яъни, Ҳақ таоло қайси бир бандасининг қалбини илм, иймон, Оллоҳни севиш, Ундан қўрқиш, Ундан умидвор бўлиш каби бебаҳо фазилатлар билан ризқлантирса ана ўша инсон мангу бойлик ва икки дунё саодатига эришган ҳақиқий бахтли инсондир.

20. Ким (ўз амали билан) Охират экинини (яъни, савобини) истар экан, Биз унга экинини(нг ҳосилини) мўлзиёда қилурмиз. Ким дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан (дунё матоларидан) берурмиз ва унинг учун Охиратда бирон насиба бўлмас!
Бу ояти каримада ҳар қандай яхши амал фақат Охиратдаги мукофотни кўзлаб қилинсагина Оллоҳ таоло унинг ажру савобини комил қилиб бериши, аммо мол-дунё ва шон-шуҳратга етиш ғаразида риёкорлик билан қилинган амаллар учун эса Охиратда ҳеч қандай савоб йўқлиги уқтирилмоқда.
Мана бу оятлар ўрганаётганимиз ояти кариманинг энг яхши тафсиридир: «Ким нақд (дунё)ни истайдиган бўлса, Биз унинг учун -(улардан) Ўзимиз истаган кимса учун Ўзимиз хоҳлаган нарсани (мана шу дунёда) нақд қилиб берурмиз. Сўнгра (яъни, Охиратда) эса, у таънамаломатга қолган ва (Оллоҳнинг Раҳматидан) узоқ қилинган ҳолда кирадиган жаҳаннамни унинг учун жой қилиб берурмиз». (Ал-Исро сураси, 18-оят).
Ояти карима биринчи навбатда Оллоҳ ва Охиратга иймон келтирмайдиган динсиз кимсаларнинг дунё ва Охиратдаги аҳволларидан хабар беради. Лекин муфассир уламолар оятда сўз фақат улар ҳақида эмаслигини, балки одамлар кўзида ўзларини мўмин-мусулмон қилиб кўрсатадиган мунофиқлар, мусулмонлик даъвосини қила туриб Дини Ислом буюрган ишларни қилмайдиган ибодат, итоатсиз фосиқлар, қиладиган амалларини Оллоҳ ризоси учун эмас, балки эл кўрсинга, одамлар орасида обрў топиш ёки дунёвий ғаразларига эришиш учун қилади-ган риёкорлар ҳам худди ўша “нақд”ни истайдиган тоифадан эканликларини айтадилар. Бас, ояти карима хабар беришича, бундай кимсалар қилган бирон амал Охиратда қабул бўлмас, дунёдан эса, улар учун Оллоҳ таоло тақсимлаб қўйган ризқдан бошқа бирон нарсага эга бўла олмаслар. Охират диёрида борадиган жойлари аниқ жаҳаннам бўлиб, улар ҳамманинг қарғиш маломатлари остида, Оллоҳ таолонинг Раҳматидан мутлақо маҳрум бўлган ҳолларида ана ўша дўзахга кириб, унинг ўтида мангу ёнишга маҳкумдирлар.
«Ким Охиратни истаса ва мўмин бўлган ҳолида (Охират) учун саъй-ҳаракат қилса, бас, ундай зотларнинг саъйлари (Оллоҳ наздида) ташаккурга лойиқ - мақбул бўлур». (Ал-Исро сураси, 19-оят).
Яъни, кимда ким чин мўмин бўлса ва қилган амаллари билан дунё матоларини эмас, балки Охират диёрини, у жойдаги мангу бахт-саодатни истаса ва унинг қиладиган барча ҳатти-ҳаракати ана ўша Охиратга лойиқ ҳаракат бўлса, яъни, ўз раъйича, кўнглига келган ишни савоб деб қилавермасдан, Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳамда Унинг Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ишларни қилса ва Оллоҳ ва Расули қайтарган ишлардан тийилса, фақат ана ўшандай иймон, ирода ва саъй-ҳаракат эгалари қилган амалларгина Оллоҳ таолонинг Раҳматига сазовордир - Оллоҳ даргоҳида мақбулдир.
Ояти каримадаги биз “ташаккурга лойиқ - мақбул бўлур” деб таржима қилган “машкуро” калимаси “Тафсири Қуртубий”да “мукофоти неча баробар қилиб берилгувчи бўлур”, деб шарҳланибди ва Имом Аҳмаддан ривоят қилинган мана бу ниҳоятда умидбахш ҳадиси шариф оятга тафсир бўлиб келибди: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан: “Сиз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг “Албатта Оллоҳ таоло бир чиройли амалга мингнинг минг баробарича ҳасанотни мукофот қилиб беради”, деганларини эшитганмисиз?” деб сўралган эди, Абу Ҳурайра: “Мен у зотнинг: “Албатта Оллоҳтаоло бир чиройли амалга мингнинг икки минг баробарича ҳасанотни мукофот қилиб беради”, деганларини эшитганман”, деди.

21. Балки улар (яъни, мушриклар) учун Оллоҳ изн бермаган (куфр ва ширк каби ботил) нарсаларни дин деб уларга шариат қилиб берган шериклари - бутлари бордир?! Агар (ким ҳақ, ким ноҳақлиги Қиёмат Кунида) ажратилиши хусусидаги Сўз бўлмаганида, албатта уларнинг ўрталарида (шу дунёдаёқ) ҳукм қилинган бўлур эди. Золим кимсалар учун шак-шубҳасиз, аламли азоб бордир.
Ушбу ояти карима мазмунан суранинг ўн учинчи ва ўн еттинчи оятларига бевосита боғлиқдир. Мазкур оятларда Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Пайғамбари бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳам худди Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Ийсо алайҳимус-саломга буюрган Динни нозил қилиб, Шариат қонунларини белгилаб бергани ва У мўминлар учун самодан ҳаққи рост Қуръон ва адолатли тарози туширгани ҳақида хабар берилган эди. Лекин мушрик-кофир кимсалар Оллоҳ таоло нозил қилган Ҳақ Дин - Қуръонга ҳам, унинг Шариат қонунларига ҳам иймон келтирмадилар. Шунинг учун ушбу оятда ўта мантиқли ва жуда адолатли савол ўртага қўйилиб, «Балки улар (яъни, мушриклар) учун Оллоҳ изн бермаган (куфр ва ширк каби ботил) нарсаларни диндан деб уларга шариат қилиб берган шериклари - бутлари бордирки, мушриклар ўшаларга ишониб Оллоҳ таолонинг Ҳақ Динига ва У Зот буюрган Шариат қонунларига иймон келтирмаётгандирлар», дейилмоқда. Ояти карима давомида агар «Эй жиноятчи кимсалар, мана Бугун (мўминлардан) ажралинглар!» (Ёсин сураси, 59-оят) дейилиб, кофир-мушриклар дўзахга, мўмин-лар жаннатга киритилишлари Қиёмат Кунида бўлиши ҳақида Сўз бўлмаганида, албатта кофир шу дунёнинг ўзидаёқ азоб-уқубатга гирифтор қилинган бўлар эдилар, дейилади ва золим-кофир кимсалар учун Охиратда ҳеч шак-шубҳасиз, чидаб бўлмайдиган ва ҳеч қачон тугамайдиган аламли азоб борлиги ҳақида қаттиқ огоҳлантирилади.
«Йўқ, уларга (кофирларга мангу азоб учун) ваъда қилинган вақт (Қиёмат) Соатидир. У Соат янада балоли, янада аччиқдир!» (Қамар сураси, 46-оят).

22.    (Қиёмат Кунида) у золимларни ўзлари (ҳаёти дунёда) касб қилган нарсадан (яъни, куфру исёнларига бериладиган жазолардан) даҳшатга тушиб турган ҳолларида кўрурсиз. У (жазо эса қўрқсалар-қўрқмасалар) уларнинг устига тушгувчидир! Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар эса жаннатларнинг гулзорларида бўлишиб, Парвардигорлари ҳузурида улар учун хоҳлаган нарсалари бордир. Мана шу катта Фазлу Марҳаматдир!
Яъни, эй кўриш қобилиятига эга бўлган инсонлар, Қиёмат Кунида сизлар у золим-кофир кимсаларни ҳаёти дунёда қилиб ўтган ёмонликларидан ва уларга ўша Кунда берилиши аниқ бўлган ҳақли жазодан тамомила даҳшатга тушиб қолганларини кўрасиз. Лекин кофирларнинг у Кундаги қўрқувларининг ҳеч қандай фойдаси бўлмайди! Куфру исёнлари учун Ҳақ таоло томонидан бериладиган одил жазо албатта уларнинг устига тушгувчидир - улар мангу аламли азобга гирифтор бўлгувчидирлар!
Аммо Оллоҳ таолога,Унинг Элчисига ва Охират Кунига иймон келтирган, Оллоҳ таоло буюрган аммалларни қилган ва У Зот қайтарган ишлардан тийилган инсонлар жаннат боғу бўстонида шундай иззат-икром қилинурларки, шод-хуррамликдан қалблари мунаввар бўлиб, юзлари нурга йўғрилгандек ёп-ёруғ бўлур.
Уларнинг у кундаги шодликларини таърифлашга инсон тили ожиз эканлиги ҳақида мана бу ояти карима ва ҳадиси шарифда ҳам баён қилинган: “Бас, уларнинг қилиб ўтган амалларига мукофот қилиб, улар учун беркитиб қўйилган кўзлар қувончини (яъни, Охират неъматларини) бирон жон билмас”. (Сажда сураси, 17-оят).
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “У жойда (яъни, жаннатда) бирон кўз кўрмаган, бирон қулоқ эшитмаган ва бирон инсоннинг хаёлига ҳам келмаган неъматлар бордир”. (Бухорий, Муслим, Ибн Можжа ва бошкдлар ривоят қилган. “Тафсири Мунийр”дан).
Албатта бу Ҳақ таоло томонидан мўмин бандаларига ато этилган жуда катта Фазл-Марҳаматдир.

23.    Мана шу - Оллоҳнинг иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган бандаларига берадиган хушхабаридир! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Макка мушрикларига), айтинг: «Мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман, фақат қариндошчиликдаги дўстлик-яқинликнигина (сўрайман, яъни, мен сизлар билан насл-насаб жиҳатидан қариндош бўлганим ҳаққи-ҳурмати бу даъватимга тўсқинчилик қилмасликларингизнигина сўрайман)». Ким бирон чиройли амал қилса, Биз унинг учун ўша (чиройли амали)даги чиройни зиёда қилурмиз, (яъни, зиёда савоб ато этурмиз). Албатта Оллоҳ жуда Мағфиратли ва ўта Шукр қилгувчидир.
«Мана шу - Оллоҳнинг иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилган бандаларига берадиган хушхабаридир».
Яъни, мана шу юқоридаги ояти каримада зикр қилинган Буюк Илоҳий Фазлу Марҳамат Оллоҳ таолонинг мўмин бандаларига берадиган хушхабаридирки, улар иймон келтирганлари ва Оллоҳ буюрган солиҳ амалларни адо этганлари, У Зот қайтарган ёмонликлардан қайтганлари сабабли албатта Яратган ҳозирлаб қўйган жаннатларнинг боғу бўстонларига киргувчидирлар ва Парвардигорлари ҳузурида кўнгиллари нени тиласа баҳраманд бўлиб, абадул-абад ўлмасдан бахту саодатда яшагувчи-дирлар. Зотан, Ҳақ таоло Ўзи берган хушхабарни албатта рўёбга чиқаргувчидир, У Зот ҳеч қачон Ваъдасига хилоф қилмас.
«(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Макка мушрикларига), айтинг: «Мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман, фақат қариндошчиликдаги дўстлик-яқинликнигина (сўрайман, яъни, мен сизлар билан насл-насаб жиҳатидан қариндош бўлганим ҳаққи-ҳурмати бу даъватимга тўсқинчилик қилмасликларингизнигина сўрайман)».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз билан Қиёмат Соати ҳақида талашиб-тортишаётган қавмингиздаги мушрикларга айтинг: «Эй қавму қариндошларим, мен сизлардан Ҳақ Динга даъват қилганим учун ҳеч қандай ҳақ сўрамайман. Менга сизларнинг молу дунёларингизнинг кераги йўқ. Магар менинг сизлардан сўрайдиганим, ўртамиздаги қавм-қариндошчиликни риоя қилинглар, ўртамиздаги борди-келдини узманглар ва менинг қилаётган даъват, панд-насиҳатларимга тўсқинлик қилманглар».
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: «Қурайш қабиласининг ҳар бир маҳалласида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг қариндош-уруғлари бор эди. Шунинг учун улардан дўстона қариндош-уруғликни узмасликларини сўрадилар». (Табарийнинг «Жомиул-баён» тафсиридан).
«Ким бирон чиройли амал қилса, Биз унинг учун ўша (чиройли амали)даги чиройни зиёда қилурмиз, (яъни, зиёда савоб ато этурмиз). Албатта Оллоҳ жуда Мағфиратли ва ўта Шукр қилгувчидир».
Яъни, мўминлардан ким Оллоҳ таолога ибодатда чиройли бир амал қилса, Ҳақ таоло унинг амалидаги чиройни янада зиёда қилиб, бирига ўн ва яна Ўзи хоҳлаганича неча-неча баробар ажр-савоблар ато этади. Чунки Оллоҳ таоло жуда Мағфиратли ва ўта Шукр қилгувчидир, яъни, бандаларининг билиб-билмай қилган хато ва гуноҳларини кечириб юборишни жуда Яхши кўргувчи ва улар қилган озгина чиройли яхши амал учун бениҳоя кўп мукофот ато этгувчидир.

24. Ёки улар (яъни, Макка мушриклари: «Муҳаммад, Қуръон Оллоҳ томонидан нозил бўлган, деб) Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиди», дейдиларми?! (Асло ундоқ эмас)! Чунки агар (Сиз ёлғон тўқийдиган бўлсангиз), Оллоҳ хоҳласа, дилингизни муҳрлаб қўюр; Оллоҳ Ўз Сўзлари билан ботил-ноҳақ (гаплар)ни йўқ қилур ва Ҳақни ҳақ қилур рўёбга чиқарур. Албатта У дилларни эгаллаган (сирлар)ни Билгувчидир.
«Ёки улар: «(Муҳаммад, Қуръон Оллоҳ томонидан нозил бўлган, деб) Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиди», дейдиларми?! (Ундоқ эмас), чунки агар (Сиз ёлғон тўқийдиган бўлсангиз), Оллоҳ хоҳласа, дилингизни муҳрлаб қўюр; Оллоҳ Ўз Сўзлари билан ботил-ноҳақ (гаплар)ни йўқ қилур ва Ҳақни ҳақ қилур - рўёбга чиқарур».
Яъни, ёки Макка мушриклари, ана ўша Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни дунёга келганларидан буён жуда яхши танийдиган, у зот ҳаётлари давомида бирон марта бўлсин ёлғон сўзламаганига тирик гувоҳлар бўлган, ҳатто уларнинг ўзлари у зотнинг исмларига Амин - ҳеч қачон ёлғон сўзламайдиган ва омонатга хиёнат қилмайдиган ишончли деган сифатни кўшиб «Муҳаммад Амин» деб атайдиган Макка мушриклари Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Менга Оллоҳ таоло Ўз оятларини нозил қилди», деб уларга Оллоҳнинг оятларини етказганларида «Муҳаммад Оллоҳ шаънига ёлғон тўқимоқда, унга ҳеч қандай ваҳий нозил бўлган эмас», деяптиларми?!
«(Асло ундоқ эмас)! Чунки агар (Сиз ёлғон тўқийдиган бўлсангиз), Оллоҳ хоҳласа, дилингизни муҳрлаб қўюр; Оллоҳ Ўз Сўзлари билан ботил-ноҳақ (гаплар)ни йўқ қилур ва Ҳақни ҳақ қилур - рўёбга чиқарур. Албатта У дилларни эгаллаган (сирлар)ни Билгувчидир».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, агар Сиз Оллоҳ таоло шаънида бирон ботил - ёлғон сўз айтганингизда, ҳеч шак-шубҳасиз, Оллоҳ Ўз Хоҳиш-Иродаси билан қалбингизни муҳрлаб қўйган ва ундан Ўзи нозил қилган оятларини бутунлай ўчириб юборган бўлур эди. Бас, Сиз Оллоҳ таоло нозил қилган оятларга ўз томонингиздан бирон сўз кўшмасдан ниҳоятда омонатдорлик билан инсонларга етказаётганингиз учун ҳам диллардаги сирларни Билгувчи Ҳақ таоло Ҳақни Ҳақ қилиб - рўёбга чиқариб у оятлар қалбингиздан кўтарилиб кетмасдан тўла-тўкис ёдингизда турибди ва Оллоҳ таоло ҳидоят қилган мўминлар у оятларни Сиздан тинглаб иймон келтирмоқдалар, Дини Исломни қабул қилмоқдалар.
Бу мавзу Ал-Ҳааққа сурасида янада аниқроқ баён қилинган: «Бас, Мен сизлар кўрадиган нарсаларга ҳам, сизлар кўра олмайдиган нарсаларга ҳам қасам ичурманки, у (Қуръон) шак-шубҳасиз, улуғ Пайғамбарнинг (Оллоҳ даргоҳидан келтирган) сўзидир! У бирон шоирнинг сўзи эмасдир! Сизлар (ушбу Қуръон Оллоҳнинг Каломи эканлигига) камдан-кам иймон келтирурсизлар! Ва бирон коҳин-фолбиннинг сўзи ҳам эмасдир. Сизлар камдан-кам панд-насиҳат олурсизлар! (У) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилинган (Китобдир). Агар (Пайғамбар) Бизнинг шаънимизга (Биз айтмаган) айрим сўзларни тўқиб олганида, албатта Биз унинг ўнг қўлидан ушлаган, сўнгра албатта унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлур эдик. У ҳолда сизлардан бирон киши ундан (яъни, Пайғамбардан ҳалокатни) тўса олгувчи бўлмас эди. (Бас, Муҳаммад алайҳис-салом Оллоҳнинг Каломига ўз томонидан бирон сўз қўшмагани, балки зиммасидаги омонат-Пайғамбарликни ҳалол адо қилиб келаётгани учун ҳам сизларнинг орангизда соғ-омон ҳаёт кечирмоқда, акс ҳолда Оллоҳуни ҳалок қилган бўлур эди. Бу Муҳаммад алайҳис-саломнингҳақ Пайғамбар эканликларининг яна бир ёрқин далилидир)». (Ал-Ҳакка сураси, 38-47-оятлар).

25. У бандаларидан тавба-тазарруъни қабул қиладиган, ёмон-ликларни афв этадиган ва қиладиган ишларингизни биладиган Зотдир.
Ушбу ояти каримада барча инсонлар учун тавба дарвозаси очиқ экани эълон қилинмоқда. Дарҳақиқат, Оллоҳ нақадар даргоҳи кенг, нақадар Меҳрибон. Бандаларининг ҳар қандай гуноҳларини кечишга тайёр. Фақат улар астойдил тавба қилсалар, қилган хатоларига пушаймон бўлсалар, ўтмишдаги гуноҳ ва жиноятларидан бутунлай юз ўгириб, бор вужудлари билан Оллоҳга қайтсалар бас. Зотан, тавба фақат тилда айтиладиган сўз эмас, балки Оллоҳга қайтиш демакдир. Яхши англаб, ёдимизда сақлашимиз ва шукрлар қилишимиз керакки, ушбу Илоҳий Марҳамат фақат Ислом умматига ато этилди. Аввалги умматларга, жумладан бани Исроил қавмига қилган гуноҳларининг каффорати учун бир-бирларини ўлдириш буюрилган эди.
Биз бу ҳақда Бақара сурасининг 54-ояти тафсирида батафсил баён қилганмиз.
Яна бир ояти каримада Ҳақ таоло: “Барчаларингиз Оллоҳга тавба қилинглар, эй мўминлар! Шоядки (шунда) нажот топсангизлар”, деб буюрган. (Нур сураси, 31-оят).
Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Барча Одам бола-лари хатокордирлар. Хатокорларнинг энг яхшиси тавба қилгувчилардир”, деб марҳамат қилганлар. Бас, тавба қилмоқ ҳар бир мўминнинг зиммасидаги фарз экан.
Бандасининг ожизлиги Яратганга жуда яхши маълумдир. Шунинг учун У бандадан хато қилмасликни талаб қилмайди - у ҳолда ҳамма ҳалок бўлган бўлар эди - балки қилган хато-гуноҳларидан тавба қилиб Оллоҳга, У буюрган Тўғри Йўлга қайтишни буюради.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Шайтон: “Қудратингга қасам, ё Роббим, модомики, бандаларингнинг жонлари баданларида экан,уларни иғво қилиб гуноҳга буюришдан ажрамайман”, деганида, Парвардигор деди: “Қудратимга, Буюклигимга, Олий Мақомимга қасам, модомики улар Мендан мағфират сўрар эканлар, Мен ҳам уларни мағфират қилишдан тўхтамайман”. Яна Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг шундай марҳаматлари бор: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, агар гуноҳ қилмаганларингизда, Оллоҳ сизларни кетказиб, ўрнингизга гуноҳ қиладиган, сўнгра гуноҳларига мағфират сўраб, тавба қиладиган кишиларни келтирган бўлур эди”.
Бу албатта бандаларни гуноҳ қилишга чорлаш эмас, балки Ер юзида гуноҳсиз, хатосиз банда йўқ эканлиги ҳақидаги хабардир.
Демак, инсон на қадар парҳезкор, тақводор бўлмасин, “Менинг гуноҳим йўқ”, дейишга ҳаққи йўқдир. Балки ҳар бир мусулмоннинг зиммасидаги фарзи, Яратган олдидаги қарзи ўзи гуноҳлигини билиб қилган гу-ноҳларига ҳам, билмай қилган гуноҳларига ҳам мағфират сўраш, тавба қилишдир.
Ушбу ояти каримада Бениҳоя Меҳрибон ва Марҳаматли Парвардигор бандаларининг тавбаларини қабул қилишга ваъда беради. Фақат бунинг учун улар нодонлик билан қилган гуноҳларида оёқтираб туриб олмасдан, тездан тавба қилишлари, яъни, Оллоҳ таоло буюрган яхши амалларни қилишга қайтишлари шарт эканини таъкидлайди.
Шу мазмунда ҳадиси шариф ҳам ворид бўлгандир: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоху анҳумодан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта Оллоҳтаоло банданинг тавбасини то унга ғарғара келгунича қабул қилади”, деб марҳамат қилдилар.
Аммо зоҳирда тавба учун вақт кенг эканига далолат қиладиган бу ҳадиси шариф яна тавбага шошилиш зарур эканини ҳам билдиради - ҳеч ким қачон ўлимга дуч келишини билмайди, бас, тавбага кеч қолмаслик керак. Чунки «На гуноҳ ишларни мудом қилиб юриб, қачонки бировларига ўлим келганида: «Энди тавба қилдим», дейдиган ва на кофир ҳолда ўлиб кетадиган кимсаларнинг тавбалари қабул қилинмас. Улар учун Биз аламли азобни тайёрлаб қўйгандирмиз». (Нисо сураси, 18-оят).

26. У иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларнинг (дуо-ларини) ижобат қилур ва уларга (сўраган нарсаларини ато этиб, яна) Ўз Фазлу Раҳматидан зиёда қилур. Кофирлар учун эса қаттиқ азоб бордир.
Яъни, Оллоҳ таоло Унга иймон келтирган ва солиҳ амаллар қилиш билан Унга итоат этган кишиларнинг дуоларини ижобат қилади, уларга сўраган нарсаларини беради ва Ўз Фазлу Раҳмати билан сўраганларидан ҳам, ҳақдор бўлганларидан ҳам зиёда ажр-мукофот ва неъматларни ато этади. («Маолимут-танзийл» тафсиридан).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Оллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандала-рининг дуоларини қабул қилиши, уларнинг дўст-биродарлари ҳақидаги шафоатларини қабул қилишидир, Ўзининг Фазлу Раҳмати билан зиёда қилиши эса, уларнинг дўстларининг дўстлари ҳақидаги шафоатларини ҳам қабул қилишидир, деб тафсир қилади.
Дарвоқеъ, Оллоҳ таоло Ўзининг дўстларига - мўмин-мусулмон бандаларига шундай Меҳрлидир, аммо душманларига - кофир-мушрикларга эса, бениҳоя Қаҳрлидир. Оллоҳга ва Унинг Элчисига иймон келтирмаганлар учун Қиёмат Кунида қаттиқ азоб - дўзахда абадий ёниш бордир.

27. Агар Оллоҳ (барча) бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилса, албатта улар Ер юзида ҳадларидан ошган - тажовузкорлик қилган бўлур эдилар. Лекин У Зот (бандаларининг ризқу рўзларини) Ўзи хоҳлаганича ўлчов билан туширур. Албатта У бандаларидан Хабардор ва Кўриб тургувчидир.
Хаббоб ибн Аратт розияллоҳу анҳу: «Ушбу ояти карима биз ҳақимизда нозил бўлди. Бизлар Бани Қурайза, Бани Назийр ва Бани Қайнақоъ қабилаларидаги яҳудийларнинг мол-дунёларини кўриб «қани эди бизнинг ҳам мана шундай мол-дунёйимиз бўлса», деб орзу қилганимизда, Оллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди», дейди. (Воҳидийнинг «Асбобун-нузул - Оят-ларнинг нозил бўлиш сабаблари» китобидан).
Ҳақ таоло хабар беришича, агар Оллоҳ бандаларига ҳожатларидан ортиқ кенг-мўл ризқ берса, бу нарса уларнинг ҳадларидан ошиб, туғёнга тушишларига сабаб бўлади ва улар Ерда гуноҳлар қиладилар, неъматга ношукрлик қиладилар, кибру ҳавога бериладилар, Қорун ва Фиръавнга ўхшаб, тўймаслик балосига гирифтор бўладилар. Шу боисдан Ҳақ таоло бандаларига ризқу рўзни муайян ўлчов билан, Ўзи хоҳлаганича, Ёлғиз Ўзига маълум бўлган ҳикмат андозасида беради, улар учун ўзлари лойиқ бўлганича белгилаб, бойликка лойиқ бўлганларини бой қилади, камбағалликка лойиқ бўлганларини камбағал қилади. Чунки У бандаларининг аҳволидан жуда яхши Хабардор, улар учун бойлик фойдалироқми ёки камбағалликми, Кўриб тургувчидир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган Ҳадиси Қудсийда Ҳақ таоло айтади: «Бандаларим орасида шундайлари борки, уларни фақат бой-бадавлат бўлиш ўнглайди, агар Мен уни фақир қилиб қўйсам, динининг бузилишига сабаб бўламан. Шунингдек, бандаларим орасида шундайлари борки, уларни фақат фақир-камбағаллик ўнглайди, агар Мен уни бой-бадавлат қилиб қўйсам, динининг бузилишига сабаб бўламан».
Қатода риҳимаҳуллоҳ деди: «Айтиладику, ҳаётнинг энг яхшиси, сени бутунлай банд қилиб ҳам, туғёнга тушириб ҳам қўймайдиган ҳаётдир». («Тафсири Мунийр»дан).

28. У шундай Зотдирки, (одамлар ёғин-сочиндан) умидсизликка тушганларидан кейин ёмғир ёғдирур ва Ўз Раҳмат-баракотини кенг ёюр. У Дўст ва ҳамду сано Эгасидир.
Муқотил раҳимаҳуллоҳ айтади: «Оллоҳтаоло Макка аҳлидан етти йил мобайнида ёмғирни манъ қилиб тўсиб қўйди, ҳатто одамларнинг энди ёмғир ёғишидан бутунлай умидлари узилди. Шундан сўнг Ҳақ таоло ём-ғир ёғдириб, уларга ёғин-сочин ҳам Ўзининг Раҳмат-Марҳаматидан эканлигини эслатиб қўйди». («Маолимут-танзийл» тафсиридан).
«У Ўз Раҳмат-баракотини кенг ёюр».
Дарҳақиқат, ёмғир Оллоҳ таолонинг Раҳмат-баракотидир, Яратганнинг бандаларига берадиган ризқларидан энг манфаатлисидир. Ёмғир етиб борган жойда ўлик ер тирилиб, янгидан ҳаёт бошланади ва одамзот ҳам, ҳайвонот ҳам, жамодот ҳам Оллоҳ таолонинг Меҳри - Раҳматидан баҳраманд бўлиб, бутун борлиқ, жумладан мўмин инсонлар Оллоҳ энг Меҳрибон Дўст эканига яна бир бор иймон келтириб, Унга Ўз Раҳматини ҳамма томонга ёйиб, янгидан ҳаёт бахш этгани учун ҳамду санолар айтадилар. Алабатта «У Дўстдир ва ҳамду сано Эгасидир».
Бу мавзу Рум сурасида янада батафсилроқ баён қилинади: «Оллоҳ шундай Зотдирки, шамолларни юборур, бас, улар булутни ҳайдар, сўнг (Оллоҳ булутни) Ўзи хоҳлагандек ёюр ва (агар хоҳласа) уни бўлак-бўлак қилур. Сўнг у (булут)лар орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсиз. Энди қачон (Оллоҳ) уни Ўзи хоҳлаган бандаларига етказ-са, баногоҳ улар шод-хуррам бўлурлар. Ҳолбуки, улар илгари, устларига (ёмғир) ёғдирилишидан олдин мутлақо ноумид эдилар». (Рум сураси, 50-оят).
Яъни, Оллоҳ таоло шундай Қудратли Зотки, шамолларни - ўзлари кўзга кўринмайдиган, аммо қиладиган ишлари ҳамманинг кўз ўнгида содир бўладиган ўзига хос лашкарларини Ўз Ҳикмат ва Иродаси билан Ўзи хоҳ-лаган томонга юборур. Бас, улар самода тинч ором олиб ётган булутларни қўзғатиб, Оллоҳ таоло буюрган тарафга қараб ҳайдаб кетар ва гоҳо тарқоқ булутларни тўплаб бутун осмонни қоплаб оладиган ҳолатга келтирса, гоҳо тўпланган булутларни парчалаб катта-кичик бўлакларга айлантирар. У булутлардан айримлари пардек енгил бўлса, бошқалари денгиз-дарёлар устидан кўтарилган намликка тўлиб, сув зарралари билан тўйинган оғир-вазмин булутлар бўлади ва “у (булутлар) орасидан ёмғир чиқаётганини кўрурсиз”. Ва албатта у булутлардан ёғаётган сув-ёмғир тўғри келган ерга тушавермайди, балки Яратган уни фақат Ўзи хоҳлаган жойлардаги бандалари устига ёғдиради ва ана ўшанда курғоқчиликдан экинлари битмай, дарахтлари тутмай ғамга тушиб қолган одамлар ўзларида йўқ шодланадилар, аммо бу оби раҳматни уларнинг ерларига ким ёғдиргани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Ҳолбуки, улар бундан озгина илгари, осмонни булут қоплаб, ундан ёмғир куйиб беришидан олдин энди экин-тикинлари қурғоқчиликдан нобуд бўлишига кўзлари етиб, кўзлаган ҳосилларидан бутунлай умидлари узилиб, тамоман ноумидликка тушиб қолган эдилар. Ана шундай соатда Меҳрибон Парвардигор уларнинг устига Ўзининг оби ҳаётини юборди - «Ана энди Сиз Оллоҳнинг Раҳмати - ёмғирнинг изларига боқинг - У қандай қилиб Ерни ўлганидан кейин тирилтирди-я?! Ҳеч шак-шубҳасиз, ана ўша (Оллоҳ) ўликларни ҳам Тирилтиргувчидир. У барча нарсага Қодирдир». (Рум сураси, 50-оят).

29. Осмонлар ва Ернинг яратилиши ҳамда (Оллоҳ) уларда тарқатиб-ёйиб юборган жониворлар - Унинг (Қудрати Илоҳийясига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. У Ўзи хоҳлаган вақтида уларни жамлаб-йиғиб олишга Қодирдир.
Яъни, Оллоҳ таолонинг Борлиги, Бирлиги ва бениҳоя буюк Қудрат Эгаси эканлигига аниқ далолат қилиб турган белги-аломатлардан яна бири, У Зот осмонлар ва Ерни шундай гўзал суратда яратиб қўйганидир. Бу яра-тилишда - осмонларнинг юксаклигида, юмшоқ - латифлигида, кенглиги-да, қуёш ва ой каби юрадиган юлдузларида, яна бошқа саноқсиз, “илиб” қўйилган жойида турадиган юлдузларида, Ернинг паст ва қаттиқлигида, тоғлари-ю, дарё-денгизларида, саҳроларида, водийларида, обод гўшаларида ва унинг остидаги инсон учун яшириб - “кўмиб” қўйилган манфаатларда - хазиналарда; шунингдек, У Зотнинг юзида доимо ҳаёт нафаси уфуриб туриши учун ва инсон билган-билмаган турли ҳикматлар сабаб қуруқлиқца, сувда ва ҳавода шаклу шамойиллари хилма-хил бўлган, бир-бирига ўхшамаган гўзал ва бетакрор суратли, овозлари ҳам турлича бўлган сон-саноқсиз жонзотларни ёйиб-тарқатиб юборганида - буларнинг барчасида илм эгалари учун, оқил, доно кишилар учун Яратганнинг Қудрати нақадар улуғ эканлигини яққол кўрсатиб турадиган оят-аломатлар бордир. Бас, маълум бўладики, шундай беқиёс ва беназир Қудрат Соҳиби бўлган Зот Ўзи хоҳлаган вақтда - Қиёмат Кунида уларни жамлаб-йиғиб ҳисоб-китоб қилишга албатта Қодирдир.

30. (Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларин-гиз қилган нарса - гуноҳ сабаблидир. Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермас)дан афв қилиб юборур.
Яъни, инсонга етадиган барча яхшиликлар-неъматлар Оллоҳ таоло томонидан ато этилган Эҳсон - Марҳаматдир, аммо инсон бошига тушадиган ёмонлик-мусибатлар, турли-туман офатлар эса унинг қилган қилмиш-гуноҳлари сабабли Оллоҳ берган жазонинг бир қисмидир. Қолгани Охиратга қолади. Агар банда гуноҳига тавба қилиб, Оллоҳ таоло унинг гуноҳини кечирса, бу ҳам Яратганнинг Фазл-Марҳамати, акс-ҳолда Охи-ратда унга етадиган мусибат-жазо олдида дунё мусибати ҳеч нарса бўлмай қолади.
«Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермас)дан афв қилиб юборур».
Бу ҳақда мана бу ояти каримада ҳам айтилган: «Агар Оллоҳ одамларни улар қилган гуноҳлари билан ушлаганида эди, (Ер) юзида бирон жониворни тирик қолдирмаган бўлур эди. Лекин У Зот уларни (жазолашни) белгиланган муддатгача (яъни, Қиёмат Кунигача) қолдирур. Бас, қачон ўша муддатлари келгач, (уларнинг ҳар бирига қилиб ўтган барча яхши-ёмон амалларининг мукофот-жазоларини бе-рур). Зеро, Оллоҳ бандаларини Кўриб тургувчи бўлган Зотдир». (Фотир сураси, 45-оят).
Ушбу ояти карима юқоридаги оятларда зикр қилинган мушрик-кофир кимсаларнинг мудҳиш кирдикорлари ва куфр сўзларидан хабардор бўлган киши кўнглида табиий равишда пайдо бўладиган: “Нега Оллоҳ таоло ундай жиноятчиларни дарҳол қириб, ҳалок қилиб юбормас экан-а?” деган саволга Ҳақ таоло томонидан берилган жавобдир. Шунингдек, ояти карима Жаноби Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг бениҳоя сабрли ва беқиёс Ҳалим Зот эканлигига ҳам равшан далилдир. Чунки оят мазмунидан англашилишича, Қодир Оллоҳ агар золим кимсаларнинг иймонсизлик билан қилган зулмларига сабр-тоқат қилмасдан ғазабига оладиган бўлса, улар содир этган мудҳиш жиноятларга ҳалимлик қилмасдан Ўз азобини юборадиган бўлса, у ҳолда золимларнинг касофатидан нафақат уларнинг ўзлари, балки Ердаги тирик жонзотнинг ҳаммаси қирилиб кетган бўлар эди. То Қиёмат дунёга келадиган барча инсонларга ибрат бўлсин учун тариҳца бўндай воқеа бир марта содир бўлди ҳам!
Қатода айтади: “Оллоҳ таоло Нуҳ замонида шундай қилди - золим кимсаларнинг касофатидан Нуҳ алайҳис-саломнинг кемасидаги киши-лардан бошқа, Ердаги барча жонзотни ҳалок қилиб юборди”.
Ўрганаётганимиз ояти карима нозил бўлганида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Бирон томирнинг безовта уриши ҳам, бирон новданинг тирналиши ҳам, бирон тошнинг синиб-парчаланиши ҳам (бекордан бўлмайди), магар бандалар қилган бирон гуноҳ сабабли бўлади, яна ҳам Оллоҳ афв қилиб кечириб юборган гуноҳлар жуда кўпдир», дедилар. (Имом Аҳмад ва бошқалар ривоят қилганлар. «Тафсири Қуртубий»дан).
Алий ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу айтди: «Мен сизларга Оллоҳ азза ва жалланинг Китобидаги энг афзал - умидбахш оят ҳақида хабар берайми? У ҳақда бизга Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам сўзлаб, ушбу: «(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган нарса - гуноҳ сабаблидир. Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермас)дан афв қилиб юборур» оятни ўқидилар ва эй Алий, энди мен сенга уни тафсир қилиб бераман», деб, айтдилар: «Сизларга дунёда не бир ҳасталик ё азоб-уқубат ёки бало-мусибат етса, бас, ўз қўлларингиз қилган гуноҳ сабаблидир. Оллоҳ азза ва жалла бандаларини қилган гуноҳлари учун дунёда бир марта жазолаганидан кейин Охиратда уларни яна қайтадан жазолаб-азоблашдан Улуғроқдир, не бир гуноҳларингизни дунёда афв қилиб кечириб юборган бўлса, Оллоҳ Ўзи афв қилганидан кейин қайтиб, азоблашдан Ҳалимроқдир». («Тафсири Бағавий»дан).
Ушбу ояти кариманинг назири мана бу оятдир: «(Эй мусулмонлар, биз Оллоҳнинг энг улуғ Дини - Исломга кирдик, энди нима қилсак бўлаверади, деб ўйлаб юрган бўлсангизлар, у ҳолда) сизларнинг хомхаёлларингиз ҳам, («Биз Оллоҳнинг суюкли болаларимиз, шунинг учун нима қилсак ҳаққимиз бор», деб хомтама бўлаётган) аҳли Китобнинг хом-хаёллари ҳам (ҳақ) эмасдир - кимки ёмон амал қилса, жазосини олур ва ўзи учун Оллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир мададкор топмас». (Нисо сураси, 123-оят).
Имом Муслим ва Термизий ривоят қилган ҳадиси шарифда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: “Ушбу оят нозил бўлганида мусулмонлар “Хато қилмаган ким бор, барчамизнинг ҳолимизга вой экан-да”, деб қўрқишиб, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга шикоят қилишганида, дедилар: “Тўғри бўлинглар, қурбат - ибодатнинг яқинини ушланглар (яъни, тоат-ибодатда бир оз фурсат ўтгач чарчаб, безиб қоладиган даражада ўзларингизни қийнамасдан ўртача ва бардавом бўлинглар). Билингларки, мусулмонга етган ҳар бир мусибат, ҳатто баданига санчилган бир тикон ҳам, бошига тушган кичик бир офат ҳам унинг қилган гуноҳларига каффоратдир”.
Мана шу маънодаги ҳадислар жуда кўпдир. Шунинг учун уламолар: “Оғирми, енгилми ҳар қандай хасталик, бошга тушадиган бало-офатлар, ғам-ташвишлар сабабли Оллоҳтаоло бандаларининг гуноҳларини ўчириб юборади”, деганлар.
Бас, мўминларнинг Дўсти ва Мададкори фақат Оллоҳ таолонинг Ўзидир.

31. Сизлар Ерда (ҳеч қаёққа) қочиб қутулгувчи эмассизлар. Ва сизлар учун Оллоҳдан ўзга бирон дўст ва ёрдамчи йўқдир.
Ушбу ояти кариманинг энг гўзал тафсири мана бу оятдир: «Албатта сизларга ваъда қилинаётган нарса (қайта тирилиш, Охират, Қиёмат Куни) ҳеч шак-шубҳасиз, келгувчидир. Сизлар (Оллоҳдан ҳеч қаёққа) қочиб қутула олгувчи эмассиз. (Анъом сураси, 134-оят).
“Тафсири Мунийр”да Абу Саид Худрий розияллоҳу анхудан ушбу оят тафсирида ривоят қилинган ҳадиси шариф ўта ибратлидир: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам буюрдилар: “Эй Одам болалари, агар ақл эгалари бўлсангиз, (ҳали ҳаёт чоғларингиздаёқ) ўзларингизни ўлган инсонлар қаторида сананглар!”. (Яъни, Оллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб-китоб бераётганингизни тасаввур қилинглар!) Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамёд қилиб айтаманки, “Албатта сизларга ваъда қилинаётган нарса (қайта тирилиш, Охират, Қиёмат Куни) ҳеч шак-шубҳасиз, келгувчидир. Сизлар (Оллоҳдан ҳеч қаёққа) қочиб қутула олгувчи эмассиз.”
Бас, Ҳақ таоло Ўз Каломида таъкидлаган, Унинг Расули қасам билан огоҳлантирган Қиёмат албатта қойим бўлади. Демак, ақл-ҳуши жойида бўлган ҳар бир инсон ҳаётини ғанимат билиб ўша Кунга тайёргарлик кўриб яшаши керак - Оллоҳга ибодат, Расулига итоат қилиши керак. Акс ҳолда у Ҳақ таолонинг жазосидан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайди.
Чунки Ер-у осмонлар ва улардаги бор мавжудот Унинг қабзасидадир. Одамларни Оллоҳ таолонинг Ҳукмидан ҳимоя қила оладиган бирон дўст йўқ, Унинг жазосидан кутқариб қоладиган бирон ёрдамчи йўқдир.

32. Денгиз-дарёлардаги тоғлар янглиғ сузиб юрган (кема)лар ҳам Унинг (Қудрати Илоҳийясига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир.
Яъни, денгиз-дарёларда сузиб бораётган, узоқдан худди баланд тоғларга ўхшаб кўринадиган катта кемалар вазнлари жуда оғир, ҳажмлари жуда катта бўлсада, тоғдек бўй-бастлари билан чўкиб кетмасдан ва бир жойда туриб қолмасдан сув юзида қалқиб, сузиб юришларида ҳам Оллоҳ таолонинг Қудрати нақадар улуғлигига, Ҳикмати нақадар буюклигига аниқ далолат қилиб турган оят-аломатлар бордир.

33. Агар (Оллоҳ) хоҳласа, шамолни тўхтатиб қўюр, бас, улар (денгиз) устида (ҳеч қаёққа сузолмай) туриб қолурлар - Албатта бунда ҳар бир (балога) сабр қилгувчи, (Оллоҳнинг неъматларига) шукр қилгувчи учун оят-ибратлар бордир;-
Яъни, агар Оллоҳ таоло ўша сузиб кетаётган кемаларни тўхтатиб қўйишни хоҳласа, уларни «олдига солиб» ҳайдаб кетаётган шамолни эсишдан тўхтатиб қўяди, бас, кемалар денгиз устида қимирлай олмай тўхтаганча қолурлар. Демак, инсонлар модомики минган кемалари денгиз-дарёларда сузиб, уларни кўзлаган манзилларига томон олиб борар экан, уларни ҳайдаб кетаётган шамолларни юргизиб қўйган Ҳақ таолога шукр қилишлари, агар тўхтаб қолар экан, ўша шамолларни тўхтатиб қўйган Парвардигорларининг Амрига итоат этиб, сабр қилишлари ва денгиз ўртасида кемалари тўхтатиб қўйилишига сабаб ўзларининг қилган гуноҳлари ва ҳаётларида йўл қўйган хатолари эмасмикан деб тафаккур қилишлари лозим. «Албатта бунда ҳар бир (балога) сабр қилгувчи, (Ол-лоҳнинг неъматларига) шукр қилгувчи учун оят-ибратлар бордир». Зотан, ҳар бир мўмин сабр ва шукр сифатларига соҳиб бўлмоғи вожибдир. Чунки иймоннингярми сабр бўлса, ярми шукрдир.

34. Ёки (агар Оллоҳ хоҳласа, қаттиқ бўрон юбориб, кемадаги одамларнинг) қилган гуноҳлари сабабли у (кема)ларни ҳалок (ғарқ) қилур ва кўпларни афв этур (ва уларни ҳалок қилмасдан нажот берур).
Яъни, ёки Оллоҳ таоло агар хоҳласа, ана ўша денгиз ўртасида сузиб кетаётган кемаларни уларга минган одамларнинг қилган гуноҳлари сабабли ҳалок қилиб денгизга чўкдириб юборур ва уларнинг кўпларини кечириб, соғ-саломат ҳолларида кўзлаган манзилларига етказиб ҳам қўюр. Назари ожизимизда ушбу оятларда сўз, агар таъбир жоиз бўлса, нафақат денгиз-дарёларда сузиб юрган улкан кемалар ҳақида бормоқда, балки шу билан баробар самоларда бир зум тўхтамасдан сайр қилиб юрган ҳаёт кемаси - Ер сайёраси ва бу бениҳоя улкан сайёрага миниб олган инсонлар ҳақида ҳам бормоқда ва бу кеманинг аҳолиси орасида нонкўр-ношукрликлари касофатидан ҳалокатга маҳкум кимсалар ҳам, шукр ва сабр қилганлари сабабли Яратганнинг Афву Мағфиратига эришиб, нажот топишлари умид қилинадиган Оллоҳ таолонинг мўмин-мусулмон бандалари ҳам борлиги ҳақида хабар берилиб, Яратганнинг бундай оят аломатларини тўғри англаб, ибрат олишга буюрилмоқда.

35. (Токи) Бизнинг оятларимиз хусусида талашиб-тортишадиган кимсалар ўзлари учун (Оллоҳнинг азобидан) қочиб қутуладиган жой йўқ эканлигини билиб олсинлар!
Яъни, юқоридаги оятлардан Оллоҳ таолонинг Қудрати улуғлигига, ҳар иш Унинг Қўлида эканлигига аниқ далолат қилиб турган оят-аломатлар - денгиздаги кемаларни юргизиш ҳам, тўхтатиб қўйиш ҳам, ёки қаттиқ бўрон юбориб кемаларни, ундаги одамлар ва юкларни денгизга ғарқ қилиб юбориш ҳам ва кўп одамларни афв қилиб, ўша ҳалокатли соатларда ҳалокатдан қутқариб уларга нажот бериш ҳам Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Қудрат Қўлида эканлиги маълум бўлгач, Оллоҳнинг оятлари ҳақида ҳеч қандай далил-хужжатсиз талашиб тортишадиган, Қуръон Оллоҳнинг Каломи эканлигига иймон келтирмайдиган кофир-мушрик кимсалар Яратганнинг интиқомидан қўрқсинлар ва У Зотнинг Қаҳрига учраган кимсалар учун ҳалокатдан қутулиб қоладиган бирон жой топилмай қолишини жуда яхши билиб олсинлар!

36. Бас, (эй инсонлар), сизларга ато этилган нарса ҳаёти дунё матосидир ва иймон келтирган ҳамда Ёлғиз Парвардигорларига суя-надиган зотлар учун Оллоҳ ҳузуридаги нарсалар (яъни, Охират неъматлари - дунё матоларидан) яхшироқ ва боқийроқдир.
Ушбу ояти каримада Оллоҳ таоло даргоҳидаги нарса яхшироқлигининг далили баён қилинди: дунёнинг ўзи ҳам, ундаги бор нарсалар ҳам ўткинчи ва замон ўтиши билан йўқ бўлиб кетгувчидир. Аммо Охират диёридаги Оллоҳ таоло мўмин солиҳ бандаларига ажр-мукофот қилиб тайёрлаб қўйган жаннат ва ундаги кўз кўриб кулоқ эшитмаган неъматлар эса, боқий ва туганмасдир. Бас, ҳар бир оқил инсон, агар у чиндан ҳам оқил бўлса, ўткинчи матони эмас, мангу боқий бўлган неъматни танлаши лозим. Бу ҳақда ҳадиси шарифда ҳам буюрилгандир: Ҳоким “Мустадрак” китобида Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Ким дунёсини севса, Охиратига зиён қилур, ким Охиратини севса, дунёсига зиён қилур. Бас, сизлар, эй мусулмонлар, йўқ бўладиган нарсани қўйиб, боқий қоладиган нарсани танланглар”. (“Маолимут-танзил” тафсиридан).

37. Улар (яъни, Оллоҳ таоло ҳузурида ажр-мукофотларга сазовор бўладиган мўминлар) шундай кишиларки, катта гуноҳлардан ва бузуқликлардан четланадилар, ғазабланган вақтларида кечириб юборадилар.
Ушбу ва қуйидаги оятларда Оллоҳтаоло Охират неъматларига сазовор бўладиган мўминларнинг сифат-фазилатларини баён қилади. Муҳтарам ўқувчи эътибор берган бўлса, ояти каримада умуман гуноҳлардан эмас, балки катта гуноҳлар ва бузуқликлардан йироқ бўлиш ҳақида айтилди. Улар Оллоҳга ширк келтириш, ноҳақ одам ўлдириш, ота-онага оқ бўлиш, ўғрилик, порахўрлик, судхўрлик ва зинокорлик кабилар бўлиб, мўмин одам ундай иллатлардан пок бўлиши вожибдир. Аммо киши билиб-билмай қилиб қўядиган кичик саҳву хатолар ҳам бордирки, бу ҳақда Пайғамбар алайҳис-салом шундай марҳамат қилганлар: «Ҳар бир одам бола-си хатокордир. У хатокорларнинг яхшироғи - қилиб қўйган саҳву хатоларига тавба-тазарруъ қиладиган кишилардир».
Албатта катта гуноҳлардан узоқ бўлишимиз учун аввало қандай гуноҳлар Шариати Исломийя наздида катта гуноҳ ҳисобланишини яхши билиб олишимиз керак. Табиийки, ўз ақлимиз билан нима катта гуноҳ-у нима кичик гуноҳ эканини белгилашга ожизлик қиламиз ва бунга ҳаққимиз ҳам йўқдир. Бас, биз мусулмонлар ояти каримада зикр қилинган катта гуноҳлар қайси гуноҳлар эканини Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан билиб олишимиз ва у гуноҳлардан узоқ бўлишимиз керак.
У зот бир қанча ҳадиси шарифларида қандай ишлар катта гуноҳ эканини батафсил баён қилиб берганлар: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо ривоят қилади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Катта гуноҳлар - Оллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, бировни ўлдириш ва ёлғон қасам ичишдир”. (Имом Бухорий ривояти).
Абу Бакра отасидан ривоят қилди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уч бор: “Сизларга энг катта гуноҳлар нима эканини айтиб берайми?” деб сўрадилар. Саҳобалар: “Айтиб беринг, ё Расулуллоҳ”, дейишди. Айтдилар: “Оллоҳ азза ва жаллага ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”. Ёнбошлаб ётган эдилар, ўтириб олдилар-да: “Огоҳ бўлинглар, ёлғон гувоҳлик бериш, огоҳ бўлинглар, ёлғон гувоҳлик бериш”, деб такрор-такрор айта бошладилар... (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилди: Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Етти ҳалок қилгувчидан узоқ бўлинглар!” дедилар. Саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, улар нималар?” деб сўрашган эди, айтдилар: “Оллоҳга ширк келтириш, сеҳргарлик, Оллоҳ ўлдиришни ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш, судхўрлик, етимнинг молини ейиш, жанг майдонидан қочиш, покиза, (бузуқ ниятлардан) бехабар мўмина аёллар-ни бадном қилиш”. (Имом Бухорий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумо ривоят қилди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Киши ўз ота-онасини сўкиши катта гуноҳлардандир”, дедилар. Саҳобалар: “Қандай қилиб киши ўз ота-онасини сўкади”, деб сўрашган эди, айтдилар: “Бир киши бошқа кишининг отасини сўкади-да, кейин униси ҳам бунинг ота-онасини сўкади”. (Имом Бухорий ривояти).
Бир киши Ибн Аббос розияллоху анҳумодан: “Катта гуноҳлар еттитами?” деб сўраган эди, “Улар етти юзга яқиндир”, деб жавоб қилди, сўнгра қўшимча қилди: “Катта гуноҳ қилган одам истиғфор айтиб, тавба қилса кечирилур, аммо кичик гуноҳ ҳам такрор-такрор қилинаверса катта гуноҳга айланур”.
Энди «ғазабланган вақтларида кечириб юборадилар» жумласини шундай тушунмоқ лозим. Ислом дини назарида ғазабланмасликнинг ўзи ҳеч қандай фазилат эмас, чунки масалан динга тош отилган вақтда ғазабланмаган мусулмон мусулмон эмас, балки мунофиқ бўлади. Фазилат ғазабни ютиш ва ўша ғазаб туйғусига қул бўлиб қолмасдан ақл ва инсоф билан иш юритмоқдир.

38. Улар Парвардигорларига ижобат-итоат этган ва намозни тўкис адо қилган зотлардир. Уларнинг ишлари (мудом) ўзаро шўро-маслаҳат (билан) бўлур ва Биз уларни ризқлантирган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар.
Сурайи карима номи «Шўро - Маслаҳат» мана шу ояти каримадан олингандир. Ҳақ таоло ушбу оятда Ўзининг Раҳамат-Марҳаматига сазовор бўладиган мўмин бандаларида мужассам бўлиши буюрилган энг муҳим сифат-фазилатлардан яна тўрт сифатни зикр қилади. Мазкур сифатлардан биринчиси, нажот топгувчи мўминлар Танҳо Парвардигорлари бўлмиш Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ижобат қиладилар, яъни, Унинг Ёлғиз Илоҳ эканлигига, бирон-бир тенги - шериги йўқлигига иймон келтириб, юборган Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган оятларига итоат қиладилар, иккинчи сифатлари, улар хусусан намоз ибодатига эътиборли бўлиб, беш вақт намоздан ҳар бирини доимо, чин ихлос билан бекаму кўст адо этадилар. Учинчи сифатлари, улар оят-ҳадисда аниқ белгилаб берилган тоат-ибодат ва Амр-Фармонлардан бошқа барча ишларда якка фикрга суянмасдан, албатта ўзаро кенгаш - маслаҳат билан иш кўрадилар. Масалан, муҳим мансаб-лавозимларга бир кишини одамлар ўзаро кенгашиб - сайлаб олишлари ҳам мана шундай маслаҳатлардандир. Жумладан, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин у зотнинг халифаси қилиб мусулмонлар томонидан Абу Бакр Сиддиқ розияллоху анхунинг сайлангани ҳам ана шундай ўзаро кенгаш-маслаҳатнинг ёрқин мисолларидан биридир. Демак, мусулмонлар бир-бирларидан маслаҳат сўраб, кенгашиб, хулосада бир иттифоққа келиб иш кўришлари уларнинг Тўғри Йўлда барқарор бўлишларининг энг муҳим омилларидандир.
Абу Ҳурайра розияллоху анхунинг айтишича, ҳеч ким Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламдан кўра кўпроқ маслаҳат сўрамас эди. (Термизий ривояти).
Ҳолбуки у зот инсонларнинг энг доноси эдилар. Ҳолбуки у зотга кўндаланг бўлган ҳар бир ишда энг Буюк, Тенгсиз - Йўл Кўрсатгувчи томонидан ваҳий нозил бўлиб турар эди. Шундай бўлса-да, саҳобаларидан кен-гаш сўрар эдилар. Чунки у зотга нозил бўлган оятлар ичида: “ишларин-гизда улар билан кенгашинг”, (Ол-и Имрон сураси, 159-оятдан) деган Буйруқ ҳам бор эди. Ҳасан Басрий розияллоху анҳу: “Пайғамбар алайҳис-салом ҳеч ким билан кенгашишга муҳтож эмас эдилар. Фақат умматларига намуна бўлсин учун кенгашишга буюрилган эдилар”, дейди. Демак, биз мусулмонлар қиладиган ишларимизда катталаримиз, тажрибали инсон-лар маслаҳатларини олиб, кенгашиб иш қиладиган бўлсак, Оллоҳ таолонинг Амрига бўйинсунган, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашган бўламиз ва оқибатда қилган ишларимиздан пушаймон бўлиб қолмаймиз. Эл оғзида юрадиган: “Кенгашиб кесган бармоқ оғримайди”, деган сўзнинг маъноси ҳам шу бўлса керак.
Ва ниҳоят ояти каримада зикр қилинган нажот топгувчи мўминларнинг сифатларидан тўртинчиси, «Биз уларни ризқлантирган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилурлар». Демак, Оллоҳтаолодан қўрқадиган чин иймон эгасининг яна бир сифати у ўз қўлидаги молу давлат ва нозу неъ-матни Оллоҳ томонидан берилган ризқ эканини доим ёдида тутади ва топган бойлигини фақат ўзининг шахсий манфаати йўлидагина сарфламасдан, Оллоҳ таолонинг бошқа бандаларига ҳам закот беради, садақотлар қилади, саховатлар кўрсатади.

39. Улар ўзларига зулм етган вақтда (унга қарши курашиб) ғолиб бўладиган зотлардир.
Ато раҳимаҳуллоҳ айтади: «Ояти карима мушриклар зулм-зўравонлик қилиб Маккадан ҳайдаб чиқарган мўминлар ҳақидадир. Сўнгра Оллоҳ таоло мўминларга куч-қувват, имконият бериб, улар ўша золимлар устидан ғалаба қозониб, интиқом олдилар». («Тафсири Бағавий»дан). Демак, мусулмонлар тажовузкор золимларнинг зулмларига бўйинларини қисиб итоат қилиб тураверадиган ожиз-нотавон миллат эмасдирлар. «Улар кофирларга қаҳрли, ўз ораларида (яъни, мўминлар билан) эса, раҳм-шафқатлидирлар». (Фагпҳ сурасининг 29-оятидан).
Агар бошқа динларда «Ўнг юзингга урсалар, чап юзингни ҳам тутиб бер» қабилида золимларга мутеълик тарғиб қилинса, Ислом дини назарида ҳақиқий мўмин зулму зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши курашиб ғолиб бўладиган кишидир. Зотан, золимнинг зулмидан қўрқиб ҳақсизлик, адолатсизликка қарши тура олмаган одамнинг иймони комил иймон эмасдир! Зеро...
40. Ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир (яъни, ҳар бир ёмонликнинг ўзига яраша жазоси бордир). Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас, унинг ажри Оллоҳнинг зиммасидадир. Албатта У зулм қилгувчиларни севмас.
Яъни, ким бировга ёмонлик қилиб, моддийми, маънавийми ёки жисмонийми зиён етказадиган бўлса, Шариат ҳукми билан унга қилган ёмонлиги билан баробар жазо берилади. Масалан, биров бошқа бировнинг баданига жароҳат етказса, маҳкама ҳукми билан ундан қилган жиноятига баробар қасос олинади. Шунингдек, ушбу ояти каримада дунёдаги ҳаётларини ёмонлик - куфр билан ўтказган динсиз кимсаларнинг мангу дўзах азобига гирифтор қилинишлари ҳақида хабар берилади. Одил Подшоҳ ёмонликнинг жазоси албатта ёмонлик бўлишини айтиб, ёмонларни огоҳлантиради. Ояти каримада зикр қилинган “ёмон амаллар”дан мурод, Оллоҳ таолога кофир бўлиш, Унга ширк келтириш ва Унинг Амрига бўйинсунмасдан итоатсизлик қилиш каби ёмонликлардир. Юқорида айтиб ўтилганидек, чиройли амал қилгувчи мўминларга Оллоҳтаолонинг Фазлу Марҳамати билан неча баробар зиёда мукофотлар ато этилса, энди ёмонлик қилгувчи кимсаларга эса, Оллоҳтаолонинг Адолати билан фақат қилган ёмонликлари баробарида, бирга бир жазо берилади.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ таоло айтди: “Чиройли бир амалга ўн баробар мукофот ато этурман ёки бериладиган ажрни ундан ҳам зиёда қилурман. Бир ёмон амалга эса фақат бир жазо берурман ёки кечириб юборурман. Бас, бирлари (яъни, ёмонлик, гуноҳлари) ўнларидан (яъни, чиройли амалларидан) ғолиб бўлган кимсага ҳалокат бўлгай!”
Зотан, инсоннинг қиладиган иш-амаллари турли-тумандир. Бу ҳақда Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилганлар: “Амаллар Оллоҳ наздида етти турлидир: вожиб қилувчи икки амал, ўзига баробар мукофотланувчи икки амал, ўн баробар мукофотланувчи бир амал, етти юз баробар мукофотланувчи бир амал ва яна шундай амалки, уни қилган одамга бериладиган савобни Ёлғиз Оллоҳнинг Ўзи билур. Во-жиб қилувчи икки амалдан бири шуки, ким Оллоҳ таолога чин ихлос билан ибодат қилган ҳолида, Унга бирон нарсани шерик қилмаган ҳолида рўбарў бўлса (яъни оламдан ўтса), унинг учун жаннат вожиб бўлур.
Вожиб қилувчи икки амалдан яна бири шуки, ким Оллоҳ таолога бирон нарсани шерик қилган ҳолида рўбарў бўлса, унинг учун дўзах вожиб бўлади.
Ўзига баробар мукофотланувчи икки амалнинг бири - ким бирон ёмонлик қилса, ўша ёмонлигига баробар жазоланади, ким бирон яхшиликни қилишга ният қилса-ю, аммо кўлидан келмай қолса, ўша яхшиликка баробар мукофотланади.
Ким бирон яхшилик қилса, ўн баробар мукофотланади.
Ким Оллоҳ Йўлида молини инфоқ қилиб юборса, ҳар тангаси, ҳар тиллоси етти юз баробар қилиб берилади.
Оллоҳ учун тутилган рўзанинг тутувчи учун бериладиган савоби қанча бўлишини эса Ёлғиз Оллоҳ азза ва жалланинг Ўзи билади”.
Энди агар банда Қиёмат Кунига бир ёмон амал билан келса, унга ўша қилган ёмонлигига яраша бир жазо берилади ва у Кунда ҳеч кимга зулм қилинмайди. Яъни, қилинган яхши амалдан бирон нарса камайтирилмайди ва ёмон амалга бирон нарса қўшилмайди.
«Энди ким (интиқом олишга қодир бўлгани ҳолда) афв қилиб (ўртани) тузатса, бас, унинг ажри Оллоҳнинг зиммасидадир. Албатта У зулм қилгувчиларни севмас».
Ушбу мавзу Ол-и Имрон сурасининг 134-оятида ҳам зикр қилинади: «Улар (яъни, тақводор зотлар) одамлрнинг (хато-камчиликларини) афв этадиган кишилардир».
Бу тўғрида ҳам кўп ҳадислар ворид бўлган. Анас розияллоху анҳу ривоят қилади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат Куни бўлганида бир жарчи жар солади: “Кимнинг ажри Оллоҳ таоло зиммасида бўлса, жаннатга кирсин!” Одамлар: “Ажри - мукофоти Оллоҳнинг зиммасида бўлган ким экан”, деб қоладилар. Шунда одамларни афв қилган кишилар ҳисоб-китобсиз жаннатга кирадилар”, деб марҳамат қилдилар. Ўтган улуғларимиз бу муборак оятга амал қилишда намуна бўлганлар: Байҳақий ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг аҳли байтларидан бўлган Алий ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳум ажмаиннинг жорияси у таҳорат олаётган пайтида сув қуйиб турар эди. Тўсатдан қўлидаги кўза тушиб кетиб, Алийнинг бошига тегди. У ғазабланиб, қонаган бошини кўтариб жорияга қараган эди, жория шундай деди: “Оллоҳ таоло тақводор бандалари ҳақида: “ғазабларини ичларига ютадиган зотлар” дейди”. У: “Хўп, ғазабимни ютдим”, деди. Жория айтди: “Яна У Зот: “Улар одамларнинг хато-камчиликларини афв этадиган кишилар”, дейди”. У: “Хўп, сени афв этдим”, деди. Жория айтди: “Яна У Зот: “Оллоҳ яхшилик қилгувчиларни севади”, дейди”. Шунда Алий жориясига: “Боравергин! Оллоҳнинг ризоси учун сени озод қилдим”, деди.

41.    Албатта ким мазлум бўлганидан сўнг (ўзига зулм қилган кимсадан) ғолиб бўлса, (интиқом олса), бас, улар(ни олган интиқомлари учун айблаш)га йўл йўқдир.
Яъни, масалан, молиявий ҳуқуқларда, биров бир кишининг молини ноҳақ ўзлаштириб ёки очиқдан-очиқ тортиб олиш билан унга зулм қилган бўлса, мазлум ўша зўравон-золимдан ғолиб бўлгач, ўз ҳаққини худди ўша йўл билан, лекин унга зулм қилмаган ҳолда тортиб олишининг зиёни йўқдир ва бу ишни қилгани учун уни айблаб маломат қилишга йўл йўқдир. Фақату, маҳкамада ўша золимдан унга зулм қилган ҳолда ўз ҳаққини қайтариб олганини исботлай олиши лозим. Ана шунда у инсон Оллоҳ таоло ҳузурида ҳам гуноҳ иш қилган деб ҳисобланмайди.

42.    Фақат одамларга зулм-зўравонлик қиладиган ва Ерда ноҳақ ҳадларидан ошадиган тажовузкор кимсалар(ни айблаш ва қилган зулму зўравонликлари учун жазолаш)гагина йўл бордир, ана ўшалар учун аламли азоб бордир.
Яъни, фақат одамларга бошлаб зулму зўровонлик қилиб, уларнинг ҳақларини ноҳақ ўзиники қилиб оладиган кимсалар ва ёки зўравонларнинг устига ғолиб бўлган вақтларида ўша золимлардан ўз ҳақларини қайтариб олишда ҳадларидан ошиб тажовузкорлик билан уларнинг моллари-ни ҳам ўзлаштириб оладиган кимсаларгина Ерда қилган ноҳақ бузғунчи-ликлари сабабли дунёда қилмишларига яраша жазога мустаҳиқдирлар. Лекин бундай золим, тажовузкор кимсалар фақат ҳаёти дунёда ҳукмга тортилиб, жазоларини олишнинг ўзи билан қутулмайдилар, балки улар учун одамларга қилган жабр ва тажовузлари сабабли Охират диёрида ҳам аламли азоб бордир. Чунки Ҳақ таоло агар хоҳласа, Ўзининг бандалар устидаги ҳаққини кечиб юбориши мумкин, аммо бандаларнинг бандалардаги ҳақларини - улар хоҳ моддий, хоҳ маънавий ҳақлар бўлсин - кечирмайди, магар ўша ҳаёти дунёда зулму тажовузга учраган, ҳаққи поймол қилинган банданингўзи кечириб юборсагина Оллоҳтаоло ҳам унинг қилган бу гуноҳидан ўтиши мумкин. Қуйидаги оятда сўз шу ҳақда боради -

43. Албатта ким (ўзига етган озор-азийятларга) сабр қилса ва (интиқом олмай Оллоҳучун) кечириб юборса, шак-шубҳасиз, бу (иш) ишларнинг мақсадга мувофиғидир,
Юқоридаги оятларда Ҳақ таоло зулм ва унинг аҳлини мазаммат қилиб, золимлардан қасос олиниши Шариат қонуни эканлигини айтгач, ушбу ояти каримада қасос олишдан кечириб юбориш афзалроқ эканига ишора қилиб, кимда-ким ўзига етган озор-азийятга сабр қилиб, нафси учун интиқом олмасдан ўзига зулм қилган кимсани кечириб юборса, албатта унинг сабри ва кечирими чин мўминнинг фазилатларидан бўлиб, унга буюрилган ишларнинг мақсадга мувофиқроқ - афзалроғидан эканлиги таъкидланди. Албатта бу ўринда сўз афв қилиниши золимни яна бадтар ҳаддан ошишига сабаб бўлмайдиган ишлар ҳақидадир. («Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафоашр» китобидан).
«Танвийрул-азҳон» тафсирида ҳикоя қилинади: Ҳасани Басрий раҳимахуллоҳ мажлисида бир кимса бир кишини сўкиб ҳақорат қилган эди, ноҳақ ҳақоратланган киши ғазабини ичига ютиб, терлаб кетди, сўнгра ўрнидан турдида, ўрганаётганимиз ояти каримани тиловат қилганича мажлисдан чиқиб кетди. Шунда Ҳасани Басрий: «Оллоҳга қасамки, жоҳил-нодон кимсалар ушбу оятни зое қилиб, унутиб юборган бир пайтда бу киши уни унутмасдан тўғри англаб, унга амал қилди», деди.

44. Кимни Оллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун ўшандан кейин бирон (Тўғри Йўл кўрсатгувчи) дўст йўқдир. У золимларнинг (Қиёмат Кунида) азобни кўрган вақтларида «(Яна дунёга) қайтишга бирон йўл бормикан?» деяётганларини кўрурсиз.
Ушбу ояти карима Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам иймон келтиришга ва қавму қариндошлик ришталарини узмасликка даъват қилганларида у зотдан юз ўгирган, қайта тирилиш ҳақ эканлигини, дунё матоси эса жуда оз ва арзимас мато эканини айтганларида у кишини ёлғончи қилган мушрик-кофир кимсалар ҳақида, яъни, Оллоҳтаоло Тўғри Йўлдан оздирган кимсалар ҳақида бўлиб, бундай иймонсизликлари-дан кейин уларга ҳаёти дунёда Тўғри Йўлни кўрсатиб берадиган бирон дўст йўқ экани, энди уларнинг кўзлари фақат Охират диёрида Қиёмат Кунида, жаҳаннам азобини ўз кўзлари билан кўрганларидан кейингина очилиши ҳақида хабар берилади. Ана ўшанда у бадбахт кимсалар ҳаёти дунёдаги куфру исёнлари учун минг-минг афсус надоматлар чекиб: «Ҳаёти дунёга қайтарилишнинг бирон-бир йўли бормикан, ҳар бир на-фасимизни Ёлғиз Оллоҳ таолога тоат-ибодат билан ўтказсак», деб қоладилар. Аммо у Кунда вақт ўтган, фурсат битган бўлиб, кофирларнинг аттанг-пушаймонларининг ҳеч қандай фойдаси бўлмайди. Бу ҳақда Анъом сурасининг 27-28-оятларида ҳам айтилган бўлиб, ўз ўрнида бақадри ҳол тафсир қилиб ўтилган эди. «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), уларни дўзах устида турғазиб қўйилган пайтларида: «Қани энди бизлар (дунёга) қайтарилсак ва Парвардигоримизнинг оятларини ёлғон демай, мўминлардан бўлсак», деганларини кўрсангиз эди. Йўқ, (улар иймонга келмайдилар. Фақат ҳозир - Қиёмат Кунида) уларга илгари яшириб юрган нарсалари ошкор бўлиб қолди, холос. Агар (дунёга) қайтарилсалар, шубҳасиз, улар яна ўзлари манъ қилинган ишларга қайтадилар. Албатта улар ёлғончидирлар». (Анъом сураси, 27-28-оятлар).

45. Уларнинг хорликдан эгилган ва кўз қирлари билан ўғринча назар ташлаган ҳолларида (дўзахга) кўндаланг қилинаётганлирини кўрурсиз. Ва Иймон келтирган зотлар: «Ҳақиқий зиёнкорлар Қиёмат Кунида ўзларига, ва аҳли-оилаларига зиён қилган кимсалардир», дедилар. Огоҳ бўлингизким, у золимлар мангу азобдадирлар.
«Уларнинг хорликдан эгилган ва кўз қирлари билан ўғринча назар ташлаган ҳолларида (дўзахга) кўндаланг қилинаётганлирини кўрурсиз».
Яъни, шунингдек, Қиёмат Кунида мўминлар кофирларни қай ҳолатда дўзахга ташланаётганларини ҳам кўрадилар: «У дўзах азобига хукм қилинган кофир ва мушриклар қўрқув ва хорликдан бошлари эгилган ҳолларида, хатарнинг қаттиқлигидан дўзахга рўй-рост киришга ҳам ботина олмай ўғринча кўз қири билан назар ташлаганларича фаришталар томонидан олиб борилиб унга итқитиб юбориладилар. Яъни, дўзах аҳли учун дўзахга ташланишлари асносида чекадиган азоб-уқубатлари унда мангу ёниш азобига баробар бўлади.
«Ва Иймон келтирган зотлар: «Ҳақиқий зиёнкорлар Қиёмат Кунида ўзларига, ва аҳли-оилаларига зиён қилган кимсалардир», дедилар. Огоҳ бўлингизким, у золимлар мангу азобдадирлар».
Яъни, мўминлар Қиёмат Кунида кофирларнинг мана шундай азоб-уқубатларга гирифтор бўлганларига гувоҳ бўлгач: «Ҳақиқатан ҳам энг катта зиёнга дучор бўлгувчи кимсалар дўзахга кириш ва унда мангу азобланиш билан ўзларига ҳам, оила ва фарзандларига ҳам зиён етказган кимсалардир», дедилар.Уларнингўзларига етказган зиёнлари ҳеч қандай нажотга умид қилмаган ҳолларида дўзахдаги мангу азобга гирифтор қилинишларидир, аҳли оилаларига етказган зиёнлари эса, агар улар ҳам дўзах аҳлидан бўлса, уларнинг дўзахга киришларига мана шу кофирлар сабабчи бўлганлар, чунки буларнинг йўлларидан борганлари учун улар ҳам дўзахга тушдилар. Аммо агар бу кофирларнинг авлод-зурриётлари Оллоҳ таолонинг Ҳидояти билан иймон йўлини танлаб аҳли жаннат бўлган эсалар, у ҳолда кофир аждодларнинг мўмин авлодларига етказган энг катта зиёнлари, мўмин авлодлар кофир аждодларидан мангу ажралиб, дийдорларидан маҳрум бўлиб қолганларидир. Аниқки, бундай зиёнкор-золимлар мангу азоб-уқубатдадирлар.

46. (Дўзах эгалари) учун Оллоҳдан ўзга уларга ёрдам берадиган «дўстлар» бўлмас. Кимни Оллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун (Тўғри) Йўл йўқдир.
Яъни, кофирлар Қиёмат Кунида дўзах азобига ҳукм қилинганлари-да, улар Оллоҳни қўйиб сиғинган ва бизларни Оллоҳ ҳузурида шафоат қиладилар деб ишонган бут-санамларидан биронтаси уларга ёрдам бера олмайди, уларни дўзах азобидан қутқара олмайди. Зотан, кимни Оллоҳ йўлдан оздирса, яъни, Ўзининг Илми Азалийси билан у кимсанинг қандай йўлни танлашини ва қандай гуноҳлар қилишини билгани сабабли Ҳидоят ва иймон Йўлидан тўсиб қўйса, ундай кимса ҳеч қачон нажот ва жаннат йўлини топа олмайди ва то ўлгунича залолат йўлларининг бунисидан кириб унисидан чиқиб адашиб-улоқиб юраверади, аммо Тўғри Йўлни асло топа олмайди. Бас, залолатдаги кимсаларнинг Ҳақ Йўлга даъват қилинганларида қабул қилмасликларидан ажабланишнинг ҳеч ҳожати йўқ, чунки улар Тўғри Йўлдан тўсилиб қолган бахтсиз кимсалардир.

47. (Эй инсонлар), Оллоҳ томонидан ортга қайтарилмайдиган Кун (Қиёмат) келиб қолишидан илгари Парвардигорингизга ижобат-итоат этингиз! У Кунда сизлар учун бирон илтижо қилиб борадиган жой ҳам, (қилиб ўтган гуноҳларингизни) инкор қилиш (имкони) ҳам бўлмас.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло жамийки инсониятни Қиёмат Кунининг даҳшатидан огоҳлантириб ва у Кун учун мана шу ҳаёти дунёда та-йёргарлик кўришга буюриб, гўё шундай дейди: «Эй инсонлар, сизларнинг барчангиз Парвардигорингизнинг даъватига лаббай деб жавоб беринглар. У сизларни Ўзига, китобларига ва элчи-пайғамбарларига иймон келтиришга чақирмоқда. Бас, сизлар ҳали кеч бўлиб қолмасидан - ҳеч ортга қайтарилмайдиган Қиёмат Куни келиб қолмасидан Оллоҳ таолога иймон келтиринглар, Ёлғиз УнингЎзига тоат-ибодат қилинглар ва Унинг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга итоат этинглар! Ҳеч шак-шубҳасиз келадиган у Кун кўз очиб юмгунча келиб қолиши мумкинки, у холда хеч ортларингизга қайтарилмайсизлар ва ўзларингиз учун Оллоҳ таолонинг ҳақли жазосидан қочиб қутулиш мумкин бўлган бирон жой топа олмай қоласизлар, шунингдек, ҳаёти дунёда қилиб ўтган гуноҳ-маъсиятларингиздан биронтасидан тонишга имкон ҳам топа олмай қоласизлар. Чунки қилган барча иш-амалларингиз номайи амалларингизда ёзилган бўлади ва жамийки аъзоларингиз тилга киритилиб, сизларга қарши гувоҳлик беради! Бу ҳақда бошқа бир сурада шундай хабар берилади: «Бас, (кўрган даҳшатларидан) кўз қамашиб, (осмондаги) ой ҳам тутилган ҳолда қуёш ва ой бирлаштирилган вақтда - ана ўша Кунда у инсон: «(Бу бало-офатлардан) қаерга қочиб-қутулиш мумкин?», деб қолур! Йўқ! (Эй инсон, Оллоҳнинг азобидан қочиб қутуладиган) бирон бошпана йўқдир! У Кунда Ёлғиз Парвардигоринг (хукм қилган жой)га қарор топишгина бордир! У Кунда инсонга (ҳаёти дунёдалик чоғида) қилиб ўтган ва (ўзидан кейин) қолдирган (барча) нарсаларнинг (яъни, яхши-ёмон амалларнинг) хабари берилур. Балки (У Кунда) инсонгарчи ўз узр-баҳоналарини (ўртага) ташласа - келтирса-да, - (унинг барча аъзолари) ўзининг зиёнига гувоҳлик бергувчидир! (Қиёмат сураси, 7-15-оятлар).
Яъни, инсон ҳаёти дунёдалик пайтида ҳар қандай ҳакамни ўз тили-нутқи билан алдаб кетиши мумкин, аммо Қиёмат Кунида - Ёлғиз Оллоҳ таоло Ҳакам бўлган пайтида инсоннинг нотиқлиги бекор-бефойда бўлиб қолади. Чунки у Кунда инсон ўзини оқлаш учун қандай сабаб-баҳоналар топмасин, Оллоҳ таоло томонидан унинг баданидаги барча аъзоларига тил ато этилиб, улар ўз эгаларининг қилиб ўтган гуноҳларига гувоҳлик берадилар.

48. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар (мушриклар) энди ҳам (Ёлғиз Оллоҳга иймон келтиришдан) юз ўгирсалар, бас, Биз Сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ! Сизнинг зиммангиз-да фақат (Биз Сизга нозил қилган ваҳийни) етказиш бор, холос. Дарҳақиқат, Биз инсонга Ўз томонимиздан Раҳмат-Марҳамат тотдирган вақтимизда у ўша (неъмат) билан шодланур, (аммо) агар уларга ўз қўллари қилган (гуноҳлари) сабабли бирон ёмонлик етса, бас, албатта инсон (зоти) куфрони неъмат қилгувчи - кўрнамакдир!
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, бас, агар Макка мушриклари Сиз уларга етказган мана шундай Илоҳий ҳужжатлар ва ибратли эслатмаларни эшитиб-билганларидан кейин ҳам Ҳақ Динни қабул қилмай ўзларининг ширк ва исёнларида оёқ тираб тураверадиган бўлсалар, у ҳолда Сиз ўзингизни маломат қилманг, чунки бу Сизнинг айбингиз эмасдир. Сизнинг зиммангиздаги вазифа, фақат ўзингизга нозил бўлган Каломуллоҳни одамларга очиқ-ойдин қилиб етказиш, холос. Сиз бу улуғ вазифани ҳеч бир қўшимча қилиб бўлмайдиган тарзда мукаммал адо этдингиз.
Чунки уларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилиш ёки залолатга кетказиш Сизнинг қўлингиздаги иш бўлмай, Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи хоҳлаган бандаларини (яъни, ҳидоят топиш бахтига лойиқ бўлган бандаларини) Тўғри Йўлга бошлар, Тўғри Йўлга нолойиқ бўлган кимсаларни эса, Унинг Ўзи залолатга кетказур.
Ояти каримада Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг вазифалари фақат Оллоҳ таолонинг Динини бандаларига етказиш экани, у зот итоатдан юз ўгирган кимсалар устида кўриқчи эмасликлари яна бир бор таъкидланди.
«Дарҳақиқат, Биз инсонга Ўз томонимиздан Раҳмат-Марҳамат тотдирган вақтимизда у ўша (неъмат) билан шодланур, (аммо) агар уларга ўз қўллари қилган (гуноҳлари) сабабли бирон ёмонлик етса, бас, албатта инсон (зоти) куфрони неъмат қилгувчи - кўрнамакдир!»
Яъни, агар Биз инсонга Ўз Марҳаматимизни кўргазиб, соғлик, тинчлик, бойлик, ва бошқа неъматлар ато этсак-да, сўнгра у ўша неъматларнинг мазасини тотиб, уларга ўрганиб қолган пайтида яна Ўзимиз ундан ўша неъматларнинг биронтасини олиб қўядиган бўлсак, албатта у сабрсизлиги ва Бизга ишонмагани сабабли Фазлу Марҳаматимиздан бутунлай ноумид, илгари ўзига ато этилган неъматларга ношукр кимсага айланиб олиши аниқдир.
Ояти карима мазмунидан маълум бўлишича, бу ўринда сўз динсиз иймонсиз инсонлар ҳақида боради. Чунки иймонли инсон Оллоҳ таоло унга неъмат ато этса, шукр қилади, агар у бандасини синаш учун ёки унинг ўзига маълум бўлган ҳикмат сабабли ато этган неъматини олиб қўядиган бўлса, сабр қилади, ноумидликка тушмайди.
Мусулмон инсон қандай неъматга эришса, унинг Оллоҳ таоло ато этган неъмат эканини билади. Шунинг учун кўлидан бирон неъмат чиқиб кетганида ҳам умидсизликка тушмай сабр қилади ва Яратгандан аввалгидан яхшироқ неъматлар ато этишини сўраб дуо-илтижо қилади. Мўминлар қўлларидан бирон неъмат кетса шундай дейдилар: “Шоядки Парвардигоримиз бизларга ундан яхшироғини алмаштириб берса. Бизлар албатта Ёлғиз Парвардигоримизга рағбат-илтижо қилгувчи-дирмиз”. (Қалам сураси, 32-оят).
“Зеро, Оллоҳнинг Раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур”. (Юсуф сураси, 87-оят).

49-50. Осмонлар ва Ер Оллоҳнинг мулкидир. У Ўзи хоҳлаган нарсани яратур. У Ўзи хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этур ва Ўзи хоҳлаган кишига ўғилларни хддя этур. Ёки уларни эгизак ўғиллар ва қизлар қилур ва Ўзи хоҳлаган кишини - туғмас (бепушт) қилиб қўюр. Албатта У (барча нарсани) Билгувчи ва (Ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) Қодирдир.
Яъни, осмонлар ва Ер ҳамда уларда мавжуд бўлган барча жонли-жонсиз нарса ва кимсаларнинг Эгаси Ёлғиз Оллоҳдир. Уларнинг ҳаммасини ва ҳар бирини У Зотнинг Ўзи комил Қудрат ва гўзал Ҳикмат билан тасарруф қилади - бошқаради. Ҳеч ким Ундан яширина олмайди ва ҳеч ким Ундан қочиб қутула олмайди.
Зотан, бутун борлиқ Унинг мулкидир, У Ўзи хоҳлаган нарсасини Ўзи хоҳлаганидек яратади - хоҳласа бировни Ийсони яратгани каби отасиз ҳолда яратади, хоҳласа, бировни Ҳаввони яратгани каби онасиз ҳолда яратади, хоҳласа, бировни Одамни яратгани каби на ота, на онасиз, бир ҳовуч тупроқдан яратади, хоҳласа, Ўзи хоҳлаган нарсага “Бўл” дейиши билан у нарса дунёга келади!
«У Ўзи хоҳлаган кишига қизларни ҳадя этур ва Ўзи хоҳлаган ки-шига ўғилларни ҳадя этур. Ёки уларни эгизак ўғиллар ва қизлар қилур ва Ўзи хоҳлаган кишини - туғмас (бепушт) қилиб қўюр. Албатта У (барча нарсани) Билгувчи ва (Ўзи хоҳлаган нарсани яратишга) Қодирдир».
Оятларда зикр қилинган нарсанинг тасдиқини Оллоҳ таолонинг пайғамбарлари алайҳимус-салом ҳаётида ҳам кўрилса бўлади. Масалан, Ҳақ таоло Лут алайҳис-саломга икки қиз берди-ю, ўғил бермади, Иброҳим алайҳис-саломнинг саккиз ўғли бор эди, аммо қиз фарзанд кўрмаган эди, сўнгги Элчи Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг эса, ўғиллари ҳам, қизлари ҳам бор эди, Яҳё ва Ийсо алайҳимас-саломнинг бўлса, на ўғил ва на қизлари бор эди. Барча инсонларнинг ҳаётларида ҳам худди шу Илоҳий қонун ўз аксини топгандир. Чунки бу иш осмонлар ва Ернинг Танҳо Эгаси бўлмиш барча нарсани Билгувчи ва ҳар ишга Қодир Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг Ихтиёридаги ишдир.

51. Бирон одам учун Оллоҳ унга сўзлаши жоиз эмас, магар ваҳий-илҳом орқали ё парда-тўсиқ ортидан ёки элчи-фаришта юбориб, ўша (фаришта Оллоҳнинг) Изни-Ихтиёри билан У хоҳлаган нарсани ваҳий қилиши орқали (сўзлар). Албатта У Юксакдир, Ҳикмат Эгасидир.
Мазкур оятдан пайғамбарлар Оллоҳ таоло билан уч восита орқали боғланганлари маълум бўлди: биринчиси ғойибдан келган ваҳий - илҳом ёки ўнгидан келадиган туш орқали. Чунки Пайғамбар алайҳис-салом: «Пайғамбарларнинг тушлари ваҳийдир», деганлар. Бунга мисол, Иброҳим Халилуллоҳнинг тушларида ўз ўғиллари Исмоил Забиҳуллоҳни Оллоҳ Йўлида қурбонлик қилишга буюрилишидир. Иккинчиси бирон парда-тўсиқ ортидан Оллоҳ таоло Ўз пайғамбарига сўзлашидир. Бунга мисол Тур тоғида Оллоҳтаоло Мусо пайғамбарга парда ортидан бевосита сўзлаганидир. Учинчиси эса, Оллоҳ таоло Ўз пайғамбарларига фаришталар орқали ваҳий юбориши бўлиб, Жаброил алайҳис-салом Оллоҳ таолонинг ваҳийларини пайғамбарларга элтгувчи элчи-фариштадир.
Муфассирларнинг айтишларича, ушбу ояти кариманинг нозил бўлишига сабаб, яхудлар Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламга: «Агар сен чиндан ҳам пайғамбар бўлсанг, Мусо сўзлашгани каби Оллоҳни кўриб турган ҳолингда у билан сўзлашмайсанми?» дейишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: «Мусо Оллоҳ таолони кўриб турган эмас», деган эдиларки, Оллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилди. (Воқидийнинг «Асбобун-нузул» китобидан). Мусо алайҳис-салом Оллоҳ таоло билан сўзлашганида Уни кўрмагани ҳақида Аъроф сурасининг 143-оятида очиқ баён қилинган ва биз мазкур ояти каримани ала қадри ҳол тафсир қилиб ўтганмиз.

52-53. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), шу янглиғ (яъни, худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиз каби) Биз Сизга Ўз Амримиздан бўлган Руҳни - Куръонни ваҳий қилдик. Сиз (Пайғамбар бўлишингиздан) илгари на Китобни - Куръонни ва на иймонни (яъни, унинг ҳақиқат-моҳиятини) билгувчи эдингиз. Лекин Биз уни (Куръонни) бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан Ўзимиз хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилурмиз. Албатта Сиз (ўзингизга тушган ваҳий ёрдамида мўминларни) Тўгри Йўлга етаклайсиз. У (Йўл) осмонлардаги ва Ердаги бор нарсанинг Эгаси бўлмиш Оллоҳнинг Йўлидир! Огоҳ бўлингизким, барча ишлар айланиб Ёлғиз Оллоҳ ҳузурига борур!
«(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), шу янглиғ (яъни, худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиз каби) Биз Сизга Ўз Амримиздан бўлган Руҳни - Куръонни ваҳий қилдик».
Бу ўринда Оллоҳтаоло томонидан Қуръони Карим Руҳ деб аталишига сабаб, жасад жон билан тирик бўлгани каби Диннинг руҳи - жони Қуръондир.
У билан ўлик бахтсиз кофир тирилиб - иймон келтириб, янги бахтли ҳаётга қайтади, унинг нозил бўлиши билан аввало араблар, кейин барча мусулмонлар жаҳолат уйқусидан уйғониб - тирилиб, Ер юзида мисли кўрилмаган янги ва тенгсиз буюк маданият - Исломий ҳаёт тарзини бунёд қилдилар.
«Сиз (Пайғамбар бўлишингиздан) илгари на Китобни - Куръонни ва на иймонни (яъни, унинг ҳақиқат-моҳиятини) билгувчи эдингиз. Лекин Биз уни (Қуръонни) бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан Ўзимиз хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилурмиз».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз ўзингизга ваҳий нозил қилинишидан илгари Қуръон нималигини ҳам, иймоннинг тафсилотини ҳам, Шариати Исломия қонунларини ҳам билгувчи эмас эдингиз. Қуръон, иймон - Исломнинг ҳақиқат-моҳиятига йўл топа олгувчи эмас эдингиз. Лекин биз Сизга нозил қилганимиз ушбу Қуръонни бир ёруғлик - нур қилдикки, у нур билан Ўзимиз ҳидоят қилишни хоҳлаган бандаларимизга, Тўғри Йўлни кўрсатурмиз, уларни жаҳолат ва залолат зулматларидан чиқариб, Ҳидоят ва Маърифат Йўлига бошлаймиз ва Ҳақ Динга ҳидоят қилурмиз.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам нима сабабдан уммий Пайғамбар бўлганларининг сири-ҳикмати мана бу ояти каримада баён қилинади: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Биз Сизга Қуръон нозил қилишимиздан) илгари Сиз бирон китобни тиловат қилгувчи бўлган эмас эдингиз ва ўз қўлингиз билан хат ҳам ёзган эмас эдингиз. Акс ҳолда, бузғунчи кимсалар албатта шубҳага тушган бўлур эдилар». (Анкабут сураси, 48-оят).
Ҳақ таоло Ёлғиз Ўзига маълум бўлган ҳикмат билан сўнгги элчиси ум-мий пайғамбар бўлишини ирода қилди.
Уламолар “уммий” сўзини уч хил тафсир қиладилар. Ибн Азиз: “Уммий” сўзи уммат сўзидан олинган бўлиб, ўқимаган, хат танимайдиган саводсиз миллат бўлган араблар ичидан танланган пайғамбар деган маъ-нони англатади”, дейди.
Наҳҳос: “Уммий” сўзи “уммул-қуро”дан олинган. ОллоҳтаолоЎз Каломида Маккайи мукаррамани “Уммул-қуро - барча қишлоқ ва шаҳарларнинг онаси” деб атайди. Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Уммул-қурода, яъни, Маккада туғилиб, вояга етиб, ўша шаҳарда Ҳақ таоло ҳузуридан у зотга илк бор ваҳий нозил қилиниб пайғамбар бўлганлари учун “уммий Пайғамбар” деб номландилар”, дейди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо эса: “Пайғамбарингиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам - ўқишни, ёзишни ва ҳисоб-китобни билмайдиган уммий киши эдилар”, деб у зотнинг онадан туғилганларидан вояга етгунларича бирон кимсадан таълим олмаганларини таъкидлайди. Бу таъвилга кўра “уммий” сўзи умм - онадан туғилган ҳолида қолган деган маънони англатади.
Бухорий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам: “Биз ёзув ва ҳисобни билмайдиган уммий умматмиз”, деб марҳамат қилганлар. Яъни, у зоти бобаракот бирон инсондан на ўқишни, на ёзишни ва на ҳисоб илмини ўрганмаганлари ҳолда дунёнинг аввал-у охир барча олимлари жамланиб ҳам эгаллай олмайдиган, Ҳақ Сўз эканини ҳеч ким инкор қила олмайдиган Қуръон Илмига эга бўлганлари яъни, Жаноби Ҳақнинг Ўзидан таълим олганларининг ўзи у зотга ато этилган энг улуғ мўъжизалардан биридир.
Агар фаразан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ёшликларидан бошлаб бировлардан таълим олганларида ва кейин ўзларига Ҳақ таоло томонидан нозил бўлган оятларни одамларга етказганларида айрим кимсалар: “Устозларидан ўрганганларини айтяпти”, дейишлари мумкин эдики, у зотнинг уммий пайғамбар бўлишлари ана шундай туҳмат тошларига қарши қўйилган Илоҳий ҳимоя бўлди.
«Албатта Сиз (ўзингизга тушган ваҳий ёрдамида мўминларни) Тўғри Йўлга етаклайсиз. У (Йўл) осмонлардаги ва Ердаги бор нарсанинг Эгаси бўлмиш Оллоҳнинг Йўлидир! Огоҳ бўлингизким, барча ишлар айланиб Ёлғиз Оллоҳ ҳузурига борур!»
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, ҳеч шак-шубҳа йўқки, албатта Сиз ушбу Қуръон оятлари билан Сизга иймон келтирган мўминларни Оллоҳнинг Йўлига - Ер-у осмонларнинг Эгаси таълим берган бирдан-бир Ҳақ Йўлга етаклайсиз. Зотан, бандалар ўйлаб топган ҳеч қайси йўл Ер-у осмонларнинг эгаси бўлмиш Ҳақ таоло Ўзининг ҳақ Элчисига нозил қилган Китобида аниқ-равшан қилиб кўрсатиб берган Сиротуллоҳга - Оллоҳнинг Йўлига баробар бўла олмас. Огоҳ бўлингизким, бандаларнинг қилган барча ишлари Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло ҳузурига қайтарилиб, бирма-бир ҳисоб-китоб қилинур ва ана ўша Кунда кимлар Қуръони Каримда кўрсатилган Тўғри Йўлда барқарор бўлиб ҳаёт кечирдилар, кимлар бандалар ўйлаб топган залолат йўлларида адашиб-улоқиб юриб умрларини зое қилдилар, барча-барчаси аён бўлгай. Ҳақ таоло барчамизга Ўзининг Йў-лида собитқадам бўлиш бахтини ато этгай.
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг Фазлу Марҳамати билан Шўро сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.

 

 

 

Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase