close

Sign In

close

Register

All fields are required(*).

017. Ал-Исро сураси

Бир юз ўн бир оятдан иборат бўлган ушбу сурайи карима Маккада но-зил қилинган. Бу сурада ҳам бошқа Макка сураларида бўлгани каби сўз эътиқод, Оллоҳ таолонинг Якка-Ёлғизлиги, қайта тирилиш аниқ эканлиги борасида кетсада, ундаги энг асосий жиҳат Ҳазрати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шахсиятлари ва у зотга Оллоҳ таоло томонидан ато этилган мўьжизалар таъриф-тавсифидир. Бу сура Оллоҳ таоло Ўзининг сўнгги Элчисига кўрсатган «сайр» мўъжизаси ҳақида хабар бериш билан бошланади. Шу боисдан, суранинг номи «Ал-исро» - «Тунги сайр» деб аталгандир.
Бу сурада бани Исроил қавми хусусида ҳам сўз юритилиб, уларнинг туғён ва исёнлари ҳамда охир-оқибат топган ва топажак мусибатлари ҳақида хабар берилади. Шунинг учун айрим уламолар уни “Бани Исроил” сураси деб атайдилар,
Сурайи карима мўминларга Ёлғиз Оллоҳ таологагина ибодат қилишдан кейинги энг зарур амал ота-онага яхшилик қилиш, уларнинг ҳузурида таъзим-тавозуъ билан туриш, буюрган ишларини қулоқ қоқмай бажариш эканини уқтиради. Яна бу сурада борлиқдаги жонли-жонсиз барча мавжудот ўз вужудлари, ўзаро боғланишлари ва бир тартиб-интизомга сўзсиз бўйинсунишлари билан уларни яратган ҳам, бошқариб турган ҳам Ёлғиз Оллоҳ таоло эканлигига далолат қилиб туриши таъкидланади.
Онамиз Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳар кеча ушбу улуғ сурани тиловат қилар эканлар. (Аҳмад, Термизий ва Насоий ривоят қилганлар).

Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан

1. Пок Парвардигор бир кеча, Ўз бандаси (Муҳаммад алайҳис-салом)ни - унга оят-мўьжизаларимиздан кўрсатиш учун (Маккадаги) Масжид-ал-Ҳаромдан Биз атрофини баракотли қилиб қўйган (Қуд-дусдаги) Масжид-ал-Ақсога сайр қилдирди. Дарҳақиқат, У Эшитгув-чи, Кўргувчидир.
Ушбу ояти карима Оллоҳ таолонинг элчи-пайғамбарларидан ёлғиз Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга ато этилган буюк мўъжиза - тунги сайр, яъни, у зотнинг Оллоҳ таоло Амри билан бир кечада ўша замон ҳисоби билан бир ойлик ҳисобланган масофага сайр қилдирилганлари ва меърож, яъни, Оллоҳ Таоло ҳузурига кўтарилганлари ҳақида берилган Илоҳий Хабар - Ҳужжатдир. Ушбу воқеа Пайғамбар алайҳис-салом Мадинага ҳижрат қилишларидан бир йил илгари воқеъ бўлгандир. Имом Бухорий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Бир кеча Масжид-ал-Ҳаромда эканман, баногоҳ ҳузуримга Жаброил Буроқ исмли эшакдан тикроқ, ҳачирдан кичикроқ бир оппоқ, узун отни етаклаб келди ва мени унга миндириб Маккадан олиб чиқиб кетди. Буроқ шу қадар учқур эдики, ердан узган туёғини кўзи етган охирги нуқтага қўяр эди. Бир зумда Қуддус шаҳрига етиб келдик ва отнинг арқонини ўтган пайғамбарлар отларини боғлаган ҳалқага боғлаб, у ердаги Масжид-ал-Ақсода икки ракъат нафл намозини ўқигач, яна Буроққа миниб Жаброил билан осмонга йўл олдик... Еттинчи осмонга етгач, Оллоҳ таоло менга ва менинг умматимга кунда беш вақт намоз ўқишни фарз қилиб, деди: «Бу бир кеча-кундузда ўқиладиган беш вақт намознинг ҳар бирига ўн намоз савобини ато этурман! Демак, беш вақт намоз ўқиган кишига эллик вақт намоз савоби ёзилур. Шунингдек, бандаларимдан ким бир яхшилик қилишга азм этиб, уни адо эта олмаса бир савоб, адо эта олса, ўн савоб ато қилурман. Энди кимки, бирон ёмон ишни - гуноҳни қасд қилса-ю, уни амалга оширмаса, у кишига гуноҳ ёзилмас, агар ўша ёмон ниятини амалга оширса, бир гуноҳ ёзилур», Парвардигоримдан ушбу вазифаларни олиб, Заминга тушдим ва бир нафасда ўзимни Маккада кўрдим».
Ривоят қилишларича, Пайғамбар алайҳис-салом меърожга чиқиб кетаётиб хужраларининг эшигини ёпганларида қимирлаб қолган эшик ҳалқаси осмондан қайтиб тушганларида ҳам силкиниб турган экан.
“Танвирул-азҳон” тафсирида айтилишича, ушбу буюк воқеа ражаб ойининг йигирма еттинчисида, душанбага ўтар кечаси содир бўлган. Уламолар Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаётларида бу муборак кун алоҳида ўрин тутишини тарих китобларида белгилаб ўтганлар: Пайғамбар алайҳис-салом душанба куни таваллуд топдилар, душанба куни Жаброил алайҳис-салом у зотга илк марта ваҳий келтириб, пайғамбар бўлдилар, душанба кечаси Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан сайр қилдирилиб, меърожга кўтарилдилар, душанба куни Маккадан ҳижратга чиқдилар, душанба куни Мадинайи мунавварага етиб келдилар, душанба куни вафот қилдилар.
Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўзининг сўнгги Элчисига аввал бирон пайғамбарга насиб этмаган ушбу тунги сайр ва меърож мўъжизасини ато этиши, албатта, Илоҳий Ҳикмат билан бўлган эди. “Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” тафсирида баён қилинишича, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Тоифга (Маккадан олтмиш-етмиш чақирим масофада жойлашган шаҳар) унинг аҳлини Дини Исломга даъват қилиш учун борган эдилар, тоифликлар у зотни яхши кутиб олмадилар, сўзлари-га қулоқ ҳам солмадилар. Уларнинг бундай ёмон муомалаларидан озурдадил бўлиб қайтган Оллоҳнинг Элчиси Маккага кириб келар эканлар, бу ерда ҳам у зотнинг даъватларига тўғаноқ бўлиб Қурайш мушриклари турганини ўйлаб, ҳамма томонларидан Ислом душманлари ўраб олганини, бармоқ билан санагудек оз сонли ёрдамчиларидан ташқари ҳамма ушбу Ҳақ Динга қарши эканлигини кўриб шундай тушкун ва маҳзун ҳолга тушдиларки, таъбир қилишга қалам ожиздир.
Чунки Жаноби Ҳақ оламларга Раҳмат қилиб яратган ул муборак зотнинг бирдан-бир мақсад ва орзуси ҳаммага яхшилик қилиш эди - Дини Ислом бутун оламга ёйилишини истар эдилар. Одамлар эса, ўзлари учун ҳам дунё, ҳам Охират яхшилиги бўлган Ҳақ Динни етказган Элчини, яъни, энг ишончли ва садоқатли дўст бўлмиш Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламни ўзларига душман санаб, чор атрофдан, тинимсиз озор-азийятлар етказар эдилар. Пайғамбар алайҳис-салом учун бениҳоя оғир ва қоронғу бўлган мана шундай кунларнинг бирида барча нарсани Эшитгувчи ва Кўргувчи Ҳақ субҳонаху ва таоло севикли бандасига Ўз Қудратини намойиш қиладиган оят-аломатларни кўрсатиш учун ва бу билан бандасидан ғам ва маҳзунликни аритиш учун малаки муқарраб Жаброил алайҳис-саломга Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни бир ажойиб тунги саёҳатга олиб чиқишни буюрди.
Бас, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Жаброил келтирган Буроқ отига миндилар ва бир зумда бир ойлик масофани босиб ўтиб Қуддус шаҳридаги масжидул-Ақсода икки ракъат намоз ўқигач, нафас ростлаб, ташналикларини қондириб олишлари учун Жаброил алайҳис-салом у зотга икки идишда ичимлик келтирди. Улардан бирида шароб, иккинчисида сут бор эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам сутни танладилар, шунда Жаброил алайҳис-салом: “Сиз фитратни - покиза хилқатни танладингиз”, деди. Сўнгра у зот Жаброил етовида саёҳатларини давом эттириб, самога кўтарилдилар. Асҳоби киром алайҳимур-ризвондан йигирма саҳобий пайдар-пай ривоят қилган ишончли ҳадисда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга самоларга бўлган ушбу сайр - меърожда ҳақиқатан Оллоҳ таолонинг тенгсиз Қудратига далолат қиладиган буюк оят-аломатлар кўрсатилди - Ер ҳисоби билан саноқли лаҳзаларда инсониятнингўтмиши ва келажаги билан юзма-юз бўлдилар: самовот қаватларидан ўтиб борар эканлар, биринчи осмонда инсоният отаси Одам алайҳис-салом билан дийдор кўришдилар, иккинчи осмонда Яҳё ва Ийсо алайҳимас-салом билан, учинчи осмонда Юсуф алайҳис-салом билан, тўртинчи осмонда Идрис алайҳис-салом билан, бешинчи осмонда Ҳорун алайҳис-салом билан, олтинчи осмонда Мусо алайҳис-салом билан ва ниҳоят еттинчи осмонда бобокалонлари бўлмиш Иброоҳим алайҳис-салоту вассалом билан кўришиб, саломлашдилар. Оллоҳ таолонинг олис-яқин ўтмишда ўтган ушбу улуғ элчи-пайғамбарларининг барчалари Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни “Марҳабо, эй солиҳ банда, солиҳ фарзанд ва солиҳ биродар”, деб кутиб олдилар ва юқорига - Ҳақ таоло даргоҳига кузатиб қолдилар. У олий даргоҳга етиб борганларида эса, Жаноби Ҳақ солиҳ бандасига барча инсонларнинг келажакда - Қиёмат қойим бўлганидан кейин албатта борадиган жойларини - мўминлар учун тайёрлаб қўйилган жаннатни ва кофир, мунофиқлар учун тайёрлаб қўйган дўзахни кўрсатди. Пайғамбар алайҳис-салом ҳоли ҳаётларида ўз кўзлари билан жаннатни кўрганлари ҳақида мана бу оятларда ҳам айтил-гандир: “Унга (бу ваҳийни) бир кучга тўлган, соҳиби қудрат (яъни, Жаброил алайҳис-салом) таълим бермишдир. Бас, у (аввал) юксак уфқда (кўриниб), тик турди. Сўнгра яқинлашиб, пастлади. Бас, (Муҳаммад алайҳис-саломга) икки камон оралиғида ё (унданда) яқинроқ бўлиб; (Оллоҳ) Ўз бандаси (Муҳаммад алайҳис-салом)га туширган ваҳийни келтирди. (Пайғамбарнинг) кўнгли кўрган нарсасини инкор этмади. (Яъни, Жаброил фариштанинг суратини кўриб, Пайғамбарнинг кўнгли ҳам қаноатланди ва унинг Оллоҳ таоло томонидан юборилган фаришта эканлигига иймон келтирди). Энди сизлар, (эй мушриклар, Пайғамбар ўз кўзи билан) кўриб турган нарсаси устида у билан тортишурмисизлар?! 13-14. Дарвоқеъ, (Муҳаммад алайҳис-салом Жаброил фариштани ўзининг аслий суратида) иккинчи бор (жаннат) четидаги Нилуфар (гули) олдида кўрди.
Бу кўриш Пайғамбар алайҳис-салом Жаброил фаришта билан бирга меърожга кўтарилганларида рўй берган эди. Энди қуйидаги оятларда Расулуллоҳ алайҳис-саломнинг ўша меърожда кўрган - гувоҳ бўлган манзаралари тасвирланади.
(Тақводор зотларга ваъда қилинган) Жаннати маъво ҳам ўша (Нилуфар)нинг олдидадир. Ўшанда Нилуфарни ўраган нарса (яъни, Оллоҳ таолонинг файзи Илоҳийси) ўраб олган эди. (Пайғамбарнинг) кўзи (ўнгу сўлга) оғгани ҳам йўқ, ўз ҳаддидан ошгани ҳам йўқ. Дарҳақиқат, у (ўша соатда) Парвардигорининг буюк оятларини (яъни, У Зотнинг қудрати Илоҳийсига далолат қиладиган жуда кўп аломатларни), кўрди. (Ван-нажм сураси, 5-18-оятлар).
Ва ниҳоят, ушбу улуғ сайр асносида, еттинчи қават осмонда турган чоғларида Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳар бир мўмин зиммасидаги энг улуғ ибодат - намоз фарз қилинди. Бу ҳақда имом Бухорий ва Муслим баробар ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг самовотга сайр этдирилишлари ва беш вақт намоз фарз қилиниши бобида шундай хабар берилади:
Абу Зарр розияллоху анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Мен Маккада эканлигимда, (бир куни) уйимнинг шифти очилиб Жаброил тушиб келдида, кўкрагимни ёриб, унинг ичини замзам суви билан ювди, сўнгра ҳикмат ва иймон билан тўла бўлган бир олтин тоғорани келтириб, уни кўкрагимга бўшатди, сўнг уни (кўкрагимни) ёпди. Кейин қўлимдан ушлаб мени энг қуйи осмонга (яъни, биринчи қават осмонга) олиб чиқиб кетди. Қуйи осмонга етгач, Жаброил осмон қўриқчисига (соқчи фариштага): “Очгин”, деди. (Фаришта): “Ким бу”, деди. “Бу Жаброил”, деди. “Сиз билан бирга биров борми?”, деди. “Ҳа, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам мен билан бирга”, деди. “Унга рисолат юборилганми?”, деди. “Ҳа”, деди. Эшикни очгач, куйи осмоннинг ичкарисига кўтарилдик. Бир киши ўтирган экан. Унинг ўнг томонида ҳам (одамлар) қоралари, чап томонида ҳам (одамлар) қоралари бор эди. У ўнг томонига қараса кулар, чап томонига қараса йиғлар эди. (Ўша киши менга): “солиҳ пайғамбар ва солиҳ фарзандга марҳабо”, деди. Мен Жаброилга: “Ким бу”, дедим. (Жаброил): “Бу Одам (алайҳис-салом) дир, унинг ўнг ва чап томонларидаги қоралар эса, унинг фарзандларининг руҳларидир. Улардан ўнг томондагилари аҳли жаннатлар, чап томонидаги қоралар эса аҳли дўзахлардир. (Шунинг учун Одам алайҳис-салом) ўнг томонига қараганда кулади. Чап томонига қараганда йиғлайди”. Кейин мени иккинчи осмонга олиб чиқиб кетди ва унинг қўриқчисига: “Очгин”, деди. Бас, унинг қўриқчиси ҳам унга аввалги (биринчи осмон қўриқчиси) айтган гапни айтди, кейин очди.
Анас розияллоҳу анху айтади: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам (етти қават) осмонларда Одам, Идрис, Мусо, Ийсо, Иброҳим солава-туллоҳи алайҳимларни кўрганларини айтганлар, лекин уларнинг манзил-мартабаларини (қайси бирини қайси осмонда кўрганларини) аниқ айтмаганлар. Фақат у зот Одам алайҳис-саломни қуйи - биринчи осмонда, Иброҳим алайҳис-саломни олтинчи осмонда кўрганларини айтганлар.
Анас розияллоҳу анҳу айтади: Жаброил алайҳис-салом Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламни Идрис алайҳис-саломнинг олдидан олиб ўтаётганда у: “Солиҳ Пайғамбарга ва солиҳ биродарга марҳабо”, деди. Мен (Жаброилга): “Ким бу?”, дедим. “Бу Идрис (алайҳис-салом)”, деди. Сўнг Мусо алайҳис-саломнинг олдидан ўтдим. У: “Солиҳ Пайғамбарга ва солиҳ биродарга марҳабо”, деди. Мен (Жаброилга): “Ким бу?”, дедим. “Бу Мусо (алайҳис-салом)”, деди. Сўнг Ийсо алайҳис-саломнинг олдидан ўтдим. У: “Солиҳ Пайғамбарга ва солиҳ биродарга марҳабо”, деди. Мен (Жаброилга): “Ким бу?”, дедим. “Бу Ийсо (алайҳис-салом)”, деди. Сўнг Иброҳим алайҳис-саломнинг олдидан ўтдим. У: “Солиҳ Пайғамбарга ва солиҳ фарзандга марҳабо”, деди. Мен (Жаброилга); “Ким бу?”, дедим. “Бу Иброҳим соллоллоҳу алайҳи ва саллам”, деди. Сўнгра мени шундай юксакликка олиб чиқилдики, ҳатто у жойда (Оллоҳ таолонинг Ҳукмларини битаётган) қаламларнинг шитир-шитирларини ҳам эшитдим. Бас, Оллоҳ таоло умматимга эллик (вақт) намозни фарз қилди. Ўша (буйруқ) билан қайтаётиб Мусо алайҳис-саломнинг олдидан ўтдим. У киши: “Оллоҳ таоло умматингизга нимани фарз қилди?”, деди. Мен: “Эллик намозни фарз қилди”, дедим. (Мусо алайҳис-салом): “Дарҳол Роббингизга қайтинг, чунки умматингизнинг бунга тоқати етмайди”, деди. Мен (Роббим ҳузурига) қайтиб (енгиллатишини сўрадим), бас, ярмини кечиб юборди. Яна Мусо алайҳис-саломнинг ёнига қайтиб: “(Роббим) ярмини кечиб юборди”, дедим. (Мусо алайҳис-салом): “Роббингизга қайтинг, чунки умматингиз-нинг бунга ҳам кучи етмайди”, деди. Мен (Роббим ҳузурига) қайтдим, бас, ярмини кечиб юборди. Яна Мусо алайҳис-саломнинг ёнига қайтдим. (Мусо алайҳис-салом): “Дарҳол Роббингизга қайтинг, чунки умматингизнинг бунга ҳам тоқати етмайди”, деди. Мен (Роббим ҳузурига) қайтдим, бас, У Зот: “Мана бу беш (вақт намозни фарз қилдим) лекин у эллик (вақтнинг савобига эгадир). Энди ҳузуримда сўз ўзгартирилмас”, деди. Яна Мусо алайҳис-саломнинг ёнига қайтдим. У киши яна: “Парвардигорингизга қайтинг”, деди. Мен: “Энди Роббимдан уяламан”, дедим. Сўнг мени (Жаброил алайҳис-салом) нилуфарга - сидратул-мунтаҳога олиб борди. Уни турли ранглар чулғаб олганидан нималигини билолмадим. Сўнгра жаннатга киритилдим, у ерда марваридлар тоғдек уюлган, тупроғи эса мушк экан.
Шундай қилиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳақ субҳонаҳу ва таоло наздида нақадар азиз ва мукаррам манзилат соҳиби эканликларига аниқ-равшан далолат қиладиган тунги сайр воқеаси ўз ниҳоясига етди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллох соллоллоҳу алайҳи ва саллам мазкур сайрдан қайтар эканлар, Зув-Туво деган жойга етиб келганларида ҳамроҳларига қараб: “Ё Жаброил, бу тунда бўлиб ўтган воқеани гапириб берсам қавмим менга ишонмайдилар”.
деган эдилар, Жаброил: “Сизнинг сўзларингизни Абу Бакр тасдиқлайди, у Сиддиқ - сўзсиз тасдиқлагувчидир”, деди.
Ибн Аббос ва Оиша розияллоху анҳум айтадилар: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачонки мени сайр қилдирилган кеча воқеъ бўлгач, Маккага қайтиб келиб: “Одамлар мени яна ёлғончи қиладиган бўлдилар”, деб сиқила бошладим”, дедилар”. Ривоят қилинишича, у зот Масжидул-Ҳаромда бир четда маҳзун ҳолда ўтирган эдилар, олдиларида Абу Жаҳл ўтиб қолди ва тўхтаб ёнларига ўтирди-да, масхара қилгандек оҳанг-да: “Бирон янгилик борми?” деди Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом: “Ҳа, бор. Бу тун мени сайр этдирилди”, дедилар. “Қаерга?” сўради у. “Байтул-Мақдис, яъни, Қуддусга”, дедилар. “Сўнгра саҳарлаб яна бизнинг орамизда бўлиб қолдингми?” деди у. Пайғамбар алайҳис-салом “Ҳа”, деб жавоб қилдилар Абу Жаҳл яна сўзидан тониб юбормасин деб қўрққани учун у зотнинг сўзларига ишонмаганини билдирмасдан: “Сен мана шу менга айтган сўзларингни қавмингга ҳам айтиб бера оласанми?” деган эди, “Ҳа”, дедилар. Шунда Абу Жаҳл: “Эй Каъб ибн Луайнинг болалари, буёққа келинглар”, деб ҳар ер-ҳар ерда тўп-тўп бўлиб ўтирган одамларни чақирди. Улар ўринларидан туриб икковларининг олдига келиб ўтиришгач, Пайғамбар алайҳис-саломга қараб: “Ҳозир менга айтган сўзларингни буларга ҳам айтиб бер”, деган эди, у зот: “Ҳўп, бу кеча мени сайр этдирилди”, деди-лар. Улар: “Қаерга”, деб сўрашганида “Қуддусга”, дедилар. Улар: “Сўнгра саҳарлаб яна бизнинг орамизда бўлиб қолдингми?” деган эдилар, “Ҳа”, деб жавоб бердилар. Бу сўзни эшитган айрим кимсалар чапак чалиб юбордилар, айримлари эса, ҳайрон бўлиб бошларини чангаллаб қолдилар. Ҳатто баъзи бир иймон келтирган ва у зотни пайғамбар деб ишонган кимсалар диндан қайтиб муртад бўлдилар. Мушриклардан бири Абу Бакрнинг олдига чопиб бориб: “Соҳибингдан хабаринг борми? У мана шу кеча Қуддусга сайр қилдирилганини даъво қиляптику”, деган эди, Абу Бакр: “У киши шундай дедиларми?” деди. “Ҳа”, деб жавоб берилгач, Абу Бакр: “Қасамки, агар у зот шу сўзларни айтган бўлсалар, албатта тўғри айтганлар”, деди. Мушрик: “Сен унинг бир кечада Қуддусга бориб, ҳали тонг отмасдан яна Маккага қайтиб кела олишига ишонасанми?” деган эди, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анху: “Ҳа, мен у зотни бундан узоқроқ бўлган ишларда ҳам шак-шубҳасиз тасдиқлайман. Мен у зотнинг эрта-ю кеч осмон хабарларини етказаётганларини ҳам тасдиқлайман”, деди. Абу Бакр мана шу сўзсиз ишонч-тасдиқи сабабли “Сиддиқ” деган номга эга бўлган эди.
Қавм ичида Масжидул-ақсони кўрган одамлар ҳам бор эди. Ана ўшалар Пайғамбар алайҳис-саломга: “Сен бизга Масжидул-ақсони таърифлаб бера оласанми?” дейишган эди, у зот: “Ҳа”, дедилар. Айтадилар: “Мен уларга ўша Масжиднинг сифатларини бир-бир айтиб берар эканман, унинг баъзи бир сифатлари ёдимдан кўтарилди. Шу онда баногоҳ Масжидул-ақсо келтирилиб, Уқайл ҳовлиси олдига қўйилди ва мен энди масжиднинг ўзига қараб уни таърифлашда давом этдим. Сўзларимни эшитгган қавм: “Оллоҳга қасам тўппа-тўғри таърифлаб берди”, дейишди” Сўнгра “Эй Муҳаммад, сен бизга Шом тарафга кетган карвонимиздан хабар бергин-чи”, дейишди. Пайғамбар алайҳис-салом: “Мен уларнинг ёнидан Танъийм (Макка яқинидаги мавзеъ) олдида ўтиб кетдим”, дедилар. Улар: “Карвоннинг саноғи қанча эди, юклари, одамларнинг аҳволи қандай эди, шулар ҳақида айтиб бер”, дейишган эди, у зот: “Карвоннинг аҳволи бундай-бундай, унда Фалон, Фалонлар бор эди, энг олдида устига икки қоп юкланган оқ туя келяпти, қуёш чиқар паллада сизларнинг олдингизга етиб келишади”, дедилар. Улар: “Бу аломатку”, дейишиб, бир-бирларини туртишиб тепалик томон чиқиб кетар эканлар, “Бу Муҳаммад ҳамма нарсани тафсилоти билан айтиб берди-я”, деб сўзлашиб Кудайга (Макка четидаги маҳалла) етиб бордилар ва у ерда ўтиришиб қуёш чиқишини кута бошладилар. Мақсадлари Пайғамбар алайҳис-саломнинг сўзларини ёлғонга чиқариш эди. Баногоҳ улардан бири: “Оллоҳга қасамки, қуёш кўринди”, деган эди, бошқа биров: “Оллоҳга қасамки, туялар ҳам кўринди, олдинда оқ туя келяпти, карвонда худди Муҳаммад айтиб берганидек, Фалон, Фалонлар ҳам бор”, деди. Аммо улар Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламнинг айтган сўзлари ҳақиқат эканига ўзлари гувоҳ бўлиб туриб ҳам иймон келтирмадилар ва: “Бу очиқ сеҳрдан ўзга нарса эмас”, дедилар. (“Маолимут-танзил”тафсиридан).
Сурайи кариманинг илк калимаси бўлмиш “Субҳон” лафзи Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ҳар қандай айбу нуқсондан Пок Парвардигор эканлигини англатадиган Исмдир. Ушбу гўзал Исмнинг Ёлғиз Эгаси бўлмиш Зот, албатта, оят давомида хабар бериладиган беқиёс буюк воқеа - кечанинг бир бўлагида Ўзининг бандасини Ер-у осмонларда, ҳатто Арши Аълогача сайр қилдириб, яна Маккайи мукаррамага қайтариб келтириб қўйишга ҳам Қодир Зот эканлигида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир.
Ояти каримада Ҳақ таоло Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламни “Менинг бандам”, деб шарафлайди ва бу билан Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ибодатда энг юксак чўққига - Оллоҳ таоло “Менинг бандам” дейдиган мақомга чиққанларини таъкидлайди ҳамда у зотга ўзи инъом этган ушбу тунги сайр ва меърож мўъжизаси билан Оллоҳ бандам деган бахтли банда Яратганнинг наздида беқиёс юксак мартаба эгаси бўлиши - Оллоҳ таоло Ўз бандасига Ўзининг оятларидан бошқа ҳеч кимга очмаган сирларни ошкора қилгани ҳақида хабар беради.
Оятдаги “асро” калимасининг ўзи тунги сайр маъносини англатгани ҳолда яна “лайлан - бир кеча” калимаси билан таъкидланишида ҳам бениҳоя гўзал мазмун мужассамдир. Чунки “лайлан - бир кеча” калимаси бир томондан мазкур сайрнинг тунда бўлганини таъкидласа, иккинчи томондан ушбу тунги сайр кечанинг ҳаммасида эмас, балки маълум бир қисмида рўй берганини ҳам англатади. Бунинг исботи, агар “лайлан - бир кеча” калимаси ўрнида “ал-лайл - кечаси” калимаси бўлганида, бутун кеча давомда сайр қилинганини англатган бўлур эдики, мана бу биргина мисолнинг ўзи ҳам Қуръони Азим ҳар бир калимаси фасоҳат ва балоғатнинг энг мукаммал намунаси бўлган Илоҳий Мўъжиза эканлигини аниқ-равшан кўрсатиб турадиган бир далилдир.
Қуръони Каримда фақат бир марта - мана шу ояти каримада зикр қилинган “Масжидул-Ақсо”нинг мазмуни энг олис, энг четдаги масжид деганидир. Масжидул-Ҳаромдан жуда олис, яёв юрилганда бир ойлик масофада жойлашгани ва ўша даврда у масжиддан узоқроқ бирон масжид бўлмагани учун у Масжидул-Ақсо деб аталди ва мана шу ном билан тариҳда қолди.
Ояти каримада Ҳақ таоло Масжидул-Ақсо атрофини баракотли қилиб кўйгани ҳақида хабар беради. Дарҳақиқат, у муборак заминга дин ва дунё баракотлари ёғилган эди. Қуддус ва унинг яқин атрофидаги Дамашқ, Урдун ва фаластин диёрлари Бани Исроил қавмидан бўлган барча элчи - пайғамбарларнинг киндик қонлари тўкилган макон, уларга Оллоҳ таоло томонидан ваҳий нозил бўлган ошён эди. У диёрнинг тупроғи серҳосил, оқар дарёлар ва мевали дарахтлар билан ўралган эди.
Жаноби Ҳақ субҳонаҳу ва таоло - ҳамма нарсани Эшитгувчи ва Кўргувчи бўлган Зот бежиз эмаски, Ўзининг севикли бандаси ва сўнгги Элчисини самоларда сайр қилдиришдан аввал ана ўша муборак заминни зиёрат қилишларини ирода қилди.

2. Мусога эса, Китоб (Таврот) ато этдик ва у (Китоб)ни бани Исроил (қавми) учун Ҳидоят қилиб (дедик): «Сизлар Мендан ўзгани вакил (яъни, барча ишлар ишониб топшириладиган зот) қилиб олманглар!
“Мусога эса, Китоб - Таврот ато этдик”.
Яъни, Биз Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламни Масжидул-Ҳаромдан Масжидул-Ақсога сайр этдирганимиз ва меърож билан мушарраф қилганимиз каби Мусо алайҳис-саломни ҳам Тур тоғига чақирдик ва у жойда Мусога Китоб - Таврот ато этдик.
Ояти кариманинг ушбу жумласида Ҳақ таоло Иброҳим алайҳис-саломнинг фарзанди Исмоил алайҳис-салом авлодидан бўлмиш Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга тунги сайр ва меърож мўъжизасини ато этишидан неча юз йиллар илгари Иброҳим алайҳис-саломнинг яна бир фарзанди Исҳоқ алайҳис-салом авлодидан бўлган Мусо алайҳис-саломга ҳам бир улуғ мўъжиза - Таврот Китобини ато этгани ҳақида хабар беради.
“Ва у (Китоб)ни бани Исроил (қавми) учун Ҳидоят қилдик”.
Оллоҳ таоло Ўзининг Тавротни Мусога ато этишидан мақсади бани Исроил мана шу Илоҳий Китобга амал қилиб Ҳидоят топишлари - Тўғри Йўлга юришлари эканини эслатади. Агар яҳудлар Тавротни бузмай, ўзгартирмай, ўз томонларидан бирон сўз қўшмай, унинг кўрсатмаларига амал қилганларида Яратганнинг ғазабига дучор бўлмаган бўлар эдилар ва бу Китобда зикр қилинган охир замон Пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатларини ўқиб, у зотга иймон келтирганларида Тўғри Йўлни топган бўлар эдилар.
“Сизлар Мендан ўзгани вакил (яъни, барча ишлар ишониб топшириладиган зот) қилиб олманглар!”
Яъни, Мусо алайҳис-саломга ато этилган Таврот Китобининг мағзи-моҳияти ҳам Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига таваккул қилиш ва Ундан ўзга бирон нарса ёки кимсага суянмаслик кераклиги ҳақидаги Илоҳий Фармон эди.

3. (Эй) Биз Нуҳ билан бирга (кемада) кўтариб (ғарқ бўлишдан нажот берган) кишиларнинг зурриётлари, (сизлар ҳам Нуҳнинг йўлини тутинглар), зотан, у доимо шукр қилгувчи банда эди.
Муфассир уламолар ушбу ояти карима иккинчи оятдаги сўнгги жумланинг давоми эканлигини айтадилар. Демак, бу ўринда хитоб фақат бани Исроил қавмига қаратилган бўлмай, жамийки инсониятга хитоб қилинган бўлади. Ҳақ таоло Нуҳ алайҳис-саломга ҳам, у зотга иймон келтирган кишиларга ҳам Унинг Ўзи тўфон балосидан нажот берганини эслатиб, уларнинг авлод-зурриётларига, демакки, Ер Юзидаги барча инсонларга Унинг Ўзидан бошқа ҳеч кимга суянмасликни буюради ва оят давомида Нуҳ алайҳис-саломнинг доимо шукр қилгувчи банда бўлганини зикр қилиш билан Оллоҳ таолога доимий шукр қилиш Нуҳ ва унинг қавми нажотига сабаб бўлганини эслатади. Ривоят қилинишича, Нуҳ алайҳис-салом еганида ҳам, ичганида ҳам, ҳатто бирон либосини кийганида ҳам албатта “Алҳамдулиллоҳ”, деб Оллоҳ таолога шукр айтар экан. (“Ал-жомеъ лиаҳкомил-Қуръон”ва “Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” тафсирларидан).
Эътибор қилсак, суранинг илк оятида ва мана бу оятда Ҳақ таоло Ўзининг икки улуғ элчисини абд - банда, яъни, Оллоҳнинг қули деган шарафли ном билан атади ва чиндан ҳам бандайи комил бўлганлари сабабли улардан бирини - Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни Буроқ отига миндириб етти осмонга сайр қилдиргани, иккинчиларини - Нуҳ алайҳис-саломни эса, нажот кемасига миндириб тўфон балосидан қутқаргани ҳақида хабар берди.
Демак, дунё ва Охратда нажот топишни истаган ҳар бир инсон Танҳо Оллоҳ таолога сиғиниб тоат-ибодат қилиши, бошқача айтганда, чин ихлос билан Ёлғиз Унинг Ўзига қуллик қилиши керак. Фақат шундагина у чин маънода бахтли инсон бўлади. Оллоҳ таолога ибодат қилиш орланадиган эмас, аксинча фахрланадиган иш экани ҳақида мана бу ояти каримада ҳам айтилган: “Масиҳ ҳам, Оллоҳга яқин қилинган фаришталар ҳам Оллоҳга банда бўлишдан зинҳор ор қилмайдилар. Кимки Унга бандалик қилишдан ор қилса ва кибру ҳаво қилса, бас, уларнинг барчасини Ўз ҳузурига жам қилажак”. (Нисо сураси, 172-оят).
Дарҳақиқат, Яратган Парвардигорга - Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога қул бўлиш, Унинг Амр-Фармонига итоат этиш, Унга саждалар қилиб, Ундан дунё ва Охират яхшиликларини сўраш - бир сўз билан айтганда, Оллоҳга ибодат қилиш ҳар ким учун буюк шарафдир, ҳақиқий бахтдир, жумладан Ийсо Масиҳ каби буюк инсонлар, Оллоҳнинг элчилари учун ҳам, Жаброил каби Оллоҳ таолонинг Раҳмат ва Ризосига яқин бўлган, Унинг Арши Аълоси атрофидаги малоикалар учун ҳам. Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога сиғиниш ҳеч ким учун, жумладан мазкур зотлар учун ҳам ор қилинадиган, уяладиган иш эмас асло. Аксинча, Холиққа сиғинмай махлуқларга сиғиниш, бутларга чўқиниш, ўзи каби инсонларга қуллик қилиш, ҳавойи нафсга бўйинсуниш - мана бундай иллатларга мубтало бўлиш ордир, Ёлғиз Оллоҳ берган умрни яшаб туриб, кеча-ю кундуз У ато этган ризқ-рўздан фойдаланиб, Унинг саноқсиз неъматларидан баҳраманд бўла туриб Унга сиғинмаслик уятдир, Унинг Буйруғига бўйинсунмаслик, Унга бандалик қилмаслик кўрнамакликдир! Оллоҳ таолога тоат-ибодатсиз ҳам бахтли инсон бўлиш мумкин деб ўйлаш энг катта бахтсизликдир!
Ким Оллоҳ таолога Ибодат қилишдан роҳатланмайдиган бўлса, Унинг Ўзига сиғинадиган бандалари қаторига қўшиб қўйгани учун шукрлар қилмай, аксинча ор қиладиган бўлса, Тенгсиз Буюк Зот - Оллоҳ таолонинг Ўзи буюрган ибодатдан кибр-ҳаво қилиб бош тортса, Яратганнинг чексиз-чегарасиз Қудрат Эгаси эканини, ўзининг эса беҳад заиф ва майда махлуқ эканини унутиб қўйса, у ҳолда аниқ билиб кўйсинки, дунё ва Охиратнинг Ёлғиз Хожаси бўлган Оллоҳуни ҳам, унга ўхшаган кўрнамак-кофирларни ҳам ва Оллоҳ таоло берган умрларини иймон билан, ибодат билан ўтказган мўмин-мусулмонларни ҳам - Одам зурриётининг барчасини Ўз ҳузурида - маҳшаргоҳда тўплайди: “Ва ҳар бир жон ўзи билан бирга (уни маҳшаргоҳга) ҳайдагувчи (бир фаришта) ва (унинг қилиб ўтган амалла-рига) гувоҳлик бергувчи (бир фаришта) бўлган ҳолда келди.”, (Қоф сураси, 21-оятлар).
Сўнг -

4. Биз бани Исроилга Китобда (Тавротда): «Сизлар албатта (Шом) заминида икки марта бузғунчилик қилурсизлар ва ўзларингизни жуда баланд ҳисоблайсизлар», деб хабар берганмиз.
Ушбу ва қуйидаги оятлар бани Исроил қавми тарихидан хабар беради. Ҳақ таоло Мусо алайхис-саломга бани Исроил қавми учун Ҳидоят - Тўғри Йўл қилиб туширган Таврот Китобида улар келажақда Фаластин замини-да кўп бузғунчиликлар қилишлари, Оллоҳ таолога осий бўлиб, Унинг Тавротда буюрган Ҳукмларига қайта-қайта хилоф ишлар қилишлари ва мана шу ҳаёти дунёнинг ўзида қилган бу жиноятлари учун етарли жазо ҳам олишлари аниқ эканлиги ҳақида хабар берганини айтади. “Танвирул-азҳон” ва “Тафсирул-Мунийр” китобларида зикр қилинишича, яхудларнинг биринчи бузғунчиликлари Таврот Китобига турли ўзгартиришлар киритиб, Оллоҳнинг Каломини бузганлари ва уларни Ҳақ Йўлга чақирган кўплаб пайғамбарларни қатл қилганларидир. Иккинчи бузғунчиликлари эса, Закариё ва Яҳё алайҳимас-саломни ўлдириб юборганлари ва Ийсо алайҳис-саломни ҳам ўлдиришга қасд қилганларидир.
“...ва ўзларингизни жуда баланд ҳисоблайсизлар”.
Ушбу жумла бани Исроил ўта мутакаббир қавмлиги, уларнинг ишлари Оллоҳ таолонинг Ҳукмига итоат этишдан кибр қилиб, шариат қонунларини бузиш ва бошқа миллатларни ўзларига тенг кўрмасдан оёқ ости қилиш эканлиги ҳақида огоҳлантиради. “Яҳудийлар ҳам, насронийлар ҳам: “Биз Оллоҳнинг болаларимиз, суйганларимиз”, дедилар”. (Моида сураси, 18-оят). Демак, улар бузғунчилик қилаверадилар.

5. Бас, қачон у икки (бузғунчилик)дан аввалгисининг (жазоси учун) ваъда қилинган вақти келганида, Биз сизларнинг устингизга (қилмишларингиз баробарида жазолаш учун) куч-қувват эгалари бўлган бандаларимизни юбордик. Улар (сизларни ҳалок қилиш ва асир олиш учун) ховли-жойлар оралаб кездилар. (Бу ваъда) адо қилингувчи ваъда бўлди.
Муфассирлар айтишларича, бани Исроил қавми ҳаромни ҳалол деб, ноҳақ қон тўкиб бузғунчилик йўлига кирганларида, Оллоҳ таоло уларнинг устига Бобил хукмдори мажусий Бухтансарни ғолиб қилиб қўяди. У ўзининг саноқсиз лашкари билан келиб, бирон ҳовлини қолдирмасдан титиб ташлайди ва бани Исроилдан етмиш минг нафарини қиличдан ўтказади, ёш болаларини асир олади, Тавротни ёқиб юборади, масжидни бузиб ташлайди, уй-жойларини вайронага айлантиради. Бу Оллоҳ таоло ваъда қил-ган жазо эди. (“Танвирул-азҳон” тафсиридан).
Ушбу жазо бани Исроил қавми учун ўта қаттиқ ва етук бир дарс бўлди ва яхши самара берди. Улар бўлган воқеа-фожиадан кўзлари очилиб Тўғри Йўлга қайтдилар, ўзларини ўнглаб Китоблари Тавротни махқам ушлайдиган, ўз динлари буюрган амалларни адо қиладиган бўлдилар. Бу эса, у қавмга яна қайтадан Оллоҳ таолонинг мадади келишига сабаб бўлди. Қуйидаги оятда шу ҳақда хабар берилади.

6. Сўнгра (тавба-тазарруь қилиб ўзларингизни ўнглаганингиздан кейин) Биз сизларга қайтадан уларнинг (Бобил хукмдорининг) устидан ғалаба ато қилдик ва сизларга мол-дунё ҳамда фарзандлар билан мадад бериб, саноқларингизни кўпайтирдик.
Яъни, қачонки сизлар, эй бани Исроил қавми, ўзларингизни ўнглаб, қилган бузғунчиликларингиздан қайтиб тавба-тазарруъ қилганларингиздан кейин Биз сизларга туғёнга тушганларингиз сабабли маҳрум бўлиб қолган давлатларингизни қайтариб бердик, сизлар яна қайтадан куч-қувватга тўлдингиз, душманларингизни ҳалок қилдик. Яна Биз сизларнинг мол-дунёларингизга баракотлар бериб, авлод-фарзандларингизни кўпайтириб, асир қилиб олиб кетилган болаларингизнинг ўрнини тўлғаздик ва сизларнинг саноқларингизни душманларингиз саноғидан кўпроқ қилиб қўйдик. Оқибат-натижада душманларингиз сизларнинг куч-қувватингиз ва жанг-у жадалларга сизлар билан бирга чиқадиган авлодларингизнинг саноғи кўплигидан қўрқиб турадиган бўлиб қолишди. Шаҳарларингиз яна қайтадан обод бўлиб, аввалгидан ҳам кўркли ва гўзал суратга кирди.

7. Агар чиройли амал қилсангизлар - ўзларингиз учун (яхшилик қилган бўлурсизлар). Агар ёмон - гуноҳ амал қилсангизлар ҳам ўзларингиз учундир. Бас, қачон кейинги (бузғунчилик)нинг (жазоси учун) ваъда қилинган вақти келганида, (яна) юзларингизни қаро қилишлари, аввалги сафар кирганлари каби Масжид (ал-Ақсо)га кириб, (хароб қилишлари) учун ҳамда ўзлари эгаллаб олган ерларни вайрон этишлари учун (яна қаттиқ куч-қувват эгалари бўлган душманларингиз-ни сизларнинг устингизга юбордик).
“Агар чиройли - яхши амал қилсангизлар, ўзларингиз учун (яхшилик қилган бўлурсизлар). Агар ёмон - гуноҳ амал қилсангизлар ҳам ўзларингиз учундир”.
Яъни, агар сизлар Оллоҳ таолога итоат этсангизлар, Унинг буйруқларига бўйинсунсангизлар, қайтарганларидан қайтсангизлар, бас, у ҳолда ўзингизга яхшилик қилган бўлурсизлар - бу яхшиликларингиз сабабли Оллоҳ таоло сизларга хайру барака эшикларини очиб қўяди, бу дунёда сизларни ёмонлик қилгувчилардан Унинг Ўзи ҳимоя қилади, Охиратда эса, сизларга қилган яхши амалларингизнинг ажр-мукофотини ато этади. Аммо агар сизлар Оллоҳ таоло ҳаром қилган ёмонлик - гуноҳларни қиладиган бўлсангизлар, у ҳолда ўзингизга зиён қилган бўлурсизлар - бу ёмонликларингиз сабабли Оллоҳ таоло сизларни турли азоб-уқубатларга дучор қилур, бу дунёда душманларингиз устингизда ҳукмрон бўлур, Охиратда эса, хор-у абгор қилгувчи дўзах азобига гирифтор қилинурсизлар.
Лекин Ҳақ таолонинг бу огоҳлантиришидан бани Исроил қавми ибрат олмадилар ва яна ўзларининг бузғунчилик йўлларига тушиб олдилар. Бани Исроил қавми қилган жиноятлардан энг каттаси, улар Оллоҳ таолонинг пайғамбарларидан бўлмиш Закариё ва Яҳё алайҳимас-саломни қатл қилганларидир. Яна улар Ийсо алайҳис-саломни ҳам ўлдирмоқчи бўлдилар, аммо Ҳақ таоло Ўзнинг солиҳ бандаси ва пайғамбари Ийсони Ўз ҳузурига, осмонга кўтариб, унга яҳудлар қўлида ҳалок бўлишдан нажот берди. Бу ҳақда Нисо сурасида хабар берилади: “Яна кофирликлари ва Марям хусусида улуғ бўҳтон қилганликлари сабабли ҳамда Оллоҳнинг элчиси бўлган ал-Масиҳ Ийсо бинни Марямни «Биз ўлдирганмиз», деган сўзлари сабабли (Биз уларни лаънатладик). Ҳолбуки, улар (Ийсони) ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Ийсога) ўхшатиб қўйилди, холос. Албатта (Ийсо) ҳақида талашиб-тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида шубҳада қолганлар. У ҳақда ҳеч қандай билимлари йўқ, фақат гумонларга бериладилар, холос. Уни ўлдирмаганлари аниқдир”. (Нисо сураси, 156-157-оятлар).
Яхудлар бани Исроил қавмидан сўнгги пайғамбар қилиб юборилган Ийсо алайҳис-саломнинг онаси бўлмиш, Марямга зўр туҳмат қилдилар. Оллоҳ таолонинг покиза чўриси бўлган бу маъсума аёлни бузуқликда айбладилар. Унинг ўғли Ийсони “валади зино” дедилар. Бешикда ётган чақалоқ - Ийсо Оллоҳнинг Қудрати билан тилга кириб, ўзининг дунёга келиши ҳақида сўзлаб, Оллоҳ таолонинг “Бўл”, деган Сўзи билан Марям вужудида пайдо бўлганини, яъни, онаси Марям покдоман аёл эканини айтиб турса-да, шундай Илоҳий Мўъжизани ўз кўзлари билан кўриб туриб ҳам инсофга келмадилар, Марямни ҳақоратлар қилдилар, Ийсо Оллоҳнинг расули эканига ишонмадилар, кофир бўлдилар, бу ҳам етмагандек, Ийсо алайҳис-саломни ўлдирмоқчи бўлдилар. Ҳатто “Ҳеч шак-шубҳасиз биз Оллоҳнинг элчиси бўлган ал-Масиҳ Ийсо бинни Марямни ўлдирганмиз”, деб даъво ҳам қилдилар. Мана шундай қилиб, Марямга зўр туҳмат қилганлари, Ийсонинг пайғамбар эканини тан олмай кофир бўлганлари, “Биз Ийсони ўлдирдик”, деб даъво қилганлари сабабли ҳам яҳудлар Оллоҳнинг лаънатига дучор бўлдилар.
“Ҳолбуки, улар (Ийсони) ўлдирганлари ҳам, осганлари ҳам йўқ. Фақат улар учун (бошқа биров Ийсога) ўхшатиб қўйилди холос”.
“Тафсири Мунийр”да зикр қилинишича, воқеа бундай бўлган эди. Яҳудлар Ийсо алайҳис-саломга нозил бўлган Инжилга иймон келтирган кишилар кўпайиб кетишидан қўрқиб, уни ўлдирмоқчи бўлдилар ва бу бадғаразларига етиш учун шундай макр қилдилар: Улар Ийсо алайҳис-саломни ўша замоннинг динсиз подшоҳига бориб чақдилар - бир кимса одамларни йўлдан оздирмоқда, подшоҳга итоат қилмасликка чақириб, уларни бузмоқда, ота ва болаларни бир-бирига душман қилиб қўймоқда, деб туҳмат қилдилар. Улардан бу сўзларни эшитган подшоҳ Ийсони ушлаб, дорга осиш учун аскарлари билан келиб, унинг уйини қуршаб олишди. Ийсо улардан қочиб уйга кирганида, Оллоҳ таолонинг Амри билан Жаброил алайҳис-салом уни уйининг туйнугидан кўтариб, осмонга олиб чиқиб кетди. Уйни қуршаб турган подшоҳ аскарлари орасидаги Яҳузо исмли нопок кимсага: “Сен кириб уни ўлдиргин”, деб буюрди. У уйга кириб Ийсо алайҳис-саломни топа олмади, аммо Оллоҳ таоло шу заҳоти унингўзини Ийсонинг суратига киритиб қўйди. Яратганнинг бу “макри”-дан бехабар Яҳузо ташқарига чиқиши билан уни кўриб Ийсо қочиб чиқди деб ўйлаган кофирлар уни ушладилар, ўлдирдилар ва дорга михлаб кўйдилар. Фақат шундан кейингина ўзларига келиб: “Бунинг юзи Ийсога ўхшайди-ю, бадани Яҳузога ўхшайди-я! Агар бу Яҳузо бўлса, у ҳолда Ийсо қани? Агар бу Ийсо бўлса, у ҳолда Яҳузо қани?” деб қолдилар.
“Албатта (Ийсо) ҳақида талашиб-тортишган кимсалар унинг (ўлдирилган-ўлдирилмагани) ҳақида шубҳада қолганлар. У ҳақда ҳеч қандай билимлари йўқ, фақат гумонга бериладилар, холос. Уни ўл-дирмаганлари аниқдир”.
Дарвоқеъ, Ийсо алайҳис-салом тўғрисида бани Исроил қавмида, яъни, яҳуд ва насронийларда доимий талаш-тортиш бор. Яхудларнинг айримлари “Биз уни ўлдирганмиз”, десалар, айримлари: “Агар у ўлдирилган Ийсо бўлса, у ҳолда Яҳузо қани”, деб иккиланадилар. Насронийлар эса Ийсони яҳудлар ўлдириб, дорга осганлар, деб биладилар. Аммо Қуръон ҳукми билан аниқ гап шуки, улар Ийсо алайҳис-саломни ўлдира олмаганлар.
“Балки уни Оллоҳ Ўз ҳузурига кўтаргандир. Оллоҳ Кудрат ва Ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир”. (Нисо сураси, 158-оятлар).
Ҳасан Басрийдан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам яхудларга: “Аниқки, Ийсо ўлмаган ва у Қиёмат Кунидан илгари сизларнинг олдингизга албатта қайтгувчидир”, дедилар.
Абу Ҳайён айтади: “Меърож ҳақида Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда айтилишича, Оллоҳ таоло Ийсо алайҳис-саломни иккинчи осмонга кўтарган ва то у зот ерга тушиб, дажжолни қатл қилгунича ўша жойда яшайди”.
Қудрат ва Ҳикмат Эгаси бўлган Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ийсони бешикаст самога кўтарди ва уни ўлдирмоқчи бўлган яҳудларнинг устига Рум мамлакатидан шундай қўшин юбордики, улар яҳудлардан жуда кўпини қириб юбордилар. Шунингдек, қолган яҳудлар ҳам то Қиёмат аждодлари қилган бу жиноят учун хорлик, сарсон-саргардонлик азобини тортиб ўтадилар.
“Тафсири Мунийр”да келтирилишича, яҳудлар подшоҳи қатл қилган Яҳё алайҳис-саломнинг ўлимига мана бу воқеа сабаб бўлган экан: Ривоят қиладиларки, Фаластин ҳокимларидан бири Ҳирувдаснинг акасини ҳуснда тенгсиз бир қизи бўлиб, унинг исми Ҳирувдия экан. Ана ўша фосиқ ҳоким Ҳирувдас ўз жиянига ишқи тушиб, унга уйланмоқчи бўлади. Қиз ва онаси ҳам бунга рози бўладилар. Фақат Яҳё алайҳис-салом қиз ўз амакисига турмушга чиқиши ҳаром эканини айтиб бу ношаръий ишга қаттиқ қарши туради. Аммо пайғамбарнинг сўзига қулоқ солинмай, ҳоким ўз акасининг қизига уйланади. Тўйда келин куёвнинг олдида ўзининг ҳусну жамоли, қадди қоматини кўз-кўз қилиб рақс тушар экан, бу ноз-карашмалардан маст бўлган куёв ундан қандай орзуси борлигини сўрайди ва тилаган нарсасини дарҳол бажаришга ваъда беради. Шунда келин онаси билан келишиб, куёвдан ўта даҳшатли бир ишни - тўйларига тўсқинлик қилган Яҳё алайҳис-саломнинг бошини бир товоққа солиб, унга ҳадя қилишини сўрайди! Ва иймонсиз ҳоким амаки - куёв берган ваъдасининг устидан чиқади! Шундай қилиб, ўша олис мозийда инсоният тарихида қора доғ бўлиб қолган мудҳиш фожиа юз беради - Оллоҳ таолонинг улуғ пайғамбарларидан бири ўз қавмининг қўлида қатл қилинади!
“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” тафсирида айтилишича, бани Исроил қавмининг аввал қилган бузғунчиликларига Оллоҳ таоло томонидан берилган мудҳиш жазодан кейин орадан беш юз йил ўтгач, улар яна юқорида зикр қилинган даҳшатли жиноятларни қилишгач, Ҳақ таоло уларнинг устига Рум подшоҳи Қустантинни жўнатди. У Қуддус шаҳрини ва Масжидул-Ақсони вайронага айлантириб, сўнгра яҳудлар қурбонликларини сўядиган жойга кирган эди, у ерда тинмай қайнаб турган қонни кўрди ва мана шу жойнинг ўзида минглаб яҳудлрни қатл қилди, аммо устига тўкилган шунча қонлардан кейин ҳам ҳалиги қон қайнашдан тўхтамади. Қустантин яҳудларга қараб: “Агар сизлар менга мана бу қон ҳақида рост сўзни айтмасаларингиз, мен сизлардан бирон кимсани қолдирмасдан қатл қиламан”, деган эди, улар: “Бу Яҳё ибн Закариё алайҳимас-саломнинг қони”, дейишди. Шундан Рум подшоҳи Қустантин: “Роббингиз сизлардан мана пгу жиноятингиз учун интиқом олмоқда экан-да”, деди.

8. (Агар тавба-тазарруъ қилиб ўзларингизни ўнгласангизлар), шояд Парвардигорингиз сизларга раҳм қилса. Агар (яна бузғунчиликка) қайтсангизлар, Биз ҳам (сизларни ҳалок этишга) қайтурмиз. Биз кофирлар учун жаҳаннамни зиндон қилиб қўйганмиз.
Яъни, эй бани Исроил, агар сизлар мана бу иккинчи марта қилган бузғунчиликларингизга яраша жазоларингизни олганингиздан кейин яна астойдил тавба қилиб исён ва туғёнларингиздан тийилсангизлар, ажаб-мас, Оллоҳ таоло сизларга яна раҳм қилса ва кўлларингиздан кетган молу-давлат, шону шавкатингизни яна қайтариб берса. Аммо агар сизлар яна қайтадан аввалги бузғунчиликларингизга қайтсангизлар, у ҳолда Биз ҳам сизларни яна янги азоб-уқубатларга дучор қилурмиз. Сизларга ваъда қилинаётган бу азоб-укубатлар сизларнинг мана шу ҳаёти дунёда қилмишларингизга яраша оладиган жазоларингиз бўлади. Охиратда эса, сизларни тамоман бошқа жазо кутиб турибди. Биз барча кофир кимсалар учун жаҳаннамни улар мангу азобланадиган зиндон қилиб тайёрлаб кўйганмиз.
Қатода айтади: “Бани Исроил қавми Ҳақ таоло уларга Таврот Китобида ваъда қилган мана шу Илоҳий Марҳаматдан кейин ҳам яна куфр ва исёнга қайтдилар, бас, Оллоҳ таоло уларни аввалги икки марта қилган жиноятларига мажусий подшоҳлар қўли билан жазо берганидан кейин, энди, учинчи марта яна бузғунчилик йўлига кирганларида уларнинг устига Ўзининг энг севикли бандаси, сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни юборди ва улар хор-у ҳақир ҳолда жизя - со-лиқ тўлаб кун кечирадиган аҳволга тушиб қолдилар”.
Бу ҳакда Тавба сурасида хабар берилгандир: “Оллоҳга ва Охират Кунига иймон келтирмайдиган, Оллоҳ ва Унинг Элчиси ҳаром деган нарсани ҳаром деб билмайдиган, Ҳақ (яъни, Ислом) Динига эътиқод қилмайдиган аҳли Китоблардан иборат бўлган кимсаларга қарши то улар кичрайган (яъни, мағлуб бўлган) ҳолларида ўз қўллари билан (зиммаларидаги) солиқни тўламагунларича, жанг қилингиз!” (Тавба сураси, 29-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло мўминларни аҳли китобларга, яъни, яҳудий ва насронийларга қарши то улар Ҳақ Динга иймон келтириб мусулмон бўлмагунларича ёки мусулмонларга бўйин эгиб, мағлуб бўлганларини тан олиб, ўз қўллари билан зиммаларидаги солиқларини тўламагун-ларича жанг қилишга буюради.
Калбий айтади: “Ояти карима яхудларнинг Бану Қурайза ва Назийр қабилалари тўғрисида нозил бўлган. Бу икки қабила мусулмонлар билан тузган тинчлик шартномасига хиёнат қилишгач, Пайғамбар алайҳис-салом уларга қарши уруш эълон қилганлар ва яҳудлар ўзларининг мағлуб бўлишлари аниқ эканига кўзлари етгани учун яна сулҳ тузишни таклиф қилишиб, ўз мағлубиятларини тан олишиб, мусулмонларга солиқ тўлаб туришга рози бўлганлар. Бу аҳли Китобларнинг ўз мағлубиятларини тан олиб, аҳли Исломга тўлаган биринчи солиқлари эди”.

9-10. Албатта ушбу Куръон энг Тўгри Йўлга ҳидоят қилур ва хуш-хабар берурки, яхши амалларни қиладиган мўминлар учун катта ажр-мукофот бордир. (Шунингдек, ушбу Китоб) Охиратга ишонмайдиган кимсалар учун Биз аламли азоб тайёрлаб қўйганимиз ҳақида ҳам (“хушхабар” берур).
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, албатта, Биз Сизга ато этган тенгсиз Мўъжиза бўлмиш ушбу Қуръон фақат бир миллат ёки қавмни эмас, балки бутун инсониятни йўллар ичидаги энг Тўғри Йўлга, динлар ичидаги энг Ҳақ Динга ҳидоят қилади - уларга бу ҳаёти дунёда тўғри ва бахтли ҳаёт кечириш йўлини кўрсатиб беради ҳамда ушбу Китоб Каломуллоҳ эканига иймон келтириб, унинг оятлари баён қилиб берган ҳукм ва қонунлар андозасида солиҳ амаллар қилган мўминларга ўша амаллари учун катта мукофот - жаннат борлиги ҳақида хушхабар беради. Бу мукофот шунчалар буюкки, унинг олдида дунё ва ундаги бор нарсалар жуда арзимас ва кичкина бўлиб қолади. Шунингдек, ушбу Қуръон Охиратга, у диёрда қайта тирилиш, ҳисоб ва жазо борлигига ишонмайдиган кимсалар учун албатта жон чидагис аламли азоб борлиги ҳақида ҳам “хушхабар” беради.
Демак, Қуръон кўрсатган Тўғри Йўлга юриш учун, унинг ҳукм ва қонун-ларини билиб амал қилиш ва катта ажрга эришиш учун энг аввало ушбу Азиз Китобни теран тафаккур ва тадаббур билан ўқиб-англаш керак, англаб ўқиш керак ҳамда унинг кўрсатмаларига албатта амал қилиш керак.
“Танвирул-азҳон”да ушбу икки оят тафсирида айтилади: “Билгилки, Қуръони Азимнинг Тўғри Йўлга далолат қиладиган кўрсатмалари уларга амал қиладиган мўминлар учунгина манфаатлидир. Иймонсиз ва амалсиз кимсалар ушбу Китобдан фойдалана олмайдилар. Мўминлар учун эса, Қуръон дин ва дунё ишларидан бирон нарсани қолдирмасдан ё ихчам-мухтасар ҳолатда ёки кенг-муфассал баён қилиб бергандир. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Қачон сизлар илм изласангизлар, Қуръонни ихтиёр қилинглар. Чунки ўтганларнинг ҳам, энди келадиганларнинг ҳам бор илми мана шу Китобдадир”. Ҳикоя қилинишича, орифлардан бири Қуръонда Пайғамбар алайҳис-саломнинг: “Мўминнинг жони баданидан худди хамирдан қил суғургандек осон чиқиб кетади”, деган ҳадисларини қувватлайдиган оят ҳам бормикан деб тадаббур ва диққат билан Қуръонни бошдан-оёқ ўқиб хатм қилди, аммо ундай оятни топа олмади. Бас, ўша кеча тушида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни кўрди ва: “Ё Расулуллоҳ, Оллоҳ таоло Ўз Каломида “Ер тубларидаги ҳар бир дон, бор ҳўлу қуруқ нарса, албатта Очиқ Китобда мавжуддир”, (Анъом сураси, 59-оят) деганку. Мен бўлсам, Қуръонни тўла ўқиб хатм қилсам-да, Сиз айтган ҳадис мазмунини қувватлайдиган оятни Оллоҳнинг Китобидан топа олмадим”, деб сўраган эди, Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом: “Сен уни Юсуф сурасидан изла”, дедилар. Бас, у киши уйқусидан уйғонибоқ, ўша сурани ўқиди-ю, дарҳол излаган нарсасини топди. У мана бу оят эди: “Бас, қачонки (аёллар Юсуфни) кўришгач, (беихтиёр) уни олқиш-ладилар ва (ўзлари сезмаган ҳолларида, қўлларидаги пичоқлари билан) ўз қўлларини кеса бошладилар”. (Юсуф сураси, 31-оятдан).
Яъни, Қачонки у аёллар Юсуф алайҳис-саломнинг жамолини кўриш-гач, у билан шундай банд бўлиб қолдиларки, ҳатто қўлларини кесганларида пайдо бўлган оғриқни мутлақо сезмадилар. Худди шунингдек, мўмин ҳам жон берар пайтида Оллоҳ таолонинг раҳмат малоикаларини кўрганида, унга жаннатдаги жойи кўрсатилганида, унинг қалби жаннатдаги кўз кўриб - қулоқ эшитмаган неъматлар билан шу қадар банд бўлиб қоладики, ўлим оғриғини мутлақо ҳис қилмайди ва жон бадандан худди хамирдан қил суғургандек осон чиқиб кетади.
Ушбу ҳикоядан маълум бўладики, Қуръон ўқигувчи уни комил тадаббур ва тафаккур билан ўқиб ўрганса, ушбу Китобдан дин ва дунёга оид барча саволларига энг тўғри жавобни топади. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қуръонни шошмасдан ўқишга буюрганлар ва: “Ким Қуръонни уч кундан камроқ муддатда ўқиб хатм қиладиган бўлса, уни англаб ололмайди”, деб огоҳлантирганлар”. (Термизий ва АбуДовуд ривояти).

11. Инсон (Оллоҳ таолодан яхшилик сўраб) дуои хайр қилгани каби (гоҳо сиқилган пайтларида ёмонлик тилаб) дуоибад ҳам қилур. Инсон (мана шундай) шошқалоқдир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло инсон табиатидаги нуқсонлардан бирини зикр қилади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анхумо ва бошқалар оят тафсирида: “Мазкур дуойибад айрим кишиларнинг сиқилган ёки ғазабланган пайтларида ўзлари ё яқинлари ҳаққига “Оллоҳим, Ўзинг уни ҳалок қилгин, жувонмарг қилгин”, каби сўзлар билан ижобат бўлишини истамаган ҳолларида дуойибад қилишларидир”, деганлар. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Дарҳақиқат, инсон табиатан жуда шошқалоқдир. У ўзи орзу қилган яхшиликларга етиш учун қандай шошқалоқлик қилса, Оллоҳ таолодан ўша яхшиликка дарҳол етказишини сўраб дуолар қилса, баъзан ғазабланганида, сиқилиб кетганида ёки нодонлик қилиб, ўзи ёки ўзгалар учун ёмонлик ҳам шундай тез келишини сўраб дуо қилади, бировларни дуойибад қилиб қарғайди. Агар Оллоҳ таоло инсоннинг бундай дуоларини ҳам дарҳол ижобат қиладиган бўлса, у тил тортмасдан ўлиши аниқдир. Аммо бандаларнинг хато ва жиноятларига дарҳол жазо бермасдан, уларга тавба қилишлари учун муҳлат бергувчи Меҳрибон Парвардигор асло шошилмас экан, бугун шошқалоқлик билан айтган сўзларига эртага пушаймон бўлиб, афсус-надоматлар қиладиган кишиларнинг бундай беҳуда сўзлардан тавба қилиб Тўғри Йўлга юришларига имконият берар экан. Шунингдек, иймонсиз, Охиратда ҳисоб-китоб бўлишига ишонмайдиган кимсаларга ҳам улар сўраган азобни дарҳол туширмасдан, ўзларининг хато йўлларида, куфр ва исёнларида адашиб-улоқиб юраверишларига йўл қўйиб берар экан. Албатта Ҳақ таолонинг бу иши ҳам беҳикмат эмасдир. Чунки эҳтимол, у адашганларнинг ўзлари ёки авлод-зурриётлари келажакда динсизликдан тавба қилиб, Тўғри Йўлдаги инсонлар қаторига кирар. Агар шундай бўлмаса, у ҳолда ўзларидан кўрсинлар - куфр ва исён билан ўтказган кунлари кўпайган сари ундай кимсаларнинг тортадиган азоблари ҳам қаттиқроқ бўлади, аммо улар умрларининг ҳар бир куни ўзларининг зиёнларига ишлаётганидан бехабар ҳолларида ўз туғён ва исёнларида адашиб-улоқиб юраверадилар.
Ояти карима мафҳумидан яна ёмонлик сўраб дуо қилиш ва бировлар-ни қарғаш мўмин-мусулмонлар учун нолойиқ ишлар экани ҳам англашилади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда ҳам айтилган: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анхудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўзларингизни, авлодларингизни ва мол-мулкларингизни қарғаб дуойибад қилманглар! Яна Оллоҳ томонидан ижобат соатига тўғри келиб қолиб, У Зот бу дуойибад ва қарғишларингизни ижобат қилиб кўймасин”, дедилар. (Абу Довуд ва Ҳофиз Абу Бакр Баззор ривояти).
Мазкур саҳобийдан Муслим ва Ибн Ҳуббон ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: Жобир розияллоҳу анҳу айтди: “Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Батни Бувот ғазотига кетаётганимизда бир туяни беш, олти, ҳатто етти киши навбатма-навбат минишига тўғри келган эди. Ўшанда ансорийлардан бўлган бир киши туясини чўктириб миниб олгач, уни қўзғатган эди, қимирламай ётаверди. У туясига: “Тур, эй Оллоҳнинг лаънатига дучор бўлгур”, деди. Бу сўзни эшитган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Туясини қарғаётган ким?”, деб сўраган эдилар, ҳалиги киши: “Мен, ё Расулуллоҳ”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Туянгни биздан узоқ қил! Дуойинг ижобат бўлди - туянг лаънатланди”, дедилар.

12. Биз кеча ва кундузни (Ўзимизнинг Қудрати Илоҳийямизни кўр-сатиб турадиган) икки оят - аломат қилиб қўйдик. Сўнг (сизлар тунда ором олишингиз учун) кечанинг аломати (бўлмиш ой)ни «ўчириб» қўйдик, кундуз аломати (бўлмиш куёш)ни эса, токи сизлар Парвардигорингиздан фазлу марҳамат (яъни, ризқу рўз) истаб ҳаракат қилишларингиз учун ҳамда йилларнинг саноғини ва ҳисоб-китобни билишларингиз учун ёруғлик - зиё сочувчи қилиб қўйдик. Биз барча нарсани (рўзи азалдаёқ) батафсил баён қилиб қўйганмиз.
“Биз кеча ва кундузни (Қудрати Илоҳийямизни кўрсатиб турадиган) икки оят - аломат қилиб қўйдик”.
Дарҳақиқат, кеча ва кундуздан ҳар бири қаёқдан келиши ва қаёққа кетиши маълум эмаслиги, улардан бири кетиши билан бирон лаҳза кечикмай иккинчиси унинг ўрнини олиши, бири қисқарганда иккинчиси узайиши, шунингдек, кундузнинг ёруғ, кечанинг эса қоронғу бўлиши - ҳар кеча-кундузда бирон сонияга адашмасдан такрорланиб турадиган бу ҳодисалар ҳар бир онгли - ақлли инсон учун - кеча ва кундузнинг ҳам Эгаси борлигини, У Зот тенгсиз ва Ёлғиз Ҳукмдор эканини ва Унинг Қудрати бениҳоя улкан эканини аниқ кўрсатиб турадиган оят-аломатлардандир. Оятда кеча кундуздан аввал зикр қилинганига сабаб, воқеда кеча кундуздан муқаддам эканлигини таъкидлашдир. Чунки кундуз кечадан ечиб олинадиган бир либос каби бўлиб, у кечадан ечиб олиниши билан атрофни қоронғу босиб яна туннинг ўзи қолади. “Кеча ҳам улар учун (Бизнинг Қудратимизни кўрсатиб турадиган) бир оятдир: Биз ундан кундузни ечиб олишимиз билан баногоҳ улар зулматда қолурлар”. (Ёсин сураси, 37-оят). Шунингдек, янги ой киргани ҳам янги ой кўринган кечада маълум бўлади. “Сўнг (сизлар тунда ором олишингиз учун) кечанинг аломати (бўлмиш ой)ни “ўчириб” қўйдик, кундуз аломати (бўлмиш қуёш)ни эса, токи сизлар Парвардигорингиздан фазлу марҳамат (яъни, ризқи рўз) истаб ҳаракат қилишларингиз ҳамда йилларнинг саноғини ва ҳисоб-китобини билишларингиз учун ёруғлик - зиё сочувчи қилиб қўйдик”.
Табарийнинг «Жомиъул-Баён» тафсирида айтилишича, Бир киши ҳазрати Алий каррамаллоҳу важҳаҳудан: «Ойнинг юзидаги доғи нима?», деб сўраганда, у зот: «Қуръондаги: «Кечанинг аломати (бўлмиш ой)ни «ўчириб кўйдик», деган оятни ўқимаганмисан?», деб жавоб қилган экан.
“Тафсири Қуртубий”да хабар берилишча, Оллоҳ таоло Жаброил алайҳис-саломга амр қилди, бас, у бир қанотини ойнинг юзи устидан бир бор силаб ўтказдида, унинг зиёсини ўчириб қўйди. Аввал ой ҳам худди қуёш каби нур сочар эди. Ой юзидаги доғ ана ўша “ўчириш”дан қолган издир.
Фалакшунос олимлар ҳам: “Ой зиё сочувчи сайёра эмас, у ўз нурини қуёшнинг зиёсидан олади. Қуёш ботгач, унинг зиёси осмондаги ойга тушиб, ой нурланади ва қоронғу тун ойдин кечага айланади”, дейдилар.
Ояти каримада коинотдаги энг буюк сайёралардан бўлган қуёшни ҳам Оллоҳ таолонингЎзи яратгани ва уни зиё манбайи қилиб қўйгани айтилади. Энди у то Қиёмат қойим бўлгунича ўз фазосида айланиб юради, ўткир зиёси билан бутун жаҳонни ёритиб, тафти-ҳарорати билан оламни иситади, кунни тундан ажратиб машрикдан чиқар экан, инсонларга ҳаётларининг янги куни бошланганидан дарак беради, уларни кундалик юмушларини бошлашга чорлайди, мағрибга ботар экан, уларга умрларидан бир кун камайганини эслатади. Бошқача айтганда, Қуёш борлиқни ёритиб - иситишдан ташқари яна ҳар бир инсонга умри неча кундан иборат эканини ҳисоблаб бориши ва ҳаётининг ҳар бир кунидан фойдаланиб қолиши учун кеча - бугун - эртага деган меъёрни белгилаб берадиган бир ўлчов воситаси ҳамдир.
Ояти каримада бандаларнинг кундузлари ризқи рўз истаб саъй-ҳаракат қилишлари Оллоҳ таолодан фазлу карам исташ эканлиги уқтирилади. Чунки ризқнинг Эгаси Раззоқи олам бўлмиш Оллоҳ таолонинг Ўзидир. У Ўз Фазл Марҳамати билан бандаларига ризқи рўз улашади, бандаларнинг вазифаси эса, фақат Меҳрибон Парвардигорларидан Ўз Фазли билан ҳалол ризқ ато этишини сўраб ҳаракат қилишдир.
“Биз барча нарсани (рўзи азалдаёқ) батафсил баён қилиб қўйганмиз”.
(Яъни, дунёдаги содир бўладиган бирон иш ёки воқеа-ҳодиса тасодифий бўлмай, балки ҳар бирининг воқеъ бўлиш жойи, вақти ва сабаблари батафсил белгилаб қўйилгандир). Ушбу ояти карима мазмунини таъкидлайдиган оятлар бошқа сураларда ҳам келгандир: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Хабар берингизчи, агар Оллоҳ кечани Қиёмат Кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Оллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ сизларга бирон ёруғлик келтира олур?! Ахир англамайсизлар-ми?!» Айтинг: «Хабар берингиз-чи, агар Оллоҳ кундузни Қиёмат Кунигача устингизда мангу қилиб қўйса, Оллоҳдан ўзга қайси бир илоҳ сизларга ором оладиган кечани келтира олур?! Ахир кўрмайсизларми?! (Оллоҳ) сизлар учун кеча ва кундузни - унда (яъни, кечада) ором олишларингиз, (кундузи эса) Унинг фазл-ризқидан исташ-ларингиз ва шукр қилишларингиз учун пайдо қилиб қўйгани Унинг Раҳмат - Марҳаматидандир”. (Қасас сураси, 71-73-оятлар). “У эслатма-ибрат олмоқчи бўлган ёки шукр қилмоқчи бўлган кишилар учун кеча ва кундузни (бир-бирининг) ўрнини босувчи қилиб қўйган Зотдир”. (Фурқон сураси, 62-оят). “У (Оллоҳ) шундай Зотки, қуёшни (кундузлари) зиё сочгувчи, ойни эса (кечалари) нур - ёруғлик қилиб қўйди ва сизлар йилларнинг саноғини ҳамда (вақтларнинг) ҳисобини билишларингиз учун уни (яъни, ойни бир қанча) манзил-буржларга бўлиб қўйди. Ҳеч шак-шубҳасиз, Оллоҳ буни (яъни, қуёш ва ойнинг ҳар бирини) Ҳақ (Қонун ва Ҳикмат) билан яратди. У Зот биладиган қавм учун Ўз оятларини муфассал баён қилур”. (Юнус сураси, 5-оят).

13-14. Ва Биз ҳар бир инсоннинг қилган амалини бўйнига илиб қўйганмиз. Қиёмат Куни унга очиқ ҳолда рўбарў бўладиган бир Китобни (яъни, номаи аъмолини) чиқариб (кўрсатурмиз). (Ва унга дейилур): «Китобингни (яъни, номаи аъмолингни) ўқи! (Ва қанча савобинг, қанча гуноҳинг бор экан ҳисобини қил)! Бугун ўз нафсинг ўзингга қарши етарли ҳисоб-китоб қилгувчидир».
Ушбу оятларда Ҳақ таоло гўё шундай дейди: “Биз Рўзи азалдаёқ Ўзимизнинг азалий Илмимиз билан дунёга келиб-кетадиган ҳар бир инсоннинг ўз ихтиёри билан қиладиган ҳар бир яхши-ёмон амалини билиб, унинг бўйнига ҳеч тушиб кетмайдиган қилиб илиб қўйганмиз. Қачонки Қиёмат қойим бўлганида ҳар бир инсонга ана ўша китобини чиқариб берурмиз ва у ўзининг бутун ҳаёти давомида қилган ҳар бир яхши ва ёмон амали ёзиб қўйилган номайи аъмол китобини очиқ ҳолда кўрур”.
Ояти карима тафсирида Ҳасани Басрий розияллоҳу анҳу ушбу ҳадиси Қудсийни келтирибди: “Оллоҳ таоло айтди: “Эй Одам боласи, Биз сен учун саҳифа очиб қўйдик ва сенга икки улуғ фариштани вакил қилиб қўйдик. Улардан бири ўнг тарафингда, иккинчиси чап тарафингдадир. Ўнг тара-фингдаги фаришта қилган яхши амалларингни ёзиб турур, чап тарафингдагиси эса, ёмон амалларингни ёзиб турур. Бас, сен ўзинг хоҳлаган амални қилавергин, хоҳласанг оз амал қил, хоҳласанг амалларингни кўпайтиргин. Қачонки ўлсанг саҳифанг ёпилур ва бўйнингга илиниб сен билан бирга қабрингга кирур. То Қиёмат Кунида сенга кўрсатилгунича у сен билан бирга бўлур”. Ана ўша Кунда ҳар бир инсонга “бутун ҳаётинг давомида қилган барча яхши-ёмон ишларинг ёзилган китобингни ўқиб кўр ва ўзинг қанча савоб амалинг ва қанча гуноҳ ишларинг борлигини ҳисобини қил. Бугун сени ҳисоб-китоб қилишга ўз нафсинг кифоя қилади. Қани, ҳар бир ишингга гувоҳ бўлиб турган нафсинг сени қандай мукофот ёки жазога лойиқ эканингни айтсин”, дейилади.
Солиҳлардан бири айтади: “Номайи аъмолинг ёзилган китобингнинг қалами тилингдир, сиёҳи сўлагингдир, қоғози эса, жамийки баданингдир. Устингдаги фаришталарга айтиб туриб ёздирган ҳам сенингўзингдирсан. Улар бирон нарсани қўшмасдан ва камайтирмасдан ёздилар. Ёзилган нарсадан биронтасини инкор қиладиган бўлсанг, ўз нафсингўзингга қарши гувоҳ бўлур”. (“Тафсири Куртубий”дан).
Қатода раҳматуллоҳи алайҳ: “У Кунда ҳаёти дунёдан саводсиз ҳолда ўтган кишилар ҳам ўзларининг номайи аъмолларини ўқий оладилар”, дейди. (“Маолимут-танзил” тафсиридан).

15. Ким Тўғри Йўлга юрса, фақат ўз фойдасига юрган бўлур. Ким (Тўғри Йўлдан) адашса, фақат ўзининг зиёнига адашган бўлур. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга (жон)нинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Биз то бирон пайғамбар юбормагунча (ва у орқали Ўзимизнинг Амру Фармонларимизни юбориб, унга итоат қилишдан бош тортмагунича бирон кимсани) азоблагувчи эмасмиз.
“Ким Тўғри Йўлга юрса, бас, ўз фойдасига юрган бўлур. Ким (у Тўғри Йўлдан) озса-адашса, фақат ўзининг зиёнига адашган бўлур”.
Ушбу жумлани бизга мана бу оят ва унинг шарҳи тафсир қилиб беради: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Эй инсонлар, аниқки, сизларга Парвардигорингиздан Ҳақ - Куръон келди. Бас, ким Тўғри Йўлга юрса, фақат ўз фойдасига юрган бўлур. Ким (у Тўғри Йўлдан) адашса, фақат ўзининг зиёнига адашган бўлур. Мен сизларнинг устингизда вакил - қўриқчи эмасман». (Юнус сураси, 108-оят).
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз барча инсонларга - Сизни кўриб, сўзларингизни эшитиб турган замондошларингизга ҳам, шунингдек, Сизнинг даъватингиз етиб борадиган, кейинги асрларда дунёга келадиган инсонларга ҳам мана шу Сўзни етказиб қўйинг: “Эй инсонлар, сизларга барча оламларнинг Эгаси бўлмиш Оллоҳ таоло томонидан нозил қилинган, ҳар бир калимаси Ҳақ бўлган, сизларга Ҳақ Йўлни кўрсатадиган Ҳақ - Қуръон келди. Бас, ким ушбу Китоб Каломуллоҳ эканига иймон келтириб, У кўрсатиб берган Тўғри Йўлга юрса, ўзи учун манфаатли йўлга юрган бўлур. Чунки ушбу Китоб кўрсатган соф Исломий ақийдага эга бўлган, У буюрган амалларни қилган, У қайтарган ишлардан ўзини тийган инсон ҳаёти дунёда ҳам, Охират диёрида ҳам шак-шубҳасиз бахт-саодатга эришади.
Аммо ким ушбу Китоб кўрсатган Ҳидоят Йўлини тарк қилиб залолат йўлини танласа, яъни, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилмай, турли-туман бут-санамларга сиғинса, қаттиқ адашган бўлади ва бу адашиши сабабли фақат унинг ўзи зиён тортади. Мен сизларнинг устингизда вакил эмасман, яъни, менинг зиммамдаги вазифа сизларнинг устингизда қўриқчилик қилиб, сизларни зўрлаб иймон йўлига киритиш эмас, балки мен фақат сизларнинг орангиздаги Ҳақ Йўлдан юз ўгирган ва мени ёлғончи қилган кимсалар учун Оллоҳнинг азоби борлиги ҳақида огоҳлантиргувчи, Ҳақ Йўлга юрган инсонларга жаннат хушхабарини бергувчи бир элчидирман холос”.
Ояти карима мазмунидан аниқ маълум бўладики, одамларнинг Ҳақ таоло томонидан нозил қилинган Ҳақ Каломга иймон келтириб, Ҳақ Йўлга юришларидан Оллоҳ таоло манфаатдор эмас, балки ана ўша мўминларнинг ўзлари манфаат кўрадилар, шунингдек, одамлар Ҳақ Йўлни тарк этиб, залолат йўлини танлашларининг Ҳақ таолога ҳеч қандай зиёни йўқдир, балки бу қилмишларидан ана ўша кофирларнинг ўзлари зиён кўрадилар.
Инсонлар мана шу Ҳақиқатни англашга ўта муҳтож бўлганлари сабаб-ли Оллоҳ таоло Ўз Китобида бу мавзуга оид оятларни бир неча сураларда қайта-қайта нозил қилди: “Эй инсонлар, бу Элчи сизларга Парварди-горингиздан Ҳақ (Дин)ни келтирди. Бас, иймон келтирингиз, ўзингиз учун яхши бўлур. Агар кофир бўлсангизлар (ўзингизга зарар қиласиз, холос). Зеро, Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Оллоҳникидир. Оллоҳ Билим ва Ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир.” (Нисо сураси, 170-оят).
“Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга (жон)нинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас”.
Оят давомида келган ушбу жумлада ҳар бир инсон қиладиган иш-амали учун у яхши амал бўладими ёки ёмон амалми - ўзи жавоб бериши, агар яхши амал қилган бўлса, ажр-мукофотга унинг ўзи сазовор бўлиши, ёмон амали учун ҳам унинг ўзи жазоланиши, ҳеч ким бошқа бировнинг гуноҳини ўз бўйнига ола билмаслиги уқтирилади.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Ўзлари иймон келтирган ва зурриётлари ҳам уларга иймон билан эргашган зотларга (жаннатда ўша) зурриётларини қўшдик ва уларга қилган амалларидан бирон нарсани ҳам камитмадик. Ҳар бир киши ўзи касб қилган иши билан гаровга олингувчидир - ушлангувчидир. (Ват-тур сураси, 21-оят).
Ушбу оятни шундай тушунмоқ лозим. Агар аждодлар ҳаёти дунёдан иймон ва эзгу амаллар билан ўтиб, Оллоҳ таоло наздида юксак даражотларга эришсалар ва уларнинг фарзандлари ҳам уларга иймон билан эргашсалар-у, аммо ота-боболари муяссар бўлган баланд мақомларга кўтарила олмасалар-да, Оллоҳ таоло уларни ҳам ота-боболарига қўшиб, барчаларига Ўзи ваъда қилган жаннатдан жой ато этади, аммо фарзандлари сабабли аждодларнинг ажр-мукофотларини заррача камитмайди. Чунки ҳар бир жон ўзи қилган ишига жавобгардир.
“Оллоҳ ҳеч бир жонни тоқатидан ташқари нарсага таклиф қилмайди.” (Бақара сураси, 286-оят). “Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Ва инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни, ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас). Унинг қилган саъй-ҳаракати эса яқинда (Қиёмат Кунида) кўринур. Сўнгра у (ўша саъй-ҳаракати учун) тўла-тўкис жазо-мукофот олур”. (Ван-нажм сураси, 38-41-оятлар).
Демак, бировнинг қилган яхши амали учун бошқа биров мукофотланмайди ва аксинча бировнинг қилган ёмонлик - гуноҳи учун бошқа биров жазоланмайди, аммо агар бир киши бошқаларга яхши йўл кўрсатса, яхши амалга ўргатса ва улар ўша ўрганганлари яхши амални қилсалар, у ҳолда ўргатувчи ҳам улар оладиган савобдан насибадор бўлади ва аксинча биров бошқаларга ёмонлик - гуноҳ йўлини кўрсатса ва улар ўша ўрганган ёмонликларини қиладиган бўлсалар, у ҳолда ўргатувчи ҳам улар қилган гуноҳга шерик бўлади. Бу ҳақда Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Ким Исломда бир чиройли суннатга амал қилиб,уни бошқалар учун ҳам йўл қилиб қолдирса, унинг учун ўзи қилган амалнинг ажри ва ундан кейин ўша суннатга амал қилган кишиларнинг ажри бўлур, аммо уларнингўзларига ҳам оладиган ажрларидан бирон нарса камайтирилмас.
Ким Исломда ёмон йўлни тутса, (яъни, Дини Ислом қайтарган ишни қилиб, уни бошқаларга ҳам ўргатадиган бўлса), унинг учун ўзи қилган гуноҳнинг юки - жазоси ва ундан кейин ўша гуноҳни қилган кимсаларнинг жазоси бўлур, аммо уларнинг ўзларига ҳам оладиган жазоларидан бирон нарса камайтирилмас”.
Шунингдек, ҳаёти дунёда айрим ҳолларда бировларнинг қилган гуноҳ-жиноятлари учун бошқалар ҳам жазоланишлари мумкин. Масалан, одамлар бир-бирларини яхшиликка чақирмасалар, ёмонликдан қайтармасалар, у ҳолда ёмонлик қилган кимсаларнинг касофатидан ҳамманинг бошига фитна-бало тушиши мумкин. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада шундай дейилади: “Ҳамда бир фитнадан - балодан сақланингларки, у сизларнинг орангиздаги золим кимсаларнинг ўзигагина етмас, (балки ўша фитнага қарши курашмай қараб турган барчага етар.) Ва билингизки, албатта Оллоҳнинг азоби қаттиқдир.” (Анфол сураси, 25-оят).
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: “Албатта сизлар яхшиликка буюрасизлар ва ёмонликдан қайтарасизлар ёки (яъни, агар шундай қилмасангизлар), Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло сизларнинг устингизга энг ёмонларингизни султон қилиб қўяди, бас, улар сизларни ёмон азоблар билан азоблайди, сўнгра сизларнинг яхшиларингиз Оллоҳ азза ва жаллага ҳарчанд дуо қилсалар ҳам дуолари ижобат бўлмайди”, деб огоҳ-лантирганлар.
“Биз то элчи-пайғамбар юбормагунча азоблагувчи эмасмиз”.
Яъни, токи Биз одамларга уларни Тўғри Йўлга етаклайдиган, залолатдан қайтарадиган, хужжат-далиллар билан шариат хукмларини баён қилиб берадиган элчи-пайғамбарларимизни юбормагунимизча ва улар ўз зиммаларидаги вазифаларини адо этиб, одамларга Ҳақ Динни етказма-гунларича бирон кимсани қилган хато ва гуноҳлари учун азоблагувчи эмасмиз. Аммо қайси бир қавм ўзларига юборилган пайғамбарни ёлғончи қилса, унинг даъватларига қулоқ солмаса, буюрган амалларини қилмаса ва қайтарганларидан тийилмаса, фақат ўшандагина Илоҳий адолат ва ҳикмат ундай қавмни дунё ва Охират азоби билан жазолашни тақозо қилади.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “Қачон улар (жаҳаннамга) ташланганларида, қайнаб турган (жаҳаннамнинг худди эшак ҳанграшидек) бир ўкирик-фарёдини эшитурлар. У ғазабдан бўлиниб-парчаланиб кетгудек бўлур. Ҳар қачон (жаҳаннамга) бир тўда (кофир) ташланганида, унинг қўриқчилари улардан (кофирлардан): «Сизларга (ҳаёти дунёда) бирон огоҳлантиргувчи - пайғамбар келмаганмиди?», деб сўраганида; Улар дерлар: «Ҳа, дарҳақиқат, бизларга огоҳлантиргувчи келган эди, (лекин бизлар уни) ёлғончи қилганмиз ва: «Оллоҳ (ҳеч кимга) ҳеч нарса нозил қилган эмас, сизлар фақат катта залолат-гумроҳликдадирсизлар», деганмиз”. (Мулк сураси, 7-9-оятлар). “Ва кофир бўлган кимсалар тўда-тўда қилиниб жаҳаннамга ҳайдалди. То қачон улар (жаҳаннамга) келиб етганларида, унинг дарвозалари очилди ва унинг қўриқчилари (кофирларга): «Сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар - Парвардигорларингизнинг оятларини сизларга тиловат қилган ҳолларида ва сизларни мана шу Кунингиздаги мулоқотдан огоҳлантирган ҳолларида келмаганмидилар», деганларида улар «Ҳа, (келганлар), лекин азоб Сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир, (бас, бизлар ҳам уларни ёлғончи қилганимиз сабабли мана шу азобга гирифтор бўлдик)», дедилар”. (Зумар сураси, 71-оят).

16. Қачон Биз бирон шаҳарни ҳалок қилишни ирода қилсак, унинг боёнларини (Биз юборган пайғамбарларга итоат этишга) буюрганмиз, бас, улар итоатсизлик қилишгач, у (шаҳар аҳолиси)нинг устига Сўз (азоб тушиши) ҳақ - муқаррар бўлгандир. Сўнг Биз уни қириб, вайронага айлантирганмиз.
Ояти карима бойлик, давлатмандлик баъзи бир кимсаларнинг Оллоҳ таолога берган бу неъмати учун шукроналар айтиш, янада яхшироқ ибодат қилиш ўрнигаУ Зотга итоатсизлик ва ношукурлик қилишларига сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантиради. Шунинг учун кўпинча бирон қишлоқ-шаҳарга Оллоҳ таолонинг ғазаб ва азоби тушишига ҳам ўша жойдаги боён ва зодагонларнинг фисқу фужурлари, ҳадларидан ошишлари сабаб бўлар экан. “Дарҳақиқат, (кофир) инсон ўзини бой-беҳожат кўргач, албатта туғёнга тушар - ҳаддидан ошар”. (Алак, сураси 6-7-оятлар).
Аксари муфассирлар ояти карима мазмунини мана шундай тафсир қилганлар. Лекин айрим уламолар, жумладан Алий ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳум оятдаги “амарна” калимасини фақат “буюрдик” деган маънода эмас, “кўпайтирдик” деган маънода ҳам келишини айтадилар. У ҳолда ояти карима - қачон Оллоҳ таоло бирон қишлоқ ёки шаҳарни ҳалок қилмоқчи бўлса, ўша жойда бой-бадавлат кишиларни кўпайтириб юборади ва улар Оллоҳга ибодат ва Унинг элчиларига итоат қилиш ўрнига ҳадларидан ошиб, фисқу фужурга берилиб кетишгач, у фосиқларнинг касофатидан бутун қишлоққа Оллоҳнинг балоси тушиб, ўша жойдаги яхши-ю ёмон ҳамма ҳалок бўлади, деган мазмунни англатади. Бу ҳақда Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда ҳам айтилгандир: “Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам даҳшатга тушган, юзлари қизариб кетган ҳолда чиқдиларда “Ла илаҳа иллаллоҳ, араблар яқин келиб қолган ёмонлик - бало сабабидан ҳалок бўлди - бугун яъжуж-маъжужни тўсиб турган тўғондан мана бунча очилди”, дедилар ва бош бармоқлари билан кўрсатгич бармоқларини ҳалқа қилиб кўрсатдилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, орамизда яхшилар бўлса ҳам ҳалок бўлиб кетаверамизми?” деган эдим, у зот: “Ҳа, агар нопоклик кўпайиб кетса”, дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

17. Биз Нуҳ (қавмидан) кейин ҳам қанча асрларни (авлодларни) ҳалок қилдик. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Парвардигорингизнинг Ўзи бандаларининг гуноҳларидан етарли Хабардор, Кўриб тургувчидир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳ таолонинг Элчиси эканликларига иймон келтирмаган Макка мушрикларини қаттиқ огоҳлантиради, уларнинг устларига ҳам илгари ўтган ва ўзларига юборилган пайғамбарларга иймон келтирмаганлари учун ҳалок қилинган қавмларнинг куни тушиб қолиши мумкин эканлигини эслатади.
Дарҳақиқат, асрлар давомида Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут, Шуайб алайҳимус-салом каби кўп пайғамбарларнинг қавмлари уларга иймон келтирмаганлари сабабли ҳалок бўлиб кетганларига кўҳна тарих гувоҳ эди ва бу фожеалар одамлар ўртасида машҳур бўлиб, авлодлардан авлодларга ўтиб айтилиб келар эди, Ернинг ҳар тарафларида Оллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлган қавмлардан қолган харобалар, култепалар борлигидан Макка мушриклари ҳам хабардор эдилар.
Ояти карима Макка мушрикларини ва жамийки динсиз кимсаларни аввалги асрларда ўтган иймонсиз қавмлар устига тушган бало ва офатлар уларнинг ҳам бошларига тушиб қолмасидан илгари ўзларини ўнглаб, Ҳақ Йўлга юришга ва ҳақ Пайғамбарга иймон келтиришга чақиради. Ахир, оқил бир кишики, бошқа бировнинг бошига тушган мусибатдан панд-насиҳат олиб ўзини ўнглаб олади, дейиладику.
“Танвирул-азҳон”да мана шу мавзуда қизиқ бир ҳикоят келтирилибди: Шер, бўри ва тулки биргаликда овга чиқиб, бир ёввойи эшак, бир кийик ва бир қуён овладилар. Шер бўрига: “Овимизни тақсим қилгин”, деди. Бўри: “Ёввойи эшак подшоҳимизга, кийик менга, қуён эса, тулкига тегади”, деган эди, шер қўлини кўтариб бўрининг бошига бир урди ва бўри турган жойида тил тортмай ўлди. Сўнгра шер тулкига қараб : “Овимизни сен тақсим қила қолгин”, деди. Тулки: “Эшакни подшоҳимиз нонушталарига ейдилар, кийикни кечки овқатларида тановул қиладилар, қуённи эса, тушлик қиладилар, деб тақсим қилди. Шунда шер: “Жувонмарг бўлгур, мунча ҳам адолат билан ҳукм чиқардинг-а! Сенга бундай қозилик қилишни ким ўргатди?” деб сўраган эди, тулки: “Бўрининг бошига тушган кўргулик”, деб жавоб қилди.

18. Ким нақд (дунё)ни истайдиган бўлса, Биз унинг учун - (улардан) Ўзимиз истаган кимса учун Ўзимиз хоҳлаган нарсани (мана шу дунёда) нақд қилиб берурмиз. Сўнгра (яъни, Охиратда) эса, у таъна-маломатга қолган ва (Оллоҳнинг Раҳматидан) узоқ қилинган ҳолда кирадиган жаҳаннамни унинг учун жой қилиб берурмиз.
Ояти карима биринчи навбатда Оллоҳ ва Охиратга иймон келтирмайдиган динсиз кимсаларнинг дунё ва Охиратдаги аҳволларидан хабар беради. Лекин муфассир уламолар оятда сўз фақат улар ҳақида эмаслигини, балки одамлар кўзида ўзларини мўмин-мусулмон қилиб кўрсатадиган мунофиқлар, мусулмонлик даъвосини қила туриб Дини Ислом буюрган ишларни қилмайдиган ибодат, итоатсиз фосиқлар, қиладиган амалларини Оллоҳ ризоси учун эмас, балки эл кўрсинга, одамлар орасида обрў топиш ёки дунёвий ғаразларига эришиш учун қиладиган риёкорлар ҳам худди ўша “нақд”ни истайдиган тоифадан эканликларини айтадилар. Бас, ояти карима хабар беришича, бундай кимсалар қилган бирон амал Охиратда қабул бўлмас, дунёдан эса, улар учун Оллоҳ таоло тақсимлаб қўйган ризқдан бошқа бирон нарсага эга бўла олмаслар. Охират диёрида борадиган жойлари аниқ жаҳаннам бўлиб, улар ҳамманинг қарғиш маломатлари остида, Оллоҳ таолонинг Раҳматидан мутлақо маҳрум бўлган ҳолларида ана ўша дўзахга кириб, унинг ўтида мангу ёнишга маҳкумдирлар.

19. Ким Охиратни истаса ва мўмин бўлган ҳолида (Охират) учун саъй-ҳаракат қилса, бас, ундай зотларнинг саъйлари (Оллоҳ наздида) ташаккурга лойиқ - мақбул бўлур.
Яъни, кимда ким чин мўмин бўлса ва қилган амаллари билан дунё матоларини эмас, балки Охират диёрини, у жойдаги мангу бахт-саодатни истаса ва унинг қиладиган барча ҳатти-ҳаракати ана ўша Охиратга лойиқ ҳаракат бўлса, яъни, ўз раъйича, кўнглига келган ишни савоб деб қилавермасдан, Оллоҳ субҳонаху ва таоло ҳамда Унинг Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам буюрган ишларни қилса ва Оллоҳ ва Расули қайтарган ишлардан тийилса, фақат ана ўшандай иймон, ирода ва саъй-ҳаракат эгалари қилган амалларгина Оллоҳ таолонинг Раҳматига сазовордир - Оллоҳ даргоҳида мақбулдир.
Ояти каримадаги биз “ташаккурга лойиқ - мақбул бўлур” деб таржима қилган “машкуро” калимаси “Тафсири Қуртубий”да “мукофоти неча баробар қилиб берилгувчи бўлур”, деб шарҳланибди ва Имом Аҳмаддан ривоят қилинган мана бу ниҳоятда умидбахш ҳадиси шариф оятга тафсир бўлиб келибди: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан: “Сиз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг “Албатта Оллоҳ таоло бир чиройли амалга мингнинг минг баробарича ҳасанотни мукофот қилиб беради”, деганларини эшитганмисиз?” деб сўралган эди, Абу Ҳурайра: “Мен у зотнинг: “Албатта Оллоҳ таоло бир чиройли амалга мингнинг икки минг баробарича ҳасанотни мукофот қилиб беради”, деганларини эшитганман”, деди.
Юқоридаги ва ушбу оят мазмунини таъкидловчи оятлар Бақара сурасида ҳам келади: “Зотан, одамлар орасида шундай кимсалар борки, «Эй Парвардигор, бизга мана шу дунёда бергин», дейди. Ҳолбуки, унинг учун Охиратда ҳеч қандай насиба йўқ. Ва уларнинг орасида шундай зотлар ҳам борки, «Парвардигоро, бизга бу дунёда ҳам яхшилик ато қилгин, Охиратда ҳам яхшилик ато этгин ва бизни дўзах азобидан асрагин», дейдилар. Ана ўша зотлар учун қилган ибодатлари (ҳажлари, дуолари) шарофатидан насиба бор. Оллоҳ тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир”. (Бақара сураси, 200-203-оят).

20. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, бу дунёда у икки тоифанинг) ҳар бирини - мана бу (мўмин)ларни ҳам, анави (кофир)ларни ҳам Парвардигорингизнинг неъматидан таъминлаб турурмиз. Парвардигорингизнинг неъмати (ҳеч кимдан) манъ қилингувчи эмасдир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло ҳаёти дунёдаги ҳар бир инсоннинг - у мўмин бўладими, кофир бўладими, фақат мана шу дунё деб яшайдими ёки Охират учун саъй-ҳаракат қиладими - барча-барчасининг ризқи рўзига Ўзи Кафил эканини, бу дунёда ҳеч кимдан - мўминдан ҳам, кофирдан ҳам - ҳаёт, мол-давлат, авлод-зурриёт ва бошқа дунёвий неъматларни манъ қилмаслиги ҳақида яна бир бор эслатади.
Бу ҳақда бошқи бир ояти каримада ҳам айтилгандир: “Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Ёлғиз Оллоҳнинг Зиммасидадир. У Зот уларнинг қароргоҳларини - доимий турар жойларини ҳам, омонат турар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-равшан Китобда бордир”. (Худ сураси, 6-оят).
Маълумки, Ер-у осмонлардаги барча мавжудот зиммасида Оллоҳ таолога ибодат-итоат қилиш вазифаси бор, аммо У Зот ҳеч кимнинг олдида бурчли эмасдир.
Ҳақ таоло нима қилса, фақат Ўз Хоҳиш-Иродаси билан қилади. Бовужуд, ояти каримада У Зот бандаларининг ризқ-рўзларига Унинг Ўзи Кафил экани ҳақида хабар берар экан, инсонлар ўзлари учун ёзилган ризқ албатта уларга етишини аниқ билсинлар деб ва ризқ исташда Ёлғиз Оллоҳга таваккул қилсинлар деб “сизларнинг барчаларингизнинг ризқу-рўзингиз Менинг Зиммамда, уни кенг ёки танг қилиш ҳам фақат Менинг Қўлимда”, дейди.
“Ал-муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобида ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Руҳул-Қудус, яъни, Жаброил алайҳис-салом қалбимга солди - бирор жон то ризқи битмагунча, ажали етмагунча ўлмас. Бас, Оллоҳдан қўрқинглар ва ризқ исташда чиройли йўл тутинглар, (яъни, ҳалол ризқ истанглар)”, дедилар.
Ривоят қилинишича, Мусо алайҳис-саломга Фиръавннинг олдига бориб уни иймонга даъват қилиш буюрилганида, қалбига оиласининг ташвиши тушиб: “Ё Роббим, мен кетсам оиламга ким қарайди?”, деб сўради. Шунда Оллоҳ таоло унга қўлидаги асони бир харсанг тошга уришни буюрди. Мусо асосини харсангга урган эди, у ёрилиб кетди ва ичидан иккинчи харсанг чиқди. Унга ҳам асосини текизган эди, ёрилди ва ичидан яна бир харсанг чиқди. Ана ўша учинчи харсангга асони текизганида, у ҳам ёрилиб, ичидан бир қурт чиқди, оғзида унингучун таом бўлган бир нарса бор эди. Шу онда Мусонинг қулоғидан парда кўтарилди ва у қуртнинг шундай деяётганини эшитди: “Пок Парвардигорим мени кўриб турур, сўзимни эшитур, маконимни билур, мени доимо эслар, мени унутмас”.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Мен кунлардан бирида бир иш юзасидан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга сахрога чиқдим. Кўзимиз баланд овозда сайраётган бир қушга тушди. Пайғамбар алайҳис-салом: “Эй Анас, мана бу қуш нима деяётганини биласанми?”, дедилар. Мен: “Оллоҳ ва Унинг Элчиси билгувчироқдир”, дедим. Шунда у зот: “Бу қуш: “Ё Роббим, Ўзинг мени кўрмайдиган аъмо қилиб яратдинг. Энди Ўзинг менга ризқ ато этгин, оч қолдим”, демоқда”, дедилар. Биз у қушга қараб турган эдик, баногоҳ бир чигиртка учиб келди-да, ҳалиги қушнинг оғзига кириб кетди ва қуш уни ютиб юбордию. Сўнгра янада баланд овозда сайрай бошлади. Пайғамбар алайҳис-салом яна: “Эй Анас, бу қуш энди нима деяётганини биласанми?” дедилар. Мен:
“Оллоҳ ва Унинг Элчиси билгувчироқдир”, деган эдим, айтдилар: “У: “Оллоҳга ҳамд бўлсин. У Зот Ўзини зикр қилган бандасини унутмас” демоқда”. (“Танвирул-азҳон” тафсиридан).
“У Зот уларнинг (яъни, ўрмалаган барча жонзотнинг) доимий турар жойларини ҳам, омонат турар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-равшан Китобда бордир”.
Яъни, барча жонзотга ризқ-рўз беришни Ўз Зиммасига олган Оллоҳ таоло уларнинг қачон, қаерда бўлишларини ҳам жуда яхши билур.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Қароргоҳдан мурод, ҳомила пайдо бўлиб, жонланиб, маълум муддат яшайдиган она бачадони, омонат турадиган жой эса нутфа она бачадонига тушиб ўрнашадиган соатгача вақтинча сақланиб турадиган жой - ота бели”, деб тафсир қилади.
Демак, Ҳақ таоло бандаларини нафақат Ер юзида ҳаёт кечираётганларида, балки она қорнидалик пайтларида ҳам ризқ-рўз билан таъминлар экан.
Айрим уламолар: “Қароргоҳдан мурод, инсонлар мангу қоладиган жаннат ёки дўзах, омонат турадиган жой эса, улар то Қиёмат қойим бўлгунича турадиган қабрдир”, деб тафсир қилганлар.
“Очиқ-равшан Китоб” эса коинотдаги ўтган, ҳозир мавжуд ва келажакда бўладиган барча воқеа, ҳодиса ва нарсалар ҳамда барча махлуқотнинг, жумладан ҳар бир инсоннинг такдири битилган Лавхул-Маҳфуздир.

21. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, дунёда) уларнинг бировларидан бировларини (ризқу мартабада) қандай устун қилганимизни кўринг! Шак-шубҳа йўқки, Охират, даражалари жиҳатидан (дунёга нисбатан) улуғроқ ва афзалроқдир.
Ояти каримада гарчи Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса-да, сўз у зотнинг барча умматларига қаратилгандир. Ҳақ таоло мўмин бандалари назарини ҳаёти дунёдаги улар ўзлари гувоҳ бўлиб турган манзарага қаратиб, гўё шундай дейди: “Ибрат назари билан боқинглар, биз сизлардан бировингизнинг ризқини кенг, бошқасини-кини танг қилиб дунё неъматларини ўрталарингизда турлича тақсимладик, ҳаётдаги мақом-мартабаларингиз ҳам ҳар хилдир - бирингиз шоҳ бўлсангиз, бирингиз кул, бировиниз катта обрў эътибор эгаси бўлсангиз, бошқа бировларингиз қатордаги оддий одам. Бинобарин, ҳаёт тарзларингиз ҳам дунёдаги мақом мартабаларингиз андозасида турличадир. Аммо бу хилма хиллик вақтинча ва деярли арзимас тафовут бўлиб, ҳақиқий ва энг улуғ тафовут Охиратдадир. У жойда мўминлар етти қават осмон устидаги жаннатларда мангу роҳат-фароғатда, кофир ва мунофиқлар эса, етти қат Ер остидаги асфаласофилинда мангу азоб-уқубатда бўлурлар. Мўминлар ҳаёти дунёда қилган солиҳ амалларга қараб кирадиган саккиз жаннатдан ҳар бири-нинг даражаси иккинчисидан Ер билан осмон ўртасидаги масофа баробарида баланддир. Бас, оқил инсон ўткинчи дунё мартабалари ортидан қувмасдан Охиратдаги мангу даражаларни кўзлаб амал қилиши лозимдир”.
Ҳасани Басрий раҳимаҳуллоҳдан бир ибратли воқеа ривоят қилина-ди: “Бир гуруҳ кишилар - улар орасида Суҳайл ибн Амр, Абу Суфён ибн Ҳарб каби Қурайш катталари ҳам, Суҳайб ва Билол каби куни кеча қул бўлган ва Ислом шарофати билан озод инсонларга айланган фақир-фуқаролар ҳам бор эди - Амирул-мўминин Умар розияллоҳу анҳу дарвозаси олдида ҳозир бўлиб, халифа ҳузурларига кириш учун изн кутиб турар эдилар, дастлаб изн Суҳайб ва Билолга берилди. Буни кўрган Абу Суфён: “Ҳеч бугунгидек кунни кўрмаган эдим. Бу ёқда биз ўтирибмизку, биров бизга қарамасдан, анави қулларга изн берилмоқда”, деган эди, Суҳайл ибн Амр (у қавмдаги энг ақлли кишилардан эди): “Эй қавм, Оллоҳга қасамки, мен юзларингиздаги норозиликни кўриб турибман. Агар сизлар хафа бўлсангиз, ўзларингиздан хафа бўлингиз. Чунки улар (яъни, Билол, Суҳайб каби мискин-бечора қуллар) ҳам, бизлар (яъни, Макка зодагонла-ри) ҳам Исломга даъват қилинган эдик. Улар дарҳол Дини Исломни қабул қилдилар, биз эса, орқада қолдик. (Демак, Ислом халифаси ҳузурига биринчи бўлиб кириш ҳам бизнинг эмас, уларнинг ҳаққидир). Бу-ку, Умарнинг дарвозаси, энди Охиратдаги тафовут қандоқ бўлар экан? Агар сизлар Умар дарвозаси олдида уларга ҳасад қилар экансизлар, билиб олингларки, Оллоҳ таоло Ўзининг жаннатида улар учун тайёрлаб қўйган нарса янада улуғроқ - каттароқдир”, деди. (“Тафсири Мунийр”дан.)

22. (Эй инсон), сен яна Оллоҳ билан бирга ўзга бирон илоҳ ҳам бор, деб таъна-маломат остида, ҳеч ким кўмак бермайдиган ҳолда ўтириб қолмагин!
Ушбу ояти каримадан бошлаб мўминнинг Оллоҳ таолога бўлган эътиқод ва ибодати ҳамда ота-онаси ва қариндош-уруғлари билан қиладиган муомаласи қандай бўлиши лозимлиги ҳақида сўз боради. Даставвал Ҳақ таоло ҳар бир инсон учун энг асосий, ҳаёт-мамот масаласи бўлган тавҳид, яъни, Оллоҳ таоло Танҳо Маъбуди Барҳақ, Унинг ҳеч қандай шериги йўқ, деб эътиқод қилиш ва Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилиш фарзлиги ҳақида огоҳлантириб, кимда-ким Оллоҳдан ўзга бирон кимса ёки нарсани илоҳ қилиб оладиган бўлса, ундай мушрик иймон-эътиқодли инсонлар тарафидан ҳам, малоикалар тарафидан ҳам қарғиш-маломатларга дучор бў-лиши, Оллоҳ таоло томонидан эса, унга бирон ёрдам берилмасдан, “сенга ўша ўзинг сиғинган, топинган бут-санамларинг ёрдам берсин”, деб ташлаб қўйилиши аниқ экани айтилади.
Маълум бўладики, тавҳид иймоннинг асоси, ширк эса, куфр ва залолатнинг боши экан.

23-24. (Эй инсон), Парвардигоринг, сизларга Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишларингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишларингизни ҳукм қилди - буюрди. Агар у икковидан бири ёки ҳар иккиси сенинг олдингда кексалик ёшига етсалар, уларга қараб «уф» тортма ва улар(нинг сўзлари)ни қайтарма! Уларга (доимо) яхши-юмшоқ сўз сўзла! Улар учун, меҳрибонлик билан итоат қанотини паст тутгин - хокисор бўлгин ва: «Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чогимдан (меҳрибонлик билан) тарбиялаб-ўстирганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин», деб (ҳақларига дуо қил)!
Ушбу икки оятда ота-она ва фарзанд ўртасидаги муносабат хусусида сўз боради. Аввало, Дини Ислом барча мўмин-мусулмон фарзандлар учун ота-онага яхшилик қилишни Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилишдан кейинги иккинчи вазифа қилиб кўяди. Демак, Исломий таълимотга биноан, ота-она мўминми, кофирми, яхшими-ёмонми, барибир фарзанд уларга доимо яхшилик қилиши, ҳеч қачон сўзларини қайтармаслиги ва бир умр уларнинг ҳақларига яхши дуолар қилиши вожибдир. Лекин мана шу ояти каримада зикр қилинган дуода жуда ҳам зарур бир нукта борки, биз ундан ғофил бўлмаслигимиз лозим. Ота-оналик ҳуқуқини ва ҳурматини қозониш учун бола туғишнинг ўзи кифоя қилмай, балки уларга чақалоқлик чоғларидан она меҳрини бериб қараб, яхши таълим-тарбия бериш ҳам муҳим шартлардан экан. Шунинг учун фарзанд ота-она ҳаққига дуо қилганида: «Ота-онам мени туққани учун уларга раҳм-шафқат қилгин», деб эмас, балки: «Улар мени тарбиялаганлари учун уларга раҳм-шафқат қилгин», деб дуо қилиши буюрилди.
Ушбу Илоҳий оятларда зикр қилинган, ҳар бир мусулмон фарзанд учун ўта муҳим бўлган бу мавзуни бизга Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам томонларидан айтилган муборак ҳадислар шарҳлаб, тафсир қилиб беради:
Абуд-Дардо розияллоху анхудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алаҳи ва саллам дедилар: “Ота жаннат дарвозаларининг ўртасидир (яъни, отанг сендан рози бўлса, сен учун жаннат дарвозалари ланг очилиб, уларнинг ўртасидан юриб жаннатга кирурсан). Бас, агар хоҳласанг, (бу сўзни) ёдингда сақлаб қол, хоҳласанг унутиб юбор”. (Термизий ва Ибн Можжа ривояти).
Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ота рози бўлса, Оллоҳ ҳам рози бўлур. Ота норози бўлса, Оллоҳҳам норози бўлур”. (Термизий ва Бағавий ривоят қилган).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: “Менинг бир аёлим бор эди, мен уни яхши кўрардим, аммо отам уни ёқтирмас эди. Бас, у менга хотинимни талоқ қилишимни буюрди, мен эса бош тортдим ва бу воқеани Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга айтиб бердим. Шунау зот: “Эй Абдуллоҳ ибн Умар, хотинингни талоқ қилгин”, дедилар”. (Имом Аҳмад, Термизий, Ибн Можжа ва бошқалар ривоят қилганлар).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, одамлар орасида мен чиройли ошно бўлишимга, (яъни, чиройли хизматини қилишимга) энг ҳақли бўлган инсон ким?” деб сўраган эди, “Онанг”, дедилар. “Сўнгра ким?” “Сўнгра онанг”. “Сўнгра ким?” “Сўнгра онанг”. “Сўнгра ким?” “Сўнгра отанг, сўнгра яқинларинг”, дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу деди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин, бурни ерга ишқалсин!” “Кимни ё Расулуллоҳ?” деб сўралган эди, “Ким ота-онасидан бировини ёки ҳар иккисини кексайган ёшларида топса-ю, сўнгра (уларни рози қилиб) жаннатга кирмаган бўлса, ана ўшани”, дедилар. (Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Мен Расулуллоҳдан: “Оллоҳ таолога энг суюкли бўлган амаллар қайси?” деб сўраган эдим, “Ўз вақтида адо этилган намоз”, дедилар. “Сўнгра қайси амал?” деб сўрадим. “Ота-онага яхшилик қилиш”, дедилар. “Сўнгра қайси амал?” деб сўрадим. “Оллоҳ Йўлидаги кураш”, дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Бас, маълум бўладики, ота-онага яхшилик қилиш Оллоҳ Йўлидаги жиҳоддан ҳам афзал амал экан. Бу ҳақда бошқа бир ҳадиси шарифда ҳам айтилган: Абдуллоҳ ибн Амрдан ривоят қилинди: “Бир киши Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам ҳузурларига келиб, жиҳодга чиқиш учун изн сўраган эди, у зот: “Ота-онанг ҳаётми?” деб сўрадилар. У киши: “Ҳа”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “У ҳолда сен ўшалар ҳақида жиҳод қил, яъни, сенинг жиҳодинг ота-онангга хизмат қилиш-дир”, деб буюрдилар. (Муслим ривояти).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Эй фарзанд, сен ота-онанг олдида худди ожиз, гуноҳкор қул қаттиқкўл хожа олдида тургандек тургин”.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ояти каримадаги “(Ота онангга доимо) яхши-юмшоқ сўз сўзла!” жумласини тафсир қилиб деди: “Бу - фарзанд ота-онасига ҳеч қачон қўполлик қилмасдан, доимо, “Отажон, онажон”, деб туриши, уларнинг олдиларида овозини кўтармаслиги ва уларга ҳеч қачон тик боқмаслигидир”.
Ва ниҳоят, ҳар бир фарзанд зиммасидаги муқаддас бурчлардан бири, доимо ота-онаси ҳақларига хайрли дуолар қилиш, агар улар ҳаёт бўлсалар, Яратгандан уларга узун умр ва сиҳҳат-саломатлик ато этишини сўраш, агар вафот қилган бўлсалар, Парвардигордан уларнинг гуноҳларини мағфират қилиб, Ўз Раҳматига олишини сўраб бир умр дуо-илтижода бўлишидир. Уламолар: “Ҳатто бировнинг ота-онаси ғайридин - кофир бўлса ҳам, агар улар тирик бўлса, фарзанд Оллоҳ таолодан уларни Ҳақ Йўлга ҳидоят қилишини сўраб ҳақларига дуо қилиши жоиздир, аммо агар ота-онаси кофир ҳолда ўлиб кетган бўлсалар, у ҳолда кофирнинг ҳаққига дуо қилинмайди”, деб, мана бу ояти каримани эслатадилар: “На Пайғамбар ва на мўминлар - уларга мушрикларнинг дўзах эгалари эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, агар у мушриклар ўзларининг қавм-қариндошлари бўлганларида ҳам - улар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир”. (Тавба сураси, 113-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: у айтди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам оналари Оминанинг қабрини зиёрат қилганларида йиғладилар. У зотнинг йиғлаганларини кўриб атрофларидаги асҳоблари ҳам йиғладилар. Бас, у зот: “Мен Парвардигорим азза ва жалладан онам учун мағфират сўрашимга изн беришини илтижо қилдим, менга изн берилмади, унинг қабрини зиёрат қилиш учун изн сўраган эдим, Парвардигорим изн берди. Бас, сизлар ҳам қабрларни зиёрат қилинглар, чунки улар ўлимни эслатади”, дедилар. (Муслим. ривояти).
Фарзанд ота-онасига қиладиган яхшилигини улар вафот этганларидан кейин ҳам давом эттириши мумкиндир: “Саҳиҳи Муслим”да Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг: “Киши отасининг вафотидан кейин унинг ёр-дўстларини йўқлаб туриши яхшиликларнинг яхшисидандир”, деганларини эшитганман”, дейди Абдуллоҳ ибн Умар розияллоху анхумо. (“Тафсири Мунийр”дан).
Аҳмад, Абу Довуд ва Ибн Можжа Молик ибн Рабийъа Соидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилдилар: У айтди: “Бир куни мен Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ўтирган эдим, ансорийлардан бўлган бир киши келиб: “Ё Расулуллоҳ, ота-онам вафот қилганларидан кейин ҳам зиммамда яна уларга яхшилик қилиш бурчи борми, мен уни адо этсам”, деган эди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳа, тўрт иш - ота-онангнинг ҳақларига дуо қилиб, улар учун мағфират сўраш, улар берган аҳд-паймонларини адо қилиш, уларнинг ёр-дўстларини иззат-икром қилиш ва ота-онанг томонидан сенга қариндош-уруғ бўладиган ки-шиларни йўқлаб туриш - мана шу тўрт иш ота-онанг вафот қилганларидан кейин ҳам сенинг зиммангда қолган, улар учун қилишинг лозим бўлган яхшиликлардандир”, деб марҳамат қилдилар.
Абул-Лайс Самарқандий Анас розияллоху анҳудан ота-онанинг розилиги фарзанд учун қанчалар муҳим эканлигига далолат қиладиган мана бу ривоятни зикр қилади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг замони саодатларида Алқама исмли бир йигит касалликка чалиниб қолди. Дарди кундан кунга оғирлашиб, қийин аҳволга тушиб қолганида атрофида турган яқинлари унга: “Ла илаҳа иллаллоҳ” дегин”, дейишган эди, унингтили калимага келмади! Бу ҳақда дарҳол Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломга хабар берилганида, у Зот: “Унинг ота-онаси борми?” деб сўрадилар. Одамлар: “Отаси ўтиб кетган, кексайиб қолган онаси бор”, дейишгач, одам юбориб олдириб келдилар ва ундан боласи Алқама ҳақида сўрадилар. Она айтди: “Ё Расулуллоҳ, ўғлим жуда кўп намоз ўқийди, жуда кўп рўза тутади, садақа қилган тангаларини эса, вазни қанча эканини ҳам, саноғи қанча эканини ҳам билмаймиз”. Пайғамбар алайҳис-салом: “Сен билан муомаласи қандай?” деб сўраган эдилар, она: “Мен ундан рози эмасман, жуда хафаман”, деди. “Нима сабабдан?” дедилар. Она: “У мендан хотинини устун қўяди, кўпинча ўшанинг гапига киради”, деган эди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Онасининг норозилиги унинг тилини “Ла илаҳа иллаллоҳ” деб гувоҳлик беришдан тўсибди”, дедилар, сўнгра: “Эй Билол, боргин, кўп ўтин йиғиб келгин, мен бундай бо-лани оловда куйдириб юбораман”, деган эдилар, Алқаманинг онаси: “Ё Расулуллоҳ, Сиз менинг кўз ўнгимда жигарбандимни оловда куйдириб юборасизми? Менинг юрагим буни қандай кўтара олади?” деб йиғлай бошлади. Шунда Расулуллоҳ алайҳис-салоту вас-салом: “Сен Оллоҳ бо-лангнинг гуноҳини кечириб юборишини хоҳлайсанми? У ҳолда болангдан рози бўл! Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, сен болангдан норози бўлар экансан, унга ўқиган намозидан ҳам, қилган садақасидан ҳам, тутган рўзасидан ҳам ҳеч қандай фойда йўқ”, дедилар. Бу сўзларни эшитган она дарҳол қўлларини кўтарди ва: “Мен самодаги Оллоҳ таолони ҳам, Сизни ҳам, ё Расулуллоҳ, шу ерда ҳозир бўлиб турганларни ҳам гувоҳ қилиб айтаманки, мен боламдан розиман”, деди. Бас, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Эй Билол, сен бориб қарагинчи, Алқама “Ла илаҳа иллаллоҳ”ни айта олдимикан? Эҳтимол унинг онаси Расулуллоҳдан ҳаё қилгани учун ҳозир дилида бўлмаган сўзларни тилида айтгандир”, дедилар. Билол розияллоҳу анҳу дарҳол ўрнидан туриб, Алқаманинг дарвозасига бориб етганида ичкаридан унинг “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деяётганини эшитди. Алқама ўша куни вафот қилди. Ювилиб, кафанлангач, унинг жаноза намозини Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг ўзлари ўқидилар, сўнгра унинг қабри устида туриб дедилар: “Эй муҳожир ва ансорлар жамоаси! Кимда ким хотинини онасидан устун қўйса, унга Оллоҳнинг лаънати бўлур ва унинг томонидан қилинган бирон сарф-саховат, бирон адл-адолат қабул бўлмас!” (“Ас-Саҳватул-қорийба”китобидан).
Бир киши Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига отаси молини олиб қўяверишидан шикоят қилиб келган эди, Пайғамбар алайҳис-салом унинг отасини ҳам чақиртирдилар. У ҳассасига таяниб қолган қари чол экан. Сўраган эдилар, у: “Бир вақтлар у заиф, мен эса кучли-кувватли эдим, у фақир, мен эса бой-бадавлат эдим ва мен унингучун мол-дунёйимдан ҳеч нарсани аямас эдим. Бугун бўлса, мен заиф, у куч-қувватга тўлган, мен фақир, у эса, бой-бадавлат бўлиб қолди. Энди у менга бахиллик қилиб, молидан бермаяпти”, деди. Шунда Пайғамбар алайҳис-салом йиғлаб юбордилар ва: “Бу сўзларни эшитган тош ҳам, кесак ҳам йиғлади”, дедилар, сўнгра чолнинг ўғлига қараб: “Сен мол-мулкинг билан отангга тегишлисан”, дедилар. (Ибн Можжа ривояти, “Танвирул-азҳон ” тафсиридан).

25. (Эй инсонлар), Парвардигорингиз сизларнинг дилларингиздаги нарсани жуда яхши Билгувчидир. Агар яхши бўлсангизлар (яъни, ота-оналарингизнинг ҳуқуқларини таниб, уларга меҳрибон бўлсангизлар, албатта Оллоҳ таоло билмасдан қилган гуноҳларингизни мағфират қилур). Зеро, у тавба қилгувчиларни Магфират этувчи бўлган Зотдир.
Яъни, Оллоҳ таоло сизлардан ким ота-онасига чин қалбидан меҳрибонлик қилишини ҳам, ким ичида уларни ёмон кўришини ҳам, ким риёкорлик билан эл кўрсин учун уларга яхшиликлар қилгандай кўринишини ҳам жуда яхши Билгувчидир. Бас, агар сизлар ҳақиқатдан ҳам солиҳ инсонлар бўлсангизлар ва ота-онангизга чин ихлос билан юрагингиздаги меҳрингизни кўргазиб яхшиликлар қилсангизлар, албатта, Оллоҳ таоло сизларнинг уларга қилган муомалаларингизни ўзларингиз сезмаган ҳолингизда йўл қўйган хато ва камчиликларингизни кечириб юборади. Чунки У Зот доимо тавба қилгувчи бўлган бандаларини Кечиргувчидир.
Ояти каримадаги “аввабийн” - “тавба қилгувчилар” калимасини муфассир уламолар турлича тафсир қилганлар: Саид ибн Мусайяб: “Аввоб -қачон гуноҳ қилса, дарҳол тавба қилгувчи кишидир”, дейди.
Саид ибн Жубайр бўлса: “У доимо яхшилик томонга қайтгувчидир”, деб тафсир қилади. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, “аввоб” сўзининг луғавий маъноси, “бошига қандай иш тушса ҳам Ёлғиз Оллоҳга қайтгувчи”, деганидир, оятдаги “аввобийн” калимасидан мурод эса, “тасбеҳ, айтгувчилар”, деганидир, чунки бошқа бир оятда ҳам “Ё жиболу аввибий мааҳу ваттойр” жумласи “Эй тоғлар ва қушлар, (Довуд) билан бирга тасбеҳ айтинглар!” (Сабаъ сураси, 10-оятдан) деган мазмунда келгандир.
Авф Уқаймий: “Аввобийн - чошгоҳ намозини ўқигувчилардир”, дейди ва мана бу ҳадиси шарифни келтиради: “Зайд ибн Арқам розияллоҳу анхудан ривоят қилинди. У деди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қубо масжиди аҳли олдига чиққанларида, улар чошгоҳ намозини ўқиётган эдилар, бас, айтдилар: “Бу - бўталоқлар чошгоҳ вақтидаги иссиқдан қочиб ўзларини панага олган вақтида ўқиладиган аввобийн намозидир”. (Муслим ва Бағавий ривоят қилганлар).
Муҳаммад ибн Мункадир эса: “Аввоб - шом ва хуфтон намозларининг ўртасида намоз ўқигувчи кишидир”, дейди ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг мана бу сўзларини ривоят қилади: “Шом билан хуфтон намози ўртасида намоз ўқигувчи кишиларни малоикалар ўраб турурлар. Бу - аввобийн намозидир”.

26-27. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қавми-қариндошга, мискин ва йўловчи мусофирга (хайру эҳсон қилиш билан) уларнинг ҳақларини ато этинг, (аммо молингизни) ноўрин сочиб-совурманг! Чунки (мол-дунёларини) ноўрин сочиб-совурувчилар шайтонларнинг дўстлари бўлган кимсалардир. Шайтон эса Парвардигорига бутунлай кофир бўлгандир.
Юқоридаги оятларда ота-онага яхшилик қилиш буюрилганидан сўнг, энди ушбу оятларда қариндош-уруғларни ҳам доимо йўқлаб, ҳол-аҳволларидан хабар олиб туриш, агар ёрдамга муҳтож бўлсалар, албатта уларга ёрдам қўлини чўзиб, мушкилларини осон қилиш ҳар бир мусулмон зиммасидаги вазифа экани айтилади. Шунингдек, қариндош бўлмаган мискин бечораларга хайр-садақотлар қилиш, меҳр-мурувватлар кўрсатиш, ўз юртларидан узоқда қолиб кетган ғариб-ғурабо мусофирларни ватанларига етиб боришлари учун кифоя қиладиган моддий маблағ билан таъминлаш каби хайрли ишлар ҳам Оллоҳ таоло мўмин бандаларига буюрган ишлардан эканлиги уқтирилади. Ояти каримада гарчи мазкур вазифалар Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга хитоб қилиб айтилган бўлса-да, ушбу Илоҳий Амр у зотнинг барча умматларига қаратилгандир. Қариндош-уруғларни йўқлаш хусусида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан ҳам қатор ҳадислар ворид бўлган: Абу Довуд Абу Бакр ибнул-Ҳорис Анморий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда у зоти бобаракот: “Аввал онангга, отангга, сўнгра қариндош-уруғларингдан энг яқинларидан бошлаб барчаларига яхшилик қилгин”, деб буюрганлар. Имом Бухорий ва Муслим Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда эса, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким ризқи кенг булишини ва умри узун бўлишини яхши кўрса, қариндош уруғи билан борди-келдини узмасин”, деб марҳамат қилдилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
"... (аммо молингизни) ноўрин сочиб совурманг! Чунки (мол-дунёларини) ноўрин сочиб совургувчилар шайтонларнинг оғайнилари бўлган кимсалардир. Шайтон эса, Парвардигорига бутунлай кофир бўлгандир”.
Ушбу жумлаларда Ҳақ таоло Ўз Расулини ва барча мўмин бандаларини табзирдан қайтаради. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан “табзир нима?” деб сўралганида, “Табзир - мол-дунёни ноўрин жойга сарф-лаш”, деб жавоб берган. Демак, бу сўз, сарф-харажатда ҳаддан ошиш, че-гарадан чиқиш маъносини англатадиган исроф сўзидан бир оз фарқли мазмунга эгадир. Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар инсон бор молини Ҳақ Йўлда, яъни, ўз ўрнига ишлатиб юборса ҳам табзир қилган бўлмайди, аммо бир тангани ноўрин жойга ишлатадиган бўлса, у табзир қилгувчи - ноўрин сочиб-совургувчи кимсадир”.
Алий каррамаллоҳу важҳаҳу айтади: “Сенинг ўзинг учун, аҳли байтинг учун исроф қилмай, ноўрин совурмай ишлатган сарф-харажатинг ва қилган садақаларинг сеникидир, аммо сенинг эл кўрсин, одамлар эшитсин деб сарфлаган нарсанг бўлса, шайтоннинг насибасидир”.
Бир киши жуда кўп хайр-эҳсон қилар эди. Баъзи одамлар бу ишни исрофгарчилик деб ҳисоблашгани учун унга: “Исрофда хайр йўқ”, дейишган эди, у: “Хайрда исроф йўқ”, деб жавоб берди”. (“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” тафсиридан).
Ояти каримада Ҳақ таоло шайтон ўта кофир эканини, мол-дунёларини табзир қилгувчи - ноўрин сочиб-совургувчи кимсалар эса, ана ўша шайтоннинг оғайнилари эканликларини айтиб огоҳлантиради. Чунки шайтон Оллоҳнинг берган неъматига ношукурлик қилиб, ўзини фақат гуноҳ-маъсиятлар, Ерда бузғунчилик ва одамларни Тўғри Йўлдан оздириш учун ишлатгани каби кимда-ким Оллоҳ таоло унга ато этган мол-мулкини ва обрў-эътиборини Оллоҳ рози бўлмайдиган ишларга сарфласа, у кимса ҳам худди шайтони лаъийн қилган ишни қилган ва худди шайтон каби Оллоҳ таолога ато этган неъматга кўрнамаклик - куфрони неъмат қилган бўлади. (“Тафсири Мунийр”).

28. Агар Сиз Парвардигорингиз томонидан бўладиган Марҳаматдан умидвор ҳолингизда (ҳозир қўлингизда бўлмагани сабабли хайр-эҳсон қилиш имконини топмай), улардан (яъни, қавм-қариндош, мискин ва йўловчиларга хайр-эҳсон қилишдан) юз ўгирадиган бўлсангиз, у ҳолда уларга юмшоқ сўз айтинг!
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ояти каримадаги “Парвардигорингиз томонидан бўладиган Марҳамат”ни кўз тутилаётган ризқ, деб тафсир қилади.
“Тафсири Бағавий”да ривоят қилинишича, ушбу оят саҳобалардан Миҳжаъ, Билол, Суҳайб, Солим ва Хаббоб розияллоҳу анҳум ҳақларида нозил бўлган экан. Улар аҳён-аҳёнда, ўта муҳтож бўлиб қолганларида Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бирон егулик беришларини сўраб келишар, шундай вақтларда агар Пайғамбар алайҳис-салом уларга берадиган ҳеч нарса топа олмасалар уялганларидан бирон сўз айтмай, юзларини ўгирган ҳолларида жим ўтириб қолар эдилар. Қачонки ушбу ояти карима нозил бўлгач, сўралган вақтларида берадиган нарса топа олмасалар, сўраб келганларга уларни умидвор қиладиган юмшоқ-яхши сўз айтиб, “Оллоҳ таоло бизни ҳам, сизларни ҳам Ўз Фазлидан ризқлантирсин”, деб дуо қиладиган бўлдилар. Сўнгра мазкур одати шарифалари у зотнинг умматларига ҳам суннат бўлиб қолдики, ота-боболаримиздан мерос бўлиб келаётган “Юмшоқ нонинг бўлмаса ҳам, юмшоқ сўзинг бўлсин”, деган насиҳат ўрганаётганимиз ояти кариманинг ўзига хос тафсири бўлиш билан бирга яна Қуръон оятлари ва Пайғамбар алайҳис-салом суннатлари халқимиз ҳаётига нақадар сингиб кетганига равшан бир далил деб билсак, хато қилмаган бўламиз иншооллоҳ.

29. Ва (бахиллик билан) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг, (исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёзиб хдм юборманг! Акс ҳолда, маломат ва хасратда ўтириб қолурсиз.
Ушбу ояти карима бахил кимсани кишанбанд бўлгани сабабли қўли бўйнига боғланиб қолган қулга ташбеҳ қилиш билан мўминларни бахиллик иллатидан қайтаргани каби хайр-саховатлар қиладиган кишиларни сахийликда ҳам меъёрни ушлашга, исрофгарчиликка йўл қўймасликка чақиради. Демак, юқоридаги оятларда буюрилганидек, муҳтож инсонларга инфоқ эҳсон қилишда ҳам мўътадил бир меъёрни маҳкам ушлаб, бахиллик ҳам қилмасдан, шу билан баробар исрфгарчиликка ҳам йўл қўймасдан муҳтожларнинг ҳожатларини чиқариш лозимдир. Чунки ўзи бой-беҳожат бўлгани ҳолда муҳтож инсонларга ёрдам кўлини чўзмасдан бахиллик қилган кимса ҳақли равишда таъна-маломатларга дучор бўлганидек, кўлидаги бор нарсасини бериб юбориб, ўзи ва қарамоғидагиларни оч-яланғоч ҳолда қолдирган киши ҳам ҳасрат-надоматда қолиши тайиндир.
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам хайр-садақа қилгувчи киши билан бахил кимсани икки кишига ўхшатиб мисол келтирдилар. У икковига ҳам темирдан бўлган тўн кийдирилган бўлиб, у темир тўнлар икковини ҳам кўлларини кўкрак-бўйинларига ёпиштириб қисиб қўйгандир. Шунда хайр-садақа қилгувчи киши садақа қилгани сари темир тўн тугмалари бирин-кетин ечилиб, ҳатто тўни унинг оёқларига тушиб, босган изларини ўчириб ерда судралиб қолади. Бахил кимса эса, ҳарчанд садақа қилмоқчи бўлади-ю, аммо устидаги темир тўнининг бирон тугмаси ечилмасдан, қисилган қўлларини янада маҳкамроқ қисиб, қимирлай олмасдан тураверади”. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Ушбу ояти карима нозил қилинишига қуйидаги воқеа сабаб бўлгани айтилади. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Бир гўдак бола Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг уйларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, онам Сиздан бир кўйлак беришингизни сўрамоқда”, деди. Пайғамбар алайҳис-салом ҳузурларида ўша онда ўзларининг устларидаги кўйлакларидан бошқа бирон кўйлаклик мато йўқ эди, шу сабабдан ҳалиги болага: “Яқин соатларда сен сўраган нарса келиб қолар. Бошқа вақт келгин”, деб қайтариб юбордилар. Бола ҳеч қанча вақт ўтмай яна келди ва: “Онам устингиздаги кўйлакни бўлса ҳам беришингизни сўрамоқда”, деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уйларига кириб кўйлакларини ечдилар-да, болага бериб юбориб, ўзлари эгниларига киядиган бирон нарса йўқ уйларида қамалиб ўтириб қолдилар.
Бир оздан кейин Билол азон айтиб намозга чақирди. Одамлар Пайғамбар алайҳис-саломни кутиб турдилар, аммо у зот чиқавермадилар. Асҳобларининг кўнглига хавотир тушиб, бир киши хабар олиш учун уйларига кирган эди, у зотнинг кийимсиз ўтирганларини кўрди. Мана шу пайтда ҳар бир ишда иқтисодли бўлишни таълим бергувчи ушбу ояти карима нозил бўлди. (“Маолимут танзил”тафсиридан).

30. Шубҳасиз, Парвардигорингиз Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишиларнинг ризқини) танг қилур. Албатта У бандаларидан Хабардор ва (уларни) Кўриб тургувчи бўлган Зотдир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло жамийки мавжудотнинг ризқи рўзи Ёлғиз Унинг Қўлида эканини, бинобарин, кимга кенг, кимга танг ризқ бериш ҳам Унинг Ихтиёридаги иш эканини яна бир бор таъкидлайди. Жаноби Ҳақ Ўзининг Танҳо Раззоқ - ризқ Бергувчи эканини бошқа бир оятда шундай баён қилган: “Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Ёлғиз Оллоҳнинг Зиммасидадир”. (Ҳуд сураси, 6-оят).
Бас, У Ёлғиз Ўзига маълум бўлган Ҳикмат ва Адолат билан айрим бандаларининг ризқини кенг-мўл қилса, айримларининг ризқини тор-танг қилади ва у инсонларнинг ҳаёти дунёдаги ризқларини белгилашда уларнинг мўмин ёки кофир эканликларига боқмайди. Балки гоҳо Ўзи яхши кўрган баъзи бир мўмин бандасининг ризқини - синов-имтиҳон учун - тангу тор қилса, айрим кофир кимсаларнинг ризқини кенг-мўл қилиб қўйиши мумкиндир.
“Албатта У бандаларидан Хабардор ва (уларни) Кўриб тургувчи бўлган Зотдир”.
Яъни, Оллоҳ таоло бандаларининг яширган сирларини ҳам, ошкор қилган нарсаларини ҳам жуда яхши кўриб билиб туради. Албатта, У бандаларининг ўзларига махфий бўлган манфаатларини ҳам Билгувчидир.
Ҳадиси Қудсийда келади: “Албатта Мен мўмин бандаларимдан кимнинг иймони бой-бадавлатлик билан яхши, салоҳиятли бўлишини билурман. Агар Мен уни фақир, камбағал қилиб қўйсам, камбағаллик уни бузади. Мўмин бандаларимдан яна шундай кишилар ҳам борки, унинг иймони фақирлик камбағаллик билан салоҳиятли бўлади. Агар Мен уни бой, бадавлат қилиб қўйсам, бойлик уни бузади. Албатта Мен бандаларимнинг дилларини билганим учун уларнинг ишини Ўзим тадбир қилурман. Албатта Мен Билгувчидирман, Хабардордирман”. (Анас розияллоҳу анҳу ривоят қилган. “Баҳрул улувм”китобидан).
Демак, бой қилгувчи ҳам, камбағал қилгувчи ҳам, ризқни кенг қилгувчи ҳам, танг қилгувчи ҳам Оллоҳ таолонинг Ўзидир. Агар У ҳаммани бой қилиб қўйганида, улар ҳадларидан ошиб туғёнга тушган бўлур эдилар, агар ҳаммани фақир, камбағал қилиб қўйганида, улар қоринлари ғамида ибодат қилишни унутиб, ҳалокатга дучор бўлар эдилар.
Термизий “Зуҳд” китобида ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилади: “Етти нарса келиб қолишидан илгари амалларингизни қилиб қолишга шошилинглар. Сизлар фақат унутдириб юборгувчи камбағалликни ёки туғёнга туширгувчи бойликни ёки роҳатингизни бузгувчи касалликни ёки ақлни ўтмаслаштириб қўйгувчи қариликни ёки лаззатларни кесиб қўйгувчи ўлимни ёки ғойибдаги энг ёмон кутилгувчи бўлган дажжолни ёки энг балолик, энг аччиқ Кун бўлмиш Қиёмат Соатини кутмоқдасизлар холос”.
Бас, оқилнинг иши Оллоҳ таолонинг Амрига таслим бўлмоқ, Унинг Ҳукмига рози бўлмоқ, тор-танг вақтда сабр қилмоқ, кенг-мўлчиликда шукр қилмоқ ва имкони борича инфоқ-эҳсон қилмоқдир. (“Танвирул азҳон” китобидан).
“Агар Оллоҳ (барча) бандаларининг ризқларини кенг-мўл қилса, албатта улар Ер юзида зулм-тажовузкорлик қилган бўлур эдилар. Лекин У Зот (бандаларининг ризқу рўзларини) Ўзи хоҳлаганича ўлчов билан туширур. Албатта У бандаларидан Хабардор ва Кўриб тургув-чидир”. (Шўро сураси, 27-оят).

31. (Эй инсонлар), болаларингизни йўқчиликдан қўрқиб ўлдирмангизлар - уларга ҳам, сизларга ҳам Биз Ўзимиз ризқ берурмиз. Уларни ўлдирмоқ, шак-шубҳасиз, катта хатодир.
Жоҳилият замонида айрим мушрик араблар боқа олмасликдан қўрқиб ўз болаларини ўлдиришар, айниқса қиз болаларни ҳеч қандай фойдаси бўлмаган текинхўр, жанг-жадалларга қатнашиб ўлжа олиб келиш ҳам қўлидан келмайди, дейишиб улардан қутулиш учун тириклай кўмишар эди.
Қуръони Карим бундай ваҳшийликдан кескин қайтаради ва болалар-нинг ризқларини оталар бермаслигини, балки буларни ҳам, уларни ҳам Оллоҳ таолонинг Ўзи ризқлантиришини айтади. Яъни, Ҳақ таоло кимга ҳаёт неъматини ато этса, унинг ризқига ҳам Ўзи Кафилдир.
Аммо биз ояти каримадаги ушбу жумлани ўқир эканмиз, унда фақат қадим замонлардаги арабларнинг ваҳшийлик билан ўз болаларини ўлдиришдек қабиҳ одатлари ҳақида айтилибди, деб тушунадиган бўлсак, бу сўзларни бизнинг замонимизга алоқаси йўқ деб ўйласак, у ҳолда ҳеч қачон эскирмайдиган, ҳар бир сўзига то Қиёматга қадар амал қилинадиган Каломуллоҳнинг ҳаққини адо қилмаган, яъни, уни тўғри тушунмаган бўламиз. Чунки Жаноби Ҳақ бу жумлада ўтган замоннинг маълум асрларида яшаб ўтган кимсаларнигина эмас, ҳамма замонлардаги инсонларни ўз болаларини ўлдиришдан қайтармоқда. Эҳтимол айрим кишилар: “Бизнинг тараққиёт ва маданият чўққиларини забт этган давримизда ундай ёввойи жамият сарқитларига ўрин йўқ. Бизнинг инсон ҳуқуқларини тўла ҳимоя қиладиган илғор ва адолатли қонунларимиз бор”, деб ўзларини қуруққа олмоқчи бўлишар. Аммо афсуски, воқеликка хушёр назар ташланса ва ғарб сафсаталари билан хиралашмаган кўз билан қаралса рўбарўмизда тамоман бошқача, ўша ёввойи жоҳил арабларнинг тушларига ҳам кирмаган жирканч манзара намоён бўлади. Яъни, бизнинг мана шу “тараққиёт чўққисига эришган маданиятли” замонамизда “оилани режалаштириш”, “соғлом авлод учун”, деган дабдабали шиорлар остида ҳали ёруғ дунёга келишга улгурмаган чақалоқларни ўлдириш - олдириш ва иложи бўлса оналар бачадонини умуман ҳомиладор бўлиш салоҳиятидан маҳрум қилиш каби ваҳшийликлар қарийб одат тусига кириб бораётгани кўзга ташланади.
Энг ажабланарлиси, балки энг ачинарлиси, бундай аҳвол асосан мусулмон ўлкаларда авж олдирилаётганини кўрамиз. Ғайридинларнинг ҳар бир фарзанд кўришлари байрам ва ҳукумат томонидан турли мукофот, имтиёзлар берилишига сазовор бўлган воқеа ҳисоблангани ҳолда мусулмонларнинг серфарзанд бўлиши айб саналиб, ўша ғайридинлар томонидан “одамийлик ёрдами” сифатида юборилган доривоситалар орқали энди дунёга келадиган болаларни ҳали ҳомила ҳолида олдириб ташлашга тарғиб қилиниши - қирилиши маданиятга кирадими ё тараққиёт белгисими ёки кўпайиб кетаётган мусулмонларнинг уруғини қуритиш деб баҳоланадими?!
Назари ожизимизда, айни масалада бегоналар қўли борлиги очиқ кўриниб турган бўлса-да, аслида ўзимиз айбдордирмиз. Чунки биз мусулмонлар бегоналарга эргашиб, улардан тараққиёт сирларини ўрганамиз деб юриб, қўлимиздаги Китобимиздан, ундаги “Болаларингизни ўлдирмангиз”, деган Илоҳий хитобдан бехабар қолдик ва натижада Дўстнинг Амрини адо қилмаганимиз учун душманлар қўлида кўғирчоққа айландик - улар бизни ўз қўлимиз билан наслимизни қиришга ўргатдилар!
Тўғри, Шариати Исломийя агар ҳомила она ҳалокатига сабаб бўлиши аниқ исботланса, уни олдиришга рухсат беради. Аммо бундай хатар бўлмаган вақтда ҳар қандай баҳона билан, жумладан: “боқишга кучим етмайди”, деган ўй билан ҳомилани олдирган ота-онани ўз боласининг қотили деб ҳисоблайди. Ҳатто фақат ҳомила бўлиб қолишининг олдини олиш учун азл қилишдан - манийни ўз жойига тўкмаслиқцан ҳам қайтарилгани ҳақида ривоятлар бор.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан бу ҳақда сўралганида: “Азл қилиш (пайдо бўлиш эҳтимоли бор ҳомилани) пинҳона кўмишдир”, деб жавоб қилганлар. (Муслим ривояти).
“Саҳиҳайн”да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қи-линди: “Мен: “Ё Расулуллоҳ, энг катта гуноҳ қайси?” деб сўраган эдим, “Яратганнинг тенги бор деб эътиқод қилишинг”, дедилар. “Кейин қайси?” дедим. “Сен билан бирга овқат ейишидан қўрқиб ўз болангни ўлдиришинг”, дедилар. “Кейин қайси?” дедим. “Қўшнинг ҳалоли билан зино қилишинг”, дедилар”.

32. Зинога яқинлаша кўрманглар! Чунки бу бузуқлик ва энг ёмон йўлдир.
Муҳтарам ўқувчи эътибор берган бўлса, Оллоҳ таоло бу ўринда мўмин-мусулмонларни бузуқликдан қайтарар экан, уларга: «Зино қилманглар», деб эмас, балки: «Зинога яқинлаша кўрманглар!» деб буюрди. Демак, Оллоҳдан қўрқадиган инсон зинога - фаҳшга олиб борадиган ҳар қандай ишлардан қаттиқ хазар қилиш лозим экан.
Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам айтилган: “Бузуқ ишларнинг ошкорасига ҳам, махфийсига ҳам яқинлашмангиз!” (Анъом сураси, 151-оят).
Яъни, Ислом ҳар бир мусулмондан тўла маънода тоза, покдоман инсон бўлишини талаб қилади. Бас, мусулмоннинг зоҳири - бошқаларга кўриниб турадиган иш-амаллари ҳам, ботини - қалби ҳам пок ва беғубор бўлиши керак. У одамлар гувоҳ бўладиган гуноҳлардан, бузуқ ишлардан ҳам, Оллоҳдан ўзга ҳеч ким гувоҳ бўлмайдиган пинҳона гуноҳлардан ҳам олис бўлишга буюрилгандир.
“Маолимут-танзил” тафсирида ривоят қилинишича, жоҳилият замонида мушрик араблар ошкора зинокорликни қоралар эдилар-у, аммо яширинча бузуқлик қилишни зиёни йўқ, деб даъво қилардилар. Бас, Оллоҳ таоло ушбу оятда зинонинг ошкорасини ҳам, пинҳонасини ҳам ҳаром қилди.
Заҳҳок раҳматуллоҳи алайҳ: “Ояти каримада айтилган ошкора бузуқликдан мурод ичкиликбозлик, пинҳона бузуқлик эса зинокорлик”, деб тафсир қилади.
Демак, бузуқлик - гуноҳнинг ҳар қандай тури ҳаром қилингандир. Зотан, поклик Дини бўлмиш Ислом ҳар бир инсонни ҳам жисман ва ҳам маънан покликка буюриш билан ўша инсонлар яшайдиган жамиятни покиза жамият бўлишини таъминлайди. Бу эса ҳамма замонлар учун ва хусусан, бузуқликлар авж олган, шаҳвоният тарғиботининг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган турли воситалари кенг тарқалган, пок инсоний ҳаёт кечиришни истаган инсонлар ғариб бўлиб қолган ҳозирги давр учун ўта долзарб масъаладир.
Ояти каримада зинокорлик - бузуқлик ва энг ёмон йўл экани алоҳида таъкидланди. Чунки у дўзах йўлидир. Зинокорлик бузуқлик эканлиги, у аввало ўша зино қилгувчи кимсани бузиб ҳайвонлик даражасига тушириб қўяди, сўнгра у оилани бузиб вайрон қилади, сўнгра у бутун жамиятни бузиб хароб қилади. Чунки у насл-насаблар аралашиб кетишига - ким кимнинг авлоди эканлиги маълум бўлмасдан, жамиятда ҳаромилар кўпайишига, номуслар топталишига, бедаво касалликлар кўпайиб кетишига ва ризқ-рўздан барака кўтарилиб, оқибатда хор-зор ва шарманда бўлишга олиб боради.
Саҳобийлардан бири (Оллоҳ уларнинг барчаларидан рози бўлгай), айтади: “Зинодан узоқ бўлинглар. Чунки зинода олтита “хислат” бўлиб, улардан учтаси дунёда, учтаси Охиратдадир. Дунёдаги зинонинг уч “хислати”дан биринчиси, ризқнинг камайиб кетиши бўлиб, зинокорнинг топганидан хайр-барака кетади ва у маҳрум кимсага айланади, иккинчиси, у бедаво дардларга йўлиқиб, умри қисқариб кетади, учинчиси, одамлар қалбида жирканч кимсага айланади, чунки унинг юзидан нур кетади. Охиратдаги уч хислат эса, зинокор Парвардигорнинг ғазабига дучор бўлиши, ҳисоб-китоби қаттиқ бўлиши ва унинг албатта дўзахга киришидир”. (“Танвирул-азҳон ” тафсиридан).

33. Оллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонни (яъни, қатл этилишга мустаҳиқ бўлмаган жонни ноҳақ) ўлдирмангиз, магар ҳақ (Шаръий қонун) билангина (ўлдиришларингиз мумкиндир). Кимки мазлум бўлган ҳолида (яъни, ноҳақ) ўлдирилса, биз унинг эгаси - вориси учун (қасос олишга) салтанат-ҳуқуқ бергандирмиз. Бас, у (қотилни) ўлдиришда ҳаддан ошмасин (яъни, қотилнинг ўрнига бошқа бировни ўлдирмасин ё бир кишининг муқобилига икки кишини ўлдирмасин ёки қотилни ўлдиришда унинг қулоқ-бурнини кесмасин)! Зеро, у (Оллоҳтомонидан қотилнинг устига) ғолиб қилинган зотдир.
Ояти каримада Ҳақтаоло бирон инсонни - у инсон мусулмон бўладими ёки мусулмонлар билан урушмаслик ҳақида иттифоқ қилган ғайридин бўладими - ноҳақ ўлдиришни қатъий ҳаром қилди. Фақат уч ҳолатдагина уни қатл қилиш дуруст бўлади. Бу ҳакда имом Бухорий, Муслим ва бошқа муҳаддислар Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадун Расулуллоҳ,” деб гувоҳлик берадиган мусулмоннинг қонини тўкиш ҳалол бўлмас, магар уч ишдан бирини қилса ҳалолдир - оила қурган эркак ёки аёл зинокорлик қилса; бирон жонни ноҳа қўлдирса; Динни тарк этиб, мусулмон жамоатидан ажраладиган бўлса унинг қони ҳалолдир”, дедилар. Яна бир ҳадисда: “Ким зиммийлардан (яъни, мусулмон жамият фуқаролари бўлган ғайридинлардан) бирон кишини (ноҳақ) ўлдирса, ундай кимса жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди. Ҳолбуки жаннат ҳиди етмиш йиллик масофадан келиб туради”, дейилган. (Абу Довуд ривояти).
Демак, Шариати Исломийя ҳар бир инсоннинг ҳаётини ҳимоя қилади ва агар бирор кимса ҳадисда эслатилган жиноятлардан биронтасини содир қилган ҳолатда ҳам, агар унинг жинояти аниқ исботлансагина ўлим жазосига ҳукм қилинади ва фақат Шариат маҳкамасининг ҳукми билангина бу жазо ижро қилинади.
Ўрганаётганимиз ушбу ояти кариманинг энг гўзал тафсири мана бу оятлардир: “Эй мўминлар, сизларга ўлдирилган кишилар учун - озод киши муқобилига озод кишидан, қул учун қулдан, аёл киши учун аёлдан - қасос олиш фарз қилинди. Энди кимга биродари томонидан бир оз афв қилинса (яъни, қотилдан қасос олиш ўрнига товон олишга рози бўлинса), у ҳолда яхшилик билан бўйинсуниш ва унга чиройли суратда (товон) тўлаш лозимдир. Бу (ҳукм) Парвардигорингиз томонидан (берилган) енгиллик ва раҳм-шафқатдир. Бас, кимки шундан кейин ҳаддан ошса (масалан, товон тўлангандан кейин ҳам қотилни ўлдирса), унинг учун аламли азоб бордир. Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар! Шояд (жиноятлардан) сақлансангизлар”. (Бақара сураси, 178-179-оятлар).
Ушбу икки оятда буюрилган мавзу жамиятда ижтимоий адолат қарор топишининг муҳим омилларидан биридир. Бу ўринда яхши билиб олишимиз керакки, ояти каримада албатта қасос олиш фарз қилинди дейилмаяпти, балки фақат қотилдан қасос олиш фарз қилинди дейилмоқда. Яъни, агар биров ўлдирилган бўлса то унинг қотили аниқ топилиб, ҳеч рад қилиб бўлмайдиган далиллар билан жинояти бўйнига қўйилмагунича қасос олишга шошилманглар дейилмоқда. Қотил топилиб, унинг жинояти аниқ исботланганидан кейин ҳам дарҳол ўлим жазоси қўлланилмайди, балки, бу ҳолда ўлдирилган инсоннинг эгаларига ихтиёр берилади. Улар уч нарсадан бирини танлашлари мумкин. Биринчиси, қасос олишни, яъни қотилни ўлдиришни талаб қилишлари мумкин ва бу ҳолда қотил ўлимга ҳукм қилинади. Яна аниқ билиб олишимиз керакки, оятдаги касос олиш ҳукми ҳаргиз ўлик эгалари ўзларича қотилни топиб, қасос олаверадилар, дегани эмас, балки бу фақат маҳкамаларнинг иши бўлиб, қотилни аниқлаш, унинг шахсини ўрганиш, яъни у соғми, носоғми, нима сабабдан бу қилмишга қўл урди - билибми, билмайми, агар билган ҳолда шу жиноятни қилган бўлса, уни ихтиёрий равишда қилдими ёки қандайдир сабаб билан шунга мажбур бўлдими, каби кўпдан-кўп сўроқ-саволлардан кейин, маҳкама бу ишни қасддан қилинган қотиллик деган қатъий қарорга келганидан кейин, агар ўлдирилган кимсанинг эгалари қотилга ўлим жазосини талаб қилишса, шундагина унга ўлим жазоси берилиб - қасос олинади. Аммо жабрланувчи тараф, айтиб ўтганимиздек, жазонинг бошқа турини ҳам талаб қилишлари мумкинки, у товон тўлаш жазосидир. Оят давомида шу ҳақда айтилди:
Энди кимга биродари томонидан бир оз афв қилинса (яъни, қотилдан қасос олиш ўрнига товон олишга рози бўлинса), у ҳолда яхшилик билан бўйинсуниш ва унга чиройли суратда (товон) тўлаш лозимдир.
Яъни, қотилнинг ўлдирилмасдан товон тўлашига рози бўлган тараф қўполлик қилмай, қўрқитмай кутиши, қотил тарафи эса чўзмасдан, хиёнат қилмасдан товонни тўлаши лозимдир.
Шариати Исломияда бир инсон учун тўланадиган товон миқдори юзта туя деб белгиланган. Аммо жабрланувчи тараф ундан озроғига рози бўлсалар ҳам ихтиёрлари бор. Энди қотилдан қасос олиш ёки унинг товон тўлашига рози бўлиш ихтиёри Оллоҳ таоло томонидан Ислом умматига берилган енгиллик экан. Чунки яҳудларда фақат қасосга буюрилган бўлса, насронийлар фақат афв қилишга буюрадилар.
Яна Шариатимизда жабрланувчи тараф учун қасос олиш ё товон тўла-тишдан ташқари учинчи ихтиёр ҳам борки, у афв қилиб кечиб юбориш ихтиёридир. Яъни, улар агар хоҳласалар қотилдан қасос ҳам олмай, товон ҳам олмай уни кечириб юборишлари мумкин. Жаноби Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам мана шу масъала кўтарилганида аввало жабрланувчи тарафни қотилни кечириб юборишга даъват қилар эдилар. Агар улар буни хоҳламасалар, у ҳолда товон олишга чақирар эдилар. Агар улар буни ҳам истамасалар қасосга, яъни қотилни қатл қилишга буюрар эдилар.
“Сизлар учун қасосда ҳаёт бор, эй аҳли донишлар!” Ушбу жумла Қуръоннинг тенгсиз фасоҳатли, балоғатли Калом эканига яна бир очиқ далилдир.
Тил ва адабиёт билимдонлари ушбу жумла таҳқиқотига бағишланган асарлар ёзганлар ва маънони бу тарзда ифодалаш инсон зотининг қўлидан келмаслигини тан олганлар. Дарҳақиқат, дафъатан жумла маъноси тушунарсиздек туюлади. Ахир қасос ўлдириш деганику, унда ҳаёт нима қилади, деган хаёл келади. Аммо сал ўзимизнии босиб олганимиздан кейин “Қасосда ҳаёт” борлигига бутун вужудимиз билан қойил бўламиз ва бу Илоҳий жумла нақадар қисқа бўлса, шу қадар пурмаъно эканини тан оламиз. Яъни, иккигина сўздан иборат бўлган жумланинг маъноси энг камида мана бундай бўлади: Биргина қасос олиш ҳақидаги хукм жуда кўп қотил ва мақтул (ўлдирилувчи) бўлиши мумкин бўлган кишиларнинг ҳаётлари сақланишига сабаб бўлади. Бошқача айтганда, ҳар қандай киши қасос олинишини ўйлаб ўзини қотиллик қилишдан тияди. Демак, қотилдан қасос олиш ҳукми борлиги сабабли жуда кўп қотил ва мақтул (ўлдирилувчи) бўлиши мумкин бўлган кишиларнинг ҳаёти сақланиб қолади. Бундан ташқари фақат қотилдангина қасос олиш ҳукми бир одам учун кўпчиликдан қасос олишдан ёки қотил экани тўла аниқланмаган одамни қатл қилишдан ҳам қайтаради.
Ажабо, оятни ўқиганимизда сўз қатл, қотил, мақтул ҳақида бораётганини тушунамиз, аммо ояти карима лафзида бу сўзларнинг - одамнинг этини жунжиктириб юборадиган бу сўзларнинг биронтаси йўқ. Ҳолбуки, дунёдаги энг бой тил бўлган араб тилининг билимдонлари ҳам юқоридаги мазкур бўлган маънони “қатл қатлни қайтаради”, деб ифодалар эканлар. Мана шу икки ифодани бир-бирига солиштириб кўрилса “Қатл қатлни қайтаради” ибораси билан “Қасосда ҳаёт бор” ибораси ўртасидаги фарқ роппа-роса ер билан осмонча келади. Яъни, бири ернинг гапи, иккинчиси эса осмондан тушган гап экани шундай кўриниб туради. Лекин ҳаммага эмас, фақат ақл эгаларига! Шунинг учун ҳам ояти каримада “Эй аҳли донишлар”, деб ақл эгаларига хитоб қилинди.

34. Етимнинг молига то у вояга етгунича фақат энг чиройли йўл билангина яқинлашингиз! Ва аҳдга вафо қилинглар! Зеро, аҳд-паймон (Қиёмат Куни) масъул бўлинадиган ишдир.
“Етимнинг молига то у вояга етгунича фақат энг чиройли йўл билангина яқинлашингиз”.
Бу хитоб отасиз қолган етимларни ўз қарамоғига олган кишиларга қаратилган. Ҳақ таоло уларга қўл остларидаги етимларга раҳм-шафқат билан муомала қилишни ва агар у етимларга оталаридан мерос - мол қолган қолган бўлса у омонатга хиёнат қилмай то етимлар вояга етгунича авайлаб-асраб, имкон бўлса тижорат қилиб кўпайтириб ўз эгаларига топширишни буюриш билан ҳимоячисиз қолган етимларнинг Ҳомийси - Ҳимоячиси Ўзи эканини таъкидлайди.
Бу мавзу ҳақида кейинроқ, Мадинада нозил бўлган Бақара ва Нисо сураларида янада батафсилроқ айтилди: “(Вояга етганларидан кейин кўл остингиздаги) етимларга молларини берингиз ва (етимларнинг сизлар учун) нопок бўлган (молларини ўзингизнинг ҳаққингиз бўлган) пок нарсага алмаштириб олмангиз! Ва уларнинг молларини ўзингизнинг молингизга қўшиб емангиз! Зеро, бу катта гуноҳ бўлган ишдир.” (Нисо сураси, 2-оят).
Шариати Исломийяда, етимлар, дейилганида отаси ҳам, бобоси ҳам вафот қилган, балоғат ёшига етмаган ёш болалар назарда тутилади. Отаси, бобоси ўлиб, ота тарбиясига муҳтож бўлиб қолган етимларни то вояга етгунларича қариндошлари ёки бегоналар ўз тарбияларига оладилар. Агар етимнинг мерос олган моли бўлса, у васий бўлган киши кўлида омонат бўлиб туради. То бола вояга етгунича васий етимнинг озиқ-овқати, кийим кечаги каби эҳтиёжларига ўша омонат молдан ишлатаверади. Агар васий бўлган кишинингўзи ҳам камбағал бўлса етимнинг молидан эҳтиёжига яраша ўзи учун ҳам ишлатиши ҳалолдир. Бу ҳақда қуйида келадиган оятларда зикр қилинади: “(Етимни оталиққа олган) киши агар бой бўлса (етимнинг молидан) парҳез қилсин, камбағал бўлса, яхшилик билан (яъни, қилган хизматига ярашга) олиб есин”. (Нисо сураси, 6-оят).
Ушбу ояти каримада етимларни оталиққа олган кишилар уларга мерос қолган молларидан сарфлашлари жоиз эканлиги айтилиб, сўнгра улар вояга етганларидан кейин эса ортган молларини ўзларига қайтариб бе-ришлари лозимлиги буюрилади. Имом Абу Ҳанифа розияллоҳу анҳу: “Агар етимнинг ақли ҳуши жойида бўлса, унинг моли балоғат ёшига етиши, яъни, ўн икки ёшга тўлиши билан ўзига қайтариб берилса бўлади, аммо фойда-зиённинг фарқига бормайдиган даражада бўлса, у йигирма беш ёшга киргунича молини ўзига қайтариб бермасдан туриш мумкин, ундан кейин унинг молини ушлаб туриш ҳаром”, деган.
“Ва (етимларнинг сизлар учун) нопок бўлган (молларини ўзингизнинг ҳаққингиз бўлган) пок нарсага алмаштириб олмангиз!”
Яъни, масалан етимнинг семиз қўйлари бўлса, оталиққа олган киши уларни ўзига қарашли ориқ қўйларга бошма-бош деб алмаштириб олиши ҳаромдир.
“Ва уларнинг молларини ўзингизнинг молингизга қўшиб олмангиз! Зеро, бу катта гуноҳ бўлган ишдир”.
Ушбу жумладан етимнинг молини ўзлаштириб олиш ҳаром ва катта гуноҳ экани маълум бўлади. Бу ҳақда Бақара сураси, 220-оятда ҳам баён қилинган: “Яна Сиздан етимларнинг (моллари) ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Уларни ислоҳ қилиш яхшидир. Агар (молларингизни) уларнинг (моллари) билан қўшиб юборсангиз (зарари йўқ). Зеро, улар биродарларингиздир. Оллоҳ ким бузғунчи, ким ўнгловчи - ислоҳ қилувчи эканини билади. Агар истаса, сизларни машаққатга солган бўлур эди. Албатта Оллоҳ Кудрат ва Ҳикмат Эгасидир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Қачонки “Етимнинг молига то у вояга етгунича фақат энг чиройли йўл билангина яқинлашингиз!” (Анъом сураси, 152-оят). Етимларнинг молларини зулм йўли билан ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз, қоринларига оловни еган бўлурлар. Ва албатта дўзахга киражаклар! (Нисо сураси, 10-оят) оятлари нозил бўлгач, саҳобалардан қарамоғида етим болалар бўлган кишилар дарҳол уйларига қайтиб, етимларининг оби-овқатларини ўзлариникидан ажратиб алоҳида қилиб қўйдилар. Етимнинг таомидан бирон нарса ортиб қолса уни ҳеч ким емай, то уни ўзи егунича ёки айниб қолгунча тураверадиган бўлди ва бу ноқулайликлардан қийналган саҳобалар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурига келиб арзи ҳол қилганларида, Оллоҳ таоло Ўзининг етимлар ва уларни қўлларидаги мерос молларига муносабат хусусидаги Фармонини нозил қилди. Ушбу жумлада Ҳақ таоло мусулмонларга етим-есирларни оталиққа олишни буюради. Бу оят уларнинг ота-оналаридан мерос бўлиб қолган молларига қандай муносабатда бўлиш лозимлиги ҳақидадир. Мусулмонлар ўз оталиқларидаги етимлар молларини қандай сарф қилаётганларига кўз-қулоқ бўлиб туришларини Қуръон «ислоҳ» деб атаб, шундай қилишга буюради ва уларнинг молларини ўз молларига қўшиб ишла-тишларига ҳам рухсат беради. Фақат бу иш билан етимларнинг манфаатини кўзлаганларни ҳам, ўз фойдаларини ўйлаганларни ҳам, Оллоҳ, албатта билиши таъкидланади. Шунингдек, Оллоҳ истаса мусулмонлар-ни бундай қулайликлардан маҳрум қилган бўлиши мумкин эканлиги уқтирилади”.
“Етимларнинг молларини ноҳақ ейдиган кимсалар ҳеч шак-шубҳасиз, қоринларига оловни еган бўлурлар. Ва албатта дўзахга киражаклар!” (Нисо сураси, 10-оят).
Ушбу ҳадиси шариф мазкур оятнинг энг аниқ тафсиридир: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Мени сайр қилдирилган кечада (яъни, Меърож кечасида) менга дўзах ҳам кўрсатилди. У жойда шундай одамларни кўрдимки, уларнинг лаблари туянинг лабига ўхшар эди. Уларга вакил қилинган фаришталар уларнинг лабларини очиб, оғизларига олов харсангларни отар эдилар. У олов-тошлар уларнинг остларидан чиқиб кетар эди. Уларнинг дод-войларига чидаб бўлмас эди. Мен Жаброилдан: “Булар кимлар”, деб сўраганимда у: “Булар етимларнинг молларини ноҳақ еган кимсалар”, деб жавоб қилди”.
“Ва аҳдга вафо қилинглар! Зеро аҳд паймон (Қиёмат Кунида) масъул бўлинадиган ишдир”.
Аҳдга вафо қилиш вожиб эканлиги ҳақида бошқа оятларда ҳам қайта-қайта айтилган: “Аҳд-паймон берган вақтларингизда, Оллоҳга берган аҳдингизга вафо қилингиз! Оллоҳни кафил қилиб ичган қасамларингизни (Оллоҳ номини зикр этиш билан) мустаҳкам қилганингиздан кейин бузмангиз! Албатта Оллоҳ қилаётган ишларингизни билур”. (Наҳл сураси, 91-оят).
Шунингдек, Ҳақ таоло яхшилик нима экани, яхши инсон - чин мусулмон қандай сифатларга эга бўлиши кераклиги баён қилинган бир оятда “(Мўминлар) аҳдлашганларида аҳдларига вафо қилгувчилар”, деб хабар берган. (Бақара сураси 177-оят).
Дарҳақиқат, яхши одам Оллоҳ таолога берган бандалик аҳдига ҳам, Расулуллоҳга берган умматлик аҳдига ҳам, мусулмонларга берган биродарлик аҳдига ҳам вафо қилади. Аҳдга вафосизлик мунофиқлик аломатларидандирки, мусулмон инсон бирон бир сифатда мунофиққа ўхшаб қолишдан ҳазар қилади.

35. (Ўрталарингиздаги олди-берди, савдо-сотиқдан бирон нарсани) ўлчаган вақгларингизда ўлчовни тўла-тўкис қилинглар ва тўғри тарози билан тортинглар! Мана шу энг яхши ва чиройли ечим - ҳукмдир.
Бу ҳукм одамлар ўртасида бўладиган савдо-сотиқ муомалаларида адолат барқарор бўлиши вожиб эканини билдиради. Яъни, сотувчи ҳам тарози-ўлчовдан уриб қолмасдан тўла қилиб тортиб - ўлчаб бериши керак, харидор ҳам сотиб олган нарсанинг ҳаққини тўла қилиб тўлаши керак. Агар улардан бири қасддан эмас, билмаган ҳолида ўлчаш ёки тортишда иккинчи тарафга катта зиён етказмайдиган даражада хато қиладиган бўлса, бу кечиримли ҳолатдир. Чунки инсон ҳар доим ҳам бехато олди-сотди қилишга қодир эмаслиги Яратганга аён ва У Зот бандасини тоқатидан ташқари нарсага буюрмайди.
Аммо бировнинг ҳаққидан уриб қолиш учун ўлчов ва тарозида одамларни алдайдиганлар эса ўзларини ҳалокатга гирифтор қилгувчи кимсалардир: “(Ўлчов ва тарозидан) уриб қолгувчи кимсаларга ҳалокат бўлгай! Улар одамлардан (бирон нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса кам қилиб берадиган кимсалардир. Улар ўзларининг улуг бир Кунда - барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик туриб (ҳисоб-китоб берадиган Қиёмат) Кунида қайта тирилгувчи эканликларини ўйламайдиларми?!” (Мутаффифун сураси, 1-6-оятлар).
Хабарларда айтилишича, бировнинг ҳаққидан ҳазар қилмайдиган бундай кимсалар ўз қилмишлари билан ҳеч қачон бой-бадавлат бўлиб кетмайдилар, аксинча ўзларининг ризқларини қиядилар.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Қайси қавмда хиёнаткорлик зоҳир - ғолиб бўлса, Оллоҳ таоло уларнинг қалбларига кўркув солиб қўюр; қайси қавмда зино ёйилса, улар орасида ўлим кўпаюр; қайси қавмда ўлчов, тарозидан уриб қолиш ёйилса, улардан ризқузилиб қолур; қайси қавм ноҳақ ҳукм чиқаришга одатланса, улар орасида қон тўкишлар кўпаюр; қайси қавм аҳдни бузадиган бўлса, Оллоҳ таоло уларнинг устига душманни султон қилиб қўюр.”
Ибн Аббоснингяна шундай сўзи бор: “Эй ажамлар жамоаси, сизларга икки иш берилди. (Билингларки), сизлардан аввал ўтганлар ўша икки иш билан ҳалок бўлганлар. Улар ўлчов ва тарозидир”.
Термизий, Ибн Можжа ва Аҳмад Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига тожир - савдогарлар келганлари-да у зот айтдилар: “Эй тожирлар жамоаси, албатта Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида сизлардан ростгўй бўлган, қавм-қариндоши билан борди-келди қилган ва омонатни адо қилган (яъни, олди-сотдида одамларнинг ҳақларини емаган) кишилардан бошқаларни фожир - фисқу фужур қилгувчи итоатсиз кимсалар қаторида тирилтиради”, дедилар. (“Танвийрул азҳон” тафсиридан).

36. (Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашиб кетавермагин! Чунки қулоқ, кўз, дил - буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, тинглаган, қараган ва ишонган ҳар бир нарсаси учун киши Қиёмат Кунида жавоб беради).
Ояти карима мазмунини муфассирлар турлича тафсир қилганлар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Эй инсон, сен фақат ўз кўзларинг билан кўрган, ўз қулоғинг билан эшитган ва қалбинг билан англаб етган нарсагагина гувоҳлик бергин”. Қатода айтади: “Эй инсон, сен ҳаргиз кўрмаган нарсангни кўрдим демагин, эшитмаган нарсангни эшитдим демагин, билмаган нарсангни билдим демагин”.
Мужоҳид айтади: “Бирон кимсага аниқ билмасдан туриб гумон билан туҳмат тошини отмагин!”
Қутайбий айтади: “Эй инсон, сен ҳаргиз тахмин ва гумон бўлган нарсани сўзламагин!”
Уламоларнинг зоҳири турлича, аммо мазмуни бир бирини инкор қилмайдиган, балки бири иккинчисини тўлдирадиган бу сўзлари бизга ояти карима маъносини яхшироқ англашимизда ёрдам беради. Демак, ушбу ояти каримада Ҳақ таоло бизни турли афсоналарга, асоссиз бидъат ва хурофотларга эргашиб кетишдан қайтаради. Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам айтилгандир: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар Сиз Ер юзидаги кимсаларнинг кўпларига итоат қиладиган бўлсангиз, улар Сизни Оллоҳнинг Йўлидан оздирурлар. (Зотан) улар фақат (ўзларича ҳақ деб ўйлаган) гумонларигагина эргашурлар ва улар фақат (ўзларини ҳам, ўзгаларни ҳам) алдайдилар, холос”. (Анъом сураси, 116-оят).
Ояти каримада Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса-да, бу Сўз ёлғиз у зотнинг ўзларига эмас, балки барча мўминларга тааллуқлидир.
“Ер юзидаги кимсаларнинг кўплари”дан мурод эса кофир кимсалардир. Чунки бошқа оятларда ер юзида ҳар доим кофирларнинг саноғи мўминлардан кўп бўлиши ҳақида хабар берилган: ‘Тарчи Сиз (барча одамларнинг иймон келтиришларини) жуда истасангиз-да, одамларнинг кўплари мўмин бўлмайдилар.” (Юсуф сураси, 103-оят).
Ушбу оятда Ҳақ таоло Пайғамбар алайҳис-саломни ва у зотнинг барча умматларини кофирларга итоат қилмасликка буюради ва акс ҳолда улар мўминларни Оллоҳнинг Йўлидан оздиришлари аниқ эканини айтиб огоҳлантиради.
Чунки кофирлар ўзлари Тўғри Йўлдан озган ва ўзгаларни ҳам Тўғри Йўлдан оздирадиган қавмдирлар. Бунга сабаб, улар айтадиган сўзларида, чиқарадиган хукмларида ва умуман ҳаётларида Оллоҳ таоло томонидан нозил бўлган Сўзга асосланмай, Оллоҳ буюрган Йўлга юрмай фақат ўзларича тўғри деб тахмин қилган тамоман асоссиз гумонларгагина эргашадилар. Улар Оллоҳ таолони Танҳо Маъбуд деб билмай, Унинг шериклари бор деб эътиқод қиладилар, пайғамбарларни инкор қиладилар, шариат ҳукмларини тан олмай, ҳаром ўлган ҳайвон, қон, ароқ каби нажас нарсаларни ҳалол деб биладилар. Хуллас, кофирлар мана шу ва шунга ўхшаган тахмин ва гумонларга қул бўлиб яшайдилар ва бу билан ўзлари ҳам алданадилар, уларга итоат қилиб эргашганларни ҳам алдайдилар. Бас, Оллоҳ таолони Танҳо Маъбуди Барҳақ деб эътиқод қилиб, Унинг Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирган мўмин-мусулмонлар ундай динсиз, йўлсиз кимсаларга итоат этишлари мутлақо дуруст эмасдир.
“Чунки қулоқ, кўз, дил буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур”.
Ушбу жумланинг икки тафсири бор. Улардан бири, таржимада қавс ичида ишора қилганимиздек, ҳар бир инсон Қиёмат Кунида унга Оллоҳ таоло томонидан омонат қилиб берилган қулоғини қандай сўзларни эшитиш учун ишлатгани, кўзини қандай нарсаларга қаратгани ва қалбини нималар билан банд қилгани ҳақида сўроқ-савол қилинади, деган тафсир бўлса, яна бири, мазкур аъзоларнинг ўзлари сўроқ-савол қилиниб, Оллоҳ таоло уларга тил-забон ато этиб, эгалари бўлган инсонга қарши гувоҳликка ўтадилар, деган тафсирдир. Инсоннинг баданидаги аъзолари Қиёмат Кунида унга қарши гувоҳ бўлишлари ҳақида бошқа оятларда ҳам айтилгандир: “Бу Кун Биз уларнинг оғизларини муҳрлаб қўюрмиз. Ва Бизга уларнинг қилиб ўтган ишлари ҳақида уларнинг қўллари сўзлар ва оёқлари гувоҳлик берур”. (Ёсин сураси, 65-оят). “Энди қачонки улар (дўзахга) келишгач, (улардан ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари ҳақида сўралади, лекин улар ўз қилмишларидан тонишга уринадилар. Шунда) уларнинг қулоқлари, кўзлари ва терилари улар қилиб ўтган нарсалари ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик беради”. (Фуссилат сураси, 20-оят).

37. Ва Ер юзида кибр-ҳаво билан юрмагин! Чунки сен (оёқларинг билан) ҳаргиз Ерни тешиб (унинг тубига) кетолмайсан ва ҳеч қачон бўйи бастда тоғларга етолмайсан. (Бас, бу қадар ожиз экансан, нечун кибру ҳаво қилурсан?!)
Яъни, эй инсон, Ерда юрганингда зўравон муштумзўрлар каби кибр-ҳаво билан гердайиб-кеккайиб юрмагин! Чунки сен оёқларинг билан қанча тепкиласанг ҳам ҳаргиз Ерни тешиб юбора олмайсан - ожизлик қиласан, ўзингни қанчалар баланд олиб, мутакаббирлик қилмагин, бошингни осмонга кўтармагин, бўйи бастда тоғларга етолмайсан - кўлинг шу қадар қисқа, бас, ўз ҳолингга ярашадиган ишни қил, товозуъ ҳокисорлик билан қадам босгин, зотан, “Раҳмоннинг (суюкли) бандалари Ерда тавозуъ билан юрадиган, жоҳил кимсалар уларга (бемаъни) хитоблар қилган вақтида ҳам «Омон бўлинглар», деб жавоб қиладиган кишилардир”. (Фурқон сураси, 63-оят). Ҳақ таоло бандаларини кибру ҳаво билан юришдан қайтарган оятлар бошқа сураларда ҳам келади: “Одамлардан (мутакаббирлик билан) юзингни ўгирмагин ва Ерда кибру ҳаво билан юрмагин. Чунки Оллоҳ барча кибр-ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас. Юрганингда ўртача юргин ва овозингни паст қилгин. Чунки овозларнинг энг ёмони эшаклар овозидир”. (Луқмон сураси, 18-19-оятлар).
“Ким тавозуъ қилса, Оллоҳ таоло унинг мартабасини баланд қилур, ким кибру ҳаво қилса, Оллоҳ таоло уни тубан қилиб кўюр”, деб огоҳлантирган Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бу муборак сўзлари билан биз умматларига айни Қуръони Азим оятини шарҳлаб бердилар.
Шоирнинг ушбу байтлари ҳам гўё ояти кариманинг тафсиридек:

Ерда сен оҳиста юргил, кибр ила қолдирма из,
Чун унинг бағрида қанча сендан улуғроқлар ётур,
Гарчи сен бўлсанг бу кун ҳифзу ҳимоятда азиз,
Билки, тупрок, остида не не “буюк тоғлар” ётур.

38. Буларнинг (яъни, юқоридаги оятларда манъ этилган нарсалар-нинг) барчаси Парвардигорингиз наздида ёмон кўрилгувчи гуноҳлардир.
Ушбу ояти карима барча муфассирлар наздида юқоридаги оятларнинг хулосаси бўлиб, суранинг 23-оятидан бошлаб то ушбу оятгача Оллоҳ таоло томонидан қайтарилган ишлар У Зот ёмон кўрадиган оғир гуноҳлар экани яна бир бор таъкидланади. Танҳо Маъбуди Барҳақ бўлмиш Оллоҳ субҳонаҳу ва таолодан бошқа ҳам илоҳлар бор деб Оллоҳга ширк келтириш (22-23-оятлар), ота-онага қараб уф тортиш, уларнинг сўзларини қайтариш (23-оят), Оллоҳ таоло ато этган мол-дунёни сочиб-совуриб исроф қилиш (26-27-оятлар), бахиллик билан қўлни бўйинга боғлаб олиш ёки исрофгарчилик билан қўлни бутунлай ёзиб юбориш (29-оят), йўқчилик-дан қўрқиб, фарзандларни ўлдириш (31-оят), зинокорлик (32-оят), Оллоҳ таоло ўлдиришни ҳаром қилган жонни ноҳақ ўлдириш (33-оят), етимнинг молига хиёнат қилиш ва олди сотдида ўлчов ва тарозидан уриб қолиш, берилган аҳд-паймонни бузиш (34-35-оятлар), киши ўзи аниқ билмаган нарсасига эргашиб, турли миш-миш ва афсоналарга ҳеч қандай ҳужжатсиз ишониб кетавериш (36-оят), ва ниҳоят, Ер юзида кибр ҳаво билан, бошқалардан ўзини баланд олиб юриш - мана шу санаб ўтилган ишларнинг барчаси Оллоҳ таоло ёмон кўрадиган оғир гуноҳлардирки, ҳар бир мўмин ундай ёмонликлардан олис бўлиши вожибдир.

39. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), бу (оятлар) Парвардигорингиз Сизга ваҳий қилган ҳикматлардандир. Сиз яна Оллоҳ билан бирга бошқа илоҳ ҳам бор, деб маломатланган ва (Оллоҳ Раҳматидан) қувилган ҳолда жаҳаннамга ташланманг!
Ушбу ояти каримада гарчи хитоб Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга қаратилган бўлса-да, оятнинг иккинчи жумласида у зотнинг умматлари ирода қилингандир. Чунки Пайғамбар алайҳис-салом ҳаётларининг бирон лаҳзасида ҳам ширк келтирмаган маъсум зот эканликлари Яратганга ҳам, яралганларга ҳам аниқ маълумдир. Аммо у зоти бобарокатдан кейин то Қиёматгача дунёга келадиган бирон инсон маъсум - гуноҳдан пок бўлмагани сабабли Ҳақ таоло ҳар бир мўминга одамларнинг ва малоикаларнинг таъна маломатларига гирифтор бўлган ҳолда ва Олдоҳнинг Раҳмат-Марҳаматидан маҳрум бўлган ҳолда худди бир боғ ўтин каби жаҳаннам оловига ташланмаслик учун Оллоҳ таолога ширк келтиришдан олис бўлиши кераклигини айтиб огоҳлантиради. Оятнинг биринчи жумласида эса, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Жаброил алайҳис-салом орқали ваҳий қилиб юборган, юқорида мазкур бўлган оятларида буюрган ҳукмларининг ҳар бири мужассам Ҳикмат, яъни, ҳеч қачон ўзгармайдиган, ҳар бир мўмин амал қилиши вожиб бўлган, дунё-ю Охиратда унга фойда етказадиган ниҳоят даража ҳикматли-пухта ҳукмлар эканлигини таъкидлайди.

40. (Эй мушриклар), Парвардигорингиз сизларга ўғилларни танлаб бериб, Ўзига фаришталарни қиз қилиб олибдими?! Дарҳақиқат, сизлар оғир сўзни - катта гуноҳни сўзламоқдасиз!
Ушбу оят мушрик арабларнинг: «Фаришталар Тангрининг қизларидир», деган сўзларини инкор қилиб нозил бўлгандир.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “Энди (эй Муҳаммад алайҳис-салом, Макка кофирларидан) сўранг-чи, қизлар (яъни, уларнинг гумонича, фаришталар Оллоҳнинг қизлари эмиш) Парвардигорингизники-ю, ўғиллар уларникимикан?! Ёки Биз фаришталарни улар гувоҳ бўлган ҳолларида қиз қилиб яратдикмикан?! Огоҳ бўлингизким, улар ёлғончиликлари туфайли «Оллоҳнинг боласи (яъни, қизлари) бор», дерлар. Улар шак-шубҳасиз, ёлғончидирлар. (Оллоҳ) ўғилларни қўйиб, қизларни танлаб олган эмишми?! (Эй Макка аҳли), сизларга нима бўлди?! Қандай (ноҳақ-нораво) ҳукм чиқармоқдасизлар-а?! Ахир эс-ҳушингизни йиғмайсизларми?! Ёки сизлар учун (Оллоҳ бола кўргани ҳақида) бирон очиқ-равшан ҳужжат борми?! Бас, агар ростгўй бўлсангизлар (мана шу даъволарингизни қувватловчи) китобингизни келтиринглар-чи?!” (Вас-саффот сураси, 149-157-оятлар). “(Эй мушриклар), балки қизлар У Зотники-ю, ўғиллар сизларникидир?!” (Ват-тур сураси, 39-оят).
Яъни, сизлар «Фаришталар Оллоҳнинг қизлари», деб даъво қиласизлар. Қай бир хужжат билан бундай демоқдасизлар?! Сизлар «доно»ликларингиздан ўзларингиз ёмон кўрадиган ва орланадиган қизларни Оллоҳники деб, ўғил болаларни ўзларингизники қилиб олмоқчимисизлар?! Агар шу «доно»ликларингиз бўлса, сизларнинг Қуръонни ҳам, Пайғамбарни ҳам, ўлгандан кейин қайта тирилишни ҳам инкор қилишларингиз ҳеч тонг эмасдир!

41. Албатта Биз ушбу Куръонда (инсонлар) эслатма-ибрат олишлари учун (турли ҳукмлар ва ҳужжат-хабарларни, масал ва ҳикматларни) кайта-кайта баён қилдик. (Лекин бу панд-насиҳат ва эслатмалар золим кимсаларни Ҳақдан) юз ўгиришларини зиёда қилмоқда, холос.
Яъни, гарчи ушбу Қуръони Азимда Оллоҳ таолонинг Танҳо Маъбуди Барҳақ эканлигига аниқ далолат қиладиган ва У Зотнинг бирон-бир шериги бўлиши мутлақо мумкин эмаслигини очиқ кўрсатиб турадиган ўта ибратли мисоллар, узоқ-яқин ўтмишда кофир-мушрик қавмлар бошига тушган ҳалокатлар ҳақида ҳикоя қилувчи ҳужжатли хабарлар, беназир адолатли ҳукмлар ва Илоҳий Амр-Фармонлар ҳар қандай инсон ҳам, у олим бўладими, илмсиз омий бўладими, ҳеч қийналмасдан тушуниб-англаб етиши мумкин бўлган тарзда, турли услубларда такрор-такрор баён қилиниб турган бўлса-да, Ҳақ Йўлдан озган мушрик-кофир-золим кимсалар Қуръон оятларидан ибрат олиш ва ўзларини ўнглаб, Оллоҳ ва Унинг Элчисига иймон келтириш ўрнига Қуръоннинг Каломуллоҳ эканлигига ишонмай ундан янада бадтарроқ юз ўгириб кетмоқдалар!

42. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз у мушрикларга) айтинг: “Агар улар айтаётганларидек Оллоҳ билан бирга (бошқа) илоҳлар ҳам бўлса эди, у ҳолда ўша (илоҳлар) Арш Соҳибига (яъни, Оллоҳга) қарши йўл излаган бўлур эдилар”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ояти каримани “Агар мушриклар эътиқод қилганларидек Оллоҳ таолонинг шериклари бўлганида, у ҳолда албатта у “шериклар” ҳам худди дунёдаги подшоҳлар бир-бирлари билан уруш ва низолар қилганлари каби Арши Аъло Соҳиби бўлмиш Оллоҳ таоло билан талашиб тортишишга ҳаракат қилган бўлар эдилар”, деб тафсир қилган.
Саид ибн Жубайр розияллоҳу анху эса, “Оятнинг маъноси: “...у ҳолда албатта, у “илоҳлар” ўзларининг “шериклари” бўлган Оллоҳ таолони Якка Ҳокимлик мартабасидан тушириш учун Унга етишнинг йўлларини излаган бўлар эдилар”, деганидир”, дейди.
Қатода розияллоҳу анху бўлса: “у ҳолда албатта у “илоҳлар” Буюк Арш Соҳибига яқин бўлиб олиш учун Унинг ҳузурига йўл излаган бўлур эдилар”, деб тафсир қилади.
Бир-бирларини тўлдириб турган мазкур уч мўътабар тафсирга кўра, ояти карима мазмуни: демак, модомики, Ер-у кўкда “илоҳлар” ўртасида ҳеч қандай низо ва урушлар бўлмаётган экан, аниқ маълум бўладики, Ёлғиз Оллоҳ таолодан бошқа ҳеч қандай илоҳ йўқдир. Бу мазмун бошқа бир ояти каримада янада очиқроқ баён қилинади. “Агар (осмону заминда) Оллоҳдан ўзга худолар бўлганида (у худоларнинг ҳар бири ўз хоҳиш-иродасини амалга оширмоқчи бўлар ва бунинг натижасида Еру осмоннинг) ҳар иккиси бузилиб кетар эди. Бас, Арш Эгаси бўлмиш Оллоҳ улар сифатлаётган (шериклардан) Покдир”. (Анбиё сураси, 22-оят).

43. (Оллоҳ ҳар қандай айбу нуқсондан) Пок ва улар айтаётган нарсадан бениҳоя Юксак бўлган Зотдир.
Дарҳақиқат шундай, Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳар қандай айбу нуқсондан, жумладан шериклик айбидан ҳам Пок ва бениҳоя Юксак бўлган Танҳо Илоҳдир. Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир. “У туғмаган ва туғилмагандир (яъни, Оллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, ота-онаси ҳам йўқдир. У Азалий ва Абадий Зотдир). Ва ҳеч ким У Зотга тенг эмасдир”. (Ихлос сураси, 3-4-оятлар).
“(Мушриклар): «Раҳмоннинг боласи бор», дедилар. (Эй мушриклар), сизлар шундай оғир гап айтдингизки, Унинг оғирлигидан - Раҳмоннинг боласи бор, деган (гапнинг оғирлиги)дан осмонлар ёрилиб, Ер бўлиниб, тоғлар парчаланиб қулаб кетишга яқин бўлур”. (Марям сураси, 88-91-оятлар).
Бас, Оллоҳ таолонинг шериги бор деб туҳмат қилиш шу қадар тубан ва жирканч сўзки, мўмин инсон сўзида ва амалида ҳатто ширкнинг ҳиди келиб қоладиган нарсадан ҳам ҳазар қилиши вожибдир. Улуғларимиз шундай бўлганлар. Ҳикоя қилинишича, Молик ибн Дийнор раҳматуллоҳи алайҳ қачон намозда “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина мадад сўраймиз”, (Фотиҳа сураси, 5-оят) оятини ўқиганида ҳушидан кетиб қолар эди. Ундан бу ҳолатнинг сабаби ҳақида сўралганида: “Ўзимиз: “Сенгагина ибодат қиламиз”, деймиз-у, яна нафсимизга қул бўлиб, унинг ҳавойи хоҳишларига итоат қиламиз, ўзимиз “Сендангина мадад сўраймиз”, деймиз-у, яна ёрдам сўраб бировларнинг дарвозаларига борамиз”, деб жавоб берди. (“Танвирул азҳон”тафсиридан).

44. “Етти осмон, Ер ва улардаги бор жонзот (Оллоҳга) тасбеҳ айтур. Мавжуд бўлган барча нарса (Оллоҳга) ҳамду сано билан У Зотга тасбеҳ айтур. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳларини англай олмайсизлар. Дарҳақиқат, У Ҳалим ва Мағфиратли бўлган Зотдир”.
Тасбеҳ - банда Оллоҳ субҳонаҳу ва таолони ҳар қандай айбу нуқсондан Пок Зот эканини сидқидилдан тан олиб “Субҳаноллоҳ”, дейишидир. Бу инсонлар айтадиган тасбеҳ бўлиб, ояти карима далолат қилишича, осмонлар ҳам, Ер ҳам, коинотдаги жонли-ю жонсиз бўлган барча мавжудот ҳам ўзларининг забони ҳоллари билан ҳар лаҳзада худди шундай тасбеҳ айтадилар. Баъзи бир олимлар: инсонлар, фаришталар ва жинлардан бошқа ҳайвонот, наботот ва жамодот (яъни, тош-кесак каби жонсиз нарсалар)нинг тасбеҳ айтишлари мажозий бўлиб, уларнинг тасбеҳи ҳар бир нарсанинг ўз вужуди билан Яратганнинг тенгсиз Қудратига ва буюк Ҳикматига далолат қилиб туришидир, дейдилар. Лекин аксари уламолар ояти каримадаги, “Мавжуд бўлган барча нарса (Оллоҳга) ҳамду сано билан У Зотга тасбеҳ айтур. Лекин сизлар (эй инсонлар), уларнинг тасбеҳларини англай олмайсизлар”, жумлаларини далил қилиб, ҳайвонот, наботот ва жамодотнинг ҳар бири худди инсонлар каби ҳақиқатан тасбеҳ айтади, аммо инсонлар уларнинг тилларини тушунмайдилар, дейдиларки, мана шу сўз тўғрироқдир. Шайх Алий Самарқандий ўзининг “Баҳрул-улум” тафсирида айтади: “Ростки, жонсиз нарсаларнинг сўзлашлари тан олинганидан кейин, албатта уларнинг тасбеҳ айта олишлари ҳам тан олиниши керак. Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Мен Маккадаги бир тошни биламан. У ҳали мен Пайғамбар бўлиб юборилишимдан илгари менга салом берар эди. Мен уни ҳозир ҳам жуда яхши танийман”, дедилар. (Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анҳу айтади: “Қасамки, биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларида ейилаётган таомнинг тасбеҳ айтаётганини эшитар эдик”.
Ахир Қуръони Каримнинг ўзида ҳам қулоқ, кўз, қалб, ҳатто кўл ва оёқлар каби инсон баданидаги аъзолар ҳам Қиёмат Кунида тилга кириб гувоҳликка ўтишлари айтилдику”.
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Муаззин овозини эшитган ҳар бир жин ҳам, инс ҳам, дов-дарахту, тош ва кесак ҳам Қиёмат Кунида албатта унинг учун гувоҳликка ўтади”, деб хабар бердилар.
Пайғамбар алайҳис-салом Мадинайи мунавварадаги масжидларида бир хурмо ёғочига суяниб хутба қилар эдилар. Сўнг бир киши уч пояли зинаси бор минбарни ясаб келтирган эди. Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам унинг устида туриб хутба қилмоқчи бўлганларида, ҳалиги хурмо ёғочи инграб юборди. Қачонки Пайғамбар алайҳис-салом минбардан тушиб, кўлларини унга қўйган эдилар, тинчиб қолди. (Бухорий ривояти).
Абу Зарр Ғифорий розияллоху анҳудан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бир жойда Абу Бакр, Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум билан ўтириб, етти дона майда тошни олиб кафтларига қўйган эдилар, у тошлар тасбеҳ айтдилар, ҳатто уларнинг худди асалари каби ғинғиллаб овоз чиқараётганларини мен ҳам эшитдим. Кейин тошларни Абу Бакрга берган эдилар, у кишининг қўлида ҳам улар тасбеҳ айтганларини эшитдим, сўнгра Умарга, сўнгра Усмонга берган эдилар, уларнинг қўлларида ҳам тошлар тасбеҳ айтганини эшитдим”. (Ҳофиз Исфаҳонийнинг “Далоилун-нубувват ” китобидан).
Абдуллоҳ Қуртубий зикр қилишича, Довуд алайсис-салом: “Мен бу кеча Оллоҳ таолога Унинг махлуқотидан биронтаси айта олмаган тасбеҳни айтурман: деган эди, шу онда унга ҳовлисидаги ариқдан бир бақа: “Сен айтадиган тасбеҳинг билан Оллоҳ таолога мақтанаяпсанми? Менинг бўлса, ёшим етмишга кириб, бирон лаҳза тилим Оллоҳнинг зикридан қуруқ бўлган эмас”, деб нидо қилди. (“Танвирул азҳон”тафсиридан).
Аҳмад ва Ибн Мурдавайҳ Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Нуҳ алайҳис-салом, қачонки, унга вафот қилиш соати етиб келганида икки ўғлига: “Мен сизларга Оллоҳ таолога ҳамду сано билан тасбеҳ айтишни буюраман. Чунки тасбеҳ барча жонли-ю жонсиз мавжудот қиладиган дуо-салавотдир ва Еру осмонлардаги барча нарса ана ўша тасбеҳ шарофати билан ризқланур”, деб васият қилган эди”, дедилар. (“Тафсирул Мунийр”дан).
Мужоҳид розияллоҳу анҳу айтади: Барча нарса, хоҳ у жонли бўлсин, хоҳ жонсиз бўлсин ёки тош ё кесак бўлсин, албатта Оллоҳ таолога тасбеҳ айтади. Уларнинг тасбеҳи: Субҳоналлоҳи ва биҳамдиҳ - Оллоҳ таоло ҳар қандай айбу нуқсондан Пок Зотдир, Унга ҳамд бўлсин”, демоқликдир”. (“Маолимут-танзил” тафсиридан).
Бас, маълум бўладики, бандалари айтадиган мана шу тасбеҳ шарофатидан Ҳалим - Ғазабни ютгувчи ва Ғофур - Кечиргувчи Оллоҳ субҳонаху ва таоло гуноҳкорларни дарҳол жазоламас экан ва тавба қилгувчиларни кечириб юборар экан.

45. “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қачон Сиз Куръон қироат қилганингизда, Биз Сиз билан Охиратга ишонмайдиган кимсалар ўртасида кўринмас бир парда тортиб қўюрмиз, (бас, улар Сиз ўқиётган Қуръон маъноларини англай олмаслар)”.
Уламолар ояти кариманинг икки тафсири борлигини айтадилар. Биринчи тафсир, биз оят таржимасида қавс ичида изоҳлаганимиздек, қачон Қуръон тиловат қилинса, мўминлар ундан баҳраманд бўлиб, англаб, қалблари ором олади, аммо кофир-мушрик кимсаларнинг қалбларини бир кўринмас парда тўсиб қўяди ва улар ҳеч нарсани англамай, мутлақо таъсирланмай бақрайиб тураверадилар.
Ибнул-Мунзир Ибн Шиҳоб Заҳрийдан ривоят қилди: “Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам қачон Макка мушрикларига Қуръон тиловат қилиб, уларни ушбу Китобга иймон келтиришга даъват қилсалар, мушриклар у зотнинг устидан кулиб: “Дилларимиз сен бизларни даъват қилаётган нарсадан пардаланган, қулоқларимизда эса оғирлик-карлик бордир ва сен билан бизларнинг ўртамизда бир тўсиқ бордир. Бас, сен ҳам (ўз амалингни) қилавер, бизлар ҳам албатта (ўз амалларимизни) қилгувчидирмиз” (Фуссилат сураси, 5-оят), дер эдилар. Бас, Оллоҳ таоло уларнинг сўзларига жавобан ушбу оятни нозил қилди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Макка зодагонларидан Абу Суфён, Назр ибн Ҳорис, Абу Жаҳл ва бошқалар гоҳо Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан ўтиришиб, у зотнинг сўзларини эшитишар эди. Бир куни мушриклар ўзаро сўзлашиб турганларида Назр: “Мен шу Муҳаммаднинг сўзларини ҳеч тушунмайман, фақат оғзининг қимирлаганига қараб ўтиравераман”, деди. Абу Суфён: “Мен у айтаётган сўзларнинг баъзилари ҳақ деб биламан”, деди. Абу Жаҳл: “У мажнун”, деган эди, Абу Лаҳаб: “У коҳин”, деди. Ҳувайтиб ибн Абдул Уззо бўлса: “У шоир”, деди. Бас, ушбу оят нозил бўлди. (“Тафсири Мунийр”).
Ояти кариманинг яна бир тафсирига кўра эса, бу ўринда сўз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига нозил бўлган Қуръон оятларини одамларга ўқиб берганларида Оллоҳ таоло Ўзининг Элчиси билан мушрик-кофирлар ўртасида бир кўринмас тўсиқ пайдо қилиб, у зотни кофирларнинг ёмонликларидан сақлаши ҳақида боради.
Тафсири Розийда айтилишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам қачон Қуръон тиловат қилишни хоҳласалар, аввал мана бу уч оятни: “Дарҳақиқат, Биз (Қуръонни) англамасликлари учун уларнинг дилларини пардалаб, қулоқларини оғир қилиб қўйдик”. (Каҳф сураси, 57-оят). “Оллоҳ ундай кимсаларнинг дилларини, қулоқларини ва кўзларини муҳрлаб қўйгандир”. (Наҳл сураси, 108-оят) ва “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), ҳавойи нафсини ўзига «илоҳ» қилиб олган ва Оллоҳ уни билган ҳолида йўлдан оздириб, қулоқ ва кўнглини муҳрлаб, кўз олдига парда тортиб қўйган кимсани кўрганмисиз?” (Жосия сураси, 23-оятдан) ўқиб олар эди. Бас, Оллоҳ таоло у зотни мана шу оятлар баракоти билан мушриклар кўзидан пардалаб - тўсиб қўяр эди. Саъид ибн Жубайрдан ривоят қилинишича, қачонки, “Таббат яда Аби Лаҳаб” сураси нозил бўлганида, Абу Лаҳабнинг хотини қўлида бир тошни кўтариб келди. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакр розияллоҳу анҳу билан турган эдилар. Аммо у хотин Пайғамбар алайҳис-саломни кўрмади ва Абу Бакрга қараб: “Сенинг соҳибинг мени ҳажв қилиб шеър айтганмиш?” деган эди, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Оллоҳга қасамки, у зот ҳеч қачон шеър битмайдилар ҳам, шеър айтмайдилар ҳам”, деди. Шунда у хотин: “Мана бу тошни унинг бошини ёриш учун олиб келгандим”, деганича қайтиб кетди. Бас, Абу Бакр: “Ё Расулуллоҳ, у сизни кўрмадими?” деган эди, у зот: “Йўқ, мен билан унинг ўртасини бир фаришта тўсиб турган эди”, дедилар. (“Тафсири Бағавий”дан).

46. Биз уларнинг қалбларида (Қуръонни) англашдан тўсадиган пардалар қилиб, қулоқларини эса оғир қилиб қўйдик. Қачон Сиз Қуръонда Ёлғиз Парвардигорингизни зикр қилсангиз, (мушриклар) орқаларига бурилиб қочурлар”.
Ояти карима нозил қилинишига сабаб бўлган воқеа ҳақида “Баҳрул-Муҳийт” тафсирида шундай дейилади: Қурайш катталари Абу Толибнинг зиёратига борган эдилар, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам кириб Қуръон оятларидан ўқидилар ва Оллоҳ таолонинг Ёлғиз Маъбуди Барҳақ экани, Унинг ҳеч қандай шериги йўқлиги ҳақида сўзладилар, сўнгра: “Эй Қурайш жамоаси, сизлар ҳам: ”Ла илаҳа иллаллоҳ” денглар, шунда барча арабларга эга бўласизлар, ажамлар ҳам сизларга бўйин эгади”, деган эдилар, мушриклар тескари қараб чиқиб кетдилар. Шунда ушбу оят нозил бўлди.
Ояти карима ҳамма замонлардаги Қуръони Азимни эшитиб туриб “эшита олмайдиган”, унинг маъноларини англай билмайдиган, борлиқдаги Оллоҳ таолонинг Бир ва Борлигига, мислсиз Қудратига далолат қиладиган оятлар-аломатларни ўз кўзлари билан кўриб туриб “кўра олмайдиган” кимсалар ҳақидадир. Ҳақ таоло уларнинг дарди жуда оғир эканини - қалблари ҳар тарафдан тўсиқ-девор билан тўсилиб, ҳеч нарсадан таъсирланмайдиган, ҳақиқатни тан олмайдиган бўлиб қолганини, бекорчи-беҳуда сўзларни жуда яхши эшитадиган қулоқлари Оллоҳнинг Каломи тиловат қилинганида том битиб “эшитмай” қолишларини айтади.
Демак, оят Қуръоннинг Каломуллоҳ эканига, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Расулуллоҳ эканликларига иймон келтирмайдиган кофирлар ҳақида нозил бўлди.
Аммо фақат улар ҳақида эмас, балки мусулмонлар орасидаги Қуръон оятларини эшитиб - билиб туриб уларга амал қилмайдиган, эшитганларидан фойдаланмайдиган, Ҳақ Сўзга итоат қилмайдиган кимсалар ҳам қалбларида тўсиқ, қулоқларида “оғирлик” бор кимсалар қаторида эканликлари ҳақидадир.

47. “Биз уларнинг Сизга (яъни, Сизнинг қироатингизга) қулоқ тутаётган пайтларида нима сабабдан қулоқ тутаётганларини ва бу золим кимсалар ўзаро шивирлашиб (мўминларга): «Аниқки, сизлар сеҳрланган - ақлдан озган кишига эргашмоқдасизлар», деяётганларини жуда яхши Билгувчидирмиз”.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом Биз нима сабабдан Сиз Қуръон тиловат қилиб одамларни Ҳақ Динга даъват қилаётганингизда Сизга қулоқ тутиб турган мўминлар орасига мушрик-кофир кимсалар ҳам суқилиб кириб, гўё сўзларингизни тинглаётгандек бўлиб ўтиришларини жуда яхши Билгувчимиз. У золимларнинг ғарази, фақат ўзаро висир-висир қилиб Сизни масхара қилиш, сўзларингизни бўлиш, одамларни Қуръон оятларини тинглаб-англашдан тўсиш ва мўмиларни “наҳотки, сизлар мана шу Муҳаммаднинг айтаётган афсоналарига қулоқ солсангизлар, ишонсангизлар? Ахир у сеҳрланган жодугар, ақл-ҳушидан ажраган мажнунку”, деб йўлдан оздиришдир.
“Тафсири Мунийр”да ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам қачон одамлар олдида Қуръон оятларидан ўқисалар, дарҳол у зотнинг ўнг томонларига мушриклардан иккитаси, чап томонларига иккитаси туриб олиб, тинмай ҳуштак ва чапак чалиб, оғизларига келган шеърларни ўқиб, Пайғамбар алайҳис-салом айтаётган сўзлардан одамларни тўсишга ҳаракат қилишар эди.

48. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), улар Сиз ҳақингизда (сеҳрланган, мажнун, шоир деб) қандай мисоллар келтирганларини кўринг. Бас, улар йўлдан оздилар. Энди (ҳеч қачон Ҳақ) Йўлни топишга қодир бўлмайдилар!
Ушбу оятда Ҳақ таоло аввало Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга, қолаверса, у зоти бобаракотнинг барча умматларига хитоб қилиб, мушрик-кофир кимсаларнинг қандай адашиб қолганларига ибрат назари билан боқишни буюради. Ахир қандай қилиб улар кўз ўнгларидаги очиқ Ҳақиқатни кўрмадилар, мислсиз Илоҳий Мўъжиза бўлмиш Қуръонга иймон келтирмадилар, шундай Буюк Мўъжизани келтирган Элчининг устидан масхара қилиб кулдилар, у Зотнинг қавмлари орасида энг покиза, ҳалол, ишончли ва ростгўй киши эканлигини жуда яхши билган ҳоллари-да битталари: “Муҳаммад сеҳрланиб қолган”, деса, бошқалари: “У мажнун”, деб, яна бирлари: “У шоир”, деса, наригилари: “Ёлғончи”, деб туҳматлар қилдилар?! Наҳотки ақлли инсонлар ҳам шу қадар гумроҳликка борсалар, оқни қора, Ҳақни ботил, деб бақрайиб тураверсалар?! Бас, Сиз уларнинг бу юзсизликларини, ақлсизликларини кўрингда, қанча ажаблансангиз ажабланаверинг, қанча ҳайратлансангиз ҳайратланаверинг! Улар шу қадар адашиб кетдиларки, энди ҳеч қачон Тўғри Йўлни топа олмайдилар. Улар, афсона ва хурофотларга шу қадар берилиб кетганларки, энди ҳеч қачон Ҳақ Сўзни эшитишга ва тушунишга кучлари етмайди.

49. Яна улар: «Суяк ва чирик (мурда)ларга айланиб кетган вақ-тимизда, яна янгитдан яралиб қайта тирилгувчи эканмизми?!», дедилар”.
Мушриклар бу сўзларни ўша Қуръон эшитган вақтларида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уларга ҳар бир жон ўлганидан кейин қайта тирилиб ҳисоб-китоб қилиниши аниқ эканлиги ҳақида хабар берган оятларни ўқиб берганларида бир-бирларига висир-висир қилиб айтишади ва: “Агар Муҳаммад сеҳрланган, ақлдан озган бўлмаганида бундай сўзларни айтмаган бўлар эди”, дейишади. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Мушрик-кофир кимсаларнинг қайта тирилишни инкор қилиб айтган бу каби сўзлари ҳақида бошқа оятларда ҳам қайта-қайта хабар берилган: “Улар (бу дунёда) дерлар: «Ҳақиқатан ҳам бизлар (ўлганимиздан кейин яна қайта тирилиб) аввалги ҳолатимизга қайтарилгувчимизми? Чириган суякларга айланиб қолган вақтимизда-я?» Улар (истеҳзо билан): «Ундоқ бўлса, бу (бизлар учун) зиён қилгувчи қайтиш-ку!», дедилар.” (Ван-нозиот сураси, 10-12-оятлар). “У Бизга «Чириб битган суякларни ким ҳам тирилтира олур?», деб, мисол келтирди-ю, (аммо) ўзининг (бир томчи сувдан) яралганини унутиб қўйди! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «У (чириган суяк)ларни дастлаб (бир томчи сув)дан пайдо қилган Зотнинг Ўзи қайта тирилтирур. У (Ўзи яратган) барча халқни Билгувчидир”. (Ёсин сураси, 78-79-оятлар).
Ушбу оятлар мазмунидан маълум бўладики, мушриклар ақийдасининг бузуқлиги фақатуларнинг Ёлғиз Оллоҳга ширк келтиришлари ва ҳар турли бут-санамларни “Булар ҳам тангрилар”, деб сиғинишлари билан чекланмас экан. Балки улар мана шу ҳаёти дунёдан бошқа, Охират дунёси ҳам борлигини ва у жойда ҳар бир инсон қайта тирилиб, ҳаёти дунёда қилиб ўтган ишлари учун жавоб беришини ҳам мутлақо инкор қилар эканлар.

50-51. “Айтинг: «Сизлар хоҳтош ё темир бўлинглар ёки кўнгилла-рингизда ўзингизча жуда катта деб биладиган бошқа бирон махлуқ бўлинглар, (қайта тирилишингиз аниқдир)». Ҳали улар: «Бизларни ким (ҳаётга) қайтара олар экан?», дейдилар. «Сизларни илк бор яратган Зот», деб айтинг! Ҳали улар Сизга бошларини ликиллатиб: «У (кун) қачон бўлур?» деб (сўрайдилар). «Шоядки яқин бўлса», деб айтинг!”
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз Охиратда қайта тирилиш борлигини инкор қиладиган мушрикларга айтинг: “Агар сизлар гўшт ва суяклардан эмас”, балки тош ва темирдан ясалган бўлсангизлар ҳам, ёки сизлар ўзингизча жуда катта деб биладиган, қайта тирилишини тасаввур қилишингиз мутлақо мумкин бўлмаган яна бошқа бирон махлуқ бўлсангизлар ҳам, ҳеч шак-шубҳасиз қайта тирилгувчидирсизлар”.
Уламолар ояти каримадаги инсонлар “кўнгилларида жуда катта деб биладиган махлуқ”ни турлича тафсир қилганлар. Мужоҳид: “Осмон, Ер, тоғлар ана шундай одамлар кўнглида жуда катта деб ҳисобланадиган нарсалардир”, дейди. Ибн Аббос, Ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Амр ва бошқалар (Оллоҳ ҳаммаларидан рози бўлгай): “У ўлимдир. Чунки Одам боласининг наздида ўлимдан каттароқ - кучлироқ нарса йўкдир”, дейдилар. Бу тафсирга кўра оят мазмуни: эй инсонлар, сизлар тош бўласизларми, темир бўласизларми ёки ҳатто барчаларингиз кўрқадиган ўлимнинг ўзи бўласизларми, қатъий назар ҳар бирингиз қайта тирилишингиз аниқдир”, деб тушунилиши лозим бўлади. Дарвоқеъ, Қиёмат Кунида ҳар бир инсон учун ўта сирли ва даҳшатли ҳодиса бўлган ўлим хдм ҳозир қилиниши ҳақида саҳиҳ ҳадисларда хабар берилган: Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишларича, Қиёмат Кунида ўлим бир оқ-қора рангли кўчқор суратида келтириладида, жаннат билан дўзахнинг ўртасида сўйиб юборилади ва бундан кейин ҳеч ким ўлмаслиги - аҳли жаннат жаннатларда мангу роҳат-фароғатда яшашлари, дўзахийлар эса, дўззахда мангу азобланишлари эълон қилинади.
“Ҳали улар: “Бизларни ким (ҳаётга) қайтара олар экан?” дейдилар. “Сизларни илк бор яратган Зот”, деб айтинг!”
Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам айтилгандир: “У аввал бошда Ўзи яратиб, сўнгра (Қиёмат Кунида) Ўзи яна қайта яратадиган Зотдир. (Қайта яратиш - тирилтириш) У Зот учун (илк бор йўқдан бор қилишдан кўра) осонроқдир. Осмонлар ва Ердаги энг юксак мисол - хислат (яъни, Тенгсиз - Ягоналик хислати) Уникидир. У Қудрат ва Ҳикмат Эгасидир”. (Рум сураси, 27-оят).
“Ҳали улар бошларини ликиллатиб: “У (кун) қачон бўлур?” деб (сўрайдилар). “Шоядки яқин бўлса, деб айтинг!”
Ҳақиқатан, барча халойиқ қайта тириладиган Кун яқиндир. Чунки Ҳақ таоло: “Улар у (Кунни) узоқ, деб билурлар, Биз эса, унинг яқинлигини билурмиз”, деб хабар берган. (Маориж сураси, 6-7-оятлар).
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам ҳам хабар берганлар: Бухорий, Муслим, Термизий ва бошқалар Анас розияллоху анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен Қиёмат Соати билан мана бундай (яқин) ҳолатда пайғамбар қилиб юборилдим”, деб кўрсаткич ва ўрта бармоқларига ишора қилдилар.

52. “У Зот сизларни чорлайдиган Кунда Унга ҳамду сано билан итоат этурсизлар ва ўзларингизнинг (дунёда) жуда оз (муддат) турганларингизни ўйлаб қолурсизлар”.
Ояти каримада сўз Улуғ Кун - Қиёмат бошланиши ҳақида, Оллоҳ таолонинг Амри билан фаришта Исрофил алайҳис-салом сур чалиб, Жамийки халойиқни маҳшаргоҳга чорлаши ҳақида боради. У Кунда чалинган сурнинг даҳшатли овозидан бирон кимса қолмай, “уйқусидан уйғонади”, уйғонганида ҳам, ҳаёти дунёда мўмин бўлганми ёки кофир бўлганми - қандай яшаб ўтган бўлмасин, кўзини очаркан, Яратганнинг бу Буюк Қудратини кўриб, У Зотга тасбеҳ ва ҳамд айтиш билан “уйғонади” ва бу даҳшатли Кун олдида унинг дунёда яшаган ҳаёти ҳам, қабрда ўтказган кунлари ҳам жуда оз ва арзимас муддат эканини тушуниб етади. “(Қиёмат Соати келиб фаришта Исрофилнинг) сури чалиниши билан баногоҳ улар қабрларидан Парвардигорлари (ҳузурига ҳисоб-китоб учун) суғурилиб чиқурлар. Улар: «Эй бизларга ўлим бўлсин! Ким бизларни ётган жойимиздан (қабрларимиздан) турғазди?», деганларида, (уларга айтилур): «Мана шу Раҳмон ваъда қилган ва пайғамбарлар рост сўзлаган нарса - Қиёматдир». Фақатгина бир даҳ-шатли қичқириқ бўлар-у, баногоҳ уларнинг барчалари Бизнинг даргоҳимизда ҳозир қилингувчидирлар.” (Ёсин сураси, 51-53-оятлар). “Улар у (Қиёмат Соати)ни кўрадиган Кунда (бу дунёда) гўё биргина пешиндан сўнг ёки чошгоҳ пайтида тургандек (яъни, бир кун ҳам яшамагандек) бўлиб қолурлар!” (Ван-нозиот сураси, 46-оят). “(Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда жиноятчи кимсалар (дунёда) бир соатдан ортиқ турмаганларига қасам ичурлар. Улар (ҳаёти дунёда ҳам) мана шундай (ростдан ёлғонга) бурилгувчи эдилар!” (Рум сураси, 55-оят).
Демак, у Кун, ўрганаётганимиз ояти каримада зикр қилинганидек, Оллоҳ таолога ҳамду сано айтиш билан бошланади ва яна бошқа бир оятда хабар берилганидек, барча бандалар ўртасида ҳақ хукм қилингач, яна Оллоҳ таолога ҳамду сано айтиш билан ниҳоясига етади: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз (ўша Кунда) фаришталар Арш атрофини ўраб олган ҳолларида Парвардигорларига ҳамду сано айтиш билан - (У Зотни) поклаб-тасбеҳ айтаётганларини кўрурсиз. (Зеро), уларнинг (яъни, барча бандаларнинг) ўрталарида ҳақ (ҳукм) билан ҳукм қилинди. Ва «ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори бўлмиш Оллоҳ учундир», дейилди.” (Зумар сураси, 75-оят).
Саид ибн Жубайр, айтади: “У Кунда кофирлар ҳам қабрларидан чиқар эканлар, “Субҳонака ва биҳамдика - Эй Пок Парвардигор, Ўзингга ҳамд бўлсин”, деган сўзларни айтиб чиқадилар, лекин у Кунда қилган эътироф-ларинингуларга ҳеч қандай фойдаси тегмайди”. (“Тафсири Куртубий”).
Яна Саид ибн Жубайрдан ривоят қилинишича Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ла илаҳа иллаллоҳ аҳли учун қабрларида ваҳшат-даҳшат бўлмайди. Гўёки мен ла илаҳа иллаллоҳ аҳлини қабрларидан туриб уст-бошларини қоқиб: “Эй Пок Парвардигор, Ўзингга ҳамд бўлсин”, деяётганларини кўриб тургандекман”, деб марҳамат қилганлар. (“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобидан).
Саҳиҳ ҳадисларда Ҳақ таоло у Улуғ Кунда, миқдори - узунлиги эллик минг йил бўлган Қиёмат Кунида (Маориж сураси, 4-оят) чақириладиган энг катта анжуманга - Яратганнинг барча бандалари билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилиш анжуманига фақат умумиий тарздагина чорламасдан, балки ҳар бир бандани номбаном чорлаши ҳақида ҳам хабар берилган: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Шак-шубҳасиз, сизлар Қиёмат Кунида исмларингиз ва оталарингизнинг исмлари билан чорланурсизлар. Бас, чиройли исмлар қўйинглар!

53. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), бандаларимга айтинг, улар (ўза-ро сўзлашганларида) энг гўзал сўзларни сўзласинлар. Зеро, шайтон уларнинг ўрталарида бузғунчилик қилур. Дарҳақиқат, шайтон инсонга очиқ душман бўлди.
Бир тоифа уламолар ояти каримани мана шундай тафсир қилганлар. Яъни, бу ўринда Оллоҳ таоло Ўзининг мўмин бандаларини ўзаро чиройли одоб ва хуш муомалали бўлишга, шайтон васвасаларига учмасдан бир-бирлари билан иноқ-иттифоқ ҳолда ҳаёт кечиришга буюради, дейдилар. Ушбу тафсирни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Эй Оллоҳнинг бандалари, бир-бирларингиз билан оға-ини бўлинглар”, деган муборакҳа-дислари ҳам қувватлайди. (Бухорий, Муслим ва Абу Довуд ривоят қилганлар).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бошқа бир ҳадиси шарифда ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам умматларини ўзаро иттифоқ бўлишга чорлаб: “Ҳаргиз бировингиз бировингизга қурол ўқталманглар, чунки ҳеч ким эҳтимол шайтон унинг қўлини васвасага солиб (биродарини ҳалок қилиб қўйиши), бас, бунинг оқибатида дўзах чукурларидан бирига кулаши хавфи борлигини била олмайди”, деб огоҳлантирдилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
Аммо аксари уламолар ояти карима мўминларга ғайридинлар билан қандай муомалада бўлиш ва уларни Ҳақ Динга қандай даъват қилиш лозимлигини ўргатади, деб тафсир қилганлар.
“Тафсирий Қуртубий”да айтилишича, ояти карима Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анху ҳақида нозил бўлган: Мушриклардан бири Умарни сўкиб ҳақорат қилган эди, Умар ҳам уни сўкди ва ҳатто қатл қилмоқчи бўлди. Бунинг оқибатида ўртада фитна чиқиб, иш урушга айланиб кетаёзди. Шунда Оллоҳ таоло Ўз Элчисига: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), бандаларимга айтинг, улар энг гўзал сўзларни сўзласинлар”, деб ушбу ояти каримани нозил қилди. Бу ривоятни Саълабий, Мовардий, Ибн Атийя ва Воҳидий зикр қилганлар. Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам айтилгандир: “(Эй мўминлар), сизлар Оллоҳдан ўзгага сиғинадиган кимсаларни(нг бутларини) сўкмангиз! У ҳолда улар ҳадларидан ошиб, жоҳиллик билан Оллоҳни сўкурлар. Биз ҳар бир миллатга ўзлари қилган амални мана шундай чиройли кўрсатиб қўйганмиз. Сўнгра Парвардигорларига қайтмоқлари бор. Бас, У Зот уларга қилиб ўтган амалларининг хабарини берур”. (Анъом сураси, 108-оят).
“Маолимут-танзил” тафсирида Суддийдан ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳис-саломнинг амакилари Абу Толибга ўлим соати яқинлашиб қолганида қурайшликлар: “Юринглар, бу кишини кириб кўрайлик ва унга акасининг ўғлини (яъни, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни) тийиб кўйишини буюрайлик. Чунки биз Абу Толиб ўлганидан кейин жиянини ўлдирадиган бўлсак, араблар: “Муҳаммадни амакиси ҳимоя қилар эди, энди у ўлиши билан буни ҳам ўлдиришди”, дейишларидан номус қиламиз”, дедилар ва Абу Суфён, Абу Жаҳл, Назр ибн Ҳорис, ака-ука Умайя ва Убай ибн Халаф, Уқба ибн Абу Муайт, Амр ибн Ос ва Асвад ибн Бухтарий бўлишиб Абу Толибнинг олдига боришди ва: “Эй Абу Толиб, сен бизнинг улуғимиз, каттамизсан. Жиянинг Муҳаммад бизни ҳам, худоларимизни ҳам сўкиб озор бермоқда. Биз истардикки, сен уни чақириб, бизнинг худоларимизни сўкишдан тийиб қўйсанг, шунда биз ҳам унинг худосини тинч кўямиз”, дейишди. Абу Толиб Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни чақириб: “Қавминг инсоф қилди, уларнинг шартларини қабул қилгин”, деган эди, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам уларга қараб: “Айтинглар-чи, агар мен сизларнинг мана шу талабларингизни қабул қилсам, сизлар ҳам бир сўзни айтишга сўз берасизлар-ми? Агар сизлар ўша сўзни айтсангиз, барча арабларга эга бўласизлар ва ажамлар ҳам сизларга бўйин эгади”, дедилар. Абу Жаҳл: “Ҳа, отангнинг руҳига қасамки, биз сенга ўша сўзни айтишга, балки ундай сўзлардан ўнтасини айтишга ҳам сўз берамиз. Қани, қандай сўз экан ўша сўз?” деди. Шунда Пайғамбар алайҳис-салом: “Сизлар “Ла илаҳа иллаллоҳ” Сўзини айтинглар”, деган эдилар, у мушриклар бу сўзни айтишдан бош тортиб, тескари қараб олишди. Абу Толиб: “Эй жияним, шундан бошқа сўзни айтгин”, деди. Айтдилар: “Эй амаки, агар улар қуёшни олиб келиб қўлимга қўйсалар ҳам, мен мана шу Сўздан бошқасини айтмайман”. Пайғамбар алайҳис-саломдан бу сўзни эшитган мушриклар: “Қасамки, ё сен бизнинг худоларимизни сўкишни тўхтатасан, ёки биз ҳам сени ва сенга буюрганни (яъни, Оллоҳ таолони) сўкаверамиз”, дейитпди.
Бас, Оллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилиб, мўминларни мушрикларнинг бутларини сўкишдан қайтарди.
Ушбу оят нозил бўлгач, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам асҳобларига: “Парвардигоримни сўкманглар”, дедилар. Яъни, сизлар уларнинг бутларини сўкишларингиз улар сизларнинг Парвардигорингизни сўкишларига сабаб бўлади, шунинг учун бутларни сўкманглар, деб буюрдилар.
Оят давомида Ҳақ таоло ҳар бир жамоатга ўзлари қилаётган ишларини мана шундай чиройли кўрсатиб қўйганини, озгина вақтдан кейин ҳаммалари Парвардигор ҳузурида тўпланганларида кимнинг қилган иши ҳақиқатдан чиройли-ю, ким хунук ишни - Ёлғиз Оллоҳга ширк келтиришни чиройли ҳисоблаб алданганини билиб олишини айтиб огоҳлантиради.

54. “(Эй инсонлар), Парвардигорингиз сизларни жуда яхши Билгувчидир. Хоҳласа сизларга раҳм-шафқат қилур, хоҳласа сизларга азоб берур. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сизни (одамлар) устига вакил - қўриқчи қилиб юборган эмасмиз (яъни, Сизнинг вазифангиз фақат Бизнинг Амру Фармонларимизни уларга етказмоқдир)”.
Аксари уламоларнинг наздида ушбу ояти карима юқоридаги оятда зикр қилинган, “энг гўзал сўз”нинг тафсиридир. Ҳақ таоло Ўзининг мўмин бандаларига динсиз кимсаларни Ҳақ Йўлга қай тарзда даъват қилишни таълим бериб, уларга сўз бошиданоқ “сенлар дўзахисанлар,” деб бошламаслик кераклигини айтади. Чунки ёмон сўз “қилични қинидан чиқариб” ёмоннинг янада ёмон бўлишига сабаб бўлиб қолиши мумкин. Қолаверса, оқибат Ёлғиз Оллоҳнинг Қўлидадир. Эҳтимол, бугун залолат ботқоғида турган кимса эртага Оллоҳ таолонинг Фазлу Раҳмати билан Ҳақ Йўлга ҳидоят топар. Бас, тақдири азалда нима ёзилганидан бехабар инсон - бу Илоҳий сир Ёлғиз Оллоҳ таолодан ўзга ҳеч кимга маълум эмас - бошқа бир инсонга “сен дўзахисан ёки жаннатисан”, деб кесиб айтиши жаҳолатдан ўзга нарса эмасдир.
Демак, ҳар бир мўмин банда динсиз кимсаларни Ҳақ Йўлга даъват қилар экан, уларга Ҳақ таоло буюрганидек чиройли сўз айтиб: “сизларни ҳам, бизларни ҳам эртага нима бўлишимизни Парвардигоримиз билади. Барча иш Ёлғиз Унинг Хоҳиш-Иродасига боғлиқдир. Агар У Зот хоҳласа, Ўз Раҳматига мушарраф қилиб, сизларни ҳам, иймон неъматидан баҳраманд этар ва Ислом Динини қабул қилурсизлар, хоҳласа, куфр ва ширк келтирган ҳолингизда ўлдириб, дўзах азобига гирифтор қилур. Ишнинг бу ёғи Ёлғиз Яратганнинг Ўзига ҳавола”, деган каби сўзлар билан даъват қилишлари лозим. (“Тафсири ҚозийБайзовий”ва “Тафсирий Абус-Сауд”китобларидан).
Муфассирлар орасида “Ояти каримада мўминларга хитоб қилинган: Оят, эй мўминлар, Парвардигорингиз сизларнинг оқибатингиз қандай бўлишини яхшироқ Билгувчидир. Агар У Зот хоҳласа, сизларга раҳм-шафқат кўргазиб, Макка кофирларидан сақлайди, хоҳласа, уларни сизларнинг устингизга ғолиб қилиб, сизларни азоб-машаққатларга дучор қилади, деган мазмундадир”, деб тафсир қилган уламолар ҳам бордир. (“Тафсирий Куртубий” ва “Маолимут-танзил”тафсирлари).
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сизни одамлар устига вакил - қўриқчи қилиб юборган эмасмиз”.
Яъни, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг зиммаларидаги вазифа фақат Оллоҳ таоло нозил қилган ваҳийни одамларга етказиш, мўминларга жаннат хушхабарини бериш ва кофирларни дўзах азобидан огохлантириш, холос. У зоти шариф бу буюк вазифани аъло даражада адо этдилар. Энди инсонлар ўзларига етган Оллоҳнинг оятларига ишонадиларми ёки инкор қиладиларми, бу уларнинг ишидир. Пайғамбар алайҳис-салом зиммаларига уларнингустида қўриқчилик қилиш уларни зўрлаб куфрдан чиқариб, мусулмон қилиб қўйиш вазифаси юклатилган эмас. Чунки кимни ҳидоят қилиш, кимни залолотга кетказиш Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Кўлидаги иптдир.

55. “Парвардигорингиз осмонлар ва Ердаги бор жонзотни жуда яхши Билгувчидир. Аниқки, Биз айрим пайғамбарларни айримларидан устун қилдик. Биз Довудга Забурни ато этдик”.
Бу оят баъзи мушриклар Муҳаммад алайҳис-саломнинг Пайғамбар эканликларига иймон келтирмай, «Орамизда қанчадан-қанча олийнасаб зодагонлар турганида мана шу етим, ялангоёқ Муҳаммад пайғамбар бўладими?», дейишганида нозил қилингандир. Оллоҳ таоло унда нафақат Маккаликларни, балки Еру осмонлардаги барча жониворларни ҳам жуда яхши билишини, бинобарин кимни пайғамбар қилиб сайлаш ҳам Ўз ихтиёрида эканлигини баён қилади ва Ўзи юборган пайғамбарларига турли мўъжизалар бериш билан айримларини айримларидан афзал қилиб кўйгани ҳақида хабар беради.
Қатода айтади: “Оллоҳ таоло Иброҳим алайҳис-саломни Ўзининг Ха-лили қилди, Мусо алайҳис-саломга бевосита сўзлади, Ийсо алайҳис-саломга эса “Бўл” дейиши билан Ийсо Марям бачадонида пайдо бўлди, Сулаймон алайҳис-саломга бошқа ҳеч кимга насиб этмаган мулку давлатни ато қилди ва Довуд алайҳис-саломга Ўзи айтгандек, Забурни ато этди. Оллоҳ таоло Довудга таълим берган Забур Китоби бир юз эллик сурани ўз ичига олган бўлиб, тўласича дуо, Оллоҳ азза ва жаллани улуғлаш ва У Зотга айтилган ҳамду санолардан иборат. У Китобда ҳалол-ҳаром, фарз-вожиб ва жиноятларнинг жазолари ҳақидаги ҳукмлар йўқдир”.
Ушбу мавзу Бақара сураси, 253-оятида ҳам мазкур бўлган ва ала қадри ҳол тафсир қилинган эди.

56-57. “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, мушрикларга) айтинг: «(Оллоҳдан) ўзга (илоҳ), деб гумон қилган кимсаларингизга дуо-илтижо қилинглар-чи! Бас, улар сизлардан бирон зиённи арита олмаслар ва (уни сизлардан бошқаларга) буриб ҳам юбора олмаслар. Улар (илоҳ деб) илтижо қиладиган ўша кимсаларнинг ўзлари ҳам Парвардигорга қай бирлари яқинроқ бўлиш учун йўл изларлар, У Зотнинг Раҳмат-Марҳаматидан умидвор бўлурлар, азобидан қўрқурлар. Дарҳақиқат, Парвардигорингизнинг азоби қўрқилгувчи (азоб)дир.
Баъзи бир тоифалар фаришталарни, насронийлар Ийсо пайғамбарни, яҳудийлар эса Узайр пайғамбарни илоҳ, дейишиб, уларга сиғинадилар. Ушбу икки оят ўшалар хусусида бўлиб, мушрикларга улар сиғинаётган зотлар ҳам Оллоҳнинг ожиз бандалари экани баён қилингандир.
“Маолимут-танзил” тафсирида Абдуллоҳ ибн Маъсуд розияллоҳу анҳудан: Ушбу оятлар бир тоифа араблар ҳақида нозил бўлган. Улар бир тоифа жинларга сиғинар эдилар. У жинлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам тиловат қилаётган Қуръон оятларини эшитишгач, иймон келтирган эдилар. Аммо уларга сиғиниб ибодат қиладиган мушриклар эса, ўзлари сиғинадиган жинларнинг мусулмон бўлганларидан бехабар уларга сиғинишда давом этишавергач, Оллоҳ таоло мушрикларга дашном бериб ушбу оятларни нозил қилди”, деган ривоят ҳам келтирилибди. Ушбу ривоят “Саҳиҳул-Бухорий”да “Тафсир китоби”да келтирилган.
Бу улуғ оятларда Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб гўё шундай дейди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз Оллоҳдан ўзга нарса ва кимсаларга ибодат қиладиган мушрикларга айтинг: “Қани сизлар Оллоҳни қўйиб сиғинаётган жонли-ю жонсиз бут-санамларингизга дуо-илтижо қилинглар-чи, улар ижобат қилармиканлар, камбағаллик, касаллик, қаҳатчилик каби бошларингизга тушган меҳнат-машаққатларни аритишларини сўранглар-чи, ўша бутларингиз мушкилларингизни осон қила олармиканлар, ёки бошларингизга тушган балоларни бошқа ёққа буриб юбора олармиканлар?! Аниқки, улар ҳатто ўзларига ҳам бирон фойда ёки зиён етказишга қодир эмаслар, демак, ўзгаларга ҳам бирон фойда ёки зиён етказа олмасликлари аниқдир. Аксинча, ўша сизлар дуо илтижо қилиб сиғинаётган кимсалар - улар Ийсо ва Узайр алайҳимас-салом каби пайғамбарлар бўладиларми, малоикалар бўладиларми ёки мўмин жинлар бўладиларми, барчалари Парвардигорлари бўлмиш Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога яқин банда бўлиш учун тинимсиз ҳаракат қиладилар, қай биримиз қандай тоат-ибодат билан Роббимизга яқинроқ бўларканмиз, деб, Оллоҳ таолонинг розилигига етиб борадиган йўлни излайдилар, Унинг Раҳматидан умидвор бўладилар ва азобидан қўрқадилар. Унинг Раҳмати мўмин бандаларига ваъда қилган буюк мукофоти бўлмиш жаннатдир, Унинг азоби эса, осий-кофир кимсалар учун ҳақли ва адолатли жазо бўлган дўзаҳцир. Дарҳақиқат, Парвардигорингизнинг азоби ўта мудҳиш ва кўрқинчли азоб бўлиб, ундан бирон кимса қочиб қутула олмас. Бас, ҳар бир ақлли инсон Оллоҳнинг азобидан мудом кўрқиб туриши лозим”. Дарвоқеъ, Оллоҳ таолонинг элчи пайғамбарларидан бўлмиш Ийсо ва Узайр алайҳимас-салом ҳам, ҳатто Оллоҳ таолонинг нурдан яралган бегуноҳ махлуқоти бўлмиш малоикалар ҳам, Парвардигори оламга яқин бўлиш умиди билан тинимсиз тоат-ибодат қилар эканлар, доимо Унинг азобидан қўрқиб турганлари бу азоб ўта қўрқинчли эканига равшан далилдир.
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, у киши Умар розияллоҳу анҳу бир кофирнинг ҳанжари зарбидан жуда оғир жароҳатланиб ўлим тўшагида ётган чоғида кириб: “Эй амирал-мўминийн, Сиз инсонлар кофир бўлган вақтида иймон келтиргансиз, одамлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳеч қандай ёрдам бермаётган вақтида у зотнинг ёнларида туриб жиҳод қилгансиз, Ҳазрати Расулуллоҳ Сиздан рози бўлган ҳолларида вафот этганлар, мана энди Сизга шаҳидлик насиб этиб турибди. Бас, Сиз хотиржам бўлинг (яъни, албатта жаннатга киришингизга аниқ ишонинг ва Охират азобидан асло қўрқманг), эй амирал-мўминийн”, деган эди, Умар розияллоҳу анҳу: “Сизлар мақтов билан одамни мағрур қилиб - алдаб кўясизлар. Оллоҳга қасамки, мана шу қуёш нуридан баҳраманд бўлган барча нарса меники бўлса ҳам мен Қиёмат даҳшатидан қутулиш учун уларни тўлов қилиб бериб юборган бўлур эдим”, деди. (“Танвирул-азҳон”тафсиридан).
Азиз ҳамдарсим! Агар эътибор берсак, ушбу оятларда мўминнинг ҳаётида ражо - Оллоҳ таолонинг Раҳматидан умидворлик ва хавф - Оллоҳ таолонинг азобидан қўрқишлик баробар ўрин тутмоғи лозимлиги таъкидланади. Чунки тоат-ибодат хавф ва ражо билан комил бўлади - хавф сабабли инсон гуноҳ ишлардан четланади, ражо сабабли у солиҳ амалларни кўпайтиради.

58. “(Ер юзидаги аҳолиси кофир бўлган) қишлоқ-шаҳарки бор, (барчасини) Биз Қиёмат Куни (келиши)дан илгари албатта ҳалок қилгувчидирмиз ёки қаттиқ азоб билан азоблагувчидирмиз. Ушбу (ҳукм) Китобда - (Лавҳул-Маҳфузда) битилгандир”.
Ояти каримада мазкур бўлган “қишлоқ-шаҳар”дан мурод, қавс ичида изоҳлаб ўтганимиздек, аҳолиси кофир-золим бўлган жамийки қишлоқ-шаҳарлардир. Чунки бошқа бир оятда Ҳақ таоло: “Биз қишлоқ-шаҳарларни фақат уларнинг аҳолиси золим-кофир бўлган ҳолдагина ҳалок қилгувчи бўлдик”, деб очиқ айтгандир. (Қасас сураси, 59-оят). Демак, қай бир қишлоқ ёки шаҳарнинг аҳолиси куфру исёнга ғарқ бўлса, албатта у юрт ҳали Қиёмат Куни келмасиданоқ йўқ бўлиб кетиши, унинг аҳолиси эса, турли азоб-уқубатга гирифтор қилиниб ҳалок бўлиши Оллоҳ таолонинг тақдири азалида белгилаб кўйилган муқаррар иш экан. Аҳолиси мўмин-мусулмон бўлиб, Оллоҳ таолонинг Дини Исломини маҳкам ушлаган қишлоқ-шаҳарлар эса, то дунёнинг умри тугаб, Қиёмат Кунининг вақти-соати етиб келгунича обод ва фаровон ҳаёт кечиради.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Қайси бир қишлоқ-шаҳарда зино ва судхўрлик авж олса, Оллоҳ таоло у жойнинг аҳли ҳалок қилинишига изн беради”. (Табарий ривояти).
“Ушбу (ҳукм) Китобда (яъни, Лавҳул Маҳфузда) битилгандир”.
Уббода ибн Сомит розияллоҳу анҳу айтди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Албатта Оллоҳ таоло энг аввал яратган нарса қаламдир. Оллоҳ қаламни яратибоқ, унга: “Ёзгин”, деб буюрди. Қалам: “Нимани ёзайин”, деган эди, Оллоҳ таоло: “Қадарни - то Қиёмат Кунигача бўладиган барча нарсани ёзгин”, деди”, деяётганларини эшитдим”.

59. “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, мушриклар Сиздан талаб қилган) оят-мўъжизаларни юборишдан Бизни қайтарган нарса фақат аввалги умматлар у (мўъжизаларни кўргач, иймон келтириш ўрнига уларни) ёлғон деганларидир. Самуд қабиласига очиқ (мўъжиза бўлган) туяни ато этганимизда унга зулм этдилар (ва оқибатда қирилиб кетдилар). Албатта, Биз (зилзила, тўфон, чақмоқ ва момақалдироқ каби) оят-аломатларни (бандаларимизни ҳалокатдан) қўрқитиш учун юборурмиз”.
“Тафсири Бағавий”да Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Макка аҳли Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан Сафо баландлигини олтинга айлантириб беришларини ва Маккадаги бошқа тоғ-адирларни улардан нари суриб, деҳқончилик қиладиган текис ерларга айлантириб беришларини талаб қилишди (яъни, акс ҳолда у зотга иймон келтирмасликларини айтишди). Шунда Оллоҳ таоло Ўз Элчисига: “Агар Сиз хоҳласангиз, Мен уларнинг истакларини кейинга сурурман, хоҳласангиз, сўраган нарсаларини бажо қилурман, бас, агар ўшанда ҳам иймон келтирмасалар, у ҳолда Мен уларни ҳам аввал ўтган кофир қавмларни хдлок қилганимдек ҳалок қилиб юборурман”, деб ваҳий юборган эди, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Йўқ, ё Парвардигор, уларнинг талабларини кейинга сура қолгин”, дедилар. Шу онда Оллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилди ва унда илгари ўтган араблардан бўлган бир қабилани - ўзларига юборилган Солиҳ пайғамбардан мўъжиза кўрсатишини талаб қилиб, сўнгра у зот уларнинг кўз ўнгларида бир харсанг тошни тирик туяга айлантириб қўйганини кўрганларидан кейин ҳам Солиҳ алайҳис-саломга иймон келтирмаганларидан кейин ҳалок қилиб юборилган Самуд қабиласини мисол қилиб келтирди. Бошқа бир оятда Ҳақ таоло у бадбахт қабила ҳақида: “Бас, уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида тўкилдилар (ҳалок бўлдилар)”, деб хабар беради. (Аъроф сураси, 78-оят).
(Самуд қабиласи тўғрисида Аъроф сурасининг 73-79-оятлари тафсирида батафсил баён қилинган эди).

60. “Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сизга Парвардигорингиз (жамийки) одамларни ўраб-иҳота қилиб олгандир, деган эдик. Биз Сизга (меърож кечасида кўрсатган) «Туш»ни ва Қуръонда лаънатланган дарахт (заққум)ни одамлар учун бир фитна-имтиҳон қилдик, холос. Биз (мушрикларни турли мўъжизалар билан) қўрқитур-миз, аммо бу уларни баттар тугёнга солур”.
“Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сизга Парвардигорингиз (жамийки) одамларни ўраб-иҳота қилиб олгандир, деган эдик”.
Ҳасан Басрий, Қатода ва бошқа уламолар ушбу жумла мазмунини қуйидагича тафсир қиладилар: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз жамийки одамлар, жумладан Сизга душманлик қилмоқчи бўлган Макка мушриклари ҳам Оллоҳ таолонинг қабзасида эканини, бас, Унинг хоҳиш-иродасига қарши ҳеч иш қила олмасликларини, бинобарин, Сизга ҳеч қандай зиён етказа олмасликларини доимо ёдингизда тутинг ва зиммангиздаги Оллоҳ таоло нозил қилган Динни тўласича, бирон оятни қолдирмасдан етказиш вазифангизни ҳеч кимдан қўрқмасдан адо қилаверинг. Билингки, Оллоҳ таоло Сизни одамлардан сақлашга кафолат беради”.
Бу мазмун, кейинроқ Мадинайи мунавварада нозил қилинган Моида сурасида яна бир бор таъкидланади: “Оллоҳ Сизни одамлардан (уларнинг зараридан) сақлагай”. (Моида сураси, 67-оятдан). (Ушбу ояти карима ўз ўрнида ала қадри ҳол тафсир қилиб ўтилди).
“Биз Сизга (меърож кечасида кўрсатган) «Туш»ни ва Куръонда лаънатланган дарахт (Заққум)ни одамлар учун бир фитна-имтиҳон қилдик, холос. Биз (мушрикларни турли мўъжизалар билан) қўрқитурмиз, аммо бу уларни баттар туғёнга солур”.
Ояти каримада зикр қилинган “лаънатланган дарахт” Зақкум эканлиги ва у дарахтнинг хусусияти ҳақида бошқа бир оятда хабар берилган: “Албатта (дўзахнинг ўртасида ўсадиган) Заққум дарахти гуноҳкорнинг таомидир. (У таом) мисоли қайноқ сувнинг қайнаши каби қоринларда қайнайдиган эритилган (доғланган) ёғдир!” (Духон сураси, 43-46-оятлар).

61. “Эсланг, Биз фаришталарга: «Одамга сажда қилинг», дейишимиз билан улар саждага эгилдилар. Магар иблис (кибру ҳаво билан): «Сен қора лойдан яратган кимсага сажда қилурманми?», деди”.
Олис мозийдан - биринчи инсоннинг яралиш тарихидан сўзлайдиган ушбу оятлар Яратган наздида одамзотнинг азиз ва мукаррам эканига очиқ-равшан далилдир. Ҳақ таоло Ўз Қўли билан Одам алайҳис-саломни Ердан - қора тупроқдан яратиб, сўнгра Ўзи унга чиройли сурат бериб, жон киритиб, сўнгра нурдан яралган малоикаларига тупроқдан яралган Одамга сажда қилинглар, яъни, Одамнинг ашрафул-махлуқот - жамийки яралгувчиларнинг энг улуғи эканини тан олиб, унга таъзим қилинглар, деб амр қилиши билан улар дарҳол саждага йиқилганлари, фақат иблис алайҳил-лаъна Яратганнинг Буйруғига бўйинсунмай, “Сен қора лойдан яратган кимсага сажда қилурманми?” деб кибр-ҳаво қилиб саждадан бош тортгани ҳақида хабар беради.
Бу сажда Оллоҳга ибодат, Одамга таъзим саждасидир. Барча фаришталар бир нафас тўхтамасдан Яратганнинг Амрига бўйинсундилар - саждага эгилдилар ва бу билан одамзот афзалул-махлуқот эканини эътироф этдилар. Фақат лаънати иблисгина бош тортди, мутакаббирлик қилди, саждага эгилмади, кофирлардан бўлди. Оят мазмунини англаган ҳар бир ақлли инсон учун катта бир ибрат ярқ этиб кўриниб турибди: саждага - намозга чорланганида бўйинсунган - сажда қилган киши Оллоҳнинг кули, бош тортган, кибр қилган кимса эса иблиснинг қулидир.
Хўш, бу иблиснинг асли, насли-насаби ким ўзи? Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва аксари муфассирлар: иблис ҳам асли фаришталардан эди, Оллоҳ таоло фаришталарни Одамга сажда қилишга буюрганида уларнинг орасида иблис ҳам бор эди, шунинг учун ҳам фаришталарга берилган буйруқ унга ҳам тегишли эди. Агар иблис фаришталардан бўлмаса уларга берилган буйруқдан бош тортгани учун осий бўлмас эди, дейдилар.
Ибн Аббосдан қилинган яна бошқа бир ривоятда эса, иблис жин қав-мидан бўлган, дейилади. Ҳасан, Қатода каби муфассир уламолар ҳам мана шу кўз қарашни илгари сурадилар ва далил сифатида ушбу ояти каримани келтирадилар: “Эсланг, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), фаришталарга: «Одамга таъзим қилинг», дейишимиз билан саждага эгилдилар. Фақат иблис (сажда қилмади). У жинлардан эди. Бас, Парвардигорининг Амрига бўйинсунишдан бош тортди. Энди сизлар (эй Одам болалари), Мени қўйиб, уни (яъни, иблисни) ва зурриётларини дўст тутурмисиз?! Улар сизларга душман-ку! У (иблис) золим кимсалар учун (Оллоҳнинг ўрнига ибодат қилинадиган) нақадар ёмон «бадал - ўринбосардир». (Каҳф сураси, 51-оят).
Жин қавмидан бўлган иблис ўзининг асли бўлган олов Одамнинг асли бўлган тупроқдан яхшироқ эканини айтди. Ҳолбуки, Хожадан Амр бўлганидан кейин қул дарҳол у Амри Илоҳийга бўйинсуниб, саждага йиқилиши фарз эди. Аммо иблис бандалик расмини бузди - сажда қилмади, бу гуноҳи учун Яратгандан кечирим ҳам сўрамади, балки ансинча, “Мен Одамга эмас, Одам менга сажда қилиши керак, чунки мен ундан яхшироқман”, деб барча оламлар Парвардигорининг Амрига қарши тушди ва натижада ўзининг нонкўрлиги, мутакаббирлиги ва итоатсизлигига яраша жазога - Оллоҳнинг лаънатига дучор бўлди, Унинг Раҳматидан - жанна-тидан маҳрум бўлди.

62. “У (яна) деди: «Менга хабар бергинчи, мана шу кимсани мендан улуғ-устун қилдингми? Қасамки, агар Сен мени Қиёмат Кунигача (тирик) қолдирсанг, албатта мен унинг зурриётини қириб юборурман, (яъни, Ҳақ Йўлдан оздириб, ҳалокат йўлларига буриб юборурман), магар озгиналаригина (Ҳақ Йўлда қолурлар)”.
Яъни, малъун иблис ўзи Оллоҳ таолонинг Амрига итоат этмагани учун лаънатланиб, жаннатдан маҳрум бўлиб турибди-ю, яна ўзининг Одам алайҳис-саломдан “афзалроқ” эканини исботламоқчи бўлиб: “Эй Роббим, мана шу ожиз кимсани мендан улуг-устун қиласанми? Агар Сен менга то Қиёмат қойим бўлгунича ўлмасдан яшаш имконини берадиган бўлсанг, қасам ичаманки, бу Одамнинг авлод-зурриётларидан камдан-кам инсонлардан ташқари барча-барчасини Сенинг Йўлингдан оздириб, ўзимнинг йўлимга солиб олишим аниқдир. Ана ундан кейин улардан ҳеч ким Сенга ибодат қилмай, фақат мен буюрган ишларни қиладиган бўладилар”, деб юзсизлик қилди. Бу ҳақда бошқа бир оятда шундай хабар берилган: “У айтди: «Қасамки, энди мени йўлдан оздирганинг сабабли мудом Сенинг Тўғри Йўлинг устида уларни (Одам болаларини) кутиб ўтирурман. Сўнгра уларга олдиларидан ва ортларидан, ўнггу сўлларидан келиб (Тўғри Йўлдан оздирурман) ва (оқибатда) сен уларнинг кўп-ларини (берган неъматларингга) шукр қилган ҳолларида топмайсан”. (Аъроф сураси, 16-17-оятлар).
Яъни, иблис Оллоҳ таолодан уни то Қиёмат қойим бўлгунича ўлдирмаслик ваъдасини олиб хотиржам бўлгач, ўзининг Одам болаларига қарши режалаштирган ғаразли мақсадини ошкора қилди. Гарчи Оллоҳ таолонинг “Сажда қил”, деган Амрига итоат қилмаслик билан иблис ўзи залолат йўлини танлаб олган бўлса-да, Оллоҳ таоло уни Тўғри Йўлдан оздириб лаънатлашига ўзининг қилмиши сабаб бўлган эса-да, ҳеч уялмасдан (иблисда уят нима қилсин), тап тортмасдан Ҳақ таолога: “Сен мени йўлдан оздирдинг, энди мен ҳам Сенинг Тўғри Йўлингни - жаннатга олиб бора-диган Йўлни тўсиб, Одам болаларини адаштираман. Уларга тўрт тарафдан ҳужум қиламан. Мен одамларга олдиларида турган Охират тарафидан келиб: “Ҳали Охират деганлари бор нарсами ёки йўқ нарсами”, деб уларни шак-шубҳага соламан, сўнгра орқаларида қолаётган дунёлари тараф-дан келиб, уларни мол-дунёга қул қилиб кўяман, сўнгра ўнг тарафларидан - қилган ҳасанотлари, савоб амаллари томонидан келиб, уларни ўша амалларни холис Оллоҳ учун эмас, эл кўрсинга, риёкорлик билан қиладиан кимсаларга айлантириб қўяман. Сўнгра чап тарафларидан - қилган гуноҳ ва ёмонликлари томонидан келиб, уларга ўша гуноҳ амалларни чиройли кўрсатиб қўяман. Шунда Сенга шукр қиладиган одамлар жуда оз қолади”, деди. Албатта иблиснинг қасам билан айтган бу: “Мен уларни йўлдан оздира олурман”, деган сўзларидан унинг барча одамлар устида ҳукмронлиги келиб чиқмайди, балки бу унингўйлаган орзуси ва ўй-гумони эди, холос. Иблис фақат иймони заиф, Охират диёри борлигига аниқ ишонмайдиган кимсалар устидагина ўзининг бу ўйини амалга ошира олади. Бу ҳақда бошқа бир оятда аниқ хабар берилган: “Дарҳақиқат, иблис уларнинг устидаги («Мен уларни йўлдан оздира олурман», деган) гумонини рўёбга чиқарди, бас, (Сабаъ қабиласи иблисга) эргашдилар, фақат бир гуруҳ мўминларгина (унга бўйинсунмадилар). (Иблиснинг) улар устидаги ҳукмронлиги - фақат Биз Охиратга иймон келтирадиган кишиларни, ундан (яъни, Охиратдан) шак-шубҳада турган кимсалардан билиб-ажратиб олишимиз учун бўлгандир. (Яъни, Охират ҳақида шубҳа қилгувчи кимсалар иблиснинг иғвосига учиб, унга эргашурлар ва Оллоҳнинг неъматларига ношукурлик қилурлар. Охиратга иймон келтирган зотларга эса унинг васвасаси кор қилмас). Парвардигорингиз барча нарсанинг устида Кузатиб тургувчидир.” (Сабаъ сураси, 20-21-оятлар).
Оятлар мазмунида маълум бўладики, иблис алайҳил-лаъна билмагани, жоҳиллиги учун кофир бўлмаган, балки Оллоҳ таолони таниб туриб, Унинг Тўғри Йўли қандай Йўл эканини жуда яхши билиб туриб кофир бўлган. Акс ҳолда у: “Сенинг Тўғри Йўлинг устида йўлтўсарлик қилиб ўтираман”, демаган бўлар эди.

63. “(Оллоҳ) айтди: «Бор, (сенга Қиёматгача умр бердим). Бас, улардан ким сенга эргашса, у ҳолда, шак-шубҳасиз жаҳаннам сизларга етарли жазо бўлур!”
Шундай қилиб, иблис жаннатдан қувилиб, жаҳаннамга ҳукм қилинди. Фақат у жаҳаннамга ёлғиз ўзи эмас, балки инсонлар орасидан кимда-ким унга эргашса, у чизиб берган йўлга юрса, яъни, Оллоҳ таолога эмас, иблисга қуллик қилса ва Оллоҳ таолонинг Тўғри Йўлига қайтмасдан - тавба қилмасдан дунёдан ўтадиган бўлса, ана ўшалар билан бирга киради.
Бу мавзу бошқа оятларда ҳам зикр қилинганки, Қуръоннинг энг гўзал тафсири биринчи навбатда Қуръоннинг ўзи бўлгани сабабли биз ўша оятларга мурожаат қиламиз: “Эсланг, Парвардигорингиз фаришталарга деган эди: «Албатта мен лойдан бир одам Яратгувчидирман. Бас, қачон уни тиклаб, унга Ўз Руҳимдан пуфлаб киргизганимдан сўнг унга сажда қилган ҳолларингизда йиқилинглар!» Бас, фаришталарнинг барча-барчалари (Одамга) сажда қилдилар. Магар иблисгина кибру ҳаво қилиб, кофирлардан бўлди. (Шунда Оллоҳ) деди: «Эй иблис, Мен Ўз Қўлларим билан яратган нарсага - Одамга сажда қилишдан нима сени манъ қилди?! Кибру ҳаво қилдингми, ёки сен (Одамга нисбатан) юксак мартабали зотлардан эдингми?!» У айтди: «Мен ундан яхшироқдирман. Сен мени оловдан яратгансан, уни эса лойдан яратдинг». (Оллоҳ) деди: «Бас, ундан (яъни, жаннатдан) чиқ! Энди сен, шак-шубҳасиз, (Менинг даргоҳимдан) қувилган - малъунсан. Ва албатта то жазо (Қиёмат) Кунигача сенга Менинг лаънатим бўлур». (Иблис илтижо қилиб) деди: «Парвардигорим, у ҳолда менга улар тириладиган Кунгача (ўлмасдан яшаш учун) муҳлат бергин». (Оллоҳ) деди: «Бас, сен маълум вақтда етиб келадиган Кунгача (Қиёматгача) муҳлат берилганлардансан». (Иблис) айтди: «Энди Сенинг қудратингга қасамки, албатта уларнинг ҳаммасини йўлдан оздирурман. Магар уларнинг орасидаги (айрим) покиза бандаларинггина (Ҳақ Йўлдан озмай қолурлар)». (Оллоҳ) деди: «Ҳаққа (қасам), фақат ҳақни айтурманки, албатта Мен жаҳаннамни сен ва (одамлар) орасидаги барча сенга эргашган кимсалар билан тўлдирурман!” (Сод сураси, 71-85-оят),

64. Улардан кучинг етган кимсани овозинг билан қўзғат, уларнинг устига отлиқ ва пиёда (лашкар)ингни торт, топган мол-давлат ва бола-чақаларида уларга шерик бўл (яъни, уларни ҳаромдан мол-дунё ва бола-чақа орттиришга унда), уларга (ёлғон) ваъдалар қилди - Дарҳақиқат, шайтон уларга фақат алдов-ёлғон нарсаларнигина ваъда қилур. -
Ибн Аббос ва Қатода розияллоҳу анҳум тафсир қилишларича, ояти каримада зикр қилинган иблиснинг овозидан мурод, Оллоҳ таолога исён қилишга чақирган барча овозлардир. Демак, гуноҳ ишларга чақирадиган барча кимсалар иблиснинг лашкарларидир. Мужоҳид эса, қўшиқ ва мусиқа иблиснинг овозидир”, дейди. (“Маолимут-танзил” тафсири).
Оятдаги “уларниг устига отлиқ ва пиёда (лашкари)нгни торт”, жумласи тафсирида Ибн Аббос, Мужоҳид ва Қатода розияллоҳу анҳум: “Иблиснинг инсу жиндан бўлган отлиқ ва пиёда лашкарлари бор - кимлар Оллоҳ таолога маъсият-итоатсизлик қилиш йўлида отлиқми, пиёдами юрар эканлар, ана ўшалар иблиснинг лашкарларидир”, дейдилар. (“Таф-сири Куртубий”дан).
“Тафсири Мунийр”да эса, ушбу жумла бир тамсил бўлиб, ундан мурод, Оллоҳ таоло томонидан иблис алайҳил-лаънага қўлингдан келган барча ҳийла-найрангларингни биронтасини қолдирмай қилавергин, деб берилган рухсатдир, дейилади.
“...топган мол-давлат ва бола-чақаларида уларга шерик бўл”.
Уламоларнинг айтишларича, дарҳақиқат, иблис унга итоат этадиган кимсаларни судхўрлик, порахўрлик, ўғрилик каби ҳаром касб-корга ўрга-тиш билан улар топадиган мол-дунёларига шерик бўлиб олади, шундан кейин улар топган нарсаларини ҳаром ишларга сарфлайдилар, исрофгарчилик қиладилар, мол-дунёларининг закотини бермайдилар. Бундан ташқари иблис уларнинг топган фарзандларига ҳам шерикдир. Кимда-ким ҳаром йўллар билан фарзанд орттирса, билсинки, у боланинг отаси иккита - бири инсон, бири шайтондир. Бу ҳақда Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда ҳам айтилган: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, ораларингизда муғарриблар - насл-насабига бегона аралашиб қолганлар ҳам бордир”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, муғарриблар нимадир?” деган эдим, “Бир кимсаларки, уларнинг бино бўлишида жин шерик бўлган”, (Абу Довуд ривояти).
Самарқандийнинг “Баҳрул-улум” тафсирида ҳикоя қилинишича, иблис Ерга туширилганидан кейин Оллоҳ таолога илтижо қилиб: “Ё Роббим, Одамни деб мени Ерга тушириб қўйдинг, ҳузурингдан ҳайдадинг, энди менга уй бергин”, деган эди, Оллоҳ таоло: “Сенинг уйинг ҳаммом”, деди. “Одамларни тўплайдиган жойим-чи?” “Бозорлар ва гузарлар”. “Ейдиган таомимчи?” “Бисмиллоҳ айтилмасдан тайёрлаган овқатлар”. “Ичимлигим?” “Барча маст қилгувчи нарсалар”. “Мен учун мажлисимга одамларни чақириб берадиган муаззин ҳам қилиб бергин”. “Сенинг муаззининг турли мусиқалар”. “Ўқийдиган китобим-чи?” “Шеър”. “Сўзлайдиган сўзимчи”. “Барча ёлғон сўзлар”. “Менинг элчиларим кимлар?” “Барча фолбинлар”. “Одамларни овлайдиган тузоғим-чи?” “Хотинлар”.
Аҳмад ва Насоий ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта шайтон Одам болаларининг йўлларида ўтиради. Аввал-бошда у Ислом Йўлини тўсиб ўтиради. Биров Ислом Динини қабул қилиб, мусулмон бўлишни истаганида шайтон унинг йўлини тўсиб: “Сен ўз динингни, ота-боболарингнинг динини тарк этиб мусулмон бўласан-ми?” деб унинг йўлини тўсди, аммо у инсон шайтоннинг сўзига қулоқ солмади, унга итоат қилмади ва мусулмон бўлди. Сўнгра у мусулмон Маккадан Мадинага ҳижрат қилмоқчи бўлганида шайтон ҳижрат йўлига ўтириб олиб: “Мана шу Ерингни, осмонингни ташлаб ҳижрат қилиб кетаверасанми?” деб васваса қилди, аммо у мусулмон шайтонга бўйин эгмасдан ҳижрат қилди. Сўнгра у молу жони билан Оллоҳ Йўлида жиҳод қилиб курашмоқчи бўлганида шайтон жиҳод йўлини ҳам тўсиб: “Сен энди жанг-жадалларда ўлиб кетаверасан, аёлингни бўлса бошқалар хотин қилиб олиб кетаверадилар, мол-мулкинг ҳам бировларга қолиб кетаверади”, деб иғво қилди, аммо мусулмон шайтонга итоат қилмади - Оллоҳ Йўлидаги курашдан қайтмади. Одамлардан ким мана шундай қилган бўлса - шайтонга бўйинсунмаган бўлса, у инсонни жаннатга киритиш Оллоҳнинг зиммасида бўлади”, деб марҳамат қилдилар.
“...уларга (ёлғон) ваъдалар қил”.
Дарҳақиқат, шайтон уларга фақат алдов-ёлғон нарсаларнигина ваъда қилур.
Ояти каримадаги ушбу жумлаларнинг энг яхши тафсири мана бу оятдир: “Қачонки, иш тутагач (яъни, ҳисоб-китоб битиб, жаннат аҳли жаннатга, дўзахилар дўзахга киришгач), шайтон: «Албатта Оллоҳ сизларга ҳақ ваъда қилган эди. Мен эса (ёлғон) ваъдалар бериб, сизларни алдаган эдим. (Лекин) мен учун сизларнинг устингизда ҳеч қандай ҳукмронлик йўқ эди, илло мен сизларни (куфр йўлига) чақиришим биланоқ ўзингиз менга итоат этдингиз. Энди мени маломат қилмай, ўзларингизни маломат қилингиз. Мен сизларга ёрдам бера олмайман, сизлар ҳам менга ёрдам бергувчи эмассиз. Албатта мен сизлар илгари (Оллоҳга) мени шерик қилганингизни инкор этурман”, деди. Албатта золимлар (яъни, кофирлар) учун аламли азоб бордир!” (Иброҳим сураси, 22-оят).

65. “Менинг (иймон-эътиқодли) бандаларим устида эса сен учун ҳеч қандай салтанат-ҳукмронлик йўқдир. Парвардигорингнинг Ўзи етарли Вакил - Сақловчидир».
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло иблис алайҳил-лаънанинг айтган сўзларига жавобан, чин ихлос билан Ёлғиз Оллоҳга қуллик қиламан деган бандаларини иблиснинг қўлига бериб қўймаслигини, яъни, ҳеч қачон иблис уларга ҳукмрон бўлиб Тўғри Йўлдан оздира олмаслигини, магар ўз ихтиёри билан унга эргашган адашган кимсаларгина шайтоннинг қуллари бўлиб қолишларини таъкидлайди.
Албатта, ояти каримадаги иблис учун мўминлар устида хукмронлик йўқ, деган жумлани иблис уларни адаштириш учун вас-васа қила олмайди деб тушунилмаслиги лозим. Балки иш тамоман аксинчадир. Алий каррамаллоҳу важҳаҳу айтади: “Биз мусулмонларнинг намозимиз билан аҳли китоб - яхудий, насронийларнинг ибодатлари ўртасида фарқ шайтоннинг васваса қилишидир. Кофирлар шайтон йўлига кириб кофир бўлганлари учун у уларнинг амалларига аралашмайди, балки қачон биров кофир бўлса, шайтон унга: “Энди мен сендан бўшадим, яъни, сени васваса қилишимга ҳожат қолмади, усиз ҳам сен энди меникисан”, деб, кофир қилаётган ибодатларнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ эканини билгани сабабли уни бўш қўяди. Аммо мўмин эса, Оллоҳ таоло буюрган намоз ибодатини адо қилишга киришар экан, шайтоннинг хоҳишига тескари иш қилаётгани учун у жон-жаҳди билан мўминга қарши жангга киришади - унинг хаёлини бўлиб васваса қила бошлайди (шунинг учун ҳам намоз ўқиладиган жой меҳроб, яъни шайтон билан жанг қиладиган жой деб аталади). Ана ўша мўминлар ҳақида Оллоҳ таоло “Менинг бандаларим устида сен учун ҳеч қандай салтанат - ҳукмронлик йўқдир”, деди. (“Танвийрул-азҳон” тафсиридан).
Дарҳақиқат, Оллоҳ таолонинг Тўғри Йўлида собитқадам бўлган мўминлар чинакам бахтиёр инсонлардир, чунки Ҳақ субҳонаҳу ва таоло уларни: “Менинг бандаларим”, деб шарафлайди ва ҳеч қачон шайтон улардан ғолиб бўла олмаслигини таъкидлайди. Аммо ўз ихтиёрлари билан Тўғри Йўлни тарк этиб иблис ва унинг малайлари чизиб берган ботил йўлларга кириб кетган кимсалар эса - “У кимсаларнинг барчалари учун ваъда қилинган жой, шак-шубҳасиз жаҳаннамдир. Унинг етти дарвозаси бўлиб, ҳар бир дарвозага уларнинг бир тўдаси бўлингув-чидир”. (Ҳижр сураси, 43-44-оятлар).

66. “(Эй инсонлар), Парвардигорингиз Унинг Фазлу Марҳаматидан (ризқу рўз) изланглар, деб сизлар учун денгизда кемаларни юргизиб қўйган Зотдир. Дарҳақиқат, У сизларга Меҳрибондир”.
Ушбу ва қуйидаги оятларда Ҳақ таоло жамийки инсонларга хитоб қилиб, мўмин бандаларига ибрат, кофир-мушрикларга огоҳлантириш бўлиши учун Ўзининг сув ва қуруқликдаги айрим неъматларини, инсонлар яхши яшашлари учун яратиб қўйган қулайликларини зикр қилади - Ўзининг уларга тенгсиз Меҳрибон Парвардигор эканлигини эслатади.
Дарҳақиқат, денгизнинг итоаткорлигида, устидаги кемалар сузиб, худди қуруқлиқцаги от-уловлар каби бир соҳилдан бошқа соҳилга одамлар учун керакли бўлган нарсаларни ташиб, бир иқлим аҳолиси бошқа иқлим аҳолиси билан борди-келди қилишларига хизмат қилиш учун бўйсундириб қўйилишида ва яна денгизнинг чор-атрофдаги чанг-ғуборларни “ютиб”, ҳавони тозалаб туришида, ундан кўтарилган буғ - нам ҳаво осмонда қайтадан чучук сувга айланишида, буларнинг барчасидан ташқари денгиз ўз қаърида одамлар учун луқмайи ҳалол бўлган балиқларни ҳамда зеб-зийнат бўладиган дурру гавҳарларни асраб-авайлаб сақлаб беришида, албатта, ақлли кишилар учун оят-ибратлар бордир. Ҳақ таоло одамлар У Зотга шукр қилишлари учун буюк денгиз-дарёларни уларга шундай итоатли хизматкор қилиб қўйганки, хоҳласалар у иккисининг устида кемага миниб сайр ёки тижорат сафарларига чиқадилар, хоҳласалар сув остидан ўзлари учун ризқ-рўз бўлган янги гўшт - балиқлар овлайдилар, хоҳласалар, ғаввослари денгиз-дарёлар тубига шўнғийдилар ва “у иккисидан марварид, маржонлар чиқур” (Ар-Раҳмон сураси, 22-оят).
Чунки денгизлар ҳам, дарёлар ҳам, гарчи бутун Ер юзини сувга ғарқ қилиб юборишдек даҳшатли қувватга эга бўлсалар-да, Ҳақ таолонинг Амрига бўйинсуниб инсонларга хизмат қилаверадилар. Буларнинг барчаси Яратган Парвардигоримиз биз инсонларга беқиёс Меҳрибон эканлигини кўрсатмайдими?! Албатта мўминлар ушбу ҳақиқатни тан оладилар ва Танҳо Парвардигорлари бўлмиш Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога чин иймон ва ихлос билан ибодат қиладилар, берган саноқсиз неъматлари учун шукроналар айтадилар. Аммо кофир-мушрик кимсалар эса, ҳеч кимга ҳеч қандай фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсаларни ўзлари учун бут қилиб олиб ўшаларга сиғинадилар. Қуйидаги оятда ана ўша бутпараст мушрикларга хитоб қилинади -

67. (Эй мушриклар), қачон денгизда сизларга бирон зиён-мусибат етса, сизлар илтижо қиладиган бутлар ғойиб бўлур, фақат Унинг Ўзигина қолур. (яъни, бало-мусибатлардан сизларни Ёлғиз Оллоҳ қутқарур). Энди қачонки, У Зот сизларга нажот бериб қуруқликка (чиқариб қўйгач), сизлар (Ундан) юз ўгирурсиз. Дарҳақиқат, инсон ўта куфрони неъмат қилгувчидир”.
Яъни, агар сизлар денгизда сафар-саёҳатга чиққан вақтингизда бирон бўрон ёки тўфон тургани сабабли кемаларингиз сувга ғарқ бўлиб кетиш хавфи остида қолса ва ё бузилиб, сузишдан тўхтаб қолса, ана шундай ажалларингиз кўзингизга кўриниб қолган вақтларда сизлар додингизни кимга айтасиз?! Ўз қўлларингиз билан ясаб олган бутларингизгами?! Асло! Ундай таҳликали пайтларда у бут-санамлар ҳатто хаёлларингиздан ҳам ғойиб бўлиб, йўқолиб қоладилар ва сизлар чин ихлос билан Ёлғиз Яратганга ялиниб-ёлвориб дуо-илтижо қилиб қоласизлар. Сўнгра сизлар Оллоҳ таолога дуо-илтижолар қилиб, бошларингизга тушган бало-мусибатдан нажот беришини сўраб ялиниб, ёлворганингиздан кейин У Зот Ўз Раҳмати билан бошларингиздан балони аритиб, яна тинчлик, саломатлик ва хотиржамлик неъматини ато этганида эса, ораларингиздаги айрим кимсалар Оллоҳ таолога шукроналар айтиш, мушкилларини осон қилгани учун Меҳрибон Парвардигорга янада астойдил тоат-ибодат қилиш ўрнига жирканч нонкўрлик йўлини тутадилар - Яратганга шукр келти-риш ўрнига ширк келтирадилар, У Зот ато этган неъматнинг раҳматини бошқаларга - ўзлари сиғинадиган, қўлидан ҳеч нарса келмайдиган жон-сиз бутларига айтадилар! Худди дарди оғирлашиб, азоб чекаётганида тинмай: “Оллоҳим, дардимга шифо бергин. Агар Ўзинг шифо бермасанг, ҳеч қандай дори-дармон кор қилмаяпти”, деб дуо-илтижо қилиб, сўнгра, Оллоҳ таоло шифо бериб, тузалиб кетганидан кейин: “Мени мана будори тузатди”, деб юрадиган аҳмоқ кимсалар каби!
Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада шундай дейилади: “Қачон Биз инсонга (неъмат - давлат) инъом қилсак, у (Бизга шукр қилишдан) юз ўгирар ва ўз томонига кетар (яъни, Бизни унутар). Қачон унга ёмонлик (камбағаллик-кулфат) етиб қолса эса у узундан-узоқ дуо-илтижо эгасидир”. (Фуссилат сураси, 51-оят).

68. “Ёки (Оллоҳ) сизларни қуруқлик томонида ҳам (Ерга) ютдириб юборишидан, ёхуд устингиздан тош ёғдиришидан, сўнгра ўзларингиз учун бирон вакил - сақловчи тополмай қолиш (ғами)дан хотир-жаммисиз лар?! ”
Яъни, ёки сизлар, эй мушриклар, Оллоҳ таоло сизларни денгиз-дарёларда сувга ғарқ қилиб юборишга Қодир бўлгани каби куруқлиқца Ерга ютдириб юборишга ҳам, устингиздан тош ёмғирини ёғдириб, худди Лут қавмини ҳалок қилгани каби барчаларингизни тошлар билан кўмиб қўйишга ҳам Қодир Зот эканлигидан бехабармисизлар?! Оллоҳ таоло Лут алайҳис-саломга кофир бўлган қавм устига қандай балолар юборгани ҳақида қатор оятларда хабар берганку!
“Бас, Биз у (шаҳар)ни остин-устун қилиб юбордик ва уларнинг устига сополдан бўлган тош ёғдирдик”. (Ҳижр сураси, 74-оят).
“Маолимут-танзил”, “Танвирул-азҳон” ва бошқа тафсирларда ривоят қилинишича, Лут алайҳис-салом ўз ҳамроҳлари билан тонг отмасдан шаҳардан чиқиб кетди ва Оллоҳ таоло уларга Ерни ўраб - қисқа қилиб, жуда оз фурсатда Иброҳим алайҳис-саломнинг хузурига етиб олдилар. Шундан кейин Жаброил алайҳис-салом Лутнинг қавми жойлашган бешта қишлоқни бор аҳолиси билан - у қишлоқ-шаҳарларда тўрт юз минг киши бор эди - даст кўтардида, осмони фалакка олиб чиқиб, оёқларини осмондан қилиб ерга ташлади! Ҳақ таолонинг у кофир қавмга юборган бу даҳшатли азоби - оёқ-ларини осмонга, бошларини ерга қаратиб ташлаб ҳалок қилгани уларнинг инсоний табиатга мутлақо тескари бўлган жиноятларига - эркаклар аёллар билан турмуш қуриш ўрнига эркаклар эркаклар билан бузуқлик қилганларига энг муносиб жазо эди. “Бас, Оллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади, балки улар ўзларига зулм қилган эдилар”. (Тавба сураси, 70-оятдан).
Лут алайҳис-саломнинг даъватига итоат қилмай бузуқлик ботқоғига ботган у кофир қавмнинг жазоси уларни осмондан ерга ташлаб ҳалок қилиш билан битмади, балки шундан кейин Жаноби Ҳақ уларнинг устига бир “ёмғир” ёғдирдики, у “ёмғир”нинг томчилари сув эмас, балки осмондан тизилган ҳолда тушаётган сопол тошлар бўлиб, ҳар бир тошга қайси кофирнинг устига тушиб, унинг қабр тошига айланиши ёзиб қўйилган эди! (Ё алҳазар! Замонамиздаги жаҳолат аҳли қабрларининг устини темир-тошлар билан қоплаб, у тошларга сурат ва номларини ёзиб-чизиб, тош ҳайкалларини тиклаб қўйишлари уларга кимлардан мерос бўлиб қолган экан-а!).
“Биз уларнинг устига бир “ёмғир” ёғдирдик! Ана энди жиноятчи - осий қавмнинг оқибати (қисмати) қандай бўлганини кўринг”. (Аъроф сураси 84-оят).
“Яна У Зот зеру забар бўлган (қишлоқни, яъни, Лут пайғамбар қавми)ни ҳам қулатиб, уни ўраган нарса (яъни, осмондан ёғилган тошлар) билан ўраб - кўмиб ташлади.” (Ван-нажм сураси, 153-154-оятлар).
Лут алайҳис-салом у қавмда ўттиз йил туриб, уларни бундай нопокликни тарк этишга, инсоний ҳаёт кечиришга даъват қилди, аммо улар холис панд-насиҳат қилган пайғамбарнинг сўзига қулоқ солмай, оқибатда қирилиб кетдилар.
Юқоридаги оятлар мазмунидан аён бўладики, Оллоҳ таоло Лут қавмини уч бало билан - бениҳоя даҳшатли қичқириқ, бутун шаҳарни остинустун қилиб юбориш ва устларидан тош ёмғири ёғдириш билан азоблаб ҳалок қилди.
Сизлар Оллоҳ таолонинг Меҳри-Раҳмати билан денгиз-дарёларга ғарқ бўлиб кетишдан нажот топиб, эсон-омон қуруқликка чиқиб олганингиздан кейин нонкўрлик билан Яратгандан юз ўгириб, яна ширк ботқоғига ботиб юрар экансизлар, қуруқликда ҳам Оллоҳ таолонинг зилзила, сув тошқини... каби балолари борлигини билмайсизларми ёки ҳеч қачон бошларингизга ана шундай балолар тушмайди деб хотиржаммисизлар?! Агар иш аксинча бўлса, у ҳолда сизлар ўзларингиз учун бу янглиғ бало-қазолардан сақловчи бирон таянч, бирон ҳимоячи топа олмай ҳалок бўлиб кетасизларку!

69. Ва ёки У Зот сизларни яна қайтадан (денгизга) қайтаришидан сўнг, устингизга қутурган бўрон юбориб, кофир бўлганларингиз сабабли сизларни ғарқ қилишидан, сўнгра сизларга бу (ишимиз) учун Биздан ўч олиб бергувчи бировни топа олмай қолишларингиздан хотиржаммисизлар?! ”
Яъни, эй, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишдан юз ўгиргувчилар, бир бор денгизда ҳалокатга рўбарў бўлганларида Ёлғиз Оллоҳга дуо-илтижо қилиб, Оллоҳ таоло нажот берганидан кейин - эсон-омон куруқликка чиқиб олган-ларидан кейин яна залолат йўлига қайтган мушриклар, сизлар энди ҳеч қачон денгиз сафарига чиқмасликларингизга ишонасизларми?! Яна бирон-бир сабаб билан Оллоҳ таоло сизларни денгизга қайтара олмайди деб ўй-лайсизларми?! Бу иш яна такрорланиши мумкинку! Агар Оллоҳ хоҳласа, сизларни яна денгизга қайтариб, устингизга аввалги сафаргидан ҳам қаттиқроқ бўронни юбориб, аввал бир марта Оллоҳнинг Марҳамати билан нажот топганингиздан кейин нонкўрлик қилиб яна куфрга қайтганларингиз сабабли бу сафар сизларни денгизга ғарқ қилиб юборишидан, сўнгра додингизни кимга айтишни билмай, Оллоҳ таолодан бу қилган иши учун жавоб талаб қила оладиган бирон кимсани топа олмай ҳалок бўлиб кетиш хавфидан хотиржаммисизлар?! Ахир барча иш, жумладан кимга ҳаёт бериш ва кимни ҳалок қилиш ҳам Ёлғиз Унинг Кўлида эканини ва У ҳеч бир иши учун ҳеч кимнинг олдида жавобгар эмаслигини билмайсизларми?! “(Зотан, Оллоҳ таоло бу ишининг) оқибатидан қўрқмас!” (Ваш-шамс сураси, 15-оят).
Яъни, Еру осмонлардаги барча мавжудот Оллоҳ таолонинг Ўз мулки бўлгани сабабли У Зот Ўз мулкини Ўзи хоҳлагандек тасарруф қилади ва бу тасарруфи хусусида ҳеч кимнинг олдида ҳисоб-китоб бермайди. Аксинча, бутун борлиқ У Зотнинг хузурида ҳисоб-китоб беради.
“У Ўзи қиладиган бирон нарса ҳақида масъул бўлмас, улар (яъни, бандалар эса қиладиган ҳар бир иш-амаллари хусусида) масъул бўлурлар”. (Анбиё сураси, 23-оят).

70. “Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик ва уларни барру-баҳрда - қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок-тоза нарсалардан ризқу рўз бердик ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик”.
Жамийки инсониятни бениҳоя шарафлайдиган ушбу Илоҳий Хабар Одам алайҳис-саломнинг болаларига - инсонларга бутун оламларнинг Ёлғиз Эгаси бўлмиш Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло томонидан бошқа ҳеч бир махлуқотга берилмаган тўрт афзаллик хусусияти ато этилгани ҳақида ҳикоя қилиш билан, биринчидан, уларни ушбу иззат-икром учун Яратганга тинимсиз шукр қилишга чақирса, иккинчидан, ана ўша инсон деган улуғ номларига доғ туширмасдан, ҳаётларини чин инсоний фазилатлар билан музайян қилиб ўтказишлари лозим эканлигини эслатади.
“Дарҳақиқат, Биз Одам болаларини азиз-мукаррам қилдик”.
Ушбу жумлани ўқиб-англаганимизда энг аввал отамиз Одам алайҳис-саломнинг Ердаги ҳаёти қай тарзда бошлангани хаёлимизга келади: Оллоҳ таоло Ер сайёрасини ҳаёт учун зарур бўлган барча қулайликлари билан яратиб, беками кўст жиҳозлаб, тайёр қилиб, сўнгра унга Ўз Қўли билан тупроқдан яратган Одам ва Ҳаввони туширди, сўнг у иккисига мана шу Ер сизлар учун ва сизларнинг Қиёмат Кунигача дунёга келадиган авлод-зурриётларингиз учун яшайдиган масканларингиз, ундаги сув, ҳаво, экин, боғ, тоғ, парранда, дарранда, ҳатто энг майда ҳашаротларгача барча-барчаси сизларга хизмат қилиш учун яратилди, сиз - инсонлар Ердаги жамийки нарсанинг азиз-мукаррам хожаларидирсиз, уларнинг барчаси сизларга бўйинсунади, сизлар эса, Менга бўйинсунасизлар, деди. Мана шу кундан, Ердаги ҳаётларининг илк кунидан бошлаб Одам болалари жамийки махлуқотдан азиз ва мукаррам қилинганлари маълум бўлди. Албатта, ҳар бир иши Ҳикмат бўлган Ҳақ субҳонаху ва таоло Одам болаларига - Ўзининг Ердаги халифаларига уларнинг бу юксак мавқе-мартабаларига яраша салоҳият, гўзал сурат, мавзун қад-қомат ва энг муҳими, ақл - улар Яратганни танишлари, Унинг Ҳақ Йўлини топишлари, Унга Ўзи буюрганидек тоат-ибодат қилишлари, ва ниҳоят зиммаларидаги халифалик вазифаларини чиройли суратда адо этишлари учун ўта зарур бўлган ақл ва фаросат неъматини ҳам ато этдики, мазкур сифатлар фақат инсонларгагина хос хусусиятлардан бўлиб, бошқа жонзотлардан ҳеч бирида топилмайди.
Хусусан, ақл инсониятга берилган энг бебаҳо неъматдир. Таъбир жоиз бўлса, Шариати Исломийя бамисоли қуёш, ақл эса, кўздирки, агар мана шу кўз очиқ ва соғлом бўлса, ана у қуёшни кўради ва ундаги хукмлар моҳиятини идрок қилади. Бинобарин, Ҳақ таоло Одам болаларини уларга ақл неъматини ато этиши билан азиз-мукаррам қилгани ростдир. Шунингдек, “Баҳрул-улум” тафсирида айтилишича, инсон иймон билан ҳар икки дунёда азиз-мукаррам бўлади. Ҳадиси шарифда ворид бўлдики, мўминни самодаги фаришталар худди киши ўзининг фарзандларини танигани янглиғ танийдилар ва у Оллоҳ таоло наздида малаки муқаррабдан азизроқдир.
“...ва уларни барру-баҳрда - қуруқлик ва денгизда (от-улов ва кемаларга) миндириб қўйдик”.
Дарҳақиқат, агар диққат-эътибор билан назар қилсак, инсонлардан бўлак барча жонзотлар қўл-оёқлари билан эмаклайдилар ёки қоринлари билан ерга судралиб юрадилар ёки қанотлари ёрдамида учадилар ёки думлари ёрдамида сузадилар. Инсонлар эса, оёқлари ҳаракати билан юрганлари каби ҳеч қандай ҳаракат қилмаган ҳолларида ҳам юра оладилар, суза оладилар, уча оладилар. Бунга сабаб Яратган инсонни ҳурматлаб, кўтариб, турли от-уловларга миндириб қўйди, ҳатто баҳайбат филларни ҳам инсонларга улов бўласан деб кўндириб қўйди. Шунингдек, Ҳақ таоло инсонларга тинимсиз ривожланиб-тараққий қилиб борадиган кашф қилиш малакасини ҳам ато этдики, оқибат-натижада улар Оллоҳ берган ақл ва билимлари билан одамларга беминнат дастёр бўлган, уларни узоқларини яқин қиладиган сайёра ва қиторларни (машина ва поездларни) кема ва учоқларни кашф қилишиб, ўтирган жойларида юрадиган, чопадиган, сузадиган ва учадиган бўлдиларки, бу ҳам Одам болаларини Оллоҳ таоло азиз-мукаррам қилиб қўйганининг яна бир белгисидир.
“...ҳамда уларга пок-тоза нарсалардан ризқи рўз бердик”.
Ушбу жумла мазмунини тасаввур қилишимиз ва албатта шундай деб тасдиқлашимиз учун чуқур билимнинг ҳам кераги йўқдир, балки инсоф ва ибрат назари билан инсонлар еб-ичадиган таомларга боқиб, сўнгра ундан бошқа жамийки жониворларнинг озуқалари нималардан иборат эканлигига назар ташлашимизнингўзи кифоя. Дарҳақиқат, Яратган Парвардигоримиз биз инсонларни шарафлаб, аввало бизга покиза-инсоний табиат ато этди, покни нопокдан ажратадиган тамиз берди, тоза бўлмаган нарсалардан жирканадиган қилиб қўйди. Сўнгра ерга, дов-дарахтга, ҳайвонотга, ҳатто гулдан гулга учиб-кўниб юрадиган асаларигача буюрдики, улар инсонларни покиза, лазиз, тўйимли, хуштаъм ва шифобахш емак-ичмак билан, нон-гўшт, сут-қаймоқ, мева-чева, асал ва бошқа ширинликлар билан тинимсиз равишда таъминлаб турсинлар. Зотан, уларнинг вазифалари шудир. Ердаги барча жонли-жонсиз нарсалар инсонларга хизмат қилиш учун, жумладан, уларга пок-тоза ризқи рўз етиштириб бериш учун яратилганлар. Ҳатто дарахтларнинг йил сайин тўкилиб янгиланиб турадиган барглари ҳам бехуда яратилгани йўқ - уларнинг асосий вазифалари доимо инсонларни тоза ҳаво билан таъминлаб туришдир. Ажабки, Меҳрибон Парвардигоримиз биз инсонлар учун пок-тоза ризқ бўлган айрим нематларини мутлақо тоза бўлмаган жойлардан ҳам чиқариб беришга Қодирдир: “Дарвоқеъ, сизлар учун чорва ҳайвонларида ҳам ибрат бордир: Биз сизларни уларнинг қоринларидаги нарса -ахлат ва қоннинг ўртасидан (чиққан, аммо на ахлат таъми ва на қон ранги аралашмаган) тоза, ичувчилар учун ўтимли сут билан суғорурмиз”. (Наҳл сураси, 66-оят).
Яъни, эй инсонлар, Оллоҳ таолонинг бандаларига бениҳоя Меҳрибон Танҳо Холиқ эканини ва Илоҳий Қудратини очиқ-ойдин кўрсатиб турадиган ибратли ҳодисалардан яна бири - У Зот сизларни туя, мол, кўй ва эчки каби чорва ҳайвонларининг қоринларидан, у жойда тўпланиб ҳазм бўлаятган емиш ва ундан ҳосил бўлган қоннингўртасидан чиқадиган, аммо ўзи оппоқ, топ-тоза, заррача қон ранги ва ахлат хиди аралашмаган, ичадиган киши учун ўта ўтимли бўлган сут деган неъмат билан сероб қилиб кўйганидир.
Дарҳақиқат, инсонлар учун ҳам ўта ёқимли ва тўйимли таом, ҳам ташналикни қондирадиган жуда мулойим ичимлик бўлган сут деган неъматнинг қандай қилиб чорва ҳайвонлари елинида ҳосил бўлиб қолишини ибрат назари билан кузатган киши Яратган Эгамизнинг Қудратига тасаннолар айтиши шубҳасиздир.
Ибн Аббос розияллоҳу анхумо айтади: “Ҳайвон еган ем ва ўт-ўлан унинг қорнига жойлашиб, майдаланиб ҳазм бўлар экан, учта бир-бирига тамоман зид бўлган ва ўрталарини ўта нозик парда билан ажратиб қўйилган моддага айланиб, юқорида қон, ўртада сут, пастда эса ахлат ҳосил бўлади. Шундан кейин жигар Оллоҳ таоло белгилаб қўйган аниқ ўлчов билан қонни томирларга, сутни елинга тақсимлаб беради ва қоринда фақат ахлат қолиб, кейин ташқарига чиқиб кетади”. (“Тафсири Бағавий”дан).
Албатта, ҳар бир ақлли инсон - агар у чиндан ҳам ақлли бўлса - ушбу жараён ҳақида тафаккур қилар экан, дарҳол ўта нозик ва мураккаб бўлган бу тақсимот ҳеч қачон ўз-ўзидан рўй бермаслигини тушунади, ақлсиз жо-ниворнинг ўзи қорнига тушган ўт-ўланни турли моддаларга айлантириб, сўнгра бундай ҳикмат билан тақсимлаши асло мумкин эмаслигини англайди ва бу Ёлғиз Яратганнинг Қўлидан келадиган иш эканига иймон келтириб, бу неъматлар Эгаси бўлмиш Ҳақ таолога тасбеҳ ва ҳамд айтади.
“ва уларни Ўзимиз яратган жуда кўп жонзотлардан афзал-устун қилиб қўйдик”.
Бас,инсонлар бу Илоҳий Марҳамат учун Яратганга алоҳида шукроналар айтишлари лозимдир. Айрим уламолар ояти каримада инсоннинг барча жонзотдан эмас, балки жуда кўп жонзотлардан ҳам афзал эканлиги айтилганини далил қилиб, инсонлардан ҳам афзал махлуқот бор улар малоикалардир, дейдилар. Бундай нуқтайи назарга буюк саҳобалардан ривоят қилинган мана бу муборак ҳадислар муносиб жавоб ва изоҳ бўлса ажаб эмас: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Мўмин инсон Оллоҳ таоло наздида малоикалардан ҳам азиз-мукаррамроқдир. Чунки малоикалар фақат тоат-ибодат учун яратилгандирлар. Уларда фақат ақл бор, шаҳват йўқдир. Ҳайвонотда шаҳват бор, ақл йўқдир. Инсонда эса, ҳар иккиси бор. Бас, кимнинг ақли шаҳватидан ғолиб бўлса, у инсон малоикалардан ҳам афзалроқдир. Кимнинг шаҳвати ақлидан ғолиб бўлса, у кимса ҳайвондан ҳам тубанроқдир”. (“Ал-Мук,татаф мин уювнит-тафосийр” тафсиридан).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилди: Айтадилар: “Малоикалар: “Эй Парвардигор, Сен одам болаларига дунёни бердинг. Улар дунёда ейдилар, ичадилар, ясан-тусан қилиб кийинадилар. Биз бўлсак, емаймиз, ичмаймиз, ўйнаб-кулмаймиз. Қиладиган ишимиз фақат Сенга ҳамду сано билан тасбеҳ айтиш, холос. Бас, Ўзинг дунёни улар учун қилганинг каби Охиратни биз учун қилгин”, дейишган эди, Ҳақ таоло айтди: “Мен Ўз Қўлим билан яратган одамнинг солиҳ фарзандларига биргина “Бўл”, деган Сўзим билан пайдо бўлган малоикаларни баробар қилмайман”. (“Тафсири Мунийр”дан).

71. Биз барча инсонларни ўз номаи аъмоллари билан чорлайдиган (Қиёмат) Кунини (эслангиз!) Бас, кимгаки ўз китоби - номаи аъмоли ўнг қўлидан берилса, бас, улар номаи аъмолларини ўқурлар (яъни, унда бу дунёда қилиб ўтган барча яхши амалларининг савоби битилган бўлур). Уларга қилчалик ҳам зулм қилинмас.
Ояти каримада зикр қилинган “биимомиҳим” калимасини муфассирлар турлича тафсир қилдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анхумо: “Қиёмат Кунида одамлар ҳисоб-китоб учун тўп-тўп ҳолда, ҳар бир жамоат ўз замонларидаги уларни Ҳақ Йўлга ёки залолатга даъват қилган имомлари - пешволари билан бирга чақириладилар”, деб оятдаги имом сўзини ўз маъносида келганини айтади. Мужоҳид ва Қатода эса: “Бу ўринда имом-дан мурод, пайғамбарлардир. У Кунда ҳар бир жамоат ўзларига юборилган элчи-пайғамбарлари билан бирга чақирилиб, ҳисоб-китоб қилинадилар”, дейдилар. Абу Солиҳ ва Заҳҳок: “Одамларнинг имомлари - уларга нозил қилинган Китоблардир”, дейдилар. Қатода яна бир тафсирида: “Оятнинг сиёқидан маълум бўлганидек, бу жойда имомдан мурод, одамларнинг қилиб ўтган амаллари битилган китоб - номайи аъмолларидир”, дейдики, биз оят таржимасида мана шу тафсирга асосланган эдик.
Мулоҳаза қилинса, мазкур тафсирларнинг барчаси бир-бирини тўлдириб, оят мазмунини яхшироқ англашимизга ёрдам бериши кўринади.
Ушбу ояти каримада зикр қилинган Қиёмат Кунидаги ҳисоб-китоб қўрқинчи ҳақида бошқа сураларда шундай хабар берилган: “(У Кунда) барча умматни (даҳшат ва изтиробла) тиз чўккан ҳолда кўрарсиз. Ҳар бир уммат ўз номаи аъмолига чақирилур, (сўнг уларга дейилур): «Бугун қилиб ўтган амалларингиз билан жазоланурсизлар. Мана бу китобимиз (яъни, Бизнинг амримиз билан ёзилган номаи аъмолингиз) сизларга ҳақиқатни айтур. Дарҳақиқат, Биз сизлар қилгувчи бўлган барча амалларингизни (ушбу номаи аъмолга) кўчириб қўйгандир-миз”. (Жосия сураси, 28-29-оятлар). “(Сўнг ҳар бир кишининг) китоби - номаи аъмоли (ўртага) қўйилур. Бас, гуноҳкорларнинг ундаги (битилган) нарсалардан даҳшатга тушиб: «Бизларга ҳалокат бўлгай, бу қандоқ китобки, на кичик ва на катта (гуноҳни) қолдирмай, барчасини ҳисоблаб-битиб қўйибди», дейишларини кўрурсиз. Улар қилиб ўтган барча амалларини ҳозиру нозир ҳолда топурлар. Парвардигорингиз ҳеч кимга зулм қилмас”. (Қаҳф сураси, 49-оят).
Ибн Умар розияллоху анхумодан ривоят қилинди: Расуллуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло аввалгилар-у кейингиларни жамлаганида ҳар бир хиёнаткор учун бир байроқ тикилиб, тўпланган жамийки халойиқ олдида “Бу Фалон Фалон ўғлининг хиёнати”, деб эълон қилинади”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
“Бас, кимгаки ўз китоби - номаи аъмоли ўнг қўлидан берилса, ана ўша кишилар ўзларига қилчалик зулм қилинмаган ҳолида, номаи аъмолларини ўқурлар (яъни, унда бу дунёда қилиб ўтган барча яхши амалларининг савоби битилган бўлур)”.
Улар номайи аъмолларини нафақат ўзлари ўқирлар, балки бошқаларга ҳам ўқиттирурлар: “Бас, энди ўз китоби - номаи аъмоли ўнг қўлидан берилган киши: «Мана менинг китобимни ўқинглар. Дарҳақиқат, мен ҳисоб-китобимга (яъни, Охиратдаги ажр-мукофотга) рўбарў бўлишимни билган эдим», дер”. (Ал-Ҳаакҳа сураси, 19-20-оятлар).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам ушбу оят ҳақида дедилар: “Барча инсонлар ўз номайи аъмоллари билан чақириладиган Кунда улардан бири чақирилиб, номайи аъмол Китоби ўнг қўлидан берилганида, унинг жисми чўзилиб, юзлари оппоқ бўлиб қолади ва бошига ял-ял ёнган гавҳардан тож кийдирилади. У ўз асҳоби бўлмиш мўминлар олдига қайтар экан, улар уни узоқдан кўриб танийдилар ва: “Оллоҳим, уни бизга келтиргин ва биз учун уни муборак қилгин”, дейдилар. Бас, у асҳоблари олдига келгач, уларга: “Шодланинглар, сизлардан ҳар бир киши учун ҳам худди шу бўлур”, дейди. Кофир эса, номайи аъмоли чап қўлидан берилганида юзи қорайиб, жисми қорайиб, чўзилиб кетади, асҳоблари уни узоқдан кўриб танийдилар ва: “Биз ундан ёки унинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб Оллоҳга илтижо қиламиз. Оллоҳим, уни бизга келтирма”, дейдилар. Аммо у шериклари олдига келади. Шунда улар: “Оллоҳим уни хор-у расво қилгин”, деб илтижо қилишади ва у айтади: “Оллоҳ сизларни Ўз Раҳматидан узоқ қилсин! Сизлардан ҳар бир киши учун ҳам худди шу бўлур”. (Термизий ва Ҳофиз Абу Бакр Баззор ривояти).

72. “Кимки ушбу (дунё)да кўр-гумроҳ бўлса, бас, у Охиратда ҳам кўр ва бутунлай йўлдан озгувчидир”.
Икрима айтади: “Яман аҳлидан бўлган бир жамоат Ибн Аббос розиял-лоху анхумо хузурига келиб ушбу оят ҳақида сўраган эдиилар, у: “Сизлар аввал ўтган оятларни (66-оятдан 70-оятгача) ўқинглар”, деди сўнг оятни тафсир қилиб берди: “Кимда ким ўз кўзи билан кўриб турган мана шу неъматларни Оллоҳ таолонинг Қудратига ва Меҳру Марҳаматига далолат қиладиган мазкур оят-аломатларни “кўрмайдиган” бўлса, демак, у ўзи ҳали кўрмаган Охират ҳақида янада кўрроқ ва бутунлай йўлдан озгувчидир”. Маълум бўладики, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам томонларидан Қуръон таржимони ва уммат донишманди, деб шарафланган Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоху анхумо ояти каримадаги “ушбу”дан мурод, аввалги оятларда мазкур бўлган неъматлар, деб тафсир қилади. Аммо бошқа муфассир уламолар оятдаги “ушбу” калимаси Охират кали-маси муқобилида келгани сабабли ушбу дунё, деган маънога далолат қилади, дейдиларки, биз оят таржимасида “ушбу”ни дунё, деб изоҳлаш билан мана шу тафсирга асосландик. Демак, ояти карима маънавий кўрлик ҳақида, дунёдаги ҳаётларида Оллоҳ таоло ато этган сон-саноқсиз неъматларни “кўрмаган”, шукр қилмаган ва Оллоҳ таолонинг Буюк Эслатмаси бўлмиш Қуръондан юз ўгирган гумроҳ кимсалар Охират диёрида ҳам нажот йўлини топа олмайдиган кўр ҳолда тирилишлари ҳақидадир. Бу мазмун бошқа оятларда янада очиқроқ айтилгандир: “Ким Менинг Эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг - бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни Қиёмат Кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз». У: «Парвардигорим, нега мени кўр қилиб тирилтирдинг, ахир мен кўрар эдим-ку», деган эди, (Оллоҳ) айтди: «Шундай. Сенга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз келганида уларни («кўрмадинг») - унутдинг. Бугун сен ҳам ана шундай «унутилурсан». (Тоҳа сураси, 124-126-оятлар).

73. “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Бизнинг шаънимизга (ваҳийдан) ўзга нарсаларни тўқиб чиқаришингизни истаб (мушриклар) Сизни Биз Сизга ваҳий қилган оятлардан алдаб-буриб юборишларига оз қолди. У ҳолда, (яъни, уларнинг йўриқларига юрсангиз), албатта улар Сизни дўст қилиб олган бўлур эдилар”.
Ушбу ояти карима нозил қилинишига сабаб бўлган воқеалар ҳақи-да уламолар турли ривоятларни келтирадилар: Саид ибн Жубайр айтди: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Байтуллоҳни тавоф қилганларида Ҳажарул-асвадни ўпар эдилар. Бас, Қурайш мушриклари у зотни тўсиб: “Токи сен бизнинг илоҳларимизни ҳам силаб ўтмасанг, биз сенинг Ҳажарни ўпишингга йўл қўймаймиз”, дедилар. Шунда хаёлларига “Улар менга Ҳажарул-асвадни ўпишимга йўл қўйганларидан кейин мен уларнинг бутларини силаб қўйишимнинг нима зиёни бор. Ахир Оллоҳ мен уларни ёмон кўришимни биладику”, деган ўй келганида Оллоҳ таоло бу иш хато эканлигини айтиб ушбу оятни нозил қилди”. (“Маолимут-танзил” ва “Ал-жомеъ лиаҳкомил-Қуръон” тафсиридан).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича эса, Умайя ибн Халаф, Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва бир гуруҳ қурайшликлар чиқиб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига келдилар ва: “Эй Муҳаммад, келгин, сен бизнинг илоҳларимизни ҳам силаб зиёрат қиласан, биз эса сенинг динингга кирамиз”, дедилар. Пайғамбар алайҳис-салом ўз қавмларининг Исломни қабул қилишларини жуда-жуда хоҳлар эдилар. Шунинг учун уларнинг сўзларига мойил бўлаёздилар. Ўша онда Оллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди, (“Тафсири Мунийр”дан).
Қатода айтади: “Бизга зикр қилинишича, бир кеча қурайшликлар Ра-суллуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан то тонггача ёлғиз қолишиб, у зотни кўкларга кўтариб мақтадилар, ўзларининг у зот билан бир қабиладан эканликлари учун фахрланишларини айтиб: “Сен бошқа бирон инсон қила олмаган ишни қилмоқдасан, сен бизнинг улуғимизсан”, деган сўзларини тинмай такрорладилар, ҳатто Пайғамбар алайҳис-саломни ўзларининг баъзи бир сўзларига мойил қилиб кўяёздилар. Шунда Оллоҳ таоло Ўз Элчисини мушрикларнинг макр-ҳийлалаларидан огоҳлантириб ушбу оятни нозил қилди”. (“Тафсири Куртубий”дан).
Ояти карима мазмунидан аниқ-равшан бўладики, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам зиммаларидаги бениҳоя буюк вазифа - рисолатни етказишларида Динимиз душманлари томонидан жуда кўп озор-азийятлардан ташқари турли макр-ҳийлаларга ҳам дуч келганлар ва бундай хатарли ҳолатларда ҳар гал Ҳақ таоло Ўз Элчисини мушрик-кофирларнинг ёмонликларидан асраб, ўзларига нозил бўлган ваҳийни бирон зиёда ёки нуқсонсиз тўла-тўкис етказишларида Ўзи Мададкор бўлган.

74-75. “Агар Биз Сизни (Ҳақ Йўлда) собитқадам қилмаганимизда, шак-шубҳасиз, Сиз ҳам уларга бир оз ён беришга яқин бўлган эдингиз. У ҳолда албатта Биз Сизга ҳаёт (азоби)ни ҳам, мамот - Охират (азоби)ни ҳам икки ҳисса қилиб тотдирган бўлур эдик, сўнгра ўзин-гиз учун Бизга қарши бирон мададкор топа олмаган бўлур эдингиз”.
Маккадаги мушрик-кофирлар Пайғамбар алайҳис-саломга эргашишлари учун у киши ҳам мушрикларнинг баъзи шартларини қабул этишларини талаб қиладилар. Шунда Оллоҳ таоло Ўз Пайғамбарини мушриклар фитнасидан огоҳ этиб юқоридаги оятларни нозил қилади. Улуғ саҳобалардан Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, ушбу оятларда гарчи Пайғамбар алайҳис-саломга хитоб қилинган бўлса-да, булар у кишининг умматлари учун танбеҳ бўлиб, Оллоҳ таоло уларни кофирлар кўрсатган йўлларга эргашмасликка буюради, акс ҳолда дунё-ю Охиратда бахтсиз бўлиб қолишлари тўғрисида огоҳлантиради.
Қатода айтади: “Ушбу оятлар нозил бўлганидан кейин Расуллуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам доимо: “Оллоҳим, мени кўз очиб юмгунчалик муддатда ҳам ўз ҳолимга ташлаб қўймагин”, деб дуо қилар эдилар”.
Дарҳақиқат, оятлар мазмунидан аниқ-равшан маълум бўладики, Оллоҳ таоло Ўз Элчисини кофирларнинг фитна-алдовларига ҳеч қачон учмайдиган, собитқадам қилди ва у зоти бобаракот бир лаҳза ҳам уларга ён босмадилар - Оллоҳнинг Каломига ўз томонларидан бирон калима қўш-мадилар ва Каломуллоҳнинг бирон калимасини яшириб-беркитмадилар, лекин, гарчи иш шундай бўлса-да, Ҳақ таоло агар иш аксинча бўлганида оқибати нима билан тугаши мумкинлиги ҳақида огоҳлантириб, у ҳолда Пайғамбар устига дунё ва Охиратда бошқалар устига тушадиган азобдан икки баробар кўпроқ азоб тушиши аниқ эканини айтди. Агар ушбу Илоҳий огоҳлантириш аслида маъсум - катта-ю кичик гуноҳларнинг барча-сидан асралган - ҳимояланган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг умматларига, яъни, сиз билан биз мусулмонларга қаратилганини англасак ва Яратган Парвардигоримиз ҳаёт ва мамотимиз учун зарур бўлган ўта муҳим бир масъалани ўртага қўйиб, агар биз бадғараз душман-ларимиз ёки орамиздаги жоҳил кимсаларнинг сўзларига кириб! Оллоҳ таоло нозил қилган муқаддас Динимизга бирон бидъат-хурофотни қўшадиган бўлсак ёки Қуръон ва Ҳадис билан собит бўлган бирон ҳукмни ўз-гартирадиган бўлсак, у ҳолда бу жиноятимиз учун дунёда ҳам, Охиратда ҳам азоб-уқубатлар остида қолишимиз аниқ экани ҳақида огоҳланти-раётганини тушуниб етсак, иншооллоҳ, ўрганаётган Қуръоний дарсимиздан тўғри сабоқ олган бўламиз.

76. (Мушриклар) Сизни бу Ердан (Маккадан) чиқариб юбориш учун (турли макр-ҳийлалар қилиб) қўзғотиб юборишларига оз қолди. У ҳолда, (яъни, Сиз Маккадан чиқиб кетганингиздан кейин) уларнинг ўзлари ҳам Сизнинг ортингизда қолиб озгина (муддат) тура оладилар, холос (сўнгра албатта ҳалок қилинурлар)”.
Мужоҳид ва Қатода айтадилар: “Ушбу оят Макка аҳли Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни у ердан чиқариб юборишни қасд қилганлари-да нозил бўлди. Агар чиқариб юбора олганларида, У Зотдан кейин уларга бирон муҳлат берилмасдан, дарҳол ҳалок қилинган бўлар эдилар. Лекин Оллоҳ таолонинг Ўзи Мадинага ҳижрат қилишни буюрганидан кейин Пайғамбар алайҳис-салом Маккадан чиқиб кетдилар ва оз фурсат ўтмасидан у зотни турган жойларидан қўзғатиб, қувиб чиқармоқчи бўлган Макка мушрикларининг катталаридан етмиштаси Бадр жангида жазоларини олдилар - ҳалок қилиндилар, бас, Ҳақ таолонинг: “У ҳолда, (яъни, Сиз Маккадан чиқиб кетганингиздан кейин) уларнинг ўзлари ҳам Сизнинг ортингизда қолиб озгина (муддат) тура оладилар, холос (сўнгра, албатта ҳалок қилинурлар)”, деган Сўзи ҳақ эканлиги ҳаммага маълум бўлди.

77. (Ўз пайғамбарларини қувиб чиқарган қавмнинг ҳалок қилиниши) Сиздан илгари юборган пайгамбарларимиздан қолган Йўл-Қонундир. Сиз ҳаргиз Бизнинг Қонунимиз ўзгарганини кўрмайсиз.
Яъни, қадимдан Ҳақ таоло ихтиёр қилган ҳеч ўзгармас бир Йўл-Қонун бор - ўзларига юборилган элчи-пайғамбарларни ватанларидан чиқиб кетишга мажбур қилган қавмларни Ҳақ субҳонаҳу ва таоло албатта ҳаёти дунёдаёқ азоб-уқубат ва ҳалокатга гирифтор қилади. Инсоният тарихи давомида ҳеч ўзгармасдан ижро қилиниб келаётган бу Илоҳий Қонуннинг ўзгачалиги шундаки, у фақат ўша пайғамбарлар қавмлари орасидан чиқиб кетганларидан кейингина амалга ошади. Макка мушриклари бошига тушган ҳалокат ҳам худди шу тарзда содир бўлди. Пайғамбар алайҳис-салом Маккадан чиқиб кетганларидан кейин орадан ўн сакиз ой ўтгач, Бадр қудуғи олдида бўлган жангда у зотни Маккадан - киндик қонлари тўкилган азиз ватанларидан қувиб чиқарганларнинг бир қисми ҳалок қилинди. Нега ҳаммалари эмас? деган саволимизга улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо шундай жавоб беради: “Макка мушриклари ичида шундай кишилар ҳам бор эдики, келажакда уларнинг иймон келтириб, мусулмон бўлиб, истиғфор айтишлари Оллоҳ таолога маълум эди. масалан, мушрикларнинг катталаридан бўлган Абу Суфён, Сафвон ибн Умайя, Икрима ибн Абу Жаҳл, Суҳайл ибн Амр ва Ҳакийм ибн Хузом каби кишилар кейин Оллоҳ таолонинг ҳидояти билан Исломни қабул қилиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг садоқатли саҳобаларига айландилар”.
Мужоҳид бўлса: “Ҳақтаолога Макка мушрикларининг авлод-зурриётларидан Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиб, истиғфор айтадиган зотлар чиқиши маълум бўлгани учун у мушрикларнингустига азоб туширмаган”, дейдилар.
Энди, агар хаёлингизга “нега у мушрикларни Оллоҳ таоло Пайғамбар алайҳис-салом Маккада турган вақтларидаёқ ҳалок қилиб юбормади?” деган савол келадиган бўлса, бу хаёлимизга Ҳақ таолонинг мана бу ояти етарли жавобдир: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом,) модомики, Сиз уларнинг ораларида экансиз, Оллоҳ уларни ҳаргиз азобламас”. (Анфол сураси, 33-оят).
Ояти карима Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг Оллоҳ таоло наздида беқиёс ҳурмат-эҳтиромга сазовор эканликларига далилдир. Ҳақ таоло Ўз Расулини бандаларнинг тинчлик-омонликларига, азобдан нажот топишларига сабаб қилиб кўйди. Зотан, У Зот Ўзининг суюкли бандаси ва Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламни барча оламларга Раҳмат қилиб юборгандир. Раҳмат билан азоб эса бир-бирига зид нарсалардир.

78. Куёш оғишидан тун қоронғусигача намозни тўкис адо қилинг ва тонгги ўқишни (бомдод намозини) ҳам (тўкис адо қилинг)! Зеро, тонгги ўқиш (кеча ва кундуз фаришталари томонидан) гувоҳ бўлинадиган намоздир.
Барча муфассирлар ушбу оятни ҳар куни беш вақт намоз фарз эканлигига Илоҳий Ҳужжат деб қабул қилганлар. Чунки қуёш оғиши билан «пешин» намози ўқилади. Оғишлик давом этиб кишининг сояси ўзига икки баробар бўлгач эса «аср» вақти киради. Кун ботиши билан «шом» бўлса, кеча қоронғуси тушиши билан «хуфтон» вақти кирган бўлади. Тун тугаб, тонг бошлангач, (ҳали куёш чиқмасдан туриб) «тонгги ўқиш» - «бомдод» намозини ўқиш фарз бўлади.
Ояти каримадаги “дулук” калимасини Умар, Ибн Умар, Абу Ҳурайра, Ибн Аббос каби саҳобалар (Оллоҳ барчаларидан рози бўлгай) ва бир қанча тобеийн уламолар қуёшнинг оғиши, деб тафсир қилган бўлсалар, Алий, Ибн Масъуд, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳум ва бошқалар қуёшнинг ботиши, деб тафсир қилганлар. Ибн Атийя айтади: “Дулук луғатда оғиш маъносини англатади. Демак, қуёшнинг оғиши завол вақтида (қуёш тиккадан ўтган вақтида) бошланиб, то қуёш ботгунича, яъни, шом вақти киргунича давом этади ва бу аввал “пешин, бир оз вақт ўтгач аср, сўнггида эса, шом намозларининг вақтидир”. Сўнгра тун қоронғуси тушиши билан хуфтон намозининг вақти кирган бўлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо, Қатода ва Мужоҳид раҳимаҳумоллоҳ: “Оятдаги тун қоронғусидан мурод, туннинг бошланишидаги шом ва тун тамоман қорайиб битган вақтидаги хуфтон намозларидир”, дейдилар. (“Маолимут-танзил”тафсиридан).
“Тонгги ўқиш” эса, номидан маълум бўлиб турганидек, тонг отганидан сўнг ўқиладиган бомдод намозидир. Ушбу намозни Ҳақ таоло “ўқиш” деб номлашининг сабаби, аввало ҳар бир намознинг асосий фарзларидан бири Қуръон оятларидан ўқиш эканлиги ва хусусан бомдод намозида бошқа намозларга нисбатан кўпроқ Қуръон ўқилишига тарғибдир. Шунингдек, ушбу намоз фаришталар ҳам гувоҳ бўладиган намоздир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Жамоат намози бировларингиз ўқиган намоздан йигирма беш карра афзалдир. Бомдод намозида тун малоикалари билан кундуз малоикалари жамланадилар”. Абу Ҳурайра ушбу ҳадисни ривоят қилганидан кейин: “Агар хоҳласанглар “Тонгги ўқиш (кеча ва кундуз фаришталари томонидан) гувоҳ бўлинадиган намоздир”, оятини ўқинглар”, дер эди. (Имом Бухорий ривояти).
Шундай қилиб, Ҳақ таоло мўмин бандаларини Ўзига саждалар қилиш-га, дилларидаги тилакларини сўраб дуолар қилишга чорлар экан, бу амалларни адо этиш учун Меҳрибон Парвардигоримиз - агар шундай таъбир қилиш жоиз бўлса - Ўзининг Қабул соатларини ҳам белгилаб қўйди ва ким ўша соатларда Унга Муножотлар қилиб, Унинг Элчиси таълим бериб ўргатган, амал қилиб кўрсатган тарзда намоз ибодатини адо қилса, бу яхши амали шарофатидан унинг гуноҳларини кечириб, дуо-илтижоларини ижобат қилишга ваъда беради. Демак, Оллоҳ таолонинг Фазлу Марҳаматига эришиш учун биз бандалар намозларни чин ихлос билан У Зот буюрган, Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам амалда кўрсатган вақтларда адо қилишимиз, белгиланган тартибга риоя қилишимиз ва намоз вақтларини ўтказиб юбормай муҳофаза қилишимиз керак.
Дарҳақиқат, мўминнинг зиммасидаги энг асосий иш беш вақт намозни ўз вақтида тўкис адо қилишдир. “Саҳиҳайн”да ривоят қилинган ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анху айтди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламдан: “Амалларнинг афзали қайси амал”, деб сўраганимда, “Ўз вақтида адо қилинган намоз”, дедилар. Шунингдек, У Зот: “Худди менинг намоз ўқиётганимни кўрганингиздек, намоз ўқинглар”, деб буюрганлар. (“Саҳиҳи Бухорий”да ривоят ҳилинган).
Беш вақт намознинг вақтлари ҳақида бошқа оятларда ҳам айтилган: “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз улар айтаётган сўзларга сабр-тоқат қилинг ва қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (У Зотни) покланг - намоз ўқинг! Кеча(нинг аввалги ва охирги) вақтларида ҳамда кундуз(нинг аввалги ва охирги) тарафларида ҳам тасбеҳ айтинг - намоз ўқинг, шояд шунда (Парвардигорингиз Охират диёрида берадиган ажр-мукофотлардан) рози бўлурсиз.” (Тоҳа сураси, 130-оят).
“Бас, сизлар, (эй мўминлар), тунга кириш пайтларингизда ҳам, тонгга кириш пайтларингизда ҳам, оқшомда ҳам, пешин пайтига киришларингизда ҳам Оллоҳни поклангиз (яъни, У Зотга ҳамду сано айтингиз! Зеро), осмонлар ва Ердаги бор ҳамду сано Уникидир (яъни, коинотдаги барча мавжудот Унга ҳамду сано айтур).” (Рум сураси, 17-18-оятлар).
Ояти карима давомида Ҳақ таоло намознинг фойдасини эслатиб, “Албатта яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур. Ушбу (Қуръон) эслатма олгувчилар учун бир Эслатмадир”, деди.

79. Кечадан (бир қисмида) бедор бўлиб ўзингиз учун нафл (ибодат бўлган намоз)ни ўқинг! Шоядки, Парвардигорингиз Сизни (Қиёмат Кунида) мақтовли (яъни, Сиз гуноҳкор умматларингизни шафоат қилиб оқлайдиган) мақомда тирилтирур.
Ояти каримада аввало сўз таҳажжуд намози ҳақида боради. Таҳажжуд
- туннинг бир қисми ўтгач уйқудан туриб ўқиладиган нафл намоздир. Аксари уламолар: “Таҳажжуд намози гарчи мусулмон уммати учун нафл
- ихтиёрий намоз ҳисобланса-да, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари учун ушбу оят далолат қилганидек, ўқишлари вожиб бўлган намоздир. Чунки Ҳақ таоло Ўз Элчисига хитоб қилиб, кечадан бир қисмида Сиз учун беш вақт фарз намоздан ташқари буюрилган нафл намозини ҳам албатта адо этинг, деб амр қилмоқдаки, Илоҳий Амр ўша амални қилиш вожиб эканлигини билдиради, дейдилар ва мана бу ривоятни ҳам келтирадилар: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Уч нарса - тунда туриб таҳажжуд намозини ўқиш, витр ва мисвок менга фарз, сизлар учун суннат бўлди”, дедилар. (Аҳмад ва Ҳоким ривояти).
“Тафсири Бағавий”да айтилишича, дастлаб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳам, бошқа мўминларга ҳам кечаларнинг бир қисмини бедор бўлиб тоат-ибодат билан ўтказиш фарз қилинган: “Эй (кийимларига) ўралиб олган зот, кечаси (бедор бўлиб, намозда) туринг! Фақат озгина - унинг (кечанииг) ярмида (ухлаб ором олинг) ёки (уйқуни кечанинг) ярмидан ҳам бир оз камайтиринг, ёхуд унга (бир оз) зиёда қилинг (яъни, кечанинг ярмидан кўпроғида ухлаб, истироҳат қилинг) ва Куръонни тартил билан (яъни, дона-дона қилиб) тиловат қилинг!” “(Муззаммил сураси, 1-4-оятлар).
Ушбу оятларда Пайғамбар алайҳис-саломга кечанинг ярмини ёки учдан иккисини ёхуд учдан бирини бедор бўлиб тоат-ибодат билан ўтказиш ҳамда Қуръони Каримни шошмасдан, мазмун-моҳиятига эътибор бериб тиловат қилиш буюрилди.
Сўнгра Оллоҳ таоло мўминларга енгиллик ато этиб, мана бу оятни нозил қилди: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), албатта Парвардигорингиз Сиз ва Сиз билан бирга бўлган кишилардан иборат тоифа (яъни, саҳобаларингиз гоҳо) кечанинг учдан иккисидан озроғида, (гоҳо) унинг ярмида ва (гоҳо) учдан бирида (бедор бўлиб, намозда) туришларингизни билур. Кеча ва кундуз (соатлари)ни Оллоҳ белгилар. У Зот (фасллар ўзгариши билан кечалар ҳам узун-қисқа бўлиб туриши сабабли сизлар у кечаларда бедор бўлишларингиз лозим бўлган соатларнинг) саноғига ета олмасликларингизни билиб, сизларга қайта енгиллик берди. Энди (кечалари намозларингизда) Куръондан муяссар бўлган миқдорда ўқийверинглар. У Зот сизларнинг орангизда (кечалари бедор бўлишга қуввати етмайдиган) беморлар бўлишини, бошқалар Оллоҳнинг Фазл-Марҳаматидан (ризқ-рўз) истаб Ер юзида (яъни, унинг турли томонларига) сафар қилишларини ва яна бошқалар эса Оллоҳ Йўлида жангга чиқиб кетишларини билди. Бас, (ўзларингизни қийнамай Қуръондан) муяссар бўлган миқдорда ўқийверинглар. Ва намозни тўкис адо этинглар, закотни (ҳақдорларга) ато этинглар ва (бечора мискинларга хайру саховат қилиш билан) Оллоҳга қарзи ҳасана беринглар! Ўзларингиз учун тақдим қиладиган ҳар бир яхшиликни (Қиёмат Куни) Оллоҳнинг ҳузурида янада яхшироқ ва улуғроқ ажр-мукофот ҳолида топурсизлар. Оллоҳдан мағфират сўранглар! Албатта Оллоҳ Мағфиратли, Меҳрибондир”. (Муззаммил сураси, 20-оят).
Мужоҳид ва Қатода айтади: ‘Тарчи тунги намоз аввал-бошда вожиб қилинган бўлса-да, ушбу оятдаги “нафилатан лак” - ўзингиз учун нафл бўлган намоз”, ибораси далолат қилиб турганидек, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам учун ҳам, умматлари учун ҳам нафл намоз бўлиб қолди. Агар “нафилатан алайк” - зиммангиздаги нафл”, дейилганида, таҳажжуд намози Пайғамбар алайҳис-саломнинг зиммаларидаги вожиб бўлар эди”.
Маълумки, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг нафл намозлари билан умматларининг нафл намозлари ўртасида фарқ бор. Чунки мўминлар нафл ибодат қилар эканлар, бу нафллари фарз, вожиб ибодатларида йўл қўйган нуқсон-хатолари учун каффорат бўлади. Пайғамбар алайҳис-салом эса, барча хатолари кечирилган, гуноҳлардан маъсум зотдирлар. Демак, у зоти бобаракотнинг нафл ибодатлари гуноҳлар каффорати учун эмас, балки даражотлари янада баландроқ бўлиши учундир. Бу ҳақда имом Бухорий ва Муслим Муғийра ибн Шўъба розияллоҳу анхудан ривоят қилган мана бу муборак ҳадисда ҳам айтилган: “Муғийра айтади: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам таҳажжуд намозида шу қадар узоқ турдиларки, оёқлари шишиб кетди. Шунда у зотга: “Мунча ўзингизни қийнайсиз, ахир Оллоҳ таоло Сизнинг аввал-у кейинги гуноҳларингизни кечириб юборганку?” дейилган эди, “Ахир шукр қилгувчи банда бўлмайинми?” дедилар. (“Маолимут-танзил”тафсиридан).
Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам тунги намозларини қай тарзда ва неча ракъат ўқиганлари, у муборак соатларда қандай дуолар қилганлари ҳақида имом Бухорий ва имом Муслим раҳимахумаллоҳ баробар ривоят қилган маттафақун алайҳ ҳадислар ҳар биримиз учун бениҳоя қимматли ва ибратлидир: “Оиша розияллоҳу анҳо айтди: “Мен Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламни тунги намозларнинг биронтасини ўтириб ўқиганларини кўрмаганман. Кексалик ёшига етганларидагина ўтириб ўқиганлар, ўшанда ҳам (ўқиётган) сураларидан ўттиз, қирқ оят қолганида туриб, ўшани ўқиб кейин рукуь қилардилар”.
“Абу Салама ибн Абдурраҳмон Оиша онамиздан сўради: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда (тунда) қандай намоз ўқирдилар?” Оиша розияллоҳу анҳо айтди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Рамазонда ҳам, бошқа ойларда ҳам ўн бир ракъатдан оширмас эдилар. Аввал тўрт ракъат ўқирдилар, энди унинг ракъатларининг гўзаллиги ва узунлиги ҳақида сўрамасанг ҳам бўлади, сўнг яна тўрт ракъат ўқирдилар, унинг ҳам гўзал ва узоқ адо қилиниши ҳақида сўрама (яъни, жуда чиройли ва узоқ ўқир эдилар). Сўнг уч ракъат ўқирдилар”. Оиша онамиз сўзида давом этяпти: “Мен: “Ё Расулуллоҳ, Витр ўқишдан олдин ухлайсизми?” дедим. У зот: “Эй Оиша, менинг кўзларим ухлайди, лекин қалбим ухламайди”, дедилар”.
“Оиша розияллоҳу анҳо айтди: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам кечаси ўн уч ракъат ўқир эдилар. Унинг ичида Витр билан Бомдоднинг икки ракъат (суннати) ҳам бор”.
“Асвад Оиша онамиздан ривоят қилади: “Мен Оиша розияллоҳу анҳодан: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг тундаги намозлари қандай эди?” деб сўрадим. У: “У зот кечанинг аввалида ухлардилар, охирида туриб, намоз ўқиб, сўнг яна ўринларига қайтардилар. Кейин муаззин азон айтган вақтда сакраб турардилар-да, агар эҳтиёжлари бўлса ғусл қилардилар, бўлмаса таҳорат олиб чиқиб кетардилар”.
“Ибн Умар розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Витрни тундаги намозларингиздан (кейин) охирида ўқинг”.
“Абу Ҳурайра розияллоху анҳу ривоят қилган ҳадис: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Парвардигоримиз таборака ва таоло ҳар кеча - кечанинг охирги учдан бири қолганда қуйи осмонга тушиб шундай дейди: “Менга дуо қилаётган кишининг дуосини ижобат қиламан, Мендан сўраётган кишига (сўраётган нарсасини) бераман ва Мендан мағфират тилаган кишини мағфират қиламан”.
“Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтди: “Мен (холам) Маймуна розияллоҳу анҳоникида ётиб қолдим. (Кечаси) Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам туриб, ҳожатларига бориб келиб, юз-қўлларини ювдилар сўнг ух-ладилар. Сўнг туриб, мешнинг олдига бориб унинг бўғзидаги ипини бўшатдилар, сўнг икки таҳорат (енгил ва комил) ўртасидаги таҳоратни қилдилар, кўпайтирмадилар (бир мартадан ювдилар), лекин (сув етиши керак бўлган жойларга яхшилаб) еткиздилар, кейин намоз ўқидилар. Мен ҳам туриб, кузатиб турганимни кўриб қолишларидан қўрқиб, таҳорат олиб келдим, намоз ўқишга турдилар, мен чап томонларига турдим, шунда қулоғимдан ушлаб, ўнг томонларига ўтказиб қўйдилар. Намозлари ўн уч ракъат бўлганда тамомига етди. Сўнг ётиб ухладилар, ҳатто хуррак отдилар. Одатда ухлаганларида хуррак отардилар. Билол намозга азон айтгач, қайтадан таҳорат олмай намоз ўқидилар. У зот дуоларида шундай дердилар: “Оллоҳим, қалбимга, кўзимга, кулоғимга, ўнгу сўл, усту остимга, олдимга нур ато қилгин, мени мунаввар қилгин”.
“Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтди: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам кечаси таҳажжуд ўқиганларида шундай деб дуо қилар эдилар: “Оллоҳим, барча ҳамду сано Сен учундир, Сен осмонлару Ернинг Нурисан, барча ҳамду сано Сен учундир, Сен осмонлару Ерни Бошқариб Тургувчисан, барча ҳамду сано Сен учундир, Сен осмонлару Ернинг ва ундаги нарса-ю кимсаларнинг Парвардигорисан, Сен Ҳақдирсан, Ваъданг ҳақдир, Сўзинг ҳақдир, (Охиратда) Сени кўриш ҳақ, жаннат ҳақ, дўзах ҳақ, пайғамбарлар ҳақ, Қиёмат Соати ҳақдир. Оллоҳим, Сенга бўйинсундим ва иймон келтирдим, Ўзингга таваккал қилдим, ва Сенга инобат қилдим - сиғиндим, Сени деб (кофирлар билан) хусуматлашдим, Ўзингни Ҳукм Қилгувчи деб билдим. Бас, аввалу охир, ошкора-ю пинҳона гуноҳларимни мағфират қилгин. Ўзинг Илоҳимсан, Сендан бошқа илоҳ йўқдир”.
“Шоядки, Парвардигорингиз Сизни (Қиёмат Кунида) мақтовли мақомда тирилтирур”.
Ушбу жумлада Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга Оллоҳ таолонинг Амри билан тунлари бедор бўлиб, тик туриб Қуръон тиловат қилганлари - таҳажжуд намозини ўқиганлари учун Яратган Парвардигор томонидан албатта ато этилажак беназир буюк мукофот бўлмиш мақоми маҳмуд - мақтовли мақом зикр қилинди.
Мақтовли мақом - аввал-у охир ҳамма мақтайдиган, барча пайғамбарлар ҳавас қиладиган мақом-мартаба - Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳ таолодан умматларининг гуноҳларини сўраб, уларни оқлайдиган - шафоат қиладиган мақом. Ушбу бениҳоя юксак мақомлари тўғрисида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари шундай хабар берганлар: “Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис: Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қиёмат Куни бўлгач, одамлар бир-бирлари билан аралаш-куралаш бўлиб кетадилар. Сўнгулар Одам алайҳис-саломнинг олдига келиб: “Роббингизга бизни оқланг - шафоат қилинг”, дейишади. Одам алайҳис-салом: “Мен унга (қодир) эмасман, лекин сизлар Иброҳимни маҳкам ушланглар. Зеро, у Халилур-Раҳмон - Раҳмоннинг дўстидир”, дейди. Бас, Иброҳим алайҳис-саломнинг олдига боришади.У ҳам: “Мен бунга (қодир) эмасман, лекин сизлар Мусонинг олдига боришингизни (тавсия қиламан). Чунки у Оллоҳ билан бевосита сўзлашган инсон”, дейди. Мусонинг олдига боришади. У ҳам: “Мен бунга (қодир) эмасман, лекин сизлар Ийсонинг олдига боринглар. Чунки у Оллоҳнинг Руҳи ва Калимасидир”, дейди. Ийсонинг олдига келишади. У ҳам: “Мен бунга (қодир) эмасман, лекин сизлар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни маҳкам ушланглар”, дейди. Бас, менинг олдимга келишади. Мен: “Мен бунга (ҳаракат қиламан)”, дейман ва Роббим (Ҳузурига) изн сўрайман. Менга изн берилади. У Зотни мақташим учун (буюк) мадҳу саноларни менга илҳом қиладики, улар ҳозир ёдимда йўқ. Бас, ана ўша ҳамду санолар билан У Зотни мадҳ этаман ва Унга сажда қилган ҳолда йиқиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад (алайҳис-салом), бошингизни кўтаринг. Сўйланг, Сизни тингланур, сўранг, Сизга (сўраганингиз) берилур, шафоат қилинг, шафоат - оқловингиз қабул қилинур”, дейилади. Мен: “Ё Роббим, умматим, умматимни (азобингдан қутқаргин)”, дейман. Шунда менга: “Бориб, кимнинг қалбида бир дона арпа миқдорича иймон бўлса (барчасини дўзахдан) чиқаринг”, дейилур. Мен бориб, шундай қиламан. Сўнг қайтиб келиб ўша ҳамду санолар билан У Зотни мадҳ этаман ва Унга сажда қилган ҳолда йиқиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад (алайҳис-салом), бошингизни кўтаринг. Сўйланг, Сизни тингланур, сўранг, Сизга (сўраганингиз) берилур, шафоат қилинг, шафоат - оқловингиз қабул қилинур”, дейилади. Мен: “Ё Роббим, умматим, умматимни (азобингдан қутқаргин)”, дейман. Шунда менга: “Бориб, кимнинг қалбида бир зарра ёки хантал миқдорича иймон бўлса (барчасини дўзахдан) чиқаринг”, дейилур. Мен бориб, шундай қиламан. Сўнг қайтиб келиб ўша ҳамду санолар билан У Зотни мадҳ этаман ва Унга сажда қилган ҳолда йиқиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад (алайҳис-салом), бошингизни кўтаринг. Сўйланг, Сизни тингланур, сўранг, Сизга (сўраганингиз) берилур, шафоат қилинг, шафоат - оқловингиз қабул қилинур”, дейилади. Мен: “Ё Роббим умматим, умматим-ни (азобингдан қутқаргин)”, дейман. Шунда менга: “Бориб, кимнинг қалбида хантал уруғининг энг, энг, энг кичкинаси миқдорича иймон бўлса (барчасини дўзахдан) чиқаринг”, дейилур. Мен бориб, шундай қи-ламан. Сўнг тўртинчи марта қайтиб келиб, ўша ҳамду санолар билан У Зотни мадҳ этаман ва сажда қилган ҳолда йиқиламан. Шунда менга: “Эй Муҳаммад (алайҳис-салом), бошингизни кўтаринг. Сўйланг, Сизни тингланур, сўранг, Сизга (сўраганингиз) берилур, шафоат қилинг, шафоат - оқловингиз қабул қилинур”, дейилади. Мен: “Ё Роббим, менга “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деган кишиларни (шафоат қилишга) изн бергин”, дейман. Шунда Оллоҳ таоло: “Қудратимга, Улуғлигимга, Такаббурлигимга, Буюклигимга қасамки, албатта ундан (дўзахдан) “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деган кишиларни шубҳасиз чиқарурман”, дейди”.
“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадис: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ҳар бир пайғамбар учун (албатта ижобат қилинадиган) бир дуо бордир. Мен, иншооллоҳ, (ўша) дуойимни Қиёмат Куни умматимни шафоат қилиш учун яшириб - олиб қўйишни истайман”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким чақириқни - азонни эшитган вақтида “Оллоҳим, эй ушбу етук даъватнинг ва қоим - ҳозир бўлган намознинг Робби, Ўзинг Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга васийла - марҳамат ва фазлингни ато этгин ва уни Ўзинг ваъда қилган мақтовли мақомда тирилтиргин”, деб дуо қилса, у кишига Қиёмат Кунида менинг шафоатим тушади”, деб марҳамат қилдилар. (Бухорий ва Бағавий ривояти).
Илоҳий, эй, раҳмлиларнинг энг Раҳмлиси бўлган Роббимиз, бизларни ҳам Қиёмат Кунида Расулинг шафоатларидан насибадор этгайсан.

80. Ва айтинг: «Парвардигорим, Ўзинг мени (қабримга) ҳаққи-рост (яъни, гуноҳлардан пок бўлган ҳолимда) дохил қилгин ва (Қиёмат Куни тирилтирганингда ҳам) ҳаққи-рост (ўнг томоним билан) чиқаргин ҳамда мен учун Ўз даргоҳингдан бўлган бир мададкор ҳужжат ато этгин».
Ушбу ояти карима тафсирида уламолардан турли ривоятлар бор. Улардан бири тафсири Қуртубий ва бошқа тафсир китобларида Ибн Аббос розялллҳу анҳумодан ривоят қилинган бўлиб, биз оят таржимасида ана ўша тафсирга асосландик. Яна ўша зотга нисбат берилган бошқа бир ривоятда эса, ушбу оят Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳижрат қилиш буюрилган вақтда нозил бўлгани айтилади ҳамда ояти каримада Ҳақ таоло томонидан Ўз Элчисига буюрилган дуо “Парвардигорим, Ўзинг мени Мадинайи мунавварага ҳаққи-рост, яъни, соғ-саломат дохил қилгин ва Маккадан мушриклар зулмидан соғ-омон чиқаргин”, деб тафсир қилинади. Бу тафсир Ҳасани Басрий ва Қатода томонларидан ҳам айтилган. Заҳҳокнинг тафсирида эса, ушбу дуо мени Маккадан соғ-омон чиқаргин ва яна Маккага ғолиб ҳолда соғ-омон қайтиб киришимни насиб этгин, деган маънода эканлиги айтилади. Шунингдек, ояти карима тафсирида яна бошқа бир неча ривоят ҳам борки, буларнинг барчаси биз мусулмонларга оят мазмунини теранроқ англашимизда ёрдам беради ҳамда муҳим иш ёки сафар олдида турган инсон қандай дуо қилиши кераклигини ўргатади.
“Ҳамда мен учун Ўз даргоҳингдан бўлган бир мададкор султон -ҳужжат ато этгин”.
Ушбу жумлада зикр қилинган “султон”дан мурод, Қатода раҳимаҳул-лоҳдан ривоят қилинишича, Оллоҳниннг Китоби - Қуръони Каримдир. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам зиммаларига инсон зоти кўтара олмайдиган буюк вазифа юкланганини ҳис қилганлари учун Яратгандан ўзларига ҳар қадамда Тўғри Йўлни кўрсатиб, бу йўлда кўндаланг бўладиган машаққатларда ёрдам бериб турадиган Ҳужжат -Каломуллоҳ ато этишини илтижо қилиб сўрадилар. (“Маолумут-танзил” тафсиридан.)
“Тафсири Мунир”да эса, “султон”дан мурод, салтанат - ҳукмронлик экани айтилади ҳамда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Оллоҳ таолодан салтанат сўрашларининг боиси, одамлар устида ҳукмрон бўлиш хоҳиши эмас, балки Дини Ислом ҳимояси учун душманларга бас кела оладиган куч-кувват ва салтанат зарурати борлигидир, дейилади. Бу хусусда бошқа бир оятда ҳам зикр қилингандир: “Дарҳақиқат, Биз Ўз пайғамбарларимизни аниқ ҳужжат-мўъжизалар билан юбордик ва улар билан бирга Китоб, (шунингдек), одамлар адолатни барпо қилишлари учун мезон-тарози туширдик. Яна Биз темирни туширдик - яратдик. Унда куч-қувват ва одамлар учун манфаатлар бордир. Оллоҳ ғайбда (бандалари кўзига кўринмасдан) турган ҳолида Ўзига ва пайғамбарларига (Оллоҳ Йўлида жиҳод қилиш билан) ёрдам берадиган кишиларни билиш учун (темирни яратди). Албатта Оллоҳ Кучли, Кудратлидир”. (Ҳадид сураси, 25-оят).
Ушбу ояти каримада жамият интизоми ва кишилар осойишталиги учун Оллоҳнинг Китоби ва адолат тарозиси билан бирга яна темир, яъни, қуролли кучга ҳам муҳтож бўлинишига ишора қилинмоқда.
Усмон розияллоҳу анхунинг: “Албатта Оллоҳ Қуръон билан тиймаган нарсаларни султон билан тийиб қўяди”, деган сўзлари ҳам мана шу мазмунга далолат қилади.

81. Яна айтинг: «Ҳақиқат (яъни, Ислом) келди ва ботил (яъни, куфр) ўчиб-йўқ бўлди. Албатта, ботил йўқ бўлгувчидир».
Абдуллоҳ ибн Масъуд розяллху анхудан ривоят қилинди: “Макка Фатҳ қилинган кунда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам шаҳарга кирганларида Байтуллоҳнинг атрофида уч юз олтмишта бут бор эди. Бас, қўлларидаги асолари билан у бутларни бирин-кетин уриб, йиқитар эканлар, “Ҳақиқат келди ва ботил йўқ бўлди: “Ҳақиқат келди (ва ботил йўқ бўлди. Энди) ботил (янги динсизликни) бошлай ҳам олмас, (эски динсизликни) қайтара ҳам олмас”, (Сабаъ сураси, 49-оят) дер эдилар. Бас, барча бутлар йиқитилиб, юз тубан ҳолда ерга ташланди, фақат Хузоа қабиласининг Каъба устига тикланган, мисдан ясалган бутигина қолди. Шунда Пайғамбар алайҳис-салом: “Эй Алий, уни Каъба устидан улоқтиргин”, дедилар. Бас, Алий розияллоҳу анҳу Каъба устига чиқиб, у бутни ерга ташлаб синдириб юборди. (“Танвирул-азҳон”тафсиридан).
Ҳар вақт Ҳақиқат ботил устидан ғолиб бўлиши ҳақида бошқа сураларда ҳам айтилган: “Биз Ҳақ - Қуръонни ботил-жаҳолатнинг устига отурмиз, бас, (ҳақиқат ботилни) эзиб-янчиб, баногоҳ (ботил) йўқ бўлур. Сизлар учун эса (эй мушриклар, Оллоҳни «Хотини, боласи бор», деб нолойиқ сифатлар билан) сифатлаганларингиз сабабли ҳалокат бўлур”. (Анбиё сураси, 18-оят).

82. Биз Куръондан бир (оятларни) нозил қилурмизки, у (оятлар) мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлур, золим-кофир кимсаларга эса, фақат зиённи зиёда қилур.
Дарҳақиқат, Қуръони Азим мўминлар учун тўласича шифо ва буюк Илоҳий Раҳмат - Марҳаматдир, Унинг оятлари энг аввало қалблардаги жаҳолат ва шак-шубҳа иллатларини даволайди, қалбни қоплаб олган нодонлик пардасини очиб, Оллоҳ таолонинг Қудратига далолат қиладиган мўъжизаларни кўрадиган қилиб қўяди. Шунингдек, Қуръон оятлари жисмоний дардлар учун ҳам тенги йўқ малҳам ва даводир. Қуръонда ушбу оятдан ташқари Тавба сурасининг 14-оятида, Шуаро сурасининг 80-оятида, Юнус сурасининг 57-оятида, Наҳл сурасининг 69-оятида ва Фуссиллат сурасининг 44-оятида руҳоний ва жисмоний шифо ҳақида зикр қилингани боис, “Танвирул-азҳон” тафсирида мазкур олти оят шифо оятлари эканлиги таъкидланади. Қуръон тенгсиз Илоҳий Мўъжиза эканлигига далолат қиладиган аломатлардан бири шуки, ушбу Азиз Китоб оятлари икки хил инсонга икки хил таъсир қилади: мўмин уни ўқиган сари дардларига шифо топиб фойдаланса, кофир эса, унинг оятларини ёлғон деган сари адашиб, Қуръон унга фақат зиённи зиёда қилади. Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам айтилган: “Айтинг: “(Ушбу Қуръон) иймон келтирган зотлар учун Ҳидоят ва (дилларидаги шак-шубҳани кетказувчи) Шифодир. Иймон келтирмайдиган кимсаларни эса қулоқларида оғирлик-карлик бордир ва (Қуръон) уларга кўрлик (яъни, қоп-қоронғи зулмат) бўлур. Улар (гўё) узоқ бир жойдан чақирилаётган кишилар (кабидир-лар, яъни, гарчи Қуръон оятларини эшитсалар-да, унинг маъно-ҳикматларини англай олмаслар)”. (Фуссилат сураси, 44-оятдан).
Қуръони Карим оятлари шифо экани ҳақида жуда кўп саҳиҳ ҳадислар ҳам ворид бўлгандир: “Сиҳоҳи ситта”да (олти саҳиҳ ҳадислар тўпламининг ҳаммасида) Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва саллам бизни - ўттиз отлиқ аскарни жангга жўнатдилар. Йўлда бир араб қишлоғига тушдик. Улардан бизни меҳмон қилишларини сўраган эдик, истамадилар. Шунда баногоҳ уларнинг бошлиқларини чаён чақиб олган экан, улар бизнинг олдимизга келиб: “Ораларингизда чаён чаққанига қарши дам соладиган киши борми?” деб сўрашди. Мен шундай дуони билишимни айтиб: “Аммо сизлар бизга ҳақ тўламасангизлар мен ҳам дам солмайман”, дедим. Улар: “Биз сизларга ўттизта қўй берамиз”, дейишгач, мен “Алҳамду” сурасини етти марта ўқиган эдим, ҳалиги одам дарддан бутунлай халос бўлди. Биз қўйларни олганимиздан кейин кўнглимизда шубҳа уйғонди ва улардан биронтасига тегмай, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб, бўлган воқеани айтиб берган эдик, у зот: “Алҳамду” руқия - у билан дам солса шифо бўладиган сура эканини қаердан билдинг? У қўйларни тақсимлаб олинглар ва менга ҳам ўзларингиз билан бирга бир улуш бў-линглар”, дедилар.
Аҳмад ва Байҳақий “Шуъабул-иймон” китобида Абдуллоҳ ибн Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Мен сенга Қуръонда нозил бўлган энг яхши сура ҳақида хабар берайинми?” дедилар. Абдуллоҳ: “Хабар беринг, ё Расулуллоҳ”, деган эди, айтдилар: “У Фотиҳа сурасидир. Унда барча касал учун шифо бордир”.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам қачон оғриб қолсалар, “Муаввазатайн”ни (икки “Қул аув-зу” сурасини) ўқиб, ўзларига дам солар эдилар”. (“Тафсири Куртпубий”дан).
Энди Қуръони Карим мўминлар учун шифо бўлиши билан баробар Илоҳий Раҳмат ҳам эканлигига келсак, бунда ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир. Чунки Қуръонни ўқиб-ўрганиш мўминларнинг бошларига тушган дарду балоларни аритиш, уларнинг айбу нуқсонларини тузатиш, гуноҳла-рига каффорат бўлиш билан баробар Яратганнинг Марҳамати билан Қуръон тиловат қилган киши учун сон-саноқсиз ажр-ҳасанотлар ҳам ёзилади. Чунончи Термизий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анхудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Оллоҳнинг Китобидан бир ҳарфни ўқиса, унинг учун бир яхшилик бордир ва у бир яхшилик учун ўн баробар ажр берилур”. Мен “Алиф, Лом, Мимни бир ҳарф демайман. Балки алиф бир ҳарф, лом бир ҳарф, мим бир ҳарфдир”, деб марҳамат қилдилар.

83. Қачон Биз (динсиз) инсонга (тинчлик, саломатлик, тўкинликни) инъом этсак, у (шукр қилишдан) юз ўгириб, четга бурилиб кетур. Қачон унга (хасталик, камбағаллик каби) бирор ёмонлик етса, ноумид бўлур.
Ушбу оятнинг энг яхши тафсири мана бу оятлардир: “Дарҳақиқат, (кофир) инсон ўзини бой-беҳожат кўргач, албатта тугёнга тушар - ҳаддидан ошар”. (Алак, сураси, 6-7-оятлар), “Қасамки, агар Биз инсонга Ўз томонимиздан Раҳмат-Марҳаматимизни тотдириб, сўнгра Ўзимиз уни тортиб олсак, у албатта ноумид ва ношукрлик қилгувчидир”. (Худ сураси, 9-оят).
Яъни, агар Биз инсонга Ўз Марҳаматимизни кўргазиб, соғлик, бойлик, тинчлик ва бошқа неъматлар ато этсак-да, сўнгра у ўша неъматларнинг мазасини тотиб, уларга ўрганиб қолган пайтида яна Ўзимиз ундан ўша неъматларнинг биронтасини олиб қўядиган бўлсак, албатта у сабрсизлиги ва Бизга ишонмагани сабабли Фазлу Марҳаматимиздан бутунлай ноумид, илгари ўзига ато этилган неъматларга ношукр кимсага айланиб олиши аниқдир.
Ояти карима мазмунидан маълум бўлишича, бу ўринда сўз динсиз иймонсиз инсонлар ҳақида боради. Чунки иймонли инсон Оллоҳ таоло унга неъмат ато этса, шукр қилади, агар У бандасини синаш учун ёки Ёлғиз Унинг Ўзига маълум бўлган ҳикмат сабабли ато этган неъматини олиб қўядиган бўлса, сабр қилади, ноумидликка тушмайди.
Мусулмон инсон қандай неъматга эришса, унинг Оллоҳ таоло ато этган неъмат эканини билади. Шунинг учун қўлидан бирон неъмат чиқиб кетганида ҳам умидсизликка тушмай сабр қилади ва Яратгандан аввалгидан яхшироқ неъматлар ато этишини сўраб дуо-илтижо қилади. Мўминлар қўлларидан бирон неъмат кетса шундай дейдилар: “Шоядки Парвардигоримиз бизларга ундан яхшироғини алмаштириб берса. Бизлар албатта Ёлғиз Парвардигоримизга рағбат-илтижо қилгувчидирмиз”. (Кдлам сураси, 32-оят).
“Зеро, Оллоҳнинг Раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур”. (Юсуф сураси, 87-оят).
Қасамки, агар унга бирон ғам-кулфат текканидан кейин Биз роҳат-фароғатни тотдириб қўйсак, албатта у: «Барча ёмонликлар мендан нари кетди», (энди ҳеч қачон қайтиб келмайди) дейди. Дарҳақиқат, у димоғдор ва мақтанчоқдир. (Ҳуд сураси, 10-оят).
Яъни, агар Биз кофир кимсага касаллик, камбағаллик, қийинчилик, нотинчлик каби бирон бало-мусибат етганидан кейин Ўз томонимиздан соғлик, бойлик, кенгчилик ва тинчлик каби неъматларни тоттириб қўйсак, у албатта ўзидан кетиб: “Бўлди, мени хафа қиладиган ёмонликларнинг ҳаммаси мендан бутунлай нари кетди, энди улар ҳеч қачон қайтиб келмайди”, дея бошлайди. Иймонсизлиги туфайли балоларни кетказувчи, неъматлар ато этгувчи Ёлғиз Оллоҳ таоло экани ҳақида ўйламайди ҳам. Ҳақиқатан у димоғдор, мақтанчоқдир. Бас, бундай кимсалар бошларига бирон мусибат-бало етса сабр қилиш ўрнига дод-вой қиладилар, Оллоҳ таоло уларга кенгчилик, ноз-неъматлар ато этганида эса У Зотга шукроналар айтиш ва бу неъматларини ҳаққини адо қилиш ўрнига кеккайиб, бошқалардан ўзларини юқори олиб, мақтанчоқлик қилишга тушадилар.

84. Айтинг: «Хдр ким ўз табиатига яраша амал қилур. Зотан, Парвардигорингиз кимнинг тутган йўли тўғрироқ эканини жуда яхши Билгувчидир.
Ояти каримада Ҳақ таоло ўта муҳим, жуда қийин, ҳатто биз бандалар қандай сўрашни ҳам билмайдиган бир саволимизга ўта аниқ, жуда осон ва бирдан-бир тўғри жавобни икки оғиз сўз билан баён қилади.Ўша, ичимиздаги саволимиз тахминан шундай эди: “Одамнинг яхши-ёмонини қандай ажратса бўлади?” “Яратган Эгамизнинг жавоби бундай бўлди: “Ҳар ким ўз табиатига яраша амал қилур”, яъни, одамнинг ўзига ёки сўзига эмас, балки қилаётган амалига қараб яхши ёки ёмон, Тўғри Йўлда ёки йўлдан озган, деб баҳо берилиши лозим. Чунки ҳар кимнинг қиладиган амали ўзига ҳамшакл - ўхшаган бўлади. Агар у иймонли, пок табиатли инсон бўлса, бу унинг қилаётган ҳар бир ишидан аниқ-тиниқ кўриниб туради, агар аксинча бўлса, бу ҳам ғолибан унинг қилаётган амалларидан маълум бўлади. Демак, биз ўзимизни ҳам, ўзгаларни ҳам, мана шу ўлчов тарозуга солиб баҳоласак, иншооллоҳ, хато қилмасмиз. Аммо сўнгги ҳақиқий баҳо Парвардигор хузурида берилади.
“Зотан, Парвардигорингиз кимнинг тутган йўли тўғрироқ эканини жуда яхши Билгувчидир”.
Ўрганаётганимиз ояти кариманинг мазмуни мана бу оятларда ҳам зикр қилингандир: “Иймон келтирмайдиган кимсаларга айтинг: “Сизлар жойларингиздан жилмай, (билган) амалларингизни қилаверингиз, биз ҳам ўз амалимизни қилгувчимиз, ҳамда (қилаётган ишларингизнинг оқибатини) кутаверингиз, биз ҳам кутгувчилармиз”. (Худ сураси, 121-122-оятлар).
Салафи солиҳларимиздан ояти кариманинг яна бошқа, кенгроқ ва теранроқ тафсири ҳам ривоят қилинади. Мазкур тафсирга кўра оятда фақат инсонлар қиладиган амаллар ҳақида эмас, балки Яратган билан яралганлар қиладиган амаллар ўртасидаги фарқ хдқида ҳам сўз боради. Яъни, яралганларнинг қиладиган барча ишлари худди ўзларига ўхшайди - биронтаси хато ва нуқсондан холи эмас, Яратганнинг иши эса, Унинг Ўзига муносиб - ҳар жиҳатдан баркамолдир, тўласича ҳикматдир. Бежиз эмаски, энг улуғ саҳобий Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу ушбу ояти каримани Қуръондаги энг умидбахш оят деб атайди. У айтади: “Мен Қуръонни аввалидан охиригача ўқиб чиқиб, унда “Айтинг: “Ҳар ким ўз табиатига яраша амал қилур”, оятидан ҳам умидбахшроқ ва гўзалроқ оятни кўрмадим. Чунки қулнинг табиатига энг муносиб нарса хато-исёндир, Хожага муносиби эса, Раҳмат ва Ғуфрон, (осий қулини кечириш)дир”. (“Тафсири Мунийр”дан).

85. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ Парвардигоримнинг ишидандир». Сизларга илмдан ўта оз нарса берилди.
Ушбу оятда Оллоҳ таолонинг ҳатто Ўз пайғамбарларига ҳам маълум қилмаган ишлари борлиги баён этилиб, барча инсоният билиши мумкин бўлган билим-маърифат Оллоҳ таолонинг Илми Азалийси олдида жуда оз нарса экани таъкидданади.
Инсоннинг ҳаёт манбайи, яъни, унинг баданидаги жон ҳақида сўзловчи ушбу ояти карима нозил қилинишига сабаб бўлган воқеа ҳақида имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Бир куни мен Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам билан бирга Мадина экинзорларида кетиб борар эдик, у зот қўлларидаги хурмо шоҳига суяниб кетаётган эдилар, бир тўда яхудлар олдидан ўтиб қолдик. Шунда улар бир-бирларига: “Ундан (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломдан) Руҳ ҳақида сўранглар”, деган эдилар, бировлари: “Сўраманглар, яна сизларга ёқмайдиган бирон сўз айтмасин”, деди, бошқалари бўлса: “Йўқ албатта бу ҳақда ундан сўраймиз”, дейишди-да улардан бири туриб: “Эй Абул-Қосим, Руҳ нима?” деб сўради. Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам жим бўлиб қолдилар. Мен: у зотга ваҳий тушмоқда деб, жойимдан жилмай турдим. Қачонки ваҳий тушиб битгач, ушбу: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ Ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир». Сизларга жуда оз илм берилгандир” оятини ўқидилар.
Ушбу ривоятда ояти карима Мадинайи Мунавварада нозил бўлганига ишора бордир. Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоху анхумодан қилинган ривоятдан эса, оят Маккада нозил бўлгани тушунилади. У киши айтади: “Қурайш қабиласи тўпланиб: “Муҳаммад ўзимизнинг орамизда ишончли, ростгўй ҳолда ўсиб-улғайди. Биз унинг бирон марта ёлғон сўзлаганини билмаймиз. Энди бўлса у даъво қилган нарсасини (яъни, пайғамбарликни) даъво қилмоқда. Келинглар, бир неча кишини Мадинадаги яхудлар олдига юборайлик, улардан Муҳаммад ҳақида сўрайлик, ҳар ҳолда улар аҳли Китоб - Китобдан хабари бор кишиларку”, дейишиб, уларга бир жамоатни жўнатдилар. Бас, яхудлар айтдилар: “Ундан уч нарса ҳақида сўраб кўринглар. Агар у ҳар учала саволларингизга жавоб берса ёки уч саволдан биронтасига ҳам жавоб бера олмаса, демак, пайғамбар эмасдир. Агар икки саволга жавоб бериб, биттасига жавоб айтолмаса, у пайғамбардир.
Ундан ўтган замонда йўқолиб қолган йигитлар ҳақида, уларнинг ишлари нима бўлгани тўғрисида сўранглар. Уларнинг қиссалари жуда ажойибдир. Яна ундан Ернинг шарқу ғарбига етиб борган киши ҳақида, унинг хабари нима бўлгани тўғрисида сўранглар. Яна ундан Руҳ ҳақида сўранглар”.
Бас, қурайшликлар Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламдан сўрашган эди, у зот: “Сизлар сўраган барча нарсалар ҳақида эртага хабар бераман”, дедилар-у, аммо “Иншооллоҳ - Худо хоҳласа”, дейишни унутдилар. Бас, у зотга ваҳий тушиши, Мужоҳиднинг айтишича, ўн икки кун, Икримадан ривоят қилинишича эса, қирқ кун тўхтаб қолди. Макка аҳли: “Муҳаммад бизга эртага, деб ваъда берган эдику, неча кун бўлди, бирон хабар бермайди”, дея бошладилар. Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам бир томондан ваҳий тўхтаб қолгани сабабли ғамга ботиб, бошқа томондан Маккаликлар айтаётган сўзлардан қийналиб юрган вақтларида баногоҳ Жаброил алайҳис-саом “Ва бирон нарса ҳақида: «Мен албатта бу ишни эртага қилгувчиман», дея кўрманг, магар «Иншооллоҳ - Оллоҳ хоҳласа», (денг! Бу сўзни айтишни) унутиб қолдирган вақтингизда (ёдингизга тушиши билан) Парвардигорингизни зикр қилинг (яъни, «иншооллоҳ», денг) ва: «Шояд Парвардигорим мени бундан ҳам (яъни, Асҳобул-Каҳф воқеаси ҳақида хабар беришдан ҳам) яқинроқ (менинг ҳақ Пайғамбар эканлигимга янада аниқроқ далолат қиладиган) Тўғри Йўлга ҳидоят қилса», денг!” (Каҳф сураси, 23-24-оятлар) оятлари-ни келтирди ва ўтган замонда йўқолиб қолган йигитлар қиссаси баён қилинган: “Балки Сиз Каҳф (ғор) ва Битик (уларнинг қиссалари битилган тош) эгалари (ҳақидаги ривоятдан воқиф бўлгач, бу) Бизнинг (Охират, Қиёмат ҳаққирост эканлиги тўғрисидаги) оятларимизнинг энг ажойиби, деб ўйлагандирсиз?” (Каҳф сураси, 9-оят) оятини ҳамда шарқ-у ғарбни эгаллаган киши ҳақида хабар берган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), яна Сиздан Зулқарнайн ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Энди мен сизларга у ҳақдаги хабарни тиловат қилурман”. (Каҳф сураси, 83-оят) оятини, сўнгра Руҳ ҳақида: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: «Руҳ Парвардигоримнинг ишидандир». Сизларга илмдан ўта оз нарса берилди”, (Ал-Исро сураси, 85-оят) оятини келтирди”. (“маолимут-танзил” тафсири).
Шундай қилиб, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳ таоло нозил қилган оятлар билан яхудлар сўраган уч саволнинг иккитасига аниқ ва батафсил, учинчи Руҳ ҳақидаги саволга эса, “Руҳ Ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир”, деб жавоб бердилар. Саволларга бу тарзда жавоб берилиши, яҳудларнинг қурайшликларга айтган: “Агар икки саволга жавоб бериб, биттасига жавоб айтолмаса, у пайғамбардир”, деган сўзларига қаралганда ҳам Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига яна бир равшан далилдир”.
“Айтинг: “Руҳ Парвардигоримнинг ишидандир. Сизларга илмдан жуда оз нарса берилди”.
Яъни, руҳ - жон, умуман руҳоният олами инсоният кўзидан пинҳон, Ёлғиз Яратганнинг Ўзигагина аён бўлган ғайб ишлардандирки, “Оллоҳ сизларни гайб илмидан хабардор қилгувчи эмасдир”. (Оли Имрон сураси, 179-оятдан).
Дарҳақиқат, ғайбни Ёлғиз Оллоҳ таоло билади ва агар У Зот ваҳий орқали билдирса, Унинг Ўзи элчилик учун танлаган инсонлар - пайғамбарлар биладилар. Қолган инсонлар эса, фақат ўзларига Яратган томонидан ато этилган ҳис қилиш аъзолари билан кўрган, эшитган, ушлаган, ҳидлаган ва тотиб кўрган нарсаларнигина идрок этишлари мумкин, холос. Шундан бошқасини биламан деб чираниш беҳуда иш, биламан деб даъво қилиш эса, ҳақиқий нодонликдир. Балки инсонларга бу қадар чекланган билим бергани ҳам Яратганнинг бандаларига кўрсатган Иноят ва Марҳаматидандир. Чунки ҳамма нарсани билиш бениҳоя буюк шараф бўлиши билан бирга бениҳоя оғир масъулият ҳамдирки, ҳаёти дунёда саноқли муддат яшаб ўтиш учун мослаб яратилган инсон бу оғир юкни кўтара олмаслиги тайиндир. Қолаверса, жуда кўп нарсани билмаслигимизни билишимиз бизларнинг барча нарсани Билгувчи Зотга астойдил ибодат, У Зотнинг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга итоат қилишимизга боис бўлса ажаб эмаски, бу ҳам биз инсонлар учун шак-шубҳасиз, буюк Илоҳий Иноятдир.

86-87. Қасамки, агар Биз хоҳласак, Сизга ваҳий қилган Нарса -Куръонни ҳам шак-шубҳасиз, (Сиздан) кетказурмиз, сўнгра ўзингиз учун Бизга қарши (яъни, Қуръонни Биздан қайтариб олиб берадиган) бирон вакил-ҳомий топа олмассиз. Илло, Парвардигорингизнинг Марҳамати билангина (Қуръон неъмати дилингизда боқийдир). Дарҳа-қиқат, У Зотнинг Сизга бўлган Фазлу Марҳамати улуғдир.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, ҳеч шак-шубҳа йўқки, агар Биз хоҳласак, худди Сизни ва бошқа барча инсонларни руҳ нима эканлигини билишдан тўсиб қўйганимиз каби Сизга ваҳий қилиб юборганимиз Қуръонни ҳам кетказиб, уни бутунлай унутдириб юборишга Қодирдирмиз. У ҳолда Сиз ҳам, бошқа инсонлар ҳам руҳ нима эканлигини билмаганингиз каби, Қуръон нима эканлигини ҳам билмай қоласизлар. Сўнгра қанча уринманглар, сизларга уни биздан қайтариб олиб берадиган бирон ишончли вакил топа олмассиз. Лекин фақат Роббингизнинг буюк Марҳамати билангина Сизга ваҳий қилинаётган Каломуллоҳ дилларингизга жо бўлиб, тилларингизда жорий бўлиб, китоб саҳифаларида муҳрланиб турибди. Дарҳақиқат, Оллоҳ таоло Сизга жуда катта Фазл-Марҳамат ато этгандир: У Зот Сизни Одам болаларининг Саййиди қилди, элчи пайғамбарлари орасидан ёлғиз Сизга Қиёмат Кунида мақоми маҳмудни ваъда қилди ҳамда Сизга ушбу Буюк Қуръонни таълим берди ва уни бирон ҳарфи ўзгаришига йўл қўймасдан Ўз ҳифзу ҳимоясида сақлаб турибди.
Ушбу оятларда гарчи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса-да, бутун уммат учун қаттиқ Илоҳий огоҳлантириш бордир. Яъни, эҳтиёт бўлинглар, ғафлатда қолманглар, ушбу Қуръон ораларингиздан кўтарилиб кетиши мумкин. У ҳолда ҳеч ким сизларга Илоҳий Илм бўлмиш Қуръонни қайтариб келтириб бера олмайди. Агар бу Улуғ Китобнинг қадрига етмасангиз, ундаги Илоҳий Амр-Фармонларни адо қилмасангиз, Оллоҳ таоло уни қалбларингиздан ҳам китоб саҳифаларидан ҳам бутунлай ўчириб юбориши мумкинки, у ҳолда қоп-қоронғиу зулмат остида қоласизлар, деган жуда қаттиқ огоҳлантириш бордир. Бундай хавф-хатар борлиги ҳақида ҳадис ва хабарларда ҳам айтилган: Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: “Сизлар динларингиздан энг аввал йўқотиб қўядиган нарсаларингиз омонатдорлиқцир, охири йўқотадиган нарсаларингиз намоздир. Ушбу Қуръон эса, худди қалбларингиздан суғуриб олингандек бир куни эрталаб уйғонганларингизда сизларнинг ёдингизда ундан ҳеч нарса қолмаган бўлади”. Бир киши: “Эй Абу Абдур-Раҳмон, бу қандай содир бўлади? Ахир биз Қуръонни қалбларимизга жойлаб, мусҳафларимизга ёзиб олганмизку. Биз уни болаларимизга таълим бермоқдамиз, болаларимиз болаларига таълим берадилар, то Қиёмат қадар шундай давом этмайдими?” деган эди, у: “Йўқ. Бир кечада уни олиб кетилади ва мусҳафларнинг саҳифалари ҳам, қориларнинг қалблари ҳам бўм-бўш бўлиб қолади ва одамлар эрталаб ўринларидан турганларида худди чорва ҳайвонлари каби бўлиб қоладилар”, деди ва ушбу: “Қасамки, агар Биз хоҳласак, Сизга ваҳий қилган нарса - Куръонни ҳам шак-шубҳасиз (Сиздан) кетказурмиз” оятини ўқиди.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: у айтди: “Токи Қуръон қаердан тушган бўлса, ўша жойга қайтиб бормагунича Қиёмат Соати қойим бўлмайди. Ўшанда худди асалари гувиллашидек гуввиллаб турган Қуръондан Оллоҳ таоло Ўзи жуда яхши билгани ҳолда: “Сенга нима бўлди, яъни, нега Ер юзидан қайтиб келдинг?” деб сўраганида, Қуръон айтади: “Ё Роббим, мен Ўзингнинг ҳузурингдан чиқиб кетган эдим, яна Ўзингнинг ҳузурингга қайтмоқдаман. У жойда мени тиловат қилиняпти-ю менга амал қилинмаяпти, мени тиловат қилиняпти-ю менга амал қилинмаяпти”.
Ё Оллоҳ! Қуръон ўзининг қадрига етмаётган, гарчи уни тиловат қилсалар-да, кўрсатмаларига амал қилмаётган кишилардан - агар улар Ер юзида кўпчиликни ташкил этадиган бўлсалар - аразлаб Яратганнинг ҳузурига қайтиб кетиб қолиши мумкин эканку! Қуръоннинг одамлар ҳаётидан кўтарилиб кетиши Қиёмат жуда-жуда яқин келиб қолганининг белгиси эканку! Илоҳий, ўша кунлар биз яшаётган кунлар бўлмагай! Илоҳий, Ўзинг бизни Қуръонингга яқин қилгин, бу Буюк Неъматингдан бизни маҳрум қилмагин! Бизларни доимо Каломингни ўқиб, унга амал қиладиган бандаларингдан қилгин! Илоҳий, Расулинг айтган мана бу танбеҳни тўғри англаб, тўғри хулоса чиқариб олишимизни Ўзинг биз ожиз қулларингга насиб этгин!
Абдуллоҳ ибн Амр ибнул-Ос ва Ҳузайфа розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинди: Ҳузайфа айтди: “Расуллуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Худди тўннинг безаги эскирганидек Ислом ҳам эскиради, ҳатто, рўза нима, намоз нима, ҳаж нима-ю садақот-закот нима эканлиги номаълум бўлиб қолади. Ана ўшанда бир кечада Оллоҳ таолонинг Китоби олиб чиқиб кетилади ва Ер юзида у Китобдан бир оят ҳам қолмайди. Фақат одамлардан: ”Ота-боболаримизни мана шу “ла илаҳа иллаллоҳ” деб кали-ма келтирганларини билар эдик”, дейдиган бир тоифа қари-қури чол-кампирларгина қоладилар, холос. Улар ҳам намоз нима, рўза нима, ҳаж нима-ю закот нима эканлигини билмайдилар! (“Тафсири КуртубишГдан).

88. Айтинг: «Қасамки, агар бор инсу жин ушбу Куръонни ўхшашини келтириш йулида бирлашсалар-да ва (бу ишда) бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, ҳеч қачон унинг ўхшашини келтира олмаслар».
Оятда инсон ва жинлар зикр қилиниб, малоикалар қавми айтилмаганига сабаб, Қуръоннинг башар сўзи эмас, балки Оллоҳ таолонинг Каломи эканлигини инс ва жин қавмидан чиққан айрим кофир кимсалар инкор қиладилар. Малоикалар эса, барчалари Қуръон Оллоҳнинг Каломи эканлигига иймон келтиргандирлар.
“Ал-Жомеъ лиаҳкомил-Қуръон” ва “Маолимут-танзил” тафсирларида айтилишича, ушбу ояти кариманинг нозил қилинишига айрим мушрикларнинг: “Агар хоҳласак, албатта бизлар ҳам бунга (яъни, Қуръонга) ўхшаган гапни айтган бўлур эдик”, деган сўзлари сабаб бўлган.
Бу ҳақда бошқа бир оятда хабар берилади: “Қачон уларга (кофирларга) Бизнинг оятларимиз тиловат қилинса: «Эшитганмиз, агар хоҳласак, албатта бизлар ҳам бунга ўхшаган гапни айтган бўлур эдик. Бу фақат аввалгилардан қолган афсоналар, холос», дейдилар”. (Анфол сураси, 31-оят).
Дарҳақиқат, мушрик-кофирларнинг орасида ояти каримада мазкур бўлган сўзларни айтган кимсалар ҳам бор эди. Ана шундай даъвогорлардан бири Макка мушрикларидан Назр ибн Ҳорис исмли кимса эдики, муфассир уламоларнинг айтишларича, ояти кариманинг нозил қилинишига ана ўша мушрикнинг айтган сўзлари сабаб бўлган. У кимсанинг касби тижорат бўлгани учун Форс, Рум ва бошқа юртларга қатнаб турар, у жойларда эшитгани - ажамларнинг “Рустами достон”, “Калила ва Димна”, каби афсоналарини ёдлаб олиб, Маккага қайтиб келгач, ўзининг ҳамто-воқларига айтиб берар ва: “Муҳаммаднинг қадимда ўтган умматлар ҳақида айтаётган сўзлари ҳам мана шунга ўхшаган афсоналар”, деб мутлақо ҳақиқат бўлмаган бемаъни даъволар қилар эди. Назр каби ақлсиз ва юзсиз кимсаларнинг Қуръони Азим ҳақида айтган бундай сўзлари асоссиз ва пуч даъво эканини Ҳақ таоло йигирма уч йил мобайнида, яъни, Маккада нозил қилган сураларида ҳам, Мадинада нозил қилган сураларида ҳам қайта-қайта айтиб, улардан агар ростгўй бўлсалар, Қуръон суралари каби бирон сура келтиришни талаб қилди, аммо бутун тарих давомида Қуръ-оннинг сураси эмас, ҳатто бир оятига ўхшаган бирон сўзни бирон кимса айта олгани йўқ ва ҳеч қачон айта олмайди ҳам! Бас, ҳар бир ақли-ҳуши жойида бўлган одамга аниқ маълум бўладики, Қуръони Карим тенгсиз ва мислсиз Илоҳий Каломдир.
Ҳақ таоло Каломуллоҳни инкор қиладиган кофирларга қарата бундай дейди: “Ушбу Куръон Оллоҳдан ўзга биров томонидан тўқилган бўлиши мумкин эмас. Балки, У Ўзидан аввалги (Таврот, Инжил каби) Нарсаларни тасдиқловчи ва (Шариат хукмларидан иборат) муфассал Китобдир. (Бу Китоб) бутун оламлар Парвардигори томонидан келгандир ва (ҳақ эканлигига) шак-шубҳа йўқдир. Ёки: «Уни (Муҳаммад) тўқиб чиқарган», дейдиларми?! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «У ҳолда агар ростгўй бўлсангизлар, Оллоҳни қўйиб кучларингиз етган барча бутларни (ёрдамга) чорлаб шу (Қуръон)га ўхшаш биргина сура келтирингизлар!» Йўқ, улар Куръон илмини эгалламасдан ва уларга унинг таъвил - моҳияти аён бўлмасдан туриб «ёлғон», дедилар. Улардан аввалгилар ҳам (ўз пайғамбарларининг сўзларини) мана шундай «ёлғон», деган эдилар. Мана энди ундай золим кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг!” (Юнус сураси, 37-39-оятлар). “Агар Биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсангизлар, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринглар ва Оллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринглар - агар ростгўй бўлсангизлар. Энди агар бундай қилолмасангизлар - ҳаргиз қилолмайсизлар ҳам - у ҳолда кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзахдан қўрқингларки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир. (Бақара сураси, 23-24-оятлар).
Ҳақиқатан, Қуръони Карим Оллоҳ таолонинг энг улуғ Мўъжизасидир. Оллоҳ таоло барча пайғамбарларига мўъжизалар юборган, лекин бирон пайғамбарга Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга юборган Қуръонидек Мўъжизани юбормаган.
Ушбу Буюк Калом фасоҳат ва балоғатда (гўзаллик ва комилликда) шундай олий мақомдаки, бу юксакликка кўтарилиш башар тоқатидан ташқари бўлган бир ишдир. Қуръон Илоҳий Мўъжиза эканини тасдиқловчи далиллар саноқсиздир:
- Қуръоннинг ҳали бўлмаган ишлар ҳақида хабар бериши ва у ишлар кейин худди Қуръонда айтилгандек рўёбга чиқиши;
- Қуръон қанча такрорланмасин, эшитган қулоққа ҳеч қачон малол келмаслиги;
- Қуръонда ушбу Китоб нозил қилинган замонда на араб ва на ажамга маълум бўлмаган шундай илмлар жамланганки, асрлар ўтиб ўша илмлар кашф этилди ва кашф этилмоқда;
- Қуръон узоқўтмиш ва қадим тарихдан хабар беради. Ҳолбуки, Қуръон нозил қилинган зот, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайдиган уммий - саводсиз киши эдилар. Оллоҳ таоло ўша кишини Ўзининг сўнгги Элчиси қилиб танлади ва унга бошқа ҳеч кимга бермаган буюк Илоҳий Билимни - Қуръони Каримни берди.

89. Аниқки, Биз ушбу Куръонда инсонлар учун барча мисол-ибратлардан қайта-қайта баён қилдик. (Лекин) одамларнинг кўплари фақат куфрнигина ихтиёр этдилар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Китобини шарафлаб Қуръони Каримда инсонлар учун - улар дунё ва Охиратда бахтли ҳаёт кечиришлари учун зарур бўлган барча мисол, ибрат ва ҳикматларни қайта-қайта баён қилиб берганини, баён қилганда ҳам, улар осон қабул қилишлари учун ҳар бир ҳукмни, буйруқни, қайтариқни, олис-яқин ўтмиш хабарларини, келажақца дунё ва Охиратда бўладиган воқеа-ҳодисаларни, жаннат ва дўзах аҳволини бениҳоя фасоҳат ва балоғат билан, худди бир гўзал масал янглиғ киши ёдидан чиқмайдиган суратда баён қилиб берганини, аммо инсонларнинг аксари қисми ушбу Китобдаги ўзлари ўта муҳтож бўлган Сўзни қабул қилмасдан - Қуръон Оллоҳнинг Каломи эканлигига иймон келтирмасдан, фақат куфрни танлаганларини, яъни, аниқ-равшан Ҳақи-қатни ҳеч ўйламасдан, ақл юргизмасдан инкор этганларини айтади. Дарҳақиқат, ҳозир ҳам, ушбу ояти карима инсонларга етганидан бир минг тўрт юз йил ўтганидан кейин ҳам одамларнинг аксариси Каломуллоҳдан - ҳамма нарса очиқ-ойдин ва бениҳоя гўзал тарзда баён қилинган Қуръони Азимдан юз ўгириб, ўзлари ўйлаб топган куфр ва залолат йўлларида адашиб-улоқиб юрибдилар. Макка мушриклари ҳам худди шундай куфрни танлаган эдилар.

90-91-92-93. Улар дедилар: «Токи бизлар учун Ерни ёриб, (ҳеч тўхтамай турадиган) бир чашма чиқариб бермасанг, биз сенга ҳаргиз иймон келтирмаймиз. Ё сенинг хурмозор ва узумзор боғинг бўлиб, унинг ўртасидан ёриб-очиб дарёларни оқизиб қўймагунингча; ёки ўзинг бизга даъво қилганингдек, осмонни устимизга парча-парча қилиб туширмагунингча; ёки Оллоҳни ва тўп-тўп фаришталарни олдимизга келтирмагунингча; ёки сенинг олтиндан (қурилган) бир уйинг бўлмагунича, ёхуд ўзинг (кўз олдимизда) осмонга кўтарилмагунингча (ҳаргиз сенга иймон келтирмаймиз). Токи, бизларга (ҳар биримизга) биз ўқийдиган (ва сенга эргашишимиз буюрилган) китоб туширмас экансан, бу (осмонга) кўтарилишингга ҳам ҳаргиз ишонмаймиз». Айтинг: «Парвардигорим, (ҳар қандай айбу нуқсондан) Покдир, мен эса, фақат элчи-пайғамбар бўлган бир одамдирман».
Ушбу оятлар нозил қилинишига сабаб бўлган воқеа ҳақида Икрима Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган мана бу кўламли ҳадисда ҳикоя қилинади: Макка зодагонларидан Утба ибн Рабийъ, Шайба ибн Рабийъ, Абу Суфён ибн Ҳарб, Назр ибн Ҳорис, Абул-Бухтарий ибн Ҳишом, Асвад ибн Абдул-Мутталиб, Замъа ибнул-Асвад, Валид ибнул-Муғийра, Абу Жаҳл ибн Ҳишом, Абдуллоҳ ибн Абу Умайя, Умайя ибн Халаф, Ос ибн Воил ва Ҳажжожнинг икки ўғли - Набийҳ ва Мунаббиҳ ўзларига қарашли кимсалар билан кун ботганидан кейин Каъба ортида тўпланишиб, бир-бирларига: “Муҳаммаднинг олдига одам юборинглар, уни мана шу ерга олиб келсин ва сизлар у билан сўзлашиб, то тавбасига таяниб кечирим сўрамагунича баҳс-мунозара қилинглар”, деб маслаҳатлашдилар. Сўнг уларнинг юборган одами: “Қавмнинг катталари сен билан гаплашиб олиш учун тўпланишди”, деб келганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ажабмас, уларга менинг ишим аён бўлса, деган ўй билан шошганларича келдилар. Чунки у зот қавмлари Тўғри Йўлга юришларини жуда-жуда хоҳлар эдилар. Пайғамбар алайҳис-салом у қавмнинг олдига келиб ўтиришлари билан улар: “Эй Муҳаммад, биз агар сен хатоларингни бўйнингга олсанг кечириш учун олдингга одам юбориб чақиртирдик. Чунки биз, Оллоҳга қасамки, араблардан сен ўз қавмингга қарши қилган иш каби ўз қавмига қарши иш қилган бирон кимсани билмаймиз. Сен ота-боболаримизни ҳақорат қилдинг, динимизни айбладинг, бизларни ақлсиз деб камситдинг, илоҳларимизни сўкдинг, жамоатимизни иккига бўлиб юбординг. Сен билан бизнинг ўртамизда сен қилмаган бирон қабиҳ иш қолмади. Энди агар сен бу сўзларингни мол-дунё истаб сўзлаётган бўлсанг, биз сен учун мол-мулкларимиздан тўплаб берайлик, токи ичимиздаги энг бой одам бўлгин, агар сен улуғ мартабани истаётган бўлсанг, сени ҳаммамизга бошлиқ қилиб сайлайлик, агар подшоҳликни хоҳласанг, сени подшоҳ деб эълон қилайлик, агар сенга келган бу иш Раийдан (яъни, жин томонидан) бўлиб, уни қайтаришга кучинг етмаётган бўлса - кўпинча шундай бўлиб туради - у ҳолда биз бор мол-мулкларимизни сени тузатиб олиш учун табиб излашга сарфлайлик ва агар тузалмасанг сени узрлик деб санаб, оқлаб олайлик”, деган эдилар, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Менда сизлар айтаётган нарса йўқ. Мен сизларга келтирган нарсани сизлардан мол-дунё ёки юқори мартаба истаб келтирганим йўқ, сизларга подшоҳ бўлишни ҳам истамайман. Лекин мени Оллоҳ сизларга Элчи қилиб юборди, менга Китоб нозил қилди ва менга сизларнинг мўминларингизга жаннат ҳақида хушхабар бергувчи, кофирларингизни дўзах ҳақида огоҳлантирувчи бўлишни буюрди. Ва мен сизларга Роббимнинг Рисолатини етказдим ва сизларга холис насиҳатлар қилдим. Бас, агар сизлар мендан бу сўзларимни қабул қилиб Ҳақ Йўлга юрсаларингиз, бу сизларнинг дунё ва Охиратдаги насибаларингиз бўлур, агар рад қиладиган бўлсаларингиз, у ҳолда токи Оллоҳнинг Ўзи мен билан сизларнинг ўрталарингизда ҳукм қилгунича Унинг Амрига сабр қилурман”, дедилар. Шунда улар айтдилар: “Эй Муҳаммад, агар сен биз сенга кўндаланг қилган таклифларимиздан биронтасини қабул қилгувчи бўлмасанг, у ҳолда сенга маълумки, одамлар орасида биздан кўра юрти торроқ, суви озроқ ва турмуши оғирроқ биров йўқдир. Бас, сен биз учун сени пайғамбар қилиб юборган роббингдан илтижо қилиб сўрагин, у бизларни чор-атрофдан сиқиб турган мана бу тоғларни жойидан жилдириб шаҳримизни кенгайтириб берсин ва ва унда худди Шом, Ирокдаги каби дарёларни пайдо қилиб оқизиб кўйсин, яна у бизларга ўтиб кетган ота-боболаримизни ҳам тирилтириб берсин ва ўша тирилтирганлари орасида албатта бобомиз Қусай ибн Килоб ҳам бўлсин - у жуда ростгўй оқсоқол эди. Бас, биз улардан сен айтаётган сўзлар ростми ёки ёлғонми эканлигини сўраб оламиз. Агар улар сени тасдиқлашса, биз ҳам сени ҳақ пайғамбар деб тасдиқлаймиз. Бас, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Мен бунинг учун пайғамбар қилиб юборилганим йўқ. Мен зиммамдаги етказишим керак бўлган нарсани сизларга етказдим. Агар сизлар мендан бу сўзларимни қабул қилсангизлар, бу сизларнинг дунё ва Охиратдаги насибаларингиз бўлур, агар рад қиладиган бўлсаларингиз, у ҳолда Оллоҳнинг Амрига сабр қилурман”, деган эдилар, улар айтдилар: “Агар сен бу ишни қила олмасанг, у ҳолда роббингдан сўрагин, бизга сени тасдиқлайдиган бир фариштани юборсин, яна ундан сен учун боғлар, қасрлар ва олтин-кумуш хазиналарини ато этишини ҳам сўрагин, сени бизлар кўриб турган аҳволингдан - фақирликдан чиқариб, бой-беҳожат қилиб кўйсин. Чунки сен ҳам худди бизларга ўхшаб тирикчилик кўйида бозорларда юрибсан”.
Пайғамбар алайҳис-салом: “Мен бунинг учун пайғамбар қилиб юборилганим йўқ. Лекин Оллоҳ мени хушхабар бергувчи ва огоҳлантирувчи қилиб юборди”, дедилар.
Улар айтдилар: “У ҳолда бизларнинг устимизга осмонни бўлак-бўлак қилиб ташлаб юбор. Ахир сен агар роббинг хоҳласа шундай қила олиши-ни иддио қиласанку! Бас, токи сен шу ишни қилмайдиган бўлсанг, ҳаргиз сенга иймон келтирмаймиз”.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Бу иш Оллоҳ азза ва жалланинг Ўзига ҳавола. Агар У сизларга шу ишни қилишни хоҳласа, албатта қилади”, дедилар.
Шунда улардан бир айтгувчи айтди: “Токи сен Оллоҳни ва тўп-тўп фаришталарни олдимизга келтирмагунингча биз ҳаргиз сенга иймон келтирмаймиз”.
Қачонки улар мана шу сўзни айтишгач, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам ўринларидан турдилар. У зотнинг ортидан аммалари Отика бинти Абдул-Мутталибнингўғли Абдуллоҳ ибн Абу Умайя ҳам туриб: “Эй Муҳаммад, қавминг сенга ўз таклифларини кўндаланг қилишди, аммо сен қабул қилмадинг, сўнгра сендан ўзлари учун бир қанча ишларни сўрадилар - ўша ишлар билан сенинг Оллоҳ таоло ҳузурида тутган манзилат-мартабангни билмоқчи бўлдилар, аммо сен улар айтган ишларни қилмадинг, сўнгра сендан ўзинг уларни қўрқитадиган азоб-уқубатларни нақд қилишингни сўрадилар, аммо сен буни ҳам қилмадинг. Энди мен, Оллоҳ-га қасам, токи сен бир нарвон топиб, менинг кўз ўнгимда самога чиқиб етмагунингча ва у жойдан ўзинг билан бирга бир очиқ ҳолда ёзилган саҳифани ҳамда сен айтаётган сўзларнинг ҳақ эканлигига гувоҳликка ўтгувчи бир жамоат фаришталарни олиб тушмагунингча сенга ҳеч ҳам иймон келтирмайман. Азбаройи Худо, агар сен ана ўша мен айтган ишларни қилган тақдирингда ҳам, ўйлайманки, сени ҳақ пайғамбар деб тасдиқламайман”, деди ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан юзини ўгирганича кетди. Расулуллоҳ ҳам ўз қавми-қариндошлари томонидан кўрган бу қадар қаршиликдан бениҳоя ғамгин ҳолда бурилиб кетар эканлар, Оллоҳ таоло у зотга мазкур оятларни нозил қилди ва “Парвардигорим (ҳар қандай айбу нуқсондан) Покдир, мен эса фақат элчи-пайғамбар бўлган бир одамдирман”, дейишни буюрди. (“Маолимут-танзил” ва “Ал-Жомиъ лаҳкомил-Қуръон ” тафсирларидан).
Тарихдан жуда яхши маълумки, Оллоҳ таоло Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга Қуръон, ойнингўртасидан иккига бўлиниши, панжалари орасидан қайнаб тошиб чиққан чашма ва бошқа буюк оят-мўъжизаларни ато этдики, у беназир мўъжизалар анави мушриклар талаб қилган нарсалардан тамоман беҳожат қилар эди. Қолаверса, у қавмнинг кўпчилиги ўта саркаш-қайсар кимсалар эдики, уларнинг қасди иймон келтириш учун далил исташ эмас, балки Оллоҳнинг Элчиси устидан масхара қилиб кулиш эди. Юқорида зикр қилинган Абдуллоҳ ибн Умайянинг: “Азбаройи Худо, агар сен ана ўша мен айтган ишларни қилган тақдирингда ҳам, ўйлайманки, сени ҳақ пайғамбар деб тасдиқламайман”, деган сўзлари ҳам у мушрикларнинг мақсади иймон келтириш эмаслигини аниқ кўрсатиб турибди. Шунинг учун ҳам Оллоҳ таоло уларнинг сўраганларини рад этди.

94-95. Одамларга Ҳидоят келган пайтида, иймон келтиришларидан тўсган нарса фақат уларнинг: «Оллоҳ (фаришталарни эмас, балки) одамзотни элчи қилиб юборибдими?!», деган сўзлари бўлди. Айтинг: «Агар Ерда (одамлар эмас, балки) фаришталар маскан тутиб юрганларида эди, албатта Биз, (яъни, Оллоҳ) уларга осмондан фариштани элчи қилиб туширган бўлур эдик».
Яъни, қадимдан инсон зотининг кўпчилигини, жумладан Макка мушрикларини ҳам Оллоҳ таолога иймон келтиришдан, Унинг элчиларига ибодат этишдан тўсган нарса, уларга Оллоҳ таолонинг элчилари Илоҳий ваҳийни етказган пайтларида ўзлари учун Ҳидоят, нажот ва икки дунё саодати бўлмиш Тўғри Йўлни қабул қилиш ўрнига “нега бу сўзларни бизга фаришталар эмас, ўзимизга ўхшаган, орамизда юрган одамлар етказади?” дейишлари бўлди. Улар элчи ўзи юборилган қавмдан бўлиши мантиққа мувофиқ эканлигини, яъни, Ерда инсонлар яшаганлари учун уларга ўзлари каби инсонлар элчи қилиб юборилиши тўғри бўлишини, агар фаразан Ерда фаришталар яшаганларида уларга ўз жинсларидан бўлган фаришталар юборилиши мақсадга мувофиқ бўлишини англамадилар, аниқроғи, англашни истамадилар.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “Ёки одамлар учун ўзларидан бўлган бир кишига (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломга, кофир) кимсаларни (Оллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг, иймон келтирган зотларга эса албатта улар учун Парвардигорлари ҳузурида чин пешқадамлик (яъни, юксак мартаба) борлиги ҳақида хушхабар етказинг, деб ваҳий юборганимиз қизиқ туюлдими?! Кофирлар: «Дарҳақиқат, бу (яъни, Муҳаммад) аниқ сеҳргардир», дедилар”. (Юнус сураси, 2-оят).
Ибн Жарир Табарий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, қачонки Оллоҳ азза ва жалла Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни Элчи қилиб юборганида, мушриклар: “ОллоҳУнинг элчиси башар бўлишидан улуғроқ, яъни, оддий одамни элчи қилиб юбориш Оллоҳнинг шаънига тўғри келмайди”, дейишди. Шунда ушбу ояти карима нозил бўлди.
Шунингдек, улар: “Таажжуб, Оллоҳ одамларга элчи қилиб юбориш учун мана шу Абу Толибнинг етимидан бошқани топа олмабди-да?! дейишар эди. Мушрикларнинг бу каби сўзлари уларнинг ҳамоқат ва жаҳолатда чекдан ошган кимсалар эканликларига далолат қилади. Мушриклар агар ажабланадиган бўлсалар, Оллоҳ таоло Ўзининг Элчиси қилиб одамлар орасидан энг муносиб Инсонни танлаганидан эмас, балки ўзларининг ва ота-боболарининг оддий ёғоч, тош ва темир-терсаклардан бут ясаб олиб, ўша жонсиз бутларга сиғиниб дуо-илтижо қилишларидан ажаблансалар бўлар эди.
Ҳақ таоло бу каби жоҳил кимсаларга яна бошқа бир оятда шундай жавоб қилган: “Агар унинг (Пайғамбарнинг) ўзини фаришта қилсак ҳам, уни эр киши (яъни, инсон суратида) қилган бўлур эдик ва уларга ноаниқ ҳолда турган нарсани яна хиралаштирган бўлур эдик”. (Анъом сураси, 9-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, фаришталар нурдан яратилган бўлганлари учун агар инсон суратига киритилмаса, кишилар уларни кўра олмайдилар. Инсон суратида кўрганларида эса фа-ришта эканлигига ишонмайдилар.
Қуръони Азимда зикр қилинган айрим пайғамбарлар тарихига назар ташланса, Ҳақ таолонинг Амри билан уларнинг олдига тушган фаришталар инсон суратида келганлар. Масалан, Иброҳим ва Лут алайҳимас-саломларнинг олдиларига келган фаришталар ёш йигитлар суратида келганлар: «(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сизга Иброҳимнинг иззат-икромли меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими? Ўшанда улар (Иброҳимнинг) ҳузурига кириб, «Салом», дейишган эди, у ҳам: «Салом, (Булар) нотаниш қавм-ку», деди. Сўнг у аста оиласи олдига чиқиб, (қовурилган) бир семиз бузоқни келтирди-да, уни уларга яқин қилиб, «(Таомдан) емайсизларми?», деди. (Лекин меҳмонлар овқатга кўл чўзишмагач), улардан хавфсирай бошлади. (Шунда) улар: «Курқмагин. (Бизлар фаришталармиз, шунингучун таом емаймиз)», дедилар ва (Иброҳимга) бир доно ўғил хушхабарини бердилар.» (Ваз-Зариёт сураси, 24-28-оятлар).
«Энди қачонки Лут хонадонига элчиларимиз келгач, у (Лут) деди: «Аниқки, сизлар нотаниш қавмсиз». Улар дедилар: «Йўқ, (биз Оллоҳнинг элчи-фаришталаримиз). Биз сенга улар (яъни, қавминг) шак-шубҳа қилаётган нарсани (яъни, Оллоҳнинг азобини) келтирдик.» (Ҳижр сураси, 61-63-оятлар). Довуд алайҳис-саломнинг олдига келган икки фаришта ҳам жанжаллашаётган икки киши суратида келганлар. Бу ҳақда Сод сурасида зикр қилинади.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига Жаброил алайҳис-салом гоҳо Диҳя Калбий исмлик саҳобий суратида ваҳий олиб келар эди.
Демак, оддий инсонлар эмас, ҳатто Оллоҳ таолонинг элчилари ҳам фаришталарни ўз суратида кўришга қодир бўлмаганлари учун улар инсон суратида кўринар эдилар.
Пайғамбарлар орасидан фақат Ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламгина Жаброил алайҳис-саломни икки марта асил суратида кўрганлар.
Термизий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо айтди: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Жаброилни фақат икки марта аслий суратида кўрганлар. У баҳайбатлигидан бутун уфқни тўсиб қўйган эди, олти юз қаноти бор эди”.
Ояти каримада Ҳақ таоло агар одамларга фариштани пайғамбар қилиб жўнатган бўлганида ҳам эркак киши суратида жўнатишини айтар экан, бу иборада Оллоҳнинг элчилари фақат эркаклардан бўлиши, аёллардан пайғамбар чиқмаганига ҳам ишора бордир.

96. Айтинг: «Мен билан сизларнинг ўртамизда Оллоҳнинг Ўзи етарли Гувоҳдир. Албатта У бандаларидан Хабардор ва Кўриб тургувчи бўлган Зотдир».
Жаноби Ҳақ гўё шундай дейди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз, олдингизга келиб: “Сен Оллоҳнинг элчиси эмассан, чунки сен бизлар талаб қилган: ўликни тирилтириб бериш, тоғни жойидан жилдириш, сахрони бир зумда боғ-чаманзорга айлантириш каби мўъжизаларни кўрсата олмадинг”, дейдиган мушрик-кофирларга айтинг: “Мен ўзимнинг Ҳақ Пайғамбар эканлигимни исботлаш учун сизлар каби жоҳил-нодонларнинг гувоҳлик беришларингизга мутлақо муҳтож эмасман. Менга Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг: “Муҳаммадун Расулуллоҳ - Муҳаммад Оллоҳнинг Элчисидир”, деб берган гувоҳлиги етарлидир: “У (Оллоҳ) Ўз Пайғамбари (Муҳаммад алайҳис-салом)ни Ҳидоят ва Ҳақ Дин (Ислом) билан, у (Дин)ни барча (дин)ларга ғолиб-устун қилиш учун юборган Зотдир. Оллоҳнинг Ўзи (ушбу ваъдасининг рўёбга чиқишига) етарли Гувоҳдир. Муҳаммад Оллоҳнинг Элчисидир”. (Фатҳ сураси, 28-29-оят)
Энг Улуғ Гувоҳ - Оллоҳ, энг аниқ ҳужжат Қуръон эканлиги ҳақида бошқа сураларда ҳам айтилгандир: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг (сўранг): «Қай нарса (менинг ҳақ Пайғамбар эканимга) энг улуғ гувоҳ бўлур?» Айтинг: «Оллоҳ мен билан сизларнинг ўртамизда Гувоҳдир. Сизларни ва (Қуръон) етиб борган (барча) кишиларни (Охират азобидан) огоҳлантиришим учун менга - мана шу Куръон ваҳий қилинди. Сизлар чиндан Оллоҳ билан бирга бошқа илоҳлар ҳам бор, деб гувоҳлик берасизларми?» Айтинг: «Мен бундай гувоҳлик бермайман!» Айтинг: «Ҳеч шак-шубҳасиз, У (Оллоҳ) Ёлғиз Илоҳдир. Албатта мен сизларнинг ширкингиздан покман». (Анъом сураси, 19-оят).
“Тафсири Қуртубий”да айтилишича, ушбу ояти карима мушриклар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: “Эй Муҳаммад, сенинг Расулуллоҳ - Оллоҳнинг Элчиси эканингга ким гувоҳлик бера олади?”, дейишганида нозил бўлгандир.
Ҳақ таоло Ўз Расулига ўша мушриклардан кимнинг гувоҳлиги тўғрироқ, холисроқ ва аниқроқ эканини сўрашни, агар улар бу саволга жавоб бера олмасалар, у ҳолда ўзлари жавоб бериб: “Оллоҳ мен билан сизларнинг ўртамизда Гувоҳдир”, деб айтишни буюрди.
Яъни, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Расулуллоҳ эканига энг улуғ Гувоҳ - Оллоҳ таолонинг Ўзи гувоҳликка ўтди. Албатта Оллоҳнинг гувоҳлиги энг улуғ, энг тўғри, энг холис ва аниқ Гувоҳликдир.

97. Оллоҳ кимни ҳидоят қилса, ана ўша ҳидоят топгувчидир. У Зот кимни йўлдан оздирса, бас, Сиз улар учун Ундан ўзга дўст-мададкорларни топа олмассиз, Биз Қиёмат Кунида уларни кўр, соқов ва кар бўлган ҳолларида юзлари билан (юргазиб маҳшаргоҳга) тўплаймиз. Уларнинг борар жойлари жаҳаннамдир. Ҳар қачон (жаҳаннам ўти) сусайса, Биз уларга оловни зиёда қилурмиз.
Ушбу ояти карима ақидада аҳли суннат ва вал-жамоат, яъни, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг суннатларида - тутган Йўлларида барқарор бўлган жамоат сафидан четланган “мўътазила” оқимига қарши Илоҳий Раддиядир. Улар: “Ҳидоят ҳам, залолат ҳам, яъни, Тўғри Йўлга юриш ҳам, адашиш ҳам инсон ихтиёридаги иш”, деб даъво қиладилар. Аҳли суннат вал-жамоат эса, ушбу ояти каримага ва айни мазмунни ифодаловчи қатор бошқа оятларга асосланиб: “Ҳидоят ҳам, залолат ҳам Ёлғиз Оллоҳнинг Қўлида, фақат У ҳидоят қилган инсонгина Тўғри Йўлда бўлади. У Зот йўлдан оздирган кимсалар эса ҳарчанд уринмасинлар, Тўғри Йўлни топа олмайдилар, балки ўз залолатларини Тўғри Йўл деб билганлари учун Тўғри Йўлни топишга уринмайдилар хдм, демак, бир умр залолат ботқоғида адашиб-улоқиб юриб, дунё ва Охиратда зиён кўргувчилардан бўлиб қоладилар”, дейдилар.
Бу ҳақиқатдир. Чунки ҳар бир иш Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ҳоҳиш ва Иродаси билан бўлади, яъни, У хоҳлаган нарсагина бўлади, У хоҳламаган нарса ҳеч қачон бўлмайди.
Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан жуда кўп муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Албатта ҳамд-сано Оллоҳ учундир. Биз Унга ҳамд айтамиз, Ундан мадад тилаймиз, Ундан мағфират сўраймиз. Биз Оллоҳга ўз нафсимизнинг ёмонликларидан ва амалларимизнинг гуноҳларидан, яъни, гуноҳ ишлар қилишимиздан паноҳ беришини сўраб илтижо қиламиз.
Оллоҳ кимни ҳидоят қилса, уни адаштиргувчи йўқдир, У Зот кимни йўлдан оздирса, уни ҳидоят қилгувчи йўқдир. Гувоҳлик бераманки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Ёлғиз Оллоҳнинг Ўзи бордир. Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир, гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Унинг Қули ва Элчисидир”.
Агар эътибор қилсак, ояти каримада “ҳидояттопгувчи” калимаси бирлик шаклида, “зиён кўргувчилар” эса кўплик шаклида айтилди. Уламолар: “Оятдаги бу услуб Ҳидоят - Тўғри Йўл Танҳо эканига, залолатнинг эса турлари жуда кўп эканига далолат қилади”, дейдилар.
“Биз Қиёмат Кунида уларни кўр, соқов ва кар бўлган ҳолларида юзлари билан (юргазиб маҳшаргоҳга) тўплаймиз”.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Бир киши: “Ё Расулуллоҳ, Қиёмат Кунида кофир юзи билан юргазиладими?” деб сўраган эди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Уни икки оёғида юргазиб қўйган Зот юзи билан юргазишга Қодир бўлмайдими?” дедилар. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти. “Тафсири Куртубий”дан).
Имом Аҳмад Ҳузайфа ибн Усайддан ривоят қилган ҳадисда айтили-шича, Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу шундай деди: “Менга ростгўй ва сўзи ростлиги тасдиқланган зот - Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Албатта, Қиёмат Кунида одамлар уч тоифа бўлиб маҳ-шаргоҳга тўпланадилар: бир тўп отлиқ ҳолларида, қоринлари тўқ, устлари бут бўлади, яна бир тўп яёв ҳолларида, югурганларича келадилар, яна бир тўп эса, юзтубан ҳолда бўлиб, фаришталар уларнинг юзларини ерга судраганча дўзахга тўплайдилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
“Улар юзтубан ҳолларида дўзахга судраладиган Кунда (уларга): «Дўзах азобини тотиб кўринглар!», (дейилур)”. (Қамар сураси, 48-оят).
Жаҳаннам аҳли, гарчи ҳаёти дунёда кўргувчи, сўзлагувчи ва эшитгувчи бўлсалар-да, Қиёмат Кунида кўр, соқов ва карга айланиб қолишларига сабаб, улар Оллоҳ таоло ато этган кўриш, сўзлаш ва эшитиш неъматлари-дан тўғри фойдаланмай ўтдилар - Ҳақ Йўлни кўрмадилар, Ҳақ Сўзни сўзламадилар ва унга қулоқ ҳам солмадилар. Бас, энди Охиратда бундай кимсалар кўзларини қувонтирадиган Нажот йўлини топа - кўра олмайди-лар, Ҳақ таоло ҳузурида қабул бўладиган сўзни сўзлай олмайдилар ва дилларига ором берадиган бирон сўз эшитмайдилар, худди мана бу оятда айтилганидек: “Кимки ушбу (дунё)да кўр-гумроҳ бўлса, бас, у Охиратда ҳам кўр ва бутунлай йўлдан озгувчидир”. (Ал-Исро сураси, 72-оят).
“Уларнинг борар жойлари жаҳаннамдир. Ҳар қачон (жаҳҳаннам ўти) сусайса, Биз уларга оловни зиёда қилурмиз”.
“Бас, (эй кофирлар, Бизнинг азобимизни) тотиб кўринглар! Энди Биз сизларга фақат азобнигина зиёда қилурмиз!” (Набаъ сураси, 30-оят).

98. Бу (азоб) - Бизнинг оятларимизга кофир бўлганлари ҳамда: «Суяк ва чирик (мурда)ларга айланиб кетган вақтимизда яна янгит-дан яралиб қайта тирилгувчи эканмизми?!» деганлари сабабли, уларга берилган жазодир.
Яъни, уларнинг мазкур жаҳаннам азоби билан жазоланишларига сабаб, биринчидан, Оллоҳ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга юборган оятларига иймон келтирмаганлари бўлса, иккинчидан, ҳар бир инсон ўлиб, тупроққа айланганларидан сўнг албатта қайта тирилишини, ҳисоб-китоб қилинишини ва жаннат ёки дўзахга ҳукм қилинишини инкор қилганларидир.
Бу ҳақда суранинг 49-оятида ҳам айтилган бўлиб, алоқадри ҳол тафсир қилиб ўтдик.
Энди, қуйидаги оятда Ҳақ таоло кофирларнинг қайта тирилиш ҳақида айтган сўзларига ҳеч бир ақл-ҳуши бор инсон инкор қила олмайдиган далил билан жавоб қилади -

99. Ёки улар (яъни, кофир кимсалар) осмонлар ва Ерни яратган Оллоҳ инсонлар каби (кичик ва заиф мавжудот)ларни қайтадан яратишга албатта Қодир Зот эканлигини кўрмадиларми - билмадиларми?! Унинг Ўзи улар учун шак-шубҳасиз бўлган ажални белгилаб қўйгандир. Бас, у золим кимсалар фақат куфргагина рози бўлдилар.
Ояти кариманинг аввалги жумласида Охират борлигига иймон келтирмаган кимсалар ҳақида сўз боради.
Яъни, ўша Охиратда қайта тирилиш ҳақ эканлигини инкор қилаётган ва “суякларимизгача чириб кетганидан кейин қандай қилиб қайта тириламиз?” деяётган кофир кимсалар кўз ўнгларидаги осмонлар ва Ерни шундай буюк махлуқотларни йўқдан бор қилган Оллоҳ уларга нисбатан минг-минг баробар кичик ва заиф бўлган инсон кабиларни чириган жасадларига қайтадан жон киритишга албатта Қодир эканлигига ақллари етмадими?!
Ўта муҳим бўлган бу мавзу бошқа оятларда янада очиқроқ баён қилинади: “Шак-шубҳасиз, осмонлар ва Ерни яратиш инсонларни яратишдан каттароқ (иш)дир. Лекин кўп одамлар билмайдилар”. (Ғофир сураси, 57-оят).
Кофирларга: «Осмонлар ва Ерни ким яратган?», дейилса: «Оллоҳ», дейдилар-у, аммо «Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида барча инсонни қайта тирилтиради», дейилса, ишонмайдилар. Мазкур ояти карима ана ўшаларга берилган танбеҳдир.
“(Эй мушриклар), сизларни яратиш қийинроқми ёки осмонними?! (Яъни, бутун Ер куррасининг атрофини ўзга сайёралардан бирон зиён ет-маслиги учун том - осмон билан қоплаб қўйишга Қодир бўлган Зот учун сизларни яратиш ёки қайта тирилтириш ҳеч гап эмас-ку! Оллоҳ) уни бино қилди”. (Ван-нозиот сураси, 27-оят).
“Унинг Ўзи улар учун шак-шубҳасиз бўлган ажални белгилаб қўйгандир”.
Яъни, ҳар бир инсонни Ўзи хоҳлаган соатда дунёга келтирган Оллоҳ таоло уларни дунёдан кетказиш учун ва жасадларига яна қайтадан жон киритиш - тирилтириш учун ҳам ҳеч шак-шубҳасиз келадиган аниқ ажал-муддатни белгилаб кўйдики, ҳар бир инсон ана ўша белгилаб қўйилган ажали битган соатда - ундан бир сония аввал ҳам кейин ҳам эмас - ўлади ва қайта тирилиш учун белгилаб кўйилган ажал етиб келган соатда барча инсонлар қайта тириладилар. Бу аён Ҳақиқатдир.
Аммо куфр келтириш билан ўз жонларига жабр-зулм қилган кимсалар ушбу Ҳақиқатдан тамомила юз ўгирдилар ва куфрдан бошқа барча нарсадан бош тортдилар. Оқибат-натижада жаҳаннамнинг мангу азобига гирифтор бўлдилар.

100. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, у мушрикларга) айтинг: «Агар фаразан сизлар Парвардигоримнинг раҳмат-ризқ хазиналарига эга бўлганларингизда, ўшанда ҳам (уни) ишлатишдан (тугатиб қўйишдан) қўрқиб, мумсиклик - бахиллик қилган бўлур эдингизлар». Инсон (табиатан шундай) бахилдир.
Ушбу ояти каримада аввало Охират борлигига иймон келтирмайдиган ва у диёрда бериладиган ажр-савобга ишонмайдиган мушрик-кофир кимсаларга, қолаверса, барча инсонларга хитоб қилиниб, инсон табиатига жуда қаттиқ ўрнашиб олган иллат - очкўзлик ва бахиллик ҳақида сўз боради ва Пайғамбар алайҳис-саломга “Токи бизлар учун Ерни ёриб, (ҳеч тўхтамай оқиб турадиган) бир чашма чиқариб бермасанг, биз сенга ҳаргиз иймон келтирмаймиз”, (90-оят) деган мушриклар каби кимсаларга жавобан гўё шундай дейилади: “Агар сизлар тўхтамай оқиб турадиган чашмаларгагина эмас, балки Парвардигоримнинг ҳеч қачон тугаб қолмайдиган ризқ хазиналарига эга бўлсангизлар ҳам, барибир тугаб қолади деб қўрққанларингиз учун уни ишлатмасдан бахиллик қиласизлар. Инсон табиатан шундай бахилдир”.
Чунки инсон яралишида муҳтож қилиб яратилди ва муҳгож бўлган нарсасини аяш, хасислик қилиш унинг ажралмас табиатига айланди. Шунинг учун ҳам дунёда инсонки бор, ўз манфаатини кўзлаб иш қилади. Агар у бировга бирон нарса берса ҳам, берганидан каттароқ нарса ёки мақтов ёки савоб қайтиб келишини кўзлаб беради. Бас, Оллоҳ таолонинг бандаларига улардан ҳеч қандай эваз кутмасдан сон-саноқсиз неъматларини ато этиши олдида инсон нақадар бахил ва хасис эканлиги жуда очиқ кўринади. Бу табиийдир. Чунки инсоннинг ўзи каби қўлидаги нарсаси ҳам чекли, тугаб қолгувчидир, Оллоҳ таолонинг хазиналари эса, чексиз ва туганмасдир.
Бу ҳақда “Саҳиҳайн”да келган ҳадиси шарифда ҳам айтилган: “Оллоҳнинг Қўли доимо тўладир, уни кеча-ю кундуз қилинган инфоқ-эхсон камайтирмайди. У осмонлар ва Ерни яратган Кунидан буён қанча инфоқ қилганини билурмисиз? Унинг Қўлидаги бирон нарса камайгани йўқ. (“Тафсири Мунийр”дан).
Ояти каримада баён қилинган мавзу бошқа сураларда ҳам такрор-такрор келади: “Дарҳақиқат, инсон бетоқат қилиб яратилгандир. Қачон унга ёмонлик (камбағаллик-кулфат) етиб қолса, у ўта бесабрлик қилгувчидир. Қачон унга яхшилик (бойлик, саломатлик) етса, у ўта манъ қилгувчи-бахилдир. Фақат намоз ўқигувчи зотлар (яъни, мусулмонларгина ундоқ эмасдирлар)ки, улар намозларида доим-барқарор бўлгувчи зотлардир. Улар (топган) мол-мулкларида сўрагувчи - тиланчи ва (мол-давлатдан) маҳрум кишилар учун маълум ҳақ (яъни, закот) бўлган зотлардир. Улар Жазо - Қиёмат Кунини тасдиқ этадиган зотлардир”. (Маориж сураси, 19-26-оятлар).

101. Аниқки, Биз Мусога тўққизта очиқ оят-мўъжиза ато этдик. Сўнг у (яъни, Мусо Фиръавн ва унинг одамлари олдига) келган пайтида, (Биз унга): «Бани Исроилни (ўз юртлари - Шомга кўйиб юборилишини Фиръавндан) сўрагин», (деб амр этдик). Шунда Фиръавн унга: «Эй Мусо, мен сени шак-шубҳасиз сеҳр-жодуга чалинган, деб ўйламоқдаман», деди.
“Аниқки, Биз Мусога тўққизта очиқ оят-мўъжиза ато этдик”. Оллоҳ таоло бани Исроил қавмига элчи қилиб юборган Мусо алайҳис-саломга ато этилган мўъжизалардан бири, Мусонинг асоси - у ерга ташлаши билан одамлар кўз ўнгида ҳақиқий аждарҳога айланиб қоладиган, тошни урса, ундан чашма отилиб чиқадиган мўъжиза асо, иккинчиси, Мусонинг қўли - чўнтагидан чиқарганида оппоқ нур сочиб оламни ёритиб юборадиган, қўлтиғига қисиб олганида яна ўз ҳолига қайтадиган мўъжиза қўлдир. Бу икки Илоҳий мўъжиза ҳақида бошқа сураларда шундай дейилади: “Асойингни (ерга) ташлагин!» Бас, қачонки (Мусо асосини ерга ташлагач), уни илондек қимирлаганини кўргач, ортига қарамай қочди. «Эй Мусо, кел, қўрқмагин. Зеро, сен (хавфу-хатардан) омонда бўлгувчи кишилардандирсан. Кўлингни чўнтагингга солгин, бирон зиёндардсиз оппоқ бўлиб чиқур ва қанотингни (яъни, қўлингни) қўрқувдан (яъни, агар бу мўъжизалардан қўрқиб кетсанг қўлтиғингга) қисиб олгин (у яна ўз ҳолига қайтур). Бас, шу иккиси (яъни, асойингни илонга айланиши ва қўлингни оппоқ бўлиб нур сочиши) Парвардигоринг томонидан Фиръавн ва унинг одамларига икки ҳужжатдир. Дарҳақиқат, улар фосиқ қавм бўлдилар».” (Қасас сураси, 31-32-оятлар).
“Қўлингни чўнтагингга солгин, у ҳеч қандай дардсиз оппоқ бўлиб чиқур. (Бу мўъжизалар сен) Фиръавн ва унинг қавмига (олиб борадиган) тўққиз оят-мўъжиза ичида (бордир). Дарҳақиқат, улар итоатсиз қавм бўлдилар.” (Намл сураси, 12-оят).
Қолган етти мўъжиза - Фиръавн одамларининг бошига тушган қаҳатчилик, дон-дун ва мева-чеваларнинг йўқ бўлиб кетиши, тўфон, чигиртка, бит, бақа ва қон балолари бўлиб, бу ҳақда Аъроф сурасида хабар берилгандир: “Дарҳақиқат, Биз Фиръавн одамларини панд-насиҳат олиш-лари учун (қаҳатчилик) йиллари билан ва мева-чеваларнинг ҳосилини камайтириш билан ушладик.” (Аъроф сураси, 130-оят).
Яъни, Ҳақ таоло Фиръавн ва унинг одамларини дарёга чўктириб ҳалок қилиб юборишидан илгари ибрат олишлари, кўзлари очилиб, куфрдан, зулмдан қайтишлари учун уларнинг бошларига бир неча йил давомида пайдар-пай қаҳатчилик, очарчилик балоларини туширди, ер ва боғлари ҳосил бермай қўйди. Дала-даштларида гиёҳ ўсмай, чорва ҳайвонлари қирилди, ерларида дон-дун битмай, боғлари мева тугмай, одамлар қийналдилар, аммо улардан ҳеч бирининг хаёлига: “Нега йил сайин бошимизга устма-уст балолар тушаяпти, қандай қилмишимиз учун биз Яратганнинг қаҳрига қолдик? Бу машаққат-мусибатларнинг сабабчиси ўзимиз эмасмизми? Балки Холиқни қўйиб махлуққа сиғиниб юрганимиз сабабли мана шундай балоларга йўлиқаётгандирмиз? Балки Фиръавнга қуллик қилишни тарк этиб, Мусога эргашсак ва Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилсак, УнингЎзи бошимиздан бу балоларни аритар?”, деган ўй келмади. Чунки берган неъматлари учун Яратганга шукр қилиш, бошга бало-мусибат тушганида эса, “бу балолар ўзимнинг қилмишим сабабли бўляпти”, деб тавба-тазарруъ қилиш, ўзини ўнглаб, Тўғри Йўлга тушиш саодатли кишиларнинг насибасидир. Бахтсиз кимсалар эса, худди неъматларга шукр қилмаганларидек, бошларига тушган бало-мусибатлардан ҳам ибрат-насиҳат олмайдилар, ўзларининг қилмишлари са-бабли шундай балоларга гирифтор бўлганларини ҳам билмайдилар.
“Бас, Биз уларнинг устларига тўфон (сел), чигиртка, бит, бақа ва қон (балоларини Бизнинг Қудратимизга далолат қиладиган) очиқ оят-мўъжизалар қилиб юбордик. (Лекин) улар кибр-ҳаво қилдилар ва жиноятчи - осий қавм бўлдилар.” (Аъроф сураси, 133-оят).
Дарҳақиқат, Фиръавн қавми ўзларининг залолатларида оёқ тираб туриб олишгач, Оллоҳ таоло уларга мисли кўрилмаган даҳшатли балоларни юборди: Уларнинг барча экинзор - боғларини сел босиб ҳалок бўлди. Чигирткалар уларнинг экин ва мева ҳосилларидан тортиб уй-жой, кийим-бошларигача еб битиришди, уларнинг егулик ва жониворларини битлар босиб кетди; бақалар эса уларнинг таом ва қудуқларидан тортиб, ётоқхо-наларигача тўлдириб юборишди; уларнинг ариқ ва булоқларидан сув ўрнига қон оқди, бир ютум тоза сув топа олмай қолдилар. Аммо шунча бало-мусибатларни кўриб ҳам улар кўзлари очилмай, яна ўз куфрларида давом этдилар.
“Муқтатаф мин уйувнит-тафосир” китобида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Фиръавн қавмига тушган сел балоси етти кун тинмади. Шунда улар Мусо алайҳис-саломга: “Ҳаққимизга дуо қилгин, Оллоҳ бу балони бошимиздан аритсин, биз сенга иймон келтирамиз”, дейишган эди, Мусо дуо қилди, Оллоҳ таоло селни тўхтатди ва ердан аввал ҳеч мисли кўрилмаган ўт-ўлан ўсиб чиқди. Бу ҳолни кўрган Фиръавн қавми Яратганга шукр қилиш ўрнига: “Бизга неъмат келди, эй Мусо, қасамки, энди сенга иймон келтирмаймиз”, дейишиб, берган аҳдларини бузишди. Ана шунда Оллоҳ таоло уларнинг устига чигиртка балосини юборди. Чигиртка араб тилида “жарод” деб аталади. Бу сўзнинг луғавий маъноси қириш - сидириш дегани бўлиб, ер устида ўсган бор нарсани қириб, қуритиб кетадиган ҳашоратлардан бўлгани учун уни “жарод” деб номлаганлар. Чигирткалар ҳам Оллоҳ таолонинг лашкарларидан бўлиб, УнингЎзи уларни хоҳлаган ерига юборади.
Салмони Форсий розияллоху анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан чигирткалар ҳақида сўралганида: “Улар Оллоҳ таолонинг энг саноғи кўп лашкарларидир. Мен чигирткани емайман ва уни ҳаром ҳам демайман”, деб жавоб қилганлар. (Абу Довуд ва Ибн Можжа ривояти).
Шундай қилиб, Оллоҳ таоло юборган чигирткалар Фиръавн одамлари-нинг экинларини, мева-чеваларини ва ўтлоқларини еб битиргач, улар дод-вой қилишиб, Мусо алайҳис-саломга: “Парвардигорингга дуо қилгин. Қасамки, агар Оллоҳ биздан мана шу балони кўтарса, албатта сенга иймон келтирамиз”, дейишиб, унга аҳд-паймон бердилар. Бас, Мусо Парвардигорга дуо қилиб сўраган эди, Оллоҳ таоло улардан чигиртка балосини аритди. Аммо кофир қавм яна иймон келтирмади ва берган аҳдига вафо қилмади.
Сўнгра Оллоҳ таоло уларга бит балосини юборди. Улар ҳеч қачон бит ба-лосидан қаттиқроқ балони кўрмаган эдилар. Битлар у кофир қавмнинг соч-у баданларига чиппа ёпишиб олиб, қонларини сўрар, уларга уйқу ҳам, тинчлик ҳам бермасди. Улар яна дод-фарёд қилишиб, Мусога: “Биз энди тавба қиламиз, Парвардигорингга дуо қилгин”, деб ялиниб-ёлвора бошлашди.
Мусо алайҳис-салом дуо килди. Оллоҳ таоло улардан бу балони ҳам кўтарди. Аммо у динсиз кимсалар яна аҳдларини бузишди. Бас, энди Оллоҳ таоло уларга бақаларни юборди. Бақалар шу қадар кўп эдики, уларнинг уйларига, озиқ-овқатларигача кириб, ҳатто кўрпа-тўшаклари-ю, кийим-кечакларигача бақаларга тўлиб кетди. Бирон киши гапириш учун оғзини очса ҳам бақалар сакраб кириб кетар, қайнаб турган қозонларга ҳам ўзларини отар эдилар. Бас, кофирлар тоқатлари тоқ бўлиб яна Мусога ялинишиб: “Парвардигорингга дуо қилгин, бу балони кетказсин”, дейиш-ди. Бас, Мусо дуо қилиб, Ҳақ таоло улардан бу балони ҳам аритганида, улар яна куфру туғёнларига қайтишди. Шунда Оллоҳ таоло уларнинг устига қон балосини юборди-да, уларнинг ичадиган сувлари, дарё-ю қудуқлари барчаси қонга айланди. Оллоҳнинг Қудрати билан Мусо алайҳис-саломга иймон келтирган бани Исроил қавмидан бўлган киши қудуққа челак туширса,ундан сув чиқар, Фиръавн одамларинингтуширган челаклари эса қонга тўлиб чиқар эди. Шундай қилиб, кофирларнинг етти кун давомида еб-ичганлари фақат қон бўлди. Бунга чидай олмаган Фиръавн: “Эй Мусо, сенинг Илоҳингга қасам ичиб айтаманки, агар сен биздан мана шу қонни кетказадиган бўлсанг, албатта биз сенга иймон келтирамиз”, деб қасам ичди.
Мусо алайҳис-салом дуо қилиб Оллоҳ таолодан сўраган эди, дарёлардан яна аввалгидек сув оқа бошлади, қудуқ ва ҳовузлари чучук сувга тўлди.
Фиръавн ва унинг одамлари эса... яна куфрга қайтдилар.
Мусонинг ҳақ пайғамбар эканига далолат қиладиган шундай очиқ ҳужжатлар - Илоҳий Мўъжизалар у кофир қавмга кор қилмади, Оллоҳ таоло кофирлардан интиқом олишини аниқ-тиниқ кўрсатиб турган шунча ибратли ҳодисалар улар учун етарли бўлмади.
Ояти каримада зикр қилинган ҳар бир бало-азоб алоҳида-алоҳида келиб - улардан ҳар бири етти кун давом этар, сўнгра ўртада бир ой давомида танаффус бўлиб, у қавм иймонга келмагач, навбатдаги бало юборилиб, у ҳам етти кун - шанбадан шанбагача давом этар эди. Ҳар бир оқил одамга аниқ кўриниб турган шунча оят-аломатлардан кейин ҳам у кофирлар иймон келтиришдан орландилар ва динсиз ҳолларида қолдилар. Бўлиб ўтган бу воқеалар Фиръаан ва унинг қавми туғён ва залолатга ғарқ бўлган энг бахтсиз кимсалар эканига тарихий далилдир.
“Сўнг у (яъни, Мусо Фиръавн ва унинг одамларининг олдига) келган пайтида, (Биз унга): «Бани Исроилни (ўз юртлари - Шомга қўйиб юборилишини, Фиръавндан) сўрагин», (деб амр этдик). Шунда Фиръавн унга: «Эй Мусо, ҳеч шубҳа йўқки, мен сени сеҳр-жодуга чалинган, деб ўй-ламоқдаман», деди”.
Яъни, шунча Илоҳий Мўъжизаларни кўрганидан кейин ҳам Фиръавн Мусо алайҳис-саломнинг ҳақ пайғамбар эканлигига ишонмади, бани Исроил қавмига Мусо алайҳис-салом билан бирга ўз юртлари бўлмиш Шомга қайтишларига изн бермади ва Оллоҳ таолонинг элчиси устидан кулиб:
“Эй Мусо, менинг ўйимча сен сеҳрланган, ақлдан озган кишисан”, деб жавоб қилди.

102. (Мусо) деди: «(Эй Фиръавн), сен анави очиқ-равшан (мўъжизаларни) осмонлар ва Ернинг Парвардигори (Ўз Қудратини кўрсатувчи) далил-ҳужжатлар қилиб нозил қилганини аниқ билдинг. Эй Фиръавн, мен сени шак-шубҳасиз ҳалок қилингувчи, деб ўйламоқдаман».
Ушбу ва юқоридаги оятда золим подшоҳ билан Оллоҳнинг элчиси ўйлаган икки хил ўй зикр қилинди. Аввалгисида ўзини худо фаҳмлаган малъун Фиръавн Мусо алайҳис-салом кўрсатган тўққиз буюк мўъжизага бевсита гувоҳ бўла туриб, оддий инсоннинг - агар у тенгсиз буюк сеҳргар бўлса-да - қўлидан келиши мутлақо мумкин бўлмаган, фақат Оллоҳнинг элчиларигагина ато этилиши аён бўлган аниқ-равшан далилларни ўз кўзи билан кўриб туриб, дарҳол иймон келтириш ўрнига “Бу Мусо шак-шубҳасиз сеҳр-жодуга чалиниб ақлдан озиб қолган”, деган “ўй”га келганини айтган бўлса, кейинги оятда Мусо алайҳис-салом фиръавннинг айтаётган сўзлари ғирт ёлғон эканини фош қилиб: “Эй фиръавн, сен мазкур тўққиз мўъжизани Ёлғиз Оллоҳ таоло Ўзининг нақадар Буюк Қудрат Соҳиби эканлигига ҳужжат-далил қилиб нозил этганини жуда яхши билиб турибсан-у, тилингда тамоман бошқа сўзларни айтмоқдасан. Ўйлайманки, сен албатта ҳалок бўлурсан”, деди. Аниқки, бу каби Ҳақ Сўз худолик даъво қилувчи фиръавнларнинг ҳеч бирига ёқмайди. Шу боисдан -

103. (Фиръавн Мусо ва унинг қавмини Миср) еридан қувиб чиқармоқчи бўлган эди, Биз уни (Фиръавнни) ва у билан бирга бўлган кимсаларнинг барчаларини (денгизга) ғарқ қилиб юбордик.
Яъни, Ҳақиқат олдида мағлуб бўлганига чидай олмаган золим подшоҳ Мусо алайҳис-саломга ва у зотга иймон келтирган бани Исроил қавмига ўзининг қандай куч ва қудратга эга эканлигини кўрсатиб қўймоқчи ва уларни турган жойидан қўзғатиб Миср еридан қувиб чиқармоқчи - чўли саҳроларда ҳалок қилиб юбормоқчи бўлганида Оллоҳ таоло унга ким кучлироқ эканини кўрсатиб қўйди - Мусо ва унинг қавмига нажот бериб, Фиръавн ва унинг саноқсиз лашкарларининг ҳаммасини денгизга ғарқ қилиб юборди ва Ҳақ таолонинг “Ёмон макр-ҳийла фақат ўз эгаларини (яъни, ўша макр қилмоқчи кимсаларни) ўраб ҳалок қилур”, (Фотир сураси, 43-оят), деган ўзгармас Қонуни ҳақ эканлиги яна бир бор намоён бўлди.

104. (Фиръавн ҳалок қилинганидан) сунг Биз бани Исроилга: «Мана шу ерни (Мисрни) маскан тутинглар! Энди қачон ваъда қилинган Охират келганида сизларнинг барчангизни (қайта тирилтириб) келтирурмиз», дедик.
Яъни, Ҳақ таоло фиръавн ва унинг тобеларини денгизга ғарқ қилиб юборганидан кейин бини Исроил қавмига Мусо алайҳис-салом орқали золим подшоҳ уларни кувиб чиқармоқчи бўлган мана шу Миср ва Шом ерида жойлашиб ҳаёт кечиришларини буюрди ҳамда Охират диёрида албатта қойим бўлиши ваъда қилинган Қиёмат Кунида бани Исроил қавмини ҳам, уларнинг душманлари бўлган фиръавн ва унинг қавмини ҳам, шунингдек, ушбу дунёга келиб кетган жамийки инсонларни ҳам, қайси миллатдан бўлмасинлар, қай динда бўлмасинлар, қай замон ва маконда яшаб ўтган бўлмасинлар - барча-барчаларини маҳшаргоҳга келтириб, ҳисоб-китоб қилиши, сўнгра иймон ва солиҳ амаллар билан ўтган бандаларига жаннат мукофотини ато этиши, кофирларни эса дўзах азобига гирифтор қилиши ҳақида хабар берди.
Оятдаги “лафийфа” калимаси ҳар турли одамлардан иборат жамоат деган маънони англатади. Қиёмат Куни ана шундай мўмину кофир, яхши-ю ёмон барча инсонлар жамланадиган Кундир.

105. Биз (Қуръонни) Ҳақ билан нозил қилдик ва у Ҳақ билан нозил бўлди. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сизни фақат (мўминларга) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи қилиб юбордик.
“Биз (Қуръонни) Ҳақ билан нозил қилдик ва у Ҳақ билан нозил бўлди”.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, ушбу Қуръонни Биз Сизга тўласича Ҳақиқатни қамраб олган ҳолида нозил қилдик. Унда Оллоҳ таоло Танҳо Маъбуди Барҳақ эканлиги ҳақидаги Ҳақиқат, инсонлар Оллоҳнинг элчиларига муҳтож эканликларининг исботи, адолат ва улуғ хулқларга даъват, зулмдан, қабиҳ феъл ва сўзлардан қайтариш, шаръий хукмлар, шахс, жамият ва давлатнинг интизоми учун зарур бўлган қонун-қоидалар каби энг олий Ҳақиқатлар бордир. Ушбу Китоб Сизга ҳақ фаришта Жаброил алайҳис-салом билан кўриқланган, муҳофаза қилинган ҳолда, бошқа бирон сўз аралашмаган - зиёда қилинмаган ва нуқсонга дучор бўлмаган ҳолда нозил бўлди.
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сизни фақат (мўминларга) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи қилиб юбордик”.
Ушбу жумлада Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, у зотнинг зиммаларидаги вазифаларини баён қилади. Яъни, у зоти бобаракот мўминларга жаннат ҳушхабарини элтгувчи, кофирларни эса дўзах азобидан огоҳлантирувчи бўлган ҳолларида элчи қилиб юборилганлари ва дўзах эгалари бўлган кофирларнинг иймон келтирмасликларига у зот жавобгар эмасликлари айтилади.
Пайғамбар алайҳис-салом ўзларининг огоҳлантиргувчи эканликларини кўп таъкидлар эдилар. Саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бир куни Сафо баландлигига кўтарилдилар-да, Қурайшнинг яқин-йироқ маҳаллаларини чорладилар. Улар тўпланиш-гач: “Эй Қурайш жамоаси, айтинглар-чи, агар мен сизларга “эртага тонг пайтида душман қўшини устингизга бостириб келади”, деб хабар берсам менга ишонасизларми?”, деган эдилар, улар: “Биз сени бирон марта ёлғон сўзлаганингни билмаймиз”, деб жавоб беришди. Шунда Пайғамбар алайҳис-салом: “Ундай бўлса, билиб олинглар, мен қаттиқ азоб жуда яқин экани ҳақида сизларни огоҳлантирмокдаман”, дедилар. (“Тафсири Мунийр”дан).

106. Сиз Куръонни одамларга аста-секин ўқиб беришингиз учун Биз уни бўлиб-бўлиб нозил қилдик.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Қуръон бир бутун ҳолда Рамазон ойида, Қадр кечасида мана бу қуйи осмонга нозил бўлди. Оллоҳ таоло Ўз Пайғамбарига Ўзи хоҳлаган оятларни сўзлар, мушриклар Пайғамбар алайҳис-салом билан талашиб-тортишиб қандай бир масъалани келтирсалар, албатта Оллоҳ таоло Ўз Каломидан у масъаланинг жавобини келти-рар эди”. Мана шундай қилиб, йигирма уч йил мобайнида Қуръони Карим қуйи осмондан Жаноби Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлиб битди. “Кофир бўлган кимсалар: «(Нега) бу Куръон унга (Пайғамбар алайҳис-саломга) битта тўплам бўлган ҳолида нозил қилинмади?», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз у - Куръон билан Сизнинг дилингизни устувор қилиш учун мана шундай (парча-парча ҳолда нозил қилдик) ва уни дона-дона қилиб баён этдик. Улар Сизга (Қуръонни айблаш учун юқоридаги каби) бирон мисол келтирсалар, албатта Биз Сизга ҳақ (жавобни) ва энг гўзал шарҳни келтириб қўйдик”. (Фурқон сураси, 32-33-оятлар).
Демак, Қуръони Азимнинг нозил бўлиши мана шу улуғ ой - Рамазони шарифдан бошланди ва шу ойдан гўё Ер осмон билан боғланди. Энди Ерда дунёга келиб, Ерда яшайдиган инсонлар учун барча кўрсатмалар осмондан туша бошлади. Энди улар қандай яшаш кераклигини ўзларига ўхшаган билимсиз - жоҳил одамлардан эмас, бутун борлиқни йўқдан бор қилган Зотдан, осмонлар ва Ернинг Эгасидан ўргана бошладилар. У Зот бандалари ичида энг яхшиси бўлган Инсонни уларга Элчи қилиб тайинлади. Бу Буюк Элчи соллоллоҳу алайҳи ва саллам уларга бирон одам ўз ақли билан топа олмайдиган Тўғри Йўлни ва Ҳақ билан ботилни ажратиб берадиган очиқ ҳужжатларни ўз ичига олган Қуръон оятларини етказа бошладилар.

107-108-109. Айтинг: «(Эй мушриклар), сизлар (хоҳласангиз Куръонга) иймон келтиринглар, (хоҳласангиз) иймон келтирманглар. Албатта, (Қуръон нозил бўлишидан) илгари илм берилган кишилар (яъни, аҳли Китоб орасидаги мўминлар) уларга (Қуръон) тиловат қилинган вақтида сажда қилган ҳолларида юзлари билан йиқиладилар. Ва: «Пок Парвардигор! Албатта Парвардигоримизнинг («Мен сўнгги Пайғамбаримни юборурман ва унга Қуръон нозил қилурман», деган) ваъдаси адо қилингувчи ваъдадир», дейдилар. Улар, йиғлаган ҳолларида, юзлари билан йиқилурлар ва (Қуръон) уларга янада хокисорлик зиёда қилур”.
Ушбу оятлар сажда оятлари бўлиб, уларни ўқиган ёки эшитган киши Оллоҳучун бир марта сажда қилиши вожиб бўлади.
Чунки мазкур оятларда Қуръон тиловат қилинганида илм-маърифатли инсонлар Каломуллоҳни улуғлаб ва унга таъзим этиб сажда қилишлари ҳақида хабар берилади. Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчисига гўё шундай дейди: Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз анави: “Токи бизлар учун Ерни ёриб, (ҳеч тўхтамай оқиб турадиган) бир чашма чиқариб бермасанг, биз сенга ҳаргиз иймон келтирмаймиз”, (90-оят) деяётган мушрикларга айтинг: “Сизлар ушбу Қуръонга - инсу жин тўпланиб бир-бирларига ёрдамчи бўлганларида ҳам ўхшашини келтира олмайдиган ушбу Китобга иймон келтирасизларми ёки йўқми, ўзларингизнинг хоҳишингиз. Чунки сизларнинг иймон келтиришларингиз Оллоҳ таолонинг Раҳмат хазиналарига бирон нарса зиёда қилмаганидек, иймонни тарк этишларингиз ҳам ундан бирон нарса камайтирмайди. Агар сизлар кофир бўлсаларингиз, у ҳолда билиб олинглар, Қуръондан илгари нозил бўлган Таврот ва Инжил Китобларининг аҳллари орасида шундай мўминлар борки, қачон уларга Қуръон тиловат қилинса, ушбу Китобни улуғлаб, унинг Оллоҳ ҳузуридан нозил бўлганини билиб юзларини ерга қўйиб сажда қилурлар. Ва саждаларида: “Парвардигоримиз, Оллоҳ таоло ҳар қандай айбу нуқсондан Покдир. Албатта Парвардигоримизнинг ваъдаси адо қилингувчи ваъдадир”, деб тасбеҳ айтурлар”.
Ояти каримада зикр қилинган ваъдадан мурод, Ҳақ таолонинг Қуръондан аввал нозил қилган Таврот ва Инжил китобларида ваъда қилган - албатта охир замон Пайғамбарини юбориши ва у Пайғамбарга Қуръон Китобини нозил қилиши ҳақида айтган Сўзидир. Аҳли Китоб ичидаги ваҳий нима эканлигини биладиган олимлар Қуръон оятларини эшитган вақтларида, бу Китоб ўша Таврот ва Инжил китобларида ваъда қилинган Китоб эканлигига, уни етказаётган Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам эса, ваъда қилинган охир замон Пайғамбари эканликларига иймон келтиришиб, берган ваъдасини нақд қилган Ҳақ субҳонаху ва таолога шукр қилишиб саждага йиқилишар ва саждаларида Парвардигоримиз ҳар қандай айбу нуқсондан, жумладан, ваъдага хилоф қилиш айбидан Покдир, Оллоҳ ваъда қилган нарса албатта адо қилингувчидир”, деб тасбеҳ айтишар эди. Ушбу оят саждада тасбеҳ айтиш жоизлигига далилдир.
Оиша розияллоху анҳодан ривоят қилинган ҳадиси шариф ҳам шунга далолат қилади: Оиша айтди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам саждаларида ва рукуларида кўпинча: “Субҳонакаллоҳумма ва биҳамдика, Оллоҳуммағфирлий - Пок Парвардигорим, Ўзингга ҳамд бўлсин, Оллоҳим мени мағфират қилгин”, деб тасбеҳ айтар эдилар”. (Муслим ривояти).
Мужоҳид раҳимаҳуллоҳ айтишича, ушбу оятларда зикр қилинган кишилар - Қуръон нозил бўлишидан илгари илм берилган ва Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Элчи қилиб юборилганларини, у зотга нозил бўлган Қуръон оятларини эшитган чоғларида унга иймон келтириб сажда қилган кишилар орасида Зайд ибн Амр ибн Нуфайл, Варақа ибн Навфал ва Абдуллоҳ ибн Салом розияллоҳу анҳум бор эдилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
Уларнинг саждаларининг сифати, улар йиғлаган ҳолларида юзлари билан саждага йиқилар ва қилган ҳар бир саждалари Оллоҳ азза ва жалладан бўлган қўрқувларини, хокисорликларини янада зиёда қилар эди. Демак, Оллоҳ таоло учун қилинган ҳар бир сажда огоҳлик ва қўркув билан, зиёда хокисорлик ва кўзда ёш билан бўлиши лозим.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам ҳам кўп ҳадисларида йиғини мадҳ қилганлар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: У айтди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Икки хил кўзга - Оллоҳ таолодан қўрққани сабабли йиғлаган кўзга ва Оллоҳ таоло Йўлида қўриқчилик қилиб тунни бедор ўтказган кўзга дўзах ўти тегмайди”, деяётганларини эшитганман”. (Термизий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Токим сут елинга қайтиб кирмас экан, Оллоҳдан қўрққани учун йиғлаган киши ҳам дўзахга кирмайди ва ҳеч қачон мусулмон инсоннинг димоғида Оллоҳ Йўлида ютилган ғубор билан жаҳаннам тутуни жамланмайди”. (Термизий, Насоий ва бошқалар ривоят қилганлар).
Баҳаз ибн Ҳаким отасидан, у бобосидан ривоят қилди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Уч хил кўзга - Оллоҳдан қўрққани учун йиғлаган кўзга, Оллоҳ Йўлида бедор бўлган кўзга ва Оллоҳ ҳаром қилган нарсалардан юмилган кўзга дўзах ўти ҳаром қилинди”, деяётганларини эшитганман”. (Аҳмад, Насоий, Бағавий ва бошқалар ривояти. “Тафсири Бағавий”дан).

110. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Оллоҳ, деб дуо қилинглар ёки Раҳмон, деб дуо қилинглар. Қандай дуо қилсаларингиз ҳам (жоиздир). Зеро, Унинг гўзал исмлари бордир». (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз намозингизни жуда жаҳрий (баланд овозда, ошкора) ҳам қилиб юборманг (токи, мушриклар эшитиб, Қуръонни ҳақорат қилмасинлар) ва уни ўта махфий ҳам қилиб юборманг (токи, саҳобаларингиз тинглаб-фойдалансинлар)! Шуларнинг (яъни, жаҳрийлик билан махфийлик) ўртасидаги йўлни тутинг!
(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: “Оллоҳ, деб дуо қилинглар ёки Раҳмон деб дуо қилинглар. Қандай дуо қилсаларингиз ҳам (жоиздир). Зеро Унинг гўзал исмлари бордир”.
Ояти каримадаги ушбу жумлаларнинг энг гўзал тафсири Аъроф сурасидаги мана бу оятдир: “Оллоҳнинг гўзал Исмлари бордир. Бас, Унга ўша Исмлар билан дуо қилинглар. Унинг Исмларида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган мушрик) кимсаларни тарк қилинглар. Улар яқинда қилиб ўтган амалларига яраша жазоланурлар”. (Аъроф сураси, 180-оят).
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта Оллоҳнинг тўқсон тўққиз - бир кам юз Исми бордир. Ким уларни санаб - ёдида сақласа жаннатга киради”, деб марҳамат қилдилар.
Ояти каримада Оллоҳ таоло Ўзининг Гўзал Исмлари борлиги ҳақида хабар бериб, бандаларини ҳар қачон дуо қилганларида У Зотга ана ўша Исмларни айтиб дуо-илтижо қилишга буюрди.
Ҳақ таолонинг Гўзал Исмлари борлиги ҳақида Қуръони Азимда тўрт жойда зикр қилинади. Биринчиси, ушбу ояти карима, иккинчиси, “Оллоҳнинг гўзал Исмлари бордир. Бас, унга ўша Исмлар билан дуо қилинглар!” (Аъроф сураси, 180-оят) учинчиси, “Оллоҳ - ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Унинг Ўзи Бордир. Унинг гўзал Исмлари бордир”. (Тоҳа сураси, 8-оят), тўртинчиси: “У - Оллоҳ Яратгувчидир, (йўқдан) Бор қилгувчидир, (барча нарсага) Сурат-Шакл бергувчидир. Унинг гўзал Исмлари бордир. Осмонлар ва Ердаги бор нарса Унга тасбеҳ айтур. У Қудрат ва Ҳикмат Соҳибидир.” (Ҳашр сураси, 24-оят).
Мазкур оятларда Оллоҳ таолонинг гўзал Исмлари борлиги айтилди, аммо у гўзал Исмларнинг адади зикр қилинмади. Бас, у гўзал Исмларнинг адади қанча экани Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига маълумдир. Демак, ҳадиси шарифда зикр қилинган тўқсон тўққиз гўзал Исм Ҳақ таоло Исмларининг ҳаммаси эмасдир.
Аҳмад ва Абу Хотам ибн Ҳуббон Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган саҳиҳ ҳадис бунга далилдир: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирон кишига ғам-ташвиш етганида у: “Оллоҳим, албатта мен Сенинг қулингман, қулингнинг боласиман, чўрингнинг боласиман, пешонам Сенинг Қўлингда, менга фақат Сенинг Ҳукминг ўтар, мен ҳақимда фақат Сенинг Хукминг адолатли Хукм бўлур, мен Сендан Сенинг барча Исмларинг билан сўрайманки, - Сен Ўзингни ўша Исмлар билан номлаган эдинг ёки Китобингда ўша Исмларни нозил қилган эдинг ёки халқингдан бирон кишига уларни билдирган эдинг ёки Ўз ҳузурингда ғайбий - яширин илмлар қаторида сақлашни ихтиёр қилган эдинг - ана ўша гўзал Исмларингнинг барчаси билан мен Сендан сўрайманки, Қуръони Азимни қалбимнинг баҳори, дилимнинг нури, хафалигимни ёзадиган ва ғамимни кетказадиган Китоб қилгайсан”, деб дуо қилса, албатта Оллоҳ таоло унинг хафалик-ташвишини кетказур ва унинг ўрнига шодликни алмаштириб қўюр” дедилар.
Шунда саҳобалар: “Ё Расулуллоҳ, биз ҳам бу дуони ўрганиб олсак бўладими?” дейишган эди, “Албатта, ушбу дуони эшитган ҳар бир киши уни ўрганиб олиши лойиқдир” дедилар.
Ояти каримада Ҳақ таоло: “Бас, Унга ўша (Исмлар) билан дуо қилинглар”, деб буюриш билан барча “ибодатнинг илиги” (ҳадиси шарифдан) бўлган дуо қилиш тартиб-интизомини таълим беради ва мусулмонларга ўзларича Оллоҳ таолога ҳар хил номлар қўйиш билан ҳақдан оғиб ёки ўзлари сиғинадиган бутларига “илоҳ, олиҳа”, деб Оллоҳ таолонинг Исмини кўйиб дуо-илтижо қиладиган мушрикларни тарк этишни, уларнинг бундай қабиҳ амалларидан узоқ бўлишни буюради, улар бундай қилмишлари учун албатта жазоланишларини айтиб огоҳлантиради.
Ривоят қилинишича, баъзи мусулмонлар намозларида: “Ё Оллоҳ, ё Раҳмон”, деб Оллоҳ таолонинг турли Исмларини айтиб дуо қилишаётганини кўрган мушриклар: “Муҳамад ва унинг асҳоби ёлғиз Оллоҳга ибодат қиламиз деб даъво қиладилар-у, мана булар бўлса “Ё Оллоҳ, ё Раҳмон”, деб икки илоҳга дуо қиляптилар”, дейишганида Оллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилиб, Ўзининг гўзал Исмлари борлигини, ана ўша Исмлардан қай бирини айтиб дуо қилсалар ҳам жоиз эканини билдирди.
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз намозингизни жуда жаҳрий (баланд овозда, ошкора) ҳам қилиб юборманг (токи, мушриклар эшитиб, Қуръонни ҳақорат қилмасинлар) ва уни ўта махфий ҳам қилиб юборманг (токи, саҳобаларингиз тинглаб-фойдалансинлар) Шуларнинг (яъни, жаҳрийлик билан махфийлик) ўртасидаги йўлни тутинг!”
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Маккада яширинча даъват қилиб юрган вақтларида саҳобалари билан намоз ўқиганларида Қуръонни баланд овоз билан ўқир, бас, мушриклар эшитиб қолишса, Қуръонни ҳам, уни нозил қилган Зотни ҳам, уни келтирган инсонни яъни, Пайғамбар алайҳис-саломни ҳам сўкиб ҳақоратлар қилишар эди. Шунда Оллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди. (Бухорий, Муслим, Термизий ва бошқалар ривоят қилганлар). Шундан кейин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзлари ҳам ўрта овозда қироат қиладиган бўлдилар ва саҳобайи киромга ҳам шундай қилишни буюрдилар. Бир куни Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва саллам Умар розияллоҳу анҳунинг баланд овозда Қуръон қироат қилаётганини кўриб сабабини сўрадилар. Умар: “Уйқудаги ғофилларни уйғотиш учун, шайтонни қувиш учун”, деб жавоб қилган эди, “Овозингни бир оз пастлатгин”, дедилар ва Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг олдига келдилар. У киши овозини жуда паст қилиб Қуръон қироат қилаётган экан. Сабабини сўраган эдилар, Абу Бакр: “Мен муножот қилаётган Зот шивирлашимни ҳам эшитгани учун”, деб жавоб қилди. Шунда Расулуллоҳ соллолло алайҳи ва саллам: “Овозингни бир оз кўтаргин”, деб буюрдилар.
Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо: “Ушбу оят дуо ҳақида нозил қилинган”, дейди.
Ҳақ таоло мўмин бандаларига қай тарзда дуо қилишлари лозимлигини Аъроф сурасининг 55-оятида ҳам таълим берган эди ва у ояти карима ўз ўрнида алақадри ҳол тафсир қилиб ўтилди.

111. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз: “Ҳамду сано бола-чақа қилмаган, подшоҳлик-илоҳликда шериги йўқ, хор-зорликдан (қутқаргувчи) дўсти-ёрдамчиси бўлмаган (яъни, ҳеч кимга хор-муҳтож бўлмайдиган) Зот - Оллоҳ учундир”, деб айтинг ва У Зотни мудом улуғланг!
Ушбу ояти карима барча мушрикларга, жумладан, “Узайр Оллоҳнинг ўғли”, дейдиган яҳудларга ҳам, “Ийсо Оллоҳнинг ўғли”, дейдиган насронийларга ҳам Илоҳий Раддиядир. Ҳақ таоло Ўзининг ҳеч қандай фарзанд тутмаган ва ҳеч қандай шерик ёки ёрдамчига муҳтож бўлмаган Танҳо Илоҳ эканлигини таъкидлаб, Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга ва у зот орқали ҳар бир мўмин бандасига “Оллоҳга “Алҳамдулиллоҳ” деб айтинг ва У Зотни мудом “Оллоҳу акбар” дейиш билан улуғланг”, деб буюради.
Ушбу оятда зикр қилинган Илоҳий сифатлар Ихлос сурасида тўласича мужассамдир: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «У - Оллоҳ Бирдир. (Яъни, Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир. У Якка-ю Ёлғиздир). Оллоҳ (барча ҳожатлар билан) кўзлангувчидир (яъни, барча ҳожатлар Ундан сўралади, аммо У ҳеч кимга муҳтож эмасдир). У тугмаган ва туғилмагандир (яъни, Оллоҳнинг ўғил-қизи ҳам, ота-онаси ҳам йўқдир. У Азалий ва Абадий Зотдир). Ва ҳеч ким У Зотга тенг эмасдир”. (Ихлос сураси, 1-4-оятлар).
Оллоҳ таолога ҳамд айтиш ва такбир билан У Зотни улуғлаш энг афзал амаллардан эканлиги муборак ҳадисларда ҳам қайта-қайта таъкидланган:
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Алҳамдулиллоҳ - шукрнинг бошидир. Оллоҳга ҳамд айтмаган кимса Унга шукр қилмабди”, дедилар. (Абдур-Раззок» Байҳақий ва Бағавий ривоят ҳилганлар).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қиёмат Кунида жаннатга энг аввал сафоли кунларда ҳам, балоли кунларда ҳам Оллоҳга ҳамд айтган кишилар чақириладилар”, дедилар. (Табароний, АбуНаийм ва Байҳаҳий ривоят қилганлар).
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, дуонинг афзали “Алҳамдуллиллоҳ”дир, зикрнинг афзали “Ла илаҳа иллаллоҳдир”, дедилар”. (Термизий, Насоий ва Ибн Можжа ривоят ҳилганлар).
Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳ таолога энг суюкли калом тўрттадир: “Ла илаҳа иллаллоҳ”, “Оллоҳу акбар”, “Субҳоналлоҳ” ва “Алҳамдулиллоҳ”. Уларнинг қайсинисидан бошласанг ҳам сенга зиён қилмас”, дедилар. (Муслим ва Бағавий ривоят ҳилганлар).
Абдул-Ҳамид ибн Восил айтди: “Мен Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким ушбу “Ва қулил-ҳамду лиллоҳ...” оятини ўқиса, Оллоҳ таоло унинг учун Ер ва тоғлар баробарича ажр ёзур. Чунки Оллоҳ таоло “Унинг боласи бор”, деб гумон қилган кимсалар ҳақида: “Унинг огирлигидан - Раҳмоннинг боласи бор, деган (гапнинг оғирлиги)дан осмонлар ёрилиб, Ер бўлиниб, тоғлар парчаланиб қулаб кетишга яқин бўлур”, (Марям сураси, 90-91-оятлар) дейди”, деганларини эшитдим”. (“Тафсири Мунийр”дан).
Оллоҳ таоло барчаларимизга доимо Унга тасбеҳ ва ҳамд айтадиган, Уни мудом улуғлайдиган ва Ёлғиз Унга ибодат қиладиган бандаларидан бўлиш бахтини насиб этгай! Омин.
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг мадади билан Ал-Исро сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.

 

014. Иброҳим сураси

Маккада нозил қилинган ушбу сурайи карима эллик икки оятдир. Бу сурада ҳам, Макка сураларининг аксарисида бўлгани каби, эътиқод, ваҳий, тавҳид - Оллоҳ таолонинг Танҳо Маъбуди Барҳақ эканлигига иймон келтириш, қайта тирилиш ва хусусан Қиёмат Кунида бўладиган ҳисоб-китоб ва жазо-мукофот ҳақида батафсил сўз юритилади.
Сура пайғамбарлар зиммасига юклатилган вазифа инсониятни зул-матлардан нурга олиб чиқиш эканини баён этувчи оят билан бошланади. Бу билан биринчидан, ҳаётда зулматлар - эгри-нотўғри йўллар кўп, Нур - Ҳақиқат Йўли эса танҳо бўлиши баён қилинса, иккинчидан, ўша ягона нурга фақат пайғамбарлар - Оллоҳнинг элчиларига нозил бўлган ваҳий воситасидагина етиш мумкинлиги уқтирилади. Яна бу сурадан Мусо пайғамбарнингўз қавми билан бўлган мулоқотларидан бири ҳақидаги оятлар ҳам жой олгандир.
Суранинг “Иброҳим”, деб аталишига сабаб, унда пайғамбарлар отаси Иброҳим алайҳис-саломнинг Маккага келишлари ва у ерда Оллоҳ таолога қилган дуо-илтижолари хусусида муфассал ҳикоя қилингандир.

Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан

1. Алиф, Лом, Ро. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, ушбу Қуръон) Сиз одамларни Парвардигорларининг Изни-Иродаси билан зулматлардан нурга - Кудрат ва ҳамду сано Эгаси бўлган Зотнинг Йўлига - олиб чиқишингиз учун Биз Сизга нозил қилган Китобдир.
“Алиф, Лом, Ро”.
Сурайи кариманинг илк оятида келган ушбу алоҳида-алоҳида ҳарфлар хусусида айни мана шундай ҳарфлар билан бошланган Юнус ва Юсуф сураларида айтиб ўтилди.
Ушбу буюк оятда Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Ўзининг сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, Қуръон Ўзининг Китоби - бандаларига юборган Мактуби эканини, бу Китобни етказиш учун Элчи қилиб Муҳаммад алайҳис-саломни танлаганини, энди Пайғамбар алайҳис-саломнинг вазифалари мана шу Китоб ёрдамида барча оламларнинг Парвардигори бўлмиш Оллоҳтаолонинг Изни ва Ҳидояти билан одамларни куфр-жаҳолатнинг турли-туман зулматларидан иймоннинг мунаввар Йўлига - Қудрат ва ҳамду сано Эгаси бўлган Зотнинг Йўлига олиб чиқиш эканини айтади.
Бас, маълум бўладики, Китоб Оллоҳ таолонинг Китоби, ушбу Китоб нозил қилинган зот - Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳ таолонинг Элчиси, у зот одамларни даъват қилган Йўл Оллоҳнинг Йўли ва бу Нурли Йўлга Ўзи яхши кўрган бандаларини ҳидоят қилгувчи ҳам Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонингЎзидир.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилгандир: “Оллоҳ мўминларнинг Дўстидир. Уларни зулматлардан нурга чиқаради. Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлардир. Улар (кофирларни) ёруғлик-нурдан қоронғу-зулматларга чиқарадилар. Ана ўшалар дўзах эгаларидир ва улар ўша жойда мангу қолурлар”. (Бақара сураси, 257-оят).
“Оллоҳ мўминларнинг Дўстидир”. Ушбу муборак жумла аҳли иймонни кўкларга кўтаради. Ахир Оллоҳ таоло дўст бўлган инсондан ҳам бахтлироқ ким бор?! Ўша Буюк Дўст Ўз дўстларини - мўмин бандаларини динсизлик зулматларидан иймон нурига - ёруғликка чиқаради. Дарҳақиқат, куфр йўли - қоронғи йўлдир. Бу йўлга кирган одам қаёққа кетаётганини ҳам, қаерда кетаётганини ҳам билмай, инсонийлиқцан ажраб, охир-оқибат дўзах чоҳига кулаши муқаррардир. Иймон йўли эса ёруғ - мунаввар йўл бўлиб, унинг белгилари аниқ. Бу Йўлнинг Раҳнамоси - мўминларнинг Буюк Дўсти бўлмиш Оллоҳ таолонинг Ўзидир. У мўмин бандаларига бу Йўлда қандай амаллар қилиш кераклигини, қаерда тўхтаб, қаерда юриш кераклигини кўрсатиб туради. Мана шу Илоҳий кўрсатмаларга амал қилган мўмин банда адашмай - қоқилмай, охир-оқибатда йўлнинг поёнига - жаннатларга етади.
Эътибор қилинса, ояти каримада нур бирлик шаклида, зулматлар эса кўплик шаклида келди. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки Ҳақ Йўл ягонадир, аммо куфр йўлларининг эса тури, шакли жуда кўп. “Албатта, мана шу Менинг Тўғри Йўлимдир. Бас, Унга эргашинглар! (Бошқа) йўлларга эргашмангизки, улар сизларни Унинг Йўлидан узиб қўяр. Шояд тақво қилсангизлар, деб (Оллоҳ) сизларни мана шу нарсаларга буюрди”. (Анъом сураси, 155-оят).
“Кофирларнинг дўстлари эса шайтонлардир. Улар (кофирларни) ёруғлик - нурдан қоронгулик зулматларга чиқарадилар. Ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар ўша жойда мангу қолурлар”. Яъни, ким куфр йўлини танлаган бўлса, унинг ҳам “дўстлари” бор бўлиб, улар шайтонлардир. Шайтонларни дўст деб билганларни энди улар ҳар кўйга соладилар. Аввало ўша адашганларнинг қалбларида йилт этган иймон шуъласини қолдирмай, қоп-қоронғу қилиб қўядилар. Сўнгра ҳаёт йўлларини зулматга чўмдириб, кўзларини боғлаб, гуноҳни савоб, қорани оқ, зулмни адолат қилиб кўрсатиб, зулматларнинг зулмати бўлган дўзахга олиб бориб ташлайдилар. Энди улар ҳеч қачон дўзахдан чиқа олмайдилар. Зотан, Чин Дўстдан юз ўгириб, очиқ душманни дўст, деб билганларнинг жазоси шудир.
“У Ўз бандаси (Муҳаммад алайҳис-салом)га токи у сизларни (куфр) зулматларидан (иймон) нурига олиб чиқиши учун аниқ-равшан оятларни (яъни, Қуръони Каримни) нозил қиладиган Зотдир. Албатта, Оллоҳ сизларга Меҳрибон ва Раҳмлидир”. (Ҳадид сураси, 9-оят).

2. Оллоҳ - осмонлардаги бор нарса ва Ердаги бор нарса Ўзиники бўлган Зотдир. Кофирлар учун қаттиқ азоб бўлгай.
Ҳақ таоло ушбу ояти каримада коинотдаги бор нарсанинг Эгаси Ёлғиз Ўзи экани ҳақида хабар беради. Дарҳақиқат, осмонлардаги ва Ердаги бор нарса - жамийки жонли-жонсиз мавжудот Оллоҳ таоло тарафидан яратилган, Ёлғиз Унинг мулкидир, демак, уларни қандай тасарруф қилиш ҳам Ёлғиз Оллоҳнинг Қўлидадир. Чунки уларни йўқдан бор қилишда ҳеч ким Оллоҳ таолога шериклик қилмаган, бас, уларни тасарруф қилишда ҳам ҳеч ким У Зотга шериклик қила олмайди.
Ҳақ субҳонаҳу ва таоло бутун борлиқнинг Эгаси эканлиги Қуръони карим оятларида бот-бот такрорланиши албатта бежиз эмасдир.
Уламоларнинг айтишларича, Оллоҳ таоло Ўзининг бу Буюк Сифатини тез-тез эслатиб туриш билан биз бандаларини Яратган Парвардигоримиз бениҳоя Улуғ Қудрат Соҳиби эканлигини эсдан чиқармасликка ва Унинг Ер-у осмонлардаги махлуқотига ибрат назари билан боқиб, мана шу мавжудотларнинг барчасини йўқдан бор қилган ва бошқариб турган Қудратли Зотга тинмай ҳамду санолар айтишга, чин ихлос билан ибодат қилишга чақиради.
Яратганни тан олмаган, Унга ҳеч қандай далил-ҳужжатсиз ширк келтирган кофир кимсалар учун эса Қиёмат Кунида жаҳаннамнинг ашаддий азоби бор эканлигини айтиб огоҳлантиради.

3. Улар ҳаёти дунёни Охиратдан афзал биладиган, (одамларни) Оллоҳнинг Йўлидан тўсадиган ва ундан эгрилик-хато излайдиган кимсалардир. Улар узоқ - қаттиқ адашишдадирлар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло охиратда азобга гирифтор қилинишлари аниқ бўлган кофир кимсаларнинг уч сифатини баён қилади ҳамда мана шу уч мазмум сифат эгалари шак-шубҳасиз, Ҳақ Йўлдан озган ва олис-олисларга адашиб кетган кимсалар эканини айтиб огоҳлантиради. У сифатлардан биринчиси, динсиз кимса дунё ва Охират иккисидан мана шу ўткинчи дунёни танлаб, мангу Охиратни унутиб қўйиши, яъни, Охират албатта келишига, у жойда ҳар бир амал ҳисоб-китоб қилинишига, сўнгра жаннатдаги мангу роҳат ёки дўзахдаги мангу азоб борлигига мутлақо ишонмагани ёки ишончи комил бўлмагани учун Охират ғамини емасдан, унга ҳозирлик кўрмасдан, фақат мана шу тўрт кунлик ҳаёти дунё лаззатлари ортидан елиб-югуриши, Оллоҳ таоло синов учун берган ҳаётни гуноҳ-маъсият ва ҳою-ҳаваслар билан беҳуда совуришидирки, бундан ортиқ адашиш бўлмас! Йўлдан озганларнинг яна бир сифати,улар инсонларни Оллоҳ таоло ва Унинг Расули кўрсатиб берган Ҳақ Йўлдан тўсадилар, мусулмонларни Дини Ислом кўрсатмаларига тўла-тўкис амал қилиб ҳаёт кечиришларига тўсқинлик қиладилар, улардан баъзилари оғизларида “бизда эътиқод эркинлиги бор, ҳар ким ўз эътиқодига амал қилиб яшаш хуқуқига эга”, деб лоф урганлари билан, амалда бутун куч-қудратларини турли баҳоналар билан одамларни Оллоҳнинг Йўлидан тўсиш ва бу Йўлдаги инсонлар кўпайиб-кучайиб кетишини олдини олиш учун сарфлайдилар. Бундай кимсаларнинг учинчи сифати шуки, улар бир умр Оллоҳнинг Тўғри Йўлидан эгрилик - хато излайдилар, аниқроғи, бу Йўлни эгиб - бузиб, унга ўз томонларидан турли хурофот-бидъатларни аралаштириб, бу Муқаддас Йўлнинг Илоҳий мусаффолигига путур етказишга ва мана шундай макр-ҳийлалар билан одамлрни Ҳақиқий Ислом Йўлидан чалғитишга ҳаракат қиладилар. Улар худди яхуд ва насронийлар Таврот ва Инжилни бузиб - ўзгартириб юборганларидек, Қуръон Кўрсатмаларига ҳам ўз томонларидан бирон сўз қўшиб ёки олиб мусулмонларни Ҳақ Йўлдан оздирмоқчи бўладилар.
Ояти карима мазмунидан кимда мазкур сифатлардан биронтаси топиладиган бўлса, ундай кимсалар ўзларини қандай ном билан атамасинлар, қандай баландпарвоз шиорларни кўтариб чиқмасинлар, шак-шубҳасиз Ҳақ Йўлдан озган, демак, охир оқибатда Ҳақ таолонинг ашаддий азобига гирифтор бўладиган бахтсиз кимсалар эканликлари маълум бўлади.

4. Биз ҳар бир элчи - пайғамбарни, токи у (Бизнинг Ҳукмимизни қавмига) аниқ баён қилиб бериши учун ўз қавмининг тили билан (сўзлайдиган қилиб) юборганмиз. Сўнгра Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсани йўлдан оздирур ва Ўзи хоҳлаган кишини ҳидоят қилур. У Кудратли, Ҳикматли Зотдир.
Ояти каримада Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиниб, у зотдан илгари ўтган барча пайғамбарларни Ҳақ таоло уларнинг қавмлари қайси тилда сўзласа, ана ўша тилда сўзлайдиган - уларга ўз тилларида ваҳйи Илоҳийни аниқ тушунтириб берадиган қилиб юборгани ҳақида хабар берилади. Бу Илоҳий хабардан Оллоҳ таоло Ўзи элчи юборган қавмлар Унинг Каломини ўз она тилларида аниқ англаб, Унга итоат этишларини ирода қилгани маълум бўлганидек, У Зот юборган элчиларнинг зиммасидаги вазифа фақат ўзларига нозил бўлган ваҳийни қавмларига аниқ-равшан баён қилиб беришлари эканлиги ҳам аён бўлади. Бас, бирон кишини йўлдан оздириш ёки Ҳақ Йўлга ҳидоят қилиш ҳеч қайси пайғамбарнинг қўлидан келмайди - бу тенгсиз Қудрат ва Ҳикмат Соҳиби бўлмиш Ёлғиз Оллоҳ таолонинг хоҳишига боғлиқ ишдир. Фақат Унинг Ўзигина Ўзининг етук Ҳикмати билан ким дўзах азобига лойиқ эканини билади ва у кимсани Тўғри Йўлдан оздириб қўяди, шунингдек, жаннатга мустаҳиқ эканини ҳам аниқ билади ва у инсонни Ҳақ Йўлга ҳидоят қилади. Ҳеч ким Унинг хоҳишига қарши бора олмайди.
Шу ўринда ўртага чиқиши мумкин бўлган бир саволга - “Демак, пайғамбар тилини билмаган қавмлар Оллоҳтаоло нозил қилган Дин аҳкомларига итоат қилмасалар ҳам бўлаверар эканда”, деган хомхаёлга “Тафсири Қуртубий”да шундай жавоб қилинибди: “Ушбу оят ажамлар - араб бўлмаган миллатлар араб тилида нозил бўлган Қуръони Азим кўрсатмаларига амал қилмасалар бўлаверади деган хужжат эмасдир. Чунки қай бир қавмга Пайғамбар алайҳис-салом келтирган Дин - Қуръон ва Суннат таржима қилиниб, тушунтириб берилар экан, уларнинг барчаси Оллоҳ таолонинг Динига итоат этишлари фарзи айндир. Зотан, Ҳақтаоло: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сизни шак-шубҳасиз, барча одамларга - (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчи, (кофирларни эса дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи бўлган ҳолингизда, Пайғамбар қилиб юбордик. Лекин кўп одамлар билмаслар.” (Сабаъ сураси, 28-оят), деб Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламни нафақат араб миллатига, балки барча инсониятга Элчи қилиб юборгани ҳақида хабар бергандир.
Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнингўзлари ҳам: “Барча пайғамбарлар ўз умматларига уларнинг тили билан сўзлайдиган элчи қилиб юборилдилар, мени эса Оллоҳ таоло Ўз халқидан ҳар бир қизил ва қорага (яъни, миллатидан қатъий назар ҳар бир инсонга) Элчи қилди”, деб марҳамат қилдилар.
Имом Муслим ривоят қилган яна бир ҳадиси шарифда эса: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, бу халқдан хоҳ яҳудий бўлсин ва хоҳ насроний бўлсин, кимда ким мен ҳақимда эшитса-ю, сўнгра мен элчи ўлароқ келтирган Динга иймон келтирмаса, ундай кимса шак-шубҳасиз дўзах аҳлидан бўлур”, дедилар. (“Тафсири Қуртубий”дан).

5. Дарҳақиқат, Биз Мусони Ўз оятларимиз билан (бани Исроил қавмига) элчи қилиб юбордик (ва унга дедик): «Қавмингни (куфр) зулматларидан (иймон) нурига олиб чиққин ва уларга Оллоҳнинг кунларини (яъни, Оллоҳнинг неъматларини) эслатгин! Албатта бу (неъ-матлар)да ҳар бир сабр-қаноатли, шукр қилгувчи киши учун оят-ибратлар бордир».
Ояти каримадаги “Ўз оятларимиз”дан мурод, Оллоҳ таоло Мусо алайҳис-саломга ато этган унинг ҳақ пайғамбар эканига далолат қиладиган тўққиз Илоҳий мўъжиза бўлиб, улар қандай мўъжизалар экани ҳақида Бақара сурасининг тафсирида бир мунча батафсил айтилди.
“Оллоҳнинг кунлари”ни Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ва Муқотил “олис-яқин ўтмишдаги воқеа-ҳодисалар - динсиз қавмларга Оллоҳ таоло томонидан юборилган бало-офатлар”, деб тафсир қилганлар, Ибн Аббос, Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳум ҳамда Мужоҳид ва Қатода раҳимаҳумуллоҳдан ривоят қилинган яна бир тафсирда эса, “Оллоҳнинг кунлари - Оллоҳ таоло бандаларига ато этган неъматлардир”, дейилади.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу: “Мен Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Мусо алайҳис-салом Хизр алайҳис-саломга қай тарзда йўлиқиб қолгани ҳақида сўзлаганларида “Мусо алайҳис-салом бани Исроил қавмига Оллоҳнинг кунларини эслатиб турган чоғида - Оллоҳнинг кунлари Унинг неъмат ва балоларидир...”, деяётганларини эшитганман”, дейди. (Насоий ва Табарий ривояти. “Тафсири Куртубий”дан).
Уламолар: “Ояти каримада Мусо алайҳис-салом қавмини куфр ва жаҳолат зулматларини тарк этиб, иймоннинг нурли йўлига чиқишга даъват қилар экан, уларга Оллоҳ таоло ато этган неъмат ва балоларни эслатиб туришга буюрилишидан маълум бўладики, Ҳақ Йўлга даъват қиладиган уламолар қавмларига ибрат бўлиши учун илгари ўтган қавмлар бошига тушган яхши-ёмон кунлар ҳақида ҳикоя қилиб, Ҳақ Йўлдаги меҳнат-машаққатларга сабр қилган, Оллоҳ таоло ато этган неъматларга шукр қилган кишилар топган хайрли оқибат ҳақида ва бесабр, ношукур кимсалар кўрган кўргуликлар тўғрисида тез-тез эслатиб туришлари лозимдир. Шунда ўтган кунлар кейингилар учун ибрат бўлиб, улар қилган яхши ишлардан ўрнак оладилар ва улар йўл қўйган хатоларни такрорламасликка ҳаракат қиладилар”, дейдилар. Зотан, “мозийга қараб иш кўриш хайрликдир”, деган иборанинг мазмуни ҳам шудир.

6. Ўшанда Мусо қавмига айтди: «Оллоҳнинг сизларга берган неъматини - сизларни оғир азоблар билан қийнаётган, ўғилларингизни сўйиб, хотинларингизни тирик қолдираётган Фиръавн одамларидан қутқарганини эслангиз. Ана ўша ишларда Парвардигорингиз томонидан буюк синов бордир.
Ушбу оятда Жаноби Ҳақ бани Исроил қавмига ато қилган неъматла-ридан яна бирини эслатади. Сўз яҳудларнинг Фиръавн ва унинг қавмидан қандай қилиб нажот топганлари ҳақида боради. Хўш, Фиръавн ўзи ким эди? Қадимда форслар подшоҳни хисрав, деб, турклар хоқон, деб атаганларидек, араблар подшоҳларини фиръавн дердилар.
Имом Бағавий “Маолимут-танзил” тафсирида ёзишича, Мусо алайҳис-салом замонларида яшаган подшоҳ - фиръавннинг асл исми Валид ибн Мусъаб ибн Раййон бўлиб, Миср мамлакатининг туб аҳолиси санал-миш қибтийлардан эди. У тўрт юз йилдан ортиқ умр кўрган. Ўзини “худо” деб эълон қилган бу золим подшоҳ Юсуф алайҳис-салом замонларида Мисрга келиб, шу заминда яшаб қолган бани Исроил қавмини, ояти кари-мада хабар берилганидек, қаттиқ азоблар билан қийнар, ўғил болаларини сўйиб ҳалок қилар, қизларини эса ҳаёт қолдирар эди. Бунга эса куйидаги воқеа сабаб бўлган эди: Бир куни Фиръавн туш кўрса, бир олов Қуддус тарафдан келиб, Мисрни ўраб олган эмиш. У Мисрдаги ҳар бир қибтийни куйдириб юборибди-ю, аммо бани Исроилдан ҳеч кимга тегмабди. Кўрган тушидан даҳшатга тушган Фиръавн коҳин-фолбинларидан унинг таъбирини сўраганида, улар: “Кўрган тушингнинг таъбири шундан иборат: бани Исроил қавмида бир бола дунёга келадики, сенинг ўлиминг ҳам, мулку давлатингнинг заволи ҳам ўша боланинг кўлида бўлади”, дейдилар. Бу таъбирни эшитган Фиръавн бани Исроилда туғиладиган ҳар бир ўғил болани ўлдиришга ҳукм қилади ва қўл остидаги барча қабилаларни тўплаб, уларга “Қўлларингизга тушган бани Исроилга мансуб ҳар бир ўғил болани ўлдирасизлар, фақат қизларинигина тирик қолдирасизлар”, деб буюради ҳамда ҳар бир қабилага ўзининг бир вакилини тайинлайди. Бани Исроилдан чиқадиган бир боланинг, яъни, Мусо алайҳис-саломнинг қўлида ҳалок бўлишидан талвасага тушган золим Фиръавннинг зулми шу даражага етадики, айтилишича, Мусони қидириб бани Исроилдан ўн икки минг бола ўлдирилган.
Муфассир уламолардан Ваҳб ибн Мунаббиҳ эса, бундай дейди: “Менга етиб келишича, Мусо алайҳис-саломни қидириб золим Фиръавн томонидан бани Исроил қавмидан тўқсон минг бола сўйилган”.
Шунда Мисрнинг туб аҳолиси бўлган қибтийларнинг оқсоқоллари Фиръавн олдига кириб: “Бани Исроилнинг гўдакларини сўяверсак, бу ғамни кўтара олмасдан катталари ҳам ўлиб кетмоқдалар. Бу ҳолда биз ўз кулларимиздан ажраб, барча оғир юмушлар ўзимизнинг бўйнимизга ту-шиб қоладику”, дейишгач, Фиръавн бундан буёғига йил оралаб сўйишга буюради. Шундан кейин Ҳорун - Мусонинг оғаси бола сўйилмайдиган йилда, Мусо эса келгуси йили, болалар сўйиладиган йилда дунёга келади.
Дунёдаги барча келган ва келадиган золим подшоҳларнинг “отаси” бўлган Фиръавннинг инсоният тарихида мисли кўрилмаган зулми ҳақида хабар берилган ушбу оятнинг яна бошқа тафсир-таъвиллари ҳам бор. Шулардан бири, аллома Муҳаммад Жалолиддин Қосимийнинг “Маҳосинут-таъвил” тафсирида зикр қилинишича, Фиръавн бани Исроил қавмининг ўғилларини сўйдиришига сабаб, (Тавротда ривоят қилинганига биноан) уларнинг тез кўпайиб, униб-ўсиб кетаётганлари бўлган. Улар шу қадар кўп туғила бошлаганларки, ҳатто Миср ери бани Исроил кўлига ўтиб кетадими, деган хавф пайдо бўлган.
Маълумки, бани Исроил қавмининг Миср заминига келиб қолиш тарихи Юсуф алайҳис-салом билан боғлиқдир. Миср подшоҳининг фармони билан, бу ўлкада ўта иззат-эътиборли вазир бўлган Юсуф алайҳис-салом оталари Яъқуб алайҳис-саломни ва оға-иниларини оила аъзолари билан Канъон заминидан Мисрга чақиртиради ва уларни энг чиройли, серҳосил ерларга жойлаштиради. Бу улуғ зот шарофатидан бани Исроил Мисрда кўп иззат-хурматларга сазовор бўлишиб, жуда тез томир отиб кўпая бошлайдилар. Аммо Юсуф алайҳис-салом ва у зотни ўзига вазир қилиб олган подшоҳ вафот қилганларидан кейин бани Исроил қавмига бўлган муносабат кескин ўзгаради. Улар аввал кўрган ҳурмат-эътиборларидан маҳрум бўладилар. Ўшанда Миср мамлакати устига келган фиръавнлардан бири ўз қавми - қибтийларга қараб: “Бу бани Исроил бизнинг юртимизда ўзимиздан ҳам кўпайиб кетди. Энди уларга қарши бирор чора ўйлаб топмасак, агар юрти-мизга бирон душман уруш очадиган бўлса бу қавм душманларимизга кўшилиб олиб, ўзимизга қарши жанг қилишлари, бизларни ўз юртимиздан қувиб чиқаришлари мумкин”, дейди ва ўз аъёнлари билан бани Исроилни турли-туман чидаб бўлмас азоб-уқубатларга гирифтор қила бошлайди. Лекин уларни қанча хорлаб-зўрламасинлар, улар янада кўпайиб, янада кучайиб кетаверадилар. Шунда Фиръавн - Оллоҳ таоло ушбу ояти каримада хабар берганидек - уларнинг ўғилларини сўйишга буюради.
Оят ниҳоясида Ҳақ таоло “Ана ўша ишларда Парвардигорингиз томонидан буюк синов бордир”, деди. Биз “синов” деб ўгирган сўз Қуръондаги “бало” лафзидир. Бало сўзи арабларда неъмат маъносида ҳам, кулфат маъносида ҳам ишлатилади. Зотан, Оллоҳ таоло бандаларига гоҳо неъмат ато қилиб, шукр қилармиканлар, деб бир синовдан ўтказса, гоҳо бирон кулфат юбориб, сабр қилармиканлар, деб яна бир имтиҳон қилади. “Биз сизларни (сабр-тоқатларингизни синаш учун) ёмонлик билан ҳам, (шукр қилишингизни билиш учун) яхшилик билан ҳам «алдаб» имтиҳон қилурмиз. (Кейин барчаларингиз) фақат Бизгагина қайтарилурсизлар”. (Анбиё сураси, 35-оят)
Ушбу оятда зикр қилинган Фиръавн балоси бани Исроил қавмига Оллоҳ таоло юборган бир синов бўлса, бу балодан Оллоҳ таоло уларга нажот бериши ҳам улар учун қани шукр қилармиканлар, деган яна бир катта синов эди.

7. Яна Парвардигорингиз билдирган (бу сўзларни) эслангиз: «Қасамки, агар сизлар (берган неъматларимга) шукр қилсангизлар, албатта, Мен (уларни янада) зиёда қилурман. Энди агар куфрони (неъмат) қилсангизлар, албатта, Менинг азобим жуда қаттиқдир».
Ушбу ояти карима гарчи Мусо алайҳис-салом ва унинг қавми ўртасида бўлиб ўтган можаролар баён қилинган оятлар қаторида келган бўлса-да, ундаги хитоб нафақат бани Исроил қавмига, балки барча инсонларга қаратилгандир.
Оят, бандаларнинг Оллоҳ таолога ато этган неъматлари учун шукр қилишлари албатта у неъматларнинг янада кўпайишига сабаб бўлиши, куфрони неъмат - ношукурлик эса, нонкўр кимсаларнингу неъматлардан маҳрум бўлиб, Яратганнинг қаттиқ азобига дучор қилинишларига сабаб бўлиши ҳақида эълон қилинган Илоҳий Ҳужжатдир.
Бас, маълум бўладики, агар каттами-кичикми, ҳар бир неъмат учун шукр қилиш у неъматнинг янада кўпайишига сабаб бўлса, демак, неъматга шукр қилишнинг ўзи ҳам неъматдир. Ҳикоя қилишларича, Довуд алайҳис-салом: “Ё Роббим, мен Сенга қандай шукр қила оламан, ҳолбуки, менинг Сенга шукр қилишимнинг ўзи ҳам Сен томондан менга ато этилган янги бир неъматку!” деганида, Ҳақ таоло: “Эй Довуд, мана ҳозир (яъни, шукрнинг ўзи ҳам неъмат эканини англаш билан) сен Менга шукр қилдинг”,деди.
Бу ўринда аниқ билишимиз лозимки, Оллоҳ таолога шукр қилиш фақат тилимизда “Алҳамдулиллоҳ - Худога шукр”, деб қўйишимизнинг ўзи эмасдир, балки шу билан бирга зиммамизда бизга берилган ҳар бир неъмат учун амалий шукр қилиш вожиби ҳам бордир.
“Тафсири Қуртубий”да солиҳ кишилардан биридан Оллоҳ таолога шукр қилишнинг мазмуни ҳақида сўралганида, у зот: “Оллоҳ берган неъматнинг қуввати билан Унга исён - итоатсизлик қилмаслигингдир”, деб жавоб бергани ривоят қилинади.

8. Мусо яна деди: «Агар сизлар ўзингиз ва Ер юзидаги барча кишилар кофир бўлсангизлар ҳам (Оллоҳга бирон зиён етказа олмайсизлар). Зеро, Оллоҳ (сизларнинг шукр қилишингиздан) Беҳожатдир, ҳамду сано Эгасидир.
Яъни, қачонки Мусо алайҳис-салом бани Исроил қавмига Оллоҳ таолонинг шукр неъматнинг зиёда бўлишига, ношукурлик эса қаттиқ азобга гирифтор қилинишга сабаб бўлиши ҳақидаги ваъдасини етказгач, қавм томонидан бу Илоҳий Ваъдага ишонмаслик аломатларини кўрди. Шунда уларга бундай эслатмалар таъсир қилмаслигини билиб: “Агар сизлар, эй бани Исроил, шунингдек, Ер юзидаги барча инсу жин - барчаларингиз нонкўрлик билан Оллоҳ таоло сизларга ато этган неъматларга ношукрлик, куфрони неъмат қилсаларингиз ҳам бунинг Оллоҳ таолога ҳеч қандай зиёни йўқ, бу қилмишларингиздан фақат ўзларингиз зиён тортурсизлар. Чунки Ҳақ таоло Ўзи яратган бирон махлуқнинг, жумладан сизларнинг ҳам шукр қилишларингизга муҳтож эмасдир, Унинг неъматлари шу қадар беҳисобки, осмондаги сон-саноқсиз малоикалар ҳам, борлиқдаги барча мавжудот ҳам Унга тинмай ҳамду сано айтур”, деди.
“Саҳиҳи Муслим”да Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси Қудсийда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Оллоҳ таоло деди: “Эй бандаларим, агар фаразан сизларнинг аввал-у охирларингиз, инсу жинларингиз ораларингиздаги энг тақволи бир кишининг қалбида бўлсалар ҳам, яъни, ҳар бирингизнинг қалбингиз ана ўша кишининг қалбидек тақволи бўлганида ҳам, бу Менинг Мулкимга бирон нарсани зиёда қилмайди. Эй бандаларим, агар фаразан сизларнинг аввал-у охирларингиз, инсу жинларингиз ораларингиздаги энг фожир - фисқу фужурга тўла бир кимсанинг қалбида бўлсалар ҳам, яъни, ҳар бирингизнинг қалбингиз ана ўша кимсанинг қалбидек фисқу фужурга тўла бўлганида ҳам, бу Менинг Мулкимдан бирон нарсани камайтирмайди. Эй бандаларим, агар фаразан сизларнинг аввалу-охирларингиз, инсу жинларингиз бир баландликда туриб олиб Мендан ўз ҳожатларини сўрасалар-у, Мен ҳар бир инсонга сўраган нарсасини берганимда ҳам бу Менинг Мулкимдан бирон нарсани камайтирмайди, магар денгизга суқиб олинган нина унинг сувидан қанча камайтира олса ўша миқдорда камайтириши мумкин”.

9. Сизларга ўзларингиздан илгари ўтган кишиларнинг - Нуҳ қавмининг, Од, Самуд (қабилаларининг) ва улардан кейин ўтган, (сону саноқлари қанча эканини) Ёлғиз Оллоҳгина биладиган қавмларнинг хабари келмадими? Уларга пайғамбарлари (ўзларининг ҳақ пайгамбар эканликларини билдирувчи) ҳужжатлар келтирганларида, улар қўллари билан (пайгамбарларнинг) оғизларини тўсдилар ва: «Биз сизлар элчи қилиб юборилган нарсага - динга кофир бўлдик. Чунки биз сизлар бизни даъват қилаётган (динингиз)дан шак-шубҳададирмиз», дедилар.
Яъни, ахир сизларга эй бани Исроил, ўзларингиздан илгари ўтган ва Оллоҳ таолонинг оятларига кофир бўлганлари ҳамда Унинг элчиларини ёлғончи қилганлари учун ҳалокатга дучор қилиниб Ер юзидан йўқ бўлиб кетган қавмлар ҳақидаги хабарлар етиб келган эдику?! Нега ўшалардан ибрат олмайсизлар, Ҳақ таоло юборган элчилар келтирган Ҳақ Йўлга юрмайсизлар?!
Мана, Нуҳ алайҳис-саломнинг қавми уни ёлғончи қилганлари, унинг даъватига қулоқ солмаганлари учун тўфон балосига гирифтор бўлдилар ва уларнинг касофатидан бутун Ер юзи сув остида қолди. Фақат Нуҳга иймон келтирган кишиларгина нажот топдилар. Оллоҳ таоло у золим қавм ҳақида шундай хабар берди: “Аниқки, Биз Нуҳни ўз қавмиға пайғамбар қилдик. Бас, у уларнинг орасида эллик йили кам минг йил турди (аммо улар иймон келтирмадилар), бас, уларни золим-кофир бўлган ҳолларида тўфон (балоси) тутди.” (Анкабут сураси, 14-оят).
Ҳуд алайҳис-саломнинг қавми бўлган Од қабиласи эса, у пайғамбарни ёлғончи қилишгач, бўрон балосига дучор қилиниб ҳалок бўлди. Бу ҳақда Оллоҳтаоло шундай хабар берди: “Од (қабиласининг қиссаси)да ҳам (ибрат бордир). Эсланг, Биз уларнинг устига туғмас (яъни, ҳеч қандай фойда етказмайдиган) бўронни юборган эдик. У (бўрон) ниманинг устидан ўтса, албатта уни (ҳалок этиб) худди чириб-битган суяклар каби қилиб қўяр эди.” (Ваз-зориёт сураси, 41-42-оят).
Солиҳ алайҳис-саломнинг қавми Самуд қабиласи Солиҳни ёлғончи қилиб, туяни сўйиб юборишгач, Оллоҳнинг балосига йўлиқдилар.
У қандай бало экани ҳақида мана бу оятларда хабар берилди: “Самуд (қабиласининг қиссаси)да ҳам (ибрат бордир). Эсланг, уларга (Оллоҳ томонидан мўьжиза қилиб юборилган туяни сўйиб юборган пайтларида): «Бир вақтгача (яъни, уч кунгача тириклик неъматидан) фойдаланиб қолингиз», дейилган эди. Бас, улар Парвардигорнинг Амри(га итоат этиш)дан кибр-ҳаво қилишгач, қараб турган ҳолларида уларни чақ-моқ урди. Бас, улар (у чақмоқдан қочиб қутулиш учун ўринларидан) туришга ҳам қодир бўлмадилар ва (бирон кимса томонидан) ёрдам олгувчи ҳам бўлмадилар!” (Ваз-зориёт сураси, 43-45-оят).
“...ва улардан кейин ўтган, (сону саноқлари қанча эканини) Ёлғиз Оллоҳгина биладиган қавмларнинг хабари келмадими?”
Ояти каримадаги ушбу жумла мазмунидан маълум бўладики, Қуръони Каримда зикр қилинган Од, Самуд қабилаларидан кейин то Иброҳим алайҳис-салоту вас-салом замонларигача ўтган давр ичида қанча аср-авлод ўтганини ва улардан қанчалари Оллоҳ таоло юборган пайғамбарларни ёлғончи қилганлари сабабли ҳалокатга дучор бўлиб қирилиб кетганларини Ёлғиз Оллоҳ таолодан ўзга ҳеч ким билмайди. Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ушбу жумлани ўқиган вақтида инсоният тарихини ипидан игнасигача ёзмоқчи бўлган, то Одам алайҳис-саломгача ҳар бир авлодни бир-бирларига нисбат бериб таърифлаган кимсалар ҳақида “Бундай нисбат бергувчиларнинг сўзлари ёлғондир”, дер эди.
Аммо шуниси аниқ маълумки, узун тарих давомида қанча қавм-қабила Оллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлган бўлса, у қавмларнинг Ер юзидан қирилиб кетишларига сабаб бўлган нарса мана будир: “Уларга пайғамбарлари (ўзларининг ҳақ пайғамбар эканликларини билдирувчи) ҳужжатлар келтирганларида, улар қўллари билан (пайғамбарларнинг) оғизларини тўсиб, дедилар: «Биз сизлар элчи қилиб юборилган нарсага - динга кофир бўлдик. Чунки биз сизлар бизни даъват қилаётган динингиздан шак-шубҳададирмиз”.
Муфассирлар “улар қўллари билан оғизларини тўсдилар” жумласини турлича тафсир қилдилар. “Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобида: “У кофир қавмлар ўзларига юборилган элчиларни қаттиқ масхара қилиш учун қўллари билан оғизларини тўсиб олганлар, яъни, улар қачонки элчилар айтган: “Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилинглар, Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир”, деган сўзларни эшитишгач, у элчиларни масхара қилиб кула бошладилар ва кулаётганларини яшириш учун қўллари билан оғизларини тўсиб олдилар”, дейилади.
“Тафсири Бағавий”да Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган тафсирда эса, мазкур жумла улар (яъни, кофир қавмлар) элчиларнинг сўзларини эшитганларида ғазабланганларидан қўлларини оғизларига тиқиб, бармоқларини тишладилар деган маънони англатиши айтилади ва бошқа бир оятдан шу мазмунга далолат қиладиган иқтибос келтирилади: “Улар (яъни, кофир қавмлар) сизларни қаттиқ ёмон кўрганлари сабабли бармоқларини тишлайдилар”. (Ол-и Имрон сураси, 119-оятдан).

10. Пайғамбарлари (у кофир қавмларга) айтдилар: «Осмонлар ва Ернинг Яратувчиси бўлмиш Оллоҳ(нинг Борлиги ва Бирлиги) хусусида шак-шубҳа бўлиши мумкинми?! Ахир сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қилиш ва ўзларингизни маълум муддатгача (ҳалок қилмай) қолдириш учун биз - элчилари орқали сизларни Унинг Ўзи даъват қилмоқда-ку!» Улар дедилар: «Сизлар ҳам худди ўзимизга ўхшаган одамларсиз, фақат сизлар бизни ота-боболаримиз ибодат қилиб ўтган нарсадан (бут-санамларга сиғинишдан) тўсишни истайсизлар, холос. Бас, (агар сизлар чиндан ҳам пайғамбар бўлсангизлар), у ҳолда бизга аниқ бир ҳужжат далил келтиринглар-чи?!»
Яъни, юқоридаги оятда хабар берилганидек, ўша олис-яқин ўтмишда ўтган, Оллоҳ таоло юборган элчиларга иймон келтириб итоат этиш ўрнига: “Биз сизлар келтирган динга кофирмиз, чунки биз сизлар бизни даъват қилаётган нарсаларга қаттиқ шубҳа билан қараймиз - уларга ҳеч ишона олмаймиз, деб ўзларининг куфру исёнларидан қайтишни истамаган қавмларга уларга юборилган элчилар айтдилар: “Демак, сизлар осмонлар ва Ерни Яратгувчиси бўлмиш Оллоҳ таолонинг Борлиги ва Бирлигига ҳам шак-шубҳа билан қарар экансизлар-да! Ахир Ер-у осмонлардаги мавжуд бўлган ҳар бир нарса бетакрор сурат ва аниқ интизом билан яратилганининг ўзи бениҳоя Қудратли, беқиёс Ҳикматли Танҳо Яратгувчи борлигига далолат қилиб турибдику! Ахир Унинг Ўзи биз - элчилари орқали сизларнинг икки буюк неъматга - гуноҳларингизни мағфират қилиб кечириб юборишга ва то Оллоҳ таоло томонидан белгилаб қўйилган ажалларингиз етмагунича турли бало-қазоларда ҳалок бўлиб кетишдан нажот топишларингизга - даъват қилмоқдаку!”
Аммо динсиз қавмлар элчилар айтган бу сўзларни эшитганларидан кейин ҳам уларга иймон келтирмадилар, балки саркашликлари яна бир қат ошиб, элчилар томонидан уларнинг ҳақ пайғамбар эканликларини тасдиқлайдиган аниқ хужжат - мўъжизаларга неча бор гувоҳ бўлган эсалар-да, гўё ҳеч нарса кўрмагандек яна қайтадан: “Сизларнинг биздан қандай ортиқчиликларингиз бор? Сизлар ҳам худди бизга ўхшаган оддий одамсизларку? Айтаётган сўзларингиз, “Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилинглар” қабилидаги даъватларингиз билан эса, фақат бизларни ота-боболаримизнинг динидан чиқаришни, улар каби бут-санамларимизга сиғинишдан тўсишни истайсизлар, холос. Бас, агар сизлар ҳақиқатдан ҳам ўзларингиз даъват қилаётганларингиздек Оллоҳ юборган элчилар бўлсаларингиз, у ҳолда бизларга осмонлар ва Ернинг яратилиши, улардаги ажойиботлар ҳақида сўзлаш ўрнига биз сизлардан талаб қиладиган, оддий одамларнинг қўлидан келмайдиган мўъжизаларни кўрсатинглар, акс ҳолда биз сизларга ҳеч қачон иймон келтирмаймиз”, деган эдилар, -

11-12. Пайғамбарлари уларга айтдилар: «(Ҳа), биз ҳам худди сизларга ўхшаган одамлармиз, лекин Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга (пайғамбарлик) инъом қилур. Биз сизларга бирон ҳужжат - мўъжиза келтира олмаймиз, магар Оллоҳнинг Изни-Иродаси билангина (келтиришимиз мумкиндир). Бас, мўминлар Ёлғиз Оллоҳгагина таваккул қилсинлар. Нечун биз Оллоҳга таваккул қилмайлик? (Ахир) У бизни (Тўғри) Йўлимизга ҳидоят қилдику! Қасамки, албатта, биз сизлар етказган озорларга сабр қилурмиз. Таваккул қилгувчилар Ёлғиз Оллоҳга таваккул қилсинлар».
Ушбу икки оятда Ҳақ таоло Ўзининг элчилари уларнинг ҳақ пайғамбар эканликларига иймон келтирмаган қавмларига қандай жавоб берганлари ҳақида ҳикоя қилади.
Элчилар гўё шундай дедилар: “Тўғри, биз ҳам суратда худди сизларга ўхшаган одамлармиз - еймиз, ичамиз, ухлаймиз, бозор-кўчаларда юрамиз, ризқу рўз истаймиз. Лекин Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўзи хоҳлаган бандаларига элчилик-пайғамбарлик вазифасини ато этар экан - “Оллоҳ пайғамбарлик вазифасини қаерга қўйишни (яъни, кимга ато этишни) яхшироқ Билгувчидир”. (Анъом сураси 124-оятдан).
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Парвардигорингизнинг Раҳмати (бўлмиш пайғамбарлик)ни ўшалар тақсимлайдиларми?! (Йўқ, асло ундоқ эмас!) Уларнинг ҳаёти дунёдаги маишат-тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз Ўзимиз тақсимлаганмиз ва баъзилари баъзиларини қўл остига олиб (ишлатишлари) учун (бировларини бой ёки кучли-қувватли қилиб, бошқа бировларини эса камбағал ёки заиф-кучсиз қилиб) айримларини айримларидан баланд даража-мартабаларга кўтариб қўйганмиз. Парвардигорингизнинг Раҳмати - пайғамбарлик эса улар тўплайдиган нарса (мол-дунё)ларидан яхшироқдир. (Бас, Биз бу улуғ неъматни фақат Ўзимиз танлаган кишиларгагина ато этурмиз).” (Зухруф сураси, 32-оят) - Оллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсинки,У Зот бизга ана ўша улуғ ҳамда масъулиятли неъматни ато этиб сизларга элчи қилиб юборди, демак, сизларнинг нажотингиз, биз кўрсатган Ҳақ Йўлга юришларингиздадир. Бас, шу ҳолда сизларнинг: “Биз фақат ота-боболаримизга тақлид қиламиз - эргашамиз, бошқа ҳеч қандай йўлга
- агар у Тўғри Йўл бўлган тақдирда ҳам - эргашмаймиз”, деб оёқ тираб туриб олишларингиз ақлли одамларнинг иши эмасдир. Энди сизлар биз-дан талаб қилаётган очиқ ҳужжат - мўъжиза кўрсатишга келсак, бу мутлақо бизнинг ихтиёримиздаги иш эмас, магар Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Изни
- Хоҳиши билангина амалга ошадиган Илоҳий ҳодисадир”.
“Бас, мўминлар Ёлғиз Оллоҳгагина таваккул қилсинлар”.
Оллоҳ таолонинг элчилари кофир қавмларга айтган сўзларнинг давоми бўлган бу жумлада жамийки мўминлар барча ишларида, жумладан, душманларининг ёмонликларини дафъ қилишда ҳам, уларга қарши бўлган курашда сабр қилишда ҳам Ёлғиз Оллоҳга таваккул қилишлари - суянишлари лозим эканлиги уқтирилади. Дарҳақиқат, ҳар қандай ишда зафар топиш, ғалаба қозониш фақат саноқнинг кўплиги ёки куч-қувватнинг зўрлиги билангина амалга ошмайди, балки ким Ёлғиз Оллоҳга таваккул қилса ва Унинг Амрига итоат этса, ғалаба ана ўша кишиларнинг томонида бўлади. Таваккул - банда ўзи учун керакли - фойдали, Шариати Исломийя буюрган ёки рухсат берган ҳар қандай мақсадга етишда ва ёхуд ўзидан зиён - ёмонликларни дафъ этишда кучи етганича ҳаракат қили-шидир, аммо шу билан бирга натижа Ёлғиз Оллоҳнинг Қўлида эканига аниқ ишониб, бошқа ҳеч нарса ё кимсага суянмасдан Оллоҳ таолонинг Ўзигагина суянмоғидир. Чунки Ҳақ таолонинг ёзганини ўчирадиган ёки унга бирон нарса кўшиб қўядиган бошқа илоҳ йўқдир. Мана шу ақидани маҳкам ушлаган кишиларгина иймон ҳаловатидан насибадор бўлган кишилардир. Албатта, Оллоҳ таоло пайғамбарлик мақом-мартабасига лойиқ кўрган у солиҳ бандалар зиммаларига юкланган элчилик вазифасини адо этарканлар, динсиз қавм ва жоҳил кимсалар томонидан етиши мумкин, балки аниқ бўлган ҳар қандай озор-азийятларга сабр тоқат қилишда, уларнинг ёмонликларини дафъ этишда энг Ишончли ва энг Қудратли Дўстга - Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога суянардилар - таваккул қилардилар ҳамда бошқа мўмин-мусулмонларга ҳам барча ишларида Унинг Ўзига таваккул қилишни тавсия этардилар.
“Нечун биз Оллоҳга таваккул қилмайлик? (Ахир) У бизни (Тўғри) Йўлимизга ҳидоят қилдику! Қасамки, албатта биз сизлар етказган озорларга сабр қилурмиз. Таваккул қилгувчилар Ёлғиз Оллоҳга таваккул қилсинлар”.
Улар ўзларининг Оллоҳ таолога бўлган эътиқод ва эътимодларини таъкидлаб гўё шундай дер эдилар: “Бизларни Оллоҳтаолога таваккул қилишдан тўсадиган бирон нарса борми? Бизларга нажот Йўлини - Ўзининг Раҳматига етказгувчи Йўлни кўрсатиб қўйган Оллоҳ таолога таваккул қилмасдан - суянмасдан кимга суянамиз? Албатта биз УнингЎзига таваккул қиламиз ва Оллоҳга қасамки, албатта биз сизларни Оллоҳ таоло кўрсатган ўша Тўғри Йўлга даъват қилганимиз учун сизлар бизга етказган ҳар қандай азийятларга - бизни хўрлашларингизга, уриб-сўкишларингизга, ёлғончи қилишларингизга ва ҳатто ўлдириб юборишларингизга ҳам сабр қиламиз. Ҳар бир таваккул қилгувчи Ёлғиз Оллоҳга таваккул қилиши ва мана шу таваккулида бир умр собит-барқарор бўлиш керак. Чунки Ҳақ таоло ҳар бир нарса ва воқеа-ҳодисани, жумладан бизнинг ҳаёт-мамотимизни ҳам бирон лаҳзасини қолдирмай Ўз ҳузуридаги Лавҳул-Маҳфуз Китобига ёзиб кўйгандир. Бас, бизнинг бошимизга нима келса - яхшиликми, ёмонликми; хурсандликми, хафаликми; ҳаётми, ўлимми
- барчаси ана ўша Лавхул-Маҳфуз Китобида ёзилгандир. Оллоҳнинг ёзганига бандалар бирон нарса кўша олмайдилар ёки камайтира олмайдилар. Демак, мўмин ҳар бир иш-амалида турли сабабларга эмас, балки ўша сабабларни сабаб қилиб қўйган Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога суянишлари
- таваккул қилишлари керак”.
Ибнул-Жавзийдан ривоят қилинишича, Ҳазрати Расулуллоҳ соллол-лоху алайҳи ва салламга ўтган пайғамбарларнинг қиссалари бу тарзда сўйлаб берилишига сабаб, биринчидан, у зотга ўзидан аввалги салафларининг ҳоли-хабарларини етказиш бўлса, иккинчи томондан, ўзларининг бошларига ҳам у пайғамбарлар ўз умматлари тарафидан кўрган кўргуликлар тушиши мумкинлиги ва бундай ҳолатда улар каби сабр-тоқат қилишлари лозимлигини уқтиришдир. Таваккул - уламолардан Абу Туробнинг таърифлашича,- ўзни мудом ибодатга чоғлаш, дилни Ёлғиз Парвардигорга боғлаш, сафоли кунларда шукр қилиш, балоли кунларда сабр қилишдир.

13-14. Кофир бўлган кимсалар уларга юборилган пайғамбарларга: «Қасамки, албатта биз сизларни еримиздан ҳайдаб чиқарурмиз ёки сизлар бизнинг динимизга (яъни, мушрикликка) қайтурсизлар», дедилар. Бас, Парвардигорлари уларга (яъни, Ўзи юборган элчиларга): «Албатта, Биз бу золимларни ҳалок қилурмиз ва улардан сўнг шу ерни сизлар учун маскан қилурмиз. Бу (ваъда Қиёмат Кунида) Менинг ҳузуримда (сўроқ-савол бериб) туришдан қўрққан ва Менинг (кофирларни дўзахга гирифтор қилиш хусусидаги) ваъдамдан хавф қилган кишилар учундир», деб ваҳий юборди.
Ҳақ таолонинг олис-яқин тарихда ўтган элчи-пайғамбарлари билан уларни ёлғончи қилган динсиз қавмлар ўртасидаги можаролар ҳақида ҳикоя қилувчи ушбу оятлар Ёлғиз Оллоҳ таолога таваккул қилган, Ундан ўзгадан қўрқмаган кишилар учун Яратганнинг Ўзи етарли Ҳимоячи эканига очиқ далолат қиладиган Илоҳий Ҳужжатдир. Мушрик-кофир кимсалар Оллоҳ таолонинг элчиларига ва уларга иймон келтирган мўминларга агар куфр йўлига қайтмайдиган бўлсалар уларни ўз ерларидан ҳайдаб чиқариб юборишларини айтиб таҳдид қилдилар. Оллоҳ таоло эса, агар мўминлар кофирларнинг турли-туман таҳдидларидан эмас, балки Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло ҳузурида туриб сўроқ-савол, ҳисоб-китоб қилинишдан кўрқсалар ва Унинг кофирларни мангу дўзах азобига гирифтор қилиш хусусидаги ваъдасидан хавф қилсалар, яъни, Ёлғиз Оллоҳга таваккул қилсалар, албатта У Зот мўминларни ўз диёрларидан қувиб чиқармоқчи бўлган золим-кофир кимсаларни нафақат ўзлари яшаб турган ерларидан, балки бутунлай Ер юзидан йўқ қилиб юборишини айтди ва кекса тарих Ҳақ таолонинг мўмин бандаларига берган Ваъдаси ҳақ эканига асрлар давомида қайта-қайта гувоҳ бўлди.
Ояти каримада мушрик-кофирлар “золимлар” деб аталди, чунки “Оллоҳга ширк келтириш энг катта зулмдир”. (Лукуюн сураси, 13-оят).
Ўрганаётганимиз ушбу оятларда баён қилинган воқеалардан бири Оллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Шуайб алайҳис-салом ва унинг қав-ми ўртасида ҳам бўлиб ўтган эди. Бу ҳақда Аъроф сурасида шундай хабар берилади: “(Шунда) унинг қавмидан бўлган мутакаббир кимсалар: «Эй Шуайб, ё сени ва сен билан бирга иймон келтирган кишиларни қишлоғимиздан ҳайдаб чиқарамиз ёки сизлар бизнинг динимизга (яъни, мушрикликка) қайтасизлар», дейишди. У айтди: «Агар биз (ширк келтиришни) ёмон кўрувчи бўлсак ҳам-а? Агар Оллоҳ бизга ўша (динингиз)дан нажот берганидан кейин яна унга қайтсак, Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиган бўламиз-ку? (Яъни, аслида бўлмаган нарсаларни Оллоҳга шерик қилган бўламиз-ку?) Биз учун у “дин”га қайтиш мутлақо жоиз эмас, магар Парвардигоримиз - Оллоҳ (бизни йўлдан оздиришни) хоҳласагина (бундай иш бўлиши мумкин). Парвардигоримизнинг илми ҳамма нарсани қамраб олгандир. Биз Оллоҳнинг Ўзига таваккул қилдик (суяндик). Парвардигоро, биз билан қавмимиз ўртасида ҳақ ҳукм қилгайсан. Ўзинг ҳукм қилгувчиларнинг Яхшироғидирсан”. (Аъроф сураси, 88-89-оятлар).
Мадян шаҳридаги бой-бадавлат зодагонлар, Ёлғиз Оллоҳтаолога ибодат, Шуайб алайҳис-саломга итоат қилишдан орланган мутакаббир кимсалар пайғамбарнинг панд-насиҳат ва даъватига шундай жавоб қилишди. Улар ўзлари Тўғри Йўлга юришдан бош тортганларидан ташқари Шуайб ва унга иймон келтирган мўминларни ҳам Ҳақ диндан кечиб, кофир бўлишларини талаб қилишди. Акс ҳолда, уларни қишлоқларидан қувиб юборишларини айтиб қасам ичишди. Улар иймонли инсонлар билан ҳатто бир шаҳарда туришни ҳам хоҳламадилар. Негаки улар Шуайб алайҳис-саломнинг ҳақ пайғамбар эканига иймон келтирган кишиларнинг саноғи кўпайиб кетишидан хавотирга тушиб қолган эдилар. Шунинг учун ҳам қўрққан олдин мушт кўтарар, деганларидек мўминларга “Ё сизлар ҳам бизга ўхшаган мушрик - бутпараст бўласизлар ёки биз сизларни шаҳримиздан ҳайдаб чиқарамиз”, деб юзсизлик қилдилар.
Шунда Шуайб алайҳис-салом мушрикларнинг бу ботил талабларини рад этиб, уларнинг мўминларни қўрқитиш учун ичган қасамларини мутлақо писанд қилмасдан “Агар биз ширк келтиришни истамасакҳам сизлар бизни мажбур қиласизларми?! Ахир биз мушрикликни ёмон кўрамиз-ку?!”, деди ва мўминларга Оллоҳ таоло ширк балосидан нажот бериб, Ҳақ Йўлга ҳидоят қилиб кўйганидан кейин ким яна ўша динсизликка қайтадиган бўлса, одамлар ясаган бут-санамларни Оллоҳтаолога шерик деб билиб уларга сиғинадиган бўлса, у ҳолда Оллоҳ шаънига ёлғон сўзларни тўқиган, туҳмат қилган бўлишини айтиб, кофирлар кутган иш ҳеч қачон бўлмаслигини - мўминлар ҳаргиз мушрикликка қайтмасликларини билдирди.
Шуайб алайҳис-салом ўзининг ва тобеларининг бир умр иймонда барқарор эканликларини эълон қилгач, яна бир ўта муҳим, ҳар бир мўминнинг ақидасида мустаҳкам ўрин тутадиган сўзни айтди.
Яъни, мўминлар ҳеч қачон куфрга қайтиб, муртад бўлишлари мумкин эмас, магар ким ўз қилмиши билан иймон неъматига нолойиқ эканини кўрсатса ва Оллоҳ таолонинг тавфиқидан маҳрум бўлиб, Яратган уни залолатга кетказишни хоҳласа, у ҳолда Оллоҳ таолонинг Хоҳиш ва Иродасига ҳеч ким қарши бора олмаслигини, ҳамма иш - бандаларини ҳидоят қилиш ҳам, уларни залолатга кетказиш ҳам Ёлғиз Унинг Қўлида эканини, Танҳо Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ўзигина Ўз Илми ва Ҳикмати билан барча нарсани қамраб олганини, кимни ҳидоят қилишни ва кимни залолатга кетказишни ҳам фақат Унинг Ўзи билишини, бандалар биладиган нарсалар жуда оз эканини, бинобарин, Шуайб ўзи ва тобелари Ёлғиз Оллоҳ таолога таваккул қилишларини айтди.

15. (Сўнгра пайғамбарлар Оллоҳдан кофирлар билан уларнинг ўртасини) очишини сўрадилар. (Оллоҳ уларнинг дуо-илтижоларини мустажоб қилди) ва ҳар бир жабркор-саркаш кимсанинг умиди пучга чиқди, (яъни, ҳалок қилинди).
(“Маолимут-танзил” тафсирида) Мужоҳид ва Қатодадан ривоят қилинди: “Қачонки Оллоҳтаолонинг элчилари қавмларининг иймон келти-ришларидан буткул умидлари узилгач, Оллоҳга ёлвориб, энди кофирлар билан уларнинг орасини очиб қўйишини, яъни, куфр йўлида оёқ тираб туриб олган ҳар бир кимсани ҳалок қилиб юборишини сўрадилар.
Масалан, Мусо ва Ҳорун алайҳимас-салом ҳам Ҳақ таолога шундай илтижо қилдилар: “Мусо деди: «Парвардигоро, дарҳақиқат, Сен Фиръавн ва унинг одамларига ҳаёти дунёда зеб-зийнат ва мол-давлат ато этдинг. Парвардигоро, охир-оқибатда улар (мана шу мол-давлатлари билан одамларни) Сенинг Йўлингдан оздиришлари учун (шундай қилдинг). Парвардигоро, уларнинг мол-давлатларини йўқ қилгин, кўнгилларини қаттиқ қилгин, токи улар аламли азобни кўрмагунларича, иймон келтирмасинлар!” (Юнус сураси, 88-оят).
Мусо алайҳис-салом ўзининг ҳақ пайғамбар эканини исботлайдиган Илоҳий мўьжизаларни такрор-такрор келтирганидан кейин ҳам Фиръавн ва унинг қавми иймон келтириш, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш ўрнига куфр-исёнларида, Ҳақ Йўлни инкор қилишда давом этаётганларини кўргач, уларни ушбу ояти каримада мазкур бўлганидек дуойибад қилди. Мусонинг оғаси Ҳорун билан бирга қилган бу дуоси худди олис мозийда ўтган, ўз қавмини салкам минг йил Ҳақ Динга даъват қилиб, улардан фақат куфр ва инкорни кўрган яна бир пайғамбар Нуҳ алайҳис-салом қилган дуога ўхшар эди: “Нуҳ айтди: «Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин. Чунки Сен агар уларни (Ер юзида) қолдирсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирурлар ва улар фақат кўрнамак, нопок (кимсалар)ни туғиб-кўпайтирурлар.” (Нуҳ сураси, 26-27-оятлар).
Албатта, Оллоҳ таоло юборган элчилар, агар Ҳақ таоло томонидан уларга изн берилмаса, бундан кейин қавмларидан ва уларни авлод-зурриётларидан бирон кимса иймон келтирмаслиги Илоҳий ваҳий билан аниқ билдирилмаса, ҳеч қачон у қавмларни дуойибад қилмаган бўлар эдилар. Бунинг далили мана бу ояти каримадир: “Нуҳга ваҳий қилиндики: “Қавмингдан фақат аввалда иймон келтирган кишилардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмайди”. (Худ, сураси, 36-оят). Қачонки мана шу оят нозил бўлганидан кейингина Нуҳ алайҳис-салом: “Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини (яъни, бирон кофирни) қолдирмагин, (барчасини ҳалок қилгин)”, деб дуо қилди.
Мусо пайғамбар ҳам қачонки Фиръавн ва одамларининг иймон келтиришларидан мутлақо умиди узилганидан кейингина Ҳақ таолога илтижо қилиб гўё шундай деди: “Парвардигоро, албатта Сен Фиръавн ва унинг одамлари Ёлғиз Ўзингга ибодат қилишлари ва берган неъматларингга шукр қилишлари учун уларга ҳаёти дунёда энг чиройли зеб-зийнатлар. саноқсиз мол-давлатлар ато этдинг. Аммо улар Сен берган шундай буюк неъматларга шукроналар айтиш, Сенга тоат-ибодат қилиш ўрнига туғёнга тушиб, залолат йўлини танладилар ва охир-оқибатда Сен ато этган неъматни ҳам Сенинг Йўлингдан оздириш учун ишлатмоқдалар. “Дарҳақиқат, (кофир) инсон ўзини бой-беҳожат кўргач, албатта туғёнга тушар - ҳаддидан ошар.” (Алак, сураси, 6-7-оятлар).
Парвардигоро, энди Ўзинг уларга мана шу ҳаёти дунёнинг ўзида қилмишларига яраша жазо бергин - уларнинг мол-давлатларини бутунлай йўқ қилиб юборгин, қалбларини тошдек қаттиқ қилиб қўйгин, токи улар ҳалок бўлиб аламли азобни кўрмагунларича иймон келтирмасинлар!”
Ўрганаётганимиз ояти кариманинг аввалидаги “истафтаҳув” калимасининг луғавий маъноси “очишни сўрадилар” деганидир. Истилоҳда эса бу калима “дуойибад қилдилар”, деган мазмунда ҳам келади. Яъни, пайғамбарлар Оллоҳ таолога илтижо қилиб, улар билан кофирлар орасини очиб қўйишини - мўминларга нажот беришини, кофирларни эса, ҳалокатга дучор қилишини сўрадилар.
“Парвардигоро, биз билан қавмимиз ўртасида ҳақ ҳукм қилгайсан. Ўзинг ҳукм қилгувчиларнинг Яхшироғидирсан”. (Аъроф сураси, 89-оятдан).
Ушбу сўзлар Оллоҳ таолонинг яна бир пайғамбари Шуайб алайҳис-салом айтган сўзлар, у ҳам қавмининг Тўғри Йўлга юришидан бутунлай умиди узилгач, Яратганга илтижо қилиб, ким ҳақ-у ким ноҳақ эканини кўрсатиб қўйишини, яъни, мўминларга нажот беришини, кофирларни эса, Ўзининг азобига гирифтор қилишини сўраб ана шундай дуо қилади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Шуайб ўта ибодатли, кўп намоз ўқийдиган киши эди. Қачонки, қавмининг куфр ва залолатга ёпишиб олганини кўргач, уларнинг ўнгланишидан тамоман умиди узилгач, уларни дуойи бад қилди ва Оллоҳ таоло Ўз элчисининг дуосини ижобат қилиб у кофир қавмга зилзила балосини юбориб ҳалок қилди”. (“Тафсири Куртубий”дан).
“Ва ҳар бир жабркор-саркашнинг умиди пучга чиқди (яъни, ҳалок қилинди)”.
Албатта, Ҳақ таоло Ўзи юборган элчи-пайғамбарларни ёлғончи қилган кофир кимсалар ҳақида хабар берар экан, уларни “жабркор-саркаш” деб сифатлаши бежиз эмасдир. Чунки улар Оллоҳнинг элчиларига жабр-зулм қилган, Ҳақ Йўлга юришдан қайсарлик билан бош тортган ва шу жабру саркашликлари оқибатида ҳалок бўлиб кетган кимсалардир. Бас, ушбу Илоҳий Огоҳлантиришдан бировларга жабр-зулм қилишнинг ва Ҳақ Сўзга қулоқ солмасликнинг оқибати албатта ҳалокат экани маълум бўлади.

16-17. Унинг (яъни, ҳар бир кофир бўлган кимсанинг) олдида жаҳаннам бордир. (Жаҳаннамда) унга йирингдан бўлган “сув”дан берилганида, уни ютмоқчи бўлади-ю, (томоғидан) ўтказолмайди, унга ҳар томондан ўлим келади-ю, у ўлолмайди. Ҳали унинг олдида (янада) оғир-қаттиқ азоб бордир.
Яъни, Яратганнинг қаҳрига учраган у жабркор-қайсар кимса учун фақат ҳаёти дунёда берилган жазо - ҳалок қилиниши етарли жазо эмасдир, балки олдинда уни жаҳаннамдаги мангу азоб ҳам кутиб турибди. У жойда ҳар бир дўзахи кимса жаҳаннам ўтида куйиб-ёниб, азоб фаришталаридан бирор қултум сув беришларини сўраганида унга дўзахиларнинг баданларидан оқиб чиққан қон ва йирингдан иборат бўлган “сув” берилади. “Мана бу қайноқ сув ва йирингдир! Бас, улар ўшани тотиб кўрсинлар!” (Сод сураси, 57-оят).
Абу Умома розияллоҳу анхудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда айтилишича, бу шундай қайноқ, бадбўй ва бадтаъм “сув”ки, дўзахи кимсанинг оғзига яқинлаштирилганида унинг юзи жизғанак бўлиб, бошидаги сочлари тўкилиб тушади, у “сув”ни минг азоб билан ичиб томоғидан ўтказганида эса унинг ичак-чавоқлари майда-майда бўлиб остидан чиқади. (“Тафсири Бағавий”дан).
Кофир кимсаларни Охират диёрида кутиб турган бу даҳшатли азоб ҳақида Ҳақ таоло бошқа сураларида ҳам хабар бергандир: “Тақво эгалари учун ваъда қилинган жаннатнинг мисоли-сифати (будир): «Унда айнимаган сувдан бўлган дарёлар ҳам, таъми ўзгармаган сутдан бўлган дарёлар ҳам, ичгувчилар учун лаззатли (яъни, бадтаъм ва ақлдан оздиргувчи бўлмаган) майдан бўлган дарёлар ҳам, мусаффо асалдан бўлган дарёлар ҳам бордир. Улар учун у жойда барча мевалардан бордир ва (улар учун у жойда) Парвардигорлари томонидан мағфират бордир. (Ана шундай жаннат аҳли бўлган тақво эгалари) дўзаҳда мангу қоладиган ва (у жойда) қайноқ сув билан суғорилиб, у (сув) ичакларини бўлак-бўлак қилиб ташлаган (кофир) кимсалар каби бўлурми?!” (Муҳаммад сураси, 15-оят). “Айтинг: «(Бу Қуръон) Парвардигорингиз томонидан (келган) Ҳақиқатдир. Бас, хоҳлаган киши иймон келтирсин, хоҳлаган кимса кофир бўлсин». Аниқки, Биз золим - кофирлар учун алангалари (дўзахиларни) ўраб-чирмаб оладиган дўзахни тайёрлаб қўйгандирмиз. Агар улар (ташналик шиддатига чидамай) сув сўрасалар, уларга эритилган (доғланган) ёғ каби юзларни куйдиргувчи сув берилур. Нақадар ёмон ичимлик у, нақадар ёмон жой у!” (Каҳф сураси, 29-оят).
“Унга ҳар томондан ўлим келади-ю, у ўлолмайди. Ҳали унинг олдида (янада) оғир-қаттиқ азоб бор”.
Яъни, дўзах азобига гирифтор бўлган кимсага олти томонидан - устидан ва остидан, олдидан ва ортидан, ўнгидан ва сўлидан тинимсиз ҳар бир одамни ўлдирадиган қайноқ-азоб келиб туради, ҳатто дўзахининг энг катта орзуси ўлиш ва бу азоблардан кутулиш бўлиб қолади, аммо унинг учун энди ўлим йўқ, балки ҳар соатда янгиланиб, кучайиб турадиган чек-чегарасиз ва мангу азоб бордир.
“Тафсири Бағавий”да оятдаги “унга ҳар томондан ўлим келади-ю, у ўлолмайди”, жумласини дўзахига баданининг ҳар бир жойидан, ҳатто танасидаги ҳар бир тук остидан одамни ўлдирадиган қаттиқ оғриқлар пайдо бўлиб, азобни кўплигидан ва қаттиқлигидан жони ҳалқумига келиб қолади-ю, аммо худди ўлим ҳам ундан ҳазар қилгандек ҳеч ўлолмайди ёки азоб бирор лаҳзага бўлса ҳам тўхтаб, жони жойига тушмайди, деб тафсир қилинган.
“Ҳеч шубҳа йўқки, кимда ким Парвардигори(нинг ҳузури)га жиноятчи-кофир бўлган ҳолда келса, у ҳолда албатта унинг учгун жаҳаннам бордирки, (кофир) у жойда на ўла олур ва на яшай олур”. (Тоҳа сураси, 74-оят).
“Кофир бўлган кимсалар учун эса жаҳаннам ўти бордирки, на уларга (иккинчи бор ўлиш) ҳукм қилиниб, ўла олурлар ва на улардан (жаҳаннам) азоби енгиллатилур. Биз ҳар бир кофирни мана шундай жазолармиз”. (Фотир сураси, 36-оят).
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилиши-ча, Қиёмат Кунида дўзах ахлидан энг енгил азобга гирифтор қилинган кимсадан “Агар Ер юзидаги бор нарса сеники бўлганида мана шу тортаётган азобингдан қутулиш учун бериб юборган бўлармидинг?” деб сўралади ва у дарҳол “Ҳа”, деб жавоб беради. Шунда Ҳақ таоло томонидан: “Мен сендан отанг Одамнинг белида турган вақтингда бундан озроқ нарсани - Менга бирон нарсани шерик қилмаслигингни - истаган эдим, сен бўлсанг, фақат, Менга ҳар нарсани шерик қилишни истадинг!” дейилур. (“Танвирул-азҳон ” тафсиридан).

18. Парвардигорларига кофир бўлган кимсаларнинг - улар қилган амалларининг мисоли худди бўронли кунда қаттиқ шамол учириб кетган кулга ўхшайди - улар қилган амалларидан бирон нарсага эга бўла олмайдилар. Бу узоқ - қаттиқ адашишдир.
Юқоридаги оятларда кофирлар Охират диёрида - жаҳаннамда тортадиган жисмоний азоблардан айримлари жуда аниқ, ҳеч эсдан чиқмайдиган қилиб тасвирлаб берилгач, ушбу ояти каримада динсиз кимсалар яна бир карра огоҳлантириладилар. Яъни, агар улар бу ҳаёти дунёдан Оллоҳ таолога иймон келтирмасдан, У Зот буюрган Ҳақ Йўлга юрмасдан ўтиб кетадиган бўлсалар, у ҳолда уларнинг умрлари давомида қилган амалларининг яхшилари ҳам, масалан, хайр-саховат, қавм-қариндошни йўқлаш, ота-онага яхшилик қилиш ёки яна бошқа яхши ишлар қилган бўлсалар ҳам, энг асосий Яхшиликдан - барча яхшиликларнинг илдизи бўлмиш Иймон неъматидан маҳрум бўлганлари учун қилган бошқа яхши амалларининг ҳаммаси худди қаттиқ бўрон остида қолган кулдай кўкка совурилиши ва улар қилган яхши амаллари учун Қиёмат Кунида бирон ажр-мукофотга эга бўлмаганлари сабабли ҳеч тугамайдиган аттанг ва надомат азобига ҳам гирифтор бўлишлари аниқ эканлиги ҳақида хабар берилади ҳамда оят ниҳоясида ўткинчи дунёда динсиз ҳаётни танлаш оқибатида мангу Охират диёрида бирон ажр-савобга эга бўлмай қуруқ қўл билан қолиш энг қаттиқ адашиш экани таъкидланади.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилгандир: “Улар бу ҳаёти дунёда қилган инфоқ-эҳсонларининг мисоли худди (динсизлик билан) ўзларига зулм қилган қавмнинг экинига тегиб, уни ҳалок қилган совуқ шамолга ўхшайди. Уларга Оллоҳ зулм қилмади. Балки улар ўзларига зулм қиладилар”. (Ол-и Имрон сураси, 117-оят).
Яъни, динсиз, иймонсиз кимсаларнинг қилган сарф-харажатлари, “эҳсонлари”, уларни қандай ниятда қилган бўлмасинлар, савоб истаб қилганмилар, хўжа кўрсинга қилганмилар, мақтаниш учун қилганмилар ёки яна бошқа бирон дунёвий манфаатга етиш учун қилганмилар - баробар, уларга Охиратда, Оллоҳ ҳузурида ҳеч қандай фойда, манфаат бермайди. Улар ўша қилган ишларидан келадиган фойда - савобга ўта муҳтож бўлган пайтларида - Қиёмат Кунида ҳамма ишлари беҳуда кетганини кўрадилар.
Ҳақ таоло кофирларнинг Қиёмат Кунидаги аҳволини жуда ёдда қоладиган бир мисол билан таърифлайди: Оллоҳ таолони тан олмасдан, иймонсизлик билан ўз жонларига жабр қилган кофир қавм ўз кучларига ишониб, ойлаб меҳнат қилиб, экин экиб, ерга уруғ қадаб, ундириб-ўстириб - парвариш қилиб, вақти-соати етганда, энди ҳосилни ўриб - йиғиб оламан деб турганларида Яратган томонидан - ўша улар ҳаёти дунёдалик пайтларида тан олмаган, қўрқмаган, ибодат қилмаган - Парвардигори олам томонидан уларнинг кофирликларига, золимликларига жазо бўлиб бир шиддатли, совуқ бўрон келади-да, етиштирган ҳосиллари бир зумда ҳалок бўлади - йўқ бўлади. Яъни, Қиёмат Кунида, яшаб ўтилган ҳаёт ҳосили олинадиган Кунда умрларини куфру исён билан ўтказиб юборган қавм ўзларининг динсизликлари касофатидан қилган барча меҳнатлари зое бўлганини кўрадилар, ҳаётлари беҳуда ўтиб кетганини биладилар, кофир бўлганларига минг-минг пушаймонлар қиладилар, аммо энди кеч бўлган, тавба соати ўтиб кетган бўлади, ҳаётларини ортга қайтара олмайдилар ва дод-войлар билан қилмишларига яраша жазога - жаҳаннамга равона бўладилар! Бас, уларни жаҳаннам азобига ўзларининг жиноятлари гирифтор қилди. “Уларга Оллоҳ зулм қилмади. Балки улар ўзларига зулм қиладилар”. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “(Зотан), Биз улар қилган ҳар бир (яхши) амалга келиб, уни сочилган тўзон (каби) қилиб қўйгандирмиз.
Исломий ақидага кўра Ёлғиз Оллоҳга иймон келтирмасдан туриб қилинган ёки Ягона Оллоҳ таолонинг ризосини кўзламасдан хўжакўрсинга қилинган ҳар қандай яхши амал ҳам худди ҳавода учиб юрган чанг-тўзон каби фойдасиздир. Шу боисдан бут-санамлар йўлида қилинган ёки яхши ном чиқариш учун риёкорлик билан қилинган «савоб иш»ларнинг эгалари учун Қиёмат Кунида бирон ажр-мукофот бўлмас”, (Фурқон сураси, 23-оят).
“Кофир бўлган кимсаларнинг қилган амаллари эса саҳродаги саробга ўхшайди. Ташна одам уни сув деб ўйлар, то қачон унинг олдига келгач, ҳеч нарса эмаслигини кўрур ва Оллоҳни унинг (яъни, қилган амалининг) олдида топур. Бас, У Зот унинг ҳисоб-китобини комил қилур. Оллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчидир”. (Нур сураси, 39-оят).

19-20. (Эй инсон), Оллоҳ осмонлар ва Ерни Ҳақ (қонун) билан яратиб қўйганини кўрмадингми?! Агар У Зот хоҳласа сизларни кетказиб, (ўрнингизга тамоман) янги халқни келтирур - яратур. Бу (иш) Оллоҳ учун қийин эмасдир.
Ушбу оятлар Ҳақ таолонинг беназир буюк Қудратига далолат қиладиган, яъни, Ер-у осмонларни, жамийки борлиқни йўқдан бор қилишга Қодир бўлган Зот ҳар бир инсонни Ўзи хоҳлаган соатида йўқ қилишга ҳам, сўнгра Қиёмат Кунида қайта тирилтириб ҳисоб-китоб қилишга ҳам албатта Қодир экани ҳақида хабар берадиган Илоҳий Огоҳлантиришдир.
Бу ҳақда яна бошқа сураларда ҳам айтилгандир: “Осмонлар ва Ерни яратган Зот (у буюк сайёраларга нисбатан минг-минг марта кичик бўлган инсонларнинг) ўхшашини яратишга Қодир эмасми?! Йўқ, (албатта Қодирдир), Унинг Ўзигина Яратгувчи ва Билгувчидир. Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур - вужудга келур”. (Ёсин сураси, 81-82-оятлар).
“Парвардигорингиз Беҳожат, Раҳмат Соҳибидир. (Эй золимлар), агар У Зот хоҳласа худди бошқа қавмларни (кетказиб) уларнинг зурриётидан сизларни пайдо қилгани каби сизларни ҳам кетказиб, ортингиздан Ўзи истаган халқни халифа - ўринбосар қилур”. (Анъом сураси, 133-оят).
Яъни, Оллоҳ таоло ҳеч кимга, жумладан сизларга ҳам муҳтож бўлмагани сабаб, бошқа қавмни кетказиб сизларни пайдо қилгани каби сизларни ҳам дарҳол ҳаётдан маҳрум қилиб ўрнингизга Ўзи хоҳлаган инсонларни яратиши Унинг учун жуда осон ишдир. Лекин, Марҳаматли Оллоҳ сизларга раҳм-шафқат қилгани учунгина сизларни ҳалок қилмай, тавба эшигини очиб, бандаларим ўзларини дўзах азобидан озод қиладиган амалларни қилиб олсинлар, деб сизларга фурсат бермоқда.
Барча махлуқотга, жумладан инсониятга ҳам ҳаёт ва ўлим бериш Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Қўлида эканини баён қилгувчи оятлар яна бошқа сураларда ҳам такрор-такрор келган: “Агар У Зот хоҳласа, эй одамлар, сизларни кетказиб, бошқаларни келтирур. Оллоҳ бунга Қодир бўлган Зотдир”. (Нисо сураси, 133-оят).
“Агар сизлар (Оллоҳга итоат этишдан) юз ўгириб кетсангизлар, У Зот (ўрнингизга) сизлардан бошқа бир қавмни алмаштириб қўюр, сўнгра улар сизларга ўхшаган бўлмаслар, (балки Оллоҳга тоат-ибодат қилурлар)”. (Муҳаммад сураси, 38-оятдан)
Шунингдек, ўрганаётганимиз ояти каримада одамлар устида раҳбар бўлган турли мансаб ва лавозим эгалари агар қўл остидаги инсонларга адолат қилмасалар ёки олимлар ўзларининг билган илмларига амал қилмасалар, уларни йўқ қилиб, ўрниларига адолатли, илмига амал қиладиган кишиларни келтириш Оллоҳ таоло учун жуда осон иш эканига ҳам далолат бор.

21. (Қиёмат Кунида) барча (халойиқ қабрларидан чиқарилиб) Оллоҳ(га ҳисоб-китоб бериш) учун кўриндилар, бас, ожиз-нотавон (эргашувчи)лар мутакаббир кимсаларга (яъни, ўзларининг собиқ йўлбошчиларига): «Бизлар (ҳаёти дунёдалик пайтимизда) сизларга эргашган эдик, энди (бу Кун) сизлар Оллоҳнинг азобидан бирон нарсани бизлардан дафъ қила олурмисизлар?!» деган эдилар, улар айтдилар: «Агар Оллоҳ бизни (Ҳақ Йўлга) ҳидоят қилганида биз ҳам сизларни ҳидоятга чақирган бўлур эдик. (Энди эса) дод-вой қиламизми ёки сабр-тоқат қиламизми, биз учун баробардир - энди бизларга нажот йўқдир».
Ояти карима Оллоҳ таолонинг Амри билан Қиёмат Кунида жамийки халойиқ У Зотга ҳисоб-китоб бериш ва мўминлар баҳосини, кофирлар жазосини олиш учун қайта тирилганларидан кейин бўладиган воқеалар ҳақида хабар беради.
Муҳаммад ибн Каъб Қуразий ушбу оят тафсирида айтади: “Менга етиб келган хабарга кўра Қиёмат Кунида дўзахга ҳукм қилинган кофирлар у жойдаги азобга тоқат қила олмасдан дўзах қўриқчилари бўлмиш фаришталарга ялиниб-ёлворадилар. Бу ҳақда Оллоҳтаоло хабар беради: “Дўзахдаги кимсалар жаҳаннам қўриқчиларига: «Парвардигорингларга дуо қилинглар, бизлардан бирон кунлик азобни енгиллатсин», деб ёлворганларида; улар айтдилар: «Ахир сизларга пайғамбарларингиз аниқ ҳужжатлар билан келмаганмидилар?!» «Ҳа, (келган эдилар, лекин бизлар уларни ёлгончи қилган эдик)», деди улар. (Шунда фаришталар уларга) айтдилар: «У ҳолда ўзларингиз дуо-илтижо қилаве-ринглар. Кофирларнинг дуо-илтижолари албатта залолатдадир (яъни, бефойдадир)”. (Ғофир сураси, 49-50-оятлар).
Ялиниб-ёлворишларидан ҳеч қандай нафъ чиқмаслигини билишгач, “Улар (дўзах ходими бўлган фариштага) “Эй Молик, Парвардигоринг бизларга Ўз хукмини қилсин (яъни, тезроқ жонимизни олсин, бизлар бу азобдан кутулайлик”, деб) нидо қилганларида, у: “Албатта сизлар (мана шу азобда мангу) тургувчидирсизлар”, деди”. (Зухруф сураси, 77-оят).
Қачонки кофирлар дўзах азобидан ўлиб ҳам қутулиб бўлмаслигини, яъни, Охират диёрида ўлим йўқлигини билишгач, бир-бирларига қараб: “Бошимизда мана шу кўргуликлар бор экан, келинглар энди сабр қилайлик, шояд сабрнинг бизга фойдаси тегса. Ахир ҳаёти дунёда Оллоҳ таолога тоат-ибодат машаққатларига сабр қилиб ўтган мўминларга ўша сабрларининг фойдаси тегдику - жаннат роҳатларига эришдиларку”, дейишиб, сабр қилишга қарор қилдилар. Аммо узоқ муддат сабр қилсалар ҳам (Муқотилдан ривоят қилинишича, улар дўзах азобига беш юз йил сабр қилганлар), бу сабрларининг уларга ҳеч фойдаси тегмади. Шундан кейин кофирлар яна шунча муддатни дод-вой билан ўтказдилар ва охир-оқибат ҳақиқатни тан олиб: “Энди бизлар дод-вой қиламизми ёки сабр қиламизми, биз учун баробардир - энди бизларга нажот йўқдир”, деди-лар. (“Маолимут-танзийл ” тафсиридан).

22. Қачонки, иш тугагач (яъни, ҳисоб-китоб битиб, жаннат аҳли жаннатга, дўзахилар дўзахга киришгач), шайтон: «Албатта Оллоҳ сизларга ҳақ ваъда қилган эди. Мен эса (ёлғон) ваъдалар бериб, сизларни алдаган эдим. (Лекин) мен учун сизларнинг устингизда ҳеч қандай ҳукмронлик йўқ эди, илло мен сизларни (куфр йўлига) чақиришим биланоқ ўзингиз менга итоат этдингиз. Энди мени маломат қилмай, ўзларингизни маломат қилингиз. Мен сизларга ёрдам бера олмайман, сизлар ҳам менга ёрдам бергувчи эмассиз. Албатта мен сизлар илгари (Оллоҳга) мени шерик қилганингизни инкор этурман”, деди. Албатта золимлар (яъни, кофирлар) учун аламли азоб бордир!
Ҳақ таоло ушбу оятда иблиси лаийннинг тобеларига ҳаёти дунёда унга эргашганлари учун Охиратда мангу дўзах азобига гирифтор бўлган кимсаларга айтадиган сўзларини худди юқоридаги оятда бўлгани каби яна ўтган замон сийғасида келтиради.
Муфассирларнинг таъкидлашларича, бу Қиёмат қойим бўлиши аён ҳақиқат эканлигига бир ишорадир. Зеро, бўлиши ё келиши аниқ бўлган иш-воқеалар ҳақида ўтган замон тилида гапириш ҳамма халқларда ҳам бор бўлган услубдир. Масалан, ўлим жазосига мустахиқ бўладиган жиноятни қилган кимсага, «Энди ўлдинг», дейилади ва ҳоказо.
“Жомиул-баён”, “Ал-Жомеъ лиаҳкомил-Қуръон”, “Маолимут-танзийл” ва яна бошқа тафсир китобларида мазкур савол-жавоб қай тарзда ва қандай суратда рўй бериши ҳақида хабар берадиган бир ҳадиси шариф ривоят қилинади: Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу айтди: “Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам Қиёмат Кунида Оллоҳтаоло томонидан ўзларига ато этиладиган “Мақоми Маҳмуд - Мақтовли Мақом”да туриб мўмин бандаларнинг гуноҳларини Оллоҳ таолодан сўраб олишлари - уларни шафоат қилишлари ҳақида сўзлаб шундай дедилар: “Ийсо алайҳис-салом ундан шафоат қилишини сўраб келган одамларга: “Мен ҳам сизларни шафоат қила олмайман, сизлар ана у уммий пайғамбар хузурига боринглар”, деганидан сўнг улар менинг олдимга келадилар. Бас, Оллоҳ таоло менга ўрнимдан туришимга изн беради. Шунда ўтирган ўрнимдан то Парвардигорим хузурига келгунимча одамзот димоғига кирган ҳидларнинг энг хушбўйи ҳар томонга тарқалиб туради. Сўнг У Зот менга шафоат неъматини, яъни, мўминларнинг ҳаёти дунёда йўл қўйган хато ва гуноҳларини сўраб олиш ва уларни оқлаш хукуқини ато этади ҳамда мен учун бошимдаги сочимдан оёғимнинг тирноқларигача бир нур пайдо қилади. Шундан сўнг кофирлар: “Мўминлар ўзларини шафоат қиладиган кишини топишди, энди бизчи, бизларни ким шафоат қилиб дўзах азобидан кутқазади?” дейишиб, “иблисдан бошқа ҳеч ким! Чунки бизларни Тўғри Йўлдан адаштирган ҳам унинг ўзи”, деган қарорга келадилар ва иблиснинг олдига боришиб: “Мўминлар ўзларини шафоат қиладиган кишини топишди, энди сен ҳам тургин-да, бизларни шафоат қил, чунки бизларни адаштирган ҳам ўзингсан”, дейдилар. Шунда у ўрнидан турганида ўтирган жойидан одамзот димоғига кирган ҳидларнинг энг бадбўйи ҳар томонга тарқалади. Сўнгра кофирларнинг дод-войлари янада кучайиб, ҳўнграб йиғлай бошлашгач, малъун иблис бор ҳақиқатни тан олишга мажбур бўлиб: “Албатта Оллоҳ сизларга ҳақ ваъда қилган эди - У мўминларга жаннат, кофирларга эса дўзах ваъда қилган эди, ана ўша ваъдасига вафо қилиб мўмин бандаларини жаннатга киритди, сизларни - кофирларни эса дўзахга ташлади. Мен эса “ҳеч қандай қайта тирилиш, ҳисоб-китоб деган нарсалар йўқ, мана шу ҳаёти дунёдан бошқа ҳаёт йўқ”, деб ёлғон ваъдалар бериб сизларни алдаган эдим. Аммо менда сизларни кофир бўлишга, гуноҳлар қилишга мажбурлай оладиган ҳеч қандай ҳукмронлик йўқ эди. Фақат сизларни ана ўша залолат йўлига чақирган эдим, холос. Сизлар бўлсангиз, ўз инон-ихтиёрингиз билан дарров сўзларимга ишондингиз, даъватимга қулоқ солдингиз ва менга эргашдингиз. Менинг сизларга очиқ душман эканимни, ким менга эргашадиган бўлса дўзах азобига гирифтор бўлишини қайта-қайта айтган Парвардигорингиз Оллоҳ таолонинг Сўзига эса, ишонмадингиз, Унга итоат этмасдан менга итоат этдингиз. Бас, энди бугун мени маломат қилиш ўрнига ўзларингиз-ни маломат қилинглар. Бугун мен сизларга ҳеч қандай ёрдам бера олмайман, дўзах азобидан қутқаза олмайман, сизлар ҳам менга ҳеч қандай ёрдам қила олмайсизлар, энди сизлар билан орамиз очиқ - мен сизларнинг дўстингиз ҳам, йўлбошчингиз ҳам эмасман, ҳатто сизлар ҳаёти дунёда мени Оллоҳга шерик қилганларингизни, яъни, У Зотга эмас, менга қуллик қилганларингизни ҳам бутунлай инкор этурман”, дейди.
Ушбу ояти карима шайтоннинг иши фақат куфр ва исённи чиройли кўрсатиб, унга чақириш эканига, аммо унга эргашиш ва оқибат натижада бад бахт-дўзахи бўлиш ёки унга эргашмасдан, васвасаларига учмасдан саодатга эришиш эса, инсоннинг инон-ихтиёридаги иш эканига Илоҳий далилдир. Оят ниҳоясида Ҳақ таоло иблиснинг макрига учиб бадбахт бўлган кимсаларни ўз жонларига жабр қилган золимлар деб атайди ва “Албатта золимлар учун аламли азоб бордир!” деб огоҳлантиради.
Ривоят қилинган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзларини уммий Пайғамбар эканликларини айтдилар. У зоти бобаракотнинг уммий Пайғамбар эканликлари Қуръони Азимда ҳам бир неча бор таъкидланган.
Ҳақ таоло Ёлғиз Ўзига маълум бўлган ҳикмат билан сўнгги элчиси уммий пайғамбар бўлишини ирода қилди.
Уламолар “уммий” сўзини уч хил тафсир қиладилар. Ибн Азиз: “Уммий” сўзи уммат сўзидан олинган бўлиб, ўқимаган, хат танимайдиган саводсиз миллат бўлган араблар ичидан танланган пайғамбар деган маънони англатади”, дейди.
Наҳҳос: “Уммий” сўзи “уммул-қуро”дан олинган. Оллоҳтаоло Ўз Каломида Маккайи мукаррамани “Уммул-куро - барча қишлоқ ва шаҳарларнинг онаси” деб атайди. Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Уммул-қурода, яъни, Маккада туғилиб, вояга етиб, ўша шаҳарда Ҳақ таоло ҳузуридан у зотга илк бор ваҳий нозил қилиниб пайғамбар бўлганлари учун “уммий Пайғамбар” деб номландилар”, дейди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо эса: “Пайғамбарингиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам - ўқишни, ёзишни ва ҳисоб-китобни билмайдиган уммий киши эдилар”, деб у зотнинг онадан туғилганларидан вояга етгунларича бирон кимсадан таълим олмаганларини таъкидлайди. Бу таъвилга кўра “уммий” сўзи умм - онадан туғилган ҳолида қолган деган маънони англатади.
Бухорий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари ҳам: “Биз ёзув ва ҳисобни билмайдиган уммий умматмиз”, деб эътироф этганлар. Яъни, у зоти бобаракот бирон инсондан на ўқишни, на ёзишни ва на ҳисоб илмини ўрганмаганлари ҳолда дунёнинг аввал-у охир барча олимлари жамланиб ҳам эгаллай олмайдиган, Ҳақ Сўз эканини ҳеч ким инкор қила олмайдиган Қуръон Илмига эга бўлганлари яъни, Жаноби Ҳақнинг Ўзидан таълим олганларининг ўзи у зотга ато этилган энг улуғ мўъжизалардан биридир.
Агар фаразан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ёшликларидан бошлаб бировлардан таълим олганларида ва кейин ўзларига Ҳақ таоло томонидан нозил бўлган оятларни одамларга етказганларида айрим кимсалар: “Устозларидан ўрганганларини айтяпти”, дейишлари мумкин эдики, у зотнинг уммий пайғамбар бўлишлари ана шундай туҳмат тошларига қарши қўйилган Илоҳий ҳимоя бўлди.
Бу Ҳикмати Илоҳийя бир ояти каримада шундай баён қилинади: “Сиз (ўзингизга Қуръон нозил қилинишидан) илгари бирон китобни тиловат қилгувчи бўлган эмас эдингиз ва ўз қўлингиз билан хат ҳам ёзган эмас эдингиз. Акс ҳолда, бузғунчи кимсалар албатта шубҳага тушган бўлур эдилар.” (Анкабут сураси, 48-оят).

23. Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар Парвардигорларининг Изни-Иродаси билан остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритилиб, у жойда мангу қолдилар. Уларнинг (жаннатдаги) салом-аликлари (бир-бирларига) тинчлик-омонлик тилашдир.
Юқоридаги оятларда кофирларнинг Охират диёридаги аҳволлари нақадар даҳшатли бўлиши баён қилингач, ушбу ояти каримада мўминларга кўз тутиб турган гўзал оқибат ҳақида хабар берилади.
Албатта ҳаётларини иймон ва Ислом билан, Оллоҳ ва Расули буюрган солиҳ амаллар билан ўтказган инсонларнинг Охиратда, Яратган ҳузурида эришажак ажр ва мукофотлари ҳам аниқ ва муқаррардир. Ҳақ таоло бундай солиҳ бандаларини тез орада жаннатларга киритишга ваъда беради. У жаннатлардаги дарахтлар ва қасрлар остидан дарёлар оқиб туради. Агар кофирларнинг борар жойлари дўзах - тинимсиз куйдиргувчи олов бўлса, мўминларнинг мукофотлари тинимсиз оқиб, аҳли жаннатга роҳат бергувчи сув - оби ҳаёт экан, ҳеч қачон сўлиб-қуриб қолмайдиган, қуюқ сояли боғлар ва у жойда жаннат ҳурлари - покиза жуфтлари билан мангу роҳатда яшаш экан. Бу ҳақда Ҳақ таоло яна бошқа бир оятида шундай хабар берган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи жаннатлар бор. Қачон ўша (жаннат)ларнинг бирор мевасидан баҳраманд бўлсалар, «Илгари татиб кўрган нарсамиз-ку» дейишади. Зеро, уларга (сурати) бир-бирига ўхшаш мевалар берилади. Ва улар учун (жаннатларда) покиза жуфтлар бордир. У зотлар (жаннатларда) абадий қолгувчидирлар. (Бақара сураси, 25-оят).
“Уларнинг (жаннатдаги) салом-аликлари (бир-бирларига) тинчлик-омонлик тилашдир”.
Дарҳақиқат, Оллоҳ таоло мўмин бандалари учун тайёрлаб кўйган жаннат дорус-салом - тинчлик-омонлик диёридир. У жойда аҳли жаннат бир-бирларига фақат тинчлик-омонлик тилаб салом берадилар: “Уларнинг (жаннатларда қиладиган) дуолари: “Оллоҳим, Ўзингни поклаймиз”, дейиш, у жойдаги ўзаро саломлари (бир-бирларига) тинчлик-омонлик тилашдир. Охирги тилаклари эса, барча оламлар Парвардигори - Оллоҳга ҳамду сано айтишдир”. (Юнус сураси, 10-оят).
“Улар у жойда бирон беҳуда ва гуноҳ-ёлғон (сўз)ни эшитмаслар, фақат “салом-салом”, деган (тилакни)гина (эшитурлар). (Воқеа сураси, 25-26-оятлар).
Аҳли жаннатга у жойда малоикалар салом берадилар: “Уларнинг хузурларига хдр эшикдан фаришталар кириб: “(Оллоҳ Йўлида меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилганларингиз сабабли (энди ушбу жаннатларда) сизларга тинчлик-омонлик бўлгай. Охират диёри нақадар яхши!” (дерлар)”. (Раъд сураси, 23-24-оятлар).
“Ана ўшалар сабр-қаноат қилганлари сабабли (жаннатдаги) юксак манзил - кўшклар билан мукофотланурлар ва у жойда (фаришталар томонидан) салом ва омонлик билан қарши олинурлар. Улар ўша жойда мангу қолурлар. У энг гўзал қароргоҳ, (энг гўзал) манзилдир”. (Фурқон сураси, 75-76-оятлар).
“Парвардигорларидан қўрққан зотлар эса, тўп-тўп ҳолда жан-натга «ҳайдалдилар». То қачон улар дарвозалари очилган ҳолдаги (жаннатга) келиб етганларида ва унинг қўриқчилари: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз», деганларида (улар беҳад шодланурлар)”. (Зумар сураси, 73-оят).
Ва ниҳоят, аҳли жаннат учун энг шарафли мақом - у жойда улар Буюк Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг саломини эшитурлар: “Уларга Меҳрибон Парвардигор томонидан салом айтилур”.
Ҳадиси шарифда ворид бўлишича, “жаннат эгалари ўзларига ваъда қилинган ноз-неъматлар ичида роҳат-фароғатда эканлар, баногоҳ устларида бир нур пайдо бўлур. Бошларини кўтариб... “Ассалому алайкум, эй аҳли жаннат”, деб турган Парвардигори оламни кўрурлар” (Ёсин сураси, 58-оят тафсиридан).

24-25. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Оллоҳ Пок Сўзга (яъни, иймон калимасига) қандай мисол келтирганини кўрмадингизми? (У Сўз) худди бир асил дарахт кабидирки, унинг илдизи (Ер остига) маҳкам ўрнашган, шохлари эса, осмонда бўлиб, Парвардигорининг Изни-Иродаси билан ҳамма вақт мева берур. Оллоҳ, одамларга шояд эслатма-ибрат олсалар деб (мана шундай) мисоллар келтирур.
Дарҳақиқат, ҳар бир мўмин дилида тасдиқлаб, тилида талаффуз қиладиган “Лаилаҳа иллаллоҳ” калимайи тоййибаси худди илдизи заминга чуқур ўрнашган, шохлари эса кўкка бўй чўзган асл - покиза бир дарахтга ўхшайди. Чунки мўминнинг қалбига Ишонч ва Маърифат уруғи бўлиб жойлашган бу Хуш Сўзни қачон у талаффуз қилса, ўша онда кўкка бўй чўзиб, ҳеч қандай тўсиқларсиз Яратганнинг ҳузурига кўтарилади. Ҳақ таоло бошқа бир ояти каримада: “Хуш сўз (яъни, Лаилаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур-Расулуллоҳ калимаси) Ёлғиз Унга юксалур”. (Фотир сураси, 10-оят), дейди. Дарвоқеъ, ушбу Калима шу қадар кудратлики, агар кофир кимса бу Сўзни сидқидилдан иқрор бўлиб айтса, шу онда мўминга айланади. Бошқа иш-амаллар яхши ёки ёмонлиги, холис ёки хўжа кўрсинга қилингани жиҳатидан қанча тўсиқ-текширувлардан ўтгачгина Оллоҳ таоло наздида қабул қилиниш ёки қилинмаслиги маълум бўлгани ҳолда, ушбу Калима мусулмон инсоннинг оғзидан чиқиши билан Оллоҳ таоло хузурига юксалади.
“Лаилаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур-Расулуллоҳ” Калимаси шундай буюк Сўзки, бу Сўзни айтган ва бу Сўзга амал қилган мусулмон жаннатга киради.
Шу Сўз шарофати билан ибодатлар қабул бўлади, шу Сўзни айтган инсоннинг гуноҳлари мағфират қилинади. Демак, ҳеч қандай шериги бўлмаган Ягона Оллоҳнинг Меҳрини қозониш, Раҳматига эришиш учун биринчи навбатда “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасини чин дилдан тасдиқлаб, комил ишонч билан иқрор қилиб, бутун умр давомида мана шу эътиқодда яшаб, ўлим соати келганда ҳам Охират диёрига мана шу калима билан кўчиш лозимдир.
Ояти каримада иймон калимасига мисол қилиб келтирилаётган дарахт қайси дарахт эканлиги имом Бухорий ва Муслимдан ривоят қилинган мана бу саҳиҳ ҳадисдан маълум бўлади: Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо айтади: “Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Дарахтлар ичида барги тўкилмайдиган бир дарахт борки, у худди мусулмон кишига ўхшайди. Ўша қайси дарахт эканини менга айтиб беринглар-чи?” деган эдилар, одамларнинг хаёли дала-даштдаги турли дарахтларга кетди. Менинг дилимга эса, у хурмо дарахти бўлса керак, деган ўй келди, аммо ўша жойда ҳозир бўлган абу Бакр, Умар розияллоҳу анҳумо каби кишилар индамай турганларини кўриб, дилимга келган сўзни айтишга тортиндим. Сўнгра одамлар: “Ё Расулуллоҳ, ўзингиз у қандай дарахт эканини айтиб беринг”, дейишган эди, “У хурмо дарахтидир”, дедилар. Кейин мен отамга кўнглимдан ўтган сўзларни айтиб берганимда, у: “Эй ўғилчам, агар сен ўшанда дилингга келган сўзни айтганингда эди, мен учун қизил туялар подасини берганингдан суюклироқ бўлур эди”, деди.
“Тафсири Бағавий”да айтилишича, хурмо дарахти инсонга ўхшатилишининг ҳикмати, бошқа дарахтларнинг боши - учи кесилса энига шох чиқариб ўсаверади, аммо хурмо дарахтининг боши кесиладиган бўлса, худди боши кесилган одамдек ҳалок бўлади - қуриб қолади.
Рабийъ ибн Анас хурмо дарахтининг ояти каримада айтилганидек, ҳамма вақт мева беришини шарҳлаб: “Ҳамма вақт эрта-ю кеч деганидир. Чунки хурмо меваси доимо кечаси ҳам, кундузи ҳам, ёзда ҳам, қишда ҳам, янги ҳолида ҳам, қоқиси ҳам суйиб ейиладиган тўйимли ва суюмли таомдир”, дейди.
Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган яна бир ҳадиси шарифда ҳам: “Мўминнинг мисоли худди ҳамма нарсасидан фойдаланиладиган хурмо дарахтига ўхшайди - агар мўмин билан дўст-суҳбатдош бўлсанг ҳам сенга фойдаси тегади, у билан ҳаммажлис бўлиб бир жойда ўтирсанг ҳам сенга фойдаси тегади, ундан кенгаш-маслаҳат сўрасанг ҳам сенга холис маслаҳати билан фойдаси тегади (яъни, худди хурмо дарахтининг танасидан ҳам, шоҳ-бутоғидан ҳам, мевасидан ҳам “ҳамма вақт” фойдаланилгани каби мўминнинг ҳам ҳаммавақт ҳаммага фойдаси тегади)”, дейилади.
Ояти карима ниҳоясида Қуръони Каримда бу каби зарбулмасаллар келтирилиши, масалан, мўминнинг қалбидаги бебаҳо маънавий неъмат бўлган иймон моддий нарсага - Ерда чуқур илдиз отган кучли, хушманзара, ҳам соясидан, ҳам мевасидан одамлар доимо фойдаланадиган покиза бир дарахтга ўхшатилиши албатта беҳикмат эмаслиги, балки одамлар ибрат олишлари ва иймон ўзлари учун нақадар фойдали неъмат эканини янада тўлароқ ва теранроқ тасаввур қилишлари учун мана шундай мисоллар келтирилиши таъкидланади.
Қуйидаги оятда эса яна бошқа бир мисол, энди иймонсизлик қандай жирканч ва бетайин иллат экани ҳақида ибратли мисол келтирилади -

26. Хабис - нопок сўзнинг (яъни, куфр сўзининг) мисоли эса худди (илдизи йўқлиги сабабли) юза ердан узиб олинган, (бирон жойда ўрнашиб) қўним топмайдиган нопок дарахтга ўхшар.
Яъни, куфр калимаси, ёхуд Ҳақни инкор қилгувчи ҳар қандай қабиҳ сўз худди бир хунук-жирканч ўсимликка ўхшайдики, унинг на илдиз-асоси бор ва на бирор жойда қўним-қарори бор. Шундай. Динсиз кимсаларнинг оғзидан чиқадиган куфр калимаси шу қадар беқарор, асоссиз ва ҳеч куракда турмайдиган, тутуриқсизки, бундай сўз бамисоли сахродаги сал шамолга учиб-думалаб, кимга тегса яралаб-заҳарлайдиган тиканакка ўхшайди.
Ояти каримада Ҳақ таоло мўминларни қабиҳ сўз қабиҳ кимсадан чиқиши ҳақида, бошқача айтганда, эгри мўридан эгри тутун чиқиши ва сўзи ёмоннинг ўзи ёмон экани ҳақида огоҳлантиради.
Юқоридаги оятда мўмин ҳаммага фойдаси тегадиган покиза дарахтга ташбеҳ қилингани ҳолда ушбу оятда кофир кимса ҳаммага зиёни тегадиган жирканч дарахтга ўхшатилиши билан куфр ва иймон ўртасидаги фарқ ер билан осмонча экани яна бир бор таъкидланади.

27. Оллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам устивор Сўз (иймон калимаси) билан собитқадам қилур. Золимларни эса Оллоҳ адаштирур. Оллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилур.
Яъни, Оллоҳ таоло чин ихлос билан иймон келтирган кишиларни мана шу ҳаёти дунёда иймон калимаси бўлмиш “Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур-Расулуллоҳ” калимайи тоййибасида собит-барқарор қилгани ва ҳеч қандай таҳдид-қўрқитувлар, фитна, алдов ва синовлар уларни ушбу калимани айтишдан тўса олмагани каби Охират диёрида ҳам уларни ушбу Пок Сўзда собит-барқарор қилур.
Ояти карима мазмунини бизга Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам қатор ҳадисларда тафсир қилиб берганлар:
Барро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Мусулмон инсон қабрида сўралганида, “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур-Расулуллоҳ”, яъни, “Ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Ёлғиз Оллоҳ бор, Муҳаммад Унинг Элчисидир”, деб гувоҳлик берур. “Оллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам устивор Сўз билан собит қадам қилур”, оятининг маъноси шудир”. (Бухорий ривояти).
Шуъба розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ушбу оят қабр азоби ҳақидадир. Мўминдан “Роббинг ким?” деб сўралганида, “Роббим Оллоҳ, Пайғамбарим Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам” деб жавоб берур. Оллоҳтаолонинг “Оллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам устивор Сўз билан собит қадам қилур”, деган сўзларининг маъноси шудир”, дедилар. (Муслим ривояти).
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Банда қабрига қўйилиб, ёр-дўстлари ундан бурилиб кетар эканлар, маййит ҳали уларнинг кавушлари товушини эшитиб ётганида олдига икки фаришта келадиларда, уни ўтирғизиб: “Мана бу киши, яъни, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳақида нима дер эдинг?” деб сўрайдилар. Агар у мўмин бўлса, дарҳол: “Гувоҳлик бераманки, у зот Оллоҳнинг бандаси ва Элчисидир”, деб жавоб берур. Шунда унга: “Дўзахдан сен учун тайёрлаб қўйилган жойга қарагин. Оллоҳ унинг ўрнига сен учун жаннатдан бўлган мана бу жойни тайёрлаб қўйди”, дейилур ва у ҳар икки жойни кўрур.
Агар у майит мунофиқ ёки кофир бўлса, ундан: “Мана бу киши ҳақида нима дер эдинг?” деб сўралганида у: “Билмадим, мен ҳам одамлар айтадиган сўзларни айтар эдим”, деб жавоб беради. Шунда унга: “Билмагин ҳам, айтмагин ҳам”, дейилади ва бошига темир гурзи билан шундай ури-ладики, унинг дод-фарёдини чор атрофдаги инс ва жиндан бўлак барча эшитади”. (Бухорий, Муслим ва Бағавий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Аниқки, маййит уни ташлаб бурилиб кетаётган одамларнинг кавушлари сасини эшитиб ётур. Сўнграуни ўтиргизилур ва кафанини бўйнига ташлаб, сўроққа тутилур”, дедилар. (Ибн Ҳуббон, Аҳмад ва Бағавий ривояти).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Маййит қабрга қўйилгач, унинг олдига иккита қора, кўк кўз фаришта кириб келади. Улардан бирининг номи Мункар, иккинчиси Накирдир. Бас, улар: “Мана бу киши ҳақида нима дер эдинг?” деб сўрайдилар. У: “Бу киши Оллоҳнинг бандаси ва Элчисидир, гувоҳлик бераманки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Ёлғиз Оллоҳ бордир ва Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳнинг бандаси ва Элчисидир”, деб жавоб беради. Шунда фаришталар: “Албатта, биз сен шундай дейишингни билар эдик”, дейдилар. Сўнгра унинг қабри етмиш газга етмиш газ қилиб кенгайтирилади, сўнгра уни ёп-ёруғ нурга тўлдирилади, сўнгра маййитга: “Энди сен то Оллоҳ таоло қайта тирилтиргунича худди суюкли аҳли-оиласигина уйғотадиган куёвдек ухлаб ором олавергин”, дейилади.
Аммо агар маййит мунофиқ ёки кофир бўлса, у ҳолда мункар-накирнинг саволига: “Билмадим, мен ҳам одамлар айтаётган сўзларни эшитиб, ўшани такрорлайверар эдим”, деб жавоб беради. Шунда фаришталар: “Албатта биз сен шундай дейишингни билар эдик”, дейдилар. Сўнгра Ерга: “Қисилгин!” дейилади-да, Ер уни шундай қисадики, қовурғалари бир-бирига киришиб кетади. Бас, кофир ва мунофиқ то Оллоҳ уни қайта тирил-тиргунича мана шу жойда азоб-уқубатда ётади”. (Термизий ривояти).
Барро ибн Озиб розияллоҳу анхудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ сололлоху алайҳи ва саллам мўминнинг жон таслим қилишини зикр қилар эканлар, дедилар: “(Мўмин дафн қилиниши билан) жони жасадига қайтарилади ва олдига икки фаришта келиб уни қабрида ўтиргизадилар-да: “Роббинг ким, дининг нима, пайғамбаринг ким?” деб сўроққа тутадилар. У дарҳол: “Роббим Оллоҳ, Диним Ислом, Пайғамбарим Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламдир”, деб жавоб беради. Фаришталар уни тўхтатиб қайта сўраганларида у яна аввалгидек жавоб беради. Шунда самодан бир жарчи: “Бандам рост сўзлади”, деб нидо қилади. Оллоҳтаоло айтган: “Оллоҳ иймон келтирган кишиларни ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам устивор Сўз билан собит қадам қилур”, оятининг мазмуни шудир”. (АбуДовуд, Ҳоким ва Аҳмад ривояти).
Усмоннинг кули Ҳониъ розияллоху анхумодан ривоят қилинди: у айтди: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам киши дафнидан фориғ бўлгач, унинг устида тўхтар ва: “Биродарингиз учун истиғфор айтинглар ва Оллоҳдан уни собитқадам қилишини сўранглар. Чунки у ҳозирнингўзида сўроққа тутилади”, дер эдилар. (Абу Довуд ва Байҳақий ривояти).
“Золимларни эса Оллоҳ адаштирур. Оллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилур”.
Яъни, Тўғри Йўлга юрмасдан залолат йўлини танлаш билан ўз жонларига жабр қилган золим-кофир кимсаларни эса, Оллоҳ таоло ҳаёти дунёда ҳам адаштириб кўяди. Бас, улар ҳеч қачон Ҳақ Йўлга ҳидоятланмайдилар, балки аксинча, умр бўйи фитна-алдовларга эргашиб адашиб-улоқиб юрадилар ва ўлганларидан кейин Охират диёрида, қабрларида ҳам сўзла-ридан адашадилар, устивор Сўзни - иймон калимасини айта олмайдилар ва оқибат-натижада аввал қабр азобига, сўнгра дўзах азобига гирифтор бўладилар.
“Оллоҳ Ўзи хоҳлаган ишни қилур”.
Оллоҳтаоло кимни ҳидоят қилишни ва кимни адаштиришни Ўзи билур ва Ўзи хоҳлаган ишни қилур. У Зот ҳеч кимнинг олдида масъул эмасдир.

28-29. (Эй инсон), Оллоҳнинг неъматини (яъни, иймонни) куфрга алмаштириб юборган ва қавмларини (яъни, ўзининг ортидан эргашганларни) ҳам ҳалокат чоҳига - ўзлари кирадиган жаҳаннамга қулатган кимсаларни кўрмадингми?! Нақадар ёмон жой у!
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, ушбу оятларда зикр қилинган неъматни куфрга алмаштириб юборганлари сабабли ҳалок бўлган кимсалардан мурод, Макка мушрикларидир. (Бухорий ривоятпи).
Алий каррамаллоҳу важҳаҳу: “Оллоҳнинг неъматини куфрга алмаштирганлар Бадр жангида шармандаларча ҳалок бўлиб, чуқурга ташланган Қурайш кофирларидир”, дейди. (Ибн Жарир ривояти).
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу эса, янада аниқроқ қилиб: “Улар Қурайшдан бўлган икки бузуқ тўп - Бану Муғийра ва Бану Умайя уруғларидир. Бану Муғийрадан Бадр кунида қутулдинглар, Бану умайя бир муддат ўтгач, ҳалок қилинди”, деди. (Бухорий ривояти).
Дарҳақиқат, Макка кофирлари ўзларига ато этилган Буюк Неъмати Илоҳийяга шукр қилиш ўрнига куфрони неъмат қилиб, иймонни куфрга алмаштириб олдилар ва оқибат-натижада бу улуғ неъматдан бутунлай маҳрум бўлиб, жаҳаннам чоҳига қуладилар. Ҳолбуки, Оллоҳ таоло уларга Ўз Ҳарамидан жой берган эди, уларга Ўзининг Эски Уйи - Каъбатуллоҳга хизмат қилишдек олий мартаба ато этган эди, ризқу рўзларини кенг-мўл қилиб қўйган эди ва энг муҳими, уларни энг улуғ Инсон, энг сўнгги Пайғамбар Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдек буюк зот билан шарафлаган эди. У кофирлар эса мана шундай Буюк Неъматларнинг барчаси учун Оллоҳ таолога минг-минг шукр қилиш ва Ёлғиз Унга ибодат, Унинг Расулига итоат қилиш ўрнига куфрони неъмат қилдилар, иймондан воз кечиб куфрни танладилар ва оқибат-натижада барча неъматлардан маҳрум бўлдилар - устма-уст етти йил қаҳатчиликка учраб, қирилдилар, асрга тушдилар, қатл қилиндилар ва кенг-мўлчилик, иззат-ҳурматдан мосуво бўлиб, хор-зор кимсаларга айландилар ва энг ёмони у қавмнинг барчаси - бошлиқлари ҳам, эргашганлари ҳам Оллоҳ таолонинг Ҳукми билан энг ёмон жойга - жаҳаннамга равона бўлдилар.
Гарчи ушбу оятлар Умар, Алий ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳум ажмаийн каби буюк саҳобийлар айтганларидек Макка мушриклари ҳақида нозил қилинган бўлса-да, лекин оят ҳукми умумий бўлиб, то Қиёматга қадар дунёга келадиган барча мушрик-кофирларга тааллуқлидир. Зотан, Оллоҳ таоло Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни фақат маккаликларга эмас, балки бутун оламга Раҳмат, барча инсонлар учун буюк неъмат қилиб юборгандир. Бас, ким бу улуғ неъматни қабул қилиб, шукрини адо этса, яъни, Оллоҳ таоло нозил қилган Дини Исломни қабул қилиб Унинг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга бир умр итоат этса, албатта Оллоҳ таолонинг Охират диёридаги Буюк Неъмати - жаннатга сазовор бўлади, ким уни рад этса ва куфрони неъмат қилса, шак-шубҳасиз жаҳаннамга равона бўлади. Қуйидаги оятда ана шундай бахтсиз кимсалар ҳақида сўз боради.

30. Улар (одамларни) Оллоҳ Йўлидан оздириш учун У Зотга «тенг»ларни (ўйлаб) топдилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Фойдаланиб қолинглар! Ҳеч шубҳа йўқки, сизларнинг борадиган жойларингиз дўзахдир!»
Ширкнинг турлари кўп. Улардан бири ва энг хунуги Оллохдан ўзгани ҳам Худо деб эътиқод қилиш ва унга сиғиниб - чўқинишдир. Ҳеч нарса ярата олмайдиган, обидларига бирон фойда ёки зиён етказиш қўлидан келмайдиган жонсиз бут-санамларга, турли-туман махлуқларга сиғиниш, чўқиниш, улардан ҳожатлар сўраш соғлом инсоний ақлга сиғмайдиган нодонлик экани аён бўлса-да, таассуфки, дунё аҳолисининг ярмидан кўпи ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам мушриклардан иборатдир. Уларнинг мазҳаблари, йўналишлари, кўринишлари турлича бўлиши мумкин, Аммо ҳаммасининг моҳияти бир - Оллоҳнинг Танҳо Маъбуд эканини тан олмаслик, Оллоҳнинг “тенглари” бор, деб эътиқод қилишдир.
Ҳақтаоло ояти каримада бундай ботил эътиқод эгалари фақат ўзларигина адашмасдан, балки охир-оқибатда бошқа одамларни ҳам Оллоҳнинг Йўлидан оздиришларини айтиб, Ўзининг Элчисига буюради: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, у мушрикларга), айтинг: “Фойдаланиб қолинглар! Ҳеч шубҳа йўқки, (сизларнинг ҳам, сизларга эргашиб мушрик бўлганларнинг ҳам) борадиган жойингиз дўзахдир!”
Албатта, Оллоҳ таолонинг мушрикларга: “Фойдаланиб қолинглар!” деб қилган амри таҳдид учун бўлиб, худди табибнинг буюрилган парҳезга амал қилмасдан олдига келган таомни еяверадиган беморга: “Истаган овқатингни еявергин, шунда тезроқ ўласан”, дегани каби бир огоҳлантиришдир. Яъни, ким дўзах азобига гирифтор бўлмасликни хоҳласа, “Оллоҳнинг “тенглари” бор”, деб Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқишни тўхтатиб, Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилсин! деган маънодадир.
Бундай Илоҳий таҳдид бошқа оятларда ҳам келгандир: “(Ундай кимсалар учун) бу дунёда озгина фойдаланиш бор. Сўнгра Бизга қайтишади. Ана ундан кейин кофир бўлиб ўтганлари учун уларга қаттиқ азоб тоттирурмиз. (Юнус сураси, 70-оят).
Ояти карима баъзи бировларнинг дилларидан ўтадиган саволга жавобдир. Яъни, агар кимдир: “Мушрикларнинг, Оллоҳ Шаънига турли ёлғонлар тўқийдиган кимсаларнинг нажот топмасликларини қандай тушуниш керак? Ахир уларнинг кўплари ноз-неъматлар ичида, роҳат-фароғат-да яшаяптиларку?” дейдиган бўлса, жавоб шудир: улар фақат мана шу дунёдаги тўрт кунлик ҳаётларида Оллоҳ таоло уларга синов учун берган ноз-неъматлардан фойдаланмоқдалар, холос. Аммо бу кунлар ўткинчи-дир - кўзларини очиб-юмгунларича тугаб қолади-да, улар ўладилар, сўнгра албатта қайта тириладилар, сўнгра ҳаммалари Бизнинг хузуримизга қайтиб тўпланадилар, сўнгра Биз уларга кофир ҳолда яшаб, кофир ҳолда ўлганларининг жазосини бериб, улар ҳеч қачон нажот топа олмайдиган, қутулиб кета олмайдиган қаттиқ азобни - дўзах азобини тотдирурмиз, улар ана ўша азобда мангу қолурлар! Мана шу уларнинг нажот топганларими?! Албатта йўқ! Оллоҳ Шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар асло нажот топмаслар! Чунки дўзах азобнинг уясидир, дўзахнинг азоби қаттиқдир, дўзахнинг азоби мангудир.
Нўъмон ибн Башир розияллоху анху Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламдан ривоят қилди, у зоти бобаракот хабар бердилар: “Албатта, дўзахдаги энг енгил азобланадган кимса бир кимсаки, унинг икки оёғи остига иккита чўғ қўйиб қўйилади ва ўша чўғларнинг иссиғидан унинг мияси худди қозон қайнаганидек қайнаб туради!” (Бухорий ва Муслим ривояти).

31. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Менинг иймон келтирган бандаларимга айтинг, олди-сотди ва ошна-оғайнигарчилик бўлмайдиган Кун (Қиёмат) келиб қолишидан илгари намозни тўкис адо этсинлар ҳамда Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қилсинлар.
Юқоридаги оятларда иймон неъматини куфрга алмаштирган ва “Оллоҳнинг “тенглари” бор”, деб ширк келтирган мушрик-кофирларнинг тўрт кунлик ҳаёти дунёдан кейин борар жойлари шак-шубҳасиз, дўзах ва ундаги мангу азоб экани ҳақида хабар берилгач, ушбу ояти каримада сўз мўминлар ҳақида боради ва Ҳақ таоло уларни “Менинг иймон келтирган бандаларим”, деб шарафлайди ҳамда Расули акрам соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб гўё шундай дейди: “Сиз Менинг бандаларимга Қиёмат Куни яқин эканлигини, у Кунда тўлов тўлаб гуноҳларни сотиб олиб бўлмаслигини ва дўст-ёр, қариндош-уруғлар бир-бирларини шафоат қилиб қўллаб юбора олмаслигини эслатиб, ўша Кун келиб қолишидан илгари мўминлар зиммаларидаги энгулуғ вазифа бўлган намозни тўкис адо этишлари ҳамда Мен уларга ризқ қилиб берган мол-давлатларидан махфий ва ошкора эҳсон ва садақотлар беришлари фарз эканини айтинг, шунда Менинг бандаларим албатта Мен фарз қилган кундалик беш вақт намоз ибодатини барча шарт ва арконларига риоя қилган ҳолларида ўз вақтида, комил итоат ва таъзим-тавозуъ билан бутун умрлари давомида адо қиладилар, қўлларидаги молу давлат ва нозу неъматни Менинг томонимдан уларга ато этилган ризқ эканини доимо ёдларида тутадилар ва топган бойликларини фақат ўзларининг шахсий манфаатлари йўлида сарфламасдан, бошқаларга ҳам баъзан махфий, баъзан ошкора ҳолда закот-садақотлар берадилар, хайр-саховатлар кўрсатадилар”.
Уламолар нафл - ихтиёрий садақалар махфий, фарз амаллардан бўлган закот эса ошкора берилиши афзал дейдилар.
Агар эътибор қилсак, Ҳақ таоло мўминларнинг яширин ва ошкора тарзда хайру садақотлар беришларини мадҳ қилар экан, уларга ўша молу давлатларини УнингЎзи ризқ қилиб берганини таъкидлайди. Демак, бировларга хайр-саховат кўрсатган инсонлар аслида ўзларининг молларини эмас, балки Оллоҳ таолонинг уларга омонат ризқ қилиб берган молидан бир қисмини Унинг ишончли вакили сифатида буюрилган жойларга тар-қатаётган кишилардир, холос. Бас, ўзгаларга яхшиликлар қилар эканлар, улардан яхшилик кўрган кишилар томонидан мақтов-олқишлар кутмасдан, аксинча зиммаларидаги омонатни эгаларига - муҳтож инсонларга етказишдек савобли амални насиб этгани учун ўзлари Яратганга шукроналар айтишлари лозимдир. Нақл борку: Ким ўзгаларга хайр-саховат кўрсатар экан, улардан мақтов, раҳматлар эшитишни тамаъ қилса, у кимса сахий эмас, балки оддий савдогардир. Чунки у моли билан мақтовни сотиб олди. Сахийлик эса, эвазига ҳеч нарса олмасдан бермоқдир.

32. Оллоҳ осмонлар ва Ерни яратган ва осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, унинг ёрдамида сизларга ризқ бўлсин, деб меваларни чиқарган Зотдир. У Ўз Амри билан денгизда сузиб юриши учун кемаларни сизларга бўйинсундирди. Яна дарёларни ҳам сизларга бўйин-сундирди.
Ушбу ва қуйидаги икки оятда Ҳақ таоло бутун борлиқни - осмонлар-у Ерни ҳам, ризқу рўзимиз манбайи бўлган сувни ҳам Унинг Ўзи яратганини ва коинотдаги барча нарсани биз инсонларнинг манфаатимиз учун бўйсундириб қўйганини, бизларни санаб саноғига етиб бўлмайдиган ноз-неъматларга кўмиб ташлаганини эслатиб, лекин инсонларнинг кўпи нонкўр ва ношукур эканликларини таъкидлайди.
Албатта Оллоҳ таоло осмону замин ва улар ўртасидаги бирон нарсани беҳуда яратган эмасдир. Балки У Зот коинотдаги ҳар бир мавжудотни ҳақ Қонун ва етук Ҳикмат билан яратиб, уларни Ўзининг Ердаги халифаси бўлмиш инсон манфаати учун бўйсундириб қўйди.
Шунингдек, У Зот борлиқдаги ҳар бир нарсага алоҳида сурат ва сийрат ато этиб, то Қиёмат амал қилиб ўтадиган ҳаёт қонунини белгилаб қўйди. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабарлар келган: “Биз осмонлар ва Ерни ҳамда уларнинг орасидаги нарсаларни ўйнаб-беҳуда яратганимиз йўқ. Биз уларни фақат Ҳақ (қонун, интизом) билан яратганмиз. Лекин уларнинг кўплари билмаслар.” (Духон сураси, 38-39-оятлар). “Биз осмон ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни, улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Бас, кофир бўлган кимсалар учун дўзах - ҳалокат бўлгай!” (Сод сураси, 27-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло, ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолиши ҳеч қандай ақлга сиғмайдиган, шу билан баробар Оллоҳдан ўзга ҳеч ким «мен яратганман», деб даъво қилиши мумкин бўлмаган уч буюк неъматини эслатади. Улардан бири оёғимиз остидаги қароргоҳимиз, бизга ҳаётлик пайтимизда устидан, ўлганимиздан кейин бағридан жой берадиган она замин - Ер бўлса, яна бири устимиздаги том - гумбаз янглиғ ташқаридан - бошқа сайёралар томонидан келадиган ҳар қандай зиён-офатлардан бизни ҳимоя қилиб турадиган осмон, учинчиси эса, Ердаги барча жонзотларнинг ва хусусан биз инсонларнинг ризқу насибамиз манбаи бўлмиш, осмондан ёғадиган оби ҳаёт - сув неъматидир.
“У денгизда сузиб юриши учун (яратган) кемаларни Ўз Амри билан сизларга бўйинсундирди. Яна дарёларни ҳам сизларга бўйин-сундирди”.
Денгизнинг итоаткорлигида, устида кемалар сузиб, худди қуруқликдаги от-уловлар каби бир соҳилдан бошқа соҳилга одамлар учун керакли бўлган нарсаларни ташиб, бир иқлимдаги инсонлар билан бошқа иқлимдаги инсонлар бир-бирлари билан борди-келди, олди-берди қилишларига хизмат қилиш учун бўйсундириб қўйилишида ва яна дарёларнинг ҳам инсон манфаатлари учун бўйсундириб қўйилишида, гўё бадандаги қон томирлари янглиғ, етиб борган жойига инсонлар учун, барча жонзот учун ҳамда экин-тикин ва боғ-роғлар учун ҳаёт олиб боришида - мана шу ҳар бир инсоннинг кўз ўнгида рўй бераётган ҳақиқатда, Оллоҳ таолонинг Танҳо Холиқ - Яратгувчи, бениҳоя Қудратли, Ҳикматли ва бандаларига Меҳрибон Зот эканини очиқ-ойдин кўрсатиб турган мана шу мўъжизаларда, албатта, ақли ҳуши жойида бўлган ҳар бир инсон учун етарли ибрат бордир, унинг Яратганга минг бор қуллик қилиши ва тинмай шукроналар айтиши учун етарли асос бордир.

33. У доимо (яъни, то Қиёмат қойим бўлгунича) айланиб турувчи қуёш ва ойни ҳам сизлар учун бўйинсундирди (яъни, сизлар яхши яшашингиз учун тартиб-интизомга солиб қўйди). Яна У Зот кеча ва кундузни ҳам сизлар учун бўйинсундирди.
Ояти кариманинг биринчи жумласи Раъд сурасининг 2-оятида, ҳам таъкидланади: “У Зот қуёш ва ойни ҳам (Ўз Амрига) бўйинсундирди. Уларнинг ҳар бири муайян муддатгача (яъни, Қиёмат қойим бўлгунича) сайр қилаверар”.
Ушбу жумланинг энг гўзал тафсири мана бу оятлардир: “Куёш (бирон сония тўхтамай) ўз қароргоҳи сари жорий бўлур. Бу Қудратли ва Билгувчи Зотнинг тақдири - ўлчовидир”. (Ёсин сураси, 38-оят).
Ердан минг-минг марта катта ҳажмга эга бўлган қуёш то «кун ва ой бирлашиб кетадиган» Қиёмат Куни келгунича бир нафас ҳам тинмасдан фазода айланаверади. Фақат Қудратли ва Доно Зот - Оллоҳ таолонинг Ўзигина уни шундай тартиб-ўлчовга бўйсундириб қўя олур.
“Биз ойни ҳам токи у эски (хурмо) бутоғи каби бўлиб (эгилиб ҳилол ҳолига келиб) қолгунича бир неча манзилга белгилаб-тайинлаб қўйгандирмиз”. (Ёсин сураси, 39-оят).
Дарҳақиқат, ой бир ой давомида йигирма саккиз манзил - жойда турли суратда кўрингани сабабли кўзга йигирма саккизта бўлиб туюлади. Сўнгра бир ёки икки кеча кўринмасдан туради-да, кейин яна ўша тартиб такрорланади. Агар куёш кундузлари оламни нур ва ҳароратга тўлдирса, ой кечаларга ёруғлик бахш этиши билан бирга барча кишилар учун вақт ўлчови бўлиб ҳам хизмат қилади.
“На куёш учун ойга етиш мумкин бўлур ва на кеча кундуздан ўзгувчидир. (Қуёш, ой ва юлдузларнинг) барчалари фалакда сузиб юрур”. (Ёсин сураси, 40-оят).
Яъни, то Қиёмат қойим бўлгунича қуёш ойга ета олмас ва кеча кундузнинг ўрнини эгаллаб ола билмас. Ушбу ояти каримада яна коинотдаги барча катта-кичик сайёралар фазода муаллақ ҳолда сузиб юришлари баён қилингандир. Илм-фанга йигирманчи асрнинг бошларига келибгина маълум бўлган бу ҳақиқатлар ҳақида Қуръони Карим бундан ўн тўрт аср илгари хабар берган эди. Бунда ақл эгалари учун ибрат бордир.
“Яна У Зот кеча ва кундузни ҳам сизлар учун бўйинсундирди”. Ушбу жумлани мана бу оятлар тафсир қилади:
“Кеча ҳам улар учун (Бизнинг Қудратимизни кўрсатиб турадиган) бир оятдир. Биз ундан кундузни ечиб олишимиз билан баногоҳ улар зулматда қолурлар”. (Ёсин сураси, 37-оят).
“У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар”. (Аъроф сураси, 54-оят).
Яъни, Оллоҳ таоло тунни гўё бир кўрпа каби кундуз устига ёйиб, ҳеч нарса кўринмайдиган қилиб ўраб қўяр ва тонг отиши билан кундуз тун пардаси остидан чиқиб, тобора оқариб, ёришиб борар. Аммо маълум соатлар ўтгач, унинг ортидан қора пардасини кўтариб шошилган ҳолда кувиб юрган тун уни қувиб етар.
Барча нарсанинг, жумладан, тун ва куннинг ҳам Эгаси бўлмиш Зотнинг бу гўзал тасвири кеча ва кундуз яралганидан буён бир нафас бўлсин тўхтамаслиги ҳақида, ҳеч қачон бир-бирларидан ажралмаслиги, яъни, у иккисининг ўртасига бирон нарса кира олмаслиги ҳақида, худди макон - замин ўз ўқи атрофида тинимсиз айланиб турганидек, замон - кеча ва кундуз ҳам бир-бирининг ортидан тинимсиз қувиб юриши ва ҳар бир инсон учун у дунёга келган лаҳзада бошланган бу ҳаракат то унинг Ер юзидаги кунлари ниҳоясига етгунича бир сония ҳам тинмаслиги ҳақида ҳикоя қилади ва инсонни ғафлат уйқусидан уйғониб, учиб ўтиб кетаётган умрини ғанимат билиб, ундан имкон борича фойдала-ниб қолишга чақиради.
“(Оллоҳ) сизлар учун кеча ва кундузни - унда (яъни, кечада) ором олишларингиз, (кундузи эса) Унинг фазл-ризқидан исташларингиз ва шукр қилишларингиз учун пайдо қилиб қўйгани Унинг Раҳмат - Марҳаматидандир.” (Қасас сураси, 73-оят).

34. Шунингдек, У Зот сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар сизлар Оллоҳнинг неъматларини санасангиз, саноғига етолмайсизлар. Ҳақиқатан, инсон ўта золим, жуда ношукрдир.
Муфассирлар ояти каримадаги инсонлар сўраган нарсалардан мурод, улар муҳтож бўлган барча нарсалардир, чунки Оллоҳ таоло инсонлар сўраган барча нарсани ато этганидан ташқари яна сон-саноқсиз улар сўрамаган, ҳатто сўраш хаёлларига ҳам келмаган, аммо ҳар бир инсон муҳтож бўлган неъматларни ҳам уларга ато этди, деб тафсир қиладилар.
Дарҳақиқат, биз инсонлар Оллоҳ таолонинг неъматларини ҳар бирини эмас, у неъматларнинг турлари қанча эканини санамоқчи бўлсак ҳам саноғига ета олмаймиз-у, қандоқ қилиб у неъматларнинг ҳар бирининг шукрини адо қила олайлик?
“Танвийрул-азҳон” тафсирида неъматлар икки қисмга бўлиниши айтилади.
Улардан бири, бадан саломатлиги, тинчлик-хотиржамлик, қорин тўқ ва уст-бош бут бўлиши, тинч-тотув оила, мол-давлат, дилбанд фарзандлар каби биз учун ҳар бири манфаатли экани очиқ-равшан неъматлар бўлса, иккинчи қисмдаги неъматлар биздан зиённи дафъ қиладиган лекин биз инсонлар кўп ҳолларда улардан ҳар бирининг қандай буюк неъмат эканини ҳис қилмайдиган - Ҳақ таоло бедаво дардлардан, жон чидамас меҳнат-машаққатлардан, муҳтожлик-йўқчиликдан ва яна бошқа бало-мусибатлардан бизларни олис қилгани каби кўзимизга кўринмайдиган неъматлардир.
Ибнус-Саммок подшоҳ ҳузурига кирганида қўлидаги кўзадан сув ичаётган подшоҳунга қараб: “Менга панд-насиҳатларингдан айт”, деди. Олим: “Агар сенинг жамийки мол-давлатинг бўлса-ю, аммо ташналигинг-ни қондирадиган сувинг бўлмаса ва мана шу бир кўза сув учун бор мол-мулкингни беришингни талаб қилсалар, берармидинг?” деб сўраган эди, подшоҳ: “Ҳа”, деб жавоб қилди. Шунда олим: “У ҳолда бир кўза сувга арзимайдиган бу мол-давлатингга қувонма”, деди. Бас, бандаларига бениҳоя Меҳрибон Парвардигорнинг ташна бўлган бандасига берган бир култум сувидаги неъмат Ер юзига подшоҳ бўлишдан қимматроқ неъматдир.
Ривоят қилинишича, бир фақир киши улуғлардан бирига ўзининг бениҳоя камбағаллигидан шикоят қилди. Шунда у зот: “Агар сенингўн минг тангганг бўлса-ю, кўзларинг кўр бўлса хурсанд бўлармидинг?” деган эди, ҳалиги фақир кимса: “Йўқ”, деди. “Агар сенинг қўл-оёқларинг кесилган бўлса-ю, эвазига йигирма минг тангга берилса рози бўлармидинг?” “Йўқ”. “Агар сенинг ўн минг тангганг бўлса-ю, аммо Оллоҳ сенга ақл неъматини бермасдан жинни қилиб кўйган бўлсачи, хурсанд бўлармидинг?” “Йўқ”. Олим айтди: “У ҳолда сенга қирқ минг тангага ҳам сотиб олиб бўлмайдиган неъматларни ато этган Хожангдан шикоят қилишга уялмайсанми?” (“Танвийрул-азҳон ” тафсиридан).
“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобида ояти карима тафсирида мана бу ҳикматли ва ибратли сўзлар келтирилибди: “Одамлардан қай бир инсон, ҳатто у фақирликнинг энг чекида бўлса ҳам, агар тааммул қилиб ўйлаб кўрсангиз, унинг ҳад-ҳисобсиз неъматлар ичида эканини билиб оласиз. Агар бунга шубҳа қилсангиз, у ҳолда тасаввур қилинг, оламнинг ҳамма тарафини эгаллаб олган, дунёдаги жамийки мол-давлатнинг эгаси бўлган бир подшоҳнинг тақдир тақозоси билан нафаси қисилиб ёки бавли тутилиб, ҳар тарафдан ўлими кўзига кўриниб қоладиган бўлса, бир марта тўйиб нафас олиш учун бутун молу дунёсини бериб юбормайдими? Албатта бериб юборади ва бу ҳеч кимга сир бўлмаган аён ҳақиқатку! Бас, маълум бўладики, Ҳақ субҳонаҳу ва таоло биз бандаларига ҳар онда саноқсиз неъматларини ёғдириб туради! Эй Пок Парвардигор, бунчалар Буюксан! Эй Пок Парвардигор, бунчалар Улуғ Қудрат Соҳибисан! Биз ожиз бандаларинг эса, Сени таний олмай, Сенинг шукрингни адо қила олмай ҳайрони хастамиз!”
“Ҳақиқатан, инсон ўта золим, жуда ношукрдир”.
Чунки у тинмай гуноҳ қилиш билан доим ўз жонига жабр-зулм қилади, бошига сал қаттиқчилик келса, бесабрлик ва дод-вой қилиш билан яна зулм қилади, унга сонсиз неъматлар ато этган Зотни унутиб, бошқаларга қуллуқ қилиш билан тағин зулм қилади - ҳақиқатан инсон, агар у Оллоҳдан қўрқмаса, ўта золимдир. Ҳақиқатан, инсон, агар у иймонсиз кимса бўлса, жуда ношукрдир. Чунки у доим куфрони неъмат қилади; неъматнинг эгасини танимайди; тинмай алҳамдулиллоҳ - Оллоҳга шукр, дейиш ўрнига тинмай йўқчиликдан шикоят қилади; Оллоҳ таоло ато этган неъматларни, мол-дунёни тинмай йиғиб яшираверади, ҳақдорларга, камбағал-бечораларга бермайди ва бу билан гўё Оллоҳ менга ҳеч нарса бергани йўқ, дегандек бўладики, бу ҳам унинг ўта ношукрлигидир.

35. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эсланг, Иброҳим айтган эди: «Парвардигорим, бу шаҳарни (яъни, Маккани) тинч (шаҳар) қилгин, мени ва болаларимни бутларга ибодат қилишдан йироқ этгин.
Бу оятда Иброҳим алайҳис-саломнинг Макка шаҳри ва унинг аҳли ҳаққига қилган дуолари зикр қилинди. Келгуси авлод, то ҳозиргача ҳам Оллоҳ таолонинг Халили қилган дуолари баракотига гувоҳ бўлиб келади. Оллоҳнинг суюкли бир бандаси сўради, Яратган ижобат қилди - Маккайи Мукаррама дунёдаги энг тинч шаҳарга айланди. Ҳадиси шарифда келади: Жобир розиялоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Ҳеч ким учун Маккада қурол кўтариб юриш дуруст эмас”. Бас, бу шаҳар ҳар турли офат-балолардан омонда, бирор золимнинг қўли унга ета олмайди, магар ким Маккага ва унинг аҳлига ҳужум қилса, Оллоҳнинг Ўзи уни худди асҳоби филни ҳалок қилгани каби ҳалок қилур.
Ояти каримада Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломнинг Оллоҳ таолодан энг аввало тинчлик-омонлик сўрагани зикр қилиниши тинчлик-хотиржамлик Яратгандан сўраладиган неъматларнинг энг улуғларидан эканига далолат қилади. Чунки фақат тинчлик-хотиржамлик бўлсагина дин ишлари ҳам, дунё ишлари ҳам бекаму кўст адо этилиши мумкиндир.
“Мени ва болаларимни бутларга ибодат қилишдан йироқ қилгин”.
Иброҳим алайҳис-салоту вас-салом қилган дуонинг мана шу иккинчи банди хусусида туғилиши мумкин бўлган икки саволга, яъни, агар кимдир: “Ахир Иброҳим алайҳис-салом Оллоҳ таолонинг барча элчи ва пайғамбарлари каби бутларга ибодат қилиш айбидан пок-маъсум эдику, бас, бу ҳолда нега Оллоҳ таолодан яна бутларга ибодат қилишдан сақлашини сўради? Иккинчидан, унинг авлод-зурриётларидан жуда кўплари бутпараст-мушрик бўлиб кетдиларку, бас, бу ҳолда нега Оллоҳ таоло Ўзининг элчиси қилган дуони ижобат этмади?” деб сўрайдиган бўлса, бу саволларга муфассир уламолар шундай жавоб берганлар: Иброҳим алайҳис-саломнинг ўзи хусусида сўраган дуоси мени маъсумликда, яъни, Ёлғиз Ўзингга ибодат қилишда бардавом этгин, деган маънодадир. Энди болалари хусусида қилган дуосида эса, у зот ўз пушти камаридан бўлган фарзандларини бутларга ибодат қилишдан асрашини сўраб илтижо қилган эди, Оллоҳ таоло Ўз элчисининг бу дуосини ҳам ижобат этди ва Иброҳим Халилул-лоҳнинг ўз пушти камаридан бўлган саккиз фарзандидан бирортаси мушрик бўлмади. (“Маолимут-танзил”тафсиридан).
Айрим уламолар: “Ояти каримадаги Иброҳим алайҳис-саломнинг болаларидан мурод, унинг авлод-зурриётидан то Қиёматга қадар дунёга келадиган мўминлардир”, дейдилар. (“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” тафсиридан).

36. Парвардигорим, у (бут)лар кўпдан-кўп одамларни йўлдан оздирдилар. Бас, ким менга эргашса, албатта у мендандир (яъни, менинг динимдадир). Ким менга исён қилса, Ўзинг Мағфиратли, Меҳрибондирсан.
Ояти каримадаги биринчи жумланинг мазмуни, уламоларнинг айтишларича, ўша бутлар сабабли кўп одамлар адашдилар, деганидир. Чунки мушриклар сиғинадиган бут-санамлар ҳеч кимга ҳеч қандай фойда ёки зиён етказа олмайдиган жонсиз темир, тош, ёғоч ёки кесаклардир. Фақат у бутлар ўзларига сиғинадиган одамларнинг адашишига сабаб бўлгани учунгина бутлар адаштирди дейилади. Бу худди “сени дунё алдаб қўйди”, деган иборага ўхшайди. Холбуки дунё ҳеч кимни алдай олмайди, балки дунёга муҳаббат қўйган одам ўзини ўзи алдайди.
Ушбу оятда Иброҳим алайҳис-салом Парвардигорга нидо қилиб, бутлар кўп одамларни йўлдан оздирганларини таъкидлаш билан ўзининг аввал (юқоридаги оятда) “мени ва болаларимни бутларга ибодат қилишдан йироқ этгин”, деб қилган дуосига нима сабаб бўлганини арз қилади.
“Бас, ким менга эргашса, албатта у мендандир (яъни, менинг динимдадир). Ким менга исён қилса, Ўзинг Мағфиратли, Меҳрибондирсан”.
Яъни, Парвардигорим, болаларимдан, авлод-зурриётимдан кимки менга эргашиб Ёлғиз Ўзингга ибодат қилса - Ислом Динида барқарор бўлса, албатта у кишилар гўё менинг бир бўлагимдир ва мен уларни Ўз Раҳматингга олишингдан умидворман. Аммо уларнинг орасида менга итоатсизлик қилган, мен даъват қилган Тўғри Йўлга юрмаган кимсалар ҳам борки, агар улар Сенга ширк келтирмаган бўлсалар, ўша осий қулларингни ҳам гуноҳларини кечириб юбориш яна Ўз Қўлингдадир. Зотан, Сен Мағфиратли, Меҳрибондирсан.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ушбу ояти каримани ва Моида сурасида келтирган Ийсо алайҳис-саломнинг: “Агар уларни азобласанг, улар Сенинг (ожиз) бандаларинг. Агар уларни мағфират қилсанг, албатта Сен Ўзинг Кудрат, Ҳикмат Эгасидирсан”. (Моида сураси, 118-оят) деган сўзларини тиловат қилдилар, сўнгра қўлларини дуога кўтариб: “Оллоҳим, менинг умматим(нинг ҳоли қандай бўлади)?”, деб йиғладилар. Шунда ҳамма нарсани Билгувчи Оллоҳ азза ва жалла: “Эй Жаброил, Муҳаммад-нинг олдига боргинда, ундан: “Нега йиғлаяпсиз”, деб сўрагин”, деди. Жаброил алайҳис-салом келиб сўраган эди, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам унга ўзлари айтган сўзларнинг хабарини бердилар. Бас, ҳар ишдан Огоҳ Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Жаброилга буюрди: “Сен Муҳаммаднинг олдига қайтиб бориб, унга мана бу Сўзимни етказгин: “Албатта Биз умматингиз тўғрисида Сизни рози қилурмиз, хафа қилмасмиз”. (Муслим ривояти). Марҳаматли Оллоҳимизга беҳад ҳамду саноларимиз, меҳрибон Пайғамбаримизга салавот ва саломларимиз бўлгай.

37. Парвардигоро, албатта мен зурриётимдан (ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг Байти муҳарраминг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим. Парвардигоро, улар намозни тўкис адо этсинлар, деб, (шу жойда қолдирдим). Бас, Сен Ўзинг одамлардан (бир қисмининг, яъни, мусулмонларнинг) дилларини уларга мойил қилиб қўйгил ва уларни (жамийки) мевалардан баҳраманд этгил. Шояд шукр қилсалар.
Ояти каримада Иброҳим алайҳис-салом Оллоҳ таолодан бир қанча нарсалар сўрагани зикр қилинади. Улардан биринчиси: “Парвардигоро, албатта мен зурриётимдан (ўғлим Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни) Сенинг муҳаррам - ҳурматли Байтинг ҳузуридаги экин ўсмайдиган бир водийга жойлаштирдим”, жумласидир. Ушбу жумла тафсирида уламолар Саҳиҳи Бухорийда ривоят қилинган кўламли бир ҳадиси шарифни келтирадилар: “Маолимут-танзил”, “Ал-жомеъ лиаҳкомил-Қуръон” ва “Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобларида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Исмоил алайҳис-саломнинг онаси Ҳожар аслида Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломнинг аёли Соранинг чўриси бўлиб, у Ҳожарни Иброҳим алайҳис-саломга ҳадя қилган - чўри қилиб берган эди. Аммо қачонки Ҳожар Иброҳим алайҳис-саломдан фарзанд кўргач, Сора бундан ғашланиб, Ҳожарга рашк қила бошлайди. Шунда Иброҳим алайҳис-салом Оллоҳ таолонинг Амри билан ўғли Исмоил ва унинг онаси Ҳожарни олиб, Шомдан Макка заминига боради ва уларни Одам алайҳис-салом бино қилган, сўнгра Нуҳ алайҳис-салом замонидаги тўфонда фаришталар Оллоҳ таолонинг Амри билан еттинчи осмонга олиб чиқиб кетган Байтуллоҳнинг изи қолган жойга туширади. У вақтда Маккада бирон кимса яшамас, сув ҳам йўқ эди. Иброҳим алайҳис-салом она-боланинг олдига бир халтада хурмо ва бир меш сувни қолдиради-да, сўнгра келган изига қайтиб кета бошлайди.
Буни кўрган Ҳожар унинг ортидан эргашиб: “Эй Иброҳим, сиз бизни бу кимсасиз водийда ёлғиз ташлаб қаёққа кетмоқдасиз?” деб неча бор чақирса-да, Иброҳим алайҳис-салом уларга қайрилиб ҳам қарамай йўлида давом этди. Шунда Ҳожар унга: “Бу ишни сизга Оллоҳ буюрдими?” деб сўраганида у: “Ҳа”, деб жавоб бергач, Ҳожар: “У ҳолда Оллоҳ бизни зое этмас - ҳалок қилмас”, деб боласининг олдига қайтади. Иброҳим алайҳис-салом эса, юриб бориб бир қирнинг ортига ўтгач, улар кўрмайдиган жойда туриб, юзини Байтуллоҳ томон буриб қўлларини кўтарганча ояти каримада мазкур бўлган дуони ўқийди.
Шундай қилиб Ҳожар қўлида эмизикли боласи Исмоил билан ўша кимсасиз ва сувсиз жойда қолаверди. У мешдаги сувдан ичар эди. Бу сув ҳам тамом бўлгач, она-бола ташналикка дучор бўлдилар. Ерда типирчилаб ётган боласини ҳеч юпата олмаган она не қилишини билмай атрофга аланглаб, ёнгиналаридаги Сафо тепалигига чопиб чиқар ва бирон кимса кўриниб қолармикан деган умид билан чор атрофга тикилар, ҳеч кимга кўзи тушмагач, водийга қайтиб, яна жони тинчимасдан кўйлакларининг этагини кўтариб олганича рўбарўсидаги бошқа бир тепалик - Марванинг устига югуриб чиқар ва у жойда ҳам тик турганича бирон кимса кўриниб қолармикан деб атрофига тикилар, ҳеч кимни кўрмагач, яна изига қайтиб, Сафога қараб чопар эди. Шундай қилиб у икки тоғ орасида етти марта у ёқдан бу ёққа елиб югурди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Шунингучун одамлар Сафо ва Марва ўртасида етти марта югурадилар”, деганлар”, дедида, сўзини давом эттирди: Бас, қачонки Ҳожар Марва устига чиққач, ҳеч кутилмаганда бир овозни эшитди-да, ўзига ўзи: “Тўхта”, деди. Сўнгра қулоқ солган эди, ўша овоз яна эшитилди. Шунда у: “Овозингни эшитдирдинг. Агар бирон ёрдам ҳам қила олсанг эди”, деган эди, баногоҳ зам-зам булоғининг ўрнини оёғи биланми, қаноти биланми кавлаётган бир фариштага кўзи тушди. Қачонки у жой-дан сув кўрингач, Ҳожар уни кечганича келиб, қўллари билан ҳовучлаб сув олиб мешни тўлдира бошлади. Қачон у сувдан бир ҳовуч олса, ўрни яна сувга тўлиб қолар эди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳ Исмоилнинг онасини раҳмат қилсин, агар у чиққан сувни ҳовучлаб олиб турмасдан тек қўйганида эди, замзам отилиб чиқиб турадиган булоқ бўлур эди”, деганлар”, дедида, сўзини давом эттирди: Бас, Ҳожар у сувдан ичди ва боласини эмизди. Шунда фаришта унга: “Сизлар ҳалок бўлиб кетишдан қўрқманглар. Бу жой Байтуллоҳнингўрнидир. Уни мана шу бола ва унинг отаси бино қилади. Албатта Оллоҳ Ўз аҳлини зое қилмайди”, деди.
Байтуллоҳнинг ўрни ердан адирлик каби бир баландликда эди. Агар тоғдан сел келадиган бўлса ҳам унинг ўнг ва сўл тарафидан оқиб ўтиб кетар, яъни, бу муқаддас маконга бирон зиён етказмас эди. Буюк Ҳикмат Соҳибининг Амри билан бу кимсасиз чўли биёбонга оби ҳаёт келиб, зам-зам булоғи кўз очганидан кейин ҳам то кунлардан бир кун Журҳум қабиласининг бир карвони ўтиб қолмагунича бу азиз жой уни маскан тутган она ва болани ҳисобга олмаганда кимсасизлигича қолаверди. Макканинг қуйи тарафига келиб тўхтаган карвон эгалари олисдан осмонда тинмай айланаётган қушга кўзлари тушгач: “Аниқки, бу қуш сув устида айланмоқда. Аммо биз бу водийда сув йўқ эканини аниқ биламиз-ку”, дейишиб, ўша томонга чопарларни жўнатган эдилар, улар бориб замзам було-ғидан оқиб ётган сувни кўрдилар ва қайтиб келиб сув топганлари ҳақида хабар беришгач, бутун карвон ўша жойга келганларида, сув олдида Исмоилнинг онаси турар эди. Улар: “Биз ҳам сенинг ҳузурингда жойлашишимизга изн берасанми?” деб сўраган эдилар, у: “Майли, лекин сизлар сувга эгалик қилмайсизлар”, деб жавоб берди. Улар: “Хўп”, дедилар”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Бу воқеа Исмоилнинг онаси ёлғизлиқцан ўта қийна-либ, одамлар билан ошно-ҳамсуҳбат бўлишни жуда соғиниб турган вақтга тўғри келди. Шунингучун у келган одамларни ўша ерга жойлашишларига изн берди. Улар ўзлари жойлашиб олгач, қариндош-уруғларини ҳам чақириб келдилар. Қачонки улардан бир қанча оилалар уй-жой солиб Макка обод бўла бошлагач, Исмоил ҳам уларнинг болалари билан бирга униб ўсди, улардан араб тилини ўрганди. У ўсиб-улғайган сари уларнинг орасида қадр-қиммат топди ва ҳамма ҳавас қиладиган бир йигит бўлди. Қачонки вояга етгач, унга ўзларининг бир қизларини бериб куёв қилиб олдилар. Сўнг Исмоилнинг онаси оламдан ўтди.
Исмоил уйланганидан кейин Маккага шу жойда Оллоҳнинг Амри билан қолдириб кетган кишиларини излаб Иброҳим алайҳис-салом келди. Исмоилни уйидан топа олмагач, унинг аёлидан сўраган эди, у: “Биз учун бирон егулик истаб кетган”, деди. Сўнгра Иброҳим алайҳис-салом аёлдан ҳол-аҳвол сўраб тирикчиликлари қандай ўтаётганини суриштирганида у: “Жуда ёмон. Биз қашшоқликда зўрға кунимизни ўтказмоқдамиз”, деб шикоят қилди. Шунда Иброҳим алайҳис-салом: “Эринг келса мендан унга салом айт ва яна айтиб қўйгин, эшигининг остонасини янгилаб олсин”, деб чиқиб кетди. Исмоил келгач, гўё бир нарсани сезгандек: “Ҳеч ким келмадими?” деган эди, хотини: “Ҳа, бир чол келди. Сени сўраган эди, биз учун бирон егулик топиб келиш учун кетганингни айтдим. Тирикчилигимиз қандай ўтаётганини суриштирди, мен унга аҳволимиз жуда ёмонлигини, зўрбазўр тирикчилик ўтказаётганимизни билдирдим”, деди ва келган одамнинг кўринишини таърифлаб берди. “Сенга бирон нарса тайинламадими?” деди Исмоил. Хотини: “Сенга салом айтиб қўйишимни буюрди ва эшигингнинг остонасини янгилаб олишинг кераклигини айтди”, деди. Шунда Исмоил: “Бу отам! У менга сен билан ажрашишимни буюрибди. Энди сен ота-онанг олдига бор”, деб хотинини талоқ қилди ва ўша уруғдан бошқа бир аёлга уйланди.
Оллоҳ таоло хоҳлаганча бир муддат ўтгач, Иброҳим алайҳис-салом уларникига яна келди ва яна Исмоилни уйидан топа олмагач, унинг хотинидан сўраган эди, у: “Биз учун бирон егулик топиб келгани кетди”, деди. У: “Қандайсизлар?” деб ҳол-аҳвол сўраб тирикчиликлари қандай ўтаётганини суриштирганида бу аёл: “Жуда яхши, мўл-кўлчилик”, деб Оллоҳ таолога шукроналар айтди. “Ейдиган таомларингиз нима?” деганида, “Гўшт”, деди, “Ичимликларингизчи”, деб сўраган эди, “Сув”, деди. Шунда Иброҳим алайҳис-салом: “Оллоҳим, уларга гўшт ва сувни баракали қилгин”, деб дуо қилди.
Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўшанда уларнинг дон-дунлари йўқ эди. Агар бўлганида, Иброҳим алайҳис-салом улар учун дон-нон ҳам баракали бўлишини сўраб дуо қилган бўлур эди”, дедилар ва яна: “Маккадан бошқа жойда биров бошқа овқат аралаштирмасдан фақат гўшт ва сув истеъмол қиладиган бўлса, асло тўғри келмайди, яъни, яхши ҳазм бўлмайди”, деб қўшиб қўйдилар. (Бухорий ривояти).
Ояти каримада зикр қилинган Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломнинг дуолари баракоти билан, мазкур кўламли ҳадиси шариф мазмунидан англаб билганимиздек, Оллоҳ таоло Ўзининг муҳаррам Байти атрофида бир азиз ва обод шаҳар - Маккайи мукаррамани барпо қилиш учун энг аввало у жойга бир фариштани юборди ва у фаришта қанотлари билан қазиб очган замзам булоғидан чиққан сувни нафақат ташналарни қондирадиган ичимлик, балки очларни тўйдирадиган таом ва жамийки хасталикларга шифо ҳам қилиб қўйди. Бу муборак сувнинг фазилат ва хусусиятлари ҳақида жуда кўп ҳадис ва хабарлар ривоят қилингандир:
Доруқутний Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилди: Расулуллоҳ сололлоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: “Замзам суви нима учун ичилса, ўшанга кор қилур. Агар сен уни шифо топиш учун ичсанг, Оллоҳ сенга уни шифо қилур, агар сен уни қорин тўйдириш учун ичсанг, Оллоҳу билан қорнингни тўйдирур, агар сен уни ташналигингни қондириш учун ичсанг, у ташналигингни кетказур. У Жаброилнинг оёғи остидан отилиб чиққан ва Исмоилнинг ташналигини қондирган сувдир”.
Икрима яна Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилди: “Ибн Аббос замзамдан ичганида: “Оллоҳим, мен Сендан фойдали илм, кенг ризқ ва барча дардларимга шифо сўрайман”, деб дуо қилар эди”.
“Саҳиҳ”да ривоят қилинишича, Абу Зарри Ғифорий розияллоҳу анҳу ўттиз кун кеча-ю кундуз ҳеч нарса емай фақат замзам суви билан кифояланди. Абу Зарр: “Мен бирон егулигим йўқ, фақат замзам сувидан ичдим-у, семириб кетдим, ҳатто биқинларим бўлак-бўлак бўлиб қолди, жигаримда - ичимда очликдан нишона ҳам йўқ эди”, деганида Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Шак-шубҳасиз, замзам суви таъмли таомдир”, дедилар. (Муслим ривояти).
Ибнул-Арабий айтади: “Бу (яъни, нима учун ичилса, ўшанга кор қилиш хусусияти) замзам сувида нияти тоза, қалби пок, уни(нг бу хусусиятини) ёлғон демайдиган ёки уни синаб кўриш учун ичмайдиган киши учун то Қиёмат Кунига қадар боқийдир. Зотан, Оллоҳ Унинг Ўзига таваккул қилгувчилар билан биргадир, синаб кўрмоқчи бўлганларни эса Унинг Ўзи шарманда қилур”.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Алий Термизий айтади: “Отам раҳматли менга сўзлаб берган эди: “Бир қоронғу кечада Каъбатуллоҳни тавоф қилиш учун кирган эдим, қаттиқ заҳартанг қилиб қолди. Қанчалик чидашга ҳаракат қилмай, бўлмади, қийналиб кетдим. Масжиддан чиқай десам, ҳаж кунлари бўлгани учун одам жуда кўп эди, биронталарининг оёқларини қоронғуда босиб оламан деб кўрқар эдим. Шунда замзам сувининг шарофати ҳақидаги ҳадис ёдимга тушди-ю, замзамга кириб, ундан тўйиб-тўйиб ичдим ва то тонг отгунича заҳартанглик мени безовта қилмади”.
Ўрганаётганимиз ояти каримадаги “Байти муҳаррам” (бошқа оятларда “Байтул-Ҳаром” шаклида ҳам келади) - уруш-жанжал ҳаром қилинган муҳтарам Уй “деган маънони англатади ва бу иборадан Каъба ҳамда унинг атрофида бино бўлган шаҳар - Маккайи мукаррама тушунилади.
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Маккани одамлар ҳарам - азиз ва муҳтарам қилганлари йўқ, уни Оллоҳ ҳарам қилиб қўйди”, деб марҳамат қилганлар.
“Саҳиҳи Бухорий”да ривоят қилинган яна бир ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта Оллоҳ таоло осмонлар ва Ерни яратган кунида Маккани ҳарам қилгандир”, дедилар.
“Парвардигоро, улар намозни тўкис адо этсинлар, деб, (шу жойда қолдирдим)”.
Ушбу жумла, муфассирлар таъкидлашларича, Маккада ўқилган намоз бошқа жойда ўқилган намозлардан афзал эканлигига далолат қилади.
Бу хусусда муборак ҳадисларда ҳам айтилгандир.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Менинг мана шу масжидимда (Яъни Мадинайи мунавварада) ўқилган бир намоз бошқа масжидларда ўқилган минг намоздан афзалдир, фақат Масжидул-Ҳаромда ўқилган намоз бундан мустасно”, дедилар. Бошқа бир ривоятда “Масжидул-Ҳаромда ўқилган бир намоз Мадинайи мунавварадаги Масжидун-набавийяда ўқилган юз намоздан афзал”, дейилган.
Шунингдек, бу Уй инсонлар учун Ҳидоят манбайи қилиб кўйилди - Ер юзининг қай тарафида бўлмасин, фақат мана шу Уйга юзланиб намоз ўқиган кишиларгина ҳидоят топурлар. Шунинг учун ҳам то Қиёмат қалблар унга ошиқ, Иброҳим алайҳис-салом дуолари баракоти билан Ернинг ҳар тарафидан ҳаж ва умра қилиш ниятида бу Уйни кўзлаб келаётган, унинг атрофида тавоф қилиб тинмай айланаётган инсонлар дарёси иншооллоҳ, то Қиёмат тинмайди.
“Бас, Сен Ўзинг одамлардан (бир қисмининг, яъни, мусулмонларнинг) дилларини уларга мойил қилиб қўйгин ва уларни (жамийки) мевалардан баҳраманд этгил. Шояд шукр қилсалар”.
Ибн Аббос, Мужоҳид, Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳум ва бошқалар айтадилар: “Агар Иброҳим алайҳис-салом одамларнинг дилларини уларга мойил қилгил деганида, Маккага форс, рум, яҳуд, насроний ва бошқа турли туман одамлар тўлиб кетган бўлар эди, лекин у: “одамлардан (бир қисмининг) дилларини уларга мойил қилгил”, деб дуо қилди. Шунинг учун Маккайи Мукаррамага фақат мусулмонлар дунёнинг ҳар томонидан келиб йиғиладиган бўлдилар”. (“Тафсири Мунийр”дан).
Иброҳим алайҳис-салом қилган ушбу дуонинг баракоти билан, Ҳақ таоло у дуони ижобат қилгани шарофатидан Байти муҳаррамга бўлган муҳаббат, унинг зиёратига бўлган сўнмас иштиёқ ҳар бир мўминнинг қалбига маҳкам ўрнашиб қолди. Бу Муқаддас Макон нафақат дунёнинг ҳар тарафидан келган мўмин-мусулмонларнинг тўпланадиган жойига, балки Байтуллоҳ атрофида тўпланган одамларга ризқ-рўз бўлиши учун дунёнинг ҳар тарафидан келган анвойи мева-чеваларнинг ҳам тўпланадиган жойига айланди. Шунинг учун ҳам, бу Муқаддас Маконда гарчи ҳеч қандай мевали дарахт ўсмаса-да, йилнинг хоҳлаган фаслида, бир куннинг ўзида баҳор, ёз ва кузда пишадиган жамийки меваларни янги узилган ҳолда кўриш ва улардан баҳраманд бўлиш мумкиндир. Бу неъматларнинг барчаси одамларга улар Яратганга шукр қилишлари, яъни, зиммаларидаги ибодатларни астойдил адо қилишлари учун ато этилди.
“Ахир Биз уларга тинч осойишта Ҳарамни макон қилиб бермадикми?! Барча нарсанинг мева-ҳосиллари Бизнинг даргоҳимиздан ризқу рўз бўлиб ўша жойга йиғилади-ку! Лекин уларнинг кўплари (буни) билмаслар”. (Қасос сураси, 57-оят).

38. Парвардигоро, албатта Сен бизлар яширадиган нарсани ҳам, ошкор қиладиган нарсани ҳам билурсан. Оллоҳучун на Ердаги ва на осмондаги бирон нарса махфий эмасдир.
Яъни, Иброҳим алайҳис-салом қилаётган дуолари ўртасида яна Ҳақ таолога муножот қилиб гўё шундай деди: “Парвардигоро, албатта, Сенга бизнинг сиртимиз маълум бўлгани каби сирримиз ҳам маълумдир. Бизнинг ҳол-аҳволимизни ҳам, ҳақиқатда нимага муҳтож эканимизни ҳам Ўзинг биздан яхшироқ Билгувчи, бизга ўзимиздан кўра Меҳрибонроқдирсан. Бас, биз сўрамаган тақдирда ҳам биз учун яхшилик бўлган барча нарсаларни ато этгувчи Ўзингсан. Шундоқ бўлса ҳам, бизлар Сенинг қулларинг эканимизни изҳор қилиш учун, Сенинг кечирим-Мағфиратингга ҳамда Раҳмат-Марҳаматингга жуда ҳам муҳтож бўлганимиз ва Сенинг хузурингдаги нарсага етишга шошганимиз учун Ўзингга ёлвориб дуо-илтижо қиламиз”.
Оятнинг иккинчи жумласида Ҳақ субҳонаху ва таоло Ўз элчисининг сўзларини тасдиқлаб деди:
“Оллоҳ учун на Ердаги ва на осмондаги бирон нарса махфий эмасдир”.
Яъни, бутун оламдаги ҳамма нарса ва ҳар бир иш-амал Оллоҳ таолога аёндир. Жумладан У сидқидилдан иймон келтирган кишини ҳам, динсиз кофирни ҳам, тил учида “иймон” келтирган, аммо қалбида мараз бўлган мунофиқни ҳам жуда яхши билур ва ҳар бирининг қилмишига яраша жазо берур.
Маълумки, Қуръони Каримдаги аксари оятларда аввал осмон, кейин Ер зикр қилинади. Аммо бу ояти каримада Ер осмондан аввал келдики, бу тартиб ҳам Каломуллоҳдаги ҳар бир калима ўзига энг муносиб ўринда келишига, бошқача айтганда, Қуръоннинг Мўъжиза эканига яна бир равшан далилдир. Чунки сўз иймон, куфр, нифоқ ҳақида, савоб ва гуноҳ ҳақида борар экан, бундай хилма-хиллик асосан Ер аҳлига хос бўлган сифатлардир. Осмон аҳли - малоикалар эса фақат савоб амаллар қиладиган бегуноҳ мавжудотдир. Шунинг учун Ҳақ таоло бу ўринда аввал Ер аҳлини огоҳлантириб, ҳамма нарсани билиб туришини билдирди.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам такрор-такрор таъкидланган:
“Албатта Парвардигорингиз уларнинг диллари яширадиган нарсани ҳам, улар ошкор қиладиган нарсани ҳам билур. Осмон ва заминдаги ҳар бир сир очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) мавжуддир”. (Намл сураси, 74-75-оятлар).
“(Оллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни, қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашни) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билур”. (Ғофир сураси, 19-оят).

39. Менга кексалик пайтимда Исмоил ва Исҳоқни ҳадя қилган Зотга - Оллоҳга ҳамду санолар бўлсин. Албатта Парвардигорим дуоларни Эшитгувчидир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, ояти каримада Исмоил алайҳис-салом Исҳоқ алайҳис-саломдан аввал зикр қилинишига сабаб, Исмоил Исҳоқдан ўн уч йил аввал дунёга келган эди.
Иброҳим алайҳис-салом ўғли Исмоил туғилганида тўқсон тўққиз ёшда эди. Исмоилнинг онаси Ҳожардир. Исҳоқ дунёга келганида эса Иброҳим алайҳис-салом юз ўн икки ёшда эди. Исҳоқнинг онаси Сорадир.
Муфассир уламолар Иброҳим алайҳис-саломнинг кексалик ёшига етиб, фарзанд кўришдан умиди узилган вақтда унга икки ўғил ато этган Оллоҳ таолога шукроналар айтиб, сўнгра “Албатта, Парвардигорим дуоларни Эшитгувчидир”, дейишида унинг илгари Парвардигордан фарзанд ато этишини сўраб дуо қилганига ва У Зот ато этган неъмати янада тансиқ ва аниқ бўлсин учун Иброҳим фарзанд кўриш ёшидан ўтган чоғида у сўраган ана ўша улуғ неъматни ато этганига ишора бордир”, дейдилар. (“Танвийрул-азҳон”тафсири).
Иброҳим алайҳис-саломнинг Оллоҳ таолодан ўз ҳожатларини сўраб дуо қилиш ўрнида У Зотга ҳамду сано айтгани хусусида Фаҳриддин Розий “Тафсийри Кабийр”да айтади: “Банда муҳтож бўлган вақтида Оллоҳ таолога ҳамду сано айтиши дуо қилганидан ҳам афзалдир. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси Қудсийда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг ушбу Сўзини нақл қилдилар: “Ким Менинг зикрим билан машғул бўлгани сабабли Мендан сўрай олмайдиган бўлса, Мен унга сўрагувчиларга берганимдан ҳам афзалроқ нарсани ато этурман”. (Бухорий ривояти).

40. Парвардигорим, мени намозни тўкис адо этгувчи қилгил, ва авлод-зурриётимдан ҳам (намозхон кишиларни чиқаргин). Парвардигоро, дуоимни қабул айла.
Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломнинг Парвардигорга ёлвориб қилган ушбу дуоси ҳақиқатан бу буюк инсон Оллоҳ таолога тинимсиз ҳамду санолар айтгувчи киши бўлганига равшан бир далилдир. Чунки банда Яратганга айтадиган ҳамду саноларнинг энг афзали унинг холис Оллоҳ учун узлуксиз ва беками кўст адо этадиган намозидир. Шунингдек, намоз чин мўминлик белгисидир, нафсларни бузуқлик ва гуноҳлардан тўсиб турадиган энг ишончли воситадир. Шу боисдан ҳам Халилуллоҳ алайҳис-салом: “Роббим, Ўзинг мени намозни энг комил суратда холис ва беками кўст адо этгувчи, уни қазо бўлиб кетишдан муҳофаза этгувчи бандала-рингдан қилгин”, деб дуо қилди ҳамда Яратгандан мана шундай намозхонлик бахтини унинг авлод-зурриётларига ҳам насиб этишини сўради, сўнгра “Парвардигоро, дуойимни қабул айла”, деб илтижо қилди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Ояти каримадаги дуодан мурод, барча ибодатлардир”, дейди ва Нўъмон ибн Башийр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган мана бу ҳадиси шарифни сўзига далил ўлароқ келтиради: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Дуо - у ибодатдир”, (бошқа бир ривоятда “Дуо ибодатнинг илигидир”,) дедилар, сўнгра ушбу оятни ўқидилар: “(Эй инсонлар), Парвардигорларингиз: “Менга дуо-илтижо қилинглар, Мен сизларга (қилган дуоларингизни) мустажоб қилурман. Албатта Менга ибодат - дуо қилишдан кибр-ҳаво қилган кимсалар яқинда бўйинларини эгган (яъни, хор-зор бўлган) ҳолларида жаҳаннамга кирурлар”, деди. (Ғофир сураси, 60-оят).

41. Парвардигоро, ҳисоб-китоб (яъни, Қиёмат) қойим бўладиган Куни мени, ота-онамни ва (барча) мўминларни мағфират қилгил.
Юқоридаги оятда Иброҳим алайҳис-саломнинг Парвардигордан уни ҳам авлод-зурриётларини ҳам намозни тўкис адо этгувчи, яъни, ҳаётларини Ёлғиз Оллоҳга ибодат билан ўтгазгувчи инсонлардан қилишини сўраб дуо қилгани айтилган бўлса, энди ушбу ояти каримада Ҳақ таолонинг у улуғ элчиси Яратганга ёлвориб, инсонларнинг ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амаллари бирма-бир ҳисоб-китоб қилинадиган Қиёмат Кунида уни, ота-онасини ва дунёдан иймон билан ўтган барча инсонларни мағфират қилишини сўрагани зикр қилинади.
Иброҳим алайҳис-салом аввало ўзининг қилган гуноҳларини кечириб юборишини сўраб Яратганга дуо қилди. Ҳолбуки, Оллоҳ таолонинг элчи-пайғамбарлари маъсум - катта-ю кичик гуноҳлардан пок инсонлардир. Шунинг учун ҳам уламолар бу ўринда сўз гуноҳ ҳақида эмас, балки пайғамбарнинг айрим ишларда йўл қўйган кичик хато ва янглишишлари, масалан, айрим хукмларда бир нечта тўғри ечим бўлса, ўшаларнинг энг афзалини танламагани ҳақида боради, дейдилар.
Кейин у Парвардигордан ота-онасини кечиришини сўради. Ҳасан ра-ҳимаҳуллоҳ айтади: “Иброҳим алайҳис-саломнинг онаси мўмина эди”. (“Тафсири Мунийр”). Аммо отаси Озар бутпараст-мушрик бўлиб, мушрик ҳолида ўлгани маълумдир. Бас, нега Иброҳим алайҳис-салом мушрик отаси ҳаққига дуо қилди? Ахир Оллоҳтаоло мана бу ояти каримада кофирлар ҳаққига дуо қилишдан қайтарганку: “На пайғамбар ва на мўминлар -уларга мушрикларнинг дўзах эгалари эканликлари аниқ маълум бўлганидан кейин, агар у мушриклар ўзларининг қавм-қариндошлари бўлганларида ҳам - улар учун мағфират сўрашлари жоиз эмасдир”. (Тавба сураси, 113-оят).
Биз хаёлимиздан ўтган бу ва яна бошқа саволларга Қуръони Каримнинг бошқа оятларидан ва саҳиҳ ҳадислардан аниқ жавоб оламиз:
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу айтади: “Қачонки Оллоҳ азза ва жалла Иброҳим алайҳис-салом ҳақида хабар бериб, мана бу оятларни: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), ушбу Китобда Иброҳим (қиссаси)ни зикр қилинг! Дарҳақиқат, у жуда ростгўй пайғамбар эди. Эсланг, у отасига: «Эй ота, нега сен эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон нарсада асқотмайдиган бутга ибодат қилурсан? Эй ота, дарҳақиқат, менга сенга келмаган илм-маърифат келди. Бас, сен менга эргашгин, сени Ҳақ Йўлга ҳидоят қилурман. Эй ота, сен шайтонга ибодат-қуллик қилмагин! Чунки шайтон Раҳмонга осий бўлгандир. Эй ота, ҳақиқатан, мен (кофир ҳолда яшаб ўтганинг сабабли Охират диёрида) сенга Раҳмон томонидан азоб етиб, (дўзахда) шайтонга дўст-яқин бўлиб қолишингдан қўрқурман», деганида; (Отаси) айтди: «Сен менинг худоларимдан юз ўгирувчимисан, эй Иброҳим?! Қасамки, агар сен (менинг худоларимни сўкишдан) тўхтамасанг, албатта сени тошбўрон қилурман ва (ёки) мени узоқ вақтга (яъни, бутунлай) тарк эт!» (Иброҳим) деди: «Сенга омонлик бўлсин. Энди мен Парвардигоримдан сени мағрифат қилишини сўрарман. Шак-шубҳасиз, У менга Меҳрибон бўлган Зотдир.” (Марям сураси, 41-47-оятлар) оятларини нозил қилганида, мен бир кишининг мушрик ота-онаси учун мағфират сўраб дуо қилаётганини эшитиб қолдим. Мен унга: “Ота-онанг мушрик-ку, нега улар учун мағфират сўраб дуо қилаяпсан?” деган эдим, у: “Ахир Иброҳим алайҳис-салом ҳам ўз отаси учун гарчи у мушрик бўлса-да, мағфират сўрадику?” деди. Мен Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб мана шу ҳақда хабар берганимда, Оллоҳ азза ва жалла у зотга: “Сизлар учун Иброҳим ва у билан бирга бўлган кишиларда (уларнинг кофирларга қилган муносабатларида) гўзал намуна бордир. Эслангиз, улар ўз қавмларига: «Дарҳақиқат, бизлар сизлардан ва сизлар Оллоҳни қўйиб ибодат қилаётган бутларингиздан безормиз. Бизлар сизлар (ишониб, ибодат қилаётган бут-санамлар)ни инкор этдик. Токи сизлар Ёлғиз Оллоҳга иймон келтиргунларингизча, сизлар билан бизнинг ўртамизда адоват ва ёмон кўриш зоҳирдир», дедилар. Фақат Иброҳим ўз(ининг кофир бўлган) отасига: «Албатта мен (Оллоҳдан) сен учун мағфират сўрайман, (лекин) сенга Оллоҳ томонидан бўладиган бирон нарсани (азобни қайтаришга) молик эмасман», (деган сўзларигина сизларга намуна бўлмасин)!” оятини нозил қилди. (Термизий ривояти).
“Иброҳимнинг ўз отаси учун мағфират сўраши фақат унга берган ваъдаси сабабли эди. Энди қачонки унга (отаси) Оллоҳнинг душмани эканлиги аниқ маълум бўлгач, ундан бутунлай алоқани узди (яъни, унинг учун мағфират сўрашни тўхтатди). Албатта Иброҳим кўнгилчан ва ҳалимдир”. (Тавба сураси, 114-оят).
Яъни, Иброҳим алайҳис-саломнинг отаси Озар учун мағфират сўрагани мўминлар мушриклар учун мағфират сўрашлари мумкин эканига далил бўлмайди. Чунки у ўртада ваъда бўлгани учунгина ўша ишни қилган эди.
Уламолар ояти каримадаги “унга берган ваъдаси сабабли эди”, жумласини икки хил тафсир қиладилар: Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Иброҳимнинг отаси Озар Иброҳим Халилуллоҳ алайҳис-салоту вас-саломга Ёлғиз Оллоҳга иймон келтириб, бутлардан юз ўгириш ҳақида ваъда берган, шунинг учун Иброҳим отаси учун Оллоҳтаолодан мағфират сўраган эди. Бас, қачонки у ваъдасини бажармай, кофирлигича ўлганидан кейин Иброҳим алайҳис-салом унинг Оллоҳ таолонинг душмани эканини билди ва унинг учун мағфират сўрашни бас қилди”, дейди.
Бошқа уламолар эса: “Иброҳим алайҳис-саломнинг ўзи отасининг Исломга киришидан умидвор бўлиб, унга: “Агар Исломни қабул қилсанг, “мен Парвардигоримдан сени мағфират қилишини сўрайман”, (Марям сураси, 47-оят) деб ваъда қилган эди ва мана шу ваъдасига биноан “аҳдига вофодор бўлган Иброҳим” (Ван-нажм сураси, 37-оят) “Отамни ҳам мағфират қилгин”, (Шуаро сураси, 86-оят) деб унингучун мағфират сўраган эди”, дейдилар. (“Тафсири Бағавий”дан).
Қозий Абу Бакр ибн Арабий айтади: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Иброҳим алайҳис-саломнингўз отасига: “Мен Парвардигоримдан сени мағфират қилишини сўрайман”, деган сўзини ушлаб, Иброҳим алайҳис-салом мушрик отаси учун мағфират сўрадику, деб ўзларининг мушрик ҳолда ўлган амакилари Абу Толиб учун мағфират сўрамоқчи бўлганларида Ҳақ таоло Иброҳим алайҳис-саломнинг отаси учун дуо қилиши унинг иймонга келишидан умидвор бўлгани учун эди. Шунинг учун қачонки отаси кофир ҳолда ўлгач, Иброҳим унинг учун мағфират сўрашни бас қилган. Бас, у воқеани далил қилиб кофир ҳолда ўлган Абу Толиб учун мағфират сўраш дуруст эмас, деб хабар берди”.
Ўрганаётганимиз ояти каримада зикр қилинишича, Иброҳим алайҳис-салом қилган дуоси давомида Парвардигордан барча мўминларнинг гуноҳларини кечиришини сўради ва бу билан бизга дуо қилган мўмин гарчи ёлғиз ҳолда дуо қилса ҳам, фақат ўзи учун эмас, балки унинг энг азиз ва меҳрибон инсонлари бўлмиш ота-онаси учун ҳамда дунёдаги барча мўмин-мусулмонлар учун ҳам дуо қилиши суннат эка-нини таълим берди.
Савбон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда бу хусусда қаттиқ огоҳлантириш бордир: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирон қавмга имом бўлган банда дуо қилганида ҳаргиз уларни қўйиб ёлғиз ўзи учун дуо қилмасин. Бас, агар шундай қиладиган бўлса, у ҳолда уларга хиёнат қилибди”, дедилар. (Абу Довуд ва Термизий ривояти).

42. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз ҳаргиз Оллоҳни золим кимсаларнинг қилаётган амалларидан ғофил, деб ўйламанг! Фақат Оллоҳ уларни(нгжазоларини) кўзлар (даҳшатдан) қотиб қоладиган Кунга (яъни, Қиёмат Кунига) қолдирмоқда, холос.
“Тафсири Қуртубий”да ояти карима шундай тафсир қилинади: Ушбу оят Макка мушрикларининг Ҳақ Динга иймон келтирмаётганларидан ҳайрон бўлиб ташвишга тушган Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳамда у зотга иймон келтирган мўминларга таскин-тасаллий бериш, золим-мушрикларни эса огоҳлантириш учун нозил бўлгандир. Ҳақ таоло гўё шундай дейди: Эй Муҳаммад алайҳис-салом, худди бобонгиз Иброҳим алайҳис-салом ўз замонасидаги бутпараст мушрикларнинг берган озор-азийятларига сабр қилгани каби Сиз ҳам Макка мушриклари етказаётган озор-азийятларга сабр қилинг ва уларнинг устига куфр-зулм йўлини танлаганлари учун Оллоҳ таолонинг балоси тушмаётганидан ҳайрон бўлманг ва Оллоҳ буларнинг қилмишларидан бехабармикан, деган хаёлларга ҳам борманг! Сиз у золим кимсаларга билдириб қўйингки, ҳозир азобга гирифтор бўлмаётганлари асло Оллоҳ уларнинг кирдикорларидан рози бўлгани учун эмасдир, балки Оллоҳ таолонинг осий-золим кимсаларга маълум бир муддат жазоламасдан муҳлат бериб кўйиш Қонуни бордир. Ана ўша муҳлат битадиган ва ҳар бир золим-кофир албатта қилмишига яраша жазосини оладиган Кун Қиёмат Кунидирки, у Кунда бериладиган азобнинг даҳшатидан, у Куннинг ҳайбатидан кофирларнинг кўзлари қотиб қимирлай олмай қолур.

43. (У Кунда) улар бошларини (осмонга) кўтарган ҳолларида (чор-ланган томонга ҳисоб-китоб учун) чопурлар. Кўзлари ўзларига қайтмайди (яъни, қўркувдан қотиб қолиб, ўзларининг қандай ҳолда эканликларини ҳам кўрмайдилар). Уларнинг диллари (даҳшатдан) бўм-бўш бўлиб қолур.
Яъни, золим-кофир кимсалар Қиёмат Кунида қабрларидан шошганларича чиқиб, бошларини осмонга кўтарганларича маҳшаргоҳга қараб чопурлар. Бу даҳшатли ҳолат бошқа оятларда шундай тасвирланади: “У Кунда улар (мушрик-кофирлар) гўё (ўзлари сиғинадиган) бутларга қараб чопишаётгандек шошилган ҳолларида қабрларидан чиқиб келурлар”. (Маориж сураси, 43-оят). “Чорлагувчи (фаришта) томонга шошганларича кетар эканлар, у кофирлар “Бу жуда оғир Кундир”, дерлар!” (Қамар сураси, 8-оят).
“...бошларини осмонга кўтарган ҳолларида...”
Ҳасан раҳимаҳуллоҳ айтади: “Қиёмат Кунида одамларнинг юзлари осмонга қараб қолади, биров бировга қарай олмайди”.
“Кўзлари ўзларига қайтмайди”.
Яъни, у Кундаги даҳшат ва қўрқув шундай қаттиқ бўладики, кофирлар ўзларини йўқотганларидан очган кўзларини қайта юма олмай, бирон марта киприк ҳам қоқмасдан бир томонга тикилганларича қўрқувдан қотиб қоладилар.
“Уларнинг диллари бўм-бўш бўлиб қолур”.
Қатода айтади: “Кофирларнинг қўрққанларидан юраклари қинидан чиқиб, томоқларига тиқилиб қолади, аммо оғизларидан чиқиб кетмайди ва қайтиб жойига ҳам тушмайди, бас, уларнинг кўкраклари бўм-бўш бўлиб қолади”.
Ҳақ таоло ушбу оятларида динсиз кимсаларни огоҳлантириш учун ҳисоб-китоб Куни бўлган Қиёмат даҳшатларини ва у Кунда кофирлар бениҳоя ёмон аҳволга тушиб, шармандайи шармисор бўлишларини баён қилди. Қуйидаги оятларда бу мавзу яна давом этади.

44. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), одамларни огоҳлантиринг: золим кимсалар, уларга азоб келар Кунда (Қиёматда) «Парвардигоро, бизларга озгина муҳлат бергин, (яъни, бизларни дунёга қайтариб, озгина ҳаёт бергин, албатта) Сенинг даъватингни қабул қилурмиз ва (юборган) элчиларингга эргашурмиз», дейдилар. Шунда уларга: «Ахир илгари (яъни, ҳаёт пайтларингизда) ҳеч қачон заволга юз тутмаслигингиз (яъни, ҳеч қачон ўлмаслигингиз ва Охират жазосига дучор бўлмаслигингиз) ҳақида қасам ичган сизлар эмасмидингиз?!” (деб жавоб қилинур).
Ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга барча одамларни огоҳликка даъват қилишни буюради ҳамда ҳамма огохданиши лозим бўлган бир ибратли манзарани - Қиёмат Кунида золим-кофир кимсалар Оллоҳ таолога ялиниб-ёлвориб қандай нидо қилишлари ва Ҳақтаоло уларга қандай жавоб беришини баён қилади.
Дарҳақиқат, Қуръон оятларини диққат-этибор билан ўқиб-ўргансак, дунёдаги ҳаётларини динсизлик билан ўтказиб кофир ҳолда ўлган кимсалар Қиёмат Кунида, бу Куннинг ҳақ эканини ўз кўзлари билан кўрганларида, қандай қилиб бўлса ҳам бошларига тушиши муқаррар бўлган азобдан қутулиб қолиш илинжида Яратганга бир неча бор ялиниб-ёлвориб нидо қилишлари ва ўшанда Ҳақ субҳонаҳу ва таоло у золим кимсаларга қандай жавоб бериши баён қилинган оятларга дуч келамиз.
Байҳақий Муҳаммад ибн Каъб Қуразий раҳимаҳуллоҳдан ривоят қилиб деди: “Дўзах эгалари Қиёмат Кунида қиладиган беш дуо-илтижо бордир. Оллоҳ таоло уларнинг қилган тўрт дуоларига жавоб беради. Қачонки улар бешинчи марта дуо қилганларидан кейин қайтиб бирон сўз айта олмайдилар.
Кофирларнинг биринчи дуолари: “Улар дедилар: «Парвардигоро, Сен бизларни икки бор ўлдирдинг ва икки бор тирилтирдинг (яъни, аввал она қорнида ўлик-жонсиз ҳолда яратиб, сўнгра Ўзинг бизларга жон-ҳаёт ато этдинг. Кейин, ажалимиз етганда Ўзинг жонимизни олиб-ўлдириб, Қиёмат Кунида яна тирилтирдинг). Бас, бизлар (ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча) гуноҳларимизни эътироф этдик. Энди (бу дўзах азобидан) чиқишнинг бирон йўли борми?” (Ғофир сураси, 11-оят).
Оллоҳ таоло уларга жавоб беради: “(Йўқ, сизлар мана шу азобда мангу қолурсизлар). Бунга сабаб, қачон (сизларни) Ёлғиз Оллоҳгагина (ибодат қилишга) даъват қилинганида, кофир бўлиб - бўйинсунмай, агар У Зотга ширк келтирилса, (яъни, сизларни кимдир турли бут-санамларга сиғинишга чорлаганда) иймон келтиришларингиздир. Бас, барча ҳукм Юксак ва Улуғ Оллоҳникидир”. (Ғофир сураси, 12-оят).
Сўнгра улар дейдилар: “Парвардигоро, (ваъданг рост эканлигини) кўрдик ва эшитдик, бас, бизларни (ҳаётга) қайтаргин, яхши амал қилайлик. Энди бизлар (Қиёмат ҳақ эканлигига) шак-шубҳасиз, ишонгувчидирмиз”. (Сажда сураси, 12-оят).
Шунда Оллоҳ таоло уларга жавоб беради: “Бас, (эй кофирлар), ушбу кунингиздаги учрашувни унутиб қўйганларингиз сабабли (аламли азобни) тотингиз! Дарвоқеъ, Биз ҳам (бугун) сизларни «унутдик». Қилиб ўтган амалларингиз сабабли мангу азобни тотингиз!” (Сажда сураси 14-оят).
Сўнгра улар дейдилар: “Парвардигоро, бизларга озгина муҳлат бергин, (яъни, бизларни дунёга қайтариб, озгина ҳаёт бергин, албатта) Сенинг даъватингни қабул қилурмиз ва элчиларингга эргашурмиз”. (Иброҳим сураси 44-оят).
Бас, Оллоҳ таоло уларга жавоб беради: “Ахир илгари (яъни, ҳаёт пайтларингизда) ҳеч қачон заволга юз тутмаслигингиз (яъни, ҳеч қачон ўлмаслигингиз ва Охират жазосига дучор бўлмаслигингиз) ҳақида қасам ичган сизлар эмасмидингиз?!” (Иброҳим сураси, 44-оят).
Сўнг улар дейдилар: “Парвардигоро, бизларни (бу азобдан) чиқаргин, бизлар қилиб ўтган амалларимиздан бошқа яхши (амалларни) қилурмиз”. (Фотир сураси, 37-оят).
Бас, Оллоҳ таоло уларга жавоб беради: “Ахир Биз сизларга эслатма оладиган киши эслатма олгудек узун умр бермаганмидик?! Сизларга огоҳлантиргувчи (пайғамбар) ҳам келган эди-ку! Бас, энди (азобларингизни) тотаверинглар! Энди золим кимсалар учун бирон ёрдамчи бўлмас!” (Фотир сураси, 37-оят).
Улар яна дейдилар: “Парвардигоро, бадбахтлигимиз бизлардан ғолиб келиб, адашган қавм бўлиб қолган эканмиз. Парвардигоро, бизларни (жаҳаннамдан ҳаёти дунёга) чиқаргин. Бас, агар яна (куфр ва туғёнга) қайтсак, у ҳолда шак-шубҳасиз, (ўз жонимизга) жабр қилгувчидирмиз (яъни, жаҳаннам азобига лойиқдирмиз)”. (Мўминун сураси, 106-107-оятлар).
Бас, Оллоҳтаоло уларга жавоб беради: “(Оллоҳ) айтди: “(Жаҳаннамда) хор бўлингиз ва Менга сўз қотмангиз!” (Мўминун сураси, 108-оят).
Шундан кейин кофирлар бирон сўз айта олмайдилар”. (“Тафсири Куртубий”дан).

45. Ҳолбуки, сизлар (эй Макка мушриклари), ўзларига зулм қилган кимсаларнинг масканларига (улар заволга юз тутганларидан кейин) жойлашган эдингизлар. Уларни қандай (ҳалок) қилганимиз ҳам сизларга аниқ маълум эди. Биз сизлар учун (қанчадан-қанча) мисоллар келтирган эдик (лекин сизлар бу кўрган-билганларингиздан ибрат олмадингизлар, Ҳақ Йўлга юрмадингизлар)».
Яъни, эй Макка мушриклари, сизлар ширк ва исён билан, Оллоҳтаоло юборган элчиларга иймон келтирмаслик билан ўз жонларига жабр қилган Од, Самуд каби қабилалар яшаб ўтган жойларни - Биз уларни ҳалок қилиб юборганимиздан кейин - маскан тутиб ўзларингизча ватан қилдингизлар-у, аммо ўзларингизга “бу жойларнинг аввалги эгалари нима сабабдан ҳалок бўлган эдилар?” деб савол бермадингизлар. Ҳолбуки, Биз уларни қандай ногаҳоний балоларга дучор қилганимиз, қандай кутилмаган азобларга гирифтор қилганимиз сизларга жуда яхши маълум эди. Яна Биз сизларга, эй Макка мушриклари, ибрат олишларингиз учун ва ўз қилмишларингизни уларнинг қилмишларига солиштириб кўришларингиз учун Қуръони Азимда уларнинг қилмишлари ва ўша қилган жиноятлари оқибатида ҳалок қилиб юборилганлари ҳақида қанчадан қанча мисоллар ҳам келтирдик. Лекин сизлар бу келтирилган мисоллардан мутлақо ибрат олмадингизлар - ўз куфру исёнинггиздан қолмадингизлар! Бас, сизлар ҳам куфрда ва ҳалок қилиб юборилишга лойиқликда ўша ҳалок қилиб юборилган кофир қавмлар билан баробардирсизлар!

46. Дарҳақиқат, улар (яъни, Макка мушриклари) бор макр-ҳийлаларини қилдилар. (Лекин) агар уларнинг макрлари сабабли тоғлар емирилиб кетадиган бўлса-да, уларнинг (бу) макр-ҳийлалари Оллоҳ ҳузурида (маълумдир).
Бу оятда мушрикларнинг Муҳаммад алайҳис-саломга қарши қилган ҳийла-найрангларига ва Оллоҳ таоло уларнинг барча уринишларини беҳуда кетказганига ишора қилинмоқда.
Муҳаммад ибн Жарир Табарий ўзининг “Жомиул-баён” китобида ояти каримани шундай тафсир қилади: “Парвардигорга ширк келтириш билан ўз жонларига жабр қилган Макка мушриклари Оллоҳ таолога ва Унинг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга қарши, у зот даъват қилаётган Ҳақ Динга қарши жуда кўп туҳмат-уйдирмалар ва турли-туман ҳийла-найранглар қилдилар. Ҳолбуки, Оллоҳ таолога уларнинг ширк келтиришлари ҳам, қиладиган барча ҳийла-найранглари ҳам азалдан аниқ маълумдир ва У Зот албатта уларни қилган қилмишлари учун ўзлари лойиқ бўлган ашаддий азобга гирифтор қилур. Албатта, уларни Оллоҳ таолога ширк келтиришлари ва У Зотга қарши турли уйдирма-туҳматлар тўқишлари сабабли тоғлар талқон бўлиб кетмайди, яъни, Ҳақ Динни йўқ қилиб юбора олмайдилар, балки аксинча, бу қилмишлари билан фақат ўзларига зиён қиладилар ва тўқиган ёлгонларининг жабрини фақат ўзлари тортадилар”.

47-48. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз ҳаргиз Оллоҳни Ўз элчиларига (золим-кофирларни азоблаши ҳақида) берган ваъдасига хилоф қилгувчи, деб ўйламанг! Албатта Оллоҳ Ер бошқа Ерга, осмонлар (ўзга осмонларга) айланиб қоладиган ҳамда (барча одамлар қабрларидан чиқиб) Танҳо Кудратли Оллоҳга рўбарў бўладиган Кунда (Қиёматда) Ғолиб ва Интиқом олгувчидир.
Ушбу оятларда Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Ўзининг ҳеч қачон берган ваъдасига хилоф қилмаслигини - албатта золим-кофир кимсаларни ашаддий азобга гирифтор қилажагини ва барча одамлар ҳисоб-китоб қилиниш учун Унга рўбарў бўладиган Қиёмат Кунида албатта Ўзининг дўстлари бўлмиш мўминлар учун душманларидан, яъни, кофирлардан ўч олиши аниқ эканини айтиб, Пайғамбар алайҳис-саломни ва мўминларни ҳотиржам қилади ҳамда Ўзининг Танҳо ва енгилмас Қудрат Соҳиби эканини яна бир бор таъкидлайди. Шунингдек, ояти каримада Қиёмат Кунида содир бўладиган буюк бир ҳодиса ҳақида - Ер бутунлай бошқа Ерга, осмонлар ҳам тамоман ўзга осмонларга айланиб қолиши ҳақида хабар берилади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида ва у зотнинг асҳобларидан нақл қилинган хабарларда ҳам айтилгандир.
Муслим, Термизий, Ибн Можжа ва бошқалар ривоят қилган ҳадиси шарифда Оиша розияллоҳу анҳо айтди: “Мен: “Ё Расулуллоҳ, Ер бошқа Ерга, осмонлар ўзга осмонларга айланиб қоладиган Кунда одамлар қаерда бўладилар?” деб сўраган эдим, у зот: “Сен илгари ҳеч ким сўрамаган нарса ҳақида сўрадинг, У Кунда одамлар Сирот кўприги устида турадилар”, деб жавоб бердилар”.
Бухорий ва Муслим Саҳл ибн Саъд Соидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилдилар; Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Одамлар Қиёмат Кунида худди оппоқ думалоқ нонга ўхшаб қолган оппоқ Ер устида тўпланадилар. У Ерда бирон кимсадан қолган бино, экин-зор ёки уй-жой каби аломатлар бўлмайди”.
Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилинди: Пайғамбар соллол-лоҳу алайҳи в саллам дедилар: “Қиёмат Кунида Ер бошқа Ерга айланиб қолади. У худди Укоз бозорида терини тортганлари каби бўйига ҳам, энига ҳам шундай тортилиб текисланадики, унда баланд-пастлик ёки ўйдим-чуқурни кўрмайсан”. (Бсшҳақий ривояти).
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ушбу оят ҳақида сўзлаб, деди: “Ер, унда бирон марта қон тўкилмаган, унинг устида бирон гуноҳ қилинмаган оппоқ кумушдек бир Ерга айланиб қолади”. (Ибн Жарир, Ибн Мунзир ва бошҳалар ривояти).
Алий ибн Абу Толиб розияллоху анху: “Ер кумушдай бўлган Ерга, осмон эса олтиндан бўлган осмонга айланиб қолади”, деди. (Ибн Абу Дунё, Ибн Жарир ва бошқалар ривояти).

49. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), у Кунда жиноятчи кимсаларни кишанларда, бир-бирларига боғланган ҳолларида кўрурсиз.
Юқоридаги оятда Ҳақ таоло Ўзининг Қаҳҳор - енгилмас Қудрат Соҳиби эканини таъкидлаганидан сўнг энди ушбу ва қуйидаги оятларда Қиёмат Куни Унинг Қудрати олдида ҳаётларини куфру исён билан ўтказган жиноятчи кимсалар нақадар хор бўлишларини тасвирлаб гўё шундай дейди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, ўша Куни Сиз у жиноятчиларни ўзларига ўхшаган ҳамтовоқлари билан бирга кишанланган ҳолларида энг мудҳиш азоб билан азобланаётганларини кўрурсиз”.
Кофирларнинг Қиёмат Кунидаги бу шармандали ҳолатлари ҳақида яна бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “(Эй фаришталар, сизлар) золим-кофир бўлган кимсалар ва уларнинг ҳамтовоқларини ҳамда улар Оллоҳни қўйиб ибодат қилиб ўтган нарсаларини тўплаб, дўзах йўлига бошланглар”. (Вас-соффот сураси, 22-23-оятлар).
“Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Парвардигорингизга қасамки, албатта Биз уларни (йўлдан оздирган) шайтонлари билан бирга тўплармиз, сўнгра (барчаларини) жаҳаннам атрофида тиз чўккан ҳолларида ҳозир қилурмиз.” (Марям сураси, 68-оят).

50. Уларнинг “кийим-бошлари” қора мойдан бўлиб, юзларини олов ўраб олур.
Ҳақ таоло дўзах азобига гирифтор қилган жиноятчи кимсаларнинг у жойда киядиган “кийимлари” қора мой бўлади, яъни, уларнинг яланғоч баданларига асил ёнилғи бўлган қора мойдан шундай суртиладики, ўша қора мой уларнинг кийим-бошларига айланади. Натижада дўзахилар қоп-қора, ниҳоят даражада бад бўй ва даҳшатли суратга кирадилар ва ҳали дўзах ўтида ёнмасларидан бурун бутун аъзойи баданларини қора мой куйдириб-ачиштирганига тоқат қила олмасдан дод-фарёд қилар эканлар, шу онда юзларидан бошлаб бутун баданларини жаҳаннам олови ўраб олади.
Ояти каримада олов дўзахиларнинг юзларини ўраб олиши зикр қилинишига сабаб, муфассирларнинг айтишларича, юз бадандаги энг азиз аъзо бўлгани, қолаверса, улар ҳаёти дунёда юзларини Ҳақ Йўлдан буриб, ботил йўлларга юзланиб яшаганларидир.
Мана бу ояти каримада у мудҳиш манзара янада равшанроқ баён қилинди: “Ахир Қиёмат Кунида ёмон азобдан ўз юзи билан сақланадиган кимса (у Кундаги ҳар қандай азобдан тинч-хотиржам киши билан баробар бўлурми)?! (У Кунда) золим-кофирларга «Ўзларингиз касб қилиб ўтган нарсани (яъни, динсизлик мевасини) тотиб кўринглар!» дейилди”. (Зумар сураси, 24-оят).
“Қиёмат Кунида ёмон азобдан ўз юзи билан сақланадиган кимса” дейилганида қўллари кишанбанд бўлгани сабабли у қўллар билан юзларини дўзах ўтидан тўсишга қодир бўлмайдиган ва оқибат-натижада у оловда аввал юзлари куядиган кимсалар тушунилади.
Бу ҳақда яна бошқа оятларда ҳам айтилади:
“Улар юзтубан ҳолларида дўзахга судраладиган Кунда (уларга): “Дўзах азобини тотиб кўринглар!” (дейилур)”. (Қамар сураси, 48-оят).
“Уларнинг юзларини ўт куйдириб, бадбашара бўлиб қолгувчидирлар”. (Мўминун сураси, 104-оят).

51. Оллоҳ ҳар бир жонга қилган ишига яраша жазо бериш учун (мана шундай қайта тирилтирур). Албатта Оллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир.
Демак, Оллоҳ таоло инсонларни яхши баҳосини, ёмон жазосини олиши учун - адолат қарор топиши учун Охиратда қайта тирилтирар экан.
“Осмонлардаги ва Ердаги бор нарсалар Ёлғиз Оллоҳникидир. У Зотнинг Ўзи ёмонлик-гуноҳ қилиб ўтган кимсаларни қилган амаллари билан жазолагай ва чиройли амал қилган зотларни гўзал (савоб-жаннат) билан мукофотлагай!” (Ван-нажм сураси, 31-оят).
Бас, маълум бўладики, ҳаёти дунёда қилинган бирон иш Охиратда мукофот ёки жазосиз қолмас. У Кундаги ҳисоб-китоб ҳақида бошқа оятларда ҳам такрор-такрор хабар берилади:
“Биз Қиёмат Куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яъни, заррачалик яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшани-да келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилгувчидирмиз.” (Анбиё сураси, 47-оят). “Ўша Кунда одамлар, уларга (қилиб ўтган) амаллари(нинг жазо ёки мукофотлари) кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар! Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!” (Залзала сураси, 6-8-оятлар).
Марҳаматли Парвардигоримиз Қиёмат Кунида яхши кишиларни, яъни, ҳаётларини иймон ва солиҳ амаллар билан ўтказган мўмин бандаларини мукофотлашда фақат уларнинг қилган яхши амалларига яраша эмас, балки Ўз томонидан яна неча баробар зиёда мукофотлар ҳам ато этишга ваъда беради: “Албатта Оллоҳнинг Китобини (Қуръонни) тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан (яъни, улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон, Оллоҳдан ажр-мукофот бўлишидан) умидвордирлар, зеро, (Оллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз Фазлу-Карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта У Мағфиратли ва ўта Шукр қилгувчидир (яъни, озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир)”. (Фотир сураси, 29-30-оятлар).
Аммо кофирларга эса, куфр-исёнларига яраша энг адолатли жазо берилади. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Мана бу қайноқ сув ва йирингдир! Бас, улар ўшани тотиб кўрсинлар! Бошқа (азоб-уқубатлар) ҳам ўша тур, ўша шаклда бўлур!” (Сод сураси, 57-58-оятлар). “Жиноятчи-осий кимсалар ёлғон дейдиган жаҳаннам мана шудир! Улар ўша (жаҳаннам) билан ўта қайноқ сув ўртасида айланаверурлар!” (Раҳмон сураси, 43-44-оятлар).
Яъни, ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтган кимсалар Охиратда дў-зах ўтида куяр эканлар, дўзах ходимлари бўлмиш фаришталардан бирон қултум сув беришни сўрарлар. Шунда уларга қайноқ сув берилиб, яна дўзахга отилурлар ва бу ҳол абадул-абад давом этур.
“Албатта Оллоҳ жуда тез ҳисоб-китоб қилгувчи Зотдир”.
Яъни, У Зотни ҳисоб-китоб чоғида биров бошқа бировдан чалғита олмас ва барча бандаларни жуда тез, ҳадиси шарифда айтилганидек, дунё кунларидан ярим кун ўтгунича ҳисоб-китобларини олиб, Ўз Илоҳий Адолати билан яхшининг баҳосини, ёмоннинг жазосини берур. Чуни У Зотга ҳеч нарса махфий эмасдир ва жамийки махлуқотнинг ҳисоб-китоби Унинг Қудрати олдида худди бир кишининг ҳисоб-китоби каби осондир. Бу ҳақда мана бу ояти каримада айтилгандир: “(Эй инсонлар), сизларни (барчангизни аввал бошда) яратиш ҳам, (Қиёмат Кунида) қайта тирилтириш ҳам худди бир жонни (яратиш ва қайта тирилтиришнинг) ўзгинасидир (яъни, шу қадар осондир). Зеро, Оллоҳ Эшитгувчи, Кўргувчидир”. (Лукуион сураси, 28-оят).

52. Ушбу (Қуръон) одамлар учун - токи улар огоҳлантирилишлари ва (Оллоҳ) Ягона Илоҳ эканини билишлари ҳамда ақл эгалари эслатма-ибрат олишлари учун (Оллоҳ тарафидан нозил қилинган) Баёнот - Билдиришдир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг Каломи бўлмиш Қуръони Азимни “Балоғ” деб атадики, бу сўзнинг маъноси етказиш, билдириш деганидир. Яъни, ушбу беназир Китоб орқали Парвардигоримиз биз инсонларга токи огоҳ бўлишимиз, билишимиз ва эслатма-ибрат олишимиз учун Ўзининг хукмларини, хабарларини ва панд-насиҳатларини билдирди - етказди. Демак, биз ушбу Илоҳий Билдиришни ўқиб-ўрганиб, Охират диёрида осий-кофирлар учун мангу азоб борлигидан огоҳ бўлишимиз, Роббимизнинг танҳо Маъбуди Барҳақ эканини аниқ билиб, Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишимиз ва Қуръон оятлари қатидаги Илоҳий панд-насиҳатлардан ибрат-эслатмалар олиб, Оллоҳ таоло буюрган ишларни қилишимиз ва У қайтарган ишлардан қайтишимиз зиммамиздаги бандалик вазифамиздир.
Агар эътибор қилсак, ушбу сурайи кариманинг илк ояти билан сўнгги ояти бир бири билан узвий боғланганини кўрамиз.
Аввалги оятда Ҳақ таоло Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб: “Алиф, Лом, Ро. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, бу Қуръон) Сиз одамларни Парвардигорларининг Изни-Иродаси билан зулматлардан нурга - Қудрат ва ҳамду сано Эгаси бўлган Зотнинг Йўлига - олиб чиқишингиз учун Биз Сизга нозил қилган Китобдир”, (Иброҳим сураси, 1-оят) деган бўлса, ушбу сўнгги оятда ўша зулматлардан нурга чиқишнинг йўли Оллоҳтаолонинг оятларидан огоҳ бўлиш, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш ва Яратганнинг панд-насиҳатларидан эслатма олиб, Қуръон чизиб берган андозада ҳаёт кечириш эканини айтади ва бундай буюк бахт фақат ҳақиқий ақл эгалари бўлган инсонларгагина насиб этишини таъкидлайди.
Ушбу сўнгги ояти карима инсон учун берилган энг улуғ неъмат, энг буюк фазилат ақл неъмати эканига далолат қилади. Чунки ояти карима мазмунидан маълум бўладики, Оллоҳ таоло нозил қилган оятлардан фақат ақл эгалари эслатма-ибрат оладилар ва Оллоҳ таолонинг элчиларига фақат ақл эгалари эргашадилар.
Ҳақ таоло барчамизга ана шундай ақл эгаларидан бўлиш бахтини насиб этсин!
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг Мадади билан Иброҳим сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.

011. Ҳуд сураси

Бир юз йигирма уч оятдан ташкил топган бу сура Маккада нозил бўлган. Ушбу сурада ҳам Ёлғиз Оллоҳга, У Зот юборган элчиларга иймон келтириш, Қиёмат Кунида қайта тирилиб, бу дунёда қилиб ўтган барча яхши-ёмон амалларга яраша мукофот-жазо олишга ишониш Исломий ақиданинг моҳият-ҳақиқати экани борасида сўзланади. Бу сурада Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут, Шуайб, Мусо ва бошқа пайғамбарларнинг қиссалари анча муфассал ҳикоя қилинадики, бундан мурод - биринчидан, барча мўминларга илгари ўтган пайғамбарлар ва уларни ёлғончи қилганлари сабабли ҳалокатга учраган қавмлар ҳақида маълумот бериш бўлса, иккинчидан, яқинда икки азиз кишисидан - амакиси Абу Толиб ҳамда жуфти ҳалоли Хадичадан ажралиб қолган ва мудом Макка мушриклари томонидан озор-азийятларга рўбарў бўлаётган Муҳаммад алайҳис-саломга ўтмиш-дошларининг ҳаётлари ва уларнинг Ҳаққа даъват қилиш йўлида чеккан машаққатларини баён қилиш билан таскин-тасаллий беришдир.
Бу сура Қуръони Каримнинг айбу нуқсонлардан пок ва назму мағзига ҳеч қачон, ҳеч ким томонидан халал етмайдиган Илоҳий Китоб эканини таърифлаш билан бошланиб, Оллоҳ таолонинг бандаларига пайғамбарлар юборишдан кўзлаган ҳикматини баён этиш билан хотима топади. Сурайи карима Оллоҳ таоло томонидан Од қавмига юборилган Ҳуд пайғамбар номи билан аталгандир.

Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан

1-2. Алиф, Лом, Ро. (Ушбу Қуръон) сизлар Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишингиз учун, ҳикмат Соҳиби, (ҳамма нарсадан) Хабардор Зот ҳузуридан оятлари мустаҳкам қилинган, сунгра у (оят)лар батафсил баён қилинган ҳолда (нозил бўлган) бир Китобдир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, айтинг): «Албатта мен сизларга У Зот тарафидан (юборилган элчидирман, кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи ва (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчидирман».
“Алиф, Лом, Ро”. Ушбу ҳарфлар хусусида айни мана шу ҳарфлар билан бошланган Юнус сурасининг илк тафсирида бақадриҳол баён қилдик.
(Ушбу Қуръон) сизлар Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишингиз учун, ҳикмат Соҳиби, (ҳамма нарсадан) Хабардор Зот ҳузуридан оятлари мустаҳкам қилинган, сўнгра у (оят)лар батафсил баён қилинган ҳолда (нозил бўлган) бир Китобдир.
Ушбу жумлада Ҳақ таоло Қуръони Азим қандай Китоб эканлиги ва бу Улуғ Китобни нозил қилишдан кўзланган мақсад ҳақида сўзлайди:
Аввало, ушбу Китобни Ўз ҳузуридан Ер юзига нозил қилган Зот - айтган ҳар бир Сўзи ва қилган ҳар бир иши Ҳикмат бўлган, борлиқдаги барча нарсадан Хабардор Оллоҳ субҳонаҳу ва таолодир. Бас, у Тенгсиз Буюк Зотнинг Сўзи - Китоби ҳам тенгги ва ўхшаши йўқ Буюк Китобдир. Бу беназир Китоб оятлари ҳудди мустаҳкам бинолар янглиғ пухта - мустаҳкам бўлгани сабабли у оятларнинг лафзига ҳам, маъносига ҳам ҳеч қачон халал етмайди, уларни ҳеч ким ўзгартира - буза олмайди.
Бу ҳақиқатга Қуръон нозил бўлганидан буён ўтган асрлар гувоҳдир. Динимиз душманлари томонидан ўнлаб асрлар давомида бу Азиз Китоб оятларини ўзгартиришга, бузишга қанча ҳаракатлар бўлди, аммо ҳеч ким Қуръони Азимнинг бир ҳарфини ҳам ўзгартира олгани йўқ. Иншооллоҳ, бундан кейин ҳам то Қиёмат ушбу Каломуллоҳ ўз Эгасининг ҳифзи-ҳимоясида бўлади.
Чунки Ҳақ субҳонаху ва таоло: “Албатта, бу Эслатмани (яъни, Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва шубҳасиз, Ўзимиз уни сақлагувчимиз.”, деб ваъда беради. (Ҳижр сураси, 9-ят).
Муфассирлар султони Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ояти каримадаги “оятлари мустаҳкам қилинган” иборасининг тафсирида: “Қуръон ўзидан авал нозил бўлган барча китобларни насх қилди - ҳукмини тўхтатди, аммо Қуръонни бирон китоб насх қила олмайди”, дейди.
Уламолар “сўнгра у (оят)лар батафсил баён қилинган” иборасини турлича тафсир қиладилар: Қатода: “Сўнгра у оятларда нима ҳалол, нима ҳаром экани батафсил баён қилинган”, дейди. Мужоҳид эса: “Сўнгра алоҳида-алоҳида оятларда тавҳид (Оллоҳ таолонинг Танҳо Илоҳ деб эътиқод қилиш), нубувват, пайғамбарлик ҳақиқати, қайта тирилиш ва бошқа шу каби ҳар бир инсон билиши зарур бўлган барча ҳужжат-далиллар батафсил баён қилинган”, деб тафсир қилади. Яна уламолардан мазкур иборани: “Лавҳул-Маҳфузда жамулжам бўлган оятлар сўнгра Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга йиллар давомида фасл-фасл қилиб, яъни, бўлиб-бўлиб нозил қилинган”, деб тафсир қилган кишилар ҳам бордир. (Куртубий тафсиридан).
Ояти каримада Ҳақтаоло: “Сизлар Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишларингиз учун ушбу оятлари мустаҳкам ва муфассал бўлган Китоб нозил қилинди”, деб хабар беради.
Демак, биз бандалар Яратган Парвардигоримизни таниш учун, У Зот буюрганидек мўмин-мусулмон бўлиш учун, Унга бирон кимса ёки нарсани ширк келтирмасдан Ёлғиз Унинг Ўзига қуллик қилишимиз учун ушбу Азиз Китобни чин ихлос билан ўқишга, унинг мазмунини яхши англаб - билишга жуда муҳтожмиз.
Бу Китобни билмаганлар ёки унинг Каломуллоҳ эканини инкор қилганлар ҳеч қачон Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилмайдилар, демак, ҳеч қачон нажот топмайдилар.
(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, айтинг): «Албатта, мен сизларга У Зот тарафидан (юборилган, кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи ва (мўминларга жаннат ҳақида) хушхабар элтгувчидирман».
Эътибор қилсак, ушбу жумлада огоҳлантириш хушхабар беришдан аввал зикр қилинди. Чунки осий, кофирлар учун дўзах азоби борлигидан огоҳ бўлган кишиларгина Оллоҳ ва Унинг Элчисига иймон келтириб, итоат қиладилар ва натижада жаннат хушхабарига лойиқ мусулмонлар сафига қўшиладилар. Пайғамбар алайҳис-салом ўзларининг огоҳлантиргувчи эканликларини кўп таъкидлар эдилар. Саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам бир куни Сафо баландлигига кўтарилдилар-да, Қурайшнинг яқин-йироқ маҳаллаларини чорладилар. Улар тўпланишгач: “Эй Курайш жамоаси, айтинглар-чи, агар мен сизларга “эртага тонг пайтида душман қўшини устингизга бостириб келади”, деб хабар берсам менга ишонасизларми?”, деган эдилар, улар: “Биз сени бирон марта ёлғон сўзлаганингни билмаймиз”, деб жавоб беришди. Шунда Пайғамбар алайҳис-салом: “Ундай бўлса, билиб олинглар, мен қаттиқ азоб жуда яқин экани ҳақида сизларни огоҳлантирмоқдаман”, дедилар. (“Тафсири Мунийр”дан).

3. Ва (Оллоҳ сизларга амр қилурки), Парвардигорингиздан магфират сўранглар, сўнгра Унга тавба қилинглар, (шунда У) сизларни маълум муддатгача (ажалларингиз етгунича) чиройли мато - фойдаланиш билан фойдалантирур ва ҳар бир фазл - яхшилик соҳибига Ўз Фазлини (яъни, ажр-мукофотини) ато қилур. Агар юз ўгирсангизлар, у ҳолда Мен сизларга Катта Кун (яъни, Қиёмат Куни) азоби (етиши)дан қўрқаман.
“Парвардигорингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унга тавба қилинглар”.
Ушбу жумла тафсирида Ибн Жарир Табарий “Жомиул-баён” тафсирида Оллоҳ таолодан мағфират сўраш ва тавба қилиш оғизда эмас, амалда бўлиши кераклигини айтиб, ояти каримани шундай тафсир қилади: “Эй инсонлар, сизлар илгари бут-санамларга сиғиниб ва уларни Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ таолога шерик деб эътиқод қилиш билан жуда катта гуноҳ - жиноят қилган эдингизлар. Энди ўша гуноҳларингизни мағфират қилиши учун фақат Парвардигорингиз рози бўладиган амалларни қилинглар, сўнгра бут-санамларга сиғинишни бутунлай бас қилиб, Ёлғиз Оллоҳ таолога холисанлиллоҳ ибодат қилиш билан Унга тавба қилинглар!”.
Ояти каримада аввал истиғфор-кечирим сўраш, сўнгра тавба қилиш буюрилишига сабаб, тавба куфр-исёндан Оллоҳ таолога тоат-ибодат қилишга қайтиш демакдир, истиғфор эса банда ўзининг илгари қилган гуноҳларини кечиришини Оллоҳ таолодан сўрашидир. Шунинг учун оятда мушрикларга аввало илгари келтирган куфр-исён ва ширклари учун Оллоҳ таолодан кечирим сўраб, сўнгра Ёлғиз Унинг Ўзига тоат-ибодат қилишга қайтиш буюрилмоқда.
“(Шунда У) сизларни маълум муддатгача (ажалингиз етгунича) чиройли мато - фойдаланиш билан фойда-лантирур ва ҳар бир фазл-яхшилик соҳибига Ўз Фазлини (яъни, Ўз ажр-мукофотини) ато қилур”.
Ушбу жумлада Ҳақ таоло кимда-ким ўзининг қилган гуноҳ ва хатолари учун Парвардигорга истиғфор айтиб - кечирим сўраса ва тавба йўлини тутиб, ҳаёти давомида Яратганга тоат-ибодат билан яшаса, албатта Меҳрибон Парвардигор солиҳ бандасига бу дунёда бахтли ҳаёт, кенг-мўл ризқ, тинч-омонликда, роҳат-фароғатда яшаш неъматини, Охиратда эса, қилган ҳар бир солиҳ амали учун Ўз Фазлу Карами билан неча баробар ажр-мукофотларини ато этишни ваъда қилади.
“Танвирул-азҳон” тафсирида шундай хабар ривоят қилинади: “Одам алайҳис-салом: “Ё Роббим, Сен менга иблисни ғолиб қилиб қўйдинг, мен агар Ўзинг ёрдам қилмасанг ундан ўзимни ҳимоя қила олмайман”, деб шикоят қилганида Оллоҳ таоло деди: “Эй Одам, хотиржам бўлгинки, Мен сендан дунёга келадиган ҳар бир болага уни иблиснинг макридан ва душманларнинг ёмонлигидан қўриқлаб турадиган бир малакни вакил қилиб қўйганман”. Одам: “Ё Роббим, яна зиёда қилгин”, деган эди, Оллоҳ таоло: “Бир яхшиликка ўн баробар ва ундан зиёда ажр берурман, бир ёмонлик - гуноҳга эса фақат биргина жазо берурман ва агар хоҳласам, уни ҳам ўчириб юборурман”, деди. Одам: “Ё Роббим, яна зиёда қилгин”, деди. Оллоҳ таоло айтди: “Модомики бандамнинг жони баданида экан, тавбасини қабул қилурман”.
Одам алайҳис-салом: “Ё Роббим, яна зиёда қилгин”, деб илтижо қилган эди, Оллоҳ таоло унга ушбу оят билан жавоб қилди: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Менинг (турли гуноҳ-маъсиятлар қилиш билан) ўз жонларига жиноят қилган бандаларимга айтинг: «Оллоҳнинг Раҳмат-Марҳаматидан ноумид бўлмангиз! Албатта, Оллоҳ (Ўзи хоҳлаган бандаларининг) барча гуноҳларини мағфират қилур. Албатта, Унинг Ўзигина Мағфиратли, Меҳрибондир.” (Зумар сурси, 53-оят).
“Агар юз ўгирсангизлар, у ҳолда Мен сизларга Катта Кун (яъни, Қиёмат Куни) азоби (етиши)дан қўрқаман”.
Яъни, агар сизлар ўзларингизга буюрилган ишдан - Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишдан, истиғфор ва тавба қилишдан юз ўгирадиган бўлсангизлар - Ҳақ Йўлдан юз буриб кетадиган бўлсангизлар, у ҳолда Мен сизларнинг устингизга Улуғ Қиёмат Кунининг азоби тушишидан, яъни, дўзах аҳлидан бўлиб қолишларингиздан қўрқаман.
Ҳақ таоло Қиёмат Кунини “Катта Кун” деб таърифлади.
Дарҳақиқат, у Кун жуда Катта Кундир. Шу қадарки, ҳаёти дунёга келиб кетган жамийки жонзотнинг ҳисоб-китоби сўралиб, мўминлар жаннатга, кофирлар дўзахга ҳукм қилиниши ана ўша бир Куннинг ичида бўлади. Чунки у Кун “Миқдори - узунлиги (дунё ҳисобида) эллик минг йил бўлган бир Кундир”. (Мсюриж сураси, 4-оят).

4. Ёлғиз Оллоҳга қайтишларингиз бор. У эса ҳамма нарсага Қодирдир.
Яъни, инсонлар ўлганларидан кейин тупроққа аралашиб, йўқ бўлиб кетмайдилар, балки уларнинг барчаси, биронталари қолмай Қиёмат Кунида қайта тириладилар ва Ёлғиз Оллоҳ таоло хузурида ҳисоб-китоб бериш учун тўпланадилар. Оллоҳ таоло уларга берган ҳаёт, ризқ ва саноқсиз неъматларни қандай ишларга сарфлаганлари ҳақида сўраладилар, зим-маларидаги фарз бўлган Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилиш вазифаларини адо қилдиларми, йўқми - жавоб берадилар. Бирон кимса Оллоҳга қайтмай қолмайди. Бу Ҳақ таолонинг Ҳақ Ваъдасидир. Демак, ҳар бир инсон бутун ҳаёти давомида ўша Кундаги ҳисоб-китобга тайёргарлик кўриши керак, Оллоҳ таолонинг адолатли жазосидан ҳеч қаёққа қочиб қуту-либ кета олмаслигини аниқ билиши керак. Зотан, Ҳақ таоло инсонларни яхши баҳосини, ёмон жазосини олиши учун - адолат қарор топиши учун Қиёмат Кунида албатта қайта тирилтириши аниқдир. Чунки “У ҳамма нарсага Қодирдир”. Яъни, Оллоҳ таоло сизлар вафот қилганингиздан кейин, қаерда бўлсаларингиз ҳам қабрларингиздан чиқариб бир жойга тўплашга ва яна Ўзи хоҳлаган барча нарсага, жумладан, кофирларни дўзах азобига гирифтор қилишга ҳам Қодирдир.
Бас, сизлар, эй инсонлар, ўлимларингиздан аввал Охиратда қайтадан тирилиб тўпланадиган Кунни ўйлаб, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиб, ҳаётларингизнинг ҳар бир кунини, солиҳ амаллар билан тўлдириб яшашга шошилингиз.

5. Огоҳ бўлингизким, албатта улар (кофирлар дилларидаги сирларини Оллоҳдан) яшириш учун қадларини букиб (кийимларига ўралиб) оладилар. Огоҳ бўлсинларким, улар кийимларига ўралиб олган чоғларида ҳам (Оллоҳ) уларнинг яширган ва ошкор қилган нарсаларини билур. Дарҳақиқат, У Зот дилларни эгаллаган сирларни Билгувчидир.
(Яъни, динсиз кофирлар оғизларида “Иймон келтирдик”, деганлари билан дилларида мўминларни нақадар ёмон кўришлари Оллоҳ таолога жуда яхши маълумдир).
Ояти карима Оллоҳ таолодан ҳеч ким ҳеч нарсани яшира олмаслиги ҳақидаги Илоҳий Огоҳлантиришдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ривоят қилинишича, ушбу оят Ахнас ибн Шурайқ деган кимса ҳақида нозил бўлган. У кўриниши хушби-чим, ширинсўз кимса бўлиб, тез-тез Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурларига келиб турар ва доим у зотга ёқадиган сўзларни сўзлар, аммо унинг дилида эса тилидагига тамоман тескари сирлар яширилган бўлар эди. Бас, Оллоҳ таоло Пайғамбар алайҳис-саломни ва мўминларни бу ҳақда огоҳлантириб, одамларнинг кийган либослари-ю, айтган сўзларига алданиб қолмаслик кераклигини уқтиради ва Ўзининг диллардаги сирларни билиб туришини таъкидлайди.
Абдуллоҳ ибн Шаддод розияллоху анху эса: “Ояти карима айрим мунофиқ кимсалар ҳақида нозил бўлган. Улар Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг ёнларидан ўтиб қолишганида у зот уларни таниб қолмасин деб қадларини букиб, тескари қараб, ҳатто юзларигача ўраб - яшириниб ўтиб кетишар эди”, дейди.
Жаноби Ҳақ одамларнинг кийимларига ўралиб ёки тунда кўрпаларига бурканиб олиб ўйлайдиган ўйларигача барча сирлари Ўзига аён эканини, демак, уларни ошкора қилган гуноҳлари учун қандай жазоласа, пинҳона қилган ёмонликлари учун ҳам албатта жазолашини айтади.
Ояти карима мазмунидан қалбни тузатиш, пок диллик энг муҳим нарса экани маълум бўлади. Чунки қалб баданнинг подшоҳи бўлиб, бадандаги барча аъзолар унинг фуқароларидир. Бас, агар қалб покиза - иймонли бўлса, бадан солиҳ амаллар қилади, акс ҳолда эса, барча иш аксинча бўлади. Мунофиқлик, яъни, зоҳирнинг ботинга, сўзнинг ишга мувофиқ бўлмаслиги ҳам қалб касаллиги бўлиб, унинг касофатидан бадан дўзах ўтига гирифтор бўлади.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу: “Бугунги мунофиқлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг замонларидаги мунофиқлардан ёмонроқдир”, - деган эди, одамлар: “Нима учун?”, - деб сўрадилар. У: “У вақтда мунофиқлар ўзларининг мунофиқликларини яширар эдилар, ҳозир эса ошкора му-нофиқлик қилмоқдалар”, - деди. (“Танвирул-азҳон” тафсиридан). Бу хабарни ўқиган инсоннинг хаёлига беихтиёр мана шундай савол кўндаланг бўлади: Хўш, бугунги мунофиқлар-чи?! Ўзларининг мунофиқликлари билан мақтаниб, тили билан дили бир бўлган мўминлар устидан масхара қилиш даражасига етмадиларми? Бутун-бутун жамиятлар инсонийлик измидан чиқиб, турли “измлар” чангалига тушиб қолгани худди ўша нифоқ иймондан устун бўлиб олганидан, мўминлар ғариб бўлиб қолганидан эмасми?!
Одамлар Ибн Умар розияллоху анхумога: “Бизнинг амирларимиз султонларимиз ҳузурига кирганда айтадиган сўзларимиз, билан уларнинг ҳузурларидан чиққанимиздан кейин айтадиган сўзларимиз ўртасида фарқ бор”, деган эдилар, Ибн Умар: “Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам замонларида бундай қилишни мунофиқлик деб ҳисоблар эдик”, деди. Чунки саҳобайи киром розияллоху анхум “Оллоҳ диллардаги сирларни Билгувчи” деган Илоҳий дарсни мукаммал англаган инсонлар эдилар. Оллоҳ таоло бизларга ҳам барча соҳада ўтган улуғларимизга эргашиш бахтини насиб этсин.

6. Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Ёлғиз Оллоҳнинг Зиммасидадир. У Зот уларнинг қароргоҳларини - доимий турар жойларини ҳам, омонат турар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-равшан Китобда бордир.
Юқоридаги оятда Оллоҳ таоло диллардаги сирларни Билгувчи Зот экани айтилгач, энди ушбу ва қуйидаги оятларда Ҳақ таолонинг барча нарсани Билгувчи, ҳар ишга Қодир, борлиқдаги барча мавжудотни Яратгувчи, уларга ризқ бергувчи, уларга ўлим, сўнгра қайтадан ҳаёт ато этгувчи Зот экани ҳақида хабар берилади.
Ояти карима аввалидаги “Ерда ўрмалаган нарса”дан мурод Ердаги, осмондаги, денгиз-дарёлардаги барча жониворлардир. Уларнинг турлари қанча эканлиги Ёлғиз Яратганга аёндир. Бу ҳақда бошқа бир оятда шундай хабар берилган: “Ерда судралиб юрган ҳар бир жонивор, осмонда қанот қоқаётган ҳар бир қуш худди сизлар каби (Бизнинг қўл остимиздаги) жамоалардир. Биз Китобда (яъни, тақдири азал Китоби бўлмиш Лавҳул-Маҳфузда) бирон нарсани қўймай (ёзганмиз). Кейин (ҳаммалари) Парвардигорлари даргоҳига тўпланурлар. (Анъом сураси, 38-оят).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло инсонлар назар-эътиборини Ер-у ос-мондаги бошқа жонзотларга қаратади ва у махлуқотлар ҳам худди инсонлар жамоаси каби алоҳида-алоҳида жамоатлар экани ҳақида хабар беради, яъни, улардан ҳар бирини Ўзи йўқдан бор қилиб яратиб, умр-ризқ берганини, ҳар бир жамоага “сўзлашадиган” тилларини ва риоя қилади-ган тартиб-қоидаларини ўргатганини ва улар ҳам Қиёмат Кунида худди инсонлар каби қайта тирилишларини айтади.
Ушбу Илоҳий Хабар билан биринчидан, Оллоҳ таоло Ерда ҳам, осмонда ҳам Танҳо Илоҳ экани, борлиқдаги барча жонзотни Унинг Ўзи яратиб, ҳар бир жамоага алоҳида-алоҳида туғилиш, яшаш ва ўлиш қонун-қоидаларини, ҳаёти дунёда қиладиган вазифаларини буюргани маълум бўлса, иккинчи томондан инсонлар ўзларининг ён-атрофларидаги, ост ва устларидаги энг кичик ҳашоратдан тортиб энг катта жонзотгача - ҳаммасига писанд билан қарашлари, уларга зулм қилмасликлари лозим эканига, балки инсонларга хизматкор қилиб яратилган бу жонзотларнинг ҳар бири нақадар мукаммал хилқат эканига ибрат кўзи билан боқиб, кўзлари очилиб - иймонсизлар иймонга келишлари, мўминларнинг иймонлари янада қувватланиши лозим эканига ишора қилинади.
Дарҳақиқат, Ер-у осмондаги катта-ю кичик жонзотларнинг ҳар бир тури бир жамоатдир, алоҳида бир оламдир. Улардан ҳар бир жамоанинг алоҳида сурат ва сийрати, ўз яшаш қонуни ва вазифаси бор. Айримлари инсонларга таом бўлиш учун яралган, айримлари улар минишлари учун яралган, айримлари ерга ишлов беришади, айримлари сувни тозалайди, айримлари ҳавони тозалайди... хуллас, қанча жонзот бўлса, биронта “бекорчиси” йўқ - ҳар бирининг ўз вазифаси бор ва ҳар бири инсонга хизмат қилади. Инсонлар кўз ўнгидаги бу ҳақиқатни албатта, ҳеч бир ақлли инсон инкор қилмайди. Бас, шундай экан, ҳар бир тури худди инсонлар ола-ми каби алоҳида бир олам бўлган, минг-минг турли, минг-минг тусли жонзотлар ўзларининг вужудларини, суратларини, сийратларини, Ер ёки осмондаги вазифаларини ўзлари яратиб, ўзлари белгилаб олганмикан-лар?! Бу саволга, албатта, ҳар бир ақлли инсон “Йўқ”, деб жавоб бериши тайиндир. Бас, буларнинг барчасини яратиб, ҳар бирига алоҳида умр, ризқ, сурат, вазифаларини белгилаб берган ва уларни Ер-у осмонларга ёйиб юборган Ягона Зот - Оллоҳ бор.
Ана ўша беназир Қувват Соҳиби бўлган Зот Ўзи хоҳлаган Кунда уларнинг барчасини бир жойга йиғиб, ҳисоб-китоб қилишга Қодирдир. “Осмонлар ва Ернинг яратилиши ҳамда (Оллоҳ) уларда тарқатиб-ёйиб юборган жониворлар Унинг (Қудрати Илоҳийясига далолат қиладиган) оят-аломатларидандир. У Ўзи хоҳлаган вақтида уларни жамлаб-йиғиб олишга Қодирдир.” (Шўро сураси, 29-оят).
“Ерда ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Ёлгиз Оллоҳнинг Зиммасидадир”.
Маълумки, Ер-у осмонлардаги барча мавжудот зим-масида Оллоҳ таолога ибодат-итоат қилиш вазифаси бор, аммо У Зот ҳеч кимнинг олдида бурчли эмасдир.
Ҳақ таоло нима қилса, фақат Ўз Хоҳиш-Иродаси билан қилади. Бовужуд, ояти каримада У Зот бандаларининг ризқ-рўзларига Унинг Ўзи Кафил экани ҳақида хабар берар экан, инсонлар ўзлари учун ёзилган ризқ албатта уларга етишини аниқ билсинлар деб, ризқ исташда Ёлғиз Оллоҳга таваккул қилсинлар деб “сизларнинг барчаларингизнинг ризқу-рўзингиз Менинг Зиммамда, уни кенг ёки танг қилиш ҳам фақат Менинг Қўлимда”, дейди.
“Ал-муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобида ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Руҳул-Қудус, яъни, Жаброил алайҳис-салом қалбимга солди - бирор жон то ризқи битмагунча, ажали етмагунча ўлмас. Бас, Оллоҳдан қўрқинглар ва ризқ исташда чиройли йўл тутинглар, (яъни, ҳалол ризқ истанглар)”, дедилар.
Ривоят қилинишича, Мусо алайҳис-саломга Фиръавннинг олдига бориб уни иймонга даъват қилиш буюрилганида, қалбига оиласининг таш-виши тушиб: “Ё Роббим, мен кетсам оиламга ким қарайди?” деб сўради. Шунда Оллоҳ таоло унга қўлидаги асони бир харсанг тошга уришни буюрди. Мусо асосини харсангга урган эди, у ёрилиб кетди ва ичидан иккинчи харсанг чиқди. Унга ҳам асосини текизган эди, ёрилди ва ичидан яна бир харсанг чиқди. Ана ўша учинчи харсангга асони текизганида, у ҳам ёрилиб, ичидан бир қурт чиқди, оғзида унинг учун таом бўлган бир нарса бор эди. Шу онда Мусонинг қулоғидан парда кўтарилди ва у қуртнинг шундай деяётганини эшитди: “Пок Парвардигорим мени кўриб турур, сўзимни эшитур, маконимни билур, мени доимо эслар, мени унутмас”.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди. У айтди: “Мен кунлардан бирида бир иш юзасидан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга саҳрога чиқдим. Кўзимиз баланд овозда сайраётган бир қушга тушди. Пайғамбар алайҳис-салом: “Эй Анас, мана бу қуш нима деяётганини биласанми?”, дедилар. Мен: “Оллоҳ ва Унинг Элчиси билгувчироқдир”, дедим. Шунда у зот: “Бу куш: “Ё Роббим, Ўзинг мени кўрмайдиган аъмо қилиб яратдинг. Энди Ўзинг менга ризқ ато этгин, оч қолдим”, демоқда”, дедилар. Биз у қушга қараб турган эдик, баногоҳ бир чигиртка учиб келди-да, ҳалиги қушнинг оғзига кириб кетди ва қуш уни ютиб юбордию, сўнгра янада баланд овозда сайрай бошлади. Пайғамбар алайҳис-салом яна: “Эй Анас, бу қуш энди нима деяётганини биласанми?” дедилар. Мен: “Оллоҳ ва Унинг Элчиси билгувчироқдир”, деган эдим, айтдилар: “У: “Оллоҳга ҳамд бўлсин. У Зот Ўзини зикр қилган бандасини унутмас” демоқ-да”. (“Танвирул-азҳон”тафсиридан).
“У Зот уларнинг (яъни, ўрмалаган барча жонзотнинг) доимий турар жойларини ҳам, омонат турар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-равшан Китобда бордир”.
Яъни, барча жонзотга ризқ-рўз беришни Ўз Зиммасига олган Оллоҳ таоло уларнинг қачон, қаерда бўлишларини ҳам жуда яхши билур.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Қароргоҳдан мурод, ҳомила пайдо бўлиб, жонланиб, маълум муддат яшайдиган она бачадони, омонат турадиган жой эса нутфа она бачадонига тушиб ўрнашадиган соатгача вақтинча сақланиб турадиган жой - ота бели”, деб тафсир қилади.
Демак, Ҳақ таоло бандаларини нафақат Ер юзида ҳаёт кечираётганларида, балки она қорнидалик пайтларида ҳам ризқ-рўз билан таъминлар экан.
Айрим уламолар: “Қароргоҳдан мурод, инсонлар мангу қоладиган жаннат ёки дўзах, омонат турадиган жой эса, улар то Қиёмат қойим бўлгунича турадиган қабрдир”, деб тафсир қилганлар.
“Очиқ-равшан Китоб” эса коинотдаги ўтган, ҳозир мавжуд ва келажакда бўладиган барча воқеа, ҳодиса ва нарсалар ҳамда барча махлуқотнинг, жумладан ҳар бир инсоннинг тақдири битилган Лавҳул-Маҳфуздир.

7. У (Оллоҳ) олти кунда осмонлар ва Ерни яратган Зотдир. (Илгари) У Зотнинг Арши сув устида (яъни, у Арш остида сувдан бўлак ҳеч нарса яратилмаган) эди. У Зот сизларнинг қайсиларингиз яхшироқ амал қилишларингизни имтиҳон қилиш учун (Ер-у осмонларни ва улардаги жамийки махлуқотини яратди). (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қасамки, агар Сиз: «Шак-шубҳасиз, ўлганингиздан кейин қайта тирилурсизлар», десангиз, албатта кофир бўлган кимсалар: «Бу очиқ сеҳр-жодудан ўзга нарса эмас», дейдилар.
Ушбу ояти каримада барча оламларнинг, жумладан биз инсонларнинг Танҳо Роббимиз - бутун борлиқни - осмонлар, Ер ва уларнинг ўртасидаги барча нарсани олти кунда яратган Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонингЎзи экани, Унинг ҳеч қандай шериги йўқ экани таъкидланади. Муфассир уламолар: “Ўзи хоҳлаган нарсани бир лаҳзада йўқдан бор қилишга Қодир бўлган Зот осмонлар ва Ерни олти кунда яратгани ҳақида хабар бериш билан биз инсонларга ишларни шошилмасдан, пухта қилишни таълим беради”, дейдилар. Ҳадиси шарифда: “Шошилмаслик Оллоҳдан, шошқалоқлик шайтондан” дейилишининг маъноси ҳам шудир.
Уламолар: “Фақат гуноҳлардан тавба қилишда, қарзни айтилган муддат битиши билан тўлашда, меҳмон чақиришда, қиз болани бўйига етиши билан турмушга чиқаришда, вафот қилган кишини дафн этишда ва жунублиқцан ғусл қилишда - фақат мана шу ишлардагина (шошилишлик) чиройли саналади”, дейдилар.
Мужоҳид ва Аҳмад ибн Ҳанбал: “Ояти каримада зикр қилинган олти кундан мурод Охират кунлари бўлиб, ҳар бир кун дунё ҳисобида минг йилга баробардир”, дейди ва: “Дарвоқеъ, Парвардигорингиз наздидаги бир кун сизларнинг ҳисоб-китобингиздаги минг йил каби бўлур”, оятини келтиради. (Ҳаж сураси, 47-оят). Бу тафсирга кўра осмонлар ва Ер Оллоҳ таоло томонидан дунё ҳисобида олти минг йилда яратилган деган маъно чиқади. Ҳолбуки, “Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур - вужудга келур.” (Ёсин сураси, 82-оят).
Ҳақ таоло осмонлар, Ер ва улардаги бор нарсани олти кунда яратгани ҳақида бошқа оятларда ҳам батафсил хабар берган: “Айтинг: «Ҳақиқатан ҳам сизлар Ерни икки кунда яратган Зотга кофир бўлурмисизлар ва ўзгаларни Унга тенглаштирурмисизлар?! Ўша (Оллоҳ) барча оламларнинг Парвардигори-ку?! У Зот (Ернинг) устида тоғларни (пайдо) қилди ва уни баракотли қилди ҳамда ўша (Ер)да унинг емишларини (яъни, Ер аҳлининг ризқу рўзларини) тўла тўрт кунда белгилаб - тақсимлади. (Бу тафсилот) сўрагувчилар учундир. Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва Ерга: «(Менинг Амри-Фармонимга) ихтиёран ёки мажбуран келинглар!», деган эди, улар: «Ўз ихтиёримиз билан келдик, (амрингга бўйинсундик)», дедилар. Бас, икки кунда етти осмонни барпо қилди ва ҳар бир осмонга (унга буюрилган) иши-вазифасини ваҳий қилди (билдирди). Ва қуйи осмонни чироқлар-юлдузлар билан безадик ва (уни офат-балолардан) сақладик. Бу Кудратли ва Билгувчи Зотнинг Тақдири - Ўлчовидир. (Фуссилат сураси, 9-12-оятлар).
“(Илгари) У Зотнинг Арши сув устида эди”.
Олам яралишининг тартиби тўғрисида берилган Илоҳий маълумот бўлмиш ушбу жумла бизга Азалий ва Абадий Оллоҳ субҳонаху ва таоло энг аввал Ўз Арши Аълосини ва сувни яратгани ҳақида хабар беради. Бу ҳақда ҳадиси шариф ҳам ворид бўлган.
Имрон ибн Ҳусайн розияллоҳу анҳу айтди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Дастлаб Оллоҳ таолодан ўзга ҳеч нарса йўқ эди.Унинг Арши сув устида эди. Сўнгра у осмонлар ва Ерни яратди ҳамда Лавҳул-Маҳфузга барча нарсани ёзди”, дедилар. (Бухорий ривояти).
Демак, даставвал юқорида Оллоҳ таолонинг Арши Аълоси, қуйида эса фақат сув бўлган, яъни, оламнинг яралиши сувдан бошланган экан. Эътибор қилсак, бу Илоҳий Қонун доимо жорий эканини - жамийки жонзот, ҳатто набототгача барчасининг ҳаёти бир томчи сувдан бошланишини англаб етамиз. Бу ҳақда Ҳақ таоло бошқа бир ояти каримада шундай хабар беради: “Кофир бўлган кимсалар осмонлар ҳам, Ер ҳам (аввалда) тўсиқ (яъни, осмонлардан ёғин ёғмас, Ердан эса бирон гиёҳ унмас) бўлганини, бас, Биз уларни очиб юборганимизни (яъни, осмондан ёғин ёғдириб, Ердан гиёҳ ундирганимизни) ва сувдан барча жонли мавжудотни (пайдо) қилганимизни кўрмадиларми?! Энди ҳам (яъни, Яратгувчи ва Бошқарувчи Ягона Оллоҳ борлигига очиқ далолат қилиб турган мана шундай далиллардан кейин ҳам) иймон келтирмайдиларми?!” (Анбиё сураси, 30-оят).
“У сизларнинг қайсиларингиз яхшироқ иш-амал қилишларингизни имтиҳон қилиш учун (Еру осмонлар ва улардаги жамийки махлуқотини яратди)”.
Бас, осмонлар ва Ер ҳамда улардаги ҳар бир мавжудот бу қадар гўзал интизом, нозик тартиб ва етук ҳикмат билан яратилиши биз бандалар ибрат оламизми - йўқми, Яратганнинг махлуқоти ҳақида тафаккур қилиб, Унинг нақадар Буюк Қудрат Соҳиби эканини кўриб солиҳ амаллар қиламизми - йўқми, синаш учун яратилган экан. “Ёки сизларнинг гумонингизча Биз сизларни беҳуда (яъни, дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, Охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдигу, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?!» (Ундоқ эмас)!” (“Мўминун” сураси, 115-оят).
Ақлли инсонлар Тўғри Йўлда барқарор бўлиб, чиройли амаллар қилишлари учун Оллоҳ таоло яратган осмонлар ва Ер ҳамда улардаги нарсалар ҳақида тафаккур қилишлари лозимлиги Бақара сурасида келган мана бу ояти каримада нақадар гўзал баён қилинган: “Албатта, осмонлар ва Ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида, денгизда одамларга керакли нарсаларни олиб юрган кемаларнинг (сузиб юришида) ва Оллоҳ осмондан туширган - сўнг у сабабли ўлик Ерни тирилтириб, бор жонзотни (Ер юзига) тарқатиб-ёйиб юборган - сув деган неъматда ва шамолларнинг йўналтирилишида, осмон ва Ер орасидаги итоатгўй булутда - (буларнинг ҳаммасида) ақлли кишилар учун оят-аломатлар бордир. (Бақара сураси, 164-оят).
“Албатта Осмонлар ва Ернинг яратилишида” - осмонларнинг юксаклигида, юмшоқ - латифлигида, кенглигида, қуёш ва ой каби юрадиган юлдузларида, яна бошқа саноқсиз, “илиб” қўйилган жойида турадиган юлдузларида, Ернинг паст ва қаттиқлигида, тоғлари-ю, дарё-денгизлари-да, саҳроларида, водийларида, обод гўшаларида ва унинг остидаги инсон учун яшириб - “кўмиб” қўйилган манфаатларда - хазиналарда; “кеча ва кундузнинг алмашиб туришида” - бири келиб кетиши билан бирон лаҳза кечикмай иккинчиси унинг ўрнини олишида, бири узайганда иккинчиси қисқариб, иккинчиси узайганда биринчиси қисқариб туришида;
“денгизда одамларга фойдали - керакли нарсаларни олиб юрган кемаларнинг сузиб юришида” - денгизнинг итоаткорлигида, устидаги кемалар сузиб, худди қуруқликдаги от-уловлар каби бир соҳилдан бошқа соҳилга одамлар учун керакли бўлган нарсаларни ташиб, бир иқлим аҳолиси бошқа иқлим аҳолиси билан борди-келди қилишларига хизмат қилиш учун бўйсундириб қўйилишида ва яна денгизнинг чор-атрофдаги чанг-ғуборларни “ютиб”, ҳавони тозалаб туришида, ундан кўтарилган буғ - нам ҳаво осмонда қайтадан чучук сувга айланишида;
“ва Оллоҳ осмондан туширган - сўнг у сабабли ўлик Ерни тирил-тириб, бор жонзотни (Ер юзига) тарқатиб - ёйиб юборган - сув деган неъматда” - унинг оби ҳаёт эканлигида, барча тирик жон у сабабли дунё-га келишида, Ер юзи у билан обод бўлишида, ўлик Ерни тирилтиргани каби тирик жонзотларни, жумладан инсонларни Оллоҳ таоло белгилаб қўйган соатгача ўлмай яшашлари учун ўша сув тириклик манбайи эканлигида, денгиз-дарёлардан буғ ҳолида кўкка кўтарилганидан кейин осмонда сувга айланишида, сўнгра қор, дўл, ёмғир суратида буюрилган жойларга ёғиб, ўлик Ерни тирилтиришида, бу оби ҳаёт ўша буюрилган жойларга етиб бориши учун хизмат қиладиган, Яратганнинг лашкарларидан бўлмиш “шамолларнинг йўналтирилишида, осмон ва Ер орасидаги итоатгўй булутда” - бу шамоллар ва булут тўғри келган жойга эмас, балки, фақат Ҳақ таоло амр қилган тарафга қараб юриб, Яратганга итоат этишида - мана шу юқорида зикр қилинган, ҳар бир инсоннинг кўз ўнгида рўй бераётган ажойиботда, Оллоҳ таолонинг бениҳоя Қудратли, Ҳикматли ва бандаларига Меҳрибон Зот эканини очиқ-ойдин кўрсатиб турган мана шу мўъжизаларда, албатта, ақлли кишилар учун оятлар - Оллоҳнинг Борлигига, Бирлигига ёрқин далил бўладиган аломатлар бордир.
Дарвоқеъ, ибрат кўзи билан синчиклаб қараган - ўрганган инсон учун ояти карима мазмуни нақадар кенг қамровли, осмонлар каби чексиз, тубсиз денгизлар каби теран бўлса, оят назми, лафзи хам шу қадар бетакрор ва гўзалдир. Халқ орасида кўлидан келмайдиган нарсалар ҳақида баландпарвоз сўзлар айтган одамга “Мунча осмондан келмасанг”, дейилади. Дарҳақиқат, чекланган ақл, чекланган илм, чекланган ҳаёт эгаси бўлган, дунёга қачон келишини билмагани каби ундан қачон кетишини ҳам билмайдиган, кўп жиҳатлари нуқсондан иборат бўлган инсон учун катта кетиш, “осмондан келиш” ярашмайдиган бир ишдир. Осмондан келиш Бир Зотга - ўша осмонлар ва Ерларнинг, улардаги барча жонли-жонсиз махлуқотнинг Холиқига - Ёлғиз Оллоҳ таологагина ярашар экан. Ушбу ояти карима аввалида Жаноби Ҳақ “осмондан келади”, яъни, дастлаб осмонларни, сўнгра Ерни зикр қилади. Бу Илоҳий услуб қатор оятларда такрор-такрор келади ва эътибор қилган одам учун Қуръон осмонлардан тушганига далолат қилиб туради. Ахир ҳар ким сўзни ўзи турган тарафдан бошлайдику. Биз инсонлар бу ҳақда сўзласак “осмонлар ва Ер демаймиз, балки Ер ва осмонлар” деймиз, яъни, сўзимизни ўзимиз турган Ердан бошлаймиз ва бу жуда табиийдир. Аммо барча оламларни Яратгувчиси, ҳар жойда Ҳозир ва Нозир бўлган Арши Аъло Эгаси Ўз Сўзини “Осмонлар ва Ернинг яратилишида” деб, аввал осмонларни зикр қилиш билан бошлар экан, айтиб ўтилганидек, бу Калом энг Олий Мақом Соҳиби ҳузуридан нозил қилингани аён бўлади.
Осмонлар ва Ер, яъни юқори ва қуйи томонлар зикр қилинганидан сўнг уларнинг ҳар иккисида (осмонда булутлар ичида, Ерда денгиз-дарёларда) мавжуд бўлган сув ҳақида сўз бориши, кейин эса Ер билан осмон ўртасида “яшайдиган”, Яратганнинг амрига маҳтал бўлиб, қаёққа йўнал-тиришини кутиб турган шамоллар ва итоатгўй булут тўғрисида айтилиши нақадар гўзал, нақадар мантиқли!
Дарвоқеъ, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан: “Шамоллар ва сув Оллоҳ таолонинг лашкарларидандир”, деган хабар ривоят қилинган. Тасаввур қилайлик, шамоллар ва булутлар ичидаги сув тайёр ҳолда Энг Олий Бош Қўмондоннинг фармонини кутиб турадилар. У Зот қаерга, қачон, қанча миқдорда сув етказишни буюрса, шамоллар ўша соатда, ўша тарафга, айтилган миқдордаги сувни “кўтариб олган” булутни олдиларига солиб жўнайдилар. Энди у сув оби раҳматми ёки тушган Ерини ғарқ қилиб юборадиган селми, бу томони яна Ёлғиз ЯратганнингЎз Ихтиёридаги ишдир. Пастдагилар шамол билан устларига келадиган булутга ё умид билан, ё кўрқув билан қараб туришдан бошқа ишга қодир эмаслар. Шамол ва булутларни тасарруф қилиш улардан биронтасининг - на подшоҳининг ва на фуқаросининг кўлидан келмайди. Қуриб-қақшаб ётган Ерга бир томчи сув тушириш ёки аксинча босиб келаётган бўрон ёки селни тўхтатиб қўйиш - ҳеч қандай тараққиёт, асбоб-ускуна, энг замонавий ҳимоя воситалари, мушриклар ўзлари қўллари билан ясаб олиб сиғинаётган бутлари - мазкур нарсалардан биронтаси бу ишни уддалай олмайди. Шунингдек, бу иш осмонда сузиб юрган сув тўла кемалар - булутлар ва уларни ҳайдаб юрган шамолларнинг ихтиёридаги иш ҳам эмас. Улар фақат Яратганнинг Фармонини бажараётган лашкарлардир. Тасаввур қилаётганимиз бу ҳақиқатни биронта ақли-хуши жойида бўлган инсон инкор қила оладими?! Агар чиндан ҳам ақли-хуши жойида бўлса, албатта инкор қила олмайди.
У ҳолда Оллоҳ таолонинг Борлигига, Бирлигига, Қудратига, Меҳрибонлигига далолат қиладиган яна қандай аломат керак?!
Албатта, Оллоҳнинг Ҳидояти билан мушарраф бўлган инсонлар учун ушбу ояти каримада зикр қилинган оят-аломатлар кифоя қилади.
Яна Жаноби Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ушбу ҳадиси шариф ҳам ўта ибратлидир: “Ушбу оятни ўқигандан сўнг уни рад этган, яъни, у ҳақда тафаккур қилмаган ва Оллоҳ таоло Танҳо Маъбуди Барҳақ эканига иймон келтирмаган кимсага ҳалокат бўлғай”. (Тафсири Байзовий).
Ояти каримада зикр қилинган “чиройли амал”дан мурод мўминнинг холис Оллоҳ учун қилган, Шариати Исломийяга мувофиқ бўлган амалларидир.
Демак, инсоннинг бутун ҳаёти унинг учун Илоҳий имтиҳон эканлиги аниқ бўлди. Бу шундай имтиҳонки, баҳоси бошқа жойда - Охират диёрида, Қиёмат Кунида, Оллоҳ таоло ҳузурида қўйилади. Кимлар имтиҳондан ўтди, кимлар йиқилди - бу саволнинг жавоби ҳар бир инсон ўлиб, қайта тирилганидан кейин, Қиёмат Кунида маълум бўлади. Албатта, мўминлар бу ҳақиқатга иймон келтирадилар ва ҳаётлари давомида ана ўша Улуғ Кунда бўладиган ҳисоб-китобга қўлларидан келганича тайёргарлик кўриб яшайдилар. Аммо кофирлар эса...
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қасамки, агар Сиз: «Шак-шубҳасиз, ўлганингиздан кейин қайта тирилурсизлар», десангиз, албатта кофир бўлган кимсалар: «Бу очиқ сеҳр-жодудан ўзга нарса эмас», дей-дилар”.
Яъни, агар Сиз, эй Муҳаммад алайҳис-салом, мушрик-кофирларга ўлгандан кейин қайта тирилиш ҳақ эканлиги тўғрисида сўзлаб, қандай далил-хужжатлар келтирсангиз ҳам, улар ҳеч қачон бу ҳақиқатни тан ол-майдилар, балки: “Қуръон ва ундаги қайта тирилиш, ҳисоб-китоб ҳақида айтилган барча сўзлар сеҳр - кўзбўямачилик”, деб тураверадилар.

8. Қасамки, агар Биз уларни азоблашни саноқли авлодгача (яъни, маълум муддатгача) кечиктирсак, албатта улар: «Уни (азобни) нима тўсмоқда?», деб (истеҳзо қиладилар). Огоҳ бўлсинларким, у (азоб) келар Кунида улардан бурилиб кетувчи бўлмас ва кулиб-истеҳзо қилиб юрган нарсалари уларни ўраб олур.
Яъни, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам мушрик-кофирларга албатта Оллоҳ таолонинг азоби тушиши ҳақида хабар берганларидан кейин агар Оллоҳ у азобни кофирлар устига дарҳол туширмасдан, Ўзига аён бўлган ҳикмат сабабли бир оз муддатга кечиктирадиган бўлса, улар устларига ҳеч кутилмаган бир пайтда Оллоҳнинг азоби келиб қолишидан кўрқиш ўрнига албатта Пайғамбар алайҳис-саломни масхара қилишиб: “Қани ўша айтган азобинг?! Нега у кечикяпти?”, дейишади.
Ҳақ таоло Ўз Элчисига кофирлар айтадиган сўзларни қасам билан таъкидлагач, уларни яна бир бор огоҳлантириб, Унинг Ўзи аниқ белгилаб қўйган Кунда албатта ўша ваъда қилинган азоб тушиши, аммо у пайтда Оллоҳ таолонинг огоҳлантиришини масхара қилган, Унинг Элчиси устидан кулган кофир кимсалар у азобдан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмай ҳалок бўлишлари ҳақида хабар беради. Бу тўғрида бошқа сураларда ҳам айтилган: “Парвардигорингизнинг азоби шак-шубҳасиз, воқеъ бўлгувчидир! Унинг учун бирон дафъ қилгувчи - тўсиқ йўқдир.” (Ват-тур сураси, 7-8-оятлар).
Ўрганаётганимиз оятларда динсиз кимсаларнинг дунё ёки Охиратда Оллоҳ таолонинг азобига дучор бўлишларига уларнинг қайта тирилиш ҳақ экани хусусидаги Илоҳий огоҳлантиришни ёлғон деб инкор қилганлари ва бу оятларни уларга етказган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни масхара қилиб кулганлари сабаб бўлгани таъкидланади. Демак, кимда-ким Оллоҳ таолога ибодат қилмай, Унинг Элчисига итоат қилмай, яна бунинг устига ҳаёти дунёда бошига Оллоҳ таолонинг азоби тушиб қолишидан ёки Охират диёрида, Қиёмат Кунида дўзах азобига гирифтор қилинишидан қўрқмай хотиржам яшар экан, худди мана шу хотиржамлиги уни Оллоҳнинг азобига дучор қилиши аниқдир.
Ҳадиси Қудсийда Ҳақ таоло айтади: “Қудратимга қасамки, Мен бандам устида икки қўрқувни ва икки хотиржамликни жамламайман. Агар у ҳаёти дунёда мендан қўрқса, у ҳолда Мен уни Қиёмат Куни даҳшатлари-дан хотиржам қилурман. Аммо агар у ҳаёти дунёда Менинг азобимдан қўрқмай хотиржам бўлса, у ҳолда Мен уни Қиёмат Кунида қўрқитурман (яъни, даҳшатли дўзах азобига гирифтор қилурман)”.
Бас, бахтли банданинг насибаси бутун ҳаёти давомида Оллоҳ таолодан қўрқиб яшаш, хатолардан қайтиб тавба қилиш ва гуноҳлари учун Парвардигордан мағфират сўрашдир.
Байҳақий ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай марҳамат қилдилар: “Гуноҳдан тавба қилган киши гўё гуноҳ қилмаган киши кабидир, аммо гуноҳ ишини тўхтатмаган ҳолида ўша гуноҳни кечиришни сўрайдиган киши эса Парвардигорини масхара қилиб кулган кимса кабидир!”. (“Танвирул-азҳон”тафсиридан).

9. Қасамки, агар Биз инсонга Ўз томонимиздан Раҳмат-Марҳаматимизни тотдириб, сўнгра уни тортиб олсак, у албатта ноумид ва ношукурлик қилгувчидир.
Яъни, агар Биз инсонга Ўз Марҳаматимизни кўргазиб, соғлик, тинчлик, бойлик, ва бошқа неъматлар ато этсак-да, сўнгра у ўша неъматларнинг мазасини тотиб, уларга ўрганиб қолган пайтида яна Ўзимиз ундан ўша неъматларнинг биронтасини олиб қўядиган бўлсак, албатта у сабрсизлиги ва Бизга ишонмагани сабабли Фазлу Марҳаматимиздан бутунлай ноумид, илгари ўзига ато этилган неъматларга ношукур кимсага айланиб олиши аниқдир.
Ояти карима мазмунидан маълум бўлишича, бу ўринда сўз динсиз иймонсиз инсонлар ҳақида боради. Чунки иймонли инсон Оллоҳ таоло унга неъмат ато этса, шукр қилади, агар у бандасини синаш учун ёки унинг ўзига маълум бўлган ҳикмат сабабли ато этган неъматини олиб қўядиган бўлса, сабр қилади, ноумидликка тушмайди.
Мусулмон инсон қандай неъматга эришса, унинг Оллоҳ таоло ато этган неъмат эканини билади. Шунинг учун қўлидан бирон неъмат чиқиб кетганида ҳам умидсизликка тушмай сабр қилади ва Яратгандан аввалгидан яхшироқ неъматлар ато этишини сўраб дуо-илтижо қилади. Мўминлар қўлларидан бирон неъмат кетса шундай дейдилар: “Шоядки Парвардигоримиз бизларга ундан яхшироғини алмаштириб берса. Бизлар албатта Ёлғиз Парвардигоримизга рағбат-илтижо қилгувчидирмиз”. (Қалам сураси, 32-оят).
“Зеро, Оллоҳнинг Раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур”. (Юсуф сураси, 87-оят).

10. Қасамки, агар унга бирон ғам-кулфат текканидан кейин Биз роҳат-фароғатни тотдириб қўйсак, албатта у: «Барча ёмонликлар мендан нари кетди», (энди ҳеч қачон қайтиб келмайди) дейди. Дарҳақиқат, у мағрурдир, мақтанчоқдир.
Яъни, агар Биз кофир кимсага касаллик, камбағаллик, қийинчилик, нотинчлик каби бирон бало-мусибат етганидан кейин Ўз томонимиздан соғлик, бойлик, кенгчилик ва тинчлик каби неъматларни тоттириб қўйсак, у албатта ўзидан кетиб: “Бўлди, мени хафа қиладиган ёмонликларнинг ҳаммаси мендан бутунлай нари кетди, энди улар ҳеч қачон қайтиб келмайди”, дея бошлайди. Иймонсизлиги туфайли балоларни кетказувчи неъматлар ато этгувчи Ёлғиз Оллоҳ таоло экани ҳақида ўйламайди ҳам. Ҳақиқатан у димоғдор, мақтанчоқдир. Бас, бундай кимсалар бошларига бирон мусибат-бало етса сабр қилиш ўрнига дод-вой қиладилар, Оллоҳ таоло уларга кенгчилик, ноз-неъматлар ато этганида эса, У Зотга шукроналар айтиш ва бу неъматларнинг ҳаққини адо қилиш ўрнига кеккайиб, бошқалардан ўзларини юқори олиб, мақтанчоқлик қилишга тушадилар.
Ояти каримада ғам-кулфат инсонга фақат сиртдангина тегиши, ҳузур-ҳаловатни эса у тотиб-роҳат қилиши айтилмоқда. Яъни, Меҳрибон Парвардигор бандаларининг қилмишларига яраша мусибат юборганида уларни ҳалок қилиб юбормайдиган ҳолда енгил тегиб ўтадиган қилиб юбориши, уларга бахт-неъмат ато этганида эса бутун вужудлари билан тотиб роҳатланадиган, мўл-кўл қилиб беришига ишора қилинмоқда.
Қозий Носируддин Байзовий ўз тафсирида: “Оятдаги “ғам-кулфат тегиши” ва “роҳат-фароғатни тоттириб қўйиш” иборалари билан инсоннинг бу дунёда тортадиган кулфати ҳам, тотиб кўрадиган рохдти ҳам Охиратдаги кофирлар бошига тушадиган мангу кулфат ва мўминлар етадиган мангу роҳат олдида гўё бир тегиб ўтгандек ёки бир тотиб кўргандек жуда хам оз нар-салар эканига ишора қилинмокда”, дейди. (“Тафсири Байзовий”дан).
Агар эътибор қилган бўлсак, юқоридаги тўрт оятнинг ҳар бирида Ҳақ таоло Ўз Сўзини алоҳида қасам билан таъкидлаб айтди. Албатта, ҳар бир калимаси фасоҳат илмининг тенгсиз намунаси, ҳар бир ояти балоғат фа-нининг беназир мисоли бўлган Қуръони Мажидда мазкур оятларда берилган хабарлар қасам билан таъкидланиши беҳикмат эмасдир. Маълумки, айтилаётган сўз ўта муҳим бўлганида тингловчи диққат-эътиборини жалб қилиш учун ёки берилаётган хабар аниқ ҳақиқат эканига урғу бериш учун ёхуд мухотаб - тингловчи билимсиз-нодонлиги сабабли айтилаётган сўзнинг маъносига ақли бовар қилмай уни инкор этиш хавфи мавжуд бўлган вақтларда сўзни қасам билан таъкидлашга эҳтиёж туғилади. Демак, юқоридаги оятларда зикр қилинган мавзуларга биз бандаларнинг ақлимиз бовар қилмаслиги эҳтимоли борлиги ва у ўта муҳим хабарларга диққат-эътибор қилмай ғафлатда ўтиб кетишимиз хавфи мавжудлиги сабабли Жаноби Ҳақ бизларни огохдантириш - ғафлатдан уйғотиш учун Ўз Сўзини қасам билан таъкидлади.

11. Магар (балоли кунларда) сабр қилиб, (сафоли кунларда шукроналик билан) яхши амаллар қиладиган зотлар борки, ана ўшалар учун Мағфират ва Катта Ажр-мукофот (яъни, жаннат) бўлур.
Яъни, бошларига ғам-кулфатлар тушганида Оллоҳ таолонинг Қазо ва Қадарига иймон келтирганлари сабабли у балоларга сабр қиладиган, роҳат-фароғатли кунларида эса, Яратганга шукроналар айтадиган ва ҳар икки ҳолда ҳам зиммаларидаги фарз ва вожиб амалларни адо этиш билан, Оллоҳ таолога яқин қиладиган эзгу ишларни ва одамларга доимо яхшилик қилишни ўзлари учун одатга айлантириб олиш билан бандалик бурчларини бекаму кўст бажаришга ҳаракат қиладиган мўминлар учун қилган солиҳ амаллари ва бало-мусибатларга сабр қилганлари сабабли Оллоҳ таоло тарафидан Мағфират ва Катта Ажр - жаннат бордир.
Оти карима мазмунидан маълум бўладики, Меҳрибон Парвардигоримиз мўмин бандаларига қилган солиҳ амаллари учун Мағфират ва ажр-мукофот ато этгани каби қийинчилик-машаққатларга сабр қилганлари учун ҳам Мағфират ва ажр-мукофот ато этар экан.
Мана бу муборак ҳадислар ҳам бизга ояти каримани тафсир қилиб беради: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, мўминга ғам, ташвиш, қийинчилик, касаллик, хафагарчилик етадиган бўлса, ҳатто баданига бир тикан кирадиган бўлса ҳам, албатта Оллоҳ таоло ўша нарсаларни унинг хатоларига каффорат қилади”.
Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, Оллоҳ таоло мўминга қандай ҳукм қилган бўлмасин, (Яъни, унинг бошига яхши ёки ёмон кунни туширган бўлмасин), албатта унинг учун яхшилик бўлур: Агар унга бирон яхшилик етса-ю, у шукр қилса, ўзи учун яхшилик бўлур, шунингдек, агар унга бирон ёмонлик етса-ю, у сабр қилса, мана шу ёмонлик ҳам унинг учун яхшилик бўлур. Бу мўминдан бошқа ҳеч кимга берилган эмасдир”, деб марҳамат қилдилар. (“Тафсири Мунийр”дан). Шунинг учун ҳам Умар розияллоҳу анҳу: “Шукр ва сабр мен учун икки уловдирки, улардан қай бирини бўлса ҳам ҳеч парво қилмасдан минавераман”, деб сабр ва шукрнинг ҳар бири бандани Оллоҳ таолога яқин қилгувчи неъматлар эканига ишора қилар эди. (“Танвирул-азҳон”тафсиридан).

12. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эҳтимол, Сиз (мушриклар): «Унга осмондан хазина - бойлик туширилса ёки у билан бирга (унинг пайғамбар эканлигини тасдиқлайдиган) бирон фаришта келса бўлмасми-ди?», дейишлари(ни истамаганингиз) учун ўзингизга ваҳий қилинаётган оятларнинг айримларини (уларга етказишни) тарк қилгувчидирсиз ва шу сабабли дилингиз сиқилар? (Йўқ, Сиз ўзингизга нозил қилинган оятларни тўла-тўкис ҳолида кишиларга етказаверинг, чунки) Сиз фақатгина (кофирларни дўзах азобидан) огоҳлантиргувчисиз, холос. Оллоҳ ҳамма нарсанинг устида (кузатиб, билиб тургувчи) Вакилдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ривоят қилинишича, Макка катталаридан айримлари: “Эй Муҳаммад, агар сен чиндан ҳам Оллоҳнинг элчиси бўлсанг, бизга Маккадаги ва унинг атрофидаги тоғларни тиллага айлантириб бергин”, дейишди, бошқалари эса: “Бизга сенинг пайғамбар эканлигингни тасдиқлаб гувоҳликка ўтадиган фаришталарни келтиргин”, дейишди. Бас, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен бу ишга қодир эмасман”, дедилар. Шунда ушбу ояти карима нозил бўлди. (“Маоли-мут-танзил ” тафсиридан).
“Ал-жомиъ лиаҳкомил-Қуръон” ва “Танвирул-азҳон” тафсирларида эса, Макка мушриклари: “Эй Муҳаммад, агар сен келтирган Китобда ота-боболаримиз сўкилмаса, уларга қарши сўз айтилмаса, ана ўшанда биз сенга эргашамиз”, дейишгач, Пайғмабар алайҳис-салом мушриклар иймон йўлига кирармиканлар, деб уларнинг бутларини сўкишни тарк этмоқчи бўлганларида Оллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилди, деган ривоят келтирилади.
Ояти каримада Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга мушрик-кофирларнинг сўзларига қулоқ солмай, сиқилмай, Оллоҳ таоло нозил қилган ваҳийдан бирон сўз қолдирмай одамларга етказиш буюрилади. Зотан, элчининг вазифаси уни юборган Зотнинг Каломини тўласича етказишдир.
Бу ҳақда кейинроқ Мадинайи мунавварада нозил бўлган бошқа бир оятда ҳам айтилган: “Эй Пайғамбар (алайҳис-салом), Сизга Парвардигорингиз томонидан нозил қилинган (барча) нарсани (инсонларга) етказинг! Агар (бу Фармонга амал) қилмасангиз, Унинг элчилигини (бандаларига) етказмаган бўлурсиз, Оллоҳ Сизни одамлардан (уларнинг зараридан) сақлагай. Албатта Оллоҳ кофир қавмни ҳидоят қилмас.” (Моида сураси, 67-оят).
Ушбу ояти каримада Оллоҳ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, зиммаларидаги вазифалари Оллоҳ таоло нозил қилган Динни тўласича, бирон оятни қолдирмасдан етказиш эканини яна бир бор таъкидлайди ва Ўзи у зотни инсонлар томонидан бўладиган ҳар қандай ёмонликлардан сақлашга Кафил экани ҳақида хабар беради. Шунингдек, ушбу оят мазмунидан инсонларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилиш Ёлғиз Оллоҳнинг Қўлида экани, Элчининг зиммасида эса фақат Парвардигори томонидан нозил қилинган ҳар бир оятни тўкмасдан-сочмасдан, яширмасдан бандаларга етказиш Рисолати - Вазифаси бор экани аниқ равшан бўлади.
Албатта, Ҳақ таолонинг Ер юзига юборган сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз рисолатларини тўла адо этдилар ва бунга Ер-у осмон гувоҳ бўлди: У зоти бобаракот умрлари поёнига етиб бораётган вақтда, видолашиш ҳажида, арафа кунида, Арафот тоғида, Ҳақ таоло томонидан мана шу улуғ соатда нозил бўлган ояти каримани - Қуръони Азимнинг сўнгги оятини минг-минг саҳобайи киромга етказди-лар, уларга видо хутбаларини айтдилар ва Парвардигорга илтижо қилиб: “Оллоҳим, етказдимми, ўзинг гувоҳ бўлгин”, дедилар.
Имом Бухорий Масруқдан ривоят қилган ҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо: “Ким сенга: “Муҳаммад Оллоҳунга нозил қилган оятлардан бирон нарсани яширган”, деса ёлғон сўзлабди”, - деди.
Албатта, кофир кимсалар ўзлари Тўғри Йўлга юрмаганлари каби бошқаларни ҳам Ҳақ диндан тўсишни истаб Каломуллоҳ ҳақида, Пайғамбар алайҳис-салом шаънларида оғизларига келган сўзларни айтар эдилар: “Яна улар (масхара қилишиб): «Нега бу Пайғамбар (оддий одамлардек) таом ер ва бозорларда юрар?! Унга (пайғамбарлигини тасдиқлайдиган) бирон фаришта туширилиб, у билан бирга қўрқитгувчи бўлса эди. Ёки унга (осмондан) хазина ташланса (ва у бозорларда савдо-сотиқ билан тирикчилик ўтказмай ўша хазинадан сарф қилиб юрса) эди, ёхуд унинг учун бир боғу-бўстон бўлиб, у (фақат ўша боғдан) еб-ичса эди», дедилар. Бу золим кимсалар (мўминларга): «Сизлар фақат бир сеҳрланган - ақлдан озган кишига эргашмоқдасиз», дедилар.” (Фурқон сураси, 7-8-оятлар).
Бундай гап-сўзлардан Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам ғамга ботганларида Ҳақ таоло: “Шак-шубҳасиз, Биз улар (Сизни масхара қилиб) айтаётган сўзлардан дилингиз сиқилишини билурмиз”, (Ҳижр сураси, 97-оят) деб, Ўз Элчисига тасаллий беради ва у зотнинг зиммаларидаги Рисолат - Илоҳий вазифа нимадан иборат эканини айтади:
“Сиз фақатгина огоҳлантиргувчисиз, холос. Оллоҳ ҳамма нарсанинг устида Вакилдир”.
Яъни, Сизнинг зиммангизда фақат ўзингизга ваҳий қилинган Каломуллоҳ билан уларни огоҳлантириш вазифаси бор, холос. Сиз улар айтадиган сўзларга, қиладиган турли талабларга мутлақо парво қилманг ва ўз вазифангизни адо қилаверинг. Сиздан илгари ҳам элчилик вазифасини адо қилган биродарларингиз ўтганлар. Уларнинг ҳам қавмлари ёлғончи қилишган, озорлар беришган, аммо улар сабр-бардош билан ўз вазифаларини адо қилаверганлар ва оқибат-натижада Оллоҳ талонинг мадади билан кофирлар устидан ғолиб бўлганлар. Бас, Сиз ҳам Ёлғиз Оллоҳга таваккул қилинг-да, кофирларнинг гап-сўзларига парво қилманг, қабул қиладиларми, қилмайдиларми, уларни дўзах азобидан огоҳлантираверинг. Албатта, Оллоҳ уларнинг аҳволларини Билгувчи, қилмишларига яраша жазо бергувчи Вакилдир.
Мана бу оятлар ҳам шу мазмундадир: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), уларни ҳидоят қилиш Сизнинг зиммангизда эмас. Балки Оллоҳ Ўзи истаган кишиларни ҳидоят қилади”. (Бақара сураси, 272-оят). “Биз улар (кофирлар) айтаётган сўзларни жуда яхши билурмиз. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз уларнинг устида (дину иймонга) зўрлагувчи эмассиз. Бас, ушбу Куръон билан Менинг (кофирларни азоб-уқу-батга гирифтор қилиш ҳақидаги) ваъдамдан қўрқадиган кишиларга панд-насиҳат қилинг!” (Қоф сураси, 45-оят). “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан, Сиз фақат бир панд-насиҳат қилгувчидирсиз, холос. Сиз уларнинг устида зўравонлик билан ҳукм юргизгувчи эмассиз.” (Ғошия сураси, 21-22-оятлар).

13. Ёки: «Уни (яъни, Қуръонни Муҳаммад) тўқиб чиқарган», дейдиларми? Айтинг: «У ҳолда, агар ростгўй бўлсангизлар, Оллоҳдан ўзга кучингиз етган барча бутларингизни (ёрдамга) чорлаб сизлар ҳам шунга ўхшаш ўнтагина «тўқилган» сура келтирингиз!»
Ушбу ояти карима Макка мушрикларига ҳам, дунёдаги барча мушрик-кофирларга ҳам, ўта оддий ва шу билан баробар ўта мантиқий бир савол билан мурожаат қилади. Яъни, кимда-ким Қуръоннинг Каломуллоҳ эканига ишонмайдиган бўлса, уни Муҳаммаднинг ўзи ичидан чиқариб тў-қиб айтмоқда, дейдиган бўлса, у ҳолда ўша кимсалар қўлларидан келган барча воситаларни ишга солиб, Оллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларини ҳам ёрдамга чақириб, ҳаммалари бир бўлиб, лафзи ва маъноси Қуръон каби етук, мукаммал ва ҳеч қачон, ҳеч ким томонидан ўзгартиришнинг имкони бўлмаган ўнтагина тўқилган сурани келтирсинлар-чи!
Асло келтира олмайдилар! Бу иш Макка мушрик-ларининг ҳам улардан кейин дунёга келиб кетган бирон кимсанинг ҳам қўлидан келмади, демак, ҳеч кимнинг қўлидан келмаслиги аниқдир.
“Айтинг: «Қасамки, агар бор инс-у жин мана шу Куръонни ўх-шашини келтириш йўлида бирлашиб, агар бир-бирларига бу ишда ёрдамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини келтира олмаслар”. (Ал-Исро сураси, 88-оят). Яна бошқа бир сурада шундай дейилади: “Агар Биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсангизлар, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринглар ва Оллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринглар - агар ростгўй бўлсангизлар. Энди агар бундай қилолмасангизлар - ҳаргиз қилолмайсизлар ҳам - у ҳолда кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзаҳдан қўрқингларки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир.” “(Бақара сураси, 23-24-оятлар).
Ҳақиқатан, Қуръони Карим - Оллоҳ таолонинг энг улуғ Мўъжизасидир. Оллоҳ таоло барча пайғамбарларига мўъжизалар юборган, лекин бирон пайғамбарга Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга юборган Қуръонидек Мўъжизани юбормаган.
Ушбу Буюк Калом фасоҳат ва балоғатда (гўзаллик ва комилликда) шундай олий мақомдаки, бу юксакликка кўтарилиш башар тоқатидан ташқари бўлган бир ишдир. Қуръон Илоҳий Мўъжиза эканини тасдиқловчи далиллар саноқсиздир:
- Қуръоннинг ҳали бўлмаган ишлар ҳақида хабар бериши ва у ишлар кейин худди Қуръонда айтилгандек рўёбга чиқиши;
- Қуръон қанча такрорланмасин, эшитган қулоққа ҳеч қачон малол келмаслиги;
- Қуръонда ушбу Китоб нозил қилинган замонда на араб ва на ажамга маълум бўлмаган шундай илмлар жамланганки, асрлар ўтиб ўша илмлар кашф этилди ва кашф этилмоқда;
Қуръон узоқ ўтмиш ва қадим тарихдан хабар беради. Ҳолбуки, Қуръон нозил қилинган зот - Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва саллам ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайдиган уммий, хат-саводлари йўқ киши эдилар. Оллоҳ таоло у зотни Ўзининг сўнгги Элчиси қилиб танлади ва унга бошқа ҳеч кимга бермаган буюк Илоҳий Билимни - Қуръони Каримни берди.

14. Бас, агар улар (яъни, Оллоҳни қўйиб, сиғинадиган бутларингиз) сизларга жавоб қилмасалар, у ҳолда, билингизки, албатта (бу Қуръон) Оллоҳнинг Илми Азалийси билан нозил қилингандир ва Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Энди мусулмон бўларсизлар?! (яъни, Оллоҳ ва Унинг Пайғамбарига бўйинсунарсизлар?!)
Табарий “Жомиул-баён”да ояти каримани шундай тафсир қилади: “Оллоҳ таоло Ўз Элчисига айтади: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз анави: “Қуръонни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб чиқарган”, дейдиган мушрикларга айтинг: “Бас, агар сизлар Оллоҳни қўйиб сиғинадиган, дуо-илтижо қиладиган бутларингиз сизларга жавоб қилмасалар ва мана шу Қуръонга ўхшайдиган ўнтагина “тўқилган” сурани тўқишда сизларга ёрдам бера олмасалар ва барчаларингиз бирлашиб ҳам Қуръонга ўхшаш ўнтагина сура тўқий олмасаларингиз, у ҳолда Қуръоннинг осмондан Оллоҳнинг Илми Азалийси билан Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилинганини, Муҳаммад алайҳис-салом уни ўзи тўқиб чиқармаганини, уни тўқишга ҳеч кимнинг кучи етмаслигини билинглар - тан олинглар ва Оллоҳнинг Ўзидан бошқа бирон илоҳ йўқ эканига иймон келтиринглар, Унга ширк келтиришни бас қилиб, Ёлғиз УнингЎзига ибодат қилинглар!”.
“Энди мусулмон бўларсизлар?!”
Яъни, энди Қуръонни тўқиб чиқариш ҳеч кимнинг қўлидан келмаслигини, у Оллоҳ таоло томонидан нозил қилинган Каломуллоҳ эканини билганларингиздан кейин Ислом Динини қабул қилиб, Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилувчи мусулмонлар қаторига кирарсизлар?!

15. Ким (фақат мана шу) ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлса, уларга қилган амалларини(нг ажр-мукофотини шу) дунёда комил қилиб берурмиз ва улар бу дунёда зиён кўр-майдилар.
Ояти карима мазмунини бизга мана бу оят ва ҳадислар тафсир қилиб беради: “Ким (ўз амали билан) Охират экинини (яъни, савобини) истар экан, Биз унга экинини(нг ҳосилини) мўл-зиёда қилурмиз. Ким дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан (дунё матоларидан) берурмиз ва унинг учун Охиратда бирон насиба бўлмас! (Шўро сураси, 20-оят).
Бу ояти каримада ҳар қандай яхши амал фақат Охиратдаги мукофотни кўзлаб қилинсагина Оллоҳ таоло унинг ажру савобини комил қилиб бериши, аммо агар мол-дунё ва шон-шуҳратга етиш ғаразида риёкорлик билан қилинган амаллар учун эса Охиратда ҳеч қандай савоб йўқлиги уқтирилмоқда.
“Ким нақд (дунё)ни кўзловчи бўлса, Биз (шу дунёда улардан) Ўзимиз истаган кимсалар учун Ўзимиз хоҳлаган нарсани нақд қилиб берурмиз. Сўнгра, (яъни, Охиратда) у мазаммат-маломатга ва қувғинга дучор бўлган ҳолда кирадиган жаҳаннамни унинг учун жой қилиб берурмиз. Ким Охиратни истаса ва мўмин бўлган ҳолида (Охиратга лойиқ) саъй-ҳаракат қилса, бас, ундай зотларнинг саъйлари (Оллоҳ наздида) мақбул бўлгур. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, бу дунёда одамларнинг) барчаларига - мана бу (мўмин)ларга ҳам, анави (кофир)ларга ҳам Парвардигорингизнинг неъматидан ато этурмиз. Парвардигорингизнинг неъмати (ҳеч кимдан) манъ қилинмас”. (Ал-Исро сураси, 18-20-оятлар).
“Саҳиҳул-Бухорий”да Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан етти ўринда қайта-қайта ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, амаллар ниятларга боғлиқдир. Бас, кимнинг ҳижрати (яъни, Макка шаҳридан Мадина шаҳрига қилган ҳижрати ёки умуман ҳар қандай амал-ҳаракати) Оллоҳ таоло ва Унинг Элчисига (яъни, Оллоҳ таоло ва Унинг Элчисининг ризосини истаб) бўлса, демак, унинг ҳижрати Оллоҳ таоло ва Унинг Элчисигадир. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса, ўшанга етади ёки аёл учун бўлса, унга уйланади. Бас, ҳар кимнинг ҳижрати у нимани кўзлаб ҳижрат қилган бўлса, ана ўшангадир”, деб марҳамат қилдилар ва бир хил амал ниятларга қараб ҳар хил самара беришини билдирдилар.
Масалан, ушбу ҳадиси шарифда мазкур бўлганидек, биргина ҳижрат билан биров Оллоҳ таоло ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ризосини топишдек энг буюк саодатга эришса, бошқа биров айни шу амал билан арзимас дунё матосига етишади, яна бошқа бири эса ўзининг ниятига яраша хотинлик бўлади, аммо бу кейинги икки тоифа суратда муҳожир саналганлари билан Оллоҳ таоло наздида оддий дунё ё хотин излаб юрган кимсалар бўлиб, бу ишлари сабабли Охиратда бирон ажр-мукофотга эга бўлмайдилар.
Ўрганаётганимиз ояти каримада ҳам Ҳақ таоло кимда-ким қилган амали билан Охират саодатини эмас, балки фақат дунё хою-ҳавасларига, бойлик ва зийнатларига етишни кўзлар экан, Оллоҳ таоло у кимсага қилган ҳаракатига яраша мана шу дунёда сиҳат-саломатлик, мол-давлат, мансаб-мартаба, кенг-мўл ризқ каби ўзи орзу қилган нарсаларни ҳеч камайтирмасдан бериши мумкинлиги ҳақида, яъни, ундай кимсалар гарчи Шариати Исломийя томонидан буюрилган бировларга яхшилик қилиш, қариндошларни йўқлаш, садақотлар бериш каби яхши ишларни қилсалар-да, модомики бу ишлари билан ҳаёти дунё ва унинг матоларини кўзлар эканлар, қилган амалларининг ажрини фақат мана шу дунёда олишлари ҳақида хабар беради. Аммо Охиратда эса -

16. Ундай кимсалар учун Охиратда дўзах ўтидан ўзга ҳеч қандай насиба йўқдир. Уларнинг бу (дунёда) қилган барча яхшиликлари ҳабата бўлди - беҳуда кетди ва қилиб ўтган амаллари ботил - бефойдадир.
Айрим уламолар ушбу ва юқоридаги оятда мўминлар орасидаги риёкор кимсалар назарда тутилган десалар, айримлари бу оятлар кофирлар ҳақида нозил қилинган дейдилар:
Мужоҳид айтади: “Улар одамлар кўрсин деб амал қиладиган кимсалардир”. Имом Аҳмад ўз “Муснад”ида ва Бағавий “Шархус-сунна” китобида ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Албатта, мен сизларнинг устингизда энг кўп қўрқадиган нарсам кичик ширкдир (яъни, сизлар кичик ширкка мубтало бўлишларингиздан жуда қўрқаман)”, - дедилар. Саҳобайи киром: “Ё Расулуллоҳ, кичик ширк нима?”, деган эдилар, айтдилар: “Риё кичик ширқцир”.
Имом Муслим, Насоий, Термизий ва бошқалар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, “Қиёмат Кунида одамлар кўрсин деб амал қилган риёкор кимсаларга: “Сизлар одамлар гапирсинлар деб рўза тутдинглар, намоз ўқидинглар, садақалар бердинглар, жиҳодлар қилдинглар, Қуръон тиловат қилдинглар ва одамлар гапирдилар ҳам (яъни, барча амалларингизни одамлар сизларни мақташлари учун қилдингизлар ва улар сизларни мақтадилар ҳам)”, дейилади. Албатта аввал-бошда дўзах ўти ана ўша риёкорлар билан алангалатилади”. Абу Ҳурайра ушбу ҳадисни ривоят қилгач қаттиқ йиғлади ва: “Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг сўзлари ростдир”, деди, сўнгра мана шу икки оятни ўқиди.
Ибн Жарир Табарий “Жомиул-баён” тафсирида: “Ушбу оятлар кофирлар ҳақидадир. Мўмин эса, қилган амали билан ҳам дунёни ҳам Охиратни кўзлайди. Аммо Охиратни кўзлаши ғолиброқ бўлади. Бас, у чиройли амаллари сабабли дунёда ҳам мукофотланади, Охиратда ҳам ажрга эга бўлади”, дейди.
Муслим ва Бағавий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Албатта Оллоҳ азза ва жалла мўмин қилган бирон чиройли амални зое кетказмайди - ҳар бир яхши амали учун унга дунёда ризқ беради, Охиратда эса ажр-мукофот ато этади. Кофир қилган яхши ишлари учун дунёда ризқланади, Охиратга борганида эса унинг ажр-мукофот бериладиган бирон яхши амали қолмаган бўлади”, дедилар.

17. Бас, Парвардигори томонидан Аниқ Хужжатга (яъни, Қуръонга) эга бўлган киши (яъни, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ва мўминлар фақат ҳаёти дунё манфаатларини кўзловчи нодон кимсалар билан баробар бўлурми?!) Ҳолбуки, (Оллоҳ) томонидан бўлган шоҳид (яъни, Жаброил) унинг (Муҳаммад алайҳис-саломнинг) изидан юрур ва ундан (яъни, Аниқ Ҳужжат бўлган Қуръондан) илгари (бани Исроил қавми учун) Имом ва Раҳмат бўлган Мусонинг Китоби (Таврот) ҳам бордир. Ана улар (яъни, Аниқ Ҳужжат эгалари) унга (Қуръонга) иймон келтирурлар. Гуруҳлардан ким унга (яъни, Қуръонга) кофир бўлса, унинг учун ваъда қилинган жой - дўзахдир. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз у (Қуръон) ҳақида шак-шубҳага тушманг! Албатта у Парвар-дигорингиз томонидан келган Ҳақиқатдир. Лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмайдилар.
“Бас, Парвардигори томонидан Аниқ Ҳужжатга (яъни, Қуръонга) эга бўлган киши (фақат ҳаёти дунё манфаатларини кўзловчи кимсалар билан баробарми?!)
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳамда у зотга иймон келтирган мўминлар Парвардигорлари - Оллоҳ субҳонаху ва таоло томонидан берилган Илоҳий Ҳужжат эгалари эканликлари ва бундай неъматга эга бўлган кишилар ҳеч қачон фақат тўрт кунлик ҳаёти дунё матоларини ўйлайдиган жоҳил кимсалар каби бўлмасликлари ҳақида хабар беради. Дарҳақиқат, абадул-абад эскирмайдиган, ўзгармайдиган, иймон-ихлос билан ўқиган инсонни Оллоҳ таолонинг Ҳақ Йўлига етаклайди-ган ва ҳар икки дунёда бахтли-саодатли бўлиш йўлини аниқ-равшан баён қилиб берадиган Буюк Ҳужжат - Қуръони Азимни маҳкам ушлаган инсонлар ҳеч қачон ҳаёти дунёнинг арзимас матоларига алданиб қолмайдилар.
“Ҳолбуки, (Оллоҳ) томонидан бўлган шоҳид (яъни, Жаброил) унинг (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломнинг) изидан юрур ва ундан (яъни, Аниқ Ҳужжат бўлмиш Қуръондан) илгари (Бани Исроил қавми учун) Имом ва Раҳмат бўлган Мусонинг Китоби (Таврот) ҳам бордир”.
Ушбу жумлада Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Оллоҳ таоло томонидан аниқ ҳужжат ато этилганига ана ўша Ҳужжатни, яъни, Қуръонни Оллоҳ таолонинг Амри билан кўкдан Ерга олиб тушган Жаброил алайҳис-салом шоҳид экани ҳақида, у улуғ фаришта Пайғамбар алайҳис-салом қаерда бўлсалар, изларидан бориб Оллоҳ таоло нозил қилган ҳар бир оятни у зотга етказиб туриши ҳақида, шунингдек, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ Пайгамбар эканликларига илгари бани Исроил қавмига Имом - Йўлбошчи ва Оллоҳнинг Раҳмат-Марҳамати ўлароқ Мусо алайҳис-саломга нозил қилинган Таврот Китоби - у Китобдаги охир замон Пайғамбарининг сифатлари баён қилинган оятлар ҳам шоҳид экани ҳақида хабар берилади.
“Ана ўша зотлар унга (Қуръонга) иймон келтирурлар”.
Яъни, Пайғамбар алайҳис-саломнинг асҳоблари ва уларнинг изларидан борадиган кишилар Қуръони Азим Оллоҳ таолонинг Каломи эканига, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Унинг сўнгги Элчиси эканликларига иймон келтирадилар.
“Туруҳлардан кимда-ким[ унга (Қуръонга) кофир бўлса, унинг учун ваъда қилинган жой - дўзахдир”.
Яъни, аввал-у кейин келадиган қайси бир ҳизб-тўда Қуръони Каримнинг Каломуллоҳ эканини ёки Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Расулуллоҳ эканликларини инкор қилса, унинг борадиган жойи аниқ дўзахдир.
Бу ҳақда ҳадиси шарифда ҳам огоҳлантирилган:
“Саҳиҳи Муслим”да Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, хоҳ мана шу миллат (яъни, араблардан) бўлсин, хоҳ яҳудий, насроний ёки бошқалардан бўлсин, кимда-ким мен ҳақимда эшитса-ю, сўнгра менга иймон келтирмаса, (яъни, мени Оллоҳнинг Элчиси, деб тан олмаса), ундай кимса ҳеч шак-шубҳасиз дўзахга кирур”, дедилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
“Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз у (Қуръон) ҳақида шак-шубҳага тушманг! Албатта, у Парвардигорингиз томонидан келган Ҳақиқатдир. Лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмайдилар”.
Бу ўринда гарчи Пайғамбар алайҳис-саломга хитоб қилинган бўлса-да, умматлари ирода қилинади. Зотан, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қуръон Оллоҳ таоло томонидан нозил бўлган Ҳақиқат эканига заррача шубҳа қилмасдилар.
Оят сўнгида Ҳақ таоло Ўз Илми Азалийси билан келажак замондан хабар бериб, кўп одамлар ақллари ноқис, фикрлари бузуқ бўлгани учун ё қайсарликлари сабабли ёки кибр қилиб Ҳақ Калом эканлигида ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмаган Каломуллоҳга иймон келтирмай ўтишларини таъ-кидлайди.

18. Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Ундай кимсалар (Қиёмат Кунида) Парвардигорларига рўбарў қилинурлар ва барча гувоҳлар: «Мана шулар Парвардигорлари шаънига ёлғон сўзларни сўзлаганлар», дейдилар. Огоҳ бўлингизким, бундай золимларга Оллоҳнинг лаънати бўлур.
Ушбу ояти кариманинг биринчи жумласи Анъом сурасида ҳам келган. Қуйида ана ўша оят тафсирини келтириб ўтамиз: “Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта, бундай золимлар нажот топмаслар”. (Анъом сураси, 21-оят).
Яъни, Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг “шериги бор”, деб, “Малоикалар Оллоҳнинг қизлари”, деб ва яна бошқа шунга ўхшаган мутлақо асоссиз сўзлар билан Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқиган кимсалар ҳамда Оллоҳ таоло нозил қилган Қуръони Мажид оятларини ёлғон деган, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳнинг Элчиси эканликларига далил-ҳужжат бўладиган Илоҳий мўъжизаларни сеҳр деган кимсалар энг золим кимсалардир.
Ояти каримада “ёки” деб айтилишида Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқиш алоҳида, Унинг оятларини ёлғон дейиш алоҳида энг катта зулм эканига ишора бордир.
Энди бир кимсада бу зулмларнинг иккови ҳам топилса-чи?! У ҳолда у ким бўлади?!
“Албатта бундай золимлар нажот топмаслар”.
Яхши билиб олишимиз керакки, Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиш дегани фақат юқоридаги каби мисоллар билан чекланмайди. Балки мусулмонлар орасида ҳам бундай ёлғон тўқишлар минг афсуски, учраб туради. Яъни, Қуръон ва Суннатга мувофиқ бўлмаган, оят ёки ҳадисда келмаган барча бидъат-хурофотлар ҳам ҳеч шак-шубҳасиз, Оллоҳ шаънига ёлғон тўқишдир. Демак, ҳеч қандай шаръий далил-ҳужжатсиз “Мана бу амал суннат ёки ана у иш ҳаром” деган кимсалар ва уларнинг ортидан эргашганлар ҳам ояти каримада айтилган - нажот топмайдиган золимлардир. Бас, кўзларимиз очилиши керак. Бунинг учун эса, холис ният билан Каломуллоҳни ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ўрганиб, чин ихлос билан уларга амал қилишимиз керак.
Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳақида бошқа оятларда бундай дейилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Шубҳасиз, Оллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар нажот топмаслар». (Ундай кимсалар учун) бу дунёда озгина фойдаланиш бор. Сўнгра Бизга қайтишади. Ана ундан кейин кофир бўлиб ўтганлари учун уларга қаттиқ азоб тоттирурмиз.” (Юнус сураси, 69-70-оятлар) “Қиёмат Кунида Оллоҳ шаънига ёлғон сўзлаган кимсаларни юзлари қора ҳолда кўрурсиз. Ё жаҳаннамда мутакаббир кимсалар учун жой йўқми?!” (Зумар сураси, 60-оят).
“Ундай кимсалар (Қиёмат Кунида) Парвардигорларига рўбарў қилинурлар ва барча гувоҳлар: «Мана шулар Парвардигор шаънига ёлғон сўзларни сўзлаганлар», дейдилар. Огоҳ бўлингизким, бундай золимларга Оллоҳнинг лаънати бўлур”.
Мужоҳид раҳматуллоҳи алайҳ: “Ояти каримадаги “гувоҳлар”дан мурод, инсонларнинг қилган барча амалларини ёзиб тургувчи фаришталардир”, деб тафсир қилади.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича эса, гувоҳлар Оллоҳ таоло юборган элчи ва пайғамбарлардир (барчаларига Оллоҳнинг саломи бўлсин).
Мазкур тафсирни мана бу ояти карима ҳам тасдиқлайди: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва Сизни ана ўшаларнинг (барчалари) устида гувоҳ қилганимизда (инсонларнинг ҳоли) қандоқ бўлур?! (Нисо сураси, 41-оят).
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу деди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга Қуръон ўқиб бергин”, дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, Қуръон Сизга нозил қилинганку, мен Сизга Қуръон ўқиб бераманми?” дегандим, “Ҳа”, дедилар. Шунда мен Нисо сурасини ўқиб ушбу “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва Сизни ана ўшаларнинг (барчалари) устида гувоҳ қилганимизда (инсонларнинг ҳоли) қандоқ бўлур?!” оятига етиб келганимда “Шу ергача етар”, дедилар. Қарасам, кўзларидан ёш қуйиларди”.
Уламолар айтадилар: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг йиғлашлари у Куннинг даҳшатидан эди. Чунки у Кунда барча пайғамбарлар ўз қавмлари устида, улардан ким мўмин, ким кофир бўлгани ҳақида гувоҳлик бериш учун келтириладилар. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам гувоҳ сифатида келтириладилар. Бу ҳақда Бақара сурасида ҳам зикр қилинган: “Шунингдек, (яъни, Тўғри Йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик.” (Бақара сураси, 143-оят).
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг барча уммат устида гувоҳ бўлишлари хусусида Абдуллоҳ ибн Муборак розияллоҳу анҳу Саид ибн Мусаййиб розияллоху анхудан шундай ривоят қилган. Саид ибн Мусаййиб айтади: “Ўтадиган ҳар бир кунда Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламга эрта-ю кеч умматлари кўрсатиб турилади, бас, у зот уларнинг сиймо - суратларини таниб, қилган амалларидан хабардор бўладилар. Шунинг учун улар устида гувоҳликка ўтадилар”. (Тафсири Куртубий).
Ҳақ таоло ушбу оятда Қиёмат Кунида - ҳар бир уммат устида пайғамбарлари, у пайғамбарлар устида Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам гувоҳ бўлиб ким, мўмин-у, ким кофир эканини айтадиган ва шу буюк гувоҳликка биноан мўмин жаннатга, кофир дўзахга хукм қилинадиган Кунда умрларини куфр билан ўтказган кимсалар қандай аҳволга тушар эканлар, деб Ўз таажжубини изоҳ қилади ва бу билан динсиз кимсаларни огоҳлантиради.
“Саҳиҳайн”да Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Албатта Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло мўминни Ўзига яқин қилиб, Ўз Қанотига олиб, бошқалардан тўсган ҳолда: “Эй бандам, сен мана бу гуноҳингни эътироф этасанми, мана бу гуноҳингни эътироф этасанми?”, деб сўраганида, мўмин банда ҳар гал: “Ҳа, ё Роббим”, деб жамийки гуноҳларига иқрор бўлади ва ўзича: “Энди ҳалок бўлдим”, деб ўйлайди. Шунда Оллоҳ таоло: “Мен у гуноҳларингни дунёда яширдим (яъни, сени одамлар олдида шарманда қилмадим), бугун ҳам уларни (ҳеч кимга билдирмай) кечириб юборурман”, дейди-да, унга фақат яхши амаллари ёзилган номайи аъмоли берилади.
Аммо кофирлар ва мунофиқларни бўлса, ўша Кунда тўпланган барча халойиқ гувоҳлигида чақиради ва: “Мана шулар Парвардигорлари шаънига ёлғон сўзларни сўзлаганлар”, дейди ва бундай золимлар Оллоҳнинг лаънатига дучор бўлганларини эълон қилади”, деб хабар бердилар. (“Тафсири Бағавий”дан).

19. У (золим) кимсалар (Одамларни) Оллоҳнинг Йўлидан тўсиб, уни (Оллоҳнинг Йўлини) буришни - бузишни истайдилар. Улар Охиратга кофирдирлар.
Ушбу ояти карима Ҳақ таоло шаънига ёлғон тўқиган ва мана шу жиноятлари сабабли Қиёмат Кунида Унинг лаънатига дучор бўладиган золим кимсаларнинг уч сифатини баён қилади. Бас, кимда мана шу уч сифатдан биттаси топилса ҳам, ундай кимса ҳеч қачон Оллоҳнинг Раҳматига эриша олмас. У сифатларнинг биринчиси, инсонларни Оллоҳ таолонинг Йўлидан тўсиш бўлиб, кимда-ким ўзи Тўғри Йўлдан озгани етмагандек, ўзгаларни ҳам Оллоҳ ва Унинг Элчиси кўрсатган Тўғри Йўлдан, яъни, Оллоҳ таоло ҳузурига - жаннатга олиб борадиган йўлдан - Ҳақ Диндан тўсадиган бўлса, мўмин-мусулмонлар Ислом Дини кўрсатмаларига тўла-тўкис амал қилиб яшашларига тўсқинлик қиладиган бўлса, ундай кимса золимдир.
Иккинчиси, кимда-ким Оллоҳ таолонинг Тўғри Йўлини эгри қилиб - бузиб, яъни, Ҳақ таоло нозил қилган Ҳақ Динга турли бидъат-хурофотларни кўшиб, худди яҳуд ва насронийлар Таврот ва Инжилни бузиб ўзгартириб юборганларидек Қуръони Азим кўрсатмаларига ўз томонидан биронта сўз қўшиб ёки олиб мусулмонларни Ҳақ Йўлдан адаштиришга ҳаракат қилар экан, у ҳам золимдир. Учинчиси, кимда-ким ҳаёти дунёдан кейин Охират ҳаёти борлигини инкор қилса, у ҳам Оллоҳ таолонинг лаънатига дучор бўладиган золимдир. Албатта, Охират борлигига, унда шак-шубҳасиз яхши-ю ёмон барча амаллар ҳисоб-китоб қилиниб яхшисига ажр-мукофот, ёмонига жазо берилишига иймон келтирмайдиган кимсалардан ҳар қандай ёмонликни, зулму зўравонликни кутса бўлади. Чунки улар холис Оллоҳ учун, ажрини Охиратда олиш нияти билан бирон иш қилмайдилар ва Охиратда жазо берилишига иймон келтирмаганлари учун бирон ёмонликдан, яъни, бировларга зулм қилишдан қайтмайдилар.

20. Ундай кимсалар Ер юзида (бирон жойга) қочиб қутулгувчи эмасдирлар ва улар учун Оллоҳдан ўзга дўстлар-ёрдамчилар ҳам йўқдир. Уларга азоб бир неча баробар қилинур. Улар (гарчи уларга ҳақни эшитиб, кўришлари учун қулоқ, кўз берилган бўлса-да), эшитишга кучлари етмади, улар кўргувчи ҳам бўлмадилар.
Яъни, юқоридаги икки оятда мазкур бўлган золим кимсалар Оллоҳ таолонинг қаҳру ғазабидан, интиқом ва азобидан ҳеч қаёққа қочиб қутулиб кета олмайдилар ва Қиёмат Кунида улар учун Ёлғиз Оллоҳ таолодан бошқа уларни азобдан тўсадиган, дўзахдан қутқариб қоладиган ҳеч қандай дўст-ёрлар ҳам бўлмас.
Бу ҳақда “Тафсири Мунийр”да Абу Саид Худрий розияллоху анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шариф ўта ибратлидир: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам буюрдилар: “Эй одам болалари, агар ақл эгалари бўлсангизлар, (ҳали ҳаёт бўлган чоғларингиздаёқ) ўзларингизни ўлган инсонлар қаторида сананглар! (яъни, Оллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб-китоб бераётганингизни тасаввур қилинглар!) Жоним Қўлида бўлган Зотга қасамки, “Албатта сизларга ваъда қилинаётган нарса (яъни, қайта тирилиш, Охират ҳаёти ва Қиёмат Куни) ҳеч шак-шубҳасиз, келгувчидир. Сизлар (Оллоҳдан ҳеч қаёққа) қочиб қутула олгувчи эмассиз”. (Анъом сураси, 134-оят).
Бас, Ҳақ таоло Ўз Каломида таъкидлаган, Унинг Расули қасам билан огоҳлантирган Қиёмат албатта қойим бўлади. Демак, ақл-ҳуши жойида бўлган ҳар бир инсон ҳаётини ғанимат билиб, ўша Кунга тайёргарлик кўриб яшаши керак - Ёлғиз Оллоҳга ибодат, Унинг Элчисига итоат қилиб ҳаёт кечириши керак. Акс ҳолда у Ҳақ таолонинг жазосидан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмайди.
Ояти карима давомида золим кимсалар Оллоҳ ато этган қулоқ, кўз ва дилларини ўз ўрнида ишлатмаганлари учун - Ҳақ сўзни эшитишдан кар бўлиб олганлари, Тўғри Йўлни кўришдан кўр бўлиб олганлари ва “Оллоҳ таоло ҳеч қандай шериги бўлмаган Танҳо Маъбуди Барҳақ”, деган сўзни айтишдан соқов бўлиб олганлари учун уларга дўзах азоби бир неча баробар қилиниши ҳақида хабар берилади.

21. Улар ўзларига зиён қилган кимсалардир. Тўқиб олган (бут) лари эса, (бирон фойда бермай) улардан ғойиб бўлди.
Яъни, юқоридаги оятларда зикр қилинган золим кимсалар энг аввало ўзларига зиён қилдилар. Чунки улар ҳидоят ўрнига залолатни танладилар ва бу ишлари билан ҳам дунё, ҳам Охират саодатидан маҳрум бўлдилар, жаҳаннамнинг мангу оловига кирдилар: “Уларнинг борар жойлари жаҳаннамдир. Ҳар қачон (жаҳаннам ўти) сусайса, Биз уларга оловни янада зиёда қилиб ловуллатиб юборурмиз”. (Ал-исро сураси, 97-оят).
Бас, улар кўрган зиёндан ортиқроқ зиён борми, улардан бадбахтроқ инсон борми?!
Уларнинг ўзларича “дин” деб тўқиб-бичиб олган бидъат-хурофотлари, ўз қўллари билан ясаб, сўнгра сиғиниб, чўқинган бутлари - улар: “Мана шу илоҳларимиз бизларни Охиратда шафоат қилади”, дейишар эди - Қиёмат Кунида кўзларидан ғойиб бўлиб қолади, уларга бирон ёрдам бера олмайди, балки аксинча у жоҳил мушрикларга зиёни тегади, холос: “(Қиёмат Кунида) инсонлар (ҳисоб-китоб учун) тўпланган вақтида ўша (бутлар) уларга (мушрикларга) душман бўлурлар ва уларнинг (Оллоҳни қўйиб, ўзларига) ибодат қилганларини ҳам инкор этурлар”. (Аҳқоф сураси, 6-оят), “Улар (яъни, Макка мушриклари) Оллоҳни қўйиб, ўзла-рига куч-қудрат бўлиши учун «худолар» тутдилар - бутларга сиғин-дилар. Йўқ, (Қиёмат Кунида бутлари уларни қўллай олмайди, балки бутлар) уларнинг қилган ибодатларини инкор қилурлар ва уларга зид-душман бўлурлар.” (Марям сураси, 81-82-оятлар).

22. Шак-шубҳа йўқки, улар Охиратда жуда катта зиён кўргувчи-лардир.
Яъни, албатта мазкур золим кимсалар Қиёмат Кунида одамларнинг энг кўп зиён кўргани ва энг бахтсизи бўладилар.
Чунки улар ўткинчи дунёни мангу Охиратдан устун қўйдилар ва бу қилмишлари билан жаннатларда мангу роҳат қилиш ўрнига дўзах оловига гирифтор бўлдилар, жаннатлардаги ҳурлар, мислсиз тотли ноз-неъмат-лар ўрнига дўзахдаги қон ва йирингни таом қилиб танладилар, олий ва муҳташам қасрларда абадий бахт-саодат ичида яшаш ўрнига дўзах чуқурларида мангу ёнишни афзал билдилар, энг муҳими у золимлар Раҳмоннинг ризосига эришиш ўрнига унинг ғазаб ва азобига дучор бўлдилар! Энг катта зиён мана шу эмасми?!

23. Албатта, иймон келтириб, яхши амаллар қилган ва Парвардигорлари (Оллоҳ)га ҳокисорлик - қўрқув билан итоат билан бўйинсунган зотлар - ана ўшалар, жаннат эгалари бўлиб, ўша жойда абадий қолурлар.
Юқорида куфр ва зулм йўлини тутиш билан ўзларига зиён қилган бахтсиз кимсаларнинг топажак мудҳиш оқибатлари зикр қилингач, ушбу ояти каримада Ҳақ таоло саодатманд инсонлар - Оллоҳ таолога ва Унинг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирган, ҳаётларини Шариати Исломийя буюрган солиҳ амаллар билан ўтказган, Яратганга сидқидилдан чин ихлос ва итоаткорлик билан қуллик қилган мўминлар жаннат эгалари эканликларини, улар ўша жойда - кўз кўрмаган, кулоқ эшитмаган, бирон инсоннинг хаёлига ҳам келмаган сон-саноқсиз ноз-неъматлар ичида мангу роҳатда, касал бўлмасдан, қаримасдан, ўлмасдан абадий бахт-саодатда яшашларини таъкидлайди.
“Тафсири Қосимий”да: “Юқоридаги оятларда динсиз кимсалар учун Охират диёрида улар мангу қоладиган дўзах бор эканлиги ҳақида келган Илоҳий таҳдиддан кейиноқ, ушбу оятда солиҳ амаллар қилган мўминлар учун мангу жаннат мукофот қилиб берилиши ҳақида хабар қилинишида
- Қуръони Каримда мана шу тартиб бот-бот такрорланиб туришида кўп фойдалар бор”, дейилади.
Улардан бири шуки, бу услубда Ҳақ таолонинг Илоҳий Адолати яққол кўринади. Чунки куфрда доим бўлганлар доимий азобга хукм қилинганларидан кейин, демак, иймонда бардавом бўлганлар доимий неъматга хукм қилинишлари Илоҳий Адолатдир.
У фойдалардан яна бири, мўминнинг ўй-фикрида қўрқув ва умид баробар бўлиши лозим. Яъни, мўминда шу икки туйғудан бири ғолиб бўлса
- азобдан қўрқув мўминни ноумидликка олиб келса ёки аксинча мўминдаги жаннатдан умидворлик шу даражага етсаки, мутлақо дўзах азобини ўйламай - қўрқмай қўядиган бўлса, бу ҳолда у, ё “иймоним сабабли барибир жаннатга кираман”, деган хаёл билан яхши амаллар қилишдан сустлашиб қолади ёки аксинча “менинг гуноҳларим ҳеч қачон кечирилмайди”, деб бутунлай тушкунлик чоҳига тушиб қолади. Демак, Қуръонда азоб ва роҳат зикр қилинган оятларнинг аксар ҳолларда ёнма-ён келиши мўминдаги қўркув ва умид ҳис-туйғуларнинг мўътадил бўлишини таъминлайди.
Учинчидан, Қуръони Ҳакимдаги бу гўзал услуб сабабли мўминларга берган ваъдасидан Ҳақ таолонинг нақадар Марҳаматли Зот экани зоҳир бўлса, кофирларга қилган таҳдидидан нақадар Ҳикмат ва Қудрат Эгаси экани кўриниб туради.

24. Бу икки гуруҳнинг (яъни, кофирлар билан мўминлар гуруҳининг) мисоли, худди кўр ва кар билан кўргувчи ва эшитгувчининг мисоли кабидир. Шу иккаласи бир-бирига баробар - ўхшаш бўлурми?! Ахир эслатма - ибрат олмайсизларми?!
Ояти каримада кофир ўзида ҳам кўрлик, ҳам карлик айбларини жамлаган кимсага ўхшатилишига сабаб, кофирлар Оллоҳ таоло яратган нарсаларга ҳеч қачон ибрат назари билан қарамаганлари учун у нарсаларнинг мағзи-моҳиятини кўрмайдилар ва Оллоҳ таоло аниқ-равшан қилиб кўрсатиб қўйган Тўғри Йўлни ҳам кўра олмайдилар, шунингдек, энг Тўғри Сўз бўлган Каломуллоҳни эшитмайдилар - англамайдилар. Шунинг учун улар худди кўз-қулоқсиз яралган махлуқларга ўхшайдилар. Чунки кўзи кўр бўлган инсон ҳам агар кулоғи ишлайдиган бўлса, эшитиш билан йўлини топиб олади ёки қулоғи кар кимсага ҳам агар кўзи кўрадиган бўлса, имо-ишора билан Тўғри Йўлни кўрсатса бўлади. Аммо ҳам кўр, ҳам кар бўлган кимсага ҳеч қандай чора йўқ, у охир-оқибат жарга қулаши аниқдир. Ҳақ таоло наздида Ҳақ Йўлни кўришни, Ҳақ Сўзни эшитишни истамайдиганлар гарчи кўз ва қулоқлари соппа-соғ бўлса-да, ҳақиқатда кўр ва кар кимсалардир. Бас, уларни Тўғри Йўлга даъват қилиш бефойдадир. Бошқа бир оятда ҳам бу ҳақда айтилган: “Куфр йўлидаги кимсаларни (Ҳақ Йўлга даъват қилувчи кишининг) мисоли худди фақат овоз ва чақириқни эшитадиган ҳайвонларга қичқираётган кишининг мисолидир. (Яъни, улар худди жониворлар каби чақириқ ва овозларни эшита-дилар-у, лекин ҳеч нарсани англамайдилар. Бинобарин, уларни Ҳақ Йўлга чорлашнинг ҳеч фойдаси йўқ)”.
“Улар кар, соқов, кўрдирлар. Демак, тушунмайдилар”. (Бақара сураси, 171-оят).
Ушбу ояти каримада тинглаб туриб Ҳақни эшитмайдиган, билиб ту-риб Ҳақни айтмайдиган, қараб туриб Ҳақни кўрмайдиган динсиз кимсалар чўпоннинг овоз ва қийқириғини эшитадиган, аммо нима деяётгани-ни, тушунмайдиган ақлсиз, қаёққа қараб ҳайдалса, ўша ёққа қараб кета-верадиган подага ўхшатилмоқда. Аммо жуда ўхшатиб ўхшатилмоқда! Уларнинг ҳолларини тасвирлашда бундан аниқроқ ташбеҳ қилишнинг имкони йўқдир.
Ахир ҳамма нарсада жуда яхши ишлайдиган қулоқ-тил-кўзлари Динга даъват қилинганларида бирдан ишламай қолса, ҳамма нарсада жуда ўткир бўлган ақллари ҳам Ҳаққа чақирилганларида бирдан ишламай қолса, уларни ақлсиз ҳайвонлар демай, ақлли инсонлар дейиш мумкинми?! Дунёвий ишларни яхши билмаслик, тушунмасликнинг, бошқача айтган-да, дунёдан мол-давлат ва мартабаларга эришмасдан ўтиб кетишнинг зиёни камдир, чунки уни ўнгласа бўлади, агар ўнглай олмаса ҳам зиёни камдир, чунки у мана шу тўрт кунлик дунёнинг зиёнидир. Аммо Охират иши бўлган Динда зиёнкор бўлиш, яъни, Ҳақ Динга кирмасликдан, мусулмон бўлмасликдан кўриладиган зиён кейин ҳеч қачон ўнглаб бўлмас зиёндирки, бунга рози бўлган кимсани ақлли деб бўлмас. “Аниқки, Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг диллари бор-у англай олмайдилар, кўзлари бор-у кўра олмайдилар, қулоқлари бор-у эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда чорвалардан ҳам) адашганроқдирлар. Ана ўшалар гафлатда қолган кимсалардир”. (Аъроф сураси, 179-оят).
Аммо мўмин эса борлиққа боқиб Яратганнинг нақадар Буюк Қудрат ва Ҳикмат Соҳиби эканини кўради, Каломуллоҳга қулоқ солиб, Тўғри Сўзни англайди, Оллоҳ таолонинг Элчисига эргашиб Тўғри Йўлга юради ва охир-оқибат бу йўлнинг поёни бўлган жаннатларга эришади.
“Дўзах эгалари билан жаннат эгалари баробар бўлмас. Жаннат эгалари (бахт-саодатга) эришгувчи зотлардир.” (Ҳашр сураси, 20-оят), “Кўр (кофир) кимса билан - кўргувчи зот (мўмин), зулматлар (куфр) билан - нур (иймон), соя (жаннат) билан - жазирама (дўзах) баробар эмасдир. Тириклар (мўминлар) билан - ўликлар (кофирлар) ҳам баробар эмасдир. Албатта Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларга (Ҳақ Даъватни) эшиттирур. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз қабрлардаги кимсаларга (яъни, ўлик дилларга) эшиттира олгувчи эмасдирсиз. Сиз фақат огоҳлантиргувчидирсиз”. (Фотир сураси, 19-23 оятлар).

25. Дарҳақиқат, Биз Нуҳни ўз қавмига (элчи қилиб) юбордик. (У деди): «Албатта, мен сизларга (келган) очиқ огоҳлантиргувчиман. -

26. - Сизлар Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилинглар. (Агар Ёлғиз Оллоҳдан ўзга бировга сиғинсангизлар), сизларнинг устингизга аламли азоб Куни (тушиши)дан қўрқаман».
Юқоридаги оятларда Ҳақ таоло кофирларнинг Охират диёрида борар жойлари дўзах эканини, иймон келтириб, Оллоҳга ибодат-итоат қилиб яшаган мўминлар эса, жаннатларга киришларини айтгач ва мўмин билан кофир ўртасидаги фарқ ҳақида ибратли бир мисол келтиргач, энди ушбу оятлардан бошлаб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга таскин-тасаллий бериш учун ва у зотга иймон келтиришдан бош тортаётган мушрик-кофирларга ибрат бўлиши учун аввалги замонларда ўтган, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга чақирганлари сабабли ўз қавмлари тарафидан ёлғончи қилинган бошқа пайғамбарлар ҳақида сўзлайди.
Аввало Ҳақ таоло Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга қадим замонда ўтган одамларни Оллоҳ таолога ширк келтиришдан қайтарган ва уларга биринчи бўлиб Шариат ҳукмларини келтирган Нуҳ алайҳис-салом ҳақида хабар бериб, уни ўз қавмига элчи қилиб юборганини таъкидлайди.
Нуҳ алайҳис-салом Одам алайҳис-саломдан кейин Ер аҳлига юборилган биринчи элчидир. У илк марта инсонларга қизлари, опа-сингиллари, амма-холалари ва бошқа яқин қариндошлари маҳрам эканликларини, яъни, уларга уйланиш Оллоҳ таолонинг Шариатида ҳаром қилинганини етказган элчидир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Нуҳ алайҳис-салом қирқ ёшга чиққанида ўз қавмига пайғамбар қилиб юборилган. Нуҳ деб номланишининг сабаби, у зот ўз ишига надомат қилиб кўп навҳа тортиб - фарёд қилиб йиғлар экан. Нуҳни йиғлатган иш қандай иш эди, деган саволга уламолар турлича жавоб қилганлар. Айримлари Оллоҳ таолодан ўз қавмини ҳалок қилишини сўраб дуо қилгани учун афсус-надомат чекиб йиғлаган, десалар, айрим уламолар Оллоҳ таолодан ўзининг осий ўғли Канъонга нажот беришини сўраб дуо қилгани учун дейдилар. Яна бошқалари эса бир ибратли воқеани ривоят қилишиб: Нуҳ бир мохов дардига йўлиқиб баданлари ириб кетган итнинг олдидан ўтиб қолиб, ундан жирканганидан: “Йўқол, эй тасқара!”, деб ҳақорат қилган эди, шу онда Оллоҳ таоло унга ваҳий юбориб: “Сен итни ҳақорат қилдингми ёки уни шундай бедаво дардга мубтало қилган Меними?”, деди. Яратганнинг бу танбеҳидан кейин Нуҳ йиғидан тўхтамади, дейдилар.
Ана ўша буюк зотни - одамзотнинг Одам алайҳис-саломдан кейинги иккинчи отаси бўлмиш Нуҳ алайҳис-саломни Ҳақ таоло Ўзининг элчиси қилиб сайлагач, у бутларга сиғинадиган мушрик қавмига қараб: “Эй қавмим, сизлар бу жонсиз бутларга эмас, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилинглар! Чунки сизлар ибодат қилиб сиғинишингиз дуруст бўлган Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ таолонинг Ўзидир. Агар сизлар менинг бу даъватимга итоат этмай, ширкингизда оёқ тираб туриб олсангизлар, у ҳолда мен сизларнинг Буюк Кун (яъни, Қиёмат Кунининг) азобига гирифтор бўлишингиздан қўрқаман”, деди. Аммо улар ўзларига Оллоҳ таоло томонидан юборилган элчининг сўзига ишонмадилар.
Ояти каримада Қиёмат Кунида кофирлар гирифтор бўладиган азобни “аламли азоб” деб сифатланиши у азобнинг бениҳоя қаттиқ бўлишига ишорадир. Яъни, у шу қадар оғир азобки, қаттиқлигидан гўё ўша азобнинг ўзи ҳам қийналиб кетади.
Аммо тошдил мушрикларга бу сўзлар кор қилмади.

27. Бас, унинг қавми орасидаги кофир бўлган кимсалар: «Бизлар сени ҳам ўзимизга ўхшаган оддий одам деб биламиз ва сенга фақат ичимиздаги пасткаш (ялангоёқ) кимсалар ўйламасдан эргашганини кўрмоқдамиз. Бизнингча, сизларнинг биздан бирон ортиқча жойингиз йўқ, балки биз сизларни ёлғончи, деб ўйламоқдамиз», дедилар.
Яъни, у динсиз қавмнинг катталари, эл устида юрадиган бой-бадавлат кишилари Нуҳ алайҳис-саломнинг сўзини инкор қилдилар, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишни адашиш деб, Нуҳ ва унга иймон келтирган оз сонли мўминларни эса ёлғончилар деб баҳоладилар. Чунки улар ўзлари сиғинадиган бутлари Оллоҳ таоло олдида уларни шафоат қилади, гуноҳларини Оллоҳдан сўраб беради деб эътиқод қилар эдилар. Шунинг учун Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилиш кераклигини айтган Нуҳ алайҳис-саломни тамоман адашиб, нотўғри йўлга чақиряпти деб гумон қилдилар. Қавмнинг катталари Ҳақ Йўлга юрмагач, қолганлари ҳам уларга эргашиб мушрик ҳолларида қолдилар.
У адашган қавм ўзларича Нуҳ пайғамбарга иккита “айб” қўйдилар. Биринчиси, уларнинг наздида Нуҳ ҳам бошқа одамлар каби бир одам бўлгани сабабли Оллоҳнинг элчиси бўлиши мумкин эмас эмиш. Дарҳақиқат, залолат аҳлининг ишлари жуда кулгилидир: Улар инсонлар орасида пайғамбар чиқишини инкор қиладилар-у, ўзлари оддий тош ёки ёғочни олдиларига кўйиб олиб “Мана шу бизнинг илоҳимиз бўлади”, деб ўша тошга қараб чўқинаверадилар!
У жоҳил қавм наздида Нуҳнинг иккинчи “айб”и унга фақатгина қавмдаги фақир-мискин кишилар эргашгани экан.
Пайғамбарлар тарихига қаралса, ҳар доим уларнинг даъватларига ўзлари юборилган қавмнинг зодагон, бой-бадавлат кишилари қарши туришгани кўрилади. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам такрор-такрор айтилган: “Биз қайси бир қишлоқ-шаҳарга бирон огоҳлантиргувчи (пайғамбар) юбормайлик, албатта у жойнинг боёнлари «Аниқки, биз сизлар элчи қилиб юборилган динга кофирдирмиз», дедилар”. (Сабаъ сураси, 34-оят). “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), шунингдек, Биз Сиздан илгари бирон қишлоқ-шаҳарга бирон огоҳлантиргувчи - пайғамбар юбормадик, магар (юборганимизда) у жойнинг боёнлари: «Биз ота-боболаримизни бир миллат - дин устида топганмиз ва албатта, бизлар уларнинг изларидан эргашгувчидирмиз», деганлар”. (Зухруф сураси, 23-оят).
Қолаверса, аксари мол-давлат ва салтанат эгалари бошқалар уларга итоат этишига ўрганиб қолганлари учун ўзлари бировга эргашишни - агар у биров Оллоҳ таоло юборган элчи бўлса ҳам - ор деб биладилар, бошқача айтганда, тўплаган мол-давлатлари аксари ҳолларда уларни Ҳақ Йўлга юришдан тўсиб туради. Фақир-мискин кишиларда эса бундай тўсиқлар йўқдир. Шунинг учун ҳам узун тарих давомида Оллоҳ таоло юборган пайғамбарларга аввал-бошда камбағал-бечора кишилар иймон келтириб, итоат этганлари маълумдир.
Бунинг бир мисоли, Рум мамлакатининг подшоҳи Ҳирақл Макка зодагонларидан бўлган Абу Суфёндан Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг сифатлари ҳақида сўраб-суриштирганида сўз орасида: “Муҳаммадга одамларнинг бой-бадавлат зодагонлари эргашдиларми ёки заиф-бечораларими?!, деб сўраган эди, Абу Суфён: “Унга заиф-бечоралар эргашдилар”, деди. Шунда Ҳирақл: “Оллоҳнинг элчиларига одатда камбағал-бечоралар эргашадилар”, деди. (“Тафсири Мунийр”дан).

28. (Нуҳ) деди: «Эй қавмим, хабар берингизчи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ Ҳужжатга эга бўлсам ва У Зот менга Ўз даргоҳидан (буюк) бир Марҳамат - пайғамбарликни ато этган бўлса-ю, аммо бу сизларга қоронғу бўлса, у ҳолда биз сизларни ўзингиз истамаган ҳолда (иймон келтиришга) мажбур қиламизми?! (Йўқ, ундай қилмаймиз, чунки фақат ўз ихтиёрларингиз билан келтирган иймонларингизгина мақбулдир).
Ушбу ва куйидаги оятларда Нуҳ алайҳис-саломнинг ўз қавмига - уни ёлғончи қилган ва унинг айтган холис панд-насиҳатларига кулоқ солмаган ўша жоҳил-динсиз қавмга айтган сўзлари ҳақида хабар берилади: Аввало Нуҳ уларга шундай деди: “Эй қавмим, ўзларингиз айтинглар-чи, агар Роббим Оллоҳ менга Ўз томонидан аниқ Ҳужжат - Ваҳий нозил қилиб, Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишни, турли бут-санамларни Унга ширк келтирмасликни буюрган бўлса ҳамда менга Ўз ҳузуридан буюк Марҳамат - пайғамбарлик ато этган бўлса ва мен Унга иймон келтириб, Амр-Фармонига итоат қилаётган бўлсам-у, аммо сизлар менга Парвардигорим томонидан ато этилган бу аниқ Ҳужжат ва Илоҳий Марҳаматни кўрмасаларингиз-билмасаларингиз, у ҳақда мен сизларга хабар берсам ҳам ишонмасаларингиз, ўзларингиз айтинглар-чи, бу ҳолда биз, яъни, мен ва менга ҳақ пайғамбар деб иймон келтирган оз сонли мўминлар нима қилишимиз керак?”.
Очиқ ҳақиқатни кўра олмаётган сиз жоҳилларни рози қилиш учун ўзимиз билган аниқ Ҳужжатдан воз кечамизми, Ҳақ Йўлдан четланамизми ёки сизларни жаҳолатларингиз сабабли ёмон кўриб турган Ҳақ Динга киришга, Оллоҳ таоло нозил қилган аниқ Ҳужжатга иймон келтиришга мажбур қиламизми?! Йўқ, асло! Биз ҳеч қачон Оллоҳ таоло ато этган Ҳақ Йўлдан қайтмаймиз, шунингдек, сиз жоҳилларни бу Ҳақ Йўлга юришга мажбур ҳам қилмаймиз, балки сизларнинг ишингизни Оллоҳ таолога топширамиз, сизлар ҳақингизда қандай ҳукм қилиш Ёлғиз Унинг Хоҳиш-Иродасига ҳавола, фақатУ хоҳлаган иш бўлади”. (“Тафсири Табарий”дан).

29. Эй қавмим, мен сизлардан бу (даъватим) учун мол-дунё сўра-майман. Менинг ажр-мукофотим фақат Оллоҳнинг Зиммасидадир. Ва мен (сизларнинг сўзингизга кириб) иймон келтирган кишиларни (ҳузуримдан) ҳайдагувчи ҳам эмасман. Чунки улар Парвардигорга рўбару бўлгувчидирлар (бас, агар камбағал бўлганлари учун уларни ҳузуримдан ҳайдасам, албатта Қиёмат Кунида Парвардигорга устимдан шикоят қилурлар). Лекин мен сизларнинг нодон қавм эканлигингизни кўрмоқдаман.
“Эй қавмим, мен сизлардан бу (даъватим) учун мол-дунё сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат Оллоҳнинг зиммасидадир. Ва мен (сизларнинг сўзингизга кириб) иймон келтирган кишиларни (ҳузуримдан) ҳайдагувчи ҳам эмасман”.
Яъни, Нуҳ алайҳис-салом у жоҳил қавмга яна шундай деди: “Эй қавмим, мен сизлардан айтган панд-насиҳатларим учун, сизларни Ёлғиз Оллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмасдан чин ихлос билан ибодат қилишга чақирганим учун менга ҳақ тўланглар деб мол-дунё сўраётганим йўқки, сизлар мен ҳақимда бадгумон қилиб: “Бу Нуҳ дунё тўплаш учун бизларни ўзининг динига чақиряпти”, деб ўйласаларингиз, билиб қўйингларки, мен қилган даъват ва насиҳатларим учун Ёлғиз Оллоҳ таолодан ажр-мукофот умид қиламан”.
“Ва мен иймон келтирган кишиларни (хузуримдан) ҳайдаггувчи ҳам эмасман. Чунки улар Парвардигорга рўбарў бўлгувчидирлар. Лекин мен сизларнинг нодон қавм эканлигингизни кўрмоқдаман”.
Яъни, мен Оллоҳга иймон келтирган, Унинг танҳо Илоҳ эканини тан олган, бутлардан юз ўгирган, мени ҳақ пайғамбар деб ортимдан эргашган кишиларни фақат мискин-бечора бўлганлари сабабли, сизлар каби олий насаб, бой-зодагон бўлмаганлари сабабли ўз ҳузуримдан ҳайдагувчи эмасман. Чунки улар эртага Қиёмат Кунида Парвардигор ҳузурида турганларида Оллоҳ таоло улардан насл-насаб ва мол-давлатлари ҳақида эмас, балки ҳаёти дунёда қандай амал қилганлари ҳақида сўрайди. Бас, агар мен уларни камбағал бўлганлари учун ҳузуримдан ҳайдасам, албатта Қиёмат Кунида Оллоҳ таолога устимдан шикоят қилурлар. Лекин сизлар бу талабингиз билан кишининг улуғ ёки пасткашлигини унинг бой ёки камбағаллиги билан ўлчайдиган нодон қавм эканингизни билдирдингиз”.
Ибн Журайждан ривоят қилинишича, Нуҳ алайҳис-салом ўз қавмини Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга даъват қилганида улардан бир неча мискин-бечора кишилар унга эргашиб Ҳақ Йўлга юрадилар. Аммо қавмнинг бой-бадавлат, насл-насабли зодагонлари эса: “Эй Нуҳ, агар бизлар сенга эргашишимизни истасанг, атрофингдаги анави ялангоёқларни ҳайдаб юбор. Агар ундай қилмасанг, у ҳолда биз ҳеч қачон сенга эргашмаймиз, чунки биз у пасткаш, гадойлар билан бирга бўлишни хоҳламаймиз”, дейишди.
Шунда Нуҳ уларга ояти каримада келтирилган ва куйидаги оятларда келадиган сўзларини айтди.
Жуда олис ўтмишда қолиб кетган у кофир қавм катталарининг ўзларига юборилган пайғамбарлардан талаб қилган нарсаларини кейинги асрларда келган пайғамбарларнинг қавмлари ҳам талаб қилишди. Хусусан, Оллоҳ таолонинг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламдан ҳам Қурайш қабиласининг катталари у зотга чин ихлос билан иймон келтирган Билол, Аммор ибн Ёсир, Абу Ҳузайфанинг қули Солим, Усайднинг қули Солиҳ, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Миқдод ибн Амр, Воқид ибн Абдуллоҳ - Оллоҳ барчаларидан рози бўлсин - каби фақир, мискин саҳобаларни ўз хузурларидан ҳайдаб юборишларини талаб қилишганида, Ҳақ таоло мана бу ояти каримани нозил қилди: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз эрта-ю кеч Парвардигорларининг Юзини истаб Унга илтижо қиладиган зотларни (хузурингиздан) ҳайдаманг! Сизнинг зиммангизда уларнинг ҳисоб-китобларидан ҳеч нарса йўқдир ва сизнинг ҳисоб-китобингиздан уларнинг зиммаларида ҳеч нарса йўқдир. Бас, уларни ҳайдаб золимлардан бўлиб қолманг! (Анъом сураси, 52-оят).
Ушбу оятнинг нозил қилинишига сабаб бўлган воқеа ҳақида турли ривоятлар бор: Салмон ва Хаббоб ибн Арат розияллоху анхумо айтадилар: “Ушбу оят биз ҳақимизда нозил бўлган. Мушрикларнинг катталаридан бир неча кимса Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига келганларида у зотни Билол, Суҳайб, Аммор ва Хаббоб каби мискин-бечора кишилар билан бирга ўтирганларини кўришиб: “Ё Расулуллоҳ, Сиз мана буларни мажлисингиздан ҳайдасангиз, бизлар Сиз билан ҳаммажлис бўлиб, сўзларингизни эшитар эдик”, дейишади. Пайғамбар алайҳис-салом уларга: “Мен мўминларни ҳузуримдан ҳайдамайман”, деб жавоб қилганларида улар: “У ҳолда биз Сиздан ўзимиз учун алоҳида мажлис белгилашингизни, ҳар тарафдан келган араблар бизни Сиз билан бирга кўришиб, фазилатимизни билиб кетишларини истар эдик. Сизнинг олдингизга келган элчилар бизни ана у ялангоёқлар билан бирга кўришларидан уяламиз. Шунинг учун биз олдингизга келганимизда анавиларни чиқариб юборинг, биз туриб кетганимиздан кейин, агар хоҳласангиз, улар билан ҳам ўтираверинг”, дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам у мушрикларнинг иймон келтиришларини истаб, “майли”, дедилар. Улар: “Мана шу келишувимиз ҳақида бизга бир хат ёзиб берсангиз”, дейишган эди, Алий розияллоҳу анхуга бир саҳифа келтириб ёзишни буюрдилар. Биз бир четда ўтирар эканмиз, баногоҳ Жаброил ушбу оятларни олиб тушди. Бас, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам кўлларидаги саҳифани улоқтириб юбордилар ва бизни ёнларига чақирдилар ҳамда “Салом алайкум - сизларга омонлик бўлсин, Парвардигорингиз Ўз Зиммасига Раҳмат-Марҳамат қилишни ёзгандир”, дедилар. Шундан кейин биз у зот билан бирга ўтирадиган бўлдик. Қачон туришни ирода қилсалар, бизни тарк этиб туриб кетаверар эдилар. Сўнг қачонки Оллоҳ таоло: “Сиз ўзингизни эрта-ю кеч Парвардигорларининг Юзини - розилигини истаб, У Зотга дуо-илтижо қиладиган зотлар билан бирга тутинг! Кўзларингиз ҳаёти дунё зийнатларини кўзлаб, улардан ўтиб (ўзга аҳли дунёларга боқмасин)! Ва Биз қалбини Бизни зикр этишдан гофил қилиб қўйган, ҳавойи нафсига эргашган ва қилар иши исрофгарчилик бўлган кимсаларга итоат этманг!”. (Каҳф сураси, 28-оят) оятини нозил қилгач, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам доим биз билан бирга ўтирадиган бўлдилар. Биз у зотга шу қадар яқин ўтирар эдикки, тиззаларимиз тиззаларига тегиб турар эди, турадиган соатлари келганида биз ўрнимиздан туриб у зотга йўл берар эдик. Ўринларидан тургач, бизга: “Алҳамдулиллоҳ, менга ўз умматимдан бўлган қавм билан бирга бўлишни буюрди. Менинг ҳаётим ҳам сизлар билан, мамотим ҳам сизлар билан биргадир”, дер эдилар”. (“Тафсири Бағавий”дан).
Иқтибос келтирилган оятдаги: “Сизнинг зиммангизда уларнинг ҳисоб-китобларидан ҳеч нарса йўқдир ва Сизнинг ҳисоб-китобингиздан уларнинг зиммаларида ҳеч нарса йўқдир. Бас, уларни (ҳузурингиздан) ҳайдаб золимлардан бўлиб қолманг!” жумлалари Макка мушрикларининг мискин-бечора саҳобалар шаънига айтган ноҳақ сўзларига жавобдир. Улар: “Эй Муҳаммад, ана у ялангоёқлар фақат сенинг олдингда қоринлари тўйиб, устлари бут бўлиши учунгина динингни қабул қилганлар”, дейишар эди. Ҳақ таоло уларнинг бу ботил даъволарини рад этиб, Ўз Расулига у мискин саҳобаларнинг ризқлари Сизнинг бўйнингиз-да эмас, Сизнинг ризқингиз уларнинг бўйнида эмас, бас, кофирларнинг қутқуларидан таъсирланиб уларни ҳайдаб золимлардан бўлиб қолманг, деб насиҳат қилади.
“Тафсири Кашшоф”да айтилишича, жумланинг мазмуни - Оллоҳ таоло ҳузурида Қиёмат Кунида уларнинг ҳисоб-китоблари - қилган амалларига яраша оладиган мукофот ё жазолари Сизнинг бўйнингизга тушмайди, Сизнинг ҳисоб-китобингиз уларнинг бўйнига тушмайди, ҳар ким ўз амалидан сўралади, бас, уларни ҳузурингиздан ҳайдаманг, деганидир.

30. Эй қавмим, агар мен уларни ҳайдасам, ким менга Оллоҳдан (яъни, Оллоҳнинг азобидан) ёрдам-нажот берур? Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!
Яъни, эй жоҳил қавм, сизлар кибр-у ҳаво қилиб Ҳақ Йўлга юрмаган пайтингизда, менинг даъватимга қулоқ солиш ўрнига ёлғончига чиқарган, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилмасдан сохта “илоҳларга”, ҳеч кимга ҳеч қандай фойда ҳам, зиён ҳам етказа омлайдиган жонсиз бутларга сиғиниб юрган пайтингизда ўзларини ҳақиқий ақлли инсонлар эканликларини исботлаб Тўғри Йўлга юрган, менинг Оллоҳ таоло томонидан юборилган элчи эканимга иймон келтириб ёнимга келган, айтган панд-насиҳатларимга қулоқ солиб, Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилаётган мўминларни фақат камбағал-бечора бўлганлари учун ҳузуримдан ҳайдаб юбораман-ми?! Агар мен динсиз-иймонсиз кимсаларнинг сўзига кириб Оллоҳ ва Унинг Элчисига иймон келтирган мўмин-мусулмонларни ёнимдан ҳайдаб юборадиган бўлсам, у ҳолда ким менга ёрдам бера олади, ким мени Оллоҳ таолонинг ғазабидан, азобидан асрайди?! Ахир сизлар ўзларингиз-нинг аҳволингиз билан ўша бечора-мискин мўминларнинг қилаётган амалларини солиштириб кўриб, уларнинг ишларидан ибрат олиб, сизлар тутаётган йўл хато эканини билиб инсоф қилсаларингиз бўлмайдими?!

31. Мен сизларга: «Хузуримда Оллоҳнинг хазиналари бор», демайман. Мен ғайбни (кўздан пинҳон нарса ва ҳодисаларни) билмайман. «Мен фариштаман», ҳам демайман. Шунингдек, мен сизлар кўзларингизга илмаётган кишилар ҳақида: «Оллоҳ уларга ҳеч қандай яхшилик ато этмайди», деб ҳам айтмайман. Уларнинг дилларидаги нарсани (яъни, иймон ва ихлосни) Оллоҳ жуда яхши билур. Акс ҳолда (яъни, агар улар тўғрисида юқоридаги сўзларни айтадиган бўлсам), мен албатта золимлардан бўлиб қолурман».
Нуҳ алайҳис-саломнинг ўз қавмига айтган бу сўзлари аввало, у улуғ пайғамбарнинг ҳокисор ва тавозули инсон эканлигини билдирса, иккинчидан, Оллоҳ таоло юборган элчининг шахси ва вазифаси ҳақида аниқ тасаввур қилиш имконини беради.
“Тафсири Бағавий”да ривоят қилинишича, қавмдаги мушрик кимсалар Нуҳ алайҳис-саломга: “Сенга иймон келтирдик, деб эргашаётган кимсалар бу сўзларини фақат зоҳирда - тил учида айтаяптилар, дилларида сенинг пайғамбарлигингга ишонмайдилар”, дейишганида, Нуҳ уларга жавобан: “Мен сизларга: “Ҳузуримда Оллоҳ таоло бошқа одамлардан яширган бойлик, хазиналар бор”, деаётганим йўқки, сизлар мендан ўзимнинг ҳақ пайғамбар эканимни исботлаш учун бошқа ҳеч кимда йўқ мол-давлатга эга бўлишимни ёки одамларнинг дилларидаги яширин сирларини билишимни талаб қилсаларингиз.
Мен Ғайбни - инсон кўзидан пинҳон нарса ва ҳодисаларни билмайман. Бас, менинг ишим одамлар зоҳирда келтирган иймонларини қабул қилишдир. Мен сизларга айтган: “Албатта, мен сизларга (юборилган) очиқ огоҳлантиргувчиман”, (суранинг 25-ояти), деган сўзларим эса ғайб оламида нималар бўлишини билганимдан эмас, балки менга нозил бўлган Илоҳий ваҳийда кофирлар учун Оллоҳнинг азоби борлиги ҳақида сизларни огоҳлантириш буюрилгани учун айтилди.
Сизлар менга: “Бизлар биламизки, сен ҳам худди ўзимизга ўхшаган одамсан”, (суранинг 27-ояти), демоқдасизлар. Ҳолбуки, мен сизларга: “Мен фариштаман деяётганим йўқку?! Менинг инсон зотидан бўлишим эса, Оллоҳ таоло томонидан элчиликка танланишимга монеъ бўлмайди. Сизлар мазкур уч нарсани - менинг Оллоҳ таолонинг хазиналарига эга эмаслигимни, ғайбни билмаслигимни ва фаришта эмаслигимни баҳона қилиб мени ёлғончи демоқдасизлар. Ҳолбуки, мен мазкур уч хислатдан биронтаси менда бор, деб даъво қилганим йўқ-ку?!
“Шунингдек, сизлар ўзингизча ҳақорат қилаётган кишилар ҳақида: «Оллоҳ уларга ҳеч қандай яхшилик бермайди», деб ҳам айт-майман. Уларнинг дилларидаги нарсани (ихлос-иймонни) Оллоҳ жуда яхши билур. Акс ҳолда (яъни, агар улар тўғрисида юқоридаги сўзларни айтадиган бўлсам), мен албатта золимлардан бўлиб қолурман”.
Яъни, “Мен сизлар фақат камбағал-бечора бўлганлари учун кўзларингизга илмасдан “пасткаш-ялангоёқ кимсалар”, (суранинг 27-ояти), деб ҳақорат қилаётганингиз мўминлар тўғрисида сизларга ўхшаб:
“Оллоҳ уларга ҳеч қандай яхшилик ато этмайди”, демайман. Чунки Оллоҳ таоло улар учун Охират диёрида тайёрлаб қўйган нарса сизларга мана шу дунёда берилган нарсадан яхшироқдир. Ажабмас, Оллоҳ таоло уларга ҳар икки дунёда ҳам яхшиликлар ато этса. Зотан, “уларнинг дилларидаги нарсани (яъни, иймон ва ихлосни) Оллоҳ жуда яхши билур”. Бас, агар мен Оллоҳ таолонинг у солиҳ бандалари ҳақида бирон ёмон сўз айтадиган бўлсам, у ҳолда мен ҳам сизларга ўхшаб золимлардан бўлиб қолурман.
Ушбу ояти каримада Нуҳ алайҳис-саломнингўз қавмига айтган сўзлари каби сўзлар кейин келган бошқа пайғамбарлар тарафидан ҳам ўз қавмларига айтилгандир. Жумладан, Ҳақ таолонинг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга Макка аҳлига ушбу сўзларни айтиш буюрилган: “Айтинг: «Мен ўзимга ҳам бирон фойда ёки зиён етказишга эга эмасман. Магар Оллоҳ хоҳлаган ишгина бўлур. Агар ғайбни билганимда эди, яхши ишларни янада кўпайтирган бўлур эдим ва менга бирон ёмонлик етмаган бўлур эди. Мен фақат иймон келтирадиган қавм учун (дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи ва (жаннат неъматлари ҳақида) хушхабар бергувчиман, холос”. (Аъроф сураси, 188-оят).
Ривоят қилинишича, Макка аҳли: “Эй Муҳаммад, Парвардигоринг сенга нима арзон-у нима қиммат бўлиши ҳақида хабар берганида эди, биз нарсаларни арзон пайтида олиб фойдасига сотар эдик, қаерда курғоқчилик бўлиши ҳақида хабар берганида эди, биз серҳосил ерларга кўчиб мўл ҳосиллар олар эдик”, дейишганида Оллоҳ таоло ушбу ояти каримани нозил қилди. (“Тафсири Мунийр”дан).
Ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Расулига одамларга барча иш Оллоҳ таолонинг Қўлида эканини баён қилиб, ғайб илми Ёлғиз УнингЎзига маълум эканини айтишни ва пайғамбарнинг вазифаси кофирларни дўзах азобидан огоҳлантириш, мўминларга жаннат хушхабарини етказиш эканини билдиришни буюради.
Демак, Қуръони Карим ҳукмича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, ўзларига ё бошқа бировга бирон фойда етказишга ёки ўзларидан ё бошқа бировдан бирон зиённи кетказишга қодир эмас эканлар, магар Оллоҳ таоло хоҳласагина қодир бўлар эканлар.
Шунингдек, у зот: “Агар ғайбни билганимда эди, яхши-фойдали ишларни янада кўпроқ қилган бўлур эдим ва менга бирон ёмонлик етмаган бўлур эди”, деб айтишга буюрилдилар.
Муфассирлар ушбу жумлани турлича тафсир қилганлар: Бир тафсирда: “Агар мен Оллоҳ таоло мендан истаган ишни У Зот менга таълим беришидан илгари билганимда эди, ўша ишни илгарироқ бошлаган бўлур эдим”, дейилган бўлса, яна бир тафсирда: “Агар мен қачон жангда ғолиб бўлишимни билганимда эди, бирон жангда мағлуб бўлмас эдим”, деб таъвил қилинади. Ибн Аббос розияллоху анхумо: “Агар мен қаҳатчилик бўладиган йилни билганимда эди, серҳосил, мўл-кўлчилик бўлган йилда ўзимга етарли нарсани ғамлаб олган бўлур эдим”, деб тафсир қилса, яна бошқа бир тафсирда: “Жумланинг маъноси - агар мен бозори юрадиган тижорат қайси эканини билганимда эди, ўша нарсаларни бозори касод бўлган пайтида сотиб олиб қўйган бўлур эдим”, деганидир”, дейилади.
Ҳасан ва Ибн Журайж: “Агар мен қачон вафот қилишимни билганим-да эди, солиҳ амалларни янада кўпайтирган бўлур эдим”, деб тафсир қилганлар. Яна бошқа бир тафсирда эса ушбу Илоҳий жумла бундай тафсир қилинган: “Агар мен ғойибдан тўла хабардор бўлганимда эди, мендан сўраладиган ҳар бир масъалага жавоб қилган бўлур эдим”.
Бир Илоҳий жумла мазмуни ҳақида “Тафсири Куртубий”да келтирилган мазкур тафсирларни ўқиган кишининг хаёлига беихтиёр - ушбу тур-лича тафсирларнинг ҳаммаси ҳам оят мазмунига мувофиқ экани ва айни пайтда улар оят мазмунини тўла шарҳлаб берди деб бўлмаслиги - биргина мана шу ҳолатнинг ўзиёқ Қуръони Азим тенгсиз Илоҳий Мўъжиза эканига, унинг мазмуни соҳилсиз ва тубсиз денгиз каби беҳад теран эканига етарли далилку, деган фикр келади.
Оят ниҳоясида Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламга: “Мен фақат иймон келтирадиган қавм учун (дўзах азобидан) огоҳлантиргувчи ва (жаннат неъматлари ҳақида) хушхабар бергувчиман, холос”, деб айтишлари буюрилади.
Бу жумладан биринчидан, у зотнинг Пайғамбар қилиб юборилишларидан мақсад ва у зотнинг зиммаларидаги вазифалари маълум бўлса, иккинчи томондан, у зоти бобаракотнинг даъватларига фақат иймон келтирадиган кимсаларгина қулоқ тутишлари, тасдиқлашлари ва итоат этишлари аён бўлади.

32. Улар (кофирлар) дедилар: «Эй Нуҳ, мана сен биз билан талашиб-тортишдинг, кўп баҳсу мужодала қилдинг. Энди агар ростгўй-лардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни (яъни, азобни) келтир-чи».
Нуҳ алайҳис-салом ўз сўзлари билан қавмидаги кофир кимсаларнинг турли шубҳа-гумонларини мантиқли, кучли ҳужжат-далиллар билан рад қилиб, улар энди Нуҳни ёлғончи қилишга бошқа баҳона топа олмай қолишгач, мана шу сўзларини айтдилар: “Эй Нуҳ, сен ҳадеб биз билан баҳс-мунозара қилавериб тўйдирдинг. Билгинки, сенинг сўзларинг бизга кор қилмайди, қандай ҳужжат-далил келтирмагин, барибир биз сенга иймон келтирмаймиз, эргашмаймиз. Шунинг учун яхшиси, сен айтган сўзларинг рост эканини амалда кўрсатгин, ўша ваъда қилаётган азобни бошимизга туширгин”.
Улар бу сўзларини қачон бошларига бирон бало келишини ёки қачон Қиёмат қойим бўлишини аниқ билиб олиш учун эмас, балки Оллоҳ таолонинг бу ваъдасига ишонмаганлари учун ва Нуҳ алайҳис-саломни масхара қилиб кулиш учун айтдилар.
Ушбу оятлар мазмунидан, яъни, Нуҳ пайғамбар ўз қавмини Ҳақ Йўлга даъват қилар экан, уларнинг ҳар бир сўзига сабр-тоқат билан ўринли жавоб қилиб, баҳс-мунозара қилишдан чекинмай, уларга ҳақиқатни етказишга ҳаракат қилганидан маълум бўладики, ҳужжат-далиллар билан ҳақиқатни исботлаш пайғамбарларнинг ва уларга иймон келтирган кишиларнинг ишидир. Кўр-кўрона тақлид, жаҳолат ва ноҳақ йўлда оёқ тираб туриб олиш эса динсиз-ақлсиз кимсаларнинг ишидир.

33. (Нуҳ) деди: «Уни сизларга агар Ёлғиз Оллоҳнинг Ўзи хоҳласа келтирур ва сизлар (ўшанда) ҳеч қаёққа қочиб қутула олмассизлар.
Нуҳ алайҳис-салом ўзининг фақат бир огоҳлантиргувчи элчи эканини, Оллоҳ таолонинг хазиналарига эга эмаслигини, ғайбни ҳам билмаслигини айтганидан кейин ҳам жоҳил қавми уни масхара қилиб: “Агар айтган сўзларинг рост бўлса, ўша айтаётган азобингни келтиргин-чи”, дейишгач, у шундай деди: “Сизларни азоблаш менинг кўлимдаги иш эмас, бу иш Ёлғиз Оллоҳнинг Қўлидадир. Бас, агар У Зот хоҳласа, сизларни ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам шундай азобга гирифтор қиладики, сизларнинг саноғингиз ва куч-қувватингиз қанча бўлишидан қатъий назар (ўша замонда Нуҳга эргашган саноқли мўминлардан ташқари ҳамма кофир эди), у азобни ўзларингиздан дафъ қила олмассизлар ёки ундан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмассизлар. Чунки сизлар қаерда бўлсанглар ҳам Унинг қабзасида, салтанати остидадирсизлар”.

34. Агар Оллоҳ сизларни йўлдан оздиришни истаса, мен насиҳат қилишни истаганим билан насиҳатим сизларга фойда бермайди. Парвардигорингиз Унинг Ўзидир ва Унинг Ўзига қайтарилурсизлар».
Яъни, Нуҳ алайҳис-салом қавмига яна шундай деди: “Сизларни азоблаш менинг қўлимда бўлмагани каби сизларни Тўғри Йўлга солиш ҳам менинг қўлимдаги иш эмасдир.
Бас, агар Оллоҳ таоло сизларни йўлдан оздиришни истаса, у ҳолда мен сизларга қанчалар холис панд-насиҳат қилсам ҳам бефойда - сўзларимни қабул қилмайсизлар.
Сизларнинг Эгангиз - барча ишларингизни тасарруф қилгувчи, ҳар бир ишда одил Ҳукми жорий бўладиган Ёлғиз Парвардигорингиз Унинг Ўзидир, Охират диёрида қайтиб борадиганингиз ҳамУнингЎзидир, бас,У қилиб ўтган ҳар бир яхши-ёмон амалингиз учун сизларга Ўз мукофот ва жазосини берур”. Ояти каримада инсонларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилиш ҳам, уларни йўлдан оздириш ҳам Ёлғиз Оллоҳ таолонинг ихтиёридаги иш экани, бу соҳага ҳеч ким - ҳатто Оллоҳ таолонинг элчиси ҳам аралаша олмаслигига ишора қилинади. Бу ҳақда бошқа бир оятда аниқ айтилган.
Мавзу муҳимлигини эътиборга олиб ўша ояти каримани тафсири билан келтириб ўтамиз: “Оллоҳ кимни ҳидоят қилса, ана ўша ҳидоят топгувчидир. У Зот кимни йўлдан оздирса, ана ўшалар зиён кўргув-чидирлар”. (Аъроф сураси, 178-оят).
Ушбу ояти карима ақида борасида аҳли суннат вал-жамоатдан, яъни, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида - тутган Йўлларида барқарор бўлган жамоат сафидан четланган “мўътазила” оқимига қарши Илоҳий Раддиядир. Улар: “Ҳидоят ҳам, залолат ҳам, яъни, Тўғри Йўлга юриш ҳам, адашиш ҳам инсон ихтиёридаги иш”, деб даъво қиладилар. Аҳли суннат вал-жамоат эса, ушбу ояти каримага ва айни мазмунни ифодаловчи қатор бошқа оятларга асосланиб: “Ҳидоят ҳам, залолат ҳам Ёлғиз Оллоҳнинг Қўлида, фақат У ҳидоят қилган инсонгина Тўғри Йўлда бўлади. У Зот йўлдан оздирган кимсалар эса, ҳарчанд уринмасинлар, Тўғри Йўлни топа олмайдилар, балки ўз залолатларини тўғри йўл деб билганлари учун Тўғри Йўлни топишга уринмайдилар ҳам, демак, бир умр залолат ботқоғида адашиб-улоқиб юриб, дунё ва Охиратда зиён кўргувчилардан бўлиб қоладилар”, дейдилар.
Бу ҳақиқатдир. Чунки ҳар бир иш Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Хоҳиш ва Иродаси билан бўлади, яъни, фақат У хоҳлаган нарса бўлади, У хоҳламаган нарса ҳеч қачон бўлмайди.
Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анҳудан жуда кўп муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда айтилади: “Албатта, ҳамд-сано Оллоҳ учундир. Биз Унга ҳамд айтамиз, Ундан мадад тилаймиз, Ундан мағфират сўраймиз. Биз Оллоҳга ўз нафсимизнинг ёмонликларидан ва амалларимизнинг гуноҳларидан, яъни, гуноҳ ишлар қилишимиздан паноҳ беришини сўраб илтижо қиламиз.
Оллоҳ кимни ҳидоят қилса, уни адаштиргувчи йўқдир, У Зот кимни йўлдан оздирса, уни ҳидоят қилгувчи йўқдир. Гувоҳлик бераманки, ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Ёлғиз Оллоҳнинг Ўзи бордир. Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир, гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Унинг Қули ва Элчисидир”.
Агар эътибор қилсак, ояти каримада “ҳидоят топгувчи” калимаси бирлик шаклида, “зиён кўргувчилар” эса кўплик шаклида айтилди. Уламолар: “Оятдаги бу услуб Ҳидоят - Тўғри Йўл Танҳо эканига, залолатнинг эса турлари жуда кўп эканига далолат қилади”, дейдилар.
Ҳидоят Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Қўлида эканига яна бир мисол мана бу оятдир: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), аниқки, Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топгувчи зотларни яхшироқ Билгувчидир. (Қасас сураси, 56-оят).
Ушбу оят Пайғамбар алайҳис-саломнинг амакилари Абу Толиб ҳақида нозил бўлгандир. Маълумки, Абу Толиб Муҳаммад алайҳис-саломни бо-лалик чоғларидан бошлаб ўз оталиғига олиб, то умрининг охиригача ҳам у зотга ҳомийлик қилган бўлса-да, ўзи Исломга кирмаган эди. Абу Толиб Пайғамбаримизни ўз ўғлидек яхши кўрар ва у зотни мудом бошқа мушрикларнинг хуружларидан ҳимоя қилиб келар эди. Шунингучун ҳам унга ўлим соати яқинлашганида Пайғамбар алайҳис-салом уни кофир ҳолда ўлиб кетишини истамай: «Эй амаки, «Ла илаҳа иллаллоҳ» денг, мен Қиёмат Кунида сизни мўмин ҳолда вафот қилган деб гувоҳлик берай», деганларида, у: «Мен сенинг йўлинг ҳақ эканлигини биламан, аммо одамлар: «Абу Толиб ўлимдан қўрқиб иймон келтирди», дейишларини хоҳламайман», деб жавоб берган экан. Шунда, ўзининг суюкли амакиси дунёдан беиймон кўз юмаётганидан беҳад ғам-ғуссага тўлган Пайғамбарига Ҳақ таоло юқоридаги оятни нозил қилган.

35. Ёки улар (яъни, Қурайш кофирлари): «Уни (яъни, Қуръонни Муҳаммаднинг) ўзи тўқиб олган», дейдиларми? (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Агар уни мен ўзим тўқиб олган бўлсам, гуноҳим ўз бўйнимда. Аммо мен сизларнинг қилаётган жиноятингиз - кофир-лигингиздан покман».
Ушбу оятнинг Нуҳ пайғамбар ҳақидаги қисса ўртасида келишига сабаб - Қурайш кофирлари ҳам, Нуҳ қавмидаги кофирлар ҳам бир тоифа эканлигидан огоҳлантиришдир.
Муқотил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган бу тафсирга кўра оят мазмуни шундай бўлади: Балки Макка мушриклари Қуронни ва ундаги Нуҳ ҳамда унинг қавми ҳақида берилган хабарларни Муҳаммаднинг ўзи тўқиб олган дерлар?! Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз уларга жавобан айтингки: “Агар фаразан Қуръонни ёки ундаги бирон калимани мен ўз томонимдан тўқиб олиб, сизларга Оллоҳ ваҳий қилди, деб ёлғон сўзлаётган бўлсам, бу гуноҳимга жазо олишим аниқдир, аммо агар мен сизларга Ҳақ Каломуллоҳни етказаётган бўлсам, у ҳолда мени ёлғончи қилаётганларингиз учун албатта Оллоҳ таоло сизларни жазолар ва мен сизларнинг қилган гуноҳларингизга жавобгар бўлмасман”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу оят тафсирида: Ояти каримада сўз Нуҳ алайҳис-саломнингўз қавми билан қилган савол-жавоби ҳақида боради. Чунки бу оятдан илгари ҳам, ундан кейин ҳам фақат Нуҳ ва унинг қавми ҳақида хабар берилади, демак, сўз ана ўшалар тўғрисидадир”, дейди.

36-37. Нуҳга ваҳий қилиндики: «Қавмингдан фақат (аввалда) иймон келтирган кишилардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмайди. Бас, сен уларнинг (яъни, ҳануз иймон келтирмаган кимсаларнинг) қилмишларидан қайғурмагин ва Бизнинг кўз ўнгимизда (яъни, ҳифзи-ҳимоямизда) ва Бизнинг ваҳий - таълимимиз билан бир кема ясагин ва энди золим кимсалар ҳақида (яъни, уларга нажот беришимни сўраб) Менга хитоб-илтижо қилмагин. Улар шак-шубҳасиз, ғарқ қилингувчидирлар».
Ушбу оятлар тафсирида “Маолимут-танзил” китобида Заҳҳок Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Нуҳ алайҳис-салом Оллоҳ таолонинг Амри билан ўз қавмини Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга даъват қилар экан, улар бу даъватни қабул қилиш ўрнига Нуҳни то беҳуш бўлиб йиқилгунича уриб хароба уй ичига ташлаб юборар эдилар ва ўзларича энди Нуҳ ўлди, деб хотиржам бўлганларида эртаси куни у ташланган жойидан чиқиб яна уларни Оллоҳ азза ва жалла буюрган Ҳақ Йўлга даъват қилаверар эди.
Ривоят қилинишича, у кофир қавмдан бўлган бир кекса чол ёш боласини етаклаб олиб, асосига суянганича келди-да, Нуҳни кўрсатиб: “Эй ўғилчам, яна сени мана бу ақлдан озган чол алдаб қўймасин”, деди. Шунда боласи унга: “Эй ота, асойингни менга бериб тургин”, деди ва асони отасидан олиб у билан Нуҳни шу қадар қаттиқ урдики, унинг зарбидан Нуҳнинг боши ёрилиб қон оқа бошлади. Бас, мана шунда Оллоҳ азза ва жалла унга: “Эй Нуҳ, қавмингдан фақат (аввалда) иймон келтирган кишилардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмайди. Бас, сен уларнинг (яъни, ҳануз иймон келтирмаган кимсаларнинг) қилмишларидан қайғурмагин, албатта, мен уларни ҳалок қилиб, сени уларнинг кўлларидан халос қилурман”, деб ваҳий юборди. Ана ўшанда Нуҳ алайҳис-салом: “Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин”, (Нуҳ сураси, 26-оят). деб дуо қилади.
“Тарихи Табарий” китобида Муҳаммад ибн Исҳоқ Убайд ибн Умайр Лайсийдан ҳикоя қилиб айтади: “Улар (яъни, Нуҳ алайҳис-саломнинг қавми) уни қийнаб, то ҳушидан кетгунича бўғишар, аммо у ўзига келиши билан: “Парвардигорим, қавмимни мағфират қилгин, улар билмаганлари учун шундай қилмоқдалар”, деб дуо қилар эди. Шу тарзда йиллар ўтди, аммо у кофир қавм Нуҳга иймон келтириш ўрнига унга етказган бало-мусибатлари қаттиқлаша борди. Нуҳ эса бу авлод ўтса кейинги авлод ўнгланиб қолар деб интизор бўлиб кутар эди, лекин кейинги асрда аввалги асрдан ҳам иймонсизроқ авлод келар эди. Ҳатто кейинги келганлар бир-бирларига Нуҳ алайҳис-саломни кўрсатиб: “Мана бу жинни чол оталаримиз ва боболаримиз замонида ҳам бор эди”, дейишар, унинг бирон сўзини қабул қилиш-мас эди. Шунда Нуҳ Оллоҳ таолога арз қилиб: “Парвардигорим, албатта мен қавмимни кеча-ю кундуз (Ёлғиз Ўзингга ибодат қилишга) даъват этдим. (Аммо) менинг даъватим уларга фақат (Ҳақ Йўлдан) қочишни зиёда қилди, холос”, деди ва дуо-илтижоси ниҳоясида: “Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин”, деди. (Нуҳ алайҳис-саломнинг Парвардигорга қилган дуо-илтижолари батафсил ҳолатда Нуҳ сурасида баён қилинган). Бас, шунда Оллоҳ таоло унга: “Бизнинг кўз ўнгимизда ва Бизнинг ваҳий - таълимимиз билан бир кема ясагин ва энди золим кимсалар ҳақида Менга хитоб-илтижо қилмагин. Улар шак-шубҳасиз, ғарқ қилингувчидирлар”, деб ваҳий юборди”.
Яъни, Ҳақтаоло Нуҳ алайҳис-саломга нажот кемасини ясашни буюрди ва бу ишда унга Ўзи таважжуҳ қилиб, таълим беришини айтди.
Ибн Жарир Табарий ривоят қилишича, Жаброил алайҳис-салом Нуҳнинг олдига тушди ва: “Роббинг Оллоҳ азза ва жалла сенга кема ясашингни буюради”, деди. Нуҳ: “Мен дурадгор бўлмасам кемани қандай ясайман?” деган эди, у айтди: “Роббинг: “Сен кемани ясайвергин, чунки сен Менинг кўз ўнгимдасан (яъни, Мен Ўзим сенга боқиб, ваҳий орқали таълим бериб тураман)”, демоқда”. Шундан кейин Нуҳ қўлига тешани олдида, ҳеч хато қилмай Оллоҳ таоло буюрган кемани ясай бошлади.
Ояти каримадаги: “Золим кимсалар ҳақида Менга хитоб-илтижо қилмагин! Улар шак-шубҳасиз ғарқ қилингувчидирлар” жумлаларини муфассирлар: “Энди Мендан кофирларга муҳлат беришимни, яъни, уларни ҳалок қилмаслигимни сўрамагин, чунки Мен уларни тўфон балоси билан ғарқ қилиб юборишни ҳукм қилдим”, деб тафсир қиладилар. Айрим уламолар эса бу жумлаларни: “Эй Нуҳ, сен Мендан ўғлинг Канъон ва хотининг Воилага нажот беришимни сўрамагин! Албатта, у иккиси ҳам кофир қавм билан бирга ҳалок бўлгувчидир”, деб тафсир қилганлар.

38. У кемани ясар экан, қачон олдидан ўз қавмидан бўлган (кофир) кимсалар ўтсалар, уни масхара қилиб кулдилар. У деди: «Агар (бугун) сизлар бизнинг устимиздан кулсангизлар, бас, яқинда худди сизлар кулганингиз каби биз ҳам сизлар(нинг устингиз)дан кулурмиз.
Қачонки Оллоҳ таоло мазкур кемани қуришни буюргач, Нуҳ алайҳис-салом яқин атрофида дарё-денгиз бўлмаган бир қуруқликда ёғоч-темирларни тўплаб-йиғиб жуда катта бир кемани ясай бошлади. Шунда қурилиш ишлари билан машғул бўлиб бир оз чалғиган Нуҳнинг олдига қавми келиб, унинг устидан кула бошладилар. Улар: “Эй Нуҳ, нима қуряпсан?” дейишган эди, у: “Сувда юрадиган уй қуряпман”, деб жавоб қилди. Улар Нуҳнинг сўзидан ҳайрон бўлишиб, кулишиб: “Эй Нуҳ, энди пайғамбарлигингни қўйиб дурадгор бўлиб олибсан-да”, деб уни масхара қилдилар. Аммо Нуҳ алайҳис-салом у кофир қавмнинг озорларига парво қилмай: “Агар сизлар бугун бизнинг қилаётган бу ишимиздан кулаётган бўлсангизлар, эртага сизлар сувга ғарқ бўлаётганингизда биз ҳам куладиган вақт келади”, деб ўз ишини қилаверди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Нуҳ кемани икки йилда қуриб битирди. Кеманинг узунлиги уч юз газ (қўлнинг елкадан бармоқ учигача бўлган узунлиги, етмиш сантиметр атрофида). Эни эллик газ, баландлиги эса ўттиз газ бўлди. Кема уч қаватли бўлиб, Нуҳ унинг пастки қаватига йиртқич ҳайвонларни ва ҳашаротларни жойлаштирди, ўрта қаватига судралиб юргувчи ва чорва ҳайвонларини жойлаб, юқори қаватда ўзи ва у билан бирга бўлган мўминлар керакли нарсалари билан жойлашдилар”.
Каъбул-аҳбор розияллоҳу анҳудан Нуҳ кемани ўттиз йилда қуриб битирди, деган ривоят ҳам бор.
Шунингдек, кема ҳажми ҳақида ҳам турли ривоятлар келган. Ҳасани Басрий розияллоҳу анҳу: “Кеманинг узунлиги бир минг икки юз газ. Эни олти юз газ эди”, дейди. Лекин Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган аввалги сўз аниқроқдир. (“Тафсири БағавшГдан).
“Руҳул-маъоний” тафсирида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Оллоҳ таоло Нуҳга кема ясашни буюрганида, у: “Ё Роббим, кема нима?”, - деб сўради. Оллоҳ таоло: “Сув юзида сузадиган уй”, - деб жавоб қилган эди, у: “Сув қани (яъни сув йўқ-ку)?”, - деди. Шунда Ҳақ таоло: “Мен хоҳлаган ишимни қилишга Қодирман”, - деди.

39. Бас, яқинда кимга хор-у расво қилгувчи азоб келишини ва (кимнинг) устига мангу азоб тушишини билиб олажаксиз».
Ушбу ояти каримада ҳам Нуҳ алайҳис-саломнинг қавмига айтган сўзлари зикр қилинади. У устидан кулаётган кофир қавмга қараб: “Яқинда устингизга тўфон балоси келиб, биронтангиз қолмасдан ғарқ бўлиб ке-таётганингизда ким хору расво қилгувчи азобга гирифтор бўлишини, яъни, сизлар бугун нажот кемасини ясаётган кишиларнинг устидан масхара қилиб кулаётган кимсалар у кунда сув остида қолиб ҳалок бўлишингизни, Охиратда эса, устингизга мангу азоб тушиб, жаҳаннам ўтида абадий ёнишингизни билиб оласизлар”, деди.

40. Энди қачон (кофирларни ҳалок қилиш ҳақида) Бизнинг Фармонимиз келиб, (Ердан) фавворалар отилган вақтда, (Нуҳга) дедик: «(Кемага) ҳар (жонивордан бир) жуфтдан ва аҳли оилангни чиқаргин. Лекин қайси кимсалар хусусида Бизнинг Сўзимиз (яъни, ғарқ бўлиш ҳақидаги Ҳукмимиз) ўтган бўлса, (уларни тарк қилгин. Булар барча кофирлар ва Нуҳ пайғамбарнинг хотини Воила билан ўғли Канъон эди). Яна иймон келтирган кишиларнинг барчасини (кемага чиқаргин)!» (Нуҳ) билан бирга (Ёлғиз Оллоҳга) иймон келтирган кишилар жуда оз эдилар.
Уламолар ояти каримадаги “таннур” сўзини икки хил тафсир қилганлар. Икрима ва Заҳрий: “Таннурдан мурод Ер юзи, унинг отилиши эса, Ер ёрилиб, ҳар тарафидан сув-чашмалар отилиб чиқишидир”, дейдилар ва сўзларига мана бу оятларни далил қилиб келтирадилар: “Биз осмон дарвозаларини (тинимсиз) қуйилгувчи сув - сел билан очиб юбордик. Ва ерни ҳам ёриб чашмалар чиқариб юбордик. Бас, (осмон ва Ернинг) суви тақдир қилиб қўйилган бир иш (яъни, кофирларни ғарқ қилиб юбориш) устида учрашдилар!”. (Қамар сураси, 11-12-оятлар).
Ҳасани Басрий, Мужоҳид ва Шаъбий эса: “Таннур нон ёпиладиган тандирдир”, дейдилар. Аксари муфассирлар мана шу тафсирни олганлар.
Атийя Ибн Аббос розияллоху анхумодан ривоят қилишича, ояти каримада сўз тошдан ясалган бир тандир ҳақида боради. У тандирда Ҳавво онамиз нон ёпар эди. Кейин у Нуҳ алайҳис-саломга қолди. Бас, Нуҳга: “Қачон мана шу тандир оғзидан олов ўрнига сув отилиб чиқса, дарҳол ўзинг ва асҳобинг кемага мининглар”, деб буюрилди. Яъни, тандирдан сув отилиб чиқиши Оллоҳ таоло Нуҳ алайҳис-саломга билдирган Тўфон балосининг вақти келганига белги қилинди.
Ҳақ таоло Нуҳга жамийки жонзотдан бир жуфтдан, яъни, бир эркак ва бир урғочисини, шунингдек, ўз оиласидан фарзандларини хотинлари билан бирга ва ким Нуҳни Оллоҳнинг элчиси деб иймон келтирган бўлса, ана ўшаларнинг барчасини кемага олишни буюрди. Фақат кофир бўлганлари учун Оллоҳ таоло томонидан ҳалокатга ҳукм қилинган кимсаларни кемага чиқармаслик буюрилди. Не тонгки, ҳалок бўлгувчилар қаторида Нуҳ пайғамбарнинг аёли Воила ҳам бор эди. Бу хиёнаткор аёл ҳақида бошқа бир сурада шундай хабар берилади: “Оллоҳ кофир бўлган кимсалар (ва уларни мўминлар билан бирга ҳаёт кечиришлари ҳам Оллоҳнинг азобидан қутқара олмаслиги) ҳақида Нуҳнинг аёли ва Лутнинг аёлини мисол келтирди. У иккиси Бизнинг бандаларимиздан икки солиҳ банда қўл остида эдилар. Бас, у (аёл)лар (Нуҳ ва Лутга) хиёнат қилган эдилар, (Нуҳ ва Лут) Оллоҳ(нинг азоби)дан бирон нарсани у иккисидан даф қила олмадилар ва (уларга): «Киргувчилар билан бирга дўзахга киринглар!», дейилди”. (Таҳрим сураси, 10-оят).
Нуҳнинг бир фарзанди Канъон ҳам мўминлар қаторида кемага минмасдан ҳалок бўлди. Бу ҳақда кейинги оятларда баён қилинади.
Иймон келтириб Нуҳ пайғамбар билан бирга кемада нажот топган кишиларнинг саноғи жуда оз эди.
Ибн Аббос розияллоху анҳумо айтади: “Нуҳга ўз қавмидан фақат саксон киши иймон келтирди. Улардан учтаси Нуҳнинг ўғиллари Сом, Хом ва Ёфаз ҳамда учовларининг аёллари бўлиб, бу олтовлари ҳам ўша саксонта мўминнинг ичида эдилар. Қачонки тўфон босилиб, кема тўхтаб, ерга тушганларидан кейин улар бир қишлоқ бино қилдилар. У қишлоқ ҳозир ҳам Мавсил ноҳиясида мавжуд бўлиб, номи Саксон қишлоғидир”. (“Тафсири КуртубшГдан).
Имом Аҳмад ўз “Муснад” китобида Ваҳб ибн Мунаббиҳдан шундай ривоят қилади: “Қачонки Оллоҳ таоло Нуҳга барча жонзотлардан бир жуфтдан кемага чиқаришни буюрганида, у: “Шер билан молни, бўри билан қўйни, мушук билан каптарни қандай қилиб бир кемага чиқараман?”, - деган эди, Оллоҳ таоло: “Уларнинг ўртасига ким адоват солган?”, - деб сўради. Нуҳ: “Сен Ўзинг, ё Роббим”, - деди. Шунда Ҳақ субҳонаҳу ва таоло: “У ҳолда Мен Ўзим уларни улфат қилиб қўюрман”, - деди. (“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобидан).

41. У деди: «(Оллоҳнинг номи билан) кемага мининглар! (Чунки) унинг юриши ҳам, тўхташи ҳам Оллоҳ номи билан бўлур. Албатта, Парвардигорим Мағфиратли, Меҳрибондир».
Шундай қилиб, Ердаги барча динсиз-кофир кимсалар ҳалок бўлиб кетаётган бир соатда Нуҳ алайҳис-салом нажот кемасига чиқиб омон қолиш бахти насиб этган саноқли мўминларга, кемага қадам қўяр эканлар, ўзларига нажот ато этган Меҳрибон, Мағфиратли Оллоҳ таолонинг номини зикр қилиб, Унга шукроналар айтишни буюрди ва бу кема юриб уларни нажот соҳилига элтиши ҳам, кўзланган манзилга етгач тўхташи ҳам Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Исми билан бўлишини эслатди.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг элчиси Нуҳ алайҳис-салом орқали барча мўмин-мусулмон бандаларига ҳар бир ишни “Бисмиллоҳ” билан бошлашни таълим беради. Инсониятнинг Одам алайҳис-саломдан кейинги иккинчи отаси ҳисобланмиш Нуҳ алайҳис-саломга ҳамда унга итоат этиш билан тўфон балосидан қутулиб қолган мўминларга Ўзининг Кечиргувчи ва Раҳмли Зот эканини таъкидлайди. Дарҳақиқат, агар У Ўз Фазлу Марҳамати билан мўминларнинг қилган гуноҳ-маъсиятларини кечириб юбормаганида, улар ҳам қолган барча жонзот билан бирга сувга ғарқ бўлиб кетган бўлар эдилар ва Ер юзида ҳаёт бутунлай тўхтаган бўлар эди. Лекин Меҳрибон ва Раҳмли Парвардигор бутун борлиқни, жумладан инсонларни то Қиёмат Соати келгунича ҳаёти дунё неъматларидан баҳраманд бўлиб, бу имтиҳон оламида яшашларини ирода қилган эканки, уларга тўфон балосидан нажот бериб, Ер юзида янгидан ҳаёт бошлашлари учун Нуҳ алайҳис-салом ясаган кемага чиқишларини буюрди ва уларга нажот бергувчи бу кема ҳам, уни ясаган Нуҳ ҳам эмас, балки Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи эканини билишлари учун кемани фақат Оллоҳнинг Исми зикр қилинса юра-диган қилиб кўйди. Заҳҳок айтади: “Нуҳ кемани юргизмоқчи бўлса “Бисмиллоҳ”, дер ва кема юрар эди, уни тўхтатмоқчи бўлганида ҳам, “Бисмиллоҳ”, дер ва у тўхтар эди”. (Куртубий ва Бағавий тафсирларидан).
Қадим замонда бўлиб ўтган бу тарихий воқеани эслатиш билан Қуръони Азим бизга дунё ва Охиратдаги нажотимиз Оллоҳнинг Исмини зикр қилишимизда эканини, яъни, ҳар бир ишда, ҳар вақт Оллоҳ таолони ёдимизда тутиб, У буюрган ишларни қилиш ва У қайтарган ишлардан қайтиш билан Унинг паноҳида нажот топишимиз мумкинлигини уқтиради. Демак, диллари ва тилларида Оллоҳнинг зикри билан Унинг Йўлида собитқадам бўлган инсонлар қачон ва қаерда яшашларидан қатъий назар нажот кемасидадирлар. “Дарҳақиқат, Биз у (тўфон балоси)ни бир оят-ибрат қилиб қолдирдик. Бас, бирон эслатма-ибрат олгувчи борми?!”. (Қамар сураси, 15-оят).
Ўрганаётганимиз ояти карима тафсирида “Танвирул-азҳон” китобида бир ажиб ва ибратли ҳикоят келти-рилибди: “Нуҳ алайҳис-салом Оллоҳ таолонинг Амри билан кема ясаётганида олдидан бир кампир ўтиб қолди. У Нуҳга иймон келтирганлардан эди. Нуҳдан нима қилаётганини сўраган эди, у кема ясаётганини айтиб: “Оллоҳ таоло яқинда кофирларни тўфон балоси билан ҳалок қилади, мўминларга эса мана шу кемада нажот беради”, деди. Шунда кампир Нуҳдан ана ўша тўфон вақти келганида унга хабар бериб қўйишини ўтинди ва ўзи ҳам бошқа мўминлар билан бирга кемага чиқмоқчи эканини айтди. Аммо қачонки ана ўша вақт келганида Нуҳ алайҳис-салом буюрилган кишиларни ва бошқа жонзотларни кемага чиқариш билан машғул бўлиб, олис бир жойда яшайдиган кампирга хабар бериш ёдидан кўтарилди. Сўнгра...
Сўнгра қачонки тўфон келиб, Ер юзини сув босиб, кофирларнинг барчаси ҳалок бўлиб, мўминлар нажот топиб қуруқ Ерга тушишгач, баногоҳ Нуҳнинг олдига ҳалиги кампир кириб келди ва: “Эй Нуҳ, менга Ер юзини тўфон босишини айтган эдинг, унинг вақти ҳали келмадими?”, деди. Нуҳ: “Тўфон босди, Оллоҳ таоло айтган иш бўлди”, деди ва бу мўмина аёлга тўфонни кўрсатмасдан, уни кемага чиқармасданоқ шундай буюк балодан нажот берган Оллоҳ таолонинг Қудратидан ҳайратга тушди. Оллоҳ таоло Ўзининг мўмин бандаларини мана шундай ҳимоя қилар экан!”. (“Танвирул-азҳон ” тафсири).

42. (Кема) уларни тоғлардек тўлқинлар орасида олиб кетар экан, Нуҳ бир четда қолган ўғлига нидо қилди: «Эй ўғилчам, биз билан бирга (кемага) мингин, кофирлар билан қолмагин!»
Яъни, Нуҳ алайҳис-саломнинг даъватини қабул қилган мўминлар минган кема қаттиқ бўрон билан келган тўфоннинг шиддатидан пайдо бўлган тоғлардек баланд тўлқинларда чайқалиб, уларни Оллоҳ таоло буюрган тарафга олиб кетар экан, Нуҳнинг кўзи кемага минмасдан бир четдаги баланд жойга чиқиб олиб ёлғиз турган ўғли Канъонга туптди. У отаси Нуҳ алайҳис-салом даъват қилган Ҳақ Динни қабул қилмай онаси Воила билан - пайғамбарнинг жуфти бўла туриб унга хиёнат қилган, яъни мўминларнинг ичида бўлиб - сирларини билиш учун ўзини мўмина қилиб кўрсатган ва натижада Оллоҳ таолонинг Ҳукми билан ҳалок бўлгувчилар қаторига қўшилган онаси Воила билан қолишни танлаган ноқобил ва бадбахт фарзанд эди.
Нуҳуни бир четда турганини кўриб оталик меҳри жўш уриб, ўз пушти камаридан бўлган фарзанди кўз ўнгида сувга ғарқ бўлиб кетишига тоқат қила олмай, унга сўнгги бор нидо қилди: “Болажоним, менинг ҳақ пайғамбарлигимга ишон ва биз билан бирга кемага мингин, кофирлар билан қолмагин, у ҳолда ўшалар билан бирга ҳалок бўласан”. Аммо ноқобил ўғил меҳрибон отанинг охирги нидосини ҳам қабул қилмади -

43. У деди: “Мен ўзимни сувдан сақлайдиган бирон тоққа чиқиб паноҳ топажакман». (Нуҳ) айтди: «Бугун Оллоҳнинг (кофирларни ҳалок қилиш ҳақидаги) Фармонидан бирон сақлагувчи йўқдир, магар Ўзи раҳм қилган кишиларнигина (сақлар)». (Шу пайт) ўрталарини тўлқин тўсиб қўйди-да, (ўғил) ғарқ қилинувчилардан бўлиб қолди”.
У гумроҳ фарзанд шиддат билан Ер юзини босиб, тинмасдан кўтарилаётган сувни оддий сел деб ўйлаб меҳрибон отанинг кемага чиқиш ҳақидаги сўнгги даъватини ҳам рад этди ва баланд тоғлардан бирининг чўққисига чиқиб тўфон балосидан нажот топишини айтди. Нуҳ алайҳис-салом бу кун оддий кунлардан эмаслигини ва бу сув оддий сел эмаслигини, бу кун Оллоҳ таолонинг барча кофирларни қириб ҳалок қилиш ҳақидаги Амр-Фармони тушганини, дунёни босаётган сув эса, Яратганнинг динсиз кофирларга юборган балоси эканини, энди бу бало-офатдан Оллоҳ таолонинг Раҳмат-Марҳамати билан иймон келтириб Ҳақ Динни қабул қилган мўминлардан бошқа бирон кимса нажот топа олмаслигини айтиб тушунтирмоқчи бўлди, аммо шу онда ота билан ўғил ўртасини тоғдек тўлқинлардан бири келиб тўсди ва ноқобил ўғил ғарқ қилиниши буюрилган кофирлар билан бирга сувга чўкиб кетди. Чунки Илоҳий Фармонда ҳалок қилинувчилар рўйхатида унинг номи ҳам бор эди!
Ривоят қилинишича, у кунда Ер юзини босган сув энг баланд тоғнинг чўққисидан қирқ газ баланд бўлган экан. Яна бир ривоятда эса, ўн беш газ баланд бўлган дейилган.
Ҳоким ривоят қилади: “Ўша куни сув кўчаларга тўлиб тоша бошлаганида кофир қавмдан бўлган бир аёл қўлидаги чақалоғидан қўрқа бошлади. У боласини жуда яхши кўрар эди. Бас, у чақалоқни бағрига босганича тоққа чиқиб кетди. Тоғнинг учдан бир қисмига кўтарилиб тўхтаган эди, сув ўша жойга ҳам етиб келди. Аёл яна юқорилаб тоғнинг учдан икки қисмига етганида сув у жойга ҳам етиб келди. Шундан кейин у тоғнинг энг баланд чўққисига чиқиб олган эди, сув кўтарилиб, тоғни бутунлай кўмиб, яна баландлай бошлади, ҳатто тоғ чўққисида турган аёлнинг томоғигача етиб келди. Шунда, у ўзи сув остида қолишига кўзи етгач, боласини боши узра баланд кўтариб олди ва... сув уни боласи билан бирга олиб кетди. Агар Оллоҳ таоло кофирлардан биронтасига нажот берганида, ана ўша она-болага нажот берган бўлар эди”. (“Тафсири Бағавий”ва “Тафсири Куртубий”дан).

44. (Сўнгра); «Эй Ер, сувингни ютгил; эй само, ўзингни тутгил (яъни, ёғишни бас қил»), дейилди. Сув қуриди, Фармон бажарилди ва (кема) Жудий (тоғи) узра тўхтади ҳамда: «Золим қавмга ҳалокат бўлгай», дейилди.
Ушбу ўта ихчам ва бениҳоя фасоҳатли ояти каримада Ҳақ таоло икки оғиз сўз билан инсоният тарихида том маънода янги ҳаётнинг бошланиш нуқтаси бўлиб қолган жуда катта ҳодиса ҳақида хабар берадики, бундай гўзал ва мухтасар ифода қилиш Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолодан ўзга ҳеч кимнинг қўлидан келмайди.
Оятда осмонлар ва Ернинг Эгаси томонидан Ер ва осмонга кофир кимсаларни қириб юбориш учун юборилган тўфон балосини тўхтатиб, Ерда бутунлай янги ҳаёт бошлаш тўғрисида берилган Илоҳий Фармон ҳақида хабар берилади.
Албатта, барча оламлар Парвардигорининг Амр-Фармони дарҳол бажарилди - тўфон босилди, Ер денгиз, дарё ва кўллардаги инсонлар учун керакли бўлган сувдан бошқа, баланд тоғларгача кўмиб юборган барча сувларни бир зумда ютиб ичига сингдириб юборди, осмон ўша онда ёғишдан тўхтади ва Нуҳ алайҳис-салом ҳамда у кишига тобе бўлган мўминлар чиқиб олган нажот кемаси Жудий тоғи устига келиб тўхтади. Ҳақ таолонинг ҳақ пайғамбарига иймон келтирмаган золим қавм эса жуда узокда - уларга азоб қилиб юборилган сув тубида қолиб ҳалок бўлиб кетдилар.
Муфассирлар айтишларича, тўфоннинг бошланиши билан тўхтатилиши ўртасида бир неча ой ўтган экан.
“Тафсири Бағавий”да ривоят қилинишича, Нуҳ алайҳис-салом кемага Ражаб ойининг ўнинчи куни мингач, кема уларни роппа-роса олти ой олиб юрди, шу орада у Байтуллоҳ олдидан ҳам ўтди ва унинг атрофини етти бор айланиб тавоф қилди - Оллоҳ таоло у уйни ғарқ қилмасдан осмонга кўтарган ва унинг ўрни - пойдевори қолган эди - сўнгра улар Муҳаррам ойининг ўнинчи куни кемадан ерга тушдилар. Бас, Нуҳ ўша куни рўза тутди ва ўзи билан бирга нажот топган барча мўминларга Оллоҳ азза ва жаллага шукрона айтиб рўза тутишларини буюрди.
Айрим уламолар Жудий тоғи Мавсил, деган жойда дейдилар, айримлари эса Шомда, деганлар. Аввалгиси машхурроқдир.

45. Нуҳ Парвардигорига нидо қилиб, деди: «Роббим, албатта ўғлим (Канъон ҳам) менинг аҳли оиламдандир ва шубҳасиз, Сенинг (аҳли оиламга нажот бериш хусусидаги) ваъданг ҳақ ваъдадир. Сен энг Адолатли Ҳукм қилгувчисан».
Ибн Жарир Табарийнинг “Жомиул-баён” тафсирида ояти карима шундай тафсир қилинади: “Нуҳ Парвардигорига илтижо қилиб: “Ё Роббим, албатта Сен менга ва аҳли-оиламга сувда ғарқ бўлишдан, ҳалокатдан нажот беришга ваъда қилган эдинг. Ана ўша ваъданг сабабли биз нажот топдик, аммо ўғлим Канъон сув остида қолиб ҳалок бўлди. Ахир ўғлим ҳам менинг аҳлимдан эдику. Сенинг ваъданг ҳақ ваъда эканлигида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ, Сен Ҳақ билан ҳукм қилгувчиларнинг энг Доно, Адолатлисидирсан. Бас, Ўз Ҳукминг билан менга ваъда қилган нарсангни ато этгин - менга ўғлимни қайтариб бергин”, - деди”.
“Танвирул-азҳон” тафсирида эса Нуҳ алайҳис-саломнинг бу нидо-илтижоси Тўфон балоси тўхтаб ерга тушганларидан кейин эмас, балки аввалроқ, Нуҳ билан ўғлининг ўртасини баланд тўлқинлар тўсиб кўйган пайтида, Нуҳ ҳали ўғлининг ҳалок бўлган-бўлмаганини билмаган вақтида айтилган, дейилади.

46. (Оллоҳ) айтди: «Эй Нуҳ, у сенинг аҳлингдан эмас! Албатта у (нинг қилган амали - куфр йўлини тутгани) ёмон амалдир. Бас, ўзинг билмаган нарса ҳақида асло Мендан сўрамагин! Албатта Мен сенга жоҳил-нодонлардан бўлмасликни буюраман».
“Эй Нуҳ, у (яъни, ўғлинг Канъон) сенинг аҳлингдан эмасдир”. Ҳак таоло Ўз элчисига айтган бу сўз Шариати Исломийя наздида динлари бошқа-бошқа бўлган одамлар, гарчи ота-бола бўлсалар-да, бир-бирларига бегона эканликларини билдиради. Бошқача айтганда, диндошлик риштаси қон-қариндошлик алоқасидан муқаддам туришига далолат килади. Шунинг учун Оллоҳ таоло Нуҳга ўз пушти камаридан бўлган ўғли Канъон мушриклардан бўлгани сабабли унинг аҳлидан эмаслигини айтди. Шунингдек, У Зот Канъоннинг Ҳақ Динга даъват қилган Нуҳ алайҳис-саломга - ўз отасига эргашмасдан кофир қавм тарафида қолгани жуда ёмон иш эканини таъкидлаб, “боламга ҳам нажот бергин”, деб Ўзига дуо-илтижо қилаётган Нуҳга ҳаргиз ўзи билмаган нарсани сўрамаслигини буюриб танбеҳ берди ҳамда уни жоҳил кимсалардан бўлиб қолишдан қайтариб панд-насиҳат қилди.
Дарҳақиқат, Нуҳ алайҳис-салом Канъон зоҳирда ўзини мўмин қилиб кўрсатиб юргани сабабли унинг кофирлардан эканлигини билмагани учун Оллоҳ таолодан унга нажот беришини сўраб дуо қилди. Агар билганида, ҳеч қачон кофирга нажот сўрамаган бўлар эди. Чунки унинг ўзи: “Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин. Агар Сен уларни (ҳалок қилиб юбормай, Ер юзида) қол-дирадиган бўлсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирурлар ва фақат кўрнамак, нопок (кимсалар)ни туғиб-кўпайтирурлар”, деб дуо қилган эди. (Нуҳ сураси, 26-27-оятлар).
Ҳасани Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Канъон мунофиқ эди, шунинг учун Нуҳуни мўминлардан деб ўйлаб кемага чиқишга чорлади”. (“Тафсири Куртубий”дан).
Албатта, Оллоҳ таолонинг элчиларидан биронтаси қариндошликни диндан устун қўймаган. Жумладан, Оллоҳнинг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўзларининг қон-қариндошлари бўлган Бани Ҳошим қабиласига мансуб кишиларни: “Эй Бани Ҳошим, (Қиёмат Кунида) одамлар қилган яхши амаллари сабабли менинг ёнимга келганларида сизлар (агар амал қилмасаларингиз) фақат насабла-рингиз (яъни, менга насабдош бўлганларингиз) сабаблигина ёнимга келишни ўйламанглар”, деб огоҳлантирганлар. (Термизий ривояти. “Танвирул-азҳон”ва “Ат-тафсирул-мунийр”китобларидан).
“Мўминун” сурасида келган мана бу оятлар ҳам Қиёмат Кунида ҳеч қандай насл-насаб фойда бермаслигини, киши фақат ўзининг қилган амалига қараб, агар яхши амаллари кўпроқ бўлса, ажр-мукофот, ёмонлик-гуноҳлари кўпроқ бўлса, жазо олишини уқтиради: “Бас, қачон сур чалинганида (яъни, Қиёмат қойим бўлганида) ана у Кунда уларнинг ўрталарида ҳеч қандай насл-насаб қолмас ва улар бир-бирлари билан савол-жавоб ҳам қила олмаслар. Энди кимнинг (яхшилик) мезонлари (ёмонлик-гуноҳларидан) оғир келса, бас, ана ўшалар нажот топгувчидирлар. Кимнинг мезонлари енгил бўлса (яъни, ёмонликлари яхши амалларини босиб кетса) бас, ана ўшалар ўзларига зиён қилибдилар. Улар жаҳаннамда мангу қолгувчидирлар”. (“Мўминун” сураси, 101-103-оятлар).
Демак, ким Оллоҳ таолога ибодат қилмасдан туриб “Мен фалончининг авлодиданман”, деб улуғ инсонларга насабдош эканлиги билан ғурурланиб юрар экан, у Оллоҳнинг Дини ва Шариатини билмайдиган жоҳил кимсадир. Шунингдек, Оллоҳ таолонинг Амрига итоат этмаган динсиз кимсаларнинг ёнини олиш ҳам, гарчи (улар энг яқин қариндош-уруғлардан бўлсалар-да), жоҳил-нодонларнинг ишидирки, Ҳақ таоло Ўз элчиси Нуҳ алайҳис-саломни ана ўшандай жоҳиллардан бўлиб қолишдан қайтариб панд-насиҳат қилди.

47. (Нуҳ) деди: «Парвардигорим, мен Сендан ўзим билмаган нарсани сўрашдан паноҳ тилайман! Энди агар Ўзинг мени мағфират қилиб, Ўз Раҳматингга олмасанг, зиён кўргувчилардан бўлиб қолур-ман».
Яъни, Жаноби Ҳақнинг танбеҳидан кўзи очилиб, дарҳол тавба қилган Нуҳ пайғамбар мазкур сўзларни айтди.
Нуҳнинг бу тавба-тазарруси худди Одам алайҳис-салом ва Ҳавво қилган мана бу тазарруъ кабидир: “Улар: «Парвардигоро, бизлар ўз жонимизга жабр қилдик. Агар Ўзинг бизларни мағфират қилиб, Ўз Раҳ-матингга олмасанг, шубҳасиз, зиён кўргувчилардан бўлиб қолурмиз», дедилар”. (Аъроф сураси, 23-оят).
Яъни, Одам ва Ҳавво Ҳақ таолога ёлвориб: “Парвардигоро, албатта, биз Сенинг Амрингга хилоф иш тутиш ва Сенинг ҳам душманинг, бизнинг ҳам душманимиз бўлган шайтонга итоат қилиш билан ўз жонимизга жабр қилдик, золимлардан бўлиб қолдик. Энди агар Ўзинг бизни гуноҳимиздан ўтиб, тавбаларимизни қабул қилмайдиган бўлсанг, Ўзинг бизга раҳм қилмасанг, у ҳолда биз ўзимизга зиён қилган, бир нафаслик кўнгил хоҳишига берилиб Охиратдаги насибамиздан - мангу бахт-саодатдан маҳрум бўлган кимсаларга айланиб қоламиз”, деб илтижо қилдилар.
Нуҳ алайҳис-салом Ҳақ таоло унга шундай буюк неъмат ато этган бир пайтда - унга ва мўминларга нажот бериб, барча душманларини ҳалок қилиб юборган бир вақтда Яратганга фақат шукроналар айтиш ўрнига Ундан яна Ҳақ Йўлга юришни хоҳламай кофирлар билан бирга қолишни истаган гумроҳ фарзандига нажот беришини сўраши жуда катта хато бўлганини билиб, бундан буён бундай хатога йўл қўйишдан паноҳ беришини сўраб Парвардигорга илтижо қилди ва қилиб қўйган бу хатосини агар Унинг Ўзи Фазлу Марҳамати билан кечириб юбормаса, у ўзига ўзи зиён қилган кимсалардан бўлиб қолишини айтиб ялиниб-ёлворди.

48. (Шунда) айтилди: «Эй Нуҳ, Биз томонимиздан бўлган омон-лик билан ва ўзингга ҳамда сен билан бирга бўлган умматларнинг зурриётларига бўладиган баракотлар билан (кемадан Ерга) тушгин. (Яъни, сен ва сенга иймон келтирган кишиларга Биз томондан тинчлик-омонлик ва файзу баракотлар етар.) Яна бошқа (яъни, кофир) жамоалар ҳам (келурки), Биз уларни ҳам озгина фойдалантирурмиз, сўнгра уларни Биз томондан бўлган аламли азоб тутар».
Юқоридаги оятларда Ҳақ таоло Нуҳ пайғамбар ўз тобелари билан тушган кема Жудий тоғи устида тўхтагани ва фақат ана ўша кемадаги мўмин-лар нажот топиб, ерда қолган барча кофирлар сув-тўфон остида ҳалок бўлгани ҳақида хабар бергач, энди ушбу ояти каримада Нуҳ алайҳис-саломга кемада бўлган инсонлар-у парранда ва даррандалар билан бирга Ерга тушиб, яна янгидан ҳаёт бошлаш буюрилгани зикр қилинади.
Ояти каримада Жаноби Ҳақ Нуҳга ва у билан бирга Ҳақ Йўлга юрган мўминларга Ўз томонидан икки буюк неъматни ваъда қилади. Улардан бири тинчлик-омонлик, иккинчиси, хайру барака неъматларидир. Кофирларни эса ҳаёти дунёда бир оз фойдалантириб - уларга ҳам дунё неъматларидан ато қилиб, сўнгра Охиратда мангу аламли азобга гирифтор қилишини айтади.
Муҳаммад ибн Каъб Қуразий айтади: “Ояти каримада Ҳақ таоло томонидан ваъда қилинган омонлик ва баракот то Қиёматгача дунёга келадиган барча мўмин ва мўминага дахлдордир, аламли азоб эса, то Қиёмат Кунигача келадиган барча кофир ва кофирага дахлдордир”. (“Ал-муктатаф мин уювнит-тафосийр” китобидан).
Демак, ушбу оятда олис мозийда яшаб ўтган, одамзотнинг иккинчи отаси ҳисобланмиш Нуҳ алайҳис-саломга ўз тобелари билан бирга Ерда - тўфон балоси сабабли устидаги барча жонли-ю жонсиз мавжудотдан, ҳатто дов-дарахт ва ўт-ўланлардан ҳам айрилиб қуруқ дашт-саҳрога айланиб қолган Ерда Оллоҳ таолонинг ҳифзи-ҳимоясида янги ҳаётни бошлаш буюрилиб, Ердаги бу ҳаёт энди Оллоҳ таоло ато этган баракот сабабли то Қиёмат Кунигача тўхтамаслиги, Нуҳ ва у билан бирга нажот топган мўминларнинг авлод-зурриётлари ўзларидан кўпайиб, турли умматларга айланиши ҳамда у умматлардан айримлари Нуҳ алайҳис-салом даъват қилган Ҳақ Динда барқарор бўлиб, Оллоҳ таоло ато этган омонликда баракали ҳаёт кечирсалар, айримлари Тўғри Йўлдан адашиб, охир-оқибат аламли азобга дучор бўлишлари ҳақида хабар берилади.
Нуҳ алайҳис-саломнинг зурриётлари то Қиёматгача яшашлари ҳақида бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Дарҳақиқат, Нуҳ (ўз қавми уни ёлғончи қилган вақтда) Бизга нидо-илтижо қилди. Бас, (Биз) нақадар яхши ижобат қилгувчидирмиз; Биз унга ва унинг аҳли-тобеъларига улуғ ғамдан (яъни, сувга ғарқ бўлишдан) нажот бердик. Ва унинг зурриётини (то Қиёмат) боқий қолгувчи кишилар қилиб қўйдик. Ва кейинги (авлод)лар орасида (Нуҳ) ҳақида (гўзал мақтовлар-олқишлар) қолдирдик. Барча оламларда Нуҳга салом (айтилар, яъни, то Қиёмат унинг шаънига фақат мақтов-олқишлар айтилар).” (Вас-соффот сураси, 75-79-оятлар).

49. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), бу (яъни, Нуҳ алайҳис-салом қиссаси) ғайб хабарларидандирки, уларни Сизга Биз ваҳий қилмоқдамиз. Ҳолбуки, (Қуръон нозил бўлишидан) илгари у ҳақда на Сиз ва на қавмингиз билар эдингиз. Бас, Сиз (Ҳақ Динга даъват йўлидаги машаққатларга ва кофирларнинг етказаётган озорларига) сабр қилинг! Албатта оқибат - натижа (Оллоҳдан) қўрқувчи кишиларникидир.
Дархдқиқат, Нуҳ алайҳис-саломнинг қиссаси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг даври саодатларидан неча минг йиллар ав-вал ўтган инсонлар ҳақида ғойибдан келган, яъни, Оллоҳ таоло томонидан ваҳий қилинган хабарлар эди. Чунки хат-саводлари бўлмаган, китоб ўқий олмаган Пайғамбаримиз алайҳис-салоту вас-салом мазкур хабарларни ўзларича билиб олишлари ва бу қадар аниқ тафсилотлар ҳамда далиллари билан айтиб беришлари мутлақо мумкин бўлмаган бир иш экани аёндир. Демак, у зот бундай ғайб оламининг хабарларини фақат Оллоҳ таоло тарафидан юборилган ваҳий орқалигина билишлари мумкин эди. Яъни, ўша узоқ ўтмишда бўлиб ўтган воқеа-ҳодисаларни худди устида тургандек аниқ-тиниқ қилиб айтиб берганларига сабаб, у зотга ўша воқеаларнинг устида турган Ҳақ таолонинг Ўзи аниқ-тиниқ қилиб ваҳий орқали етказган эди. Ояти каримада Жаноби ҲақнингЎзи бу тўғрида гувоҳлик беради.
Сиз (Пайғамбар бўлишингиздан) илгари на Китобни - Куръонни ва на иймонни (яъни, унинг ҳақиқат-моҳиятини) билгувчи эдингиз. Лекин Биз уни (Қуръонни) бир нур қилдикки, у билан бандаларимиздан Ўзимиз хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилурмиз. Албатта, Сиз (ўзингизга тушган ваҳий ёрдамида) Тўгри Йўлга етаклайсиз. У (Йўл) осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Ўзиники бўлган Зот - Оллоҳнинг Йўлидир! Огоҳ бўлингизким, барча ишлар Ёлғиз Оллоҳга қайтур!”. (Шўро сураси, 51-оят).
“Бас, Сиз (даъват йўлидаги машаққатларга ва кофирларнинг етка-заётган озорларига) сабр қилинг! Албатта, оқибат-натижа (Оллоҳ таолодан) қўрқувчи кишиларникидир”.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз ҳам Нуҳ алайҳис-салом каби, мушрик-кофирларнинг Сизга ва асҳобингизга етказаётган озор-азиятларига, Сизни ёлғончи дейишиб, Оллоҳнинг Каломига иймон келтирмаётганларига сабр қилинг, қанчалар қийин бўлмасин, зиммангиздаги элчилик вазифангизни адо қилаверинг, шунда охир-оқибат Сиз ҳам худди Нуҳ каби кофирлар устидан ғолиб бўлурсиз, чунки оқибат-натижа кофир, осийларники эмас, балки Оллоҳдан қўрқадиган, куфр-исёндан ҳазар қи-ладиган кишиларники бўлиши аниқдир.
Албатта, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Яратганнинг бу Амрига ҳам итоат этдилар ва сабр қилишда барча инсонларга буюк ибрат бўлиб қолдилар. Оллоҳнинг Ҳукмига рози бўлиб, бало-мусибатларга сабр қилиб, охир-оқибатда Оллоҳ таоло ваъда қилган нусрат-ғалабага эришдилар. У зотнинг нақадар буюк сабр-тоқат эгаси бўлганлари ҳақидаги айрим хабарлар Юнус сурасининг 109-ояти тафсирида айтиб ўтилди.
Жаноби Ҳақ Макка мушрикларининг тинимсиз етказаётган озорларидан, итоатсизликларидан таскин-тасаллий бўлиши учун Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган бу сабр қиссасида - Нуҳ пайғамбарнинг бу ибратли тарихида Оллоҳ таоло Ўзининг элчиларига ва уларга иймон келтириб итоат қилган киши-ларга албатта нажот бериши аниқ экани баён қилинди.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Албатта, Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (Қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз”. (Ғофир сураси, 51-оят), “Аниқки, Бизнинг пайғамбар бўлган бандаларимиз ҳақида: «Шак-шубҳасиз, улар қўллаб-қувватлангувчидирлар ва шак-шубҳасиз, Бизнинг қўшинимиз (яъни, пайғамбарлар ва уларга иймон келтирган кишилар) ғолиб бўлгувчидирлар», деган Сўзимиз ўтган - собит бўлгандир”. (Вас-соффот сураси, 171-173-оятлар).

50. Од (қабиласига) ўз биродарлари Худни (элчи қилиб юбордик). У айтди: «Эй қавмим, Оллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Сизлар (хилма-хил бутларни) фақат ўзларингиз тўқиб олурсизлар, холос, (яъни, улар ҳеч қандай илоҳ эмасдирлар).
Ҳуд алайҳис-салом қиссаси Оллоҳ таоло ушбу сурада зикр қилган иккинчи қиссадир. Ушбу қисса Аъроф сурасида ҳам бошқача услуб ва ўзгача назм билан зикр қилинган эди.
Ҳуд алайҳис-саломнинг қавми бўлган Од қадимий қабилалардан бўлиб Иброҳим алайҳис-салом замонидан ҳам илгари ўтганлар. Шунинг учун бўлса керак, Қуръони Азимда уларнинг қиссаси Нуҳ алайҳис-салом қиссасидан кейиноқ зикр қилинди. Од қабиласининг манзили Яман мамлакатидаги Уммон ва Ҳазрамавт шаҳарларинингўртасидаги қумтепаларда жойлашган бўлиб, чиройли, боғ-роғли серҳосил ерлар эди. Оллоҳ таоло у қавмга ўзларининг қабиладошлари бўлган Ҳуд алайҳис-саломни элчи қилиб юборди. Шунингучун ҳам ояти каримада: “Одга ўз биродарлари Худни (элчи қилиб юбордик)”, дейилади. Бу жумладан Ҳуд насл-насаб жиҳатидан Од қабиласига мансуб экани билиниши билан бирга у малои-калардан эмас, инсон наслидан экани ҳам маълум бўлди. Демак, у қабиладагилар ўз қавмдошлари бўлган Ҳуднинг сўзларини жуда яхши англаганлари, хулқ-атворидан тўла хабардор бўлганлари сабабли у қилган даъватни дарҳол тасдиқлаб, у айтган йўлга осонлик билан юришлари керак эди.
Ҳуд алайҳис-саломнинг уларга айтган сўзи ҳам илгари ўтган Нуҳ алайҳис-саломнинг ўз қавмига айтган сўзининг айни ўзи эди. Яъни, Ҳуд Од қабиласини Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига ибодат қилишга, Унга ширк келтирмасликка чақириб, уларга Оллоҳ таолонинг азобига гирифтор бўлиб қолишдан қўрқиш кераклигини эслатди. Чунки у қавм мушрик қавм-лардан бўлиб, ўзларича Садо, Самуд ва Хаттор, деб ном қўйиб олган бутларига сиғинар эдилар.
Шунинг учун Ҳуд алайҳис-салом уларга Оллоҳ таоло ҳеч қандай тенги ҳам, шериги ҳам бўлмаган Танҳо Маъбуди Барҳақ эканини айтиб: “Сизлар (хилма-хил бутларни) фақат ўзларингиз тўқиб олурсизлар, холос, (улар ҳеч қандай илоҳ эмасдирлар)”, дейди.

51. Эй қавмим, мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат мени яратган Зот Зиммасидадир. Ахир ақл юргизмайсизларми?!
Яъни, Ҳуд алайҳис-салом ўз қавми бўлган Од қавбиласининг одамларига яна шундай деди: “Эй қавмим, мен сизларни Ёлғиз Оллоҳга ҳеч нарсани ширк келтирмасдан, чин ихлос билан ибодат қилишга чақирганим учун ва сизларга Оллоҳ таолонинг Ҳақ Динини етказганим учун менга ҳақ тўланглар, деб сизлардан мол-дунё сўраётганим йўқки, сизлар мен ҳақимда бадгумон қилиб: “Бу Ҳуд дунё тўплаб бой-бадавлат бўлиш учун бизларни ўзининг динига чақиряпти”, деб ўйласаларингиз. Билиб олинглар, мен қилаётган даъват ва панд-насиҳатларим учун ажр-мукофот ато этишини мени яратган ва Ҳақ Йўлга ҳидоят қилган Оллоҳ таолонинг Ўзидангина умид қиламан. Ахир сизлар ақлларингизни ишлатиб, Ҳақни ноҳақдан, тўғрисўз кишини ёлғончидан ажратиб олсаларингиз бўлади-ку?!”.

52. Эй қавмим, Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз, сўнг Унга тавба-тазарруъ қилингиз, шунда У Зот устингизга осмондан ёмғир қуйдирар ва куч-қувватларингизга яна куч-қувват қўшар. Жинояткор-гуноҳкор бўлган ҳолингизда (менинг даъватимдан) юз ўгириб кетмангиз!».
Ривоят қилинадики, Од қавми ерларига уч йил ёмғир ёғмай қурғоқчилик бўлиб, уларнинг қирилиб кетишларига оз қолган эди. Бу қавм фақат жисмонан кучли бўлганлари сабаблигина зўр-базўр кун кечирар эдилар. Бунинг устига, улар бепуштлик дардига дучор бўлган эдилар. Ушбу ояти каримада Ҳуд алайҳис-салом уларга: «Агар сизлар қилган хато ва исёнларингиз учун мағфират сўраб Парвардигорга тавба-тазарруъ қилсангизлар, Оллоҳ таоло осмондан тўхтаб қолган ёмғирни қайтадан ёғдириб, ерларингизни серсув, унумдор қилур ҳамда куч-қувватларингизни янада зиёда этиб, авлодларингизга янги-янги авлодлар қўшур», деб панд-насиҳат қилгани ҳақида хабар берилади. (“Тафсири Бағавий”дан).
Ояти каримада зикр қилинган истиғфорнинг - Оллоҳ таолодан мағфират сўрашнинг мўмин инсон учун етказадиган манфаати хусусида ҳадиси шарифда ҳам айтилгандир: Абу Довуд ва Ибн Можжа Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким узлуксиз равишда истиғфор айтса, Оллоҳ таоло унинг учун ҳар қандай ғам-ташвишдан қутулар чорани, ҳар қандай тангликдан чиқар йўлни пайдо қилади ва унга ўзи ўйламаган тарафдан ризқ ато этади”, деб марҳамат қилдилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
Аммо Ҳуд алайҳис-саломнинг ўз қавмдошларига нажот йўлини кўрсатиб қилган бу панд-насиҳати, холис даъвати у мушрик қавмга ёқмади ва -

53. Улар дедилар: «Эй Худ, сен бизга (ўзингнинг пайғамбар эканлигингни тасдиқлайдиган) бирон хужжат келтирмадинг. Бизлар сенинг (қуруқ) гапинг билан ўз худоларимизни тарк қилгувчи эмасмиз. Бизлар сенга иймон келтиргувчи эмасмиз.
Яъни, Од қабиласидаги мушриклар ҳам ўзларига юборилган пайғамбар Ҳуд алайҳис-саломга худди Нуҳ алайҳис-саломнинг қавми унга айтган жавобни айтишди. Од қавмининг Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга чорлаган ҳақ пайғамбар Ҳуд алайҳис-саломга бундай ноҳақ муносабат билдиришлари уларнинг қалблари ҳам худди Нуҳни ёлғончи қилган қавмники каби хабис-нопок қалблар эканига далолат қилади. Аммо бошқа бир оятда: “Унинг (яъни, Ҳуд алайҳис-саломнинг) қавмидан кофир бўлган одамлар”, (Аъроф сураси, 66-оятдан), дейилишидан Ҳуднинг қавмидаги ҳамма одамлар ҳам кофир бўлмай, у қавмда Ҳуд алайҳис-саломни ҳақ пайғамбар, деб тасдиқлаб, унга итоат этган мусулмонлар ҳам бўлгани билинади. Дарвоқеъ, Нуҳ пайғамбарнинг қавмида ҳам худди шундай эди, уларнинг орасида ҳам мўмин инсонлар бор эдики, улар тўфон балосида ғарқ бўлиб кетмасдан Нуҳ алайҳис-салом билан бирга нажот кемасида ҳалокатдан қутулиб, соғ-омон қолган эдилар.
Ҳуд пайғамбарни ёлғончи қилган кофирлар: “Эй Ҳуд, сен бизга (ўзингнинг Оллоҳ таоло юборган элчи эканингни тасдиқлайдиган) бирон ҳужжат келтирмадинг”, дейиш билан унга тухмат қилдилар. Чунки ҳадиси шарифда айтилишича, Оллоҳ таоло юборган ҳар бир пайғамбарга унинг ҳақ пайғамбар эканини тасдиқлайдиган бир мўъжиза ҳам ато этил-ган ва унга иймон келтирган кишилар ана ўша мўъжизаларни кўриб иймон келтирганлар. (“Тафсири Абис-Сауд”дан). Демак, гарчи Қуръони Азимда ўтган ҳар бир пайғамбарнинг ўз қавмига кўрсатган мўъжизаси батафсил баён қилинмаган бўлса-да, уларнинг ҳар бирига ўзига хос Илоҳий мўъжизалар ато этилгани аниқдир. Бас, Од қабиласидаги кофирлар ҳам Ҳуд алайҳис-саломга у зот бирон ҳужжат - мўъжиза келтирмагани учун эмас, балки ўзларининг ўта қайсар қавм бўлганлари ва динсиз ўтган аждодларига кўр-кўрона тақлид қилганлари учун кофир бўлдилар. Шунинг учун ҳам бошқа бир оятда хабар берилишича, Ҳуд алайҳис-саломга: “Улар: «Сен бизларни Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга ва ота-боболаримиз сиғиниб ўтган бутларни тарк қилиш (га даъват этиш) учун келдингми? У ҳолда, агар ростгўй кишилардан бўлсанг, бизга ваъда қилаётган нарсангни (яъни, Оллоҳнинг азобини) келтиргин-чи?», де-дилар”. (Аъроф сураси, 70-оят).

54-55. Бизлар фақат: “Сени худоларимиздан биронтаси, бир бало (яъни, мажнун) қилиб қўйган”, деймиз, холос”. (Ҳуд) айтди: “Албатта, мен Оллоҳни гувоҳ келтираман, яна ўзларингиз ҳам гувоҳ бўлингларки, мен сизларнинг Оллоҳни қўйиб, (Унга сохта-ёлғон “худо”ларни) шерик қилишингиздан безорман. Ана энди барчангиз бир бўлиб, менга қарши билган ҳийлангизни қилаверинглар. Кейин менга муҳлат ҳам бермай қўя қолинглар. (Яъни, қўлингиздан келган ҳийла-найрангларингизни дарҳол, кечиктирмай қилаверинглар).
“Бизлар фақат: “Сени худоларимиздан биронтаси бир бало (яъни, мажнун) қилиб қўйган”, деймиз, холос”.
Кофирларнинг Ҳуд алайҳис-саломга айтган бу сўзлари уларнинг нақадар ақлсиз қавм эканликларини кўрсатади.
У динсиз кимсалар Ҳуд пайғамбар уларнинг бут-санамларини ҳеч қандай илоҳ эмаслигини айтгани учун ўша жонсиз, демак, ҳеч кимга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган тошлар Ҳудни ақлидан жудо қилиб қўйган, шунинг учун Ҳуд уларни Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга чақиряпти, деб ўйлаган эдилар. Улар бу сўзлари билан Ҳуд алайҳис-саломни қўрқитмоқчи бўлдилар. Шунда Ҳуд алайҳис-салом у кофир қавмга қарата ўзининг ҳақ пайғамбар эканига яна бир аниқ далил бўладиган мана бу сўзларини айтди: “Албатта, мен Оллоҳни гувоҳ келтираман, яна ўзларингиз ҳам гувоҳ бўлингларки, мен сизларнинг Оллоҳни қўйиб, (Унга сохта-ёлғон худоларни) шерик қилишингиздан безорман. Ана энди барчангиз бир бўлиб, менга қарши билган ҳийлангизни қилаверинглар. Кейин менга муҳлат ҳам бермай қўя қолинглар. (Яъни, қўлингиздан келган ҳийла-найрангларингизни дарҳол, кечик-тирмай қилаверинглар).
Дарҳақиқат, Ҳуд алайҳис-саломнинг жуда кўп ва кучли бўлган бутун бир қабила олдида ёлғиз туриб айтган мана шу сўзларинингўзи у кўрсатган энг улуғ мўъжизалардандир. У Оллоҳ таолонинг Ўзи ёрдам беришига ишончи комил бўлгани учун ҳам ҳеч тап тортмасдан, қўрқмасдан мушрикларга ўзининг Ёлғиз Оллоҳнинг кули эканини, улар сиғинаётган бутларни мутлақо илоҳ деб тан олмаслигини очиқ айтди ва: “Агар сизлар ҳақиқатдан ҳам мана шу бутларингиз менга бирон зиён етказишларига, сизларга эса ёрдам қилишларига ишонадиган бўлсаларингиз, у ҳолда ҳаммаларингиз - ўзларингиз ҳам, барча бут-санамларингиз ҳам бирлашиб менга қарши қўлларингиздан келган ёмонликларин-гизни қилинглар ва менга бир зум ҳам муҳлат бермай, билган ҳийла-найрангларингизни кўрсатаверинглар”, деди.
Албатта, бу ибратли ҳодисада Оллоҳнинг қули ғолиб келди ва муш-риклар ўзларининг бутлари билан бирга мағлуб бўлдилар. Зотан, ҳеч қачон бундан бошқача бўлиши мумкин эмасдир. Чунки мўмин суянган Зот бениҳоя Юксак ва тенгсиз Қудратли Оллоҳ таолодир. У Буюк ва Танҳо Зотга таваккул қилган мўмин-мусулмонлар ҳеч қачон мағлуб бўлмаганлар. Ҳуд алайҳис-салом ўша мўмин-мусулмонларнинг пешқадамларидан бири эди. Унинг Од қавмига айтган мазкур сўзлари худди Нуҳ алайҳис-саломнинг кофир қавмга айтган мана бу сўзларига ўхшар эди: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), уларга Нуҳ ҳақидаги хабарни тиловат қилинг - у қавмига (бундай) деган эди: “Эй қавмим, агар сизларга (орангизда узоқ йиллар яшаб) турганлигим ва Оллоҳ оятларини эслатишим оғирлик қилган бўлса, бас, мен Оллоҳнинг Ўзига суяндим - таваккул қилдим. Энди бутларингиз билан бирга билган ишларингизни қилаверинглар. Кейин қилаётган ишларингиз ўзларингизга қоронғу бўлиб қолмасин (яъни, бемалол, ошкор иш тутаверинглар, мен парво қилмай-ман). Сўнгра менга нисбатан (хоҳлаган) ҳукмингизни ижро этаверинглар ва менга муҳлат ҳам берманглар.” (Юнус сураси, 71-оят).
Шунингдек, Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳам у зотни ёлғончи қилган Макка мушрикларига Нуҳ, Ҳуд ва бошқа пайғамбарлар ўзларини ёлғончи қилган қавмлари-га айтган мазкур сўзларни айтишни буюрди: “Шубҳасиз, сизлар Оллоҳни қўйиб илтижо қилаётган нарсалар худди (сизларнинг) ўзларингиз каби бандадирлар. Бас, агар ростгўй бўлсангизлар, сизлар уларга бир дуо қилинглар, улар дуоларингизни ижобат қилсинлар-чи?! Уларнинг оёқлари бормики, юрсалар, ё қўллари бормики, тутсалар, ёки кўзлари бормики, кўрсалар, ёхуд қулоқлари бормики, эшитсалар?! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: “Сизлар (Оллоҳга) шерик деб билган ўша бутларингизни чақиринглар-да, сўнгра менга (бир лаҳза) муҳлат бермай бор ҳийла-найрангингизни қилаверинглар”. (Қандай ҳунар кўрсатманглар, натижаси ҳечдир). (Аъроф сураси, 194-195-оятлар).
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга бундай Фармон берилишига сабаб, Макка мушриклари у зотни қўрқитмоқчи бўлишиб: “Эй Муҳаммад, сенга бизнинг илоҳларимиз бирон ёмонлик қилиб қўймасайди, деб қўрқамиз”, дейишар эди. Жаноби Хaқ Ўз Расулига мушрикларнинг ўша сўзларига жавобан: “Сизлар Оллоҳга шерик деб билиб сиғинаётган барча бутларингизни чақирингларда, улар билан бирлашиб олиб менга қарши билган ҳийлаларингизни қилаверинглар, менга бир лаҳза ҳам муҳлат қолдирмай қўлларингиздан келган зиённи етказаверинглар, мен парво ҳам қилмайман”, дейишни буюрди ва у зоти бобаракот Парвардигорнинг Амрини дарҳол адо қилдилар!
Макка, нафақат Макка, балки бутун дунё ширк ва куфр гирдобига ғарқ бўлиб ётган бир замонда, мусулмонларнинг саноқлари бармоқ билан санайдиган даражада оз бўлган бир пайтда мушрикларга ва уларнинг илоҳларига қарши мазкур сўзларни баралла айтишга фақат Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Мададига аниқ ишонган, тутган Йўли Тўғри Йўл эканига иймони комил бўлган мусулмонгина журъат қилиши мумкин эдики, Ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламда ана шундай буюк фа-зилатларнинг барчаси энг баркамол суратда мужассам эди.
Ҳуд алайҳис-салом Од қабиласига яна шундай деди -

56. Мен фақат менинг ҳам Парвардигорим бўлган, сизларнинг ҳам Парвардигорингиз бўлган Оллоҳга таваккул қилдим - суяндим. Ўрмалаган нарса борки, У Зот унинг пешонасидан олгувчидир (яъни, барчаси У Зотнинг қўл остидадир). Парвардигорим, шак-шубҳасиз, Тўғри Йўл устидадир.
Яъни, “мен Оллоҳ таолога таваккул қилганим сабабли сизлардан қўрқмайман. Сизлар бор куч ва имкониятларингизни ишга солганларингизда ҳам менга бирон зиён етказа олмайсизлар. Чунки мен суянган Зот менинг Эгам бўлгани каби сизларнинг ҳам Эгангиздир. Фақат сизлар эмас, балки Ер юзида қимирлаган ҳар бир жоннинг тақдири Ёлғиз Унинг Қўлидадир. Бас, фақат У хоҳлаган иш бўлади, ҳеч ким Унинг Хоҳиш-Иродасига, У Зот белгилаб қўйган Тақдири Илоҳийга қарши боришга қодир эмасдир”. Оллоҳ таоло Ер-у осмонлардаги жамийки нарсалар тақдирини уларни яратишидан неча минг йиллар илгари белгилаб қўйгани ҳақида саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган: “Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ осмонлар ва Ерни яратишидан эллик минг йил илгари барча яратадиган нарсаларнинг тақдирларини белгилаб қўйгандир”. (Муслим, Термизий ва Аҳмад ривояти. “Тафсири Қуртубий”дан).
“Парвардигорим, шак-шубҳасиз, Тўғри Йўл устидадир”.
Яъни, “Парвардигорим Ўзи буюрган Тўғри Йўл устида туриб, ўша Ҳақ Йўлда барқарор бўлган бандаларини ҳар қандай йўлтўсар-қароқчилардан ҳимоя қилур. Бас, Тўғри Йўлдаги мўминлар Оллоҳ таолонинг Назари Раҳмати остида бўлурлар ва уларга ҳеч қандай золим зиён етказа олмас”. (“Ал-муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобидан).

57. Энди агар (менинг даъватимдан) юз ўгирсангизлар, бас, мен сизларга элчи қилиб юборилган Динни етказдим. (Энди) Парвардигорим (сизларни ҳалок қилиб), ўрнингизга бошқа қавмни келтирур ва сизлар (ўз куфрингиз билан) У Зотга бирон зиён етказа олмассиз. Албатта, Парвардигорим ҳамма нарсани кўриб-кузатиб тургувчидир».
Яъни, “Эй қавмим, агар сизлар мен даъват қилган нарсадан - Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишдан юз ўгирадиган бўлсангизлар ва яна мушрик ҳолла-рингизда қолаверсангизлар, у ҳолда билиб қўйингларки, мен зиммамга юкланган элчилик вазифасини адо қилдим, сизларга Оллоҳ таоло буюрган Ҳақ Динни етказдим. Энди сизлар эшитиб-билиб туриб Ҳақ Йўлга юрмаганларингиз учун албатта Парвардигорим сизларни ҳалок қилур ва ўрнингизга бошқа, Унга ширк келтирмайдиган қавмни келтирур. Сизлар эса ўзларингизнинг динсизликларингиз билан Оллоҳ таолога бирон зиён етказа олмайсизлар, балки фақатўзларингизга зиён етказасизлар! “Албатта, Парвардигорим ҳамма нарсани кўриб - кузатиб тургувчидир”. Яъни, У Зот ҳеч нарсадан бехабар қолмайди ва ҳеч нарсани унутмайди, аксинча бандаларнинг қилган ҳар бир ишига дунёда ҳам, Охиратда ҳам албатта жазо беради.
Дарвоқеъ, Ҳуд алайҳис-салом ва Од қабиласи мисолида ҳам худди шундай бўлди - Ҳақ таоло Унинг Ўзига таваккул қилган ва У буюрган вазифани бекам-у кўст адо қилган элчиси Ҳудни Ўз ҳифзу-ҳимоясида асради, Ҳақ Йўлдан юз ўгирган Од қавмига эса қилмишларига яраша жазо бериб, уларни ҳалок қилиб юборди.
“Танвирул-азҳон” тафсирида Ҳақ таоло ҳар кимга мана шу дунёнинг ўзида ҳам қилмишига яраша жазо бериши ҳақида бир ибратли ҳикоят келтирилибди: “Бухоро шаҳрида бир мешкобчи киши бўлиб, одамларнинг уйларига мешда сув ташиб тирикчилик қилар эди. Ўша мешкобчи бир заргарнинг уйига ўттиз йил сув ташиди. Заргарнинг бениҳоя гўзал жуфти ҳалоли бор эди. Бир куни мешкобчи одатдагидек сув келтирганида, мешни ҳалиги аёлга бераётиб унинг қўлини ушлади ва қаттиқ қисди. Аёл дарҳол қўлини тортиб олиб уйига кириб кетди-ю, эри бозордан қайтганида ундан: “Бугун бозорда Оллоҳ таолонинг Амрига хилоф бўлган қандай иш қилдингиз?”, - деб сўради. Эри: “Ҳеч нарса қилганим йўқ”, - деди. Аммо аёли қайта-қайта сўрайвергач, айтди: “Бугун дўконимга бир аёл келди. Мендан билагузук сотиб олмоқчи бўлган эди, бир билагузукни унинг қўлига тақиб қўяётиб, у қўлнинг оппоқлиги ақлимни олди ва мен уни беихтиёр қаттиқ қисиб қўйдим”. Шунда аёли: “Оллоҳу акбар! Бугунги мешкобчи қилган хиёнатнинг ҳикмати буёқда экан-да!”, - деб кундузи бўлган воқеани эрига айтиб берди.
Воқеани эшитган заргар: “Эй хотин, тавба қилдим, мени кечиргин”, - деб хотинидан узр сўради.
Эртасига ҳалиги мешкобчи яна сув олиб келди ва кечаги қилмиши учун тавба-тазарруъ қилиб: “Эй хонадон бекаси, мени кечиргин, шайтон мени йўлдан оздирди”, - деган эди, аёл: “Кетавергин, хато дўкондаги кишидан ўтган экан, Оллоҳ ундан мана шу дунёнинг ўзида қасос олибди”, - деди”.

58. Қачонки Бизнинг Фармонимиз (яъни, азобимиз) келганида Худ ва у билан бирга иймон келтирган кишиларни Ўз Раҳмат-Марҳаматимиз билан қутқардик ва уларга қаттиқ азобдан нажот бердик.
Од қабиласи Оллоҳ таоло томонидан қандай азобга гирифтор қилингани ҳақида бошқа оятларда ҳам айтилгандир: “Энди Од (қабиласига келсак), бас, улар бир даҳшатли, қутурган бўрон билан ҳалок қилиндилар. У (бўронни Оллоҳ) уларнинг устига пайдар-пай етти кеча ва саккиз кундуз ҳоким қилиб қўйдики, энди у жойдаги қавмни худди чириб - ичи бўшаб қолган хурмо дарахтининг танасидек қулаб - ҳалок бўлиб ётганларини кўрурсиз. Бас, улардан бирон (омон) қолгувчини кўрармисиз? (Асло! Уларнинг барчалари ҳалок бўлиб битдилар)”. (Ал-Ҳааққа сураси, 6-8-оятлар)
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ҳуд алайҳис-саломга ва у билан бирга: “Оллоҳ таоло Танҳо Маъбуди Барҳақ, Ҳуд Унинг элчиси”, деб иймон келтирган тўрт минг кишига Ўз Раҳмат-Марҳамати билан мана шундай азоб остида ҳалок бўлишдан нажот берганини айтади. Демак, Ҳуд алайҳис-саломга тобеъ бўлган кишилар Оллоҳ таолонинг Раҳмат-Марҳаматига эришган бахтли бандалардир. Албатта, ҳар бир инсон, қандай солиҳ амаллар қилган бўлса-да, фақат Оллоҳ таолонинг Марҳамати билангина дунё ва Охират азобидан нажот топиши мумкиндир. Акс ҳолда, қилган амалининг ўзи унинг учун етарли эмасдир. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадисларда ҳам ай-тилган: “Саҳиҳи Бухорий”, “Саҳиҳи Муслим” ва бошқа ҳадис китобларда ривоят қилинган ҳадиси шарифда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан ҳеч кимга қилган амали нажот бера олмайди”, - дедилар. Саҳобалар: “Сизга ҳамми, ё Расулуллоҳ?”, - деб сўрашган эди, у зот: “Ҳа, менга ҳам. Фақат Оллоҳ мени Ўз томонидан бўлган Раҳмат-Марҳамат билан ўрагандагина (қилган амалларим нажотимга сабаб бўлур)”, - дедилар.
Ривоят қилинишича, Ҳуд алайҳис-салом Од қабиласи устига Оллоҳ таоло ваъда қилган азоб яқинлашаётганини ҳис қилгач, мўминлар билан бирга бир тўсиқ - мустаҳкам қалъа ичига кириб яшириндилар. Шунда келаётган бўрон, Оллоҳ таолонинг Марҳамати билан уларнинг устидан енгил эсиб ўтди ва кофир қавм устига келгач, қутуриб, бир неча кун ичида барчаларини ҳалок қилиб юборди. Ҳуд алайҳис-салом кўрган бу тадбир унинг мўъжизаларидан биридир. (“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобидан).
“Танвирул-азҳон” тафсирида айтилишича, Оллоҳ таоло Од қабиласини ҳалок қилиб, Ҳуд ва у билан бирга бўлган мўминларга нажот бергач, улар Маккага келдилар ва то умрларининг охиригича ўша жойда қолиб, Оллоҳ таолога ибодат қилиб ўтдилар.

59. Парвардигорларининг оятларини инкор қилган, Унинг элчиларига исён қилган ва ҳар бир зўравон, золимнинг амру фармонига эргашган Од (қабиласи) ана ўшалардир.
Яъни, эй уммати Муҳаммад, сизлар Од қабиласи мисолида Оллоҳ таолонинг оятларига иймон келтириш ва Унинг элчиларига итоат қилиш ўрнига золим-кофирларга эргашиб кетган кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўриб ибрат олинглар, кўзларингиз очилсин!
Гарчи Од қабиласи Оллоҳ таолонинг бир элчисига, яъни, Ҳуд алайҳис-саломга итоатсизлик қилган бўлсалар-да, ояти каримада уларни Оллоҳнинг элчиларига итоатсизлик қилган дейилишига сабаб, ким Оллоҳ таоло юборган бир элчига кофир бўлса, у Оллоҳнинг барча элчиларига кофир бўлган деб ҳисобланади. Чунки барча элчи-пайғамбарлар даъват қилган ақийда бир ақийдадир. Яъни, уларнинг ҳаммаси Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилиш, Унга ҳеч нарсани шерик қилмасликка даъват қилганлар. Ислом ақийдасида Оллоҳ таоло юборган барча элчи-пайғамбарларга, улардан биронтасини ажратиб қўймасдан иймон келтириш буюрилишининг ҳикмати ҳам мана шудир. Мўминлар: “Биз Унинг элчиларидан бирон кишини ажратиб қўймаймиз”, (Бақара сураси, 285-оят) яъни, “биз Оллоҳнинг барча элчиларига, пайғамбарларига, уларнинг биронтасини ажратмасдан, Одам алайҳис-саломдан Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламгача барча-барчаларига иймон келтирамиз, уларнинг ҳақ пайғамбарлар эканига аниқ ишонамиз”, дейдилар. Шу сабабдан аввал ўтган ҳамма пайғамбарларга иймон келтирган ҳолда Оллоҳ таолонинг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирмаганлари учун насронийлар кофирдирлар, шунингдек, Ийсо алайҳис-саломга ва Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирмаганлари учун яҳудийлар кофирдирлар.
Дарҳақиқат, иймон ва нажотга даъват қилган кишиларга итоат қилиш ўрнига куфр ва ҳалокатга чақирган кимсаларга эргашиб кетган, Оллоҳ таолога ибодат қилиш ўрнига золим, кофирларга қуллик қилишни афзал билганлар нақадар бахтсиз, зиёнкор кимсалардир!

60. Уларга бу дунёда ҳам, Қиёмат Кунида ҳам лаънат эргашиб юрадиган бўлди. Огоҳ бўлингизким, албатта Од (қабиласи) - Парвардигорларига кофир бўлган эдилар. Огоҳ бўлингизким, Худнинг қавми бўлган Од ҳалокатга учради.
Яъни, Ҳуд алайҳис-саломга итоатсизлик қилган Од қабиласи Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилишдан бош тортганлари учун бу дунёда ҳам лаънат остида қолдилар - қачон ва қаерда Од қабиласининг номи зикр қилинса, Оллоҳнинг бандалари уларни қарғайдилар, Қиёмат Кунида ҳам жамийки халойиқ олдида уларга лаънат айтилади.
Огоҳ бўлингизким, Од қабиласининг лаънат остида қолишига сабаб, улар ўзларининг Парвардигорлари бўлмиш Оллоҳ таолога кофир бўлдилар, Унинг неъматларига куфрони неъмат қилдилар, Унинг оятларини инкор қилдилар ва Унинг элчиларини ёлғончи қилдилар. Огоҳ бўлингиз-ким, Од қабиласи Ҳуд алайҳис-саломнинг қавми бўла туриб унга бўйин-сунмаганлари учун Оллоҳнинг Раҳматидан узоқ бўлдилар - Оллоҳнинг қаҳрига дучор бўлдилар.
Од қабиласининг кирдикорлари, ҳаёт тарзлари ва топган ёмон оқибатлари ҳақида бошқа сураларда батафсил баён қилинган: “Од (қабиласи) пайғамбарларини ёлғончи қилди. Ўшанда уларга биродарлари Худ айтган эди: (Оллоҳдан) қўрқмайсизларми?! Албатта, мен сизлар учун ишончли пайғамбардирман. Бас, Оллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори Зиммасидадир. Сизлар ҳар бир тепаликка ўйин-кулги учун бир белги - баланд бино қураверасизларми?!”. (Шуаро сураси, 123-128-оятлар).
Нақл қилишларича, Од қабиласи ҳою-ҳавасга жуда берилган бўлиб, ўз шаҳарларидан ташқаридаги йўл ёқаларига ҳам ўйин-кулги қиладиган баланд-қимматбаҳо иморатлар қуришар ва ўзлари яшайдиган уй-жойларни ҳам гўё ҳеч қачон ўлмайдигандек ҳаддан ортиқ мустаҳкам ва нақшу нигорли қилиб қуриб бутун умрларини мана шундай беҳуда ишларга сарфлашар ва бу билан фахрланиб, мақтаниб юрар эдилар.
Муҳтарам ўқувчи! Эътибор беринг, замонамиз боёнларининг кўплари Охиратни унутиб, дунё ҳою ҳавасларига берилишда худди ўша Од қабиласига ўхшаб кетмайдими?!
Юқоридаги ва қуйидаги оятларда Ҳуд алайҳис-салом уларни бундай беҳуда ишлар билан машғул бўлишдан қайтариб, дунё ва Охират учун фойдали юмушлар билан банд бўлишга даъват қилганлари ҳақида хабар берилади.
“Ва, гўё мангу яшаб қоладигандек, қаср-саройлар соласизлар?! Қачон (бирон кишини жазолаш учун) ушласангизлар бераҳмларча ушлайсизлар?! Бас, Оллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Ва сизларни ўзларингиз биладиган (неъматлар) билан қўллагансийлаган Зотдан (Оллоҳдан) қўрқингиз! У сизларни чорва ҳайвонлари ва ўғиллар билан, боғлар ва булоқлар билан қўллади-ку! Албатта, мен сизларнинг устингизга улуғ Куннинг - Қиёматнинг азоби (тушиши)дан қўрқурман». Улар дедилар: «Сенинг ваъз-насиҳат қилишинг ёки ваъз қилгувчилардан бўлмаслигинг, бизлар учун баробардир (яъни, бизларга панд-насиҳат қилиб овора бўлма). Албатта, бу (айшу ишратга берилиб умр ўтказиш) аввалгилардан қолган одатдир. Бизлар азоблангувчи эмасмиз». Бас, улар (Ҳудни) ёлғончи қилишгач, Биз уларни ҳалок этдик. Албатта бунда (яъни, Ҳуд ва унинг қавми бўлмиш Од қабиласи ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар”. (Шуаро сураси, 129-139-оятлар).

61. Самуд (қабиласига) ўз биродарлари Солиҳни (элчи қилиб юбор-дик). У айтди: «Эй қавмим, Оллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. У сизларни Ердан пайдо қилиб, сизларга ўша (Ерда) умр кечиришни буюрди. Бас, Ундан мағфират сўранглар сўнгра Унга тавба-тазарруъ қилинглар! Албатта, Парвардигорим (бандаларига) Яқиндир, (уларнинг дуоларини) Ижобат қилгувчидир».
“Маолимут-танзил” ва “Танвирул-азҳон” тафсирларида ривоят қилинишича, Од қабиласи Оллоҳ таолонинг қаҳрига дучор бўлиб, ҳалок қилиб юборилгач, Самуд қабиласи улардан қолган ерларни эгаллаб, кенгчилик ва роҳат-фароғатда яшай бошлайдилар. Аммо улар ҳам бутпараст мушрик бўлганлари учун Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилмасдан Ерда фисқу фасод ишларни кўпайтириб, бузғунчиликлар қилишар эди. Бас, Оллоҳ таоло уларга ўз қабиладошлари бўлган Солиҳ алайҳис-саломни элчи қилиб юборди. Қачонки Солиҳ пайғамбар Самуд қабиласини Оллоҳ таолога ибодат қилишга даъват этиб: “Эй қавмим, Оллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир”, деганида, улардан оз саноқли камбағал, бечора кишиларгина Солиҳ алайҳис-саломга эргашиб, кўплари ўзларининг куфру исёнларида давом этдилар. Шунда Солиҳ алайҳис-салом уларга ибодат қилинишга лойиқ бўлган Зот Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи экани ҳақида икки далил келтирди.
Биринчи далил: “У сизларни Ердан пайдо қилди”. Яъни, сизларнинг аслингиз Ердир, оталарингиз Одам алайҳис-саломни Оллоҳ таоло Ердан - қора тупроғдан мана шундай чиройли суратли, мавзун қоматли инсон қилиб яратди.
Унинг зурриёти бўлган сизларни бўлса, бир томчи сувдан - нутфадан яратдики, у нутфа қондан пайдо бўлади, қон тановул қилинган озиқ овқатдан пайдо бўлади, озиқ овқат эса Ердан пайдо бўлади, бас, ҳар бир инсоннинг асли мана шу Ер бўлиб, у ўзини қора ердан инсонга айлантириб қўйган Оллоҳ таолога шукроналар айтиши, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмасдан Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилиши фарздир.
Иккинчи далил: “У сизларга ўша Ерда умр кечиришни буюрди”. Яъни, Оллоҳ таоло сизларга Ерда яшаб, уни обод қилиш ва ундан фойдаланиб, деҳқончилик ва турли касб-ҳунарлар қилиш, бинолар қуриб, роҳат-фароғатда ҳаёт кечириш имконини берди. Бас, инсоннинг ўзи пайдо бўлган Ерга эгалик қилиши, унда мавжуд бўлган барча нарсадан ўз ўрнида фойдаланиши ва уни тасарруф қилиш қудратига эга бўлиши, шак-шубҳасиз, ўша инсонни ҳам, у яшаётган Ерни ҳам мана шундай Буюк Ҳикмат билан яратган ва Тенгсиз Қудрат билан бошқариб турган Бир Зот - Оллоҳ таоло Бор эканига ҳеч инкор қилиб бўлмайдиган аниқ далилдир.
“Бас, Ундан мағфират сўранглар, сўнгра Унга тавба-тазарруъ қилинглар!”
Яъни, эй инсонлар, энди куфру исённи тўхтатиб, сизларни Ердан пайдо қилган ва сизларга ўша Ерда ҳаёт кечириш имкониятини ато этган Оллоҳ таолога дуо-илтижо қилиб, ўтган гуноҳларингизни кечиришини сўранглар, сўнгра йўл кўйган хатоларингизни такрорламасикка сўз бериб, Унга тавба-тазарруъ қилинглар!
“Албатта Парвардигорим (бандаларига) Яқиндир, (уларнинг дуоларини) Ижобат қилгувчидир”.
Жаноби Ҳақ Ўзининг дуо-илтижо қилувчи бандаларига яқин экани ҳақида бир ояти каримада шундай хабар беради: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), бандаларим Сиздан Мен ҳақимда сўрасалар, Мен (уларга) яқинман. Менга дуо қилган пайтида дуогўйнинг дуосини ижобат қиламан. Бас, улар ҳам Менинг (даъватимга) жавоб қилсинлар ва Менга иймон келтирсинлар. (Шунда) шояд Тўғри Йўлни топсалар”. (Бақара сураси, 186-оят).
Заҳҳокдан ривоят қилинишича, айрим саҳобалар Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламдан: “Парвардигоримиз биз муножот қилиб - шивирлаб дуо қилсак бўладиган даражада яқинми ёки нидо қилиб чақирадиган даражада олисми”, деб сўраганларида Оллоҳ таоло ушбу оятни нозил қилган.
Ҳақ таоло: “Мен бандаларимга яқинман”, дейди. Яқин - Қарийб Оллоҳ таолонинг гўзал исмларидан биридир. Дарҳақиқат, У Зот бандаларининг айтган сўзларини эшитади, қилган амалларини кўриб туради, ҳамма нарсани билиб туради. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Аниқки, инсонни Биз яратганмиз, (демак),унинг нафси васваса қиладиган (яъни, кўнглидан ўтадиган барча) нарсаларни ҳам би-лурмиз. Биз унга жон томиридан ҳам яқинроқдирмиз”. (Қоф сураси, 16-оят).
“У осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз Аршига ўрнашган зотдир. У Ерга кирадиган (ёмғир-қор суви, хазина-ю дафина ва жасадлар каби) нарсаларни ҳам, ундан чиқадиган (ўт-ўлан, наботот ва булоқ сувлари каби) нарсаларни ҳам, самодан тушадиган (ризқу насиба, хайру барака каби) нарсаларни ҳам, унга (самога) кўтариладиган (амал ва дуо-илтижо каби) нарсаларни ҳам билур. Сизлар қаерда бўлсангизлар У сизлар билан биргадир. Оллоҳ қилаётган амалларингизни Кўриб тургувчидир”. (Ҳадид сураси, 4-оят). “Оллоҳ осмонлардаги ва Ердаги бор нарсани аниқ билишини кўрмадингизми - билмадингизми?! Уч кишининг ўзаро шивир-шивирлари бўлса, албатта, У Зот уларнинг тўртинчисидир, беш кишининг (ўзаро шивир-шивирлари) бўлса, албатта, У Зот уларнинг олтинчисидир. (Ўзаро сирлашаётган кишилар) бундан оз бўладими ё кўп бўладими, албатта У Зот, қаерда бўлсалар ҳам улар билан биргадир. Сўнгра Қиёмат Кунида уларга қилган амалларининг хабарини берур. Албатта Оллоҳ барча нарсани Билгувчидир”. (Мужодала сураси, 7-оят).
“Менга дуо қилганида дуогўйнинг дуосини ижобат қиламан”. (Бақара сураси, 86-оят). Жаноби Ҳақ шундай ваъда қилди, Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бу ваъдани тафсир қилдилар: “Қай бир мусулмон Оллоҳ азза ва жаллага дуо қилса-ю, дуосида гуноҳни ва қариндош-уруғдан узилишни сўрамаган бўлса, албатта Оллоҳ таоло унга шу дуоси сабабли уч хислатдан бирини ато этади - ё унинг дуосини дарҳол ижобат қилади ёки дуони унинг учун захира қилиб Охиратга олиб қўяди ёхуд ундан қилган дуоси баробарида ёмонлик - балони даф қилади”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Модомики “Дуо қилдим-у, ижобат бўлмади”, дея шошқалоқлик қилмас экансизлар, ҳар бирингизнинг дуо-ларингиз ижобат қилинади”, деб марҳамат қилдилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ таоло айтур: “Эй Одам боласи, бир нарса борки, у сен учундир, бир нарса борки, у Мен учундир, яна бир нарса борки, у Мен билан сенинг ўртамиздадир. Мен учун бўлган нарса шуки, сен Менга бирон нарсани шерик қилмай ибодат қилурсан. Сен учун бўлган нарса шуки, қандай амал қилган бўлсанг, албатта Мен унинг ажрини сенга комил қилиб берурман. Мен билан сенинг ўртамизда бўлган нарса шуки, дуо қилиш сендан, ижобат қилиш Мендандир”.
Ҳақ таоло дуо қилишга даъват қилгувчи бу оятни рўза ҳукмларининг ўртасида келтиришида албатта улуғ ҳикмат бордир. Бу билан Меҳрибон Парвардигоримиз биз бандаларини рўза саноғини тўлдирган вақтимизда, балки ҳар бир ифтор пайтида сидқидил билан берилиб дуо қилишга чорламоқда.
Ибн Можжа ривоят қилган ҳадиси шарифда айтилганку: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Рўзадор учун ифтор чоғида бир дуо борки, рад қилинмас”.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда эса бундай марҳамат бўлди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Уч тоифанинг қилган дуолари рад қилинмас - одил имомнинг, ҳали оғ-зини очмаган рўзадорнинг ва мазлумнинг дуолари. Бу уч дуони Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида булут остига кўтарур, у дуолар учун само дарвозалари очилур ва Ҳақ таоло айтур: “Иззат-Қудратимга қасамки, албатта, Мен сенга, бир оз вақт ўтгач бўлса ҳам, ёрдам берурман”.
Демак, Оллоҳ таоло ҳар бир дуони ижобат қилишида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир.

62. Улар дедилар: «Эй Солиҳ, сен илгари бизнинг орамиздаги умидли киши эдинг-ку. Энди бизларни ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган (бут)ларга ибодат қилишимиздан қайтарурмисан?! Албатта, бизлар сен бизни даъват қилаётган (дининг)дан шак-шубҳадамиз».
Солиҳ алайҳис-салом Самуд қабиласидаги обрў-эътиборли кишилардан бўлиб, қабиладошлари уни ўзларига бошлиқ қилиб сайлашга ҳам тайёр эдилар. Шунинг учун Солиҳ ҳеч қачон улар каби бут-санамларга сиғинмаган бўлса-да, балки аксинча бутларни ҳеч кимга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган жонсиз тошлар деб айблаб юрса-да, қавми: “Майли, бир кун келиб, албатта, у ҳам ўзимизнинг динимизга қайтади”, дейишиб умид қилар эдилар. Бас, қачонки Солиҳ алайҳис-салом барча қабила-дошларини Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга, бутларга сиғинишни бутунлай тарк этишга чақиргач, ундан умидлари узилди ва: “Эй Солиҳ, сен бизларни ота-боболаримиз сиғиниб келган бутларимизга сиғинишдан қайтаряпсанми?! Ахир бизлар сени ҳаммамизнинг каттамиз бўлади деб ўйлар эдик-ку! Сен бу сўзларинг билан барча умидимизни йўққа чиқардинг! Энди билгинки, бизлар сенинг: “Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилинглар! Сизлар учун Ундан ўзга илоҳ йўқ”, деган сўзларингга ишонмаймиз”, дейишиб, ўзларининг нақадар жоҳил қавм эканликларини, яъни, Оллоҳнинг элчиси айтган сўзларни, келтирган далилларни қабул қилиш ўрнига динсиз ота-боболарига кўр-кўрона тақлид қилишни афзал билишларини кўрсатишди.

63. У айтди: «Эй қавмим, хабар берингизчи, агар мен Парвардигорим томонидан аниқ Хужжатга эга бўлсам ва У Зот менга Ўзининг Раҳмати - пайғамбарликни ато этган бўлса-ю, (шундан кейин) агар мен У Зотга исён қилсам, у ҳолда Оллоҳдан (яъни, Унинг азобидан) мени ким қутқарур?! Бас, сизлар (мени исёнга чорлашингиз билан) менга зиёндан ўзга нарса келтирмайсизлар!”.
Ушбу ва қуйидаги оятда Солиҳ алайҳис-саломнинг Самуд қабиласидаги ўша жоҳил кимсаларга айтган сўзлари зикр қилинади. Солиҳуларга гўё шундай деди: “Эй қавмим, ўзларингиз айтинглар-чи, агар Роббим Оллоҳ менга Ўз томонидан аниқ Ҳужжат - ваҳий нозил қилиб, сизларни Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишга, турли бут-санамларни Унга ширк келтирмасликка даъват қилишимни буюрган бўлса ҳамда менга Ўз ҳузуридан Буюк Марҳамат - пайғамбарлик ато этган бўлса-ю, шундан кейин мен зиммамдаги элчилик вазифамни бажармасдан - сизларни ширк ва куфр-дан қайтармасдан Яратган Эгамга исён қиладиган бўлсам, у ҳолда ким мени Унинг азобидан қутқаради? Бу иш ҳеч кимнинг қўлидан келмайди-ку! Бас, сизлар эй қавмим, мени ҳам ўзларингизга ўхшаб Оллоҳ таолога осий бўлишимни талаб қилишларингиз билан менга фақат ортиқча зиён етказасизлар, холос. Шу сабабдан мен ҳеч қачон сизларни рози қилиш учун Яратганга осий бўлмайман, балки аксинча, фақат Оллоҳ таоло ваҳий орқали менга буюрган амалнигина қилурман”.

64. Эй қавмим, мана бу Оллоҳнинг (юборган) туяси сизлар учун оят-мўъжиза бўлиб келди. Бас, уни Оллоҳнинг Ерида еб-ичиб юрган ҳолида қўйиб юборинглар ва унга бирон ёмонлик етказмангларки, у ҳолда сизларни яқин азоб ушлар».
Самуд қабиласи Солиҳ алайҳис-саломдан унинг ҳақиқатан ҳам Оллоҳ таоло томонидан юборилган элчи эканини тасдиқлайдиган бирон ҳужжат-мўъжиза келти-ришини талаб қилганларида, у: “Сизларга қандай ҳужжат кўрсатишимни истайсизлар”, деб сўраган эди, улар тоғ четида ётган бир харсанг тошни кўрсатиб: “Сен бизга мана шу тошни қорнида ўн ойлик боласи бўлган бир туяга айлантириб берсанг, ана ўшанда биз сенинг ҳақ пайғамбар эканингга ишонамиз”, дейишди. Солиҳ алайҳис-салом: “Агар мен шу ишни қилсам сизлар иймон келтириб мени тасдиқлашингиз аниқми”, деб сўраган эди, улар: “Ҳа”, дейишиб, қасам ичишди. Шунда Солиҳ икки ракаат намоз ўқиб, Парвардигорга дуо қилган эди, уларнинг кўз ўнгида ҳалиги тош ёрилди ва унинг ичидан қорнида ўн ойлик боласи бор бир улкан туя чиқди, сўнгра худди ўзига ўхшаган кўркам бўталоқ туғди. Кўз олдиларида рўй берган бу буюк мўъжизани кўргач, Самуд қабиласидан бир гуруҳ одамлар иймон келтирдилар, аммо у қавмдан кўпчилиги ичган қасамларини бузишиб, иймон келтиришдан бош тортишди.
Солиҳ алайҳис-саломнинг ҳақ пайғамбар эканлигини тасдиқловчи бу Илоҳий Мўъжиза зоҳир бўлгач, у қавмига қараб шу сўзларни айтди: “Сизларга Парвардигорингиз томонидан ҳужжат - мана бу Оллоҳнинг туяси сизлар учун оят - мўъжиза бўлиб келди. Бас, уни Оллоҳнинг Ерида еб-ичиб юрган ҳолида қўйиб юборинглар ва унга бирон ёмонлик етказмангларки, у ҳолда сизларни аламли азоб ушлайди (азобга йўлиқасизлар)”.
Ушбу жумлада Самуд қабиласи учун оят-мўъжиза бўлиб келган туяни “ноқатуллоҳ - Оллоҳнинг туяси” деб Парвардигорнинг Исмига изофа қилиниши худди “Байтуллоҳ - Оллоҳнинг уйи”, дейилгани каби ўша мўъжиза туяни шарафлаш учундир.
Солиҳ алайҳис-саломнинг қиссалари бошқа сураларда ҳам келган. Улардан бирида шундай дейилади: “Самуд (қабиласи) пайғамбарларини ёлғончи қилди. Ўшанда уларга биродарлари Солиҳ айтган эди: (Оллоҳдан) қўрқмайсизларми?! Албатта, мен сизлар учун ишончли элчидирман. Бас, Оллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Мен бу (даъватим) учун сизлардан ажр-мукофот сўрамайман. Менинг ажр-мукофотим фақат барча оламларнинг Парвардигори Зиммасидадир. Сизлар бу Ердаги нарсаларда - боғлару булоқларда, экинлар ва мевалари ғарқ пишган хурмо дарахтлари ичида қўйиб қўйилурмисиз (яъни, шундай ноз-у неъматлардан фойдаланиб, мангу яшайверамиз, деб ўйлайсизларми)?! Яна моҳирлик билан тоғлардан уйлар ҳам йўнмоқдасизлар (ясамоқдасизлар)?! Бас, Оллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат этинглар! Ва Ер юзида бузғунчилик қиладиган ва (ҳеч нарсани) ўнглай олмайдиган ҳаддан ошувчи кимсаларнинг амрига итоат этманглар!» Улар дедилар: «Ҳеч шак-шубҳасиз, сен сеҳрланган - ақлдан озган кимсалардандирсан. Сен ҳам худди бизларга ўхшаган одамдирсан. Бас, агар (пайғамбарман деган даъвойингда) ростгўйлардан бўлсанг, бирон оят-мўъжиза келтир!». У айтди: «(Менинг мўъжизам) мана шу туядир. (Маълум бир кун сув) ичиш навбати уникидир. Маълум бир кун эса сизларнинг ичиш навбатингиздир. Яна унга бирон ёмонлик етказмангларки, у ҳолда сизларни улуғ Куннинг - Қиёматнинг азоби ушлар». Бас, улар (туяни) сўйдилар-у, надомат қилгувчиларга айландилар. Уларни азоб ушлади. Албатта, бунда (яъни, Солиҳ ва унинг қавми ҳақидаги қиссада) оят-ибрат бордир. (Лекин одамларнинг) кўплари иймон келтиргувчи бўлмадилар”. (Шуаро сураси, 141-158-оятлар).

65. Улар (туяни) сўйиб юбордилар. Шунда (Солиҳ) айтди: «Уй-жойларингизда уч кун (тириклик неъматидан) фойдаланиб қолинглар. Мана шу ёлғон бўлмаган (яъни, чин) ваъдадир».
“Тафсири Бағавий”, “Тафсири Қуртубий” ва бошқа тафсир китобларида ривоят қилинишича, Солиҳ пайғамбарнинг дуоси билан харсанг тошдан тирик туя чиқиб, болалаганидан кейин Солиҳ уларга туяни ўзи хоҳлаган ерда ўтлашига тўсқинлик қилмасликларини буюрди ва қабила сув ичадиган қудуқ бир кун уларники, бир кун туяники эканини айтиб, у қабиладагилардан ҳеч ким туяга бирон ёмонлик қилмаслиги кераклигини тайинлади. Шундай қилиб, пайғамбарнинг мўъжизаси бўлиб келган туя бўталоғи билан Самуд қабиласида яшай бошлади. У шу қадар улкан эдики, навбати келган кунда қудуққа бошини солганича, то унда бирон томчи сув қолмагунича бош кўтармай ичиб тугатар эди, сўнгра ёнбошлаб ётар ва бутун қабила уни соғиб, ҳамма идишларини тўлдириб олганидан кейингина ўрнидан туриб ётоғига кетар эди. Улар ўша куни сув ўрнига сут ичар эдилар. Самуд қабиласидаги бадбахт кимсалар ҳамма учун қут-барака бўлиб яралган ана ўша туяни сўйиб юбордилар. Улардан бири туяни тор жойга қамади, яна бири найза отиб унинг оёқларини яралаб тиз чўктиргач, кўкрагига пичоқ тортиб сўйиб юбордилар. Кофирларнинг бу йиртқичлигини кўрган бўталоқ улардан қочиб онаси чиққан харсанг олдига бориб уч марта ўкирган эди, харсанг ёрилди ва бўталоқ унинг ичига кириб кўздан ғойиб бўлди.
Айрим уламолар: “Қиёмат олдида Ер остидан чиқадиган жонивор ана ўша харсанг тош ичига кириб кетган бўталоқдир”, дейдилар. Бу ҳақда Қуръони Каримда шундай хабар берилади: “Қачон (кофирларнинг) устига сўз - азоб тушганида, (яъни, Қиёмат яқинлашиб қолганида) Биз улар учун Ердан бир жонивор чиқарурмиз. У уларга одамлар Бизнинг оятларимизга ишонмайдиган бўлиб қолганлари ҳақида сўзлар. (Намл сураси, 82-оят).
Ҳадиси шарифда айтилишича охир замон бўлганда Ер остидан мисли кўрилмаган бир ҳайвон чиқиб Оллоҳ таолонинг оятларига иймон келтирмайдиган кимсаларни лаънатлар ва шу ҳодисадан кейин Қиёмат қойим бўлиши аниқ экан”.
Воқеадан хабар топган Солиҳ пайғамбар у кофирларга қараб: “Бўта-лоқнинг уч марта ўкириши - сизларнинг уч кунгина ҳаётингиз қолганига ишорадир. Мана шу уч кун ўтганидан кейин албатта устингизга Оллоҳнинг азоби тушиб биронтангиз қолмасдан ҳалок бўлишингиз муқаррар”, деган эди, туяни ўлдиришга қатнашган тўққиз нафар кофир ўзаро тил бириктиришиб Солиҳни ўлдирмоқчи бўлишди ва: “Келинглар, Солиҳни ўлдирайлик, агар у айтган сўзлар рост чиқиб, ҳаммамиз уч кундан кейин ҳалок қилинадиган бўлсак, у ҳолда уни ўлишимиздан аввал ҳалок қилайлик, агар у бизни алдаб қўрқитаётган бўлса, у ҳолда бу ёлғончилиги учун уни туясига қўшиб кўяйлик”, дейишди. Бу воқеа ҳақида бошқа оятларда шундай хабар берилган: “(Самуд қабиласидаги кофир бўлган гуруҳ Солиҳга: “Агар чин пайғамбар бўлсанг, бизларни қўрқитаётган азобингни келтирчи», деганларида) у айтди: «Эй қавмим, нега сизлар яхшилик - раҳматдан илгари ёмонлик - азобни шоштирмоқдасиз?! Сизларга раҳм-шафқат қилиниши учун Оллоҳдан мағфират сўрасангизлар бўлмасми?!». Улар дедилар: «Бизлар (бошимизга тушган очарчилик-қаҳатчилик) сенинг ва сен билан бирга бўлган (мўминларнинг) шумқадамлигидан деб билдик». У айтди: «Сизларнинг (бошингизга тушган) бахтсизлик Оллоҳ ҳузуридандир. Балки сизлар имтиҳон қили-наётган қавмдирсиз». У шаҳарда (ўзларини) ўнгламай Ер юзида бузғунчилик қилиб юрадиган тўққиз нафар кимса бор эди. Ўшалар Оллоҳ номига қасам ичишиб (бир-бирларига) айтдилар: «Албатта, (Солиҳни) ва унинг аҳли-тобеларини тунда ҳалок қилурмиз, сўнгра унинг валий-ҳомийсига: «Бизлар (на Солиҳнинг ва на) унинг аҳли-тобеларининг ҳалокатига гувоҳ бўлган эмасмиз. Албатта, бизлар ростгўй кишилардирмиз», деймиз». Улар (Солиҳ ва унинг тобеларига қарши ўз) макрларини қилдилар. Биз ҳам улар сезмаган ҳолларида (уларни ҳалок қилиш билан) бир «макр» қилдик. Энди уларнинг қилган макрлари оқибати қандай бўлганини кўринг - Биз уларни ва барча қавмларини қириб юбордик. Мана, улар золим бўлганликлари сабабли уйлари ҳувиллаб қолди! Албатта, бунда биладиган қавм учун оят-ибрат бордир”. (Намл сураси, 46-52-оятлар).
“Тафсири Бағавий”да ушбу оят тафсирида ривоят қилинишича, Солиҳ алайҳис-салом Оллоҳ таолонинг мўъжизаси бўлган туяни сўйиб юборган кофирларга: “Сизларга азоб уч кундан кейин келади. Биринчи куни юзларингиз сарғайиб кетади, иккинчи куни қип-қизил қон рангига кирасизлар, учинчи куни эса барчаларингиз кўмирдек қорайиб кетасизлар”, деди ва кофирларнинг аҳволлари худди Солиҳ пайғамбар айтгандек бўлди, сўнгра тўртинчи куни уларнинг устига Оллоҳ таоло ваъда қилган азоб тушиб, ҳаммалари ҳалок бўлдилар.

66. Энди қачонки Бизнинг Фармонимиз (яъни, Биз юборган бало) келганида, Солиҳ ва у билан бирга иймон келтирган кишиларга Ўз Раҳматимиз билан (у азобдан) ва ўша кундаги шармандаликдан нажот бердик. Албатта Парвардигорингиз Куч-Кудрат Эгасидир.
Яъни, қачонки Ҳақ таоло томонидан Самуд қабиласини ҳалок қилиш ҳақидаги Фармон келганида, У Зот Ўзининг элчиси Солиҳ алайҳис-саломга ва уни ҳақ пайғамбар деб иймон келтирган кишиларга Ўз Раҳмат-Марҳамати билан ҳалокатдан ва ўша кундаги то Қиёмат тилларда достон бў-ладиган шармандаликдан нажот берди.
“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобида Солиҳ алайҳис-саломга иймон келтирганлари сабабли нажот топган мўминларнинг адади тўрт минг киши экани айтилади.
Солиҳ пайғамбарни ёлғончи қилган Самуд қабиласи эса, биронталари тирик қолмай хор-у расво бўлиб, Оллоҳ таоло юборган азоб остида қолдилар.
Ояти карима ниҳоясида Жаноби Ҳақ Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, фақат Унинг Ўзи ҳар қандай шароитда мўмин бандаларига нажот беришга Қодир-Қувват Соҳиби эканини, душманларини - кофирларни ҳалок қилиб юборишга Қодир-Қудрат Эгаси эканини таъкидлайди. Ва бу билан Макка мушриклари етказаётган азийятардан озурда дил бўлган Муҳаммад алайҳис-саломга ва у зотнинг оз сонли асҳобларига таскин-тасаллий беради.

67-68. Золим кимсаларни эса даҳшатли қичқириқ тутиб, гўё у ерда (ҳеч қачон) яшамагандек, турган жойларида тўкилиб қолдилар. Огоҳ бўлингизким, албатта, Самуд (қабиласи) Парвардигорларига кофир бўлган эдилар. Огоҳ бўлингизким, Самуд (қабиласи) ҳалокатга учради.
Самуд кофирлари туяни ўлдирганларидан кейин икки кун ўтгач, тунда Солиҳ алайҳис-салом ва унга иймон келтирган инсонлар қабилани ташлаб чиқиб кетдилар ва Фаластин қумликларига бориб ўша ерни манзил тутдилар. Ваъда қилинган учинчи куннинг тонги отганида Самуд қавми ҳали ўлмасларидан кафанларига ўралиб, ўзларига ўликларга сепиладиган хушбўй атирлардан сепиб ўлимларини кутиб бир ерга, бир осмонга қараб, азоб қаёқдан келишини билмасдан ерда ётар эдилар. Ўша куни душанба эди.
Кун чошгоҳга борганида осмондан шундай даҳшатли бир қичқириқ келдики, барча момақалдироқларнинг ва Ердаги овоз чиқарадиган ҳамма нарсанинг овози унга жамланган эди. У қичқириқ зарбидан Ер титроққа тушди ва барча кофирларнинг юраклари бир лаҳзада ёрилиб, на ёши ва на қариси қолмасдан “турган жойларида тўкилдилар”.
Жобир розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Самуд қабиласи ҳақида сўзлаб: “Оллоҳ таоло Ўз азобини юборган куни у кофир қавмдан осмон томи остидаги Ернинг шарқу ғарбида юрган ҳар бир кимсани ҳалок қилди. Фақат улардан Абу Руғол исмли бир киши ўша куни Оллоҳнинг ҳарамида эди. Оллоҳнинг ҳарами уни Оллоҳнинг азобидан тўсди. Аммо ҳарамдан чиққан соатида унга ҳам қавмига етган азоб етиб ҳалок бўлди ва ўша ерга дафн қилинди, унинг ёнида бир олтин новда бор эди, уни ҳам ўша қабрга кўмилди”, дедилар ва Абу Руғолнинг қабрини асҳобларига кўрсатдилар. Бас, саҳобалар дарҳол тушиб ўша қабрни қўлларидаги қиличлари билан кавлаб очган эдилар, ундан олтиндан ясалган бир новда чиқди.
“Тафсири Бағавий”да зикр қилинишича, Оллоҳнинг азоби у кофир қавмга тушишига саноқли соатлар қолганида у жойдан Солиҳ алайҳис-салом билан бирга чиқиб кетиб нажот топган мўминларнинг сони тўрт мингта эди. Айрим аҳли илмларнинг айтишларича, Солиҳ пайғамбар унга иймон келтирган мўминлар билан бирга йўлга тушгач: “Эй қавмим, бу диёр Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлди. Энди биз Оллоҳ таолонинг ҳарамига, Унинг Ўзи тинчлик ва омонлик маскани қилиб қўйган шаҳарга йўл оламиз”, деди. Бас, ўша соатда барчалари ҳажга иҳром боғладилар ва Маккайи мукаррамага етиб боришиб, то умрларининг охиригача ўша шаҳарда турдилар. Солиҳ алайҳис-салом ҳам ўз қавми орасида яна йигирма йил яшади ва эллик саккиз ёшида Маккада вафот қилди.
Имом Бухорий ва Муслим Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишларича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Табук ғазотида Ҳижрга тушганларида (Самуд қабиласи Оллоҳ таолонинг қаҳрига учраб ҳалок бўлган жой) асҳобларига у ердаги қудуқдан сув олиб ичмасликни ва ишлатмасликни буюрдилар.
Саҳобалар: “Биз ундан сув олиб ҳамир ҳам қилиб қўйган эдик”, дейишган эди, олган сувларини тўкиб ташлашни, ҳамирни ҳам ташлаб юборишни буюрдилар.
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом саҳобаларига: “Оллоҳнинг азобига гирифтор бўлган бу қишлоққа ҳеч бирингиз кирмасин. Агар билмай кириб қолсангизлар, сизларга ҳам ўшаларга етган азоб етмаслиги учун Оллоҳ таолога ёлвориб йиғлаган ҳолда ўтиб кетинглар, унинг сувидан ҳам ичманглар”, дедилар. (Бухорий, Муслим ва Аҳмад ривоятлари).
“Огоҳ бўлингизким, албатта Самуд (қабиласи) Парвардигорларига кофир бўлган эдилар. Огоҳ бўлингизким, Самуд (қабиласи) ҳалокатга учради”.
Яъни, огоҳ бўлингизким, Самуд қабиласининг азобга гирифтор қилинишларига сабаб, улар ўзларининг Парвардигорлари бўлмиш Оллоҳ таолога кофир бўлдилар, Унинг неъматларига куфрони неъмат қилдилар. Унинг оят-мўъжизаларини инкор қилдилар, Унинг элчиси Солиҳ алайҳис-саломни ёлғончи қилдилар ва охир-оқибатда Оллоҳ таолонинг Қаҳрига учраб, ҳалок бўлдилар.

69. Дарҳақиқат, Бизнинг элчиларимиз - фаришталар Иброҳимга (Исҳоқ исмли фарзанд кўриши ҳақида) хушхабар билан келиб, салом бердилар. У ҳам: «Салом», дедида, қараб турмай (тандирда) пиширилган бир бузоқни келтирди.
Ушбу қисса сурайи каримадаги Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ алайҳимус-саломнинг қиссаларидан кейинги, тўртинчи қиссадир. Пайғамбарлар отаси ҳисобланмиш Ҳазрати Иброҳим Халилуллоҳ алайҳис-салоту вас-салом ва унинг амакиваччаси Лут алайҳис-салом ҳақларидаги бу Илоҳий хабар аввалида Ҳақ таоло Иброҳим алайҳис-салом хузурига малоикаларни инсонлар суратида элчи қилиб юборганини зикр қилади.
Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилинишича, келган элчилар уч нафар бўлиб, Жаброил, Мийкоил ва Исрофил алайҳимус-салом эдилар.
Лут алайҳис-саломнинг даъватига қулоқ солмасдан фаҳш-бузуқлик ботқоғига ботган кофир қавмни ҳалок қилиш учун юборилган мазкур фаришталар Оллоҳ таолонинг Амри билан йўл устида Иброҳим алайҳис-саломга бир хушхабар етказиш учун унинг ҳузурига келадилар. Ўшанда табиатан меҳмондўст бўлган Иброҳим алайҳис-салом ўн беш кундан буён уйига бирон меҳмон қадам босмаганидан ғамгин ҳолда эди. Шунинг учун “ассалому алайкум”, деб кириб келган уч нотаниш кишини кўриб жуда хурсанд бўлиб саломларига алик олди. Улар ҳусн-у жамолда тенгсиз ёш йигитлар эдилар. Иброҳим алайҳис-салом дарҳол уларга дастурхон ёзиб, ертандирда пиширилган бир бузоқни олдиларига қўяди. (“Тафсири Қуртубий”ва “ал-Муқтатафмин уювнит-тафосийр”китобларидан).
Муфассир уламолар ушбу ояти карима тарихий бир воқеадан хабар бериш баробарида биз мусулмонларга меҳмон кутиш одобидан ҳам таълим беради, дейдилар.
Дарҳақиқат, меҳмондўстлик Исломий одобдан бўлиб, Пайғамбарлар ва солиҳ инсонлардан мерос бўлиб қолган гўзал ахлоқлардан биридир.
Иброҳим алайҳис-салом мана шу чиройли урфни илк жорий қилувчи-ларидан бўлиб, ҳузурига кириб келган меҳмонларга уларни кутдириб қўймасдан дарҳол ўзига қарашли чорва ҳайвонларидан бир семиз бузоқни пишириб дастуронга тортиши, келган меҳмон олдига мезбон дарҳол дастурхон ёзиб, ўзида бор нарсаларни қўйиши ва уни дастурхондаги нарсадан тановул қилишга таклиф этиши лозимлиги ҳақида бир гўзал намуна-андоза бўлиб қолди.
Бошқа бир сурада бу ҳақда шундай хабар берилган: “Сўнг у аста оиласи олдига чиқиб, (пиширилган) бир семиз бузоқни келтирди-да, уни уларга яқин қилиб, «(Таомдан) емайсизларми?», деди”. (Ваз-зариёт сураси, 26-27-оятлар).
Меҳмон кутиш борасида Жанобимиз Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам қатор ҳадислар ворид бўлгандир. Улардан бирида: “Ким Оллоҳга ва Охират кунига иймон келтирса, қўшнисини иззат-икром қилсин, ким Оллоҳга ва Охират кунига иймон келтирса, меҳмонини иззат-икром қилсин”, дейилган бўлса, яна бир ҳадиси шарифда: “Зиёфат-меҳмон кутиш уч кундир. Аввалги кеча ва кундуз мезбон томонидан меҳмонларга ҳадя бўлиб, қолган кунлар садақадир”, деб меҳмондўстликнинг ажр-у савоби жуда улуғ эканига ишора қилганлар. (Бухорий, Муслим, Термизий ва бошқалар ривояти).
Суннат шуки, дастурхонга таом тортилгач, меҳмон кўп кутдирмай ундан тановул қилсин. Чунки меҳмоннинг ҳурмати унга имкон қадар тезроқ дастурхон ёзилиб бой борича, йўқ ҳолича мо ҳазарадан - ҳозир бўлган таомлардан тақдим қилиниши бўлса, мезбоннинг хурмати меҳмон миннатдорлик билан олдига қўйилган таомдан тановул қилишидир.
Шунинг учун ҳам -

70. Қачонки (Иброҳим меҳмонларнинг) қўллари (таомга) бормаётганини кўргач, уларни танимай қолди (яъни, уларнинг бу ишлари Иброҳимга ёқмади) ва улардан хавфсирай бошлади. (Шунда меҳмонлар): «Қўрқмагин. Бизлар (фаришталармиз - таом емаймиз), Лут қавмига (уларни ҳалок қилиш учун) юборилганмиз», дедилар.
Яъни, қачонки Иброҳим меҳмонларнинг таомга ҳатто қўл ҳам чўзмаётганларини кўргач, уларнинг бундай одатдан ташқари ва суннатга хилоф бўлган ишларидан ранжиб, буларнинг ниятлари ёмон шекилли деб хавотир ола бошлади.
Қатода айтади: “Иброҳим алайҳис-саломнинг меҳмонлар ишидан хавотир олишига сабаб, уларнинг одатларига кўра уйларига келган меҳмон агар улар қўйган таомни емайдиган бўлса, демак у ёмон ният билан келган деб ҳисоблар эдилар. (“Маолимут-танзил”тафсиридан).
“Танвирул-азҳон”да айтилишича, ўшанда Иброҳим алайҳис-салом ўз жонидан қўрқиб хавотирга тушгани йўқ. Чунки у кофирлар томонидан манжаниққа солиниб оловга отилган вақтида ҳам ўз жонидан қўрққан эмас, балки “Ўзимни барча оламлар Парвардигорига топширдим”, деб хотиржам тураверган. Бу ҳақда Анбиё сурасида хабар берилган: “(Иброҳим) айтди: «Ахир Оллоҳни қўйиб, сизларга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган (ҳатто гапира олмайдиган) нарсаларга сиғанасизларми?! Сизларга ҳам, Оллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларингизга ҳам суф! Ахир ақл юргизмайсизларми?!» (Иброҳимнинг ҳақ таъна ва дашномларига бирон жавоб топа олмай қолган подшоҳ Намруд бошчилигидаги мушриклар) дедилар: «Уни ёқиб юборинглар! Агар уддалай олсанглар (мана шу иш билан) ўз худоларингизга ёрдам қилинглар». (Анбиё сураси, 66-68-оятлар).
Шундан кейин мушриклар улкан ўтин ғарами ҳозирлашиб, унинг ҳамма томонига ўт қўйдилар ва Иброҳимни қўл-оёғини боғлаб бир манжаниққа (қадимий тош отиш қуроли) солишиб оловга отдилар. Шунда...
Биз айтдик: «Эй олов, сен Иброҳим учун салқин ва омонлик бўл!». (Анбиё сураси, 69-оят).
Муфассирларнинг айтишларича, Иброҳим алайҳис-салом манжаниқ-дан отилган лаҳзада унинг ёнига фаришта Жаброил келиб: «Менга бирон ҳожат-тилагинг борми?», - деб сўраган экан, Иброҳим: «Сенга (яъни, Ёлғиз Оллоҳдан ўзга бирон кимсага) эҳтиёжим йўқ», - деб жавоб берибди. «Парвардигорга-чи?», - сўрабди Жаброил. «Парвардигорим ўзи аҳволимдан Огоҳдир», - дебди Иброҳим. Шунда Оллоҳ таоло оловга юқорида зикр қилинган оятдаги Фармонини юборган заҳоти оловнинг ёруғи қолиб, иссиғи йўқолибди. Иброҳим алайҳис-саломнинг эса боғланган арқони ёниб битибди-ю, у кишининг ўзига озор етмабди.
Қиссадан ҳисса шуки, кимда-ким Иброҳим пайғамбар каби Ёлғиз Оллоҳ таолога бандалик қилиб, У Зотдан ўзга бирон кимсадан мадад-ёрдам тиламаса, Оллоҳ уни ўтда куйдирмас, сувда чўктирмас экан.
“Улар (Иброҳимга) макр қилмоқчи бўлдилар (яъни, уни ёндириб юбормоқчи бўлдилар). Биз эса уларнинг ўзларини кўпроқ зиён кўргувчи қилиб қўйдик”. (Анбиё сураси, 70-оят).
Демак, Иброҳим алайҳис-салом ўшанда ўзини ўйлаб эмас, балки қавми бошига бирон ёмонлик тушмасмикан деб хавотирга тушган эди. Буни сезган меҳмонлар унга ўзларининг инсон эмас, фаришта эканликларини, бинобарин, таом емасликларини айтишиб, зиммаларидаги вазифалари Лут алайҳис-саломга кофир бўлган қавмни ҳалок қилиш эканини билдиришди.
Ушбу ояти каримада ҳам юқоридаги оятда бўлгани каби меҳмон кутиш одобларидан бирига ишора бордир. Яъни, мезбон меҳмонга таом келтирганида унинг таомдан тановул қиляптими, йўқми, разм солиб туриши, агар у тортиниб таомга қўл узатмаётган бўлса, манзират қилиб, олинг-олинг деб туриши чиройли бўлар экан. Аммо бу разм солиш меъёрида бўлиши яхшилиги хусусида “Тафсири Қуртубий”да бир ривоят кел-тирилибди: “Подшоҳ Сулаймон ибн Абдулмалик бир саҳройи араб - аъробий билан таомланаётган эди. Сулаймоннинг кўзи ҳалиги аъробий олаёт-ган луқмадаги қилга тушиб қолди ва “қўлингдаги луқмада қил бор экан, олиб ташлагин”, деди”.
Шунда аъробий: “Ҳали сен менинг луқмамдаги ингичка қилни ҳам кўрадиган даражада тикилиб турибсанми?! Оллоҳга қасам, сенинг берган таомингни емайман”, - деб аразлаб унинг ҳузуридан чиқиб кетди.
Ояти карима тафсирида “Жомиул-баён” ва “Маолимут-танзил” китобларида зикр қилинишича, Иброҳим алайҳис-салом меҳмонларига бир семиз бузоқни пишириб келтирганида улар таомга қўл узатмаётганларини кўриб хавотирга тушди ва уларни ўғрилик учун келмаганмикин, деган гумонга бориб: “Емайсизларми?”, - деди. Улар: “Биз ҳақ тўламасдан таом емаймиз”, - деб жавоб қилишган эди, Иброҳим: “Бу таомнинг баҳоси бор”, - деди. “У ҳолда баҳосини айтгин”, - дейишди. Иброҳим алайҳис-салом: “Таомнинг баҳоси, аввалида - ейишни бошлаётганда Оллоҳ таолонинг Исмини зикр қилишларинг, охирида эса, Унга ҳамд айтишларингдир”, - деган эди, Жаброил алайҳис-салом ҳамроҳларига қараб: “Оллоҳ таоло уни Ўзига халил - дўст қилиб танлагани ҳақ экан”, - деди.
Ушбу ривоят ҳам биз мусулмонлар учун таомланиш одобидан берилган бир гўзал дарсдир. Демак, овқатланиш олдида “Бисмиллоҳ” демаган ва охирида “Алҳамдулиллоҳ”, демаган кимса, гўё бировнинг таомини ҳа-қини тўламасдан еган кимса каби бўлар экан.

71. (Парда ортида Иброҳимнинг) хотини турган эди. У кулди - хурсанд бўлди. Бас, Биз (фаришталаримиз воситасида) у аёлга Исҳоқ (исмли ўғил кўриши) ҳақида ва Исҳоқдан кейин Яъқуб (исмли набира кўриши) ҳақида хушхабар бердик.
Уламолар малоикаларнинг айтган сўзларини парда ортида эшитиб турган Сора - Иброҳим алайҳис-саломнинг аёли нима сабабдан кулгани ҳақида турлича ривоятларни келтирганлар.
Баъзилари У аёл малоикаларнинг “Қўрқмагин”, деган сўзларини эшитиб, Иброҳимга ва ўзига ҳеч қандай хавф хатар йўқлигини билгач, шодланиб кулди, деб тафсир қилган бўлсалар, Суддий раҳимаҳуллоҳ Иброҳим ва Сора меҳмонлар таомга қўл узатмаётганларини кўришгач, Сора: “Ажабо, биз меҳмонларни ҳурмат қилиб ўз қўлимиз билан зиёфат тайёрласаг-у, улар биз келтирган таомдан тотиб ҳам кўрмасалар”, деб кулди”, деди.
Қатода: “У аёл малоикаларнинг сўзларини эшитиб Лут қавми ўзларининг устига келаётган азобдан ғафлатда эканликларидан кулди, деб таъвил қилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан эса, мана бу тафсир ривоят қилинди: “Соранинг кулишига сабаб, ояти карима давомида берилган хушхабар эди. У кутилмаганда икки хушхабарни эшитиб, яъни, ўзи умри бўйи орзу қилиб ета олмаган фарзанд хушхабарини ва у фарзандидан кўрадиган набира хушхабарини, демак, то фарзанди Исҳоқ туғилиб, ўсиб вояга етиб, уйланиб, Яъқуб исмли фарзанд кўргунича, яъни, набирали бўлгунича ҳам ўлмасдан яшашлиги ҳақидаги хушхабарни эшитиб бениҳоя хурсанд бўлиб кулди ва -

72. Деди: «Вой ўлмасам, ўзим кампир, мана бу эрим эса қари чол бўлса ҳам туғавераманми? Бу жуда қизиқ иш-ку!».
Муфассирлар: “Ўшанда Соранинг ёши тўқсон тўққизда, Иброҳим алайҳис-салом эса бир юз йигирма ёшда эди”, дейдилар. Шунинг учун ҳам Сора ўзига берилган хушхабардан ҳайратга тушиб, ўзи ҳам, чоли ҳам жуда улуғ ёшга етганларида фарзандли бўлишларига ақли бовар қилмай юқоридаги сўзларни айтди. Аммо, ҳар бир иши Ҳикмат бўлган Ҳақ Субҳонаҳу ва таолонинг Иродаси шундай бўлган эди - У Зот Ўзининг Халили бўлмиш Иброҳим хонадонига - ўша кундан бошлаб то Қиёматга қадар дунёга келадиган барча пайғамбарлар туғиладиган нубувват хонадонига Ўз Раҳмати билан Исмоил алайҳис-саломдан кейин яна Исҳоқ алайҳис-саломни ҳам ато этишни ирода қилган эди. Ушбу воқеа - юз ёшдан ошган кишиларнинг фарзандли бўлишлари Ҳақ таоло томонидан Иброҳим алайҳис-саломга берилган Илоҳий Мўъжиза эди.

73. Улар айтдилар: «Оллоҳнинг Амридан ажабланяпсанми? Эй хонадон эгалари, сизларга Оллоҳнинг Раҳмати ва Баракоти бўлгай. Албатта, У ҳамду сано Эгаси ва Буюкдир».
Яъни, малоикалар Сорага Оллоҳ таоло ирода қилган ҳар қандай иш дарҳол амалга ошишига ҳайрон бўлиб ажабланишнинг ҳожати йўқ эканини, чунки Унинг қазо ва қадарига қарши турадиган бирон куч йўқ эканини айтдилар. Дарҳақиқат, “Бирон нарсани яратишни ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина Бўл демоқлигидир. Бас, у нарса бўлур - вужудга келур”. (Ёсин сураси, 82-оят).
Бинобарин, юз ёшдан ошган Иброҳим ва Сорага фарзанд ато этиш ҳам Унинг учун жуда осон ишдир.
“Эй хонадон эгалари, сизларга Оллоҳнинг Раҳмати ва Баракоти бўлгай. Албатта У ҳамду сано Эгаси ва Буюкдир”.
Иброҳим алайҳис-салом хонадонига “Ассалому алайкум”, деб кириб келган фаришталарнинг кетиш олдида хонадон аҳлига айтган сўзлари уларга Оллоҳнинг Раҳмат ва Баракотини тилаш бўлдики, бу иккиси жамланса “Ассалому алайкум ва Раҳматуллоҳи ва Баракотуҳ” бўлади. Илк бор фаришталар томонидан Иброҳим алайҳис-салом хонадонига айтилган бу муборак ибора ўша кундан бошлаб то Қиёматга қадар Иброҳимнинг миллатида - динида бўлган ҳар бир мусулмоннинг бир-бирларини кўрган вақтларида айтадиган биринчи сўзлари бўлиб қолди.
Ҳақ таоло Ўзи элчи қилиб юборган фаришталари орқали аввало Ўз Халили Иброҳим алайҳис-саломнинг хонадонига, бу хонадондан дунёга келадиган барча пайғамбарларига ва у пайғамбарларга иймон келтиради-ган барча мўмин-мусулмон бандаларига Ўзининг Саломини, Раҳмат-Марҳаматини ва Файз-Баракотини йўллайди.
Ҳамду сано Эгаси бўлмиш У Буюк Зот нозил қилган таъминотга амал қилиб, бир-бирларига “Ассалому алайкум ва Раҳматуллоҳи ва Барокатуҳ” дейдиган мусулмонлар ҳам ўз диндош биродарларига Оллоҳ таолодан тинчлик-омонлик, Илоҳий Марҳамат ва Файзу Баракотлар тилаган бўладилар. (Саломнинг ҳикматлари хусусида Нисо сурасининг 86-ояти тафсирида батафсил баён қилганмиз).

74-75. Энди қачонки Иброҳимдан қўрқув кетиб, хушхабар етгач, у Биз (яъни, фаришталаримиз) билан Лут қавми (яъни, уларни ҳалок қилишга шошмаслик) ҳақида баҳслаша бошлади. Шак-шубҳасиз, Иброҳим ҳалим, кўнгилчан ва инобатли кишидир.
Муфассирларнинг ёзишича, Иброҳим алайҳис-салом фаришталардан Лут қавмининг ҳалок қилиниши ҳақида эшитганида, уларга: «Агар у жойда кофирлар орасида элликта мусулмон ҳам бўлса, барибир ҳалок қилаверасизларми?», - деган экан. Улар: «Йўқ», - деб жавоб қилишгач, - «Агар қирқта мусулмон бўлса-чи?», - деб сўрайди. Улар: «Йўқ, ҳалок қилмаймиз», - дейишади. Ниҳоят, Иброҳим: «Агар у жойда битта мусулмон бўлса-чи?», - деганида, улар яна: «Йўқ, у кофирлар орасида битта мусулмон бўлса ҳам уларни ҳалок қилмаймиз», - деб жавоб беришгач, Иброҳим: «Ахир у ерда Лут бор-ку?!», - дейди. Шунда фаришталар Лут ва унга иймон келтирган кишиларга Оллоҳ таоло нажот беришини айтадилар”. (“Тафсири Бағавий”дан)
Бу ҳақда Анкабут сурасида шундай хабар берилади: “Қачонки Бизнинг элчиларимиз (яъни, фаришталар) Иброҳимга (фарзанд кўриши ҳақидаги) хушхабарни келтиришгач, айтдилар: «Албатта, бизлар мана шу қишлоқ аҳлини ҳалок қилгувчидирмиз. Чунки унинг аҳли золим - кофир бўлдилар». (Иброҳим): «Ахир у жойда Лут бор-ку?», деди. Улар айтдилар: «Бизлар у жойда ким борлигини яхшироқ билгувчидирмиз. Албатта бизлар (Лутни) ва унинг аҳли-оиласини қутқарурмиз. Магар унинг хотини (нажот топмас, чунки у) қолиб, ҳалок бўлгувчилардан эди.” (Анкабут сураси, 31-32-оятлар).
“Шак-шубҳасиз, Иброҳим ҳалим, кўнгилчан ва инобатли киши-дир”. Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг Халили - Дўсти Иброҳим алайҳис-саломнинг фаришталар билан баҳслашишига боис бўлган уч сифатини таъкидлайди. Яъни, Иброҳим алайҳис-салом ўзига ёмонлик қилган кимсадан ўч олишга шошилмайдиган ва ғазабини ичига юта оладиган ҳалим - юмшоқдил кишидир. Иккинчидан, у ўзгаларнинг бошига тушган бало-мусибатларга ҳам худди ўзининг устига тушгандек қийналиб оҳ чекиб қайғурадиган кўнгилчандир. Учинчидан, у инобатли, яъни, ҳар бир ишда Оллоҳ таолога қайтгувчи, Унинг ризосини истовчи, Унинг Ўзига тавба тазарруъ қилгувчи кишидир. Шунингучун ҳам у, элчи фаришталардан Лут алайҳис-саломнинг қавмига тушажак азоб ҳақида эшитганида ўзини қўярга жой топа олмай, улар билан баҳслаша бошлади.
Ояти каримадаги биз “кўнгилчан” деб таржима қилган “аввоҳ” сўзи хақида бир киши Пайғамбаримиз алайҳис-салоту вас-саломдан: “Ё Расу-луллоҳ, “аввоҳ” калимасининг маъноси нима экан?”, - деб сўраганида, у зоти бобаракот: “Камсуқум - тавозуъли киши”, - деб жавоб қилганлари ҳам ривоят қилинади. (Ибн Жарир Табарий ривояти).
Демак, Оллоҳ таолонинг улуғ пайғамбарларидан, пайғамбарлар отаси ҳисобланмиш Иброҳим Халилуллоҳ алайҳис-салоту вас-салом ана шундай гўзал сифатлар соҳиби бўлган экан.

76. (Фаришталар айтдилар): «Эй Иброҳим, бу (баҳс)ни қўй! Чунки Парвардигорингнинг Фармони келиб бўлган. Албатта, уларга қайтариб бўлмас азоб келгувчидир».
Яъни, табиатан ҳалим ва кўнгилчан бўлган Иброҳим алайҳис-салом Лут кавмига тушажак азоб ҳақидаги хабарни эшитгач, қай йўл билан бўлса-да у қавмни ҳалокатдан қутқариб қолиш чорасини излаб элчи фариш-талар билан баҳслаша бошлаганида улар бундай баҳс-мунозарани энди ҳеч қандай фойдаси йўқ эканини, чунки Оллоҳ таоло томонидан у золим-кофир қавмнинг ҳалок қилиниши тўғрисида Фармони Илоҳий келганини бас, энди уларнинг устига тушадиган азобни баҳслашиш билан ҳам дуо-илтижо билан ҳам ёки уларни шафоат қилиш - ёнларини олиш билан ҳам қайтариб бўлмаслигини айтадилар ва ўзлари Иброҳим алайҳис-саломнинг қишлоғидан тўрт фарсах (ўн-ўн икки чақирим) масофада жойлашан Лут алайҳис-саломнинг шаҳри бўлган Саддумга қараб йўл оладилар . У жойга кун ярмида етиб бориб ҳовуздан сув олаётган қизларга дуч келадилар. Сув олаётганлар орасидаги Лут алайҳис-саломнинг қизи уларни кўриб қолиб: “Сизлар кимсизлар, қандай иш билан қаёққа келаяпсиз-лар?”, - деб сўраганида, улар: “Фалон жойдан шу шаҳарга келаётган эдик”, - дейдилар. Шунда қиз бу шаҳар аҳолисининг аҳволидан хабар бериб, бу койда нопок одамлар жуда кўп эканлигини айтгач, улар ўзларини кўрқиб кетгандек кўрсатадилар ва: “Бу шаҳарда бизга уйидан жой берадиган биpон киши йўқми?”, - деб сўрайдилар. “Бу ерда мана бу шайхдан бошқа сизларга уйидан жой бериши мумкин бўлган бирон киши йўқ”, - дейди киз ва уйининг олдида турган отаси Лут алайҳис-саломни кўрсатади. Бас, улар Лутнинг олдига келадилар”. (“Танвирул-азҳон тафсири”дан).

77. Қачонки элчиларимиз Лутнинг олдига келганларида, у бундан ёмон ҳолга тушди ва улар(нинг келишлари)дан юраги сиқилиб, деди: «Бу кун оғир кундир».
Фаришталар келишидан Лутнинг сиқилишига сабаб, улар ёш ва хушрўй йигитлар суратида эдилар. Лут қавмидаги кофир кимсалар эса, баччабозлик дардига мубтало эдилар. Шунинг учун Лут пайғамбар улар бу йигитларнинг келганини пайқаб қолишиб, бемаънилик қилишларидан хавотирланиб, юқоридаги сўзларни айтди.
Ривоят қилинишича, Оллоҳ таоло Ўз элчилари бўлмиш фаришталарга: “У қавмни то Лут уларга қарши тўрт бор гувоҳлик бермагунича ҳалок қилманглар”, деб буюрган эди. Бас, қачонки элчилар Лут алайҳис-саломнинг хонадонига келиб ундан бир кеча меҳмон қилишини сўраганларида, Лут улардан: “Сизларга бу қишлоқ хабари етмаганмиди?”, - деб сўради. Улар: “У қандай хабар?”, - дейишган эди, Лут алайҳис-салом: “Оллоҳ номи билан гувохдик бераманки, бу қишлоқ Ер юзидаги энг ёмон гуноҳни қилгувчи қишлокдир”, деди ва мана шу гувоҳлигини тўрт бор такрорлади. Сўнгра унинг уйига кирдилар. Лут хотинига: “Тур, нон ёпгин, аммо уйимизга меҳмонлар келганини ҳеч кимга айтмагин”, деди. У хотин кофирлардан эди, лекин ўзининг кофирлигини эридан яшириб мунофиқона ҳаёт кечирар эди. Шунингучун бир баҳона билан уйидан чиқци-ю, уйма-уй юриб, кирган жойида: “Лутнингуйига шундай йигитлар келдиларки, мен ҳеч қачон улар каби хушрўй, хушбўй кишини кўрмаганман”, деб қавмига келган меҳмонлар ҳақида хабар бера бошлади”. (“Жомиъул-баён” “Дуррул-мансур”тафсирларидан).

78. (Дарҳақиқат, Лут пайғамбарнинг ҳузурига йигитлар келганини эшитишгач), қавми унинг олдига чопиб келди. Улар илгаридан ёмон ишлар - баччабозлик қилар эдилар. У айтди: “Эй қавмим, анави қизларим (яъни, шаҳримиздаги қизлар) сизлар учун покроқ-ку (яъни, баччабозлик қилиш ўрнига ўшаларга уйланаверсангизлар бўлмайдими)?! Бас, Оллоҳдан қўрқинглар ва меҳмонларим олдида мени шарманда қилманглар. Орангизда Тўғри Йўлга юргувчи бирон киши йўқми?!”
“(Дарҳақиқат, Лут пайғамбарнинг ҳузурига йигитлар келганини эшитишгач), қавми унинг олдига чопиб келди. Улар илгаридан ёмон ишлар - баччабозлик қилар эдилар”.
Иброҳим ва Лут алайҳимас-салом ҳақларида ҳамда Лут қавмининг кирдикорлари тўғрисида Аъроф сурасидаги оятларда хабар берилган ва бақадри ҳол тафсир қилинган эди. Лут қавмининг қандай одамлар бўлгани ҳақида аниқ тасаввур қилишимиз учун бу ўринда ўша оятларни тафсири билан келтириб ўтамиз: “(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), эсланг, Лут (пайғамбар) ўз қавмига: “Шундай бузуқлик қиласизларми? Ахир сизлардан илгари бутун оламлардан бирон кимса бундай қилмаган эди-ку?! (Наҳотки) сизлар хотинларингизни қўйиб, шаҳват билан (нафсингизни қондириш учун) эркакларга борсангиз?! Йўқ, сизлар ҳаддан ошувчи қавмдирсиз”, деган эди. (Аъроф сураси, 80-81-оятлар).
Юқоридаги оятларда Нуҳ, Ҳуд ва Солиҳ алайҳимус-саломнинг қавмлари ўзларига юборилган Оллоҳнинг элчиларига итоат этмаганлари учун Унинг даҳшатли азобларига гирифтор қилиниб ҳалок бўлганлари ҳақида хабар берилгач, энди бу оятларда тўртинчи қисса - Лут алайҳис-салом ва унинг қавми ҳақидаги қисса сўйланади ва унинг панд-насиҳатларини олмасдан дунёда мисли кўрилмаган бузуқлик қилганлари учун ҳалок бўлган қавм ҳақида хабар берилади.
Лут алайҳис-салом Иброҳим алайҳис-саломнинг оғаси Ҳороннингўғли бўлиб, Иброҳим алайҳис-салом кофирлар томонидан оловга ташланганида ёнмасдан, бирон жойи лат ҳам емасдан соғ-омон чиққанини кўргач, унинг ҳақ пайғамбар эканни билиб, биринчи бўлиб иймон келтиради. Бу ҳақда Ҳақ таоло шундай хабар берилади: “Бас, Лут унга (Яъни, Иброҳим алайҳис-саломга) иймон келтирди. (Иброҳим) айтди: “Албатта, мен Парвардигорим (буюрган томон)га ҳижрат қилгувчидирман. Албатта Унинг Ўзигина Кудрат ва Ҳикмат Эгасидир”. (Анкабут сураси, 26-оят).
Иброҳим алайҳис-саломнинг бу сўзларини эшитгач, Лут ҳам у билан бирга ҳижрат қилади, у билан икки дарё оралиғида, сўнгра Мисрда, сўнгра Шом шаҳарларида бирга бўлиб, Урдуннинг шарқида жойлашган Саддум деган шаҳарда туриб қолади. Оллоҳ таоло Лут алайҳис-саломга ваҳий юбориб, уни ўша шаҳар аҳлига элчи қилади.
Саддум аҳолиси ўта бадхулқ кимсалар бўлиб, одамлар олдида ҳеч уялмасдан, ҳаё қилмасдан ҳайвонлар ҳам ҳазар қиладиган бузуқликларни қилишар - эркаклар аёлларни қўйиб, эркаклар билан бесоқолбозлик қилишар, савдогарларнинг йўлини тўсиб, молларини талон-тарож қилиб, қароқчилик билан шуғулланишар эди.
Бу ҳақда Ҳақ таоло Ўз Китобида хабар беради: “Лут ўз қавмига: “Албатта сизлар шундай бузуқлик қилмоқдасизларки, сизлардан илгари бутун оламлардан бирон кимса бундай қилмаган эди. Ҳақиқатан ҳам сизлар (хотинларингизни қўйиб) эркакларга борурмисизлар; йўлтўсарлик - қароқчилик қилурмисизлар; мажлисларингизда ёмон ишлар қилурмисизлар?”, деганини эсланг”! Бас, (Лут) қавмининг жавоби фақат “Агар сен ростгўй кишилардан бўлсанг, бизларга Оллоҳнинг азобини келтир-чи”, дейишлари бўлди”. (Анкабут сураси, 28-29-оятлар).
Лут алайҳис-салом уларни бундай бузуқ ишлардан қайтариб панд-насиҳатлар қилади, Оллоҳнинг балоси бошларига тушиб қолиши мумкинлигини, қилаётган бу жиноятлари исроф - чегарадан чиқиш эканини айтиб уларни қайта-қайта огоҳлантиради, аммо улар Пайғамбарнинг сўзларига парво ҳам қилмай ўз бузуқчиликларини давом эттираверадилар, ҳатто Лут уларга насиҳат қилишини тўхтатмагач, у бузуқ қавм бир уни ва тобеларини шаҳардан ҳайдаб чиқариш билан, бир тошбўрон қилиб ўлдириш билан қўрқитиб таҳдид қила бошлайдилар.
“(Лут) қавмининг жавоби эса фақат мана бундай дейишлари бўлди: “Уларни (яъни, Лут ва тобеларини) қишлоғингиздан чиқариб юборингиз! Чунки улар ҳаддан ортиқ покиза одамлар экан”. (Аъроф сураси, 82-оят).
Яъни, Саддум аҳли - шаҳватнинг қулига айланиб, бузуқлик ботқоғига ботиб бўлган бу қавм Лут алайҳис-саломнинг холис панд-насиҳатларидан мутлақо таъсирланмадилар - бузуқликларидан қайтмадилар, балки аксинча, уларни покликка, инсоний ҳаёт кечиришга даъват қилган пайғамбарни ва унга иймон келтирган инсонларни: “Булар ҳаддан ташқари покиза одамлар эканми?”, деб масхара қилдилар ва покиза, диндор одамлар билан бир шаҳарда туришни ҳам истамасликларини айтишиб, - (эътибор қилайлик, уларнинг нопок ва жирканч кирдикорлари, айтаётган сўзлари ҳозирги замондаги - мелодий йигирма биринчи асрдаги ўзлари учун динсизликни “дин”, ахлоқсизликни “ахлоқ” қилиб олган жамиятлардаги кимсаларнинг аҳволларига нақадар ўхшаш), - Лут пайғамбарни ва оз сонли мўминларни шаҳардан ҳайдаб чиқармоқчи бўлдилар.
Ҳатто Лут алайҳис-саломга: “Агар сен ростгўй кишилардан бўлсанг бизларга Оллоҳнинг азобини келтир-чи”, дейишгача боришди. Шунда Лут: “Парвардигорим, бу бузғунчи қавм устига Ўзинг мени ғолиб қилгин”, деб Оллоҳга илтижо қилди. (Анкабут сураси, 30-оят).
Албатта, Ҳақ таоло Ўз элчисининг бу дуосини ижобат қилди ва унинг хузурига кофир қавмнинг қилмишига яраша жазо бериш - уларни ҳалок қилиш учун малоикаларини юборди. Лут пайғамбарга иймон келтирмаган кофир қавмни ҳалок қилиш учун юборилган фаришталар йўл устида ўзларига Ҳақ таоло томонидан буюрилган яна бир вазифани адо қилиб ўтдилар - улар Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломни зиёрат қилдилар ва унга кексалик чоғида яна бир фарзандли бўлиши - Исҳоқ исмли ўғил кўриши ҳамда ундан Яъқуб исмли бола дунёга келиб, Яъқубдан тарқаган зурриётлар ичидан жуда кўп пайғамбарлар чиқиши ҳақида хушхабар бердилар. Сўнгра унга ўзларининг Лут қавмини ҳалок қилиш учун юборилганларини айтадилар. Иброҳим алайҳис-салом биродари Лутга ҳам бирон азийят етиб қолмаса эди, деб хавотирга тушганида улар Лут алайҳис-салом ва унга иймон келтирган кишиларга Оллоҳ таоло нажот беришини айтиб, Иброҳимни хотиржам қиладилар.
Лут айтди: “Эй қавмим, анави қизларим (яъни, шаҳримиздаги қизлар) сизлар учун покроқ-ку, (яъни, баччабозлик қилиш ўрнига ўшаларга уйлансангизлар бўлмайдими)?! Бас, Оллоҳдан қўрқинглар ва меҳмонларим олдида мени шарманда қилманглар. Орангизда Тўғри Йўлга юргувчи бирон киши йўқми?!
Мужоҳид ва Саид ибн Жубайр каби муфассирлар: “Лут алайҳис-салом “қизларим”, деб ўзининг қизларини эмас, балки ўша қавмдаги барча қизларни ирода қилади. Чунки ҳар бир пайғамбар ўз қавми учун ота ҳукмида бўлади”, дейдилар ва сўзларига “Пайғамбар мўминларга ўзларидан ҳам яқинроқ - ҳақдорроқдир, унинг аёллари эса уларнинг оналаридир” (Аҳзоб сураси, 6-оят) оятини далил қилиб келтирадилар.
Икрима бўлса, “Лут алайҳис-салом бу сўзлари билан у кофир қавмга на ўзининг қизларини ва на қавмининг қизларини бермоқчи эмас эди, балки фақат уларни ёмон ниятларидан қайтариш учунгина ўша сўзларини айтди”, дейди.
Аммо у динсиз қавм орасида хақиқатан ҳам Ҳақ Йўлга юргувчи, бузуқ йўлдан қайтгувчи бирон киши йўқ эди. Шунингучун улар пайғамбарнинг панд-насиҳатларига қулоқ солмадилар, балки аксинча -

79. Улар дедилар: «Сен қизларингда ҳаққимиз (яъни,уларга эҳтиёжимиз) йўқ эканини аниқ биласан. Шунингдек, биз нимани исташи-мизни ҳам жуда яхши биласан».
Бу сўзлари билан у кофир қавм ўзларининг инсонлик чегарасидан бутунлай чиқиб, ваҳший ҳайвонлардан ҳам тубанроқ махлуқларга айланиб бўлганларини, энди уларга ҳеч қандай панд-насиҳат кор қилмаслигини билдирдилар. Бу сўзлари билан улар инсоний оила қуриб эр-хотин бўлиб ҳаёт кечиришга, ўзларидан насл қолдиришга мутлақо рағбат-хоҳишлари йўқ эканини ва фақат эркаклар эркаклар билан бузуқлик қилишдан бошқа ҳеч нарсани истамасликларини очиқ айтдилар. Бошқача айтганда, у қавм ўзлари сезмаган ҳолларида энди Ер юзида яшашга мутлақо ҳақлари қолмаганини, энди дунё-ю Охират азобига гирифтор бўлишдан ўзга жазога лойиқ эмасликларини ўз сўзлари билан бўйинларига олдилар. У қавмнинг бузуқлик ботқоғидан чиқишига кўзи етмай қолгач, -

80. (Лут) деди: «Қани энди, сизларга кучим етса эди ёки мени па-ноҳига оладиган кучли бир таянчим бўлса эди».
Лут алайҳис-салом у кофир қавмнинг Тўғри Йўлга юришидан бутун-лай умиди узилгач, ўзининг уларга қарши туришга, уларни дафъ қилишга на куч-қуввати ва ёрдамчилари йўқлигидан шикоят қилиб мана шу сўз-ларни айтди. Лекин у гарчи Ер юзида унга ёрдам берадиган катта жамоатга эга бўлмаса-да, аслида энг кучли Таянчга - Оллоҳ таолонинг Мададига эга эди.
Имом Бухорий ва Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Биродарим Лутни Оллоҳ таоло Ўз Раҳматига олсин, албатта уни Ўз паноҳига оладиган Кучли Таянчи (яъни, Оллоҳ таоло) бор эди”. Дарҳақиқат, Оллоҳ таолодан кучлироқ ҳеч бир таянч йўқдир. Шунинг учун Лут алайҳис-салом юқоридаги сўзларини айтганда, малоикалар: “Сенинг Таянчингжуда Кучлидир”, деб танбеҳ бердилар. (“Тафсири Куртубий”дан).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Оллоҳ таоло Лут алайҳис-саломдан кейин юборган барча элчи-пайғамбарларини ўз қавмлари олдида азиз, эътиборли, қариндош-уруғлари томонидан ҳимоя қилингувчи бўлган ҳолларида юборган экан, яъни, Лут ўзининг кучсиз, ҳимоясиз эканини айтиб қилган дуо-илтижолари Ҳақ таоло тарафидан ижобат бўлгани кейинги пайғамбарлар ҳаётида намоён бўлган экан. (“Танвирул-азҳон ” тафсиридан).

81. (Шунда фаришталар) айтдилар: “Эй Лут, биз Парвардигорингнинг элчиларимиз. Улар сенга ҳаргиз тега олмаслар. Бас, сен кечанинг (қолган) қисмида аҳли оилангни олиб чиқиб кетгин ва сизларнинг ичингиздан ҳеч ким (атрофга) алангламасин! Фақат хотининг... Зотан, унга (хотинингга) ҳам уларга етган (бало) етгувчидир. Уларга ваъда қилинган вақт субҳдир. Субҳ яқин эмасми?!”
Ривоят қилинишича, Лут алайҳис-салом меҳмонларини уй ичига киритиб дарвозани беркитиб қўйиб, бостириб келган қавми билан мунозара қилар экан, улар эшикни бузиб ичқарига кирмоқчи бўлганларида элчилар Лутга ўзларининг ким эканликларини билдириб: “Сен дарвозани очавергин, улар сенга бирон зиён етказа олмайди”, дейишди. Шунда Лут четланиб, дарвоза очилгач, элчилардан бири Жаброил алайҳис-салом ичкарига кирмоқчи бўлиб ёпирилиб келаётган кофир қавмни қаноти билан урган эди, барчаларининг кўзлари кўр бўлиб, “Қутқаринглар қутқаринглар”, деб дод-вой қилиб орқаларига қайтиб кетишди. (Куртубий ва Бағавий тафсиридан).
Бошқа бир сурада бу ҳақда шундай хабар берилади: “Аниқки, улар (Лутнинг) меҳмон(лар)ини йўлдан урмоқчи бўлдилар. Бас, Биз уларнинг кўзларини кўр қилиб қўйдик: “Энди Менинг азобимни ва огоҳлантиришимни тотиб кўринглар!”. (Қамар сураси, 37-оят).
“Бас, сен кечанинг қолган қисмида аҳли-оилангни олиб бу шаҳардан чиқиб кетгин ва сизларнинг ичингиздан ҳеч ким атрофига алангламасин. Фақат хотининг... Зотан, унга, (яъни, хотинингга) ҳам уларга етган бало етгувчидир”.
Лут алайҳис-салом ва ҳамроҳларига шаҳардан чиқиб кетаётганларида ён-атрофларига алангламаслик буюрилишининг сабаби, Ҳақ таоло улар қолганларнинг бошига тушган бало-офатни кўриб қийналмасликларини истади. Аммо Лутнинг хотини эса ўша ҳалокатга юз тутган кофирлар гуруҳидан эди. Шу боисдан эри билан бирга шаҳардан чиқиб кетар экан, Оллоҳ таоло қайтарган ишни қилади - ён-атрофига аланглаб қарайди ва қолаётган дўстларининг бошларига тушаётган балони кўргач, “Эй қавмим-а!”, дейиши билан бошига бир тош келиб тегиб, кетаётган жойида тил тортмай ўлади.
“Уларга ваъда қилинган вақт - субҳдир. Субҳ яқин эмасми?”.
Малоикаларнинг: “Албатта, бизлар бу қишлоқ аҳлини ҳалок қилгувчимиз”, (Анкабут сураси, 31-оятдан) деган сўзларини эшитган Лут алайҳис-салом: “Бу кофир қавмни қачон ҳалок қиласизлар”, деб сўраган эди. “Уларга ваъда қилинган вақт субҳ - тонг отар пайтидир”, дедилар. Аммо Лут алайҳис-салом ўз қавмининг куфр-исёнидан шу қадар ғазабланган эдики, уларнинг дарҳол ҳалок бўлишларини истаган ва тонг отгунча тирик қолишларини ҳам узоқ деб билган эди. Шу сабабдан фаришта-лар унга: “Субҳ яқин эмасми?”, деб хитоб қиладилар.

82-83. Энди қачонки Бизнинг Фармонимиз (яъни, азобимиз) кел-ганида, у жойларни остин-устун қилиб юбордик ва уларнинг (кофирларнинг) устига Парвардигорингиз даргоҳида белгилаб қўйилган сопол тошларни пайдар-пай ёғдирдик. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), у жойлар бу золимлардан (яъни, Макка мушрикларидан) йироқ эмасдир, (яъни, улар ўша кофирларнинг оқибати нима бўлганини кўриб ибрат олсалар бўлмайдими?!)
“Маолимут-танзил”, “Танвирул-азҳон” ва бошқа тафсирларда ривоят қилинишича, Лут алайҳис-салом ўз ҳамроҳлари билан тонг отмасдан шаҳардан чиқиб кетди ва Оллоҳ таоло уларга Ерни ўраб - қисқа қилиб, жуда оз фурсатда Иброҳим алайҳис-саломнинг ҳузурига етиб олдилар. Шундан кейин Жаброил алайҳис-салом Лутнинг қавми жойлашган бешта қишлоқни бор аҳолиси билан - у қишлоқ-шаҳарларда тўрт юз минг киши бор эди - даст кўтарди-да, осмони фалакка олиб чиқиб, оёқларини осмондан қилиб ерга ташлади! Ҳақ таолонинг у кофир қавмга юборган бу даҳшатли азоби - оёқларини осмонга, бошларини ерга қаратиб ташлаб ҳалок қилгани уларнинг инсоний табиатга мутлақо тескари бўлган жиноятларига
- эркаклар аёллар билан турмуш қуриш ўрнига эркаклар эркаклар билан бузуқлик қилганларига энг муносиб жазо эди. “Бас, Оллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади, балки улар ўзларига зулм қилган эдилар”. (Тавба сураси, 70-оятдан).
Лут алайҳис-саломнинг даъватига итоат қилмай бузуқлик ботқоғига ботган у кофир қавмнинг жазоси уларни осмондан ерга ташлаб ҳалок қилиш билан битмади, балки шундан кейин Жаноби Ҳақ уларнинг устига бир “ёмғир” ёғдирдики, у “ёмғир”нинг томчилари сув эмас, балки осмондан тизилган ҳолда тушаётган сопол тошлар бўлиб, ҳар бир тошга қайси кофирнинг устига тушиб, унинг қабр тошига айланиши ёзиб қўйилган эди! (Ё алҳазар! Замонамиздаги жаҳолат аҳли қабрларининг устини темир-тошлар билан қоплаб, у тошларга сурат ва номларини ёзиб-чизиб, тош ҳайкалларини тиклаб қўйишлари уларга кимлардан мерос бўлиб қолган экан-а!).
“Биз уларнинг устига бир “ёмгир” ёғдирдик! Ана энди жиноятчи
- осий қавмнинг оқибати (қисмати) қандай бўлганини кўринг”. (Аъроф сураси 84-оят).
“Яна У Зот зеру забар бўлган (қишлоқни, яъни, Лут пайғамбар қавми)ни ҳам қулатиб, уни ўраган нарса (яъни, осмондан ёғилган тошлар) билан ўраб - кўмиб ташлади.” (Ван-нажм сураси, 153-154-оятлар).
Лут алайҳис-салом у қавмда ўттиз йил туриб, уларни бундай нопок-ликни тарк этишга, инсоний ҳаёт кечиришга даъват қилди, аммо улар холис панд-насиҳат қилган пайғамбарнинг сўзига қулоқ солмай, оқибатда қирилиб кетдилар.
Заҳрий ривоят қилишича, у бузуқ қавм Оллоҳнинг азобига гирифтор бўлгач, Лут алайҳис-салом амакиси Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломнинг ҳузурига бориб, умрининг охиригича унинг ёнида бўлган.
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), у жойлар бу золимлардан (яъни, Макка мушрикларидан) йироқ эмасдир, (яъни улар ўша кофирларнинг оқибати нима бўлганини кўриб ибрат олсалар бўлмайдими?!)”.
Ушбу оятлар баччабозлик энг ёмон бузуқлик эканига Илоҳий далилдир.
Ҳадиси шарифда ҳам бу ҳақда кўп огоҳлантиришлар бор:
Байҳақий ва Ҳоким Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу адайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ таоло халқидан етти тоифасини етти осмон устида туриб лаънатлади. У етти тоифадан олтитасини бир мартадан лаънатлади, бир тоифани эса уч марта лаънатлаб: “Ким Лут қавми қилган ишни қилса, у малъундир, малъундир, малъундир”, деди”.
Ибн Можжа ва Ҳоким Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Лут қавми қилган ишни қилса, қилувчини ҳам, қилинувчини ҳам тошбўрон қилинглар!”, деб буюрдилар.
Ибн Адий ва Байҳақий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилдилар: Пайғамбар алайҳис-салоту вас-салом: “Тўрт тоифа эрта-ю кеч Оллоҳнинг ғазабида бўлади”, - дедилар. “Улар кимлар, ё Расулуллоҳ?”, - деб сўралган эди: “Ўзларини аёлларга ўхшатиб олган эркаклар, ўзларини эркакларга ўхшатиб олган аёллар, ҳайвонга ётган кимса ва эркакка ётган эркак”, дедилар.
Халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу одамларга хутба қилар экан, деди: “Билиб олинглар, тўрт тоифа мусулмоннинг қони ҳалолдир: Бировни ноҳақ ўлдирган қотил қатл қилинади, оилали киши зино қилса тошбўрон қилинади, Исломга кирганидан кейин муртад бўлган кимсага ўлим жазоси берилади ва Лут қавми қилган ишни қилган кимса ҳам ўлдирилади”.
Тобеинлардан бўлган улуғ муфассир Мужоҳид: “Лут қавми қилган ишни қилган кимса агар осмон ва Ердаги бор сув билан ғусл қилса ҳам нажаслигича қолади”, деди.

84. Мадян қавмига ўз биродарлари Шуайбни (элчи қилиб юбордик). У айтди: «Эй қавмим, Оллоҳга ибодат қилингиз! Сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Ва ўлчов ва тарозидан уриб қолманглар! Мен сизларнинг яхшиликда (яъни, тўкин-сочинликда) эканлигингизни кўриб турибман. Ва мен (агар иймон келтирмасангизлар), сизларнинг устингизга ўраб олувчи Кун - Қиёматнинг азоби тушишидан қўрқаман.
Шуайб алайҳис-саломнинг қиссаси ушбу сурайи каримадаги пайғамбарлар тарихидан Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ ва Лут алайҳимус-салом қиссаларидан кейинги бешинчи қиссадир.
Шуайб Иброҳим Халилуллоҳ алайҳис-салоту вас-саломнинг авлодларидан бўлиб, тарихчилардан Ато ибн Исҳоқ ва бошқаларнинг айтишлари-ча, у Шуайб ибн Мийкоил ибн Ясхара ибн Мадян ибн Иброҳимдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анхумо ва Ибн Жубайрдан ривоят қилинишича, Шуайб аъмо - кўзи ожиз киши эди, баён қилиш ва хужжат келтиришда жуда кувватли, қавмига қилган мурожаатларида сўзи бутун бўлгани учун Расулуллоҳ соллолоху алайҳи ва саллам қачон Шуайб зикр қилинса: “У пайғамбарлар хатиби - воъизи”, дер эдилар.
Мадян - Шуайб алайҳис-саломнинг аждодларидан, Иброҳим алайҳис-саломнинг ўғли бўлган Мадян ибн Иброҳим яшаб, обод қилган шаҳар бўлиб, Шуайб ана ўша шаҳар аҳлига Оллоҳ таоло томонидан элчи қилиб юборилган. Мадян Урдуннинг жанубий шарқида жойлашган шаҳардир. У шаҳар аҳолиси Оллоҳни қўйиб бут-санамларга ибодат қиладиган, одамлар билан муомалада ғирром, тош-тарозидан уриб қолишни одат қилиб олган кимсалар эди. Бас, Шуайб алайҳис-салом энг аввал уларни Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга даъват қилиб, Танҳо Оллоҳ таолодан ўзга ҳеч қандай илоҳ йўқ эканини айтди. Яъни, Шуайб ҳам ўз қавмига Одам алайҳис-саломдан бошлаб Муҳаммад соллолоху алайҳи ва салламгача бўлган барча пайғамбарлар ўз қавмларига айтган ягона ҳақиқатни - Оллоҳнинг ҳеч қандай шериги йўқ эканини, бас, УнингЎзигагина куллик қилиш фарз эканини айтди ва ўзининг пайғамбарлик рисолати - вазифаси билан юборилиши Парвардигор томонидан уларга келган хужжат эканини таъ-кидлаб, қавмдошларини уларнинг орасида кенг ёйилган бир иллатдан - ўзгалар билан қиладиган савдо-сотиқларида одамларнинг ҳаққидан уриб қолишдан қайтарди ва нарсаларни тўғри ўлчаб, тўғри тортишга буюрди.
Ва у осий қавмни шундай деб огоҳлантирди: “Мен сизларнинг яхшиликда (яъни, тўкин-сочинликда) эканлигингизни кўриб турибман. Ва мен (агар иймон келтирмасангизлар), сизларнинг устингизга ўраб олувчи Кун - Қиёматнинг азоби тушишидан қўрқаман.”
Яъни, мен сизларни бой-бадавлат, ризқингиз мўл, ҳаётингиз фаровон эканлигини кўрмоқдаман. Демак, сизлар тош-тарозидан уриб, бировлар-нинг ҳаққини ҳаром йўллар билан ейишга муҳтож эмассизлар. Қўрқаманки, агар сизлар Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ таолога ибодат қилмасангизлар ва ўзларингиз бой, беҳожат бўла туриб бировнинг ҳаққидан ҳазар қилмайдиган, яъни, тош-тарозидан уришда давом этаверадиган бўлсангизлар, сизларга ато этилган бу тўкин-сочинликдан, фаровон ҳаётдан маҳрум бўласизлар ва устингизга ҳаммалар-ингизни ўраб-ҳалок қиладиган Куннинг азоби тушади.
Уламолар оятдаги: “Ўраб олгувчи Кун”дан мурод, ё кофир қавмнинг мана шу дунёдаги қирилиб ҳалок бўладиган кунлари ёки Охиратдаги бошларига жаҳаннам азоби тушадиган Қиёмат Куни дейдилар.
Шуайб алайҳис-салом Мадян аҳлига буюрган “ўлчов ва тарозидан уриб қолманглар!”, деган амр - одамлар барча ишларида, жумладан ўзаро олди-сотди муомалаларида адолатли бўлишларига чақириқ ва бировнинг молини ноҳақ ейишдан қайтариш бўлиб, бу мавзу нафақат Шуайб қавми, балки ҳамма замонларда яшайдиган инсонлар учун ўта зарур ва долзарб мавзудир. Шунинг учун Ҳақ таоло бошқа оятларда ҳам бировларнинг ҳақларига хиёнат қиладиган кимсалар ҳалок бўлишлари ҳақида огоҳлантиради: “(Ўлчов ва тарозидан) уриб қолгувчи кимсаларга ҳалокат бўлгай! Улар одамлардан (бирон нарсани) ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса кам қилиб берадиган кимсалардир. Улар ўзларининг улуғ бир Кунда - барча одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик туриб (ҳисоб-китоб берадиган Қиёмат) Кунида қайта тирилгувчи эканликларини ўйламайдиларми?!” (Мутаффифун сураси, 1-6-оятлар).

85. Эй қавмим, ўлчов ва тарозини адолат билан тўла тортингиз! Одамларнинг нарсаларини уриб қолмангиз ва Ерда бузгунчилик билан санқиб юрмангиз!
Юқоридаги ояти каримада Шуайб алайҳис-салом қавмини ўлчов ва тарозидан уриб қолишдан қайтаргани зикр қилинган бўлса, бу оятда энди уларни савдо-сотиқ муомалаларида адолатли бўлишга - сотадиган нарсаларини ўлчаб-тортиб бераётганларида тўла-тўкис қилиб, имкони бўлса бир оз ортиғи билан ўлчаб-тортиб беришга чақиргани, умуман ҳар қандай олди-бердида ҳақдорнинг ҳаққини ҳеч ҳам камитмасдан, аксинча, одамлардан олган нарсаларини комил суратда қайтариб беришга буюргани ҳамда Ердаги ҳаётлари мобайнида барча ишларда Тўғри Йўлни маҳкам тутиб, бузғунчиликнинг барча турларидан олис бўлишга даъват қилгани ҳақида хабар берилди.
Шуайб алайҳис-саломнинг ўз қавмига айтган бу сўзлари бошқа сураларда ҳам келган: “Ер ўнглаб қўйилганидан кейин, унда бузгунчилик қилиб юрманглар! Агар мўмин бўлсангизлар, мана шу ўзларингиз учун яхшироқдир”. (Аъроф сураси, 85-оят).
Ҳақ таоло Шуайб пайғамбар тилидан айтган бу Илоҳий Сўз ҳам нафақат Мадян аҳлига, балки бутун башариятга қаратилгандир.
Дарҳақиқат, Ҳақ таоло Ерни яратганида уни ўнглаб, яъни, бекаму-кўст, гўзал ва инсонлар роҳат-фароғатда яшашлари учун салоҳиятли қилиб яратгандир. Сўнгра Меҳрибон Парвардигор инсонларга мана шу Ерда қандай қилиб бахтли ҳаёт кечиришни ўргатсинлар деб Ўзининг элчиларини юборди ва улар ўзларига нозил бўлган Илоҳий Ваҳийлар воситасида иймонли инсонларга Тўғри Йўлни кўрсатиб ўтдилар, мўмин-мусулмонлар Оллоҳнинг элчилари ўзларига ўргатган Илоҳий Интизомга риоя қилиб, мана шу ўзлари учун яхшироқ эканини билиб, Ерда бахтли ҳаёт кечирдилар. Аммо динсиз, иймонсиз кимсалар эса, ҳавойи нафсларига қул бўлиб, пайғамбарлар келтирган таълимотлар билан ўнглаб кўйилган Ерда бузғунчилик қилиб, ўзгаларга зиён етказиб, дунё-ю Охиратларини куйдирдилар.
Минг-минг йиллар давомида Оллоҳ таоло юборган пайғамбарлар карвони навбатма-навбат келиб, жоҳил ва динсиз қавмлар томонидан бузилган Ерни ўнглаб, унда Илоҳий Интизомни ўрнатиб турдилар ва бу ҳол то сўнгги Пайғамбар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга Қуръони Азим нозил бўлиб, у Азиз Китобда то Қиёмат ҳеч ким ўзгартира - буза олмайдиган Комил Дини Ислом таълимоти келгунича давом этди. Ўрганаётганимиз оятларда зикр қилинган Шуайб алайҳис-салом ҳам ўша пайғамбарлар силсиласининг бир халқаси бўлиб, зиммасидаги вазифа - бузилган ўлкани ўнглаш - динсиз қавмини иймон ва Исломга даъват қилиш эди, алдов, хиёнат ва зулм йўлига кириб кетган кимсаларга инсоний ҳаёт қандай бўлишини ўргатиш эди. Шунинг учун у Мадян аҳлини Ёлғиз Оллоҳга иймон келтириб, Унинг Ўзигагина ибодат қилишга чақирганидан сўнг уларни бошқалар билан қиладиган муомала-муносабатларида ҳалол йўлни танлашга, бировнинг ҳаққидан ҳазар қилишга даъват қилди, ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштириб олиш - ўнгланган Ерни бузиш эканини айтиб огоҳлантирди.

86. Агар мўмин бўлсангизлар, (ҳаром-ҳариш йўллар билан бой-бадавлат бўлгандан кўра) Оллоҳ қолдирган (ҳалол) нарса сизлар учун яхшироқдир. Мен сизларнинг устингизда қўриқчи эмасман».
Яъни, Шуайб алайҳис-салом айтди: “Агар сизлар мўмин бўлсангизлар, тош-тарозидан уриб тўплаган ҳаром мол-дунёдан кўра ўлчов ва тарозини адолат билан тўла қилиб тортиб одамларнинг ҳақларини ноҳақ ўзлаштир-масдан қилган олди-бердиларингиздан Оллоҳ таоло сизларга қолдирган ҳалол фойда яхшироқ эканини билурсизлар. Мен сизларнинг устингизда қилган амалларингизни ҳисоб-китоб қилиб турадиган, агар гуноҳ-маъсиятга қадам босмоқчи бўлсангизлар, сизларни тўхтатиб қоладиган қўриқчи қилиб юборилган эмасман, балки мен сизларга Ҳақ сўзни етказувчи, сизларга панд-насиҳат қилиб огоҳлантиргувчидирманки, зиммамдаги вазифани бажардим - ўзимга нозил бўлган ваҳийни сизларга етказдим”.
Дарҳақиқат, Оллоҳ таоло ато этадиган ризқни ҳалол касбкор билан исташ яхшироқ эканида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир. Ҳалол-пок инсоннинг Охират диёрида эришадиган ажр-мукофотидан ташқари мана шу дунёда ҳам обрўси баланд, ризқи мўл бўлиши аён ҳақиқатдир. Чунки одамлар бир кишини ишончли ва ростгўй эканини билсалар, олди-берди ва савдо-сотиқларини ўша инсон билан қилишни хоҳлайдилар, уни қаерда бўлса ҳам излаб топадилар, бас, унга ризқ дарвозалари катта очилади. Аммо бирон кимсанинг хиёнаткор, алдамчи экани маълум бўлганида эса, одамлар ундан юз ўгирадилар, натижада унинг учун ризқ эшиклари бирин-кетин ёпилиб, турмуши танг бўлади.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қай бир қавм одамларни алдаб, ўлчов ва тарозидан уриб қолишни одат қилса, Оллоҳ таоло уларни қаҳатчилик ва қимматчиликка мубтало қилиши аниқдир”, деган муборак ҳадисларининг маъноси ҳам шудир.
“Танвирул-азҳон” тафсирида бир ибратли ҳикоят келтирилибди: Бир кимса сутга сув аралаштириб сотишни одат қилган эди. Бир куни қаттиқ сел келиб, унинг сут берадиган сигирини оқизиб кетди. Шунда қизчаси унга: “отажон, сиз сутга қўшадиган сувларингиз кўпайиб-тошиб, сигиримизни оқизиб кетди”, деди.

87. Улар (масхара қилиб) дедилар: «Эй Шуайб, бизлар ота-боболаримиз ибодат қилиб келаётган бутларни тарк қилишимиз кераклигини ёки ўз мол-мулкимизни ўзимиз хоҳлагандек тасарруф қилмаслигимиз кераклигини сенга ўқиётган намозларинг буюрмоқдами? Ҳақиқатан, сен жуда кўнгилчан - ҳалим ва рашид (Тўғри Йўлни топиб олган) кишисан-да!»
“Тафсири Қуртубий”да Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қи-линишича, Шуайб алайҳис-салом кўп намоз ўқийдиган, ибодатнинг фарзида ҳам, нафлида ҳам давоматли киши эди. У: “Намоз ёмонлик ва гуноҳдан қайтаради”, дер эди. Бас, қачонки у қавмини ҳам Оллоҳ таолога ибодат қилишга, Унга бирон нарсани ширк келтирмасликка ва бир-бирлари билан қиладиган савдо-сотиқ муомалаларида ҳалол-пок бўлишга, бировларнинг ҳаққидан ҳазар қилишга буюрганида, улар Ҳақ таоло элчилик вазифаси учун танлаган у улуғ зотга итоат қилиш ўрнига унинг устидан кулдилар ва: “Эй Шуайб, сени ўқиётган намозларинг ақлдан оздириб кўйганга ўхшайди. Сенга бизларни ота-боболаримиз ибодат қилиб келган бутларга ибодат қилишдан қайтаришни ҳам, ўзимизнинг хусусий мол-мулкларимизни ўзаро ўзимиз хоҳлагандек олди-берди қилишимиздан тўсишни ҳам ўша намозларинг буюрмоқдами?! Бунча бардошли, бунча тўғри бўлмасанг?!”, деб масхара қилдилар.
Бу сўзлари билан у мушрик қавм ўзларининг ота-боболарига кўр-кўрона тақлид қилишдан бошқа ҳеч нарсани тан олмайдиган, ҳеч қачон халол билан ҳаромни фарқига бормайдиган ва ҳеч қандай панд-насиҳатни қабул қилмайдиган том маънода кўр-у кар қавм эканликларини кўрсатдилар.

88. У айтди: «Эй қавмим, хабар берингизчи, агар мен Парвардигорим томонидан Аниқ Хужжатга эга бўлсам ва У Зот мени Ўз томонидан гўзал ризқ билан ризқлантирган бўлса (сизларнинг сўзингизга кириб шу ҳалол ризқни ҳаромга аралаштиришим керакми?!) Мен (сизларни ўлчов ва тарозидан уриб қолишдан, бировларнинг ҳаққини ейишдан қайтариб кўйиб, сўнгра) сизларга хилоф қилиб, сизларни қайтараётган нарсани (яъни, ҳалолни ҳаромга аралаштиришни) ўзим қилишни истамайман. Мен фақат имконим борича ислоҳ қилишни истайман, холос. Ва (бунга) Ёлғиз Оллоҳнинг ёрдами билангина муваффақ бўлурман. Мен Унинг Ўзига суяндим ва Ўзига илтижо қилурман.
Яъни, Шуайб алайҳис-салом у жоҳил қавмга жавобан гўё шундай деди: “Эй қавмим, ўзларингиз айтингларчи, агар Парвардигорим томонидан менга аниқ ҳужжат - Илоҳий ваҳий нозил бўлиб, У Зот менга пайғамбарлик ато этган ва ҳалол мол-дунёдан гўзал ризқ-насиба берган бўлса, шундай Илоҳий инъомга эга бўла туриб Унинг Амрига хилоф иш тутишим, яъни, сизларга эргашиб ҳалолни ҳаромга аралаштириб юраверишим, сизларни Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга чақирмаслигим, гуноҳ-маъсиятлардан қайтармаслигим ва ҳар ишда адолатли бўлишга буюрмаслигим дуруст бўладими? Мен сизларни бировнинг ҳаққини ейишдан, ўлчов ва тарозидан уриб қолишдан қайтариб, ўзим ўша ишларни қилишни истаганим йўқку! Балки мен сизларга нима деган бўлсам, аввало ўзим ўша сўзга амал қиламан, чунки ким одамларга тили билан панд-насиҳат қилса-ю, ўша айтган сўзларига ўзи амал қилмаса, у насиҳатгўй эмасдир”.
“Иҳёул-улум” китобида мана бу ривоят ҳам Шуайб пайғамбар айтган сўзларнинг тасдиғидир. Оллоҳ таоло Ийсо алайҳис-саломга шундай ваҳий қилди: “Эй Марямнинг ўғли, сен аввал ўз нафсингга панд-насиҳат қилгин. Агар у қабул қилса, шундан кейин одамларга панд-насиҳат қил, агар ундай бўлмаса, у ҳолда одамларга сўзлашга Мендан ҳаё қилгин”.
Шуайб алайҳис-салом сўзларининг давомида шундай деди:
“Мен сизларга қилаётган панд-насиҳатларим билан фақат қўлимдан келганича сизларни ислоҳ қилишни - тузатишни истайман, холос, бундан ўзга ғаразим йўқдир. Аммо бу мақсадга эришишим Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Мадади билангина бўлур. Мен барча ишларимда, жумладан, сизларга Ҳақ таолонинг Амр-Фармонларини етказишимда ҳам Унинг Ўзига суянганман. Чунки агар Парвардигорим мени қўлласа, ҳеч ким йўлимни тўса олмас, агар акси бўлса, ҳеч ким менга ёрдам бера олмас. Бас, мен Ёлғиз Унга илтижо қилурман ва сизлар менга қарши турасизларми ёки кўллаб-қувватлайсизларми, қатъий назар, мен Унинг Динига даъват қилавераман, Унинг Шариат аҳкомларини етказавераман ва зиммамдаги элчилик вазифасини адо этишда сизларнинг оғзингиздан чиқаётган масхара ва ҳақоратларга мутлақо парво қилмайман”.
Ҳақ таолонинг улуғ элчиси бу сўзлари билан Ҳақ Йўлга даъват қилгувчи инсон қандай сифатларга эга бўлиши кераклигини жоҳил қавмга кўрсатиб қўйди ва уларга панд-насиҳат қилишда давом этиб деди -

89. Эй қавмим, менга қарши туришларингиз яна сизларга ҳам Нуҳ қавмига ё Ҳуд қавмига ёки Солиҳ қавмига етган балолар етишига сабаб бўлмасин. Лут қавми ҳам сизлардан йироқ эмасдир.
Яъни, “Эй қавмим, кўзларингизни очинглар, яна Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилмай, мен айтган панд-насиҳатларга қулоқ солмай, менга қаршилик кўрсатишларингиз сизларнинг бошингизга ҳам илгари ўтган кофир қавмлар - Нуҳнинг қавми бошига тушган ғарқ бўлиб кетиш ё Ҳуднинг қавми бошига тушган бўрон балоси ёки Солиҳнинг қавми бошига тушган зилзила каби балолар тушишига сабаб бўлиб қолмасин. Лут қавмидан бўлган золим-фосиқларнинг диёри ҳам сизлардан йироқ эмаску. Агар сизлар қадимда ўтган бошқа қавмлар ҳалокатидан ибрат олмасангизлар ҳам, ўзларингизга ўтган замони ҳам, макони ҳам яқин бўлган Лут қавмидан қолган қолдиқларни, харобаларни бориб кўриб ибрат олсаларингиз бўлмайдими?!”.
Шуайб алайҳис-салом у жоҳил қавмга динсизлик оқибати қандай хатарли экани ҳақида тарихдан мисоллар келтириб огоҳлантиргач, зора улар залолат йўлидан қайтсалар, деган умид ва илинж билан шундай деди

90. Парвардигорингиздан мағфират сўрангиз, сўнг Унга тавба-тазарруъ қилингиз! Албатта, Парвардигорим (тавба қилгувчиларга) Марҳаматли Дўстдир».
Яъни, “Эй қавмим, сизлар учун илгари ўтган динсиз қавмларга ўхшаб ҳалок бўлиб кетишдан нажот топишнинг бирдан-бир йўли шуки, сизлар Оллоҳ таолога иймон келтириб, шу кунгача қилган гуноҳларингиз - бутларга сиғинганларингиз, бировларнинг ҳақларини еганларингиз учун Парвардигорингиздан кечирим сўранглар, сўнгра Унинг Ўзига тавба қилиб, аввалги ширк ва гуноҳларингиздан бутунлай узилинглар ҳамда Ёлғиз Унга тоат-ибодат қилинглар! Албатта, Парвардигорим Ундан мағфират сўраб, тавба қилгувчи бандаларига Марҳаматли Дўстдир”.
Ояти каримада аввал истиғфор - Оллоҳ таолодан кечирим сўраш, сўнгра тавба қилиш буюрилишига сабаб, тавба, куфр-исёндан Оллоҳтаолога тоат-ибодат қилишга қайтиш демақцир, истиғфор эса, банда Яратгандан ўзининг илгари қилган гуноҳларини кечиришини сўрашидир. Шунинг учун Шуайб алайҳис-салом мушрикларни аввало куфр-исён ва ширклари учун Оллоҳ таолодан кечирим сўраб, сўнгра Ёлғиз Унинг Ўзига тоат-ибодат қилишга, яъни, тавба қилишга даъват қилди. Аммо динсиз қавм унинг панд-насиҳатларини қабул қилмади.

91. Улар дедилар: «Эй Шуайб, сен айтаётган нарсаларнинг кўпи-ни англаб етмаётирмиз ва сени орамиздаги ожиз бир кимса эканингни кўриб турибмиз. Агар қавму қариндошларинг бўлмаганида, албатта, биз сени тошбўрон қилган бўлур эдик. Сен бизлар учун азиз - эътиборли киши эмассан».
Шуайб алайҳис-саломнинг қавми унинг сўзларига жавобан шундай дедилар. Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳис ва саллам: “Шуайб пайғамбарлар хатиби - воизидир”, деб шарафлаган Шуайб пайғамбарнинг гўзал ҳикмат ва далил-ҳужжатларга тўла даъватини эшитиб унга қарши бирон сўз айтишга кучлари етмаслигини билишгач, бу даъватга итоат қилиш ўрнига ўзларининг нақадар бадбахт кимсалар эканликларини кўрсатишиб: “Эй Шуайб, сен айтаётган сўзларнинг кўпини умуман тушуниб бўлмайдику? “Оллоҳ Танҳо”, деганинг нимаси? “Ёлғиз Оллоҳга суянинглар, Унинг азобидан қўрқинглар”, деганинг-чи?”, дейишиб, Оллоҳ таоло юборган элчини хақорат қилиб устидан кулдилар. Яна: “Сен орамиздаги ожиз бир кимсадирсан”, деб, Шуайбнинг кўзи ожизлигини ва уларга қарши жанг қилишга кучи етмаслигини айтишиб масхара қилдилар. “Сенга фақат қариндош-уруғларингнинг хурматидан тегмай турибмиз, акс ҳолда аллақачон тош-бўрон қилиб ўлдириб юборган бўлар эдик, чунки бизнинг олдимизда сенинг ҳеч қандай ҳурмат-этиборинг йўқ”, деб ўзларининг нақадар жоҳил қавм эканликларини намаён қилдилар.

92. У айтди: «Эй қавмим, менинг қавму қариндошларим сизлар учун Оллоҳдан азизроқмики, У Зотга орқа ўгириб олдингиз? (Яъни, сизлар менинг қавму қариндошимни эмас, балки Оллоҳни ҳурмат қилишингиз лозим эмасми?) Шубҳасиз, Парвардигорим қилаётган амалларингизни билиб - Иҳота қилиб тургувчидир.
Яъни, Шуайб алайҳис-салом йиллар давомида қилган даъват ва панд-насиҳатларига қавми берган жавобни эшитгач ва бу қавмнинг сўз билан ўнгланадиган қавм эмаслигини, токи Оллоҳнинг азоби бошларига тушмагунича уларнинг кўзлари очилмаслигини англагач, уларга қараб гўё шундай деди: “Эй қавмим, наҳотки сизлар менинг қариндош-уруғларимдан қўрқсангизлар-у, аммо сизларни яратган Оллоҳ таолодан қўрқмасангизлар. Менинг уруғларимни ҳурмат қилсаларингиз-у, Оллоҳ таолони ва У юборган элчини хурмат қилмасаларингиз?! Ахир сизлар Оллоҳ таолонинг мен орқали сизларга юборган Амр-Фармонларини адо қилиш ўрнига ортингизга ташлаб бутунлай унутиб юбордингизку?! Билиб қўйингларки, албатта Парвардигорим сизларнинг қиладиган барча амалларингизни - куфр-исёнингизни, Унинг ҳаққини риоя қилмай, ёлғиз Унга тоат-ибодат қилмай, одамларнинг ҳақларидан ҳазар қилмай, фақат гуноҳ амаллар қилаётганларингизни жуда яхши билиб, ҳар тарафдан иҳота қилиб тургувчи Зотдир”.

93. Эй қавмим, жойингиздан жилмай (яъни, куфрингиздан қайтмай ўзингиз билган) ишни қилаверинг, мен ҳам (ўз ишимни) қилгувчиман. Яқинда кимга шарманда қиладиган азоб келишини ва ким ёлғончи эканини билиб олурсиз. Кўз тутаверинглар, мен ҳам сизлар билан бирга кўз тутгувчиман».
Ушбу ояти каримада Ҳақ таолонинг Амри билан Шуайб алайҳис-салом яна ўз қавмини огоҳлантиради. Аммо бу огоҳлантириш аввалгиларидан фарқли эди. Яъни, энди аввалги оятларда такрор-такрор айтилгани-дек, “Ширкдан воз кечинглар, динсизликдан қайтинглар, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилинглар”, дейилмасдан, аксинча, “Агар сизлар Оллоҳ таоло нозил қилган ваҳийга, У юборган элчига ишонмас экансизлар, Унинг Ўзига ибодат қилмас экансизлар, дунё ва Охират саодати фақат Оллоҳ таолонинг Амр-Фармонига итоат этишда эканини уқтирган шунча оятлар сизларга кор қилмаган экан, у ҳолда билганларингизни қилаверинглар, куфрларингизда тураверинглар, мен ҳам ўз Диним - Исломда барқарор бўлиб, Парвардигорим буюрган амалларни қилавераман. Яқинда кимга шарманда қиладиган азоб келиб ҳалок бўлишини, яъни, сизларми ёки бизми, ким азобга гирифтор бўлишини ва сизларми ёки менми ким ёлғончи эканини аниқ билиб олурсизлар. Энди сизлар бошларингизга тушажак азобни кутаверинглар, мен ҳам Оллоҳ таоло менга ато этажак Марҳамат ва Нусрат - Ғалабани кутгувчиман”, деб мушриклар билан бўладиган ҳар қандай баҳс-мунозарага нуқта қўйилади. Дарҳақиқат, ушбу оятлар нозил бўлганидан ҳеч қанча вақт ўтмасдан оқибат кимники экани маълум бўлди. Бу ҳақда куйидаги оятларда хабар берилади.

94-95. Қачонки Бизнинг Фармонимиз (яъни, азобимиз) келганида, Шуайбга ва у билан бирга иймон келтирган кишиларга Ўз Раҳматимиз билан нажот бердик. Золим кимсаларни эса даҳшатли қичқириқ тутиб, гўё (ҳеч қачон дунёда) яшамагандек, турган жойларида тўкилиб қолдилар. Огоҳ бўлингизким, Мадян (қавми) ҳам худди Самуд (қабиласи) каби ҳалокатга учради.
Ушбу оятларда Мадян аҳли кофир, золим қавм бўлганлари ва ўзларига юборилган пайғамбарга итоат қилмаганлари учун Ҳақ таоло уларни ҳалок қилиб юбориш тўғрисида Фармон юборганида, у қавм гўё бу дунёда бир кун ҳам яшамагандек, турган жойларида тутдек тўкилиб қолганлари, Шуайб алайҳис-саломга ва унинг ҳақ пайғамбар деб иймон келтирган кишиларга эса, У Зот Ўз Фазлу Раҳмати билан нажот бергани зикр қилинади.
Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилинишича, Оллоҳ таоло ҳеч қачон турли замонларда яшаган икки қавмни бир хил азоб билан ҳалок қилмаган, магар Солиҳ алайҳис-саломнинг қавми Самуд қабиласи ва Шуайб алайҳис-саломнинг қавми бўлмиш Мадян қавмигина бир хил азоб билан - Ер-у кўкни ларзага солувчи даҳшатли қичқириқ билан ҳалок қилинганлар. Фақат Солиҳ алайҳис-саломнинг қавми оёқлари остидан келган даҳшатли қичқириқдан юраклари ёрилиб ўлган бўлсалар, Шуайб алайҳис-саломнинг қавми устларидан келган даҳшатли қичқириқдан ҳалок бўлдилар. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Аллома Ҳофиз ибн Касир ўзининг “Қуръони Азим тафсири” китобида айтади: “Оллоҳ таоло ушбу оятда Шуайб алайҳис-саломнинг қавми устларидан келган даҳшатли қичқириқдан ҳалок бўлганлари ҳақида хабар беради. Аъроф сурасида эса улар зилзила балоси билан ҳалок бўлганлари айтилгандир: “Бас, уларни даҳшатли зилзила тутиб, турган жойларида тўкилдилар (ҳалок бўлдилар)”. (Аъроф сураси, 91-оят).
Шуаро сурасида бўлса, у қавм “Соябон” кунининг азобига гирифтор бўлиб, барчалари тириклай ёниб кетганлари баён қилинган: “Бас, улар (Шуайбни) ёлғончи қилишгач, уларни «соябон» кунининг азоби ушлади. Дарҳақиқат, у улуғ-даҳшатли Куннинг азоби эди”. (Шуаро сураси, 189-оят).
Уламолар айтишларича, Оллоҳ таоло Шуайб алайҳис-саломнинг қавмини Шуайбга иймон келтиришдан бош тортишгач, аввало қаттиқ иссиқ билан ушлаган экан. Шунда улар нафаслари қайтиб уйларидан ташқарига - очиқ саҳрога чиққанларида, Оллоҳ таоло уларнинг устига “соябон” қилиб бир булут юборган ва улар ўша «соябон» остида тўпланиб турганлари-да осмондан олов ёғилиб барчалари тириклай ёниб кетган эканлар.
Бас, маълум бўладики, у бадбахт қавм учун зилзила, қаттиқ қичқириқ ва “соябон” каби уқубатларнинг барчаси жамланган экан. Яъни, улар даҳшатли иссиқдан қочиб булут соясига тўпланганларида ундан салқинлик ўрнига олов ёғилди. Сўнгра осмондан қаттиқ қичқириқ келиб, унинг зарбидан Ер титрашга тушди ва шу онда уларнинг жонлари баданларидан чиқиб, жасадлари совиб, улар тошдек қотиб қолдилар”.

96-97. Дарҳақиқат, Биз Мусони Ўз оят-мўъжизаларимиз ва очиқ ҳужжат билан Фиръавн ва унинг одамларига (элчи қилиб) юборганимизда, улар Фиръавннинг амрига бўйинсундилар. Ҳолбуки, Фиръавннинг иши тўғри эмас эди.
Мусо алайҳис-салом ҳамда унга иймон келтирмаганлари учун Оллоҳ таолонинг қаҳрига учраб ҳалок бўлган Фиръавн ва унинг одамлари ҳақидаги бу қисса Ҳақ таоло ушбу сурада зикр қилган қиссаларнинг еттинчиси - сўнггисидир.
Мусо ва Фиръавн ўртасида рўй берган воқеалар Қуръони Каримда кўп ўринларда - Бақара, Аъроф, Шуаро, Тоҳа, Қасас ва Ғофир сураларида ҳам баён қилингандир.
Ояти каримада зикр қилинган “оят-мўъжизалар ва очиқ ҳужжат”дан мурод, Оллоҳ таоло Мусо алайҳис-саломга нозил қилган Таврот ва яна унинг ҳақ пайғамбар эканлигига очиқ ҳужжат бўлган тўққиз мўъжиза бўлиб, улардан бири, Мусонинг асоси - у ерга ташлаши билан одамлар кўз ўнгида ҳақиқий аждарҳога айланиб қоладиган, тошни урса, ундан чашма отилиб чиқадиган мўъжиза асо, иккинчиси, Мусонинг қўли - чўнтагидан чиқарганида оппоқ нур сочиб оламни ёритиб юборадиган, кўлтиғига қисиб олганида яна ўз ҳолига қайтадиган мўъжиза кўлдир. Бу икки Илоҳий мўъжиза ҳақида бошқа сураларда шундай дейилади: “Асойингни (ерга) ташлагин!» Бас, қачонки (Мусо асосини ерга ташлагач), уни илондек қимирлаганини кўргач, ортига қарамай қочди. «Эй Мусо, кел, қўрқмагин. Зеро, сен (хавфу-хатардан) омонда бўлгувчи кишилардандирсан. Кўлингни чўнтагингга солгин, бирон зиёндардсиз оппоқ бўлиб чиқур ва қанотингни (яъни, қўлингни) қўрқувдан (яъни, агар бу мўъжизалардан қўрқиб кетсанг қўлтиғингга) қисиб олгин (у яна ўз ҳолига қайтур). Бас, шу иккиси (яъни, асойингни илонга айланиши ва қўлингни оппоқ бўлиб нур сочиши) Парвардигоринг томонидан Фиръавн ва унинг одамларига икки ҳужжатдир. Дарҳақиқат, улар фосиқ қавм бўлдилар».” (Қасас сураси, 31-32-оятлар).
“Қўлингни чўнтагингга солгин, у ҳеч қандай дардсиз оппоқ бў-либ чиқур. (Бу мўъжизалар сен) Фиръавн ва унинг қавмига (олиб бора-диган) тўққиз оят-мўъжиза ичида (бордир). Дарҳақиқат, улар итоатсиз қавм бўлдилар.” (Намл сураси, 12-оят).
Қолган етти мўъжиза - Фиръавн одамларининг бошига тушган қаҳатчилик, дон-дун ва мева-чеваларнинг йўқ бўлиб кетиши, тўфон, чигиртка, бит, бақа ва қон балолари бўлиб, бу ҳақда Аъроф сурасида хабар берилгандир: “Дарҳақиқат, Биз Фиръавн одамларини панд-насиҳат олишлари учун (қаҳатчилик) йиллари билан ва мева-чеваларнинг ҳосилини камайтириш билан ушладик”. (Аъроф сураси, 130-оят).
Яъни, Ҳақ таоло Фиръавн ва унинг одамларини дарёга чўктириб ҳалок қилиб юборишидан илгари ибрат олишлари, кўзлари очилиб, куфрдан, зулмдан қайтишлари учун уларнинг бошларига бир неча йил давомида пайдар-пай қаҳатчилик, очарчилик балоларини туширди, ер ва боғлари ҳосил бермай қўйди. Дала-даштларида гиёҳўсмай, чорва ҳайвонлари қирилди, ерларида дон-дун битмай, боғлари мева тугмай, одамлар ниҳоят даражада қийналдилар, аммо улардан ҳеч бирининг хаёлига: “Нега йил сайин бошимизга устма-уст балолар тушаяпти, қандай қилмишимиз учун биз Яратганнинг қаҳрига қолдик? Бу машаққат-мусибатларнинг сабабчиси ўзимиз эмасмизми? Балки Холиқни қўйиб махлуққа сиғиниб юрганимиз сабабли мана шундай балоларга йўлиқаётгандирмиз? Балки Фиръавнга қуллик қилишни тарк этиб, Мусога эргашсак ва Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилсак, Унинг Ўзи бошимиздан бу балоларни аритар?”, деган ўй келмади. Чунки берган неъматлари учун Яратганга шукр қилиш, бошга бало-мусибат тушганида эса, “бу балолар ўзимнинг қилмишим сабабли бўляпти”, деб тавба-тазарруъ қилиш, ўзини ўнглаб, Тўғри Йўлга тушиш саодатли кишиларнинг насибасидир. Бахтсиз кимсалар эса, худди неъматларга шукр қилмаганларидек, бошларига тушган бало-мусибатлардан ҳам ибрат-насиҳат олмайдилар, ўзларининг қилмишлари сабабли шундай бало-ларга гирифтор бўлганларини ҳам билмайдилар.
“Бас, Биз уларнинг устларига тўфон (сел), чигиртка, бит, бақа ва қон (балоларини Бизнинг Қудратимизга далолат қиладиган) очиқ оят-мўъжизалар қилиб юбордик. (Лекин) улар кибр-ҳаво қилдилар ва жиноятчи - осий қавм бўлдилар”. (Аъроф сураси, 133-оят).
Дарҳақиқат, Фиръавн қавми ўзларининг залолатларида оёқ тираб туриб олишгач, Оллоҳ таоло уларга мисли кўрилмаган даҳшатли балоларни юборди: Уларнинг барча экинзор - боғларини сел босиб ҳалок бўлди. Чигирткалар уларнинг экин ва мева ҳосилларидан тортиб уй-жой, кийим-бошларигача еб битиришди, уларнинг егулик ва жониворларини битлар босиб кетди; бақалар эсауларнингтаом ва қудуқларидан тортиб, ётоқхоналаригача тўлдириб юборишди; уларнинг ариқ ва булоқларидан сув ўрнига қон оқци, бир ютум тоза сув топа олмай қолдилар. Аммо шунча бало-мусибатларни кўриб ҳам кўзлари очилмай, яна ўз куфрларида давом этдилар.
“Ал-Муқтатаф мин уйувнит-тафосийр” китобида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Фиръавн қавмига тушган сел балоси етти кун тинмади. Шунда улар Мусо алайҳис-саломга: “Ҳаққимизга дуо қилгин, Оллоҳ бу балони бошимиздан аритсин, биз сенга иймон келтирамиз”, дейишган эди, Мусо дуо қилди, Оллоҳ таоло селни тўхтатди ва ердан аввал ҳеч мисли кўрилмаган ўт-ўлан ўсиб чиқди. Бу ҳолни кўрган Фиръавн қавми Яратганга шукр қилиш ўрнига: “Бизга неъмат келди, эй Мусо, қасамки, энди сенга иймон келтирмаймиз”, дейишиб, берган аҳдларини бузишди. Ана шунда Оллоҳ таоло уларнинг устига чигиртка балосини юборди. Чигиртка араб тилида “жарод” деб аталади. Бу сўзнинг луғавий маъноси қириш - сидириш дегани бўлиб, ер устида ўсган бор нарсани қириб, куритиб кетадиган ҳашоратлардан бўлгани учун уни “жарод” деб номлаганлар. Чигирткалар ҳам Оллоҳ таолонинг лашкарларидан бўлиб, Унинг Ўзи уларни хоҳлаган ерига юборади.
Салмони Форсий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан чигирткалар ҳақида сўралганида: “Улар Оллоҳ таолонинг энг саноғи кўп лашкарларидир. Мен чигирткани емайман ва уни ҳаром ҳам демайман”, деб жавоб қилганлар. (АбуДовуд ва Ибн Можжа ривояти).
Шундай қилиб, Оллоҳ таоло юборган чигирткалар Фиръавн одамларининг экинларини, мева-чеваларини ва ўтлоқларини еб битиргач, улар дод-вой қилишиб, Мусо алайҳис-саломга: “Парвардигорингга дуо қилгин. Қасамки, агар Оллоҳ биздан мана шу балони кўтарса, албатта сенга иймон келтирамиз”, дейишиб, унга аҳд-паймон бердилар. Бас, Мусо Парвардигорга дуо қилиб сўраган эди, Оллоҳ таоло улардан чигиртка балосини аритди. Аммо кофир қавм яна иймон келтирмади ва берган аҳдига вафо қилмади.
Сўнгра Оллоҳ таоло уларга бит балосини юборди. Улар ҳеч қачон бит балосидан қаттиқроқ балони кўрмаган эдилар. Битлар у кофир қавмнинг соч-у баданларига чиппа ёпишиб олиб, қонларини сўрар, уларга на уйқу ва на тинчлик бермасди. Улар яна дод-фарёд қилишиб, Мусога: “Биз энди тавба қиламиз, Парвардигорингга дуо қилгин”, деб ялиниб-ёлвора бошлашди.
Мусо алайҳис-салом дуо килди. Оллоҳ таоло улардан бу балони ҳам кўтарди. Аммо у динсиз кимсалар яна аҳдларини бузишди. Бас, энди Оллоҳ таоло уларга бақаларни юборди. Бақалар шу қадар кўп эдики, уларнинг уйларига, озиқ-овқатларигача кириб, ҳатто кўрпа-тўшаклари-ю, кийим-кечакларигача бақаларга тўлиб кетди. Бирон киши гапириш учун оғзини очса ҳам бақалар сакраб кириб кетар, қайнаб турган қозонларга ҳам ўзларини отар эдилар. Бас, кофирлар тоқатлари тоқ бўлиб, яна Мусога ялинишиб: “Парвардигорингга дуо қилгин, бу балони кетказсин”, дейишди. Бас, Мусо дуо қилиб, Ҳақ таоло улардан бу балони ҳам аритганида, улар яна куфру туғёнларига қайтишди. Шунда Оллоҳ таоло уларнингустига қон балосини юборди-да, уларнинг ичадиган сувлари, дарё-ю қудуқлари барчаси қонга айланди. Оллоҳнинг Қудрати билан Мусо алайҳис-саломга иймон келтирган бани Исроил қавмидан бўлган киши қудуққа челак туширса, ундан сув чиқар, Фиръавн одамларининг туширган челаклари эса қонга тўлиб чиқар эди. Шундай қилиб, кофирларнинг етти кун давомида еб-ичганлари фақат қон бўлди. Бунга чидай олмаган Фиръавн: “Эй Мусо, сенинг Илоҳингга қасам ичиб айтаманки, агар сен биздан мана шу қонни кетка-задиган бўлсанг, албатта биз сенга иймон келтирамиз”, деб қасам ичди.
Мусо алайҳис-салом дуо қилиб Оллоҳ таолодан сўраган эди, дарёлардан яна аввалгидек сув оқа бошлади, кудуқ ва ҳовузлари чучук сувга тўлди.
Фиръавн ва унинг одамлари эса... яна куфрга қайтдилар.
Мусонинг ҳақ пайғамбар эканига далолат қиладиган шундай очиқ ҳужжатлар - Илоҳий Мўъжизалар у кофир қавмга кор қилмади, Оллоҳ таоло кофирлардан интиқом олишини аниқ-тиниқ кўрсатиб турган шунча ибратли ҳодисалар улар учун етарли бўлмади.
Ояти каримада зикр қилинган ҳар бир бало-азоб алоҳида-алоҳида келиб - улардан ҳар бири етти кун давом этар, сўнгра ўртада бир ой давомида танаффус бўлиб, у қавм иймонга келмагач, навбатдаги бало юборилиб, у ҳам етти кун - шанбадан шанбагача давом этар эди. Ҳар бир оқил одамга аниқ кўриниб турган шунча оят-аломатлардан кейин ҳам у кофирлар иймон келтиришдан орландилар ва динсиз ҳолларида қолдилар. Бўлиб ўтган бу воқеалар Фиръаан ва унинг қавми туғён ва залолатга ғарқ бўлган энг бахтсиз кимсалар эканига тарихий далилдир.

98. У (Фиръавн) Қиёмат Кунида ўз қавмини бошлаб бориб дўзахга олиб тушди. У тушиладиган энг ёмон жойдир!
Ушбу ояти карима Тўғри Йўлда бўлмаган кимсаларга эргашганларнинг оқибатлари қандай бўлиши, Охиратда қаерга бориб тушишлари ҳақидаги Илоҳий Ҳукмдир. Яъни, инсон мана шу ҳаёти дунёда кимга эргашса, кимнинг йўлига юрса, Охират диёрида ҳам ана ўша йўлбошчиси билан бирга бўлиши аниқ экани ҳақидаги Илоҳий хабардир.
Мана, Мусо алайҳис-салом келтирган аниқ ҳужжат ва оят-мўъжизаларга иймон келтириш, Оллоҳ таолонинг у улуғ элчисига итоат қилиш ўрнига золим Фиръавннинг нотўғри йўлига эргашиб кетган одамларни у малъун йўлбошчилари Қиёмат Кунида ҳам ўз ортидан эргаштириб, тушадиган жойларнинг энг ёмони бўлган жаҳаннам қаърига олиб тушиб кетиши ҳақида Илоҳий Хабар берилди. Эътибор қилишимиз лозим бўлган яна бир нарса, Қиёмат Кунида, яъни, келажакда рўй берадиган воқеа ояти каримада ўтган замон феъли билан - “дўзахга олиб тушди”, деб ифодаланди. Жаноби Ҳақ биз бандалари аниқ билишимиз учун, Фиръавн ва унинг йўлига эргашганлар дўзахга тушишларида ҳеч шак-шубҳа йўқлигини тўла тасаввур қилишимиз учун мана шу услубни қўллаб, бўладиган воқеа ҳақида бўлди деб хабар берди. Бу хабар гарчи қадимда, Мусо алайҳис-салом замонида ўтган золим подшоҳ Фиръавн ва унга эргашганлар ҳақида айтилган бўлса-да, унинг ҳукми умумий бўлиб, то Қиёматгача дунёга келадиган барча золим фиръавнлар ва уларнинг ботил йўлларига эргашиб, Оллоҳ таоло буюрган Тўғри Йўлдан юз ўгирган кимсаларнинг ҳам ўзларининг доҳий йўлбошчилари билан бирга борар жойлари дўзах экани ҳақида айтилган Илоҳий огоҳлантиришдир.
Бас, биз мўмин-мусулмонлар бу Илоҳий хабардан ибрат олишимиз ва ҳаётимиздан турли фиръавнларнинг оқимларига эргашиб - адашиб кетмасдан, Оллоҳ таолонинг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам келтирган Ҳақ Йўлга эргашадиган бўлсак, иншооллоҳ, Охират диёрида ҳам у зотга эргашиб Оллоҳ таолонинг Раҳматига - жаннатига дохил бўлишимиз аниқлигини билишимиз керак.

99. Уларга бу (дунёда) ҳам, Қиёмат Кунида ҳам лаънат эргашди. (Уларга) берилгувчи «ёрдам» бунчалар ёмон бўлди!
Яъни, Мусо алайҳис-салом даъват қилган Тўғри Йўлдан юз ўгирган, Оллоҳ таолога ибодат қилишдан бош тортган ва золим Фиръавнга сиғинган кимсалар бу дунёда ҳам лаънат остида қолдилар - қачон ва қаерда уларнинг номи зикр қилинса, Оллоҳ таоло ва унинг бандалари уларни қарғайдилар, шунингдек, Қиёмат Кунида ҳам жамийки халойиқ олдида уларга лаънат айтилади. Улар Фиръавнга қандай эргашган бўлсалар, лаънат ва қарғиш ҳам уларга дунё ва Охиратда худди шундай эргашиб юрадиган бўлди.
“(Уларга) берилгувчи “ёрдам” бунчалар ёмон бўлди!”
Бу жумлада Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Фиръавннинг қуллари устидан кулиб, киноя қилади ва уларнинг ортидан дунё ва Охиратда эргашиб юрадиган лаънатни уларга берилган “ёрдам” деб атайди. Баайни мўминлар Оллоҳ таолонинг Раҳмати ёрдамида жаннатга кирганларидек, уларнинг тамоман тескариси - акси бўлган кофирлар Оллоҳ таолонинг лаънати “ёрдами”да дўзахга тушишлари мана шу тарзда беқиёс ўткир Илоҳий истеҳзо билан ифодаланади. Кофирларнинг ортидан бу дунёда эргашиб юрадиган лаънат билан Охиратда эргашиб юрадиган лаънат бир-бирига “ёрдам” қилиб уларни дўзахга қулатишидан гўё Ҳақ таолонингЎзи ҳам ҳайратлангандек: “Кофирларга берилгувчи “ёрдам” бунчалар ёмон-а?!”, деб, биз бандаларини ана шундай лаънатга дучор бўлиш нақадар ёмон экани ҳақида огоҳлантиради.

100. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), мана шу Биз Сизга сўйлаб бераётган шаҳарларнинг хабарларидандир. Улардан (ҳали-ҳануз обод-соғ) турганлари ҳам бор, ўрилиб битганлари (яъни, ҳалок бўлиб йўқолиб кетганлари) ҳам бордир.
Юқоридаги оятларда Ҳақ таоло етти пайғамбар - Нуҳ, Худ, Солиҳ, Иброҳим, Лут, Шуайб ва Мусо алайҳимус-салом ҳамда улар юборилган қавмларнинг қилган қилмишлари ва топган оқибатлари ҳақидаги қиссаларни зикр қилгач, ушбу ояти каримада Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, мазкур қавмларнинг яшаб ўтган шаҳар-қишлоқларида бўлган воқеа-ҳодисалар ҳақида Сизга Биз сўйлаб бераётирмиз, у шаҳарларнинг айримлари ҳозир ҳам турибди, айримлари эса гўё ўрилган ҳас-ҳашакдек йўқ бўлиб, излари ҳам ўчиб кетган, дейди.
Дарҳақиқат, Қуръони Азимда олис тарих қаърида қолиб кетган қавмларнинг ҳаёти бу қадар аниқ-тиниқ ва батафсил тасвирланишининг ўзи Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳақ Пайғамбар эканликларини тасдиқловчи буюк Илоҳий мўъжизадир. Чунки саводлари бўлмаган, бирон устоз қўлида таҳсил олмаган бир кишининг, агар Оллоҳ таоло ваҳий орқали билдирмаса, неча-неча асрлар аввал бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалар ҳақида бу даражада аниқ ва муфассал баён қилиб бериши амри маҳолдир.
“Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган сўз эмас, балки у ўзидан аввалги нарсаларни (яъни, самовий Китобларни) тасдиқ этувчи, (унга) иймон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб берувчи Ҳидоят ва Раҳмат (бўлган бир Китобдир)”. (Юсуф сураси, 111-оят).
Мазкур тарихий қиссаларни ўқиб-ўрганган инсон Оллоҳ таоло юборган элчилар ўз қавмларига қандай оят-мўъжизалар келтирганларидан огоҳ бўлади, уларнинг панд-насиҳатларидан ибратлар олади, қалби юмшаб, вужуди Оллоҳнинг зикрига мойил бўлади, итоатсиз осийлар учун Унинг азоби борлигини билиб қалбига қўрқув тушади ва мўмин дунёдан чиқар экан, ортидан яхши ном қолдиришини, Охиратда Оллоҳ таолонинг Раҳмати ва ажр-мукофотига эришишини, кофир эса дунёдан чиқар экан, ортидан лаънатлар эргашишини ва Охиратда дўзах азобига гирифтор бўлишини билади...

101. Уларга Биз зулм қилмадик, балки улар ўзларига ўзлари зулм қилдилар. Бас, қачонки, Парвардигорингизнинг Фармони (яъни, азоби) келганида, улар Оллоҳни қўйиб, илтижо қиладиган бутлари уларни ҳеч нарсадан беҳожат қилмади ва уларга зиёндан ўзга бирон нарса келтирмади.
Яъни, Биз у мушрик-кофирларни ҳалок қилиб юбориш билан уларга зулм қилганимиз йўқ, балки улар ҳалокатларига сабаб бўлган динсизликлари билан ўз жонларига ўзлари жабр қилдилар. Чунки улар Оллоҳ таоло берган ризқни еб туриб, ўша неъматни ато этган Зотга эмас, ўзлари ясаб олган бут-санамларига қуллуқ қилиб сиғиндилар, Унинг элчиларини ёлғончи қилдилар. Бас, қачонки Оллоҳ таоло у кофирлардан интиқом олиш учун азоб юборганида, уларга Оллоҳни кўйиб сиғинадиган бутлари бирон ишда асқотмадилар - уларни Оллоҳ таолонинг интиқомидан сақлаб қола олмадилар, аксинча, ўша мушриклар фойда етказа олади, зиённи кетказа олади, деб эътиқод қилган бутлари уларга зиёндан ўзга ҳеч нарсани етказмадилар - мушрикларнинг дунё ва Охиратлари куйиб, ҳалокатга гирифтор бўлишларига худди ўша бут-санамларга сиғинганлари сабаб бўлдики, бундан ортиқ зиён бўлмас. Демак, мазкур динсиз қавмларнинг ҳалок қилинишлари Яратган томонидан уларга қилинган зулм эмас, балки айни Илоҳий Адолатдир.

102. Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим (бўлган) шаҳарларни ушлаганида, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши - азоби аламли ва қаттиқдир.
Ҳақ таоло ушбу оятида юқорида ўтган оятларда зикр қилинган воқеа-ҳодисалар, золим-кофир қавмларнинг қирилиб кетганлари, улар яшаган қишлоқ-шаҳарларнинг айримлари култепаларга, харобаларга айлантирилгани ва айримлари бутунлай йўқ қилиб юборилгани - буларнинг ҳаммаси одамзотнинг узун тарихи давомида Яратганнинг Ҳақ Йўлига юрмасдан зулм-куфр йўлини тутганлари сабабли Унинг Қаҳрига учраган бахтсиз кимсаларнинг фожиали қиссалари эканини эслатиб, бундан кейин ҳам қай бир қишлоқ-шаҳар аҳли мазкур қавмлар каби Ҳақ Йўлдан юз ўгириб, золимлик-динсизликда оёқ тираб туриб оладиган бўлсалар, уларнинг бошларига ҳам худди ўша аввал ўтган золим қавмларнинг куни тушиб ҳалок бўлиб кетишлари аниқ эканини айтиб огоҳлантиради.
Уламолар ояти каримадаги “золим шаҳарлар” иборасини тафсир қилиб: “Аслида ўша шаҳарларда яшаган одамлар золим бўлсалар-да, золимлик нисбати шаҳарларга берилиши билан қай бир қишлоқ-шаҳарда золим-иймонсиз одамлар яшасалар, уларнинг касофатидан бутун шаҳар золим ҳисобланиб, унинг устига Оллоҳ таолонинг турли балолари ёғилишига ишора қилинмоқда”, дейдилар.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ушбу оят тафсирида: “Албатта, Оллоҳ таоло золим кимсага ҳам умр-муҳлат бериб қўйиб имтиҳон қилади. Аммо қачонки уни ушлаганида, у Оллоҳнинг қаҳридан ҳеч қаёққа қочиб қутула олмай ҳалок бўлади”, дедилар ва ўқидилар: “Парвардигорингиз (аҳли-эгалари) золим бўлган шаҳарларни ушлагани-да, мана шундай ушлар. Унинг ушлаши - азоби аламли ва қаттиқдир”. (Бухорий, Муслим ва Термизийлар Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анху-дан ривоят қилишган).

103. Албатта, бу (қиссаларда) Охират азобидан қўрққан кишилар учун оят-ибратлар бордир. Ўша (Кун) барча одамлар тўплана-диган Кундир, ўша (Кун барча халойиқ томонидан) гувоҳ бўлинади-ган Кундир.
Яъни, Ҳақ таоло золим - кофир қавмларни халок қилиб юборгани зикр қилинган бу қиссалардан фақат Охират азобидан кўрқувчи, Оллоҳ ва Охират Кунига иймон келтирадиган кишиларгина ибрат, панд-насиҳат оладилар. Аммо Охират борлигини инкор қиладиган кимсалар эса, мазкур қиссаларни эшитсалар ҳам: “Ҳа, бу аввалгилардан қолган афсоналар-ку”, деб, ёки “Ҳа, ўшанда бир табиий офат рўй берган экан-да”, деб ғафлатда юраверадилар.
Ҳолбуки, Охират диёри борлиги ҳақдир ва у дунёда бир Кун борки, у Кунда барча одамлар ҳаёти дунёда қилган амаллари ҳисоб-китоб қилиниши учун тўпланишлари аниқдир. Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам хабар берилган: “Биз тоғларни (булутлар янглиғ) юргизадиган ва сизлар (барчангиз) Ерни очиқ-яланғоч (тоғ-тошларсиз, боғ-роғларсиз) кўрадиган Кунни (яъни, Қиёматни эслангиз! У Кунда) Биз улардан биронтасини қўймай йиғдик”. (Каҳф сураси, 47-оят).
Ўша Қиёмат Кунида Ҳақ Таоло Ўзи Қози бўладиган Илоҳий маҳкамада бўладиган ҳисоб-китобга Ер-у кўкдаги барча халойиқ гувоҳ бўлиб турадилар - малоикалар ҳозир бўладилар, жамийки пайғамбарлар тўпланадилар, инсу жин, парранда-ю дарранда - ҳамма-ҳаммалари гувоҳ бўлиб турадилар ва зарра мисқолича зулм қилмайдиган, бир яхшиликка неча баробар ажр берадиган Одил Зотнинг Ўзи мўминларни жаннатга, кофир ва мунофиқларни дўзахга ҳукм қилади.

104. Биз уни (яъни, Қиёмат Кунини) фақат саноқли муддатгача таъхир қилиб - кечиктириб турамиз, холос.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Қиёмат Кунини фақат саноқли муддатгача, яъни, дунёнинг умри битгунича кечиктириб туришини айтиш билан у Куннинг қачон келиши аниқ белгилаб қўйилганини, ҳеч ким у Кунни бир нафас олдинга ҳам, орқага ҳам сура олмаслигини эслатиб, одамлар ўзларига берилган фурсатни ғанимат билишлари кераклигини, Ёлғиз Оллоҳ таолога маълум бўлган ўша муддат келиб қолмасдан туриб ақийдаларини ўнглаб, амалларини тузатиб олишлари лозимлигини уқтиради. Бас, оқил инсон қимматли вақтини зое қилмасдан, хатоларига истиғфор айтиб, имкони борича солиҳ амаллар қилиб қолишга шошилиши, эртага пушаймон қилиб афсус-надомат чекиб қолмайдиган яхши ишлар қилишга улгуриб қолиши керак.
Ҳадиси Қудсийда Оллоҳ таоло айтади: “Эй бандаларим, албатта Мен сизларнинг қилган амалларингизни аниқ қилиб санаб-белгилаб кўюрман, сўнгра Қиёмат Кунида у амалларни тўла-тўкис ҳолида сизларга рўбарў қилурман. Бас, ким ўша Куни яхши амалларини кўрса, Оллоҳ таолога ҳамд-сано айтсин ва ким бошқа нарсани, яъни ёмон ишларини кўрса, фақатўзини маломат қилсин”. (“Танвирул-азҳон тафсири”дан).

105. У Кун келганида, бирон жон сўзлай олмас, магар (Оллоҳнинг) Изни билангина (сўзлар). Бас, у (Кунга ҳозир бўлган)лар орасида бахтсизи ҳам бўлур, бахтлиси ҳам.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Руҳ (яъни, Жаброил) ва (барча) фаришталар саф тортиб турадиган Кунда улар (яъни, инсонлар) У Зотдан (яъни, Оллоҳдан қўрқиб) бирон сўз айтишга эга бўлмаслар. Улар сўзлай олмаслар, магар У Меҳрибон Зот изн берган кишигина (сўзлар) ва (фақат) рост сўзни сўзлар”. (Набаъ сураси, 37-38-оятлар).
У Кунда тўпланган инсонлар орасида куфр-исёни сабабли дўзах азобига ҳукм қилингувчи бадбахт кимсалар ҳам, иймон ва солиҳ амаллари учун жаннат неъматларига эришгувчи бахтли инсонлар ҳам бордир. “(У Кунда) бир гуруҳ жаннатда бўлса, бир гуруҳ дўзахдадир”. (Шўро сураси, 7-оятдан).
Имом Бухорий, Муслим ва Бағавий ушбу ояти карима тафсирида ривоят қилган ҳадиси шарифда Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анху айтди: “Биз бир жаноза ортидан Бақийъ қабристонига чиққан эдик, олдимизга Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам чиқиб келдилар. Қўлларида асолари бор эди. Келиб, бир муддат асони ерга урган ҳолда ўтирдилар, сўнгра: “Нафас олгувчи жон борки, унинг жаннат ёки дўзахдаги ўрни ёзиб-белгилаб қўйилгандир, бахтсиз ёки бахтли экани ёзиб қўйилгандир”, - дедилар. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ, у ҳолда (яъни, ким жаннати, ким дўзахи экани ёзиб қўйилган бўлса), бизлар ўша ёзиб қўйилган китобимизга суяниб, амал қилмай қўймаймизми?”, - деб сўраган эди, у зот: “Йўқ, сизлар амалларингизни қилаверинглар. Бас, ҳар ким ўзи нима учун (яъни, жаннат учунми ёки дўзах учунми) яралган бўлса, унга ўша нарса осон қилиб қўйилади, бахтсиз кимсалар учун бахтсиз кимсаларнинг амали (яъни, дўзахга олиб борадиган гуноҳ-маъсиятлар) осон қилиб қўйилади, бахтли кишилар учун бахтли кишиларнинг амали (яъни, жаннатга олиб борадиган солиҳ амаллар) осон қилиб қўйилади”, - дедилар. (“Тафсири Бағавий”дан).

106. Бас, бадбахт кимсалар дўзахда бўлиб, у жойда дод-фарёд қилурлар.
Яъни, рўзи азалда пешоналарига бахтсизлик - дўзахи бўлиш ёзилган кимсаларнинг жойлари Қиёмат Кунида Оллоҳ таолонинг Ҳукми билан жаҳаннам бўлиб, уламолар айтишларича, улар ўша жойдаги азобнинг қаттиқлигидан тинимсиз равишда, жуда хунук овозда, худди эшаклар ханграганидек ёқимсиз бўкириб, чинқириб турадилар - динсиз-иймонсиз ҳолда яшаб, ёмон-гуноҳ ишлар қилиб ўтганлари учун Қиёмат Кунида мана шундай чидаб бўлмайдиган азобга гирифтор бўладилар. Улар дунёдаги ҳаётларида иймон ва солиҳ амаллар билан чин инсоний ҳаёт кечирмаганлари сабабли Охиратда ҳам дўзах азобининг қаттиқлигидан инсонга хос бўлмаган овоз билан дод-фарёд қиладилар.

107. Улар унда осмонлар ва Ер тургунча қолурлар, магар Парвардигорингиз хоҳласа (яна Ўзи хоҳлаган Ҳукмини қилур). Зотан, Парвардигорингиз Ўзи истаган ишни албатта қилгувчи Зотдир!
Яъни, бадбахт кимсалар дўзахда абадий қолурлар. Уламолар: “Оятдаги “Улар унда осмонлар ва Ер тургунча қолурлар”, жумласидан мурод, кофирларнинг дўзахда мангу қолишларидир. Чунки бу ўринда Охират диёридаги осмонлар ва Ер назарда тутилади, Охиратнинг дунёдан фарқи шуки, у осмонлари, Ери ва бошқа барча нарсалари билан мангу туриш учун яратилгандир”, дейдилар.
“Магар Парвардигорингиз хоҳласа, (яна Ўзи хоҳлаган Ҳукмини қилур). Зотан, Парвардигорингиз Ўзи истаган ишни албатта қилгувчи Зотдир”.
Исломий ақидага кўра, Оллоҳ таоло икки олам Подшоҳи бўлгани учун бу дунёда ҳам, Охиратда ҳам барча ишлар фақат Унинг истак-хоҳишига мавқуфдир. Бинобарин, мўминлар: «Биз жаннатимиз», деб ўзларидан кетмасликлари, гуноҳкорлар эса: «Бизнинг дўзахга тушишимиз аниқ», деб ноумидликка берилмай, ўзларини ўнглаб, Ҳақ Йўлга интилишлари лозимдир.
Демак, мўминларнинг жаннатга киришлари ва у жойда мангу қолиш-лари ҳам, кофирларнинг дўзахга тушишлари ва у жойда абадий азобланишлари ҳам фақат Оллоҳ таолонинг Хоҳиши ва Иродасига боғлиқ бўлиб, У Зот ҳеч кимнинг олдида бурчдор эмасдир. Хохдаса, қулларига зарра мисқолича келадиган яхши амаллари учун Марҳамат кўргазиб, жаннатларга киритур, хоҳласа, гуноҳ-маъсиятлари сабабли дўзахга ҳукм қилинган осий бандаларига қалбларида иймон гавҳари бўлгани учун мангу азобдан нажот берур. Лекин ҳар икки ҳолда ҳеч ким У Зотдан “Нега ундай қилдинг”, деб сўрай олмас. Чунки ҳамма Оллоҳ таоло олдида масъул, аммо У Зот ҳеч кимнинг олдида масъул эмасдир, У Ёлғиз Ўзи хоҳлаган ишни қилгувчи Зотдир. “У Ўзи қиладиган бирон нарса ҳақида масъул бўлмас, улар (яъни, бандалар эса қиладиган ҳар бир иш-амаллари хусусида) масъул бўлурлар”. (Анбиё сураси, 23-оят). Бас, бахтсиз кимсани дўзахнинг мангу азобидан чиқариб бахтли кишига айлантириб қўйиш ҳам Унинг Қўлидаги ишдир.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилди: Пайғамбар соллолоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Айрим одамларга қилган гуноҳлари сабабли дўзахга тушиш ҳукм қилиниб, унинг ўтида куйганларидан кейин Оллоҳ таоло Ўз Фазлу Раҳмати билан уларни жаннатга киритур ва улар “жаҳан-намийлар”, яъни “жаҳаннамдан чиққанлар”, деб аталурлар”. (Бухорий ва Бағавий ривояти).
Имрон ибн Ҳусайн розияллоху анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва саллам: “Айрим одамлар Муҳаммаднинг шафоати билан дўзахдан чиқарилиб, жаннатга киритилурлар ва улар “жаҳаннамдан чиққанлар”, деб аталурлар”, дедилар. (Бухорий ва Бағавий ривояти. “Тафсири Бағавий”дан).

108. Бахт-саодат насиб этган зотлар эса жаннатда бўлиб, у жойда осмонлар ва Ер тургунча турурлар, магар Парвардигорингиз хоҳласа (яна Ўзи хоҳлаган Ҳукмини қилур). Бу (яъни, жаннатга тушиш бахтига эришиш Парвардигорингизнинг) туганмас Инъомидир.
Яъни, ҳаётларини Ёлғиз Оллоҳга ибодат ва Унинг элчиларига итоат қилиш билан ўтказган бахтли кишиларнинг жойлари Оллоҳ таолонинг хоҳиши билан мангу жаннат бўлиб, улар у жойда осмонлар ва Ер тургунча, яъни, мангу қолурлар. Оллоҳ таолонинг уларга ато этган бу неъмати ҳеч қачон узилиб - тугаб қолмас. Чунки “Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар учун битмас-туганмас ажр-мукофот бордир”. (Иншикрк, сураси, 25-оят).
Аллома ибн Касийр айтади: “Ушбу оятдаги “магар Парвардиго-рингиз хоҳласа”, деб истисно қилинишининг маъноси шуки, саодатли кишиларнинг жаннатда мангу қолишлари ўз-ўзидан бўлиб қолган эмас, балки фақат Оллоҳнинг хоҳиши билан бўлган, бас, аҳли жаннат шундай туганмас неъмат ато этгани учун ҳар нафасда У Зотга шукроналар айтишлари вожибдир. Шунинг учун ҳам улар жаннатнинг кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, ҳеч қачон тугаб қолмайдиган неъматларидан баҳраманд бўлар эканлар, худди нафас олишни унутмаган каби ҳар нафасда Оллоҳ таолога ҳамд ва тасбеҳ айтишни ҳам унутмайдилар”.
Ояти каримада жаннатда мангу қолиш бахтли бандалар учун Оллоҳ таоло томонидан ато этилган “туганмас инъом”, деб айтилишининг ўзи бу улуғ бахт фақатгина мўминнинг қилган амалларига яраша берилган ажр эмас, балки Оллоҳ таолонинг бандасига берган ҳадяси эканига ишорадир. Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Сизлардан ҳеч ким ўз амали билан жаннатга кира олмайди”, деганларида, саҳобалари: “Сиз ҳамми, ё Расулуллоҳ?”, - дейишганида, “Ҳа, мен ҳам, магар Оллоҳ мени Ўз Раҳмат-Марҳамати билан ўраса, ана ўшандагина кира олурман”, деб жавоб берганлари ҳам жаннат Ҳақ таолонинг бандаларига берган инъоми эканига далолат қилади. (Бухорий, Муслим, Насоий АбуҲурайра розияллоху анҳудан ривоят қилганлар).
“Саҳиҳайн”да ривоят қилинган мана бу ҳадиси шариф ҳам мўминларга ато этиладиган жаннат қандай буюк неъмат эканига далолат қилади: “Сўнгра уларга айтилур: “Эй аҳли жаннат, энди сизлар учун фақат яшаш бор, ҳеч қачон ўлмайсизлар, энди сизлар учун фақат ёшариш бор, ҳеч қачон қаримайсизлар, энди сизлар учун фақат соғлик бор, ҳеч қачон оғримайсизлар, энди сизлар учун фақат неъматлар бор, ҳеч қачон улардан ноумид - маҳрум бўлмайсизлар”.

109. Бас, Сиз (эй Муҳаммад алайҳис-салом), ана улар (яъни, мушриклар) ибодат қилаётган нарсадан шак-шубҳада бўлманг! (Яъни, уларнинг ноҳақ йўлда эканликлари аниқдир). Улар ҳам худди аввалги ота-боболари каби ибодат қилмоқдалар (бутларга сиғинмоқдалар), холос. Албатта, Биз уларнинг насибаларини (яъни, жазоларини) тўла-тўкис қилиб берурмиз.
Юқоридаги оятларда бахтсиз кимсалар топадиган оқибат ва бахтли кишиларга бериладиган мукофотлар зикр қилингач, ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва салламга замондош бўлган мушриклар ҳақида сўзлаб гўё шундай дейди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз илгари ўтган кофирларнинг қандай ҳалок бўлиб кетганлари ҳақидаги оятлардан хабардор бўлганингиздан кейин, энди анави Макка мушриклари ва улар ибодат қилиб сиғинаётган бутлари ҳақида ҳеч қандай шак-шубҳага тушманг! Улар қилаётган ибодатларининг ҳаммаси худди ота-боболари қилган ибодатлари каби ботилдир, жаҳолат ва залолатдир, демак, у мушриклар ҳам худди ота-боболаридек азобга дучор қили-ниб, ҳалок бўлиб кетишлари аниқдир”.
Ояти карима Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам учун бир тасаллий, мушриклар учун эса қаттиқ огоҳлантиришдир.
Дарҳақиқат, Макка мушриклари ҳам худди ҳамма мушрик-кофирлар каби ҳеч қандай далил-ҳужжатсиз ўтган ота-боболарига кўр-кўрона тақлид қилар эдилар.
Демак, улар ҳам ўзлари тақлид қилаётган ота-боболари каби қилмишларига яраша жазо олишларида ҳеч қандай шак-шубҳа йўқдир. Аммо ўша ҳақли жазо вақти келгунича Оллоҳ таоло уларга ҳам мўмин-мусулмон-ларга берганидек дунёдан бўлган нон-насибаларини тўла-тўкис қилиб бераверади. Агар фаразан, ана ўша мушрик-кофир кимсалар ота-онага яхшилик қилиш, қариндош-уруғни йўқлаш, камбағал бечораларга хайр-эҳсон қилиш каби яхши ишларни қиладиган бўлсалар, Оллоҳ таоло Ўз Илоҳий Адолати билан мана шу дунёнинг ўзида уларга мукофотларини бериб, кенг ризқ, саломатлик, хурсандчилик, зиён-заҳматдан асраш каби дунёвий неъматларни ҳам бераверадики, айрим содда кишилар динсиз-иймонсиз кимсаларнинг мана шундай бой-бадавлат, шод-хуррам яшаёт-ганларини кўрганларида: “Ё буларнинг тутган йўллари ҳам тўғримикин, бўлмаса, нега Оллоҳ таоло уларга бу неъматларни берди?”, деб шак-шубҳага тушмасликлари лозим. Чунки кофирлар учун фақат мана шу тўрт кунлик дунё неъматлари берилиши мумкин. Охират неъматларидан эса улар бутунлай маҳрумдирлар. У жойда улар учун Оллоҳ таолога кофир бўлганлари сабабли фақат қаттиқ азоб бор, холос.

110. Дарҳақиқат, Биз Мусога Китоб (яъни, Таврот) берганимизда, у ҳақда ихтилоф қилинган эди (яъни, айрим кишилар унга иймон келтирган бўлсалар, айримлар уни инкор қилган эдилар). Агар Парвардигорингиз томонидан (барча ҳисоб-китоб Қиёмат Кунида бўлади, деган) Сўз ўтмаганида, уларнинг ўртасида (шу дунёдаёқ ким ҳақ, ким ноҳақ эканлиги ҳақида) ҳукм чиқарилган бўлур эди. Албатта, улар (яъни, Макка мушриклари) у хақда (яъни, Қуръон хусусида) шак-шубҳададирлар.
Ушбу ояти карима ҳам Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлаётган Қуръон оятларига шак-шубҳа билан қарайдиган, у зотнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига ишонмай, Оллоҳ таоло нозил қилган оятлар устидан кулаётган Макка мушрикларига огоҳлантириш ва уларнинг иймонсизликларидан азият чекаётган Пайғамбар алайҳис-саломга таскин-тасаллийдир.
Жаноби Ҳақ Мусо алайҳис-саломга Таврот нозил қилганида унинг қавми ҳам бу Илоҳий Калом ҳақида талашиб-тортишиб, айримлари унга иймон келтирган бўлсалар, кўпчилик ундан юз ўгиргани ҳақида хабар бериш билан Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга гўё шундай дейди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз қавмингиз Макка мушрикларининг Қуръон ҳақида талашиб-тортишаётганларига парво қилманг ва худди Мусо ўз қавми уни ёлғончи қилганларида сабр қилганидек, Сиз ҳам то Оллоҳ таоло ваъда қилган нусрат - ғалаба вақти келгунича мушриклар Сизни ёлғончи қилаётганларига сабр қилинг! Агар Парвардигорингиз Ёлғиз Ўзига маълум бўлган Ҳикмат сабабли кофирларни жазолашни ва мўминларни мукофотлашни Қиёмат Кунига қолдириш ҳақида Ўз Сўзини айтмаганида эди, албатта уларнинг ўртасида дарҳол хукм чиқарилиб, Ҳақ Йўлдаги мўминларни ғолиб, кофирларни эса мағлуб қилиб қўйган бўлар эди. Дарҳақиқат, Макка кофирлари Қуръон ҳақиқатан Каломуллоҳми ё йўқми, деб қаттиқ шак-шубҳададирлар”.

111. Қасамки, албатта, Парвардигорингиз барчага қилган амалларининг (жазосини) комил қилиб берур. Албатта У Зот уларнинг қилаётган амалларидан Хабардор - Огоҳдир.
Ушбу оятда Ҳақ таоло яна Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, қасам ва яна қатор таъкидлар билан Унинг Ўзи жамийки инсонларга қилган барча ишлари учун тўла-тўкис жазо бериши аниқ эканини, чунки уларнинг қилаётган ҳамма яхши-ёмон амалларидан Хабардор эканини айтади. Демак, Қуръони Азим Ҳақ Каломуллоҳ, деб иймон келтирган мўминлар Тўғри Йўлни танлаганлари учун Ҳақ таоло томони-дан мукофотланишлари аниқ бўлганидек, улар билан талашиб-тортишиб, Қуръон Оллоҳнинг Сўзи эканини инкор қилаётган кофирлар ҳам У Зот томонидан ўз жазоларини олишлари аниқдир.
Уламолар оят лафзида етти турли таъкид воситаси қўлланганига эътибор қаратадилар. Маълумки, айтилаётган сўз қасам билан, шунингдек, шак-шубҳасиз, албатта, дарҳақиқат, барча-барчаси каби таъкид воситалари билан таъкидланишига мазкур сўз айни ҳақиқат эканлиги ёки ўша сўзни эшитувчи унга ақли бовар қилмаётгани ёки ишонмаётгани сабаб бўлади. Бас, бу ўринда айтилаётган Сўз - ҳар бир инсон ўзи қилган ҳар бир иши учун, агар яхши бўлса мукофот, ёмон бўлса жазо олиши аниқ деган Сўз - ўта муҳим бўлгани учун ва динсиз кимсалар уни инкор қилганлари учун ҳам мана шундай кетма-кет таъкидлар билан айтилди.

112. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз ва Сиз билан бирга тавба қилган зотлар ўзингизга буюрилгани янглиг истиқоматда - Тўғри Йўлда устувор бўлингиз! Туғёнга тушмангиз! Албатта, У Зот қилаётган амалларингизни Кўриб тургувчидир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламни ҳамда у зотнинг барча умматларини - ширк ва куфрдан қайтиб, Оллоҳ таолога тавба қилиб, Расулуллоҳга итоат этган асҳобларини ҳам (Оллоҳ барчаларидан рози бўлгай), улардан кейин дунёга келадиган ҳамма мўмин-мусулмонларни хам, уларга буюрилганидек истиқоматда бўлишга, яъни, бутун ҳаётлари давомида ўнгга ҳам, сўлга ҳам бурилмасдан Оллоҳ таоло буюрган Тўғри Йўлда устивор бўлишга, ўзларининг ҳадларидан ошмасликка - туғёнга тушмасликка буюради.
Албатта, Оллоҳ таоло Тўғри Йўлни топишни фақат бахтли бандаларига насиб этади. Аммо ана ўша Тўғри Йўлдан қайтмай, ўнг ёки сўл тарафларга бурилмай, бир умр истиқоматда бўлиш эса, осон бўлмаган, шунинг учун ҳам кишининг дунё ва Охиратда нажот топишига сабаб бўладиган энг шарафли вазифадир.
“Саҳиҳи Муслим”да Суфён ибн Абдуллоҳ Сақфий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: У айтди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига кириб: “Ё Расулуллоҳ, Сиз менга Ислом ҳақида Сиздан кейин ҳеч кимдан сўраб бўлмайдиган бир сўз айтсангиз”, деган эдим, у зот: “Сен “Оллоҳга иймон келтирдим”, дегин, сўнгра истиқоматда бўлгин”, дедилар.
Усмон ибн Ҳозир Азудий айтади: “Мен Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг олдига кириб: “Менга васият - насиҳат қилинг”, деганим-да, у: “Хўп. Сен Оллоҳдан қўрқишни ва истиқоматни маҳкам ушлагин, эргашгин ва бидъатчи бўлмагин”, деди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга Қуръон оятларидан бирон оят мана шу истиқомат тўғрисидаги оят каби оғир бўлмаган экан. Шунинг учун ҳам Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу у зотга: “Ё Расулуллоҳ, тез қариб қолдингиз-а?” деганида, “Мени Ҳуд сураси ва унинг опа-сингиллари (айрим ривоятларда Ҳуд, Воқеа ва Мурсалот суралари) қаритди”, дедилар.
Абу Алий Саррий айтади: “Мен тушимда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни кўриб: “Ё Расулуллоҳ, ривоятларга қараганда, Сиз “Ҳуд сураси, мени қаритди”, деган эмишсиз”, - деган эдим, у зот: “Ҳа”, - деб жавоб қилдилар. Мен: “У сурадаги қайси оятлар Сизни қаритди? Пайғамбарлар қиссалари ва уларга иймон келтирмаган қавмларнинг ҳалок бўлиб кетганими?”, - деб сўрадим. Шунда у зот: “Йўқ, балки мени Оллоҳ таолонинг “Ўзингизга буюрилгани янглиғ истиқоматда - Тўғри Йўлда барқарор бўлинг!”, - деган Сўзи қаритиб юборди”, дедилар”. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Албатта, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга истиқоматда бўлиш буюрилганидан у зот истиқоматда бўлмаганлари тушунилмайди, балки аксинча, у зоти бобаракот истиқоматда ҳаммага ибрат эдилар. Демак, бу Илоҳий Фармон ана ўша истиқоматда бардавом бўлишга буюрмоқда. Ҳақ таоло Ўз Расулини ва барча мўмин бандаларини истиқоматда бардавом бўлишга буюришининг бир ҳикмати, Оллоҳ таоло буюрганидек Тўғри Йўлда бардавом бўлган инсонлар ҳар қандай душмандан ғолиб бўладилар, аммо у йўлдан ўнг ё сўлга оғадиган бўлсалар, мағлуб ва душманларига қарам бўлиб қолишлари аниқдир. (Кейинги асрлардаги, хусусан, биз яшаётган асрлардаги мусулмонларнинг аҳволи бунинг аянчли мисолидир).
Оллоҳ таоло буюрганидек истиқоматда - Тўғри Йўлда устивор бўлган инсонлар Охиратда ҳам нажот топадилар. “Албатта: «Парвардигоримиз Оллоҳдир», деган, сўнгра (Тўғри Йўлда) устивор бўлган зотларнинг олдиларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Кўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат (хушхабари) билан шодланинглар! Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир. (Бу) Мағфиратли ва Мехрибон Зот томонидан бўлган зиёфатдир”. (Фуссилат сураси, 30-31-32-оятлар). “Албатта «Парвардигоримиз Оллоҳдир», деган, сўнгра (Тўғри Йўлда) устивор бўлган зотлар учун ҳеч қандай хавфу хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмаслар. Ана ўшалар жаннат эгалари бўлиб, у жойда мангу қолурлар. (Бу) улар қилиб ўтган амалларининг мукофотидир”. (Аҳқоф сурасчи, 13-14-оятлар).
Шунинг учун ҳам Қуръони Каримда истиқоматга - Тўғри Йўлда устивор бўлишга ҳамда зулм-туғёндан узоқ бўлишга қайта-қайта даъват қилинади: “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), мана шунинг учун (яъни, аввалги қавмлар фирқа-фирқа бўлиб кетганлари сабабли йўлдан озганлари учун - Сиз ўз умматларингизни бирлик-иттифоққа) даъват қилинг ва ўзингизга буюрилгани янглиғ Тўғри Йўлда устивор бўлинг ҳамда уларнинг (мушрикларнинг) ҳавойи нафсларига эргашманг!” (Шўро сураси, 15-оятдан).

113. Ва зулм йўлини тутган кимсаларга суянманглар (эргашманглар)! Акс ҳолда сизларга дўзах ўти етар. Сизлар учун Оллоҳдан ўзга бирон дўст йўқдир. Кейин (яъни, золимларга эргашсангиз), сизларга ёрдам берилмас.
Яъни, эй мўминлар, сизлар зулм қилгувчи кимсаларга озгина бўлса ҳам мойил бўлманглар, уларнинг йўриғига юрманглар, уларни ҳурмат қилманглар ва улар билан дўст-ошно, суҳбатдош бўлманглар! Агар шундай қиладиган бўлсангизлар, у ҳолда сизлар ҳам улар каби дўзах азобига гирифтор бўлурсизлар! Билингларки, золимлар сизларга ҳеч қачон дўст бўлмайдилар, сизларнинг ёлғиз Дўстингиз Оллоҳдир. Агар золим кимсаларга суянадиган бўлсангизлар, ундан кейин Оллоҳ таоло томонидан сизларга бирон ёрдам берилмас!
Демак, зулм йўлини тутган кимсалар - улар Оллоҳ таолонинг Бор ва Бир эканини инкор қиладиган кофир-мушриклар бўладими ёки ўзлари-ни мусулмон санаб туриб Ҳақ таолонинг Амр-Фармонларини бажармайдиган, Ҳақ Йўлга юрмайдиган, Ҳақ Сўзни сўзламайдиган, бировларнинг ҳаққидан ҳазар қилмайдиган кимсалар бўладими - барча-барчаси мўминларнинг душманларидир. Бас, мўмин-мусулмонлар бирон ишдаулар билан ҳамкор, ҳамфикр бўлишлари, уларга итоат қилишлари дуруст эмасдир.
Ояти карима мазмунига кўра золимларга озгина мойил бўлган кимса дўзах аҳлидан бўлар экан, у ҳолда уларга ҳавас қиладиган, улар эгаллаган дунё матоларини оғзидан суви келиб мақтайдиган, ҳатто золимларнинг ноҳақ йўлларини ёпишда уларга ёрдамлашадиган кимсаларнинг аҳволи нима бўлади?!
Тафсир китобларида бу мавзуда кўп ибратли ривоятлар келтирилибди. Ривоят қилинишича, бир тикувчи уста Суфёндан: “Мен золимларнинг ҳам кийимларини тикаман. Бу ишим билан мен уларга ёрдам берган бў-либ қолмайманми?”, - деб сўраган эди, Суфён розияллоҳу анҳу: “Йўқ, бу ишинг билан сен золимларга ёрдамчи эмас, балки улардан бири бўласан, сенга кийим тикадиган игнани сотган кимса эса уларнинг ёрдамчиларидан бўлади!”, - деди.
Улуғ муҳаддис уламолардан Имом Абу Бакр Заҳрий тақволи ва истиқоматли кишилардан эди. Унинг амир ва султонлар ҳузурига кириб уларга панд-насиҳатлар қилиб турадиган одати бор эди. У подшоҳлардан ҳайбатланмай, қўрқмай, уларга тўғри сўзларни айтар эди. Шундай бўлса ҳам, Заҳрийнинг дўстларидан бири унинг халққа ҳар доим ҳам адолат қилавермайдиган амир-султонлар олдига кириб юришидан хавотирга тушиб, унга шундай ибратли насиҳатномани ёзади: “Биродарим Абу Бакр, Оллоҳ таоло сени ҳам, бизни ҳам Ўз паноҳида асрасин, сен ҳозир шундай ҳолдасанки, сени таниганлар аҳволингга раҳмлари келиб, сен учун Оллоҳ таолога дуо қиладилар. Сен кексалик ёшига етдинг, елкангда Оллоҳ таоло сенга ато этган неъматлар юки турибди - У сенга Ўз Китобининг сирларини фаҳмлатди, У сенга Ўз Расули соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини таълим берди. Билгилки, сен ҳозир энг камида золимга улфат бўлиш, демак, зулм йўлини осон қилишдек гуноҳ устидадирсан. Улар ўзла-рининг зулм тегирмонларини айлантириш учун сени ўқ қилиб олдилар. Улар сени ўзларининг бало-офатларини халққа етказиш учун ўтадиган кўприк қилиб олдилар, улар ўзларининг залолатларига етиш учун сендан бир нарвон ўрнида фойдаланмоқдалар, сен сабабли олимларни ёмонотлиқ қилмоқдалар, сенинг ёрдамингда нодон одамларнинг қалбларини овламоқдалар, уларнинг сени хароб қилаётганлари олдида сенга етказаётган фойдалари жуда оздир. Мана олис сафарга чиқиш вақти ҳам келиб қолди, Оллоҳ таолога эса на Ер, на осмондаги бирон нарса махфий эмасдир! Вас-салом”. (“Ал-мук,татафмин уювнит-тафосийр”китобидан).
Ривоят қилинишича, Оллоҳ таоло Ювшаъ ибн Нун алайҳис-саломга: “Мен сенинг қавмингдаги яхши одамлардан қирқ минг, ёмонлардан олтмиш минг кишини ҳалок қилурман”, - деб ваҳий юборди. Ювшаъ: “Яхшиларни нега ҳалок қилурсан, ё Роббим?”, - деб сўраган эди, Оллоҳ таоло: “Чунки улар Мен ғазабланган нарсадан ғазабланмадилар. Балки Менинг ғазабимга лойиқ золим-ёмонлар билан ошно-улфат бўлиб, бир дастурхонда ўтиравердилар”, - деб жавоб қилди.
Маълум бўладики, зулм йўлига кирган кимсаларни Оллоҳ учун ёмон кўриш, улар билан ҳамсуҳбат - ҳамтовоқ бўлмаслик вожиб экан. (“Танвирул-азҳон” тафсиридан).
Золим-фосиқлар билан, шунингдек Оллоҳнинг Динини масхара қил-гувчи кимсалар билан ҳаммажлис-ҳамсуҳбат бўлиш мўмин-мусулмонлар учун мутлақо дуруст эмаслиги хусусида Нисо сурасида шундай Амри Илоҳий нозил бўлган: “Ахир (Оллоҳ) сизларга Китобда: «Қачонки Оллоҳнинг оятлари инкор қилинаётганини ва масхара қилинаётганини эшитсангизлар, то бошқа гапга ўтмагунларича ундай кимсалар билан бирга ўтирманглар», деган сўзларни нозил қилган эди-ку?! (Модомики, улар билан ўтирган экансизлар), демак, сизлар ҳам шак-шубҳасиз, уларнинг ўзисиз. Албатта, Оллоҳ барча мунофиқ ва кофирларни жаҳаннамда жамлагувчидир”. (Нисо сураси, 140-оят).
Маккада нозил қилинган суралардан бўлган Анъом сурасида Ҳақ таоло Пайғамбар алайҳис-саломга хитоб қилиб: “Қачон Бизнинг оятларимизни (масхара қилишга) килишаётган кимсаларни кўрсангиз, то улар бошқа гапга киришгунларича, Сиз улардан юз ўгиринг! Энди, агар шайтон ёдингиздан чиқарса, эслаганингиздан сўнг, бу золим қавм билан бирга ўтирманг!”, деб буюрган эди. (Анъом сураси, 68-оят) . Бу Илоҳий Фармон, табиийки, барча мўминларга тегишли эди. Шунинг учун ушбу ояти каримада мўминларга хитоб қилиниб - бу ўринда чин дилдан иймон келтирган ҳақиқий мўминлар ҳам, ўзларини мўмин кўрсатиб юрган мунофиқлар ҳам назарда тутилади - сизлар учун кофирларни дўст тутиб, улардан ёрдам кутиш эмас, аксинча, модомики улар Оллоҳнинг оятларига кофир бўлишиб, масхара қилар эканлар, ҳатто улар билан бирга ўтириш ҳам ҳаром эди-ку! - дейилмоқда.
Маккадаги мушриклар тўпланиб олишиб, Қуръон ҳақида турли сўзлар айтишиб, уни масхара қилиб кулишар эди. Шунинг учун Анъом сурасида мусулмонлар улар билан бирга ўтиришдан қайтарилган эдилар. Мадинада эса, яҳудлар худди Макка мушриклари каби Қуръони Карим тўғрисида ва Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларида ҳар хил иғво ва ёлғонларни тўқишиб, масхаралашар эдилар. Шу сабабдан Мадиналик мусулмонлар ҳам модомики, яҳудлар Оллоҳнинг оятларига кофир бўлишиб, уни масхара қилишар экан, улар билан ўтиришдан қайтарилдилар. Аммо мусулмонлар орасига кириб олган мунофиқлар ҳар замон яхудлар олдига боришиб, уларнинг Қуръонни масхаралаб айтган сўзларига қулоқ солиб ўтиришар эди. Бас, мунофиқларга: “(Модомики улар билан ўтирган экансизлар), демак, сизлар ҳам, шак-шубҳасиз, уларнинг ўзисиз”, дейилди.
Уламолар: “Ушбу оят куфр сўзларига рози бўлган кимса ҳам кофир эканига ва гуноҳ ишни кўриб, эшитиб туриб уни қайтармасдан жим турган кимса ўша гуноҳга шерик эканига хужжатдир”, дейдилар. Чунки сукут аломати - ризодир. Шунингдек, ушбу ояти карима итоатсиз-фосиқлар билан ва бидъат - хурофотларга берилган кимсалар билан ҳаммажлис бўлиш ҳаром эканига ҳам далилдир. Зеро, “Суҳбаттаъсир қилгувчидир”. (Ҳадиси шарифдан).
Ҳақиқат шуки, инсон ўзи ўз ихтиёри билан мана шу дунёнинг ўзида Охиратда ким билан бирга бўлишини белгилаб олар экан. Яъни, у бу ҳаёти дунёда кимни яхши кўрса, кимнинг тарафида турса, ким билан дўст-ҳамсуҳбат бўлса, Охират ҳаётида ҳам ўша билан бирга бўлар экан. Бас, дўст-ҳамсуҳбат танлашда адашган кимса нафақат ўткинчи дунёда, балки мангу Охиратда ҳам бахтсиздир.
Энди сиртида ўзини мусулмон кўрсатиб, ичида кофирлар билан бирга бўлган, яъни, ҳам мусулмонлар билан, ҳам кофирлар билан дўст бўлган кимсалар эса, мунофиқлардирки, Қуръон ҳукмига кўра улар Охиратда шак-шубҳасиз кофирлар билан бирга бўладилар: “Албатта, Оллоҳ барча мунофиқ ва кофирларни жаҳаннамда жамлагувчидир”. Демак, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринишлари мунофиқларга Охиратда асқотмас экан. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам зикр қилинган: “Мўмин ва мўминаларнинг олдиларида ва ўнг томонларида нурлари (яъни, қилган яхши амаллари ва номаи аъмоллари йўлларини ёритиб) кетаёттанини кўрадиган Кунни (эсланг! Ўша Кунда уларга дейилур): «Сизлар учун Бугунги хушхабар - остидан дарёлар оқиб турадиган, (сизлар) мангу қоладиган жаннатлардир. Бу Буюк Саодатнинг ўзидир!» У Кунда мунофиқ ва мунофиқлар иймон келтирган зотларга: «Бизга қараб туринглар, биз ҳам сизларнинг нурингиздан озгина олиб (фойдаланайлик)», десалар, (уларга) «Ортингларга қайтиб нур истайверинглар», дейилур. Сўнг улар (билан мўминлар)нинг ўртасига дарвозали бир девор урилурки, унинг ичида раҳмат - жаннат, ташқарисида - олдида эса азоб - дўзах бўлур. Улар (мўминларга) «Биз (ҳаёти дунёда) сизлар билан бирга эмасмидик», деб нидо қилганларида, (мўминлар) дерлар: «Ҳа, (кўринишда биз билан бирга эдинглар), лекин сизлар (мунофиқлик билан) ўзларингизни фитнага дучор қилдинглар ва (бизларга бало-офатлар етишига) кўз тутдинглар хамда (Исломнинг Ҳақ Дин эканлиги тўғрисида) шубҳаландинглар ва то Оллоҳнинг Амри (яъни, ўлим) келгунича сизларни (ҳали умр узоқ эканлиги, Оллоҳ ҳар қандай гуноҳни кечиб юборавериши каби) хомхаёллар алдади. Сизларни Оллоҳ ҳақида (У Зотнинг Карами кенг, ҳеч қачон Ўзи яратган бандаларни азобга гирифтор қилмайди, деб) алдагувчи (шайтон) алдаб қўйди». Мана Бугун сизлардан ҳам (эй мунофиқлар), очиқ кофир бўлган кимсалардан ҳам (дўзах азобидан қутулишларингиз учун) бирон тўлов олинмас. Жойларингиз дўзахдир! У сизларга энг муносиб жойдир! Нақадар ёмон оқибат (бу)!”. (Ҳадид сураси, 12-15-оятлар).

114. Кундузнинг ҳар икки тарафида ва кечадан бўлган илк соатларда намозни тўкис адо қилинг! Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур, Ушбу (Қуръон) эслатма олгувчилар учун бир Эслатмадир.
Юқоридаги оятларда Ҳақ таоло Ўз Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни ва барча мўминларни истиқоматга - Тўғри Йўлда бир умр устувор бўлишга, Дин буюрган чегаралардан тажовуз қилмасликка - туғёнга тушмасликка ва золим кимсаларга суянмасликка буюрганидан сўнг, энди ушбу ва қуйидаги оятда ҳар куни беш вақт намоз ўқишга ҳамда сабр-тоқатли бўлишга буюради.
Ўрганаётганимиз ояти кариманинг биринчи жумласида Ҳақ таоло Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ва у зот орқали ҳар бир мўмин-мусулмонга намоз ибодатини бекаму кўст адо этишни буюриш билан бирга у улуғ ибодатнинг вақтларини ҳам белгилаб берди. Барча тафсир китобларида айтилишича, кундузнинг тарафларида адо қилинадиган намозлар бомдод, пешин ва аср бўлиб, у намозларнинг биринчиси кундуз бошланганидан кейин ўқиладиган бомдод намозидир. Чунки Шариат истилоҳида кундуз қуёш чиқиши билан эмас, балки тонг отиши билан бошланади. Кундузнинг иккинчи тарафи бошлангач, яъни, куёш қиёмдан кун ботар тарафга оғгач, кундузи адо этилиши фарз бўлган иккинчи намоз - пешиннинг вақти киради. Энди кундузнинг иккинчи тарафи тугаши олдидан, яъни, ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлганида эса кундузги учинчи фарз намоз - асрнинг вақти бўлади.
Кечанинг илк соатларида адо қилиниши буюрилган намозлар эса, қуёш ботиб, кеча бошланиши билан ўқиладиган шом намози ва у намозни адо қилиб бўлгандан бир соат ўтгач вақти кирадиган хуфтон намозидир.
Шундай қилиб, Ҳақтаоло мўмин бандаларини Ўзига саждалар қилиш-га, дилларидаги тилакларини сўраб дуолар қилишга чорлар экан, бу амалларни адо этиш учун Меҳрибон Парвардигоримиз - агар шундай таъбир қилиш жоиз бўлса - Ўзининг Қабул соатларини ҳам белгилаб қўйди ва ким ўша соатларда Унга Муножотлар қилиб, Унинг Элчиси таълим бериб ўргатган, амал қилиб кўрсатган тарзда намоз ибодатини адо қилса, бу яхши амали шарофатидан унинг гуноҳларини кечириб, дуо-илтижоларини ижобат қилишга ваъда беради. Демак, Оллоҳ таолонинг Фазлу Марҳаматига эришиш учун биз бандалар намозларни У Зот буюрган ва Унинг Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам амалда кўрсатган вақтларда адо қилишимиз, белгиланган тартибга риоя қилишимиз ва намоз вақтларини ўтказиб юбормай муҳофаза қилишимиз керак.
Дарҳақиқат, мўминнинг зиммасидаги энг асосий иш беш вақт намозни ўз вақтида тўкис адо қилишдир. “Саҳиҳайн”да ривоят қилинган ҳадиси шарифда, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтди: “Мен Расулул-лоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан: “Амалларнинг афзали қайси амал”, деб сўраганимда, “Ўз вақтида адо қилинган намоз”, дедилар. Шунингдек, У Зот: “Худди менинг намоз ўқиётганимни кўрганингиздек, намоз ўқинглар”, деб буюрганлар. (“Саҳиҳи Бухорий”да ривоят қилинган).
Беш вақт намознинг вақтлари ҳақида бошқа оятларда ҳам айтилган: “Куёш оғишидан то тун қоронғусигача намозни тўкис адо қилинг ва тонгги ўқишни (бомдод намозини) ҳам (тўкис адо қилинг)! Зеро, тонгги ўқиш (кеча ва кундуз фаришталари) ҳозир бўладиган намоздир. (Ал-Исро сураси, 78-оят).
Барча муфассирлар ушбу оятни ҳар куни беш вақт намоз фарз эканлигига ҳужжат деб қабул қилганлар. Чунки қуёш оғиши билан «пешин» намози ўқилади. Кишининг сояси ўзига икки баробар бўлгач эса «аср» вақти киради. Кун ботиши билан «шом» бўлса, кеча қоронғуси тушиши билан «хуфтон» вақти кирган бўлади. Тун тугаб, тонг бошлангач, (ҳали қуёш чиқмасдан туриб) «тонгги ўқиш» - «бомдод» ўқиш фарз бўлади.
“Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз улар айтаётган сўзларга сабр-тоқат қилинг ва қуёш чиқишидан илгари ва ботишидан аввал Парвардигорингизга ҳамду сано айтиш билан (У Зотни) покланг - намоз ўқинг! Кеча(нинг аввалги ва охирги) вақтларида ҳамда кундуз(нинг аввалги ва охирги) тарафларида ҳам тасбеҳ айтинг - намоз ўқинг, шояд шунда (Парвардигорингиз Охират диёрида берадиган ажр-мукофотлардан) рози бўлурсиз”. Тоҳа сураси, 150-оят).
“Бас, сизлар, (эй мўминлар), тунга кириш пайтлаингизда ҳам, тонгга кириш пайтларингизда ҳам, оқшомда ҳам, пешин пайтига киришларингизда ҳам Оллоҳни поклангиз (яъни, У Зотга хамду сано айтингиз! Зеро), осмонлар ва Ердаги бор ҳамду сано Уникидир (яъни, коинотдаги барча мавжудот Унга ҳамду сано айтур)” (Рум сураси, 17-18-оятлар).
Ояти карима давомида Ҳақ таоло намознинг фойдасини эслатиб, “Албатта, яхши амаллар ёмонлик-гуноҳларни кетказур. Ушбу (Қуръон) эслатма олгувчилар учун бир Эслатмадир”, деди.
Албатта, яхши амалларнинг энг яхшиси - намоздир. Бас, холис ният билан Оллоҳ таолонинг ризосини истаб, У Зот буюрганидек, Элчиси ўргатиб-кўрсатганларидек адо қилинган намоз банданинг гуноҳларини ювиб юборишида ҳеч шак-шубҳа йўқдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам муборак ҳадисларида айтганлар. Уламолар мана бу ҳадиси шарифни ушбу ояти кариманинг нозил қилинишига сабаб бўлган дейдилар. Термизий ва бошқалар ривоят қилган ушбу ҳадисда Абул-Ясор Ансорий исмли бир саҳобий розияллоҳу анху айтди: “Менинг олдимга хурмо сотиб олиш учун бир аёл келган эди, унга: “Уйимда бундан яхшироқ хурмолар бор”, дедим. У билан бирга уйга киргач, ўзимни тўхтата олмай, уни қучоқлаб, ўпиб олдим. Қачонки у аёл: “Оллоҳдан қўрққин”, деганида, ўзимга келдим ва дарҳол Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бориб, қилган гуноҳимни айтдим ва: “Менга хоҳлаган жазойингизни беринг”, дедим. Шунда у зот бир сўз демай, бошларини қуйи солганларича, узоқ сукутга кетдилар. Мен қилмишимга афсус-надоматлар чекиб, ҳузурларидан чиқиб кетганимдан кейин ортимдан бир кишини юбориб чақирдилар ва ўзларига ҳозир нозил бўлган ушбу оятни охиригача ўқиб, қилган гуноҳимнинг каффорати намоз ўқиш эканини айтдилар.
Намознинг мўмин учун нақадар манфаатли ибодат экани ҳақида бошқа ҳадисларда ҳам айтилган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилин-ган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Хабар беринглар-чи, агар бировларингизнинг ҳовлисидан дарё оқиб ўтган бўлса ва у ўша дарёда ҳар куни беш мартадан чўмиладиган бўлса, унинг баданида кир қоладими?”,
- деган эдилар, асҳоблари: “Йўқ”, - дейишди. Шунда у зот: “Беш вақт намоз ҳам худди шундайдир. Оллоҳ таоло у намоз сабабли барча хатоларни ўчириб юборади”, - дедилар. (Бухорий, Муслим ва бошқалар ривоят қилишган).
Абу Ҳурайра розияллоху анҳудан ривоят қилинган яна бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Беш вақт намоз, жумъа намози, то келгуси жумъагача, Рамазон рўзаси, то келгуси Рамазонгача (бу ибодатларнинг барчаси) уларнинг ўртасида қилинган гуноҳлар учун
- агар катта гуноҳлар қилинмаган бўлса - каффоратдир”, деб марҳамат қилдилар. (Муслим ва Бағавий ривояти).

115. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, машаққат ва озорларга) сабр қи-линг! Зотан, Оллоҳ чиройли амал қилгувчиларнинг ажр-мукофотларини зое этмас.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз Ҳақ Динга - Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилишга даъват қилар экансиз, бас, мушриклар томонидан Сизга етадиган озор-машаққатларга сабр қилинг ва билингки, Оллоҳ таоло чиройли амал қилгувчи бўлган бандаларининг - кунда буюрилган беш вақт намозни ўз вақтида тўкис адо қилган ва сабр-тоқатли бўлган бандаларининг ажр-мукофотларини ҳеч қачон зое қилмай, тўла-тўкис ва неча баробар қилиб беради.
Ушбу ояти карима сабр ва намоз энг чиройли амал эканига Илоҳий далилдир.
Яна бошқа бир оятда ҳам Ҳақ таоло: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом) аҳли-умматингизни намоз ўқишга буюринг ва ўзингиз ҳам (намоз) устида сабрли бўлинг!”, деб буюрган. (Тоҳа сураси, 132-оятдан).
Демак, ушбу оятларда Ҳақ таоло биз бандаларига намоз ва сабр билан Унинг Ўзидан мадад сўрашимиз кераклигини таълим беради. Бу Илоҳий Амр бошқа бир оятда ҳам таъкидланган: “Эй мўминлар, сабр қилиш ва намоз ўқиш билан (Мендан) мадад сўранглар! Албатта, Оллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир”. (Бақара сураси, 153-оят).
Оллоҳ таоло юқоридаги оятда Ўзига шукр қилишга буюрган бўлса, энди ушбу оятда сабр ва намоз билан мадад сўрашга амр қилди. Чунки банда баъзан неъматустида бўлади ва Яратганга шукр қилади, баъзан эса меҳнат-машаққат остида қолади ва бошига тушган қийинчиликка сабр қилади.
“Саҳиҳи Муслим”да Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Мўминнинг иши ажибдир. Унинг ҳамма иши хайрлиг-а! Агар унга бирон хурсандчилик-яхшилик етса - шукр қилади ва бу унинг учун яхшилик бўлади, агар унга бирон зиён-ёмонлик етса - сабр қилади ва бу ҳам унинг учун яхшилик бўлади!”.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бошларига бирон ташвиш тушса намоз ўқир эдилар.
Сабр уч хил бўлади: Ҳаром ва гуноҳларни тарк этиш учун сабр қилмоқ, тоат-ибодатларни адо этишда сабр қилмоқ, учинчиси, бало ва мусибатлар бошга тушганда, ғазаб келганда сабр қилмоқ. Қуръон мўминларга ҳар уч ҳолда сабр қилишни буюради ва Оллоҳ таоло сабр килгувчилар билан бирга эканини таъкидлайди. Сабр Раҳмондан, бесабрлик шайтондан, деган иборанинг маъноси ҳам шу бўлса керак. Албатта, мўмин малъун шайтон билан эмас, Меҳрибон Раҳмон билан бўлишни танлайди. Мўминлар бир-бирларини ҳам сабр қилишга чақирадилар:
“ва бир-бирларига сабр-тоқатни тавсия этган зотларгина (нажот топгувчидирлар)”. (Вал-аср сураси, 3-оят.) Чунки ҳар доим ҳам нафсларга ёқавермайдиган, ўзига яраша меҳнати, машаққати бор бўлган ибодатлар-ни адо этиш учун сабр қилиш, гоҳо инсоннинг тўрт тарафидан ўраб оладиган ҳаром ва гуноҳларга қарши туриб, уларга мағлуб бўлмаслик учун сабр қилиш, Муқаддас Динимизни ҳимоя қилиш йўлида дин душманларининг минг турли макр-ҳийлаларига алданмасдан устивор, собит қадам бўлиш - сабр қилиш осон ишлардан эмас. Шунинг учун ҳам мўминлар бир-бирларини сабрга чақирадилар.
Сабр ва намоз фақат мўмин бандаларга аталган шундай мустаҳкам қўрғон эканки, бошқалар бошларига бирон меҳнат-машаққат ёки бало-мусибат тушганида ўзларини йўқотиб нима қилишларини, қаёққа қочишларини билмасдан дод-вой қилсалар, мўмин эса бундай ҳолатларда сабр қўрғонига кириб ҳимоя топади, намозга - Оллоҳнинг қабулига (“Албатта, намоз - мўминнинг меърожидир”) кириб нажот топади. Оят сўнггидаги “Албатта, Оллоҳ сабр қилгувчилар билан биргадир” жумласи, албатта, Оллоҳ уларга Мададкор, Қўлловчидир, уларнинг бу ишларидан Розидир, деган мазмундадир.

116. Бас, сизлардан аввалги асрларда ўтганлар орасида ҳам Ерда бузғунчиликдан қайтарадиган аҳли фазл кишилар бўлганларида эди. Уларнинг ораларида фақат Биз нажот берган камдан-кам кишиларгина (шундай зотлар эдилар). Золим кимсалар эса, ўз маишатларига берилиб кетдилар ва жиноятчи бўлиб қолдилар.
Жаноби Ҳақ сура давомида аввалги асрларда ўтган, ўзларига юборилган элчи-пайғамбарларни ёлғончи қилганлари сабабли бу дунёда ҳалокатга дучор бўлган, Охиратда эса дўзах азобига гирифтор бўлгувчи қавм-лар ҳақида хабар бергач, энди ушбу ояти каримада мазкур қавмлар Оллоҳ таолонинг ғазаб ва азобига мубтало бўлганларининг икки сабабини баён қилади. Биринчи сабаб, ўша ҳалок бўлган қавмлар орасида уларни динсизликдан, бузуқликлардан, Ерни фасодга тўлдирадиган турли ёмонлик-лардан қайтарадиган ақлли, фазилатли кишилар йўқ ҳисобида эди, бўлганлари ҳам ёмонларга нисбатан жуда оз саноқдаги мўминлар бўлиб, Оллоҳ таоло уларни Ўз паноҳида асраб, элчи-пайғамбарлар билан бирга нажот топдилар. Иккинчи сабаб, у золим қавмларнинг яшашдан мақсад-лари, бутун ҳатти-ҳаракатлари фақат шаҳвоний хоҳишлар, нопок маишат ва қандай қилиб бўлса-да, бировларнинг ҳақидан уриб қолиб, мол-давлатга эга бўлишга қаратилган эди. У қавмларнинг золим деб аталишларига сабаб, улар яхшиликка, адолатга чақиришни, зулм-зўравонликдан қайтаришни бутунлай унутган эдилар. Билъакс, ўзлари ёмонлик ва зулм ботқоғига томоқларигача ботиб, ашаддий жиноятчиларга айланган эдилар. Бас, улар ана ўша жиноятлари учун Ҳақ таоло тарафидан энг адолатли жазога гирифтор бўлдилар - барчалари қирилиб кетдилар.
Ҳадиси шарифда: “Албатта, Оллоҳ таоло айрим одамлар қилган жиноят сабабли ҳаммани жазоламайди. Аммо қачонки ўша омма кўз ўнгларида бузғунчилик, адолатсизлик қилинаётганини кўрсалар-у, уни инкор қилишга - йўлини тўсишга қодир бўла туриб инкор қилмасалар, у ҳолда Оллоҳ таоло ўша жиноятчиларни ҳам, уларни лоқайд томоша қилиб турган оммани ҳам баробар азобга гирифтор қилади”, дейилган. (“Танвирул-азҳон” тафсиридан).

117. Парвардигорингиз ҳаргиз аҳолиси солиҳ амаллар қилгувчи шаҳарларни зулм билан ҳалок қилгувчи эмасдир. (Балки улар бузғунчи, золим бўлганлари сабабли ҳалок қилингандирлар).
Муфассирлар ушбу ояти каримани икки хил тафсир қилганлар. Биринчи тафсир: Оллоҳ таоло золим эмасдир. У ҳалок қилиб юборган шаҳарларнинг аҳолисини улар яхши ишлар қилиб турган ҳолларида ҳалок қилган эмас. Балки, уларга қилган ишларига яраша адолатли жазо берган.
Иккинчи тафсир: Оллоҳ таоло ҳалок қилиб юборган шаҳарларнинг аҳолисини улар яхши ишлар қилиб турган ҳолларида, фақат уларнинг золимликлари, яъни, мушрик-кофир бўлганликлари сабабли ҳалок қилган эмасдир. Балки, улар мушрик-кофир бўлганликлари устига яна бузғунчилик қилиб, жамиятни фасодга тўлдирганлари учун ҳам ҳалок қилгандир. Масалан, Шуайб алайҳис-саломнинг қавмини олди-сотди муомалаларида ўлчов ва тарозидан уриб, доимий равишда бировларнинг молларини ноҳақ ўзлаштиришни одат қилиб олганлари учун, Лут алайҳис-саломнинг қавмини эса, бузуқлик-баччабозликни одатга айлантириб, бутун жамиятни бузиб юборганлари учун ҳалок қилди. Агар кимдадир мазкур жамиятларда яшайдиган одамлар орасида ўша айтилган иллат-лардан тоза, покиза инсонлар ҳам бор эдику?, деган савол туғилса, мана бу ҳадиси шариф шу каби саволларга жавобдир. “Саҳиҳи Термизий”да ривоят қилинган ҳадисда Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу айтди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Аниқки, агар одамлар золимнинг зулм қилаётганини кўриб туриб унинг қўлидан ушлаб тўхтатмасалар, Оллоҳ таоло уларнинг ҳаммаларига Ўз ҳузуридан азоб юбориши яқиндир”, деганларини эшитганман”.
Уламолар ушбу оят тафсирида айтадилар: “Ояти карима мазмунидан маълум бўладики, гарчи Охиратда инсонларнинг энг ашаддий азобга гирифтор бўлишларига ширк-куфр сабаб бўлса-да, ҳаёти дунёда уларнинг қирилиб йўқ бўлишларига ширк-куфр эмас, балки зулм йўлини тутганлари ва Ерда бузғунчилик қилганлари сабаб бўлди. (“Тафсири Куртубий”дан). Шунинг учун ҳам: “Мулк-давлат ширк билан бирга туриши мумкин, аммо зулм билан бирга турмайди”, дейилади. (“Танвирул-азҳон”тафсиридан).
Маълум бўладики, Ҳақ таоло жамиятда ижтимоий адолат барқарор бўлишини, яъни, одамлар бир-бирларига зулм-ноҳақлик қилмасдан яшашларини, ҳатто Ўзининг Ҳаққидан ҳам, яъни, барча Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишидан ҳам аввалги ўринга қўяди. Бошқача айтганда, қаерда ижтимоий адолат барқарор бўлса, Ўша жойда ободончилик, ўсиш, тараққиёт бўлиши Оллоҳ таолонинг Қонунидир. Энди ўша жамиятда яшайдиган инсонлар Ёлғиз Оллоҳга ибодат қиладиган иймонли кишилар бўлса, демак, уларнинг ҳам дунёлари, ҳам Охиратлари обод бўлади. Агар динсиз, мушрик бўлишса, у ҳолда фақат дунёлари обод бўлади-ю, Охират диёрига борганларида ашаддий азобга гирифтор бўладилар. Аммо иш бунинг акси бўладиган бўлса, яъни, қай бир жамиятда зулм-ҳақсизлик ўрнашган, фитна-фасод ёйилган бўлса, ўша жамият хароб бўлишга маҳкумдир ва эртами-кечми қирилиб йўқ бўлиб кетиши аниқдир.
Олис ва яқин ўтмишда Оллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлиб қири-либ кетган қавмлар бунинг тарихий мисолларидир.

118-119. Агар Парвардигорингиз хоҳлаганида, (барча) одамларни бир миллат (яъни, бир динга эргашувчи) қилган бўлур эди. (Лекин У Зот бундай бўлишини истамади. Шунинг учун) улар (одамлар) мудом ихтилоф қилурлар, магар Парвардигорингиз раҳм қилган кишиларгина (Ҳақ Йўлда иттифоқ бўлиб яшарлар). Уларни шунинг учун (яъни, бировлари Ҳақ Йўлда ҳидоят топишлари, бошқалари ноҳақ йўлларда талашиб-тортишиб юришлари учун) яратгандир. Парвардигорингизнинг Мен жаҳаннамни барча (кофир) жин ва (кофир) одамлар билан тўлдирурман», деган Сўзи тўла - ҳақ бўлди.
Яъни, агар Оллоҳ таоло хоҳлаганида эди, барча инсонларни бир Ислом уммати қилиб қўйган бўлар ва улар ўз ихтиёрлари билан фақат Ислом Динини танлаган бўлар эдилар. У ҳолда одамлар ўртасида ҳеч қандай диний низолар ҳам бўлмас эди. Лекин Оллоҳ таолога ҳамма одамлар ҳам Унинг Раҳматига лойиқ эмасликлари аниқ маълум бўлгани сабабли барчани Ҳақ Динига ҳидоят қилмади. Шунинг учун одамлар тинмай ихтилоф қиладилар, турли-туман динларга бўлинадилар. Бир тоифа одамлар Оллоҳ таолонинг Марҳамати билан У Зот юборган элчиларга иймон келтириб, Ҳақ Йўлга юрсалар, бошқалари улар билан тинмасдан талашиб-тортишиб, охир-оқибат дўзах азобига гирифтор бўладилар. Оллоҳ таоло одамларни шунингучун, яъни, айримлари Оллоҳнинг Раҳматига эришиб, дунё ва Охиратда бахтли-саодатли бўлишлари учун, айримлари эса, Ҳақ Йўлга юрмай умр бўйи талашиб-тортишиб, оқибатда дўзахи бўлишлари учун яратгандир. Шундай қилиб, Ҳақ таолонинг: “Мен жаҳаннамни барча (кофир) жин ва (кофир) одамлар билан тўлдирурман”, деган Сўзи тўла қарор топди.
Ашҳаб айтади: “Мен Молик бин Анас раҳимаҳуллоҳдан ушбу оят мазмуни ҳақида сўраганимда у: “Оллоҳ таоло одамларни улардан бир гуруҳи жаннатда, бир гуруҳи дўзахда бўлиши учун яратгани ҳақида хабар берди”, деди”.
Имом Бағавий ўз тафсирида: “Оятдан ҳосил бўлган маъно шуки, залолатдаги одамлар ихтилоф қилгувчидирлар, Ҳақ Йўлдаги кишилар эса иттифоқда бўлурлар. Бас, Оллоҳ таоло аҳли ҳақни иттифоқ учун, аҳли ботилни эса ихтилоф учун яратди”, деди.
Сажда сурасидаги мана бу оят ҳам ушбу оят мазмунини таъкидлайди: “Агар Биз хоҳласак, албатта, ҳар бир жонга ўз ҳидоятини ато этган бўлур эдик, лекин Мен томондан бу Сўз ҳақ-собит бўлгандир: «Мен жаҳаннамни (кофир) жин ва одамларнинг барчаси билан тўлдирурман». (Сажда сураси, 13-оят).
Ушбу оятда Оллоҳ таоло ҳеч кимни мажбуран ҳидоятга бошламаслиги, балки инсу жинни ўз ихтиёрларига қўйиб қўйилиб, сўнгра Оллоҳнинг Динига итоат этишдан бўйин товлаган кимсалар жаҳаннамга дучор қилинишлари аниқ эканлиги уқтирилади.
“Саҳиҳайн”да Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Жаннат билан дўзах шикоят қилдилар. Жаннат: “Нега менга фақат заиф ва бечора одамлар кирадилар”, деса, дўзах: “Нега мени мутакаббир ва золимлар эгаллаб олганлар”, деди, шунда Оллоҳ азза ва жалла жаннатга: “Сен Менинг Раҳматимсан, Ўзим хоҳлаган одамларни сенга киритиш билан Раҳматимга олурман”, деди. Дўзахга эса: “Сен Менинг азобимсан,Ўзим хоҳлаган кимсалардан сен билан интиқом олурман ва ҳар иккингиз ҳам албатта тўлурсизлар”, деди. Сўнгра айтди: “Жаннатда ҳар доим Оллоҳ таоло жаннат учун энди яратадиган инсонларга аталган ортиқча жой бўлур ва улар ўша ортиқча жойга жойлашурлар, дўзах эса, ҳар доим: “Яна кўшимча борми?” деб турур, то қачонки Қудрат Эгаси унинг оғзига Ўз қадамини қўйганидагина у: “Қудратингга қасам, бўлди-бўлди”, деб қолур”.
“У Кунда Биз жаҳаннамга: «Тўлиб битдингми?», дермиз, у эса: «Яна қўшимча борми?», дер.” (Қоф сураси, 30-оят).

120. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сизга элчи-пайғамбарларнинг хабарларидан дилингизни мустаҳкам қиладиган қиссаларни сўйлаб берурмиз. Бу қиссаларда Сизга Ҳақиқат ҳамда барча мўминлар учун панд-насиҳат ва эслатмалар келди.
Демак, Қурони Азимда зикр қилинган қиссалар, илгари ўтган пайғамбарларнинг қавмлари ҳақидаги хабарлар жуда катта тарбиявий аҳа-миятга эга бўлиб, Ҳақ таолонинг аввалги элчилари бошига тушган қийин-чилик-машаққатлар, уларга жоҳил қавмлари томонидан кўрсатилган қаршиликлар, берилган трули озор-азийятлар зикр қилинишидан мақсад, Унинг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга у зот мушриклар бераётган озор-адоватлардан изтиробга тушган пайтларида таскин-тасаллий бериш, зиммаларидаги ўта оғир вазифани бекаму-кўст адо этишлари учун ўзларига ишонч, кўнгилларига сабр-тоқат ва куч-қувват ато этиш экан. Дарҳақиқат, жаҳолат ботқоғига томоқларигача ботиб қолган одамларни куфрдан тозаланишга чақиришда, ота-боболаридан бошлаб қон-қонларига сингиб кетган ширк ва динсизликдан кечишга ва Оллоҳ таоло буюрган Ҳақ Йўлга юришга даъват қилишда - Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз зиммаларида бўлган бу буюк ва ўта оғир вазифани буюрилганидек адо этишларида мазкур пайғамбарларнинг қиссалари у зотга маънавий кўмак бўлар, Оллоҳ таоло ҳар доим, ҳар қандай шароитда Ўз элчиларига ғалаба ато этгани ҳақидаги оятлардан хабардор бўлиб, ишончларига яна ишонч қўшилар эди.
Энг муҳими, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга сўйланган мазкур қиссалар одамлар томонидан ўйлаб топилган ёки ростга ёлғонни қўшиб-чатиб ёзилган афсоналар бўлмасдан, Ҳақ таоло тарафидан айтилган Ҳақиқатдир.
Бундан ташқари, ушбу қиссалар барча мўминлар учун Тўғри Йўлни кўрсатиб турадиган ибратли панд-насиҳат ва уларни Оллоҳ таоло кофирларга қандай балолар юборишидан огоҳлантириб турадиган Илоҳий Эслатмадир.

121-122. Иймон келтирмайдиган кимсаларга айтинг: “Сизлар жойларингиздан жилмай, (билган) амалларингизни қилаверингиз, биз ҳам ўз амалимизни қилгув-чимиз ҳамда (қилаётган ишларингизнинг оқибатини) кутаверингиз, биз ҳам кутгувчидирмиз».
Ушбу оятларда ҳам Ҳақ таоло Ўз Элчисига хитоб қилиб, У Зот келтирган Каломуллоҳ оятларига иймон келтирмайдиган кофир кимсаларга гўё шундай дейишни буюради: “Эй мушриклар, сизларга менинг сўзларим кор қилмади, Оллоҳ таолонинг оятларига ишонмадингизлар, энди сизларга сўз ҳайф, бас, энди ўз йўлларингиздан қолмай, билган ишларингизни қилаверинглар, менинг ҳақимда ҳам кўлларингиздан келган ёмонликликларингизни қилинглар, бизлар ҳам ўз йўлимизда - Оллоҳ таоло буюрган Йўлда амалларимизни қилаверамиз, кучимиз етганича Ҳақ Динга даъват қилишни давом эттираверамиз. Энди сизлар ҳам ўзларин-гиз кўз тутаётган нарсани - Дини Ислом маҳв бўлиб кетишини, Оллоҳнинг элчиси қатл қилинишини, мусулмонлар мағлуб бўлишларини кутаверинглар, бизлар ҳам Парвардигор-имизнинг Ҳақ Ваъдасини, биз мусулмонларга ҳар икки дунёда нажот ва нусрат - ғалаба ато этишини, душманларимизни мағлуб этишини кутгувчидирмиз”. (“Тафсири мунийр”дан).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ушбу оятни: “Сизлар ўз ҳало-катларингизни кутаверинглар, биз ҳам сизларнинг азобга гирифтор бўлишларингизни кутгувчидирмиз”, деб тафсир қилган.
Ушбу оятлар кофирларга ва иймон келтиришни, тавба қилишни кетга суриб юрган кимсаларга Ҳақ таоло тарафидан таҳдид ва қаттиқ огоҳлантиришдир. Бундай ғофил кимсаларни Жаноби Ҳақ бошқа бир оятида бу тарзда огоҳлантирган: “Энди қачонки улар Бизнинг азобимизни кўришгач, «Якка-ю Ягона Оллоҳга иймон келтирдик ва (илгари Оллоҳга) шерик қилиб олганимиз бутларга кофир бўлдик», дедилар. (Лекин) Бизнинг азобимизни кўрган вақтдаги иймонлари уларга фойда бергувчи бўлмади - (Бу) Оллоҳнинг (барча) бандалари ҳақидаги ўтган Йўли - қонунидир (яъни, азоб тушган вақтида келтирилган иймоннинг фойдаси бўлмас) - Ва ўшанда кофирлар зиёнкор бўлдилар”. (Ғофир сураси, 84-85-оятлар).

123. Осмонлар ва Ернинг сирлари Ёлғиз Оллоҳникидир ва барча ишлар Унинг Ўзига қайтарилур. Бас, Унга ибодат қилинг ва Ўзига суянинг! Парвардигорингиз сизлар қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир.
Яъни, осмонлар ва Ердаги, бутун борлиқдаги бандалар билмайдиган, уларнинг онг ва шуурларидан махфий бўлган барча сир-асрорларни билиш Ёлғиз Оллохда хосдир - У барча ошкора ва яширин нарсаларни билур, бас, сизларнинг қилган амалларингиз қандай қилиб Унга маълум бўлмай қолиши мумкин? Бундай бўлиши асло мумкин эмасдир. Албатта, барча ишлар Унинг Ўзига қайтарилур.
Албатта, Қиёмат Кунида ҳаёти дунёда бўлиб ўтган барча иш-амаллар, воқеа-ҳодисалар Ёлғиз Унга қайтарилиб, У Зот ҳар бир иш хусусида Ўзи-нинг Адолатли Ҳукмини чиқарур - яхши ишларга жаннат мукофотини, ёмон ишларга дўзах азобини берур.
Жумладан, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сизнинг ишингиз ҳам, Сизга иймон келтирмаган кимсаларнинг иши ҳам Унинг Ўзига қайтарилур ва У Зот Сизга улардан интиқом олиб берур. Бас, Сиз Ёлғиз Унга ибодат қилинг, иймонда устивор бўлинг ва Унинг Ўзига таваккул қилиб, барча ишларингизни Унга топширинг! Зотан, Унинг Ўзи Сизга Кифоя қилгувчидир, ёмонларнинг ёмонликларидан Сизни Сақловчидир. Сизнинг вазифангиз фақат ўзингизга ваҳий қилинган Қуръон оятларини инсонларга етказишдир.
Ояти каримада аввал ибодатга, сўнгра таваккулга буюрилишидан маълум бўладики, Оллоҳ таолога ибодат қилмасдан туриб Унга таваккул қилишнинг фойдаси бўлмаслиги мумкин.
Чунки Ҳақ таоло аввал ўзингга буюрилган ишни қилгин, ибодатда бардавом бўлгин, одамларни Ҳақ Йўлга даъват қилгин ва мана шу амалларни адо қилишда иймонсиз кимсаларнинг бирон зиён етказишидан мутлақо қўрқмасдан Ёлғиз Оллоҳга таваккул қилгин, деб буюрмоқда.
“Парвардигорингиз сизлар қилаётган амалларингиздан ғофил эмасдир”.
Яъни, Оллоҳ таоло бандаларининг барча аҳволларидан - сўзларидан ҳам, амалларидан ҳам Хабардор бўлган Зотдир.
Бас, У ҳар бир кишини қилган амалига яраша мукофотлайди - жазолайди, катта-ю кичик ҳар бир иш-амал учун Қиёмат Кунида ҳисоб-китоб сўрайди. Оллоҳ таоло барчамизнинг ўша Кундаги ҳисоб-китобимизни осон қилгай!
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг инояти билан Ҳуд сурасининг тафсири ниҳоясига етди.

012. Юсуф сураси

Бир юз ўн бир оятдан иборат бу сура Маккада нозил бўлган ва пайғамбарлар ҳаётидан ҳикоя қилувчи суралардан биридир. Унда асосан Оллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Юсуф ибн Яъкуб алайҳимас-саломнинг ҳаёти зикр қилиниб, у зотнинг бошига тушган балолар, оға-инилари ва бегоналардан кўрган кулфатлари - чоҳга ташланганлари; туҳматга йўлиққанлари; зиндонбанд бўлганлари... ҳақида ва бундай оғир кўргиликларга сабр-тоқат қилиши натижасида охир-оқибат зиндон азобидан халос қилиниб, бутун Миср заминининг мулку хазинасига эга бўлгани хусусида сўз боради.
Бу сура Ҳуд сурасидан кейин, Муҳаммад алайҳис-салом ҳаётларининг энг оғир кунларида - яқинлари Ҳадича ва Абу Толибдан ажраган, мушриклар томонидан озор-азийятлар чекиб қийналиб юрган кезларида нозил бўлгандир. Гўё Оллоҳ таоло Ўзининг суюкли пайғамбарига ва қолаверса, у зотнинг барча умматларига агар бошларига тушган бало-ю кулфатларга ва диёнатсиз кимсаларнинг зулму зўравонликларига сабр-қаноат қилиб ўзларининг Ҳақ Йўлидаги курашларидан толмай, Оллохдинг Динидан қолмай собитқадам бўлсалар, албатта Парвардигори олам уларни зулматлардан ва тору тангликдан халос қилиб, нурли, бахт-саодатли кунларга етказажагини уқтираётгандек. Бу суранинг назму услубида ўзгача латофат, айрича жозиба мавжудки, Ислом оламидаги энг буюк қалам аҳллари ундан мутаассир бўлиб, шеъру достонлар битганлар, уламолар эса, бу сура хусусида жилд-жилд китоблар тасниф этганлар. Шундай асарлардан бирида: «Юсуф сураси жаннат аҳллари жаннатда ҳам роҳат билан тиловат қилиб юрадиган суралардандир», дейилган бўлса, яна бирида: «Ҳар қандай ғам-ташвишга ботган маҳзун киши Юсуф сурасини эшитиши билан ором-осойиш топур», дейилади.
Ривоят қилинишича, ушбу сура Макка мушрикларидан айримлари яхудлар билан учрашиб, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва саллам ҳақларида сўзлашганларида улар маккаликларга: “Муҳаммаддан Яъқуб авлодлари нима сабабдан Шом мамлакатидан Мисрга кўчганлари ва Юсуф қиссаси ҳақида сўранглар-чи, нима дея оларкин?”, деганларида нозил бўлгандир.
Байҳақий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича эса, яҳудлардан бир тоифаси Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сурани тиловат қилаётганларини эшитиб, унинг Тавротда зикр қилинган Юсуф қиссасига мувофиқ эканини, ҳатто бу қиссада Тавротда баён қилинмаган айрим тафсилотлар ҳам бор эканини кўришиб, Дини Исломни қабул қилган эканлар.

Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан

1. Алиф, Лом, Ро. Ушбу (оятлар) Китоби Мубийн оятларидир.
Қуръони Каримда бир неча суралар мана шундай ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланади. Бу ҳарфларга аксари муфассир уламолар бирон тафсир айтмайдилар, балки уларнинг маъноси Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзигагина аён, бу Оллоҳ таоло Ўзи биладиган сир, дейдилар.
Ушбу ҳарфлар хусусида Бақара сурасининг илк ояти тафсирида баён қилинди.
Аммо уламолар орасида ушбу ҳарфларга маъно айтганлари ҳам бор.
Масалан, “Жомиул-баён, “Маолимут-танзил” ва бошқа тафсирларда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, “Алиф, Лом, Ро”нинг маъноси: “Аналлоҳу аро”, яъни, “Мен - Оллоҳ Кўриб тургувчиман”, деганидир.
Заҳҳокдан ҳам шундай тафсир ривоят қилинди.
Саид ибн Жубайр эса: “Суралар аввалида келадиган: “Алиф, Лом, Ро” ва “Ҳо, Мим”, ҳамда “Нун” ҳарфлари бирлашган ҳолда Оллоҳ таолонинг “Ар-Раҳмон” деган Сифатига далолат қилади”, дейди. Дарвоқеъ, Ҳақ таолонинг биз “Меҳрибон” деб маъно айтадиган “Ар-Раҳмон” сифати Алиф, Лом, Ро, Ҳо, Мим ва Нун ҳарфларидан иборатдир.
“Ушбу (оятлар) Китоби Мубийн оятларидир”.
Бу жумладаги Китоби Мубийндан мурод Қуръони Мубийндир. Чунки бошқа бир сура аввалида Қуръон мубийн сифати билан келгандир: “Алиф, Лом, Ро. Ушбу (оятлар) Китобнинг - Куръони Мубийннинг оятларидир”. (Ҳижр сураси, 1-оят).
Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилган Китобини Китоби Мубийн - очиқ-равшан Китоб деб сифатлашига сабаб, ушбу Китобни иймон ва ихлос билан тиловат қилган ва унинг оятларини англаб билган инсонга икки олам сирлари очилади, Ҳақ таолонинг Ҳақ Йўли аниқ-равшан кўринади, яхшилик нима-ю, ёмонлик нима, қай бир иш савоб-у, қай бир иш гуноҳ, нима ҳалол-у, нима ҳаром - барчаси аён бўлади.
Қолаверса, дунё ва Охират, Ер-у осмонлар ҳамда улардаги бор жонли-жонсиз махлуқот ҳақида, ўтмиш ва келажак ҳақида ҳеч бир китоб Қуръони Мубийн каби аниқ-равшан баён қилиб бера олмагани ҳам ушбу Китобнинг барча нарсани Билгувчи Зот томонидан нозил бўлганига ва ягона очиқ-равшан Китоб эканига далолат қилади.

2. Дарҳақиқат, Биз уни сизлар ақлларингизни юргизишингиз (маъноларини англашингиз) учун арабий Куръон ҳолида нозил қилдик.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг очиқ-равшан Китоби бўлмиш Қуръони Каримни Ер юзига одамлар ақл юритиб, англаб, амал қилишла-ри учун араб тилидаги Қуръон ҳолида нозил қилганини таъкидлаш билан Расулуллоҳ соллоллоху алайхд ва салламнинг она тиллари бўлмиш араб тилини шарафлайди, шунингдек, бу тил фасоҳат ва балоғатда тенгсиз эканига, жамийки тиллар ичида энг бой, оз сўз билан кўп маънони ифодалашга қодир, бошқача айтганда, Каломуллоҳни инсонлар онгига етказиш учун энг муносиб бир тил эканига ишора қилади. Зотан, Ҳақ таолонинг Ер юзига туширган сўнгги ва ҳеч қачон ўзгармайдиган Каломи учун ана ўша буюк тил танланиши албатта бежиз эмасдир. Аллома Ибн Касир ўзининг “Қуръони Азим тафсири”да бундай дейди: “Араб тили ҳар жабҳада бошқа тиллардан афзал ва мукаммал тил бўлгани учун ҳам Илоҳий Китобларнинг энг улуғи бўлмиш Қуръони Карим мана шу энг улуғ тилда энг улуғ Элчига энг улуғ фаришта орқали нозил қилинди ва бу иш Ер юзидаги энг улуғ шаҳарда ойларнинг энг улуғи бўлган Рамазони шарифда бошландики, бу фазилатларнинг барчаси Куръон тенги ва ўхшаши йўқ бирдан-бир мукаммал Калом эканига далолат қилади”.
Айрим уламолар: “Ояти каримада Оллоҳтаоло Юсуф алайҳис-саломнинг қиссаси зикр қилинган сурани арабий Қуръон ҳолида нозил қилгани ҳақида хабар бермоқда, чунки ушбу сура баъзи бир яхудийлар Маккалик арабларга: “Муҳаммаддан сўранглар-чи, Яъқубнинг авлодлари нима учун Шомдан Мисрга келиб қолган эканлар? Яна у Юсуф ҳақида нималарни билар экан?” деганларида уларга жавобан нозил бўлган. Сурайи каримада Жаноби Ҳақ Юсуф қиссасини арабий Қуръон ҳолида нозил қилганини айтади ва пайғамбар алайҳис-салом уларга ушбу гўзал қиссани ўқиб берадилар. Қуръондаги бу қисса Тавротда зикр қилинган Юсуф қиссасига тамоман муовфиқ эканини, ҳатто унда хат-саводи бўлмаган, демак, бирон китоб кўрмаган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Маккада, яҳудийлар юртидан жуда олис бир жойда туриб уларга узоқўтмишда бўлган тарихлари ҳақида бу қадар аниқ ва мукаммал хабар беришлари баайни Ийсо алайҳис-саломнинг ўлган кимсани силаб тирилтиргани каби бир мўъжиза эди”, дейдилар.
Оятдаги “арабий” калимасининг бир маъноси “соф араб тилида”, дегани бўлса, иккинчи маъноси, “аён, тушунилиши осон тилда”, деган мазмунни ҳам англатади. Шу маънода “арабий Қуръон” ибораси “очиқ-равшан Қуръон”, дегани бўлиб, юқоридаги оятда зикр қилинган “Китоби Мубийн - очиқ-равшан Китоб” иборасининг ўзига хос таъкидидир.

3. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сизга ушбу Куръон (сураси)ни ваҳий қилиш билан қиссаларнинг энг гўзалини сўйлаб берурмиз. Ҳолбуки, у (Қуръон нозил бўлиши)дан илгари, Сиз (бу қиссадан) бехабар кишилардан (бири) эдингиз!
Ояти карима нозил қилинишининг сабаби ҳақида Саъд ибн Абу Ваққос розияллоху анху айтади: “Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайхм ва салламга Қуръон нозил бўла бошлагач, у зот одамларга бир муддат ушбу Китоб оятларини тиловат қилиб берганларида, айрим кишилар: “Ё Расулуллоҳ, Сиз бизга ўз сўзларингиздан ҳам айтсангиз эди”, дейишган эди, Оллоҳ азза ва жалла: “Оллоҳ энг гўзал Сўзни (оятлари фасоҳат ва балоғатда) бир-бирига ўхшаган, (ичидаги хукмлари) такрор-такрор келгувчи бир Китоб - Куръон қилиб нозил қилдики, (ундаги Оллоҳнинг азоби ҳақидаги оятларни тиловат қилганларида) Парвардигорларидан қўрқадиган зотларнинг терилари - баданлари титраб кетар, сўнгра терилари - баданлари ҳам, диллари ҳам Оллоҳнинг зикрига юмшар - мойил бўлур. Мана шу (Китоб) Оллоҳнинг Ҳидоятидирки, унга Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. Ва кимни Оллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирон ҳидоят қилгувчи бўлмас.” (Зумар сураси 23-ояти), оятини нозил қилди. Сўнгулар: “Ё Расулуллоҳ, Сиз бизга қиссалар сўйлаб берсангиз эди”, дейишган эди, Оллоҳ азза ва жалла ушбу: “(Эй Муҳаммад алайхи-салом), Биз Сизга ушбу Куръон (сураси)ни ваҳий қилиш билан қиссаларнинг энг гўзалини сўйлаб берурмиз. Ҳолбуки, у (Қуръон но-зил бўлиши)дан илгари, Сиз (бу қиссадан) бехабар кишилардан (бири) эдингиз!” оятини нозил қилди. Сўнг улар: “Ё Расулуллоҳ, Сиз бизга зикр қилиб берганингизда эди”, дейишган эди, Оллоҳ азза ва жалла: “Иймон келтирган зотлар учун Оллоҳнинг зикри сабабли ва нозил бўлган Ҳақ - Куръон (тиловат қилиниши) сабабли қалблари эриб, қўрқиш (вақти)авротда бўлмаган айрим тафсилотлар ҳам бор эканини кўрган яҳудийлар ҳайратга тушадилар. Чунки келмадими?! (Шунингдек, улар учун) илгари Китоб ато этилган, сўнг (улар билан Пайғамбарлари ўртасидаги) муддат узайгач, диллари қотиб кетган кимсалар (яъни, яҳудий ва насронийлар) каби бўлиб қолмаслик (вақти келмадими)?! Улардан (яхудий ва насронийлардан) кўплари фосиқ-итоатсиздирлар!” (Ҳадид сураси, 16-оят). оятини нозил қилди.
Ушбу ояти каримада мўминларнинг сифати бўлиши керак бўлган икки фазилат ҳақида сўз боради: Оллоҳтаолонинг номи зикр қилинганида ва Қуръон тиловат қилинганида, ҳақиқий мўминнинг дили эрийди, қалби қўрқувга тушади ва кўзларига ёш келади. Тошбағирлик ва Оллоҳнинг Амрига итоатсизлик эса аҳли Китобларнинг - кофирларнинг хулқларидандир. Улуғ саҳобалардан Абу Бакр Сиддиқ (Оллоҳ у кишидан рози бўлсин), Ямома қабиласидан келган ва янги Исломни қабул қилган бир жамоат билан ўтирганларида юқоридаги оят тиловат қилинган эди, ўтирганлар қаттиқ йиғлаб юбордилар. Шунда Абу Бакр: «Бизлар ҳам худди шундай эдик...”, дедилар”. (“Тафсири Бағавий”дан).
Дарҳақиқат, энг гўзал Сўз - Оллоҳ таоло нозил қилган Қуръони Мубийндир, энг гўзал қисса - Ўша Қуръонда Оллоҳ азза ва жалла сўйлаб берган барча қиссалар, хусусан, улар орасидаги Юсуф алайҳис-салом қиссасидир, энг гўзал Зикр - Оллоҳ субҳонаҳу ва таолони зикр қилмоқдир.
Уламолар ушбу сурайи карима Оллоҳ таоло томонидан энг гўзал қисса деб аталганининг сабаби ҳақида турли таъвийллар қилганлар.
Улардан айримлари: “Қуръондаги бошқа бирон қисса ушбу қисса каби кўп ибрат ва ҳикматларни қамраб олмаган. Шунинг учун ҳам Ҳақ таоло сура ниҳоясида: “Дарҳақиқат, уларнинг (яъни, Юсуф ва биродарлари-нинг) қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир”, (111-оят), деб таъкидлади”, дейдилар.
Айримлари эса: “Юсуф сураси энг гўзал қисса деб аталишига сабаб, Юсуф алайҳис-саломнинг ўз оға-инилари томонидан етган чидаб бўл-майдиган озор-азийятларга жуда чиройли сабр қилгани ва ўзини шунча азоб-уқубатларга гирифтор қилган оғаларини: “Бу кун сизлар айбланмайсиз. Оллоҳ сизларни мағфират қилгай, У Зот раҳм қилгувчиларнинг Раҳмлироғидир”, (92-оят), деб жуда чиройли кечириб юборганидир”, дейдилар.
Яна айтилдики: “Юсуф сурасининг энг гўзал қисса деб аталишига сабаб, ушбу сурада пайғамбарлар, солиҳ инсонлар, малоикалар, инсу жин, парранда-ю дарранда, подшоҳлар ва фуқаролар, савдогарлар, уламолар ва авом кишилар, аёллар ва уларнинг макр-ҳийлалари зикр қилингани каби, тавҳид, фиқҳ, сийрат, тушлар таъбири, сиёсат, тирикчилик тадбирлари ва дин-у дунёни ўнглайдиган жамийки фойдали кўрсатмалар жуда чиройли тарзда баён қилингандир”.
Шунингдек, айрим аҳли маоний - донишманд зотлар: “Ушбу сурада зикр қилинган кишиларнинг барчаси - Юсуф, унинг отаси ва биродарлари ҳам, Миср подшоҳи ва унинг аёли ҳам, Юсуф алайҳис-салом билаи зиндонда бирга бўлган ва ундан кўрган тушининг табирини сўраган киши ҳам - барчаларининг оқибатлари хайрли бўлиб, охир-оқибат саодатли кишиларга айланиб мурод-мақсадларига эришганлари учун ҳам Юсуф сураси энг гўзал қисса деб аталди”, дейдилар. (“Тафсири Куртубийдан”).
Мазкур тафсирларнинг барчаси бир-бирини тўлдириб, биз ўқувчилар ушбу гўзал Илохдй қиссани жон қулоғимиз билан тинглаб, ундаги панд-насихатларни англаб, дунё ва Охиратимизда асқотадиган ибратлар олишимизга сабаб бўлса ажаб эмас, иншооллоҳ.

4. Эсланг, Юсуф отасига деган эди: «Эй отажон, мен (тушимда) ўн бир юлдузни, яна қуёш ва ойни кўрибман. Улар менга сажда қилишаётган эмиш».
Ушбу ояти карима билан Ҳақ таоло Ўзининг севикли бандаси ва сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга ваъда қилган энг гўзал қиссани - Юсуф алайхис-салом қиссасини бошлайди.
Бу гўзал қисса Одам алайх.ис-саломнинг то Қиёмат дунёга келадиган авлод-зурриёти ичидаги беқиёс гўзал сурат, покиза хилқат, тоза табиат ва тоғдек сабр-тоқат соҳиби бўлган солиҳ банда Юсуф алайҳис-саломнинг кўрган-кечирган ибратли ҳаёти ҳақида сўзловчи Илохдй қиссадир.
Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоху анхумодан ривоят қил-ган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам Юсуф алайхис-саломни: “Ал-Карим ибнул-Карим ибнил-Карим ибнил-Карим - Юсуф ибну Яъқуб ибни Исҳоқ ибни Иброхдии”, яъни, “Иброхимнинг ўғли Исҳоқнинг ўғли Яъқубнинг ўғли бўлмиш Юсуф - улуғ зотнинг ўғли улуғ зотнинг ўғли улуғ зотнинг ўғли бўлмиш улуғ зотдир”, деб шараф-лаб, унинг ота-боболари ҳам, ўзи ҳам улуғ наслу насаб сохиблари, Оллоҳ таоло пайғамбарлик учун танлаган инсонлар эканликларини айтдилар.
Уламолар Юсуф исмининг луғавий маъносига ҳам эътибор қаратганлар. Абул-Ҳасан Ақтаъ ҳакимдан сўралганида, у: “Юсуф сўзи асаф ва асиф сўзларидан олинган. Асаф луғатда ғам-андуҳ маъносидадир, асиф эса кўп ғам-аламларга мубтало бўлган банда деган маънода келади. Юсуф алайҳиссалом ҳаётида ҳар икки маъно мужассам бўлгани сабабли у Юсуф деб номлангандир”, деб жавоб берган. (“Тафсири Куртубий’’дан).
Юсуф алайҳис-салом қиссаси у кўрган ажиб бир туш билан бошлана-ди. “Ўшанда Юсуф ўн икки ёшда эди. Барча муфассирлар: “Юсуф тушида кўрган қуёш билан ой унинг ота-онаси, ўн бир юлдуз эса оға-инилари эди”, деб таъбир қилганлар. Дарвоқеъ, унинг ота бир, она бошқа ўн оғаси ва ота ҳам, она ҳам бир Бинямин исмли укаси бор эди. Тушда кўрилган қуёш, ой ва юлдузларнинг, яъни, ота-она ва оға-иниларнинг Юсуфга сажда қилишлари ибодат саждаси эмас, таъзим - улуғлаш маъносидаги сажда эди. Маълумки, пайғамбарларнинг кўрган тушлари ҳам Оллоҳ таоло юборган ваҳийнинг бир тури бўлиб, ўнгидан келиши аниқдир. Аммо Юсуф алайҳис-саломнинг кўрган бу туши ўнгга айланишига ҳали қирқ сана бор эди. Шунинг учун ҳам Яъқуб алайҳис-салом Юсуфнинг кўрган туши Оллоҳ таоло унга улуғ мартаба ва икки дунё саодатини ато этиши ҳақидаги Илоҳий мужда эканини фаҳмлаб, оға-инилари бу тушдан хабардор бўлсалар унга ҳасад қилишларидан қўрқди ва -

5. Деди: «Эй ўғилчам, бу тушингни оға-иниларингга ҳаргиз сўзлай кўрма, токи улар сенга қарши бирон ҳийла қилмасинлар. Чунки шайтон инсон учун очиқ душмандир.
Яъни, Яъқуб алайҳис-салом ҳали бола ёшидаги Юсуфнинг сўзларини эшитиб: “Эй ўғилчам, сен жуда улуғ туш кўрибсан. Бу тушингни менга айтдинг, бошқа ҳеч кимга, ҳатто оғаларингга ҳам айтмагин, чунки ўртада одамзотнинг очиқ душмани бўлган шайтон борлиги аниқдир. Яна у оғаларинг қалбига васваса солиб, улар сенга қарши бирор ёмонлик, суйиқасд қилишиб юрмасин”, деб огоҳлантирди.
Ушбу ояти карима билан Ҳақ таоло биз мўмин бандаларига малъун иблис ҳатто туғишган оға-иниларни ҳам бир-бирларига душман қилиб қўйиши мумкин эканлигини уқтириш баробарида Ўзи энг гўзал қисса деб таърифлаган Юсуф алайҳис-салом ҳаёти тўғрисидаги бу ибратли тарих қай тарзда кечишига ҳам ишора қилади. Бошқача айтганда, Буюк Сўзловчи бир сўз билан онгимизга қиссада рўй берадиган воқеа-ҳодисалар ва Юсуф бошига тушажак Илохий синовлар ҳақидаги илк тасаввурни жойлаб, бизни бўлажак воқеаларни табиий қабул қилишга тайёрлаб қўядики, бундай гўзал услуб Яратгандан ўзганинг кўлидан келмас.
Ояти каримада зикр қилинган туш мавзуси инсон ҳаётининг ажралмас бир бўлаги бўлиб, одам умри давомида кўрадиган нарсаларнинг ярмини ўнгида - хушида кўрса, ярмини тушида кўриши маълумдир. Ҳушимиздаги кунлар турлича бўлгани каби тушимиздаги тунлар ҳам турли-туман, яхши ёки ёмон бўлишини ҳам биламиз.
Дарвоқеъ, Дини Ислом биз мўминларга кўрадиган тушларимиз ва уларга қандай муносабатда бўлишимиз ҳақида ҳам ўз кўрсатмаларини берган: Муфассирлар Юсуф алайхис-салом кўрган рўё - туш ҳақидаги ушбу оятлар тафсирида Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламдан туш ҳақида ворид бўлган айрим ҳадисларни ҳам келтирибдилар: Муслим ва Аҳмад ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мендан кейин башоратлардан солиҳ киши кўрадиган ёки у ҳақда бошқа бировлар кўрадиган рост тушдан ўзга башорат-хушхабар қолмади”, деб марҳамат қилдилар.
Шунингдек, у зоти бобаракот: “Мўминнинг кўрган туши пайғамбарликнинг қирқ олтидан бир улушига баробар”, деб ҳукм қилдилар. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Бухорий Абу Салама розияллоху анхудан ривоят қилди: У айтди: “Мен Абу Қатодадан мана бу сўзларни эшитмагунимча кўрган тушларим мени касал қилар эди. Кейин Абу Қатоданинг шундай деяётганини эшитдим: “Мен ҳам бир тушларни кўрар эдимки, улар мени касал қилиб кўяр эди. To қачонки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан мана бу сўзларни эшитганимдан кейингина ўзимга келдим. У зот айтдилар: “Гўзал - яхши туш Оллохдандир. Бас, қачон бировингиз яхши туш кўрадиган бўлса, уни фақат ўзи яхши кўрадиган одамга айтсин. Агар бировингиз ёмон туш кўрса, у ҳолда кўрган тушининг ёмонлигидан Оллоҳ таоло паноҳ беришини сўраб дуо қилиб, чап тарафига уч бора туфласин ва уни ҳеч кимга айтмасин. Шунда у туш ҳеч қандай зиён етказмайди”.
Абу Қатода айтади: “Ушбу ҳадисни эшитганимдан кейин кўрган ёмон тушларимга парво қилмайдиган бўлдим”.
Муслим Жобир розияллоху анхудан ривоят қилган ҳадисда ҳам Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Қачон бировингиз ёмон туш кўрадиган бўлса, чап тарафига уч бора туфласин, Оллоҳ таолодан шайтоннинг ёмонлигидан паноҳ беришини сўрасин ва бошқа ёнбошига ағдарилиб ётсин”, деб буюрдилар.
Абу Ҳурайра розияллоху анхудан ривоят қилинган хддиси шарифда эса: “Қачон бировингиз ёмон туш кўрса, ўрнидан туриб намоз ўқисин”, дедилар.
Ибн Можжа, Таҳовий ва бошқалар Авф ибн Молик розияллоху анху-дан ривоят қилган сах,иҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоху алайхи ва саллам инсон кўрадиган тушларни уч қисмга бўлиб, шундай дедилар: “Тушлар уч хилдир. Улардан бири, шайтон Одам боласини кўрқитиш учун унинг уйқусида кўрсатадиган алоқ-чалоқ тушлардир, яна бири, киши ўнгида ўйланиб, ташвиш чекиб юрган нарсасини тушида кўришидир, яна бири эса, пайғамбарликнинг қирқ олтидан бирига баробар бўлган тушлардир”.

6. Шунингдек, (яъни, сенга шундай улуғ туш кўришни насиб этгани каби) Парвардигоринг сени (пайғамбарлик учун) танлар ва сенга барча сўзларнинг (яъни, тушларнинг) таъбирини билдирур ҳамда худди илгари аждодларинг Иброҳим ва Исҳоққа комил қилиб бергани каби, сенга ва Яъқубнинг (бошқа) фарзандларига ҳам Ўзининг неъматини комил қилиб берур. Албатта Парвардигоринг Илм ва Ҳикмат Соҳибидир».
Ушбу ояти карима ҳам Яъқуб алайҳис-салом ўғли Юсуфга айтган сўзларининг давомидир. У гўё шундай деди: “Ўғилчам Юсуф, худди Оллоҳ таоло оға-иниларинг орасидан сени танлаб мана шундай улуғ бир тушни кўрсатгани - қуёш, ой, юлдузлар каби буюк сайёраларни сенга сажда қилдириб қўйгани янглиғ, яъни, туш орқали вақти келиб ота-онанг ва оға-иниларингнинг барчаси сенга таъзим ва итоат қилишларини билдиргани янглиғ, Парвардигоринг сени бундан-да баланд мартаба - пайғамбарлик учун танлар, сенга жамийки сўзларни, жумладан, киши уйқусида рўй берадиган воқеа-ҳодисаларни ҳам тўғри таъбир қилиш илмини ато этур. Яна Оллоҳ таоло сенга ҳамда Яъқуб хонадонига Ўз неъматини бекаму кўст қилиб, сенга пайғамбарлик мартабаси билан бирга подшоҳлик мартабасини ҳам ато этур, оға-иниларингни ҳам пайғамбарлик учун танлар. У Зот сенинг улуғ боболаринг Иброҳим алайҳис-салоту вас-саломга ҳам, Исҳоқ алайҳис-саломга ҳам Ўз неъматини худди мана шундай комил қилиб берган. У Иброҳимни Ўзининг халили ва элчиси қилиб танлади, унга оловдан нажот берди, Исҳоқни ҳам пайғамбарлик учун танлади. Албатта Парвардигоринг барча нарсани, жумладан, кимни пайғамбарлик учун танлашни ҳам Билгувчидир - “Оллоҳ Ўзининг элчилигини қаерга қўйишни (яъни, кимга ато этишни) яхшироқ Билгувчидир”. (Анъом сураси, 124-оятдан) - ва У не иш қилса, Ҳикмат билан Қилгувчидир”. (“Ал-Мук,-татаф мин уювнит-тафосир” ва “Тафсири Мунийр” китобларидан).
Яъқуб алайҳис-салом Оллоҳ таоло қалбига солган бу сўзларни ўғли Юсуфга айтиш билан аввало унга келажаги ҳақида мазкур хушхабарларни етказган бўлса, шу билан баробар уни ҳаётида рўй бериши муқаррар бўлган ўта оғир синов-имтиҳонларга тайёрлаб, уларни сабр-тоқат билан босиб ўтишга ўзига хос тарзда тайёрлайди.
Дарҳақиқат, Яъқуб алайхис-саломга ўн икки ёшли болага мана шундай буюк хушхабарларни етказишни буюрган Ҳақ субҳонаҳу ва таоло шак-шубҳасиз Илм ва Ҳикмат Сохибидир.

7. Дарҳақиқат, Юсуф ва унинг оға-инилари (ҳақидаги қисса)да сўрагувчилар учун оят-ибратлар бордир.
Яъни, Оллоҳ таоло Бор ва Бир эканига, Унинг Илм, Ҳикмат ва тенгсиз Қудрат Соҳиби эканига далолат қиладиган оят-аломатлар ҳақида сўрагув-чилар учун ҳам, Унинг пайғамбарларидан бўлган Юсуф алайҳис-салом ҳақида сўраб-суриштирадиган кишилар учун ҳам Юсуф билан биродарлари ўртасида бўлиб ўтган можароларда етарли ибратлар бордир.
Дарҳақиқат, ушбу қиссада сўйланган воқеаларда - Яъқуб алайҳис-саломнинг катта фарзандлари ўзларининг укалари Юсуф оталарига суюкли бўлгани учун унга ҳасад қилишиб, уни хўрлаш, ҳатто ҳалок қи-лиш учун ўзаро тил бириктиришганидан ва унга қарши қўлларидан келган барча ёмонликларни қилишганидан кейин Оллоҳ таоло Юсуфга пайғамбарлик ва подшоҳлик мартабаларини ато этгани, оға-иниларини эса унга бўйинсундириб, қилган ҳасад-адоватларининг зиёни ўзларига етгани ҳақидаги ушбу ғаройиб воқеа-ҳодисаларда Яратганнинг Буюк Қудратига ва Унинг қилган ҳар бир иши Ҳикмат эканлигига далолат қиладиган очиқ оятлар бордир.
Шунингдек, ушбу гўзал қиссада ҳасад-адоватнинг оқибати ёмон бўлиши баён қилинганидан ташқари Юсуф алайҳис-саломнинг кўрган туши рост келгани, у тушларни тўғри таъвил қилгани, нафсини шаҳвоний хоҳишлардан тия олгани, бировнинг омонатига ҳеч қачон хиёнат қилмагани каби гўзал хислатлари ҳақида ҳам сўйланадики, буларнинг ҳар бирида биз бандалар учун ибратлар бордир.

8. Ўшанда улар (Юсуф алайҳис-саломнинг ўгай оғалари) айтган эдилар: «Гарчи биз бутун бир жамоат (яъни, кўпчилик) бўлсак-да, шак-шубҳасиз, Юсуф ва унинг (туғишган) биродари (Бинямин) отамизга биздан кўра суюклироқдир. Дарҳақиқат, отамиз очиқ залолатдадир».
Юсуфнинг оғалари Яқуб алайхис-саломнинг унга ўта меҳрибонлигини кўриб ҳасадлари келганидан ушбу ва қуйидаги оятларда зикр қилинган сўзларини айтдилар. Дарҳақиқат, Яъқуб кенжа фарзандлари Юсуф ва Биняминни ўзгача яхши кўрар эди. Айниқса Юсуфни қўярга жой топа олмас, ҳеч бағридан бўшатмас эди.
Унинг фарзандига бўлган бу қадар фавқулодда муҳаббатини муфассирлар турлича шарҳлаганлар.
Ибн Атийя ўзининг “Ал-Муҳаррарул-важийз” тафсирида айтади: “Яқубнинг Юсуф алайхис-саломга ва Биняминга бўлган муҳаббати уларнинг гўдаклиги ва оналари вафот қилиб кетгани сабабли эди. Бу - гўдакни суйиш инсоний табиат эканлигидандир. Ҳасаннинг қизидан: “Болаларингдан қай бири сенга суюклироқ”, деб сўралганида у аёл: “Катта бўлгунича гўдаги суюклироқ, қайтиб келгунича мусофири суюклироқ, тузалгунича бемори суюклироқ”, деб жавоб беради”. (“Маъолимут-танзил ” тафсиридан).
“Танвирул-азҳон”да эса, ояти карима тафсирида орифлардан бирининг ушбу сўзлари келтирилади: “Яъкуб алайҳис-салом Юсуф унга ўн бир юлдуз, қуёш ва ойни ўзига сажда қилаётганларини туш кўрганини сўзлаб берганидан кейин бу суюкли фарзандига жуда маҳкам боғланиб қолди. У Юсуфнинг пайғамбарликда ота-боболарига ворис бўладиган бола эканини англаб, унга шундай меҳр-муҳаббат қўйдики, бирон соат усиз тура олмайдиган бўлди. Бас, бу ҳолни кўрган бошқа фарзандларининг ҳасадлари келиб нима қилиб бўлса ҳам Юсуфдан қутулиш чораларини излай бошладилар”.
Отанинг айрича муҳаббати туфайли оғалари Юсуфни ёмон кўриб қолишлари унинг бошига тушган оғир синовлардан биринчиси эди. Шунингдек, бу муҳаббат Яқуб алайҳис-салом учун ҳам бир Илоҳий синов бўлиб, Ҳақ таоло уни маълум муддат кўзининг оқу қораси бўлган суюкли фарзандидан ажратиб қўйиш билан имтиҳон қилган эди.
Ўшанда Юсуф ва Биняминнинг ота бир, она бошқа оғалари ўзларича муҳокама қилишиб: “Отамиз бизларни - унга ёрдам берадиган, оғирини қўлидан оладиган кучли, кувватли ўн фарзандини қўйиб, қўлидан ҳеч иш келмайдиган икки гўдакни кўпроқ яҳши кўриш билан катта хато қилди”, дедилар ва улардан бири туриб деди:

9. “Юсуфни ё ўлдиринглар ёки бирон ерга олиб бориб ташланглар, (шундагина) оталарингиз бутунлай сизларга боқар. Кейин эса (тавба-тазарруъ қилиб) яхши қавм бўлиб олурсизлар”.
Биродаркушликка чақирган бу сўзларни оға-инилардан Шамъун исмли кимса айтди, қолганлари ҳам шу суйиқасдга рози бўлдилар. Шамъун шундай деди: “Юсуфдан қутулишнинг бирдан-бир йўли уни ўлдириб юбориш ёки ҳеч қачон қайтиб кела олмайдиган олис ерларга олиб бориб ташлашдир. Шунда ундан қутуласизлар, оталарингиз ўзларингизга қолади ва бор меҳр-муҳаббатини сизларга бағишлайди. Юсуфдан қутулганларингиздан кейин эса бу қилмишларингиз учун Оллоҳга тавба-тазарруъ қилиб, яна яхши кишилардан бўлиб оласизлар”.
Ибн Абу Ҳотам ривоят қилишича, Муҳаммад ибн Исҳоқ Яъкуб алайҳис-салом болаларинингўз биродарлари бўлмиш Юсуфга қарши уюштирган суйиқасдлари ҳақида сўзлаб шундай деди: “Улар ҳақиқатан ҳам жуда катта гуноҳга қўл урдилар. Улар қилмоқчи бўлган жиноят қариндош-уруғдан узилиш, отага оқ бўлиш, бегуноҳ гўдакка бениҳоя шафқатсизлик, кекса ёшдаги улуғ мартаба соҳиби бўлган отани севикли фарзандидан жудо қилиш каби бир неча оғир гуноҳларни ўз ичига олар эди. (“Тафсири Мунийр”дан).

10. (Шунда) улардан бир сўзлагувчи деди: “Юсуфни ўлдирманглар, балки агар (ундан қутулиш учун бирон иш) қилмоқчи бўлсангизлар, қудуқ қаърига ташлаб юборинглар, бирон йўловчи карвон олиб кетар”.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, ушбу оятда зикр қилинган сўзларни оға-иниларнинг каттаси бўлган Яҳузо айтди. У укаларининг: “Юсуфни ўлдириш керак”, деганларига қўшилмасдан: “Ўз биродарларингни ўлдирасизларми?! Ахир бу жуда катта гуноҳ-ку?! Агар сизлар менинг сўзимга кирадиган бўлсангизлар, уни катта йўл бўйидаги бирон қудуқнинг қаърига ташлаб юборинглар, ажабмас, тижоратучун кетаётган карвонлардан биронтаси сув олиш мақсадида кудуққа арқон ташлаб ундан Юсуфни тортиб олса ва уни ўзлари билан ўзга юртларга олиб кетса. Шунда ҳам сизлар ўз мақсадларингизга етиб Юсуфдан қутуласизлар, ҳам у ўлмасдан омон қолади”, деб оға-иниларини ноҳақ қотиллик қилишдан қайтаради.
Айрим муфассирлар, жумладан, имом Бағавий ҳам ўз тафсирида: “Юсуф алайҳис-саломнинг оға-инилари кейинчалик ўзларининг қилмишларидан афсус-надоматлар қилиб тавба-тазарруъ қилишгач, Оллоҳ таоло уларнинг гуноҳларини кечириб, уларга ҳам пайғамбарлик ато этган”, дейишади.
Аммо аксари уламолар, масалан, имом Қуртубий, Ибн Касийр ва бош-қалар: “Юсуфнинг оға-инилари аввал ҳам, кейин ҳам пайғамбар бўлган эмаслар, чунки пайғамбарлар ҳеч қачон бировни ўлдиришга қасд қилмайдилар. Балки улар катта гуноҳга қўл уриб, сўнгра ўз қилмишларидан тавба қилган мусулмонлардир”, дейдилар. Уларнинг бу сўзларини “Пайғамбарлар ҳар қандай гуноҳдан маъсум - бегуноҳ кишилар бўладилар”, деган ақийда тасдиқлайди.

11-12. (Улар шундай қарорга келганларидан сўнг, Яъқуб алайҳис-саломнинг олдига келиб) дедилар: “Эй отажон, не сабабдан Юсуфни бизга ишонмайсан? Ахир биз уни, шак-шубҳасиз, самимий (яхши кўрувчи)миз-ку. Уни эртага биз билан (далага) юборгин, ўйнаб-ёзилиб келсин. Албатта биз уни қўриқлаб-муҳофаза қилгувчидирмиз”.
Яъни, Юсуф алайҳис-саломнинг ҳасад ўтида ўртанган ўгай оғалари ўзаро тил бириктириб, оталари Яъқуб алайҳис-саломни энг суюкли фарзандидан жудо қилиш қарорини олганларидан кейин унинг олдига келиб дедилар: “Эй отажон, ахир сен барчамизнинг отамиз, бизлар сенинг фарзандларинг, Юсуф эса укамизку! Бас, шундай экан, нега сен Юсуфни бизга ишонмайсан? Ахир барчамиз уни чин дилдан яхши кўрамизку! Орамизда ҳеч ким уни ёмон кўрмайдику. Шунинг учун сен ҳам бизга ишониб, эртага дала-даштга қўй боқиш учун чиққанимизда уни бизга қўшиб юборгин, укамиз ҳам биз билан бирга ёзилиб, далалардаги мевалардан еб, бир ўйнаб келсин. Албатта, бизларнинг барчамиз унга қўриқчи бўлиб, авайлаб-асраб, соғ-саломат ҳолида ўзингга қайтариб олиб келиб топширамиз”. Мана шундай ёлғон сўзлари билан улар Юсуфни ҳаддан ортиқ яхши кўргувчи, унинг бир нафаслик хурсандлиги учун ҳамма нарсага тайёр бўлган оталари Яъқуб алайҳис-саломнинг ишончига кириб, у Юсуфни улар билан бирга далага юбор-саммикан деб ўйлаб қолди, аммо кўнглига келган хавотирни уларга ошкор қилди.

13. (Яъқуб) деди: «Уни олиб кетишларингиз мени маҳзун қилур. Мен, сизлар ғафлатда қолиб, уни бўри еб кетишидан қўрқурман».
Дарҳақиқат, Яъқуб алайҳис-салом Юсуфга шу қадар меҳр қўйган эдики, ундан бирон лаҳза бўлсин ажралишга тоқат қила олмас эди. Шунинг учун ўғилларига: “Юсуфни менинг кўз олдимдан олиб кетишларингизнинг ўзи мени хафа қилиши аниқ. Бунинг устига мен сизлар далада кўйларингиз билан ёки ўйин билан овора бўлиб қолиб, уни қўйга келган бўрилар еб кетишидан хавотирдаман”, деди. Аммо у худди мана шу сўзи билан ўзи сезмаган ҳолда уларнинг шум ниятларига баҳона топиб берди-ки, бу ҳақда кейинги оятларда зикр қилинади.
“Тафсири Қуртубий”да ривоят қилинишича, Яъқуб алайҳис-саломнинг мазкур сўзларни айтишига сабаб, ўша кунларда у бир ёмон туш кўрган эди. Тушида у бир тоғнинг чўққисида турган эмиш. Юсуф эса пастда, водий ўртасида экан. Баногоҳ ўнта бўри уни ўраб олиб емоқчи бўлишиб-ди. Шунда у бўрилардан бири кутилмаганда Юсуфни ҳимоя қила бошлабди. Сўнгра ер ёрилибди-ю, Юсуфни ютиб, у уч кун ер остида қолиб кетибди. Тушдаги ўн бўри Юсуфни ўлдирмоқчи бўлган оғалари, уни ҳимоя қилган ёлғиз бўри катта оғаси Яҳузо, Юсуфнинг ер остида қолиши эса унинг қудуқ қаърида уч кун қолиб кетиши эди.
Ибн Аббос розияллоху анхумо ҳам: “Яъқуб алайҳис-салом бўри деган-да Юсуфнинг ҳасадгўй оғаларини назарда тутган”, дейди. (“Тафсири Куртубий”дан).
Арабларда: “Бало оғиздан чиқадиган сўзга боғланган бўлади”, деган мақол бор. Яъни, инсоннинг айтган бир ножўя сўзи унинг бало-мусибатга йўлиқишига сабаб бўлиши мумкин, дейилади.
Айтиб ўтилганидек, Яъқуб алайҳис-салом ҳам мазкур сўзи билан гўё ҳасадгўй оға-иниларга Юсуфга қарши қандай ҳийла ишлатишни ўргатиб қўйгандек бўлди.
Яъқуб алайҳис-салом қалбини эгаллаб олган хавотирни айтар экан, нобакор фарзандлар бу сўзлардан мутлақо таъсир олмадилар, балки -

14. Дедилар: “Қасамки, агар биз бутун бир жамоат бўлган ҳолимизда (ғафлатда қолиб) уни бўри еб кетса, демак, биз, шак-шубҳасиз, зиён кўргувчи - ҳалок бўлгувчидирмиз”.
Яъни, Юсуфнинг оғалари Яъқуб алайҳис-саломнинг сўзларига жавобан гўё шундай дедилар: “Эй отажон, биз оға-инилар бутун оиламиз шаънини ҳимоя қиладиган кучли бир жамоат бўлсаг-у, битта укамизни қўриб ололмасдан бўрига едириб юборадиган бўлсак, у ҳолда далага олиб чиққан қўйларимизни ҳам қўриқлай олмайдиган, қандай иш қилсак ҳам зиён кўрадиган ожиз-нотавон кимсалар эканмиз-да!”
Улар бу сўзлари билан оталарининг “Юсуфни бўри еб кетишидан қўрқаман”, деган хавотирини йўққа чиқаришга ҳаракат қилдилар. Шу билан бирга оғалари ҳали гўдак бола бўлган Юсуфнинг ўзини ҳам уларга ҳамроҳ бўлишга, дала-даштларга чиқиб ўйнаб-томоша қилиб келишга роса қизиқтириб қўйган эдилар. Шунинг учун Юсуф ҳам оғаларига қўшилиб отасидан ижозат сўрай бошладики, ҳар бир ишда суюкли фарзандининг кўнглига қарайдиган Яъкуб алайҳис-саломнинг уларга рухсат беришдан ўзга чораси қолмади.

15. Бас, қачонки улар (Юсуф алайҳис-саломни) олиб кетишиб, қудуқ қаърига ташлашга қасд қилган вақтларида, Биз унга: “Сен албатта (вақти келиб оға-иниларингга) бу қилмишлари ҳақида айтиб берурсан. Улар (ўшанда, сен Юсуф эканингни) сезмайдилар ҳам”, деб ваҳий қилдик.
“Жомиул-баён” тафсирида Суддийдан, “Маолимут-танзил”да Ваҳб ибн Мунаббиҳ ва бошқалардан ривоят қилинишича, Яъқуб алайҳис-салом ўғилларига Юсуфни ҳам ўзлари билан далага олиб чиқишга рухсат бергач, улар Яъқубнинг кўзида Юсуфни эркалатишиб, елкаларига кўтаришиб олиб кетишди. Аммо қачонки очиқ далага чиқишгач, уни ерга ташлаб калтаклай бошладилар. Оғаларидан бири Юсуфни урганида у бошқа оғасига ёлвориб, ҳимоя қилишини сўрар, аммо у ҳам ёрдам бериш ўрнига уни аввалгисидан қаттиқроқ урар эди. Юсуф эса: “Отажон, ўғлингни мана бу чўри болалари нима қилаётганларини билсанг эди”, деб дод-фарёд қилар, аммо ҳеч кимнинг унга раҳми келмас эди. Қачонки Юсуфни уриб ўлдириб қўйишларига оз қолганида уларнинг каттаси бўлган Яҳузо: “Сизлар менга уни ўлдирмасликка сўз бергансизлар”, деб уларни тўхтатди ва ҳаммалари Юсуфни - ўн икки яшар гўдак болани кудуққа ташлаб юбориш учун катта йўлдан анча олис жойдаги оғзи кичик, ичи жуда кенг бўлган бир чуқур қудуқ олдига олиб келишди-да, устидаги кўйлагини ечиб олиб, қўлларини қудуқнинг арқони билан боғлашди. Юсуфнинг: “Кўйлагимни беринглар, совуқ қудуқда яланғоч қолмайин”, деган илтижоларига қарши: “Сенга энди ўша тушингда кўрганинг қуёш, ой ва ўн бир юлдуз ёрдам берсин”, деб масхара қилиб кулишди. Сўнгра унинг: “Мен ҳеч нарса кўрган эмасман”, деганига қулоқ солмасдан қудуққа тушира бошладилар. Юсуф аввал боғланган қўллари билан қудуқ оғзига ёпишиб олди. Аммо оғалари унинг қўлларига уриб ажратиб, арқонга боғлиқ ҳолида қудуқнинг ярмигача туширишди-да, кейин ушлаб турган арқонларини қўйиб юборишди. Улар Юсуф қудуқнинг тубига зарб билан урилиб ҳалок бўлишини истаган эдилар. Унинг бахтига қудуқда бир оз сув бўлиб, у ўша сув устига тушди ва ўша жойдаги бир катта ҳарсанг тошга чиқиб олди-ю, ногоҳон бошига тушган бу балодан ўксиниб йиғлай бошлади.
Шу пайт уни қудуқ устида турган оғалари чақирдилар. Юсуф: “Оғаларимнинг менга раҳмлари келиб қудуқдан тортиб олишмоқчи шекилли”, деб ўйлаб уларга овоз берди. Аммо улар Юсуф қудуқ тубига қаттиқ урилиб ўлдимикан ёки ҳали тирикми, билиш учун чақирган эдилар. Юсуфнинг тирик эканини билишгач, қудуққа катта ҳарсанг тош ташлаб, уни ўлдирмоқчи бўлган эдилар, Яҳузо яна уларнинг йўлларини тўсиб: “Сизлар менга уни ўлдирмасликка сўз бергансизлар”, деди. Кейин ҳам у укаларидан яширинча қудуқ тубида маҳбус бўлиб қолган Юсуфга егулик келтириб турди. Ана ўша таҳликали кунларида қудуқ қаърида дору дунёси қоронғу бўлиб, келажак ҳаётдан бутунлай умиди узилиб ўтирган Юсуф алайҳис-саломга Оллоҳ таоло томонидан илк марта ваҳий нозил бўлиб: “Сен албатта, (вақти келиб, оғаларингга) бу қилмишлари ҳақида хабар берурсан. Улар (ўшанда сен Юсуф эканингни) сезмайдилар ҳам”, дейилди. Бу Илоҳий ваҳий Юсуф алайҳис-саломда келажакка умид уйғотди, унинг Сақловчиси борлигини эслатди.
Ҳақ таоло Ўзининг солиҳ бандасига қирқ йилдан кейин рўй берадиган воқеалар ҳақида хабар берди. Дарҳақиқат, оғалари томонидан хорланган, ҳатто ўлдириб юборилмоқчи бўлган Юсуфга Оллоҳ таоло нажот бериб, орадан йиллар ўтиб у Миср мамлакатининг подшоҳи бўлгач, хузурига ёрдам сўраб келган оғаларига мана бу қилмишлари ҳақида хабар беради, аммо улар бу сўзларни айтаётган подшоҳ ўзларининг укалари Юсуф эканини сезмайдилар ҳам. Бу ҳақда сурайи каримани ўқиб ўрганиш давомида биз ҳам хабардор бўламиз, иншооллоҳ.

16-17. Улар оталари олдига кеча қоронғусида йиғлаган ҳолларида келдиларда: “Эй ота, бизлар Юсуфни нарсаларимиз олдида қолдириб қувлашиб кетган эдик, уни бўри еб кетибди. Энди гарчи сўзимиз рост бўлса ҳам сен бизларга ишонгувчи эмассан”, дедилар.
Муфассирлар айтишларича, Юсуфнинг оғалари қилган қилмишлари туфайли оталарининг юзига қарашдан кўрққанлари туфайли даладан тун қоронғусида қайтдилар. Ривоят қилинадики, улар қайтиб келганларида Яъқуб алайҳис-салом дод-вой, қийчувларини эшитгач, олдиларига чиқиб: “Болаларим, нега йиғламоқдасизлар? Қўйларингизга бирон нарса бўлдими?” деган эди, улар: “Йўқ”, дедилар. У: “Сизларга нима бўлди? Юсуф қани? деганида, улар ўзларини яна йиғлаганга солишиб: “Эй отажон, бизлар бир-биримиз билан ким ўзар ўйнаб қувлашиб узоқларга кетиб қолибмиз. Юсуф кийим ва егуликларимиз олдида пойлоқчилик қилиб қолган эди. Қайтиб келсак, не кўз билан кўрайликки, уни бўрилар еб кетибди. Эй ота, билиб турибмиз, энди сенга бу сўзларни айтишимиз бефойда. Чунки айтган сўзларимиз рост бўлган тақдирда ҳам сен бизга асло ишонмайсан”, дейишиб, ўзларининг бир бегуноҳ гўдакка кўрсатган зулм-зўравонликларини яширмоқчи бўлдилар.

18. Ва (Юсуфнинг) кўйлаги устида ёлғон қон билан (яъни, бир кўйни сўйишиб кўйлакни ўшанинг қонига бўяб) келдилар. (Шунда Яъқуб) айтди: “Йўқ, сенларга ҳавойи-нафсларинг бирон (ёмон) ишни чиройли қилиб кўрсатган. Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир. Сенлар сўзлаётган бу нарса (яъни, айрилиқ-мусибат) устида мадад сўраладиган Зот Ёлғиз Оллоҳдир”.
Ҳасадгўй оғалар қилган жиноятларининг изини яшириш учун қўйлари ичидаги бир қўзичоқни сўйиб, унинг қони билан Юсуфнинг кўйлагини бўяб оталарининг олдига келганларида Яъқуб алайҳис-салом севикли фарзандининг кўйлагини юзига босиб йиғлаб юборди, сўнгра у кўйлакнинг бирон жойи йиртилмаганини кўриб ҳайратга тушди ва: “Ё Оллоҳ, мен бу кунгача бундай раҳмдил бўрини кўрмаган эдим. Ўғлимни еб юборибти-ю, кўйлагидан бирон жойини йиртмабди-я!” деди. Шундан кейин ўғилларининг айтган сўзлари тўғри эмаслиги унга аниқ аён бўлди ва: “Йўқ! Сенлар менга айтган сўзларинг барчаси ёлғон! Сенларнинг Юсуфга нисбатан ҳасад ва адоватга тўлган нафсларинг жуда ёмон бир ишни сенларга чиройли кўрсатиб, ўғлимни бир бало қилгансанлар! Энди менинг ишим фақат чиройли сабр қилишдир. Сенлар бахтсиз ҳодиса деб сифатлаётган нарса тўғрисида эса мен Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзидан мадад сўрайман. Зора Унинг Ўзи менга ёрдам бериб, мушкулимни осон қилса”, деди.
Ушбу ояти каримада иймоннинг муҳим асосларидан бири бўлмиш «чиройли сабр қилмоқ» ибораси мазкур бўлди. Одамзот шундай яратилганки, бошига келган бало-мусибатдан йиғлаб-сиқтаб бесабрлик қилади. Лекин ҳар қандай одам ҳам аста-секин келган кўргуликка кўникиб, энди сабр қилиш лозимлигини англаб етади. Оллоҳга ва барча яхши-ёмон ишлар Ёлғиз Унинг Амри билан бўлишига сидқидилдан иймон келтирган кишилар эса мусибат тушган биринчи лаҳзаданоқ дод-войсиз «чиройли сабр» қила олар эканлар. Бу хусусда ўзининг Еру кўкка ишонмайдиган фарзанди-дилбандидан ажралиб қолгани ҳақидаги хабарни эшитган заҳоти «чиройли сабр» қилишга рози бўлган Яъкуб алайҳис-салом то Қиёмат иймон-эътиқод эгалари учун ибратдир. Сабр нима эканлиги ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳис-салом шундай марҳамат қилганлар: «Балонинг биринчи зарбаси пайтидаги сабр чин сабрдир».

19. (Юсуф алайҳис-салом қудуққа ташланганининг учинчи куни) бир карвон келиб, ўзларининг сув изловчиларини (сув келтиргани) юборганларида, у челакни (қудуққа) ташлаган эди, (сувнинг ўрнига челакка осилиб Юсуф чиқди. Шунда у): «Суюнчи беринглар, бу бола-ку!», деб юборди. Сўнг уни сотиладиган нарсалари қатори яшириб қўйдилар. Оллоҳ уларнинг қилаётган амалларини Билиб тургувчидир.
Албатта Оллоҳтаоло барча нарсани Билгувчидир, албатта йўловчилар карвонининг адашиб, катта йўлдан анча олис жойдаги ташландиқ бир қудуқ олдига келиб қолишлари ва улардан бири қудуққа челак ташлаб сув олмоқчи бўлгани асло тасодифий ҳол бўлмай, балки буларнинг барчаси Оллоҳ таоло томонидан бандаси Юсуфни кудуқ қаърида ҳалок бўлиб кетишдан халос этиш учун қилинган бир Буюк Тадбир, Илоҳий Лутфу Марҳамат эди.
Ҳақ таоло ушбу оятларда мазкур бўлган воқеаларни баён қилиш билан Макка мушриклари томонидан тинимсиз озор-азийятлар кўраётган севикли бандаси ва сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга тасаллий беради ва гўё: “Мен қавмингиз Сизга бераётган озор-азийятларининг барчасини кўриб-билиб турибман ва бу меҳнат-машаққатлардан Сизни халос қилишга Қодирман. Фақат бунинг учун Сиз худди биродарингиз Юсуф ўз оғаларининг адоват ва макр-ҳийлаларига сабр қилгани каби сабр қилинг. Шунда Мен худди Юсуфга нажот бериб уни оғалари устидан ғолиб қилганим каби Сизни ҳам мушрик-кофирлар устидан ғолиб қилурман”, деб сабр-тоқатли бўлишга чақиради.
Ўшанда Мадян шаҳридан Мисрни кўзлаб келаётган карвон манзилларига яқин қолганида йўлларини йўқотиб, одамлар ўтмайдиган хароб бир жойдаги қаърида Юсуф алайҳис-салом ётган ташландиқ бир қудуқ яқинига келиб тўхтадилар ва карвоннинг сув изловчиси бўлган Молик ибн Даър исмли бир кимсани сув топиб келиш учун юбордилар. У сув излаб юраркан, мазкур қудуқни кўриб қолиб қўлидаги челакни унга ташлаган эди, уч кундан буён қудуқ қаърида қийналиб, Оллоҳ таолога дуо-илтижо қилиб ётган Юсуф юқоридан туширилган арқонни кўриб унга осилиб олди ва арқонни тортган сув изловчи қудуқдан сув ўрнига тенгсиз чиройли бир ўғлон чиққанидан ҳайратга тушиб: “Суюнчи беринглар! Мен бола топиб олдим”, деб шерикларига қичқирди. Сўнгра уни бировлар эга чиқиб тортиб олишмасин, деб сотиладиган нарсалари орасига яшириб қўйдилар.
Дарҳақиқат, Юсуф алайҳис-саломга Оллоҳ таоло беқиёс ҳусн ато этган бўлиб, у Одам болаларининг энг гўзали эди.
“Саҳиҳи Муслим”да ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Юсуф алайҳис-саломни таърифлаб: “Мен меърож кечасида самода Юсуфни кўрдим. Унга бутун оламдаги хусннинг ярми берилибди”, дедилар.
Каъбул-ахбор айтади: “Юсуф алайҳис-салом гўзал юзли, сочлари жингалак, кўзлари катта, адл қоматли, оқ рангли, қўл-билаклари йўғон, бели ингичка бўлиб, табассум қилса тишларидан нур чақнар, сўзлаганида тишлари орасидан қуёш шуъла сочар эди. Унинг васфини баён қилишга ҳеч кимнинг кучи етмас, унинг хусни гўё қоронғу тундаги кундузга ўхшар эди”. (“Тафсири Куртубий”дан).

20. (Кейин, карвон Мисрга етиб келгач), уни арзон нархда - бир неча тангага сотиб юбордилар. (Чунки) улар (Юсуфга) қизиқмаган эдилар.
Яъни, Юсуф алайҳис-саломни кудуқдан тортиб олган Молик ибн Даър ва ҳамроҳлари уни жуда паст нархда, атига бир неча тангага - Абдуллоҳ ибн Масъуд ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинишича, йигирма тангага - сотиб юбордилар. Чунки улар Юсуф алайҳис-саломнинг ким эканини, қандай буюк сулоланинг фарзанди эканини билмаган ва қизиқмаган эдилар. Улар учун Юсуф фақат топиб олинган бир бола эди, холос.
Карвоннинг Юсуфни шоша-пиша арзимаган пулга сотиб юборишининг яна бир сабаби, унинг эгаси чиқиб қолишидан қўрққан эдилар.
Айрим уламолар ояти каримадаги “бахс” сўзини арзон деган маънода эмас, балки ҳаром деган маънода эканини айтадилар. Яъни, Юсуф сотиладиган кул эмас эди, балки энгулуғ инсонлар - пайғамбарлар авлодидан бўлган ҳур - озод инсон эди. Ҳур кишини қул қилиб сотиш эса ҳаромдир. Бас, уларнинг Юсуфни қул қатори сотиб топган пуллари ҳам ҳаром пул ҳисобланади, дейдилар.
Муфассирлар орасида Юсуфни сотиб юборган кимсалар кимлар экани хусусида ҳам ихтилофлар бор. Айримлари уни топиб олган йўловчилар сотиб юборишган десалар, баъзи бир муфассирлар: “Юсуфни ўзининг оғалари: “Бу бизнинг қочиб кетган кулимиз деб карвондан тортиб олиб, сўнгра арзимас пулга - йигирма тангага сотиб, ўн оға-ини икки тангадан бўлишиб олганлар ва ундан бераҳмларча юз ўгириб кетганлар”, деб тафсир қиладилар.
Охир-оқибат Юсуф алайҳис-саломни Қитфийр исмли бир киши сотиб олади. Қитфийр подшоҳнинг иш бошиси бўлиб, бутун Миср мамлакатининг хазинаси унга ишониб топширилган эди. Уни Азизи Миср деб атардилар. Ўша замонда Мисрнинг подшоҳи Райён ибн Валид эди.

21. Уни Мисрдан сотиб олган (Миср мамлакатининг хазинабони - Қитфийр исмли) киши хотини (Зулайхо)га: “(Бу боланинг) турар жойини яхши қилгин. Шояд унинг бизга фойдаси тегар ёки ўзимизга бола қилиб олармиз», деди. Мана шундай қилиб Биз Юсуфни - унга сўзларнинг (тушларнинг) таъбирини таълим бериш учун,- ўша ерга (Қитфирнинг хонадонига) жойлаштириб қўйдик. Оллоҳ Ўз ишида Ғо-либдир (яъни, Уни Ўзи хоҳлаган ишни қилишдан ҳеч ким манъ қила олмайди) лекин одамларнинг кўплари (буни) билмайдилар.
Барча тафсир китобларида ушбу ояти карима тафсирида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анхунинг мана бу сўзлари келтирилади: “Инсон-ларнинг энг фаросатлиси учта. Улардан бири Азизи Миср бўлиб, у хотинига Юсуф ҳақида: “(Бу боланинг) турар жойини яхши қилгин. Шояд унинг бизга фойдаси тегар ёки ўзимизга бола қилиб олармиз”, деди. Яна бири, Шуайб алайҳис-саломнинг қизи бўлиб, у отасига Мусо алайҳис-салом ҳақида: “Эй ота, уни (чорва ҳайвонларини боқиш учун ишга) ёллагин. Зеро сен ёллаган энг яхши киши кучли, ишончли кишидир”, деди. (Қасас сураси, 26-оят). Учинчиси, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу-дир. У ўта фаросатли киши бўлгани учун ҳам Умар розияллоҳу анҳуни ўзига халифа қилиб тайинлади”.
Ҳақиқатан, Миср мамлакатининг хазинабони, халқ орасида Азизи Миср лақаби билан машҳур бўлган Қитфийр кул бозоридан Юсуф алайҳис-саломни сотиб олар экан, ўзининг ўткир фаросат-заковати билан Юсуф мутлақо қуллар табақасидан эмаслигини, балки улуғ бир сулола вакили эканини сезди ва хотини Зулайхога - (айрим ривоятларда у аёлнинг исми Роийл экани айтилади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо эса: “У аёлнинг исми Роийл, лақаби Зулайхо бўлган”, дейди,) -: “(Бу боланинг) турар жойини яхши қилгин”, деб, Юсуфга уйининг тўридан жой беради, ўзи бефарзанд бўлгани сабабли Юсуфга ўз боласидай муомала қила бошлайди.
Шундай қилиб, куни кеча оғаларининг ҳасад-адоватлари сабабли кудуқ қаърида, ҳалокат ёқасида турган Юсуф алайҳис-салом Ҳақ таолонинг Иродаси билан Мисрдаги энг муҳтарам бир хонадонга севикли фарзанддек бўлиб қолади. Жаноби Ҳақ қалбига солган меҳр-муҳаббат туфайли Қитфийр Юсуфни худди ўз отаси Яъкуб алайҳис-салом янглиғ эъзозлаб-авайлаб тарбиялай бошлайди. У бефарзанд киши бўлгани учун Юсуфнинг фавкулодда гўзал сурати, покиза сийрати ва ўткир ақл-заковатини кўргач, уни кулликдан озод этиб, ўзига ўғил қилиб олмоқчи бўлади.
Шундай қилиб, Юсуф алайҳис-салом ҳақидаги гўзал ва ибратли қиссанинг Ижодкори бўлмиш Оллоҳ субҳонаху ва таоло унинг учун ер остида - қудуқда тортган азоб-уқубатларидан кейин ер устида - Миср мам-лакатида, бой-бадавлат бир хонадонда суюкли аъзо бўлиш мартабасини тақдир қилди.
Жаноби Ҳақ: “Биз Юсуфни - унга сўзларнинг (тушларнинг) таъби-рини таълим бериш учун, - ўша ерга (Қитфийрнинг хонадонига) жойлаштириб қўйдик”, дейди.
Суранинг 6-оятида Ҳақ таоло Ўз пайғамбари Яъкуб алайҳис-салом орқали Юсуфга: “Парвардигоринг сени (пайғамбарлик учун) танлар ва сенга (барча) сўзларнинг (яъни, тушларнинг) таъбирини билдирур”, деб ваъда берган эди. Энди ушбу оятда Юсуф сўзларни тўғри таъбир қилишни ўрганиши, барча илмларда камолот касб этиши учун уни Азизи Миср Қитфийрнинг хонадонига жойлаштириб қўйгани ҳақида хабар беради.
Ояти карима сўнггида таъкидланишича, албатта, Ер-у осмонлардаги барча ишлар Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Қўлидадир, У Ўз ишида Ғолибдир, Унга ҳеч ким ҳеч бир ишда қарши тура олмас, бор қиладиган ҳам, йўқ қиладиган ҳам, хор қиладиган ҳам, азиз қиладиган ҳам Унинг Ўзидир. Жумладан, куни кеча қудуқ қаърида хор-зор бўлган Юсуф алайҳис-саломни бугун азиз-мукаррам бўлишини тақдир қилган ҳам Ҳақ таолонинг Ўзидир, эртага унинг бошига не кунлар тушиши ҳам Ёлғиз Оллоҳга аёндир, лекин бу ҳақиқатни кўп одамлар билмайдилар.

22. Қачонки (Юсуф алайҳис-салом) вояга етгач, унга ҳикмат ва билим ато этдик. Биз чиройли амал қилгувчи зотларни мана шундай мукофотлаймиз.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Юсуф алайҳис-салом балоларга сабр қилгани, фақат чиройли амаллар қилиб, гуноҳ ишлардан узоқ бўлгани учун мукофот қилиб унга вояга етганида, яъни, ҳам ақлан, ҳам жисман кучга тўлган вақтида ҳикмат-донишмандлик ва барча сўзларни англайдиган теран билим ато этгани ҳақида хабар беради ҳамда чиройли амал қилувчи мўминларни мана шундай мукофотлашини айтади.
Имом Бағавий: “Ояти каримадаги ҳикматдан мурод пайғамбарлик, билимдан мурод диний илмлардир”, деб тафсир қилади. (“Маолимут-танзил” тафсири).
“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобида эса: “Бу ўриндаги ҳикмат - одамлар ўртасида ҳукм чиқариш, билим эса, сўралган нарса ҳа-қида тўғри жавоб беришдир. Шунинг учун ҳам Азизи Миср унинг олдига одамлар турли масъалаларда ҳукм чиқариб беришини сўраб келганлари-да уларнинг саволларига жавоб беришни Юсуфга буюрар эди. Чунки у Юсуфнинг ўткир ақл ва фаросат билан уларга тўғри маслаҳат беришини, яъни, унга Оллоҳ таоло томонидан ҳикмат ва билим ато этилганини би-лар эди”, дейилади.
Шунингдек, уламолар ўртасида Юсуф алайҳис-саломнинг неча ёшда вояга етгани ҳақида ҳам ихтилофлар бор.
Мужоҳид: “Йигит ёшининг чўққиси, куч-қувватга тўлган пайти ўттиз уч ёш”, деса, Суддий: “Ўттиз ёш”, дейди. Заҳҳок эса: “Йигирма ёш”, деган. Молик ибн Анасдан сўралганида, у: “Йигитлик аломатлари зоҳир бўлиб, балоғатга етган инсон вояга етган ҳисобланади”, деб жавоб берган.
Имом Табарий уламолар айтган турли сўзларга жавобан: “На Қуръони Каримда ва на Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида вояга етиш ёши неча ёш экани айтилмагани сабабли биз бу ҳақда ихтилоф қилиш ўрнига ояти карима лафзи билан кифояланиб, Юсуф алайҳис-салом вояга етганида унга Оллоҳ таоло томонидан ҳикмат ва билим берилган деб билишимиз, унинг неча ёш экани ҳақида талашиб-тортишмаслигимиз тўғри бўлади”, дейди.

23. У (яъни, Юсуф алайҳис-салом) уйида бўлган аёл (яъни, Зулайхо) уни йўлдан урмоқчи бўлиб, эшикларни маҳкам беркитди ва: “келақолгин”, деган эди, (Юсуф алайҳис-салом) айтди: “Оллоҳ сақласин. Ахир у (яъни, эринг) менинг хожам-ку! У менга (ўз уйидан) чиройли жой берди-ку! Албатта золим кимсалар (яъни, зинокорлар) асло нажот топмаслар”.
Ушбу ояти каримадан бошлаб Юсуф алайҳис-салом яшаётган хонадонда бўлиб ўтган, Юсуфнинг сурати қанчалар гўзал бўлса, сийрати ҳам шу қадар гўзал - пок инсон бўлганига далолат қиладиган бир ибратли воқеа ҳақида ҳикоя қилинади.
Ҳақтаоло Юсуф алайҳис-саломни қудуқ қаъридан Азизи Миср қасрига кўчириб, унинг учун чиройли жой ва тўкин-сочин ҳаёт ато этганини зикр қилгач, энди Юсуф дуч келган яна бир синов ҳақида - хонадон соҳи-бининг аёли гўзалликда тенгсиз қилиб яратилган бу йигитнинг ҳусну малоҳатига ишқи тушиб унга ошиқи беқарор бўлиб қолгани ва нима қилиб бўлса ҳам Юсуфни йўлдан уриб ўзиники қилиб олмоқчи бўлгани, Юсуф алайҳис-салом эса, ўзининг иймон ва иффати билан аёлнинг бу фитнасидан пок ҳолда чиқиб кетгани - бузуқлик қилишдан кўра зиндон азобини афзал билгани ҳақида ҳикоя қилади.
Бу кулфат - Юсуф алайҳис-салом ҳаётидаги қудуқ қаърида чеккан азоб-укубатлари ва қудукдан чиқарилганидан кейин бир муддат тортган қуллик хорликларидан кейинги учинчи кулфат эди. Юсуф Ҳақ таолонинг инояти билан қулликдан озод бўлиб, Азизи Миср Қитфийрнинг қасрида яшар экан, унинг хотини Зулайхо пайт пойлаб бир куни Юсуфни ўзининг муҳташам ва музайян хосхонасига чақириб, хонанинг барча эшикларини - аллома Қуртубий айтишича, хонага етти эшиқцан кирилар эди - маҳкам беркитади ва хона тўридаги ўзи сиғинадиган бутнинг устига ҳам бир ёпинчиқ ташлаб қўйгач, либосларини ечиб, фақат бутун баданини кўз-кўз қилиб турадиган бир ҳарир ичкийимда Юсуфни ўз ётоғига чорлаб “келақолгин”, дейди. Ўйлайдики, фаҳш-бузуқлик учун ҳеч қандай тўсиқ бўлмаган бундай қулай шароитда ёш ва гўзал аёл ноз-истиғно билан ўзига чорлаб турганида Юсуфдек покдоман йигит ҳам ўзини тута олмай албатта унинг қучоғига отилади.
Аммо аёл кутган иш бўлмайди. Яратганнинг сурати нақадар гўзал бўлса қалби ҳам шунчалик пок ва гўзал бўлган бандаси Юсуф алайҳис-салом шу онда бузуқлик ботқоғига ботишдан паноҳ беришини сўраб Оллоҳ таолога илтижо қилади ва у аёлга қараб: “Мен қандоқ қилиб ўзимга уйининг тўридан жой берган, мени оталарча меҳрибонлик билан парвариш қилиб таълим-тарбия бераётган хожамга - сенинг эрингга хиёнат қиламан?! Ахир бу зулмку, яхшиликка ёмонлик қилишку?! Зулм қилгувчилар ҳеч қачон нажот топмасликлари аниқ маълумку?!” дейди.
Ҳасани Басрий раҳимахуллоҳ айтади: “Юсуф алайҳис-салом, Зулайхо ҳарамнинг эшикларини қулфлар экан, хона тўридаги бир нарсанинг устига парда ташлаб қўйганини кўриб қолиб: “Нима қиляпсан”, деган эди, Зулайхо: “Ўзим сиғинадиган бутнинг юзини кўриб қолмаслиги учун тўсиб қўйдим”, деди. Шунда Юсуф: “Сен жонсиз, ақлсиз ва ҳеч нарсани кўрмайдиган бутдан ҳаё қилаётган экансан, у ҳолда мен барча нарсани кўриб, зоҳир-у ботинимни билиб турадиган Зотдан ҳаё қилишим лойиқроқ эмасми?” деди. (“Баҳрул-муҳаббат” тафсиридан).

24. Ҳақиқатан, (Зулайхо) уни (яъни, Юсуфнинг висолига етишни) хоҳлади. Агар Парвардигорининг очиқ ҳужжат-аломатини кўрмаганида, (Юсуф) ҳам уни (Зулайхони) хоҳлаган бўлар эди. Биз ундан (Юсуф алайҳис-саломдан) ёмонлик ва бузуқликни четлатиш учун мана шундай қилдик (яъни, уни Ўз ҳифзу ҳимоятимизда асрадик). Зеро, у халос қилинган бандаларимиздандир.
Яъни, Зулайхо, бир томондан Юсуфнинг ишқида куйиб-ёнаётгани сабабли, иккинчидан, Юсуф шундай гўзал аёл ўзига чорлаганида рад этганига чидолмагани учун қандай қилиб бўлса ҳам ҳозир мана шу хилват ҳарамда уни йўлдан уришни ва ўзиники қилиб олишни ҳақиқатан ҳам жуда-жуда хоҳлади. Юсуф ҳам, хонадаги вазийят шу қадар йўлдан оздиргувчи, уни тўшагига чорлаётган аёл беқиёс гўзал ва унинг висолига шу қадар ташна эканлигини кўриб тургани учун, агар зинокорлик энг жирканч гуноҳ экани тўғрисидаги Парвардигорининг ҳужжат-хукмини кўрмаганида-билмаганида, албатта уни хоҳлаган ва унга интилган бўлар эди. Лекин Оллоҳ таолонинг Иноят ва Марҳамати билан Юсуф алайҳис-салом бир лаҳза ҳам бундай бузуқ хаёлга бормади. Оят давомида Ҳақ таоло гўё шундай дейди: Биз Юсуфдан хожанинг ҳаққига хиёнат қилиш каби ёмонликни ва бузуқлик-зинокорликни дафъ қилиш учун мана шундай таҳликали фаҳш ботқоғига ботиш хатари аниқ бўлган бир ўринда уни собитқадам қилдик, пок ҳолда сақладик. Чунки у Бизнинг гуноҳ ва ҳалокатлардан халос қилинган, пайғамбарлик учун танланган бандаларимиздандир.
Оят сўнггида зикр қилинган “мухлас” калимасининг “мухлис” калимасидан фарқи шуки, мухлис дейилганида Оллоҳ таолога чин ихлос билан холисанлиллоҳ ибодат қилувчи банда тушунилади, мухлас эса, айтиб ўтилганидек, Оллоҳ таоло тарафидан гуноҳ ва тойилишлардан халос қилинган, бошқача айтганда, дунё ва Охиратда Оллоҳ таолонинг ҳифзи паноҳида бўлган бандадир. Ҳақ таоло Ўзининг пайғамбарларини ана шундай мухлас - шайтон васвасаларига алданишдан халос қилинган бандалардан эканликларини айтиб шарафлайди.
Юсуф алайҳис-салом ҳам Оллоҳ таолонинг ана шундай халос қилинган бандаларидан бўлгани учун Зулайхо фитнасига алданмасдан ана ўша ўта хатарли бўлган вазийятда ўз иффатини пок сақлади.
Абу Мансур Мотурийдий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар ўшанда Юсуфнинг хоҳиши ҳам Зулайхонинг хоҳиши билан бир хил бўлганида, Оллоҳ таоло Юсуфни Ўзининг халос қилинган бандаларидан эканини айтиб мадҳ қилмаган бўлар эди. Агар ўшанда Юсуф томонидан Зулайхога озгина бўлса ҳам мойиллик, интилиш бўлганида, албатта Одам, Нуҳ, Юнус, Довуд алайҳимус-салом ўзларининг йўл қўйган хатоларига тавба қилганлари зикр қилинганидек, Юсуфнинг ҳам ўз хатосига тавба қилгани зикр қилинган бўлар эди. Бас, аниқ маълум бўладики, Юсуф ўша воқеада Оллоҳ таолонинг инояти билан бир лаҳза ҳам иккиланмасдан покдоман ҳолида қолди. (“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобидан).

25. Иккиси ҳам эшик томонга чопдилар ва (Зулайхо Юсуфга етиб олиб) унинг кўйлагини орқа томонидан йиртиб юборди. Эшик олдида эса (Зулайхонинг) хожаси - эрига йўлиқиб қолдилар. (Шунда Зулайхо эрига қараб): «Сенинг оилангга ёмонлик қилмоқчи бўлган кимсанинг жазоси ё зиндон ёки аламли азобдир», деди.
Яъни, Юсуф алайҳис-салом Зулайхонинг ўз мақсадига етиш учун ҳеч нарсадан қайтмаслигини англагач, унинг чангалидан фақат мана шу хонадан дарҳол чиқиб кетиш билангина қутулиш мумкинлигини билиб, эшик томон югурди, у аёл ҳам Юсуфни тўхтатиб қолиш учун ортидан чопди ва унга эшик олдида етиб олиб, кўйлагидан тортган эди, кўйлак йиртилиб кетди. Юсуф бунга эътибор ҳам бермай эшикни очиб ташқарига интилди, ортидан аёл ҳам эргашди ва... эшик олдида ичкарига кирмоқчи бўлиб келаётган Зулайхонинг эри Қитфийрга дуч келдилар. Эри бу ҳолатнинг устидан чиқиб қолгани учун даҳшатга тушган Зулайхо қўрқоқ олдин мушт кўтарар қабилида айбни Юсуфга юкламоқчи бўлиб: “Сенинг оилангга ёмонлик қилишни истаган, хотинингни зўрламоқчи бўлган кимсанинг жазоси фақат қамоқ ёки қаттиқ калтакланишдан бўлак нима бўлиши мумкин?”, деб бир покдоман йигит шаънига туҳмат тошини отди. (“Маолимут-танзил” тафсиридан).
“Танвирул-азҳон мин тафсири Руҳил-баён” китобида айтилишича, Зулайхо эрига: “Мен тўшагимда ухлаб ётган эдим, тўсатдан мана бу иброний ғулом кириб келиб, кийимларимни ечиб мени зўрламоқчи бўлди”, деган эди, Қитфийр Юсуфга юзланиб: “Эй ғулом, мен сенга яхшилик қилсам, сен менга хиёнат қиласанми? Яхшиликнинг жазосими бу?!” деди.
Шунда -

26-27. (Юсуф алайҳис-салом) айтди: «Унинг ўзи мени йўлдан урмоқчи бўлди». (Шу пайт Зулайхонинг) уруғларидан бир шоҳид гувоҳлик бериб (деди): «Агар унинг кўйлаги олд томонидан йиртилган бўлса, у ҳолда (Зулайхонинг) сўзи ростдир ва (Юсуф) ёлғончилардандир. Агар кўйлаги орқа томонидан йиртилган бўлса, у ҳолда (Зулайхо)нинг гапи ёлғондир ва (Юсуф) ростгўйлардан бўлур.
Юсуф алайҳис-салом Зулайхо шаънига тегадиган бу сўзни айтмоқчи эмас эди, аммо аёлнинг ўзи Юсуфга туҳмат қилиш билан уни бор ҳақиқатни айтишга мажбур қилди.
Ривоят қилишларича, мазкур гувоҳлик берувчи Зулайхонинг амаки-ваччаси бўлиб, бешикдаги чақалоқ эди. Не тонгки, Оллоҳ таоло Ўзининг маъсум пайғамбари Юсуф алайҳис-саломни маъсум бир гўдак тили билан оқлайди.
Одамзот тарихида бундай ҳодиса - Оллоҳ таолонинг Қудрати билан бешикдаги чақалоқнинг тилга кириб гувоҳлик бериши бир неча бор такрорлангани ҳақида хабарлар бор.
Имом Аҳмад ва бошқалар ривоят қилган бир ҳадиси шарифда Расулул-лоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам шундай марҳамат қиладилар: “Тўрт бола чақалоқ ҳолида бешиқца сўзлаган. Улардан бири, Фиръавн қизи ходимасининг чақалоғи, иккинчиси, Юсуфни оқлаб гувоҳлик берган чақалоқ, учинчиси, Журайжни ёқлаган чақалоқ, тўртинчиси, Ийсо ибн Марямдир”.
Ийсо алайҳис-саломнинг бешикда ётган ҳолида сўзлагани ҳақида Марям сурасида хабар берилади.
Роҳиб Журайж қиссаси эса имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишларича, бундай бўлган: ...Журайж зуҳд йўлини танлаган, кеча-ю кундуз бир ибодатхонадан чиқмай, кунларини Оллоҳ таолога ибодат билан ўтказадиган тақводор йигит эди. Бани Исроил қавмидан бўлган бир фоҳиша аёл ўзича: “Албатта мана шу йигитни йўлдан уриб ўзимники қилиб оламан”, деб қасам ичади ва унинг атрофида гирдикапалак бўлиб, ноз-карашмалар билан ўзини унга кўз-кўз қила бошлайди. Аммо Журайж унга қараб ҳам қўймагач, иззат-нафси топталган енгилтак аёл энди бошқа бир жирканч ҳийлани ўйлаб топади: Журайжнинг ибодатхонаси атрофида қўй боқиб юрадиган бир чўпон билан хуфёна алоқа боғлаб, орадан ойлар ўтгач, ундан бир ўғил орттиради ва одамларга: “Бу Журайжнинг боласи, биз у билан ошиқ-маъшуқмиз”, деб гап тарқатади. Фоҳишанинг бу қуруқ туҳматига сўраб-суриштирмасдан лаққа тушган оломон ўзлари зоҳид, тақводор инсон деб ихлос қилганлари Журайжни чиндан ҳам бузуқлик қилган деб ўйлаб жунбушга келадилар ва уни ур-тўқмоқ қилишиб ибодатхонасини бузиб юборадилар. Журайжуларга бирон сўз айтмай, Оллоҳтаолога илтижо қилиб намоз ўқийди ва тўғри ҳалиги чақалоқнинг олдига бориб қўлини унинг бошига қўйганича: “Сени яратган Зотнинг ҳаққи-хурмати менга хабар бергин, сенинг отанг ким?”, деб сўрайди. Шунда мўъжиза юз беради - бешиқца ётган чақалоқ Оллоҳ таолонинг Изни-Иродаси билан тилга кириб: “Менинг отам Фалончи чўпон”, деб жавоб беради. Бу ҳолга гувоҳ бўлиб турган халқ уч кунлик маъсум чақалоқнинг берган гувоҳлигидан лол қоладилар ва ўзларининг шошқалоқлик билан ҳукм чиқарганларидан минг пушаймон бўлишиб, Журайждан кечирим сўрайдилар ҳамда унинг ибодатхонасини қайтадан бино қилиб берадилар. (“Танвирул-азҳон” тафсиридан).
Юсуф алайҳис-салом қиссасида ҳам айни ҳол такрорланди - бешиқдаги чақалоқ тилга кириб гувоҳликка ўтди.
Бу жажжи гувоҳ Юсуфнинг эмас Зулайхонинг уруғларидан бўлиши ҳам Ҳақ таолонинг Ҳикматидандир.

28. Энди қачонки у (Юсуфнинг) кўйлаги орқа томонидан йиртилганини кўргач: “(Эй аёллар-а), албатта бу (иш) сизларнинг макр-ҳийлаларингиздандир. Дарҳақиқат, сизларнинг макрларингиз жуда зўрдир”, деди.
Яъни, қачонки Зулайхонинг эри Қитфийр Юсуфнинг сўзи рост эканини билгач ва ҳақиқитан ҳам Зулайхо Юсуфнинг ортидан қувиб бориб кўйлагини ортидан тортиб йиртиб юборгани унга аниқ равшан бўлгач, ушбу ҳақиқатни тан олишдан бошқа чораси қолмади ва Зулайхога қараб: “Бу иш, яъни, ўз хиёнатларингизни яшириб, эркакларни бадном қилиш албатта сиз аёлларнинг макр-ҳийлаларингиздан биридир. Дарҳақиқат, сизларнинг макрларингиз жуда зўрдир”, деди. Гарчи бу сўзлар Қитфийр томонидан айтилган бўлса-да, Қуръонда зикр қилиниши билан айрим аёллар табиатан эркакларни алдашга мойил бўлишларига бир Илоҳий ишорадир. Худди биринчи аёл бўлмиш онамиз Ҳавво ҳазрати Одамнинг эгри қовурғасидан яралгани янглиғ, барча аёллар агар ўз ҳолларига ташлаб қўйилса ва эрлари томонидан тергалиб - тўғриланиб турмасалар жуда осонлик билан эгрилик - хиёнат ва макр-ҳийла йўлига ўтиб кетишлари хавфи йўқ эмасдир.
Халқ орасида: “Бир аёлнинг макри қирқ эшакка юк бўлади”, деган маталлар бежиз айтилмаса керак.
Ҳатто бир солиҳ киши: “Мен шайтоннинг васвасасидан кўра аёлларнинг макридан кўпроқ қўрқаман. Чунки Оллоҳ таоло шайтон ҳақида: “Шубҳасиз, шайтоннинг макри заифдир”, (Нисо сураси, 76-оят), дегани ҳолда, аёллар ҳақида: “Дарҳақиқат, сизларнинг макрларингиз жуда зўрдир”, дейди”, деб айтгани тафсир китобларида ривоят қилинади.
Чунки шайтони лаийн (одамлардан уялганидан бўлса керак), уларнинг кўзларига кўринмасдан, ўғринча макр-васваса қилса, айрим аёллар юқоридаги мисолда кўриниб турганидек, эрларининг кўзига тик қараб туриб: “Мендек покдоман аёлни мана бу нобакор йўлдан урмоқчи бўлди”, деб алдаб қўйишлари мумкиндир.
Умуман, инсонлардан чиққан шайтонлар ҳам бўлиши ва улар жин-шайтонлардан хатарлироқ экани ҳақида ҳадиси шарифда ҳам огоҳлантирилгандир: Насоий, Аҳмад, Табарий ва бошқа муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Зарр, инсон ва жинлардан бўлган шайтонларнинг ёмонлигидан сақлашини сўраб Оллоҳдан паноҳ тиладингми?” дедилар. Абу Зарр розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, инсонлардан бўлган шайтонлар ҳам борми?”, деган эди, у зот: “Ҳа, улар жиндан бўлган шайтонлардан ёмонроқдир”, дедилар.
Молик ибн Дийнор айтади: “Албатта инсондан бўлган шайтон жиндан бўлган шайтондан ёмонроқдир. Чунки мен қачон Оллоҳ таолодан паноҳ сўрасам жиндан бўлган шайтон кетади ва унинг ўрнига инсондан бўлган шайтон келади-да, мени очиқдан-очиқ гуноҳга тортиб кетади”.
Эркакларни йўлдан оздирадиган шайтонлардан бир тоифаси ёмон аёллардир.
Умар Ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу бир нопок аёлнинг:

“Аёллар эркак учун яралган райҳон,
Эрлар бўлса, райҳонга етолмай ҳайрон”,

деб шеър ўқиётганини эшитиб қолиб, дарҳол:

“Аёллар эркак учун яралган шайтон,
Улардан паноҳ берсин Илоҳим - Раҳмон,

деб жавоб қилган экан.

29. “Юсуф, сен бу (ишни) унутгин, сен эса (эй Зулайхо), қилган гуноҳингга истиғфор айт - тавба қил. Чунки сен адашганлардан бўлдинг”.
Юқоридаги оятларда зикр қилинган воқеада Ҳақ таоло Ўзининг солиҳ бандаси Юсуф алайҳис-саломни икки балодан - аёл макрига алданиб нопок йўлга киришдан ва қуруқ туҳмат остида қолишдан қутқарди.
Юсуфнинг бегуноҳ эканлигини, Зулайхонинг ўзи уни йўлдан урмоқчи бўлганини билган Азизи Миср - Миср мамлакатининг хазинабони бўлган Қитфийр эса бир покиза йигитни бузмоқчи бўлган, бу нияти амалга ошмаганидан кейин уни ёмонотлиқ қилиб жазога торттирмоқчи бўлган хотинини қилмишига яраша жазолаш ўрнига барча ишни дарҳол босди-босди қилмоқчи бўлади. Яъни, ушбу ояти каримада барча динсиз жамиятлардаги ҳоким табақанинг қанчалик нопок, усти ялтироқ, мағзу-моҳияти эса чирик бўлиши икки оғиз сўзда Илоҳий қалам билан чизиб берилган: «Юсуф, сен бу ишни унутгин». Эр оиласидаги бевафолик, нопоклиқцан хабардор бўлгач, уни фақат бир нарса ташвишга солиб: «Одамлар билма-син, сен буни унут, ҳеч кимга айта кўрма», деди. Маънавият инқирозини бундан яққолроқ ифодалаб бўлмас.
“...сен эса (эй Зулайхо), қилган гуноҳингга истигфор айт - тавба қил. Чунки сен адашганлардан бўлдинг”.
Яъни, “Сен эса, эй Зулайхо, эрингга хиёнат қилганинг, бир бегуноҳ йигитни йўлдан урмоқчи бўлганинг, у сен истаган ишни қилмагач, унга туҳмат қилиб қаматиб юбормоқчи бўлганингучун - қилган бу хатоларинг учун эрингдан кечирим сўрасанг, бас, ҳамма нарса ўз ўрнига тушади, турмушимиз аввалгидек давом этади, фақат бошқа бировлар бу воқеадан хабардор бўлиб қолмасинлар”.
Лекин одамлар бу можародан хабардор бўлдилар ва -

30. Шаҳардаги аёллар: «Ҳокимнинг хотини ўз хизматкорини йўлдан урмоқчи бўляпти экан. Роса юрагидан урибди-да! Албатта бизлар уни очиқ залолатда деб биламиз», дедилар.
Бу сўзларни Миср амир-у умароларининг хотинлари айтдилар.
Муфассирлар ёзишларича, бу воқеада ўша сарой аъёнларининг хотинларини ҳайратга солган, улар қабул қила олмаётган нарса Зулайхонинг эрига хиёнат қилмоқчи бўлаётгани эмас, - эҳтимол, у кибор аёллар эрга хиёнат қилишни умуман айб деб ҳисобламаслар - балки уларни ҳайрон қолдирган ва норозиликларига сабаб бўлган нарса мана булардан иборат: “Биринчидан, одатда эркаклар аёлларнинг ортидан югуриб, ўзларига оғдирмоқчи ва йўлдан урмоқчи бўлар эдилар. Хўш, нега Зулайхо бу таомилни бузиб, аёл боши билан эркак кишининг ортидан югуриб юрибди?!
Иккинчидан, Азизи Мисрнинг - Миср мамлакати хазиналари устида турган бош вазир лавозимидаги бир муҳтарам кишининг аёли нега ўз тенгига ошиқ бўлмасдан, худди одам куриб қолгандек, ўзининг қулини йўлдан урмоқчи бўлмоқда?! Шунчалар ҳам юрагидан уриб қолибдими?!
Албатта, Зулайхонинг бу иши жуда катта хатодир, ўз мавқеини билмасликдир!”
Сарой аёлларининг бу сўзларидан ўша жамиятдаги, балки барча динсиз жамиятлардаги киборлар оламининг жирканч башараси манаман деб кўриниб туради.
Муҳаммад Ибн Исҳоқ айтади: “У аёлларга Юсуфнинг беқиёс гўзал суратли йигит эканлиги ҳақидаги хабар етган эди, шунинг учун улар қандай қилиб бўлса ҳам Юсуфни бир кўриш мақсадида ҳийла қилишиб, Зулайхо шаънига юқоридаги сўзларни айтдилар. Улар Зулайхо ўзи ҳақидаги бу айбловларни эшитгач, хизматкори Юсуфни уларнинг олдиларига олиб чиқиб: “Мана ўша йигит! Қани кўринглар-чи, қайси бирингиз унга ошиқ бўлиб қолмас экансиз?!” дейишини кутган эдилар”. (“Тафсири Мунийр)дан).
Дарҳақиқат иш худди улар кутганларидек бўлди -

31. Бас, қачонки (Зулайхо шаҳар аёлларининг) макр-иғволарини эшитгач, уларга одам юборди ва улар учун суяниб ўтирадиган жой тайёрлади ҳамда (анвойи мева-чевалар билан дастурхонни тўлдириб) улардан ҳар бирига биттадан пичоқ бериб қўйди. Кейин (Юсуфга) уларнинг олдига чиққин, деди. Бас, қачонки уни кўришгач (улар беихтиёр уни) олқишладилар ва (ўзлари сезмаган ҳолларида, қўлларидаги пичоқлари билан) ўз қўлларини кеса бошладилар. Ҳамда: “Пок Парвардигор, бу башар (фарзанди) эмас, асил фариштанинг ўзи-ку», деб юбордилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Зулайхо Азизи Мисрга: “Мени иғво қилган аёлларни қасрга чақиртириб сўзлашиб олмоқчиман”, деганида, у ижозат беради. Шундан сўнг Зулайхо хоналарни ясатиб, турли таомлар тайёрлагач, ўша аёлларни меҳмондорчиликка чорлаб одам юборади ва: “Мен айтган аёллардан биронтаси қолмай ҳозир бўлсинлар”, деб буюради.
Ваҳб ибн Мунаббиҳ: “У аёлларнинг саноғи қирқта эди. Бош вазирнинг аёли чорлаганидан кейин ноилож барчалари келишди”, дейди. (“Тафсири Куртубий”дан).
Зулайхонинг аёлларни қасрга чорлашидан кўзлаган мақсади, уларнинг қилган макр-ҳийлаларига жавобан улардан ҳам ўтказиб макр қилиш эди. Яъни, у аёллар Юсуфни бир кўриш учун Зулайхони ўз хизматкорига ошиқ бўлиб қолишда айблаб иғво қилишгач, энди Зулайхо уларга Юсуфни кўриш қандай бўлишини бир кўрсатиб қўймоқчи бўлди. Шунинг учун у аёлларни қасрга чақириб, уларга юмшоқ кўрпача ва пар болишлардан ўтирадиган жойлар тайёрлаб, олдиларига тўкин дастурхон ёзиб, қўлларига гўшт ва мева-чеваларни кесиб ейдиган пичоқларни тутқазиб, қачонки у аёллар таомланишга киришиб, қўлларидаги пичоқларини ишга солганларида - ана ўша пайтда тўсатдан Зулайхо бошқа хонада турган Юсуфга: “Аёллар олдига чиққин”, деб буюрди. Шунда у аёллар баногоҳ рўбарўларида пайдо бўлган мужассам хуснни кўриб даҳшатга тушганларидан тамоман ўзларини йўқотиб қўйдилар ва қўлларидаги пичоқ билан гўшт-мевалар ўрнига ҳеч сезмаган ҳолларида ўз бармоқларини кеса бошладилар! Чунки улар Юсуф сиймосида нубувват нури балқиб турган тенгсиз малакий гўзалликни кўриб турар эдилар. Шунинг учундир ҳам ҳайрат, ҳам даҳшат ўртасида баданларидан оқаётган қонни ҳам сезмасдилар.
Ҳатто муфассирлардан бири: “У аёлларнинг ҳар бири Юсуфни кўрган пайтларида худди қаттиқ қўрқувдан қорнидаги ҳомиласини ташлаб юборган аёл ҳолига тушган эдилар”, дейди. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Дарҳақиқат, Жаноби Ҳақ инсонлар орасидан Юсуфни хусну жамолда тенги йўқ гўзал қилиб яратган эдики, уни ўз кўзлари билан кўрган аёллар Зулайхо Юсуф ишқида эс-ҳушидан айрилганини энди айблай олмай қолдилар.
Икрима айтади: “Юсуфнинг хусну жамолда бошқа одамлардан ортиқлиги худди бадр кечасидаги тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан ортиқлиги каби эди”.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мени сайр қилдирилган кечада Юсуфни ҳам кўрдим. У худди бадр кечасидаги тўлин ойга ўхшар эди”, деб хабар бердилар.
Исҳоқ Ибн Абу Фарва: “Юсуф Миср кўчаларини кезганида унинг юзидан таралаётган нурдан деворлар ёришиб кетар эди”, дейди. (Маолимут-танзил ” тафсиридан).
Шу боисдан Юсуф алайҳис-саломни кўрган аёллар: “Эй Пок Парвардигор, бу башар (фарзанди) эмас, бу асил фариштанинг ўзи-ку!” деб юбордилар.

32. (Шунда Зулайхо); деди: “Ана шу (йигит) ҳақида сизлар мени маломат қилган эдингиз. Дарҳақиқат, мен уни йўлдан урмоқчи бўлдим, аммо у покдоманлик қилди - бўйинсунмади. Қасамки, агар у менинг амримни бажармас экан, албатта, зиндонга ташланур ва албатта, хору ҳақир кимсалардан бўлур!”
Яъни, қачонки Зулайхо сарой аъёнларининг аёллари ҳам Юсуфни кўришлари билан эс-ҳушларидан айрилиб, худди унинг ўзи тушган аҳволга тушиб қолганларини кўргач ва энди ҳеч қачон: “Зулайхо ўзининг қулига ошиқ бўлиб қолибди”, деб уни маломат қила олмасликларини англагач, уларга деди: “Сизлар кўрмай-билмай туриб менингустимдан кулиб: “Бир қулбачча Зулайхонинг жигаридан урибдими? У шак-шубҳасиз ақлдан озиб қолибди!”, деб маломат қилган эдингизлар. Мана ўша қулбачча қаршингизда турибди. Қани энди менга айтингларчи, унга кўзларингиз тушиши билан ўзларингиз қандай аҳволга тушиб қолдингиз? Ҳатто баданларингиздан оқаётган қонни ҳам сезмай қолдиларингизку?! Сизларку, уни бир марта кўриб шу ҳолга тушдингиз. Энди уни ҳар куни, ҳар соатда кўриб турган мен не кўйга тушишимни бир тасаввур қилинглар! Ҳақиқатан, мен ҳам худди сизларга ўхшаб бу соҳибжамол йигитга биринчи бор кўрганимдаёқ ошиқи беқарор бўлиб қолдим. Кейин, кунлар ўтгач, уни йўлдан уришга, мен билан бўлишга чорлаганим ҳам рост. Аммо у менинг истагимдан қатъиян бош тортди, гуноҳ ишга қадам босмади”.
Имом Бағавий “Маолимут-танзил” тафсирида ривоят қилишича, аёллар Зулайхонинг бу сўзларини эшитишгач, Юсуф алайҳис-саломга: “Қул ўз ҳожасига итоат этиши керак, сен ҳам Зулайхонинг барча хоҳиш-истакларига сўзсиз бўйсуниб, унинг айтганини қилгин”, дейишиб, “насиҳат” қила бошладилар. Зулайхо ҳам уларнинг сўзларини давом эттириб: “Қасамки, агар у менинг амримни бажармас экан, албатта, зиндонга ташланур ва албатта, хор-у ҳақир кимсалардан бўлур”, деди.
Зулайхо айтган бу сўзлар унинг Юсуф ишқида тамоман ақлини йўқотганини ва ўзининг бу аянчли аҳволи одамларга ошкор бўлишига ҳам парво қилмайдиган ҳолга тушиб қолганини англатгани каби у бу ишда ҳатто эри Қитфийрдан ҳам ҳайиқмай қолганини, балки эри Зулайхонинг ҳар қандай хоҳиш-истагига бўйсинишини ҳам англатади. Бу ҳолат эса, ўз навбатида динсиз жамиятлардаги нопок, носоғлом иқлим ва улардаги ҳоким табақанинг кирдикорлари ҳақида хабар беради.

33. (Юсуф алайҳис-салом) деди: «Парвардигорим, мен учун улар мени чорлаётган нарсадан кўра зиндон яхшироқдир. Агар Ўзинг уларнинг макрларини мендан нари қилмасанг, уларга кўнгил бериб нодон кимсалардан бўлиб қолурман».
Яъни, Юсуф алайҳис-салом Зулайхо ҳам, саройдаги бошқа аёллар ҳам таҳдид ва алдовлар билан уни бузуқлик йўлига юришга чақираётганларини ва бу ишдан уларни ҳеч нарса қайтара олмаслигини англагач, Ҳақ таолога илтижо қилиб, ўзи учун у аёллар таклиф қилаётган ҳаром шаҳвоний лаззатдан зиндон азобига гирифтор бўлиши яхшироқ эканини ва агар Унинг Ўзи ожиз бандасига ёрдам қилмаса, у аёлларнинг макр-ҳийлаларига алданиб, жоҳил-динсиз кимсалар каби нопок йўлга кириб қолишидан қўрқишини айтиб, Яратгандан паноҳ сўради.
Жаноби Ҳақнинг сурати ҳам, сийрати ҳам бениҳоя гўзал бўлган солиҳ бандаси Юсуф алайҳис-салом қилган бу дуо-илтижода ҳар бир мусулмон инсон учун икки гўзал ибрат бордир:
Биринчиси, мўмин банда ҳар қандай вазъият ва ҳолатда, ҳатто, бировлар томонидан гуноҳга, ахлоқий бузуқликка мажбур қилинган вақтида ҳам, ҳаром лаззатдан ҳазар қилиши, ўз поклик-иффатини сақлаши лозим.
Иккинчиси, у ёмонликдан ўзини ҳимоя қилар экан, бу иш фақат Оллоҳ таолонинг Мадади билангина амалга ошишига аниқ ишонган ҳолда Унга дуо-илтижо қилиб: “Роббим, агар Сен мени бирон лаҳза ўз ҳолимга ташлаб қўядиган бўлсанг, гуноҳларга ботишим, йўлдан озишим аниқдир. Бас, Ўзинг менга бу бало-мусибатдан нажот ато этгин”, деб доимо Яратгандан паноҳ сўраши лозимдир. Чунки банданинг бирон яхшиликка етиши ҳам, ёки ёмонликдан кутулиб нажот топиши ҳам, ёхуд гуноҳ ишлар-дан тийилиши ҳам, фақат ва фақат Оллоҳ таолонинг ёрдами билан ҳосил бўлиши аниқдир.
Ояти каримада эътибор қилишимиз керак бўлган яна бир муҳим нукта борки, бу банданинг Ҳақ таолога дуо қилган вақтида У Зотдан нима сўраши афзал бўлиши ҳақидаги масъаладир.
“Тафсири Қуртубий”да ҳикоя қилинишича, қачонки Юсуф алайҳис-салом: “Парвардигорим, мен учун улар мени чорлаётган нарсадан кўра зиндон яхшироқдир”, деганида Оллоҳ таоло унга: “Эй Юсуф, сен “мен учун зиндон яхшироқ” деган сўзинг билан ўзингни ўзинг зиндон-банд қилдинг. Агар сен “мен учун офият-омонлик яхшироқ”, деганингда эди, албатта у аёллар макридан ҳам, зиндон азобидан ҳам омон қолган бўлар эдинг”, деб ваҳий юборди.
Бас, банда оғзидан чиққан бир оғиз сўзи билан ўз бошига бало орттириб олиши мумкин эканки, “Бало сўзлаётган сўзингга боғлаб қўйилгандир”, деган иборанинг мазмуни ҳам шудир. Демак, биз ҳар қачон Ҳақ таолога дуо қилганимизда У Зотдан фақат яхшилик, омонлик ато этиши-ни ва ҳар қандай ёмонликдан нажот беришини сўрашимиз керак.

34. Бас, Парвардигори (Юсуфнинг дуосини) ижобат қилиб, уларнинг макрларини ундан нари қилди. У Зот, шак-шубҳасиз, Эшитгувчи, Билгувчидир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло солиҳ ва покдоман бандаси бўлмиш Юсуф алайҳис-саломни шарафлаб, унинг Парвардигори, яъни, ҳақиқий Эгаси Ўзи эканини эслатади ва қачонки Юсуф унга вақтинча эга бўлиб турган Азизи Мисрнинг аёли талаб қилган ишдан - бузуқликдан қатъий бош тортиб, аёллар макридан паноҳ беришини сўраб Парвардигорига дуо-илтижо қилгач, У Зот Ўз қулининг дуосини ижобат қилиб, унга мазкур аёлларнинг макр-ҳийлаларидан нажот бергани ҳақида хабар беради.
Дарҳақиқат, Оллоҳ таоло Унга илтижо қиладиган бандаларининг дуоларини Эшитгувчи, уларнинг аҳволларини ва қалбларидаги иймон-ихлосларини Билгувчи Зотдир.
Ояти карима Юсуф алайҳис-салом Оллоҳ таолонинг паноҳ ва ҳимоясидаги инсон бўлганига Илоҳий далилдир. Бундай шарафга у ўзининг покдоманлиги билан, яъни, ёш, бениҳоя гўзал ва куч-қувватга тўлган ҳо-лида уни ўз ётоғига чорлаган ғоят чиройли ва юксак мартабали аёлнинг истагини қатъий рад этиши билан, ҳаром лаззатдан зиндон азобини афзал деб билиши билан сазовор бўлди. Зотан, бундай покиза, диёнатли, ибодатда устивор ва гўзал хулқли инсонлар Қуръон ва Ҳадис хукми билан нафақат ҳаёти дунёда, балки Охират диёрида, Қиёмат Кунида ҳам Оллоҳ таолонинг ҳифзу-ҳимоясида бўлишлари аниқдир.
“Саҳиҳайн”да ривоят қилинган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Етти тоифа инсонларни Оллоҳ таоло Ўзининг соясидан бошқа бирон соя бўлмаган Кунда Ўз соясига олади. Улар -адолатли имом - рахбар; ёшлигидан Оллоҳнинг ибодатида ўсиб-улғайган, (яъни, ёшлик-бебошликларига берилмасдан гўдаклигидан ибодатда бардавом бўлган) йигит; қалби масжидга боғланган - бир намозни адо қилиб чиққанидан кейин то иккинчи намоз вақти келиб, масжидга киргунича бўлган вақтда уни соғиниб қоладиган киши; Оллоҳ йўлида бир-бирини яхши кўрадиган, ана ўша меҳр-муҳаббат билан кўришиб, ўша меҳр-муҳаббат билан ажрашадиган кишилар; садақа қилганида пинҳона қиладиган, ҳатто ўнг қўли берганини чап кўли билмайдиган киши; мансаб-мартабали гўзал аёл ётоғига чақирганида, “Мен Оллохдан қўрқаман”, деб рад қилган киши ва холи қолганида Оллоҳни зикр қилиб кўзларидан ёш оқадиган кишилардир”, деб марҳамат қилдилар.

35. Сўнгра, улар (яъни, Миср ҳокими ва унинг одамлари Юсуф алайҳис-салом пок эканлиги ҳақидаги) оят-аломатларни кўрганларидан кейин ҳам уларга (Юсуфни) бир вақтгача зиндонбанд қилиб туриш (маъкул) кўринди.
Суддий раҳимаҳуллоҳ айтади: “Азизи Миср ва унинг одамлари Юсуф алайҳис-саломни зиндонга ташлаш тўғрисида қарор қилишларига сабаб, Зулайхо эрига: “Бу иброний йигит мени одамларга шарманда қиладиган бўлди. Энди у ҳаммага: “Зулайхо мени йўлдан урмоқчи бўлди”, деб гап тарқатади. Шунинг учун энди сен ё менга изн берасан ва мен одамлар олдига чиқиб, ўз айбимни бўйнимга олиб улардан узр сўрайман, ёки то мана шу бўлиб ўтган воқеа уларнинг ёдидан чиқиб кетгунича Юсуфни зиндонга ташлаб, одамлар кўзидан нари қилиб қўясан”, деди. Шундан кейин “Азизи Миср Юсуф алайҳис-саломни зиндонбанд қилди. (“Тафсири Бағавий”дан). Демак, Юсуфнинг ҳибс қилиниши аслида ёлғиз Зулайхонинг истаги билан бўлган эди.
Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилинишича, Юсуф алайҳис-саломнинг пок инсон эканини аниқ кўрсатиб турадиган далиллар кўп эди. Ўтган оятларда мазкур бўлган - орқа томонидан йиртилган кўйлак, бешикдаги чақалоқнинг Юсуф айбсиз эканига гувоҳлик бергани, сарой аёллари Юсуфни илк бор кўришлари билан: “Эй Пок Парвардигор, бу башар (фарзанди) эмас, асил фариштанинг ўзи-ку!”, деб, кўлларидаги пичоқ билан дастурхонга қўйилган мева-чевалар ўрнига ҳеч сезмаган ҳолларида ўзларининг бармоқларини кеса бошлаганлари ана ўшандай далиллардан эди. (“Куртубийнинг “Ал-жомеъли аҳкомил-Куръон” тафсиридан).
Айтишларича, одамлар олдидаги хижолатлик ва умидсизлик алами Зулайхони шундай йўл тутишга мажбур қилган. У, эҳтимол, Юсуфни кўрмай турсам, унга бўлган муҳаббатим алангаси пасаяр, деб ўйлагандир, эҳтимол, Азизи Миср Юсуфни бошқа бир кулдорга сотиб юборадиган бўлса, ундан бутунлай жудо бўлиб қоламан, деб қўрққандир, эҳтимол, Юсуф зиндон азобини тотиб кўрса, тавбасига таянар ва у азобдан халос бўлиш учун менинг истагимга рози бўлиб, ўртага одам қўяр, деб умид қилгандир, балки Жаноби Ҳақ Ўзининг у солиҳ бандасини бошига келадиган бало-қазолардан асраш учун маълум муддат хатарсиз жойда туришини ирода қилгандир, ёки унинг қилган айрим хатоларига каффорат бўлсин учун мана шундай синов юборгандир - буларнинг ҳаммаси Ёлғиз Яратганга аён.
Аксари уламолар Юсуф алайҳис-саломнинг зиндонда етти йил қолиб кетганини айтадилар.

36. Зиндонга у билан бирга яна икки йигит тушган эди. Улардан бири (яъни, илгари подшоҳнинг соқийси бўлган йигит): «Мен тушимда шароб тайёрлаётган эмишман», деди. Бошқаси эса (яъни, илгари подшоҳнинг новвойи бўлган йигит): «Мен бошим устида нон кўтариб турганмишман, қушлар ундан еяётган эмишлар”, деди (ва ҳар иккиси ҳам): “Сен бизга шунинг таъбирини айтиб берсанг. Биз сенинг чиройли амаллар қилгувчи кишилардан эканлигингни кўриб турибмиз”, (дедилар).
Ҳақ таолонингтақдири билан Юсуф алайҳис-салом зиндонга ташланган кунларда Миср подшоҳи Райён ибн Валиднинг хизматкорларидан бўлган икки йигит ҳам ҳибс қилинган эдики, охир-оқибатда Юсуфнинг зиндондан озод қилинишига худди ўша йигитлар сабаб бўладилар. Бу ҳодиса Оллоҳ таоло қай бир бандасининг бошига бирон кулфат-мусибат туширса, ўша мусибат билан бирга ундан халос бўлиш асбобини ҳам тайёрлаб қўйишига тарихий мисоллардан биридир.
“Жомиул-баён”, “Ал-жомиъ лиаҳкомил-Қуръон”, “Маолимут-танзил” ва бошқа тафсир китобларида ривоят қилинишича, ўша кунлари Миср аҳлидан бир тўдаси подшоҳга суиқасд қилмоқчи бўлишиб, бу қасдларини амалга ошириш учун унинг хос хизматкорларидан бўлган, бири шоҳнинг нон-ошига қарайдиган, иккинчиси эса соқийлик хизматини бажарувчи икки йигитни қўлга оладилар вауларга подшоҳнинг таом-шаробига заҳар солишни буюрадилар. Аввалига ҳар икки йигит ҳам катта пора эвазига ўз хожаларига хиёнат қилишга рози бўлди.
Аммо кейин соқий бундай разилликдан бош тортди. Новвой эса берилган порани қабул қилиб, подшоҳучун тайёрланган таомга заҳар солди.
Бас, қачонки таом ва шароб дастурхонга тортилганда, соқий: “Подшоҳим, бу таомни еманг, унга заҳар солинган”, деди. Бу сўзни эшитиб новвой ҳам: “Шаробни ичманг, у заҳарланган”, деди. Шунда подшоҳ соқийга “Шаробдан ич”, деб буюрди. Соқий ундан ичган эди, ҳеч қандай зиёни кўринмади. Подшоҳ новвойга: “Ўзинг тайёрлаган таомдан егин”, деб буюрган эди, у бош тортди. У овқатдан бир жониворга беришганида ейиши билан тил тортмай ўлди. Бас, подшоҳ новвойни ҳам, соқийни ҳам зиндонга ташлашни буюрди. Иттифоқо улар зиндонда Юсуф алайҳис-салом билан ҳамхона бўлиб қолдилар.
Ибн Аббос розияллоху анҳумо айтади: “Подшоҳ аёлининг талаби билан зиндонга ташланган Юсуф алайҳис-салом ўзининг беқиёс гўзал сурати ва ундан ҳам гўзалроқ сийрати, одоб-ахлоқи билан барча маҳбусларнинг меҳрини қозонади. У кун бўйи умидсизликка тушган кишиларнинг кўнглини кўтарар, касалларнинг ҳолини сўраб, уларга ёрдам берар, тунларини эса то тонггача намоз ўқиб, шундай йиғизор билан ўтказар эдики, зиндоннинг девор, шифт ва эшиклари ҳам у билан бирга йиғлар эди. Маҳбуслар бу гўзал суратли ва покиза тийнатли йигитни шу қадар яхши кўриб қолган эдиларки, ҳатто айрим зиндондан озод қилинган кишилар дарҳол бирор қилмишга қўл уриб, яна Юсуфнинг ёнига қайтиб кириб ўтирар эдилар. Зиндон соҳибининг ҳам унга меҳри тушиб, кулай шарт-шароит тузиб берганди. У бир куни: “Эй Юсуф, мен сени шундай яхши кўриб қолдимки, ҳеч нарсани бунчалик яхши кўрмаганман”, деган эди, Юсуф алайҳис-салом: “Сенинг севгингдан Оллоҳ паноҳ берсин”, деди. У: “Нега?” деб сўради. Юсуф: “Отам мени қаттиқ севар эди, оғаларимнинг бунга ҳасадлари келиб, бошимга не азобларни солдилар, ҳатто мени қул қилиб сотдилар. Сўнгра хожамнинг аёли мени севиб қолди, натижаси нима бўлганини ўзинг кўриб турибсан - зиндонга ташландим”, деб жавоб қилди. (“Тафсири Қуртубий”дан).
Табарий “Жомиул-баён” тафсирида шундай ҳикоя қилади: “Юсуф алайҳис-салом ҳибс қилинганида зиндондаги маҳбуслар ундан қандай амал-касб қилишини сўрайдилар. Юсуф мен тушларни таъбир қиламан”, деб жавоб беради. Шунда у билан бирга зиндонга ташланган икки йигитнинг бири шеригига: “Кел уни бир синаб кўрамиз”, дейди ва Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича - у икки йигит ўзлари кўрмаган тушни кўрдик дейишиб, Юсуф алайҳис-саломдан тушларини таъбир қилиб беришини сўрайдилар. Икрима айтади: “Улардан бири Юсуфнинг олдига келиб: “Мен туш кўрсам, бир токнинг қаламчасини ўтқазган эканман, у тутиб ҳосилга кирибди, мен эса ўша узумдан сиқиб шароб тайёрлаб подшоҳга ичираётган эмишман”, деди. (“Жомиул-баён” тафсиридан).
Иккинчи йигит бўлса: “Мен тушимда бошим устида нон ва турли таомлар билан учта сават турганини кўрибман, йиртқич қушлар у таомларни чўқиб-еб кетаётган эмиш”, деди. (“Маолимут-танзил” тафсиридан).

37. (Юсуф алайҳис-салом) айтди: «Мен сизларга ризқ бўладиган таом олдингизга келишидан илгари унинг (қандай таом эканини) таъвилини айтиб бера оламан. Бу Парвардигорим менга билдирган нарсалардандир. Чунки мен Оллоҳга иймон келтирмайдиган ва Охиратни мутлақо инкор қилувчи қавмнинг миллати - динини тарк этдим.
Маълумки, ғайб илми Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига маълум бўлган илмдир. Бандалар орасидан фақат Ҳақ таоло танлаган кишилар - У Зотнинг элчи ва пайғамбарлари Яратган томонидан ўзларига нозил қилинган Илоҳий ваҳий орқали бу илмдан озми-кўпми насибадор бўладилар. Демак, Оллоҳ таоло юборган пайғамбарлар ва элчилар инсонларга етказган Илоҳий Ҳукм ва Фармонлар, хабар ва муждаларнинг барчаси ғойибдан келган илм бўлиб, Юсуф алайҳис-саломга ҳам Жаноби Ҳақнинг Марҳамати билан ана ўша илм насиб этган эди.
Ояти каримада Юсуф ҳамзиндон дўстларига шу ҳақда сўзлаб, унга тушларни тўғри таъбир қилиш илмидан ташқари яна келажақца рўй берадиган айрим воқеа-ҳодисалар ҳақида хабар бера олиш илми ҳам берилганини айтади ва мисол тариқасида: “Мен сизларга уйларингиздан эртага қандай таом келишини ҳам айтиб бера оламан”, дейди. Улар: “Қандай таом келади”, деб сўрашганида, Юсуф алайҳис-салом у таомнинг сифатлари, қай-соатда келиши ҳақида хабар беради ва эртасига унинг берган хабари тўғри экани маълум бўлади. Шунда ҳамхоналари ундан қандай қилиб бундай салоҳиятга эга бўлгани ҳақида сўраганларида, у: “Бу Парвардигорим менга билдирган нарсалардандир”, дейди ва ўзининг ҳеч қандай коҳин-фолбин ёки мунажжим эмаслигини, балки унинг ҳар бир сўзи Ҳақ таоло ғойибдан ваҳий қилган Илмга асосланганини, бундай Фазли Илоҳийга эришишига унинг Оллоҳ таолога ва Охират Кунига кофир бўлган кимсалар тутган ботил динни аввал-бошдан тарк этиб, гўдаклик чоғидан Ёлғиз Оллоҳнинг Ўзига ибодат қилиши сабаб эканини айтади ва сўзида давом этиб шундай дейди:

38. Ва мен ота-боболарим Иброҳим, Исҳоқ ва Яъқубларнинг миллати - динига эргашдим. Биз (яъни, пайғамбарлар) учун Оллоҳга бирон нарсани шерик қилиш жоиз эмасдир. Бу (яъни, Ёлғиз Оллоҳгагина бандалик қилиш неъмати) Оллоҳнинг биз - пайғамбарларга ва барча одамларга қилган Фазл-Марҳаматларидандир. Лекин одамларнинг кўплари шукр қилмайдилар.
Юсуф алайҳис-салом бу сўзларни зиндондаги шерикларини иймонга даъват қилиш ва Ёлғиз Оллоҳтаолога ибодат қилишга чақириш мақсадида айтди. У Ўзининг Пайғамбарлар хонадонидан эканини - отаси Яъқуб алайҳис-салом, бобоси Исҳоқ алайҳис-салом, бобокалони Иброҳим алайҳис-салоту вас-салом эканини ва ўзининг ўша улуғ пайғамбарлар рисолатининг давомчиси эканини айтиш билан, ҳамда Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш, Унга бирон кимса ёки нарсани шерик қилмаслик пайғамбарлар учун ҳам, барча мўминлар учун ҳам Ҳақ таоло томонидан ато этилган Буюк Фазл-Марҳамат эканини таъкидлаш билан ўзининг элчилик вазифасини адо қилишга киришди.
Ояти карима сўнгида кўп одамлар ношукур эканликлари, яъни, Оллоҳ таолонинг бандаларига ато этган энг буюк Неъмати бўлмиш иймонидан, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишдан юз ўгиришлари айтилди. Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам айтилган: “(Эй инсон), Оллоҳнинг неъматини (яъни, иймонни) куфрга алмаштириб юборган ва қавмларини (яъни, ўзининг ортидан эргашганларни) ҳалокат чоҳига - ўзлари кирадиган жаҳаннамга қулатган кимсаларни кўрмадингми?! Нақадар ёмон жой у!” (Иброҳим сураси, 28-29-оятлар).

39. Эй ҳамзиндон дўстларим, тарқоқ - турли-туман «худолар» яхшироқми ёки Ягона ва Ғолиб Оллоҳми?
Юқоридаги оятларда Юсуф алайҳис-салом зиндондаги ҳамхоналарига ўзининг пайғамбарлар сулоласининг давомчиси бўлган бир пайғамбар экани ҳақида хабар бериб, Оллоҳ таолонинг пайғамбарлари ҳеч қачон У Зотга бирон нарсани ширк келтирмасликларини айтгач, ушбу ва қуйидаги оятларда энди мушрик қавмдан бўлган у икки ҳамзиндон йигитни ҳам Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилишга, ҳеч қандай фойда ҳам, зиён хдм етказа олмай-диган турли бут-санамларга сиғинмасликка даъват қила бошлади. Аввало у йигитларга: “Дўстларим”, деб мурожаат қилиш билан оғир кунларни бир-бирлари билан елкадош бўлиб ўтказган кишилар ўзаро ғамхўр, садоқатли дўстларга айланиб қолишига ишора қилиб уларнинг эътиборларини ўзига жалб қилгач, Маъбуди Барҳақ Оллоҳ таолога ширк келтириш, ҳар-хил бут-ларнинг ҳайкалларини ясаб олиб, сўнгра уларга дуо-илтижо қилиб сиғиниш ақлий жиҳатдан қаралса ҳам ботил иш эканига шундай бир мисол келтирди: “Эй қадрдонларим, ўзларингиз айтинглар-чи, ҳайкалтарошлар ҳар хил қилиб ясаган катта-кичик, турли ранг ва шаклдаги бўлак-бўлак бўлиб турган жонсиз забонсиз бутларни худо қилиб олиб, ўшаларга сиғиниш яхшироқми ёки тенгсиз - Танҳо Маъбуди Барҳақ, Ўзи ирода қилган ҳар бир ишда ҳамма нарсадан Ғолиб бўлган Оллоҳтаолога ибодат қилиш яхшироқми?”.

40. Сизлар эса, У Зотни қўйиб, ўзларингиз ва ота-боболарингиз атаб олган номлар - бутларгагина ибодат қилмоқдасизлар. Ахир Оллоҳ уларга (ибодат қилиш ҳақида) бирон ҳужжат туширмаганку? Ҳукм Ёлғиз Оллоҳникидир. У Зот сизларни фақат Ўзигагина ибодат қилишга буюргандир. Энг Тўғри Дин мана шудир. Лекин одамларнинг кўплари (мана шу ҳақиқатни) билмайдилар.
Яъни, “Мен сизларни Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилинглар, сизлар учун Ундан ўзга бирон илоҳ йўқ”, деб Танҳо Маъбуди Барҳақ бўлмиш Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога қуллик қилишга чақирмоқдаман, сизлар бўлса, фақат ўзларингиз ва ота-боболарингиз турли нарсалардан ясаб, ҳар хил номлар қўйиб олган бутларга сиғинмоқдасизлар! Ахир Оллоҳ таоло у бутларга ҳам ибодат қилса бўлади деган бирон-бир ҳужжат-далил нозил қилгани йўқ-ку?!
“Хукм Ёлғиз Оллоҳникидир”.
Чунки азалий мавжуд бўлган Зот - Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолодир. Ер-у осмонларни ва улардаги барча нарсани йўқдан бор қилган ҳам Унинг Ўзидир. Жамийки махлуқотга, жумладан, ҳар бир инсонга умр ва ризқ бергувчи ҳам, барча ҳожатларини раво қилгувчи ҳам, турли бало-қазолардан асрагувчи ҳам Ёлғиз Удир. Бас, ибодат қилинишга ҳақдор бўлган Танҳо Маъбуди Барҳақ Зот ҳам ҳеч қандай шериги бўлмаган Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзидир.
Шунинг учун “У Зот сизларни фақат Ўзигагина ибодат қилишга буюргандир. Энг Тўғри Дин мана шудир. Лекин одамларнинг кўплари (мана шу ҳақиқатни) билмайдилар”. Ундай кимсалар фақат жоҳил-нодонликлари сабабли бутун борлиқнинг Эгаси бўлмиш Оллоҳ таолога ибодат қилиш ўрнига ўзлари қўллари билан ясаб, ҳар-хил шакл бериб, турли исмлар билан атаб олган бут-санамларга ва бошқа махлуқотларга дуо-илтижо қилиб сиғиниб юраверадилар”.
Юсуф алайҳис-салом зиндондаги ҳамхоналарига мазкур сўзларни айтиб, уларни Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилишга - Тўғри Динга даъват қил-ганидан кейингина сўраган саволларига жавоб бериб, уларнинг кўрган тушларини таъбирини айта бошлади.

41. Эй ҳамзиндон дўстларим, энди сизларнинг биринчингизни айтсак, бас, у (зиндондан халос қилинур ва яна) хожасига шароб қуйиб соқийлик қилур. Аммо иккинчингиз эса, дорга осилиб, (ўлаксахўр) қушлар унинг бошидан чўқирлар. Сизлар таъбир сўраётган иш битди (яъни, энди у ҳеч қачон ўзгармайди)».
“Тафсири Розий”да ривоят қилинишича, Юсуф алайҳис-салом ҳамхо-наларининг тушларини таъбир қилишга киришар экан, подшоҳнинг соқийси бўлган йигитга қараб; “Сен мунча ҳам яхши туш кўрибсан. Сен шароб тайёрлаётган узумнинг чиройлилиги аҳволинг чиройли бўлишининг белгисидир, сен узум узаётган токнинг бутоқлари учта эканлиги эса уч кунга ишорадир - шу кунлар ўтгач, подшоҳ сенга одам юбориб, сени яна аввалги хизматингга, балки ундан ҳам яхшироғига тайинлайди”, деди.
Подшоҳнинг таомига заҳар солган новвойга эса: “Сен қандай ёмон туш кўрибсан. Сен кўтариб турган учта сават уч кундир. Шу кунлар ўтгач, подшоҳ сени зиндондан чиқариб, дорга осади ва йиртқич қушлар сени бошингдан оёғинггача чўқиб-еб битирадилар” деди.
Абдуллоҳ ибн Маъсуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Юсуф алайҳис-салом ҳамхоналари кўрдик деган тушларининг таъбирини айтиб бериши билан улар: “Биз ҳеч қандай туш кўрмаган эдик, фақат сени синаш учун кўрмаган тушимизни кўрдик, деб ҳазиллашгандик, дедилар. Шунда Юсуф: “Сизлар таъбир сўраётган иш битди” (яъни, энди у ҳеч қачон ўзгармайди), деди. (“Тафсири Бағавий”дан).
Чунки Юсуф алайҳис-сасаломнинг айтган таъбири таҳмин ва гумонлар билан эмас, балки Оллоҳ таоло томонидан юборилган ваҳий асосида айтилган эди. Ваҳйи Илоҳийни эса ҳеч ким ўзгартира олмайди.
Имом Аҳмад Муовия ибн Ҳайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Туш, модомики таъбир қилинмас экан, осмондаги қушнинг оёғида осилиб туради, қачонки таъбир қилинса ерга тушади”, деб хабар берганлар. (“Тафсири Мунийр”дан).

42. (Юсуф алайҳис-салом) у икковидан (зиндондан) халос бўлади, деб ўйлаган кишисига (яъни, соқийга): «Хожангнинг олдида мен хақимда зикр қилгин (зора, у мени бу зулмдан озод қилса)», деди. (Лекин) шайтон хожасига зикр қилишни унинг ёдидан чиқариб, (Юсуф алайҳис-салом яна) бир неча йил зиндонда қолиб кетди.
Аксари муфассирлар: “Юсуф алайҳис-саломнинг зиндонда яна неча йил қолиб кетишига сабаб, (саҳиҳ ривоятга кўра у яна етти йил зиндонда азоб чеккан), унинг бу азобдан қутулиш учун бир махлуқдан - Миср подшоҳидан мадад тилагани бўлган”, дейдилар. Албатта, Шариат зулмни дафъ қилиш учун одамлардан ёрдам сўрашга рухсат беради. Аммо Оллоҳ таолонинг муқарраб бандалари бўлмиш пайғамбарлар ҳар қандай машаққатдан нажот топиш учун Ёлғиз Оллоҳ таолонинг ўзидан мадад сўрашлари лойиқроқдир. Зотан, оддий яхши инсонлар учун яхшилик саналадиган айрим ишлар Оллоҳ таолонинг яқинлари бўлган кишилар - пайғамбарлар учун айб-камчилик саналиши мумкиндир.
“Тафсири Қуртубий” ва бошқа тафсир китобларида ривоят қилинишича, Юсуф алайҳис-салом зиндондан қутулиш учун подшоҳдан ёрдам сўрамоқчи бўлганида, унинг ҳузурига Жаброил алайҳис-салом келди ва: “Эй Юсуф, сени оғаларинг қўлларида ўлиб кетишингдан ким халос этди?” деб сўради. Юсуф: “Оллоҳ таоло”, деди. “Сени қудуқ қаъридан ким чиқарди?” “Оллоҳ таоло”. “Сени фаҳш-бузуқликдан ким асради?” “Оллоҳ таоло”. “Сендан аёлларнинг макр-ҳийлаларини ким нари қилди?” “Оллоҳтаоло”. Жаброил: “Бас, қандай қилиб сен Парвардигорингни тарк этдинг? Ундан сўрамадингда, бир махлуққа ишондинг?!” деган эди, Юсуф алайҳис-салом: “Ё Роббим, мени тилим тойилиб айтиб юборган бу сўзим учун кечиргин. Эй, Иброҳим, Исҳоқ ва кекса Яъқуб алайҳимус-саломнинг Илоҳи, Сендан менга раҳм қилишингни сўрайман”, деб Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ёлвориб дуо қилди. Шунда Жаброил алайҳис-салом: “Бас, сенинг мана шу зиндонда яна бир неча йил қолишинг қилган хатойингга берил-ган жазодир”, деди.
Ушбу ибратли ривоят - бошига бирон мушкил иш, мусибат тушган инсон учун ундан халос бўлишнинг энг тўғри йўли махлуқларга ялиниб-ёлвормасдан Ёлғиз Оллоҳ таолодан мадад тилаш эканини таълим беради.

43. (Кунларнинг бирида Миср мамлакатининг) шоҳи (Райён ибнул-Валид): «Мен тушимда еттита ориқ сигир еттита семиз сигирни еб юборганини ва еттита ям-яшил бошоқ билан бирга яна бошқа қуриган (етти бошоқ)ни кўрдим. (Аъёнларим), агар тушларнинг таъбирини айта олувчи бўлсангизлар, бу тушимнинг таъбирини (менга) айтинглар-чи», деди.
“Танвирул-азҳон”да ушбу оят тафсирида ривоят қилинишича, Юсуф алайҳис-саломнинг зиндондан чиқиш вақти яқинлашганида Оллоҳ таоло бу иш учун ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмайдиган бир нарсани сабаб қилиб қўйди. Воқеа бундай бўлган эди: Миср подшоҳи Райён ибнул-Валид ҳар йили бир неча кун мамлакатнинг турли тарафларидан одамларни чақириб, Нил дарёси соҳилида байрам ўтказар, уларга шоҳона зиёфатлар бериб, ўзи уларнинг сайил ва ўйин-кулгиларини кузатиб ўтирар эди. Ана шундай байрам кунларининг бирида подшоҳ туш кўради. Тушида бир қуриб қолган дарёдан еттита семиз сигир ва уларнинг ортидан яна еттита жуда ориқлаб кетган сигир чиқиб келиб, уларнинг ориқлари семизларини бутунлай еб-ютиб юборган эмиш, аммо яна ўша ориқ ҳолларида қолишиб, уларда ютиб юборган нарсаларининг асари ҳам кўринмасмиш. Шунингдек, еттита ям-яшил, донлари бўлиқ буғдой бошоғи устига яна бошқа еттита сарғайиб қуриб қолган бошоқ эгилиб, ҳалиги яшил бошоқларни ҳам қуритиб кўйган эмиш.
Подшоҳ уйқусидан уйғонибоқ, кўрган тушидан кўнгли ғаш бўлиб, озғин-заиф махлуқларнинг семиз-бақувватлари устидан ғолиб бўлиши ва қуриб қолган чўпларнинг ям-яшил бошоқларни қуритиб кўйиши мамлакатда рўй беражак бирон ёмонликнинг белгиси эмасмикан, деб ташвишга тушиб, дарҳол кўл остидаги барча олиму-уламоларни, коҳин-фолбин мунажжимлар ва туш таъбир қилувчиларни жамлади ҳамда уларга кўрган тушини айтиб, таъбир қилиб беришларини сўради. Аммо йиғилганларнинг биронтаси подшоҳ кўрган тушнинг таъбирини айта олмади, аксинча -

44.    Улар: “Бу алоқ-чалоқ тушлар экан. Биз бундай тушларнинг таъбирини билгувчи эмасмиз”, дедилар.
Ояти каримадаги биз “алоқ-чалоқ тушлар” деб маъно айтган “азғосу-аҳлом” ибораси сўзма-сўз таржима қилинганида “азғос” зиғс сўзининг кўплик шакли бўлиб, бир боғлам ҳўл-у қуруқ ҳас-хашак деганидир. Ҳулмнинг кўплиги бўлган “аҳлом” калимаси эса, аслида умуман тушлар деган маънони англатса-да, истилоҳда алоқ - чалоқ, шайтоний тушларни аҳлом деб, яхши, хайрли тушларни эса рўё деб аташ жорий бўлгандир.
Имом Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилган саҳиҳ ҳадисда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Рўё Оллоҳдан, ҳулм шайтондандир. Бас, қачонки сизлардан бирон киши ёмон туш кўрадиган бўлса, ва уйқусидан уйғонибоқ уч марта туфлаб, кўрган тушининг ёмонлигидан паноҳ беришини сўраб Оллоҳ таолога дуо-илтижо қилса, у туш унга ҳеч қандай зиён қилмайди”, деб хабар берганлар.
Алқисса, подшоҳ аъёнлари унинг кўрган тушини таъбир қилишдан ожиз қолишгач, нима дейишларини билмай: “Агар сенинг кўрганинг ҳақиқий туш бўлганида, албатта биз унинг таъбирини айтиб берган бўлар эдик, аммо бу бир боғ алоқ-чалоқ тушлар экан, биз бундай тушларнинг таъбирини билгувчи эмасмиз”, деб баҳона қилишдан нарига ўта олишмади.
Азиз сабоқдошим, агар эътибор қилсак, Ҳақ таоло Ўз Элчисига сўйлаб бераётган бу гўзал қиссанинг Илоҳий назми ҳам нақадар гўзалдир. Еттитадан ўн тўртта, яъни, бир боғ буғдой бошоғи ҳақидаги тушни бир боғ алоқ-чалоқ туш деб таъбир қилинишидаги сўзлар ҳамоҳанглиги нақадар фасоҳатли!

45.    (Шунда) ҳалиги икки (маҳбус)нинг (зиндондан) қутулиб чиққани, шунча муддат ўтгач, энди (Юсуфнинг сўзлари) ёдига тушиб, деди: “Унинг таъбири ҳақида сизларга мен хабар берурман, фақат мени (зиндонда ётган Юсуфнинг олдига) юборинглар».
Яъни, подшоҳ кўрган тушнинг таъбирини сарой аъёнларидан ҳеч ким айтиб бера олмагач, ўша мажлисда ҳозир бўлган подшоҳнинг соқийси - Юсуф алайҳис-салом билан бирга зиндонбанд қилинган икки йигитдан бирининг ёдига зиндондан озод бўлганидан анча муддат - етти йил ўтгач, баногоҳ Юсуф алайҳис-салом тушди. Ўшанда унинг тушини Юсуф тўғри таъбир қилиб берганини, сўнгра, “подшоҳ ҳузурида бўлганингда унга мен ҳақимда эслатгин, бир бегуноҳ йигит зиндонда ноҳақ азобланаётганини айтгин”, деб илтимос қилганини эслади ва подшоҳга юзланиб: “Бу тушнинг таъбирини сизларга мен айтиб берурман. Фақат бунинг учун сизлар мени зиндонга юборинглар. У жойдаги маҳбуслар орасида Яъқуб хонадонидан бўлган Юсуф исмли бир донишманд йигит бор. Мен кўрган тушингизнинг таъбирини ана ўша йигитдан сўраб келаман. У тушларнинг таъбирини жуда яхши билади. Бизнинг тушимизни ҳам тўғри таъбир қилиб берган”, деди. Бас, ўз аъёнларидан кўрган тушининг таъбирини билолмай хуноб бўлган подшоҳ соқийга ижозат бергач, у шаҳар четида жойлашган зиндонга бориб, Юсуф алайҳис-салом билан кўришди ва аввало ўзининг қилган хатоси - шунча йил Юсуфнинг сўзларини подшоҳга етказишни унутиб қўйгани учун ундан узр сўради, сўнгра деди -

46. “Юсуф, эй ростгўй зот, сен бизга (подшоҳ кўрган) еттита ориқ сигир еттита семиз сигирни еяётгани ҳамда еттита яшил бошоқни бошқа қуриган (етти бошоқ) ҳақидаги (туш) таъбирини айтиб бергин. Шояд мен одамлар олдига қайтиб боргач (сен айтган таъбирни уларга айтиб берсам), шояд улар ҳам билиб олсалар”.
Соқийнинг Юсуф пайғамбарга: “Эй сиддиқ - сўзи ҳам, амали ҳам тўғри-рост бўлган зот”, деб мурожаат қилишига унинг ўзи зиндонда ётган вақтида гувоҳга айланган воқеалар сабаб бўлган эди. У Юсуфнинг кундузларини бошқа маҳбусларга панд-насиҳатлар қилиб, беморларига ёрдам бериб, умидсизликка тушиб қолган кишиларнинг кўнгилларини кўтариб, бир кун келиб албатта бу азоблардан қутулишларини айтиб, уларнинг қалбларида умид уйғотиб, бир сўз билан айтганда, ҳамзиндон дўстларига фақат яхшиликлар қилиш билан ўтказишини, тунлари эса то тонггача Яратганга тоат-ибодат ва дуо-илтижо билан йиғлаб чиқишини ўз кўзи билан кўрган эди. Юсуф алайҳис-салом соқий ва новвойнинг тушларига айтган таъбир худди у айтиб берганидай бўлиб чиққани ҳам уни ростгўй зот деб аташга тўла асос берар эди. Қолаверса, соқий Юсуфга “эй ростгўй зот”, деб хитоб қилар экан, бу хитобида ўзи таъбир сўраб келган подшоҳнинг тушини ҳам Юсуф тўғри-рост таъбир қилиб берар, деган умиди бор эди.
Ояти каримадаги: “Шояд мен одамлар олдига қайтиб боргач, (сен айтган таъбирни уларга айтиб берсам), шояд улар ҳам билиб олсалар”, жумласини муфассирлар икки хил тафсир қилганлар. Биринчи тафсир: Шоядки улар, яъни, подшоҳ ва сарой аъёнлари ҳам подшоҳ кўрган тушнинг таъбири қандай бўлишини билиб олсалар. Иккинчи тафсир: Шоядки подшоҳ ва сарой аъёнлари ҳам сени, эй Юсуф, қандай фазлу камолга эга эканингни билиб олсалар ва натижада зиндондан озод бўлсанг.
Ҳақиқитан ҳам, подшоҳ соқийсининг зиндонга - Юсуф алайҳис-салом олдига туш таъбирини сўраб бориши Юсуфнинг илму фазилатда қандай юксак мартаба эгаси экани очилишига сабаб бўлди ва оқибат-натижада Юсуф алайҳис-салом зиндон азобидан халос бўлди. Худди шунингдек, Юсуф айтиб берган туш таъбири Миср аҳлининг етти йил очарчиликда қолиш балосидан қутулишларига сабаб бўлди.
Ҳақ таоло одамларга юборган пайғамбарлардан бирининг тарихидан келтирилган бу мисол Оллоҳтаолонинг барча элчи ва пайғамбарлари инсонлар учун Яратганнинг Раҳмат-Марҳамати бўлганларига бир тарихий далилдир. Уларнинг ҳар бири ўз қавм-умматларининг ақийда ва ахлоқларини ўнглашда ҳам, уларга Ҳақ Йўлини кўрсатишда ҳам, ҳатто уларнинг маиший-иқтисодий ҳаётларини тинч-фаровон йўлга солишда ҳам Ҳақ таоло томонидан юборилган буюк Раҳмат-Марҳамат эдилар.
Қуйидаги уч оятда Жаноби Ҳақ Юсуф алайҳис-салом подшоҳ кўрган тушни қандай таъбир қилиб, уларга қандай маслаҳатлар берганини ҳикоя қилади -

47-48-49. (Юсуф алайҳис-салом) деди: «Сизлар пайдар-пай етти йил (дон) экасизлар. Кейин ўриб олган ҳосилингизни (бузилмасин учун) ўз бошоғида қолдиринглар, магар ейдиган озгина озуқаларин-гизнигина (янчиб оласизлар). Сўнгра ўша (серҳосил етти йил)дан ке-йин етти қаттиқ қаҳатчилик йиллари келиб, ўша (йиллар) учун тайёрлаб-асраб қўйган бор ҳосилингизни еб кетар. Магар озгина (уруғлик учун) асраб қўйган донларингизгина қолур. Сўнгра ўша (қаҳатчилик йиллари)дан кейин бир йил келурки, унда одамлар (етти йил интизорлик билан кутган) ёғингарчилик остида қолурлар ва (турли мевалардан) шароблар тайёрлаб олурлар».
Яъни, подшоҳнинг тушидаги етти семиз сигир ва етти яшил бошоқ олдинда келадиган етти мўл-кўлчилик йилларидир, етти ориқ сигир ва етти куриган бошоқ эса, етти мўл-кўлчилик йиллари ортидан келадиган етти қаттиқ қурғоқчилик, қаҳатчилик йилларидир. Шунинг учун сизлар вақтни ғанимат билиб аввалги етти йилда тинмай деҳқончилик қилинглар - дон экинглар ва ҳар йили ўриб олган ҳосилингиздан бир озини тежаб-тергаб егуликка ишлатинглар-да, кўпроқ қисмини келгуси йиллар учун, янчмасдан бошоғида қолдиринглар, шунда у бир неча йил қурт емасдан, бузилмасдан яхши сақланади ва сизлар кейин келадиган қаттиқ йилларда ана ўша асраб қўйган дон-дунларингизни еб кун кечирасизлар. Қаҳатчилик йиллари роса етти йил давом этади, бу орада сизлар тўплаган егуликлар ҳам тамом тугаб битади, фақат уруғлик учун асраб қўйган жуда оз миқдордаги донларингиз қолади, холос. Ана ўшанда, сизлар “Энди ҳаммамиз ҳалок бўлишимиз аниқ”, деб умидсизликка тушиб қолган вақтларингизда бир баракотли йил кириб келадики, унда осмондан тинмай оби раҳмат ёғиб, эккан-тикканларингиз мўл ҳосил бериб, омборларингиз донга тўлиб кетади, одамлар ғалладан ташқари яна полизларидан, боғ-роғларидан ва узумзорларидан чиққан мева-чеваларидан ҳам шароблар тайёрлаб, зайтунзорларининг ҳосилидан сиқиб ёғлар чиқариб оладилар, сер ўт далаларда ўтлаб семирган сигирларини соғиб қаймоқ-сарёғларини ғамлаб оладилар.
Ушбу оятлар мазмунидан маълум бўладики, Юсуф алайҳис-салом Миср мамлакатининг подшоҳи кўрган тушни тўла ва батафсил таъвил қилиб берганидан ташқари яна ўн тўрт йилдан кейин келадиган бир баракотли йил ҳақида ҳам хабар берди ва унинг келажак ҳақида берган бу хабарлари рост эканлиги тўла ўн беш йил давомида ўз исботини топди, бу йилларда мамлакатдаги иқтисодий аҳвол худди Юсуф алайҳис-салом аввалдан айтиб берганидек кечди.
Бу эса шак-шубҳасиз, Юсуфнинг оддий туш таъбирчиси эмас, балки Ҳақ таолонинг пайғамбари эканлигига, ҳамда Юсуф алайҳис-салом айтган туш таъбири унга Илоҳий ваҳий орқали маълум бўлганига далолат қилади.
Қуртубий ўзининг “Ал-Жомеъ лиаҳкомил-Қуръон” тафсирида айтади: “Ушбу оят (яъни, мазкур оятлардаги Юсуф алайҳис-саломнинг Миср подшоҳи кўрган тушни таъбир қилиб берганидан ташқари яна мамлакат аҳолиси келажакда очликдан ҳалок бўлиб кетмасликлари учун қандай йўл тутишлари лозим эканлиги хусусида берган маслаҳатлари) Шариати Исломи-йядаги “Маслаҳати Шаръийя”нинг асли-асосидир. Шариатда динни, жонни, онгни, яъни, ҳаётни, насл-насабни ва мол-мулкни бузмай, йўқотмай сақлаш йўлида қилинган ҳар бир иш маслаҳати шаръийя деб аталади. (Тилимизда ўнглаш-тузатиш, тўғри йўл кўрсатиш маъноларини англатадиган) маслаҳат - Оллоҳтаоло юборган барча шариатларнинг асл мақсадидир.
Албатта, барча шариатлар инсонларнинг дунёвий ҳаётлари покиза, фаровон ва осойишта бўлишини кўзлайди. Чунки фақат мана шу ҳолдагина одамлар Оллоҳ таолони таниб иймон келтиришга, У Зотга ҳаққи-рост ибодат қилишга ва оқибат натижада Охират саодатига эришишга тўлиқ имкон топадилар. Бас, Оллоҳ таолонинг Шариатига, агар таъбир жоиз бўлса, Илоҳий “Маслаҳатига” риоя қилиб яшаш Ҳақ таоло томонидан ато этилган буюк Фазл-Марҳаматдир, ҳам дунё, ҳам Охиратда бахтли бўладиган инсонлар насибасидир”.
Мазкур оятларда зикр қилинган Миср мамлакатининг аҳолиси ҳам Юсуф пайғамбар берган маслаҳатга риоя қилиш билан ҳалокатдан нажот топдилар.
Қуртубий яна айтади: “Шунингдек, ушбу оят кофирнинг туши ҳам рост чиқиши мумкин эканлигига бир далилдир”. Чунки мазкур тушни кўрган подшоҳ динсиз кимса бўлса-да, у кўрган туш ўнггидан келди ва ҳатто Оллоҳ таолонинг пайғамбарларидан бирининг ҳақ пайғамбар эканлиги юзага чиқишига сабаб бўлди.

50. (Соқий подшоҳнинг ҳузурига қайтиб, унинг кўрган тушини Юсуф қандай таъбир қилганини айтгач), подшоҳ деди: .»Уни менинг олдимга келтирингиз!» Қачонки (Юсуфнинг олдига шоҳнинг) элчиси келгач, у: «Хожангнинг ёнига қайтиб бориб (аввал) ундан ўз қўлларини кесган аёллар нима бўлганини сўра! Албатта Парвардигорим уларнинг макрларини Билгувчидир», деди.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Юсуф алайҳис-саломнинг айтган таъ-бирини эшитган Миср подшоҳининг аҳволидан ҳабар беради. Зиндонга юборилган соқийси Юсуф айтган сўзларни сарой аъёнлари олдида айтиб бергач, подшоҳ ҳайратга тушди ва бу йигит жуда юксак фазл-мартаба, чуқур билим соҳиби эканини, ҳамда ўз ватани ва ватандошлари ҳақида теран қайғуришини англадида, кўрилган туш таъбирини яна бир марта унинг ўз оғзидан эшитмоқчи бўлиб: “У йигитни дарҳол зиндондан озод қилиб, менинг ҳузуримга келтиринглар!” деб буюрди. Аммо Юсуф алайҳис-салом яна қайтадан подшоҳ элчиси бўлиб зиндонга келган соқийнинг дархол озодликка чиқиш ҳақидаги таклифини рад этиб, ояти каримада мазкур бўлган сўзларини айтди.
Подшоҳўз атрофида қанчадан-қанча уламою фузалолари туриб Юсуф алайҳис-саломнинг суҳбатини истаганининг ўзи Юсуф пайғамбар нақадар буюк илм-марифат соҳиби бўлганига очиқ далолат қилгани каби худди ана ўша билимдонлиги, донишмандлиги шарофатидан Юсуф зиндон азобидан халос бўлгани илм-маърифат қандай улуғ фазилат эканига рав-шан бир далилдир.
Шунингдек, Юсуф алайҳис-салом жисми жонини зиндон балосидан халос қалишдан покиза номини туҳмат балосидан халос қилишни муқаддам қўйгани ва: “Аввало мени бадном қилиб зиндонга ташланишимга сабаб бўлган аёллардан бир сўраб кўринглар-чи, ҳали ҳам ўша туҳматларида оёқ тираб турибдиларми ёки йўл қўйган хатоларига тавба қилдиларми экан?”, деб сўраганининг ўзи у зотнинг чин маънода поқцоман инсон бўлганини кўрсатади. Зотан ҳадиси шарифда ҳам: “Ким Оллоҳга ва Охират Кунига иймон келтирган бўлса, ҳаргиз туҳмат ўринларида турмасин”, деб марҳамат қилинган.
Бу оятлар замирида Юсуф алайҳис-саломнинг нақадар покиза қалбли инсон эканлигини кўрсатиб турган уч нукта бордир. Биринчидан, подшоҳ тушининг таъбири ҳақида сўралганда: «Агар подшоҳ мени бу зиндондан озод қилса, айтаман», демай, батафсил таъбир қилиб бериши; иккинчидан, подшоҳуни озод қилишга амр қилганида ҳам, зиндонни дарҳол тарк этмасдан, ўзининг бегуноҳлигини исботлаб беришларини талаб қилиши;
учинчидан, ўзининг бегуноҳлигини исботлашда ҳам ўзи туз ичган хона-доннинг ҳурматини сақлаб, яъни, «Бориб мени шундай азобга дучор қилган Зулайхо нима бўлганини билиб келгин», демай, «қўлларини кесган аёллар нима бўлганини сўраб кел», дейиши. Бу нукталарда ақл эгалари учун ибрат бордир.
Ҳатто Юсуф алайҳис-саломнинг бу гўзал сабр-матонатига таҳсин айтиб Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳ биродарим Юсуфни раҳмат қилсин. Дарҳақиқат, у сабрли, ҳалим киши эда. Агар мен зиндонда Юсуф турганча турганимда, албатта чақириб келгувчининг сўзини дархол қабул қилган бўлар эдим”, дедилар. (Имом Бухорий ривояти).
Тийбий айтади: “Ҳазрати Расулуллоҳнинг бу сўзлари асло у зоти бобаракотнинг бесабр эканликларини билдирмайди, балки ниҳоят даражада улуғ тавозуъ соҳиби эканликларини билдиради. Тавозуъ эса каттани кичик, баландни паст қилиб қўймайди, балки аксинча, у соҳибининг фазлига фазл қўшади ва қадрини янада баланд қилади. (“Танвирул-азҳон" тафсиридан).

51. (Шунда подшоҳ у аёлларни тўплаб) деди: “Сизлар Юсуфни йўлдан урмоқчи бўлган вақтингизда нима бўлган эди (яъни, у ҳам сизларга майл кўрсатганмиди)?” (Аёллар) айтдилар: “Пок Парвардигор, Оллоҳ сақласин! Бизлар уни айблайдиган бирон ёмонликни билганимиз йўқ”. (Миср шаҳри) ҳокимининг хотини (Зулайхо) деди: “Энди ҳақиқат юзага чиқди. Уни мен йўлдан урмоқчи бўлган эдим. У, шак-шубҳасиз, ростгўй зотлардандир».
Яъни, Жаноби ҲақЎзининг солиҳ бандаси ва пайғамбари Юсуф алайҳис-саломни бошига тушган туҳмат балосидан мана шу тарзда - айни унинг ҳаққига туҳмат қилган аёлларнинг ўз оғизлари билан оқлашни ирода қилди. Подшоҳ Юсуфнинг зиндонга ташланишига нима сабаб бўлганини суриштириб сарой аъёнларининг аёлларидан - Юсуфни илк бор кўрганларида унга маҳлиё бўлганларидан қўлларидаги пичоқ билан ўз бармоқларини кесаётганларини сезмай қолган аёллардан сўраганида уларнинг ҳар бири Юсуф томонидан бирон ёмонликни - бузуқликка мойилликни кўрмаганлигини айтиб гувоҳлик беришгач, шаҳар хокимининг аёли бўлмиш Зулайхога юзланишиб, уни ўз гуноҳига иқрор бўлишга чақирдилар. Шунда Юсуф алайҳис-саломнинг хусну малоҳатига ошиқи беқарор бўлиб қолган Зулайхо подшоҳга қараб: “Энди бўлар иш бўлди, ҳақ қарор топди. Аслида Юсуф мени эмас, аксинча мен уни йўлдан урмоқчи бўлган эдим. Юсуф айтган: “Зулайхонинг ўзи мени йўлдан урмоқчи бўлди”, (26-оят) деган сўз рост эди”, деб, Юсуф шаънига туҳмат қилганини бўйнига олди ва мана шу тарзда Юсуф алайҳис-саломнинг поклиги ва ноҳақ зиндонбанд қилингани ҳаммага аён бўлди.
Азиз ҳамдарсим! Этибор қилайлик, Каломуллоҳ орқали хабардор бў-лаётганимиз бу тарихий воқеа нақадар ибратли! Ҳақиқий покликнинг юзига ҳеч қачон қора чаплаб бўлмаслиги, агар бўлганда ҳам, вақти келиб худди ўша қора чоплаганларнинг ўзлари уни ўз қўллари билан артиб, тозалаб қўйишлари - туҳмат қилганларини бўйинларига олишлари нақадар таъсирли! “Рақибларинг тан олган фазилатинг ҳақиқий фазилатдир”, деган сўз албатта бехуда айтилмагандир.

52. (Қачонки соқий зиндонга қайтиб келиб, саройда бўлиб ўтган гапларни айтиб бергач, Юсуф деди): «Буни (яъни, ўзимнинг бегуноҳлигимни исботлаш талабини) токи (шаҳар ҳокими) унинг йўқлигида мен унга хиёнат қилмаганимни ва Оллоҳ ҳеч қачон хоинларнинг найрангларини ўнгидан келтирмаслигини билиб қўйсин, деб (қилдим)».
Уламолар ушбу ояти каримани турлича тафсир қилганлар. Айрим муфассирлар: “Бу Зулайхо айтган сўзларнинг давомидир. У подшоҳ ҳузурида Юсуфни ўзи йўлдан урмоқчи бўлганини, Юсуф бегуноҳ эканини эъти-роф этар экан, сўзининг давомида: “Гуноҳимга иқрор бўлишимга сабаб, токи Юсуф, у менинг олдимда бўлмаган, зиндонда ётган вақтда мен унга хиёнат қилмаганимни, унинг шаънига бирон ёмон сўз айтмаганимни билсин”, деб Юсуфга бўлган садоқатини изҳор қилмоқчи бўлади”, дейди-лар. (“Тафсири Куртубий”, “Тафсири Мунийр”китобларидан).
Аммо кўпчилик уламолар ушбу ва қуйидаги оятда Юсуф алайҳис-саломнинг сўзлари зикр қилинганини айтадилар. Яъни, Юсуф подшоҳнинг элчиси бўлиб зиндонга келган соқийни изига қайтариб юборганидан ке-йин у подшоҳ ҳузурига қайтиб борганида қандай воқеалар рўй берганини воқеаларни Юсуфга етказгач, у гўё шундай деди: “Эй соқий, ўтган сафар сен подшоҳ мени зиндондан озод этиш ҳақида фармон қилгани ҳақидаги хабарни олиб келганингда аввал менинг ноҳақ қамалганим исботлансин, кейин зиндондан чиқаман, деб сени қайтариб юбордим. Чунки мен ҳақ қарор топишини ва шаҳар ҳокими мен унинг кўл остида бўлган вақтимда у йўқ бўлган пайтда аёлига кўз олайтирмаганимни аниқ билиб олишини, ҳамда Оллоҳ таоло ҳеч қачон бировларга хиёнат қилгувчиларнинг, яъни, бировларни ноҳақ жазога тортгувчиларнинг макр-ҳийлаларини рўёбга чиқармаслигини ҳам англаб етишини истаган эдим”. Юсуф алайҳис-саломнинг бу сўзларида Зулайхо эрига хиёнат қилганига ишора бўлгани каби шаҳар ҳокимининг зиммасидаги омонатга хиёнат қилганига, яъни, унга ишониб топширилган мансабда адолат қилиш ўрнига хотинининг талаби билан Юсуфни ноҳақ зиндонбанд қилганига ҳам нозик ишора бордир.

53. “Мен нафсимни оқламайман. Чунки нафс - илло Парвардигоримнинг Ўзи раҳм қилмаса - албатта ёмонликка буюргувчидир. Дарҳақиқат, Парвардигорим Мағфиратли, Меҳрибондир”.
Қуръони Каримда нафс калимаси уч хил сифат билан келади. Улардан биринчиси, ушбу оятда айтилганидек, “нафси аммора - ёмонлик-гуноҳга буюргувчи нафс”, иккинчиси, “нафси лаввома - маломатгўй нафс”. (Қиёмат сураси, 2-оят), учинчиси, “нафси мутмаинна - хотиржам-сокин нафс” (Фажр сураси, 27-оят).
Ояти каримада Юсуф алайҳис-салом тили билан ҳеч ким инкор қила олмайдиган, аммо кўп инсонлар гафлатда бўлган катта бир ҳақиқат баён қилинади. Яъни, агар инсон ҳавойи нафсига эргашадиган бўлса, нафс инсонни албатта ёмон кўйга солиши - гуноҳ ишларга буюриши, магар Парвардигор раҳм қилган инсонларгина нафснинг ёмонлигидан омонда бўлишлари таъкидланади.
Нафсни таниш бобида Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу муборак ҳадислари ҳам бағоят ибратлидир:
У Зоти бобаракот саҳобайи киромга қараб: “Айтинглар-чи, сизлардан ҳар бирингизнинг бир йўлдоши бўлса-ю, агар унинг ҳурмат-иззатини жойига қўйиб, айтганини бажариб, кийим-бошини ҳам бекаму-кўст қилиб қўйсангизлар, у сизларни ғоят ёмон ишларга етакласа ва аксинча агар сизлар уни хорласангизлар ва оч-яланғоч қўйсангизлар, у сизларни ғоят яхши ишларга етакласа, у қандай ҳамроҳ бўлади”, деган эдилар, саҳобалар: “У ер юзидаги энг ёмон ҳамроҳдир”, дейишди. Шунда айтдилар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, ҳар бирингизнинг ичингиздаги нафсингиз ана ўша ҳамроҳингиздир”. (“Тафсири Мунийр”дан).
Шу боисдан Юсуф алайҳис-салом ҳам: “Мен нафсимни ҳар қандай айб-нуқсондан пок деб айтмайман, яъни, мен бошқаларни қоралаб ўзимни оқламоқчи эмасман. Зотан, агар Оллоҳ таоло паноҳ бермаса, ҳар қандай инсон нафсига эргашиб ёмон йўлга кириб кетиши мумкиндир. Фақат Роббим раҳм қилган инсонларгина нафсларининг қулларига айланиб қолмайдилар. Зора мен ҳам Оллоҳнинг Марҳамати билан нафснинг ёмонлигидан омонда бўлган кишилар қаторида бўлсам. Чунки Парвардигорим кулларининг айбу нуқсонларини Кечиргувчи, Марҳаматли Зотдир”, деди.

54. Подшоҳ айтди: “(Юсуфни) ҳузуримга келтирингиз, мен уни ўзимнинг хос кишиларимдан қилиб олурман”. Бас, қачонки у билан сўзлашгач, “Сен бу кун бизнинг даргоҳимизда ўз ўрнига эга бўлган ишончли кишидирсан”, деди.
Қачонки Миср мамлакатининг подшоҳи Райён ибнул-Валид саройдаги аёллардан сўраб-суриштириб, Юсуф алайҳис-саломнинг покиза инсон эканини, туҳмат билан зиндонбанд қилинганини аниқлагач, дарҳол уни зиндондан озод қилиб саройга келтиришни буюрди ва энди Юсуф ҳокимнинг қули эмас, балки мамлакат подшоҳининг хос кишиси бўлишини айтди. Бас, Юсуф алайҳис-салом саройга кириб келганида подшоҳ унинг беқиёс гўзал ҳусну жамолини кўриб лол қолди, у билан суҳбатлашганида эса, ҳуснидан ҳам гўзал ахлоқ-одобига ва тенгсиз илм-маърифат соҳиби эканига гувоҳ бўлди, ҳамда: “Эй Юсуф, бугундан бошлаб сен бизнинг даргоҳимизда юксак мартабали, хукумат ишларини юргизишда тўла ишонч ва ваколатга эга бўлган кишисан”, деди.
“Тафсири Бағавий” ва “Тафсири Қуртубий”да ривоят қилинишича, ўша суҳбатда подшоҳ кўрган туши ва унинг таъбири ҳақида Юсуфнинг ўз оғзидан эшитмоқчи эканини айтган эди, Юсуф алайҳис-салом деди: “Хўп бўлади эй подшоҳ! Сен тушингда Нил дарёси соҳилидан чиқиб келаётган еттита семиз сигирни кўрдинг. Улар жуда чиройли кулранг-қашқа сигирлар эди. Келар эканлар, елинларидан сутлари тизиллаб оқар эди. Сен у сигирларга маҳлиё бўлиб қараб турган вақтингда, баногоҳ Нилнинг суви бирдан қуриб ерга сингиб кетдида, унинг қаъридаги ботқоқдан жуда хунук ориқ етти сигир чиқиб келди. Уларнинг на қорни ва на елини бор эди. Фақат иржайган тишлари кўриниб турар, туёқлари ҳам итнинг оёғига ўхшар эди. У даррандалар чиқибоқ, дарё соҳилидаги семиз сигирларга ташландилар ва бир зумда уларнинг териларини парчалаб, гўштларини еб битирдилар, ҳатто суякларигача майдалаб ташладилар. Сен бу мудҳиш воқеага қараб, қандай қилиб ориқ сигирлар семиз баҳайбат сигирлардан ғолиб бўлдилар ва уларни еб битирганларидан кейин ҳам этларига заррача эт қўшилмасдан ўша ориқликларича қолдилар, деб ҳайрон бўлиб турган пайтингда тўсатдан кўз ўнгингда бошқа бир манзара намоён бўлди: Бир жойда ёнма-ён еттита ям-яшил буғдой бошоғи билан яна бошқа еттита қуриган қоп-қора бошоқ турган эмиш. Бирдан қаттиқ шамол турибди-да, қуруқ бошоқлар яшил бошоқлар устига эгилиб, уларни ҳам қуритиб куйдириб қоп-қора қилиб юборибди. Тушинг шу жойга келганда сен қўрқиб уйғониб кетдинг”.
Подшоҳ ҳайратга тушиб: “Эй Юсуф, сен менинг кўрган тушимни ўзимдан ҳам аниқ ва жонлироқ қилиб айтиб бердинг. Энди бу туш ҳақида нима дейсан, менга қандай маслаҳат берасан?” деган эди, Юсуф алайҳис-салом айтди: “Менинг раъйим шуки, сен мана шу етти мўл-кўлчилик йилларида озиқ-овқатни жамлаб олгин, ҳамма ерларингга экин эккин. Бу йилларда агар тош ёки қуруқ кесакустига уруғ сепсанг ҳам униб-ўсаверади, Оллоҳ таоло унга барака бераверади. Сўнгра ҳосилни ўриб олгач, янчмасдан бошоқ ва поясида қолдиргин, ҳамда улкан омборлар қуриб, ўша жойга жойлаб қўявергин. Кейин вақти келганида дон-дунлар одамлар учун таом бўлса, бошоқ ва поялар чорва ҳайвонлари учун озуқа бўлади. Фуқароларингга буюргин, йиққан ҳосилларидан бешдан бирини сенинг омбор хазиналарингга келтириб тўксинлар, шунда сен жамлаган озиқ-овқат Миср ва ҳатто унинг атрофидаги аҳолига ҳам етарли бўлади. Ҳали чор-атрофдан одамлар сенинг олдингга бор бойликларини кўтариб, озиқ-овқат сўраб келадилар ва хазинангда бошқа бирон подшоҳга насиб этма-ган мислсиз бойлик тўпланади”.
Юсуфдан бу сўзларни эшитган подшоҳ: “Сен айтган бу буюк тадбирни амалга оширишда менга ким ёрдам бера олади? Агар бутун Миср аҳлини тўплаганда ҳам ундай ишончли одамни топа олмайманку?” деган эди, -

55. (Юсуф алайҳис-салом) деди: “(У ҳолда) мени шу ер хазиналари устига қўйгин. Шак-шубҳасиз, мен (уларни) тўла-тўкис сақлагувчи ва (тўғри тасарруф қилишни) билгувчи кишиман”.
Яъни, Юсуф алайҳис-салом подшоҳ кўрган тушни таъбир қилиб бериш билан бирга унга келажак етти мўл-кўлчилик йилларидан кейин кутилаётган етти қаҳатчилик йилларида мамлакат аҳолисини ва чорва ҳайвонларини очарчиликдан нобуд бўлиб кетишдан омон сақлаб қолиш чора-тадбирлари ҳақида жуда доно маслаҳатлар ҳам берганида, подшоҳ айтилган тадбирларни амалга оширишга ўзи ёлғиз ожизлик қилишини, бунингустига атрофидаги аъёнлари орасида бирон доно-билимдон киши йўқ эканини айтгач, Юсуф алайҳис-салом: “У ҳолда ердан чиқадиган ҳосилни йиғиб, омбор-хазиналарда сақлаш ишини менга топширгин, чунки мен келажак етти йил ичида йиғиб-териб олинадиган ҳосилнинг бирон донини ҳам нест-нобуд қилмасдан авайлаб сақлашни ҳам, уларни тўғри тасарруф қилишни ҳам жуда яхши биламан”, деди.
Уламолар ояти каримадаги Оллоҳ таолонинг улуғ пайғамбарларидан бири айтган бу сўзлардан бир неча ҳукмларни олганлар:
Улардан биринчиси, киши агар ўзида бирон амал ёки мансабда адолатни рўёбга чиқариш қобилияти борлигини аниқ билса, ўша мансабга ўз номзодини таклиф этиши дурустдир.
Иккинчиси, мусулмон инсон бирон ғайридин ёки золим подшоҳ берган лавозимда ишлаши ҳам дурустдир. Чунки Юсуф алайҳис-салом ўзи учун хазинабонлик мансабини сўраган вақтида подшоҳ Райён ибнул-Валид Миср фиръавнларидан бири эди. У мазкур воқеалардан анча муддат ўтгач, Юсуф пайғамбарнинг даъватлари ва Ҳақ таолонинг ҳидояти билан иймон келтириб, дунёдан мусулмон ҳолда ўтгани ривоят қилинади.
Учинчи ҳукм, киши танимаган инсонлар уни таниб, баҳолашлари учун ўзида бор бўлган хислат, фазилат, билим-тажрибалари ҳақида тортинмасдан айтиб, ўзини танитиши жоиздир.

56-57. Мана шу тарзда Биз Юсуфга (Миср) заминидан хоҳлаган жойига тушиб ўз ҳукмини ўтказадиган имконият ато этдик. Биз Фазлу Марҳаматимизни Ўзимиз хоҳлаган кишиларга етказурмиз ва чиройли амал қилгувчи зотларнинг ажр-мукофотини зое қилмасмиз. Албатта иймон келтирган ва тақво эгалари бўлган зотлар учун Охиратда ажр-мукофот янада яхшироқ бўлур.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло Юсуф алайҳис-салом мисолида чиройли амал қилгувчи ва тақво эгаси бўлган мўмин бандаларини ҳаёти дунёнинг ўзида ҳам албатта мукофотлаши, Охиратда эса уларга буюк ажр - мангу саодат ато этиши ҳақида хабар беради.
Дарҳақиқат, Юсуф алайҳис-саломнинг ҳаёти ибрат олгувчилар учун буюк ибратдир. У Зот гўдаклик чоғидан оғалари берган озор-азийятларнинг барчасига сабр қилди, аввал кудуқ қаърида, сўнгра зиндонда бошига тушган азобларга чидади, нопок йўлга қадам босмасдан ўз иффатини сақлади ва оқибатда Оллоҳтаолонинг Буюк Марҳаматига сазовор бўлди - қуллик ва асирликдан халос бўлиб, Миср мамлакатининг барча худудларига қўли етадиган, ўзи хоҳлагандек ҳукм юргиза оладиган юксак мақом-мартабага эришди. Мамлакат шоҳи Райён ибнул-Валид Юсуф алайҳис-саломнинг тенгсиз ақлу заковатини, ҳалол-пок ва ниҳоят даражада билимдон инсон эканини кўриб, Миср шаҳрининг ҳокими Қитфийр ўрнига ҳоким қилиб тайинлади ва Қитфийр вафот қилганидан кейин Юсуфни унинг беваси Зулайхога уйлантириб қўйди. Никоҳ кечасида Юсуф Зулайхонинг ёнига кирар экан: “Сен бир вақтлар истаган ҳаром хоҳишдан мана бу ҳалол никоҳяхшироқ эмасми?” деган эди, Зулайхо: “Эй ростгўй Зот, мени маломат қилмагин. Мен ўзинг кўриб турганингдек, гўзал, кўркам аёл эдим, эрим эса аёлларга яқинлаша олмайдиган заиф киши эди, сен бўлсанг, Оллоҳ ато этган тенгсиз ҳусн соҳиби эдинг, шунинг учун нафсим ғалаба қилиб ўша хато йўлга қадам босган эдим”, деди. Маълум бўлишича, Зулайхо ҳали-ҳануз бокира экан Оллоҳтаоло уларга икки фарзанд ато этди.
Қачонки подшоҳ мамлакат ишларининг барчасини Юсуф алайҳис-саломга топшириб қўйгач, у Миср тахтида адолат билан ҳукм юргиза бошлади. Бу ҳақда “Тафсири Бағавий”, “Тафсири Қуртубий” ва бошқа тафсир китобларида шундай ривоят қилинади: Юсуф алайҳис-салом даставвал ишни одамларни Исломга - Танҳо Оллоҳга иймон келтириб, Ёлғиз Унга ибодат қилишга даъват қилишдан бошлади. Одамлар Юсуф алайҳис-саломни ҳақ пайғамбар деб иймон келтирдилар ва ҳар ишда адолат қилишини кўриб эркагу аёлларнинг барчаси у зотни яхши кўриб қолдилар.
Ибн Аббос розияллаҳу анҳумо, Ваҳб, Суддий ва бошқа муфассирлар айтадилар: “Қачонки мўл-кўлчилик йиллари киргач, Юсуф алайҳис-салом барча экинзорларни ўнглаб тузатишни ва деҳқончиликни кенг йўлга қўйишни буюрди. Ҳосил йиғиб-териб олингач, нест-нобуд қилмай ғалла учун махсус курилган улкан омборларга жамлашни амр қилди. Биринчи йили шундай мўл-хосил йиғилдики, тайёрлаб қўйилган хазина-омборларга сиғмай қолди.
Кейин яна кетма-кет олти йил давомида мисли кўрилмаган даражада кўп ғалла йиғилди ва қурилган янги-янги омборларга поя ва бошоқлари билан жамлаб кўйилаверди. Шу тарзда етти йил ўтгач, кутилмаганда қаҳатчилик ва очарчилик бошланди.
Ҳикмат аҳли айтади: “Очарчилик ва қаҳатчиликнинг икки аломати бордир. Биринчиси, киши еб тўймайдиган ва одатдагидан тез қорни очадиган бўлиб қолади, иккинчиси, озиқ-овқат бирдан йўқ бўлиб, уни топиш жуда қийин бўлиб қолади”. Юсуф алайҳис-саломнинг замонида мана шу икки аломат бирданига юзага чиқди. Кунлардан бирида одамлар эркагу аёл, ёшу қари барчаси эрталаб “қорним оч, қорним оч”, деб уйғонадилар. Улар ердилар, аммо ҳеч тўймасдилар. Ҳатто подшоҳнинг ўзи ҳам ярим кечада “Очман, очман”, деб уйғониб кетди. Шунда Юсуф: “Очарчилик йиллари бошланди”, деди ва бутун Миср мамлакатининг аҳолисига: “Энди ҳеч ким экин экмасин, акс ҳолда эккан дони зое бўлиб, ҳеч қандай ҳосил ололмай қуруқ қолади”, деб жар солдирди. У йиллар мана шудай таърифлаб бўлмас даҳшат билан кириб келди.
Қаҳатчилик йилларининг биринчиси тугамасдан одамлар ўтган етти мўл-кўлчилик йилларида уйларига йиғиб-тўплаган бор ғаллаларини еб тугатдилар. Шундан сўнг Миср аҳли қўлларидаги бор нарсаларини бериб Юсуфдан таом сотиб ола бошладилар.
Биринчи йили тўплаган олтин-кумуш ггулларини бериб эвазига таом сотиб олдилар ва мисрликларнинг бор пули Юсуфнинг кўлига ўтди. Иккинчи йили бор зеб-зийнат ва қимматбаҳо тошларини бериб эвазига таом олдилар. Учинчи йили чорва-ҳайвонларини ҳам таомга алмаштириб битирдилар. Тўртинчи йили қул ва чўриларини озиқ овқатга алмаштириб юбордилар. Бешинчи йили уй-жой ва деҳқончилик қиладиган далаларини ҳам таом эвазига Юсуфга бериб юбордилар. Олтинчи йили очликдан ўлмаслик учун одамлар фарзандлари ва аёлларини қул қилиб сотган бўлсалар, еттинчи йили ўзлари ҳам биронталари қолмай Юсуф алайҳис-саломнинг қулларига айландилар. Ҳамма: “Юсуфдан кўра кучлироқ, қудратлироқ бирон подшоҳ йўқ”, дея бошлади. Шунда Юсуф алайҳис-салом Миср подшоҳига: “Роббим менга ато этган бу сир-синоатга нима дейсан? Энди буларнинг барчаси сеникидир, нима қилишни буюрасан?” деган эди, подшоҳ: “Мен ишни сенга топширганман, ўзинг хоҳлаган ишни қилгин, биз эса сенга тобеъмиз. Мен сенга қуллик ва итоат этишдан ор қилмасман. Мени ҳам ўз кул ва хизматкорларингдан бири деб билгин”, деди. Бас, Юсуф алайҳис-салом айтди: “Мен бу инсонларни қул қилиб олиш учун очликдан қутқарганим йўқ, ўзим ҳам уларнинг устига бир бало бўлиш учун бошларига тушган балодан халос қилганим йўқ, мен Оллоҳ таоло гувоҳлигида ва сенинг гувоҳлигингда Миср аҳлининг ҳар бирини кулликдан озод қилдим, барча молу-мулкларини ўзларига қайтардим, сенга ҳам мен кўрсатган йўлда юришинг шарти билан подшоҳлигингни қайтариб бердим”.
Ривоят қилишларича, ўша очарчилик йилларида Юсуф алайҳис-салом бирон марта тўйиб овқатланмас, одамлар: “Бутун Миср ерининг хазина омборлари қўлингда бўла туриб ўзинг оч юрасанми?” деганларида, “Мен агар тўқ юрадиган бўлсам очларни унутиб қўйишдан қўрқаман”, деб жавоб қилар экан. Ўша йилларда очарчилик атроф-жавонибдаги юртларга ҳам тарқалган бўлиб, кўп жойлардан Мисрга озиқ-овқат излаб одамлар кела бошладилар. Миср подшоҳининг хазиналарида озиқ-овқат сероб эканлиги ҳақидаги хабарлар Канъон заминига ҳам етиб боргач, Яъқуб алайҳис-салом ўғилларини ўша тарафга юборди. Қуйидаги оятларда сўз шу ҳақда боради.

58. Юсуфнинг оға-инилари (Мисрга) келишиб, ҳузурига кирганларида, уларни таниди. Улар эса (Юсуф алайҳис-салом)ни танимаган эдилар.
Ибн Аббос розияллоху анхумо айтади: “Оға-инилари Юсуфни қудуққа ташлаб юборганларидан кейин орадан роппа-роса қирқ йил ўтган эди. Шунинг учун улар Юсуф алайҳис-саломни танимадилар. (Қолаверса, улар Юсуфни ўша кудуқ қаърида ҳалок бўлиб кетган деб ўйлар эдилар).
Оға-инилари кириб келганларида Юсуф алайҳис-салом ўзининг таниганини уларга билдирмай: «Сизлар кимсизлар, қаердан келдингиз?», деб сўраган экан. Шунда улар: «Бизлар Шом мамлакатининг Канъон деган юртиданмиз. Ўзимиз чорвадорларданмиз. Озиқ-овқат ахтариб келдик», деб жавоб қиладилар. Юсуф алайҳис-салом: «Эҳтимол, бизнинг юртимизга жосуслик учун келгандирсизлар», дейди. Улар айтадилар: «Оллоҳ сақласин! Бизлар ўзининг энг суюкли боласидан айрилиб ғам-андуҳда қолган бир пайғамбарнинг ўғилларимиз. Бизлар ҳаммамиз ўн икки ўғилмиз. Бу ерга келган ўнтамиз бир ота-онаданмиз. Йўқолган инимиз билан унинг биродари эса бизнинг ота бир, она бошқа иниларимиз бўлади. Ўша инимиз биз билан ўйнаб саҳрога чиққанида йўқолиб қолган эди, шу сабабдан унинг биродарини отамиз бизларга ишонмай ўзи билан олиб қол-ди». Бу сўзларни эшитгач, Юсуф алайҳис-салом аъёнларига уларнинг барча эҳтиёжларини қондиришни амр этади.

59-60. Қачонки (Юсуф алайҳис-салом) уларни керакли нарсалари (озиқ-овқат) билан тўла таъминлагач, деди: “Ўша ота бир бўлган иниларингизни менинг ҳузуримга келтирингиз! Ахир мен (сизларга) энг яхши мезбон бўлиб, (дон-дунларни) тўла қилиб ўлчаб бераётганимни кўрмаяпсизларми? Бас, агар уни менинг ҳузуримга олиб келмасангизлар (яъни, мени алдасангизлар), у ҳолда менинг даргоҳимда сизлар учун бир қадоқ ҳам нарса йўқдир - (овора бўлиб) менинг яқинимга ҳам келмай қўя қолинглар”.
Ўша қаҳатчилик йилларида чор-атрофдан Мисрга озиқ-овқат сотиб олиш учун қўлларидаги бор нарсаларини кўтариб келадиган кишиларни дон-дун билан таъминлашга Юсуф алайҳис-саломнинг ўзи шахсан бош-қош бўлар ва ҳар бир кишига бир йил учун олтмиш соъ (икки юз қирқ килога яқин) дондан ортиқ нарса бермас эди. Аммо қачонки унинг ўн оғаси ўнта туяга миниб ва яна икки туяни етаклаб келишиб, ўз юртларида қолган кекса оталари ва кенжа укалари учун ҳам озиқ-овқат олиб кетмоқ-чи эканликларини айтишганида, Юсуф уларга ўша ўн икки туя кўтаргани-ча дон-дун ортиб берди, ҳамда: “Сўзларингизга қараганда оталарингиз энг кенжа укаларингизни сизларга ишонмай ўзи билан олиб қолибди. Демак, сизлардан кўра уни кўпроқ яхши кўрар экан. Бас, агар менга айтганларингиз рост бўлса, келгуси сафар келганларингизда албатта ўша укаларингизни ҳам ўзларингиз билан бирга олиб келинглар, мен уни бир кўрайин, сўзларингиз ростлигини билайин. Мана, ўзларингиз кўриб турибсизлар, мен сизларни камоли иззат-икром билан меҳмон қилиб, муҳтож бўлган нарсаларингизни ортиғи билан ўлчаб бериб, ҳожатларингизни равон қилмоқдаман, агар яна келганларингизда ўша укаларингизни ҳам ўзларингиз билан олиб келсангизлар, албатта уни ҳам худди мана шундай иззат-икром билан кутиб оламан ва сўраган нарсаларингизни бера-ман. Аммо агар уни олиб келмайдиган бўлсангизлар, яхшиси менинг ҳузуримга яқин ҳам келманглар. Чунки у ҳолда менга айтган барча сўзларингиз ёлғон экани маълум бўлади ва мен сизларга бир қадоқ ҳам нарса бермайман”, деб уларни огоҳлантирди.
Албатта Юсуф алайҳис-саломнинг бу тадбири Оллоҳтаолонинг амри-ваҳийси билан бўлган эди. Чунки акс ҳолда Юсуфдек солиҳ фарзанд отасининг хабарини эшитган заҳоти унинг олдига учиб борган бўлар эди. Аммо Ҳақ субҳонаҳу ва таолонинг Иродаси бошқа бўлди. У Зот севикли пайғамбари Яъқуб алайҳис-салом бошига тушган синов янада комил бўлишини хоҳлади, зотан, У бандалари устида Ўзи хоҳлагандек ҳукм қилур.

61. Улар: “Отасидан у(ни биз билан қўшиб юбориши) ҳақида ўтиниб сўраймиз. Албатта бизлар (сен буюрган ишни) қилгувчимиз”, дедилар.
Яъни, оғалари Юсуф алайҳис-салом уларга кўрсатган иззат-икром ва хайр-саховатдан бениҳоя миннатдор бўлиб, оталари олдига қуруқ қўл билан қайтмаётганларидан шодланиб, шундай огир қаҳатчилик замонида оилалари учун бир йиллик егулик топиб келганларини кўрган Яъкуб алайҳис-саломнинг уларга ишончи ортиб, келгуси сафарларида кенжа укалари Биняминни ҳам улар билан бирга жўнатишга рози бўлишидан умидвор бўлганлари учун Юсуф алайҳис-салом билан хайрлашаётган чоғларида унга: “Албатта биз сен айтган ишни қиламиз, келгуси сафар отамизга ялиниб-ёлвориб йўлини топиб, укамиз Биняминни ҳам бирга олиб келамиз ва ҳузурингда айтган сўзларимизнинг рост эканини исботлаймиз”, деб ваъда қилдилар.

62. (Юсуф алайҳис-салом ўзининг тарозибон) йигитларига: “Уларнинг (донга алмаштириш учун келтирган) нарсаларини юкларининг ичига (қайтариб) солиб қўйинглар. Шояд уйларига қайтган вақтлари-да, у (нарсалари)ни таниб қолиб яна қайтиб келсалар”, деди.
Яъни, Юсуф алайҳис-салом, гарчи оғалари унга: “Албатта биз сен айтган ишни қилгувчимиз”, деб ваъда берган бўлсалар-да, кўнгли хотиржам бўлмай эҳтиёт юзасидан уларни яна Мисрга қайтиб келишга мажбур қиладиган бир йўлни топди - хизматкорларига оғаларининг дон сотиб олиш учун келтирган олтин-кумушларини олиб кетаётган озиқ-овқатлари ёнига билдирмасдан қайтариб солиб кўйишга буюрди.
Юсуфнинг бу тадбири уламолар томонидан турлича тафсир қилинган. Улардан бирида: Юсуф отаси ва оға-инилари ҳақи тўланмаган таомни емасликларини аниқ билгани учун яна қайтиб келсинлар деб уларнинг озиқ-овқат сотиб олиш учун келтирган нарсаларини ўзларига билдирмасдан юклари орасига солиб кўйди, дейилса, яна бирида: Келгуси сафар келганларида таом сотиб олишга ишлатсинлар, деб шундай қилган, дейилади. Айрим муфассирлар: “Юсуф муҳтож отаси ва оға-иниларидан берган таоми учун ҳақ олишни ўзи учун ор деб билган”, дейдилар. Бошқалари эса: “Юсуф алайҳис-салом токи оғалари уйларига борганларида унинг кўрсатган фазлу марҳаматини билишгач, яна қайтиб келишга рағбат қилишларидан умидвор бўлиб улар келтирган нарсаларни қайтариб юборган”, дейдилар. (“Маолимут-танзил”ва “Ал-жомиъли аҳкомил-Куръон” тафсирлари).
“Тафсири Мунийр”да айтилишича, Юсуф алайҳис-салом оғаларидан кенжа укалари Биняминни ҳам ўзлари билан олиб келишларини илтимос қилар экан, албатта Биняминдан ажралиш кекса ва хаста отаси Яъқуб алайҳис-салом учун оғир мусибат бўлишини билган. Эҳтимолки, Ҳақ таоло Ўзининг пайғамбари Яъқубни яна бир бор имтиҳон қилиш - нақадар сабр-бардошли эканини синовдан ўтгазиш учун Юсуф алайҳис-саломга шундай йўл тутишни ваҳий қилгандир.

63. Энди қачонки улар оталарининг олдига қайтиб келишгач, дедилар: “Эй ота, (бундан кейин) бизларга бир қадоқ ҳам (озиқ-овқат) берилмайдиган бўлди. Бас, биз билан бирга инимизни ҳам юборгин. Фақат ана ўшандагина озиқ-овқат ола билар эканмиз. Бизлар албатта уни муҳофаза қилгувчимиз”.
Яъни, улар ўз юртлари Канъонга оталари Яъкуб алайҳис-саломнинг олдига қайтиб келибоқ, келтирган озиқ-овқатларини туяларидан туширишга ҳам сабрлари чидамай Юсуф алайҳис-саломга берган ваъдаларини амалга оширишга киришиб: “Эй ота, биз борган Миср мамлакатининг подшоҳи жуда яхши киши экан. У бизларга шундай иззат-икром кўрсатдики, агар у Яъқуб авлодларидан, яъни, ўзимизнинг туғишган ака-укамиз бўлса ҳам бизни бунчалик иззат-икром қилмас эди”, дедилар. Бу сўзларни эшитиб Яъқуб алайҳис-салом: “Келгуси сафар борганларингда Миср подшоҳига мендан салом айтинглар ва: “Отамиз бизга кўрсатган иззат-икром ва хайр-саховатларинг учун сенинг ҳақингга дуолар қилмоқда”, деб айтинглар деган эди, ўғиллари: “Эй ота, бундан кейин бизларга бир қадоқ ҳам озиқ-овқат берилмайдиган бўлди. Миср подшоҳи иброний тилда сўзлаганимиз учун аввал бизларни жосус деб ўйлади. Шундан кейин биз унга ўзи-миз ҳақимизда сўзлаб, кимнинг фарзандлари эканимизни айтганимиздан ва инимиз Бинямин тўғрисида хабар берганимиздан сўнг у: “Агар келгуси сафар ўша иниларингиз Биняминни ҳам ўзларингиз билан бирга хузуримга олиб келмасангизлар, яъни, мени алдаган бўлсангизлар, у ҳолда менинг даргоҳимда сизлар учун бир қадоқ хдм нарса йўқдир, овора бўлиб яқинимга ҳам келмай қўя қолинглар”, деди. Шунинг учун агар яна Мисрга борадиган бўлсак, инимизни ҳам биз билан юборгин, бизлар уни албатта эҳтиёт қилиб, ҳифзу ҳимоямизда сақлаймиз”, дейишди. (“Тафсири БағавшГдан).

64. (Яъкуб) деди: «Мен уни сизларга ишонмайман. Магар илгари унинг биродарини ишонганимдек ишонаман (яъни, ўшанда ҳам менга берган ваъдаларингизга хиёнат қилган эдингиз. Бас, бу сўзларингизга қандоқ ишонай? Лекин мен Ёлғиз Оллоҳнинг сақлашига ишонаман, холос). Зотан, Оллоҳ энг яхши Сақлагувчидир ва У Зот меҳрибонларнинг Меҳрибонрогидир».
Ояти карима “Ал-муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобида шундай тафсир қилинади: Яъқуб алайҳис-салом ўғиллари унга: “Биняминни биз ўз ҳифзу ҳимоямизда сақловчимиз, уни ҳам биз билан бирга Мисрга юборгин”, деганларида уларга айтди: “Сизлар Биняминнинг акаси Юсуф ҳақида ҳам худди мана шу сўзларни айтган эдингиз, сўнгра қилар ишларингизни қилдингиз. Бас, энди мен сизларнингўзингизга ҳам, сўзингизга ҳам ишона олмайман. Балки мен Ёлғиз Оллоҳга ишонурман, Унинг Ўзига суянурман, бас, барча ишни Оллоҳ таолога топширурман. “Зотан, Оллоҳ энг яхши Сақлагувчидир ва У Зот меҳрибонларнинг Меҳрибонроғидир”. Яъни, сизларнинг ҳимоянгиздан Оллоҳ таолонинг ҳифзу ҳимояси яхшироқдир, чунки У энг Меҳрибон Зотдир. Шояд, У Ўз Фазлу Марҳамати билан кенжа фарзандимни ҳифзу ҳимоясида сақлар ва Юсуфдан жудо бўлиш билан бошимга тушган мусибат устига яна бир мусибат қўшмас”. Яъқуб алайҳис-саломнинг бу сўзларидан кўнглида кенжа ўғли Биняминни оғалари билан Мисрга юборишга мойил экани сезилади. У бу ишда қаҳатчилиқцан ниҳоят даражада қийналган оиласи учун манфаат борлигини билгани, қолаверса, унга оғалари Биняминга Юсуфга ҳасад қилганлари каби ҳасад қилмасликлари маълум бўлгани ва энг муҳими, Ёлғиз Оллоҳга таваккул қилгани сабабли ўғилларининг раъйини қайтармади.

65. Қачонки улар (олиб келган) юкларини очиб кўришгач, (озиқ-овқатга алмаштириб келиш учун олиб борган) нарсалари қайтариб юборилганини кўриб, дедилар: “Эй ота, (ахир бу) биз истаган нарсаку! Мана, олиб борган нарсаларимиз ўзимизга қайтарилибди. (Энди сен бизларга инимизни ҳам қўшиб юборсанг), яна оиламизга озиқ-овқат келтирурмиз, инимизни муҳофаза қилиб (бориб келурмиз) ва (унинг учун ҳам) бир туя юкни ортиқроқ олурмиз. Анави (биз келтирган озиқ-овқат эса) озгина нарсадир”.
Яъни, ўғиллари Яъқуб алайҳис-саломга сафар таассуротлари ҳақида сўзлаб, Юсуф алайҳис-салом уларга кўрсатган иззат-икром ва мурувватни таърифлаш билан бирга унинг қўйган шартини - келгуси сафар фақат укаларингиз Биняминни ҳам бирга олиб келсаларингизгина мендан озиқ-овқат оласизлар, деганини ҳам айтиб беришганидан кейин келтир-ган юкларини туяларидан тушириб оча бошладилар ва юклар орасида озиқ-овқат сотиб олиш учун олиб борган нарсалари ҳам турганини кўриб: “Эй ота, мана Миср подшоҳи озиқ-овқат харид қилиш учун олиб борган тангаларимизни ҳам юкларимизга қўшиб қайтариб юборибди. Бизга ҳеч ким қила олмайдиган шунча иззат-икромлар кўрсатиб, яна устига сўраб борганимиз озиқ-овқатларни ҳам ҳақ олмасдан эҳсон қилиб юборган ки-шидан ҳам саховатлироқ ким бор? Биз бундан ортиқ яна нима истаймиз? Ҳеч шак-шубҳа йўқки, агар биз иккинчи марта укамиз Биняминни ҳам ўзимиз билан бирга олиб борадиган бўлсак, - уни кўз қорачиғимиздек асраб-авайлаймиз, ҳеч хавотир олмагин - у ҳолда албатта туяларимиз кўтарганча озиқ-овқат олиб келамиз ва Бинямин учун яна бир туя юкни кўпроқ келтирамиз. Чунки Миср подшоҳи егулик сўраб борган ҳар бир киши учун бир туя озиқ-овқат беради, ундан кўпайтирмайди ҳам, озай-тирмайди ҳам. Шунинг учун укамиз билан бирга яна бир марта Мисрга бориб келишимизга ижозат бергин. Ахир анави келтирган дон-дунимиз барибир бизнинг катта оиламиз учун озлик қиладику”, дедилар.

66. (Яъқуб) айтди: «Агар (қароқчилар ё бошқа тўсиқларга дуч келиб) мағлуб бўлиб, ҳалокатга учрамасангизлар, албатта уни (Биняминни) менинг олдимга келтиришингиз ҳақида Оллоҳ номидан васиқа келтирмасангизлар, (яъни, Оллоҳ номига қасам ичмасангизлар) уни ҳаргиз сизлар билан бирга юбормасман». Энди қачонки (ўғиллари) унга ўз аҳд-паймонларини беришгач, (Яъқуб): «Бу айтаётган сўзларимизга Оллоҳ Вакил-Гувоҳдир», деди.
Албатта, Яъқуб алайҳис-салом ўғилларидан бу қадар қаттиқ қасам ичишларини талаб қилишга ҳақли эди. Чунки аввал ўғиллари Юсуфни даштга олиб чиқиш учун рухсат сўраганларида уларнинг қуруқ сўзларига ишониб бир марта оғзи куйган ва бунинг учун ҳали-ҳанузгача қаттиқ афсус-надоматда эди. Шу боисдан ўғиллари ундан кенжа ўғли (Юсуфнинг туғишган укаси) Биняминни ҳам улар билан бирга Мисрга боришига рухсат беришини сўраганларида, улардан агар қиладиган сафарларида бошларига бирон бало-мусибат тушиб ҳалок бўлиб кетмасалар ёки ўтиб бўлмайдиган бирон тўсиққа дуч келиб ҳаммалари қолиб кетмасалар, албатта Биняминни унинг олдига соғ-омон олиб келишга Оллоҳ таолонинг номи билан аҳд-паймон қилишларини талаб қилди ва агар шундай қасамёд қила олмасалар, ҳаргиз Биняминни улар билан юбормаслигини айтди. Энди қачонки ўғиллари худди Яъқуб улардан талаб қилганидек Оллоҳ номига қасамёд билан аҳд-паймон беришгач, уларни: “Мана шу айтаётган сўзларимизга, яъни, қилган қасамёдингизга Оллоҳ таолонинг Ўзи Гувоҳдир. Бас, агар сизлар берган аҳд-паймонларингизга вафо қилсангизлар, У Зот сизларни энг гўзал мукофот билан мукофотлайди, аммо агар аҳдга вафо қилмай хиёнат кўчасига кирадиган бўлсангизлар, албатта У сизларни энг қаттиқ жазо билан жазолаши аниқ”, деб огоҳлантирди.

67. (Сўнг уларни сафарга кузатар экан), айтди: «Эй ўғилларим, (Мисрга) бир дарвозадан кирманглар, бошқа-бошқа дарвозалардан киринглар! Мен сизлардан Оллоҳнинг бирон (ҳукмини) қайтара олмайман. Ҳукм Ёлғиз Оллоҳнинг Ҳукмидир. Мен фақат У Зотнинг Ўзига таваккул қилганман - суянганман. Таваккул қилгувчилар Унинг Ўзигагина таваккул қилсинлар - суянсинлар!».
Яъқуб алайҳис-саломнинг ўғилларига қилган бу насиҳати, аксари му-фассирлар айтишларича, эҳтиётан, уларга одамларнинг кўзлари тегмасин, деган мақсадда айтилган эди. Чунки улар ҳусну жамолда тенгсиз Юсуф алайҳис-саломнинг оға-инилари - гўзал ва баркамол йигитлар эдилар. Шунинг учун оталари агар барчалари шаҳарга бир дарвозадан бир вақтда кирадиган бўлсалар, кўрганларнинг суқи кирмасин, деб, Мисрга кирадиган тўрт дарвозадан бўлиниб-бўлиниб киришлари лозимлигини уқтирди.
Кўз тегиши бор нарса эканлиги Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисларда ҳам айтилгандир.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Кўз ҳақдир”, дедилар. Яна бир ҳадисда: “Кўз кишини қабрга, туяни қозонга туширади”, деб огоҳлантирганлари айтилади. Демак, кўздан, назардан эҳтиёт бўлиш Шариати Исломийяда буюрилган ишлардандир. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнингўзлари ҳам набиралари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумога паноҳ сўраб: “Мен Оллоҳнинг том-комил Сўзлари билан сизларга ҳар қандай жин ва зараркурандадан, барча суқ назарлардан паноҳ сўрайман”, деб дуо қилар ва: “Иброҳим ҳам ўғиллари Исмоил ва Исҳоққа, (барчаларига Оллоҳнинг салавот ва саломи бўлгай), мана шундай паноҳ сўрар эди”, дердилар. (Бухорий, Насоий ва Ибн Можжа Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят ҳилишган).
“Танвирул-азҳон” ва “Тафсири Мунийр”да Оиша ва Уббода ибн Сомит розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Уббода айтди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига эрталаб кирганимда қаттиқ оғриётган эдилар. Кечки пайт кирганимда эса у зотни соппа-соғ ҳолда кўрдим. Айтдиларки: “Ҳузуримга Жаброил алайҳис-салом келиб менга дам солиб кетди. У деди: “Мен сизга барча ёмонликдан ва ҳасадгўй кўздан паноҳ беришини сўраб Оллоҳнинг Исми билан дам солурман, Оллоҳ Сизга шифо берур”. Бас, маълум бўладики, ҳар қандай иш, жумладан, бировга ёмонлик етиши ёки кўз тегиши ҳам, Ёлғиз Оллоҳнинг Ҳукми - Иродаси билан бўлади, демак, уни дафъ қилиш, паноҳ бериш ҳам Ёлғиз Унинг Қўлидадир. Шу боисдан Яъқуб алайҳис-салом ҳам ўғилларига эҳтиёткорлик чораларини кўришни буюрар экан: “М[ен сизлардан Оллоҳнинг бирон (ҳукмини) қайтара олмайман. Ҳукм Ёлғиз Оллоҳнинг Ҳукмидир. Мен фақат У Зотнинг Ўзига таваккул қилганман - суянганман. Барча таваккул қилгувчилар Унинг Ўзигагина таваккул қилсинлар - суянсинлар!” деди.

68. (Қачонки Юсуфнинг оға-инилари) оталари буюрган тарафлардан (Мисрга) кирганларида бу ишлари улардан Оллоҳнинг бирон ҳукмини қайтаргувчи бўлмади. (Бу) фақат Яъқубнинг дилидаги (фарзандларига нисбатан меҳр-шафқатдан пайдо бўлган) бир эҳгиёж эдики, у ўша (эҳтиёжи)ни қондирган эди, холос. Зотан, у Биз (ваҳий орқали) берган таълимимиз сабабли (чуқур) билим соҳибидир. Лекин одам-ларнинг кўпи (буни) билмайдилар.
Яъни, дарҳақиқат, Юсуф алайҳис-саломнинг оға-инилари оталари Яъқуб алайҳис-салом буюрганидек, шаҳарнинг турли дарвозаларидан ки-ришлари улардан Оллоҳтаолонинг бирон ҳукмини дафъ қила олгани йўқ. Оталари уларни қанчалар эҳтиёт қилмасин, барибир Оллоҳ таоло ирода қилган иш бўлди - гарчи улар Мисрга эҳтиёт чораларини кўриб бешикаст, тўкис-тугал ҳолда кирган бўлсалар-да, у ердан кенжа укалари Биняминни Юсуф алайҳис-салам ҳузурида қолдириб чиқиб кетишга мажбур бўлдиларким, бу воқеа тафсилоти қуйидаги оятларда баён қилинади.
Ояти каримада таъкидланганидек, албатта, Яъқуб алайҳис-салом Ҳақ таоло у Зотга ваҳий орқали берган таълими боис ҳақиқий билим соҳиби бўлгани учун ҳеч қандай тадбир тақдирни ўзгартира олмаслигини жуда яхши билар эди. Демак, унинг фарзандларини олис сафарга кузатар чоғида уларга ўргатган тадбири ҳам бир тарафдан оталик меҳр-шафқати сабабли бўлса, бошқа тарафдан бу ишнинг оқибат-натижаси қандай бўлишини Ёлғиз Оллоҳ таолонинг тақдир ва Иродасига топшириб, “Эҳтиёткорликни маҳкам тутинглар!” (Нисо сураси, 102-оят) деган Амри Илоҳийга бўйсинган ҳолда айтилган бир сўз эди. Зотан, бандаларнинг вазифаси, қандай иш бошламасинлар, қўлларидан келганча унинг чора-тадбирига киришиб, асбоб-анжомини пухта қилиб, сўнгра бу ишнинг нати-жаси қандай бўлиши Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Иродасига боғлиқ эканига аниқ ишонишдир ва Жаноби Ҳақдан бошлаган ишларининг оқибатини хайрли қилишини сўраб дуо-илтижода бўлишдир. Аммо кўп одамлар мана шу ҳақиқатни билмайдилар.
Ояти каримада Ҳақ таоло бандаси Яъқуб алайҳис-саломни “билим соҳиби” деб шарафлайди. Суфён бу иборани: “Яъқуб билган илмига амал қилгувчидир. Чунки билганига амал қилмаган кимса олим эмас”, деб тафсир қилган. (“Маолимут-танзил” тафсиридан).

69. Қачонки улар Юсуфнинг ҳузурига кирганларида, у инисини бағрига босиб: “Мен сенинг оғангман. Энди улар (яъни, оғаларимиз) қилгувчи бўлган нарса (яъни, уларнинг ўтмишда қилган ҳасад-адоватлари)дан ғам чекмагин”, деди.
“Жомиул-баён”, “Маолимут-танзил” ва бошқа тафсирларда шундай ривоят қилинади: Оғалари Юсуф алайҳис-саламнинг қасрига киришгач, унга Биняминни кўрсатиб: “Мана бу кенжа укамиз бўлади, уни ҳам хузурингга олиб келдик”, деган эдилар, Юсуф: “Жуда чиройли ва тўғри иш қилибсизлар, албатта мен бу ишларингиз учун сизларга ўз миннатдорчилигимни билдирурман”, деди ва уларни иззат-икромларини ўрнига кўйиб, зиёфатга чорлади. Улардан ҳар икки кишига алоҳида дастурхон ёзилган эди. Бинямин ёлғиз ўзи қолиб кўзларига ёш келди ва: “Агар оғам Юсуф ҳаёт бўлганида, албатта мен у билан бирга ўтирар эдим”, деди. Шунда Юсуф: “Иниларингиз ёлғиз қолибди у билан мен бирга ўтира қолай”, деди-да, укасини ўзи меҳмон қила бошлади. Ётар пайти бўлгач, оға-ларига қараб: “Ўн киши экансизлар. Сизлар учун икки кишилик хоналар тайёрлаб кўйилди, иккита-иккитадан бўлиб ўша хоналарда тунайсизлар. Мана бу иниларингиз ёлғиз экан, у менинг хонамда тунайди”, деди. Бас, қачонки Юсуф бир туғишгани Бинямин билан ёлғиз қолгач, уни бағрига босиб, хуш бўйини тўйиб ҳидлади ва ундан отаси ҳақида ва оиласи тўғрисида сўради. Бинямин: “Ўн ўғлим бор, улардан ҳар бирига йўқолган оғам Юсуфнинг исмига ўхшаш исмлар қўйганман”, деган эди, Юсуф алайҳис-салом: “Истайсанми, ўша ҳалок бўлган оғангнинг ўрнига мен сенга оға бўлай”, деди. Бинямин: “Сендек оғани ҳеч ким топа олмайди-ку, аммо сен отам Яъқуб ва Онам Роҳийлнинг фарзанди эмассанда”, деди. Шунда Юсуф йиғлаб юборди, ўрнидан туриб укасини қучоқлади ва: “Мен сенинг оғанг Юсуфман. Энди сен оғаларимиз ўтмишда қилган ҳасад-адоватларидан асло ғам чекмагин. Оллоҳнинг Ўзи бизга марҳамат кўргузиб соғ-саломат юз кўриштирди. Аммо бу сўзларимни оғаларимизга билдирмагин”, деди.
Каъб айтади: “Қачонки Юсуф Биняминга: “Мен сенинг оғангман”, дегач, Бинямин: “Энди мен сендан ҳеч қачон ажралмайман”, деди. Унинг бу сўзларини эшитган Юсуф: “Сен Отамиз мени йўқотиб кўйганида қандай ғам-кулфатда қолганини биласанку. Энди мен сени ҳам ўзим билан олиб қолсам унинг ҳоли нима бўлади? Қолаверса, сени бу ерда олиб қолиш учун мен сенинг бўйнингга жуда оғир бирон жиноятни қўйишим керак бўлади”, деган эди, Бинямин: “Сен мени қандай жиноятда айбласанг ҳам парво қилмайман. Нима бўлганда ҳам энди мен сендан бир қадам ҳам ажралмайман”, деди. Юсуф айтди: “У холда мен ўзим ишлатадиган қиммат баҳо қадаҳни сенинг туянгдаги юкнинг ичига солдириб кўяман, сўнгра қайтар чоғларингизда қадаҳим ўғирлангани ҳақида жар солдираман. Фақат мана шу йўл билангина мен сени йўлдан тўхтатиб, ўзим билан олиб қолишим мумкиндир”.
Бинямин: “Шундай қила қолгин”, деди.

70. Бас, қачонки (Юсуф) уларни керакли нарсалари билан таъминлагач, инисининг юки орасига (билдирмай ўзининг) қадаҳини солиб қўйди. Сўнгра эса жарчи: «Эй карвон эгалари, (тўхтанглар), аниқки, сизлар ўғрисизлар», деб жар солди.
Албатта, Юсуф алайҳис-салом укаси Биняминни ўзининг ёнида олиб қолиш учун қўллаган бу тадбир - укасининг юки орасига ҳеч кимга билдирмай ўзига тегишли бўлган қадаҳни солдириб кўйиши, сўнгра бегуноҳ одамлар ўғриликда айбланиб, кетаётган йўлларидан қайтариб саройга олиб келиниши ва шу баҳона билан Бинямин оғаларидан ажралиб Мисрда қолиб кетиши сабабли Яъқуб алайҳис-салом бошига ғам-кулфат тушиши - бу ишларнинг барчаси Юсуфнинг ўзи ўйлаб топган ҳийла эмас, балки Оллоҳ таоло томонидан ваҳий қилинган бир ҳикматли тадбир эдики, бу ҳақда қуйидаги оятлардан бирида Жаноби Ҳақ: “Биз Юсуфга мана шундай ҳийла-тадбирни билдирдик”, деб очиқ айтди. (76-оят).
Барча нарсани Билгувчи, ҳар бир иши Ҳикмат бўлган Ҳақ таоло мазкур тадбирда Юсуф ва Бинямин учун ҳам, оғалари учун ҳам, оталари Яъкуб алайҳис-салом учун ҳам манфаат ва хайрият борлигини билгани учун ушбу ҳийлани Юсуф алайҳис-саломнинг қалбига солди.
Айрим уламолар: “Юсуфнинг оғаларига гарчи мазкур воқеада айбсиз бўлсалар-да, “Аниқки, сизлар ўғрисизлар”, деб хитоб қилиниши бежиз эмаслигини, балки улар бу воқеалардан қирқ йил муқаддам отадан болани ўғирлаганлари - Яъкуб алайҳис-саломни севикли фарзандидан жудо қилганлари учун ҳам ўша ўғирланган фарзанд - Юсуф алайҳис-саломнинг ўзи уларни: “Аниқки, сизлар ўғрисизлар”, деб айблашга ҳақли эди”, дейдилар.

71.    (Жарчилар карвон ортидан етиб келишгач, карвондагилар) уларга боқиб: «Нима йўқотдингизлар?», дедилар.
Юсуфнинг оға-инилари уларнинг ортларидан қувиб келиб: “Аниқки, сизлар ўғрисизлар”, деган жарчиларга: “Нималарингиз ўғирланди?” демасдан: “Нима йўқотдингизлар?” дейиш билан ҳали айби исботланмаган кишиларга ўғрилик нисбатини бериш инсоний муомала одобига тўғри келмаслигини англатмоқчи бўлдилар ва дарҳақиқат, карвон эгаларининг бу сўзлари подшоҳ одамларига таъсир қилди, уларнинг муомала йўсинлари ўзгариб, юмшоқ сўзлай бошладилар. (“Ал-муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобидан).

72.    Улар айтдилар: «Подшоҳнинг қадаҳини йўқотдик. Уни келтирган кишига бир туя юк (мукофотдир). Мен бунга кафилман».
Карвон аҳлининг саволига уларнинг ортидан етиб келиб тўхтатган подшоҳ одамларидан бири - подшоҳнинг жарчиси жавоб қилиб, подшоҳнинг нарсаси ўғирланди ёки уни сизлар ўғирлагансизлар, демади, балки: “Подшоҳимизнинг кумушдан ясалган, чети гавҳарлар билан зийнатланган бир қимматбаҳо қадаҳи йўқолиб қолди. Ана ўша қадаҳни ким бизни тафтиш қилишга мажбур этмасдан ўз ихтиёри билан топширса, унга бир туя кўтаргудек микдорда дон мукофот қилиб берилади. Мен ўша қадаҳни бизга келтирган кишига айтилган мукофот албатта берилишига кафилман”, деди.

73.    Улар дедилар: “Оллоҳга қасамки, (биз ўғри эмасмиз). Ахир биз бу ерга бузғунчилик қилиш учун келмаганимиз сизларга аниқ маълум-ку! Биз ҳеч қачон ўғрилик қилган эмасмиз”.
Дарҳақиқат, Юсуфнинг оғалари тўғри ва ҳалол кишилар эканликлари Миср аҳлига ҳам маълум бўлиб қолган эди. Чунки улар ҳеч қачон бировнинг ҳаққини емас, ўзгаларга бирон зиён етказмас эдилар. Ҳатто Мисрга кирар эканлар, бировларнинг экинзорларидан ўтлаб қўймасин, деб туяларининг оғизларига халта кийдириб қўяр эдилар. Қолаверса, Мисрга қилган биринчи сафарларида дон-дун сотиб олиш учун олиб келган тангаларини Юсуф алайҳис-салом уларга билдирмай юкларининг ичига со-либ қўйганида уйларига қайтиб борганларидан кейин топиб олиб, мана бу иккинчи сафар келишларида ўша топиб олган тангаларини ҳам қайтариб олиб келган кишилар бировнинг нарсасига кўз олайтиришлари ҳеч ақлга сиғмайдиган иш эди. Шунинг учун ҳам уларни ўғри деб гумон қилганларида ниҳоят даражада ҳайратга тушдилар ва: “Ё Оллоҳ, наҳотки сизлар бизни бировнинг нарсасини ўғринча олади деб ўйласангизлар?! Худо ҳаққи биз бу ерга бузгунчилик - ўғрилик қилиш учун келмаганмиз. Биз илгари ҳам ҳеч қачон ўғрилик қилган эмасмиз!” дедилар.

74.    “Агар ёлғончи бўлиб чиқсангизлар, у ҳолда (ўғрининг) жазоси нима бўлур?” дедилар (жарчилар).
Яъни, подшоҳнинг одамлари карвон эгаларидан: “Агар сизларнинг: “Биз ўғри эмасмиз”, деган сўзларингиз ёлғон экани маълум бўлиб қолса ва ўғирланган қадаҳ юкларингиз ичидан чиқиб қоладиган бўлса, у ҳолда айтинглар-чи, сизларнинг шариатингизда ўғрига қандай жазо берилади?” деб сўраган эдилар, -

75.    Улар дедилар: “Унинг жазоси, ўша (ўғирланган нарса) кимнинг юки орасидан топилса, бас, ана ўша кимса (ушланиб қул қилиниши) унинг жазосидир. Бизлар (бировнинг молини ўғирлаш билан ўзгаларга) зулм қилгувчи кимсаларни мана шундай жазолаймиз”.
Юсуфнинг оғалари ўзларининг ўғрилик иллатидан пок эканликларига тўла ишонганлари учун ва Юсуф алайҳис-салом томонидан қилинган тадбирдан тамоман бехабар ҳолда ўзларининг шариатларидаги, яъни, Иброҳим алайҳис-саломдан бошлаб Яъқуб алайҳис-саломгача амал қилиб келган шариатдаги ўғрилик қилган кимсага бериладиган жазо нима эканини айтиб бердилар. Дарҳақиқат, уларнинг қонунларида ўғри кимнинг молини ўғирлаган бўлса, ўша кишига бир йил қул қилиб берилар эди. Миср подшоҳининг ҳукмида эса ўғри дарраланиб, ундан ўғирланган нарсасининг икки баробар қийматида жарима ундириб олинар ва қўйиб юборилар эди. Юсуф алайҳис-салом укаси Биняминни ўзининг ёнида олиб қолиш учун ҳам йўқолган қадаҳ кимнинг юкидан чиқадиган бўлса, уни дарраламасдан, жарима солмасдан, аксинча, Яъқуб алайҳис-саломнинг шариатига биноан тутқин қилиб, Мисрда олиб қолишни кўзлаб оғаларидан ўз юртларида жорий бўлган қонун ҳақида сўратган эди. Қачонки улар айтиб беришгач, йўлларидан қайтарилиб саройга олиб келиндилар ва Юсуф алайҳис-саломнинг кўз ўнгида уларнинг юклари тафтиш қилина бошлади.

76. Бас, (Юсуф алайҳис-саломнинг хизматкори ахтаришни) унинг биродари (Бинямин)нинг идишидан илгари уларнинг (яъни, бошқа оға-иниларининг) идишларидан бошлади. Сўнгра уни (Юсуфнинг) биродари идишидан “топиб” олди. Юсуф учун Биз мана шундай ҳийла-тадбир қилдик. (Чунки Миср) подшоҳининг динида у биродарини (ўғрилик қилгани учун қул қилиб) олиб қола олмас эди. Магар Оллоҳнинг хоҳиши билан (мазкур ҳийла-тадбир воситасидагина олиб қолди). Биз Ўзимиз хоҳлаган кишиларни (юксак) даражаларга кўтарурмиз. Ҳар бир илм соҳибининг устида (ундан устунроқ) билимдон бордир.
Қатода айтади: “Бизга зикр қилинишича, Юсуфнинг хизматкорлари тафтиш қилишни оға-иниларнинг каттасидан бошлади. Юсуф алайҳис-салом ҳар бир оғасининг юки очилиб текширила бошлаганида уларни ноҳақ тафтиш қилаётгани учун Оллоҳ таолодан мағфират сўрар эди. То қачон навбат Биняминнинг юкини тафтиш қилишга етиб келганида у: “Мен бу йигит қадаҳни олган деб ўйламайман”, деди. Аммо оғалари: “Оллоҳга қасамки, то унинг юкини ҳам текширмагунингча биз бу ердан кетмаймиз. Чунки фақат мана шундагина сенинг дилинг ҳам, бизнинг дилимиз ҳам ёруғ бўлади”, дейишди. Шунда хизматкорлар Биняминнинг юкини очиб, ундан қадаҳни олдилар. Бу ҳолни кўриб Юсуф оғаларининг бошлари ҳаёдан ерга эгилди. Улар Биняминга қараб ўз тилларида: “Эй Роҳийлнинг боласи, нима иш қилиб қўйдинг-а?! Сен бизни шарманда қилиб, юзимизни ерга қаратдингку! Эй ўғри, подшоҳнинг қадаҳини ўғирлашга сени нима мажбур қилди? Сенинг оғанг Юсуфдан ҳам бошимизга бало келган эди, мана энди сен ҳам бошимизни балога кўйдинг, қачон сенларнинг ёмонликларингдан қутуламиз-а?!” деган эдилар, Бинямин: “Йўқ, ундоқ эмас, аксинча доим Роҳийл (Юсуф ва Биняминнинг онаси)нинг болалари бошига сизлар бало келтирасизлар. Оғамни олиб кетиб сахрода ҳалок қилган ҳам сизларку! Мен ўғри эмасман. Эҳтимол, бу қадаҳни менинг юким орасига ўтган сафар келганларингизда сизларнинг юкларингиз орасига келтирган тангаларингизни солиб кўйган киши солиб қўйгандир”, деди. Шундай қилиб Бинямин Мисрда қул қилиб олиб қолинадиган бўлди. Ҳақ таоло айтади: “Юсуф учун Биз мана шундай ҳийла-тадбир қилдик”. Ушбу Илоҳий тадбир бундан қирқ йил муқаддам Юсуфнинг оғалари унга қарши қилган ҳийланинг жазоси эди. Ўшанда Яъқуб алайҳис-салом унга кўрган тушини айтиб берган суюкли фарзанди Юсуфга: “Эй ўғилчам, бу тушингни ҳаргиз оғаларингга сўзлай кўрма, токи улар сенга қарши бирон ҳийла қилмасинлар”, деб уни огохдантирган эди. (5-оят). Аммо бу туш мазмунидан хабардор бўлиб қолган оғалари Юсуфга қарши турли ҳийлалар қилиб, унинг бошига қандай кулфат-балолар солишгани сурайи карима оятларида баён қилинди. Мана энди вақти келиб Ҳақ таоло солиҳ бандаси Юсуф учун шундай тадбир қилдики, натижада Оллоҳтаолонинг Хоҳиш-Иродаси билан Бинямин Миср мамлакатида жорий бўлган қонун билан эмас, балки Яъқуб алайҳис-саломга буюрилган шариатда амал қилинадиган қонун билан Юсуф алайҳис-салом ёнида қоладиган бўлди. Энг ажабланарлиси, Юсуф учун жуда ёқимли бўлган бу ҳукмни у эмас, балки унинг оғалари чиқардилар. Юқоридаги икки оятда айтилганидек, улардан ўғрининг жазоси нима бўлур, деб сўралганида, ўзлари ўғрининг жазоси шуки, у кимнинг нарсасини ўғирлаган бўлса, ана ўша кишига қул қилиб берилур”, деган эдилар. Худди мана шу сўзлари сабабли улар ўз қўллари билан Биняминни Юсуф ҳузурида қолдириб кетишга мажбур бўлдилар, яъни, бу можарода ҳам Юсуфнинг кўли баланд келди, Зотан, Оллоҳ таоло мартабасини баланд қилиб қўйган кишини ҳеч ким оёқ ости қила олмайди. Ҳақ таолонинг: “Биз Ўзимиз хоҳлаган кишиларни (юксак) даражаларга кўтарурмиз”, деган Сўзи мана шу ҳақиқатни баён қилади.
“Ҳар бир илм соҳибининг устида (ундан устунроқ) билимдон бордир”. Ибн Аббос розияллоху анхумо ушбу Илоҳий жумлани барча билим-донлар устида Танҳо Билгувчи Зот - Оллоҳ таоло бордир, деб тафсир қилади. Яъни, илм тубсиз денгиз ва чексиз осмон каби бепоёндир, унинг чек-чегарасини фақат Бир Билгувчи билади, Ундан ўзга ҳеч ким барча нарсани билмайди. Бас, бирон бир соҳада билим ва тажрибага эга бўлган киши ҳеч қачон: “Бу фанни ҳеч ким мендан яхшироқ билмайди”, деб ўзидан кетмаслиги керак. Чунки албатта ундан билимдонроқ, яъни, Оллоҳ таоло ундан кўра баландроқ даражага кўтарган кишилар чиқиб қолиши мумкин.
Демак, илм соҳиби бўлган инсон, агар у чиндан ҳам илм соҳиби бўлса, бир умр Ҳақтаолонинг: “Сизларга жуда оз илм берилгандир”. (Ал-Исро сураси, 85-оят) деган Сўзини ёдидан чиқармаслиги ҳамда: “Эй Пок Парвардигор, биз фақат Сен бизга билдирган нарсаларнигина биламиз. Албатта Сен Ўзинг Илм ва Ҳикмат Соҳибисан”. (Бақара сураси 32-оят) деб нидо қилган малоикалардан ибрат олиши лозимдир.
Ўрганаётганимиз ояти карима Юсуф алайҳис-салом мисолида илм исташ, олим бўлиш энг олий мартаба ва юксак даража эканига ҳамда Жаноби Ҳақ Ўзи севган бандаларини илм ва ҳикматда ана шундай юксак даражаларга кўтариши ҳақ эканига далолат қилади.

77. Улар: «Агар бу (Бинямин) ўғрилик қилган бўлса (эҳтимол, чунки) илгари унинг биродари (Юсуф) ҳам ўғрилик қилган эди», дедилар. Бас, Юсуф (оғалари айтган бу сўзларни) ичига ютиб, уларга билдирмади. Ва: (ўзича) «Сизлар (мен ва укамдан кўра) ёмонроқ - тубанроқ мартабададирсизлар. Оллоҳ сизлар айтаётган нарсани Билгувчироқдир», деди.
Табарий, Қуртубий, Бағавий ва бошқа муфассирлар ўз тафсирларида нима сабабдан Юсуфнинг оғалари уни ўғрилик қилганликда айблаганлари хусусида турли ривоятларни келтирганлар: Саид ибн Жубайрдан ривоят қилинишича, Юсуф гўдаклик чоғида онаси Роҳийл унга: “Сен бобонг (Роҳийлнинг отаси ҳақида сўз боради) сиғинадиган бутни унга билдирмасдан олгинда, синдириб ташла. Зора у бутпарасликни тарк этса”, деганида Юсуф ўша бутни яширинча олиб чиқиб майдалаб ахлатхонага ташлаб юборган эди. Оғалари мана шу ишни ўғрилик демоқчи бўладилар.
Муҳаммад ибн Исҳоқ, ибн Жарир ва бошқалар Мужоҳиддан ривоят қилишларича эса, Юсуфнинг онаси Роҳийл вафот қилганидан кейин уни аммаси (Исҳоқ алайҳис-саломнинг катта қизи, Яъкуб алайҳис-саломнинг опаси) уйига олиб кетади ва унга меҳр қўйиб тарбиялай бошлайди. Аммо орадан бир оз вақт ўтгач, суюкли фарзандини соғиниб Яъқуб алайҳис-салом келади ва: “Опажон, Юсуфни ўзимга қайтариб бергин, Оллоҳга қасамки, мен усиз бир соат ҳам тура олмайман”, деб ялиниб-ёлворади. Бу сўзни эшитганидан сўнг Юсуфни жондилидан яхши кўриб қолган опаси Яъкубга: “Уни яна бир неча кун менинг олдимда қолдиргин, унга тўйиб, кўнглим бир оз таскин топсин, кейин олиб кетаверасан”, дейди-ю, Яъкуб кетгач, Юсуфни унга бериб юбормаслик йўлини излай бошлайди ва топади ҳам: унга отаси Исҳоқ алайҳис-саломдан бир камар мерос бўлиб қолган эди, (уларнинг шариатида вафот қилган кишининг хос буюми унинг ўғил ёки қизлигидан қатъий назар катта фарзандига қолар эди). У аёл ўша камарни яшириб қўйган жойидан олади-да, Юсуфнинг белига кийимлари ичидан тақиб қўяди. Кейин эса хизматкорларига: “Отамдан қолган камарни йўқотиб қўйдим, қаранглар-чи, уни ким олган экан”, дейди. Камар топилмагач, “Энди оиламиз аъзоларини ҳам яхшилаб текширинглар”, деб буюради ва хизматкорлар у камарни Юсуфнинг белида боғланган ҳолда топадилар. Шунда кампир ҳаммага ўғри қўлга тушса қул қилиниши ҳақидаги қонунларни эслатиб: “Бу бола энди менинг кулимга айланди, бас, энди уни ўзим хоҳлагандек тасарруф қиламан”, деб жар солади.
Суюкли ўғлини олиб кетиш учун келган Яъқуб алайҳис-салом бу хабарни эшитгач: “Агар ростдан ҳам шу ишни қилган бўлса, энди у сеники, ўзинг хоҳлаган ишни қил”, деб қайтиб кетади. Шундай қилиб Юсуф алайҳис-салом то аммасининг вафотигача унинг қўлида қолади. Сўнгра, орадан қирқ йилга яқин муддат ўтганидан кейин оғалари Юсуфни ўғрилик қилишда айблар эканлар, ана ўша воқеани назарда тутадилар, ҳолбуки у ишда гўдак ёшидаги Юсуфнинг заррача айби бўлмай, аммасининг унга нисбатан бўлган ҳаддан зиёда меҳрининг қурбонига айланган эди, холос. Қуртубий ўз тафсирида: “Биняминнинг юки орасига ўзига тегишли бўлган қадаҳни солиб қўйишни Юсуф ўша аммасидан ўрганган эди”, дейди.
“Бас, Юсуф (оғалари айтган бу сўзларни) ичига ютиб, уларга билдирмади. Ва (ўзича): Сизлар (мен ва укамдан кўра) ёмонроқ-тубанроқ мартабададирсизлар, Оллоҳ сизлар айтаётган нарсани Билгувчи-роқдир”, деди.
Яъни, Юсуф алайҳис-салом уни ва укасини ўғриликда айблаётган оғаларининг сўзларини эшитганда бундай ҳақоратдан ниҳоят даражада дили оғриди, аммо ғазабини ичига ютиб, уларга билдирмади ва кўнглидан: “Ахир ўзингизнинг аҳволингиз сизлар ўғри деб туҳмат қилаётган кишилар аҳволидан ёмонроқ-тубанроқку! Ахир оталарингиздан инингизни ўғирлаб-алдаб олиб чиқиб қудуққа ташлаб юборган, сўнгра оталарингиз олдига қайтиб боргач: “Укамизни бўри еб кетди”, деб ёлғон сўзлаган сизлар эмасми?! Албатта, Оллоҳ таоло иш сизлар таърифлаётгандек эмаслигини, бизнинг шаънимизга айтаётган сўзларингиз туҳмат ва бўҳтон эканлигини жуда яхши Билгувчидир”, деган сўзлар ўтди.

78. Сўнг улар дедилар: «Эй азиз зот, унинг (Биняминнинг) жуда ҳам қари отаси бор. Сен унинг ўрнига бизлардан биримизни олиб қолгин. Зотан, бизлар сенинг чиройли амал қилгувчи зотлардан эканлигингни кўрмоқдамиз».
Яъни, қачонки Юсуф алайҳис-саломнинг оғалари энди Бинямин Миср ҳокимининг қулига айланганини англашгач, оталарига: “Бизлар албатта, уни (Биняминни) муҳофаза қилгувчимиз (яъни, соғ-омон қўлингга олиб келиб топширамиз)” (63-оят) деб берган ваъдалари ёдларига тушиб, қай йўл билан бўлса ҳам Биняминни ўзлари билан бирга олиб кетиш учун Юсуфга ёлвора бошладилар.
Қуртубий ўз тафсирида: “Оғалари Юсуфга “эй Азиз” деб хитоб қилганларининг боиси ўша вақтларда Юсуф Азизи Миср, яъни, Миср ҳокими эди”, дейди. Азиз сўзининг луғавий маноси эса азиз, кудратли зот, деганидир.
Улар гўё шундай дедилар: “Эй азиз, муҳтарам зот, отамиз жуда ҳам кексайиб, мана шу кенжа ўғлига боғланиб қолган, уни ҳаддан ортиқ яхши кўради. У гўдаклик чоғида йўқолиб қолган боласини эслаганида фақат мана шу кенжа фарзандини кўриб бир оз таскин-тасаллий топади. Шунинг учун ёлвориб сўраймиз, сен бизга бир яхшилик қилгин - Биняминни озод қилиб кекса отасининг олдига юборгин ва унинг ўрнига орамиздан хоҳлаган кишингни қул қилиб олиб қолгин. Бизлар ҳузурингга келганимиздан буён сени одамларга фақат яхшилик қиладиган инсон эканглигингни кўрмоқдамиз.

79. (Юсуф алайҳис-салом) айтди: “Оллоҳ сақласин! Биз нарсамизни кимнинг идишидан топган бўлсак, фақат ўшани олиб қолурмиз. Акс ҳолда, шак-шубҳасиз, золим кимсалардан бўлиб қолурмиз”.
Яъни, Юсуф алайҳис-салом: “Ахир биз: “Сизларнинг шариатингизда ўғрига қандай жазо берилади?” деб сўраганимизда сизларнинг ўзингиз: “Унинг жазоси ўша (ўғирланган нарса) кимнинг юки орасидан топил-са, бас, ана ўша кимса (ушланиб кул қилиниши) унинг жазосидир”, деб жавоб бердингизку. (75-оят). Рост шундай экан, энди нарсамизни идишидан топиб олган кимсадан бошқа бировни қул қилиб олиб қолишдан бизни ХудонингЎзи асрасин. Агар биз нарсамизни олмаган одамни - гарчи ўзининг розилиги билан бўлса-да - олиб қоладиган бўлсак, у ҳолда биз ҳам золим ҳокимлар қаторига тушиб қолишимиз аниқку! Нега сизлар мендан золимлардан бўлишни талаб қилмоқдасизлар?!” деди.
Ояти каримада зикр қилинган Юсуф алайҳис-салом айтган сўзнинг зоҳирий маъноси шундай бўлса ҳам, бу сўзнинг аслий мазмуни муфассирлар айтишларича, куйидагичадир: “Бир буюк ҳикмати бордирки, Оллоҳим ваҳий орқали менга Биняминни ўз ҳузуримда олиб қолишни буюрди. Бас, агар мен ундан бошқа бировни олиб қоладиган бўлсам, у ҳолда албатта Илоҳий ваҳийга хилоф иш қилганим учун золимлардан бўлиб қолурманки, бундай ҳолга тушишдан мени Оллоҳнинг Ўзи асрасин”. (“Тафсири Мунийр”дан).
Эътибор қилинса, ояти каримада Юсуф алайҳис-салом “нарсамизни ким ўғирлаган бўлса”, демади, балки ёлғон сўзламаслик учун: “нарсамизни кимнинг идишидан топган бўлсак”, деди. Шунингдек, “ўшани қул қилурмиз” дейиш ўрнида “ўшани олиб қолурмиз”, дейилгани ҳам бағоят фасоҳат билан Юсуфда укаси Биняминни қул қилиш нияти йўқ эканига далолат қилади.

80. Энди қачонки ундан умидлари узилгач, (оға-инилар) бир четга чиқиб хуфёна маслаҳатлашдилар. Уларнинг катталари айтди: «Оталарингиз сизларнинг устингизда Оллоҳдан васиқа (яъни, аҳд-паймонингизни) олиб қолганини унутдингизми?! Илгари Юсуф тўгрисида ҳам шундай сусткашлик қилган эдинглар. Бас, мен то отам изн бермагунича ёки Оллоҳ менинг фойдамга ҳукм қилмагунича (яъни, инимиз озод бўлмагунича) мана шу ердан ҳаргиз жилмайман. У Зот энг яхши ҳукм қилгувчидир.
Яъни, қачонки Юсуф алайҳис-салом оғаларига рад жавобини бериб, уларнинг Биняминни ўзлари билан бирга олиб кетишдан бутунлай умидлари узилгач, улар Юсуф сўзларини эшитмайдиган холироқ бир жойга бориб, паст овозда маслаҳат қила бошладилар. Шунда оға-иниларининг каттаси - бундан қирқ йил муқаддам улар Юсуфни унга бўлган ҳасад-адоватлари сабабли ўлдириб юбормоқчи бўлганларида “уни ўлдириш ўрнига қудуққа ташлаб юбора қолайлик”, деган ва мана шу сўзи билан Юсуфнинг ҳаёт қолишига сабаб бўлган оғаси шундай деди: “Эй биродарларим, отамиз Яъкуб, ундан Биняминни ҳам биз билан бирга Мисрга юборишини сўраганимизда биздан ҳар қандай ҳолда, агар йўлда бирон ҳалокат ё фалокатга учраб барчамиз ўлиб кетмасак, Биняминни соғ-омон унинг ҳузурига қайтариб олиб боришимиз ҳақида Оллоҳ Исми билан қасамёд қилишимизни талаб қилгани ва барчамиз унга шундай аҳд-паймон берганимиз ёдларингиздан чиқдими?! Ёки илгари ёшлик пайтларингизда Юсуф хусусида йўл кўйган хатоларингизни - отангизга берган аҳд-паймонингизни бузиб уни қудуққа ташлаб юборганларингизни ва қайтиб бориб: “Юсуфни бўри еб кетди”, деб отангизни алдаганларингизни унутиб қўдингизми?! Ўша қилмишларингиз сабабли қирқ йилдан буён отангизнинг кўз ёши тўхтамай, ғам-андуҳ асири бўлиб қолдику! Энди Биняминни ҳам бу жойга ташлаб ўзимиз қайтиб борадиган бўлсак, у қандай ҳолга тушади?! Бизчи, ўзимиз қай юз билан Биняминсиз унинг кўзига кўринамиз?! Бас, мен то отамнинг ўзи қайтишимга изн бермагунича ёки Оллоҳ таоло менинг фойдамга ҳукм қилиб, укам Биняминни ўзим билан олиб қайтмагунимча мана шу ердан - Мисрдан бир қадам ҳам жилмайман.
Ҳукм қилгувчиларнинг энг Яхшиси Оллоҳ таолодир (яъни, энг тўғри, энг адолатли ҳукм Оллоҳ таолонинг Ҳукмидир)”.
Сўзловчининг бу сўнгги сўзи замирида Оллоҳ таолога дуо-илтижо мазмуни мужассамдир. У мана шу сўзлари билан ўзининг қарорини, яъни, ҳеч қачон Биняминни ташлаб Мисрдан чиқиб кетмаслигини укаларига билдиргач, уларга буюрди: -

81. Сизлар эса оталарингиз олдига қайтиб, айтинглар: «Эй ота, дарҳақиқат, ўғлинг ўғрилик қилди. Биз фақат кўрган-билган нарсамизга гувоҳлик бердик. (Олдин сенга уни асрашни ваъда қилганимизда) ғайбни (яъни, келажакда нима ишлар бўлишини) билмаган эдик”.
Шундай қилиб, Юсуф алайҳис-саломнинг оғалари ўзаро маслаҳат қилишгач, оға-иниларнинг энг каттасини Мисрда, Биняминнинг ёнида қолдириб, қолганлари оталарининг олдига қайтиб бордилар ва дедилар: “Эй отажон, ўғлинг Бинямин Миср подшоҳининг қадаҳини ўғирлаб ўзининг юки ичига жойлаб олган экан, подшоҳ одамлари изимиздан қувиб келиб топиб олдилар ва уни бизнинг шариатимизда жорий бўлган қонун билан қул қилиб олиб қолдилар.
Биз фақат ўғирланган қадаҳ Биняминнинг юки ичидан чиқариб олинаётганини ўз кўзларимиз билан аниқ кўриб-билганимиздан кейингина ўғрилик содир бўлганига гувоҳлик беришга мажбур бўлдик. Биз яна сенга берган ваъдамизга вафо қила олмадик, укамиз Биняминни муҳофаза қилиш қўлимиздан келмади. Чунки сенга Оллоҳ Исми билан аҳд-паймон берган вақтимизда ғайбда - келажакда нима ишлар бўлишини билмаган эканмиз”.
Муфассирлар ушбу сўнгги жумлани турлича тафсир қилганлар:
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Бу ўринда ғайбдан мурод туннинг зулматидир. Улар оталарига: “Биз ўғлингнинг кундузлари кўз ўнгимизда нима ишлар қилганини кўриб-билиб турдик-ку, аммо ғайбда - тун қоронғусида нималар қилганини билмадик, эҳтимол, ўша ҳеч ким кўрмайдиган вақтда у қадаҳни ўғирлаб, юклари ичига жойлаб қўйгандир”, демоқчи бўлганлар”, деб тафсир қилган бўлса, Мужоҳид ва Қатода: “Улар: “Эй ота, биз сенга аҳд-паймон берган вақтимизда ўғлинг ўғрилик қилишини ва мана шундай ёмон аҳволга тушиб шарманда бўлишимизни билмаган эдик, агар билганимизда ҳаргиз уни ўзимиз билан олиб кетмаган бўлар эдик”, демоқчи бўлганлар”, деб тафсир қиладилар. Икрима бўлса ушбу жумлани тамоман бошқача шарҳлайди. Унинг айтишича, улар оталарига:
“Биз ғайбни - кўз ўнгимизда содир бўлмаган ишларни идрок қила олмаймиз. Эҳтимол, ўша қадаҳ тун қоронғусида Биняминга билдирмасдан унинг юклари ичига солиб қўйилгандир”, демоқчи бўлганлар. (“Ал-жомиъ лиаҳкомил-Куръон”ва “Маолимут-танзил”тафсирлари).
Улар сўзларида давом этиб яна шундай дедилар: -

82. “(Эй ота), сен биз бўлиб қайтган шаҳардан ва биз бирга келган карвондан сўраб-суриштиргин. Албатта бизлар рост сўзлагувчилармиз».
Яъни, “Эй ота, агар сен бизнинг сўзимизга ишонмайдиган бўлсанг, у ҳолда Мисрга одам юбориб ўша ердаги кишилардан сўратгин, бу воқеа Мисрда ҳамманинг оғзида юрибди, ёки ўзинг биз билан бирга бориб Мисрдан озиқ-овқат олиб келган карвон аҳлидан сўраб кўргин, ҳаммалари биз айтган сўзлар чиппа-чин ҳақиқат эканини тасдиқлайдилар”.
Юсуф алайҳис-саломнинг оғалари неча йиллар аввал бўлиб ўтган ўша аянчли воқеадан, яъни, Юсуфни далага олиб чиқиб кетиб, “сўнгра уни бўри еб кетди”, деб ўзлари қайтиб келганларидан кейин Яъқуб алайҳис-салом уларга ишонмай қолганини билганлари учун кенжа укалари Бинямин ҳақида айтган сўзларини мисрликлар ҳам, улар билан бирга Мисрга бориб озиқ-овқат сотиб олиб келган Яъқуб алайҳис-саломнинг кўшнилари ҳам тасдиқлашларини айтдилар. Чунки улар энди ростгўйлик йўлига кирганлари сабабли барча воситалар билан ўзларидан ёлғончи деган тамғани олиб ташлашни истар эдилар. Зотан, Шариати Исломийяда ҳам киши бирор ишда ўзи ҳақ бўла туриб бошқалар ундан бадгумон бўлишларидан хавотир олса, дарҳол ўзидан шак-шубҳа ёки бадгумонни дафъ этишга ҳаракат қилиши чиройли саналади. Бунга қуйидаги ҳадиси шариф ибратли бир мисолдир. Бир куни ғира-шира пайтида Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам масжидга бориш учун чиққанларида ортларидан чиққан аёллари София онамизни қайтариб турган эдилар, нарироқдан ўтиб кетаётган икки киши Пағамбаримизни кўриб қадамларини тезлатдилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уларга: “Шошманглар, бу аёлим София бинти Ҳуяй бўлади”, дедилар. Улар гўё: “Ё Расулуллоҳ, наҳотки биз Сиздан гумон қилсак”, дегандек, “Субҳоналлоҳ”, дейишганида, “Шайтон инсондан қон юрадиган жойларда - томирларида юради, мен сизларнинг қалбингизга яна у бирон ёмон гумон ташламасин, деб, кўрқдим”, дедилар. (Бухорий ва Муслим ривояти).

83. (Улар Яъқуб алайҳис-саломнинг олдиларига келиб шу сўзларни айтишгач), у деди: “Йўқ, сенларга ҳавойи-нафсларинг бирон (ёмон) ишни чиройли қилиб кўрсатган. Энди (менинг ишим) чиройли сабр қилмоқдир. Шоядки, Оллоҳ уларнинг (яъни, Юсуф, Бинямин ва катта ўғлимнинг) барчаларини бағримга қайтарса. Албатта У Зот Билим ва Ҳикмат Соҳибидир”.
Яъқуб алайҳис-салом Бинямин ҳақида бу нохуш хабарни келтирган ўғилларига яна, узоқ йиллар олдин улар Юсуф ҳақидаги ўта нохуш хабар билан унинг кўйлагини қонга бўяб келтирган вақтларида айтган сўзларини айтди. У гўё шундай деди: Йўқ! мен сенларнинг бу сўзларингга ҳам ишонмайман! Сенларга яна нафсларинг худди Юсуф воқеасидаги каби ўзларинг ўйлаб қўйган бирон ҳийла-найрангни чиройли қилиб кўрсатган! Агар шундоқ бўлмаса, сенлар Миср подшоҳига: “Бизнинг шариатимизда ўғирлик қилган кимса кимнинг нарсасини ўғирлаган бўлса, ўшанинг қулига айланади”, деб фатво берармидинглар?! Ахир у подшоҳ бундай қонундан бехабар эдику! Энди менинг кўлимдан ҳеч нарса келмайди. Энди менинг ишим Оллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлиб, Ёлғиз Оллоҳдан ўзга бирон кимсага бошимга тушган мусибатлардан шикоят қилмай чиройли сабр қилмоқдир. Зора Оллоҳнинг Ўзи фарзандларимнинг ҳаммасини - Юсуфни ҳам, Биняминни ҳам, “Биняминсиз отамнинг олдига қайтмайман”, деб Мисрда қолган катта ўғлимни ҳам бағримга қайтарса. Чунки Ёлғиз У кекса ёшимда бошимга тушган бу мусибатларни Билгувчи, бандалари устида қандай ҳукм қилса Ҳикмат билан Қилгувчидир”.
Ояти каримада зикр қилинган “чиройли сабр” қандай сабр экани ҳақида суранинг 18-ояти тафсирида ало қадри ҳол айтилди.

84. Кейин улардан юз ўгириб: «Эй Юсуф устидаги дарду ҳасратларим-а!» деди ва ғам-алам ютавериб у зотнинг кўзлари оқарди (ожиз бўлиб қолди).
Яъни, Яъқуб алайҳис-салом ўғиллари келтирган яна бир нохуш хабардан ранжиб, уларга тескари қараб олди ва: “Эй Юсуф устидаги дарду ҳасратларим-а! Қайларда қолдинг болам”, деб йиғлай бошлади. Юсуфини йўқотиб кўйганидан буён тинмасдан қирқ йил давомида ҳасрат чекаве-риб, ичидаги дарду ғамини Ёлғиз Оллоҳдан ўзга бирон кимсага айтмасдан ичига ютавериб (Ҳасани Басрий раҳматуллоҳи алайҳдан қилинган ривоятга кўра эса, Яъқуб ва Юсуфнинг қайта топишгунларича орадан ўтган муддат саксон йил бўлиб, мана шу йиллар мобайнида бирон кун Яъқубнинг кўз ёши тўхтамаган экан), унинг кўзлари ожиз бўлиб, кўрмай қолди.
Муфассирлар: “Яъкуб алайҳис-салом каттаўғли ва Биняминнинг Мисрда тутқин бўлиб қолганлари ҳақидаги хабарни эшитганида уларнинг эмас, Юсуфнинг номини тилга олиб йиғлашига сабаб, Яъқуб учун энг катта мусибат Юсуфдан айрилиб қолгани эди, қолаверса, у икки ўғлининг ҳаёт ва соғ-саломат эканликлари, бир кун келиб оталари қучоғига қайтишлари аниқ эди, аммо Юсуф тўғрисида бўлса, фақат Оллоҳ таолонинг Фазлу Марҳаматидан умидвор бўлишдан бошқа бирон умид нишони йўқ эди”, дейдилар.
Яъқуб алайҳис-салом ўз замонида Оллоҳтаолонинг энг азиз ва мукаррам бандаси, пайғамбари бўлгани ҳолда Яратган унинг кўриш неъматидан маҳрум қилиб қўйиши ҳам, албатта, беҳикмат эмасдир. Уламолар: “Ҳар гал ўғилларини кўрганида дарди янгиланмасин деб ва Охират диёрида Ҳақ таолонинг жамолини кўришга мушарраф бўлсин деб У Зот Яъқубнинг кўзини ожиз қилиб қўйди, чунки хабарларда ворид бўлдики, Жаноби Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Жаброил алайҳис-саломга: “Эй Жаброил Мен кўзларини ожиз қилиб қўйган бандаларимга қандай мукофот ато этилишини билурмисан?” деган эди, у: “Эй Пок Парвардигор, биз фақат Сен бизга билдирган нарсаларнигина биламиз”, деди. Шунда Жаноби Ҳақ айтди: “Уларнинг мукофоти Менинг ҳовлимда (яъни, жаннатда) мангу қолиш ва Менинг Юзимни кўришдир”.
Оллоҳ таолонинг пайғамбарларидан Исҳоқ, Яъқуб ва Шуайб алайҳи-муссалом, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидан Барро ибн Озиб, Жобир ибн Абдуллоҳ, Ҳассон ибн Собит, Саъд ибн Абу Ваққос, Аббос ибн Абдул-Мутталиб, Абдуллоҳ ибн Аркам, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Умайр, Абдуллох ибн Абу Авфо, Утбон ибн Молик, Утба ибн Масъуд Ҳузамий, Усмон ибн Омир, Уқайл ибн Абу Толиб, муаззин Амр ибн Умму Мактум ва Қатода ибн Нўъмон розияллоху анҳумнинг кўзлари аввал-бошдан ёки кейин ожиз бўлиб қолгани ривоят қилинади. (“Танвирул-азҳон ” тафсиридан).
Ояти каримадан бошларига мусибат тушган кишилар кўз ёш тўкишларининг, йиғлашларининг кароҳияти йўқ экани маълум бўлади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда ҳам баён қилингандир: Анас розияллоҳу анху айтди: “Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга у зотнинг ўғиллари Иброҳимни эмизиб тарбияловчи Абу Сайф Қаййиннинг хонадонига кирдик. Расулуллоҳ Иброҳимни кўлларига олиб ўпдилар ва ҳидладилар. Сўнгра иккинчи бор у уйга кирганимизда, Иброҳим жон таслим қилаётган эди. Бу ҳолни кўриб Расулуллоҳнинг кўзларидан ёш оқа бошлади. Шунда Абдур-Раҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу: “Сиз ҳам-а, ё Расулуллоҳ”, деган эди, “Эй Ибн Авф, бу меҳр”, дедилар ва яна йиғладилар, сўнгра: “Кўз ёш тўкади, қалб ҳасрат чекади, аммо фақат Роббимизни рози қиладиган сўзларнигина айтамиз, эй Иброҳим, албатта биз сендан ажралиб қолаётганимиздан ҳасратдамиз”, дедилар. Иброҳим Мадинада ўн саккиз ойлигида вафот қилди. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Яна бир ривоятда айтилишича, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам қизларидан бирининг боласи жон бераётганида йиғладилар. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ, Сиз бизни йиғидан қайтарган эдингиз-ку, ўзингиз йиғлаяпсиз?” деган эди, “Мен сизларни йиғидан қайтарган эмасман, балки мен сизларни хурсандчилик вақтларида ҳам, хафалик-мусибат вақтларида ҳам аҳмоқона бақир-чақир қилишдан қайтарганман”, дедилар. (“Тафсири Мунийр”дан).

85. (Шунда ўғиллари): «Оллоҳга қасамки, сен то ақл-ҳушингдан ажралиб ётиб қолгунингча ё бир йўла ҳалок бўлгунингча Юсуфни эслайверадиган бўлдинг», дедилар.
Ўғиллари бу сўзларини Яъкуб алайҳис-саломга раҳмлари келганидан айтдилар. Улар ёшликларида йўл кўйган мудҳиш хатолари билан ўзлари оталарини мана шундай аянчли аҳволга солиб қўйганликлари учун жуда қаттиқ афсусланар эдилар, аммо қудуққа ташлаб юборганларидан кейин дом-дараксиз кетган Юсуфни топишдан мутлақо умидлари узилганлиги сабабли узоқ йиллар аввал рўй берган ўша мусибатни Яъқуб алайҳис-салом ҳеч унута олмаётганидан, балки аксинча, йиллар, ўн йиллар ўтсада, бирон кун кўз ёши тийилмай тинимсиз йиғлайвергани ва “Юсуфим-а, Юсуфим”, деб ҳасрат чекавергани учун ҳатто кўзлари ҳам кўрмай қолганидан, агар бу қайғу-ҳасрат тўхтамасдан давом этаверадиган бўлса, у ҳолда оталарини оғир дардга дучор қилиб тўшакка михлаб қўйишидан, ёки ҳатто унинг ҳалокатига сабаб бўлишидан қўрққанлари учун ояти каримада мазкур бўлган сўзларини айтдилар. Улар гўё шундай дедилар: “Отажон, нега сен қандай воқеа рўй берса ҳам Юсуфни эслаб йиғлайверасан? Мана биз нима сабабдан Бинямин ва катта оғамиз биз билан бирга қайтмасдан Мисрда қолганларини айтиб берсак ҳам сен яна “Юсуф, Юсуф”, деб йиғламоқдасан. Худо ҳаққи, агар бу оху нолаларингни тўхтатмасанг, кўрқамизки, сен ақлу хушингдан ажралиб ётиб қолурсан ёки ўтганлар ёнидан жой олурсан. Шунинг учун сендан ёлвориб сўраймиз, Юсуфни эслайверишни ва унинг номини такрорлаб йиғлайверишни бас қилгин”.

86. У айтди: «Мен бошимга тушган кулфат, ғамдан Ёлғиз Оллоҳгагина шикоят қилурман ва мен Оллоҳ(нинг Лутфу Раҳмати)дан сизлар билмайдиган нарсаларни билурман.
“Тафсири Табарий”да ривоят қилинишича, Яъқуб алайҳис-саломнинг олдига бир қўшниси кириб: “Эй Яъқуб, нега сен ҳали отангнинг ёшига етмай туриб бунчалар ич-этингни еб, нураб кетмоқдасан?” деб ҳол-аҳвол сўраганида, у: “Оллоҳ таоло бошимга солган мусибат - Юсуфнинг ғами мени еб битирди”, деди. Шунда Ҳақ таоло: “Эй Яъқуб сен бандаларимга менинг устимдан шикоят қиляпсами?!” деб ваҳий юборди. Бас, Яъқуб: “Ё Роббим, катта хатога йўл қўйибман, Ўзинг мени мағфират қилгин”, деб илтижо қилган эди, Жаноби Ҳақ: “Мен сени кечирдим”,деди. Ўша воқеадан кейин ким Яъқубдан ҳол сўраса, “Мен бошимга тушган кулфат ва ғамдан Ёлғиз Оллоҳгагина шикоят қилурман”, деб жавоб берадиган бўлди.
“Тафсири Бағавий”да эса ояти карима тафсирида Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан мана бу ривоят келтирилибди: Яъкуб алайҳис-саломдан: “Эй Яъқуб, нима сенинг кўзингни ожиз ва белингни камон қилиб қўйди?” деб сўралганида у: “Юсуф ҳасратида йиғлайвериб кўзим ожиз булиб қолди, унинг укаси Бинямининг ғамида белим камон бўлди”, деди. Шунда Оллоҳ таолодан: “Эй Яъкуб, сен Менинг устимдан бировларга шикоят қиляпсанми?! Иззат ва Қудратимга қасамки, то сен Менинг Ўзимга дуо-илтижо билан шикоят қилмагунингча ғам-кулфатингни бошингдан кетказмайман”, деган эди, ўша ондаёқ Яъқуб: “Мен бошимга тушган кулфат, ғамдан Ёлғиз Оллоҳгагина шикоят қилурман”, деди. Бас, Оллоҳ таолодан яна ваҳий келди: “Иззат ва Қудратимга қасамки, агар у икки ўғлинг ўлган бўлганларида ҳам, албатта Мен уларни сен учун қабрларидан чиқарган бўлур эдим, (яъни, сен албатта уларни соғ-омон ҳолларида кўрурсан). Мен сизларнинг (эй Яъқуб хонадони), фақат бир ишларингиздан ғазабландим (яъни, бошларингизга тушган бало-мусибатларнинг боиси ўша ишларингиздир). Кунлардан бирида сизлар кўй сўйиб турган вақтингизда дарвозангиз олдига бир мискин келиб турган эди, сизлар сўйган қўйларингиздан унга бирон нарса бермадингизлар. Ҳолбуки, менга бандаларим ичида энг суюклилари пайғамбарлар, сўнгра мискинлардир. Бас, сен эй Яъқуб, таом тайёрлагин-да, унга мискинларни чақиргин”. Яъқуб алайҳис-салом дарҳол таом тайёрлаб: “Кимда-ким рўзадор (яъни, оч) бўлса, бу кеч Яъқуб хонадонида меҳмон бўлсин”, деб жар солдирди.
Ривоят қилинишича, мана шу воқеадан кейин Яъқуб алайҳис-салом нонушта қилганида ҳам “ким нонушта қилмоқчи бўлса, Яъқубнинг ёнига келсин”, деб жар солдирар, кечки таом вақтида ҳам “ким кечки таом ейишни истаса, Яъқубнинг ёнига келсин”, деб жар солдирар ва ҳар гал нонушта ва кечки таомни мискинлар билан ер эди.
“Ва мен Оллоҳ(нинг Лутфу Раҳмати)дан сизлар билмаган нарсаларни билурман”. Шунинг учун У Зот менга Лутфу Марҳамат кўргазиб, “Юсуфимни бир кўрсам эди”, деган орзуйимга етказишидан умид-ворман”.
“Танвирул-азҳон” тафсирида ривоят қилинишича, Юсуф алайҳис-салом фаришта Жаброил алайҳис-саломдан: “Эй Жаброил, Яъкуб тўғрисида маълумотинг борми?” деб сўраганида у: “Ҳа, Оллоҳ таоло унга гўзал сабр ато этди ва уни сенинг дарду ғамингда тинимсиз ҳасрат чекишга мубтало қилди”, деди. “У чекаётган ғам-аламнинг миқдори қанча?” сўради Юсуф. “Болаларидан айрилиб қолган етмиш онанинг ғам-аламига баробар”, деди Жаброил. Шунча ғам-аламга сабр қилишининг ажри борми?” “Унга юз шаҳиднинг ажри берилур. Чунки у бирон соат ёмон гумон қилмади ва Оллоҳ таолонинг Лутфу Раҳматидан умид узмади”.
Ривоят қилишларича, ўлим фариштаси Азроил алайҳис-салом Яъқуб алайҳис-саломни зиёрат қилди. Яъқуб ундан: “Эй хушбўйли, гўзал суратли малак, сен боламнинг жонини олиб руҳлар оламига қўшдингми?” деб сўраган эди, у: “Йўқ”, деди. Шундан кейин Яъқубнинг жони ором олиб, Юсуфни яна кўришига ишонди ва ўғилларига: “Мен Юсуф кўрган туш ўнгидан келишига ишонаман, ҳали биз сизлар билан бирга албатта Юсуфга худди у бир вақтлар тушида кўрганидек, сажда-таъзим қилурмиз”, деди. (“Маолимут-танзил”тафсиридан).
Суддий раҳимахуллоҳ эса, ушбу оят тафсирида шундай деди: “Қачонки ўғиллари қайтиб келиб Миср подшоҳининг сийрат-аҳлоқи ҳақида ҳабар берганларида, Яъкуб алайҳис-саломнинг кўнгли бир нарсани сезиб: “Ўша подшоҳ Юсуф эмасмикан”, деган хаёлга борди ва ўғилларига буюрди: -

87. Эй ўғилларим, боринглар, Юсуф ва унинг биродарини сўраб-суриштиринглар ва Оллоҳнинг Раҳматидан ноумид бўлманглар. Зеро, Оллоҳнинг Раҳматидан фақат кофир қавмгина ноумид бўлур».
Яъни, эй ўғилларим, сизлар дарҳол изларингизга қайтиб, Миср мамлакатига боринглар-да, у ердан Юсуф ва укаси Биняминни даракланглар, иншооллоҳ, албатта уларнинг икковини ҳам топурсизлар. Сизлар ҳаргиз Оллоҳ таолонинг Раҳмат-Марҳаматидан, яъни, бандаларининг хатоларини кечириб юборишидан ва уларга меҳнат-машаққат ортидан кенгчилик ва роҳатлар ато этишидан ноумид бўлманглар. Чунки Оллоҳнинг Раҳма-тидан ноумид бўлиш фақат кофир қавмнинг ишидир.
Ибн Аббос розияллоху анхумо айтади: “Мўмин Оллоҳ таоло томонидан доимо яхшилик устидадир. Бало-мусибатли кунларда Ундан умидини узмайди, кенг-роҳатли кунларда эса Унга ҳамд айтади”.
Ояти карима тафсирида Розий шундай дейди: “Билгилки, Оллоҳ таолонинг Раҳматидан ноумид бўлиш фақат уч ҳолатдагина содир бўлади. Биринчиси, инсон бошига тушган бало-мусибатни ҳатто Оллоҳ таоло ҳам кетказишга қодир эмас, деб эътиқод қилса, иккинчиси, Оллоҳ менинг бошимга тушган мусибатдан бехабар, деб ўйласа, учинчиси, Оллоҳ бандаларига раҳм-шафқат кўргазмайдиган бахил, деб билса. Аёнки, бу уч ҳолатдан ҳар бири очиқ куфрдир. Демак, Оллоҳ таолонинг Раҳмат-Марҳаматидан фақат динсиз кимсаларгина ноумид бўладилар. (“Тафсири Розий”дан)”

88. (Улар оталаридан бу сўзларни эшитгач, озиқ-овқатга алмаштириш учун бор бисотларини олишиб, яна Миср томонга равона бўлишди). Энди қачонки (Мисрга етиб келиб Юсуф алайҳис-саломнинг) ҳузурига киришгач, дедилар: «Эй улуғ зот, бизни ва аҳли оиламизни очарчилик ушлади. Бизлар (бу сафар дон-дунга алмаштириб кетиш учун ҳузурингга) ўтмас матоларни олиб келдик. Бизларга етарли ўлчовда (озиқ-овқат) бергин ва бизларга хайр-садақа қилгин! Оллоҳ, шак-шубҳасиз, хайр-садақа қилгувчиларга ажр-мукофотлар ато этур».
Юсуф алайҳис-салом оғаларининг бу сўзларини эшитиб, уларнинг бировлардан садақа сўрайдиган даражада ночор аҳволга тушиб қолганларидан ниҳоят даражада таъсирланиб кўз ёшларини тўхтата олмай қолди. Қолаверса, Яъкуб алайҳис-салом, кўп тафсир китобларида ривоят қилинишича, ўғиларидан Миср мамлакатининг подшоҳига, яъни, Юсуф алайҳис-саломга бир мактуб бериб юборган эдики, у хатда шундай сўзлар ёзилган эди: “Иброҳим Халилуллоҳнинг ўғли Исҳоқ Забийҳуллоҳнинг ўғли Яъқуб Исроилуллоҳдан Миср мамлакатининг подшоҳига дуойи саломдан кейин маълум бўлсинки, бизнинг хонадон кўп кулфат ва балоларга гирифтор бўлди: Бобом Иброҳим кўл-оёқлари боғланиб оловга отилди, аммо Оллоҳ таоло: “Эй олов, сен Иброҳим учун салқин ва омонлик бўл!” (Анбиё сураси, 69-оят), деган Амри билан уни оловдан соғ-омон чиқарди. Отам Исхоқ бўлса, қўл-оёқлари боғланиб, томоғига ўткир пичоқ қадалди, аммо Оллоҳ таоло унинг ўрнига кўқцан бир кўчқор тушириб, ана ўша жонивор курбонлик қилинди ва отам омон қолди (айрим ривоятларда Иброҳим алайҳис-салом тушида Исмоилни эмас, Исҳоқни қурбонлик қилишга буюрилган, дейилади). Мен бўлсам, менинг бир ўғлим бор эди, болаларимнинг энг суюклиси эди. Ана ўша ўғлимни оғалари сахрога олиб чиқиб кетиб, сўнгра менга унинг қонга бўялган кўйлагини олиб келдилар-да, “укамизни бўри еб кетди”, дедилар. Ўша ондан буён унинг фироқида тинимсиз йиғлайвериб кўзларим кўр бўлиб қолди. Ундан кейин яна бир ўғлим бор эди, йўқолган боламнинг она бир укаси бўлар эди, қачон акасини эслаб эзилсам, укасини кўриб бир оз тасаллий топар эдим. Аммо сен, эй подшоҳ, мени ўша кенжа ўғлимдан ҳам жудо қилдинг, уни ўғрилик қилган деб қамаб қўйибсан. Биз ўғрилик қилмаймиз - бизнинг хонадондан ҳеч қачон ўғри чиқмаган ва чиқмайди ҳам! Бас, агар сен менга ўғлим-ни қайтариб юбормайдиган бўлсанг, у ҳолда мен сени шундай дуойибад қиламанки, бу қарғиш сенинг пушти камарингдан тарқайдиган етти авлодга етади! Вас-салом!”
Отасини мактубини ўқигач, Юсуф алайҳис-салом тамомила ўзини йўқотди ва ортиқ ўзининг кимлигини яшириб юришга тоқат қила олмаслигини сезиб, оғаларига - унинг олдига йўқчиликдан зорланиб, ҳеч ким олмайдиган ўтмас матоларини бирон егуликка алмаштириб берармикан, деган илинжда кўтариб келиб: “бизларга хайр-садақа қилгин”, деб тиланиб турган оғаларига боқиб -

89. Деди: «Сизлар ёш-нодон вақтларингизда Юсуф ва унинг биродарига (қандай ёмонликлар) қилганларингизни энди билгандирсизлар?»
Яъни, “эй оғаларим, сизлар илгари, жоҳил-нодон пайтларингизда Юсуфга қилган ёмонликларингиз - уни кудуқ тубига ташлаб юбориш билан ҳалок қилмоқчи бўлганларингиз, отаси ва туғишган укасидан жудо қилганларингиз, ундан сўнг Биняминга қилган қўпол-қаттиқ муомалаларингиз ва ниҳоят уни ва оғаси Юсуфни ўғри деб тухмат қилганларингиз - жаҳолат билан қилган бу қилмишларингиз ота-онага оқ бўлиш эканини, қариндош-уруғлар ўртасини узиб бир-бирларига бегона қилиб юбориш эканини энди тушиниб етгандирсизлар, йўл қўйган у мудҳиш хатоларингизни англаб Яратганга тавба қилгандирсизлар?”
Албатта, Юсуф алайҳис-салом бу сўзларни оғаларини мискин ва ғариб ҳолда кўриб уларга раҳми келганидан, холис насиҳат билан уларни тавба қилишга чорлаш мақсадида айтди ва мана шу сўзлари билан уларга ўзининг кимлигини ошкор қилиб қўйди.
Юсуф оғаларига уларнинг қилган барча қилмишлари ҳақида вақти келганда албатта айтиб бериши ҳақида Ҳақ таоло бундан қирқ йил аввал, Юсуф қудуқ қаърида йиғлаб ўтирганида ваҳий орқали “Сен, албатта, (вақти келиб, оғаларинга) бу қилмишлари ҳақида айтиб берурсан. Улар (ўшанда сен Юсуф эканингни) сезмайдилар ҳам”, деб хабар берган эди. (15-оят тафсирига қаралсин).

90. Улар: “Албатта, сен Юсуфнинг ўзисанку, (тўғрими)?” деб сўрадилар. У: «Ҳа, мен Юсуфман, бу эса биродаримдир. Оллоҳ бизга марҳамат кўргузди (яъни, шунча йиллик айрилиқ азобидан кейин бизни яна бирлаштирди). Дарҳақиқат, кимда-ким Оллоҳдан қўрқиб, (бошига тушган балоларга) сабр қилса, албатта Оллоҳ бундай чиройли амал қилгувчи кишиларнинг ажру мукофотини зое қилмас», деди.
Заҳҳок Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривот қилади: Қачонки Юсуф юқоридаги оятда зикр қилинган сўзларини айтгач, оғаларига қараб табассум қилган эди, улар унинг тизилган гавҳардек тишларини кўриб, аввал уни укалари Юсуфга ўхшатдилар, сўнгра барчалари бир оғиздан: “Албатта сен Юсуфнинг ўзисанку, тўғрими?” деб сўрадилар. (“Маоли-мут-танзил” тафсиридан).
Шунда Юсуф ўзини оғаларига танитиб, ҳақиқатдан ҳам ўша укалари Юсуф эканини айтди ва ёнида турган Биняминга ишора қилиб: “Мана, Оллоҳ таолонинг Марҳамати билан туғишган укам иккимиз узоқ йиллик айрилиқдан кейин яна топишдик, хор эдик азиз бўлдик, ёлғизлик азобидан халос бўлиб, соғ-саломат юз кўришдик. Зотан, кимда-ким тақво билан покиза ҳаёт кечирса, Оллоҳ таолонинг ғазаб ва азобига гирифтор қиладиган гуноҳ-маъсиятлардан ўзини сақласа ҳамда бошига тушган бало-кулфатларга сабр қилса, ана ўша чиройли амал қилгувчи инсондир. Чиройли амал қилгувчи бандаларининг ажр-мукофотини эса, Оллоҳ таоло на ҳаёти дунёда ва на Охиратда зое қилмаслиги аниқдир”, деб, бу сўзлари билан оғаларига ўтмишда Юсуф ва Биняминга қилган ёмонликларини яна бир марта эслатди ҳамда уларни ва келажакда ушбу бениҳоя гўзал ва ибратли қиссани ўқийдиган барча инсонларни ҳар қандай зулм-зўравонлик ва хиёнаткорликнинг охири вой бўлиши, тақво ва сабр фазилатларига эга бўлишнинг эса, албатта оқибати хайрли бўлиши ҳақида огоҳлантирди.
Ояти каримада Жаноби Ҳақ Юсуф алайҳис-саломнинг тақволи, сабрли, демак, чиройли амал қилгувчи бандаларидан бўлганига шаҳодат беради ва бу билан ажр-мукофоти ҳеч қачон зое бўлмайдиган чиройли амалнинг асоси тақво ва сабр эканини яна бир бор таъкидлайди.

91. Улар дедилар: «Оллоҳга қасамки, Оллоҳ сени бизлардан афзал қилмишдир. Биз эса, шак-шубҳасиз, адашгувчилардан бўлдик».
Яъни, оғалари Юсуф алайҳис-саломни таниб, унинг ҳақ сўзларини эшитишгач, ўзларининг ёшлик пайтларида Юсуфга қилган ёмонликларини ва ундан сўнг укаси Биняминга қандай зулмлар қилганларини, кейин, орадан кўп йиллар ўтгандан кейин улар хор-зор бўлиб егулик бирон нарса топиш илинжида Мисрга келганларида, Юсуф уларни таниб туриб ўзини танитмай, уларнинг қилган ёмонликларига ёмонлик билан жавоб қилмай, балки аксинча, беқиёс хайр-саховатлар кўргазганини эсладилар ва: “Оллоҳга қасам билан айтамизки, Оллоҳ биз оға-инилар ичидан сени танлади ва сенга гўзал сурат ва сийрат, илм ва ҳилм, сабр ва тақво, яна қанча фазилатлар бериб, бизлардан афзал қилди. Биз бўлсак, сени ёмон кўриб, сенга ҳасад қилиб, мана шу ҳасад-адоват туфайли ҳатто сени ўлдириб юбормоқчи бўлиб қаттиқ адашдик. Шунинг учун ҳам Оллоҳ таоло сени азиз қилиб, шундай юксак мартабалар ато этди, бизларни эса хор-зор қилиб, ҳузурингга садақа сўраб келадиган мискинлар қаторига тушириб қўйди”, дедилар.
Оғаларининг бу сўзларидан ёшликларида жаҳолат ва нодонлик билан қилган қилмишларига афсус-надомат чекаётганларини, йўл қўйган барча хатоларидан сидқи дил билан тавба қилганларини англаган Юсуф алайҳис-салом -

92. Деди: «Бу кун сизлар айбланмайсиз. Оллоҳ сизларни мағфират қилгай. У Зот раҳм қилгувчиларнинг Раҳмлироғидир.
Юсуф алайҳис-салом оғаларига - барча қилмишларини бўйинларига олиб, энди бизга қандай оғир жазо берилар экан, деб қўрққанларидан бўйинларини эгиб турган оғаларига бугун улар ҳеч қандай айб билан айбланмасликларини эълон қилибгина қолмай, уларнинг ҳақларига дуо ҳам қилиб: “Оллоҳ сизларни мағфират қилгай. У Зот раҳм қилгувчиларнинг Раҳмлироғидир”, деди.
Оллоҳ таоло пайғамбарлик учун танлаган бандалари мана шундай ҳалим ва раҳмдил инсонлар бўлиб, бу бобда ҳам барча элчи ва пайғамбарларнинг сарвари албатта Ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламдирларки, у зотнинг мислсиз ҳалимликларини кўриб саҳобайи киром ҳам лол қолганлар.
Ибн Аббос розияллоху анхумодан ривоят қилинди: Макка фатҳ қилиниб, мусулмонлар қўлига ўтган кунда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам Байтуллоҳни тавоф қилдилар, сўнгра Каъба эшигининг устунларини ушлаб туриб, Масжидул-Ҳаромга йиғилган одамларга қараб - уларнинг орасидан Расулуллоҳнинг сафдошлари бўлган саҳобайи киром ҳам, Пайғамбар алайҳис-саломни ва у зотга иймон келтирган мўминларни Маккадан қувиб чиқарган, мусулмонларга жуда кўп ёмоликлар қилган мушриклар ҳам бор эди, - ана ўша одамларга қараб: “Ваъдасига вафо қилган, қулига ёрдам қилган ва ҳизб-тўдаларни Бир Ўзи мағлуб қилган Оллоҳга ҳамд-санолар бўлсин”, дедилар. Сўнгра жангда мағлуб бўлган мушриклардан: “Эй Қурайш жамоаси, нималарни ўйламоқдасизлар (яъни, ҳаммаларингизни қатл қилиб юборишимними ёки гуноҳларингиздан ўтиб, кечириб юборишимними ўйламоқдасизлар)?” деб сўрадилар. Улар: “Бизлар фақат яхшиликни ўйламоқдамиз. Чунки сен бизнинг улуғ биродаримизсан, улуғ биродаримизнинг ўғлисан, ҳақиқатан сен ғолиб бўлдинг, нима қилсанг қодирсан”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларга биродарим Юсуф айтган сўзларни айтурман: “Бу кун сизлар айбланмайсиз. Оллоҳ сизларни мағфират қилгай. У Зот раҳм қилгувчиларнинг Раҳмлироғидир”, дедилар. Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг бу сўзларини эшитиб, уялганимдан терлаб кетдим. Чунки мен Маккага кирган вақтимизда мушрикларга: “Бугун биз сизлардан шундай ўч олайликки”, деган эдим”. (“Тафсири Куртубийдан).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг бу сўзларини эшитган қурайшликлар худди қабрларидан қайта тирилиб чиққандек чиқиб кетдилар ва Исломни қабул қилдилар”. (“Дурул-мансур”тафсиридан).

93. “Сизлар мана бу кўйлагимни олиб бориб, отамнинг юзига ташлангиз, кўзлари очилур. (Сўнг) барчаларингиз аҳли оилаларингиз билан бирга менинг олдимга келинглар»!
Қачонки Юсуф алайҳис-салом оғаларига ўзини танитиб, оғалари уни таниганларидан кейин улардан: “Мен йўқолиб қолганимдан кейин отам қандай аҳволга тушди?” деб сўраган эди, улар: “Сени эслаб тинмай йиғлайверганидан кўзлари кўрмай қолди”, дедилар. Шунда Юсуф ўзининг кўйлагини оғаларига бериб: “Мана шу кўйлагимни олиб бориб отамнинг юзларига ёпсангизлар, кўзлари очилиб кетса ажабмас. Сўнгра отамни олиб, барчаларингиз оила, фарзандларингиздан биронтасини қолдирмасдан олиб менинг олдимга Мисрга кўчиб келинглар”, деди. Дарҳақиқат, қуйида келадиган оятларда хабар берилишича, Юсуфнинг кўйлаги юзига теккан заҳоти Яъқуб алайҳис-саломнинг кўзлари очилади ва Яъқуб, яъни, Исроил, фарзанд ва набираларининг барчасини, яъни, Бани Исроил қавмини олиб Канъон юртидан Мисрга, Юсуфнинг ёнига кўчиб борадилар. Канъондан чиққан вақтларида Бани Исроил қавмининг адади етмиш кишидан ортиқ эди. Улар Мисрга келиб ўрнашганларидан кейин ўзларидан кўпайиб орадан кўп асрлар ўтгач, Мусо алайҳис-салом билан бирга Мисрдан чиқиб кетаётганларида эса, бани Исроил қавмининг ададлари бир ривоятда айтилишича, олти юз минг беш юз етмиш кишига етган эди. (“Ал-Муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобидан).
Ҳасан раҳимаҳуллоҳ: “Юсуф алайҳис-саломга унинг кўйлаги отасининг кўзи очилишига сабаб бўлишини Оллоҳ таоло ваҳий билан билдирган эди”, дейди.
Мужоҳид айтади: “Юсуфга ўз кўйлагини отасига юборишни Жаброил алайҳис-салом буюрди. Бу кўйлак аслида Иброҳим алайҳис-саломнинг кўйлаги эди. Иброҳим кофир подшоҳ Намруднинг буйруғи билан кийимлари ечиб олиниб, яланғоч ҳолда оловга ташланганида Жаброил алайҳис-салом Оллоҳнинг Амри билан жаннат ҳариридан бўлган бир кўйлакни келтириб, унга кийдириб кўйган эди.
Иброҳим алайҳис-салом вафот қилганидан сўнг у кўйлак Исҳоқ алайҳи-саломга мерос бўлиб қолган, Исҳоқдан кейин эса, Яъқуб алайҳис-саломга қолган эди. Яъқуб у кўйлакни бир бўлак қамишнинг ичига жойлаб, оғзини беркитиб, кўз тегмасин, деб ҳуснда тенгсиз бўлиб ўсаётган севикли фарзанди Юсуфнинг бўйнига осиб қўйган, Юсуф қудуққа ташлаб юборилганида ҳам бўйнида ўша қамиш тумори бор эди. Жаброил Юсуфга: “Ана ўша кўйлагингни отангга қайтариб юборгин, чунки унда жаннатнинг бўйи бор. Жаннат бўйи қандай хаста ва дардманнинг димоғига кирса, у дарҳол шифо топади”, деди. Шундан кейин Юсуф алайҳис-салом оғалари орқали кўйлагини отасига бериб юборди. (Ал-Жолшъ тиҳкомил-Қуръон” Маолимут-танзил” ва “Мунийр”тафсирлари).
Юсуф алайҳис-салом кўйлагини катта оғаси Яҳузога топширганида у Юсуфга: “Мен бир вақтлар сенинг кўйлагингни бўрининг қонига бўяб, “Мана шу Юсуфнинг қони, уни бўри еб кетди”, деб алдаб, отамни чексиз ғам-кулфатга солган эдим, мана энди сенинг кўйлагингни олиб бориб отамни шод қилиш ҳам менга насиб қилди”, деганича оёқ яланг, бош яланг ҳолида шошганича Мисрдан Канъонга қараб йўл олди. (“Танвирул-азҳон” тафсири).

94. Карвон (Мисрдан) чиқиши биланоқ оталари (Яъқуб алайҳис-салом ўз уйларида туриб, ҳузуридаги кишиларга): «Мен Юсуфнинг бўйини туймоқдаман. Агар мени ақлдан озган демасангизлар (албатта Юсуф тирик, деган сўзимни сизлар ҳам тасдиқлаган бўлур эдингизлар)», деди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Юсуф алайҳис-саломнинг оғалари келган карвон Мисрдан чиқиб йўлга тушиши билан бир шамол туриб, саксон фарсах, айрим ривоятларда саккиз кунлик масофа нарида жойлашган Канъон юртида ўғлимдан хабар келармикан, деб Миср йўлига кўз тикиб ўтирган Яъқуб алайҳис-саломга Юсуфнинг бўйини етказди.
Розий айтади: “Яъқубга ўғли Юсуфнинг бўйи етказилиши Илоҳий мўъжиза тарзида рўй бергандир. Чунки бундай узоқ масофадан бўй-ҳид етиб келиши ақл бовар қилмайдиган ҳодиса. Бас, бу ҳодиса Яъқуб пайғамбарга ато этилган Илоҳий мўъжизалардан бири дейилиши тўғри бўлади. (“Тафсири Розий”дан).
“Маолимут-танзил”да ривоят қилинишича, сабо шамоли Парвардигордан Яъқуб алайҳис-саломга ўғиллари хушхабар етгазишларидан олдин Юсуфнинг бўйини етказишга ижозат сўради. Изн берилгач, шамол эсиб Яҳузо олиб кетаётган Юсуфнинг кўйлагини елпиб ўтдида, шамол тезлигида Юсуфнинг бўйини Яъқубнинг димоғига етказди. Бас, Яъқуб Ер юзида Юсуфнинг кўйлагидан ўзга жаннатнинг ҳиди келиб турадиган нарса йўқлигини билгани учун ёнидаги набира ва хизматкорларига: “Мен Юсуфнинг бўйини туймоқдаман”, деди.

95.    (Улар) айтдилар: “Оллоҳга қасамки, сен (ҳали ҳам ўша) эски хатойингда турибсан”.
Яъни, Яъкуб алайҳис-саломнинг сўзларини эшитган қариндош-уруғлари Юсуф аллақачон вафот қилиб кетган деб ишонганлари учун унинг бу сўзига қаттиқ эътироз билдириб: “Сен Юсуфни ҳаддан ортиқяхши кўрганинг ва уни қаттиқ соғинганинг учун “Юсуфни тирик”, деб, узоқ йиллар олдин дунёдан ўтиб кетган одамнинг қайтиб келишини кутмоқдасан, унинг вафот қилганига ишонмасдан ҳали ҳам ўша эски хатойингдан ҳеч воз кеча олмаяпсан”, дедилар.
Қатода айтади: “Ўғиллари Мисрга кетганидан кейин Яъқуб алайҳис-саломнинг ёнида қолган аҳли-оилалари ва набиралари Оллоҳ таолонинг пайғамбарига бундай қўпол-қаттиқ сўзлашларига, у зотга бу қадар кескин дашном беришларига сабаб, уларнинг барчаси “Юсуфни болалик чоғида бўри еб кетган”, деган сўзни эшитган ва орадан қанча замон ўтса-да, Юсуфдан бирон дарак чиқмагани учун ана ўша сўзга қаттиқ ишониб қолган эдилар”. (Ал-мук,татаф мин уювнит-тафосийр” китобидан).

96.    Энди қачонки хушхабар етказувчи келиб, уни (яъни, Юсуфнинг кўйлагини Яъқубнинг) юзига ташлаши билан унинг кўзлари очилди. «Сизларга мен Оллоҳ(нинг Лутфу Раҳмати)дан сизлар билмайдиган нарсаларни билурман, демаганмидим», деди у.
Яъни, Яъқуб алайҳис-саломнингтўнғич фарзанди Яхузо Мисрдан йўлга чиққан карвонлари ҳали Канъон юртига кириб келмасидан Юсуф бериб юборган кўйлакни олиб келиб отасининг юзига ёпган эди, шу онда Юсуф алайҳис-салом айтган мўъжиза юз берди - Яъқуб алайҳис-салом у кўйлакни олиб ҳидлаб сўнг кўзларига босиши билан дарҳол кўр бўлиб қолган кўзлари очилиб, аниқ-тиниқ кўра бошлади, заиф бўлиб қолган жисми-жонига қайтадан кувват кириб, кекса одам гўё ёшариб кетгандек бўлди ва қирқ йилдан ортиқ уни бирон нафас тўхтамай муттасил эзиб келган қайғу-ғами бир лаҳзада шод хуррамликка айланди. Шунда у карвон билан етиб келган фарзандларига қараб: “Эй ўғилларим, мен сизларни Мисрга юборган ва Оллоҳнинг Раҳматидан ҳеч умид узмай Юсуфни излашга буюрган чоғимда сизларга: “Мен Оллоҳнинг Лутфу Раҳматидан сизлар билмаган нарсаларни билурман”, демаганмидим. Ана ўша билган нарсам - Оллоҳ таоло менга ваҳий билан Юсуфнинг ҳаёт эканини ва яқин кунларда уни яна бағримга қайтаришини билдирган эди”, деди.
“Дуррул-мансур” тафсирида Ҳасандан ривоят қилинишича, Яъқуб алайҳис-салом унга биринчи бўлиб хушхабарни етказган ўғли Яҳузодан: “Юсуфни қандай ҳолда қолдириб келдинг?” деб сўраган эди, у: “Юсуф ҳозир Мисрнинг подшоҳи”, деди. Яъқуб: “Мен унинг подшоҳлигини нима қиламан? Мен сендан уни қандай дин устида қолдирдинг (яъни, у қайси динга эътиқод қилар экан?) деб сўрамоқдаман”, деган эди, Яҳузо: “У Ислом динидадир”, деди. Шунда Яъқуб алайҳис-салом: “Мана энди неъмат - келтирган хушхабаринг комил бўлди”, деди.
“Тафсири Мунийр”да хушхабарни етказган кишига суюнчи бериш пайғамбарлардан қолган одат эканига далолат қиладиган бир ривоят келтирилибди: Яъкуб алайҳис-салом севикли фарзанди Юсуфнинг ҳаёт экани ҳақида хушхабар келтирган катта ўғли Яхузога суюнчи бермоқчи бўлди, аммо уйидан ҳеч нарса топа олмагач, унинг ҳаққига шундай дуо қилди: “Оллоҳ таоло сенга ҳаётингнинг сўнгги соатида келадиган ўлим мастликлари - машаққатларини осон қилгай!” Ушбу дуода ҳар бир инсоннинг бошига тушиши муқаррар бўлган оғир соатда енгиллик сўралгани учун Яҳузога энг тансиқ, энг бебаҳо суюнчи бўлган эди.
Хушхабар келтирувчига суюнчи бериш одати Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг асҳоблари (Оллоҳ уларнинг барчасидан рози бўлсин) орасида ҳам жорий бўлган одат экани имом Бухорий ва Муслим ривоят қилган кўламли бир ҳадиси шарифда айтилгандир. Тавба сурасининг 118-ояти тафсирида келтирилган мазкур ҳадисда Табук ғазотига Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга бормасдан беузр Мадинада қолган уч ансорий саҳобанинг тавбалари Ҳақ таоло томонидан қабул қилиниши кечиктирилганида улар жуда ёмон ҳолга тушиб, ҳатто мусулмонлардан ҳеч ким улар билан гаплашмай, жамиятдан бир муддат узилиб қолган вақтларида баногоҳ, Ҳақ таоло уларнинг тавбалари қабул бўлгани ҳақида оят нозил қилганини эшитиб, бу хушхабардан қандай шод бўлганлари тўғрисида ўша уч саҳобийдан бири Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳу ҳикоя қилди: “Шу тарзда яна ўн кун ўтгач, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам одамларга биз билан сўзлашишни манъ этганларига эллик кун тўлгач, тонг маҳали уйимнинг томида бомдод намозини ўқиб, Оллоҳтаоло зикр қилганидек, юрагим сиқилиб, кенг Ер кўзимга тор кўриниб ўтирган эдим, баногоҳ Салъ тоғи томонидан баланд овозли бир жарчининг: “Эй Каъб ибн Молик, сенга хушхабар”, деганини эшитдим. Эшитдим-у Оллоҳга сажда қилган ҳолда йиқилдим. Билдимки, Илоҳий Марҳамат келибди. Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам бомдод намозидан кейин Оллоҳ таоло бизнинг тавбамизни қабул қилганини эълон қилибдилар. Одамлар бизнинг учовимизга ҳам бу хушхабарни етказиш учун чопибдилар. Мен томонга қараб Аслам қабиласидан бир киши чопиб келиб тоғ устидан баланд овозда қичқирган экан. Унинг овози болтадан ҳам ўткирроқ эди! У хушхабар келтирувчига устимдаги икки кийимимни ҳам ечиб суюнчи қилиб кийдириб юбордим. Оллоҳга қасамки, ўшанда шу икки кийимдан бошқа кийимим йўқ эди”.
Шунингдек, ўрганаётганимиз ояти карима мазмунидан бошларидан ғам-кулфатлари ариган ёки узоқ кутган орзуларига эришган кишилар шод-хуррамлик қилишлари, элга дастурхон ёзиб хайр-саховатлар кўрсатишлари ҳам шаръан дуруст бўлган ишлардан экани малум бўлади. Бу хусусда саҳобайи киром ҳаётидан келтирилган хабарларда ҳам айтилгандир. Масалан, “Тафсири Мунийр”да ушбу ояти карима тафсирида Умар розияллоҳу анҳу Бақара сурасини ёд олганида шукронасига бир туя сўйгани ривоят қилинади.

97. Улар дедилар: «Эй ота, (Оллоҳдан) бизларнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини сўрагин! Дарҳақиқат, бизлар хато қилгувчилардан бўлдик».
Яъни, Яъқуб алайҳис-салом қирқ йиллаб кўз тутган фарзандининг ҳолидан хабар топиб, бутун аҳли байти билан шод-хуррамликка кўмилиб турган вақтда ўғиллари - ўша отани боласидан жудо қилган, акани укасидан айирган ўғиллари жоҳилликларида йўл қўйган мудҳиш хатоларига минг афсус ва надоматлар билан: “Отажон, дарҳақиқат биз жуда катта хатога йўл қўйдик, Оллоҳ таолога осий-гунохкор бўлдик, қилган барча гуноҳларимиз бўйнимизда, қилмишларимизга минг пушаймонмиз, ҳаммамиз чин дилдан тавбалар қилдик, Сен бизнинг меҳрибон отамизсан ва Оллоҳ таолонинг пайғамбарисан. Шунинг учун ўзинг Оллоҳ таолодан бизнинг гуноҳларимизни мағфират қилишини сўраб бергин”, деб ялиниб ёлвора бошлаган эдилар -

98. У айтди: «Албатта, мен яқинда Парвардигоримдан сизларни мағфират қилмоғини сўрайман. Зотан, Ёлғиз У Зот Мағфират қилгувчи, Меҳрибондир».
Аксари муфассирлар айтадилар: “Яъқуб алайҳис-салом ўғиллари ҳаққига дарҳол мағфират сўрамасдан дуо қилишни саҳар вақтига қолдирди, чунки саҳар пайти дуолар ижобат қилинадиган вақтдир. Абу Ҳурайрадан ривоят қилинган ҳадиси шарифда ҳам бу ҳақда хабар берилгандир: Расулуллоҳ соллолоху алайҳи ва саллам дедилар: “Роббимиз таборака ва таоло ҳар кечанинг охирги учдан бири қолганида қуйи осмонга тушиб: “менга дуо қиладиган ким бор, Мен унинг дуосини ижобат қилурман, Мендан сўрайдиган ким бор, мен унга сўраганини берурман, мендан мағфират тилайдиган ким бор, мен уни мағфират қилурман”, дейди. (Бухорий ривояти).
Бас, қачонки ваъда қилинган саҳар пайти бўлганида, Яъқуб алайҳис-салом намозга турди ва ундан фориғ бўлгач, қўлларини кўтариб Оллоҳ азза ва жаллага илтижо қилди: “Оллоҳим, Ўзинг мени Юусуф ҳақида қилган бесабрликларимни кечиргин. Болаларимни ҳам укалари Юсуфга қилган ёмонликларини мағфират қилгин”. Бас, Оллоҳ таоло унга ваҳий қилдики, “Мен сени ҳам, уларнинг барчаларини ҳам гуноҳларингизни мағфират қилдим”. (“Тафсири Бағавий”дан).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Яъқуб алайҳис-салом ўғилларининг ҳаққига дуо қилишни жумъа кечасининг саҳар пайтига қолдирган.
Термизий ривоят қилган ҳадисда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларида ўтирган эдик, Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу кириб келиб: “Ё Расулуллоҳ, отам ҳам, онам ҳам Сизга фидо бўлсин, ушбу Қуръон қалбимдан чиқиб кетиб, уни тиловат қилишга кучим етмай қолаяптику”, деди. Шунда Расулуллоҳ сололлоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сенга шундай сўзлар ўргатиб қўяйки, Оллоҳ таоло сенга ва сен кимларга ўргатсанг, ўшаларнинг барчасига у сўзларни фойдали қилур ва билган нарсаларингни қалбингда барқарор қилур”, дедилар. Алий: “Ҳа, ё Расулуллоҳ, ўргатиб қўйинг”, деган эди, айтдилар: “Қачон жумъа кечаси бўлганида, агар кечанинг охирги учдан бири қолганида тура олсанг, (тургинда, намоз ўқигин, сўнгра қалбингдаги барча ҳожатларингни сўраб, Оллоҳтаолога дуо-илтижолар қилгин), чунки бу соат (кеча ва кундуз фаришталари) ҳозир бўладиган соатдир ва бу соатда қилинган дуо мустажобдир. Биродарим Яъқуб алайҳис-салом ҳам ўғилларига.” Албатта мен яқинда Парвардигоримдан сизларни мағфират қилмоғини сўрайман”, деганида жумъа кечасини назарда тутгандир”.
Шаъбийдан ривоят қилинишича, Яъқуб алайҳис-салом ўғилларига: “Мен яқинда Парвардигоримдан сизларни мағфират қилмоғини сўрайман”, деганининг мазмуни: “Мен аввал Юсуфни кўриб, ундан сўрай, агар у сизларни афв қилган бўлса, ана шундан кейин мен Парвардигоримдан сизларни мағфират қилмоғини сўрайман”, деганидир. (“Тафсири Қуртубий”дан).

99. Энди қачонки (манзилга етиб келишиб) Юсуфнинг ҳузурига (чодирига) кирганларида, у ота-онасини бағрига босиб: «Иншооллоҳ, Мисрга тинч-омон киринглар», деди.
Ривоят қилинишича, Юсуф алайҳис-салом отасини барча аҳли оила, қариндош-уруғлари билан кўчириб келиш учун икки юз туя ва керакли жиҳозларни оғаларининг карвонига қўшиб юборган эди. Бас, Яъқуб алайҳис-салом Миср сафарига ҳозирлик кўриб, оила азоларини тўплаб, эркак-аёл бўлиб етмиш икки ёки етмиш уч киши йўлга тушдилар. Юсуф алайҳис-салом ҳам тўрт минг кишилик лашкар ва аъёнлари билан отасининг йўлига пешвоз чиқиб, шаҳар четига чодирлар қуриб қондош-қариндошларини интизор бўлиб кутиб турди. Манзилга яқинлашар экан, катта ўғли Яҳузога суяниб келаётган Яъқуб алайҳис-салом сонсиз лашкарлар ва уларга эргашиб чиққан одамларни кўриб: “Эй Яҳузо, бу Миср фиръавнининг одамларими”, деган эди, у: “Эй отажон, йўқ, бу ўғлинг Юсуф, Мисрнинг улуғларини олиб йўлингга мунтазир бўлиб турибди”, деди. Бас, қачонки ота-бола рўбарў келишгач, уловларидан тушдилар, қучоқлашдилар, йиғлашдилар. Сўнгра Юсуф отасини ва ҳоласи Лайёни бағрига босиб, улар учун махсус тикланган чодирга олиб кирди. (Ояти каримада зикр қилинган “ота-она”дан мурод, Юсуфнинг отаси ва холасидир. Чунки Юсуфнинг онаси Роҳийл кенжа ўғли Биняминни туққанидан кейин боланинг чилласи чиқмай туриб вафот этган ва Яъқуб алайҳис-салом унинг синглиси Лайёга уйланган эди. Отадан кейин амаки ота ўрнида бўлгани каби, онадан кейин хола ҳам меҳр-шафқатда она каби бўлгани учун ояти каримада уни она деб аталди). Шундан кейин Юсуф уларни шаҳар ичкарисига таклиф қилиб: “Мана энди иншооллоҳ, хеч қандай хавф-хатарсиз, тинч-омон ҳолда Мисрга киринглар”, деди. Суфёни Саврий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Қачонки, Яъқуб ва Юсуф алайҳимас-салом бир-бирларини дийдорига етишиб, қучоқлашиб, кўзларидан шодлик ёшларини тўкишгач, Юсуф: “Эй отажон, Сен мени йўқотиб қўйганингдан кейин йиғлайве-риб кўзларинг кўрмайдиган бўлиб қолибди. Ахир Сен Қиёмат Куни албатта учрашишимизни билмасмидинг?” деган эди, Яъқуб алайҳис-салом: “Йўқ, эй болам, билар эдим, аммо мен сен ғурбатда динингдан ажраб қолиб, Қиёмат Кунида ўртамиз тўсилиб қолишидан қўрқдим”, деди

100. (Кейин, Мисрга кириб Юсуф алайҳис-саломнинг саройига келган-ларидан сўнг), у ота-онасини ўзининг тахтига чиқарди ва улар (яъни, ота-она ва оға-инилари Юсуф алайҳис-саломга) сажда - таъзим қилган ҳолларида йиқилдилар. У деди: «Эй отажон, бу (қирқ йил) илгари кўрган тушимнинг таъбирику! Парвардигорим уни рост қилди. Дарҳақиқат, У Зот менга (буюк) инъом қилди - мени зиндондан чиқарди, шайтон мен билан ога-иниларим орасини бузиб иғво қилганидан кейин, мана, сизларни чўлу саҳродан (Мисрга эсон-омон ҳолингизда) келтирди. Албатта Парвардигорим Ўзи хоҳлаган нарсани сездирмай амалга оширгувчи Зотдир. Албатта Унинг Ўзигина Билим ва Ҳикмат Соҳибидир.
Уламолар ояти каримада тақцим ва таъхир борлигини - аввал бўлган воқеа кейин, кейингиси аввал зикр қилинганини айтадилар. Яъни, Яъкуб алайҳис-салом ва унинг барча оила аъзолари Оллоҳ таолонинг Хоҳиш-Иродаси билан соғ-саломат Мисрга етиб келиб, Подшоҳ саройига киришгач, Яъқуб, унинг аёли Лайё ва ўн бир оға-инининг ҳаммалари Юсуфга сажда-таъзим қилишга йиқилдилар, сўнгра Юсуф ота-отасини ўзининг ёнига - баланд ва муҳгашам тахтга чиқариб ўтқизгач, болалик хотиралари ёдига тушиб: “Эй отажон, ҳозир рўй берган воқеа - сизларнинг сажда қилишларингиз - мен ёш болалик чоғимда, бундан қирқ йил олдин кўрган ва Сенга сўзлаб берган тушимнинг таъбиридир. Мана шунча йил ўтгач, Парвардигорим ўша тушни хақиқатга айлантирди, тушимда қандай кўрган бўлсам, хушимда ҳам худди ўша воқеага гувоҳ бўлиб турибман”, деди.
Юсуф алайҳис-салом кўрган туш ҳақида хабар берилган 4-оят тафсирида ҳам айтиб ўтилганидек, ота-она ва оға-иниларининг Юсуфга сажда қилишлари ибодат саждаси эмас, таъзим-улуғлаш маъносидаги сажда эди.
“Тафсири Куртубий”да Қатода Ҳасандан ривоят қилишича, улар қилган сажда бошни ерга қўйиб қилинадиган сажда бўлмай, ўша замоннинг одатича, одамлари бир-бирлари билан саломлашганларида бош ва гавдаларини эгиб рукуда турган каби таъзим қилишлари эди.
Суфёни Саврий, Заҳҳок ва бошқалар эса: “Юсуфнинг ота-она ва оға-инилари қилган сажда бизга маълум бўлган одатдаги сажда бўлиб, улар шу тарзда саломлашар эдилар”, дейдилар. Қатода айтади: “Улар подшоҳ-лар хузурига кирганларида мана шундай сажда қилар эдилар, уммати Исломийяга эса, Оллоҳ таоло жаннат аҳлининг саломларини ато этди, яъни, мусулмонлар учрашганларида бир-бирларига эгилиб-букилмайди-лар, балки жаннат аҳли жаннатларда қандай саломлашсалар, худди ўша тарзда, гавдаларини тик тутган ҳолларида “Ассалому алайкум, ва алайкум ассалом”, дейдилар”.
Юсуф алайҳис-салом ота-онаси ва оға-иниларининг унга сажда қи-лаётганларини кўриб титраб кетди ва дафъатан, бундан қирқ йил илгари кўрган тушини эслади. Ўшанда у Яъқуб алайҳис-саломга: “Эй отажон, мен тушимда ўн бир юлдузни, яна қуёш ва ойни кўрибман. Улар менга сажда қилишаётган эмиш”, деган эди (4-оят). Энди у отасига ўша туши ўнгга айланганини айтиб, орадан ўтган қирқ йил мобайнида бошига тушган ғам-кулфатлар ҳақида сўзлаб берар экан, оғалари уни қудуққа ташлаб юборганлари ҳақида лом-мим демай, Яратган Ўз Лутфу Карами билан уни зиндон азобидан халос қилганини, оғалари билан ўрталарига шайтон оралаб, қанча иғволар қилмасин, Меҳрибон Парвардигор уларнинг барчаларини чўлу сахроларда кўчманчи бўлиб қийналиб юрган жойларидан шаҳарга, Юсуф ҳузурига келтириб, ҳаммаларини бир жойга жамлаб қўйганини, ҳар бир иши Ҳикмат бўлган Билгувчи Зот Ўзи хоҳлаган бандаларига мана шундай буюк неъматларни сездирмасдан, аста-секин ато этишини сўзлаб, Яратганга шукроналар айтди.
“Танвирул-азҳон” ва “Ал-муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобла-рида ривоят қилинишича, Юсуф алайҳис-салом Миср мамлакатининг подшоҳи Райён унга ишониб топширган мамлакат хазиналарини Яъқуб алайҳис-саломга кўрсатиб юрар экан, қоғозлар сақланадиган хазинани кўрганида Яъкуб Юсуфга қараб: “Эй болам-а, бунчалар бағринг тош бўлмаса! Шунча кўп қоғозга эга бўла туриб, менга бир парча қоғозга ўзингнинг ҳол-аҳволинг, соғ-омонлигинг ҳақида хат ёзиб юбора олмабсан-да”, деган эди, Юсуф: “Отажон бу менинг қўлимдаги иш эмас эди, чунки Жаброил менга шундай қилишни буюрди. Ўзинг унга мендан яқинроқсан, сўраб кўргин”, деди. Яъқуб алайҳис-салом Жаброил алайҳис-саломдан сўраган эди, у: “Бу Оллоҳ таолонинг Амри эди. Эслайсанми, сен Юсуфни оғалари билан далага юбораётганингда: “Уни бўри еб кетишидан қўрқаман”, деган эдинг. Ана ўшанда Оллоҳ таоло: “Сен бўридан эмас, Мендан қўрқсанг бўлмасмиди”, деди ва сенинг маълум бир муддат Юсуфнинг ўлик ёки тириклигидан бехабар ҳолда бўлишингни амр қилди”, деди.
Ушбу ривоятдан Юсуф алайҳис-салом турган жойидан унча олис бўлмаган масофада бўла туриб Яъқуб алайҳис-салом нима сабабдан шунча узоқ муддат - қирқ йилдан кўпроқ вақт мобайнида унинг тақдиридан бехабар қолганининг сирри-ҳикмати аён бўлади.
Тарихчилар ёзишларича, Яъқуб алайҳис-салом суюкли фарзанди Юсуфнинг ёнида йигирма тўрт йил шод-хуррамликда бахтли-саодатли ҳаёт кечирди. Қачонки ўлим соати яқинлашганда Юсуфга: “Агар ўлсам, мени Шом мамлакатига - туғилган юртимга олиб бориб, отам Исҳоқ алайҳис-саломнинг ёнига дафн этгин”, деб васият қилди. Бас, Яъкуб алайҳис-салом вафот этгач, Юсуф алайҳис-салом отасини Шомга олиб бориб, ўзи васият қилган жойга дафн этди ва бир муддат тургач, Мисрга қайтиб келди. Юсуф алайҳис-салом отаси ўтганидан кейин яна йигирма уч йил яшади. Қачонки умри битиб бораётганини сезгач, Ёлғиз Ҳай-ю Қайюм - азалий Тирик ва абадий Тургувчи Зотдан бошқа ҳеч ким мангу яшамас-лигини, жамийки мавжудот бир кун ўлимга маҳкум эканини жуда яхши билгани учун кўнгли бу фоний дунёдан боқий Охират диёрига кетишни қўмсаб, деди: -

101. Парвардигорим, Ўзинг менга мулку давлатдан (буюк насиба) ато этдинг, яна тушларнинг таъвил-таъбирларидан таълим бердинг. Эй, осмонлар ва Ерни Яратгувчиси, дунё-ю Охиратда Ўзинг Хожамдирсан. (Умрим битиб, Сен Ўзинг белгилаб қўйган ажалим етганида) мусулмон ҳолимда жонимни олгин ва мени ҳам солиҳ бандаларинг қаторига қўшгин».
Қатода айтади: “Юсуфдан бошқа бирон пайғамбар Оллоҳ таолодан ўлим сўраган эмас”. (“Маолимут-танзил”тафсиридан).
Яна айтдиларки, Юсуф ўлимни орзу қилгани йўқ, балки мусулмон ҳолда вафот этишни орзу қилди, яъни, у Оллоҳ таолога: “Қачон ажалим етиб келса, мусулмон ҳолда жонимни олгин”, деб илтижо қилди.
Саҳл ибн Абдуллоҳ Тустарий: “Ўлимни фақат уч тоифа одам орзу қилади. Биринчиси, ўлимдан кейин бўладиган ишлардан бехабар жоҳил кимса, иккинчиси, Оллоҳ таолонинг тақдиридан қочмоқчи бўлан кимса, учинчиси, Оллоҳ азза ва жалланинг жамолини кўришга муштоқ бўлган инсон”, деди.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам буюрдилар: “Сизлардан биронтангиз бошига тушган зиён (яъни, касаллик ёки мусибат) сабабли ўлимни орзу қилмасин! Агар ҳеч чидай олмай орзу қиладиган бўлса, у ҳолда: “Оллоҳим, модомики мен учун ҳаёт хайрли бўлса, менга ҳаёт бергин, агар мен учун вафот қилиш хайрли бўлса, жонимни олгин”, деб дуо қилсин!” (“Сиҳоҳи ситта - олти саҳиҳҳадислар тўплами”нинг барчасида ривоят ҳилинган).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда эса у зоти бобаракот соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизлардан биронтангиз ўлимни орзу қилмасин ва келишидан илгари ўлим сўраб дуо қилмасин! Чунки сизлардан ҳар бир киши вафот қилиши билан амали узилади ва албатта мўминнинг умри унга фақат яхшиликни зиёда қилади”, деб буюрдилар. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Бас, шундай экан, Юсуф алайҳис-салом ўлимни, амаллари узилишини орзу қилган бўлиши ҳақиқатдан узоқдир. (“Тафсири Куртубий”дан).
Аммо бошига ўлим келган соатда уни соғиниб, хушнуд ҳолда кутиб олиш бахтли бандаларнинг насибасидир.
Бухорий, Муслим, Термизий, Насоий ва бошқалар ривоят қилган ҳадиси шарифда Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Оллоҳга рўбарў бўлишни яхши кўрса, Оллоҳ ҳам унга рўбарў бўлишни яхши кўради ва ким Оллоҳга рўбарў бўлишни ёмон кўрса, Оллоҳ ҳам унга рўбарў бўлишни ёмон кўради”, деган эдилар, саҳобайи киром алайҳимур-ризвон: “Ё Расулуллоҳ, ҳаммамиз ҳам ўлимни ёмон кўрамизку”, дейишди. Шунда Ҳазрат: “Ундоқ эмас, (яъни, бу иш сизлар тушунгандек эмасдир), лекин мўмин ўлим тўшагида ётганида Оллоҳтаоло ҳузуридан унинг қаерга қайтаётгани ҳақида хушхабар бергувчи бир фаришта келади, ана ўша вақтда унинг учун ҳеч нарса Оллоҳни кўришдан суюклироқ бўлмай қолади, бас, Оллоҳ таоло ҳам унга рўбарў бўлишни яхши кўради. Фисқу фужур қилгувчи ибодатсиз ёки динсиз кимса эса, ўлим тўшагида ётганида кўз ўнгига бир огоҳлантиргувчи фаришта келиб, унинг қандай азобга бораётганини айтади, ана ўша вақтда у ўлишни, Оллоҳнинг азобига рўбарў бўлишни жуда ёмон кўради, бас, Оллоҳ таоло ҳам унга рўбарў бўлишни ёмон кўради”, дедилар.
Ояти каримада Юсуф алайҳис-салом аввало унга мулку давлат, илму маърифат ато этган Оллоҳ таолога ҳамду санолар айтиб, сўнгра осмону заминни йўқдан бор қилган Ул Зотга муножот қилиб: “Менинг ҳар икки дунёдаги Дўстим, Хожам, Мададкорим, барча ишларимнинг Эгаси Ёлғиз Ўзингсан, Сендан бошқа хожам йўқ, Ўзинг мени ҳузурингга борар вақтим етиб келганида мусулмон ҳолимда жонимни олгин ва мени Охират диёрида солиҳ бандаларинг қаторига кўшгин, (яна бир ривоятда) менга солиҳ бандаларинг бўлмиш ота-боболарим Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ ва Яъқуб алайҳимус-салом ёнларидан жой ато этгин”, деб дуо илтижо қилган эди. Дарҳақиқат, Оллоҳ таоло Ўзининг солиҳ бандаси ва пайғамбари қилган сўнгги дуони ҳам ижобат этди ва Юсуфнинг Миср заминидан боболари ёнига олиб бориб дафн этишни Ўзинингяна бир элчиси Мусо алайҳис-салом зиммасига юклади. Аммо бу иш содир бўлишига ҳали оз эмас, кўп эмас, роса тўрт юз йил вақт бор эди! Чунки Юсуф алайҳис-саломнинг Мисрга кириб келиши билан Мусо алайҳис-саломнинг Мисрдан чиқиб кетиши ўртасида роппа-роса тўрт юз йил ўтган эди. Ажабо! Юсуфнинг кўрган туши қирқ йилдан кейин ўнгга айлангани каби унинг қилган дуоси тўрт юз йилдан сўнг амалга ошгани Юсуф қиссаси ҳақиқатдан хам дунёдаги энг гўзал ва ибратли қисса эканининг, яъни, унинг ажойиботлари ҳеч туганмаслигининг яна бир мисоли эмасми?
“Тафсири Бағавий”да айтилишича, Юсуф алайҳис-салом мазкур дуосидан кейин орадан бир ҳафта ҳам ўтмай бир юз йигирма ёшида вафот этди ва мармар тобутга солиниб... Нил дарёсининг қаърига дафн этилди. Бунга сабаб, Миср заминига баракот киришига сабаб бўлган Юсуф алайҳис-саломни Нил дарёсининг ҳар икки соҳилидаги одамлар ўз маҳаллаларига дафн этилишини хоҳлар эдилар. Чунки ҳаммалари бу улуғ инсон ётган жойга баракотлар ёғилишидан умидвор эдилар. Шунингучун Мисрни қоқ иккига бўлиб оқиб ётган Нил дарёсининг ҳар икки соҳилидагилар Юсуфнинг жасадини талашиб, ўрталарида уруш чиқиш хавфи пайдо бўлгач, ўзаро келишиб, уни Нилнинг ўртасига дафн қилдилар, орадан тўрт юз йил ўтгач, Юсуф алайҳис-саломнинг авлодларидан бўлган Мусо алайҳис-салом Бани Исроил қавми билан Фиръавн зулмидан қочиб Мисрдан чиқиб кетар экан, ўзининг бобокалонларидан бўлан Юсуф алайхис-саломнинг жасадини дарё қаъридан чиқариб олиб, ўзи билан бирга олиб кетди ва Шоми шарифга олиб бориб, боболари Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ ва Яъкуб алайҳимус-саломнинг ёнларига дафн этди. Шундай қилиб, Ҳақ таоло сўзлаб берган бу бениҳоя гўзал қисса ўз ниҳоясига етди.

102. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), бу (гўзал қисса) Биз Сизга ваҳий қилаётган ғайб хабарларидандир. (Чунки Сиз Юсуфнинг оға-инилари) макр-ҳийла билан режаларини тузиб иттифоқ қилишаётган пайтларида уларнинг ёнларида ҳозир эмасдингиз.
Ушбу ояти каримада Жаноби Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга хитоб қилиб, у зоти бобаракотга Юсуф алайҳис-саломнинг кўрган-кечирганлари зикр қилинган бу бемисл гўзал қиссани Унинг Ўзи ваҳий билан билдирганини айтади ва Юсуф алайҳис-салом яшаган замонда, хусусан Юсуфнинг оғалари уни кудуқ қаърига ташлаб ҳалок қилиб юбориш ҳақида хуфёна режа тузаётган вақтларида Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг ёнида турмаганларини алоҳида таъкидлайди.
Ояти карима Муҳаммад алайҳис-салом Оллоҳнинг Элчиси эканликларини инкор қилаётган мушрикларга Илоҳий раддиядир. Чунки уларга Пайғамбар алайҳис-саломнинг бирон кимсадан сабоқ олиб ўқимаганлари жуда яхши маълум эди. Бас, яна ўша уммий - хат-саводи бўлмаган зот уларга минг йилдан зиёд вақт илгари яшаб ўтган Юсуф алайҳис-салом, унинг отаси Яъкуб алайҳис-салом ва оға-инилари ҳақида энг майда тафсилотларигача бу қадар гўзал ва бетакрор тарзда сўзлаб беришларининг ўзи Ҳазрати Муҳаммад бу қиссани фақат Оллоҳ томонидан нозил бўлган ваҳий орқали билганликларига, демак, у зот Оллоҳ таолонинг Элчиси ва Пайғамбари эканликларига ҳеч инкор қилиб бўлмайдиган Илоҳий далилдир.
“Маолимут-танзил”, “Танвирул-азҳон” ва бошқа тафсир китобларида ривоят қилинишича, Қурайш мушриклари ва яхудлар Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саламни мулзам қилиб таҳқирлаш учун У Зотдан Юсуф қиссасини сўзлаб беришларини сўрашди ва ўзларича: “Муҳаммад бу қадимий қиссани қаёқдан билар эди”, деб ўйлашиб: “Агар сен бизга ана ўша қиссани айтиб бера олсанг, бизлар албатта сенинг пайғамбар эканлигингга иймон келтирамиз”, деб ваъда ҳам қилишди. Аммо қачонки Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салам Оллоҳ таоло ғойибдан ваҳий қилган бу гўзал қиссани сўзлаб берганларида эса, кофирлар Муҳаммад алайҳис-салом айтиб берган бу қисса Оллоҳ таоло Мусо алайҳис-саломга нозил қилган Таврот Китобида зикр қилган Юсуф қиссасига мувофиқ эканини аниқ кўриб-билиб турсалар-да, берган ваъдаларинингустидан чиқмадилар, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга иймон келтирмадилар. Шунда у зот маҳзун бўлиб қолганларида, Ҳақ таоло мана бу ояти каримани нозил қилди -

103. Гарчи Сиз (барча одамларнинг иймон келтиришларини) жуда истасангиз-да, одамларнинг кўплари мўмин эмасдирлар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга таскин-тасаллий бериб, у зотга ва барча мўминларга Ўзи белгилаб кўйган Илоҳий такдир сирларидан бирини баён қилади ва бу билан динсиз кимсаларнинг ғайбдан келган Илоҳий ваҳийни эшитиб-билиб туриб ҳам иймон келтирмаётганларига ҳаддан ортиқ қайғурмасликка буюради. Яъни, Пайғамбар алайҳис-салом ва у зотнинг ворислари бўлмиш уламолар одамларга Дини Исломни етказишга ҳар қанча уринмасинлар, дунёдаги ҳар бир инсон мусулмон бўлишни қанчалар истамасинлар, фақат Оллоҳ таоло Тўғри Йўлга ҳидоят қилган инсонларгина уларнинг даъватларига қулоқ солиб, Ислом Йўлига юрадилар, қолганлари эса, оят-мўъжизаларга гувоҳ бўлиб турсалар-да, Ҳақ Сўзни эшитиб, ҳатто тушуниб турсалар-да, динсизликларидан қайтмайдилар ва уларнинг саноғи то Қиёмат қадар мусулмонлар ададидан кўпроқ бўлади. Ҳақ таоло бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар бергандир: “Аниқки, Биз ушбу Қуръонда одамлар учун барча мисол-ибратлардан баён қилдик. Лекин одамларнинг кўплари фақат куфрнигина ихтиёр этдилар”. (Ал-Исро сураси, 89-оят). “Албатта, у (Қуръон) Парвардигорингиз томонидан келган Ҳақиқатдир. Лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмайдилар”. (Ҳудсураси, 17-оятдан).
Ушбу оятларда Ҳақ таоло Пайғамбар алайҳис-саломга ҳамда барча мўминларга иймон энг бебаҳо ва энг тансиқ Илоҳий неъмат эканини, бу улуғ неъматни Жаноби Ҳақ фақат Ўзи ҳоҳлаган-суйган бандаларигагина ато этишини таъкидлайди. “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), аниқки, Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топгувчи зотларни яхшироқ Билгувчидир.” (Қасас сураси, 56-оят).
Бас, энг бахтли, комил инсон - қалбида иймони бор, Ислом Йўлида барқарор инсондир. Чунки уни Оллоҳ таоло кўплар орасидан танлаб, Ўзининг Тўғри Йўлига ҳидоят қилгандир. Бундай инсонларнинг саноғи динсизлардан оз бўлиши эса, асло уларнинг заифлигини билдирмайди, чунки ҳар бир комил инсон мингларга татийди. (“Танвирул-азҳон” тафсири).

104. Ҳолбуки Сиз, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Оллоҳ нозил қилган ваҳийни етказаётганингиз учун улардан бирон ажр-ҳақ сўрамайсиз. Бу (Қуръон) барча оламлар учун бир Эслатмадир.
Яъни, ҳеч шак-шубҳа йўқки, ушбу Қуръон ўзининг оятлари қатига ҳар бир инсон учун ҳам дунё, ҳам Охиратида асқотадиган - унинг нажотига сабаб бўладиган улуғ манфаатларни жамлаган Буюк Илоҳий Эслатмадир. Демак, ақли расо инсонлар ушбу Китобдаги ҳар қанча мол-дунё сарфлаб ҳам топиб бўлмайдиган ҳақ хабарларни, энг адолатли хукмларни, бутун дунё одамлари жамланиб ҳам айта олмайдиган панду насиҳатларни, мухтасар қилиб айтилса, Яратганнинг Ўзи кўрсатиб кўйган Тўғри Йўлни қабул қилишлари, ушбу Китоб кўрсатмаларига амал қилишлари ва шудай Буюк Эслатмани нозил қилгани учун Ҳақ таолога шукроналар айтишлари вожибдир. Қолаверса, Сиз эй Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам, Оллоҳ таоло ваҳий қилган бу Буюк Китобни етказаётганингиз муқобилида улардан бирон ҳақ сўраёганингиз йўқку! Бас, агар у динсиз кимсалар ҳақиқатан ҳам ўзлари даъво қилаётганларидек ақлли кишилар бўлганларида, албатта, ушбу Қуръонга Каломуллоҳ деб иймон келтириб, бу Буюк Эслатмадан фойдаланган бўлар эдилар. Лекин улар ақлсиз кимсалардир. Бас, Сиз уларнинг иймон келтирмаётганларидан, Оллоҳнинг Йўлига юрмаётганларидан маҳзун бўлманг.

105. Осмонлар ва Ерда (Оллоҳнинг Борлиги ва Бирлигига далолат қилгувчи) қанчадан-қанча оят-аломатлар бордир. (Лекин) улар бу оятлардан юз ўгирган ҳолларида ўтиб кетаверадилар.
Дарҳақиқат, динсизлик том маънодаги ғафлатдир. Кофир, мушрик кимсалар Қуръони Азимдек Буюк Мўъжизадан ғафлатда бўлганлари ва бу Азиз Китобдаги эслатма ва панд-насиҳатлардан ибрат олмаганлари каби, Еру осмонлардаги Оллоҳ таолонинг Борлигига, Танҳо Холиқ эканига далолат қиладиган, Унинг ҳар ишга Қодир, барча нарсани Билгувчи, не иш қилса ҳикмат билан қилгувчи, бандаларига бениҳоя Марҳаматли Зот эканини аниқ кўрсатиб турадиган сон-саноқсиз мўъжизалар олдидан ҳам кўз юмганча ўтиб кетаверадилар, худди ақлсиз ҳайвонлардек, агар ён-атрофларига қарасалар ҳам фақат қорин ғамида, нафсоний истак ёки шаҳвоний хоҳишларини қондириш илинжида қарайдилар - кўрганларидан асло ибрат олмайдилар, ҳар бир яралмиш Танҳо Яратгувчи бор эканига далолат қилиб тургани ҳақида мутлақо тафаккур қилмайдилар. Уларнинг гумонича Еру осмонлардаги бор мавжудот гўё ўзидан-ўзи пайдо бўлиб қолгандек ёки шундоқ беҳуда-бекор яратиб қўйилгандек! Гарчи Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўзининг Буюк Эслатмасида: “Биз осмон ва Ерни ҳамда уларнинг ўртасидаги бор нарсаларни беҳуда яратган эмасмиз. Бу (яъни, улар беҳуда-бемақсад яратилган деган гумон) кофир бўлган кимсаларнинг гумонидир. Бас, кофир бўлган кимсалар учун дўзах - ҳалокат бўлғай!”, (Сод сураси, 27-оят) деб огоҳлантирган бўлса-да, уларнинг кўзлари очилмайди, ғафлатларидан уйғонмайдилар.

106. Уларнинг кўплари Оллоҳга фақат мушрик бўлган ҳолларидагина иймон келтирадилар.
Мушрикларнинг “иймони” сохта ва ботил “иймон”дир. Чунки улар бутун борлиқни, жумладан, уларнинг ўзларини ҳам Оллоҳ таоло яратганига иқрор бўладилар-у, аммо бут-санамларга сиғиниб ибодат қиладилар: “Қасамки, агар улардан «Осмонлар ва Ерни ким яратган?», деб сўрасангиз, албатта, Оллоҳ, дерлар. Сиз: «Оллоҳга ҳамду сано бўл-син», денг! Йўқ, уларнинг кўплари (ана ўша Оллоҳгагина ибодат қилиш зарур эканини) билмаслар.” (Лукиюн сураси, 25-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Ояти карима мушрик араблар ҳақида нозил бўлган. Улар ҳаж қилганларида “лаббайка” айтар эканлар: “лаббайка (яъни, эй Оллоҳ, хизматингга ҳозирмиз, амрингга мунтазирмиз). Сени шеригинг йўқ, аммо фақат Ўзинг кимни хоҳласанг, ўша сенга шерикдир, Сен унинг Эгасисан, у эга эмас”, дер эдилар”, дейди. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Яна Ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ушбу оят Оллоҳ таолога иймон келтириб туриб: “Узайр Оллоҳнинг ўғли”, деб ширк келтирадиган яҳудийлар ва “Масиҳ Оллоҳнинг ўғли”, деб ширк келтирадиган насронийлар ҳақида нозил бўлган, деган ривоят ҳам бор.
Ҳасан розияллоҳу анху эса: “Ояти карима қалбида иймон бўлмаган ҳолда тилида “Иймон келтирдик”, дейдиган мунофиқлар ҳақида нозил бўлган”, дейди.
Бас, маълум бўладики, Ёлғиз Оллоҳдан ўзгага ибодат қилиш, уни муқаддаслаштириш, уни улуғлаб таъзим қилиш ширк бўлиб, ширкнингтури, мушрикларнинг уруғи кўп экан! Ширк аралашган иймон эса иймон эмас, мушрикнинг ибодати ибодат эмасдир.
Имом Муслим Абу Ҳурайра розияллоҳу анхудан ривоят қилди: Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳтаоло айтади: “Мен шерикларнинг шерикликдан беҳожатроғидирман. Ким бирон амални қилар экан, ўша амалида Менга бошқа бирон нарса ёки кимсани шерик қилса, Мен уни ҳам, келтирган ширкини ҳам тарк этурман, (яъни, унинг қилган ибодат-амалини асло қабул қилмасман)”.
Имом Аҳмад Абу Саид ибн Абу Фузола розияллоҳу анҳудан ривоят қилди: У деди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Қачонки Оллоҳ таоло аввал-у кейин дунёга келганларнинг барчасини ҳеч шак-шубҳасиз қойим бўладиган Қиёмат Кунида жамлаганида, жарчи: “Кимда-ким Оллоҳ учун қилган амалида ширк келтирган бўлса, (яъни, Оллоҳ таоло буюрган ҳар қандай амални қилишда риёкорлик қилиб, элга ўзини кўрсатишни истаган бўлса ёки Оллоҳ таоло буюрган амални қабр, мозор, қадамжо каби нарсаларга атаб қилган бўлса), у қилган амалининг савобини бошқалардан талаб қилаверсин. Зотан, Оллоҳ шерикларнинг шериклиқцан беҳожатроғидир”, деб жар солади”, деяётганларини эшитдим”. Аҳмад Маҳмуд ибн Лабийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен сизларнинг устингизда энг кўп кўрқадиган нарса кичик ширкдир”, дедилар. “Кичик ширк нима, ё Расулуллоҳ, деб сўрашган эди, айтдилар: “У риёдир. Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида, одамларга қилган амаллари учун жазо-мукофотлар бераётганида эл кўрсин учун амал қилган кимсаларга: “Сизлар дунёда кимсаларга кўрсатиш учун амал қилган эдингизлар, энди ана ўшаларнинг ёнига бориб кўринглар-чи, уларнинг ҳузурида қилиб ўтган амалларингизнинг мукофотини топармикинсизлар?!”, дейди.
Аҳмад Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй инсонлар, сизлар мана бу ширкдан (яъни, риёкорликдан) сақланинглар! Чунки у қумурсқадан ҳам махфийроқ (тарзда амалларингизга кириб олади)”, дедилар, сўнгра саҳобаларга бу махфий ширкдан қандай сақланишни баён қилиб: “Сизлар доимо: “Оллоҳим, бизлар Сендан ўзимиз билган ҳолимизда Сенга ширк келтиришдан паноҳ сўраймиз ва билмаган ҳолимизда қилган хатоларимиз учун Ўзингдан мағфират сўраймиз”, деб дуо қилинглар!” дедилар. (“Тафсири Мунийр”дан).
Шунингдек, баъзилар ўзлари Оллоҳга иймон келтирсалар-да, ҳаётларида ўша Ягона Оллоҳяратган қуёш, ой, олов каби нарсаларга сиғиниб ёки ўзларини «худо» фаҳмлайдиган золим ҳокимларга бўйинсуниб, уларнинг инсониятни ҳалокатга олиб борувчи «ойдин йўллари»га эргашиб яшаб ўтадилар. Бу оятларда бундай кимсаларнинг мушрик эканликлари уқтирилади ва уларга ногаҳоний бало келишидан ёки Қиёмат қойим бўлишидан илгари ўзларини ўнглаб Ягона Оллоҳга қайтишлари тавсия этилади.

107. Ёки улар Оллоҳнинг азобидан бўлган бирон бало-офат келиб қолишидан ё тўсатдан улар сезмаган ҳолларида (Қиёмат) Соати келиб қолишидан хотиржаммилар?!
Яъни, ўтмишдаги кофир қавмлар қандоқ балоларга гирифтор бўлдилар?! Бир қавм сувга ғарқ бўлиб кетди, яна бир қавм устига тош ёғилиб ҳалок бўлди, яна бошқаси эса даҳшатли зилзила билан ҳалок қилинди... Оллоҳнинг элчиларини ёлғончи қилганларнинг оқибатлари қандай бўлгани тўғрисида келган шунча хабарларни эшитиб-билиб туриб ҳам бу Макка ва унинг атрофидаги мушрик-кофирлар қандай қилиб тунлари хотиржам ухламоқдалар, кундузларини эса ғафлатда, ўйин-кулги билан ўтказмоқдалар?! Оллоҳ таоло юборган сўнгги Элчини ёлғончи деб, у зотга нозил қилинган Илоҳий Мўъжизани - Қуръони Азимни инкор қилиб туриб - тунлари уйқуда бўлган вақтларида бошларига Оллоҳнинг азоби тушиб ҳалок бўлиб кетишдан ёки кундузлари беҳуда ўйин-кулги билан овора бўлган пайтларида устларига Оллоҳнинг азоби тушиб йўқ бўлиб кетишдан қўрқмайдиларми?! Нега ўтганларнинг аҳволларидан ибрат олмаяптилар?! Уларнинг бошларига ҳам илгари ўтган кофир қавмларнинг куни тушиб қолиши мумкин-ку?! Ёки тўсатдан улар сезмаган ҳолларида Қиёмат Соати келиб қолишидан хотиржаммилар?! деб Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламнинг ҳақ Пайғамбар эканини инкор қилаётган, Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ширк келтириб, бутларга сиғинадиган мушрик-кофирлар огоҳлантириладилар.
Ояти каримада Қиёмат Куни “Соат” деб номланишига сабаб, муфассирлар айтишларича, унинг тўсатдан келиши, дунёнинг сўнгги соати бўлгани ва авввал-у охир барча халойиқдан ким жаннати, ким дўзахи бўлиши Ҳақ таоло тарафидан бир соатда ҳал қилинишидир.
Ушбу Илоҳий огоҳлантириш бошқа сураларда ҳам такрор-такрор келади: “(Муҳаммад алайҳис-саломни қатл этиш учун) энг ёмон макру ҳийлаларни қилган кимсалар Оллоҳ ўзларини Ерга ютдиришидан ёки (уларга) сезмаган-кутмаган тарафларидан (Оллоҳнинг) азоби келиб қолишидан хотиржам бўлдиларми?! Ёки сафар-саёҳатларда айланиб юрган чоғларида уларни (бало-офатлар) ушлаб, ҳеч қаёққа қочиб қутулолмай қолишларидан (қўрқма-диларми)? Ёки (қилган макр-ҳийлаларининг оқиба-тидан ўзлари) қўрқиб-писиб юрган пайтларида, уларни (Оллоҳнинг балоси) ушлаб қолишидан (қўрқмадиларми)?! (Эй инсонлар), дарҳақиқат, Парвардигорингиз Меҳрибон ва Раҳмлидир”. (Наҳл сураси, 45-47-оятлар), “У қишлоқларнинг аҳли Бизнинг азобимиз уларга тунда, ухлаётган ҳолларида келиб қолишидан хотиржаммилар? Ёки у қишлоқларнинг аҳли Бизнинг азобимиз уларга чошгоҳ пайтида, улар ўйин-кулги қилаётган ҳолларида келиб қолишидан хотиржаммилар? Улар Оллоҳнинг «макри»дан хотиржам бўлиб қолдиларми? Бас, Оллоҳнинг «макри»дан фақат зиён кўргувчи қавмгина хотиржам бўлур”. (Аъроф сураси, 97-99-оятлар).

108. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Менинг Йўлим шудир - мен Оллоҳ(нинг Дини)га даъват қилурман. Мен ва менга эргашган кишилар аниқ ҳужжатга эгамиз. (Ҳар қандай шериқдан) Оллоҳни поклайман. (Зеро), мен мушриклардан эмасман».
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Ҳабиби соллоллоҳу алайҳи ва салламга амр қилиб, одамларга ўзларининг ва у зотга тобе бўлиб эргашган кишиларнинг йўллари, яъни, зиммаларидаги вазифалари ва ақидалари нимадан иборат эканини аниқ-равшан қилиб айтиб беришни буюрди.
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салллам: “Менинг Диним”, дейиш ўрнида “Менинг Йўлим”, дейишларига сабаб, Дини Ислом Оллоҳ таолонинг Ўзи таълим бериб - кўрсатиб қўйган, Унинг ҳузурига - жаннатга олиб борадиган Тўғри Йўлдир. Кимда-ким мана шу Йўлга юрса ва бу Йўлда собитқадам бўлса, яъни, одамлар ўйлаб топган турли-туман йўлларга бурилиб кетмаса, бу Улуғ Йўл у инсонни Оллоҳга элтади. Ҳақ таоло буюрган барча элчилар, жумладан, Оллоҳ таолонинг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам одамларни мана шу Йўлга даъват қилдилар. Оллоҳ таолонинг Йўли равон ва Тўғри Йўл бўлиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга эргашиб Оллоҳнинг Йўлига тушган йўлчилар бирон қадамни кўр-кўрона босмайдилар, балки уларнинг иймон ва ихлос билан маҳкам тутган аниқ-равшан Ҳужжатлари - Ҳақ таоло кўкдан туширган арқон бўлмиш Қуръон улар юрадиган Йўлни ёритиб, нима қилиш ва нималардан узоқ бўлиш кераклигини кўрсатиб туради. Шунинг учун ҳам Ҳақ таоло: “Барчаларингиз Оллоҳнинг Арқонига (Қуръонга маҳкам) боғланингиз ва (фирқа-фирқа бўлиб) бўлинмангиз!” деб буюргандир. (Оли-Имрон сураси, 103-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо: “Ояти каримадаги Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга эргашган кишилардан мурод, у зотнинг асҳобларидир. Улар Пайғамбар алайҳис-саломга жуда чиройли тарзда қадам-ма-қадам эргашган, Тўғри Йўлда барқарор зотлар эдилар. Улар илм булоғи, иймон хазинаси ва Раҳмон лашкари эдилар”, дейди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу асҳоби киром алайҳимур-ризвонни бундай таърифлайди: “Ким йўл тутмоқчи бўлса, дунёдан ўтганларининг йўлини тутсин. (Чунки тирик жоннинг адашиб ва адаштириб кетмаслигига кафолат йўқдир). Улар Муҳаммад соллоллаҳу алайҳи ва салламнинг асҳобларидирки, ушбу умматнинг энг яхшилари, энг қалби пок, илми теран ва энг самимийлари ана ўшалар эдилар. Бежиз эмаски, Оллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга замондош саҳоба бўлиш ҳамда у зот билан бирга ушбу Динни барпо қилиш учун ўша қавмни танлади. Бас, сизлар уларнинг фазлу мартабаларини яхши танинглар, изларидан эргашинглар ҳамда имконларингиз борича уларнинг ахлоқ ва сийратларини ўзлаштиринглар. Чунки улар Тўғри Йўлдаги кишилар эдилар”. (“Маолимут-Танзил” тафсиридан).
“(Мен ҳар қандай шерикдан) Оллоҳни поклайман. (Зеро) мен мушриклардан эмасман”.
Ҳақ субҳонаҳу ва таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга айтишни буюрган ушбу сўзларни у зотнинг барча умматлари ҳам айтишлари вожибдир. Чунки Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг ҳар қандай айб-нуқсондан, жумладан, бирон шерикка ёки ёрдамчига муҳтож бўлиш айбидан ҳам Пок Зот деб эътиқод қилиш ва Оллоҳдан ўзга ҳеч кимга ва ҳеч нарсага сиғинмаслик ҳар бир мўминнинг энг асосий вазифасидир, ҳақиқий мўминлигининг Ҳужжатидир. Дини Ислом буюрган бошқа барча амаллар фақат мана шу ақида асосида адо қилинсагина Оллоҳ таоло наздида қабул бўлиши умид қилинади. Зотан, ҳар бир инсоннинг мўмин бўлишининг бирдан бир шарти бўлган “Ла илаҳа иллаллоҳ” калимасининг мазмуни ҳам “Ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Оллоҳ бор”, яъни, “Оллоҳнинг бирон шериги йўқ”, деганидир.

109. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сиздан илгари ҳам фақат шаҳар аҳлларидан бўлган эр кишиларни элчи қилиб, уларга ваҳий юборганмиз. Ахир (Пайғамбар алайҳис-саломга итоатсизлик қилган мушриклар) Ер юзида сайр этишиб, ўзларидан аввалги (иймонсиз) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими? (Оллоҳдан) қўрққан зотлар учун, шак-шубҳасиз, Охират диёри янада яхшироқдир. Ақл юргизмайсизларми?!
Ушбу оятда Ҳақ таоло мушрикларнинг: “фақат фаришталаргина Оллоҳнинг элчиси бўла оладилар”, деган ботил даъволарини рад этади. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган:
“...улар: “Агар Парвардигоримиз (элчи юборишни) хоҳлаганида, албатта, фаришталарни элчи қилиб туширган бўлар эди. Бас, (модомики, сизлар фаришта эмас, одам зотидан экансизлар), бизлар сиз элчи қилиб юборилган динга кофирдирмиз”, дедилар”. (Фуссилат сураси, 14-оятдан).
Ояти карима аввалида Оллоҳ таоло Ер юзига қанча элчи-пайғамбар юборган бўлса, фақат инсон зотидан, шаҳар-қишлоқлар аҳлидан бўлган эркак кишиларнигина элчи қилиб юборгани, яъни, У Зот ҳеч қачон фаришталардан, аёллардан ёки сахро аҳлидан бўлган бирон кимсани элчи-пайғамбар қилиб юбормагани таъкидланади.
Ҳақ таоло нима сабабдан инсонларга фаришталарни элчи қилиб юбормагани ҳақида мана бу оятларда хабар берилгандир: “Улар: «Унга (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломга пайғамбарлигини тасдиқ этадиган) бирон фаришта тушса эди», дедилар. Агар Биз фаришта туширсак, иш тугатилган бўлур эди. Сўнгра уларга қараб турилмас - муҳлат берилмас”. (Анъом сураси, 8-оят).
Ушбу оят нозил қилинишига сабаб бўлган воқеа ҳақида Муҳаммад ибн Исҳоқ розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз қавмларини (Маккаликларни) Исломга даъват қилиб жуда етук сўзларни айтдилар. Шунда бир неча киши: “Эй Муҳаммад, ёнингда бир фаришта сен томонингдан одамларга сўзласа эди, сен билан бирга юрса эди”, дейишганида Оллоҳ таоло уларга жавобан мана шу оятни нозил қилди”.
Бу мушрикларнинг Пайғамбар алайҳис-салом олдиларига қўйган иккинчи талаблари эди. Аввало юқоридаги оятда зикр қилинганидек, у зотга осмондан бир мактуб тушишини талаб қилган бўлсалар, энди осмондан бир фаришта тушиб у зотнинг сўзларини қувватлаб турганини кўрсаларгина иймон келтириш-ларини айтишди.
Мушрикларнинг бу каби тутуриқсиз талаблари ҳақида яна бошқа оятларда шундай дейилади: «Яна улар (масхара қилишиб): «Нега бу Пайгамбар (оддий одамлардек) таом ер ва бозорларда юрар?! Унга (пайғамбарлигини тасдиқлайдиган) бирон фаришта туширилиб, у билан бирга огоҳлантиргувчи бўлса эди. Ёки унга (осмондан) хазина ташланса (ва у бозорларда савдо-сотиқ билан тирикчилик ўтказмай ўша хазинадан сарф қилиб яшаса) эди, ёхуд унинг учун бир боғу-бўстон бўлиб, у (фақат ўша боғдан) еб-ичса эди», дедилар. Бу золим кимсалар (мўминларга): «Сизлар фақат бир сеҳрланган - ақлдан озган кишига эргашмоқдасиз», дедилар.» (Фурқон сураси, 7-8-оятлар).
Ояти каримада Ҳақ таоло агар мушриклар талаб қилганидек, осмондан фаришта тушадиган бўлса, уларнинг ҳоли нима кечишини айтиб огоҳлантиради.
Ибн Аббос розияллоҳу анхумо: “Агар улар фариштани ўз суратида кўрадиган бўлсалар, юраклари ёрилиб ўлган бўлар эдилар. Чунки уни кўришга тоқат қила олмас эдилар”, дейди.
Ҳасани Басрий ва Қатода эса: “Агар осмондан улар талаб этган фаришта тушса-ю, шундан кейин ҳам иймон келтирмай куфрларида оёқ тираб туриб олсалар, «иш тугатилган», яъни, ҳеч қандай муҳлат берилмай, улар дарҳол ҳалок қилинган бўлур эдилар”, дейдилар.
Бу ҳақда бошқа бир оятда ҳам айтилган: “Биз фаришталарни фақатгина (кофирлар зиммасига) ҳақ (бўлган азоб) билан туширурмиз ва бу ҳолда уларга (кофирларга) қараб турилмас (яъни, улар дарҳол ҳалок қилинурлар)”. (Ҳижр сураси, 8-оят).
Айрим ишонмайдиган кимсалар: “Ахир Пайғамбар бизга ўхшаган одам экан, фаришта бўлганида унга иймон келтирардик”, деганларида, уларга жавобан куйидаги оят нозил бўлди: “Агар унинг (Пайғамбарнинг) ўзини фаришта қилсак ҳам, уни эр киши (яъни, инсон суратида) қилган бўлур эдик ва уларга ноаниқ ҳолда турган нарсани яна хиралаш-тирган бўлур эдик”. (Анъом сураси, 9-оят).
Ибн Аббос розияллоху анхумодан ривоят қилинишича, фаришталар нурдан яратилган бўлганлари учун агар инсон суратига киритилмаса, ки-шилар уларни кўра олмайдилар. Инсон суратида кўрганларида эса фаришта эканлигига ишонмайдилар.
Қуръони Азимда зикр қилинган айрим пайғамбарлар тарихига назар ташланса, Ҳақ таолонинг Амри билан уларнинг олдига тушган фаришталар инсон суратида келганлар. Масалан, Иброҳим ва Лут алайҳимас-саломларнинг олдиларига келган фаришталар ёш йигитлар суратида келганлар: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сизга Иброҳимнинг иззат-икромли меҳмонлари ҳақидаги хабар келдими? Ўшанда улар (Иброҳимнинг) хузурига кириб, «Салом», дейишган эди, у ҳам: «Салом, (Булар) нотаниш қавм-ку», деди. Сўнг у аста оиласи олдига чиқиб, (қовурилган) бир семиз бузоқни келтирди-да, уни уларга яқин қилиб, «(Таомдан) емайсизларми?», деди. (Лекин меҳмонлар овқатга қўл чўзишмагач), улардан хавфсирай бошлади. (Шунда) улар: «Қўрқмагин. (Бизлар фаришталармиз, шунингучун таом емаймиз)», дедилар ва (Иброҳимга) бир доно ўғил хушхабарини бердилар” (Ваз-Зариёт сураси, 24-28-оятлар).
“Энди қачонки Лут хонадонига элчиларимиз келгач, у (Лут) деди: «Аниқки, сизлар нотаниш қавмсиз». Улар дедилар: «Йўқ, (биз Оллоҳнинг элчи-фаришталаримиз). Биз сенга улар (яъни, қавминг) шак-шубҳа қилаётган нарсани (яъни, Оллоҳнинг азобини) келтирдик”, (Ҳижр сураси, 61-63-оятлар). Довуд алайҳис-саломнинг олдига келган икки фаришта ҳам жанжаллашаётган икки киши суратида келганлар. Бу ҳақда Сод сурасида зикр қилинади.
Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг хузурларига Жаброил алайҳис-салом гоҳо Диҳя Калбий исмлик саҳобий суратида ваҳий олиб келар эди.
Демак, оддий инсонлар эмас, ҳатто Оллоҳ таолонинг элчилари ҳам фаришталарни ўз суратида кўришга қодир бўлмаганлари учун улар инсон суратида кўринар эдилар.
Пайғамбарлар орасидан фақат Ҳазрати Муҳаммад Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламгина Жаброил алайҳис-саломни икки марта асил суратида кўрганлар.
Термизий ривоят қилган саҳиҳҳадисда Оиша розияллоҳу анҳо айтди: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Жаброилни фақат икки марта аслий суратида кўрганлар. У баҳайбатлигидан бутун уфқни тўсиб қўйган эди, унинг олти юзта қаноти бор эди”.
Ояти каримада Ҳақ таоло агар одамларга фариштани пайғамбар қилиб жўнатган бўлганида ҳам, эркак киши суратида жўнатишини айтар экан, бу иборада Оллоҳнинг элчилари фақат эркаклардан бўлиши, аёллардан пайғамбар чиқмаганига ҳам ишора бордир.
Ибн Касийр ўз тафсирида айтади: “Баъзи бировлар Иброҳим Халилуллоҳ алайҳис-салоту вас-саломнинг аёли Сора, Мусо алайҳис-саломнинг онаси ва Ийсо алайҳис-саломнинг онаси Марям бинти Имрон пайғамбар бўлганлар, деб гумон қиладилар ва даъволарига мана бу оятларни далил қилиб келтирадилар: “(Парда ортида Иброҳимнинг) хотини (Сора) турган эди. У (фаришталар Лутнинг кофир қавмини ҳалок қилиш учун келганларини эшитиб) кулди - хурсанд бўлди. Шунда Биз (фаришталаримиз воситасида) у аёлга Исҳоқ (исмли ўғил фарзанд кўриши) ҳақида ва Исҳоқдан кейин Яъқуб (исмли набира кўриши) ҳақида хушхабар бердик”.
“Биз Мусонинг онасига (Мусони туғиб, уни ҳам Фиръавн одамлари келиб ўлдиришларидан қўрқиб турган пайтида) ваҳий қилдикки: «Уни эмизавергин. Бас, қачон (Фиръавн одамлари ўғил кўрганингни билишиб қолиб, уни ўлдириб кетишларидан) қўрқсанг, уни дарёга ташлагин ва қўрқмагин ҳам, қайғурмагин ҳам. Зеро, Биз уни сенга (яна тирик ҳолида) қайтаргувчидирмиз ва уни пайғамбарлардан қилгувчидирмиз”. (Қасас сураси, 7-оят).
“Эсланг, фаришталар (Марямга) деган эдилар: “Ё Марям, албатта, Оллоҳ сени (аёллар орасидан бутун умрингни тоат-ибодат билан ўтказишинг учун) танлаб олди ва (барча гуноҳлардан) поклади ҳамда сени бутун оламларнинг аёлларидан афзал қилди. Ё Марям, Парвардигорингга итоат қил ва рукуъ (Оллоҳга ибодат) қилгувчилар билан бирга сажда ва рукуъ (яъни, ибодат қил!)”. (Ол-и Имрон сураси, 42-43-оятлар).
Аммо ўрганаётганимиз ояти каримада Ҳақ таоло бутун инсоният тарихи давомида одамларга фақат эр кишилардан бўлган элчи-пайғамбарлар юборганини ва фақат эркак бандаларига ваҳий нозил қилганини баён этиш билан аёл кишилардан ҳеч қачон пайғамбар чиқмаганини таъкидлайди. Бас, маълум бўладики, иқтибос келтирилган оятларда мазкур бўлган аёллар Оллоҳ таолонинг назари Раҳматига ноил бўлган сиддиқа - садоқатли чўрилари бўлганлар, аммо пайғамбар бўлган эмаслар. Қолаверса, аёлларнинг хилқатлари, вазифалари одамларга етакчилик қилиш, уларга йўл кўрсатиш эмас, балки ҳаё пардаси ортида иффатли ҳаёт кечириш, эрларига итоат қилиш ва элга етакчилик қиладиган инсонларни туғиб тарбиялашдир. Шунинг учун бўлса керак, намозда аёлларнинг нафақат эркаклар жамоатига, балки фақат аёллардан ташкил топган жамоатга ҳам имомлик қилишлари дуруст эмасдир.
Шунингдек, ояти каримада Оллоҳ таоло Ўз элчиларини фақат шаҳар-қишлоқ аҳли орасидан танлагани, чўлу-сахро ва тоғу-тошларда кун кечирадиган одамлардан бирон кимсага ваҳий юбормагани ҳақида хабар беради. Албатта, Ҳақ таолонинг ҳар бир иши Ҳикматдир. Сахройи ва тоғликлар, Қуръони Карим таъбирича, аъробийлар табиатида ғолибан кўриладиган қаттиқлик ва билимсизлик уларнинг орасидан одамларни Тўғри Йўлга бошлайдиган пайғамбарлар эмас, балки Ҳақ Динга тўлиқ итоат қилгувчи, Ислом ва Шариат аҳкомларини тўла англаб билгувчи инсонлар чиқишига ҳам кўп ҳолларда тўсқинлик қилиши маълумдир. Ҳақтаоло бир ояти каримада шундай таърифлайди: “Аъробийлар куфру нифоқда қаттиқроқ ва Оллоҳ Ўз Элчисига нозил қилган нарсаларнинг чегараларини билмасликка лойиқроқдирлар. Оллоҳ Билим ва Ҳикмат Соҳибидир”. (Тавба сураси, 97-оят).
Ўзи яратган инсонларни жуда яхши Билгувчи ва ҳар бир иши Ҳикмат бўлган Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло саҳройи арабларнинг кофир ва мунофиқлари шаҳарлик арабларнинг кофир ва мунофиқларидан ҳам ёмонроқ бўлишларини ҳамда саҳройилар Оллоҳ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саламга нозил қилган Дини Ислом аҳкомларини билмасликка яқинроқ эканликларини эслатади. Дарҳақиқат, хонаки ҳайвонлар билан ёввойи ҳайвонлар ўртасида фарқ бўлгани каби ёки маданийлашган мева-чевалар билан ёввойи тарзда ўсиб қолган меваларнинг ўртасида - суратида ҳам, мазасида ҳам фарқ бўлгани каби шаҳар-қишлоқларда яшайдиган инсонлар билан саҳро ва тоғу тошларда яшайдиган инсонлар ўртасида ҳам фарқлар бўлиши табиий ҳолдир. Саҳройи-лар худди ёввойи жонзотлардек эгар-жилов нималигини билмай, яъни, ҳеч кимга итоат қилмай ўсадилар. Ахир бирон устоз ҳузурида тарбия кўрмаган, илм-маърифат аҳли билан суҳбат қурмаган, Оллоҳ таолонинг Китобини ва Унинг Расули соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўгит-насиҳатларини ўқиб-эшитмаган дашт-у сахро одамлари қандай қилиб кун-у тун илм ва ҳикмат аҳли билан ҳамсуҳбат бўлган, Китоб ва Суннат тарбиясидан баҳраманд бўлган шаҳарлик кишилар билан баробар бўлсинлар? Қуръон ва Ҳадис таълимотидан бехабар кимсалар Шариати Исломийя аҳкомларини қаёқдан билсинлар?
Абу Довуд, Термизий ва Насоий Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Саҳрони маскан тутган кимса қаттиқцил бўлади...”, деб огоҳлантирганлар.
“Ахир (Пайғамбар алайҳис-саломга итоатсизлик қилган мушриклар) Ер юзида сайр этишиб, ўзларидан аввалги (иймонсиз) кимсаларнинг оқибатлари қандай бўлганини кўрсалар бўлмайдими? (Оллоҳдан) қўрққан зотлар учун, шак-шубҳасиз, Охират диёри янада яхшироқдир. Ақл юргизмайсизларми?!”
Ушбу жумлаларда Ҳақ таоло одамларни ва хусусан, Макка мушрикларини Ернинг ҳар тарафларига саёҳат қилиб, ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилган, уларнинг устидан масхара қилиб кулган қавмлар қандай ҳалок қилинганларини улардан қолган вайроналардан кўриб, кўзлари очилиб, ибрат олиб келишга чақиради ва Оллоҳдан қўрққан, Унинг Элчисига итоат этган мўминлар ҳаёти дунёда Тўғри Йўлда барқарор бўлиб бахтли ҳаёт кечиришларини, Охират диёри эса улар учун янада яхшироқ бўлишини айтиб, мушрик, динсиз кимсаларга: “Агар ақл юргизсаларингиз, албатта сизлар ҳам иймон келтирган бўлар эдингиз”, деб хитоб қилади.
Дарҳақиқат, Ернинг ҳар тарафларида кўрган одамларга асрлар қаърида қолиб кетган олис ўтмишдан ҳикоя қилгувчи осори атиқалар жуда кўпдир. Уларнинг орасида ўз замонида мисли бўлмаган муҳташам қаср-у саройлар осмондан ёғилган харсанг тошлар остида вайроналарга айланиб қолганини ҳам, тўфон балосига дучор бўлиб сув остида қолган бутун-бутун шаҳарларни ҳам, ўнлаб қулоч қалинликдаги кум, тош ёки тупроқ билан кўмиб қўйилган қалъаларни ҳам кўриш мумкин. Ибрат олгувчи инсон учун бундай мудҳиш манзаралар Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлган қавмларнинг оқибати қандай даҳшатли эканига очиқ далолат қилиб туради. Пайғамбар алайҳис-саломни ёлғончи деб масхара қилган мушрикларга ҳам Оллоҳнинг ғазабига дучор бўлмасликлари учун ўтган кофир қавмларнинг топган оқибатларидан ибрат олиш буюрилди. Аммо уларнинг кўплари ибрат олмадилар ва натижада ҳалокатга юз тутдилар ва ўзлари бошқалар учун “ибрат”га айландилар.
“Танвийрул-азҳон мин тафсири Рухул-баён” тафсирида ривоят қилинишича, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Масжидул-Ҳаромда Билол, Суҳайб ва Аммор каби бечора - мискин саҳобалари билан ўтирган эдилар, мушрикларнинг катталаридан бўлган Абу Жаҳл бир тўда қурайшликлар билан ўтиб қолди ва: “Муҳаммад мана шуларни жаннат подшоҳлари, деб ҳисоблайди”, деб фақир мусулмонларни масхара қилиб кулди ва ҳеч қанча вақт ўтмай Бадрда бу истеҳзосининг жазосини олди - ҳалок қилинди. Бу воқеа ҳам ақл эгалари учун ибрат ўрнидир.

110. То қачон у элчилар(нинг ўзлари элчи қилиб юборилган қавмлари устидан ғалаба қозонишдан ҳам, у қавмнинг иймон келтиришидан ҳам) умидлари узилганида, (қавмлари эса, бизларга “кофир қавм устига мана шу дунёнинг ўзидаёқ Оллоҳнинг балоси тушади”, деб) ёлғон сўзланибди-да”, деб ўйлай бошлаганларида, у (элчиларга) Бизнинг Мададимиз - Ғалабамиз келиб, Биз хоҳлаган кишиларга нажот берилар эди. Жиноятчи бўлган қавмдан бўлса, Бизнинг азобимиз қайтарилмас!
Ушбу ояти каримани уламолар турлича тафсир қиладилар: “Ал-муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобида айтилишича, оят мазмуни бундайдир: Макка мушрикларининг бошларига ҳеч қандай бало-офатлар келмай, тўкин-сочин ҳаёт кечираётганлари уларни алдаб қўймасин, чунки улардан илгари ўтган ва динсизликлари сабабли Оллоҳтаолонинг ғазабига дучор бўлиб ҳалок қилинган қавмларга ҳам аввал шундай муҳлат берилиб, кенгчилик ва тўкин-сочинликда яшаёт-ганларида, ҳатто уларга юборилган элчилар ҳам бу ҳаёти дунёда у динсиз-мушриклар устидан ғалаба қозонишдан умидлари узилган ва “Биз алданиб колдик-ку,” деб ҳафсалалари пир бўлиб, қавмлари орасидаги “Биз сизлар даъват қилаётган динга иймон келтирдик”, деган кишиларга ҳам ишона олмай қолган пайтлари-да, баногоҳуларга Оллоҳтаолонинг Мадади - Ғалаба ато этилиб, Ҳақтаоло Ўзи хоҳлаган бандалар, яъни, ўша элчилар ва уларга сидқидилдан иймон келтириб эргашган мўминлар нажот топган, у элчиларни ёлғончи қилган кофир қавм эса, Ер юзидан йўқ қилиб юборилгандир. Чунки Яратганга иймон келтирмаган ва Унинг Элчисига итоат этмаган жиноятчи кимсалардан ҳеч қачон Оллоҳнинг азоби қайтарилмас - албатта, улар мана шу дунёнинг ўзида ҳам ҳалокатга дучор қилинишлари муқаррардир.
Ибн Жарир Табарийнинг “Жомиъул-баён” тафсирида эса, ояти карима қуйидагича тафсир қилинади: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, биз сизлардан илгари юборган элчиларимиз ҳам Тўғри Йўлга даъват қилганларида қавмлари уларни ёлғончи қилишган,улар Оллоҳтаоло ҳузуридан келтирган Ҳақ Динни қабул қилишдан бош тортишган, то қачонки Биз юборган элчилар қавмларининг иймон келтиришларидан ва Ҳақ Йўлга юришларидан бутунлай умидлари узилган, динсиз-итоатсиз қавмлар эса, элчилар уларга айтган сўзлар - ким Оллоҳ томонидан юборилган элчилар даъват қилган динни қабул қилмаса, Оллоҳнинг қаҳрига қолиб ҳалок бўлади, у элчилар ва уларга эргашган мўминлар эса, Оллоҳнинг мадади билан албатта ғолиб бўладилар деган ваъдаларнинг барчаси ёлғон сўзлар эканку, деб гумон қила бошлаган вақтларида баногоҳ мўминларга Оллоҳтаолонинг Мадади келиб, нажот топдилар, динсиз-жиноятчи қавмлар эса, ҳалок бўлиб кетдилар”.
Яна Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган учинчи бир тафсир ҳам бор: Ибн Аббос: “Ояти каримада зикр қилинган умидсизликка тушганлар ҳам, “Оллоҳ таолонинг кофир қавмга Ўз азобимни юбораман, деган Сўзи ростмикан ўзи ёки...” деган гумонга борганлар ҳам Оллоҳ таоло ўша қавмларга юборган элчилардир. Чунки ўша элчилар ҳам инсон эдилар, шу боисдан кофир қавмнинг уларга бераётган озорлари ҳеч тўхтамасдан давом этавергач, тоқатлари тоқ бўлиб, мадорлари кетиб, ҳатто “Бизга берилган ваъда ёлғон эмасмикан”, деган хаёлларга ҳам боришгач, Оллоҳ таоло уларга Ўз Мададини юбориб, Ўзи хоҳлаган бандаларига, яъни, Ўзининг элчиларига ва уларга иймон келтириб, тобеъ бўлган мўминларга кофирларнинг зулмларидан нажот берди ҳамда у элчиларни ёлғончи қилган кофир қавмларни ҳалок қилиб юборди”, деди ва мана бу ояти каримани ўқиди: “Ёки (эй мўминлар), сизлардан илгари ўтган зотлар мисоли - ибрати сизларга келмай туриб жаннатга киришни ўйладингизми? Уларга бало ва мусибатлар (устма-уст) келиб, шундай ларзага тушган эдиларки, ҳатто Пайгамбар ва иймонли кишилар: “Ахир қачон Оллоҳнинг ёрдами келади?” дейишган эди. (Шунда уларга бундай жавоб бўлган эди:) “Огоҳ бўлингизким, Оллоҳнинг ёрдами яқиндир”. (Бақара сураси, 214-оят).
Бухорий Хаббоб ибн Арат розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: “Биз Каъба соясида тўнларини тўшаб суяниб ўтирган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга шикоят қилиб: “Қийналиб кетдикку. Бизга Оллоҳтао-лодан ғалаба - ёрдам сўрамайсизми, биз учун дуо қилмайсизми”, деган эдик, айтдилар: “Сизлардан аввал ўтганлардан бир киши ушланиб, унинг учун ердан чуқур кавланиб, уни ўша чуқурга туширилиб, сўнг арра келтириб унинг боши устига қўйилиб қоқ иккига бўлиб ташланар эди, темир тароқлар билан баданидан гўшти ва суягидан ташқари бутун терисини “қашланар” - сидириб олинар эди, аммо мана шундай азоблар ҳам уни ўз динидан тўса олмас эди! Валлоҳ! Қасамки, албатта? Оллоҳ ушбу Ишни камолига етказур! Ҳатто Санъодан чиққан отлиқни то Ҳазрамавтгача (бирон кимса тўсмасдан, ҳеч кимдан қўрқмасдан) Ёлғиз Оллоҳдан кўрққан ҳолида, қўйларини бўрилардан қўриқлаб бемалол сайр қилиб борар (яъни, олис масофаларда ҳам Исломни ҳамма тан олар). Сизлар бўлса шошқалоқлик қилмоқдасизлар!”
Демак, мусулмон бошига келадиган дардлар, балолар, мусибатлар, машаққатлар - буларнинг барчаси синовлар экан. Демак, жаннат йўлига тушган инсон бу йўлда фақат дарёлар, боғлар, гулзорлардан ўтмасдан, балки сувсиз саҳролардан, тошли, тиканли жойлардан ҳам ўтиши, турли тўсиқларга дуч келиши бор гап экан. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Жаннат меҳнат-машаққат деворлари билан ўраб қўйилди, дўзах шаҳватлар, яъни ҳою ҳаваслар билан ўраб қўйилди”, деб огоҳлантирган эканлар.
Лекин худди туннинг энг қоронғи соати тонг отар олдида бўлгани каби банда бошига тушадиган машаққатли синовлар ҳам ёруғлик яқинлигидан дарак берар экан: “Огоҳ бўлингизким, Оллоҳнинг ёрдами яқиндир”. Яна бошқа бир ояти каримада ҳам бу мазмун таъкидланади: “Албатта ҳар бир оғирлик - машаққат билан бирга енгиллик ҳам бордир”, (Шарҳ сураси, 6-оят).
Юқорида ояти кариманинг уч хил тафсирини келтирдик. Кўриниб турганидек, бу тафсирлардан бири иккинчисини инкор этмайди, аксинча бир-бирини тўлдириб туради ва Каломуллоҳ маъноларини тўла - мукаммал тафсир қилиш бир инсоннинг ҳадди эмаслигига далолат қилади.
Ҳақ таоло Ўзининг элчиларини ва уларга эргашган мўмин бандаларини ҳеч қачон хор-мағлуб қилиб кўймаслиги ҳақида яна бошқа оятларда ҳам хабар берилгандир: “Албатта, Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (Қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз” (Ғофир сураси, 51-оят). “Оллоҳ (Лавҳул-Маҳфузга): “Шак-шубҳасиз, Мен Ўз пайғамбарларим билан бирга ғолиб бўлурман”, деб ёзиб қўйгандир. Албатта, Оллоҳ Кучли, Кудратлидир”.(Мужодала сураси, 21-оят).

111. Дарҳақиқат, уларнинг қиссаларида ақл эгалари учун ибрат бордир. (Ушбу Қуръон) тўқиб чиқариладиган сўз эмас, балки у ўзидан аввалги нарсаларни (яъни, Таврот, Инжил каби самовий Китобларни) тасдиқ этгувчи, (унга) иймон келтирадиган қавм учун барча нарсаларни муфассал баён қилиб бергувчи Ҳидоят ва Раҳмат (бўлган бир Китобдир).
Яъни, ўтган барча пайғамбарларнинг қиссаларида, шунингдек ўша пайғамбарлардан бири бўлмиш Юсуф алайҳис-салом ва унинг оға-инилари ҳақида ушбу сурайи каримада батафсил баён қилинган қиссада ҳам ҳар бир соғлом ақл эгаси учун, ҳар бир кўрган-билган нарсасидан тўғри ва фойдали хулосалар чиқара оладиган инсон учун ўрнак ва ибрат бордир. Шунинг учун ҳам мазкур қиссалар Каломуллоҳ оятларида зикр қилинди. Ояти карима Қуръони Азимнинг энг Буюк Илоҳий Мўъжиза, Ҳақ Каломуллоҳ эканини баён қилади. Ушбу Китоб Пайғамбар алайҳис-саломнинг сўзлари эмас, балки Оллоҳ таоло томонидан у зотга нозил қилинган Калом эканини исботлайдиган оятлар Қуръонда такрор-такрор келади.
Ҳадиси Қудсийда ҳам Ҳақ таоло: “Менинг бандам (яъни, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва саллам) ростгўйдир, у Мен томондан етказган ҳар бир сўз ҳақдир”, деб Қуръон тўласича Унинг томонидан нозил қилинган ваҳий эканини таъкидлайди. (“Тафсири Мунийр”дан).
Ояти каримада Қуръони Карим Оллоҳ таолодан бошқа биров томонидан тўқиб чиқарилган бўлиши мутлақо мумкин эмаслиги айтилади. Чунки у Калом фасоҳат - гўзаллиги ва балоғат - етуклиги билан, ўта катта маъноларни саноқли сўзларда ифодалаши билан, ўқигантинглаган кишига берадиган, бошқа нарсада топилмайдиган ҳаловати билан, ғайб оламидан етказган хабарлари билан, буюрган қонун-қоидалари ҳеч қачон эскирмас-лиги билан ва ниҳоят, ҳар бир калимаси мўминнинг ҳам дунёсига, ҳам Охиратига фойдали эканлиги билан ўзининг Каломуллоҳ эканини, махлуқларнинг сўзларига мутлақо ўхшамаслигини ўзи исботлаб туради. Тарих китобларидан маълумки, ҳатто Макка мушрикларининг энг ашаддийси бўлган Абу Жаҳл ҳам Қуръон Каломуллоҳ эканини инкор қила олмайди.
Пайғамбар алайҳис-саломнинг Маккада кечган ҳаётларидан тўла хабардор бўлган бу кофир кимса: Муҳаммад ҳеч қачон бирон инсонга ёлғон сўзламаганку, энди Оллоҳ шаънида ёлғон сўзлайдими?! дейишга мажбур бўлади.
Ушбу Китоб илгари Мусо ва Ийсо пайғамбарларга нозил қилинган Таврот, Инжил каби Илоҳий Китобларни тасдиқлайди, у Китобларда буюрилган Оллоҳ ва Охират Кунига иймон келтириш, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш, солиҳ амаллар ва гўзал ҳулқлар соҳиби бўлиш каби Исломий ақийда асосларини энг баркамол суратда ифодалаш билан бирга Шариати Исломиядаги барча қонун-қоидаларни муфассал баён қилади.
Ояти каримада зикр қилинган мавзу кейинроқ Мадинада нозил бўлган Моида сурасида, янада мукаммал тарзда баён қилинади. Қуйида ана ўша ояти каримани тафсири билан келтириб ўтамиз: “Сизга эса, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз ўзидан олдинги Китоб(ларни) тасдиқлагувчи ва у (Китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик. Бас, одамлар ўртасида Оллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг ва Сизга келган Ҳақдан юз ўгириб, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг! Сизлардан ҳар бир уммат учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик. Агар Оллоҳ хоҳласа эди, ҳаммангизни бир уммат қилиб қўйган бўлур эди. Лекин У Зот Ўзи ато этган нарсаларда сизларни имтиҳон қилиш учун (ҳар бир умматга алоҳида шариат, йўл қилиб қўйди). Бас, яхши амалларга шошилингиз! Барчангиз Оллоҳга қайтишингиз бор. Сўнг У Зот сизларга ихтилоф қилгувчи бўлган нарсаларингизнинг хабарини берур”. (Моида сураси, 48-оят).
Қуръони Карим тўла ҳолида ҳам, унинг ҳар бир ояти ҳам барча инсонлар учун Илоҳий Баёнотдир. Уларнинг орасидаги тақводор зотлар учун эса Ҳидоят ва панд-насиҳатдир. Яъни, эҳтимол, ҳамма ҳам Қуръонга Каломуллоҳ деб иймон келтирмас ё унинг кўрсатмаларига амал қилмас ёки унинг маъноларини билмас. Энди бу “узрлар”нинг биронтаси ҳам унга фойда бермайди. Чунки Оллоҳ таоло одамларга Ўз Баёнотини тўла эълон қилди - уларга Ўз Каломини Қуръонни нозил қилди, унинг оятларида нимага ишонишлари кераклигини, нима қилишлари ва нима қилмасликлари кераклигини, кимдан қўрқишлари кераклигини очиқ-равшан баён ҳам қилди. Бас, биз билмаймиз дейишларига ўрин қолмади. Ким бу Илоҳий Ҳужжатга амал қилмаса, унга қарши турса, бу ўша кимсанинг айбидир, балки жиноятидир. Чунки Оллоҳ берган умрни яшаб, У берган ризқни еб, Унинг берган саноқсиз неъматларидан фойдаланиб туриб, Унинг Сўзига итоат этмаслик энг катта жиноятдир, бас, бу жиноятнинг жазоси ҳам ўзига яраша каттадир, яъни, дўзахдаги мангу азобдир.
Ҳақ таоло томонидан ҳар бир инсоннинг ҳаёт йўлини ёритиб берадиган, дунё ва Охиратда бахтли бўлишига кафил бўладиган, инсоният ўта муҳтож бўлган Илоҳий Ҳужжат - Қуръон оятлари нозил бўлган экан, демак, инсонлар ҳам руҳий, ҳам маънавий, ҳам жисмоний дардларига шифо бўлган бу оятларни, ташналикларини қондирадиган, қалбларига малҳам бўладиган бу Илоҳий неъматни шукроналик билан қабул қилиб, қандай яшаш, қандай амалларни қилиш ва қай ишлардан тийилиш кераклигини ўша оятлардан ўрганиб, кўнгил кўзлари очилиб, иймон билан яшасалар, ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам фойдадир. Аммо бу Ҳужжатларни қабул қилмай, уларда очиқ кўрсатиб қўйилган Ҳақ Йўлга юрмай, Ҳақиқатдан кўз юмган кимсалар эса, ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам зиён қиладилар ва ҳеч қачон - Оллоҳ олдида ҳам, бандалари олдида ҳам ўзларини оқлай олмайдилар - “Биз билмаган эканмиз”, деб баҳона қила олмайдилар. Чунки уларга Оллоҳ таоло томонидан Ҳужжатлар келди, аммо улар ҳамма нарсага ойдинлик киритиб берадиган бу Ҳужжатларни кўриб-билиб туриб қабул қилмадилар.
“Ҳидоят Йўлини ва нажот асбобини фақат Қуръондан топиш мумкиндир. Жаноби Ҳақнинг Илоҳий Марҳамати - жаннатга етиш ва Ҳақнинг дийдорига эришиш фақат ва фақат Қуръонга эргашиш билан ҳамда тақво - Оллоҳдан қўрқиш билан бўлади.
Қуръонга эргашиш, Унинг Ҳукмига амал қилиш учун эса, Уни тафаккур - тадаббур билан ўқиб, ҳар бир оятини тўғри ва пухта ўрганиш лозимдир. Каломуллоҳ ҳақида билиб-билмай ҳар ким ўз раъйича сўз айтишдан, асоссиз равишда турли таъвил-тафсирлар қилишдан тийилиш лозимдир.
Ҳақ таолонинг: “Қуръонга эргашингиз ва Оллоҳдан қўрқингиз! Шояд Раҳматга эришсангизлар”, (Анъом сураси, 155-оят) деган Буйруғи билан биринчидан, аввал нозил қилинган Таврот, Инжил, Забур каби Илоҳий Китобларнинг ҳукмлари Қуръон нозил бўлиши билан тўхтатилганига ишора қилиниб, энди фақат Қуръонга эргашишга даъват қилинган бўлса, иккинчидан, ушбу азиз Китобга эргашиш учун Уни тўғри тушуниш, яъни, Қуръонни тафсир қилиб берадиган ишончли манбалардан пухта ўқиб-ўрганишга ҳам даъват қилинганини англашимиз лозим.
Меҳрибон Парвардигоримиз барчамизга Ўзининг Каломини ўқиб ўрганиб, Унинг Кўрсатмаларига амал қилиб, Тўғри Йўлда барқарор бўлиш бахтини насиб этсин.
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг мадади билан Юсуф сурасининг тафсири ўз ниҳоясига этди.

010. Юнус сураси

Маккада нозил бўлган бу сурайи карима бир юз тўққиз оятдан иборат. Унда сўз барча маккий сураларда бўлгани каби Исломий ақиданинг асл моҳияти: Оллоҳга иймон келтириш, Унинг Китобларига, пайғамбарларига, қайта тирилишга ва Қиёмат Кунидаги ҳисоб-китоб, жазо - мукофотга ишониш ҳақида боради. Ушбу сура Илоҳий Китобларга, хусусан Қуръони Каримга иймон келтиришга қизғин даъват қилиши билан бошқа суралардан ажралиб туради.
Сурайи карима бошлаб пайғамбарлик ва пайғамбарлар ҳақида сўзлаб, Оллоҳ таоло аввалу охир ҳамма бандаларига Ўз элчиларини юборганини, бинобарин, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламнинг элчи қилиб юборилишларидан ажабланишга ўрин йўқлигини уқтиради. Кейин, Яратган билан яралганлар ўртасидаги алоқа қандай бўлиши лозимлиги айтилади ва одамларга Ҳақиқий Парвардигорлари қандай Зот эканлиги танитилиб, фақат Унгагина ибодат қилишлари дуруст ва зарур эканлиги таъкидланади. Яна бу сурада мушрикларнинг Қуръонга бўлган муносабатлари ҳақида ҳикоя қилиниб, сўнгра бу Китоб ҳақиқий Илоҳий Мўъжиза экани таъкидланади. Ва уни Муҳаммад ўзи тўқиб ёзган, деб ўйлайдиган кимсалар унга ўхшаш биргина сура ёзиб берсинлар, деб уларнинг даъволари мутлақо асоссиз, пуч даъво эканлиги ошкор этилади.
Сура ниҳоясида эса Пайғамбар алайҳис-саломга фақат Оллоҳнинг кўрсатма-ваҳийларига амал қилиш ва Оллоҳ Йўлида чекиладиган озор-машаққатларга сабр-у тоқат қилиш амр этилади.
Сурада Нуҳ, Мусо, Юнус каби пайғамбарларнинг қиссалари зикр қилинадики, суранинг номи ҳам улардан бири - Юнус алайҳис-салом исми билан аталгандир.
Қуръони Каримда олтита сура Оллоҳ таолонинг элчилари номлари билан аталган бўлиб, Китобдаги тартиб бўйича уларнинг биринчиси ушбу Юнус сурасидир.

Меҳрибон ва Раҳмли Оллоҳ номи билан

1. Алиф, Лом, Ро. Ушбу (оятлар) Китоби Ҳаким оятларидир.
Қуръони Каримда бир неча суралар мана шундай ёлғиз-ёлғиз ҳарфлар билан бошланади. Бу ҳарфларга аксари муфассир уламолар бирон тафсир айтмайдилар, балки уларнинг маъноси Ёлғиз Оллоҳ таолонингЎзигагина аён, бу Оллоҳ таоло Ўзи биладиган сир, дейдилар.
Ушбу ҳарфлар хусусида Бақара сурасининг илк ояти тафсирида баён қилинди.
Аммо уламолар орасида ушбу ҳарфларга маъно айтганлари ҳам бор.
Масалан, “Жомиул-баён”, “Маолимут-танзил” ва бошқа тафсирларда Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, “Алиф, Лом, Ро”нинг маъноси: “Аналлоҳу аро”, яъни “Мен - Оллоҳ Кўриб тургувчиман”, деганидир.
Заҳҳокдан ҳам шундай тафсир ривоят қилинди.
Саид ибн Жубайр эса: “Суралар аввалида келадиган: “Алиф, Лом, Ро” ва “Ҳо, Мим”, ҳамда “Нун” ҳарфлари бирлашган ҳолда Оллоҳ таолонинг “Ар-Раҳмон” деган Сифатига далолат қилади”, дейди. Дарвоқеъ, Ҳақ таолонинг биз “Меҳрибон” деб маъно айтадиган “Ар-Раҳмон” сифати Алиф, Лом, Ро, Ҳо, Мим, Нун, ҳарфларидан иборатдир.
“Ушбу (оятлар) Китоби Ҳаким оятларидир”.
Китоби Ҳакимдан мурод - Қуръони Ҳакимдир. Чунки бошқа бир оятда Қуръони Ҳаким сифати билан келгандир: “Қуръони Ҳакимга қасамки...” (Ёсин сураси, 2-оят).
Ояти каримадаги “Ҳаким” калимасини уламолар турлича тафсир қилганлар: “Тафсири Қуртубий”да Абу Убайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бу ўринда Ҳаким “мустаҳкам, пухта” деган маънога далолат қилади. Яъни, Қуръоннинг сифатларидан бири - у ҳалол ва ҳаромни, шаръий ҳукм ва жазоларни аниқ ва пухта баён қилиб берадиган, оятлари ҳеч қачон бузилмайдиган-эскирмайдиган мустаҳкам Китобдир. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “Алиф, Лом, Ро. (Ушбу Қуръон) сизлар фақат Оллоҳгагина ибодат қилишингиз учун, Ҳикмат Соҳиби ва (ҳамма нарсадан) Хабардор Зот - Оллоҳ томонидан оятлари бузилмайдиган мустаҳкам ва муфассал қилиб (нозил бўлган) бир Китобдир”. (Ҳуд сураси, 1-2-оятлар).
Бошқа уламолар: “Ушбу оятдаги Ҳакимдан мурод Ҳокимдир. Яъни, Қуръон одамлар ўртасида улар талашиб-тортишаётган нарсалар ҳақида бирдан-бир ҳақ ҳукмни чиқаргувчи - ҳакамлик қилгувчи Китоб, деган маънодадир”, дейдилар ва сўзларига далил сифатида Бақара сурасидаги мана бу оятни келтирадилар: “Сўнг Оллоҳ (мўминларга) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни) жаҳаннам азобидан огоҳлантиргувчи пайғамбарларни юборди. Ва одамлар орасида чиққан тортишувларга ҳакам бўлсин, деб Ҳақ Китобни нозил қилди”. (Бақара сураси, 213-оят).
“Танвирул-азҳон” ва “Ал-муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобларида эса: “Ҳаким - Ҳикматли деганидир. Қуръоннинг ҳар бир ояти Етук Ҳикмат бўлгани учун Ҳақ таоло уни Китоби Ҳаким деб атади”, дейилади.
Кўриниб турганидек, мазкур тафсирлар бир-бирини инкор қилмайди, балки аксинча, бири иккинчисини тўлдириб туради ва Қуръони Ҳакимнинг ҳар бир калимаси гўё тубсиз денгиз янглиғ унга шўнғиган, унинг маъноларини англашга ҳаракат қилган толибга бошқа бирон сўзда учрамайдиган, бири биридан теран, бири биридан гўзал маъно дурларини ҳадя этишини кўрсатади.
Суранинг илк оятида “Ушбу (оятлар) Китоби Ҳаким оятларидир”, деб таъкидлаш билан Ҳақ таоло инсонларни сурайи каримадаги барча оятларга иймон келтиришга ва унинг кўрсатмаларига амал қилишга буюради.

2. Ёки одамлар учун ўзларидан бўлган бир кишига (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломга, кофир) кимсаларни (Оллоҳнинг азобидан) огоҳлантиринг, иймон келтирган зотларга эса, албатта, улар учун Парвардигорлари ҳузурида чин пешқадамлик (яъни, юксак мартаба) борлиги ҳақида хушхабар етказинг, деб ваҳий юборганимиз ажабланарли ҳол бўлиб туюлдими?! Кофирлар: «Дарҳақиқат, бу (яъни, Муҳаммад) аниқ сеҳргардир», дедилар.
Ибн Жарир Табарий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, қачонки Оллоҳ азза ва жалла Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни Элчи қилиб юборганида, мушриклар: “Оллоҳ Унинг элчиси башар бўлишидан улуғроқ, яъни, оддий одамни элчи қилиб юбориш Оллоҳнинг шаънига тўғри келмайди”, дейишди. Шунда ушбу ояти карима нозил бўлди.
Шунингдек, улар: “Таажжуб, Оллоҳ одамларга элчи қилиб юбориш учун мана шу Абу Толибнинг етимидан бошқани топа олмабди-да?!”, дейишар эди. Мушрикларнинг бу каби сўзлари уларнинг ҳамоқат ва жаҳолатда чекдан ошган кимсалар эканликларига далолат қилади. Мушриклар агар ажабланадиган бўлсалар, Оллоҳ таоло Ўзининг Элчиси қилиб одамлар орасидан энг муносиб Инсонни танлаганидан эмас, балки ўзларининг ва ота-боболарининг оддий ёғоч, тош ва темир-терсаклардан бут-санамлар ясаб олишиб, ўша жонсиз бутларга сиғиниб дуо-илтижо қилишларидан ажаблансалар бўлар эди.
Ҳақ таоло бу каби жоҳил кимсаларга бошқа бир оятда шундай жавоб қилган: “Одамларга Ҳидоят келган пайтида, фақат: “Оллоҳ (фаришталарни эмас, балки) одамзотни пайғамбар қилиб юборибдими?!”, деган сўзларигина уларни иймон келтиришларидан тўсди. Айтинг: “Агар бу - Ерда (одамлар эмас, балки) фаришталар маскан тутиб юрганлари-да эди, албатта Биз, (яъни, Оллоҳ таоло) уларга осмондан фаришта пайғамбарни туширган бўлур эдик”. (Ал-Исро сураси, 94-95-оятлар).
Бошқа бир оятда эса бундай дейилади: “Агар унинг (Пайғамбарнинг) ўзини фаришта қилсак ҳам, уни эр киши (яъни, инсон суратида) қилган бўлур эдик ва уларга ноаниқ ҳолда турган нарсани яна хиралаш-ирган бўлур эдик”. (Анъом сураси, 9-оят).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, дарҳақиқат, фаришталар нурдан яратилган бўлганлари учун агар инсон суратига киритилмаса, кишилар уларни кўра олмайдилар. Инсон суратида кўрганла-рида эса фаришта эканлигига ишонмайдилар.
Энди Макка мушрикларининг Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни “Абу Толибнинг етими”, деб нописандлик қилишлари эса, у зотнинг бой-бадавлат бўлмаганлари учун эди. Гарчи Пайғамбар алайҳис-салом насл-насаб, шаъну шараф жиҳатидан Қурайшнинг энг олди оиласидан бўлсалар-да, мушриклар учун кишининг улуғлигини белгиловчи бирдан-бир белги бойлик ҳисобланар эди. Шунинг учун ҳам улар: “Бу Куръон икки қишлоқ(нинг бири)дан бўлган улуғ одамга нозил қилинганида эди”, дедилар”. (Зухруф сураси, 31-оят).
Икки қишлоқдан мурод, Макка ва Тоиф шаҳарларидир. Мушриклар назарида Макканинг улуғи ўша жойлик боёнлардан Валид ибн ал-Муғийра бўлса, Тоифнинг улуғи Урва ибн Масъуд ас-Сақафий номли бир бой эди. У мушриклар ҳам барча замонлардаги дунёга қул бўлган кимсалар каби улуғликни мол-давлат ва салтанат билан ўлчар эдилар. Шунингучун улар: «Агар бу Қуръон ҳақ китоб бўлганида Муҳаммадга ўхшаган бир етим ва камбағалга эмас, балки Валид ва Урва каби улуғ зотларга тушган бўлар эди», дедилар.
Ҳақ таоло мушрикларнинг бундай ботил даъволарига жавобан ушбу оятни нозил қилди: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Парвардигорингизнинг Раҳмати (бўлмиш пайғамбарлик)ни ўшалар тақсимлайдилар-ми?! (Йўқ, асло ундоқ эмас!) Уларнинг ҳаёти дунёдаги маишат-тирикчиликларини ҳам уларнинг ўрталарида Биз Ўзимиз тақсимлаганмиз ва баъзилари баъзиларини қўл остига олиб (ишлатишлари) учун (бировларини бой ёки кучли-қувватли қилиб, бошқа бировларини эса камбағал ёки заиф-кучсиз қилиб) айримларини айримларидан баланд даража-мартабаларга кўтариб қўйганмиз. Парвардигорингизнинг Раҳмати - пайғамбарлик эса улар тўплайдиган нарса (мол-дунё)ларидан яхшироқдир. (Бас, Биз бу улуғ неъматни фақат Ўзимиз танлаган кишиларгагина ато этурмиз).” (Зухруф сураси, 32-оят).
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг оналари Омина у зотга ҳомиладор экан, оталари Абдуллоҳнинг вафот этиши, кейин гўдаклик чоғларида оналари ҳам вафот этиб, ҳам ота, ҳам онадан ажраб етим қолишлари, албатта беҳикмат эмас эди.
Ҳасани Басрийдан: “Нима учун Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламни етим қилган экан?”, деб сўраганларида, у: “Токи бирон инсон у зотга миннат қила олмаслиги учун шундай қилган. Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ўзи у зотга паноҳ берди, одоб берди ва тарбиялади”, деб жавоб қилган экан. (“Ал-муқтатаф мин уювнит-тафосийр” китобидан).
Араблар гўзалликда ва вазнда тенги йўқ бебаҳо дурни “дурру ятим -етим дур”, дейдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Оллоҳ таоло наздида, энг севикли, энг муҳтарам Инсон бўлганлари боис тақдир-ларига ёлғизлик - етимлик ёзилган бўлса не ажаб.
Ўрганаётганимиз ояти каримада Жаноби Ҳақ Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга аввало кофир кимсаларни Оллоҳнинг азобидан огоҳлантиришни, сўнгра мўминларга хушхабар беришни буюргани ҳақида хабар беради.
Уламолар оятдаги тартибни - аввал кофирларни азобдан огоҳлантириш, кейин мўминлар учун хушхабар бериш зикр қилинганини шундай шарҳлайдилар:
“Албатта, нолойиқ нарсаларни йўқ қилиш яхши ишларни қилишдан аввал бўлиши керак, яъни, куфр ва исёндан қайтиш иймон ва солиҳ амаллар қилишдан илгари бўлиши керак. Модомики, кишининг нафси куфр ва гуноҳлар билан булғанган ҳолда бўлар экан, унинг қилган солиҳ амалларидан фойда йўқдир. Чунки уйни аввал супуриб-тозалаб, ундаги ахлатларни чиқариб ташланганидан кейингина унга хушбўй гуллар ва чиройли нарсалар киритилса ярашади. Кўрсангиз, табиб ҳам касалларни даволашда аввал бадандан зиёнли чиқинди-ахлатларни чиқариб ташлаб, сўнгра уни кучга киритувчи дорилар билан муолажа қилади. Худди шунга ўхшаб, дил дардларини тузатишни ирода қилган Табиб ҳам аввал огоҳлантиришлар билан уни куфрдан, бузуқ ақидалардан ва тубан хулқлардан тозалаб, қалбни занглатувчи қабиҳ амаллардан поклаб, сўнгра покиза-иймонли қалб эгаларига қилган солиҳ амаллари учун ато этиладиган ажр-мукофотлар ҳақида хушхабар беради”. (“Танвирул-азҳон”тафсиридан).
“Кофирлар: “Дарҳақиқат, бу (яъни, Муҳаммад алайҳис-салом) аниқ сехргардир”, дедилар”.
Яъни, Оллоҳ таоло одамлар орасидан Ўз элчиларини танлашига ишонмаган динсиз, жоҳил кимсалар шу сўзларни айтдилар. Кофирларнинг Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни “сеҳргар” дейишлари - ўзлари сезмаган ҳолда у зот келтирган Қуръоннинг Илоҳий Мўъжиза эканини тан олганларидир.
Пайғамбар алайҳис-салом Оллоҳ таоло томонидан ўзларига нозил бўлаётган ваҳийни одамларга етказар эканлар, мушриклар Каломуллоҳда баён қилинаётган Ҳақиқатга - Оллоҳ Ёлғиз Маъбуди Барҳақ экани, Унинг ҳеч қандай шериги йўқлиги ҳақида келган оятларга қарши тура олмасликларига, бундай оятларни келтириш одамзотнинг қўлидан келадиган иш эмаслигига кўзлари етди, аммо ўзларининг хато йўлда эканликларини тан олиб тавба қилиш ва Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни Оллоҳнинг Элчиси, деб иймон келтириш ўрнига: “Қуръон - сеҳр, Муҳаммад - зўр сеҳргар”, дедилар. Мушрикларнинг бу сўзлари ўзларининг Қуръони Азим олдида ожиз эканликларини ўзлари сезмаган ҳолда эътироф этишлари эди. Бас, маълум бўладики, динсиз кимсаларнинг Қуръонга иймон келтирмасликлари у Китобдан бирон айб-нуқсон топганлари учун эмас, - Буюк Оллоҳнинг Сўзи ҳар қандай айб-нуқсондан покдир - балки уларнинг Ҳақиқатни тан олишни хоҳламай, ундан кўзларини юмиб олганлари учундир. Ҳақ Йўлни кўрсатадиган Қуръони Каримга ишонмаган, итоат қилмаганларнинг мисоли эса, худди бир кимсага ўхшайдики, у нотаниш бўлган йўлга, яъни, ҳаёт йўлига тушар экан, ўзи учун тўғри йўлни кўрсатиб турадиган аъзосини - кўзини юмиб олган ва оқибат-натижада у йўлдаги саноқсиз чуқурлардан, жарликлардан бирига қулаб ҳалок бўлган. Албатта, унинг ҳалокатига кўзи эмас, балки ўша кўздан фойдаланмаган ўзи айбдордир.

3. (Эй инсонлар), албатта Парвардигорингиз осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз Аршига истиво қилган Оллоҳдир. У (ҳар бир) ишнинг тадбирини қилур. (Қиёмат Кунида) бирон шафоат қилгувчи - қўлловчи бўлмас, магар Унинг Изнидан сўнггина (қўллай олур). Ана ўша Оллоҳ Парвардигорингиздир, бас, Унга ибодат қилингиз! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!
“(Эй инсонлар), албатта Парвардигорингиз осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз Аршига ўрнашган Оллоҳдир”.
Ояти кариманингушбу илкжумласи “Аъроф” сурасида ҳам келгандир. Биз бу ўринда мавзу ўта муҳим ва нозиклигини ҳамда “Аъроф” сурасининг тафсири бошқа жузъда эканини эътиборга олиб, (яъни, бу жузънинг ўқувчиси у суранинг тафсирини ўқий олмаган бўлиши эҳтимолини ҳисобга олиб), жумланинг ўша тафсирини келтириб ўтамиз.
“(Эй инсонлар), албатта Парвардигорингиз осмюнлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Ўз Аршига ўрнашган Оллоҳдир. У кечани (қоронғуликни) кундузга ўрар (ва кеча кундузни) шошилган ҳолда қувиб юрар. У қуёш, ой ва юлдузларни Ўз Амрига бўйсундирилган ҳолда (яратди). Огоҳ бўлингизким, яратиш ҳам, буюриш ҳам Ёлғиз Уникидир. Барча оламлар Парвардигори - Оллоҳ Баракотли - Буюкдир”.
Ушбу ояти каримада барча оламларнинг, жумладан биз инсонларнинг Танҳо Роббимиз бутун борлиқни - осмонлар, Ер ва уларнинг ўртасидаги барча нарсани олти кунда яратган Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонингЎзи экани, Унинг ҳеч қандай шериги йўқ экани таъкидланади. Муфассир уламолар: “Ўзи хоҳлаган нарсани бир лаҳзада йўқдан бор қилишга Қодир бўлган Зот осмонлар ва Ерни олти кунда яратгани ҳақида хабар бериш билан биз инсонларга ишларни шошилмасдан, пухта қилишни таълим беради”, дейдилар. Ҳадиси шарифда: “Шошилмаслик Оллоҳдан, шошқалоқлик шайтондан” дейилишининг маъноси ҳам шудир.
Уламолар: “Фақат гуноҳлардан тавба қилишда, қарзни айтилган муддат битиши билан тўлашда, меҳмон чақиришда, қиз болани бўйига етиши билан турмушга чиқаришда, вафот қилган кишини дафн этишда ва жунубликдан ғусл қилишда - фақат мана шу ишлардагина (шошилишлик) чиройли саналади”, дейдилар.
Мужоҳид ва Аҳмад ибн Ҳанбал: “Ояти каримада зикр қилинган олти кундан мурод - Охират кунлари бўлиб, ҳар бир кун дунё ҳисобида минг йилга баробардир”, дейди ва: “Дарвоқеъ, Парвардигорингиз наздидаги бир кун сизларнинг ҳисоб-китобингиздаги минг йил каби бўлур”, оятини келтиради. (Ҳаж сураси, 47-оят). Бу тафсирга кўра осмонлар ва Ер Оллоҳ таоло томонидан дунё ҳисобида олти минг йилда яратилган деган маъно чиқади. Ҳолбуки, “Бирон нарсани (яратишни) ирода қилган вақтида Унинг иши фақатгина «Бўл», демоқлигидир. Бас, у (нарса) бўлур - вужудга келур.” (Ёсин сураси, 82-оят).
Ҳақ таоло осмонлар, Ер ва улардаги бор нарсани олти кунда яратгани ҳақида бошқа оятларда батафсилроқ хабар берган: “Айтинг: «Хдқиқа-тан ҳам сизлар Ерни икки кунда яратган Зотга кофир бўлурмисиз-лар ва ўзгаларни Унга тенглаштирурмисизлар?! Ўша (Оллоҳ) барча оламларнинг Парвардигори-ку?! У Зот (Ернинг) устида тоғларни (пайдо) қилди ва уни баракотли қилди ҳамда ўша (Ер)да унинг емишларини (яъни, Ер аҳлининг ризқу рўзларини) тўла тўрт кунда белгилаб - тақсимлади. (Бу тафсилот) сўрагувчилар учундир. Сўнгра тутун ҳолидаги осмонга юзланиб, унга ва Ерга: «(Менинг Амри-Фармонимга) ихтиёран ёки мажбуран келинглар!», деган эди, улар: «Ўз ихтиёримиз билан келдик, (амрингга бўйинсундик)», дедилар. Бас, икки кунда етти осмонни барпо қилди ва ҳар бир осмонга (унга буюрилган) иши-вазифасини ваҳий қилди (билдирди). Ва қуйи осмонни чироқлар-юлдузлар билан безадик ва (уни офат-балолардан) сақладик. Бу Кудратли ва Билгувчи Зотнинг Тақдири - Ўлчовидир. (Фуссилат сураси, 9-12-оятлар).
Мазкур оятлар Қуръонда бир неча ўринларда келган - Оллоҳ таоло осмонлар ва Ерни олти кунда яратгани ҳақидаги оятларнинг тафсилотидир. Яъни, Ҳақ таоло Ерни икки кунда яратиб, тўрт кун деганда унинг ризқу рўзини ҳам тақсимлаб-бўлиб бергани ва олти кун деганда эса, етти осмонни ҳам яратиб бўлгани баён қилиб берилди”.
“Сўнгра Ўз Аршига ўрнашди”.
Албатта биз - ожиз инсонлар Қодир Оллоҳнинг Арши Аълосини ҳам, У ЗотнингЎз Аршига қай суратда ўрнашишини ҳам тасаввур қилишга ожизмиз. Зотан, ғайб оламида рўй берадиган воқеа-ҳодисаларнинг сурат-кайфиятини тасаввур қилиш биз бандалардан талаб ҳам қилинмайди. Балки аксинча, бизнинг бурчимиз Қуръони Карим ва Ҳадиси Шарифда ожиз ақлимиз бовар қилмайдиган ғайб олами ҳақида айтилган хабарларни ўқиган пайтимизда уларнинг ҳақ хабарлар эканига иймон келтириб, тафсилот ва кайфиятини Оллоҳ таолонинг Ўзига ҳавола қилишдир. Солиҳ салафлар мана шундай йўл тутганлар. Молик ибн Анас раҳматуллоҳи алайҳ-нинг илм мажлисида “(У Зот) Ўз Аршига ўрнашган Раҳмондир”, ояти ўқилган эди, бир кимса: “Оллоҳ Ўз Аршига қай ҳолатда ўрнашди?” деди. Шунда Молик бошини қуйи солиб, ўйга толди, ҳатто терлаб кетди. Анча вақт ўтгач, бошини кўтариб, ҳалиги сўраган кимсага қараб: “Ўрнашгани аниқ, бу хабарга иймон келтириш вожиб, аммо унинг қандай кайфият-суратда содир бўлганини билишдан ақлларимиз ожиз, у ҳақда сўраш (яъни, албатта кайфиятини билишим керак дейиш) бидъатдир. Менинг ўйимча, сен йўлдан озган кимсасан”, деди ва уни мажлисдан чиқариб юборишни буюрди. Ушбу жумладаги биз “ўрнашди”, деб тафсир қилган “иставо” феъли Бақара сурасида ҳам келган ва у жойда “юзланди”, деб тафсир қилинган эди. “У шундай зотки, Ердаги бор нарсани сизлар учун яратди. Сўнгра самога юзланди-да, уларни етти осмон қилиб тиклади. У ҳамма нарсани Билгувчидир. (Бақара сураси, 29-оят).
Ҳақ субҳонаҳу ва таоло ушбу ояти карима аввалида Ердаги катта-ю кичик ҳар бир нарсани Ўзи яратганини - йўқдан бор қилганини ва буларнинг барчасини инсон учун қилганини таъкидлайди. Ибни Жарир Табарий “Жомиъул-баён” тафсирида баён қилишича, бу жумла ўтган оятнинг узвий давомидир. Яъни “Сизларнинг ўлик танангизга жон ато этган, сўнгра ажалларингиз етиб бу дунёдан ўтгач, яна қайта тирилтириб, Ўз ҳузурига тўплайдиган, Ердаги барча жонли-жонсиз нарсаларни сизлар учун яратиб, сизларга хизматкор қилиб қўйган Оллоҳ таолога қандай қилиб кофир бўласизлар-а?!”, дейилмоқчи”.
Оятнинг иккинчи бандида Жаноби Ҳақ инсонни, Ерни ва ундаги бор нарсаларни яратганидан кейин осмонларга юзланиб, уларни етти қават қилиб тиклагани ҳақида хабар бериб, Ўзининг барча нарсани Билгувчи эканини уқтиради. Яратган Парвардигоримиз осмонлар ва Ерни қандай, қай ҳолатда, қай бирини аввал, қай бирини кейин яратгани ҳақида турли оятларда, ҳар тарафлама баён қилиб берадики, иншооллоҳ, Каломуллоҳ мазмуни билан танишиб - ўрганиб бориш баробарида Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзигина хабар бериши мумкин бўлган бу бебаҳо маълумотлардан баҳраманд бўлиб борамиз. Ҳозир эса, оятдаги “иставо” феълининг мазмунини ўргансак. Бу сўз арабчада юзланди, юксалди, тикланди, ўрнашди, эгаллади каби маъноларда келадики, биз тафсиримизда бу ўринда “юзланди” маъносини олган бўлсак, бошқа оятларда айни мана шу “иставо” сўзини “ўрнашди” маъносида тафсир қилганмиз. Айтиб ўтганимиздек, бу сўз ҳар икки маънода ҳам кўлланади. Лекин ҳар қандай феъл ёки сифат Оллоҳ таолога нисбат берилганида тамоман ўзгача маъно касб этишини аниқ билишимиз зарур. Масалан, билим сифатини олсак, инсон билмаган нарсасини кўриб, ўрганиб ўша нарса ҳақида билимга эга бўлиши мумкин ва вақт ўтиши билан билган нарсаларини унутиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Қолаверса, инсон иқтидори ниҳоят даражада чекланган бўлиб, у нарса ёки ҳодисанинг асл-моҳиятини эмас, балки зоҳирий кўриниши - суратинигина билиши мумкин. Аммо Оллоҳ таолонинг Билими эса кейин пайдо бўлган эмас, балки аслий - азалий, ҳеч қачон йўқ бўлиб кетмайдиган абадий, нарса ёки ҳодисанинг ҳам зоҳири - сурати ҳақидаги, ҳам мағзи-моҳияти ҳақидаги Ҳақиқий Билимдир. Оллоҳ ҳамма нарсани Билгувчи дейилганида У Қудратли Зот ҳар бир нарсани у нарса вужудга келиб пайдо бўлишидан илгари ҳам, борлигида ҳам, йўқ бўлиб кетганида ҳам бирдай билиб туришини, балки ўша нарсани Ўзи пайдо қилиб, Ўзи унга ҳаёт бериб, Ўзи унга ўлим беришини тушунамиз. Шунга ўхшаш, Оллоҳ Кўргувчи, дейилганида У Зот ҳар олти тарафни, у тарафлардаги ҳар бир нарса ёки воқеани зоҳирини ҳам, ботинини ҳам туб-тубигача азалий ва абадий кўриб-билиб туриши тушунилиши лозим. Ана энди ўрганаётганимиз ояти каримадаги “Сўнгра самюга юзланди” жумласидаги “юзланди” калимасини англашда ҳам биз ўзимизнинг қосир тасаввуримиз билан аввал бошқа тарафга қараб турган эди, энди само тарафга қаради, деб ёки самога юзланган пайтида бошқа тарафлардан юз ўгирди, деб тушуниб олсак - хато қилган бўламиз. Балки биз бандаларнинг бор ҳаддимиз ва ҳаққимиз Каломуллоҳда ёки Ҳадиси Шарифда биз тасаввур қилишга ожиз бўлган сўзга ёки муташобиҳ оятга дуч келганимизда унинг луғавий мазмунини тушуниш билан кифояланиб, моҳиятини, қандай содир бўлганини - кайфиятини Оллоҳга ҳавола қилишдир. Акс ҳолда, ўзи тасаввур қилишга ожиз бўлган нарсаларни ўзгаларга “тушунтиришга, таъвил - шарҳ” қилишга чиранган кимса ўзи ҳам адашиб, бошқаларнинг ҳам адашишига сабаб бўладики, Меҳрибон Оллоҳимиз барчамизни бундай балодан асрасин. Ҳақтаоло бизларга ҳам мана бу оятида таърифлаган “Илмда собитқадам бўлган кишилар” қаторига кириш бахтини насиб этсин: “У Сизга Китоб нозил қилган Зотдирки, у (Китобдан) шу Китобнинг асли - моҳияти бўлган муҳкам - аниқ-равшан оятлар ҳам ва бошқа муташобиҳ - тушуниш қийин бўлган, фақат муҳкам - равшан оятлар ёрдамидагина ҳақиқий маъноси маълум бўладиган оятлар ҳам (ўрин олгандир). Бас, дилларида (Ҳақ Йўлдан) оғиш бўлган кимсалар (одамларни) алдаб фитнага солиш ва (ўз ҳавойи нафсларига мувофиқ) таъвил-тафсир қилиш учун Унинг муташобиҳ оятларига эргашадилар. - Ҳолбуки, ундай оятларнинг таъвилини (ҳақиқий маъносини) Ёлғиз Оллоҳгина билур. - Илмда собитқадам бўлган кишилар эса: «У Китобга иймон келтирганмиз. Ҳамма оятлари Парвардигоримиз ҳузуридандир», дейдилар. Ва фақат аҳли донишларгина панд-насиҳат олурлар”. (Оли-Имрон сураси, 7-оят).
“У (ҳар бир) ишнинг тадбирини қилур”.
Яъни, инсонларнинг Парвардигори - йўқдан бор қилган Яратгувчиси бўлмиш, уларга ҳаёт кечириш салоҳиятини бериб тарбия қилгувчи Эгаси бўлмиш Оллоҳ, осмонлар ва Ерни, яъни, бутун коинотни олти кунда яратган Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ўз Аршида ўрнашган ҳолида дунё ва Охиратда Унинг Амри билан юз берадиган барча ишларни тадбир қилиб, юргазиб, оқибати қандай бўлишини кўриб-билиб турур.
Ҳаёти дунёда ҳам, Охират диёрида ҳам каттадир, кичикдир, ҳар бир иш Ёлғиз Унинг тақдири ва тадбири билан бўлади. Бу ишда Унга ҳеч ким шериклик қила олмайди ва Унингтадбирини ҳеч ким ўзгартира олмайди. Мушрикларни ажаблантирган иш - инсонлар орасидан уларни Ҳақ Йўлга етакловчи элчилар, пайғамбарлар танлаш каби ишлар ҳам Ёлғиз Оллоҳнинг тадбирларидандир.
“(Қиёмат Кунида) бирон шафоат қилгувчи - қўлловчи бўлмас, магар Унинг Изнидан сўнггина (кўллай олур)”.
Демак, Қиёмат Кунида, барча халойиқ Оллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб-китоб учун тўпланган Соатда, У Куннинг даҳшатларидан жонлар халқумга тиқилиб қолган вақтда, ҳар бир инсон ниҳоят даражада кўлловга муҳтож бўлиб қолган пайтда на Ер-у, на кўкдаги бирон кимса Оллоҳнинг Изни - Рухсатисиз бировни кўллай олмайди, шафоат қила олмайди. “Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар бўлиб, ўшаларнинг шафоатлари ҳам бирон фойда бермас, магар Оллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлган кишилар учун (шафоатга) Изн берганидан кейингина (у шафоатнинг фойдаси тегур)”. (Ван-нажм сураси, 26-оят).
Ривоят қилинишича, Қиёмат Кунида жаноби Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва саллам Арш остига келиб, бошларини саждага кўйиб, Парвардигорга ҳамду санолар айтиб, хушомадлар қилиб, аввал-бошда шафоатдан сўз очмай, саждадан бош кўтармасдан тураверар эканлар, йиғлайверар эканлар. Сўнгра нидо келар эканки: “Бошингни кўтаргин, сўзлагин - тингланур, сўрагин - берилур, қўллагин, қўлловинг - шафоатинг қабул қилинур”. Шундагина муборак бошларини саждадан кўтариб: “Умматим, умматимнинг гуноҳидан ўтгин, Парвардигор”, деб сўрар эканлар.
Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, у киши: “Ё Расулуллоҳ, Қиёмат Кунида Сизнинг шафоатингиз сабабли саодатга эришадиган инсонлар кимлар?”, - деб сўраганида, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Абу Ҳурайра, сенинг ҳадисга ўта ҳарислигинг учун бу сўз ҳақида сендан олдин ҳеч ким сўрай олмаслигини билар эдим. Ким чин қалбдан, холис ният билан “Ла илаҳа иллаллоҳ” деса, ана ўшалар Қиёмат Кунида менинг шафоатим сабабли саодатга эришадиган инсонлардир”, - деб марҳамат қилдилар.
Бу мавзу бошқа оятларда ҳам таъкидланган: “(Оллоҳ) ҳузурида фақат Унинг Ўзи изн берган кишиларгагина шафоат фойда берур (яъни, ана ўша зотларгина шафоатга - қўллашга эришурлар ё ўзгаларни шафоат қила олурлар). То қачон (Парвардигор улар учун шафоатга изн бериши билан) дилларидан қўрқув кетказилгач, улар (бир-бирларига): «Парвардигорингиз нима деди (яъни, шафоатга ҳақиқатан изн бердими)», деб (савол қилишар. Шунда фаришталар) «Ҳақни (айтди, яъни, ҳақиқатан шафоатга изн берди), У Юксак ва Буюк Зотдир», дейишиб (жавоб қилурлар).” (Сабаъ сураси, 23-оят). “У Кунда ҳеч қандай шафоат - қўллов фойда бермас, магар Раҳмон изн берган ва У Зот сўзидан рози бўлган кишигагина (фойда берур).” (Тоҳа сураси, 109-оят).
“Ана ўша Оллоҳ Парвардигорингиздир, бас, Унга ибодат қилингиз! Ахир эслатма-ибрат олмайсизларми?!”.
Яъни, ояти каримада мазкур бўлган Ер-у осмонларни йўқдан бор қилиб яратиш, коинотдаги ҳар бир ишни тақдири азалда белгилаб, сўнг уларни тадбир қилиб туриш ва Қиёмат Кунида Ўзи хоҳлаган бандаларига шафоат қилиш - шафоатланиш неъматини ато этиш каби Буюк Сифатлар Эгаси бўлмиш Оллоҳ таоло сизларнинг Танҳо Парвардигорингиздир. Ундан ўзга ҳеч ким бу Сифатларга эга эмасдир. Бас, сизлар, эй инсонлар, Ёлғиз Унинг Ўзига ибодат - қуллик қилинглар, Унга бирон кимса ёки нарсани шерик қилманглар! Эй мушриклар, ахир сизлар эслатма-ибрат олмайсизларми?! Ҳамма нарсани Яратгувчиси, Эгаси Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи эканини билиб туриб, бирон нарса ярата олмайдиган, сизларни кўрмайдиган, дуо-илтижоларингизни эшитмайдиган жонсиз бут-санамларга сиғинаверасизларми?!
Дарвоқеъ, мушриклар ҳам Яратгувчи Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи эканини жуда яхши биладилар, аммо билиб туриб, яна Унга ширк келтирадилар. Бу ҳақда бошқа оятларда шундай дейилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қасамки, агар Сиз улардан ўзларини ким яратгани ҳақида сўрасангиз, албатта улар: «Оллоҳ», дерлар. Бас, (Ўша Яратгувчига ибодат қилиш ўрнига) қаёққа бурилиб кетмоқдалар?!” (Зухруф сураси, 87-оят). “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: «Агар билгувчи бўлсанглар (айтингларчи), бу Ер ва ундаги бор жонзот кимники?» Улар: «Оллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Бас, (шундан) ибрат-эслатма олмай-сизларми?! Айтинг: «Етти осмоннинг Хожаси ва улуғ Аршнинг Соҳиби кимдир?» Улар: «(Буларнинг барчаси) Оллоҳникидир», дерлар. Айтинг: «Ахир қўрқмайсизларми?!» Айтинг: «Агар билсанглар (айтинглар-чи), барча нарсанинг подшоҳлиги Кулида бўлган, Ўзи (барчага) Хрмийлик қиладиган, Унга қарши биров ҳомийлик қила олмайдиган Зот кимдир?» Улар: «(Бундай подшоҳлик ва ҳомийлик Ёлғиз) Оллоҳникидир,» дерлар. Айтинг: «Қандай алданмоқдадирсизлар-а?!”. (Мўминун сураси, 84-89-оятлар). “Қасамки, агар Сиз улардан: «Осмонлар ва Ерни ким яратган», деб сўрасангиз, улар албатта «Оллоҳ» дерлар. Айтинг: «Энди хабар беринглар-чи, сизлар Оллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган бутларингиз - агар Оллоҳ менга бирон зиён етказишни истаса - ўша (бутлар) У Зотнинг зиёнини арита олгувчимилар? Ёки (Оллоҳ) менга бирон мархамат қилишни ирода қилса, ўша (бутлар) У Зотнинг Марҳаматини ушлаб - тўхтатиб қолгувчимилар?!» Айтинг: «Менга Оллоҳнинг Ўзи етарлидир. Таваккул қилгувчи - суянгувчи зотлар Ёлғиз Унга таваккул қилурлар”. (Зумар сураси, 38-оят).

4. (Қиёмат Кунида) барчангиз Унга қайтишингиз бордир. (Бу) Оллоҳнинг ҳаққирост ваъдасидир. Албатта аввал-бошда барча нарса-ни Унинг Ўзи яратур. Сўнгра иймон келтириб, яхши амаллар қилиб ўтган зотларни адолат билан мукофотлаш учун (Қиёмат Куни) яна қайта яратур. Куфр йўлини тутган кимсалар учун эса қайноқ сувдан иборат ичимлик ва кофир бўлганлари сабабли аламли азоб бордир.
“(Қиёмат Кунида) барчангиз Унга қайтишингиз бордир. (Бу) Оллоҳнинг ҳаққирост ваъдасидир”.
Яъни, инсонлар ўлганларидан кейин тупроққа аралашиб, йўқ бўлиб кетмайдилар, балки уларнинг барчаси, биронталари қолмай Қиёмат Кунида қайтадан тириладилар ва Оллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб-китоб учун тўпланадилар. Оллоҳ уларга берган ҳаёт, ризқ ва саноқсиз неъматларни қандай ишларга сарфлаганлари ҳақида сўраладилар, зиммаларидаги Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш бурчларини адо қилдиларми, йўқми - жавоб берадилар. Бирон кимса Оллоҳга қайтмай қолмайди. Бу Ҳақ таолонинг Хақ Ваъдасидир. Демак, ҳар бир инсон бутун ҳаёти давомида ўша Кундаги Учрашувга, яъни, Оллоҳ таоло ҳузурида ҳар бир иш-амали учун ҳисоб беришга тайёргарлик кўриши керак, Ундан ҳеч қаёққа қочиб қутулиб кета олмаслигини аниқ билиши керак.
Оят давомида Ҳақ таоло аввал-бошда Ўзи яратган халқни Охират диёрида қайтадан яратиши, қайтадан уларга жон ато этиб тирилтириши сабаби ҳақида сўзлайди: “Албатта аввал-бошда барча нарсани Унинг Ўзи яратур. Сўнгра иймон келтириб, яхши амаллар қилиб ўтган зотларни адолат билан мукофотлаш учун (Қиёмат Куни) яна қайта яратур. Куфр йўлини тутган кимсалар учун эса, қайноқ сувдан ибо-рат ичимлик ва кофир бўлганлари сабабли аламли азоб бўлур”.
Демак, Оллоҳ таоло яхши баҳосини, ёмон жазосини олиши учун - адолат қарор топиши учун барча инсонларни Охиратда қайта тирилтирар экан.
У Кундаги ҳисоб-китоб ҳақида бошқа оятларда шундай хабар берилган: “Биз Қиёмат Куни учун адолатли мезон-тарозилар қўюрмиз, бас, бирон жонга заррача зулм қилинмас. Агар хардал (ўсимлигининг) уруғидек (яъни, заррачалик яхши ёки ёмон амал қилинган) бўлса, ўшанида келтирурмиз! Биз Ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилгувчидирмиз.” (Анбиё сураси, 47-оят). “Ўша Кунда одамлар, уларга (қилиб ўтган) амаллари(нинг жазо ёки мукофотлари) кўрсатилиши учун тўда-тўда бўлиб чиқиб келурлар! Бас, ким (ҳаёти дунёдалик пайтида) зарра мисқоличалик яхшилик қилса, (Қиёмат Кунида) ўшани кўрур. Ким зарра мисқоличалик ёмонлик қилса уни ҳам кўрур!” (Залзала сураси, 6-8-оятлар).
Марҳаматли Парвардигоримиз Қиёмат Кунида яхши кишиларни, яъни, ҳаётларини иймон ва солиҳ амаллар билан ўтказган мўмин банда-ларини мукофотлашда фақат уларнинг қилган яхши амалларига яраша эмас, балки Ўз томонидан неча баробар зиёда мукофотлар ҳам ато этишга ваъда беради: “Албатта Оллоҳнинг Китобини (Қуръонни) тиловат қиладиган, намозни тўкис адо этадиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қиладиган зотлар ҳаргиз касод бўлмайдиган олди-сотдидан (яъни, улардан яхши амал ва инфоқ-эҳсон, Оллоҳдан ажр-мукофот бўлишидан) умидвордирлар, зеро, (Оллоҳ) уларнинг ажрларини комил қилиб берур ва Ўз Фазлу-Карамидан уларга яна зиёда (мукофотлар) ҳам берур. Албатта У Мағ-фиратли ва ўта Шукр қилгувчидир (яъни, озгина яхши амал учун кўп мукофот ато қилгувчидир)”. (Фотир сураси, 29-30-оятлар).
Аммо кофирларга эса, куфр-исёнларига яраша энг адолатли жазо берилади. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Мана бу қайноқ сув ва йирингдир! Бас, улар ўшани тотиб кўрсинлар! Бошқа (азоб-укубатлар) ҳам ўша тур, ўша шаклда бўлур!” (Сод сураси, 57-58-оятлар).
“Жиноятчи-осий кимсалар ёлғон дейдиган жаҳаннам мана шудир! Улар ўша (жаҳаннам оташи) билан ўта қайноқ сув ўртасида айланаверурлар!” (Раҳмон сураси, 43-44-оятлар).
Яъни, ҳаёти дунёдан куфру исён билан ўтган кимсалар Охиратда дўзах ўтида куяр эканлар, дўзах ходимлари бўлмиш фаришталардан бирон қултум сув беришни сўрарлар. Шунда уларга қайноқ сув берилиб, яна дўзахга отилурлар ва бу ҳол абадул-абад давом этур.

5. У (Оллоҳ) шундай Зотки, қуёшни (кундузлари) зиё сочгувчи, ойни эса (кечалари) нур - ёруғлик қилиб қўйди ва сизлар йилларнинг саногини ҳамда (вақтларнинг) ҳисобини билишларингиз учун уни (яъни, ойни бир қанча) манзил-буржларга бўлиб қўйди. Ҳеч шак-шубҳасиз, Оллоҳ буни (яъни, қуёш ва ойнинг ҳар бирини) Ҳақ (Қонун ва Ҳикмат) билан яратди. У Зот биладиган қавм учун Ўз оятларини батафсил баён қилур.
Ушбу ва қуйидаги оятда Ҳақ таолонинг Қудрат ва Ҳикмат Соҳиби эканлигига далолат қиладиган оят-аломатлардан бир нечтаси зикр қилинади. Аввало коинотдаги энг буюк сайёралардан бўлган куёшни хам Оллоҳ таолонинг Ўзи яратгани ва уни зиё манбайи қилиб қўйгани айтилади. Энди у то Қиёмат қойим бўлгунича ўз фазосида айланиб юради, ўткир зиёси билан бутун жаҳонни ёритиб, тафти-ҳарорати билан оламни иситади, кунни тундан ажратиб машриқдан чиқар экан, инсонларга ҳаётларининг янги куни бошланганидан дарак беради, уларни кундалик юмушларини бошлашга чорлайди, мағрибга ботар экан, уларга умрларидан бир кун камайганини эслатади. Бошқача айтганда, куёш борлиқни ёритиб - иситишдан ташқари яна ҳар бир инсонга умри неча кундан иборат эканини ҳисоблаб бориши ва ҳаётининг ҳар бир кунидан фойдаланиб қолиши учун кеча - бугун - эртага деган меъёрни белгилаб берадиган бир ўлчов воситаси ҳамдир.
Шунингдек, Ҳақ таоло ойни яратиб, уни тун - кечаларни ёритадиган нур қилиб қўйди. Фалакшунос олимларнинг ўрганишларича, ой аслида зиё сочувчи сайёра эмас, у ўз нурини қуёшнинг зиёсидан олади. Қуёш ботгач, унинг зиёси осмондаги ойга тушиб, ой нурланади ва қоронғу тун ойдин кечага айланади.
Ояти каримани кунт қўйиб ўқиган киши Ҳақ таолонинг куёшни зиё, ойни эса нур деб атаганини кўриб дафъатан, зиё нурдан кувватлироқ эканини, яъни, уларнинг ўртасидаги фарқ қуёш билан ойнинг ўртасидаги фарқ каби эканини англаб етади ва беихтиёр одамлар ўртасида қўлланадиган “зиёли” ва “нуроний” деган ибораларнинг ҳам мағзини чақа бошлайди. Дарвоқеъ, агар эътибор қилсак, бу икки иборанинг ҳақиқий маъносини билиб оламиз ва уларни ўз ўрнида ишлатишни ўрганамиз. Демак, зиёли деб қалбидаги қуёш янглиғ билим-маърифат зиёси билан одамларга қоронғу-номаълум нарсаларни ёритиб берадиган, Тўғри Йўлни кўрсатадиган олим инсон тушунилиши керак, нуроний эса покиза ҳаёт тарзининг - тақво ва ибодатнинг нури юзида акс этган, боқсангиз юзидан нур ёғилиб турадиган кишидир.
Муҳтарам ҳамдарсим, бу ўринда оят тафсиридан бир оз чалғигандек кўринган бўлсак, маъзур тутинг. Мақсадимиз энг Улуғ Сўз - Қуръони Мажидда зикр қилинган зиё ва нур сўзларининг маъноларида муштараклик ва айни пайтда нозик фарқ ҳам борлигига эътибор қаратиб ўтиш эди.
“...ва сизлар йилларнинг саноғини ҳамда (вақтларинг) ҳисобини билишларингиз учун уни (яъни, ойни бир қанча) манзилларга бўлиб Қўйди”.
Ушбу жумланинг мазмунини бошқа оятлар тафсир қилиб беради: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, саҳобаларингиз) Сиздан ойлар ҳақида сўрашади”. (Бақара сураси, 189-оят). Яъни, «Ой дастлаб ипдек нозик ҳолда кўриниб, сўнгра катталаша боради. Ниҳоят тўлиб, доира шаклига киргач, яна қайтадан нозиклашиб, охири дастлабки ҳолига қайтади. Бунинг сири нимада?», деб сўрашади.
Айтинг: у (ойлар) одамлар ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир.
Ойнинг ўзгариб - янгиланиб туришига қараб одамлар ўзларининг деҳқончилик, савдо ва бошқа дунёвий ишлари ҳамда ҳаж, рўза, закот каби диний ишларнинг вақтларини аниқлайдилар.
“Биз ойни ҳам токи у эски (хурмо) бутоғи каби бўлиб (эгилиб ҳилол ҳолига келиб) қолгунича бир неча манзилга белгилаб-тайинлаб қўйгандирмиз”. (Ёсин сураси, 39-оят).
Дарҳақиқат, ой бир ой давомида йигирма саккиз манзил - жойда турли суратда кўрингани сабабли кўзга йигирма саккизта бўлиб туюлади. Сўнгра бир ёки икки кеча кўринмасдан туради-да, кейин яна ўша тартиб такрорланади. Агар куёш кундузлари оламни нур ва ҳароратга тўлдирса, ой кечаларга ёруғлик бахш этиши билан бирга барча кишилар учун вақт ўлчови бўлиб ҳам хизмат қилади.
“Ҳеч шак-шубҳасиз, Оллоҳ буни (яъни, қуёш ва ойнинг ҳар бирини) Ҳақ (Қонун ва Ҳикмат) билан яратди. У Зот биладиган қавм учун Ўз оятларини батафсил баён қилур”.
Дарҳақиқат, Оллоҳ таоло қуёш, ой каби буюк сайёралардан тортиб, коинотдаги энг кичик ҳашаротгача барча-барчасини тенгсиз Қудрат ва етук Ҳикмат билан, Ўзининг Ҳақ Қонуни билан яратганки, ҳар бир нарсанинг ўз ўрни ва вазифаси бордир.
“Ёки сизларнинг гумонингизча Биз сизларни беҳуда (яъни, дунёда сизларга бирон вазифа бермайдиган, Охиратда ҳисоб-китоб қилмайдиган ҳолда) яратдиг-у, сизлар Бизнинг ҳузуримизга қайтарилмайсизларми?!» (Ундоқ эмас)! Зотан, Ҳақ Подшоҳ - Оллоҳ (бирон ишни беҳуда қилишдан) Юксакдир. Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар У - улут Арш Соҳиби бордир”. (Мўминун сураси, 115-116-оятлар).
“Танвирул-азҳон” китобида ушбу оят тафсирида бир ибратли ҳикоя келтирилибди: Бир киши гўнг титадиган қўнғизни кўриб қолиб: “Ажабо, Оллоҳ таоло мана шуни яратиш билан нимани ирода қилган экан? Шаклининг “чиройлилиги”ними ёки ҳидининг “хушбўйлиги”ними?”, деди. Бас, Оллоҳ уни бир яра билан мубтало қилдики, энг катта табиблар ҳам у ярани тузата олмадилар. Ҳатто тузалишдан умиди узилди.
Баногоҳ бир куни кўча-кўйда касалларни кўриб юрадиган табиблардан бирининг: “Беморлар борми, тузатаман”, - деб ўтиб кетаётганини эшитиб қолдида, хизматкорларига: “Уни олдимга келтиринглар, ярамни кўрсинчи”, - деди. Улар: “Дайди табибни нима қиласиз, ахир бу ярангизни тузатишга ҳозиқ табиблар ҳам ожизлик қилдиларку”, - дейишган эди, у: “Менга мана шу табиб керак”, - деди. Қачонки уни чақиришгач, ярани кўрди ва бир гўнгқўнғиз топиб келишни буюрди. Ундан бу сўзни эшитиб хизматкорлар кулдилар, бемор эса ўзининг айтган сўзини эслади ва: “Табиб сўраган нарсани ҳозирланглар, бу одам бир нарсани биладиганга ўхшайди”, - деди. Табиб олиб келинган қўнғизни ўтга тутиб куйдирди, сўнгра унинг кулини беморнинг ярасига сепди. Шунда Оллоҳ таолонинг изни билан яра тузалди. Бас, бемор бу ҳолни кўриб, ҳозир бўлганларга: “Албатта, Оллоҳ таоло менга Ўзи яратган махлуқотларнинг энг тубани ҳам энг қимматбаҳо дори бўлиши мумкинлигини ва У яратган ҳар бир нарсанинг ҳикмати борлигини билдиришни ирода қилди”, - деди.

6. Албатта, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ҳамда Оллоҳ осмонлар ва Ерда яратиб қўйган нарсаларда Оллоҳдан қўрқадиган қавм учун оят-аломатлар бордир.
“Тафсири Қуртубий”да Ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ривоят қилинишича, Макка мушриклари Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан Оллоҳ таолонинг Борлигига, Бирлигига далолат қиладиган бирон оят-белги келтиришларини сўрашганида ушбу ояти карима нозил бўлиб, Оллоҳ таолонинг Танҳо Холиқ - Яратгувчи, Қудратли Бошқаргувчи эканини билиш учун У Зот яратган нарсалар ҳақида тафаккур қилишнинг ўзи кифоя экани айтилди.
“Албатта кеча ва кундузнинг алмашиб туришида”, яъни, уларнинг бири келиб кетиши билан бирон лаҳза кечикмай, иккинчиси унинг ўрнини олишида, бири узайганда иккинчиси қисқариб туришида ва бу Илоҳий қонунга минг-минг йиллардан буён бирон ўзгариш етмаганида;
“ҳамда Оллоҳ осмонлар ва Ерда яратиб қўйган нарсаларда” яъни, осмонларнинг юксаклигида, юмшоқ-латифлигида, бепоёнлигида, уларда Оллоҳ таоло яратиб қўйган қуёш ва ой каби “юрадиган” юлдузларида, яна бошқа сон-саноқсиз “илиб” қўйилган жойида турадиган юлдузларида, шунингдек, осмондаги булутлар, шамоллар ва ёмғирларда, Ернинг эса паст ва қаттиқлигида, тоғлари-ю дарё-денгизларида, саҳроларида, водийларида, сўлим-обод гўшаларида ва унинг остидаги, инсонлар учун яшириб - “кўмиб” кўйилган манфаатларда - кон ва хазиналарда, ундаги турли-туман, катта-ю кичик жонзотларда, наботот ва дов-дарахтларда - буларнинг ҳаммасида ва ҳар бирида Оллоҳдан қўрқадиган кишилар учун Холиқнинг - Яратгувчининг Борлигига, Бирлигига, Унинг Илм-у Қудратининг буюклигига, етук Ҳикматига очиқ-равшан далолат қиладиган оят-аломатлар бордир.
Ояти каримада юқорида зикр қилинган нарсаларда Оллоҳдан кўрқадиган кишилар учун оят-аломатлар борлиги қайд қилиниши билан фақат тақволи кишиларгина мазкур махлуқотга ибрат назари билан боқиб, тафаккур ва тадаббур қилишлари, ишларнинг охир-оқибати ҳақида фикр юритишлари ва кўрган нарсаларидан тўғри хулоса чиқаришлари мумкинлигига ишора қилинмоқда.

7-8. Албатта, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган, ҳаёти дунёнинг ўзигагина рози бўлиб, ўша билан хотирлари жам бўлган кимсалар ҳамда Бизнинг оятларимиздан ғофил қолган кимсалар - ана ўшаларнинг жойлари, касб қилиб ўтган гуноҳлари сабабли дўзахдир.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло қандай кимсаларнинг борадиган ва мангу қоладиган жойлари дўзах экани ҳақида аниқ хабар бериб, уларнинг тўрт сифатини айтади.
У сифатлардан биринчиси, улар ўлгандан кейин яна қайта тирилиш-ларига ишонмаганлари учун Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб-китоб қилинишлари хусусида мутлақо ўйламайдилар, яъни, Оллоҳнинг азобидан қўрқмайдилар, Унинг савобидан умид қилмайдилар.
Иккинчи сифатлари, улар ўлишлари билан бошланадиган ва ҳеч қачон тугамайдиган мангу Охиратни бутунлай унутиб, унга тайёргарлик кўриш кераклиги ҳақида мутлақо фикр юритмасдан, эртами-кечми ўтиб кетиши аниқ бўлган тўрт кунлик ҳаёти дунёнинг - тубан ҳаётнинг ўзига рози бўладилар.
Учинчи сифатлари, улар ҳаёти дунёга шу қадар ишониб қолдиларки, унинг ўткинчи экани тамоман ёдларидан чиқиб, худди ҳеч қачон ўлмайдигандек ўта хотиржамлик билан ўзлари учун асрлар ўтса ҳам бузилмайдиган бинолар қурдилар, минг йиллик режалар туздилар, гўё мангу яшайдигандек, сўнгсиз орзу-ҳавасларга берилдилар, дунё шаҳватларига, лаззатларига ва зебу зийнатларига асир бўлиб қолдилар.
Зикр қилинган уч манфур сифатга эга бўлган кимсалар охир-оқибат яна бир мудҳиш балога мубтало бўлдилар - улар ғафлат бандасига айланиб қолдилар, балки ғафлат бандаси бўлганлари учун мазкур уч сифатга эга бўлдилар. Энди улар Оллоҳ таоло нозил қилган Китоб оятларига кулоқ солмайдилар, эшитсалар ҳам ҳеч қандай таъсир олмайдилар, шунингдек, борлиқдаги Оллоҳ таолонинг Борлиги ва Бирлигига очиқ далолат қилиб турган оят-аломатларни кўрмайдилар, кўрсалар ҳам ибратланмайдилар. Демак, улар ҳақиқий ғофил кимсалардир. Чунки улар Ҳақ таоло буюрган солиҳ амалларни қилмайдилар, У Зот манъ этган гуноҳлардан қайтмайдилар, бас, ўз қилмишларига яраша энг адолатли жазога мустаҳиқ бўладилар - мангу дўзах азобига ҳукм қилинадилар!
Агар ибрат назари билан боқсак, ояти каримада исмлар эмас, сифатлар зикр қилинди ва кимда мазкур тўрт сифат бўлса, унинг борар жойи дўзах экани аниқ қилиб айтилди. Демак, сўз муайян бир замон ё макондаги маълум бир миллат ёки қавм ҳақида эмас, балки ҳамма замон ва маконлардаги Қиёматда Оллоҳ таолонинг ҳисоб-китоби бўлишига ишонмайдиган, дунёга ошиқ ва қул бўлиб, Оллоҳнинг оятларидан ғафлатда қолган кимсалар ҳақида боради. Бас, ҳар биримиз ўзимизни тафтиш қилиб, оятда айтилган сифатларнинг биронтаси менда топилмайдими, деб ўз-ўзимиздан бир сўраб кўришимиз, агар топиладиган бўлса, (надоматлар билан тан олишга мажбурмизки, айримларимиз, балки кўпчилигимизга дунёга муҳаббат қўйиш, орзу-ҳавасларга берилиш каби сифатлар бегона эмас), у ҳолда дарҳол тавба қилиб, ўзимизни ўнглаш ҳаракатига тушишимиз лозим. Шунда Оллоҳ таолонинг ушбу оятларидан ғофил бўлмаган огоҳ бандалари қаторига қўшиламиз, иншооллоҳ.

9. Иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларни эса иймон-эътиқодлари сабабли Парвардигорлари албатта (жаннат йўлига) ҳидоят қилур - ноз-неъмат боғларида остларидан дарёлар оқиб турур.
Юқоридаги икки оятда кофирларнинг сифатлари ва борар жойлари зикр қилингач, ушбу ва қуйидаги оятда энди мўминлар ва уларнинг борар жойлари ҳақида хабар берилади.
Жаноби Ҳақ таъкид билан айтадики, Оллоҳ таолога иймон келтирган, Унинг элчиларини ҳақ пайғамбарлар деб тасдиқлаган ҳамда Оллоҳ ва Унинг Элчиси буюрган солиҳ амалларни адо қилган кишиларни Парвардигор ана ўша иймонлари сабабли жаннатга олиб борадиган Йўлга ҳидоят қилади. Бас, мўминларнинг борар жойлари жаннатдир. Улар кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган, ҳатто хаёлга ҳам келмаган ноз-неъматлар билан тўла жаннат боғларида, баланд сўриларда роҳат-фароғатда ўтирар эканлар, остларидан дарёлар оқиб туради.
Айрим муфассир уламолар айтишларича, ояти каримада сўз Қиёмат Кунида барча инсонлар тирилиб, қабрларидан чиқиб келганларида Оллоҳ таоло мўмин бандаларини ҳидоят қилиши ҳақида, яъни, уларга жаннат йўлини ёритиб - кўрсатиб берадиган бир нур ато этиши ҳақида боради.
Бу ҳақда бошқа бир оятда шундай хабар берилган: “Мўмин ва мўминаларнинг олдиларида ва ўнг томонларида нурлари (яъни, қилган яхши амаллари ва номаи аъмоллари нурга айланиб, уларнинг йўлларини ёритиб) кетаётганини кўрадиган Кунни (эсланг! Ўша Кунда уларга дейилур): «Сизлар учун Бугунги хушхабар - остидан дарёлар оқиб ту-радиган, (сизлар) мангу қоладиган жаннатлардир. Бу буюк саодатнинг ўзидир!” (Ҳадид сураси, 12-оят).
Ҳадиси шарифда эса бундай дейилади: “Қиёмат Кунида мўмин қабридан чиққанида унга ҳаёти дунёда қилган амали гўзал суратга кириб кўринади ва: “Мен сенинг амалингман”, дейди. Бас, ўша солиҳ амали мўмин учун бир нур бўлиб, уни жаннатга олиб боради.
Кофир эса қабридан чиққанида унга ҳаёти дунёда қилган амали ўта хунук суратда кўринади ва: “Мен сенинг амалингман”, дейди ва уни олиб бориб дўзахга киритади”.
Бас, мўмин ўзининг жаннатдаги маконига эга бўлиши учун имкон қадар солиҳ амалларни зиёда қилиши керак, чунки жаннатга хомхаёл ва ширин орзуларнинг ўзи билангина етиш мумкин эмасдир: “(Эй мусулмонлар, биз Оллоҳнинг энг улуғ Дини - Исломга кирдик, энди нима қилсак бўлаверади, деб ўйлаб юрган бўлсангизлар, у ҳолда) сизларнинг хом-хаёлларингиз ҳам, («Биз Оллоҳнинг суюкли болаларимиз, шунинг учун нима қилсак ҳаққимиз бор», деб хомтама бўлаётган) аҳли Китобнинг хомхаёллари ҳам (ҳақ) эмасдир - кимки ёмон амал қилса, жазосини олур ва ўзи учун Оллоҳдан ўзга на бир дўст ва на бир мададкор топмас. Хоҳ эркак, хоҳ аёл бўлсин - кимда-ким мўмин бўлган ҳолида яхши амаллардан қилса, ана ўша кишилар жаннатга кирурлар ва уларга қилчалик зулм қилинмас”. (Нисо сураси, 123-124-оятлар).

10. Уларнинг (жаннатларда қиладиган) дуолари: «Оллоҳим, Ўзингни поклаймиз», дейиш, у жойдаги ўзаро саломлари (бир-бирларига) тинчлик-омонлик тилашдир. Охирги тилаклари эса барча оламлар Парвардигори - Оллоҳга ҳамду сано айтишдир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло ҳаёти дунёда келтирган иймон ва қилган солиҳ амаллари сабабли Охиратда жаннатларга кириш саодати насиб этган бахтли бандаларнинг у ноз-неъмат боғларида узлуксиз роҳат-фароғат ва покиза айш-ишратда яшар эканлар, қандай сўзлар айтишлари ва қандай дуолар қилишлари ҳақида хабар беради. Бу хабар фақатгина жаннат аҳли айтадиган сўзлар ҳақида маълумот бериш эмас, балки жаннатга киришни орзу қиладиган ҳар бир мўминга ҳаёти дунёда ҳам Оллоҳ таолонинг ҳар қандай айбу нуқсондан Пок Зот эканини тасдиқлаб тасбеҳ айтишни, мўминларга йўлиққанида уларга тинчлик-омонлик тилаб салом беришни ва доимо Оллоҳга ҳамду сано айтишни уқтириш ҳамдир. Шунингдек, ояти каримада мўминларга қай тарзда дуо қилсалар дуолари ижобат бўлиши таълим берилади. Меҳрибон Парвардигоримиз биз ожиз қулларига агар Ундан нима сўрашни билмаётган бўлсак ёки қандай сўрашни билмаётган бўлсак, ёхуд агар билсак ҳам, сўраш ўрнида У Зотга тинмай тасбеҳ ва ҳамду сано айтаверсак, дилларимиздаги дардларимиздан, ҳеч ким билмаган сирларимиздан Огоҳ бўлган Эгамиз Ўзи биз нимага муҳтож бўлсак ўша нарсаларни зиёдаси билан ато этишини эслатади.
Демак, тасбеҳ, ҳамд ва таҳлил - ла илаҳа иллоллоҳ калимасини айтиш ҳам дуо ҳисобланар экан.
Бухорий ва Муслим Ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ривоят қилиш-ларича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бошларига ғам-ташвиш тушганида: “Ла илаҳа иллаллоҳул-азиймул-ҳалим, ла илаҳа иллоллоҳу Роббул-аршил-азийм, ла илаҳа иллаллоҳу Роббус-самовоти ва Роббул-арзи ва Роббул-аршил-карийм (яъни, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Оллоҳ бордир, У Улуғ ва Ҳалимдир, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Оллоҳ бордир, У Улуғ Арш Эгасидир, ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Оллоҳ бордир, У осмонларнинг Эгаси, Ернинг Эгаси ва Улуғ Аршнинг Эгасидир)”, дер эканлар.
Табарий: “Улуғ салафларимиз шундай дуо қилишар ва уни “Ғам-ташвиш тушганда қилинадиган дуо”, деб атар эдилар”, дейди.
Ибн Уяйнага: “Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам мазкур сўзларида Оллоҳ таолодан бирон нарса сўрамадилар-ку”, дейишганида, у: “Сен Оллоҳ таолонинг: “Қачон бандамнинг Менга айтган ҳамду саноси Мендан бирон нарса сўрашдан тўсадиган бўлса, (яъни, у Мендан ҳожатларини сў-раш ўрнига ҳам Менга ҳамду сано айтаверадиган бўлса), Мен унга барча сўровчиларга берганимдан ҳам афзалроқ нарсаларни ато этурман”, деган Сўзини эшитмаганмисан?”, деди.
Қуръони Азимда Зуннун (яъни, балиқ соҳиби) деб номланган Юнус алайҳис-саломнинг денгиздаги балиқ қорнида маҳбус бўлиб қолган пайтида қилган дуосида ҳам гўё ҳеч нарса сўрамагандек кўринади, фақат Оллоҳ таолога тасбеҳ айтилади, аммо ана ўша дуо баракотидан у зот жуда катта балодан нажот топди.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Зуннуннинг балиқ қорнида қилган дуоси: “Ла илаҳа илла анта субҳонака инний кунту миназ-золимийн - ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй Пок Парвардигор, дарҳақиқат, мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим”, деган дуо бўлди. Бас, ҳар бир мусулмон бошига ғам-ташвиш тушганида ушбу дуони қилса, албатта ижобат қилинади”, дедилар.
Юнус алайҳис-саломнинг қиссаси ҳақида Анбиё сурасида шундай ха-бар берилган: “Зуннун - Юнуснинг (қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унинг зиёнига ҳукм қилмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронгу зулматларда туриб: «Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй Пок Парвардигор, дарҳақиқат, мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим», деб нидо қилган (пайтини эсланг)!” (Анбиё сураси, 87-оят).
Зуннун, яъни балиқ соҳиби деб ном олган Юнус алайҳис-салом Оллоҳнинг Амри билан, ўз қавмини Ҳақ Йўлига даъват қилганида улар иймон келтирмадилар. Оллоҳнинг азоби тушиши ҳақида огоҳлантирганида ҳам у қавм тавба қилмади. Шунда Юнус пайғамбар Яратганнинг: «Сабр қил», деган буйруғини унутиб, ўз қавмининг иймонсизлигидан ғазабланган ҳолда ўз қишлоғидан чиқиб кетади ва ўзича «Бу ишим учун Оллоҳ мени жазоламас», деб ўйлайди. Лекин Оллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг бу итоатсизлигининг жазосига ўзининг кенг қишлоғига сиғмаган Юнусни балиқнинг тор қорнига ҳибс қилиб қўяди. Шунда Юнус алайҳис-салом балиқ қорнида туриб юқоридаги оятда зикр қилинганидек дуо қилади.
Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва уни ғам-ғуссадан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз.” (Анбиё сураси, 88-оят).
“Саҳиҳи Муслим”да Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Албатта Оллоҳ, еганида ҳам Унга ҳамд айтадиган, ичганида ҳам Унга ҳамд айтадиган бандасидан рози бўлади”.
Демак, Ҳақ таоло ато этган катта-ю кичик ҳар қандай неъмати учун Унга шукроналар айтадиган бандасидан у банда жаннат аҳли жаннатларда айтадиган ҳамду санони айтгани учун рози бўлар экан.
“Тафсири Қуртубий”да: “Дуо қилувчи киши дуо сўнггида аҳли жаннат каби Оллоҳ таолога ҳамд айтиши яхши ишдир, шунингдек, дуо охирида Вас-соффот сурасининг сўнгги уч оятини ўқишлик ҳам чиройли амалдир.
Чунки у оятларда Оллоҳ таолони поклаш - тасбеҳ, Оллоҳнинг элчиларига салом айтиш ва оламлар Парвардигорига ҳамд айтиш бордир”, дейилади. У уч оят ушбу оятлардир: “Қудрат Эгаси бўлмиш Парвардигорингиз улар айтаётган сифатлардан (яъни, ҳар қандай айбу нуқсондан) Покдир. (Барча) пайғамбарларга (Оллоҳ томонидан) салом бўлгай! Ҳамду сано барча оламларнинг Парвардигори - Оллоҳ учундир!” (Вас-соффот сураси, 180-182-оятлар).
Ўрганаётганимиз ояти каримада жаннат аҳли жаннатларда худди мана шу дуо ва зикрларни қиладилар, дейилди. Яъни, аввало улар Оллоҳ таоло ҳар қандай айб-нуқсондан Пок, деб, У Зотга тасбеҳ айтадилар. Тафсир аҳли айтишларича, ушбу тасбеҳ жаннат аҳли билан уларга хизмат қиладиган фаришталар ўртасидаги ўзига хос бир белги-аломат бўлиб жаннатиларнинг кўнгиллари қандай таомни тиласа, улар: “Субҳонак аллохумма”, дейишлари кифоядир. Дарҳол фаришталар улар истаган таомни ҳозир қилурлар. (“Тафсири Бағавий”дан).
Жаннатиларнинг иккинчи ишлари бир-бирларига тинчлик-омонлик тилаб салом беришларидир. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам хабар берилган: “Улар у жойда бирон беҳуда ва гуноҳ-ёлғон (сўз)ни эшитмаслар, фақат «Салом-салом», дейилганинигина (эшитурлар).” (Воқеа сураси, 25-26-оятлар).
Мўминларнинг бир-бирларига салом беришларидаги ҳикмат ҳақида Нисо сурасининг 86-ояти тафсирида анча батафсил айтиб ўтдик, алҳамдулиллоҳ.
Жаннат аҳлининг яна бир одатлари - улар дуолари хотимасида, юқо-рида айтиб ўтилганидек, албатта Оллоҳга ҳамду сано айтадилар.

11. Агар Оллоҳ бу одамларга (яъни, мушрикларга) улар яхшиликни шоштирганлари каби ёмонликни (ҳам шоштирганларида уни) нақд қилса эди, албатта уларнинг ажаллари етган бўлур эди. Бас, (Биз уларга ёмонликни нақд қилмаймиз, балки) Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган кимсаларни, ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида ташлаб қўюрмиз.
Ушбу оят Маккалик мушриклар Пайғамбар алайҳис-саломнинг даъватларига қулоқ солмай: «Ё Оллоҳ, агар Муҳаммаднинг дини ҳақ дин бўлса, бошимизга осмондан тош ёғдиргин», деб ўзлари учун ёмонлик тилаб дуои бад қилганларида нозил бўлган.
Бу ҳақда Анфол сурасида шундай дейилган: “Яна уларнинг: «Эй Худо, агар мана шу (Қуръон) Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин ёки бизларга аламли азоб келтиргин», деганларини эсланг!” (Анфол сураси, 32-оят).
“Маолимут-танзил” ва “Дуррул-мансур” тафсирларида Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, Расулулоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўтган асрлардаги умматлар ҳақида нозил бўлган оятларни тиловат қилиб етказганларида, Макка мушрикларининг катталаридан Назр ибн Ҳорис: “Агар хоҳласам, шунга ўхшаган гапларни мен хам айта оламан. Булар хаммаси аввалгилар ёзиб кетган афсоналар”, - деди. Шунда Усмон ибн Мазъун розияллоху анху: “Оллохдан қўрққин, Муҳаммад алайҳис-салом фақат ҳақ сўзни айтадилар”, - деган эди, - Назр: “Мен хам рост сўзни айтаяпман”, - деди. - Усмон: “Муҳаммад алайҳис-салом: “Ла илаҳа иллаллоҳ - ҳеч қандай илоҳ йўқ, фақат Оллоҳ бор”, - дейдилар”, деганида, - Назр: “Мен ҳам: “Ла илаҳа иллаллоҳ”, дейман, мана бу бут-санамларимиз эса Оллоҳнинг қизларидир”, деди, сўнгра қўшимча қилди: “Эй Худо, агар мана шу Муҳаммад айтаётган сўзлар афсона эмас, ҳақиқат бўлса, у ҳолда бизларнинг устимизга ҳам Лутнинг қавми устига ёғдирганинг каби тош ёғдиргин ёки ўтганларнингустига юборганинг бошқа бирон аламли азобни келтиргин”, - деди. Шунда ушбу оятлар нозил бўлди.
Бухорий Анас розияллоху анхудан ривоят қилишича, бу сўзларни Абу Жаҳл айтган.
Мана шу сўзларининг ўзидан Назр, Абу Жаҳл ва бошқа мушрикларнинг ким эканликлари маълумдир. Чунки улар Ҳақ Йўлга юришни истаган кишилар бўлганларида: “Эй Худо, агар мана шу Қуръон Сенинг даргоҳингдан келган Ҳақиқат бўлса, бизларни ҳам Қуръон Йўлига ҳидоят қилгин”, деган бўлар эдилар.
Мана бу оятларда ҳам Оллоҳ таолодан Ҳидоят ўрнига азоб сўрагувчи кимсалар ҳақида айтилади: “Бир сўрагувчи кимса (осмонларнинг барча) поғоналари - қаватлари Соҳиби бўлмиш Оллоҳ томонидан ко-фирларга тушгувчи, ҳеч ким қайтара олмайдиган азобни (ўз устига тушишини) сўради.” (Маориж сураси, 1-3-оятлар). “Улар Сиздан яхшилик - Оллоҳнинг Раҳматидан аввал ёмонлик - Оллоҳнинг азоби келишини талаб қиладилар. Улардан илгари ҳам бундай мисоллар (кофирликлари сабабли Оллоҳнинг азобига дучор бўлганлар) ўтгандир. Албатта, Парвардигорингиз одамлар ўзларига зулм қилгувчи бўлган ҳолларида ҳам мағфират Эгасидир. Албатта, Парвардигорингиз азоби қаттиқ Зотдир”. (Раъд сураси, 6-оят).
Бу оят - Макка мушриклари Пайғамбар алайҳис-саломни масхаралаб: «Агар ҳақ пайғамбар бўлсанг, Тангрингга бир дуо қил, бизга азоб юборсин» деганларида нозил бўлгандир. Унда одамлар ҳар қанча зулму ноҳақликка берилсалар ҳам, Парвардигор уларни кечириб, яъни азобга гирифтор қилмай туриши мумкинлиги, лекин азоблаганида азоби қаттиқ бўлиши ҳақида ва бу мушрикларга ўхшаганлар илгари ҳам ўтганлиги ва қилмишларига яраша жазо олганлиги тўғрисида баён қилинади.
Мазкур оятда Ҳақ таоло агар одамлар Оллоҳдан ўзлари учун ёки ўзгалар учун бирон ёмонликни сўраб дуо қиладиган бўлсалар ёки бировларни ноҳақ қарғайдиган бўлсалар, Оллоҳ таоло уларнинг бундай дуоларини ижобат қилишга шошмаслигини, акс ҳолда ундай кимсалар дарҳол ҳалок бўлишлари аниқ эканини айтади.
Дарҳақиқат, инсон табиатан жуда шошқалоқдир. У ўзи орзу қилган яхшиликларга етиш учун қандай шошқалоқлик қилса, Оллоҳ таолодан ўша яхшиликка дарҳол етказишини сўраб дуолар қилса, баъзан ғазабланганида, сиқилиб кетганида ёки ақлсизлиги сабабли ўзи ёки ўзгалар учун ёмонлик ҳам шундай тез келишини истаб қолади, бировларни дуойибад қилиб қарғайди. Агар Оллоҳ таоло инсоннинг бундай дуоларини ҳам дарҳол ижобат қиладиган бўлса, у кимса тил тортмасдан ўлиши аниқдир. Аммо бандаларнинг хато ва жиноятларига дарҳол жазо бермасдан, уларга тавба қилишлари учун муҳлат бергувчи Меҳрибон Парвардигор асло шошилмас экан, бугун шошқалоқлик билан айтган сўзларига эртага пушаймон бўлиб, афсуслар қиладиган кишиларнинг тавба қилиб Тўғри Йўлга юришларига имконият берар экан. Шунингдек, иймонсиз, Охиратда ҳисоб-китоб бўлишига ишонмайдиган кимсаларга ҳам улар сўраган азобни дарҳол туширмасдан, ўзларининг хато йўлларида, куфр ва исёнларида адашиб-улоқиб юраверишларига йўл кўйиб берар экан. Албатта, Ҳақ таолонинг бу иши ҳам беҳикмат эмасдир. Чунки, эҳтимол, у адашганларнинг ўзлари ёки авлод-зурриётлари келажакда динсизликдан тавба қилиб, Тўғри Йўлдаги инсонлар қаторига кирар. Агар шундай бўлмаса, у ҳолда ўзларидан кўрсинлар - куфр ва исён билан ўтказган кунлари кўпайган сари ундай кимсаларнинг тортадиган азоблари ҳам қаттиқроқ бўлади, аммо улар умрларининг ҳар бир куни ўзларининг зиёнларига ишлаётганидан бехабар ҳолларида ўз туғён ва исёнларида адашиб-улоқиб юраверадилар.
Ояти карима мафхумидан яна ёмонлик сўраб дуо қилиш ва бировларни қарғаш мўмин-мусулмонлар учун нолойиқ ишлар экани ҳам англаши-лади. Бу ҳақда ҳадиси шарифда ҳам айтилган: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Ўзларингизни, авлодларингизни ва мол-мулкларингизни қарғаб дуойибад қилманглар! Яна Оллоҳ томонидан ижобат соатига тўғри келиб қолиб, У Зот бу дуойибад ва қарғишларингизни ижобат қилиб қўймасин”, дедилар. (Абу Довуд ва Ҳофиз Абу Бакр Баззор ривояти).
Мазкур саҳобийдан Муслим ва Ибн Ҳуббон ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: Жобир розияллоҳу анҳу айтди: “Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Батни Бувот ғазотига кетаётганимизда бир туяни беш, олти, ҳатто етти киши навбатма-навбат минишига тўғри келган эди. Ўшанда ансорийлардан бўлган бир киши туясини чўктириб миниб олгач, уни қўзғатган эди, қимирламай ётаверди. У туясига: “Тур, эй Оллоҳнинг лаънатига дучор бўлгур!”, - деди. Бу сўзни эшитган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Туясини қарғаётган ким?”, - деб сўраган эдилар, ҳалиги киши: “Мен, ё Расулуллоҳ”, - деди. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Туянгни биздан узоқ қил! Дуойинг ижобат бўлди - туянг лаънатланди”, - дедилар.

12. Қачон инсон зотига бирон зиён-мусибат етса, ётган ҳолида ҳам, ўтириб ҳам, туриб ҳам Бизга дуо-илтижо қилур. Энди қачонки Биз ундан зиён-мусибатини кетказсак, гўё (ҳеч қачон) ўзига етган бало-мусибатдан Бизга дуо-илтижо қилмагандек (юз ўгириб) кетур. Исрофгар кимсаларга ўз қилмишлари мана шундай чиройли қилиб қўйилди.
Ушбу ояти карима мазмунан юқоридаги оятнинг давомидир. У оятда кофирларнинг Оллоҳ таолодан азоб сўрашлари: “Ё Оллоҳ, агар Муҳаммаднинг дини ҳақ бўлса, бошимизга осмондан тош ёғдиргани”, деган каби сўзларни айтишлари зикр қилингач, бу оятда улар бундай сўзларни фақат одамларни алдаб, ўзларини гўё ҳеч нарсадан қўрқмайдигандек кўрсатиш учун айтишлари, аслида эса улар ўта ожиз кимсалар эканлиги, агар бошларига андак ташвиш тушадиган бўлса, бирон дардга йўлиқсалар ё йўқчиликка дучор бўлсалар, ҳатто ишлари юришмай қоладиган бўлса ҳам, Оллоҳ таолога ялиниб-ёлвориб қолишлари, ўтиришга ҳам кучи етмай қолганлари ётган жойида, тура олмай қолганлари ўтирган жойида, юра олмай қолганлари турган жойида У Зотга чин ихлос билан дуо-илтижо қилиб қолишлари, аммо агар дуолари мустажоб бўлиб, Оллоҳ таолонинг раҳми келиб, бошларидаги балони аритганида эса, кечаги кунлари тамоман эсларидан чиқиб, гўё ҳеч қачон Оллоҳ таолога ялиниб-ёлвориб дуолар қилмагандек яна аввалги динсизликларига қайтиб, ўз ҳадларини билмасдан катта гапириб, гуноҳ-маъсиятларга муккадан кетиб юраверишлари ҳақида хабар берилади. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада шундай дейилади: “Қачон Биз инсонга (неъмат - давлат) инъом қилсак, у (Бизга шукр қилишдан) юз ўгирар ва ўз томонига кетар (яъни, Бизни унутар). Қачон унга ёмонлик (камбағаллик-кулфат) етиб қолса эса у узундан-узоқ дуо-илтижо эгасидир.” (Фуссилат сураси, 51-оят).
Ҳақ таоло бундай кимсаларни мусриф-исрофгарлар, яъни, нарсаларни ўз ўрнига қўймасдан - Оллоҳ таоло берган куч-қувват ва имкониятларини илм-маърифат ҳосил қилишга, солиҳ амалларга сарф қилмасдан, ҳадларидан ошиб, нолойиқ, гуноҳ ишларга ишлатиб, исроф қилган кимсалар, деб атайди ва бундай исрофгарларга қилган ёмон-хунук ишлари чиройли бўлиб кўриниши, улар ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам ёмонлик қила туриб мен яхши иш қиляпман деб ўйлайдиган бўлиб қолишлари ҳақида огоҳлантиради.
Уламолар: “Ушбу оятда нафақат кофир кимсалар, балки мусулмонлар орасидаги бошларига мусибат-ташвиш тушганида тоат-ибодат қилиб қоладиган, ишлари юришиб кетганида эса Оллоҳни “унутиб”, худди динсизлардек умрларини исроф қиладиган кимсалар учун ҳам огоҳлантиришдир”, дейдилар.
Ояти карима тафсирида келган мана бу ҳадиси шариф ҳам биз учун ўзига хос бир огоҳлантиришдир:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам айтдилар: “Ким бошига қаттиқчилик, мусибат тушган пайтида Оллоҳ таоло дуоларини мустажоб қилишини яхши кўрса, у кенгчилик кунларида ҳам дуо-илтижони кўп қилсин!”. (Термизий ривояти).

13. Аниқки, Биз сизлардан аввалги асрлар(да ўтган кофир қавмлар)ни ўзларига зулм қилганлари ва пайғамбарлари уларга очиқ-равшан ҳужжат-мўъжизалар билан келган пайтларида, уларга иймон келтирмаганлари учун ҳалок қилганмиз. Биз жиноятчи қавмни мана шундай жазолаймиз.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва саллам Оллоҳ таолонинг Элчиси эканликларига иймон келтирмаган Макка мушрикларини қаттиқ огоҳлантиради, уларнинг устларига ҳам илгари ўтган ва ўзларига юборилган пайғамбарларга иймон келтирмаганлари учун ҳалок қилинган қавмларнинг куни тушиб қолиши мумкин эканлигини таъкид билан эслатади, “Биз жиноятчи қавмни мана шундай жазолаймиз”, деб, иймонсизлик энг катта жиноят эканини, иймонсиз жамият Оллоҳ таолонинг ҳақли - адолатли жазосига - ҳалокатга маҳкум эканини уқтиради.
Дарҳақиқат, асрлар давомида Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Лут, Шуайб алайҳимус-салом каби кўп пайғамбарларнинг қавмлари уларга иймон келтирмаганлари сабабли ҳалок бўлиб кетганларига кўҳна тарих гувоҳ эди ва бу фожеалар одамлар ўртасида машҳур бўлиб, авлодлардан авлодларга ўтиб айтилиб келар эди, Ернинг ҳар тарафларида Оллоҳ таолонинг ғазабига дучор бўлган қавмлардан қолган харобалар, култепалар борлигидан Макка мушриклари ҳам хабардор эдилар.
Жаноби Ҳақ иймонсиз кимсаларни золимлар, деб атайди. Ҳақиқатан ҳам, энг катта зулм-адолатсизлик - Яратганга кофир бўлиш, У юборган элчи-пайғамбарларни ёлғончи қилиш, У буюрган динга амал қилмасликдир. Зотан, ўзини йўқдан бор қилиб, умр, ризқ ва саноқсиз неъматлар ато этган Оллоҳ таолога кофир бўлишдан, Унга ибодат қилмасликдан ҳам ёмонроқ адолатсизлик, яъни, зулм йўқдир.
Макка мушриклари ҳам Танҳо Маъбуди Барҳақ бўлмиш Оллоҳ таолога ширк келтириш билан, сўнгра Унинг сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи қилиш билан жуда катта зулм қилдилар. Лекин ҳар бир иши Ҳикмат бўлган Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло уларни ҳалок қилиб юбормади. Балки -

14. Сўнгра қандай амаллар қилишингизни кўрайлик, деб Биз сизларни уларнинг ортидан Ерга халифа (ўринбосар) қилиб қўйдик.
Ояти каримани бизга Анъом сурасида келган мана бу оят тафсир қилиб беради: “У сизларни Ерда (ўтиб кетган ота-боболарингиздан кейин) халифа - ўринбосарлар қилиб қўйган ва Ўзи ато этган неъматлар билан сизларни имтиҳон қилиш учун айримларингизни айримларингиздан (ризқу рўз ва куч-қувватда) юқорироқ даражаларга кўтариб қўйган Зотдир. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), албатта Парвардигорингиз тезда жазолагувчидир ва албатта У Мағфиратли, Меҳрибондир (Анъом сураси, 165-оят).
Ушбу ояти каримада Қиёмат қойим бўлгунича Ер юзида инсонлар ҳаёти узлуксиз давом этиши, Оллоҳ таоло давомли равишда ҳаёти дунёдан кетганлар ўрнини тўлдириб, аждодлар ўрнига авлодларни ўринбосар қилиб бориши ҳақида хабар берилади. Демак, ҳар бир инсон учун ўзи яшаб ўтган давр - аср унга ато этилган ғанимат фурсатдир, ажр-мукофотларга лойиқ амаллар қилиб олиш учун берилган имкониятдир. Мана шу фурсатнинг омонат эканини, ўзига берилган умр муваққат эканини билган ва уни иймон билан, солиҳ амалларга тўлдириб яшаган инсон, ўзининг аждодлар ўрнига келган ўринбосар эканини ва яқинда унинг даври ҳам ўтиб, ўрнига бошқа ўринбосарлар келиши аниқ эканини ҳис қилиб яшаган инсон, албатта, Оллоҳ таоло унга синов - имтиҳон учун ато этган ҳаётда зафарларга эришиб, Охиратда нажот топгувчи - том маънода бахтли инсондир.
Агар ибрат кўзи билан боқсак, Оллоҳ таоло биз инсонларнинг ҳар биримизни алоҳида бир олам қилиб яратди. Инсонлар орасидан яратилишда, шаклу-шамойил ва хулқу-атворда бир хил бўлган икки одамни топиш амри маҳол. Жаноби Ҳақ Ўз Ҳикмати билан ҳар бир инсонга ўзига хос даража ато этди. Одамларнинг бири билимли, бири билимсиз; бири кучли, бири ожиз; бири бой, бири камбағал; бири ҳусндор, бири кўримсиз; бири доно, бири нодон... хуллас уларнинг ҳаётий - ижтимоий - иқтисодий даражалари ҳам хилма-хилдир. Ояти каримада Ҳақ таоло барча инсонларга хитоб қилиб: “У Ўзи ато этган неъматлар билан сизларни имтиҳон қилиш учун айримларингизни айримларингиздан юқори-роқ даражаларга кўтариб қўйган Зотдир”, дейиш билан одамлар ўртасидаги тафовут беҳикмат ва беҳуда эмаслигини, балки бандалардан олинадиган имтиҳон ва сўроқ-савол ҳам уларнинг даражаларига қараб хилма-хил бўлишини айтади. Масалан, бой-бадавлат киши учун ўша бойлиги имтиҳондир, ундан ўша неъматга қандай шукр қилгани сўралади, фақир-мискин киши учун эса ўша камбағаллиги имтиҳондир, ундан бу Илоҳий имтиҳонга қандай сабр қилгани сўралади; илмли кишидан билган илмига амал қилган-қилмагани сўралса, илмсиз кишидан билимдон инсонларнинг сўзларига қулоқ солдими, уларга эргашдими ёки йўқми, деб сўралади ва Қиёмат Кунида бу Илоҳий сўроқ-саволларга ижобий жавоб қилиш насиб этган бандалар, иншооллоҳ, нажот топадилар.
“Танвирул-азҳон” тафсирида Оллоҳ таоло ато этган неъматга шукр қилишнинг гўзал бир мисоли келтирилибди: Ҳикоя қилинишича, Жунайд гўдаклик чоғида болалар билан ўйнаётган эди, уларнинг олдидан бир олим ўтиб қолди ва Жунайддан: “Эй бола, шукр қилиш ҳақида нима дейсан?”, - деб сўради. - Бола жавоб қилди: “Шукр - Оллоҳ таоло ато этган неъматни гуноҳ ишларга сарфламаслигингдир”.
Ҳақ таоло бу дунё имтиҳон олами экани ҳақида бошқа оятларда ҳам хабар берган: “Албатта Биз, то сизларнинг орангиздаги (Бизнинг Йўлимизда молу жонлари билан) жиҳод қилгувчи ва (яхши-ёмон кунлар-да) сабр қилгувчи зотларни билгунимизча ҳамда сизларнинг ҳоли-хабарларингизни текшириб - юзага чиқаргунимизча, сизларни имтиҳон қилурмиз.” (Муҳаммад сураси, 31-оят).
“Саҳиҳи Муслим”да Абу Саид Худрий розияллоху анхудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Албатта, дунё хуштаъм ва хушманзарадир. Албатта, Оллоҳ сизларни унда халифа қилиб қўйиб, қандай амал қилишларингизни кузатиб туради. Бас, сизлар дунёдан сақланинглар (яъни унга алданиб қолманглар) ва аёллардан сақланинглар. Чунки бани Исроил қавмида бўлган биринчи фитна аёллар сабабли бўлган”, деб огоҳлантирганлар.

15. Қачон уларга (мушрикларга) Бизнинг очиқ-равшан оятларимиз тиловат қилинса, Бизга рўбарў бўлишни умид қилмайдиган кимсалар: «Бу Қуръондан бошқа бир Қуръон келтиргин ёки буни ўзгартиргин», дедилар. Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмасдир. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган оятларгагина эргашурман. Чунки мен агар Парвардигоримга исён қилсам, улуғ Куннинг (Қиёматнинг) азобидан қўрқурман».
Макка мушриклари ана шу даражада жоҳил кимсалар эдилар. Уларга Оллоҳ таолонинг оятлари очиқ-равшан ҳолда тиловат қилиб берилганида Унинг Элчисидан - Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламдан ўзларига нозил бўлган Қуръондан бошқа бир “Қуръон”ни келтиришни ёки ҳеч бўлмаганда ўша Қуръондаги уларга ёқмаган оятларни чиқариб ташлаб, уларга ёқадиган бошқа “оятлар”га алмаштириб беришни талаб қилар эдилар!
Ибн Жарир Табарий: “Мушриклар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан Қуръонда ҳаром қилинган нарсаларни ҳалол қилишни, ҳалол нарсаларни эса ҳаром қилишни сўрар эдилар”, деб тафсир қилади.
Ибн Ийсо эса: “Мушриклар Пайғамбар алайҳис-саломдан Қуръондаги уларнинг бутларини айблаган ва ўзларини ақлсиз-нодон кимсалар, деб атаган оятларни чиқариб ташлашни талаб қилар эдилар”, дейди.
Зажжож бўлса: “Мушриклар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан Қуръондаги Қиёмат Кунида қайта тирилиш ва ҳисоб-китоб бўлиши хусусидаги оятларни олиб ташлашни талаб қилар эдилар”, деб тафсир қилган.
Эҳтимол улар жаҳолатлари сабабли яҳудлар Тавротни, насронийлар Инжилни ўзгартирганларидек Қуръони Азимни ҳам ўзгартириш мумкин деб ўйлардилар ёки ақлсизликлари сабабли: “Муҳаммад бизни ҳам ўз сафига қўшиб олиш учун айтганларимизни қилади ва кейин биз унинг устидан кулиб юрамиз”, деб ҳийла-найранг қилар эдилар. Хуллас, у жоҳил кимсалар Қуръонни нозил қилган Зот Ўзининг сўнгги Китобига ҳеч ким, ҳеч қачон, ҳеч қандай ўзгартириш киритишига йўл қўймаслигини билмас эдилар ва Унинг сўнгги Элчиси зиммаларидаги Буюк Омонатга - Каломуллоҳга заррача хиёнат қилмасдан тўла-тўкис инсонларга етказишларига у нодонларнинг ақллари етмас эди. Шунинг учун Ҳақ таоло Пайғамбар алайҳис-саломга: “Айтинг: «Мен учун уни ўз томонимдан ўзгартириш дуруст эмасдир. Мен фақат ўзимга ваҳий қилинган оятларгагина эргашурман. Чунки мен агар Парвардигоримга исён қилсам, улуғ Куннинг (Қиёматнинг) азобидан қўрқурман”, деб буюрди.
Қуйидаги оятда яна шу мавзу давом этади -

16. Айтинг: «Агар Оллоҳ хоҳлаганида, мен уни (Қуръонни) тиловат қилмаган бўлур эдим ва (мен орқали Оллоҳ) уни сизларга билдирмаган бўлур эди. Ахир ундан (яъни, Қуръон нозил бўлишидан) илгари ҳам бир умр сизларнинг орангизда яшаб турдим-ку! Ахир ақл юргизмайсизларми?!
Яъни, барча иш Ёлғиз Оллоҳнинг Хоҳиш-Иродасига боғлиқдир. Сизларга Қуръонни етказиш ҳам мутлақо менинг инон-ихтиёримдаги иш эмасдир. Агар У Зот мен сизларга Қуръонни тиловат қилиб беришимни хоҳламаганида эди, яъни, Унинг Ўзи менга Қуръон оятларини нозил қилиб, уни сизларга тиловат қилиб беришимни буюрмаганида эди, мен уни сизларга тиловат қила олмаган бўлар эдим ва Оллоҳ таоло мен орқали Ўз Каломини сизларга билдирмаган бўлар эди.
Ахир менга Қуръон оятлари нозил бўлишидан илгари ўтган қирқ йиллик ҳаётимни, гўдаклик чоғимдан бошлаб то шу кунларгача бирон марта ёлғон гапирмаганимни, бирон кимсани алдамаганимни сизлар жуда яхши биласизлар-ку, ҳатто исмимга Амин - Ишончли деган сифатни қўшиб мени Муҳаммад Амин, деб атар эдингизлар-ку?! Энди қайси ақлла-рингиз билан мени ёлғончига чиқармоқдасизлар?! Менга Оллоҳ таоло томонидан нозил бўлган Қуръони Карим оятларини сизларга аниқ-равшан ҳолида етказсам, сизлар бу Азиз Китобга иймон келтириш, ундаги Илоҳий Кўрсатмаларга амал қилиш ўрнига: “Ҳа, бу аввалгилардан қолган афсоналар-да”, демоқдасизлар?! “Ахир ақл юргизмайсизларми?!”
Ояти каримада Жаноби Ҳақ Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни Макка мушрикларига мана шу сўзларни айтишга буюради.
Дарҳақиқат, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламнингу зотга илк ваҳий Илоҳий нозил қилинишидан аввалги қирқ йиллик умрлари Маккалик араблар кўз ўнгида ўтган бўлиб, бу давр мобайнида, у зот на бир устоз кўрган эдилар ва на бир китоб мутолаа қилган эдилар. Бу ҳол у кишини таниган-билган ҳамма замондош ва ватандошларига аён эди. Шунинг учун ҳам қирқ ёшга тўлганларидан кейин Илоҳий оятларни тиловат қилиб, одамларни Ислом Динига даъват эта бошлаганларида, бу оятларнинг тенгсиз гўзал назми, тубсиз теран мағзидан лол бўлган кўп кишилар бу башарнинг сўзи эмаслигига иймон келтирдилар. Лекин Макка мушриклари бу Илоҳий Мўъжизанинг қадр-у қимматини билмадилар ва ҳатто Пайғамбар алайҳис-саломнингустларидан истеҳзо қилиб кулишга хам бориб етдиларки, мазкур ва куйидаги оятлар ана шундай кимсалар ҳақида нозил бўлгандир.

17. Ахир Оллоҳ шаънига бўҳтон қилган ёки Унинг оятларини ёлгон деган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта (бундай) жиноятчи кимсалар нажот топмаслар.
Ушбу ояти кариманинг биринчи жумласи айнан Анъом сурасида ҳам келган: “Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки Унинг оятларини ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ ким бор?! Албатта, бундай золимлар нажот топмаслар. (Анъом сураси, 21-оят).
Яъни, Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг “шериги бор”, деб, “Малоикалар Оллоҳнинг қизлари”, деб ва яна бошқа шунга ўхшаган мутлақо асоссиз сўзлар билан Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқиган кимсалар ҳамда Оллоҳ таоло нозил қилган Қуръони Мажид оятларини ёлғон деган, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳнинг Элчиси эканликларига далил-ҳужжат бўладиган Илоҳий мўъжизаларни сеҳр деган кимсалар энг золим кимсалардир.
Ояти каримада “ёки” деб айтилишида Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқиш алоҳида, Унинг оятларини ёлғон дейиш алоҳида энг катта зулм эканига ишора бордир.
Энди бир кимсада бу зулмларнинг иккови ҳам топилса-чи?! Бу ҳолда у ким бўлади?!
“Албатта, бундай золимлар нажот топмаслар”.
Яхши билиб олишимиз керакки, Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиш дегани фақат юқоридаги каби мисоллар билан чекланмайди. Балки кейинги асрлардаги мусулмонлар орасида ҳам бундай ёлғон тўқишлар минг афсуски, учраб туради. Яъни, Қуръон ва Суннатга мувофиқ бўлмаган, оят ёки ҳадисда келмаган барча бидъат-хурофотлар ҳам ҳеч шак-шубҳасиз, Оллоҳ шаънига ёлғон тўқишдир. Демак, ҳеч қандай шаръий далил-ҳужжатсиз “Мана бу амал суннат ёки ана у иш ҳаром”, деган кимсалар ва уларнинг ортидан эргашганлар ҳам ояти каримада айтилган - нажот топмайдиган золим-лардир. Бас, кўзларимиз очилиши керак. Бунинг учун эса, холис ният билан Каломуллоҳни ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини ўрганиб, чин ихлос билан уларга амал қилишимиз керак.
Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳақида бошқа оятларда бундай дейилган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Шубҳасиз, Оллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар нажот топмаслар». (Ундай кимсалар учун) бу дунёда озгина фойдаланиш бор. Сўнгра Бизга қайтишади. Ана ундан кейин кофир бўлиб ўтганлари учун уларга қаттиқ азоб тоттирурмиз.” (Юнус сураси, 69-70-оятлар) “Қиёмат Кунида Оллоҳ шаънига ёлғон сўзлаган кимсаларни юзлари қора ҳолда кўрурсиз. Ё жаҳаннамда мутакаббир кимсалар учун жой йўқми?!” (Зумар сураси, 60-оят).
Ўрганаётганимиз ояти карима ниҳоясида “Албатта, бундай жиноятчи кимсалар нажот топмаслар”, дейилди. Яъни, Оллоҳ таолонинг оятларига ишонмаган, Унинг шаънига турли ёлғонлар тўқиган кимсалар жиноятчи эканликлари, демак, улар Оллоҳ таолонинг адолатли жазосидан ҳеч қаёққа қочиб қутулиб кета олмасликлари таъкидланди. Чунки нажот фақат ростгўй инсонларга насиб этади, улар эса ёлғон кўчасини танладиларки, бу хатарли йўлга кирган кимса ҳеч қачон нажот топмайди. Абул-Қосим Фақиҳ айтади: “Уламолар кимда уч хислат: холис Ислом, пок луқма ва ҳар бир ишда ростгўйлик мужассам бўлса, у инсон нажот топади, деб иттифоқ қилганлар”. (“Танвирул азҳон” тафсиридан).
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳ таолонингАмри билан Макка мушрикларига ушбу сўзларни айтар эканлар, бу билан ўзларининг ҳеч қачон Оллоҳ шаънига ёлғон тўқимасликлари - Каломуллоҳга ўз томонларидан бирон сўз қўшмасликлари аниқ эканини эълон қилдилар.

18. Улар Оллоҳни қўйиб, ўзларига зиён ҳам, фойда ҳам етказа олмайдиган нарсаларга ибодат қиладилар ва: “Ана ўша (бизлар сиғинаётган бут-санамларимиз) Оллоҳ ҳузурида бизнинг қўлловчиларимиз бўлади”, дейдилар. Айтинг: “Сизлар Оллоҳга осмонлар ва Ердаги У Зот билмайдиган нарсалар (шериклар) ҳақида хабар бермоқчи-мисизлар?! (Оллоҳ) уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан Пок ва Юксак бўлган Зотдир”.
Ояти карима мушрикларнинг Оллоҳ таоло шаънига буҳтон қилишлари, Унинг оятларини ёлғон дейишларидан бошқа яна бир жиноятлари ҳақида хабар беради: мушриклар гарчи Яратгувчи - Холиқ Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи эканини тан олсалар-да, - “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қасамки, агар Сиз улардан: “Осмонлар ва Ерни ким яратган?”, деб сўрасангиз, албатта: “Уларни Қудратли ва Билгувчи (Оллоҳ) яратган”, дерлар”. (Зухруф сураси, 9-оят) - Ўша Танҳо Маъбуди Барҳақнинг Ўзига тоат-ибодат қилиш ўрнига уларга бирон фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган жонсиз бут-санамларга сиғинадилар. Бир ояти каримада бутпараст мушрикларга хитоб қилиб шундай дейилади: “Аниқки, сизлар Оллоҳни қўйиб илтижо қилаётган бутлар, агар барчалари бирлашганларида ҳам ҳатто бир дона чивинни ярата олмаслар, агар биронта чивин улардан бирон нарсани тортиб олса, уни (ўша чивиндан) қутқариб ҳам ола билмаслар. (Демак, ўша бутлардан ҳожатини раво қилишни) сўрагувчи (мушрик) ҳам, сўралгувчи (бутлар) ҳам ночор-нотавондир”. (Ҳаж сураси, 73-оят). Энг кулгили, балки энг ачинарли жойи, мушрик кимсалар ўзлари сиғиниб топинадиган бутларини тош, ёғоч, темир ва бошқа нарсалардан ўз қўллари билан ясаб оладилар-да, кейин уларни илоҳлар деб, яъни, Ер-у осмонларни, бутун коинотни яратган Оллоҳ таолонинг шериклари, деб даъво қиладилар ва: “Мана шу (бизлар сиғинаётган бутларимиз) Оллоҳ ҳузурида бизнинг қўлловчиларимиз бўлади”, дейдилар”. Улар ниҳоят даражада жоҳил-нодон бўлганлари сабабли ўша жонсиз бутлари Охиратда уларни шафоат қилади деб ишонадилар. Мушрик кимсаларнинг аҳволи шудир. Аммо ояти карима мазмунини теранроқ англасак, унда зикр қилинган ширк аломатлари айрим ўзларини мусулмон санаб юрган кишиларда ҳам топилиб қолишини кўриб афсусланамиз. “Ал-муқтатаф мин уювнит-тафосийр” тафсирида: “Бу замонда кўп одамлар ўтиб кетган улуғларнинг мақбараларини зиёрат қилар эканлар, у қабрларни тавоф қилиб, қабр эгаларидан ҳожатларини раво қилишларини сўрашлари ва шундай қилсак, албатта улар Охиратда Оллоҳ таоло ҳузурида бизларни шафоат қиладилар, деб эътиқод қилишлари ҳам Оллоҳ таолога ширк келтириш билан баробардир”, дейилади.
“Айтинг: “Оллоҳга осмонлар ва Ердаги У Зот билмайдиган нарсалар (шериклар) ҳақида хабар бермоқчимисизлар?! (Оллоҳ) уларнинг (мушрикларнинг) ширкларидан Пок ва Юксак бўлган Зотдир”.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, айтинг: “Эй мушриклар, сизлар Оллоҳ таолога - Мен Танҳо Илоҳингизман”, деган Зотга, осмонлар ва Ерни, бутун борлиқни, жонли-жонсиз барча мавжудотни то энг кичик заррасигача йўқдан бор қилиб яратган Зотга “Бу дунёда сен билмайдиган нарсалар ҳам бор. Мана бу биз ўзимиз ясаб олган бут-санамларимиз ҳам Сенинг шерикларинг бўлади”, деб хабар бермоқчи бўласизларми?!” Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло мушрикларнинг ширкларидан Покдир, Унинг ҳеч қандай шериги йўқдир. У тенгсиз Юксак ва Танҳо Маъбуди Барҳақдир.

19. (Аввалда) одамлар фақат бир миллат (яъни, бир динда) бўлган эдилар. Сўнгра бўлиниб кетдилар. Агар Парвардигорингиз томони-дан (яхши-ёмон амалларнинг мукофот-жазолари фақат Қиёматда бўлиши хусусида) Сўз ўтмаганида эди, албатта, талашиб-тортишаётган нарсалари ҳақида уларнинг ўрталарида ҳукм қилинган бўлур эди (яъни, диндан чиққан кимсалар шу дунёдаёқ жазоланган бўлур эдилар).
“Тафсири Насафий”да ояти каримадаги “Аввалда, одамлар фақат бир миллат (яъни, бир динда) бўлган эдилар,” жумласи Одам алайҳис-саломдан Нуҳ алайҳис салом замонигача бўлган ўн асрлик муддатда барча инсонлар Ислом Динида эдилар, уларнингўртасида ҳеч қандай диний ихтилофлар йўқ эди, кейин бўлиниб кетдилар, деб тафсир қилинган. “Танвирул-азҳон” тафсирида эса одамлар Одам алайҳис-салом замонида ҳаммалари бир миллат - ягона Ислом Динида эдилар, то қачон Одамнингўғилларидан Қобил ўз укаси Ҳобилни ўлдириб, Ер юзида биринчи марта инсон қони ноҳақ тўкилганидан кейин, ўртада ихтилофлар чиқиб, одамларнинг айримлари Ҳақ Динда барқарор бўлиб қолдилар, айримлари эса, динсиз бўлиб кетдилар, дейилади. Яна бошқа уламолар мазкур жумлани аввал-у охир барча инсонлар туғилганларида фитратда - тоза динда бўладилар, сўнгра балоғатга етганларидан кейин баъзилари ўша тоза динда қолсалар, бошқалари бўлиниб, ботил динларга кириб кетадилар, деб тафсир қиладилар ва Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва салламнинг: “Ҳар бир туғилган бола фитратда - Ҳақ Динда туғилади, сўнгра ота-онаси уни ё яҳудий қилиб оладилар, ё насроний қилиб оладилар ёки мажусий килиб оладилар,” деган сўзларини далил қилиб келтирадилар. (“Тафсири Куртубий”ва “Тафсири Мунийр” китоблари).
Ояти карима мазмунидан маълум бўлганидек, одамлар турли динларга бўлиниб кетганларидан кейин уларнинг ўртасида ҳеч тугамайдиган ихтилофлар бошланди. Бас, ҳар ким ўзини ҳақ, бошқаларни эса ноҳақ деб даъво қилиб, кўп ҳолларда Оллоҳ таолонинг Ҳақ Йўлида барқарор бўлган мўмин-мусулмонлар ўзларининг ҳақ эканликларини исботлашдан ожизлик қиладиган, ноҳақ йўллардаги динсиз-кофир кимсалар эса қилмишларига яраша дарҳол жазоланиш ўрнига Ҳақ Йўлдаги мўминларнинг устидан масхара қилиб куладиган бўлдилар. Ҳатто Макка мушриклари Оллоҳ таолонинг Каломини етказган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳам ёлғончига чиқариб ҳақоратлар қилдилар. Албатта, бундай ҳолатларда мўминлар яхши баҳосини, ёмон жазосини олмаётганини кўриб ҳайрон қолишлари табиийдир. Ояти каримада Пайғамбар алайҳис-саломга ва барча мўминларга худди мана шу ҳолатнинг сирри - сабаби баён қилиниб, Ҳақ таоло рўзи азалда, ҳали инсон зотини яратишдан аввал, одамлар ҳаёти дунёда қиладиган амалларининг мукофот - жазосини фақат Қиёмат Кунида олишлари ҳақида Ўз Ҳукмини айтгани, агар ўша Сўз ўтмаганида, Ҳақ Йўлдан бўлиниб ихтилоф қиладиган кимсаларнинг жазолари шу дунёдаёқ нақд қилиниб, ҳалок бўлиб кетишлари аниқ эканлиги ҳақида хабар беради, Қиёмат Кунида ҳар бир ишнинг ҳисоб-китоби бўлишини айтиб мўминларга таскин тасаллий беради.
Уламолар: “Ояти каримада сўз фақат мўминлар билан кофирлар ўртасидаги ихтилофлар ҳақида эмас, балки уммати Исломдаги Куръон ва Суннатга оғишмай амал қиладиган мусулмонлар билан Динга бидъат-хурофотларни аралаштириб Исломни ёмонотлиқ қиладиган кимсалар ўртасида бўладиган ихтилофлар ҳақида ҳамдир”, дейдилар. Мусулмонлар ўртасида ҳам турли ихтилофлар бўлиши мумкинлиги ва бундай ҳолатларда мусулмонлар ўзларини қандай тутишлари лозимлиги ҳақида Ирбоз ибн Сория розияллоху анҳудан ривоят қилинган мана бу ҳадиси шарифда айтилади: “Бир куни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бизга шундай таъсирли мавъиза қилдиларки, ундан таъсирланган кўзлар йиғлади, қалбларга кўрқув тушди. Шунда бир киши: “Ё Расулуллоҳ, бу мавъизангиз гўё видолашаётган инсонларнинг сўзига ўхшаяпти. Бизларга қандай васиятингиз бор?”, деб сўраган эди, у зоти бобаракот: “Мен сизларга Ёлғиз Оллоҳдан кўрқишни ва гарчи устингизга қул амир қилиб сайланадиган бўлса ҳам, унга қулоқ солиб, итоат қилишларигизни васият қиламан. Албатта сизлар мендан кейин кўп ихтилофларни кўришингиз аниқдир. Ана ўшанда барчангиз менинг суннатимни ва Тўғри Йўлда барқарор бўлган халифа-ўринбосарларимнинг (яъни, Абу Бакр, Умар, Усмон ва Алий розияллоҳу анҳумнинг) суннатларини маҳкам ушланглар ва озиқ тишларингиз билан маҳкам тишланглар - ҳеч қачон у суннатлардан ажраманглар”, дедилар”. (Абу Довуд ривояти).

20. Улар: “Унга (яъни, Муҳаммад алайҳис-саломга) Парвардигори томонидан бирон оят-мўъжиза тушса эди”, дейдилар. Бас, (эй Муҳаммад, алайҳис-салом), айтинг: “Ғайб (яъни, келажак ва инсон идрокидан махфий бўлган барча нарсалар билими) фақат Оллоҳникидир. Бас, кўз тутаверинглар! Мен ҳам сизлар билан бирга кўз тутгувчиларданман”.
Яъни, Макка мушриклари Оллоҳ таолонинг энг Буюк Мўъжизаси бўлмиш Қуръони Азимга қаноат қилиш ўрнига, аввалги умматлардан бирон-тасига насиб этмаган шундай беназир Улуғ Каломни ўзларининг ҳамша-ҳарлари бўлган Ҳазрати Муҳамммад Расуллуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга нозил қилгани учун Яратганга шукроналар айтиш ўрнига: “Муҳаммадга Қуръондан бошқа бирон мўъжиза тушса эди”, дейдилар. Кофирларнинг бу каби талаблари ва уларга берилган жавоблар ҳақида бошқа оятларда ҳам зикр қилинади: “Яна улар (масхара қилишиб): «Нега бу Пайғамбар (оддий одамлардек) таом ер ва бозорларда юрар?! Унга (пайғамбарлигини тасдиқлайдиган) бирон фаришта туширилиб, у билан бирга қўрқитгувчи бўлса эди. Ёки унга (осмондан) хазина ташланса (ва у бозорларда савдо-сотиқ билан тирикчилик ўтказмай ўша хазинадан сарф қилиб юрса) эди, ёхуд унинг учун бир боғ-у бўстон бўлиб, у (фақат ўша боғдан) еб-ичса эди», дедилар. Бу золим кимсалар (мўминларга): «Сизлар фақат бир сеҳрланган - ақлдан озган кишига эргашмоқдасиз», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), қаранг, улар Сиз учун қандай мисоллар келтирдилар-а?! Бас, улар (Ҳақ Йўлдан) оздилар. Энди улар йўл топишга қодир эмаслар. Агар хоҳласа Сиз учун (шу дунёдаёқ) ўшандан (яъни, улар айтган боғу-хазинадан) яхшироқ нарсани - остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларни қилиб бера оладиган ва Сиз учун қаср-саройларни қилиб бера оладиган Зот - Оллоҳ Баракотли - Буюкдир.” (Фурқон сураси, 7-10-оятлар).
“Аниқки, Биз бу Куръонда одамлар учун барча мисол-ибратлардан баён қилдик. Лекин одамларнинг кўплари фақат куфрнигина ихтиёр этдилар. Ва дедилар: «Токи бизлар учун мана шу Ерни ёриб, бир чашма (чиқариб бермасанг) биз сенга ҳаргиз иймон келтирмаймиз. Ё сенинг хурмозор, узумзор боғинг бўлиб, унинг ўртасидан ёриб дарёлар (пайдо қилмасанг); Ёки ўзинг даъво қилганингдек, осмонни устимизга парча-парча қилиб туширмагунингча ёки Оллоҳ ва фаришталарини олдимизга келтирмагунингча; Ёки сенинг олтиндан бир уйинг бўлмагунича, ёхуд ўзинг (кўз олдимизда) осмонга кўтарилмагунингча (ҳаргиз сенга иймон келтирмаймиз). Токи, бизларга ўқийдиган бирон китоб туширмас экансан, бу (осмонга) кўтарилишингга ҳам ҳаргиз ишонмаймиз». Айтинг: «Эй Пок Парвардигорим, мен фақат элчи-пайғамбар бўлган бир одам эдим-ку!” (Ал-Исро сураси 89-93-оят-лар). “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, мушриклар Сиздан талаб қилган) оят-мўъжизаларни юборишдан Бизни қайтарган нарса фақат аввалги умматлар у (мўъжизаларни кўргач, иймон келтириш ўрнига уларни) ёлғон деганларидир. Самуд қабиласига очиқ (мўъжиза бўлган) туяни ато этганимизда унга зулм этдилар (ва оқибатда қирилиб кетдилар). Биз мўъжизаларни фақат (бандаларимизни ҳалокатдан) қўрқитиш учунгина юборурмиз”. (Ал-Исро сураси, 59-оят).
Дарвоқеъ, Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳи ва саллам замондошларига Қуръони Каримдан бошқа Илоҳий мўъжизаларни ҳам келтирганларига тарих гувоҳдир. Мушриклар осмондаги ойни бўлиб беришни талаб қилишганида у зотнинг бир дуолари билан ўн тўрт кунлик тўлин ой ўртасидан иккига бўлингани, кўп касал кишилар у зот дуо қилишлари билан ўша онда шифо топганлари, кейинроқ, Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг Бадр ва Табук ғазотларида озиқ-овқат тақчиллиги сабабли аскарлар қий-налиб қолишганида у зоти бобаракот дастурхонда турган озгина таомга қўлларини теккизишлари билан унга барака кириб, барча саҳобалар тўйиб овқатланганларидан ташқари эртанги кунлари учун ғамлаб ҳам олганлари ва яна бошқа тарихий мўъжизалари у зотнинг оддий инсон эмас, балки Оллоҳ таолонинг ҳақ Пайғамбари эканликларига далолат қиладиган оят - аломатлардандир. Қолаверса, мушриклар шунча мўъжизаларни ўз кўзлари билан кўриб турган ҳолда яна гўё ҳеч нарса кўрмагандек: “Муҳаммадга Парвардигори томонидан бирон оят-мўъжиза тушса эди”, дейишлари уларнинг ғаразлари Ҳақ Йўлга юриш эмас, балки нима қилиб бўлса ҳам Муҳаммад алайҳис-салом Оллоҳнинг Элчиси эканликларини инкор қилиш бўлганини кўрсатади.
Шунингдек, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам у мушрикларга: “Мен сенларга кўрсатганим шунча мўъжизалар камлик қилдими?” демасдан, аксинча: “Сизлар мендан сўраётган нарса менинг қўлимдаги иш эмас, Оллоҳ таолонинг Ўзигина биладиган ғайбдаги ишдир. Бас, мен ҳам Оллоҳ таоло менга яна қандай мўъжизалар ато этишини кутай, сизлар ҳам энг Буюк Мўъжиза - Қуръонга иймон келтирмаганларингиз учун Оллоҳ таоло сизларга қандай жазо беришини кутаверинглар, деб жавоб берганлари у зотнингҳар бир ишни Оллоҳ таоло томонидан нозил бўлган ваҳий асосида қиладиган ҳақ Пайғамбар эканликларига яна бир равшан далилдир.
Агар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг юқорида зикр қилиб ўтганимиз каби кўплаб мўъжизалари аввал ўтган пайғамбарларга ато этилган мўъжизаларга ўхшаса, у зотга нозил бўлган Қуръон Мўъжизаси бошқа бирон пайғамбарга берилмаган танҳо ва мангу Мўъжизадир. Масалан, кейинги асрларда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар, илмий кашфиётлар Қуръони Азимда ворид бўлган хабарларга шу қадар мос келадики, ҳақиқий олимлар бугунги бўлаётган ишлар ҳақида бундан ўн тўрт аср аввал нозил бўлган Қуръонда баайни кўриб тургандек айтиб қўйилганига гувоҳ бўлар эканлар: “Дарҳақиқат, Қуръон - энг Буюк Илоҳий Мўъжизадир”, деб лол қолмоқдалар, унинг Каломуллоҳ эканини тан олмоқдалар ва бу Илоҳий Каломни инсонларга етказган буюк Элчи Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламнинг ҳақ Пайғамбар эканликларига иймон келтирмоқдалар.
Асрдан-асрга, йилдан-йилга, балки кундан-кунга Қуръони Азимга иймон келтирган, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга эргашган мусулмонларнинг ададлари бошқа ҳеч қайси динда кўрилмаган дара-жада кўпайиб бораётганининг ўзи ҳам Қуръоннинг ҳеч қачон йўқ бўлмайдиган Китоб эканига ва Ҳазрати Муҳаммад алайҳис-саломнинг сўнгги Элчи эканликларига далолат қиладиган ҳақиқатдир. Иншооллоҳ, Қиёмат Кунида ҳам уммати Муҳаммаднинг адади аввал ўтган барча умматлар саноғидан кўп бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари хабар берганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Пайғамбар алайҳис-салом айтдилар: “Ҳар бир пайғамбарга ато этилган оят-мўъжизага қараб одамлар унга иймон келтирадилар.
Менга ато этилган мўъжиза - Оллоҳ менга ваҳий қилган Қуръондир. Умид қиламанки, Қиёмат Кунида пайғамбарлар орасида энг тобеси - уммати кўп пайғамбар мен бўлурман”.

21. Қачон Биз бу одамларга уларни ушлаган бало (қаҳатчилик)дан кейин Раҳмат (тўкинлик)ни тотдирсак, баногоҳ улар Бизнинг оятларимиз ҳақида макр (ишлатиб, масхара) қилурлар. Айтинг: «Оллоҳнинг «макри» (азоби) жуда тездир». Албатта, Бизнинг элчиларимиз (малоикаларимиз) қилаётган макрларингизни ёзиб қўюрлар.
Ушбу ояти каримада Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан оят-мўъжиза кўрсатишларини талаб қилган Макка мушриклари (бу ҳақда юқоридаги оятда зикр қилинди), бошларига қаҳатчилик тушиб, пайдар-пай бир неча йил курғоқчилик бўлиб, очарчилик машаққати остида қолиб ҳалок бўлиб кетаёзганларида Пайғамбар алайҳис-саломдан дуо сўраб келганлари, агар мўьжиза юз бериб у зотнинг дуолари Оллоҳ таоло ҳузу-рида қабул бўлса ва улар очарчиликдан халос бўлсалар, албатта у зотни ҳақ Пайғамбар деб иймон келтиришга ваъда берганлари, аммо Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уларнинг ҳақларига дуо қилгач, Оллоҳ таоло уларга Марҳамат кўргазиб осмондан ёмғирлар ёғдириб, ерлари мўл ҳосил бериб, тўкин-сочинликка етганларида эса Пайғамбар алайҳис-саломга берган ваъдаларини бутунлай унутганлари ва у зотга қарши турли ҳийла-найранглар қилишни бошлаганлари ҳақида хабар берилади.
Оят давомида Жаноби Ҳақ Ўз Расулига Илоҳий Мўъжизанинг гувоҳи бўлиб туриб - Пайғамбарнинг дуоси дарҳол ижобат бўлишини ўз кўзлари билан кўриб туриб, у зотга иймон келтириш ўрнига макр йўлига тушган, у зотни ёлғончи деб, масхара қила бошлаган кимсаларга Оллоҳнинг “макри” - азоби жуда тез эканини, уларнинг қиладиган ҳар қандай макрларини Оллоҳнинг элчилари бўлмиш фаришталар ёзиб туришлари аниқ эканини эслатиб қўйишни буюради.
Ушбу ояти каримада зикр қилинган мушрикларнинг макрлари ҳақида Духон сурасида келган оятларда ва имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда ҳам хабар берилган: “Йўқ, улар (яъни, мушриклар қайта тирилиш хусусида) шак-шубҳада бўлиб, (Оллоҳ таоло юборган пайғамбарларнинг устидан масхара қилиб) ўйнарлар. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз осмон очиқ (яъни, барчага кўринадиган) тутунни келтирадиган Кунга кўз тутинг! У (тутун барча) одамларни ўраб олур. Бу аламли азобдир.
Имом Бухорий ривоят қилишларича, қурайшликлар ўз куфру исёнларидан қайтишмагач, Пайғамбар алайҳис-салом Оллоҳ таолодан Юсуф пайғамбар замонларида бўлиб ўтган қаҳатчилик каби бало юборишни сўраган эканлар. Шунда бир неча йил давомида шундай қурғоқчилик ва қаҳатчилик бўлибдики, одамлар қўлларига тушган нарсани ея бошлабдилар ва қуриб-қақшаб кетган Ердан кугарилган чанг-тўзон уларнинг кўзларига тутундек кўрина бошлабди. Ана энди улар Оллоҳ таолога ёлвориб дуо-илтижо қилишга тутинадилар.
«Парвардигор, Ўзинг бизлардан бу азобни аритгин. Албатта, бизлар иймон келтиргувчидирмиз». (Лекин) улар учун қаёқдан ҳам (бошларига тушган бу бало-офатлардан) эслатма-ибрат олиш бўлсин?! Ҳолбуки, уларга очиқ Пайғамбар (яъни, Муҳаммад алайҳис-салом) келди, сўнгра ундан юз ўгирдилар ва: «(Унга Қуръон бировлар томонидан) ўргатиб қўйилган, (у) мажнун», дедилар-ку?! (Бас, очиқ-равшан мўъжиза - Қуръонни келтирган Пайғамбарга иймон келтирмай, ундан юз ўгирган кимсалар бошқа бирон нарсадан панд-насиҳат олармидилар?!) Албатта, Биз бу азобни (сизлардан) бир оз (вақтгача) аритгувчидирмиз, сизлар ҳам шак-шубҳасиз, (ўз куфру исёнларингизга) қайтувчидирсизлар. Биз даҳшатли ушлаш билан ушлайдиган Кунда (яъни, Бадр жангида ёки Қиёмат Кунида Биз улардан интиқом олурмиз). Зеро, Биз Интиқом олгувчидирмиз”. (Духон сураси, 9-16-оятлар).

22. (Эй инсонлар), сизларни қуруқлик ва денгизда юргизадиган Униннг Ўзидир. То сизлар кемаларда бўлган вақтларингизда ва у (кемалар) хуш - ёқимли шамол билан уларни (яъни, сизларни) олиб кетаётганида ва улар бу билан шод-хуррам бўлганларида, баногоҳ бир қаттиқ бўрон туриб, уларнинг устига ҳар тарафдан тўлқин келиб, ўзларининг қамалда қолганларини билганларида: «Қасамки, агар мана шу (бало)дан бизга нажот берсанг, албатта шукр қилгувчилардан бўлурмиз», деб Ёлғиз Оллоҳ учун холис диндор бўлган ҳолларида (яъни, унга бирон нарсани ширк келтирмаган ҳолларида) дуо-илтижо қилурлар.
Ушбу ояти карима аввалида Жаноби Ҳақ Ўзининг инсонларга ато этган буюк неъматларидан бирини эслатади. Яъни, Меҳрибон Парвардигор уларга хоҳлаган жойларига юриб боришлари учун оёқ неъматини берганидан ташқари улар учун бир қадам босмасларидан кўзлаган манзилларига элтиб қўядиган “хизматкорлар”ни ҳам яратиб қўйганини айтади - уларни қуруқликда от-уловлар устида ўтирган ҳолларида, денгиз-дарёларда эса қайиқ ва кемаларда ўтирган ҳолларида юргизиб қўйганини эслатади. Ояти карима давомида Ҳақ таоло мушрикларнинг ўзлари ҳам сиғинадиган турли бут-санамлари уларга бирон фойда етказа олмаслигини жуда яхши билишликларига аниқ далил бўладиган ўта ибратли ҳаётий бир мисол келтиради. Яъни, агар улар сокин денгизда силлиқ сузиб бораётган кемада кайфу сафо қилиб, шод-хуррам кетаётганларида тўсатдан бўрон туриб, устма-уст бостириб келаётган тўлқинлардан кемалари ағдарилиб кетгудек бўлиб, ҳалокат кўзларига кўриниб қоладиган бўлса, ана ўшандай таҳликали вақтларда улар кимга ялиниб-ёлворадилар? Бутларигами? Асло! Ундай вақтда бутлари хаёлларига ҳам келмайди, чунки у ҳолда жонсиз бут-санамлар бутунлай бефойда тош-ёғочлар эканини аниқ билганлари учун уларни тамоман унутадилар ва Ёлғиз Яратганга чин ихлослари билан сиғиниб, дуо-илтижо қила бошлайдилар, агар ҳозир уларга ҳалокатдан нажот берса, бутун умрлари давомида Унга шукр қилиб ўтишларини, Ундан ўзга ҳеч нарсага куллик қилмасликларини айтиб қасамлар ичадилар. Демак, бундай ҳолатларда мушрик кимсалар ҳам бан-даларининг нолаларини эшитадиган, бало-мусибатлар етганда нажот берадиган Зот Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло эканини тан олишлари аниқдир. Аммо кейин-чи? Бу ҳақда қуйидаги оятда айтилади.

23. Энди қачонки (Оллоҳ) уларга нажот бергач, баногоҳ улар Ер юзида ноҳақ зулму тажовузкорлик қилурлар. Эй одамлар, бу тажовузингиз фақат ўзингизнинг зиёнингизгадир. (Сизлар бу арзимас ва қисқа) ҳаёти дунё матоси(дан фойдаланмоқдасиз). Сўнгра Бизга қайтишингиз бордир. Бас, Биз сизларга қилиб ўтган амалларингизнинг хабарини берурмиз.
Яъни, Оллоҳ таоло уларнинг дуо-илтижоларини қабул қилиб, денгизга ғарқ бўлиб кетишларидан нажот бергач ва эсон-омон соҳилга чиқиб олишгач, Яратганга шукроналар айтиш ўрнига, гўё ҳеч нарса бўлмагандек, ҳозиргина нақд ўлимдан қутулиб қолганлари бутунлай ёдларидан чиқиб, яна аввалги ҳолларига қайтиб “Ер юзида ноҳақ зулму тажовуз-корлик қилурлар” - яна иймонсиз мушрикларга айланиб оладилар.
Ҳақ таоло тўрт кунлик ҳаёти дунё матосига алданиб қолган, олдиларида ҳали Охират ҳаёти ва Қиёмат Кунининг ҳисоб-китоби борлигини унутган бундай ношукур кимсаларга бу қилмишлари, яъни, бошларига фалокат тушганида Ёлғиз Оллоҳга сиғиниб, Унинг Ўзига ёлвориб дуо-илтижолар қилиб, сўнгра У Зотнинг мадади билан хатардан қутулганларидан кейиноқ яна куфр-бузуқлик йўлига қайтиб олишлари фақат ўзларига зиён эканини айтиб огоҳлантиради ва Эртага, ҳаммалари Унинг ҳузурига қайтганларида уларга қилиб ўтган барча қилмишлари учун адолатли жазо бериши аниқ эканини билдиради.
Мушрик-кофирларни бу тарзда огоҳлантирган оятлар бошқа сураларда ҳам келган: “(Эй инсонлар), Парвардигорингиз Унинг Фазлу Марҳаматидан (ризқу рўз) изланглар, деб сизлар учун денгизда кемаларни юргизиб қўйган Зотдир. Дарҳақиқат, У сизларга Меҳрибондир. Денгизда сизларга бирон мусибат етганида, сизлар илтижо қиладиган бутлар ғойиб бўлур, фақат Унинг Ўзигина қолур. (яъни, бало-мусибатлардан сизларни Ёлғиз Оллоҳ қутқарур). Энди қачонки, У Зот сизларга нажот бериб қуруқликка (чиқариб қўйгач), сизлар Ундан юз ўгирурсиз. Дарҳақиқат, инсон куфрони неъмат қилгувчидир. Ёки (Оллоҳ) сизларни куруқлик томонида ҳам (Ерга) юттириб юборишидан, ёхуд устингиздан тош ёғдиришидан, сўнгра ўзларингиз учун бирон вакил - сақловчи тополмай қолиш (ғами)дан хотиржаммисизлар?! Ёки У Зот сизларни яна қайтадан (денгизга) қайтариб, устингизга қаттиқ бўрон юборишидан, бас, кофир бўлганларингиз сабабли сизларни ғарқ қилишидан, сўнгра ўзларингиз учун Биздан ўч олиб бергувчи бировни топа олмай қолиш (ғами)дан хотиржаммисизлар?!” (Ал-Исро сураси, 66-69-оятлар).

24. Дарҳақиқат, бу ҳаёти дунёнинг мисоли худди Биз осмондан ёғдирган сувга ўхшайдики, одамзот ва чорва ҳайвонлари ейдиган нарсалардан иборат бўлган Ер набототи у (сув) сабабли бир-бири билан аралашиб-туташиб, ҳатто Ер чирой олиб, ясан-тусан қилганида ва (Ер) аҳли унга (яъни, Ерни қоплаган экин-тикинларни ўриб-янчиб олишга) қодирмиз, деб ўйлай бошлаганида, баногоҳ (Ерга) кечаси ё кундузи Бизнинг Фармонимиз келади-да, Биз уни гўё куни-кеча обод бўлмагандек, «ўриб» (вайронага айлантириб) қўюрмиз. Биз тафаккур қиладиган қавм учун оятларни мана шундай муфассал баён қилурмиз.
Юқоридаги оятда ҳаёти дунё матоларига берилганлари сабабли зулму тажовузкорлик йўлига кирган ва Оллоҳ таолога ширк келтирган кофир кимсаларга хитоб қилиниб, уларнинг бу қилмишлари фақат ўзларига зиён эканини айтиб огоҳлантирилгач, энди бу ояти каримада Ҳақ таоло динсиз кимсалар сиғинадиган дунё ҳаёти қанчалар қисқа, қўнимсиз ва бебақо эканига ўта ибратли бир мисол келтиради: Дарҳақиқат, ҳаёти дунё худди Оллоҳ таоло осмондан ёғдирган ёмғир сабабли Ердан униб чиқадиган набототга ўхшайди. Ўсимликлар оламининг полизларга экиладиган экин-тикинлари, дон-дунлари ва боғ-роғларидан олинадиган мева-чевалари одамлар учун таом бўлса, дала-даштларда униб-ўсадиган ўт-ўланлар чорва ҳайвонлари учун емиш бўлади. Агар ана ўша наботот оламига ибрат кўзи билан назар солсак, кўпинча даҳшатли бир манзаранинг гувоҳи бўламиз: Дастлаб, осмондан тушган сув сабабли “ўлик” Ер тирилади-тупроқни ёриб чиққан турли-туман ўсимликлар, ўт-ўланлар, аста секин барг ёзиб, палак отиб, бир-бирларига туташиб, бутун заминни қоплаб олади, кейин дала-дашт, боғ-роғлар қийғос гуллаб, худди ёш келинчаклардек “ясан-тусан” қилиб, безаниб, ҳаммани ўзига қаратади, сўнгра мева тугиб, пишиб етилади ва энди одамлар хурсанд бўлишиб, мўл ҳосил олишларига ишонишиб, ана-мана йиғиб-териб оламиз деб турган пайтларида, Яратганнинг Амри билан кечасими, кундузими, ҳеч кутилмаган бир “табиий офат” келади-да, бирон нарса қолмай, бир кунда бутун ҳосил нобуд бўлади, экин-тикинларига, боғ-роғларига маҳлиё ва мафтун бўлган одамлар бир кунда барча нарсалардан маҳрум бўлганларича қолаверадилар! Қиссадан ҳисса шуки, худди шунга ўхшаб ҳаёти дунёга, унинг ялтир-юлтур матоларига мафтун бўлган ва “мен мана шу дунёнинг эгасиман”, деб ўйлайдиган кимсалар ҳам бир куни, улар жуда хотиржам ҳолларида дунёларига маҳлиё бўлиб турган пайтларида тўсатдан Оллоҳ таолонинг Амри билан бошларига бир бало-офат келади-да, улар бир нафасда ўзлари сиғиниб, куллик қилиб келган дунёларидан бутунлай маҳрум бўлиб, қуруқ қўл билан қолаверадилар, яъни, ҳаёти дунёдан бирон яхшилик қилмасдан чиқиб кетаверадилар!
Ояти карима ниҳоясида Жаноби Ҳақ инсонлар учун ибрат бўладиган бу каби оятларни тафаккур қила оладиган одамлар учун баён қилишини таъкидлайди. Инсонларга ҳаёти дунёнинг бебақолигини эслатувчи оятлар бошқа сураларда ҳам такрор-такрор келади: “Билингларки, бу ҳаёти дунё фақат (бир нафаслик) ўйин-кулги, зеб-зийнат, ўрталарингиздаги ўзаро мақтаниш ва мол-дунё ҳамда фарзандларни кўпайтириш-дир, холос. (У) худди бир ёмғирга ўхшарки, унинг (ёғиши сабабли униб чиққан) ўт-ўлани деҳқонларни ҳайратга солиб (ақлларини банд қилиб қўюр). Сўнгра у қурир, бас, уни саргайган ҳолда кўрурсиз. Сўнгра у қуруқ чўп бўлиб қолур. (Ҳаёти дунёнинг ҳоли ҳам шундан ўзга эмасдир). Охиратда эса (ўша тўрт кунлик дунёга алданиб қолганлар учун) қаттиқ азоб ва (иймон-эътиқод билан ўтганлар учун) Оллоҳ томонидан мағфират ва ризолик бордир. Ҳаёти дунё эса фақат алдагувчи матодир”. (Ҳадид сураси, 20-оят).
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, одамларга) ҳаёти дунё мисолини келтиринг! (У) худди бир сув кабидирки, Биз осмондан ёғдиргач, (аввал - киши ҳаётинииг баҳорида) у сабабли замин набототи (бир-би-рига) аралашиб-чирмашиб кетур, сўнгра (ҳаёт кузи келгач), шамоллар учириб кетадиган хас-хашакка айланиб қолур. Оллоҳ ҳамма нарсага Қодир бўлган Зотдир”. (Каҳф сураси, 45-оят). “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Оллоҳ осмондан сув (ёмғир-қор) ёғдириб, уни Ердаги булоқлар-чашмалар қилиб оқизиб қўйганини кўрмадингизми? Сўнгра у (сув)нинг ёрдамида ранго-ранг экин-тикин чиқарур, сўнгра у қуриб-қовжирар, бас, Сиз уни сарғайган ҳолда кўрурсиз, сўнгра (Оллоҳ) уни хас-хашакка айлантирур. Албатта, бунда ақл эгалари учун эслатма-ибрат бордир”. (Зумар сураси, 21-оят).

25. Оллоҳ тинчлик-омонлик диёрига - жаннатга даъват қилур ва Ўзи хоҳлаган кишиларни Тўғри Йўлга ҳидоят қилур.
Аксари муфассирлар: “Ояти каримадаги “Салом” - Оллоҳ таолонинг сифатидир, “Дорус-Салом” - “Оллоҳнинг ҳовлиси” деганидир. Каъба Оллоҳнинг Уйи бўлгани каби жаннат - Оллоҳнинг Ҳовлисидир”, деб тафсир қилганлар. Яна бошқа уламолар эса: “Оятдаги “Салом” сўзи омонлик деган маънодадир. Жаннатнинг омонлик диёри деб номланганининг сабаби унга кирган инсонлар ҳар қандай бало-офатлардан омонда бўладилар, дейдилар.
Шунингдек, бошқа бир жамоа “Салом” сўзини қуйидагича тафсир қил-ганлар: “Жаннатнинг “Дорус-салом” деб аталишига сабаб унинг ҳамма томонларида аҳли жаннат учун салом - тинчлик, омонлик ва осойишталик бордир: “(У зотларга: «Жаннатлар)га тинчлик билан соғ-омон киринглар», (дейилур)” (Ҳижр сураси, 46-оят). “Парвардигорларининг Юзини кўзлаб (меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилган, намозларини тўкис адо этган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ-эҳсон қилган ҳамда ёмонликни яхшилик билан қайтарадиган зотлар - ана ўшалар учун Охират диёрида абадий туриладиган жаннатлар бўлиб, улар у жойларга, ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат бўлган солиҳ кишилар билан бирга кирур-лар. Сўнг уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан фаришталар кириб (дерлар): «(Оллоҳ Йўлида меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу жаннатларда) сизларга тинчлик-омонлик бўлгай. Охират диёри нақадар яхши!”. (Раъд сураси, 22-24-оятлар).
“Улар у жойда бирон беҳуда ва гуноҳ-ёлғон (сўз)ни эшитмаслар, фақат «Салом-салом», дейилганинигина (эшитурлар)”. (Вок,еа сураси, 25-26-оятлар).
“Иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотлар остидан дарёлар оқиб турадиган жаннатларга киритилиб, Парвардигорнинг Изни-Иродаси билан у жойда мангу қолдилар. Уларнинг (жаннатдаги) салом-аликлари бир-бирларига тинчлик-омонлик тилашдир”. (Иброҳим сураси, 23-оят).
“(Уларга) Меҳрибон Парвардигор томонидан салом айтилур”. (Ёсин сураси, 58-оят).
Ҳадиси шарифда ворид бўлишича, «Жаннат эгалари ўзларига ваъда қилинган ноз-неъматлар ичида роҳат-фароғатда эканлар, баногоҳ устларида бир Нур пайдо бўлур. Шунда улар бошларини кўтариб... «Ассалому алайкум, эй аҳли жаннат», деб турган Парвардигори оламни кўрурлар”.
Ояти каримада Оллоҳ таоло барча инсонларни тинчлик диёри бўл-миш жаннатга даъват қилиши, аммо У Зот ўша диёрга олиб боргувчи Тўғри Йўлга - Исломга фақат Ўзи хоҳлаган - суйган бандаларини ҳидоят қилиши айтилди. Бас, маълум бўладики, Тўғри Йўлга юриш Фармони барча-га буюрилган бўлса-да, у Йўлга юриш бахти ҳаммага ҳам насиб этмайди, балки буюк бахтга кимлар лойиқ экани Ёлғиз Оллоҳ таолога маълумдир-ки, У Зот ана ўша бандаларинигина Тўғри Йўлга - Дини Исломга ҳидоят қилади.

26. Чиройли амал қилган зотлар учун чиройли (мукофот) ва зиёда (неъматлар) бордир. Уларнинг юзларини қаролик-ғубор ҳам, хорлик ҳам қопламас. Ана ўшалар жаннат эгалари бўлиб, у жойда абадий қолурлар.
Яъни, бу дунёдан иймон билан чиройли амаллар қилиб ўтган зотлар учун Охиратда гўзал оқибат - жаннат бордир.
Ояти каримадаги “зиёда (неъматлар)”дан мурод, буюк саҳобалар Абу Бакр Сиддиқ, Ҳузайфа ибн Ямон, Абу Мусо Ашъарий ва Уббода ибн Сомит розияллоҳу анҳумнинг айтишларича, Оллоҳ таолони кўришдир. Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ушбу оятни ўқидилар ва айтдилар: “Қачон аҳли жаннат жаннатга, аҳли дўзах дўзахга киргач, бир жарчи: “Эй аҳли жаннат, сизларга Оллоҳнинг бир ваъдаси бор эди, У Зот ўша ваъдани ҳозир нақд қилишни ирода қилди,” деб жар солади. Шунда жаннат аҳли: “Бу қандай ваъда? Ахир У Зот тортилган яхши амалларимизни оғир қилдику, юзларимизни ёруғ қилдику, бизларни жаннатга киритиб, дўзахдан паноҳ бердику?” дейишганида, баногоҳ парда кўтарилиб, улар Оллоҳнинг Юзини кўрурлар. Бас, уларга ато этилган неъматларнинг энг суюклиги Оллоҳ таолонинг жамолини кўришлари бўлади”. (Муслим ва Термизий ривояти).
“Уларнинг юзларини бирон қаролик - ғубор ҳам, хорлик ҳам қопламас”.
Ушбу жумлани мана бу оятлар тафсир қилади: “У Кунда (мўминларнинг) юзлари яшнаб, Парвардигорларига боқиб тургувчидир! (Қиёмат сураси, 22-23-оятлар).
Дарҳақиқат, аҳли жаннат учун Парвардигорнинг дийдорига етишдан суюклироқ бирон нарса йўқдир. Шунинг учун ҳам Яратганга боқар эканлар, уларнинг юзлари янада яшнаб, мунаввар бўлиши табиий ҳолдир. “Саҳиҳул-Бухорий”да ворид бўлган мана бу ҳадиси шариф ҳам мазкур ояти карима мазмунини таъкидлайди: «Албатта сизлар яқинда Парвардигорингизни, худди мана шу тўлин ойни кўриб турганингиздек, очиқ-аён кўрурсизлар».
“У Кунда (мўминларнинг) юзлари ёруғ, кулгувчи ва хуррам бўлур. Ва у Кунда (кофирларнинг) юзлари устида чанг-ғубор бўлиб, У (юз) ларни қаролик қоплаб олур!” (Абаса сураси, 38-41 -оятлар).

27. Ёмон амаллар қилган кимсалар учун эса ўша (ёмонликлари) баробарида ёмон жазо бўлур ва уларни хорлик ўраб олур - улар учун Оллоҳ тарафидан бирон-бир (жазодан) сақловчи бўлмас. Уларнинг юзларини гўё қоронғу кечадан бир бўлаги қоплаб олгандек. Ана ўшалар дўзах эгалари бўлиб, у жойда абадий қолурлар.
Юқоридаги оятда ҳаёти дунёдан чиройли амал қилиб ўтган мўмин-ларга ато этиладиган чиройли мукофот зикр қилиниб, улар жаннатда мангу қолишлари айтилган бўлса, ушбу оятда дунёдаги ҳаётларини ёмон-лик - куфр билан ўтказган динсиз кимсаларнинг мангу дўзах азобига гирифтор қилинишлари ҳақида хабар берилади. Одил Подшоҳ ёмонликнинг жазоси албатта ёмонлик бўлишини айтиб, ёмонларни огоҳлантиради. Ояти каримада зикр қилинган “ёмон амаллар”дан мурод, Оллоҳ таолога кофир бўлиш, Унга ширк келтириш ва Унинг Амрига бўйинсунмасдан итоатсизлик қилиш каби ёмонликлардир. Юқорида айтиб ўтилганидек, чиройли амал қилгувчи мўминларга Оллоҳ таолонинг Фазлу Марҳамати билан неча баробар зиёда мукофотлар ато этилса, энди ёмонлик қилгувчи кимсаларга эса, Оллоҳ таолонинг Адолати билан фақат қилган ёмонликлари баробарида, бирга бир жазо берилади.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Пайғамбар соллоллоху алайҳи ва саллам дедилар: “Оллоҳ таоло айтди: “Чиройли бир амалга ўн баробар мукофот ато этурман ёки бериладиган ажрни ундан ҳам зиёда қилурман. Бир ёмон амалга эса фақат бир жазо берурман ёки кечириб юборурман. Бас, бирлари (яъни, ёмонлик, гуноҳлари) ўнларидан (яъни, чиройли амалларидан) ғолиб бўлган кимсага ҳалокат бўлгай!”
“Ва уларни хорлик ўраб олур - улар учун Оллоҳ тарафидан бирон-бир (жазодан) сақловчи бўлмас. Уларнинг юзларини гўё қоронғу кечадан бир бўлаги қоплаб олгандек. Ана ўшалар дўзах эгалари бўлиб, у жойда мангу қолурлар”.
Ҳақ таоло ушбу оятларда Қиёмат аҳволидан хабар беради. Оллоҳ таолога иймон келтирган, Унинг элчиларини тасдиқ этган, Унинг Амрига итоат қилган, қайтарганларидан қайтган мўминларнинг юзлари У Кунда ёруғ - оқ бўлишини; иймонсиз ўтган, Оллоҳнинг элчиларини ёлғончи қилган, Унинг Амрига итоат этмаган, динларини бўлиб - ёриб фирқа-фирқа бўлиб кетган кофирларнинг юзи У Кунда қора бўлишини айтади.
Маълумки, бу ҳаёти дунёда одамларнинг яхши ёки ёмонлигини суратларига - юзларига қараб ажратиб бўлмайди. Бу дунё имтиҳон дунёси дейилишининг сири ҳам мана шунда. Яъни, имтиҳон пайтида ким ҳақ, ким ноҳақ эканини билиб бўлмайди. Эртага, баҳолар кўйиладиган Кунда Танҳо Подшоҳнинг Ўзи ким Унинг Имтиҳонидан ўтиб, юзи ёруғ бўлганини, ким бу Илоҳий Имтиҳондан йиқилиб, юзи қора бўлганини айтади, имтиҳон баҳоларини барча халойиқ кўз ўнгида эълон қилади.
“Танвирул-азҳон”да ушбу оятлар тафсирида айтилибди: “Билгилки, жаннатга кириш Оллоҳ таолонинг Фазлу Раҳмати билан бўлур, у жойдаги даража-мартабаларнинг тақсимоти бандаларнинг қилган амалларига яраша бўлур, жаннатда мангу қолиш эса, ниятларга яраша бўлур, яъни, мўмин банда ҳаёти дунёдалик пайтида - вақтинчалик ҳаётида: “Умримнинг охиригача Ёлғиз Оллоҳга ибодат қиламан”, деб ният қилгани ва ўша ниятида бир умр собит бўлгани учун мангу Охиратдаги ҳаётида жаннатларда мангу яшайди. Кофирларнинг дўзахга кириши бўлса, Оллоҳ таолонинг Адолати билан бўлур, у жойдаги азобнинг табақалари - турлари уларнинг қилган амалларига яраша бўлур, ўша дўзахда мангу қолиш эса, ниятларга яраша бўлур, яъни, кофир кимса ҳаёти дунёдалик пайтида бир умр куфр келтириб, мушрик ҳолда яшашга ният қилгани ва ўша нияти билан ўлгани учун мангу Охиратда дўзахда мангу қолади”.

28-29. У Кунда (Қиёматда) Биз уларнинг (яъни, инсонларнинг) ҳам-маларини тўплаймиз, сўнгра мушрик бўлган кимсаларга: «Сизлар ҳам, (Оллоҳга) шерик (қилиб олган) бутларингиз ҳам жойингиздан жилмангиз!», деб уларнинг ўрталарини ажратурмиз (яъни, мушриклар дунёда доим бирга бўлиб, сиғиниб юрган бутларидан ажралиб қолурлар) ва бутлари (уларга): «Сизлар бизга ибодат қилганингиз йўқ (яъни, биз, бутлар жонсиз нарсалар бўлганимиз учун бизга сиғинганларингизни билганимиз йўқ). Бас, Оллоҳнинг Ўзи биз билан сизнинг ўртамизда етарли Гувоҳдир. Албатта биз сизларнинг ибодатингиздан ғофил - бехабар эдик», дейдилар.
Ушбу оятларда Ҳақтаоло Қиёмат Кунида мушрик-кофир кимсалар қандай аҳволга тушишлари ҳақида хабар беради. Яъни Оллоҳ таоло У Кунда жамийки инсонларни бир жойга тўплагач, Одам алайҳис-саломдан бошлаб Қиёмат қойим бўлиши олдида дунёга келган охирги инсонгача барча инсонлар кўз ўнгида мушрикларга: “Сизлар ҳам, сизлар Оллоҳнинг шериклари деб даъво қилган бут-санамларингиз ҳам, барчаларингиз то ҳаёти дунёда қилган қилмишларингизнинг ҳар бири тўғрисида сўралмагунингизча жойларингиздан жилмай - қимирламай туринглар”, деб мушрик кимсаларни алоҳида, уларнинг бир умр сиғиниб ўтган бутларини алоҳида қилиб, бир-бирларидан ажратиб қўяди. Бу ҳақда бошқа бир оятда шундай дейилади: “(Аммо то Менинг Фармоним бўлмагунча) уларни тўхтатиб (дўзахга ташламай) туринглар! Чунки улар (аввал ҳаёти дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари тўғрисида) сўралгувчидирлар”. (Вас-соффот сураси, 24-оят).
Шунда Оллоҳ таоло бут-санамларга тил ато этади ва улар ўзларига сиғиниб ўтган мушрикларга: “Сизлар бизга ибодат қилганингиз йўқ (яъни, биз, бутлар жонсиз нарсалар бўлганимиз учун сизларнинг бизга сиғинганларингизни билганимиз йўқ). Бас, Оллоҳнинг Ўзи биз билан сизнинг ўртамизда етарли Гувоҳдир. Албатта биз сизларнинг ибодатингиздан ғофил - бехабар эдик», дейдилар.”
Шундай қилиб, “Мана игу (бут-санамларимиз) Оллоҳ ҳузурида бизнинг қўлловчиларимиз бўладилар”, (Юнус сураси, 18-оят) деб юрган мушриклар Қиёмат Кунида ўзларининг “қўлловчилари”дан ажралиб қоладилар.
Дарҳақиқат, эшитмайдиган, кўрмайдиган жонсиз бутлар мушрикларга: “Сизлар бизга сиғинсангизлар, биз Оллоҳ ҳузурида сизларни шафоат қиламиз”, дея олмасликлари, Оллоҳ таолога ширк келтиришни мушрикларга фақат ҳавойи нафслари буюргани аниқдир. Бас, у бутлар бутпарастларнинг чўқиниб-сиғинганларидан ғофил - бехабар эканликлари ҳам аёндир.

30. Ўша жойда ҳар бир жон қилиб ўтган ишидан хабардор бўлур. Улар ҳақиқий Хожалари - Оллоҳга қайтарилдилар. (Мушрикларнинг) ўйлаб, тўқиб чиқарган бутлари эса улардан ғойиб бўлди.
Яъни, барча халойиқ ҳисоб-китоб учун тўпланадиган ана ўша Қиёмат Кунида ҳар бир жон умр бўйи қилиб ўтган иш амалларидан қай бири яхши, фойдали амал-у, қай бири ёмон, бефойда иш бўлганини билиб олади. Чунки у Кун барча сирлар очиладиган Кундир: “Шак-шубҳасиз, (Оллоҳ) уни сирлар фош қилинадиган (Қиёмат) Кунида қайта тирилтиришга Қодирдир”. (Ториқ сураси, 8-9-оятлар).
У Кунда ҳамма инсонлар, жумладан, мушриклар ҳам Ҳақиқий Хожалари бўлмиш Оллоҳ таоло хузурига қайтариладилар ва мушрикларнинг ўз-лари тўқиб-бичиб олган афсоналари - ўзларича Оллоҳ таолонинг шериклари деб ўйлаган бутлари ҳам, “Мана шу бутларимиз бизларни Оллоҳ ҳузурида қўллайдилар”, деган хом хаёллари ҳам улардан ғойиб бўлиб қолади. Ахир барча махфий ишлар очиладиган, яширилган сирлар ошкор бўладиган ва ҳақиқат юзага чиқадиган Қиёмат Кунида ҳатто айрим мусулмонлар тўғри ва муҳим деб ўйлаган, керакли деб ҳисоблаган, аслида эса номуҳим ва зарурияти бўлмаган кўп нарсалар ҳам кўздан ғойиб бўлиб, ҳеч қандай фойдаси тегмай қолади-ю, қандоқ қилиб у Кунда мушрикларнинг бутунлай ботил ақийдалари ва сохта “илоҳлари” ғойиб бўлмасин?!
Ҳикоя қилинишича, Жунайд раҳимаҳуллоҳ вафот қилганидан кейин айрим кишиларнинг тушларига кирди. Шунда улар Жунайддан ҳол-аҳвол сўрашганида, у: “Одамлар бизга ишора қилиб берган юксак баҳолари йўқ бўлди, бизнинг уларга айтган чиройли-таъсирли ибораларимиз ҳам, ўрганган кўп илмларимиз ҳам ғойиб бўлди, фақат саҳар пайтлари қилган рукуъ-саждаларимизгина бизга асқотади”, деб жавоб қилган экан. (“Танвирул-азҳон ” тафсиридан).
Агар эътибор қилсак, ояти каримада Қиёмат Кунида барча Оллоҳ таоло ҳузурига қайтишлари ва мушрикларнинг сиғинган бут-санамлари ва ботил ақийдалари у Кунда ғойиб бўлиб қолиши ўтган замон сийғасида - шаклида айтилди.
Қачон келиши Ёлғиз Оллоҳ субҳонаху ва таолодан ўзга ҳеч кимга маълум бўлмаган Қиёмат Кунида рўй берадиган воқеа-ҳодисалар ҳақида бўлган воқеа шаклида айтилишига сабаб, у Куннинг келиши аниқ эканини таъкидлашдир.

31. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Ким сизларга осмон ва заминдан ризқ берур ёки ким қулоқ-кўзларингизга эгалик қилур?! Ким ўликдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур ҳамда ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!» Улар албатта: «Оллоҳ», дейдилар. Бас, Сиз айтинг: «Ахир (Ўша Зотдан) қўрқмайсизларми?!»
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга мушрик кимсалардан мазкур тўрт саволга жавоб беришларини талаб қилишни буюради ва улар бу саволларга қандай жавоб беришларини ҳам аниқ айтади. Биринчи савол: Айтинглар-чи, осмондан сизларга ва барча жонли-жонсиз мавжудотга ризқ бўладиган ёмғирни ким ёғдиради ва у сабабли Ердан сизларга ва барча жонзотга ризқ бўладиган дон-дун, мева-чева, гул ва ўт-ўланларни ким чиқаради? Ёлғиз Оллоҳ эмасми?! “Агар (Оллоҳ) Ўзи ато этадиган ризқни ушлаб-тўхтатиб қўйса, сизларга ризқ-рўз берадиган ўша зот ким ўзи?!”
(Мулк сураси, 21-оятдан). Ёки сиғиниб-чўқинаётган мана шу жонсиз бутларингиз сизларга бирон нарса бера оладими?!
Иккинчи савол: Қулоқ ва кўзларингизни яратиб, уларга эшитиш-кўриш хусусиятларини ато этган Эгаси ким? Ёлғиз Оллоҳ эмасми?! “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом, у кофирларга) айтинг: «У (Оллоҳ) сизларни (йўқдан) пайдо қилган ва сизлар учун қулоқ-кўзлар ва дилларни (ато) қилган Зотдир. Сизлар эса камдан-кам шукр қилурсизлар”. (Мулк сураси, 23-оят).
Бу жумлада инсон аъзоларидан қулоқ ва кўз зикр қилинишига сабаб, бу икки аъзо билиш ва ўрганишнинг асосий воситаларидир.
Алий каррамаллоҳу важҳаху: “Ёғ билан кўрсатиб, суяк билан эшиттириб, гўшт билан сўзлатиб кўйган Зот хдр қандай айб-нуқсондан Поқцир”, дер эди.
Инсоннинг эшитиш ва кўришга бўлган эҳтиёжи сўзлашга бўлган эҳтиёжидан кўпроқ эканлиги сабабли Оллоҳ таоло унга икки қулоқ, икки кўз ва бир тил ато этди.
Учинчи савол: “Ким ўлиқдан тирикни чиқарур ва тирикдан ўликни чиқарур?” Ёлғиз Оллоҳ эмасми?!
Бу жумлада ўлик данак, тухум, нутфа (маний - шаҳват суви) каби нарсалардан дарахт, парранда, инсон каби жонли мавжудотнинг пайдо бўлиши ёки аксинча, тирик жонзотдан тухум, нутфа каби жонсиз нарсалар чиқиши - буларнинг барчаси Ёлғиз Оллоҳнинг Амри билан бўлиши ифодаланган.
Оллоҳ таоло ўликдан тирикни, тириқцан ўликни чиқаришининг яна бир маъноси - қанчадан қанча динсиз кофир, демакки, ўлик бўлган аждодлардан аҳли иймон, аҳли Ислом авлодларни, демакки, тирикларни дунёга келтириши ва аксинча, иймонли, мусулмон аждодларнинг авлодлари орасидан динсиз, иймонсиз кимсалар ҳам чиқишидир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Оллоҳ таоло ўлиқдан тирикни, тирикдан ўликни чиқаришига яна бошқа мисоллар келтириб, айтади: “Оллоҳ кофирдан (яъни, ўликдан) мўминни (яъни, тирикни) чиқаради. Бунинг мисоли Иброҳим алайҳис-саломдир; мўминдан кофирни чиқаради. Бунинг мисоли Нуҳ алайҳис-саломнинг ўғлидир. Яна У Зот ибодатли кишидан итоатсиз фосиқни ва унинг аксини, жоҳилдан олимни ва унинг аксини, аҳмоқдан донони ва унинг аксини чиқаради”.
Тўртинчи савол: “Ким барча ишларни тадбир қилиб турур?!”.
Яъни, борлиқдаги барча мавжудотга уларнинг ўрин ва вазифаларини белгилаб берган, ҳар бир мавжудотга ўз вазифасини адо этиш салоҳиятини ато этган ва улар ўзларига юкланган вазифаларни қандай бажараётганларини назорат қилиб турган Зот ким? Ёлғиз Оллоҳ эмасми?!
Бу саволларга ҳатто мушрик кимсалар ҳам - агар улар ҳамма нарса ўз-ўзидан пайдо бўлган ва вақтўтиши билан секин-аста ривожланиб бир нарса бошқа нарсага айланиб борган, ҳатто маймун ҳам одамга айланган дейдиган даражада аҳмоқ бўлмасалар - албатта: “Зикр қилинган сифатларнинг Эгаси Ёлғиз Оллоҳдир”, деб жавоб беришлари тайиндир. Ана шунда Ҳақ таоло Ўз Расулига буюради: Сиз уларга айтинг: “Бас, сизлар ҳам барча нарсани йўқдан бор қилган ва Ўз Қудрат ва Ҳикмати билан тадбир қилиб бошқариб турган Зот Танҳо Оллоҳ эканини билар экансизлар, у ҳолда нега Ундан кўрқмасдан: “Оллоҳнинг шериклари бор”, деб ширк келтирмоқдасизлар?!”.

32. Бас, ана ўша Оллоҳ - Ҳақиқий Павардигорингиздир. Ҳақиқатдан кейин эса фақатгина йўлдан озиш бор, холос (яъни, ҳақиқий Парвардигорингиз бўлмиш Оллоҳдан ўзгага сиғинар экансиз, албатта йўлдан озган бўлурсиз). Бас, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?!
Яъни, эй мушриклар, ана Ўша Зот - сизлар ўзларингиз юқорида мазкур бўлган сифатларнинг Эгаси эканини эътироф этганингиз Оллоҳ таолонинг Ўзигина Ҳақиқий Парвардигорингиздир. Чунки Ёлғиз Унинг Ўзи сизларни йўқдан бор қилиб яратди, сизларга ризқ берди, Унинг Ўзи барча ишларингизни тадбир қилур - узлуксиз бошқариб турур. Демак, ибодат қилинишга мустаҳиқ бўлган Зот Танҳо Оллоҳ таолодир. Бас, ким мана шу Ҳақиқатдан хатлаб ўтса, яъни, Ёлғиз Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ибодат қилиш ўрнига яна бошқа кимгадир ёки нимагадир қуллик қилса, сиғинса ундай кимсанинг йўлдан озгани, адашгани аниқдир. Бас, сизлар, эй мушриклар, қаёққа бурилиб кетмоқдасизлар?! Нега Тўғри Йўлдан - Ҳақиқий Роббингиз бўлмиш Оллоҳ таолога ибодат қилишдан юз ўгириб, ботил бут-санамларга сиғинмоқдасизлар?!
Ояти каримада Оллоҳ таоло Ўзининг Ҳақ Парвардигор эканини таъ-кидлайди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам дуоларида Оллоҳ таолога ҳамд айтганларидан сўнг: “Антал-Ҳақ - Сен Ҳақдирсан”, дейдилар. (Бухорий ва Муслим ривояти). Ҳақ деган сўзнинг луғавий маъноси - рост, аниқ, собит, тан олинган деганидир. Бу маъноларнинг барчаси фақат Оллоҳ таолонинг Зоти ва Сифатларида мавжуддир. Агар биргина мисол келтирсак, Оллоҳ таолонинг Борлиги Ҳақдир. Чунки У ҳеч қачон йўқ бўлмаган ва ҳеч қачон йўқ бўлмайди. У Азалий ва Абадийдир. Қолган нарсаларнинг барчаси аввалда йўқ бўлган ва Оллоҳ яратганидан кейингина бор бўлган, аммо уларнинг борлиги ҳам абадий эмас - Оллоҳ хоҳлаган соатда яна йўққа айланади. Демак, Бор деган сифат ўзининг тўлиқ маъносида фақат Оллоҳ таолога нисбат берилганда Ҳақиқат айтилган бўлади, қолган барча нарсанинг борлиги унинг азалий эмаслиги, Яратганнинг Амри билан пайдо бўлгани ва эртага йўқ бўлиш эҳтимоли бўлгани эътибори билан ўта нисбийдир, шунчаликки, йўқ деса ҳам бўлгудек. Худди арабнинг буюк шоири Лабийд айтганидек:
“Билгилки Оллоҳдан ўзга барча нарса ботилдир”.
Оллоҳ таолонинг қолган барча Сифатлари ҳам худди Унинг Борлик Сифати каби Азалий ва Абадий Ҳақиқатдир. Шунингдек, Унинг буюрган Дини - Ислом бирдан-бир Ҳақ Диндир, ягона Тўғри Йўлдир. Ояти кари-мада таъкидланишича, ким мана шу Ҳақ Диндан бошқа йўлларга бир қадам босадиган бўлса ҳам, залолатга кетган-адашгани аниқдир. Ундай кимса Ҳақнинг чегарасидан чиққан заҳоти залолатнинг ичида турган бўлади. Чунки Ҳақ билан ботилнинг ўртасида учинчи бир мартаба йўқдир.

33. Худди шунингдек, итоатсиз бўлган кимсалар устига иймон келтирмаганлари сабабли Парвардигорингизнинг («Албатта жаҳаннамни кофирлар билан тўлдирурман», деган) Сўзи ҳақ бўлди.
Аксари муфассир уламолар ушбу ояти каримани шундай тафсир қилганлар: Ёлғиз Оллоҳ Парвардигоримиз экани Ҳақ бўлгани каби Оллоҳ ва Расулига итоат қилмасдан бутун ҳаётларини фосиқлик билан ўтказган кимсалар устига иймон келтирмаганлари сабабли Парвардигоримизнинг азоби тушиши ҳам худди шундай Ҳақдир.
Аллома Ибн Касийр эса ўзининг “Қуръони Азим” тафсири”да: “Ушбу оят мушриклар ҳақидадир. Яъни, улар Оллоҳ таоло Холиқ - Яратгувчи, Раззоқ - ризқ ато этгувчи ва борликдаги барча ишларни тадбир қилиб - бошқариб тургувчи эканини эътироф этиб туриб, Ёлғиз Унга ибодат қилиш ўрнига ширк келтириб кофир бўлганлари каби уларнинг устига Оллоҳ таолонинг азоби тушиши ҳам Ҳақ бўлди”, деб тафсир қилади ва мана бу оятни келтиради: “Ва кофир бўлган кимсалар тўда-тўда қилиниб жаҳаннамга ҳайдалди. То қачон улар (жаҳаннамга) келиб етганлари-да, унинг дарвозалари очилди ва унинг қўриқчилари (кофирларга): «Сизларга ўзларингиздан бўлган пайғамбарлар - Парвардигорларингизнинг оятларини сизларга тиловат қилган ҳолларида ва сизларни мана шу Кунингиздаги мулоқотдан огоҳлантирган ҳолларида келмаганмидилар», деганларида улар «Ҳа, (келганлар), лекин азоб Сўзи кофирлар устига ҳақ бўлгандир, (бас, бизлар ҳам уларни ёлғончи қилганимиз сабабли мана шу азобга гирифтор бўлдик)», дедилар”. (Зумар сураси, 71-оят).
“Тафсири Мунийр”да яна шундай тафсир ҳам келтирилибди: “Худди Ёлғиз Оллоҳ Парвардигоримиз экани Ҳақ бўлгани каби ўз куфр ва залолатларида оёқ тираб туриб олган фосиқ кимсалар устига Оллоҳ таолонинг: “Улар ҳеч қачон иймон келтирмайдилар”, деган Сўзи ҳам Ҳақ бўлди, демак, улар ҳеч қачон иймон келтирмайдилар”.
Бу ҳақда ушбу суранинг 96-97-оятларида ҳам айтилгандир: “Албатта устларига Парвардигорингизнинг Сўзи (яъни, азоби тушиши) ҳақ бўлган кимсалар, гарчи уларга барча оят-мўъжизалар келса-да, то аламли азобни кўрмагунларича иймон келтирмайдилар”. (Юнус сураси, 96-97-оятлар).

34. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг (сўранг): «Бутларингиз орасида аввал-бошда ўзи яратиб, сўнгра яна қайта ярата оладиган биров борми?!» Айтинг: «Оллоҳ аввал-бошда Ўзи яратиб, сўнгра Ўзи яна қайта яратур. Бас, қаёққа ўгирилиб кетмоқдасизлар?!»
Ушбу ояти карима Оллоҳ таолонинг Танҳо Маъбуди Барҳақ эканига, Унга бирон нарсани ширк келтириш эса ботил иш эканига яна бошқа бир ҳужжатдир. Ҳақ таоло ўз Расулига буюради: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз мушриклардан шундай деб сўранг: “Айтинглар-чи, сизлар “илоҳ” деб сиғинаётган бут-санамларингиздан биронтаси бирон нарсани аввал йўқдан бор қилиб яратиб, сўнгра ўзи хоҳлаган соатда уни яна қайтадан яратиб жон ато эта оладими?!”
Албатта, мушрик кимсаларнинг бу саволга: “Ҳа”, деб жавоб қила олмасликлари тайиндир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уларга мана бу сўзларни айтишга буюрилдилар: “Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи барча нарсани аввал-бошда йўқдан бор қилиб яратади, сўнгра Ўзи хоҳлаган соатда уни яна қайтадан яратади - қайтадан тирилтиради. Бас, шундай экан, яъни, яратадиган ҳам, сўнгра қайтадан тирилтириб, ҳисоб-китоб қилиб, жаннат ёки дўзахга киритадиган ҳам Оллоҳ таолонинг Ўзи экан, сизлар, эй мушриклар, Ўша Зотнинг Танҳо Ўзига ибодат қилиш ўрнига қаёққа ўгирилиб кетмоқдасизлар?! Нега сизлар Ҳақни ташлаб ботилга бурилиб кетмоқдасизлар, Ҳидоятни тарк этиб залолатни танламоқдасизл ар?! ”
Ушбу оятда мушриклар сиғинадиган нарсалар - улар бут-санамлар бўладими, ёки қуёш, ой, юлдузлар бўладими, ёки фаришта ё жинлар бўладими, нима бўлса бўлсин, улардан биронтаси холиқ - яратувчи эмаслиги, балки барчалари махлуқ - яралгувчи эканлиги, бинобарин, Холиқни қўйиб махлуқларга сиғиниш албатта Ҳақ Йўлдан юз ўгириб кетиш эканлиги айтилгач, қуйидаги оятда Ёлғиз Оллоҳ таолодан ўзга ҳеч кимда топилмайдиган яна бир Сифат ҳақида сўз боради.

35. Айтинг (сўранг): «Бутларингиз орасида Ҳақ Йўлга ҳидоят қила оладиган биров борми?!» Айтинг: «Оллоҳ Ҳақ Йўлга ҳидоят қилур. Энди (ўзларингиз айтингларчи), Ҳақ Йўлга ҳидоят қиладиган Зот итоат этилишга ҳақлироқми ёки (ҳеч кимни) ҳидоят қила олмайдиган, балки ўзи ҳидоятга муҳтож бўлган кимсами?! (Эй мушриклар), сизларга не бўлди - қандай ҳукм чиқармоқдасиз?!»
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, мушрик кимсалардан сўранг -“сизлар сиғинаётган бут-санамларингиздан ёки эргашаётган доҳийларингиздан биронтаси бирон кишини Ҳақ Йўлга ҳидоят қила оладими, адашган кимсага Тўғри Йўлни кўрсатиб қўя оладими?! Ахир улардан би-ронтаси бировни Тўғри Йўлга ҳидоят қила олмаслиги аниқку?! Жонсиз бутларингиз бўлса, қаёққа қаратиб кўйсангиз, ўша ёққа “қараб” тураверадиларку, жонли “бутларингиз” - доҳийларингиз эса сизларни Тўғри Йўлга бошлаш у ёқда турсин, ўзлари қаёққа кетаётганлирини билмайдиларку?!”
Албатта, мушрик кимсаларнинг бу саволга “Ҳа, бутларимиз бизларни Тўғри Йўлга ҳидоят қила оладилар”, деб жавоб бера олмасликлари тайиндир. Шунинг учун Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уларга мана бу сўзларни айтишга буюрилдилар: “Оллоҳ Ҳақ Йўлга ҳидоят қилур. Энди Ҳақ Йўлга ҳидоят қиладиган Зот итоат этилишга ҳақлироқми ёки (ҳеч кимни) ҳидоят қила олмайдиган, балки ўзи ҳидоятга муҳтож бўлган кимсами?! (Эй мушриклар), сизларга не бўлди - қандай ҳукм чиқармоқдасиз?! ”
Яъни, Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзи элчилар юбориб, Китоблар нозил қилиб, бандаларига Тўғри Йўлни кўрсатади, инсонга билим, маърифат ҳосил қилиши учун калит бўлган ақл, қалб ва бошқа ҳис қилиш аъзоларини ато этади. Ана энди сизлар, эй мушриклар айтингларчи, итоат қилинишга ким ҳақлироқ? Бандаларини Ҳақ Йўлга ҳидоят қилувчи Оллоҳ таоло ҳақлироқми, ёки жонсиз бўлганлари учун жойларидан жила олмайдиган бут-санамларми ё ҳеч кимни ҳидоят қила олмайдиган, балки ўзлари ҳидоятга муҳтож бўлган кимсаларми?! Ҳеч шак-шубҳа йўқки, ақли хуши жойида бўлган ҳар бир инсон: “Ёлғиз Оллоҳ таолога итоат ва ибодат қилиш фарз”, дейиши аниқдир. Аммо сизлар-чи, эй мушриклар, сизларга нима бўлди?! Қайси ақл билан сизлар: “Оллоҳнинг шериклари бор”, деб ҳукм чиқармоқдасизлар?! Қандай хужжат билан қўлидан ҳеч нарса келмайдиган жонсиз бутларга сиғиниб - чўқиниб, ҳар ишга Қодир бўлган Оллоҳ субҳонаҳу ва таолога ибодат-итоат қилишни тарк этмоқдасизлар?! Ахир сизларнинг бу қилмишларингиз ақлли одамлар қиладиган иш эмаску?!

36. Уларнинг кўплари (жонли-жонсиз бутларга сиғинишларида) фақат гумонга эргашадилар, холос. Гумон эса бирон нарсада ҳақиқатнинг ўрнини боса олмайди. Албатта Оллоҳ уларнинг қилаётган иш-ларини Билгувчидир.
Яъни, кўпчилик мушрикларнинг ўзлари ясаб олган бут-санамларини “илоҳлар” деб эътиқод қилишлари, ўша “илоҳлари” уларни Охиратда шафоат қилади деб ўйлашлари бирон Илоҳий Китобда битилмаган, бирон пайғамбар томонидан айтилмаган, илмий жиҳатдан ҳам асосланмаган қуруқ гумонлардир, уларнинг ота-боболаридан қолган бузуқ хурофотлардир. Мушриклар ана ўша асоссиз гумонларга эргашиб юрибдилар, холос.
“Гумон эса бирон нарсада ҳақиқатнинг ўрнини боса олмайди”.
Яъни, инсон, хусусан диний эътиқод масъаласида турли гумон ва хом хаёлларга эргашиши асло дуруст эмасдир, балки фақат энг ишончли диний-илмий манбаъларга асосланган иймон-эътиқодгина ҳақиқий эъти-қоддир.
Мушрик-кофир кимсалар эса ўзларининг хурофий ақийдаларига эргашиб, ҳақиқий эътиқод асоси бўлган Қуръондан юз ўгирмоқдалар, Каломуллоҳни “аввалгилардан қолган афсона”, демоқдалар, у Буюк Китоб оятларини етказаётган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончига чиқармоқдалар! “Албатта Оллоҳ уларнинг қилаётган ишларини Билгувчидир”.

37. Ушбу Куръон Оллоҳдан ўзга биров томонидан тўқилган бўлиши мумкин эмас. Балки, У ҳеч шак-шубҳасиз бутун оламлар Парвар-дигори томонидан нозил бўлган ва Ўзидан аввалги (Таврот, Инжил каби Китобларни) тасдиқловчи муфассал Китобдир.
Ушбу ва қуйидаги оятлар Қуръони Азимнинг энг Буюк Илоҳий Мўъжиза, Ҳақ Каломуллоҳ эканини баён қилади. Ушбу Китоб Пайғамбар алайҳис-саломнинг сўзлари эмас, балки Оллоҳ таоло томонидан у зотга нозил қилинган Калом эканини исботлайдиган оятлар Қуръонда такрор-такрор келади.
Ҳадиси Қудсийда ҳам Ҳақ таоло: “Менинг бандам (яъни, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва саллам) ростгўйдир, у Мен томондан етказган ҳар бир сўз ҳақдир”, деб Қуръон тўласича Унинг томонидан нозил қилинган ваҳий эканини таъкидлайди. (“Тафсири Мунийр”дан).
Ояти каримада Қуръони Карим Оллоҳ таолодан бошқа биров томонидан тўқиб чиқарилган бўлиши мутлақо мумкин эмаслиги айтилади. Чунки у Калом фасоҳат - гўзаллиги ва балоғат - етуклиги билан, ўта катта маъноларни саноқли сўзларда ифодалаши билан, ўқиган-тинглаган кишига бера-диган, бошқа бирон нарсада топилмайдиган ҳаловати билан, ғайб оламидан етказган хабарлари билан, буюрган қонун-қоидалари ҳеч қачон эскирмаслиги билан ва ниҳоят, ҳар бир калимаси мўминнинг ҳам дунёсига, ҳам Охиратига фойдали эканлиги билан ўзининг Каломуллоҳ эканини, махлуқларнинг сўзларига мутлақо ўхшамаслигини ўзи исботлаб туради. Тарих китобларидан маълумки, ҳатто Макка мушрикларининг энг ашаддийси бўлган Абу Жаҳл ҳам Қуръон Каломуллоҳ эканини инкор қила олмайди.
Пайғамбар алайҳис-саломнинг Маккада кечган ҳаётларидан тўла хабардор бўлган бу кофир кимса: Муҳаммад ҳеч қачон бирон инсонга ёлғон сўзламаганку, энди Оллоҳ шаънида ёлғон сўзлайдими?! дейишга мажбур бўлади.
Ушбу Китоб илгари Мусо ва Ийсо пайғамбарларга нозил қилинган Таврот, Инжил каби Илоҳий Китобларни тасдиқлайди, у Китобларда буюрилган Оллоҳ ва Охират Кунига иймон келтириш, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш, солиҳ амаллар ва гўзал хулқлар соҳиби бўлиш каби Исломий ақийда асосларини энг баркамол суратда ифодалаш билан бирга Шариати Исломиядаги барча қонун-қоидаларни муфассал баён қилади.
Ояти каримада зикр қилинган мавзу кейинроқ Мадинада нозил бўлган Моида сурасида, янада мукаммал тарзда баён қилинади. Қуйида ана ўша ояти каримани тафсири билан келтириб ўтамиз: “Сизга эса (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз ўзидан олдинги Китоб(ларни) тасдиқлагувчи ва у (Китоблар) устида гувоҳ бўлган бу Китобни ҳаққирост нозил қилдик. Бас, одамлар ўртасида Оллоҳ нозил қилган нарса билан ҳукм қилинг ва Сизга келган Ҳақдан юз ўгириб, уларнинг ҳавойи нафсларига эргашманг! Сизлардан ҳар бир уммат учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик. Агар Оллоҳ хоҳласа эди, ҳаммангизни бир уммат қилиб қўйган бўлур эди. Лекин У Зот Ўзи ато этган нарсаларда сизларни имтиҳон қилиш учун (ҳар бир умматга алоҳида шариат, йўл қилиб қўйди). Бас, яхши амалларга шошилингиз! Барчангиз Оллоҳга қайтишингиз бор. Сўнг У Зот сизларга ихтилоф қилгувчи бўлган нарсаларингизнинг хабарини берур. (Моида сураси, 48-оят).
Юқоридаги оятларда Таврот, Инжил тўғрисида ва аҳли Китоб - яҳудий, насронийлар ҳақида баён қилингач, энди ушбу ояти карималарда Ҳақ таоло Ўзининг Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, у зотга энг афзал ва энг улуғ Китоб - Қуръони Азимни нозил қилганини айтади ҳамда у Китобнинг сифатларини санаб, аввало Қуръонни Ҳақ билан нозил қилгани, яъни, Ундаги ҳар бир калима, ҳар бир ҳарф Ҳақиқат экани, Унинг бирон ҳарфини ўзгартириш, олиб ташлаш ёки Унга бирон ҳарф кўшиш матлақо мумкин эмаслиги, комил Ҳақиқатни истаган инсонлар уни фақат мана шу Китобдангина топишлари мумкин экани ҳақида хабар беради.
Сўнгра бу Китоб ўзидан аввал нозил бўлган Таврот, Инжил каби китобларни ҳам Оллоҳнинг Каломи деб тасдиқлайдиган Китоб эканини, шунингдек, бу Китоб аввалги китоблар устида гувоҳ бўлиб туришини, яъни, аҳли китоблар Тавротдан, Инжилдан деб айтаётган сўзларининг қай бири ростдан ҳам Оллоҳ таоло бани Исроил қавмига нозил қилган Таврот, Инжилдан эканини, қай бири яҳудий-насронийлар ўзлари тўқиб олган сўзлар эканини ажратиб берадиган, аввал келган Китоблардаги ҳақиқий, ҳукми тўхтатилмаган баъзи бир оятларни ҳам ўз ичига олган Китоб эканини айтиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга агар аҳли китоблар бирон масъала - можарода ҳукм сўраб келадиган бўлсалар, Оллоҳ нозил қилган оятлар билан ҳукм қилишни, ўзларига келган Ҳақ Ҳукмдан юз ўгириб, аҳли китобларнинг ҳавойи нафсларига эргашиб кетмасликни буюради. Эсласак, аввалги оятлардан бирининг тафсирида яҳудийлар оилали зинокор эркак ва зинокор аёлни келтиришиб, ҳукм сўрашгани, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам улардан ўзларининг Китоблари Тавротда бу ҳақда қандай ҳукм буюрилганини суриштирганларида яҳудлар: “Қирқ дарра урилиб, сазойи қилиш буюрилган”, деб ўз ҳавойи нафсларига ёқадиган ёлғон жавобни айтишгани, Пайғамбар алайҳис-салом Оллоҳ таолонинг номини ўртага қўйиб сўраганларидан кейин улардан бири ҳа-қиқатни тан олиб: Тавротда зинокорларни тошбўрон қилиб ўлдириш буюрилгани ҳақида хабар бергани ва Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам у зинокорларни тошбўрон қилинсин, деб хукм қилганлари айтилган эди. Ҳақ таоло ушбу оятда Ўз Элчисига ҳар бир масъалада мана шундай Ҳақ Ҳукм чиқаришни, қўлларидаги Китоб Ҳукмига амал қилишни ва аҳли китобларнинг ҳавойи нафсларига эргашмасликни буюради.
“Сизлардан ҳар бир (уммат) учун (алоҳида) шариат ва йўл қилиб қўйдик”.
Қатода розияллоҳу анҳу айтади: “Ушбу жумлада уч умматга - Мусонинг умматига, Ийсонинг умматига ва Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнингумматига (Барчаларига Оллоҳнинг салавот ва саломи бўлсин) хитоб қилинмоқда. Уларнинг динлари бир - Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш бўлса-да, Тавротнинг ўз шариати ва йўли бор, Инжилнинг ўз шариати ва йўли бор, Қуръоннинг ўз шариати ва йўли бордир”. Яъни, Оллоҳ таоло аввал-у охир барча инсонларни бир динда бўлишга - Ёлғиз Ўзига сиғиниб, ибодат қилишга буюрди. Унинг аввал-у охир барча пайғамбарлари - элчилари ўз умматларини ана ўша ягона Динга - Исломга даъват қилдилар. Фақат ҳар бир иши Ҳикмат бўлган Ҳақ таоло асрлар давомида бандаларини тараққий этдириб, тарбиялаб борар экан, уларнинг савияларига яраша ҳар умматга алоҳида шариат ва йўлни жорий қилди. Демак, кейин юборилган пайғамбарга буюрилган шариат аввалгисидан юксакроқ, баркамолроқ бўлиб борди, аввал юборилган элчи-пайғамбарнинг умматлари ўзларига буюрилган шариат қонунларига бўйинсуниб ҳаёт кечирар эканлар, ўз вақти билан Оллоҳ таоло иймонларини имтиҳон қилиш учун уларга янги пайғамбар ва янги шариат қонунларини юбориб турди. Бу ҳол то сўнгги Пайғамбар Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам юборилгунларича, у зотга Шариати Исломийя буюрилгунича ва Ҳақ таоло: “Бугун Мен сизлар учун Динингизни комил қилдим, (сизларни динсизлик зулматларидан иймон нурига чиқариш билан) Мен сизларга неъматимни тўкис қилиб бердим ва сизлар учун Исломни Дин қилиб танладим (яъни, Исломдан бошқа динлар Оллоҳ ҳузурида мақбул эмас)”, деб Ислом Шариатини сўнгги шариат эканини ва то Қиёмат қойим бўлгунига қадар барча инсонлар фақат Шариати Исломийяга итоат этишлари фарз эканини эълон қилгунича давом этди.
“Агар Оллоҳ хоҳласа эди, ҳаммангизни бир уммат қилиб қўйган бўлур эди. Лекин У Зот Ўзи ато этган нарсаларда сизларни имтиҳон қилиш учун (сизларни турли умматлар қилиб, ҳар бир умматга алоҳида шариат, йўл қилиб қўйди)”.
Яъни, ким Оллоҳ томонидан буюрилган шариатга итоат қилади, ким осий бўлади, синаш - имтиҳон қилиш ва ҳар бир бандага қилган амалига яраша жазо - мукофот бериш учун Ҳақ таоло турли умматларга турлича шариат қонунларини жорий қилди.
“Бас, яхши амалларга шошилингиз!”.
Бу Илоҳий Фармон Ҳақ таоло томонидан бандаларига огоҳлантиришдир.
Яъни, фурсатингиз жуда оздир. Бас, Шариати Исломийя буюрган амаллардан имкон қадар кўпроқ қилиб қолишга шошилинглар, кунларингизни яхши амалларга тўлдириб яшанглар, сизлардан яхши ном қолсин, бебаҳо ва бебақо ҳаётларингизни бехуда ихтилоф, “мен ҳақ, сен ноҳақ” деган талаш-тортишлар билан ўтказиб юбориб, Эртага аттанг қилиб қолманглар! Чунки бу ихтилофлар бугун ҳал бўлмайди. “Барчангиз Оллоҳга қайтишингиз бор. Ўшанда У Зот сизларга ихтилоф қилиб ўтган нарсаларингизнинг хабарини берур”. Яъни, ким ҳақ, ким ноҳақ бўлгани фақат ўшанда маълум бўлур.

38. Балки улар: «Уни (яъни, Қуръонни Муҳаммад) тўқиб чиқарган», дерлар?! (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «У ҳолда агар ростгўй бўлсангизлар, Оллоҳни қўйиб кучларингиз етган барча бутларни (ёрдамга) чорлаб шу (Қуръон)га ўхшаш биргина сура келтиринглар-чи!»
Ушбу ояти карима Макка мушрикларига ва дунёдаги қолган барча мушрик-кофирларга ўта оддий ва шу билан баробар ўта мантиқий бир савол билан мурожаат қилади. Яъни, кимда-ким Қуръоннинг Каломуллоҳ эканига ишонмайдиган бўлса, уни Муҳаммаднинг ўзи ичидан чиқариб тўқиб айтмоқда, дейдиган бўлса, у ҳолда ўша кимсалар кўлларидан келган барча воситаларни ишга солиб, Оллоҳни қўйиб сиғинаётган бутларини ҳам ёрдамга чақириб, ҳаммалари бир бўлиб, лафзи ва маъноси Қуръон каби етук, мукаммал ва ҳеч қачон, ҳеч ким томонидан ўзгартиришнинг имкони бўлмаган биргина сурани келтирсинлар-чи!
Асло келтира олмайдилар! Бу иш Макка мушрикларининг ҳам, улардан кейин дунёга келиб-кетган бирон кимсанинг ҳам кўлидан келмади, демак, ҳеч кимнинг қўлидан келмаслиги аниқдир.
“Айтинг: «Қасамки, агар бор инсу жин мана шу Куръонни ўхшашини келтириш йўлида бирлашиб, агар бир-бирларига бу ишда ёр-дамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини келтира олмаслар”. (Ал-Исро сураси, 88-оят). Яна бошқа бир сурада шундай дейилади: “Агар Биз бан-дамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсангизлар, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринглар ва Оллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринглар - агар ростгўй бўлсангизлар. Энди агар бундай қилолмасангизлар - ҳаргиз қилолмайсизлар ҳам - у ҳолда кофирлар учун тайёрлаб қўйилган дўзаҳдан қўрқингларки, унинг ўтини одамлар ва тошлардир.” “(Бақара сураси, 23-24-оятлар).
Ҳақиқатан, Қуръони Карим Оллоҳ таолонинг энг улуғ Мўъжизасидир. Оллоҳ таоло барча пайғамбарларига мўъжизалар юборган, лекин бирон пайғамбарга Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга юборган Қуръонидек Мўъжизани юбормаган.
Ушбу Буюк Калом фасоҳат ва балоғатда (гўзаллик ва комиллиқца) шундай олий мақомдаки, бу юксакликка кўтарилиш башар тоқатидан ташқари бўлган бир ишдир. Қуръон Илоҳий Мўъжиза эканини тасдиқловчи далиллар саноқсиздир:
- Қуръоннинг ҳали бўлмаган ишлар ҳақида хабар бериши ва у ишлар кейин худди Қуръонда айтилгандек рўёбга чиқиши;
- Қуръон қанча такрорланмасин, эшитган қулоққа ҳеч қачон малол келмаслиги;
- Қуръонда ушбу Китоб нозил қилинган замонда на араб ва на ажамга маълум бўлмаган шундай илмлар жамланганки, асрлар ўтиб ўша илмлар кашф этилди ва кашф этилмоқда;
Қуръон узоқўтмиш ва қадим тарихдан хабар беради. Ҳолбуки, Қуръон нозил қилинган зот, Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўқишни ҳам, ёзишни ҳам билмайдиган уммий, хат-саводлари йўқ киши эдилар. Оллоҳ таоло у зотни Ўзининг сўнгги Элчиси қилиб танлади - ва унга бошқа ҳеч кимга бермаган буюк Илоҳий Билимни - Қуръони Каримни берди.
Ушбу оятда Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни «Бизнинг бандамиз - қулимиз», деб шарафлайди ва бу билан Оллоҳ таоло яратган халқнинг энг улуғи бўлган Инсоннинг энг олий фазилати Оллоҳнинг бандаси - қули бўлиш эканлигини таъкидлайди. Зотан ҳар бир мўмин-мусулмоннинг энг буюк орзуси «мени ҳам Оллоҳ бандам деса эди» деган орзудир. Кимгадир ёки нимагадир қул бўлиш инсоннинг хилқатида бор бўлган хислатдир. Бировлар Оллоҳнинг махлуқотига - тоғ, тош, қуёш, ой ёки олов каби нарсаларга, ёхуд ўзлари кўллари билан ясаб олган бут-санамларга сиғиниб қуллик қилсалар, бошқа бировлар дунёга, мол-давлатга, мансаб-лавозимга қул бўлиб яшайдилар. Биров ўзига ўхшаган бир махлуққа - инсонга қуллик қилиб, унинг истак ва хоҳишларини ўзига фарз билиб кун ўтказса, яна бири ўз нафсига, унинг ҳою-ҳавасларига бандадир. Бу тоифаларнинг барчаси йўлдан озган, агар махлуқларга қуллик қилишдан тийилиб, тавба қилмасалар, Ҳидоят йўлига юрмасдан дунёдан ўтиб кетсалар, у ҳолда ёлғон дунё деб чин Охиратларини куйдирган бахтсиз бандалардир. Лекин, алҳамдулиллоҳ, ҳаёти дунёда шундай инсонлар ҳам бўлган, бор ва иншооллоҳ, келажакда ҳам бўлурки, улар буюк Оллоҳдан ўзга ҳеч ким ва ҳеч нарсага қуллик қилмайдиган, аксинча Ёлғиз ОллоҳнингЎзига ибодат - бандалик қиладиган ва бу буюк қулликни ўзлари учун энг улуғ шараф деб биладиган мусулмонлардир, Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг энг буюк Бандаси ва энг сўнгги Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг умматлари - издошларидир.
Юқоридаги оятларда Ҳақ таоло Ўзига бандалик қилиш бахтидан бенасиб бўлган мушрикларга, кофирларга ҳақли равишда даъво қилиб: «Барчаларингиз бирлашиб ҳам Биз бандамиз Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва салламга нозил қилган Қуръон каби бир сурани келтиришдан ожиз эканларингиз аниқ-равшан бўлгач, энди иймон келтиринглар, кофирлар учун тайёрлаб қўйилган, ёнилғиси - «ўтини одамлар ва тошлар бўлган дўзаҳдан қўрқинглар» деб хитоб қилади.

39. «Балки, (улар Қуръон) илмини эгалламай ва таъвили (тафсири) келмай туриб, (Қуръонни) ёлғонга йўйгандирлар. Улардан олдингилар ҳам (пайғамбарларини) худди шундай ёлғончига чиқарган эдилар. Золимларнинг тақдири қандай бўлганига боқинг!»
Яъни, мушриклар Қуръон оятларини тушунишга ҳаракат қилмасдан ва ундаги ҳикматлар ҳақида тадаббур-тафаккур қилмасдан туриб, бу Улуғ Каломнинг мағзи-моҳиятини англамасдан, билмасдан туриб, шошма-шошарлик билан уни “ёлғон” дедилар. Агар улар ақлли, фаросатли кишилар бўлганларида аввало Қуръонни шошмасдан ўрганишлари, унда келтирилган ҳужжат-далилларни, берилган хабарларни адолат ва инсоф билан фикр-мулоҳаза қилиб кўришлари ва шундан кейингина уни рост ёки ёлғон деб ҳукм чиқаришлари керак эди. Аммо кофир кимсалар бундай қилмадилар. Улар Қуръони Азимни, назми-лафзи жиҳатидан ҳам, маъно-мазмуни жиҳатидан ҳам, ғайб олами ҳақида берган хабарлари жиҳатидан ҳам, барча-барча жиҳатдан мўьжиз - барча одамларни ожиз қолдиргувчи Азиз Китобни ҳеч ўйламасдан “ёлғон” дейишга шошдилар. Ахир улар Қуръон назмидаги беназир буюкликни, фасоҳат ва балоғатни, бирор кимса унинг бир сурасига ўхшаган сўзни айта олмаслигини кўриб-билиб, хоҳласалар-хоҳламасалар тан олиб турар эдиларку! Ахир улар Қуръон маъносидаги беқиёс теранликка, унинг ҳар бир калимаси остида тенгсиз, бутун бир китобга сиғмайдиган чуқур маънолар мужассам эканига гувоҳ эдиларку! Ахир улар Қуръонда берилган ғайб ҳақидаги хабарлар рўёбга чиқадими-йўқми деб бироз кутсалар ва шунга қараб ҳукм чиқарсалар бўлар эдику?! Йўқ, кофир кимсалар бундай қилмадилар-да, ҳеч ўйлаб ўтирмасдан, фақат Қуръон уларнинг ва ота-боболарининг мудҳиш хатоларини кўрсатгани учун - улар сиғинаётган бут-санамлар ҳеч қандай илоҳ эмаслигини, Ёлғиз Илоҳ Оллоҳ субҳонаху ва таоло эканлигини очиқ айтгани учун Қуръонни “ёлғон” дедилар. Бу ишлари билан улар ўзларининг ҳақиқий жоҳил, нодон ва ақлсиз кимсалар эканликларини кўрсатдилар. Аммо улар ўз жонларига жабр қилган золимларнинг биринчиси эмас эдилар. Илгари ҳам уларга ўхшаган золимлар, Ҳақиқатни тан олмасдан “ёлғон” деган кофирлар ўтган ва қилмишларига яраша оқибат-жазога дучор қилинган эдилар: “Биз (улардан) ҳар бирини ўз гуноҳи билан ушладик. Бас, уларнинг орасида Биз устига тош ёғдирган кимсалар ҳам бордир, улар орасида даҳшатли қичқириқ тутиб (ҳалок бўлган) кимсалар ҳам бордир, улар орасида Биз Ерга ютдириб юборган кимсалар ҳам бордир ва улар орасида Биз (сувга) ғарқ қилган кимсалар ҳам бордир. Оллоҳ уларга зулм қилгувчи бўлмади, лекин улар ўз жонларига жабр қилгувчи бўлдилар”. (Анкабут сараси, 40-оят ).

40. Уларнинг (яъни, мушрикларнинг) орасида унга (Қуръонга келажакда) иймон келтирадиганлари ҳам бор. Уларнинг орасида (Қуръонга) ҳеч қачон иймон келтирмайдиганлари ҳам бордир. Парвардигорингиз бузғунчи кимсаларни жуда яхши Билгувчидир.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Макка мушрикларининг келажаклари ҳақида хабар беради. Уларнинг айримлари келажакда куфрдан тавба қилиб, Оллоҳга ва У нозил қилган Қуръонга иймон келтиришларини айтиш билан У Зот Ўз Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳеч умидсизликка тушмасдан, иккиланмасдан ўша, Қуръонни “ёлғон” деяётган, Оллоҳга ширк келтираётган кофирларни Ҳақ Динга даъват қилишда давом этишга руҳлантиради ва шу билан баробар, у мушрикларнинг айримлари то умрларининг охиригача тавба қилмасдан кофир ҳолда ўлиб кетишлари ҳақида хабар бериб, Ҳақ Йўлга юриш бахти ҳаммага ҳам насиб этавермаслигини таъкидлайди. Оят ниҳоясида кофир бўлган ва кофир ҳолда ўлган кимсалар бузғунчилар деб аталиб, уларга бирдан-бир ҳаққоний баҳолари берилади. Демак, ҳақиқий бузғунчилар кофирлардир. Чунки улар Яратганга иймон келтиришга, Ҳақ Динни қабул қилишга салоҳиятлари бўла туриб куфр йўлини танлаш билан аввало ўзларини ўзлари бузиб, дунё ва Охиратда бахтсиз бўладилар, иккинчидан, улар динсиз, иймонсиз бўлганлари сабабли ўзларининг бузуқ-нопок ишлари билан ён-атрофларидаги бошқа инсонларни ҳам бузадилар, қолаверса, агар улар дунёда ғолиб бўлиб, ҳукмронлик қиладиган бўлсалар, бутун дунёни бузадилар, одамларни ҳайвонлар ҳам ҳазар қиладиган бузуқ ҳаёт кечиришга мажбур қиладилар. Бу ҳақиқатни, хусусан биз яшаётган замонда ҳеч бир ақлли инсон инкор қила олмаса керак.
Ояти карима Қуръон Оллоҳнинг Каломи эканига яна бир равшан далилдир. Чунки тарих гувоҳлик беришича, иш худди оятда айтилганидек бўлди. Макка мушриклари орасидаги қанчадан-қанча ашаддий кофир кимсалар оз фурсат ўтмасдан куфрдан тавба қилиб, иймон келтирдилар ва улуғ саҳобийларга айландилар. Шу билан бирга Абу Лаҳаб, Абу Толибга ўхшаган қанча кимсалар Оллоҳ таолонинг Ҳидоятидан маҳрум бўлиб, кофирликларича ўлиб кетдилар. Демак, ким нима бўлишини Ёлғиз Оллоҳдан ўзга ҳеч ким билмаслиги ва ҳар қачон фақат Унинг Илми Азалийсида - Лавҳул-Маҳфузда тақдир қилинган ишгина амалга ошиши аниқдир.

41. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар улар Сизни ёлғончи қилсалар, у ҳолда айтинг: «Менинг қилган амалим ўзим учун, сизларнинг қилган амалингиз ўзингиз учундир. Сизлар менинг қилган амалим (учун жавобгар бўлиш)дан озодсизлар, мен эса сизлар қилаётган амалларингиз (учун жавобгар бўлиш)дан озодман».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, агар мушриклар иймон келтириш ўрнига Сизни ёлғончи қилишда давом этаверадиган бўлсалар, у ҳолда уларга: “Менинг қилган амалим - Оллоҳ таоло нозил қилган ваҳийни инсонларга етказиш, кофирларни дўзах азобидан огоҳлантириш, мўмин-ларга жаннат хушхабарини бериш, Ёлғиз Оллоҳга тоат-ибодат қилиш каби амалларим - меникидир, Оллоҳ таоло Қиёмат Кунида мени ўша амалларим билан ҳисоб-китоб қилиб, менга ўша амалларим учун жазо-мукофот ато қилади.
Сизларнинг Ҳақ Йўлни тарк этиб, нотўғри йўлни танлаш, Танҳо Маъбуд бўлмиш Оллоҳ таолога турли жонли-жонсиз махлуқларни шерик қилиш ва бузғунчилик қилиш каби амалларингиз эса сизларникидир, Оллоҳ таоло сизларни Қиёмат Кунида ўша амалларингиз билан ҳисоб-китоб қилиб, қилмишларингизга яраша жазоларингизни беради. Сизлар мен учун жавобгар эмассизлар, мен сизлар учун жавобгар эмасман”, деб айтиб қўйинг.
Бу мазмундаги оятлар бошқа сураларда ҳам такрор-такрор келади: “Ҳар бир жоннинг қилган гуноҳи фақат ўз зиёнига бўлур. Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга (жон)нинг юкини (яъни, гуноҳи-ни) кўтармас”. (Анъом сураси, 164-оятдан).
“Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни, гуноҳкор жон) ўзга (жон)нинг юкини (яъни, гуноҳини) кўтармас. Ва инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур (яъни, ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирон фойда етмас). Унинг қилган саъй-ҳаракати эса яқинда (Қиёмат Кунида) кўринур. Сўнгра у (ўша саъй-ҳаракати учун) тўла-тўкис жазо-мукофот олур.” (Ван-нажм сураси, 38-41 -оятлар).
Демак, бировнинг қилган яхши амали учун бошқа биров мукофотланмайди ва аксинча бировнинг қилган ёмонлик - гуноҳи учун бошқа биров жазоланмайди, аммо агар бир киши бошқаларга яхши йўл кўрсатса, яхши амалга ўргатса ва улар ўша ўрганганлари яхши амални қилса-лар, у ҳолда ўргатувчи ҳам улар оладиган савобдан насибадор бўлади ва аксинча биров бошқаларга ёмонлик - гуноҳ йўлини кўрсатса ва улар ўша ўрганган ёмонликларини қиладиган бўлсалар, у ҳолда ўргатувчи ҳам улар қилган гуноҳга шерик бўлади. Бу ҳақда Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда шундай дейилган: “Ким Исломда бир чиройли суннатга амал қилиб, уни бошқалар учун ҳам йўл қилиб қолдирса, унинг учун ўзи қилган амалнинг ажри ва ундан кейин ўша суннатга амал қилган кишиларнинг ажри бўлур, аммо уларнинг ўзларига ҳам оладиган ажрларидан бирон нарса камайтирилмас.
Ким Исломда ёмон йўлни тутса, (яъни, Ислом қайтарган ишни қилиб, уни бошқаларга ҳам ўргатадиган бўлса), унингучун ўзи қилган гуноҳнинг юки - жазоси ва ундан кейин ўша гуноҳни қилган кимсаларнинг жазоси бўлур, аммо уларнинг ўзларига ҳам оладиган жазоларидан бирон нарса камайтирилмас”.
Шунингдек, ҳаёти дунёда айрим ҳолларда бировларнинг қилган гуноҳ-жиноятлари учун бошқалар ҳам жазоланишлари мумкин. Масалан, одам-лар бир-бирларини яхшиликка чақирмасалар, ёмонликдан қайтармасалар, у ҳолда ёмонлик қилган кимсаларнинг касофатидан ҳамманинг бошига фитна-бало тушиши мумкин. Бу ҳақда бошқа бир ояти каримада шундай дейилади: “Ҳамда бир фитнадан - балодан сақланингларки, у сизларнинг орангиздаги золим кимсаларнинг ўзигагина етмас, (балки ўша фитнага қарши курашмай қараб турган барчага етар.) Ва билингизки, албатта Оллоҳнинг азоби қаттиқдир.” (Анфол сураси, 25-оят)”

42-43. Уларнинг орасида Сизга қулоқ тутадиганлари ҳам бор (аммо гаранг одамдек, Сиз тиловат қилаётган Қуръон маъноларини англамайдилар). Ахир Сиз, агар ўзлари ақл юргизмасалар, кар кимсаларга эшиттира олурмисиз?! Уларнинг орасида Сизга қараб туради-ганлари ҳам бор (аммо кўр одамдек, Сиздаги Пайғамбарлик белгиларини кўрмайдилар). Ахир Сиз, агар ўзлари кўрмасалар, кўр кимсаларни ҳидоят қила олурмисиз?!
Ушбу икки оят мушрикларнинг Ҳақ Сўзни - Каломуллоҳни англашни, Ҳақ Йўлни кўришни истамаётганларидан озурда дил бўлган Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга таскин-тасаллий бериш учун нозил қилингандир.
Дарвоқеъ, Пайғамбар алайҳис-салом ўзларига кўқдан, Оллоҳ таоло ҳузуридан нозил бўлаётган Қуръон оятларини одамларга тиловат қилиб берар эканлар, бу Ҳақ Сўзни эшитган ҳар бир одам, бу Илоҳий Мўъжизага гувоҳ бўлган ҳар бир инсон албатта Унга иймон келтиради деб умид қилганлари учун, иш бунинг акси бўлаётганини кўргач, одамларнинг аксариси Қуръонни эшитиб туриб, бу Буюк Китоб кўрсатган йўл Ҳақ Йўл эканини кўриб-билиб туриб хотиржан ундан юз ўгириб, гўё ҳеч нарсани эшитмагандек, кўрмагандек ўзларининг ширк ва жаҳолатларидан ажрамасдан залолатларида кетаётганларини кўргач, бу ҳақсизликдан ниҳоят даражада изтироб чекиб, ғамга ботдилар. Ҳатто мен зиммамдаги рисолат-элчилик вазифамни тўла адо қила олмаяпманми, одамларга Оллоҳнинг Динини комил суратда етказа билмаяпманми, акс ҳолда Оллоҳнинг Каломини эшитган кишилар дарҳол иймон келтиришлари керак эдику, деган ўйларга ҳам борганларида Ҳақ таоло: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), эхдимол Сиз (Макка мушриклари) мўмин бўлмаганлари учун ўзингизни ҳалок қилгувчидирсиз. (Ундок қилманг)”, (Шуаро сураси, 3-оят), деб, ушбу оятларда мушрикларнинг мўмин бўлмаётганларига уларнинг диллари муҳрлаб қўйилгани сабаб эканини, шу боисдан улар қалб қулоқлари эшитмайдиган, кўнгил кўзлари кўрмайдиган кар ва кўр кимсаларга айланиб қолганларини айтиб,Ўз Элчисига Сиз ҳеч қачон эшитиш ва англашни истамайдиган “кар” кимсаларга Ҳақ Сўзни эшиттира олмайсиз, Ҳақ Йўлни кўришни истамайдиган “кўр” кимсаларга Тўғри Йўлни кўрсата олмайсиз, демак, Сиз уларнинг иймон келтирмаётганларидан ғам чекманг, улар сўзни эшитганлари билан унинг маъносини англай олмайдиган ожиз махлуқлардир, деб таскин-тасаллий беради.
Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “Куфр йўлидаги кимсаларни (Ҳақ Йўлга даъват қилувчи кишининг) мисоли худди фақат овоз ва чақириқни эшитадиган ҳайвонларга қичқираётган кишининг мисолидир. (Яъни, улар худди жониворлар каби чақириқ ва овозларни эшитадилар-у, лекин ҳеч нарсани англамайдилар. Бинобарин, уларни Ҳақ Йўлга чорлашнинг ҳеч фойдаси йўқ.)”
“Улар кар, соқов, кўрдирлар. Демак, тушунмайдилар”. (Бақара сураси, 171-оят).
Ушбу ояти каримада тинглаб туриб Ҳақни эшитмайдиган, билиб туриб Ҳақни айтмайдиган, қараб туриб Ҳақни кўрмайдиган динсиз кимсалар чўпоннинг овоз ва қийқириғини эшитадиган, аммо нима деяётганини, тушунмайдиган ақлсиз, қаёққа қараб ҳайдалса, ўша ёққа қараб кетаверадиган подага ўхшатилмоқда. Аммо жуда ўхшатиб ўхшатилмоқда! Уларнинг ҳолларини тасвирлашда бундан аниқроқ ташбеҳ қилишнинг имкони йўкдир.
Ахир ҳамма нарсада жуда яхши ишлайдиган қулоқ-тил-кўзлари Динга даъват қилинганларида бирдан ишламай қолса, ҳамма нарсада жуда ўткир бўлган ақллари ҳам Ҳаққа чақирилганларида бирдан ишламай қолса, уларни ақлсиз ҳайвонлар демай, ақлли инсонлар дейиш мумкинми?! Дунёвий ишларни яхши билмаслик, тушунмасликнинг, бошқача айтган-да, дунёдан мол-давлат ва юксак мартабаларга эришмасдан ўтиб кетиш-нинг зиёни камдир, чунки уни ўнгласа бўлади, агар ўнглай олмаса ҳам зиёни камдир, чунки у мана шу тўрт кунлик дунёнинг зиёнидир. Аммо Охират иши бўлган Динда зиёнкор бўлиш, яъни, Ҳақ Динга кирмасликдан, мусулмон бўлмасликдан кўриладиган зиён кейин ҳеч қачон ўнглаб бўлмас зиёндирки, бунга рози бўлган кимсани ақлли деб бўлмас. “Аниқки, Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг диллари бор-у англай олмайдилар, кўзлари бор-у кўра олмайдилар, қулоқлари бор-у эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда чорвалардан ҳам) адашганроқдирлар. Ана ўшалар гафлатда қолган кимсалардир.” (Аъроф сураси, 179-оят).
“Албатта бунда (огоҳ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлган ҳолда (яъни, сидқидилдан) қулоқ тутган киши учун эслатма-ибратлар бордир”. (Қоф сураси, 37-оят).
Бас, Ҳақ Сўзни эшитишни истамайдиган кимсаларга сўз ҳайфдир. Ахир табиб ҳам бемор муолажани қабул қилмаётганини кўргач, вақтини зое қилмаслик учун ундан юз ўгириб кетадику.
Уламолар айтадилар: “Беш нарса албатта зое бўлгувчидир - беҳуда кетгувчидир: қаттиқ ерга ёққан ёмғир зое бўлур; қуёш чиқиб турганда ёқилган чироқ зое бўлур; кўр кимсага теккан гўзал суратли аёл зое бўлур; касал кимса олдидаги лаззатли таом зое бўлур; қадрини билмайдиган кимсалар орасида доно киши зое бўлур”.(“Танвирул-азҳон”тафсиридан).

44. Албатта Оллоҳ инсонларга бирон зулм-адолатсизлик қилмас. Балки, инсонлар (Яратганга иймон келтирмасликлари билан) ўзларига ўзлари зулм қилурлар.
Юқоридаги оятларда қулоқлари Ҳақ Сўзни “эшитмайдиган”, кўзлари Ҳақ Йўлни “кўрмайдиган” бадбахт кимсалар зикр қилингач, ушбу ояти каримада Ҳақ таоло инсонларга заррача зулм қилмаслиги, балки аксинча У Зот Ўз Фазлу Марҳамати билан уларни Тўғри Йўлга етаклайдиган элчилар юбориб, Китоблар нозил қилиб Ҳақ Динни таълим берган бўлса-да, улар ўз жонларига жабр қилиб куфр ва маъсиятни, Яратганнинг Амрига хилоф бўлган ишларни танлаганларини таъкидлайди. Демак улар, ўз ҳавойи нафсларига итоат қилиб иймон ўрнига куфрни, савоб амаллар қилиш ўрнига гуноҳни, ҳалол яшаш ўрнига ҳаромни танлаганлари боис, Охиратда, Қиёмат Кунида қилмишларига яраша дўзах азобига гирифтор қилинишлари ҳам Ҳақ таоло томонидан уларга қилинган зулм эмас, балки айни Илоҳий Адолат бўлади. Чунки “(ҳар қандай) ёмонликнинг жазоси худди ўзига ўхшаган ёмонликдир.” (Шўро сураси, 40-оят).

45. (Оллоҳ) уларни (яъни, мушрикларни ҳисоб-китоб учун) тўплайдиган Кунда улар (бу дунёда) гўёки кундуз куни бир соатгина тургандек (яшагандек) бир-бирларини танирлар. Оллоҳга рўбарў бўлишни ёлғон деган кимсалар аниқ зиён қилдилар ва Ҳақ Йўлга юргувчи бўлмадилар.
Ушбу оятда Ҳақ таоло одамларга Қиёмат Саотини ва ўша Куни уларнинг барчалари қабрларидан чиқарилиб, маҳшаргоҳга тўпланганларида қай аҳволга тушишларини эслатади.
Ўта қисқа муддат турадиган ҳаёти дунёга алданиб, мангу Охиратни унутиб қўядиган ёки Охират борлигини бутунлай инкор қиладиган кимсаларга Қуръони Каримда ўша Кун такрор-такрор, турли сўзлар билан эслатилади: “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз ҳам (ўтган) пайғамбарлар орасидаги улул-азм - сабот-матонат эгалари сабр қилганларидек (мушрикларнинг озор-азиятларига) сабр қилинг ва уларга (тушадиган азоб)ни шоштирманг! Улар ўзларига ваъда қилинаётган (азобни) кўрадиган Кунда гўё (бу дунёда) фақат кундуздан бир соатгина тургандек бўлиб қолурлар! (Бу - Оллоҳ томонидан нозил қилинган) бир баёнот-хабардир. Бас, фақат итоатсиз қавмгина ҳалок қилинур”. (Аҳқоф сураси, 35-оят), “Улар у (Қиёмат Соати)ни кўрадиган Кунда (бу дунёда) гўё биргина пешиндан сўнг ёки чошгоҳ пайтида тургандек (яъни, бир кун ҳам яшамагандек) бўлиб қолурлар!” (Ван-нозиот сураси, 46-оят).
“(Қиёмат) Соати қойим бўладиган Кунда жиноятчи кимсалар (дунёда) бир соатдан ортиқ турмаганларига қасам ичурлар. Улар (ҳаёти дунёда ҳам) мана шундай (ростдан ёлғонга) бурилгувчи эдилар!” (Рум сураси, 55-оят). “Ерда қанча йил турдинглар?», деди (Оллоҳ). Улар айтдилар: «Бир кун ё ярим кун. Санаб тургувчи (фаришта) лардан сўрагин». (Оллоҳ) деди: «Агар сизлар биладиган бўлсангизлар (дунёда) жуда оз турдингизлар (яъни, сизлар абадий деб ўйлаган дунё аслида жуда оз муддатдир)”. (Мўминун сураси, 112-114-оятлар).
Демак, мангу Охират олдида ўткинчи дунёнинг умри ўта қисқа экан. Шу қадарки, Ерда ҳаёт бошланганидан то Қиёмат қойим бўлгунича ўтган, дунё ҳисобида ўта узоқ давом этган муддат ичида яшаб ўтган барча одамлар Қиёмат Куни қайта тирилиб, бир жойга тўпланганларида, гўё ҳаммалари бир кун ё ярим кун ичидаги соатларда бирин-кетин яшаб ўтгандек бир-бирларини танир эканлар! Шунингдек, ҳамаср-замондош бўлган кимсалар ҳам Ер юзида юрган кунларига нисбатан Ер остида турган муддатлари юзлаб, балки минглаб баробар узун бўлган эса-да, Қиёмат Кунида қайтадан Ер устига чиқарилганларида, гўё Ер остида бир кун ёки ярим кун, яъни, ўта қисқа вақт ётгандек, куни кеча бир-бирларидан ажрагандек бир-бирларини таниб, дўзахга ҳукм қилинган бахтсиз кимсалар ўзларини куфр йўлига чақирган доҳийларига: “Бизни сизлар Тўғри Йўлдан оздиргансизлар, деб даъво қилар эканлар. Ўзларининг Қиёмат Кунини инкор қилганлари, Оллоҳ таоло ҳузурида ҳисоб-китоб қилинишларини ёлғон деганлари ҳеч ўнглаб бўлмас хато бўлганини, Ҳидоят Йўлига юрмасдан, мангу Охират ўрнига ўткинчи дунёни танлаб жуда катта зиён кўрганларини англаб етар эканлар, аммо у Кунда қилинган тавба-тазарруъ ва афсус-надоматларнинг ҳеч қандай фойдаси бўлмас экан. Шу боисдан Меҳрибон Парвардигоримиз бугун, хатоларни ўнглаш имкони бўлган фурсатда, хатолардан тавба қилиб, Тўғри Йўлга юриш мумкин бўлган соатда ўша Кунни эслатиб, бандаларини огоҳлантиради. Албатта, бахтли инсонлар бу Илоҳий огоҳлантиришдан кўзлари очилиб, фойдаланадилар, ўзларини ўнглайдилар, ҳаётлари давомида Оллоҳга рўбарў бўладиган Кунга қўлла-ридан келганча таёргарлик кўриб яшайдилар. Бахтсиз кимсалар эса бу Сўзни “эшитмайдилар” ва Қиёмат Кунида ушбу оятлар уларга қарши-ҳужжат булади. Ана ўшалар ҳақиқий зиён кўргувчилардир.

46. Агар Биз уларга ваъда қилаётганимиз азобнинг баъзисини Сизга кўрсатсак ҳам (яъни, ҳаёт пайтингизда уларнинг кофир бўлганлари оқибатида тортадиган азобларидан бир қисмини кўрсангиз ҳам), ёки (уларни азобга дучор қилишимиздан илгарироқ) Сизни вафот қилдирсак ҳам, (ҳар икки ҳолда) Ўзимизга қайтишлари бордир. Сўнгра Оллоҳ улар қилаётган барча ишларга Гувоҳдир.
Маълумки, ушбу сура Макка сураларидандир. У жойдаги мушрик кимсалар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ҳамда у зотни ҳақ Пайғамбар деб иймон келтирган, ҳали саноқлари жуда оз бўлган мўминларга тинимсиз зулм ва зўравонликлар қилишиб, кундан-кунга ҳадларидан ошиб, гўё бу қилмишлари учун ҳеч қачон жазоланмайдигандек, куфр ва исёнлари учун Оллоҳ таолонинг азобига дучор бўлмайдигандек хотиржам юрганларида Жаноби Ҳақ Ўз Элчисига ушбу ояти каримани нозил қилиб, кофирларнинг барча жиноятларига Ўзи Гувоҳ бўлиб турганини ва ҳеч бир жиноят жазосиз қолмаслигини айтади ҳамда Ўзи кофирларга ваъда қилаётган азобнинг бир қисмини улардан айримларининг бошига Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётлик пайтларидаёқ тушириши ҳақида хабар беради. Дарвоқеъ, ҳеч қанча вақт ўтмасдан Бадр жангида ва кейин Ҳунайн ғазотида Пайғамбар алайҳис-салом ва саҳобайи киром бу Илоҳий хабарнинг ҳақ эканини ўз кўзлари билан кўрдилар - Макка мушрикларининг катталаридан кўпчилиги ўша жангларда Оллоҳ таоло кўкдан туширган малоикаларнинг қўллари билан ҳалок қилиндилар.
Ояти карима давомида Ҳақ таоло Ўзининг мушрик-кофир кимсаларга мана шу ҳаёти дунёнинг ўзида берадиган турли азоб-уқубатлари Пайғамбар алайҳис-саломнинг вафотларидан кейин ҳам давом этиши ҳақида хабар беради ва кофирларнинг бу дунёда азобга гирифтор қилинганлари ҳам, дунё азобидан қутулиб қолганлари ҳам, ҳаммалари Қиёмат Кунида Унинг ҳузурига тўпланишлари ва Унинг Гувоҳлигида мангу дўзах азобига ҳукм қилинишлари аниқ эканини айтиб, Ўз Элчисига ва у зотнинг асҳобларига таскин - тасалли беради.

47. Ҳар бир миллат учун пайғамбар бўлур. Бас, қачон пайғамбарлари келганида, ўша (миллат)ларга зулм қилинмаган ҳолда, уларнинг ўрталарида адолат билан ҳукм қилинур.
Яъни, бу олам имтиҳон олами бўлиб, ҳар бир киши мана шу имтиҳондан ўта олган-олмаганига қараб Охиратда мукофот ёки жазога мустаҳиқ бўлади. Бандалар ўзларининг зиммаларидаги бурчларини ва ҳақ-хуқуқларини таниб, Ҳақ Йўлни топиб, имтиҳондан муваффақият билан ўтишлари учун уларга Оллоҳ таоло Ўзининг элчилари орқали Ўз кўрсатмаларини юборади. Бу элчиларнинг аввалгиси Одам алайҳис-салом бўлса, сўнггиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламдирлар. Бу иккалаларининг ўртасида юз минглаб пайғамбарлар ўтганлар. Бинобарин, дунёда бирон-бир миллат йўқки, у миллатга Оллоҳ таоло юборган элчиларнинг даъвати етмаган бўлса. Ояти каримада уқтирилишича, Оллоҳ таоло Ўзи яратган ҳар бир миллатга пайғамбар юбориб, Ўз Динига даъват қилади. Қачонки, у миллат ўша пайғамбарни ёлғончи қилиб, у келтирган диндан юз ўгирса, Қиёмат Кунида у миллатга ўша пайғамбар гувоҳлигида адолат билан жазо берилади.
Бу ҳақца яна бошқа бир сурада шундай дейилади: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва Сизни ана ўшаларнинг (барчалари) устида гувоҳ қилганимизда (инсонларнингҳоли) қандоқ бўлур?!” (Нисо сураси, 41-оят).
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси шарифда Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу деди: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Менга Қуръон ўқиб бергин”, - дедилар. Мен: “Ё Расулуллоҳ, Қуръон Сизга нозил қилинганку, мен Сизга Қуръон ўқиб бераманми?” - дегандим, - “Ҳа”, -дедилар. Шунда мен Нисо сурасини ўқиб, ушбу: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз ҳар бир умматдан (ўша умматнинг пайғамбарини) гувоҳ келтирганимизда ва Сизни ана ўшаларнинг (барчалари) устида гувоҳ қилганимизда (инсонларнинг ҳоли) қандоқ бўлур?!” оятига етиб келга-нимда “Шу ергача етар”, - дедилар. Қарасам, кўзларидан ёш қуйиларди”.
Уламолар айтадилар: “Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг йиғлашлари у Куннинг даҳшатидан эди. Чунки у Кунда барча пайғамбарлар ўз қавмлари устида, улардан ким мўмин, ким кофир бўлгани ҳақида гувоҳлик бериш учун келтириладилар. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам гувоҳ сифатида келтириладилар. Бу ҳақда Бақара сурасида ҳам зикр қилинган: “Шунингдек, (яъни, Тўғри Йўлга ҳидоят қилганимиз каби), сизларни бошқа одамлар устида гувоҳ бўлишингиз ва Пайғамбар сизларнинг устингизда гувоҳ бўлиши учун ўрта (адолатли) бир миллат қилдик.” (Бақара сураси, 143-оят).
Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг барча уммат устида гувоҳ бўлишлари хусусида Абдуллоҳ ибн Муборак розияллоҳу анҳу Саид ибн Мусаййиб розияллоҳу анҳудан шундай ривоят қилган: Саид ибн Мусаййиб айтади: “Ўтадиган ҳар бир кунда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга эрта-ю кеч умматлари кўрсатиб турилади, бас, у зот уларнинг сиймо - суратларини таниб, қилган амалларидан хабардор бўладилар. Шунинг учун улар устида гувоҳликка ўтадилар”. (Тафсири Куртубий).
Ҳақ таоло ушбу оятда Қиёмат Кунида - ҳар бир уммат устида пайғамбарлари, у пайғамбарлар устида Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам гувоҳ бўлиб, ким мўмин-у, ким кофир эканини айтадиган ва шу буюк гувоҳликка биноан мўмин жаннатга, кофир дўзахга хукм қилинадиган Кунда - умрларини куфр билан ўтказган кимсалар қандай аҳволга тушар эканлар, деб Ўз таажжубини изоҳ қилади ва бу билан динсиз кимсаларни огоҳлантиради.
Қуртубий ўзининг “Ал-жомеъ лиаҳкомил-Қуръон” тафсирида: “Оят мазмуни - одамлар то уларга Оллоҳнинг элчилари юборилмагунича бу дунёда жазоланмайдилар. Қачонки уларга Оллоҳнинг динини ўргатувчи элчи келгач, ким унга иймон келтирса нажот топади, ким иймон келтирмай у пайғамбарни ёлғончи қилса, ҳалок қилинади ва азобга гирифтор бўлади, деб тафсир қилиниши ҳам жоиздир”, дейди.
Бу тафсир “Маолимут-танзийл”, “Тафсири Мунийр” ва бошқа тафсир китобларида ҳам келтирилган. Демак, инсонлар дунёдаги ҳаётларида ҳам, Охиратдаги ҳаётларида ҳам бахтли бўлишлари, нажот топишлари учун ўзларига юборилган пайғамбарларга иймон келтириб, улар даъват қилган Тўғри Йўлга юришлари лозим. Акс ҳолда дунёда ҳам, Охиратда ҳам ҳалокатга дучор бўлишлари муқаррардир.

48. Улар: «Агар ростгўй бўлсангизлар (айтинглар-чи), мана шу ваъда (қилинган азоб) қачон бўлади?!», дейдилар.
Яъни, Макка мушриклари ҳам, ҳамма замонлардаги кофирлар ҳам шундай дейдилар. Улар Ҳақ Йўлга - Нажот Йўлига даъват қилган Пайғамбар алайҳис-саломга ва у зотнинг издошлари бўлган мўминларга: “Ҳадеб бизни Оллоҳнинг азоби тушади, деб, Қиёмат келади, деб кўрқитасизлар. Қани агар мана шу сўзларингиз рост бўлса, ўша айтган азобларингиз қачон тушишини, Қиёмат қачон келишини айтиб беринг-чи?” дейдилар. Улар бу сўзларни қачон азоб тушишини, Қиёмат қачон келишини аниқ билиб олиш учун эмас, балки Оллоҳ таолонинг бу ваъдасига ишонмаганликлари учун ва Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламни масхара қилиб кулиш учун айтадилар.

49. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Мен (ўзгалар уёқда турсин), ўзимга ҳам бирон зиён ё фойда етказишга қодир эмасман. Магар Оллоҳ хоҳласагина (бирон ишга эга бўлурман. Бинобарин, келажак, ғайб илмларидан ҳам хабардор эмасман, лекин) ҳар бир миллат - авлод учун ажал бордир. Қачон ажаллари етса, уни бирон соат кетга ҳам сура олмайдилар, илгари ҳам қила олмайдилар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад сололлоҳу алайҳи ва салламга, демак, у зотнинг барча умматларига ҳам юқорида-ги оятда зикр қилинган саволни берадиган динсиз кимсаларга қандай жавоб қилиш кераклигини таълим беради.
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиздан ва бошқа мўминлардан: “Агар сўзларингиз рост бўлса, ўша сизлар ваъда қилаётган азоб қачон бошимизга тушишини айтиб беринглар-чи?” деб сўраётган ва сизларни масхара қилиб устингиздан кулаётган жоҳил мушрикларга айтинг: “Бу менинг қўлимдаги иш эмасдир. Мен ўзим учун бирон фойда ёки зиён етказишга эга эмасман-у, қандай қилиб сизларга қачон азоб тушишини белгилай оламан? Барча иш Ёлғиз Оллоҳнинг Хоҳиш-Ихтиёридадир. Демак, фақат У хоҳлаган соатда - ўзларига юборилган пайғамбарни ёлғончи қилган ва умр бўйи ўз куфр ва исёнларида оёқ тираб туриб олган иймонсиз кимсалар устига - Унинг азоби тушиши аниқдир.
Ҳар бир динсиз қавм учун Оллоҳ таоло томонидан уларнинг устига тушадиган азоб муддати аниқ белгилаб қўйилгандир. Қачон ажаллари етиб, ҳалок бўладиган муддатлари келганида, улар ўз ҳалокатларини бир нафас ҳам ортга сура олмайдилар, шунингдек, Оллоҳ томонидан белгиланган ажал муддатларини ўз хоҳишларига қараб бирон соат тезлата олмайдилар. Бас, сизлар ҳам, эй мушриклар, шошилмай қўя қолинглар, эртами кечми сизлар учун белгиланган вақт ҳам келади ва сизларга ваъда қилинган азобга албатта гирифтор бўласизлар”.

50. Айтинг: «Хабар берингиз-чи, У Зотнинг азоби сизларга кечаси келадими ё кундузими, (бундан сизларга не фойда?) Бу жиноятчи кимсалар (яъни, мушриклар) у (азоб)дан нимани тезлатмоқчилар?!
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз мушрикларга ўз ҳолингизни баён қилиб берганингиздан кейин ҳам, Оллоҳ таолонингҳар бир қавм устига жорий қиладиган қонун-қоидалари борлигини, кофирлар азобга гирифтор бўлишлари муқаррар эканини, фақат у азоб Яратган томонидан аниқ белгилаб кўйилган муддатини кутиб турганини айтиб огоҳлантирганингиздан кейин ҳам улар яна: “ўша ваъда қилаётган азобинг қачон тушади”, деб сўрайверадиган бўлсалар, уларга айтинг: “Хабар беринглар-чи, ўша сизлар жаҳолат ва ҳамоқат билан шоштираётган азобни Оллоҳ таоло устингизга тун уйқусида ғафлатда бўлган соатларингизда туширадими ёки кундузи турли ишларингиз билан машғул бўлган пайтингизда туширадими, сизлар учун қандай фарқи бор, ўша азоб тушадиган соатни аниқ билиб олишларингизни қандай манфаати бор? Балки сизлар аниқ билиб олиб, ўша азоб тушган соатда унга чап бериб қутулиб қолмоқчидирсизлар?! Асло ундай қила олмайсизлар! Ҳеч қачон Оллоҳнинг Амрига қарши тура олмайсизлар! Бас, эй жиноятчи - осийлар, не сабабдан у азобни шоштирмоқдасизлар?!
Мушриклар Оллоҳ таолодан Ҳидоят ўрнига азоб сўраганлари ҳақида бошқа сурада ҳам хабар берилган: “Яна уларнинг: «Эй Худо, агар мана шу (Қуръон) Сенинг даргоҳингдан келган ҳақиқат бўлса, устимизга самодан тош ёғдиргин ёки бизларга аламли азоб келтиргин», деганларини эсланг!” (Анфол сураси, 32-оят). “Бир сўрагувчи кимса (осмонларнинг барча) поғоналари - қаватлари Соҳиби бўлмиш Оллоҳ томо-нидан кофирларга тушгувчи, биров қайтара олмайдиган азобни (ўз устига тушишини) сўради”. (Маориж сураси, 1-3-оятлар).

51. (Сизларга): “Энди (яъни, Оллоҳнинг азоби бошингизга) тушгани-да, иймон келтирдингизларми? Энди-я?! Ахир (азоб тушишига ишонмай) уни шоштираётган эдингизлар-ку?!» (дейилур).
Яъни, эй мушриклар, сизлар иймон келтиришларингиз учун албатта устингизга азоб тушиши керакми?! Сизлар шуни кутмоқдамисизлар?! Қачон азоб тушса, ўшандагина иймон келтирасизларми?! Иймон фойда бермайдиган вақтда-я?! Ахир унда сизларга: “Энди-я?! Куни кеча: “сен ваъда қилган азоб қачон тушади ўзи?” деб Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ва мўминларни масхара қилиб кулаётган эдингизларку?! Оллоҳ таолонинг кофирлар учун таёрлаб қўйган азоби бор эканига ишонмаётган эдингизларку?! Энди, ўша ваъда қилинган азоб бошларингизга тушганида, қочиб қутуладиган бирон жой топа олмай, ночор-ноилож ҳолда иймон келтирдингларми?! Энди бу иймонларингизнинг сизларга ҳеч қандай фойдаси йўқ”, дейиладику?!
Айрим муфассирлар: “Бу саволлар Қиёмат Кунида мушрик-кофир кимсаларга Оллоҳ таоло томонидан берилади”, дейдилар. Яна бошқа муфассир уламолар эса: “Малоикалар мушрикларга мана шундай саволлар берадилар”, деб тафсир қилганлар.

52. Сўнгра ўзларига зулм қилган бу кимсаларга айтилур: «Мангулик азобини тотингиз! Сизлар фақат ўзларингиз касб қилган гуноҳларингиз сабабли жазоланмоқдасиз!»
Ояти каримада ҳаётларини куфр-исён билан ўтказган кимсалар зулм қилгувчилар экани айтилмоқда. Маълумки, зулм сўзининг маъноси адолат қилмаслик, нарсаларни ўз ўринларига қўймаслик, ҳақни ташлаб, бо-тилни танлаш деганидир. Кофир кимсалар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳақ Пайгамбар деб тасдиқлаш ўрнига ёлғончи қилганлари, иймон келтириш ўрнига куфр келтирганлари Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш ўрнига турли бут-санамларга сиғинганлари сабабли ҳам ўзларига, ҳам бошқаларга жабр-зулм қилдилар.
Демак, Қиёмат Кунида ана шундай золим кимсаларга ҳаёти дунёда қилиб ўтган қилмишлари сабабли энди абадул-абад азобланишлари ай-тилади.
Ояти карима у золимларга Оллоҳ таолонинг Одил Зот эканини - фақат жиноятчининг жиноятига яраша жазо беришини таъкидлайди. Энг оғир жиноят Яратганга куфр келтириш бўлгани учун бу жиноятнинг жазоси ҳам энг оғир жазо - мангу азоб бўлади. Ва аксинча, энг яхши амал Яратганга иймон келтириб, Ёлғиз Унга ибодат қилиш бўлгани учун бу яхшиликнинг мукофоти ҳам энг яхши мукофот - жаннатлардаги мангу роҳат бўлади.
Бас, ҳар ким ўзи экканини ўради. Кофирларнинг албатта дўзахга тушишлари худди захар ичган кимсанинг албатта ҳалок бўлишига ўхшайди.

53. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиздан: «У (ваъда қилинган азоб) ҳақми?», деб сўрайдилар. Айтинг: «Ҳа, Парвардигоримга қасамки, албатта у ҳақдир. Сизлар (ундан) қочиб қутулгувчи эмассизлар».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, кофирлар учун Оллоҳнинг азоби борлиги ҳақида нозил бўлган шунча оятларни эшитиб-билиб туриб яна улар Сиздан: “Ўша ваъда қилинган азоб ростдан ҳам борми?” деб сўрайдилар. Улар бу саволлари билан ҳақиқатни билмоқчи эмаслар, балки фақат Сизни масхара қилиб, устингиздан кулмоқчилар. Лекин Сиз уларнинг истеҳзоларига эътибор бермай айтингки, “Ҳа, Парвардигоримга қасамки, албатта, у ҳақдир. Сизлар (у азобдан ҳеч қаёққа) қочиб қутулгувчи эмассизлар”.
Яъни, ҳатто тупроққа айланиб кетишларингиз ҳам сизларни у азобдан қутқара олмайди. Оллоҳ таоло сизларни аввал-бошда йўқдан бор қилгани каби тупроқдан қайта тирилтиради ва жиноятларингизга яраша жазоларингизни бериб, мангу азобга гирифтор қилади. Қайта тирилиш ва ҳисоб-китоб ҳақ эканини Оллоҳ таоло ва Унинг Расули Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам қасам билан таъкидлаган оятлар бошқа сураларда ҳам келади: “Кофир бўлган кимсалар: «Бизларга (Қиёмат) Соати келмас», дедилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: «Йўқ, Ғайбни Билгувчи Парвардигоримга қасамки, шак-шубҳасиз, у (яъни, Қиёмат) сизларга келур. Осмонлар ва Ердаги бир зарра мисоличалик, ундан ҳам кичик (ёки) катта бирон нарса (Оллоҳ)дан махфий бўлмас - албатта очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда у) мавжуд бўлур». Токи (Оллоҳ) иймон келтирган ва яхши амаллар қилган зотларни мукофотлаши учун (шак-шубҳасиз, Қиёмат Соати келур). Ана ўша зотлар учун мағфират ва улуғ ризқ (яъни, жаннат) бордир. Бизнинг оятларимизга (қарши) курашиш ҳаракатида юрган кимсалар учун эса аламли жазодан иборат азоб бордир.” (Сабаъ сураси, 3-5-оятлар). “Кофир бўлган кимсалар ўзларининг ҳеч қачон қайта тирилмасликларини гумон-даъво қилдилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: «Йўқ, Парвардигоримга қасамки, албатта қайта тирилурсизлар, сўнгра албатта сизларга қилган амалларингизнинг хабари берилур. Бу Оллоҳга осондир”. (Тағобун сураси, 7-оят).

54. (У Кунда), агар зулм қилган (яъни, ҳаёти дунёдан мушрик ҳолда ўтган) ҳар бир жон учун Ердаги бор нарса бўлса ҳам, албатта уни (азобдан қутулиш учун) фидо - тўлов қилиб юборган бўлур эдилар. Улар азобни кўрган вақтларида (даҳшатдан) афсус-надоматларини (изҳор қилишга ҳам куч топа олмай) ичларига ютдилар ва уларга зулм қилинмаган ҳолда ўрталарида адолат билан ҳукм қилинди.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Қиёмат даҳшатларидан айримлари ҳақида хабар беради.
Оятда зикр қилинган зулмдан мурод ширкдир.
“Эсланг, Луқмон ўғлига панд-насиҳат қилар экан, деган эди: «Эй ўғилчам, Оллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк келтириш катта зулмдир”. (Луқмон сураси, 13-оят).
Демак, Қиёмат Кунида мушрик-кофир кимсалар Оллоҳнинг азобидан кутулиш учун агар қўлларида бўлса, Ердаги бор бойликларни фидо қилиб юборишга тайёр бўладилар. Аммо вақт ўтиб бўлган, энди қилинган жиноятга яраша жазоланишдан ўзга бирон чора қолмаган. “Албатта кофир бўлган ва кофир ҳолда ўлган кимсалар, агар улардан биронтаси Ер юзи тўла олтинни тўлов қилиб берса ҳам ҳаргиз қабул қилинмас. Ундай кимсалар учун аламли азоб бордир. Ва улар учун ҳеч қандай ёрдамчи бўлмас”. (Ол-и Имрон сураси, 91-оят). “Кофир бўлган кимсалар эса Ердаги бор нарса ва яна шунча нарса - бойлик уларнинг мулкига айланиб, ўшани Қиёмат Кунидаги азобдан (нажот топиш учун) сарф қилмоқчи бўлсалар, улардан қабул қилинмас. Улар учун аламли азоб бордир”. (Моида сураси, 36-оят).
Бухорий ва Муслим Анас Ибн Молик розияллоху анхудан ривоят қилди, Расулуллоҳ сололлоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Қиёмат Кунида дўзах аҳлидан бўлган кимсадан сўралади: “Агар Ердаги бор нарса сеники бўлганида мана шу дўзах азобидан кутулиш учун бериб юборган бўларми-динг?” У: “Албатта”, деб жавоб қилади. Шунда Оллоҳ таоло: “Ахир Мен сендан бунга нисбатан жуда осон нарсани истаган эдимку?! Мен сендан ҳали сен отанг Одамнинг белида турганингда Менга бирон нарсани ширк келтирмайсан, деб аҳд-паймон олган эдим. Сен эса ўша аҳд-паймонингни бузиб, мушрик бўлишни истадинг”, дейди ва у кимса дўзахга ташланади”.
Ояти каримада, агар эътибор қилинса, келажақца рўй берадиган Қиёмат Куни аҳволоти ҳақида ўтган замон феъли билан хабар берилди. Бунга сабаб, биринчидан, у Куннинг келишида ҳеч қандай шак-шубҳа бўлмагани учун Ҳақ таоло Қиёматда кечадиган воқеъа-ҳодисаларни гўё ҳозир бўлиб ўтгандек тасвирлайди. Иккинчидан, ўтган замон, ҳозирги замон, келгуси замон, деган тушунчалар биз - бандаларга ва барча махлуқотга нисбатан айтилиши тўғридир. Аммо Азалий ва Абадий Зотга ўтмиш ҳам, келажак ҳам худди ҳозирги замон каби аниқ маълум бўлгани учун, агар таъбир жоиз бўлса, қуйида - Ерда ҳар тарафга қараб кетаётган одамларнинг сафарларини қай нуқтадан бошлаганлари ҳам, бориб тўхташлари аниқ бўлган манзиллари ҳам, юқорида - осмонлар устида барча нарсани кўриб-кузатиб тургувчи Оллоҳ таолога аён кўриниб тургани учун У Зот айрим оятларида Қиёмат Куни ва ундан кейин келадиган замонда рўй берадиган воқеъа-ҳодисаларни ҳам ўтган замон шаклида баён қилади.
“Улар азобни кўрган вақтларида (даҳшатдан) афсус-надоматларини (изҳор қилишга ҳам куч топа олмай) ичларига ютдилар ва зулм қилинмаган ҳолда ўрталарида адолат билан ҳукм қилинди”.
Яъни, мушрик-кофир кимсалар Қиёмат Кунида уларни кутиб турган азобни ўз кўзлари билан кўрган вақгларида қўрққанларидан худди дорга осиш учун олиб кетилаётган кимсанинг даҳшатдан тилига калима келмай қолгани-дек, бирон сўз айта олмай, ҳатто дилларини ўртаётган афсусларини, ҳаётларини беҳуда совуриб юборганлари учун қилаётган надоматларини ҳам изҳор қила олмай, дамлари ичларига тушиб кетади ва Одил Подшоҳ - Ҳақ субҳонаҳу ва таоло уларнинг ўрталарида Ўзининг Ҳақ ва Адолатли Ҳукмини чиқариб, улардан ҳар бири қилмишларига яраша етти дўзахдан бирига ташланади.

55. Огоҳ бўлингизким, осмонлар ва Ердаги нарсалар, шубҳасиз, Оллоҳникидир. Огоҳ бўлингизким, албатта, Оллоҳнинг ваъдаси ҳаққи-рост ваъдадир. Лекин уларнинг кўплари билмайдилар.
“Огоҳ бўлингизким, осмонлар ва Ердаги нарсалар шубҳасиз, Оллоҳникидир”.
Яъни, осмонлар, Ер ва уларда мавжуд бўлган барча жонли-жонсиз нарса ва кимсаларнинг Эгаси Ёлғиз Оллоҳ таоло экани аниқдир. Осмонлардаги малоикалар, қуёш, ой, юлдузлар ҳам, Ердаги бор мавжудот-махлуқот ҳам, ҳамма-ҳаммаси унинг салтанат-мамлакатидир.
Уларни барчасини ва ҳар бирини У ЗотнингЎзи комил Қудрат ва гўзал Ҳикмат билан тасарруф қилади - бошқаради. Ҳеч ким Ундан яширина олмайди ва ҳеч ким Унинг жазосидан қочиб қутула олмайди.
“Огоҳ бўлингизким, Оллоҳнинг ваъдаси, шубҳасиз, ҳаққи-рост ваъдадир”.
Яъни, Ҳақ таоло ваҳий билан Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга, у зот орқали барча инсониятга ваъда қилган нарсаларнинг ҳаммаси, жумладан, иймон билан солиҳ амаллар қилган инсонларга ажр-мукофотлар ато этиши, гуноҳ-жиноят қилган кимсаларни жазолаши, шунингдек, мушриклар: “мана шу ваъда (қилинган азоб) қачон бўлади?!” деб шоштираётган азоб уларнинг бошига тушиши ҳақ ва аниқдир, Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло албатта Ўз Ваъдасига Вафодордир. Лекин одамларнинг кўплари ақлсизликлари ва ғафлатга ботиб қолганлари учун буни билмасдан оғизларига келган сўзни айтиб ўтлайверадилар.
Ояти каримада “Огоҳ бўлингиз”, деб қайта-қайта огоҳликка даъват қилиниши олам аҳлини ўзлари ботиб қолган ана ўша ғафлат уйқусидан уйғотиш учундир.

56. Ҳаёт берадиган ҳам, ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Ва Унгагина қайтарилурсизлар.
Дарҳақиқат, осмонлар ва Ердаги барча жонзот Оллоҳ таоло уларга ҳаёт беришидан аввал ўлик бўлганлар, яна Оллоҳ таоло ирода қилган соатда ўладилар. Фақат Оллоҳ таолонинг Ўзигина Азалий Тирик ва Абадий Тургувчидир. Баски, бир томчи сувга - нутфага агар хоҳласа ҳаёт бериб, тирик инсонга айлантиргувчи ҳам, Ўзи хоҳлаган соатда уни ўлдириб, сўнгра қай-тадан тирилтиргувчи ҳам Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ субҳонаху ва таолонинг Ўзи экан, демак, Унга иймон келтирмаслик, Унга қуллик - ибодат қилмаслик ёки Унга ширк келтириб мушрик бўлиш ақлли инсоннинг иши эмасдир. Фақат ақлсиз кимсаларгина ҳаёт бериш ҳам, ўлим бериш ҳам Ёлғиз Оллоҳнинг Қўлида эканини билишмайди, ишонишмайди. Масалан, қанчадан-қанча олис сафарларга чиққан ё жангоҳларга кетган инсонлар эсон-омон уйларига қайтаётганларини, қанчадан-қанча уйдан чиқмай, ўзларини эҳтиёт қилган кишилар эса ўлиб ҳам турганларини доимий равишда кўриб-билиб турсалар-да, ўлдирадиган ҳам, ҳаёт берадиган ҳам Ёлғиз Оллоҳ таоло эканини билмайдилар. Бутун умрлари давомида: “Аттанг, ундай қилганларида бундай бўлмас эди, афсус, бундай қилганларида ундай бўлмас эди”, деб ҳасрат-надоматда ўтиб кетаверадилар.
Ҳақ таоло мўминларни ана шундай кофирларга ўхшаб қолишдан қайтаради ва барча инсонлар Унинг ҳузурига қайтарилишлари аниқ эканини айтиб огоҳлантиради.

57. Эй инсонлар, сизларга Парвардигорингиз томонидан панд-насиҳат, диллардаги (бузуқ эътиқодлардан иборат) нарсаларга шифо ва мўминларга Ҳидоят ва Раҳмат (яъни, Қуръон) келди.
Ушбу ояти каримада Пайғамбар алайҳис-саломга замондош ва ватандош бўлган қурайшликлардан тортиб то Қиёмат дунёга келадиган барча инсонларга хитоб қилинади. Жаноби Ҳақ инсонларга тенгги йўқ Буюк Неъмат - Қуръон келганини эслатиб, Ўз Каломининг тўрт сифатини зикр қилади. У сифатлардан биринчиси, Қуръони Азим энг холис, энг комил, энг фойдали мавъиза - панд-насиҳатдир. У ўзининг тарғиб ва тарҳиб, яъни, рағбатлантириш ва қўрқитиш услуби билан инсонларни солиҳ амаллар қилишга ва гуноҳ-маъсиятлардан тийилишга буюради ҳамда Оллоҳ таоло наздида қандай амаллар яхшилик, қандай ишлар ёмонлик эканини баён қилади.
“Бу (Қуръон) одамлар учун (Тўғри Йўлни) баён қилгувчи ва тақво эгалари учун Ҳидоят ва панд-насиҳатдир. (Ол-и Имрон сураси, 138-оят).
Қуръони Карим тўла ҳолида ҳам, унинг ҳар бир ояти ҳам барча инсон-лар учун Илоҳий Баёнотдир. Уларнинг орасидаги тақводор зотлар учун эса, ушбу Китоб Ҳидоят ва панд-насиҳатдир. Яъни, эҳтимол, ҳамма ҳам Қуръонга Каломуллоҳ деб иймон келтирмас ё унинг кўрсатмаларига амал қилмас ёки унинг маъноларини билмас. Энди бу “узрлар”нинг биронтаси ҳам унга фойда бермайди. Чунки Оллоҳ таоло одамларга Ўз Баёнотини тўла эълон қилди - уларга Ўз Каломини Қуръонни нозил қилди, унинг оятларида нимага ишонишлари кераклигини, нима қилишлари ва нима қилмасликлари кераклигини, кимдан қўрқишлари кераклигини очиқ-равшан баён ҳам қилди. Бас, биз билмаймиз дейишларига ўрин қолмади. Ким бу Илоҳий Ҳужжатга амал қилмаса, унга қарши турса, бу ўша кимсанинг айбидир, балки жиноятидир. Чунки Оллоҳ берган умрни яшаб, У берган ризқни еб, Унинг берган саноқсиз неъматларидан фойдаланиб туриб, Унинг Сўзига итоат этмаслик энг катта жиноятдир, бас, бу жиноятнинг жазоси ҳам ўзига яраша каттадир, яъни, дўзахдаги мангу азобдир.
Энди ана ўша Қуръон, унинг ҳар бир ояти Оллоҳдан қўрқадиган инсонлар учун Тўғри Йўл ва панд-насиҳатдир. Яъни, Қуръони Азимдан ҳар икки дунёда том маънода фойдаланиш учун одам бўлишнинг ўзи, ақлли бўлишнинг ўзи етарли эмас, бунинг учун тоза, покиза, парҳезкор, бошқача айтганда, Ёлғиз Оллоҳдан қўрқадиган тақводор инсон бўлиш керак. Қуръон тақводорлар учун Ҳидоятдир.
Қуръони Каримнинг иккинчи сифати, унинг оятлари қалблардаги жаҳолат, шак-шубҳа, нифоқ, куфр, бузуқ эътиқод ва бузуқ хулқлар каби энг бедаво дардларга шифодир.
Демак, инсон токи иймон келтириб, Каломуллоҳни ўрганиб, унинг кўрсатмаларига амал қилмас экан, мазкур дардлар уни дунёда ҳам, Охиратда ҳам ҳалок қилади.
“Биз мўминлар учун Шифо ва Раҳмат бўлган Куръон оятларини нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим-кофир кимсаларга фақат зиённи зиёда қилур”. (Ал-Исро сураси, 82-оят).
Учинчи сифат, бу Азиз Китоб инсонларни ботил йўллардан, залолатдан қайтариб, Ҳақиқатга иймонга ва икки дунё саодатига эриштирувчи Тўғри Йўлга етаклайдиган Ҳидоят, яъни Етакчидир.
“Айтинг: «(Ушбу Қуръон) иймон келтирган зотлар учун Ҳидоят ва (дилларидаги шак-шубҳани кетказувчи) Шифодир. Иймон келтирмайдиган кимсаларни эса қулоқларида огирлик-карлик бордир ва (Қуръон) уларга кўрлик (яъни, қоп-қоронғи зулмат) бўлур. Улар (гўё) узоқ бир жойдан чақирилаётган кишилар (кабидирлар, яъни, гарчи Қуръон оятларини эшитсалар-да, унинг маъно-ҳикматларини англай олмаслар)”. (Фуссилат сураси, 44-оят).
Тўртинчи сифат, Қуръони Карим мўминлар учун Оллоҳнинг Раҳматидир. Чунки у мўминларни залолат зулматларидан чиқариб, иймон нурига мушарраф қилади, улар учун дўзах ўтидан қалқон бўлиб, жаннатларга киришларига сабаб бўлади.
Ояти каримада Қуръон ҳамма одамлар учун эмас, балки фақат мўминлар учун Раҳмат экани таъкидланди. Чунки бу Буюк Китобдан фақат унга Ҳақ Каломуллоҳ деб иймон келтирган ва унинг кўрсатмаларига амал қилган мўмин-мусулмонлар фойдаланадилар. Аммо Оллоҳ таолонинг ғазабига лойиқ бўлган динсиз, иймонсиз кимсалар учун эса Қуръони Азим Қиёматда уларга қарши гувоҳлик бергувчи Илоҳий Ҳужжатдир. Демак, Қуръон, фақат унинг Раҳмат эканига иймон келтирган ва ўзларининг бу Китоб кўрсатмаларига жуда муҳтож эканликларини билиб уни чин ихлос билан тиловат қиладиган, ўқиб-ўрганадиган мўмин-мусулмонлар учун Оллоҳ таоло томонидан нозил қилинган Илоҳий Марҳаматдир.

58. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Оллоҳнинг Фазлу Марҳамати (яъни, Ислом) ва У Зотнинг Раҳмати (яъни, Қуръон) билан - мана шу (неъмат) билан шод-хуррам бўлсинлар. (Зеро), бу улар тўплайдиган мол-дунёларидан яхшироқдир».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, умматларингизга айтиб-етказиб кўйингки, агар улар ҳаётларида нима билан хурсанд бўлиш тўғри эканини билишни истасалар, у ҳолда фақат Оллоҳнинг Фазли ва Раҳмати билан хурсанд бўлсинлар. Чунки Оллоҳ таоло уларга ато этган сон-саноқсиз неъматларнинг энг афзали Оллоҳнинг Фазлу Раҳматидир. Бу икки Неъмати Илоҳийя улар жамлайдиган нарсаларнинг ҳаммасидан ҳам яхшироқдир.
Абу Саид Худрий ва Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳум: “Оллоҳнинг Фазли Қуръон, Унинг Раҳмати Исломдир”, деганлар.
Ҳасани Басрий, Заҳҳок, Мужоҳид ва Қатода раҳимаҳумуллоҳ эса: “Оллоҳнинг Фазли иймон, Унинг Раҳмати Қуръондир”, деб тафсир қиладилар.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо: “Оллоҳ таолонинг бандаларига ато этган Фазли Исломдир, Унинг Раҳмати эса ўша Ислом Динини уларнинг дилларига чиройли қилиб кўрсатиб қўйганидир”, дейди.
Яна: “Оллоҳнинг Фазли иймон, Унинг Раҳмати жаннат”, деган тафсирлар ҳам бор.
Мазкур тафсирларнинг барчаси тўғри ва бир-бирини тўлдириб турадиган тафсирлар бўлиб, улардан олинадиган хулоса шуки, бандалар шод-хуррам бўлиб шукроналар айтишлари керак бўлган нарса асло уларни Яратгандан узоқлаштирадиган, Охиратни унуттирадиган дунё бойликлари эмас, балки қулларни Хожага яқинлаштирадиган,уларнинг дунё-ю Охиратда бахтли-саодатли яшашларига сабаб бўладиган Муқаддас Дини Ислом ва Қуръони Каримдир. Чунки одамлар тўплайдиган мол-дунёлари, етишни орзу қиладиган обрў ва мартабалари ўткинчи - фонийдир. Аммо Ислом ва Қуръон эса мўминларга дунё-ю Охиратда асқотадиган ҳеч туганмас бойликдир. Демак, бандалар учун энг катта бахт Исломдир - мусулмон бўлиш-ларидир, энг катта давлат эса уларга Тўғри Йўлни кўрсатувчи Қуръондир.
Тафсир китобларида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Кимни Оллоҳ Ислом Динига ҳидоят қилган бўлса ва унга Қуръонни билдирган бўлса-ю, сўнгра у кимса камбағалман деб шикоят қилса, Оллоҳ у ношукур кимсанинг икки кўзи ўртасига то Унга рўбарў бўладиган Кунгача ўчмайдиган қилиб камбағалликни битиб қўяди”, дедилар ва мана шу оятни ўқидилар. (“Тафсири Куртпубий”ва “Дуррул-мансур” тафсирдан).

59. Айтинг: «Хабар берингиз-чи (эй мушриклар), Оллоҳ сизлар учун нозил қилган ризқирўздан (айримларини) ҳаром, (айримларини) ҳалол қилиб олдингиз». Айтинг: «(Хабар берингиз-чи, бундай қилиш учун) сизларга Оллоҳ изн бердими ёки Оллоҳ шаънига бўҳгон қилмоқдамисиз лар?!»
Ояти каримада Ердан униб чиқадиган ризқирўзни осмондан нозил қилинган дейилишининг боиси, ердан чиқадиган экин-тикин Оллоҳ таолонинг Амри билан осмондан ёққан ёмғир сабабли униб-ўсади, қуёшнинг тафти билан пишади, ойнинг нуридан ранг олади. (“Танвирул азҳон”тафсиридан).
Ушбу ояти карима мазмунини мана бу икки оят ва уларнинг тафсири ёрдамида яхшироқ англаймиз: “Улар ўзларича: «Мана бу чорва ҳайвонлари ва экинлар ҳаром, уларни фақат биз хоҳлаган кишиларгина (яъни, бутхона хизматчилари ва эр кишиларгина) ейдилар. Бу ҳайвонларни эса миниш ҳаром қилинган, дедилар. Улар ҳайвонларни (сўйишда) Оллоҳнинг номини зикр қилмайдилар, (балки бутларининг номини айтадилар ва мана шу қилмишларини Оллоҳ Амри деб) У Зотга туҳмат қиладилар. Яқинда бу туҳматлари сабабли уларга Ўзи жазо беражак”. (Анъом сураси, 138-оят).
Ушбу ва қуйидаги оятларда яна мушрикларнинг Оллоҳ таолога ва Унинг Ҳақ Динига туҳмат-буҳтон қилиб, Ҳақ таоло шаънига ёлғонлар тўқиб, турли беҳуда ва тамоман бефойда ишларни “Оллоҳ буюрди”, деб ўзлари учун одат қилиб олганларига мисоллар келтирилади.
Суранинг (Анъом сурасининг) 136-оятида мазкур бўлганидек, мушриклар экин-тикинларидан олган ҳосилларидан бир қисмини ва чорва ҳайвонларидан айримларини ўзлари сиғинадиган бутларига аташар ва бутхо-на хизматчиларидан бошқалар учун у нарсаларни ейиш манъ қилинган, деб даъво қилишар эди. Ўзларича у ҳайвонларга “баҳийра, соиба, васийла ва ҳомий”, деб номлар ҳам кўйиб олишган эди. (Бу ҳақда “Моида” сурасининг 103-ояти ва унинг тафсирида батафсил айтилди). Шунингдек, улар ўша ҳайвонлардан айримларини ишлатиш - юк ортиш - миниш хдром деб даъво қилишиб, ундай туя-отларни ҳатто ҳаж сафарида хам минишмас эди.
Мушриклар Оллоҳ таолонинг Динига қарши қилган туҳмат бўҳтонлардан яна бири - улар чорва ҳайвонларини сўйишда Оллоҳнинг номини зикр қилиш ўрнига ўзлари сиғинадиган бутларининг номини айтиб сўяр эдилар.
Энг ёмони, мушриклар ўзлари ўйлаб-тўқиб чиқарган мана шу ахмо-қона қилмишларининг барчасини “Оллоҳнинг буйруғи”, деб Оллоҳ таоло шаънига туҳмат қилар эдилар. Шунинг учун оят ниҳоясида Ҳақ таоло уларнинг бундай туҳмат-бўҳтонларига албатта жазо беришини айтиб огоҳлантиради.
“Улар: «Мана бу ҳайвонларнинг қоринларидаги нарсалар фақат эркакларимиз учундир, хотинларимизга эса ҳаромдир», дедилар. Агар у нарса (яъни, ҳомила) ўлик бўлса, у ҳолда ҳаммалари шерикдирлар (яъни, эркак-хотин ҳаммалари ейишаверади). Яқинда бундай (ўзларича ҳалол-ҳаром деб) сифатлаганлари учун уларга Ўзи жазо беражак. Албатта, У Ҳикмат ва Билим Соҳибидир.” (Анъом сураси, 139-оят).
Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилинишича, ояти каримадаги ҳайвонлардан мурод, мушриклар ўз бутлари йўлида қурбонлик қилиб, “баҳийра”, “соиба” деб атаб олган туялардир.
“Баҳийра” - бешта туққан туя бўлиб, мушрик араблар унинг қулоғини кесиб, бутларига ҳадя қилишар ва бундай туяни соғиш ҳаром деб ҳисоблашар эди. “Соиба” эса оғир дардга йўлиққан араблар: “Агар шу дарддан қутулсам туямни тангри йўлига қурбонлик қиламан”, деб қасам ичиб, соғайгач, энди бу туя бутларники, деб кўчага ҳайдаб юборган ва ҳеч ким унинг гўштидан ё ишидан ёки сутидан фойдаланмайдиган туядир.
Оллоҳ таоло ҳалол қилиб қўйган бундай чорва ҳайвонларини ҳеч қандай ҳужжат-далилсиз ҳаром қилиб олган жоҳил араблар у ҳайвонлар туққан болалари ҳақида ҳам ўзларича “қонунлар” чиқариб, “баҳийра”, “соиба” бўлган туяларнинг туққан бўталоқлари агар тирик туғилса, фақат эркаклар учун ҳалолдир, аммо агар ўлик туғиладиган бўлса, унинг гўштини эркаг-у аёл еса бўлаверади”, дер эдилар.
Ояти карима мазмунидан маълум бўладики, агар инсонлар Ёлғиз Оллоҳ таолонинг ҳаққи бўлган - нарсаларни ҳалол ёки ҳаром деб сифатлаш ҳуқуқига тажовуз қилишиб, Оллоҳнинг Ҳукмини ўрганмай, билмай ва унга амал қилмай, ўзларича “Бу ҳалол, у ҳаром” деб ҳукм чиқараверадиган бўлсалар, яъни, Яратган ҳалол қилган нарсаларни “ҳаром”, деб, У Зот ҳаром қилган нарсаларни “ҳалол” деяверадиган бўлсалар, бир сўз билан айтганда, инсонларни ҳайвонлардан ажратиб турадиган ақл неъматини ўша неъматни ато этган Ҳақ таолони таниш учун, Унга итоат этиш учун эмас, балки У нозил қилган ҳукмларни бузиш учун ишлатадиган бўлсалар, ундай кимсалар албатта, бу дунёда ақлсиз ҳайвонлардан тубанроқ ҳаёт кечирадилар ва Охиратда ҳам ҳайвонлар кўрмаган азобларга мустаҳиқ бўладилар. Чунки барча нарсани Билгувчи ва ҳар бир иши Ҳикмат бўлган Зот динсиз кимсалар Унинг Динига туҳмат қилаётганларидан, Унинг Ҳукмини ўзгартириб, У ҳаром қилмаган нарсаларни “ҳаром” деяётганлари-дан Огоҳдир ва албатта уларга қилмишларига яраша жазо берар. “Сизлар Оллоҳ шаънига ёлғон тўқиш учун (яъни, Оллоҳ буюрмаган ҳукмларни Оллоҳники дейиш учун) тилларингизга келган ёлғонни сўзлаб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар! Чунки Оллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч нажот топмаслар.” (Наҳл сураси, 116-оят).

60. Оллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар Қиёмат Куни ҳақида қандай ўйдалар? Ҳеч шак-шубҳасиз, Оллоҳ инсонларга Фазлу Марҳамат Соҳибидир. Лекин уларнинг кўплари шукр қилмайдилар.
Яъни, улар Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқиб, бўҳтон қилганлари учун У Зот Қиёмат Кунида уларни жазога тортмайди деб ўйлайдиларми?!
Оллоҳ таоло шаънига туҳмат-бўҳтон қилганлари учун, Ёлғиз Оллоҳ таолонинг ҳаққи бўлган ишни - нарсаларни ҳалол ёки ҳаром қилиш ҳуқуқини - ўзлариники қилиб олиб: “у нарса ҳалол, бу нарса ҳаром”, деб ҳукм чиқарганлари ва ҳеч қўрқмасдан - уялмасдан: “Буни бизга Оллоҳ буюрган”, деб (Аъроф сураси, 28-оятдан), Оллоҳ таоло шаънига ёлғон тўқиганлари учун уларга мана шу ҳаёти дунёнинг ўзида дарҳол жазо бермасдан, тавба қилишларига, ўзларини тузатиб олишларига муҳлат бергани Ҳақ таолонинг Фазлу Марҳамат Соҳиби эканлигидандир. У Зот инсонларга Фазлу Марҳамат Соҳиби бўлгани учун ҳам уларга тавба-тазарруъ қилиб Тўғри Йўлга тушишлари учун муҳлат берди, яхши билан ёмонни, ҳақ билан ботилни ажратсинлар деб ақл неъматини ато қилди, Ўз ҳузуридан элчилар юбориб Туғри Йўлни кўрсатди, Китоблар нозил қилиб, дунё ва Охират ишларидан уларнинг ақллари қосирлик қиладиган ҳукмларни очиқ-равшан баён қилди, нима ҳалол-у, нима ҳаром эканини билдирди, улар учун манфаатли бўлган барча нарсаларни ҳалол қилди, фақат зиёнли нарсаларни уларга ҳаром қилди, Оллоҳ таолога қандай тоат-ибодат қилишни таълим берди, уларни ризқу рўз билан таъминлашни Ўз зиммасига олди ва яна бошқа сон-саноқсиз неъматлар ато қилди.
“Лекин уларнинг кўплари шукр қилмайдилар”. Яъни, Оллоҳ таоло кўрсатган Тўғри Йўлга юрмайдидар, Оллоҳ ҳалол қилган айрим нарсаларни ҳаром қилиб олиб ўзларини қийнайдилар, куч-қувват ва имкониятла-рини Ҳақ таоло буюрган солиҳ амалларга сарф қилмайдилар.

61. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз қандай иш билан (машғул) бўлманг ва у (иш) ҳақида Куръондан бирон оят ўқиманг, (эй инсонлар), сизлар қандай амални қилманглар, ўша (ишлар)га киришган пайтингизда, албатта Биз сизларнинг устингизда Гувоҳ бўлурмиз. Еру осмондаги бир зарра мисоличалик, ундан ҳам кичиқроқ (ёки) каттароқ бирон нарса Парвардигорингиздан махфий бўлмас - ал-батта очиқ Китобда (яъни, Лавхул-Маҳфузда) мавжуд бўлур.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга, сўнгра у зотнинг умматларига хитоб қилиб, уларнинг каттами-кичикми, яхшими-ёмонми барча амалларига Унинг Ўзи Гувоҳ экани ҳақида, шунингдек, осмонлар ва Ердаги - жамийки коинотдаги ҳар бир мавжудот, у бир зарра вазничалик бўладими ёки ундан ҳам кичикроқми ё каттароқми, барча-барчаси У Зотга аниқ маълум экани,Унинг тақдир Китоби Лавхул-Маҳфузда ёзиб қўйилгани ҳақида хабар беради.
Оллоҳ таолонинг коинотдаги жонли-жонсиз барча нарсадан Хабардор эканига далолат қилгувчи оятлар бошқа сураларда ҳам келган: “Ғайб очқичлари Унинг ҳузуридадирким, уларни Ёлғиз Ўзигина билур. У қуруқлик ва денгиздаги бор нарсаларни билур. Бирон барг (шохидан узилиб) тушмас, магар У билур. Ер тубларидаги ҳар бир дон, бор ҳўлу қуруқ нарса, албатта Очиқ Китобда (яъни, Лавҳул-Маҳфузда) мавжуддир.” (Анъом сураси, 59-оят).
Ояти каримадаги “Мафотиҳ” калимасининг икки маъноси бўлиб, бири хазиналар, иккинчи маъноси эса, калитлар - очқичлар деганидир.
Ушбу ояти карима ғайб оламига иймон келтириш вожиб эканига ва ҳар иш Оллоҳ таолонинг тақдири - ўлчови билан бўлишига, жамийки нарса Оллоҳ таоло ҳузуридаги - Унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайдиган ва ўзгартира олмайдиган Лавҳул-Маҳфузда битиб қўйилганига аниқ ишониш вожиб эканига далилдир.
Бухорий Ўз “Саҳиҳи”да ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Ғайбнинг (яъни, инсон ақл-идрокидан ташқари оламнинг) очқичлари бештадир. Уларни Ёлғиз Оллоҳдан ўзга ҳеч ким билмайди: Бачадонлардаги нарсани (ҳомила пайдо бўлдими-йўқми эканини) Ёлғиз Оллоҳ билур, эртага нима бўлишини Ёлғиз Оллоҳ билур, қачон ёмғир келишини Ёлғиз Оллоҳ билур, ҳар бир жоннинг қаерда ўлишини Ёлғиз Оллоҳ билур, Қиёмат қачон бўлишини Ёлғиз Оллоҳ билур”.
“Айтинг: «Осмонлар ва Ердаги бирон кимса ғайбни билмас, магар Оллоҳгина (билур)». Улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмаслар.” (Намл сураси, 65-оят).
Мана бу ояти карима ҳам мазкур мазмунни таъкидлайди: “(У Зот) ғайбни Билгувчидир. Бас, Ўз ғайбидан бирон кимсани огоҳ қилмас.” (Жин сураси, 26-оят).
Ҳақ субҳонаҳу ва таоло диллардаги сирларни, ошкор ва яширин барча нарсаларни Билгувчидир: “Албатта Парвардигорингиз уларнинг дил-лари яширадиган нарсани ҳам, улар ошкор қиладиган нарсани ҳам билур. Осмон ва заминдаги ҳар бир сир очиқ Китобда (яъни, Лавхул-Маҳфузда) мавжуддир.” (Намл сураси, 74-75-оятлар). “(Оллоҳ) кўзларнинг хиёнатини (яъни, қараш ҳаром қилинган нарсага ўғринча кўз ташлашини) ҳам, диллар яширадиган нарсаларни ҳам билур.” (Ғофир сураси, 19-оят).
Ушбу оятларнинг мазмуни ҳақида тафаккур қилган киши Оллоҳ таолонинг Илми бениҳоя кенг эканини, У хамма нарсани кўриб-кузатиб тургувчи эканини англайди ва ўзининг қиладиган жамийки амаллари Яратганга маълум эканига яна бир бор аниқ ишонч ҳосил қилади. Ҳатто заррачалик, балки унданда кичикроқ бўлган нарсалар ҳам Оллоҳ таолога аниқ маълум эканини билган мўмин албатта қўлидан келганича яхши амаллар қилишга, гуноҳ-маъсиятлардан узоқ бўлишга ҳаракат қилади. Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло барча ҳаракатларимизни кузатиб, ҳар бир амалимизни билиб, ҳатто дилларимиздаги сирларимиздан ҳам хабардор бўлиб турганини англаб етганимизда, албатта кўнгилга шундай бир ҳайбат-кўрқув тушади - Пок Парвардигор, агар Ўзинг айбларимиз устига парда ёпмасанг, кечириб юбормасанг, биз осий қулларингни Ўз Раҳматингдан насибадор қилмасанг, ҳолимизга вой! Чунки қилган амалларимиз жуда нуқсонли ва ўта оздир, хато ва гунохдаримиз эса жуда катта ва бениҳоя кўпдир. Парвардигоро, Ўзинг бизни Тўғри Йўлга ҳидоят қилгин, ҳаётимизни Сен яхши кўра-диган солиҳ амалларга тўлдириб яшашга муваффақ қилгин.
Ояти каримани англашдан ҳосил бўлган бу баҳра, бу таассурот кишини иймон-итоатга чорлайди, куфр ва маъсиятдан қайтаради.
“Тафсири Мунийр”да ибратли бир мисол келтирилибди: Агар бировга мана бу ойнайи жаҳон сенинг яширин ва ошкора қилган ҳар бир иш-амалингни, хатти-ҳаракатингни суратга тортиб олиб, ёзилганларни давлат раҳбарига кўрсатади ва у ҳар бир яхши ишингучун мукофот, ёмон ишинг учун жазо беради, дейилса, у кимса зиммасидаги вазифасини бажарадими ёки бажармайдими? Ўзига, оиласига, қўни-қўшниларига ва жамиятга яхшилик қиладими ёки ёмонликми? Албатта бу саволларнинг жавоби маълумдир. Энди қилган ҳар бир ишини Ернинг кичик бир қисмидаги муваққат подшоҳ эмас, балки Ер-у осмонларнинг, дунё ва Охиратнинг Эгаси бўлмиш Азалий ва Абадий Подшоҳ кўриб-кузатиб турганини билган инсон-чи, Эртага Қиёмат Кунида ана ўша Ҳақ Подшоҳ қилган ҳар бир яхши амали учун мукофот, ёмон ишлари учун жазо бериши аниқ эканига иймон келтирган инсон-чи? Албатта иймонли кишилар бутун ҳаётлари давомида уларни Энг Улуғ Гувоҳ кўриб-кузатиб турганини аниқ ҳис қилиб яшашлари керак, Қиёмат Кунида бўладиган ҳисоб-китобдан олдин ўзла-рини ўзлари ҳисоб-китоб қилиб, қўлларидан келганича яхши аммалларини кўпайтиришга ҳаракат қилишлари керак.
Ўрганаётганимиз ояти карима инсонларни ана шундай мустаҳкам иймон эгалари бўлишга даъват қилади.
Умар Баноний раҳимахуллоҳ айтади: “Қабристонда бир обидни кўрдим. Унинг ўнг қўлида оқ тошлар, чап қўлида эса қора тошлар бор эди. Ундан: “Эй обид, бу ерда нима қиляпсан”, - деб сўраган эдим, у: “Қачон қалбим қотиб қолса, қабристонга келаман ва унда ётган одамларнинг аҳволини ўйлаб ибрат оламан”, - деди. “Қўлингдаги тошлар қандай тошлар”, - деб сўрадим. У айтди: “Қачон бирон яхши амал қилсам, ўнг қўлимдаги оқ тошлардан биттасини чап қўлимдаги қора тошларга қўшиб қўяман, бирон ёмон иш қиладиган бўлсам, қора тошлардан биттасини оқ тошларга кўшиб қўяман ва ҳар кеча қарайман, яхшиликларим ёмонликларимдан кўпроқ бўлса, оғзимни очаман - ифтор қиламан ва тунги ибодатимга машғул бўламан, аммо агар ёмонликларим яхшиликларимдан кўпроқ бўлса, ўша кеча емайман ҳам, ичмайман ҳам. Менинг ҳолим шу, омон бўлгин”. (“Танвирул-азҳон ”тафсиридан).

62. Огоҳ бўлингизким, албатта Оллоҳнинг валийларига (Охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар.
Валий сўзининг луғавий маъноси яқин деганидир. Демак, Оллоҳнинг валийлари Оллоҳнинг яқинлари деган маънони англатади. Юқоридаги оятда Оллоҳ таоло бандаларининг катта-ю кичик барча амалларига Гувоҳ экани айтилгач, ушбу ва куйидаги оятларда Ҳақ таолога чин-ихлос билан таот-ибодат қилганлари учун У Зотнинг валийлари қаторига кирган инсонлар қандай иззат ва кароматларга эга бўлишлари ҳақида хабар берилади. Жаноби ҲақЎзининг дўст-валийларини Қиёмат Кунидаги даҳшатлар хавфидан халос қилишга ваъда беради ва улар дунёда ҳам, Охиратда ҳам ўзлари яхши кўрадиган нарсалардан маҳрум бўлиш ғамидан озод эканликларини айтади.
Мана бу ҳадиси шариф бизларга Оллоҳ таолога яқин бўлиш, авлиёул-лоҳлар қаторига кириш йўлларидан бирини кўрсатади: Умар ибн Хаттоб розияллоху анҳу ушбу ояти карима ҳақида шундай деди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг мана бу сўзларини эшитдим: У зот: “Албатта, Оллоҳнинг бандалари орасида шундай бандалар бордирки, ўзлари пайғамбар ҳам, шаҳид ҳам эмас, аммо Қиёмат Кунида Оллоҳ таоло томонидан уларга ато этилган мартабага пайғамбарлар ҳам, шаҳидлар ҳам ҳавас қиладилар”, дедилар. Сўралди: “Ё Расулуллоҳ, бизга ўша бандалар кимлар экани ва уларнинг қилган амаллари ҳақида хабар беринг, шояд бизлар ҳам уларни севиб қолсак”. Пайғамбар алайҳис-салом: “Улар ўрталарида қариндош-уруғлик ва дунёвий олди-берди муомалалари бўлмаса-да, Оллоҳ Йўлида бир-бирларини яхши кўрган кишилардир. Оллоҳга қасамки, Қиёмат Кунида уларнинг юзлари нур сочиб, нурдан бўлган минбарларда турурлар, одамлар хавфу хатарда қолганларида улар учун ҳеч қандай қўрқув-хатар бўлмайди, одамлар ғамга ботиб қолганларида улар ҳеч ғамгин бўлмайдилар”, дедилар ва: “Огоҳ бўлингизким, албатта Оллоҳнинг валийларига (Охиратда) бирон хавф-хатар йўқдир ва улар ғамгин бўлмайдилар”, оятини ўқидилар”. (АбуДовуд ривояти).
Саид ибн Жубайр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан сўралди: “Оллоҳнинг валийлари кимлар?” Айтдилар: “Оллоҳнинг валийлари шундай кишилар-ки, уларни кўриш билан Оллоҳ ёдга тушади”. (Табарий ривояти).

63. Улар иймон келтирган ва (Оллоҳдан) қўрқувчи бўлган зотлардир.
Ушбу ояти каримада кимлар валийуллоҳ бўлади деган саволга ўта ихчам, айни пайтда жуда тўлақонли жавоб берилди. Яъни, Оллоҳ таолонинг яқин бандаси бўлиш учун кишида мана шу икки сифат бўлиши шартдир. Бошқача айтганда, иймон ва тақво эгаси бўлмаган кимса ҳеч қачон Оллоҳ таолонинг яқин бандалари қаторига қўшила олмайди. Фақат Оллоҳга, Унинг малоикаларига, китобларига, элчиларига ва Қиёмат Кунига иймон келтирадиган ҳамда Ундан қўрққанлари учун Унинг барча Амр-Фармонларига итоат қиладиган, У манъ этган барча нарса ва ишлардан сақланадиган кишиларгина Оллоҳнинг валийларидир. Ҳатто пайғамбарлар ҳам ҳавас қиладиган олий мартабаларга эришадиган кишилар ана ўшалардир. “Албатта Бизнинг томонимиздан гўзал (манзилат-мартаба) берилган зотлар - ана ўшалар (жаҳаннамдан) узоқ қилинурлар. Улар унинг шарпасини ҳам эшитмаслар. Улар ўзлари истаган неъматлар-да абадий қолгувчидирлар. Уларни Буюк даҳшат (яъни, Қиёмат) маҳзун қилмас. Фаришталар уларни: «Мана шу сизларга ваъда қилинган Кундир», (деб) кутиб олурлар.” (Анбиё сураси, 101-103-оятлар).

64. Улар учун ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам хушхабар бордир. Оллоҳнинг Сўзлари (оятлари) ўзгартирилмас. Мана шу (мазкур неъ-матларга эришиш) буюк саодатдир.
Муфассир уламолар ояти каримада зикр қилинган, Оллоҳ таолонинг валийлари бўлмиш мўминларга дунё ва Охиратда бериладиган “хушхабар”ни турлича тафсир қилганлар.
Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: “Мен Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан Оллоҳ таоло мўминларга ваъда қилган хушхабар ҳақида сўраганимда, у зот: “Ушбу оят нозил қилинганидан буён сендан бошқа ҳеч ким мендан мана шу хушхабар нима экани ҳақида сўрамаган эди. У - мусулмон инсон ўзи кўрадиган ёки у ҳақда кўриладиган (яъни, ўша мусулмон тўғрисида бошқа мусулмонлар кўрадиган) яхши тушлардир”, дедилар”. (Термизий ривоят).
Заҳрий, Ато ва Қатода: “У - мўмин вафот қилиши олдида малоикалар унга айтадиган хушхабардир”, дедилар.
Муҳаммад ибн Каъб Қуразий айтади: “Қачонки мўминнинг жони то-моғига келиб тўхтаганида, унинг олдига ўлим фариштаси келади ва: “Ассалому алайка - Сенга омонлик бўлсин, эй Оллоҳнинг валийси, Оллоҳ сенга салом айтади”, дейди ва мана бу: “Улар (ширк ва исёндан) пок бўлган ҳолларида, фаришталар уларнинг жонларини олар эканлар: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлгай. (Энди) қилиб ўтган амалларингиз сабабли жаннатга кирингиз», дерлар.” (Наҳл сураси, 32-оят), оятини ўқиган ҳолда унинг жонини олади”. (Абдуллоҳ ибн Муборак ривояти).
Қатода ва Заҳҳок: “У хушхабар - мўмин ўлими олдидан қаёққа боришини билмоқлигидир”, дедилар.
Ҳасани Басрий эса: “Ояти каримада зикр қилинган хушхабар Оллоҳ таоло мўмин бандаларига бошқа оятларда берган хушхабарларидир”, дейди ва мана бу оятларни келтиради: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), иймон келтириб, яхши амаллар қилган зотларга хушхабар берингки, улар учун остларидан дарёлар оқиб турувчи жаннатлар бор. Қачон ўша (жаннат)ларнинг бирор мевасидан баҳраманд бўлсалар, «Илгари татиб кўрган нарсамиз-ку», дейишади. Зеро, уларга (сурати) бир-бирига ўхшаш мевалар берилади. Ва улар учун (жаннатларда) покиза жуфтлар бордир. У зотлар (жаннатларда) абадий қолгувчилардир.” (Бақара сураси, 25-оят). “Парвардигорлари уларга Ўз тарафидан Раҳмат ва Ризолик ҳамда жаннатлар хушхабарини берурки, у жаннатларда улар учун доимий неъматлар бордир. 22. Улар ўша жойларда абадий қолурлар. Дарҳақиқат, улуғ ажр Оллоҳнинг хузуридадир.” (Тавба сураси, 21-22-оятлар).
Ушбу оятлар назмида ҳижрат ва жиҳод фазилатларига эга бўлган саҳобайи киром алайҳимур-ризвон шаънларини осмонлар қадар шарафлайдиган гўзал Илоҳий лутфу латофат зоҳирдир. Дастлабки икки калимани сўзма-сўз ўгирилса, “Уларнинг Парвардигорлари уларга хушхабар берур” мазмунини англаймиз. У мўмин зотлар қандай ҳам бахтли инсонлар эканларки, Ҳақ таолонинг Ўзи: Мен уларнинг Робби - Парвардигориман, Ўзим уларга мана шу ҳаёти дунёдалик пайтларидаёқ Охиратдаги бахтли ҳаётлари ҳақида хушхабар берурман, деб оят нозил қилди. Парвардигорлари уларга уч буюк неъмат хушхабарини берди. Аввало уларни Ўз томонидан Фазлу-Раҳмат билан ўраб, катта-ю кичик барча гуноҳларини мағфират қилиб юбориши ҳақида, иккинчидан, уларга Ўзининг ризосини тушириши, яъни, ҳар икки дунёда улардан рози бўлиши ҳақида, учинчидан, улар учун ҳеч тугамайдиган неъматларга тўла жаннатларни тайёрлаб қўйгани, улар ўша жойларда абадул-абад саодатли ҳаёт кечиришлари ҳақида хушхабар беради.
“Албатта: «Парвардигоримиз Оллоҳдир», деб, сўнгра (Ёлғиз Оллоҳга тоат-ибодат қилишда) тўғри - устивор бўлган зотларнинг олди-ларига (ўлим пайтида) фаришталар тушиб, (дерлар): «Қўрқманглар ва ғамгин бўлманглар. Сизларга ваъда қилинган жаннат (хушхабари) билан шодланинглар! Бизлар ҳаёти дунёда ҳам, Охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизлар учун (жаннатда) кўнгилларингиз тилаган нарсаларингиз бордир ва сизлар учун у жойда истаган нарсаларингиз бордир. (Бу) Мағфиратли ва Меҳрибон Зот томонидан бўлган зиёфатдир”. (Фуссилат сураси, 30-32-оятлар).
Яна уламолардан оятдаги мўминларга дунёда бериладиган хушхабардан мурод, улар душманлари устидан ғалаба қозонишлари, уларни одамлар гўзал мақтовлар, чиройли сўзлар билан зикр қилишларидир, деган тафсирлар ҳам бордир.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинди: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан: “Киши бирор яхши амал қилганида одамлар уни мақтайдилар. Шу ҳақда раъйингиз?” - деб сўралганида, - “Бу мўминга берилган башорат - хушхабарнинг нақдидир (яъни, шу дунёнинг ўзида унга берилган хушхабардир)”, -дедилар. (Муслим ривояти).
“Оллоҳнинг Сўзлари ўзгартирилмас. Мана шу буюк саодатдир”.
Яъни, Оллоҳ таоло айтган ҳеч бир Сўз ўзгармас, эскирмас ва уни ҳеч ким, ҳеч қачон ўзгартира олмас. Шунингдек, Оллоҳ таоло бандаларига берган ваъда ҳам ҳеч қачон ўзгармас, унга хилоф қилинмас. Демак, Ҳақ таолонинг Ўз валийларига берган Сўзи - Ваъдаси ҳам албатта амалга ошгувчидир. Бас, кимга иймон-эътиқоди ва солиҳ амаллари сабабли Оллоҳ таолодан ояти каримада зикр қилинган дунё ва Охиратдаги хушхабар етса, мана шу Буюк Саодатдирки, ақллар унинг нақадар буюклигини англаб идрок қилишлари мушкилдир. Негаки у икки дунё Саодатидир.

65. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Уларнинг (кофирларнинг) сўзлари Сизни ғамгин қилмасин. Бутун Куч-Қудрат Оллоҳникидир. У Эшитгувчи, Билгувчидир.
Ушбу ояти карима Жаноби Ҳақ томонидан Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга берилган таскин-тасаллий ва руҳоний мадад бўлиб, у зоти бобаракотни мушрикларнинг айтаётган сўзларидан ҳеч ғамгин бўлмасликка чақиради. Мушриклар уларга Оллоҳ таолонинг Ҳақ Дини келганидан кейин ҳам дарҳол иймон келтириш ўрнига ўз ширкларида давом этиб, Пайғамбар алайҳис-саломни ёлғончига чиқаришар, саноқлари кўплиги ва мол-давлат эгалари бўлганлари сабабли Дини Исломни қабул қилмоқчи бўлган кишиларнинг йўлларига ғов бўлишиб, ҳатто Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга суйиқасд қилиш режаларини тузишар эди. Оллоҳ таоло Ўз Элчисига кофирларнинг бундай хатти-ҳаракатларидан ранжиб тушкунликка тушиб қолмасликлари учун ушбу оятни нозил қилиб, у зотга ва барча мўмин-мусулмонларга таскин-тасаллий беради ҳамда бутун Куч-Қудрат Ўзининг Қўлида эканини, демак, Унинг Динига қарши турган кимсаларнинг қўлларидан ҳеч иш келмаслигини - улар Расулуллоҳга бирон зиён етказа олмасликларини таъкидлайди ва Ўзи у кофирларнинг айтаётган сўзларини эшитиб, тузаётган режа-ларини билиб туриши - уларни албатта қилмишларига яраша жазолаши ҳақида хабар беради.

66. Огоҳ бўлингизким, албатта осмонлардаги барча жонзот ва Ердаги барча жонзот Оллоҳникидир. Оллоҳни қўйиб, бутларга илтижо қиладиган кимсалар нимага эргашмоқдалар ўзи?! Улар фақат гумонга эргашадилар, холос. Улар фақат тахмин қиладилар - ёлғон сўзлайдилар, холос.
Яъни, кўпдан-кўп одамлар тангри деб сиғинадиган осмонлардаги ва заминдаги нарсаларнинг Яратувчиси ҳам, Эгаси ҳам Ягона Оллоҳдир. Улар фақат ўз гумон ва тахминларича, у махлуқотларни тангри деб илтижо қиладилар.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло юқоридаги оятда зикр қилинган: “Бутун Куч-Кудрат Оллоҳникидир,” деган Сўзининг далилини келтиради. У огоҳлантириб айтадики, осмон-у заминдаги ақлли жонзотлар ва инсонларнинг барчасини Унинг Ўзи йўқдан бор қилган ва уларга умр-ризқ ато этган. Уларни яратишда ҳеч ким ва ҳеч нарса Оллоҳ таолога шериклик қилган эмас. Уларга умр ва ризқни ҳам Унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким бера олмайди. Бас, шундай экан, у ҳолда мушриклар қайси ақл ва қандай ҳужжат билан ўша Ёлғиз Яратгувчи Парвардигорга бут-санамларни шерик деб билмоқдалар?! Ахир улар сиғинаётган бутлар жонсиз, ақлсиз, кўрмайдиган, эшитмайдиган, демак, ҳеч кимга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсаларку?! Бас, улар қандай қилиб Яратганга шерик бўла оладилар?! Уларда ҳеч қандай куч ҳам, кудрат ҳам йўқку?! Аниқ маълум бўладики, мушриклар Оллоҳни қўйиб дуо-илтижо қилаётган нарсалар Оллоҳнинг шериклари эмасдир. Яратишда ва бошқаришда Танҳо бўлган Оллоҳ субҳонаху ва таоло Маъбудликда ҳам Танҳодир, шериклик айбидан Покдир. Баски, ақлли мавжудот бўлган одамзот, малоикалар ва жинлар ҳам Ёлғиз Оллоҳ таолонинг мулки экан, демак, жонсиз, ақлсиз махлуқотнинг барча-барчаси батариқи авло Унинг мулкидир. Аммо мушриклар мана шу аён ҳақиқатни қабул қилиб Танҳо Маъбуди Барҳаққа ибодат қилиш ўрнига ҳеч қандай асосга эга бўлмаган афсоналарга, хурофот ва бидъатларга эгашадилар, ҳеч қандай далилсиз ўзлари турли номлар қўйиб олган бут-санамларни “илоҳлар” деб сиғиниб, ўзларини ҳам, ўзгалар-ни ҳам алдайдилар-адаштирадилар. Бу каби адашганларга Ҳақ таоло бошқа бир сурада Ўз пайғамбари тилидан шундай хитоб қилади: “Сизлар эса, У Зотни қўйиб, ўзларингиз ва ота-боболарингиз атаб олган номлар - бутларгагина ибодат қиласизлар. Ахир Оллоҳ уларга (ибодат қилиш ҳақида) бирон ҳужжат туширмаган-ку? Ҳукм-ҳокимлик фақат Оллоҳникидир. У Зот сизларни фақат Ўзигагина ибодат қилишга буюргандир. Энг Тўғри Дин мана шудир. Лекин одамларнинг кўплари буни билмайдилар”. (Юсуф сураси, 40-оят).
Қуйидаги ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг бутун Куч-Қудратнинг Эгаси эканига далолат қиладиган яна бир оят-аломат ҳақида хабар беради.

67. (Оллоҳ) сизлар ором олишингиз учун кечани (қоронғу) ва (кас-бу кор, сайру саёҳат қилишингиз учун) кундузни ёруғ қилиб қўйган Зотдир. Албатта бунда қулоқ тут(иб ибрат ол)гувчи қавм учун оят-аломатлар бордир.
Яъни, Оллоҳ таолонинг тенгсиз Қудрат Соҳиби эканига далолат қиладиган белгилардан яна бири шуки, У замонни иккига бўлиб, кеча ва кундуз қилиб қўйди. Кечани одамлар ором олиб чарчоқлари ёзилиши учун, кундузнинг югур-югурларидан тин олиб, кун бўйи қилган ишларини фикрлари сочилмасдан хотиржам мулоҳаза қилиб тўғри хулосаларга келишлари учун ҳеч ким безовта қилмайдиган қоронғу қилиб - “чироқни ўчириб” қўйди.
Замоннинг яна бир бўлагини эса тирикчилик, саъй-ҳаракат, сафар-саёҳат ва бошқа эҳтиёжларни қондириш учун мослаб ёруғ қилиб қўйди.
Бу ҳақда бошқа сураларда ҳам хабар берилган: “Биз уйқуларингизни (баданларингиз ва асабларингиз учун) ором қилдик. Биз Кечани (ўз қоронғуси билан барча нарсани яшириб турадиган) либос қилдик. Кундузни эса тирикчилик (учун белгиланган вақт) қилдик.” (Набаъ сураси, 9-11-оятлар). “Биз кеча ва кундузни (Ўзимизнинг Қудрати Илоҳийямизни кўрсатиб турадиган) икки оят - аломат қилиб қўйдик. Сўнг (сизлар тунда ором олишларингиз учун) кечанинг аломати (бўлмиш ой)ни «ўчириб» қўйдик (яъни, ой юзини доғ билан қоплаб атрофга нур соча олмайдиган қилиб қўйдик), кундуз аломати (бўлмиш қуёш)ни эса, сизлар Парвардигорингиздан фазлу марҳамат (яъни, ризқу рўз) исташларингиз учун ёруғлик-нур сочувчи қилиб қўйдик. Токи сизлар йилларнинг саноғини ва ҳисоб-китобни билишларингиз учун (кеча ва кундузни пайдар-пай келадиган қилиб қўйдик). Ва Биз барча нарсани (рўзи азалдаёқ) батафсил баён қилиб қўйдик. (Яъни, дунёдаги содир бўладиган бирон иш ёки воқеа-ҳодиса тасодифий бўлмай, балки ҳар бирининг воқеъ бўлиш жойи, вақти ва сабаблари батафсил баён қилиб қўйилгандир).” (Ал-Исро сураси, 12-оят).
“Албатта бунда қулоқ тут(иб ибрат ол)гувчилар учун оят - аломатлар бордир”,
Яъни, кеча ва кундузнинг яралиш табиатида, доимо бир-бирларини қувиб юришида ва қиладиган хизматлари ҳам турлича эканлигида мана шу ҳужжат-далилларни эшита оладиган, эшитганларидан ибрат ола биладиган кишилар учун Ҳақиқий Маъбуд мана шу кеча ва кундузни яратиб қўйган Ёлғиз Оллоҳ субҳонаху ва таоло эканини очиқ кўрсатиб турадиган белги-аломатлар бордир.

68. (Мушриклар): «Оллоҳнинг боласи бор», дедилар. У Зот (буларнинг бадгумонидан) мутлақо Покдир. У (барча оламлардан) Беҳожатдир. Осмонлардаги бор нарсалар ва Ердаги бор нарсалар Уникидир. Сизларнинг ҳузурингизда бу тўғрида (яъни, Оллоҳнинг боласи бор, деган) ҳеч қандай ҳужжат йўқ-ку! Оллоҳ Шаънига ўзларингиз билмайдиган нарсаларни айтаверасизларми?
Ушбу ояти карима “Ийсо Масиҳ Оллоҳнинг ўғли”, дейдиган масиҳий-ларга, “Узайр Оллоҳнингўғли”, дейдиган яҳудларга ва “Малоикалар Оллоҳнинг қизлари”, дейдиган динсиз мушрик кимсаларга қарши Илоҳий Раддиядир. Оллоҳ таоло ҳеч кимга муҳтож эмас, барча Унга муҳтождир. Жумладан У Буюк Зот оила, фарзандга муҳгож бўлиш айбидан мутлақо Покдир.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган бир ҳадиси Қудсийда шундай дейилади: Набий соллоллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Оллоҳ таоло шундай деди: “Одам боласи Мени ёлғончи қилди. Ҳолбуки, унинг бундай қилишга ҳаққи йўқ эди. Яна у Мени ҳақорат ҳам қилди. Ҳолбуки унинг бундай қилишга ҳам ҳаққи йўқ эди. Мени ёлғончи қилгани шуки, унинг даъвосича, Мен уни Қиёмат Куни аввал қандай бўлган бўлса, ўшандай ҳолатда қайта тирилтира олмас эмишман. У Мени ҳақорат қилгани: “Оллоҳнинг боласи бор”, деганидир. Мен оила ва фарзанд тутиш айбидан Покдирман”. “Саҳиҳи Бухорий” ва “Саҳиҳи Муслим”да ривоят қилинган бир ҳадиси шарифда Жаноби Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Оллоҳдан кўра эшитган азийятига сабр қилгувчироқ ҳеч ким йўқ. Улар (яъни, кофирлар) “Унинг боласи бор”, дейишади, У эса яна уларга ризқ ҳам, соғлик ҳам бераверади”, деб марҳамат қилганлар.
Демак, Оллоҳнинг Бирлигини тан олмаслик Оллоҳнинг Борлигини тан олмаслик билан баробар куфрдир. Ахир, Осмонлар ва Ердаги барча нарсани, ўшалар ичида Узайрни ҳам, Ийсони ҳам, малоикаларни ҳам Ёлғиз Ўзи яратган бўлса, ҳамма нарса - хоҳлайдими-хоҳламайдими - Унинг Ўзига бўйсуниб турган бўлса, қандай қилиб ўша махлуқлардан кимдир бирови Холиққа фарзанд бўлиши мумкин?! Албатта, Оллоҳ таборака ва таоло ҳар қандай айбу нуқсондан, жумладан фарзанд тутиш айбидан ҳам мутлақо Покдир.
“Сизларнинг ҳузурингизда бу тўғрида (яъни, Оллоҳнинг боласи бор деган) ҳеч қандай ҳужжат йўқ-ку! Оллоҳ Шаънига ўзларингиз билмайдиган нарсаларни айтаверасизларми?!”
Яъни, сизлар, эй мушриклар, ҳеч қандай ҳужжат-далилсиз Оллоҳ таоло Шаънига на ақлга ва на воқега тўғри келмайдиган нарсаларни нисбат бераверасизларми?!
Қозий Байзовий ўз тафсирида айтади: “Ушбу оят далилсиз айтилган ҳар қандай сўз жаҳолат эканига далилдир, Хусусан, ақийда бобида ҳар қандай сўз қатъий далилга асосланиши керак. Ҳеч бир нарсага далил-ҳужжатсиз кўр-кўрона эътиқод қилиш дуруст эмасдир”.
“(Мушриклар): «Раҳмоннинг боласи бор», дедилар. (Эй мушриклар), сизлар шундай оғир гап айтдингизки, унинг оғирлигидан - Раҳмоннинг боласи бор, деган (гапнинг оғирлиги)дан осмонлар ёрилиб, Ер бўлиниб, тоғлар парчаланиб қулаб кетишга яқин бўлур. Раҳмон учун бола тутиш лойиқ эмасдир (яъни, У Зот болага муҳтож эмас).” (Марям сураси, 88-92-оятлар).

69. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Шубҳасиз, Оллоҳ шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар асло нажот топмаслар».
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, Оллоҳ таоло Шаънига: “Унинг боласи бор. Унинг шериги бор”, деб ёлғон тўқийдиган кимсалар ҳеч қачон, яъни, на дунёда ва на Охиратда нажот топмасликлари аниқ эканини айтишни буюради.
Оятда сўз бутпараст мушриклар ҳақида боради. Лекин фақат улар ҳа-қидагина эмас. Агар эътибор берсак, Жаноби Ҳақ умумий тарзда, Оллоҳ Шаънига ёлғон тўқийдиганлар нажот топмасликларини таъкидлади. Демак, ояти карима нафақат Оллоҳ таолонинг Танҳо Илоҳ эканини тан олмайдиган мушриклар, балки Оллоҳ таоло айтмаган сўзларни “Бу Оллоҳнинг сўзи”, дейдиган, ёки аксинча, Оллоҳнинг Сўзини эшитиб-билиб туриб яширадиган ёхуд ўзларича Ҳақ Динга бидъат-хурофотларни қўшиб: “Бу ҳам Олоҳнинг динидан”, дейдиган “тўқимачилар” ҳам ҳеч қачон на-жот топмасликлари ҳақидаги Илоҳий Огоҳлантиришдир.

70. (Ундай кимсалар учун) бу дунёда озгина фойдаланиш бор. Сўнгра Бизга қайтишади. Ана ундан кейин кофир бўлиб ўтганлари учун уларга қаттиқ азоб тоттирурмиз.
Ояти карима баъзи бировларнинг дилларидан ўтадиган саволга жавобдир. Яъни, агар кимдир: “Мушрикларнинг, Оллоҳ Шаънига турли ёлғонлар тўқийдиган кимсаларнинг нажот топмасликларини қандай тушуниш керак? Ахир уларнинг кўплари ноз-неъматлар ичида, роҳат-фароғатда яшаяптиларку?” дейдиган бўлса, жавоб шудир: “улар фақат мана шу дунёдаги тўрт кунлик ҳаётларида Оллоҳ таоло уларга синов учун берган ноз-неъматлардан фойдаланмоқдалар, холос. Аммо бу кунлар ўткинчидир - кўзларини очиб-юмгунларича тугаб қолади-да, улар ўладилар, сўнгра албатта қайта тириладилар, сўнгра ҳаммалари Оллоҳнинг ҳузурига қайтиб тўпланадилар, сўнгра Оллоҳ таоло уларга кофир ҳолда яшаб, кофир ҳолда ўлганларининг жазосини бериб, улар ҳеч қачон нажот топа олмайдиган, қутулиб кета олмайдиган қаттиқ азобни - дўзах азобини тотдирур, улар ана ўша азобда мангу қолурлар! Мана шу уларнинг нажот топганларими?! Албатта йўқ! Оллоҳ Шаънига ёлғон тўқийдиган кимсалар асло нажот топмаслар!”

71. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз уларга Нуҳ ҳақидаги хабарни тиловат қилинг - у қавмига (бундай) деган эди: «Эй қавмим, агар сизларга (орангизда узоқ йиллар яшаб) турганлигим ва Оллоҳ оятларини эслатишим оғирлик қилган бўлса, бас, мен Оллоҳнинг Ўзига суяндим - таваккул қилдим. Энди бутларингиз билан бирга билган ишларингизни қилаверинглар. Кейин қилаётган ишларингиз ўзла-рингизга махфий бўлиб қолмасин (яъни, бемалол, ошкор иш тутаверинглар, мен парво қилмайман). Сўнгра менга нисбатан (хоҳлаган) ҳукмингизни қилаверинглар ва менга муҳлат ҳам берманглар.
Юқоридаги оятларда Ҳақ таоло Қурайш кофирларининг аҳволини баён қилгач, энди Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга таскин-тасаллий бериш учун ва у зотга иймон келтиришдан бош тортаётган мушрикларга ибрат бўлиши учун илгари ўтган айрим пайғамбарларнинг қиссалари ҳақида сўзлайди.
Ушбу оятларда Ҳақ таоло Пайғамбар алайҳи-саломга хитоб қилиб, Макка мушрикларига қадим замонда ўтган Нуҳ пайғамбар ва унинг қавми қиссасини ўқиб беришни буюради. Нуҳ алайҳис-салом одамларга Илоҳий Шариат ҳукмларини келтирган ва уларни ширкдан қайтарган бирин-чи пайғамбардир. У пайғамбарлар ичида энг узун умр кўрган инсондир. Унинг ҳаёти ўзи бир мўъжиза эди. Чунки у минг йилдан ортиқ умр кўрганига қарамасдан, бирон тиши тушмаган, соч-соқолининг бирон толаси оқармаган, қувватдан қолмаган ва бошқа бирон пайғамбар у зот каби минг йил давомида ўз қавмининг озорларига сабр қилмаган.
Бошқа бир сурада Нуҳ алайҳис-салом ва унинг қавми ҳақида шундай хабар берилган: “Дарҳақиқат, Биз Нуҳни ўз қавмига (элчи қилиб) юбордик. Бас, у уларнинг орасида эллик йили кам минг йил турди (аммо улар иймон келтирмадилар), бас, уларни золим-кофир бўлган ҳолларида тўфон (балоси) тутди”. (Анкабут сураси, 14-оят).
Нуҳ алайҳис-саломнинг ибратли ҳаёти нақадар ажойиб бўлса, унинг қавми ширкдан қайтмасдан, Ҳақ Йўлга юрмасдан кўрсатган қаршиликлари, Оллоҳниннг элчисига берган озор-азийятлари шу қадар аянчли ва ачинарлидир.
Айтиб ўтилганидек, Нуҳ алайҳис-салом салкам минг йил давомида қавмидан бирин-кетин дунёга келиб кетаётган бир неча авлодни Ҳақ Йўлга даъват қилди. Аммо бир неча аср мобайнида, саноқли кишиларни ҳисобга олмаганда, у авлодлардан биронтаси иймон келтирмади. Аксинча улар бир-бирларига иймонсизликни мерос қилиб қолдириб кетишар эди. Улардан ҳар бири ўлар чоғида ортидан қолаётган болаларига Нуҳ пайғамбарни кўрсатиб: “Мана шу оқсоқолнинг сўзларига ҳеч қачон қулоқ солмайсан, унга эргашмайсан”, деб васият қилишар ва ўзларига ҳам оталари шундай васият қилганларини, оталарига эса уларнинг оталари мана шу васиятни қилиб ўлганларини айтишар эди.
Қатода раҳимаҳуллоҳ айтади: “Улардан ҳар бир киши фарзандини Нуҳ алайҳис-саломнинг олдига олиб бориб: “Мана шу Нуҳдан эҳтиёт бўлгин, яна сени алдаб ўзининг динига киритиб олмасин. Билгинки, мени ҳам отам сенчалик пайтимда мана шу кимсанинг олдига олиб келиб, худ-ди мен сени ҳозир огоҳлантираётганимдек огоҳлантирган эди”, дер эди”. (“Дуррул Мансур” тафсиридан).
Одам алайҳис-саломдан кейин инсониятнинг иккинчи отаси ҳисобланмиш Нуҳ алайҳис-салом ҳақида Оллоҳ таоло кўп сураларда зикр қилди ва алоҳида “Нуҳ” деб номланган сура ҳам нозил қилиб, у зотнинг Ҳақ Йўлга қилган даъватлари ва бу даъватларини қабул қилмаган, Ҳақ Динга иймон келтирмаган қавмнинг қандай ҳалок бўлганларини батафсил баён қилди.
Ўрганаётганимиз оятларда хабар берилишича, Нуҳ пайғамбар ўзининг асрлар давомида қилган даъватлари зое кетганини билгач, қавми унга иймон келтириш ва итоат этиш ўрнига аксинча, тобора куфру исён-лари ҳаддан ошиб бораётганини кўргач, ҳатто уни нима қилиб бўлса ҳам, ораларидан кўтариш - ҳалок қилиш режасини тузаётганларини ҳис этгач, уларга сўнгги марта мурожаат қилиб, ўзининг зиммасидаги Оллоҳ таоло буюрган рисолатни - у қавмга Ҳақ Динни етказиш вазифасини адо этишда Ёлғиз Оллоҳга суянишини, бу Илоҳий вазифасини адо этишдан уни ҳеч ким тўхтата олмаслигини, Оллоҳ таоло уни кофир қавмнинг ҳар қандай хуружларидан ҳимоя қилишини, улар агар барчалари тўпланиб, яна ўзларича “Оллоҳнинг шериклари”, деб эътиқод қилган бутларини ҳам ёнларига олиб Нуҳга қарши ўйлаган суйиқасдларини амалга оширмоқчи бўлсалар ҳам, унга бирон ёмонлик қилиш қўлларидан келмаслигини айтади ва сўзида давом этиб шундай дейди -

72. Энди агар (менинг қилган панд-насиҳатимдан) юз ўгирар экан-сизлар, мен сизлардан (унинг учун) бирор ажр - ҳақ сўраганим йўқ (яъни, менга ҳақ беришни истамаганликдан эмас, балки бадбахтликларинг туфайли юз ўгирмоқдасизлар). Менинг ажр-савобим Ёлғиз Оллоҳнинг зиммасидадир. Ва мен Унга бўйинсунувчи - мусулмонлардан бўлишга маъмурман (амр этилганман)».
Яъни, “эй мушриклар, ёки сизларнинг мен даъват қилган Ҳақ Динга кирмасдан тескари қараб кетишларингизга бирон дунёвий зиёнга учраб қолишдан қўрқишларингиз сабаб бўлмоқдами? Ахир мен сизлардан қилаётган даъватим учун ҳеч қандай ҳақ тўлашларингизни сўраганим йўқ-ку! Демак, сизларнинг Ҳақ Диндан юз ўгиришларингизнинг бирдан-бир сабаби, сизлар нажот топишга, ҳар икки дунёда бахт-саодатга эришишга нолойиқ, бахтсиз қавм эканликларингиздир. Акс ҳолда албатта мен чақирган Ҳақ Йўлга кирган бўлар эдингизлар.
Мен эса зиммамдаги рисолат - вазифани холисанлиллоҳ - чин кўнгилдан Оллоҳ учун адо қилмоқ-даман ва бу амалим учун Унинг Ўзи ажр-мукофот беришидан умидворман. Шунингдек, мен сизларни Исломга - Ёлғиз Оллоҳ таолога бўйинсуниб таслим бўлишга даъват қилар эканман, ўзим мана шу мусулмонларнинг - бўйинсунгувчиларнинг энг аввали -пешқадами бўлишга буюрилганман. Бас, сизларни нимага чақирсам, ўша чақирган ишга энг аввал ўзим амал қиламан”.
Ҳақ таолонинг Амри билан Унинг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоху алайҳи ва саллам инсониятга етказган бу оятлар - олис мозийда ўтган пайғамбарлардан бири бўлмиш Нуҳ алайҳис-салом айтган бу сўзлар одамларни Ислом Динига даъват қилувчи ҳар бир олим учун Илоҳий Дастурул-амалдир. Яъни, ҳар бир инсон ўзи яхши ўрганиб-билиб, Ҳақ Дин фақат Ислом эканига иймон келтириб, бошқаларни ҳам мана шу Ҳақ Йўлга даъват қилар экан, биринчидан, Ёлғиз Оллоҳга таваккул қилган ҳолда, ҳеч кимдан ва ҳеч нарсадан қўрқмасдан, сусткашлик қилмасдан зиммасидаги вазифасини бажариши, динсиз жоҳил кимсалар кўрсатадиган қаршиликларни енгиб, одамларга Диннинг моҳиятини англатиши, Шариати Исломияни ўргатиши керак, иккинчидан, одамларни Ҳақ Йўлга чақирар экан, бу иши учун улардан бирон дунёвий манфаат кўришни кўзламасдан, Ёлғиз Оллоҳ берадиган ажр-мукофотдан умидвор бўлган ҳолда даъват қилиши керак.
Учинчидан, у бошқаларга қандай амри маъруф, наҳий мункар қилса - уларни солиҳ амаллар қилишга, ёмонлик-гуноҳлардан қайтишга буюрса, энг аввало айтганларига ўзи амал қилиши, яъни, мусулмонларнинг пешқадами бўлиши керак.
“Ва мен мусулмонлардан бўлишга буюрилганман”.
Ушбу жумла қадим замонда ўтган Нуҳ алайҳис-саломнинг дини ҳам Ислом Дини бўлганига Илоҳий Ҳужжатдир. Шунинг учун ҳам Ҳазрати Муҳаммад сололлоҳу алайҳи ва саллам: “Биз пайғамбарлар жамоаси бошқа-бошқа оналардан дунёга келган оға-инилармиз, барчамизнинг динимиз бир Диндир”, деб марҳамат қилганлар. Дарҳақиқат, Оллоҳ таолонинг барча пайғамбарлари бир Динга - Исломга даъват қилганларига бошқа сураларда келган кўп оятлар ҳам далолат қилади: “Иброҳим, у билан бирга Яъқуб ҳам болаларига шу (Дин)ни васият қилиб дедилар: «Ўғилларим, албатта Оллоҳ сизлар учун шу Динни танлади. Бас, ҳаргиз мусулмон бўлмаган ҳолда ўлманглар! (Эй яҳудийлар), ёки сизлар Яъқубга ўлим келган пайтида гувоҳ эдингизларми? Ўшанда у ўғилларига: «Мендан кейин нимага ибодат қиласизлар?», деганида улар: «Сенинг Илоҳинг ва оталаринг Иброҳим, Исмоил ва Исҳоқларнинг Илоҳи бўлмиш Ягона Оллоҳга ибодат қиламиз ва бизлар фақат Унинг Ўзигагина бўйинсунувчи - мусулмонлармиз», деб жавоб қилган эдилар. (Бақара сураси, 132-133-оятлар).
Табарий “Жомиул-баён”да мазкур ояти каримани шундай тафсир қилади: “Ушбу оятлар Оллоҳ таоло томонидан яҳуд ва насронийларга раддиядир. Яҳудлар Иброҳим ва унинг авлоди бўлган Яъқубни яҳудий, насро-нийлар эса уларни насроний деб даъво қилар эдилар. Оллоҳ таоло уларнинг сўзлари ёлғон эканини айтиб: Эй, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳақ Пайғамбар эканлигини инкор этаётган яҳуд ва насоролар, ахир сизлар Яъкубга ўлим келган ва у фарзандларига васият қилган вақтида гувоҳ бўлмаган эдингизларку! Бас, сизлар Менинг пайғамбарларим, элчиларим шаънига буҳтон тўқиб, уларни яҳудий ва насроний бўлганлар, дейишни бас қилинглар! Чунки Мен Халилим Иброҳимни ва унинг ўғиллари Исҳоқ ва Исмоилни, уларнинг авлод-зурриётлари бўлмиш барча пайғамбарларимни Тўғри Йўлда барқарор бўлган Ислом миллатида юборганман. Улар ҳам ўз авлодларига фақат Ислом Динини васият қилишган. Агар сизлар уларнинг ҳузурида бўлганларингизда, сўзларини эшитганингизда қилаётган даъволарингиз тамоман ботил даъво эканини жуда яхши билиб олган бўлур эдингизлар”, дейди.
Демак, Ислом барча пайғамбарларнинг миллати - Динидир. Бу ҳақда Ҳақ таоло бошқа бир ояти каримасида шундай хабар берган: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Биз Сиздан илгари юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: Ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Менгина бордирман, бас, Менгагина ибодат қилинглар», деб ваҳий юборгандирмиз”. (Анбиё сураси, 25-оят).
“(Юсуф айтди): “Парвардигорим, менга подшоҳликни ато этдинг, яна тушларнинг таъвил-таъбирларидан таълим бердинг. Эй осмонлар ва Ерни яратган Зот, дунё-ю Охиратда Ўзинг Хожамдирсан. (Умрим битиб, сен Ўзинг белгилаб қўйган ажалим етганида) мусулмон ҳолимда жонимни олгин ва мени ҳам солиҳ бандаларинг қаторига қўшгин.” (Юсуф сураси, 101-оят).
“Энди қачонки Ийсо улар (яҳудийлар) томондан куфрни кўргач: «Оллоҳнинг (Динига даъват қилишимда) ким менга ёрдамчи бўлур?», деди. Ҳаворийлар айтдилар: «Биз Оллоҳ(нинг Дини)га ёрдам бергувчилармиз. Оллоҳга иймон келтирдик. (Эй Ийсо), гувоҳ бўлгинки, биз мусулмонлар - Оллоҳга бўйинсунгувчилармиз. Парвардигоро, биз Сен нозил қилган нарсага ишондик, пайғамбарингга эргашдик. Бас, бизни (Ўзингнинг Бирлигингга, пайғамбарингнинг ҳақлигига) гувоҳлик берувчилар қаторига ёзгин!” (Ол-и Имрон сураси, 52-53-оятлар).
“(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Албатта намозим, ибодатларим, (яъни, қиладиган қурбонликларим) ва ҳаёту мамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Оллоҳ учундир. У Зотнинг биронта шериги йўқдир. Мен мана шунга (яъни, Ягона Оллоҳга ихлос-ибодат қилишга) буюрилганман. Ва мен мусулмонларнинг - бўйинсун-гувчиларнинг аввали - пешқадамиман”. (Анъом сураси, 162-163-оят-лар).

73. Бас, (қавми Нуҳни) ёлғончи қилдилар. Шунда Биз унга ва у билан кемада бирга бўлган кишиларга нажот бердик ва уларни (ғарқ бўлиб кетганларнинг ўрнига Ерда) халифа қилдик. Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларни эса ғарқ қилиб юбордик. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), огоҳлантирилган(ларидан кейин ҳам иймон келтирмаган) кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг!
“Танвирул-азҳон” тафсирида ривоят қилинишича, Нуҳ алайҳис-саломга иймон келтирганлари учун Оллоҳ таоло нажот берган кишилар фақат қирқ эркак ва қирқ аёл эди, холос. Қолган қавмнинг ҳаммаси -уларнинг ичида Нуҳ алайҳис-саломнинг аёли ва бир фарзанди ҳам бор - кўнгил кўзлари кўр бўлгани учун Оллоҳнинг элчисини ёлғончи қилишиб, оқибат-натижада шу дунёнинг ўзидаёқ Оллоҳ таоло юборган тўфонда ғарқ бўлиб кетдилар. Мана шундай қилиб Ҳақ таоло ушбу қиссада Ўзининг дўстлари учун душманларидан қандай интиқом олганини баён қилди ва Ўзининг: “Албатта, Биз пайғамбарларимизга ва иймон келтирган зотларга ҳаёти дунёда ҳам, гувоҳлар (ҳозир бўлиб) турадиган Кунда (Қиёматда) ҳам ёрдам берурмиз.” (Ғофир сураси, 51-оят), деган Сўзи Ҳақ эканини барча инсонларга кўрсатиб қўйди.
“Бизнинг оятларимизни ёлғон деган кимсаларни эса ғарқ қилиб юбордик. Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), огоҳлантирилган(ларидан кейин ҳам иймон келтирмаган) кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг!”
Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, у зот орқали барча инсонларни огоҳлантиради, уларни Оллоҳнинг оятларини ёлғон дейдиган кимсаларнинг оқибати қандай бўлишини кўриб ибрат олишга, ўша қавмнинг куни бошларига тушиб қолмаслиги учун дарҳол Қуръон Оллоҳнинг Каломи эканига иймон келтириб, унинг кўрсатмаларига амал қилишга чақиради. Бу оят биринчи навбатда Макка мушриклари учун Илоҳий Огоҳлантиришдир.
Демак, Оллоҳ таоло бандаларга Ўз томонидан элчилар юбориб, у элчи-пайғамбарлар ўз қавмларини огоҳлантирмагунларича, яъни уларни Оллоҳ таоло буюрган Ҳақ Йўлга даъват қилмагунларича ва у қавмлар ўзларига юборилган пайғамбарларни ёлғончи қилиб, Оллоҳ таолонинг оятларини инкор қилмагунларича У Зот уларни ҳалок қилмас экан. Ана ўша, огоҳлантирилсалар ҳам кўзлари очилмагани - Тўғри Йўлга юрмаганлари сабабли мана шу ҳаёти дунёнингўзида жуда ёмон оқибатга - тўфон остида қолиб ҳалок бўлишга дучор қилинган биринчи қавм Нуҳ алайҳис-саломни ёлғончи қилган қавм эди.

74. Сўнгра Биз (Нуҳдан) кейин ҳам (кўп) элчиларни ўз қавмларига юбордик. Бас, у (элчилар) уларга очиқ ҳужжат-мўъжизалар келтирганларида, улар илгари ёлғон деган нарсаларига (пайғамбарларнинг мўъжизаларини кўрганларидан кейин ҳам) иймон келтиргувчи бўлмадилар. Тажовузкор кимсаларнинг дилларини Биз мана шундай муҳрлаб қўюрмиз.
Яъни, Ҳақ таоло Нуҳ алайҳис-саломдан кейин ҳам Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Лут, Шуайб ва бошқа пайғамбарларни ўз қавмларига элчи қилиб юборди. Уларнинг ҳар бири ўзининг Оллоҳ таоло юборган элчи эканлиги-га аниқ ҳужжат бўлган Илоҳий мўъжизаларни кўрсатиб, қавмларини Оллоҳнинг Йўлига даъват қилдилар, аммо у қавмларнинг аксариси илгари қандай жоҳил-кофир бўлсалар, ўша ҳолларида қолдилар - ўзларига келган пайғамбарларга иймон келтирмадилар, уларни ёлғончи қилдилар, Оллоҳ таолонинг оятларини инкор қилдилар, ҳеч қандай далил-ҳужжат, мўъжиза уларга кор қилмади.
Албатта, ҳар бир инсонда савол туғилиши табиий: Наҳотки улар Оллоҳ юборган элчиларни ўз кўзлари билан кўриб, Илоҳий мўъжизаларга гувоҳ бўлиб туриб, яна кофирликларича қолишлари мумкин бўлса? Оят давомида Ҳақ таоло мана шу саволимизга жавоб қилади:
“Тажовузкор кимсаларнинг дилларини Биз мана шундай муҳрлаб қўюрмиз”.
Яъни, кимда-ким бандалик ҳаддидан тажовуз қилар, бошқача айтганда, Яратган Эгаси борлигини инкор қилар экан, ёки Унга ширк келтирар экан, ундай кимсаларнинг қалбларини Оллоҳ таоло муҳрлаб қўяди, бас, энди у қалб тошдан ҳам қаттиқ бўлиб қолади ва ҳеч қандай нарса, ҳатто Илоҳий мўъжизалар ҳам уни юмшата олмайди. Ўтмишдаги пайғамбарлар ва уларга иймон келтирмаганлари учун ҳалок бўлиб кетган қавмлар ҳақида хабар бергувчи бу оятлар барча пайғамбарларнинг саййиди, сўнгги Элчи Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни ёлғончи қилаётган Макка мушриклари учун қаттиқ огоҳлантиришдир, уларнинг бошларига ҳам узоқ-яқин ўтмишда ўтган ва ўзларига юборилган пайғамбарни ёлғончи қилганлари сабабли ҳалок бўлиб кетган қавмларнинг куни тушиб қолиши мумкин эканига ишорадир. Бу ҳақда бошқа сураларда янада очиқроқ тарзда айтилган: “Бу Ерга (илгариги) эгаларидан кейин меросхўр бўлаётган кимсаларга, агар Биз хоҳласак, уларнинг гуноҳлари сабабли мусибат етказиб қўйишимиз ҳали ҳам аниқ-равшан бўлмадими?! Биз уларнинг дилларини (ана шундай) муҳрлаб қўюрмиз. Сўнг улар (ҳеч қандай панд-насиҳатга) қулоқ солмай қўядилар”. (Аъроф сураси 100-оят).
Яъни, Оллоҳ таолонинг оятларига иймон келтир-маганлари, У Зот юборган элчиларни ёлғончи қилганлари учун ҳалок қилиб юборилган кофирлардан қолган ерларда яшаётган Макка ва унинг атрофидаги мушрикларга агар Оллоҳ таоло хоҳласа, худди аввалги кофир қавмларни ҳалок қилгани каби уларни ҳам динсизликлари, Оллоҳнинг Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳақ Пайғамбар эканликларига иймон келтирмаганлари учун ҳалок қилиб юбориши мумкин экани ҳали ҳам аниқ-равшан бўлмадими?!
Ояти карима давомида Жаноби Ҳақ мушриклар нима сабабдан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам уларни Ҳақ Динга даъват қилганларида у зотга итоат этмаётганлари ҳақида сўзлаб, Унинг Ҳидоятига нолойиқ бўлган кимсаларнинг қалбларини муҳрлаб қўйишини, шундан кейин улар ҳеч қандай панд-насиҳатни қабул қилмайдиган, аввалгиларнинг аҳволларидан ибрат олмайдиган, ибрат олиш эмас, ҳатто ўтмишдаги кофир бўлганлари сабабли ҳалок қилинган қавмлар ҳақидаги оятларга қулоқ ҳам солмайдиган бўлиб қолишларини айтиб огоҳлантиради.
Ҳақ таоло у мушриклар ҳақида бошқа оятларда шундай дейди: “У (Китоб) биладиган қавм учун (мўминларга) хушхабар бергувчи ва (кофирларни азобдан) огоҳлантиргувчи - арабий Куръон ҳолида (нозил қилиниб), оятлари муфассал баён қилинган Китобдир. Бас, (кофирларнинг) кўплари (унинг оятлари ҳақида тафаккур қилишдан) юз ўгирдилар, демак, улар «эшитмаслар». Улар (Пайғамбар алайҳис-саломга): «Дилларимиз сен бизларни даъват қилаётган нарсадан пардаланган, қулоқларимизда эса оғирлик-карлик бордир ва сен билан биз-ларнинг ўртамизда бир тўсиқ бордир. Бас, сен ҳам (ўз амалингни) қилавер, бизлар ҳам албатта (ўз амалларимизни) қилгувчидирмиз”, дедилар”. (Фуссилат сураси, 3-5-оятлар).

75. Сўнгра уларнинг ортидан Мусо билан Хррунни Ўз оят-мўъжизаларимиз билан Фиръавн ва унинг одамларига юборган эдик, улар ҳам кибру ҳаво қилдилар ва жиноятчи-гуноҳкор қавм бўлдилар.
Ушбу ояти каримадан бошлаб то суранинг 95-оятига қадар сўз юқорида зикр қилинган Нуҳ алайҳис-салом замонидан неча минг йиллар ўтганидан кейин ўз қавмларига элчи қилиб юборилган Мусо ва Ҳорун алайҳимас-салом ҳамда уларни ёлғончи қилгани учун Оллоҳ таолонинг ғазабига қолиб ҳалок бўлган Фиръавн ва унинг қавми ҳақида боради. Бу икки улуғ пайғамбар қиссаси алоҳида зикр қилинишига сабаб, бу тарих ҳам Нуҳ пайғамбар қиссаси каби ўта ибратлидир, бу қисса иймонсизликнинг оқибати, албатта, ҳалокат эканини очиқ кўрсатувчи қиссадир.
Муфассирлар айтишларича, Ояти каримадаги Мусо алайҳис-саломга берилган оят-мўъжизалардан мурод, у зотга Оллоҳ таоло томонидан ато этилган тўққиз мўъжиза - асо, оппоқ қўл, тўфон, чигиртка, битлар, бақалар, қон, қаҳатчилик, денгиз ўртасидан иккига бўлиниши каби мўъжиза-лардир. Бу ҳақда бошқа сураларда такрор-такрор айтилгандир. Жумладан, Бақара сурасининг 140-141-оятларида ва Аъроф сурасининг 103-156-оятларида Мусо ва Ҳорун алайҳимас-салом ва уларнинг қавми бўлмиш Бани Исроил тарихи, Фиръавн ва унинг кофир қавмининг ҳалокати жуда батафсил баён қилинди ва ўз ўрнида ало қадри ҳол тафсир қилиб ўтилди.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло яна бир бор ўша тарих ҳақида сўзлаб, Фиръавн ва унинг қавми Мусо ва Ҳорун келтирган оят-мўъжизаларни ўз кўзлари билан кўриб туриб ҳам уларга иймон келтириб, итоат этиш ўрнига кибр қилиб, куфр-жиноят йўлини танлаганлари ҳақида хабар беради.

76. Бас, қачонки уларга Бизнинг ҳузуримиздан Ҳақиқат келганида, улар: «Бу очиқ сеҳр», дедилар.
Яъни, қачонки Мусо Фиръавн ва унинг одамларига ўзининг ҳақиқатан Оллоҳ таоло юборган пайғамбар эканлигига аниқ далил бўладиган Илоҳий мўъжизаларни кўрсатгач, бу мўъжизалар улар кўриб юрган турли кўз бўямачиликлардан тамоман фарқли бўлган ҳақиқат экани аён бўлгач, улар дарҳол Мусо ва Ҳорун Оллоҳ таолонинг элчилари эканликларига иймон келтириш, уларга итоат қилиш ўрнига: “Бу очиқ сеҳрку”, дедилар. Қибтийларнинг (Мисрнинг туб аҳолиси) бу сўзлари Фиръавнни тасдиқлаш учун айтилган эди. Чунки “(Фиръавн) атрофидаги одамларга: “Шубҳасиз, бу (Мусо) ўткир сеҳргардир. У ўзининг сеҳри билан сизларни ўз ерларингиздан чиқармоқчи, нима дейсизлар”, деган эди”. (Шуаро сураси, 34-35-оятлар). Ўша замонда одамлар орасида сеҳргарлик жуда авж олгани учун уларнинг ҳаммалари Мусо алайҳис-саломни ўша сеҳргарлардан бири, Фиръавннинг ўрнини олиб Мисрни эгаллаш учун сеҳр-жодусини ишлатмоқда, деб гумон қилган эдилар.

77. Мусо деди: «Сизларга Ҳақиқат келган вақтида («Бу сеҳр»), дей-сизларми? Сеҳрми шу? Ахир сеҳргарлар нажот топмайдилар-ку?!»
Мусо алайҳис-салом Фиръавн ва унинг одамларига шундай дашном берди, мўъжиза билан сеҳр ўртасида жуда катта фарқ борлигини англай олмаган у қавмдан ажабланиб, деди: “Ажабо, сизлар мен кўрсатган мўъжизалар равшан ҳақиқат эканини кўриб-билиб туриб: “Бу сеҳр деяпсизларми?! Наҳотки шу сеҳр бўлса?! Ахир сизлар сеҳр оддий кўзбўямачилик эканини жуда яхши биласизлар-ку?! Агар мен келтирган мўъжизалар сеҳр бўладиган бўлса, озгина фурсатдан кейин йўқ бўлиб кетиши керак эдику, сеҳргарларнинг сеҳри ботил нарсалар эканини исбот қила олмаслиги керак эдику?! Ахир сеҳргарлар ҳеч қачон нажот топмайдиларку, мен эса сизлар сўраган мўъжизанинг барчасини кўрсатиб, бирон рақибдан мағлуб бўлмай турибманку?! Наҳотки сизлар мен келтирган нарса Ҳақи-қат эканини аниқ билиб туриб уни инкор қилсангизлар?!”
Фиръавн ва унинг қавми Мусо алайҳис-саломнинг ҳақ пайғамбар эканини билиб туриб кофир бўлганлари ҳақида бошқа оятларда ҳам айтилгандир: “Бас, қачонки уларга Бизнинг оят-мўъжизаларимиз равшан ҳолда етиб келгач, улар: «Бу очиқ сеҳрдир», дедилар. Ва ўзлари аниқ билган ҳолларида зулм ва кибр қилиб, у (мўъжизаларни) инкор этдилар. Энди (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), у бузғунчи кимсаларнинг оқибати қандай бўлганини кўринг”. (Намл сураси, 13-14-оятлар).

78. Улар дедилар: «Сен бизларни ота-боболаримизни (амал қилган ҳолда) топган (динимиздан) буриб-чиқариб юбориш учун ва (оғанг Ҳорун билан) икковингиз еримизга эга бўлиб олиш учун келдингми?! Биз сизларга иймон келтиргувчи эмасмиз!»
Яъни, Фиръавн ва унинг қавми Мусо алайҳис-салом айтган ҳақ сўзларга бирон жўяли жавоб топа олишмагач, у зот келтирган мўъжизалар-нинг ҳеч қандай сеҳр эмаслигини тан олишдан ўзга чоралари қолмади ва сўзни бошқа томонга буришга мажбур бўлишди. Энди у кофир қавм ўзларининг ботил даъволарини далиллай олмаганларидан кейин Мусо ва Ҳорун алайҳимас-саломга яна янги “айблар” тақишга уринишди ва: “Демак, сен, эй Мусо бизларни ота-боболаримизнинг дини бўлган бутпарастликдан ва подшоҳимиз Фиръавнга сиғинишдан маҳрум қилиб, ўзингнинг динингга киритмоқчи экансанда?! ОғангҲорун икковингиз бизнинг еримиз бўлган Мисрни бутунлай эгаллаб олиб бизларга ҳукмрон бўлмоқчи экансизлар-да?! Биз сизларга ҳеч қачон иймон келтирмаймиз”, дейишди.
Уларнинг бу сўзлари Оллоҳ таоло юборган бошқа пайғамбарларга ҳам ўз қавмлари томонидан айтилган сўз эди. Дарвоқеъ, одамзот тарихида бирон пайғамбарни қавми иймон ва итоат билан кутиб олмаган. Аввал-бошда барча пайғамбарлар ўзлари юборилган қавм тарафидан куфр, итоатсизлик, турли озор-азиятлар кўрганлар, аммо ҳеч ноумид бўлмай, фақат пайғамбарларга хос бўлган буюк сабр-тоқат билан зиммаларидаги элчилик вазифаларини адо этганлар, барчаларига Оллоҳ таолонинг салавот ва саломи бўлгай.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Макка мушриклари томонидан куфр ва итоатсизликни кўриб ғамга ботган Ҳазрати Муҳаммад соллолоҳу алайҳи ва салламга таскин-тасаллий беради.

79. Фиръавн ўз одамларига: «Барча ўткир сеҳргарларни келтирингиз!», деди.
Фиръавн ўз одамлари билан Мусо алайҳис-салом келтирган мўъжизаларга қарши тура олмаслигини билгач, Мусо ва Ҳорун Оллоҳ таоло юборган элчилар эканига иймон келтириш ва уларга итоат қилиш ўрнига Миср мамлакатидаги жамийки сеҳргарларни тўплашни буюрди.
“Маолимут-танзил” тафсирида бу воқеа тафсилоти шундай баён қилинади: Ибн Аббос розияллоху анхумодан ва Ибн Исҳоқ, Суддий раҳма-туллоҳи алайҳимодан ривоят қилинишича, қачонки Фиръавн Мусо алайҳис-салом кўрсатган мўъжизалар мисолида Оллоҳ таолонинг Қудратини кўргач, лол-ҳайрон бўлди-ю, аммо Мусони ҳақ пайғамбар деб иймон келтириш ўрнига жуда ўткир сеҳргар экан, энди уни ўзига ўхшаган сеҳр-гарлар ёрдами билангина енгиш мумкин, деб, ўз одамларининг маслаҳати билан Мусо ва Ҳорунни ушлаб турди ва бани Исроил қавмидан бўлган жуда кўп қулларни сеҳргарлар юрти бўлган Фархо деган жойга сеҳр-жодуни ўрганиб келишлари учун юборди. У жойдаги ўткир сеҳргарлар уларга сеҳр илмини ўргатдилар. Фиръавн сеҳргарларнинг энг каттасини чақириб, юборган одамлари ҳақида сўраганида у: “Мен одамларингга сеҳр илмини шу қадар пухта ўргатдимки, энди уларга Ер юзидаги бирон сеҳргарнинг кучи етмайди, магар осмондан қўллаб туриладиган сеҳргар бўлсагина уларни енгиши мумкин”, деб жавоб қилади. Шундан кейин Фиръавн ўзининг мамлакатидаги бирон сеҳргарни қолдирмасдан йиғиб келиш учун одамларини Мисрнинг ҳар тарафига, барча шаҳарларига жўнатди ва Мусо алайҳис-салом билан маълум бир куни йиғилиб, уни синаб кўриши ҳақида ваъдалашди.

80. Бас, қачонки сеҳргарлар келганларида, Мусо уларга: «Ташламоқчи бўлган нарсаларингизни (яъни, асо ва арқонларингизни) ташланглар», деди.
Фиръавн мамлакатнинг ҳар тарафидан чақириб тўплаган сеҳргарлар саноғи тўғрисида уламолардан турли ривоятлар бор: Муқотил: “Сеҳргарларнинг адади етмиш иккита бўлиб, уларнинг катталари қибтлик икки киши, қолган етмиш киши эса бани Исроил қавмидан эди”, дейди. Аммо сеҳргарлар саноғи бундан минг баробар кўп деган уламолар ҳам бордир. Масалан, Икрима: “Улар етмиш минг киши эди”, деган бўлса, Муҳаммад ибн Мункадир: “Саксон мингта эдилар”, дейди. (“Маолимут-танзил” тафсиридан).
“Муқтатаф” тафсирида зикр қилинишича, гарчи бу сўзлар ишончли санад билан айтилмаган бўлса-да, (!яъни, саҳиҳ ҳадисларда ривоят қилинмаган бўлса-да), лекин ўша сеҳргарлар катта жамоат бўлгани ва барчалари Мисрнинг турли қишлоқ-шаҳарларидан Фиръавннинг буйруғи билан унга ёрдам қилиш учун келгани аниқдир. Уларнинг адади қанча бўлганини Оллоҳ таоло яхшироқ Билгувчидир.
Сеҳргарлар тўпланганида, улар билан Мусо алайҳис-салом ўртасида бўлиб ўтган сўз ҳақида Аъроф сурасида шундай хабар берилади: “Улар айтдилар: «Эй Мусо, ё сен (қўлингдаги асони) ташла, ёки биз (ўзимизнинг қўлимиздаги нарсаларимизни) ташлаймиз”. (Аъроф сураси, 115-оят).
Сеҳргарларнинг бу сўзларини муфассир уламолар икки хил тафсир қилганлар. Биринчи тафсир: Улар ўзларига ҳаддан ортиқ ишонганлари, ғолиб бўлишимиз аниқ деб ўйлаганлари ва Мусо алайҳис-саломни менсимаганлари учун шундай деганлар.
Иккинчи тафсир: У сеҳргарлар одоб юзасидан Мусо алайҳис-саломга аввал бошлаш ихтиёрини берганларки, Оллоҳнинг элчиси олдидаги мана шу одоблари кейин уларнинг иймон келтиришларига ва Фиръавн олдида эмас, балки Оллоҳ таоло ҳузурида муқарраб - Оллоҳга яқин бандаларга айланишларига сабаб бўлган.
“(Мусо): «Сизлар ташланглар», деди. Бас, улар ташлаган эдилар, одамларни кўзларини бўяб даҳшатга солиб қўйдилар ва зўр сеҳр кўрсатдилар.” (Аъроф сураси, 116-оят).
Яъни, Мусо алайҳис-салом - Оллоҳ таолонинг ҳақ пайғамбари бўлмиш у улуғ зот Ҳақиқат ғалаба қилишига аниқ ишонгани учун хотиржам ҳолда: “Сизлар ташланглар”, деди.
Ҳикоя қилишларича, шаҳар четидаги бир водийга тўпланган халойиқ олдида минглаб сеҳргарлар қўлларидаги таёқча ва ипларини ташлаганларида бутун водий устма-уст мингашиб-қалашиб ётган илонларга тўлиб кетган экан.

81. Қачонки улар (қўлларидаги нарсаларини) ташлаганларида (ва у арқон, асолар илонларга айланиб қолганида) Мусо деди: “Сизлар қил-ган иш сеҳрдир. Албатта Оллоҳ уни барбод қилур. Аниқки, Оллоҳ бузғунчи кимсаларнинг ишини ўнгламайди.
Оллоҳ таоло сеҳргарларнинг сеҳрини қай тарзда барбод қилгани ҳақида бошқа бир оятда шундай дейилади: “Биз Мусога: «Асойингни таш-лагин», деб ваҳий юбордик. Баногоҳ у (яъни, аждарга айланган ҳасса) уларнинг «уйдирма»ларини юта бошлади”. (Аъроф сураси, 117-оят).
Бу куфр билан иймон ўртасидаги кураш эди. Бир тарафда ўзини худо деб даъво қилган Фиръавн, унинг сеҳргарлари ва сон-саноғи йўқ динсиз кимсалар, иккинчи тарафда эса Оллоҳнинг икки солиҳ бандаси ва элчиси - Мусо ва Ҳорун алайҳимас-салом турар эдилар. Яъни, саноқсиз кофирларнинг рўбарўсида фақат икки мусулмон турар эди. Кучлар тенг эмас эди. Сеҳргарлар ташлаган таёқ ва арқонлар илонларга айланиб, одамлар даҳшатга тушиб қолганларида - кўринишидан куфр ғолиб кела бошлаганида Ҳақ таоло Ўзининг солиҳ бандаси ва пайғамбарини - Мусо алайҳис-саломни қўллади, унга: “Қўлингдаги асойингни ташлагин”, деб ваҳий юборди ва шу пайт буюк мўъжиза юз берди - Мусо ташлаган асо даҳшатли аждарҳога айланиб, сеҳргарлар одамларнинг кўзига илон қилиб кўрсатган таёқ ва арқонларнинг биронтасини қолдирмасдан ютиб, йўқ қилиб юборди ва томошабин бўлиб турган одамларга ҳам ҳамла қилмоқчи бўлди, яъни, сеҳргарлар тўқиган ёлғон билан бирга у ёлғонга маҳлиё бўлганларни ҳам йўқ қилиб юбормоқчи бўлди. У аждарҳодан қочиб қутулмоқчи бўлган жуда кўп одамлар издиҳомда ҳалок бўлдилар. Шунда Мусо алайҳис-салом Оллоҳнинг Амри билан у аждарҳони ушлаган эди, ўша онда у эски ҳолига қайтиб, асога айланди. Бу мўъжизани ўз кўзлари билан кўриб турган сеҳргарлар: “Агар Мусо кўрсатган нарса ҳам бизники каби сеҳр бўлганида, бизнинг арқон ва таёқларимизни йўқ қилиб юбора олмаган бўлар эди”, дедилар.
Ушбу ояти карима одамларни алдаб-адаштириш, сеҳргарлик каби бузуқ йўлларга кирган кимсаларнинг ишлари гарчи аввал-бошда юришиб, айрим содда одамларни ўз домига илинтирса-да, охир-оқибат алдов-сеҳр экани ошкор бўлиб, у сеҳргар-алдамчилар албатта эл аро шармандайи шармисор бўлишлари аниқ иш эканига далолат қиладиган Илоҳий ҳужжатдир.
“Тафсири Қуртубий” ва “Тафсири Мунийр”да Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, ким тунда ётиш олдидан ушбу оятдаги “Сизлар қилган иш сеҳрдир. Албатта Оллоҳ уни барбод қилур. Аниқки, Оллоҳ бузғунчи кимсаларнинг ишини ўнгламас”, деган сўзларни тиловат қилса, у кишига бирон сеҳр-жоду қилувчининг сеҳри зиён етказа олмайди ва агар сеҳр-жодуга мубтало бўлган кишига ушбу оят ёзиб бериладиган бўлса, албатта Оллоҳ таоло ундан сеҳрни даф қилади.

82. Ва гарчи жиноятчи кимсалар истамасалар-да, ОллоҳЎз Сўзла-ри (яъни, Амру Фармонлари) билан ҳақиқатни рўёбга чиқарур».
Ушбу ояти каримада ҳам Мусо алайҳис-салом Фиръавн ва унинг одамларига айтган сўзлар зикр қилингандир. Яъни, гарчи Фиръавн ва унинг одамлари каби золим-жиноятчи кимсалар Ҳақиқат ноҳақлик устидан, мўъжиза сеҳр устидан ғолиб бўлишини хоҳламасалар-да, Оллоҳ таоло Ўзининг Ҳукми билан, Мусо алайҳис-саломга берган Ваъдаси сабабли албатта Ҳақиқатни ботил устидан ғолиб қилур. Бошқа бир оятда Мусо алайҳис-салом Фиръавн ва унинг қавми устидан ғолиб бўлгани ҳақида шундай дейилган: “Бас, ҳақиқат (жойига) тушди, уларнинг қилган, ҳаракатлари эса барбод бўлди.” (Аъроф сураси, 118-оят).
Яъни, Мусо алайҳис-саломнинг: “Эй Фиръавн, албатта мен барча оламларнинг Парвардигори томонидан юборилган элчиман”, деган сўзлари ҳақиқат экани ҳамманинг кўз ўнгида очиқ-равшан бўлди, Оллоҳ таоло уни буюк мўъжиза билан қўллаб-қувватлади ва сеҳргарларнинг Илоҳий мўъжизага қарши қилган сеҳри ҳам, Фиръавн ва унинг қавми режалаштирган найранглар ҳам, ҳамма-ҳаммаси барбод бўлди.

83. Бас, Мусога фақат унинг қавмидан бўлган зурриёт-авлодларгина Фиръавн ва унинг одамларининг фитна-фасодларидан қўрққан ҳолда иймон келтирдилар, холос. Чунки Фиръавн у ерда ғолиб (эди) ва у, шубҳасиз, ҳаддан ошувчи кимсалардандир.
Яъни, Мусо алайҳис-салом ўзининг Ҳақ пайғамбар эканлигини тасдиқлайдиган шундай Илоҳий мўъжиза кўрсатиб, Фиръавн ва унинг сеҳргарлари устидан ғолиб бўлганидан кейин ҳам бу воқеага гувоҳ бўлиб турганлар-дан Фақат Мусо алайҳис-саломнинг қавмидан бўлган бир тоифа одамларгина иймон келтирдилар. Улар бир замонлар Миср ерига келиб қолган Бани Исроил қавмининг авлод-зурриётлари эди. Улар Мусо алайҳис-саломга иймон келтирар эканлар, Фиръавн ва Унинг одамлари бирон фитна чиқаришларидан, яъни, уларни Ҳақ Йўлдан тўсишларидан ёки азоб-қийноқларга солишларидан кўрқиб, ўзларининг мўмин бўлганларини яширар эдилар. Чунки Миср Фиръавннинг кўлида эди, у эса ўзини илоҳ деб эълон қилиб, ҳамма унга сиғинишини талаб қилиши билан ҳаддан ошган, зулм-зўравонликда инсонлик чегарасидан чиқиб кетган махлуқ эди.
Ояти каримадаги “унинг қавмидан” иборасини “Фиръавннинг қавмидан”, деб тафсир қилган уламолар ҳам бордир: Атийя Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилишича, Мусо алайҳис-саломга Фиръавн қавмидан бўлган саноқли кишилар - Фиръавннинг хотини, ўша хонадондан бўлган яна бир киши, Фиръавннинг хазинабони ва унинг аёли ҳамда унинг бир ходимасигина иймон келтирганлар. “Маолимут-танзил” тафсирида айтилишича, Мусо алайҳис-саломга иймон келтирганлар Фиръавн қатли омидан омон қолган Бани Исроил болалари эди. Фиръавн Бани Исроил қавмидан туғилган ҳар бир ўғил болани қатл қилишга буюрганидан кейин Бани Исроил аёллари агар ўғил кўрсалар уни Фиръавн ўлдириб юбормасин деб Қибт қабиласидан бўлган аёлларга ўғил қилиб бериб юборадиган бўлдилар ва у болалар қибтликлар хонадонларида ўсиб-улғайдилар. Бас, қачонки Мусо алайҳис-салом сеҳргарлар устидан ғолиб бўлгач, ана ўша болалар Мусо пайғамбарга иймон келтириб мусулмон бўлдилар.
Фарро айтади: “Мусо алайҳис-саломга иймон келтирган кишилар “унинг қавмидан бўлган зурриётлар”, деб номланишларига сабаб, уларнинг оталари қибтийлардан бўлса-да, оналари Бани Исроил қавмидан эди”.

84. Мусо (иймон келтирган кишиларга) деди: «Эй қавмим, агар Оллоҳга иймон келтирар экансизлар, агар (чиндан ҳам) мусулмон бўлсангизлар, Унинг Ўзигагина суянинглар - таваккул қилинглар!»
Яъни, қачонки Мусо алайҳис-салом мўминларда Фиръавн ва унинг одамларидан қўрқув борлигини кўргач, уларга: “Агар сизлар чиндан ҳам Оллоҳга ва Унинг оятларига иймон келтирган бўлсангизлар, агар сизлар ҳақиқий мусулмон, яъни, Оллоҳ таолонинг қазо ва қадарига таслим қилиб бўйинсунувчи, Унга чин ихлос билан ибодат қилувчи бўлсангизлар, у ҳолда ҳеч кимдан қўрқмасдан, Ёлғиз Оллоҳ таолонинг Ўзига суянинглар - таваккул қилинглар! Ана ўшандагина У Зот сизларни ҳар қандай зиён ва ёмонликлардан асрайди”, деди. Мусо алайҳис-салом бу сўзларни “иймон келтирдик”, деб мўминликларини эълон қилган ўша тоифанинг иймонлари ҳақиқий иймонми ёки тил учида айтилган куруқ сўзми, синаш учун айтган эди.
Ояти карима иймон - Оллоҳ таолога ҳар бир иш Ёлғиз Унинг Қўлида эканига сидқидилдан ишониш, Ислом эса, ана ўша иймон асосида амал қилиш эканини уқтиради.

85. Бас, улар айтдилар: «Оллоҳнинг Ўзига таваккул қилдик. Парвардигоро, бизларни бу золим қавм учун фитна-алдов қилиб қўймагин!
Бас, у мўминлар дарҳол Мусо алайҳис-саломнинг сўзларини қабул қилиб, шундай дедилар: “Оллоҳнинг Ўзига таваккул қилдик”, яъни, “барча ишларимизни Унинг Ўзига топширдик, Унинг қазо ва қадарига рози бўлдик, Унинг Амрига итоат қилдик”. Сўнгра шундай дуо қилдилар: “Парвардигоро, бизларни бу золим қавм учун фитна-алдов қилиб қўймагин”, яъни, “бизларни душманларимиз қўлида ҳалок қилмагин ва бизларга ўз ҳузурингдан бирон азоб юбормагинки, у ҳолда бизнинг бошимизга тушган бало-мусибат душманларимиз бўлган бу золим қавм учун фитна-алдов бўлиб қолади ва улар: “Агар Мусо ва унга иймон келтирган кимсалар ҳақ бўлганларида, биз уларнинг устидан ғалаба қозона олмаган бўлар эдик”, деб алданиб, Ҳақни ноҳақ деган хулосага келадилар ва бизларни ҳам динимиздан чиқаришга ҳаракат қиладилар”.
Ояти каримада у мўмин қавм аввал ўзларининг Оллоҳ таолога таваккул қилганларини айтишиб, сўнгра дуо қилганларидан олинадиган ибрат шуки, дуо қилгувчи киши дуоси ижобат бўлиши учун аввало бутун борлиғи билан Оллоҳ таолога суяниб - таваккул қилиб, сўнгра Унга дуо илтижо қилиши керак. Ана шундагина Оллоҳ таоло хоҳласа муроди ҳосил, дуоси қабул бўлади.

86. Ва Ўз Раҳматинг билан бизларга бу кофир қавмдан нажот бергин»!
Ушбу ояти карима ҳам ўша Бани Исроил қавмидан мўмин бўлган кишилар қилган дуонинг давомидир.
У мўминлар энди Ҳақ таолодан Ўз Раҳму Шафқати билан уларни Фиръавн ва унинг кофир қавмидан бутунлай қутқаришини сўраб дуо-илтижо қилдилар. Чунки кофирлар уларни ҳеч чидаб бўлмайдиган машаққатли меҳнатларга мажбур қилиб қийнар эдилар. Шунинг учун улар золим Фиръавн ва унинг кофир қавми қўл остида бир кун туришга ҳам токат қила олмай қолган эдилар.

87. Биз Мусо ва унинг биродарига: «Қавмларингиз учун Мисрда уйлар тайёрланглар ва бу уйларингизни қиблага қаратиб қуринглар ва (у уйларда) намозни тўкис адо қилинглар. (Эй Мусо), иймон келтирган зотларга (тез орада ғалаба қилишлари ҳақида) хушхабар беринглар», деб ваҳий юбордик.
Фиръавн ва унинг одамлари бани Исроил қавмини қўрқитиб, уларнинг ибодатхоналарини вайрон қилиб ташлаганларида, Оллоҳ таоло Ўз пайғамбарлари Мусо ва Ҳорунга ояти каримада мазкур бўлган Фармонни ваҳий қилиб юборди ва уларга яқин орада Фиръавн зулмидан халос бўлиб, ғалаба қозонишлари ҳақида хушхабар берди.
Аксари муфассирлар ояти каримани шундай тафсир қиладилар: Бани Исроил қавми фақат ўзларининг ибодатхоналаридагина ибодат қилишлари ҳаммага маълум эди. Қачонки Мусо алайҳис-салом пайғамбар қилиб юборилганидан кейин Фиръавн у ибодатхоналарни бузиб юборишга бую-риб, Бани Исроил қавмини намоз-ибодатдан тўсиб қўйди. Шунда Ҳақ таоло Мусо ва унинг биродари Ҳорун алайҳимас-саломга ваҳий юборади ва мўминлар уйларини қиблага қаратиб солиб, ўша уйларда Фиръавн ва унинг одамларига билдирмасдан яширинча намозларини адо қилишларини буюради.
Ушбу тафсирни Иброҳим ва Икрима Ибн Аббос розияллоху анҳумодан ривоят қилганлар.
Мужоҳид эса: “Мусо ва у билан бирга бўлган мўминлар катта, ҳамма жамланадиган ибодатхоналарда намоз ўқисалар Фиръавн билиб қолишидан хавфсирай бошлаганларида уларга уйларини Каъбага қаратиб солиш ва ўша уйларда яширинча намоз ўқишлари буюрилди”, дейди.
Маълум бўладики, худди мусулмонлар Исломнинг илк даврида Маккада яширинча уйларида намоз ўқиганларидек Бани Исроил қавмидан иймон келтирган кишилар ҳам аввал-бошда Мисрда яширинча ибодат қилган эканлар, Ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ҳам оятдаги қибладан мурод Каъбатуллоҳ экани ривоят қилинган. Аммо Қуртубий ўзининг “Ал-жомеъ лиаҳкомил-Қуръон” тафсирида: “Бани Исроил қавми Байтул-Мақдис, яъни, Қуддус шаҳрига юзланиб намоз ўқишга буюрилганлар ва у шаҳар ҳали-ҳануз яхудийларнинг қибласидир”, дейди.

88. Мусо деди: «Парвардигоро, дарҳақиқат, Сен Фиръавн ва унинг одамларига ҳаёти дунёда зеб-зийнат ва мол-давлат ато этдинг. Парвардигоро, охир-оқибатда улар (мана шу мол-давлатлари билан одамларни) Сенинг Йўлингдан оздиришлари учун (шундай қилдинг). Парвардигоро, уларнинг мол-давлатларини йўқ қилгин, кўнгилларини қаттиқ қилгин, токи улар аламли азобни кўрмагунлари-ча, иймон келтирмасинлар!”
Мусо алайҳис-салом ўзининг ҳақ пайғамбар эканини исботлайдиган Илоҳий мўъжизаларни такрор-такрор келтирганидан кейин ҳам Фиръавн ва унинг қавми иймон келтириш, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилиш ўрнига куфр-исёнларида, Ҳақ Йўлни инкор қилишда давом этаётганларини кўргач, уларни ушбу ояти каримада мазкур бўлганидек дуойибад қилди. Мусонинг оғаси Ҳорун билан бирга қилган бу дуоси худди олис мозийда ўтган, ўз қавмини салкам минг йил Ҳақ Динга даъват қилиб, улардан фақат куфр ва инкорни кўрган яна бир пайғамбар Нуҳ алайҳис-салом қилган дуога ўхшар эди: “Нуҳ айтди: «Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини қолдирмагин. Чунки Сен агар уларни (Ер юзида) қолдирсанг, улар бандаларингни йўлдан оздирурлар ва улар фақат кўрнамак, нопок (кимсалар)ни туғиб-кўпайтирурлар.” (Нуҳ сураси, 26-27-оятлар).
Албатта, Оллоҳ таоло юборган элчилар, агар Ҳақ таоло томонидан уларга изн берилмаса, Илоҳий ваҳий билан бундан кейин қавмларидан ва уларни авлод-зурриётларидан бирон кимса иймон келтирмаслиги аниқ билдирилмаса, ҳеч қачон у қавмларни дуойибад қилмаган бўлар эдилар. Бунинг далили мана бу ояти каримадир: “Нуҳга ваҳий қилиндики: “Қавмингдан фақат аввалда иймон келтирган кишилардан бошқа ҳеч ким иймон келтирмайди”. (Ҳуд, сураси, 36-оят). Қачонки мана шу оят нозил бўлганидан кейингина Нуҳ алайҳис-салом: “Парвардигорим, Ер юзида кофирлардан бирон ҳовли-жой эгасини (яъни, бирон кофирни) қолдирмагин, (барчасини ҳалок қилгин)”, деб дуо қилди.
Мусо пайғамбар ҳам қачонки Фиръавн ва одамларининг иймон келтиришларидан мутлақо умиди узилганидан кейингина Ҳақ таолога илтижо қилиб гўё шундай деди: “Парвардигоро, албатта, Сен Фиръавн ва унинг одамлари Ёлғиз Ўзингга ибодат қилишлари ва берган неъматла-рингга шукр қилишлари учун уларга ҳаёти дунёда энг чиройли зеб-зийнатлар, саноқсиз мол-давлатлар ато этдинг. Аммо улар Сен берган шундай буюк неъматларга шукроналар айтиш, Сенга тоат-ибодат қилиш ўр-нига туғёнга тушиб, залолат йўлини танладилар ва охир-оқибатда Сен ато этган неъматни ҳам Сенинг Йўлингдан оздириш учун ишлатмоқдалар. “Дарҳақиқат, (кофир) инсон ўзини бой-беҳожат кўргач, албатта туғёнга тушар - ҳаддидан ошар.” (Алақ сураси, 6-7-оятлар).
Парвардигоро, энди Ўзинг уларга мана шу ҳаёти дунёнинг ўзида қил-мишларига яраша жазо бергин - уларнинг мол-давлатларини бутунлай йўқ қилиб юборгин, қалбларини тошдек қаттиқ қилиб кўйгин, токи улар ҳалок бўлиб аламли азобни кўрмагунларича иймон келтирмасинлар!”
Албатта, Оллоҳ таоло Ўз элчиларининг дуоларини ижобат қилишида шак-шубҳа йўкдир. Қуйидаги оятда сўз шу ҳақда боради.

89. (Оллоҳ) деди: «(Эй Мусо ва Ҳорун), дуоларингиз ижобат қилинди. Бас, ҳар иккингиз Тўғри Йўлда собит бўлинглар ва ҳаргиз бил-майдиган кимсаларнинг йўлига эргашманглар!»
Яъни, Ҳақ таоло Мусо ва Ҳорун алайҳимас-саломга қилган дуолари ижобат бўлгани ҳақида хабар берди. Ҳолбуки Мусонинг ўзи дуо қилган, Ҳорун эса “омин” деб турган эди холос. Бас, маълум бўладики, дуо қилгув-чининг ортидан “омин” деб турган киши ўша дуога шерик ҳисобланар экан. Чунки омин калимасининг маъноси “Ё Роббим, дуойимни ижобат қилгин”, деганидир. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Қачон имом “валаззоллийн” деганида сизлар “Омин” денглар, чунки кимнинг бу сўзи малоикаларнинг “Омин” дейишларига тўғри келиб қолса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деб буюрганлар.
Ўрганаётганимиз ояти каримада Мусо ва Ҳорун алайҳимас-саломнинг Фиръавн ва унинг одамларига қарши қилган дуойибадлари қабул бўлгани айтилди, аммо бу - Фиръавн ва унинг одамлари дарҳол ҳалок қилиндилар, дегани эмасдир. Ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ривоят қилинишича, Фиръавн мана шу дуойибаддан кейин яна қирқ йил яшаган. Яъни, дуонинг қабул бўлиши билан унинг амалга ошиши ўртасида қанча муддат борлиги Ёлғиз Яратганга аён экан. Демак, банда дуо қилибоқ, сўраган нарсалари дарҳол рўёбга чиқмаса, “дуоларим қабул бўлмаяпти”, деб бесабрлик қилмаслиги лозимдир.
Ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Ер юзидаги бирор мусулмон Оллоҳ таолога дуо қилиб сўраса, модомики бирон гуноҳ ишни ёки қариндош-уруғдан узилишни сўрамас экан, албатта Оллоҳ таоло унинг дуосини қабул қилиб, сўраган нарсасини беради ёки ундан ўша дуоси баробарида бирон ёмонликни буриб юборади ёхуд ўша миқдордаги бирон гуноҳини кечириб юборади”. (Термизийривояти. “Танвирул-азҳон”тафсиридан).
Ояти карима давомида Ҳақ таоло Мусо ва Ҳорунга: “Бас, ҳар иккингиз Тўғри Йўлда собитқадам бўлинглар ва ҳаргиз билмайдиган кимсаларнинг йўлига эргашманглар!” деб амр қилиш билан уларни Ҳақ Йўлга қилаётган даъватларида ҳеч сустлашмасдан барқарор бўлишга, жоҳил-нодон кимсалар каби “нега дуоларимиз ижобат бўлгани кўринмаяпти?”, деб шошқалоқлик қилмасликка чақиради.

90. Биз бани Исроилни денгиздан ўтказганимиздан кейин уларга зулму зўравонлик қилиш учун Фиръавн ва унинг лашкари қувиб етди. То қачон унга (Фиръавнга денгизда) ғарқ бўлиш (пайти) етганида эса, у деди: «Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар бани Исроил иймон келтирган Зот - Оллоҳгина борлигига иймон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман - Оллоҳга бўйинсунувчилардандирман».
Қачонки Ҳақ таоло бани Исроилга Мисрдан - қуллик ўлкасидан нажот беришни ирода қилгач, ҳеч қачон ўзининг қулларидан ажраб қолишни истамаган Фиръавннинг қалбига шундай хавотир солиб кўйдики, натижада у кутилмаганда Мусо ва Ҳорунни ўз ҳузурига чақириб, “Ўзинглар ҳам, бани Исроил қавми ҳам, биронтанглар қолмасдан менинг халқим орасидан чиқиб кетинглар ва ўзларинг айтиб юрган Роббингизга сиғинаверинглар”, деди. Бу хушхабардан бениҳоя шодланиб, Оллоҳга шукроналар айтган Мусо ва унинг оғаси Ҳорун алайҳимас-саломлар ўз қавмлари бани Исроил билан йўлга ҳозирлик кўра бошладилар. Яъқуб алайҳис-салом билан бирга Миср заминига кириб келганларида бор йўғи етмиш икки кишидан иборат бўлган бу қавм Мисрдан чиқар эканлар, саноқлари, Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоху анҳу таъкидлашича, олти юз минг нафардан кўп эди. Оллоҳнинг Амри билан бани Исроил қавми йўлга тушганларидан кейин, Фиръавн аъёнлари унинг олдига кириб “Қулларинг қочиб кетишди-ку”, дейишганида - ана ўшандагина бу золимнинг кўзи ярқ этиб очилди ва аввал айтган сўзидан қайтиб, “Биз нима қилиб қўйдик ўзи? Ўз ихтиёримиз билан тайёр дастёр - қулларимиздан маҳрум бўлиб қолаверамизми?”, - деди ва бани Исроилдан уч баробар кўп саноқдаги лашкари билан уларнинг ортидан тушиб, Баҳри Қулзум, ҳозирда Сувайш номи билан машҳур денгиз соҳилида йўллари тўсилиб тўхтаб турган бани Исроил қавмига етиб борди. Бани Исроил - яхудлар, ортларидан қувиб келаётган Фиръавн ва унинг саноқсиз лашкарига кўзлари тушгач, уларга хос бўлган кўрқоқлик, хоинлик қалқиб юзага чиқди ва “Эй Мусо, сен бизларга ваъда қилган зафар, ғалаба қаёқда қолди? Мисрликлар кўлида қул бўлиб қолганимиз биз учун мана бу саҳрода ҳалок бўлиб кетганимиздан яхшироқ эди”, дея бошладилар. Шунда Оллоҳ таоло Мусога ваҳий қилди-ки, “Асойингни денгизга ургин”. Мусо қўлидаги асони денгизга урган эдики, баногоҳу қуп-қуруқ йўлга айланиб қолди. Бани Исроил бу очилган йўлга тушган эдилар, орқаларидан қувиб келаётган Фиръавн ва унинг лашкари ҳам уларга эргашди. Аммо Мусо ва унинг қавми денгизнинг нариги соҳилига чиқиб олишлари билан, ҳали Фиръавн барча одамлари билан денгиз ўртасида эканлар, соҳилга чиқиб олган бани Исроилнинг шундоқ кўз ўнгида Оллоҳ таоло Мусо алайҳис-саломга ваъда қилган мўъжиза юз берди - бир зумда денгизни қайтадан сув қоплади ва Фиръавн ҳамда унинг одамларидан биронтаси қолмай сувга ғарқ бўлиб кетдилар! Мана шундай қилиб, Жаноби Ҳақ Ёлғиз Ўзи биладиган Илоҳий Ҳикмат сабабли Ўзининг бандаси ва элчиси бўлмиш Мусо ҳамда унга иймон келтирган мўмин бандалари шарофатидан бани Исроил қавмини Фиръавн зулмидан халос қилди.
Ана ўша вақтда, бостириб келаётган денгиз тўлқинларини кўриб, ўлими кўзига аниқ кўриниб қолганида Фиръавн ўзининг ҳеч қандай худо эмаслигини, (ҳолбуки, шу пайтгача у ўзини худо деб даъво қилиб, барча инсонлар унга сажда қилишларини талаб қилиб келар эди), балки ҳамма сингари оддий одам эканини бўйнига олиб, Ягона Оллоҳ таолодан ўзга бирон илоҳ йўқлигига иймон келтирганини айтади ва: “Мен мусулмонлардан, яъни, Оллоҳ таолога итоат қилгувчиларданман”, дейди.
Ибн Аббос розияллоҳу анхумодан ривоят қилинишича, Жаброил алайҳис-салом Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ушбу оятни етказар экан, неча асрлар илгари рўй берган ва ўзи гувоҳ бўлган ўша воқеани ҳикоя қилиб деди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, агар Сиз ўшанда - Фиръавн денгизга ғарқ бўлар экан, “Ҳеч қандай илоҳ йўқ магар Бани Исроил иймон келтирган Ёлғиз Оллоҳгина борлигига иймон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман”, деганида мен унга Оллоҳнинг Раҳмати етиб қолишидан қўрққаним учун денгиз остидаги балчиқдан олиб унинг оғзига тиқаётганимни бир кўрганингизда эди”. (Термизий ривояти).
Лекин ўшанда Жаброил алайҳис-салом қўрққан иш бўлмаган - бутун ҳаёти давомида одамларга зулму зўравонлик қилиб келган золим подшоҳ Фиръавн, ўша “мен худоман”, деб даъво қилган махлуқ Оллоҳнинг Раҳматига эриша олмаган, Ҳақ таоло унинг сўнгги нафасида келтирган иймонини қабул қилмаган эди. Бу ҳақда қуйидаги оятларда хабар берилган:

91. Энди-я! Ахир сен илгари (яъни, шу пайтгача) итоатсизлик қилган ва бузғунчи кимсалардан бўлган эдинг-ку!
Яъни, Фиръавн ҳалок бўлишига аниқ кўзи етганида ўзининг иймон келтирганини, мусулмон бўлганини айтгач, унга ғойибдан шундай овоз келди: “Энди иймон келтирдингми?! Ахир сен то шу вақтгача фақат итоатсизлик қилдингку, бузғунчилардан бўлдингку?! Энди, ҳаётдан умидинг бутунлай узилганда, денгизга ғарқ бўлиб кетишингга кўзинг етганида, ўлиминг кўзингга кўринганида иймон келтирдингми?! Сенинг ҳолингдаги кимсанинг иймони ҳаргиз қабул бўлмас!”
Аксари тафсир уламолори ояти каримада зикр қилинган сўзлар Фиръавнга Жаброил алайҳис-салом томонидан айтилган деб тафсир қилганлар.
Ушбу ва қуйида келтирилган оятлар Дини Ислом таълимотидаги: “бутун ҳаётларини куфр ва даҳрийлик билан ўтказиб, ниҳоят жонлари чиқар пайтида Оллоҳга иймон келтирган кимсаларнинг иймонлари мақбул эмас”, деган ақийданинг асосидир. “Энди қачонки улар Бизнинг азобимизни кўришгач, «Якка-ю Ягона Оллоҳга иймон келтирдик ва (илгари Оллоҳга) шерик қилиб олганимиз бутларга кофир бўлдик», дедилар. (Лекин) Бизнинг азобимизни кўрган вақтдаги иймонлари уларга фойда бергувчи бўлмади - (Бу) Оллоҳнинг (барча) бандалари ҳақидаги ўтган Йўли - қонунидир (яъни, азоб тушган вақтида келтирилган иймоннинг фойдаси бўлмас) - Ва ўшанда кофирлар зиёнкор бўлдилар”. (Ғофир сураси, 84-85-оятлар).

92. Бас, бугун Биз ўзингдан кейинги кишиларга оят - ибрат бўлишинг учун сенинг жасадингни қутқарурмиз. Дарҳақиқат, кўп одам-лар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар (яъни, улардан ибрат олмайдилар).
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Фиръавнга - денгизга ғарқ бўлиши олдида иймон келтирган у золим подшоҳга энди унинг жонини ҳалокатдан қутқармаслигини, аммо унинг зулмидан нажот топган бани Исроил қавмига ва бундан кейин дунёга келадиган барча одамларга, хусусан, ўзларини худо фаҳмлаб фуқароларига зулм-зўравонлик қиладиган барча золим подшоҳларга - фиръавнчаларга ибрат бўлиши учун, улар зулмнинг оқибати нима бўлишини ўз кўзлари билан кўришлари учун унинг жонсиз жасадини балиқларга ем қилмай, денгиз қаърига чўктириб юбормай, бус-бутун ҳолида соҳилга чиқариб ташлаши ҳақида хабар беради. Албатта Фиръавн жасадининг бу тарзда “нажот” топиши ва орадан неча асрлар, қанча минг йиллар ўтса-да, бузилмасдан бус-бутун ҳолда сақланиб туриши у золимнинг Оллоҳ таоло наздида ҳурмат-эътиборга эга бўлгани учун эмас, балки одамларга ибрат бўлиши учундир. Яратганнинг Қудрати нақадар Буюк эканини бутун оламга кўрсатиш учундир. Бу ҳолат худди қатл қилинган жиноятчининг жасади дарҳол кўмиб юборилмай, кўрганларнинг кўзлари очилиб ибрат олишлари, яъни улар ҳам ана ўша мунофиқ қилган жиноятга қадам босмасликлари учун кўчаларда айлантириб юрилишига ўхшайди.
“Тафсири Бағавий” ва “Тафсири Қуртубий” китобларида ривоят қилинишича, қачонки Мусо алайҳис-салом Фиръавн ва одамлари ҳалок бўлгани ҳақида хабар берганида денгиздан эсон-омон ўтиб олган бани Исроил қавми ишонмадилар ва: “Фиръавн денгизга ғарқ бўлиб ўлиб кетаверадиган одам эмас”, дедилар. Шунда Оллоҳ таоло денгизга амр қилди, бас, у Фиръавннинг жонсиз жасадини соҳилга чиқариб ташлади ва одамлар уни қип-қизил ҳўкизга ўхшаб ётганини ўз кўзлари билан кўрдилар.
Албатта бундай таъсирли тарихий ҳодисадан хабардор бўлганида - олис мозийда ўтган бир золим кофирнинг ўзи денгизга ғарқ бўлиб кетса-да, жасади чиримасдан, бузилмасдан бус-бутун ҳолида томошахонада турганини кўрганида ибрат оладиган, Оллоҳ таолонинг Қудратига қойил қоладиган ҳамда кўрганларидан тўғри хулоса чиқариб, хатоларига тавба-тазарруъ қилиб, дарҳол иймон йўлига кирадиган кишилар ҳам бордир, аммо Жаноби Ҳақ ояти карима сўнггида таъкидлаганидек, “кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар (яъни, ибрат олмайдилар)”.

93. Шубҳасиз, Биз бани Исроилни ростмана гўзал бир манзилга жойлаштирдик ва уларга ҳалол-пок нарсалардан ризқу рўз бердик. Сўнг то уларга билим (яъни, Таврот) келгунича ихтилоф қилмадилар. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), албатта Парвардигорингиз Қиёмат Кунида талашиб-тортишган нарсалари ҳақида уларнинг ўртасида Ўзи Ҳакам бўлур.
Бани Исроил қиссаси баён қилинган оятлар ниҳоясида Ҳақ таоло у қавмни Фиръавн зулмидан озод қилганидан кейин уларга Ер юзидаги ҳақиқий гўзал манзиллардан бўлмиш Миср ва Шоми шарифдан жой берганини ва у жойда тўкин-сочин ҳаёт кечиришлари учун анвойи ҳалол-пок мева-чева ва яна бошқа ҳар турли неъматлардан мўл-кўл ризқ берганини таъкидлайди. Мусо алайҳис-саломга эргашган бани Исроил қавмига Оллоҳ таоло қандай неъматлар ато этгани ҳақида бошқа бир сурада шундай хабар берилган: “Ва (Миср ва Шомдаги) Ўзимиз баракотли қилган ернинг машриқ ва мағрибларига бечора саналган қавмни (яъни, бани Исроилни) ворис қилиб қўйдик. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сабр-тоқат қилганлари сабабли бани Исроилга Парвардигорингизнинг («Биз бу ердаги бечора бўлган зотларга инъом қилишни ва уларни одамларга етакчи қилиб қўйишни истаймиз», деган) гўзал Сўзи тўла-тўкис бўлди. Фиръавн ва қавми ясаб - қуриб олган иморатларни ва баланд қилиб кўтарган қасрларни эса вайрон қилдик. (Аъроф сураси, 137-оят).
Юқоридаги оятда Оллоҳ таоло кофирларга қандай жазо бергани баён қилинган бўлса, энди ушбу ояти каримада мўминларни қандай мукофотлагани ҳақида сўз боради.
Ҳақ таоло Ўзининг элчиси Мусо алайҳис-саломнинг Фиръавн томонидан хорланиб, ҳақоратлар қилинган бани Исроил қавмига айтган мана бу: “Шояд Парвардигорингиз душманларингизни ҳалок этиб, сизларни бу ерга халифа қилса ва қандай амаллар қилишларингизни кўрса”, (Аъроф сураси, 129-оят) деган сўзларини рост қилди.
Миср ва Шоми шариф заминининг шарку ғарби куни кеча Фиръавн ва унинг одамлари қўл остида қул ва чўриларга айлантирилган бани Исроил қавмига мерос бўлиб қолди.
Ҳақ таоло бу заминни унумдор тупроқ, оқар сувлар, серҳосил боғлар билан баракотли қилган эди. Оллоҳ таоло юборган пайғамбар ва элчиларнинг аксариси мана шу муборак заминдан чиққан эдилар. Шоми шариф тавсифида кўп ҳадислар ворид бўлгандир. Улардан бирида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Шом нақадар яхши”, дедилар. “Нима учун”, деб сўрашган эди, “Чунки унинг устида Раҳмон малоикалари қанотларини ёзиб (яъни, Оллоҳнинг Амри билан бу муборак заминни қў-риқлаб) турурлар”, деб жавоб қилдилар.
Бани Исроил қавмига Мусо алайҳис-саломнинг Аъроф сурасининг 128-оятида зикр қилинган: “Оллоҳдан мадад тилаб, сабр тоқат қилингиз! Бу ер шак-шубҳасиз Оллоҳникидир. Уни Ўзи хоҳлаган бандаларига мерос қилиб берур”, деган сўзларига қулоқ солганлари, Фиръавн ва унинг одамлари томонидан кўрган зулм-зўравонликларга сабр қилганлари учун ана ўша баракотли юрт мерос қилиб берилди.
Ҳақ таолонинг бани Исроил қавмига ваъда қилган мана бу гўзал Сўзи тўла-тўкис амалга ошди: “Дарҳақиқат, Фиръавн (Миср) ерида туғёнга тушиб, унинг аҳолисини бўлак-бўлак қилди. У улардан бир тоифани (яъни, бани Исроил қавмини) хорлаб, ўғилларини сўяр, аёлларини тирик қолдирар. Албатта у бузғунчи кимсалардан бўлди. Биз эса у ерда хорланган кишиларга Марҳамат қилишни, уларни (хор-бечораликдан чиқариб, барчага) пешво зотларга айлантиришни ва уларни (Фиръавн мулкининг) ворислари қилишни истаймиз. Яна Биз уларни ўша ерда барқарор қилиб, Фиръавн ва (унинг вазири) Ҳомонга ҳамда икковининг лашкарларига (бани Исроил) томонидан ўзлари қўрқувчи бўлган нарсани (яъни, мулку-давлатлари қўлларидан кетиб, ҳукму салтанат бани Исроил қавмининг қўлига ўтишини) кўрсатиб қўйишни (истаймиз).” (Қасас сураси, 4-6-оятлар).
Олис мозийда бўлиб ўтган бу воқеа Оллоҳ Йўлида қийинчилик-машаққатларга сабр қилган бандаларига Ҳақтаоло мана шу дунёнинг ўзида хам гўзал мукофотлар ато этишига тарихий ва ибратли бир мисол бўлиб колди.
Ҳақ таолонинг Амри билан Мусо алайҳис-салом ва унинг оғаси Ҳорун алайҳис-салом Миср ва Шомда тўрт юз йилдан буён ҳукмронлик қилиб келаётган золим подшохда, қудратли салтанат, давлат ва саноқсиз лашкарлар эгаси бўлган Фиръавнга - унинг куфру туғёнига қарши чиқдилар. У икки пайғамбарга Миср ерида хорланган, қулга айланган бечора бир қавм - бани Исроил иймон келтириб эргашдилар ва Оллоҳнинг икки элчиси ҳамда уларга иймон келтирган бечора қавм ғолиб бўлди, дунёда энг кучли давлат, саноқсиз лашкарлари билан бирга золим Фиръавн мағлуб бўлди, у динсиз қавмнинг биронталари қолмай ҳалок бўлди, бино қилган қасру саройлари вайроналарга айланди! “Албатта бунда (огоҳ) қалб эга-си бўлган ёки ўзи ҳозир бўлган ҳолда (яъни, сидқидилдан) қулоқ тутган киши учгун эслатма-ибратлар бордир.” (Қоф сураси, 37-оят).
Шундай қилиб, бани Исроил қавми Мусо алайҳис-саломга иймон келтирган аввалги даврларда ҳаммалари пайғамбарга итоат қилиб, иттифоқ бўлиб яшадилар. Фақат, қачонки Мусога Таврот нозил бўлгач, уларнинг ўртасида бўлиниш - ихтилофлар пайдо бўлди. Яхудларнинг бахтсиз қавм эканликларининг сири, уларнинг бошқалардан фарқи шунда эди. Яъни, улар жоҳил-нодон пайтларида уришиб талашмасдан иттифоқ бўлиб яшадилар, аммо қачонки уларга Илоҳий Илм - Таврот нозил бўлиб, бу Улуғ Китобдан Яратганнинг буюрган ҳукмларини ўқиб-билганларидан кейин эса, ҳаммалари иттифоқ бўлиб ана ўша Илоҳий Билимга амал қилиб яшаш ўрнига ўрталарида диний ихтилофлар чиқиб, бир-бирлари билан талашиб-тортиша бошладилар. Бошқача айтганда, барчани бирлаштирувчи Калом бўлган Тавротни бани Исроил қавми ўзаро уруш-ихтилоф қуролига айлантириб олдилар. Турли тоифаларга бўлинишиб, ҳар бир тоифа фақат ўзи ҳақ, бошқалар эса ноҳақ, адашган кимсалар эканини даъво қила бошлади.
Ояти каримадаги: “Сўнг то уларга билим келгунича ихтилоф қилмадилар” жумласини Табарий, Куртубий ва бошқа муфассир уламолар шундай тафсир қиладилар: “Бу жумлада сўз Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга замондош бўлган Бани Қурайза, Бани Назийр ва Бани Қайнақоъ каби Мадина атрофида яшайдиган яхуд қабилалари ҳақида боради.
Уларга келган “билим”дан мурод, Муҳаммад алайҳис-саломдирлар. Чунки яхудлар Таврот Китобидан охир замон Пайғамбари бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам тўғрисида, у зотнинг сифатлари ҳақида аниқ билимга эга эдилар. Ҳатто улар Қуръони Карим нозил бўлишидан аввал мушрик араблар томонидан хўрлик, ҳақоратлар кўрганларида “Яқинда охирзамон пайғамбари юборилади, ана ўшанда бизлар у пайғамбар билан бирга сенларни қириб юборамиз”, дер эдилар. Энди қачонки ўзлари таниган-билган Пайғамбар - Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам келганларида ва у зотга Тавротни тасдиқ этгувчи Қуръони Азим нозил бўлганида улар дарҳол иймон келтириш ўрнига ихтилоф қилиб, талашиб-тортиша бошладилар, ўзлари жуда яхши билган ҳақиқатдан тондилар. Шунинг учун ҳам Абдуллоҳ ибн Салом - асли яҳудлардан бўлган, Оллоҳ таолонинг Тавфиқ-Ҳидояти билан Дини Исломни қабул қилган буюк саҳобий розияллоҳу анҳу шундай деди: “Эй яҳудлар жамоаси, Оллоҳдан қўрқинглар! Ҳеч қандай илоҳ йўқ, Ёлғиз Ўзи бўлган Оллоҳга қасамёд қилиб айтаманки, сизлар у зотни, яъни, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни Оллоҳнинг Элчиси эканини ва у келтирган Ислом Ҳақ Дин эканини жуда яхши биласизлар”. (Имом Бухорий ривояти).
“Қачонки уларга Оллоҳнинг ҳузуридан ўзларида бор нарсани (Тавротни) тасдиқ этувчи Китоб келганда (яъни, Ҳазрати Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи ва салламга Қуръон нозил бўлиб, у зот Пайғамбар бўлганларида) - ҳолбуки, илгари улар кофирларга қарши (ўша Пайғамбардан) ёрдам кутардилар - бас, қачонки уларга ўзлари билган нарса келганда, унга кофир бўлдилар. Кофирларга Оллоҳнинг лаънати бўлғай.” (Бақара сураси, 89-оят).
Ояти карима сўнггида Ҳақ таоло: “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), албатта Парвардигорингиз Қиёмат Кунида талашиб-тортишган нарсалари ҳақида уларнинг ўртасида Ўзи Ҳакамлик қилур”, деб Ўз Расулига таскин-тасаллий беради.

94. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар Биз Сизга нозил қилган нарсадан (яъни, илгари ўтган қавмлар ҳақида нозил қилган оятларимиздан) шубҳада бўлсангиз, у ҳолда Сиздан илгари нозил бўлган Китоб (яъни, Таврот)ни ўқийдиган кишилардан сўранг! Аниқки, Сизга Парвардигорингиз томонидан Ҳақ - Қуръон келди. Бас, ҳаргиз шубҳа қилгувчилардан бўлманг!
Юқоридаги оятларда узоқ-яқин ўтмишда ўтган Нуҳ, Мусо ва Ҳорун пайғамбарларнинг бошларидан кечган воқеа-ҳодисалар ҳамда Оллоҳ таоло уларга ато этган нусрат-ғалабалар ҳақида хабар берилгач, энди ушбу оятларда Ҳақ таоло Ўзининг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб: “Агар фаразан, Биз Сизга нозил қилган Китобдаги ўтган умматлар Биз ҳаётидан ҳикоя қилгувчи оятлар хусусида Сизда заррача шубҳа пайдо бўлса, у ҳолда қалбингиз таскин топиши учун Қуръондан илгари нозил бўлган Таврот Китобини ўқийдиган аҳли Китоблардан сўранг, бу тарихий воқеалар ҳақида Тавротда ҳам хабар берилган. Билингки, Сизга фақат Ҳақиқат келди. Бас, ҳаргиз шубҳа қилгувчилардан бўлманг”, деб танбеҳ берди.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Йўқ, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бирон нафас шубҳага тушганлари йўқ ва ҳеч кимдан сўраганлари ҳам йўқ, балки: “Мен шубҳаланмайман ҳам, сўрамайман ҳам. Мен Қуръондаги ҳар бир калима Ҳақ эканига гувоҳлик бераман”, дедилар”. (Қатода, Саид ибн Жубайр ва Ҳасан Басрий ривоят қилган).
Айрим уламолар: “Гарчи ояти каримада Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса-да, у зотнинг ўзлари эмас, умматлари ирода қилинади. Бу арабларда одатий ҳолдир. Улар баъзан бир кишига сўзлаб, бошқаларни назарда тутадилар. Қуръондаги бошқа оятларда ҳам бундай мисоллар келади. Масалан, Талоқ сурасининг илк оятида: “Эй Пайғамбар (алайҳис-салом), қачон сизлар (яъни, мўминлар) аёлларингизни талоқ қилсангизлар, уларнинг иддаларида (яъни, ҳайз ёки нифосдан поклик пайтларида) талоқ қилинглар ва идда сақланглар”, дейилади”, деб тафсир қилганлар. Шунингдек, “Пайғамбар алайҳис-салоту вас-саломнинг замонларида одамлар уч тоифа эдилар: у зотни тасдиқловчи мўминлар ҳам, ёлғончи қилгувчи кофирлар ҳам, шак қилгувчилар - тасдиқлаш билан ёлғончи қилиш ўртасида қолганлар ҳам бор эди. Оятда ана ўша учинчи тоифага хитоб қилинмоқда, яъни, “Эй инсон, агар сен Биз Ўз Элчимиз орқали сенга нозил қилган Ҳидоят Йўлидан шубҳаланадиган бўлсанг, у ҳолда илгари нозил бўлган Таврот Китобини ўқийдиган кишилар орасидаги Абдуллоҳ ибн Салом ва унинг асҳоблари каби Дини Исломни қабул қилган инсонлардан сўрагин, улар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг етказган сўзлари рост эканига гувоҳлик берадилар ва сенга у зотнинг ҳақиқий Пайғамбар эканликларини айтадилар”, деган тафсир хам бор. (“Маолимут-танзил ” тафсирида Ибн Аббос, Мужоҳид ва Заҳҳок розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинди).
Қозий Байзовий ўз тафсирида: “Ушбу оятда кимнинг дилига Дин тўғрисида заррача шубҳа оралайдиган бўлса, дарҳол илм аҳлларига мурожаат қилиб у шубҳани кетказишга шошилмоғи лозим экани таъкидланади”, дейди.

95. Ва ҳаргиз Оллоҳнинг оятларини ёлғон дейдиганлардан бўлмангки, у ҳолда зиёнкорлардан бўлиб қолурсиз.
Ушбу ояти карима ҳам мавзу жиҳатидан юқоридаги оятнинг давомидир. Аксари муфассирлар: “Бу оятда ҳам гарчи Пайғамбар алайҳис-саломга хитоб қилинган бўлса-да, ҳар бир инсон назарда тутилади”, дейдилар. Яъни, Жаноби Ҳақ Унинг оятларидан бирон оятни ёлғон дейдиган кимсалар ўз жонларига зиён қилгувчи бахтсиз кимсалар эканини айтиб, инсон-ларни бундай зиёнкор бўлиб қолишдан қайтаради.
Уламолар мазкур икки оят тафсирида шундай ибратли нуқтага эътиборимизни жалб қиладилар: “Модомики ушбу оятларда Ҳақ таоло Ўз Элчиси бўлмиш Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга, барча пайғамбарларнинг саййидига, аввал-у охир барча мўмин-мусулмонларнинг пешқадами бўлган зотга, Оллоҳнинг оятлари тўғрисида шак-шубҳа қилиши ёки у оятларни ёлғон дейиши мутлақо тасаввур қилинмайдиган зотга, хитоб қилиб: “Менинг оятларим ҳақида шак-шубҳа қилиб юрманг, агар дилингизга бирон шубҳа тушадиган бўлса, дарҳол аввал нозил бўлган Китобларни биладиган кишилардан сўраб аниқлаб олинг, Сизга Ҳақ Китоб келди, бас, ҳаргиз шак-шубҳа қилгувчилардан бўлманг. Ва ҳаргиз Менинг оятларимни ёлғон дейдиган кимсалардан бўла кўрмангки, у ҳолда ўзингизга катта зиён қилган бўласиз”, деб огоҳлантирар экан, демак, бу Илоҳий огоҳлантириш аслида у зотдан бошқа барча инсонларга қаратилган, деб тушунсак, мазкур оятлар мазмунини тўғри англаган бўламиз. Чунки Оллоҳ таоло нозил қилган оятлар ҳақида шак-шубҳа қилиш ёки у оятларни ёлғон деб инкор қилиш каби иллатлар Оллоҳнинг элчиларидан, пайғамбарлардан бошқа ҳар бир инсонда топилиши мумкиндир”.

96-97. Албатта устларига Парвардигорингизнинг Сўзи (яъни, азоби) тушиши ҳақ бўлган кимсалар, гарчи уларга барча оят-мўъжизалар келса-да, то аламли азобни кўрмагунларича иймон келтирмайдилар.
Қатода айтади: “Ушбу оятларда таъкидланишича, куфр-маъсиятлари сабабли Оллоҳ таолонинг ғазаби ва азобига лойиқ бўлган кимсалар қандай Илоҳий мўъжизаларга гувоҳ бўлсалар-да, иймон келтирмайдилар, қачон аламли азобни кўрганларида эса, иймон келтирадилар-у, аммо у вақтда келтирган иймонларининг ҳеч қандай фойдаси бўлмайди”.
Масалан, юқоридаги оятларда зикри ўтган Фиръавн ва унинг одамлари ана шундай бадбахт кимсалардан эдилар. Уларга Мусо алайҳис-салом қанчадан-қанча буюк мўъжизаларни кўрсатсада, унинг ҳақ пайғамбар эканига иймон келтирмадилар. Қачонки аламли азобни ўз кўзлари билан кўрганларида - денгизга ғарқ бўлиб кетаётганларида эса, Фиръавн жон-жаҳди билан ўзининг иймон келтирганини айтди, аммо энди вақт ўтган эди - иймони қабул бўлмади, кофирлигича ҳалок бўлди.
Мазкур оятлар мазмунини мана бу ояти карима ва унинг тафсири ёрдамида яхшироқ англаймиз, иншооллоҳ: “Агар Биз (Макка мушрикларига улар талаб қилаётган) фаришталарни туширганимизда ва ўликлар (қабрларидан тирилиб келиб) уларга гапирганларида ҳамда барча нарсани (халойиқни) уларнинг олдида очиқ-аён тўплаганимизда ҳам улар иймон келтирувчи бўлмайдилар, магар Оллоҳ хоҳласагина (иймон келтирурлар). Лекин уларнинг кўплари (мана шу ҳақиқатни) билмайдилар.” (Анъом сураси, 111-оят).
Ушбу ояти каримада ҳам аввалги оятлардаги мавзу давом этади, яъни, Хдқ таоло инсонларнинг иймон келтиришлари пайғамбарлар кўрсатган мўъжизаларга боғлиқ эмаслигини, балки инсонлар фақат Оллоҳ таолонинг Тўғри Йўлга ҳидоят қилиши, Ёлғиз У Зотнинг Хоҳиши билангина лгўмин бўлишлари мумкин эканини яна бир бор таъкидлайди.
Ҳақ таоло Ўз Расулига хитоб қилиб гўё шундай дейди: Эй Муҳаммад алайҳис-салом, агар фаразан Биз у мушриклар олдига осмондан кетма-кет фаришталарни туширсак ва мушриклар уларни ўз кўзлари билан қайта-қайта кўришса ҳамда Сизнинг ҳақ Пайғамбар эканингизга у фаришталар гувоҳлик беришса ва мушриклар ўз қулоқлари билан фаришталарнинг сўзларини эшитишса; агар Биз улар талаб қилишганидек, ўлиб кетган ота-боболарини қайта тирилтирсак ва у ўликлар мушрикларга сўзлаб, Охират ҳаёти бор эканини, Муҳаммад алайҳис-салом ҳақ Пайғамбар эканликларини айтишса; агар Биз мушриклар сўраган нарсаларнинг ҳаммасини уларнинг рўбарўсида тўплаб-жамласак - уларнинг ҳамма талабларини ҳозир-у нозир қилиб қўйсак, ана ўшанда ҳам улар ўз кўзлари билан кўриб турган мўъжизалардан ибрат олмайдилар, иймон келтирмайдилар, магар Оллоҳ таоло уларнинг иймон келтиришларини хоҳласагина иймон келтирадилар.
Демак, гап мўъжизада эмас, ҳамма гап Оллоҳ таолонинг Хоҳиши-Иродасидадир. Агар У Зот хоҳласа, барча инсонлар хоҳласинлар-хоҳламасинлар, Ҳидоят Йўлига юрадилар. Бу ҳақда Ҳақ таоло бошқа бир оятда хабар берган: “Агар Биз хоҳласак, албатта ҳар бир жонга ўз ҳидоятини ато этган бўлур эдик, лекин Мен томондан бу Сўз ҳақ-собит бўлгандир: «Мен жаҳаннамни барча (кофир) жин ва одамлар билан тўлдирур-ман». (Сажда сураси, 13-оят).
Ушбу оятда Оллоҳ таоло ҳеч кимни мажбуран ҳидоятга бошламаслиги, балки инсу жинни ўз ихтиёрларига қўйиб қўйилиб, сўнгра Оллоҳнинг Динига итоат этишдан бўйин товлаган кимсалар жаҳаннамга дучор қилинишлари аниқ эканлиги уқтирилади.
“Лекин уларнинг кўплари (мана шу ҳақиқатни) билмайдилар”.
Яъни, мусулмонларнинг ҳам, мушрикларнинг ҳам кўплари кофирлар пайғамбарлар келтирган мўъжизани кўришлари биланоқ иймон келтириб, Ҳақ Йўлга юриб кетмасликларини, балки фақат Оллоҳ уларнинг иймон келтиришларини хоҳласагина мўмин бўлишларини билмайдилар. Шунинг учун: “Агар осмондан бир мўъжиза тушганида, ҳамма мусулон бўлиб кетар эди”, деб юришаверади.
Дарвоқеъ, ушбу ояти карима тасдиқини ҳамма вақт, жумладан биз яшаётган мана шу даврда ҳам кўришимиз мумкин. Дахрийлар истибдоди остида яшаган замонда кўпларимиз: “Агар Ислом Динига йўл очилиб, одамлар Қуръон ва Ҳадис маъноларини англашганида, ҳамма мусулмон бўлиб кетар эди”, деб ўйлар эдик. Мана энди, орзуларимиз ушалиб, Оллоҳ таолонинг Марҳамати билан Ислом таълимотини бемалол ўрганиб, амал қилишга кенг йўл очилганда кўрсак, ҳамма ҳам мусулмон бўлиб кетгани йўқ, мусулмон бўлганларнинг ичида ҳам ҳамма Тўғри Йўлда - Қуръон ва Суннатга амал қилиб яшаяпти дея олмаймиз, айримлар зиммаларидаги мусулмонлик вазифаларини адо қилиш фарз эканини хаёлларига ҳам келтирмай, нима савоб-у нима гуноҳ экани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмай нафс ва дунёга қуллик қилиб яшаётган бўлсалар, айримлар ғайридинлар тузиб берган турли шайтоний ҳизбларга, динсиз тўдаларга қўшилиб, шайтонларга қуллик қилиб, ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам зиён етказаётганлари кўзга ташланади. Бас, маълум бўладики, орзу қилинган барча шарт-шароитлар муҳайё этилган тақдирда ҳам, агар Оллоҳ таолонинг Хоҳиш-Иродаси бўлмаса, одамзот иймон, диёнат йўлига юра олмас экан.

98. Қани энди (Биз ҳалок қилган қишлоқлар ичида) бирон қишлоқ (аҳли ўз пайғамбарлари айтган азобни сезган вақтларида) иймон келтирсалар эди, албатта иймонлари фойда қилган (яъни, ҳалок қилинмаган) бўлар эди. Фақат Юнус қавмигина (шундай қилди). Иймон келтиришгач, улардан ҳаёти дунёда шарманда бўлиш азобини кетказдик ва уларни маълум бир вақтгача (яъни, ўз ажаллари билан вафот этгунларича) фойдалантирдик.
“Тафсири Табарий”, “Дуррул-Мансур”, “Ал-бидоя ван-ниҳоя” ва яна бошқа тафсир китобларида Абдуллоҳ ибн Масуъд, Саид ибн Жубайр ва Ваҳб розияллоҳу анҳум ва бошқалардан ривоят қилинишича, Юнус алайҳис-салом ва ва унинг қавми қиссаси қуйидагичадир: Бу қавм Ироқ мамлакати, Мавсил минтақасининг Найнаво қишлоғида яшайдиган мушрик-жоҳил бир қавм эди. Оллоҳ таоло уларга Юнус алайҳис-саломни элчи қилиб юборди. Юнус у қавмни Ёлғиз Оллоҳ таолога иймон келтиришга, Унга бирон нарсани ширк келтирмасликка даъват қилди. Аммо улар Оллоҳнинг пайғабарига итоат қилиш ўрнига уни ёлғончи қилдилар. Бир неча йил (айрим ривоятларга қараганда тўққиз йил) қилган даъвати бесамар кетгач, қавмдошларининг иймон келтиришларидан умиди узилган Юнус алайҳис-салом Оллоҳ таолонинг Амри билан уч кун ўтганидан кейин эрта тонгда уларга Оллоҳнинг азоби тушиши ҳақида хабар берди ва учинчи кун ярим тунда қишлоқдан чиқиб кетди. Эрта тонгда уйғонган қишлоқ аҳли бутун осмонни қоп-қора булут қоплаб, ҳатто уйларининг томи ҳам кўринмай қолганига гувоҳ бўлишгач, бир-бирларига қараб: “Юнус бирон марта ёлғон сўзлаганини билмаймиз. Қаранглар-чи, у ўз уйида тунадимикан. Агар уйида бўлса, демак, ҳеч гап йўқ. Аммо агар уйида тунамаган бўлса, у ҳолда тонг саҳарлаб бутун борлиқни қоплаб олган бу қора булут Оллоҳнинг азоби эканини билинглар”, дейишди. Юнусни ҳеч қаердан топа олмаганларидан кейин, унинг айтган сўзлари ҳақ эканини аниқ билдилар ва Оллоҳ дилларига тавба-тазарруъ қилиш кераклигини солиб, бутун қишлоқ - эркак, аёл, болалар, ҳатто чорва ҳайвонларигача олиб, ибодат чоғида киядиган дағал матодан тикилган кийимларини кийиб бир баландликка чиқдилар ҳамда чин ихлос билан Оллоҳ таолога иймон келтириб, дуо-илтижо қила бошладилар. Улар оналарни чақалоқларидан ажратиб қўйдилар, чорва ҳайвонлари ҳам оналари бошқа, болалари бошқа қилиб бўлиб қўйилган эди. Шунингучун улар бир-бирларига интилиб дод-вой солар, катталар ҳам дод-фарёд қилиб йиғлаб Оллоҳ азза ва жаллага илтижо қилар ва: “Юнус келтирган Ҳақ Динга иймон келтирдик. Ё Оллоҳ, албатта бизларнинг гуноҳимиз жуда каттадир, аммо Сен барча нарсадан Буюкроқдирсан. Ўзинг бизга биз лойиқ бўлган азобни эмас, Ўзинг Эга бўлган Мағфиратни ато этгин”, дер эдилар. Бас, Парвардигор уларга раҳм қилиб, дуоларини мустажоб этди ва бошларига тушаёзган азобни уларнинг устидан кўтарди.
Ҳазрати Алий розияллоҳу анудан ривоят қилинишича, бу воқеа ошуро - муҳаррам ойинингўнинчи куни бўлган эди. (“Тафсири Куртубий”).
Ўша куни Юнус алайҳис-салом ўз қишлоғидан чиқиб кетиб, бир четда қавми устига тушадиган азоб-ҳалокатга кўз тикиб турди, аммо ҳеч нарсани кўрмади. Шунда у: “Мен қавмимга ваъда қилган азоб тушмадику. Энди уларнинг олдига қайтиб борсам, “берган хабаринг ёлғон экан”, деб мени ўлдирадилар”, дедида, денгиз томонга қараб кетди. Соҳилга етиб бориб, бир кемага одамлар чиқаётганини кўрди. Кема эгалари Юнусни таниб қолдилар ва ҳақ олмасдан уни кемага чиқариб олдилар. Кема йўлга тушиб, денгизнинг ўртасига етиб борганида на олдинга ва на орқага юрмай таққа тўхтаб қолди. Кема аҳли: “Кемамизга бир бало бўлди”, дейишиб, нима қилишларини билмай турган эдилар, Юнус: “Унга нима бўлганини мен биламан. Кемадагилар орасида жуда катта гуноҳ қилган кимса бор”, деди. Улар: “Ким ўша?” деб сўраган эдилар, Юнус: “Ўша гуноҳкор кимса, эгасидан қочган қул мендирман. Сизлар мени денгизга улоқтириб юборинглар, кемаларингиз юради”, деди. Кемадагилар: “Сени ҳеч қандай сабабсиз денгизга ташлаб юбора олмаймиз”, дейишди. Шунда Юнус уларга кемадан улоқтиришга лойиқ кимсани аниқлаш учун кемадагилар ўртасида қуръа - чек ташлашни, қуръа кимга чиқса ана ўша кимсани денгизга ташлаб юборишни таклиф қилди. Уч марта қуръа ташладилар ва ҳар сафар қуръа Юнусга қарши чиқди. Шундан кейин ноилож уни денгизга ташлаб юбордилар ва кема жойидан жилди. Кема остида эса Парвардигорининг Амрини кутиб оғзини очиб турган ҳут - наҳанг балиқ Юнус алайҳис-саломни ютиб юборди.
Шаъбий айтади: “Ҳут Юнусни ошуро куни чошгоҳ пайтида ютиб юборди ва ўша куни асрдан кейин, қуёш ботишга яқинлашиб қолганида соғ-саломат ҳолида денгиз соҳилига чиқариб ташлади”. Бу ошуро кунининг фазилатли кун эканидандир. Чунки худди шу куни Оллоҳ таоло Юнус алайҳис-саломнинг қавмидан азобни кетказди. (“Танвирул-азҳон тафсири”дан).
Эсласак, Мусо ва Ҳорун алайҳимас-салом ва уларнинг қавми бани Исроил золим Фиръавн балосидан нажот топган кун ҳам ошуро куни эди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича эса, Юнус алайҳис-салом балиқ қорнида қирқ кун қолиб кетган. (“Маолимут-танзил тафсири”дан).
Юнус пайғамбар қиссаси бошқа сураларда ҳам зикр қилингандир: “Зуннун - Юнуснинг (қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унинг зиёнига ҳукм қилмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғу зулматларда туриб: «Ҳеч илоҳ йўқ, магар Ўзинг бордирсан, эй Пок Парвардигор, дарҳақиқат, мен (ўз жонимга) жабр қилгувчилардан бўлиб қолдим», деб нидо қилган (пайтини эсланг)!” (Анбиё сураси, 87-оят).
Зуннун, яъни, балиқ соҳиби деб ном олган Юнус алайҳис-салом Оллоҳнинг Амри билан ўз қавмини Ҳақ Йўлига даъват қилганида улар иймон келтирмадилар. Оллоҳнинг азоби тушиши ҳақида огоҳлантирганида ҳам у қавм тавба қилмади. Шунда Юнус пайғамбар Яратганнинг: «Сабр қил», деган буйруғини унутиб, ўз қавмининг иймонсизлигидан ғазабланган ҳолда ўз қишлоғидан чиқиб кетади ва ўзича «Бу ишим учун Оллоҳ мени жазоламас», деб ўйлайди. Лекин Оллоҳ таоло Ўз пайғамбарининг бу итоатсизлигининг жазосига ўзининг кенг қишлоғига сиғмаган Юнусни балиқнинг тор қорнига ҳибс қилиб қўяди. Шунда Юнус алайҳис-салом балиқ қорнида туриб юқоридаги оятда зикр қилинган каби нидо қилади.
“Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва уни ғам-ғуссадан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз.” (Анбиё сураси, 88-оят). “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз Парвардигорингизнинг Хукмига (яъни, У Зот кофирларга муҳлат бериб кўйганига, Ислом Дини дарҳол ғолиб бўлмаётганига) сабр қилинг ва наҳанг-балиқ соҳиби (яъни, Юнус пайғамбар) каби (бесабр) бўлманг! Эсланг, у (ўзи бесабрлиги учун тушиб қолган балиқ қорнида туриб) ғамга тўлган ҳолда (Парвардигордан паноҳ тилаб) нидо қилган эди. Агар унга Парвардигори томонидан бўлган Неъмат-Марҳамат етмаганида, албатта қуруқликка мазамматланган ҳолда улоқтирилган бўлур эди (лекин Парвардигори унга марҳамат кўрсатиб балиқ қорнидан соғ-омон чиқарди). Сўнг Парвардигори уни (яна пайғамбарликка) танлаб, солиҳ (пайғамбар)лардан қилди.” (Қалам сураси, 48-50-оятлар).

99. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), агар Парвардигорингиз хоҳлаганида, бутун Ер юзидаги барча кишилар иймон келтирган бўлур эдилар. Ахир Сиз одамларни мўмин бўлишга мажбур қилурмисиз? (Яъни, бундай қилиш дуруст эмасдир. Чунки киши ўз ихтиёри билан келтирган иймонгина ҳақиқий - мақбул иймондир).
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинишича, ушбу ояти карима Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга таскин-тасаллий бериш учун нозил қилингандир. Чунки у зот барча одамлар иймон келтириб мўмин-мусулмон бўлишларини хоҳлар ва воқеъда ундай эмаслигини кўриб ниҳоят даражада ғам-ғусса чекар эдилар. Бас, Ҳақ таоло Ўз Элчисига фақат Унинг томонидан Лавҳул-Маҳфузда саодатманд бўлиш ёзилган кишиларгина мўмин бўлишлари, У Зот томонидан бадбахтлик қисмати ёзилган кимсалар эса ҳеч қачон иймон келтирмасликлари ҳақида хабар берди. (“Тафсири Қуртубий”).
Пайғабар алайҳис-саломнинг зиммаларидаги рисолат - вазифалари фақат Оллоҳ таолонинг Ҳақ Динига даъват қилиш, инсонларга панд-насиҳат билан Тўғри Йўлни кўрсатиш экани ҳақида, уларни ҳидоят қилиш эса Ёлгиз Оллоҳ таолонинг ихтиёридаги иш экани тўғрисида бошқа оят-ларда ҳам такрор-такрор айтилади: “Бас, (эй Муҳаммад алайҳис-салом), Сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан, Сиз фақат бир панд-насиҳат қилгувчидирсиз, холос. Сиз уларнинг устида зўравонлик билан ҳукм юргизгувчи эмассиз.” (Ғошия сураси, 21-22-оятлар). “(Эй Муҳаммад алайҳис-салом), аниқки, Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Оллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топгувчи зотларни яхшироқ Билгувчидир.” (Қасас сураси,56-оят).
Ушбу оят Пайғамбар алайҳис-саломнинг амакилари Абу Толиб ҳақида нозил бўлгандир. Маълумки, Абу Толиб Муҳаммад алайҳис-саломни болалик чоғларидан бошлаб ўз оталиғига олиб, то умрининг охиригача ҳам у зотга ҳомийлик қилган бўлса-да, ўзи Исломга кирмаган эди. Абу Толиб Пайғамбаримизни ўз ўғлидек яхши кўрар ва у зотни мудом бошқа мушрикларнинг хуружларидан ҳимоя қилиб келар эди. Шунинг учун ҳам Абу Толибга ўлим соати яқинлашганида Пайғамбар алайҳис-салом уни кофир ҳолда ўлиб кетишини истамай: «Эй амаки, «Ла илаҳа иллаллоҳ» денг, мен Қиёмат Кунида сизни мўмин ҳолда вафот қилган деб гувоҳлик берай», деганларида, у: «Мен сенинг йўлинг ҳақ эканлигини биламан, аммо одамлар: «Абу Толиб ўлимдан қўрқиб иймон келтирди», дейишларини хоҳламайман», деб жавоб берган экан. Шунда, ўзининг суюкли амакиси дунёдан беиймон кўз юмаётганидан беҳад ғам-ғуссага тўлган Пайғамбарига Ҳақ таоло юқоридаги оятни нозил қилган.
“Агар Парвардигорингиз хоҳлаганида, барча одамларни бир миллат (яъни, бир динга эргашувчи) қилган бўлур эди. (Лекин У Зот бундай бўлишини истамади. Шунинг учун) улар (одамлар) мудом ихтилоф қилурлар, магар Парвардигорингиз раҳм қилган кишиларгина (Ҳақ Йўлда иттифоқ бўлиб яшарлар. Оллоҳ) Уларни шунинг учун (яъни, бировлари Ҳақ Йўлда ҳидоят топишлари, бошқалари ноҳақ йўлларда талашиб-тортишиб юришлари учун) яратгандир. Парвардигорингизнинг Мен жаҳаннамни барча (кофир) жин ва (кофир) одамлар билан тўлдирурман», деган Сўзи тўла - ҳақ бўлди.”(Ҳўд сураси, 118-119-оятлар). “Агар бир Куръон бўлиб, унинг ёрдами билан тоғлар жойидан жилдирилса ё унинг ёрдами билан Ер ёрилиб (дарёлар пайдо қилинса) ёки унинг ёрдами билан ўликлар тилга киритилса ҳам (кофир бўлган кимсалар иймон келтирмайдилар). Йўқ, барча иш Ёлгиз Оллоҳнинг (илкидадир. Яъни, Оллоҳ хоҳласа иймон келтирадилар, агар У Зот хоҳламас экан, барча талаблари бажо қилинганида ҳам улар иймон келтирмайдилар).”
Ушбу оят мушриклар Пайғамбар алайҳис-саломга: «Агар сен чиндан ҳам пайғамбар бўлсанг, тоғларни жойидан жилдириб, уларнинг ўрнида дарё ва чашмалар пайдо қилгин; ўлган ота-боболаримизни тирилтиргин; улар тилга кириб, сенинг пайғамбарлигингга гувоҳлик берсинлар, шунда бизлар ҳам сенга иймон келтирамиз», деганларида нозил бўлгандир. Оят давомида келадиган қуйидаги жумлаларда: «Бирон мўъжиза кўрсатилса мана шу мушриклар ҳам иймон келтирармиканлар», деб умидвор бўлган айрим саҳобаларга танбеҳ бериб айтилади.
“Иймон келтирган кишилар агар Оллоҳ хоҳласа, шак-шубҳасиз, (бирон мўъжиза нозил қилмасданоқ) барча одамларни ҳидоят қилишини (бу иш Оллоҳучун осон эканини) билмадиларми?! (Лекин Оллоҳнинг Ўзигина биладиган ҳикмат сабабли У Зот Ҳидоят Йўлига юриш ё юрмасликни бандаларининг ихтиёрига ташлаб қўйгандир). То Оллоҳнинг ваъдаси келгунича (яъни, Макка мусулмонлар тарафидан фатҳ қилингунча ҳам) куфр йўлини тутган кимсаларга ўзларининг қилган қилиқлари сабабли мудом турли офат-балолар етиб турар ёки уларнинг диёрларига яқин жойларга (кулфат) тушиб (уларни безовта, беҳаловат қилиб турар). Албатта Оллоҳ ваъдасига хилоф қилмас.” (Раъд сураси, 31-оят).

100. Ҳеч бир жон иймон келтирмас, магар Оллоҳнинг Изни-Иродаси билангина (иймон келтирур). (Оллоҳ) ақл юргизмайдиган кимсаларни азобга дучор қилур.
Имом Табарий ояти каримани шундай тафсир қилади:
“Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўз Элчисига гўё шундай дейди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, бирон кимса учун Сизни Ҳақ Пайғамбар деб иймон келтиришга йўл йўқ, магар Мен изн берганимдагина у мўмин бўла олур. Бас, Сиз ҳаммани Тўғри Йўлга соламан деб жонингизни қийнайверманг, балки одамларга Оллоҳ таолонинг кофир-осийлар учун таёрлаб қўйган азоби борлигини етказинг, Парвардигорингиз буюрган Дин аҳкомларини ўргатингда, сўнгра Оллоҳ қай йўлга бошлашини кутиб, уларни ўз ҳолига қўйинг, чунки уларни Сиз кўрсатган Тўғри Йўлга ҳидоят қилиш Ёлғиз Яратганнинг Қўлидадир. Албатта Оллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган бандасини иймон йўлига ҳидоят қилади ва Сизни ҳақ Пайғамбар деб тасдиқлашига, Сизга итоат қилишига изн беради, Оллоҳнинг азоби-ғазаби эса Унинг Илоҳий Ҳужжатлари, панд-насиҳатлари ҳақида тафаккур қилмайдиган, Оллоҳ таоло Танҳо Маъбуди Барҳақ эканига, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Унинг Элчиси эканига далолат қиладиган оят-мўъжизалар тўғрисида ақл юргизмайдиган кимсалар устига тушади”,
Аксари муфассирлар “азоб” деб тафсир қилган “рижс” сўзининг луғавий маъноси “қабоҳат, нопоклик” деганидир. Шунинг учун айрим уламолар ояти каримадаги “рижс” сўзини “қабоҳатларнинг энг кабиҳи бўлган куфр” деб тафсир қиладилар ва оятнинг иккинчи жумласини “Оллоҳ ақл юргизмайдиган кимсаларни куфрга мубтало қилур, кофирлик - Яратганни инкор қилмоқ фақат ақлсиз кимсаларнинг насибасидир”, деб тушунтирадилар.

101. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Макка мушрикларига) айтинг: «Осмонлар ва Ердаги нарсаларга (яъни, ҳамма нарсанинг Ягона Яратувчиси бор эканлигига далолат қилувчи белгиларга) боқинглар - кузатинглар». (Лекин) иймон келтирмайдиган қавм учун (ҳеч қандай) оят-мўъжизалар ва огоҳлантиришлар фойда бермас.
Ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Макка мушрикларини ҳам, барча инсонларни ҳам осмонлар ва Ердаги жамийки махлуқот-мавжудотга боқиб тафаккур қилишга буюради. Чунки коинотдаги энг кичик заррадан ва энг майда ҳашоратдан тортиб энг буюк сайёраларгача бўлган барча мавжудотга, уларнинг қандай яратилганига, зиммаларидаги вазифаларини қандай адо этаётганларига ва уларнинг ўртасидаги гўзал Илоҳий Интизомга ибрат назари билан боққан ҳар бир инсон албатта бу борлиқнинг Буюк Қудрат Соҳиби бўлмиш Эгаси борлигига иймон келтиради.
Бошқа бир сурада Жаноби Ҳақ инсонларни тафаккур қилишга чорлаб шундай дейди: “(Эй инсонлар), Ерда (ундаги тоғу тошлар ва водий-даралар-да, денгизлар ва дарёларда, ҳайвонот ва наботот оламида) ҳамда ўзларин-гизда (ушбу ҳаётга келиб-кетишингиздан тортиб, вужудларингиздаги ҳар бир аъзойингизда, балки ҳар бир ҳужайрангизнинг нақадар нозик тартиб-интизом билан яратилиб, ўз ўрнига жойлаштирилганида ва ўз зиммасидаги Яратган буюрган вазифани қулоқ қоқмасдан адо этиб боришида) ишонгувчи зотлар учун (Оллоҳнинг Қудратига далолат қиладиган) оят-аломатлар бордир. Ахир кўрмайсизларми?!” (Ваз-зариёт сураси, 20-21-оятлар).
Яна бир ояти каримада эса ҳаётларини зикр-у тафаккур билан безайдиган бандаларини шарафлаб, марҳамат қилади: “Улар турганда ҳам, ўтирганда ҳам, ётганда ҳам Оллоҳни эслайдилар ҳамда осмонлар ва Ернинг яралиши ҳақида тафаккур қилиб (дейдилар): «Парвардигоро, бу (борлиқ)ни беҳуда яратганинг йўқ! Сен (беҳуда бирон иш қилиш айбидан) Поксан! Ўзинг бизни дўзах азобидан асрагил!” (Ол-и Имрон сураси, 191-оят).
“(Лекин) иймон келтирмайдиган қавм учун (ҳеч қандай) оят-мўъжизалар ва огоҳлантиришлар фойда бермас”. Яъни, иймон келтириш - мўмин бўлиш бахтидан бенасиб кимсаларга эса, Оллоҳ таолонинг тенгсиз Қудратига далолат қиладиган мўъжизалар ҳам, У Зот юборган элчиларнинг огоҳлантиришлари ҳам мутлақо таъсир қилмайди, фойда бермайди. Бу ҳақда бошқа оятларда ҳам айтилган: “Куфр йўлидаги кимсаларни (Ҳақ Йўлга даъват қилувчи кишининг) мисоли худди фақат овоз ва чақириқни эшитадиган ҳайвонларга қичқираётган кишининг мисолидир. (Яъни, улар худди жониворлар каби чақириқ ва овозларни эшитадилар-у, лекин ҳеч нарсани англамайдилар. Бинобарин, уларни Ҳақ Йўлга чорлашнинг ҳеч фойдаси йўқ.) Улар кар, соқов, кўрдирлар. Демак, тушунмайдилар. (Бақара сураси, 171-оят).
“Аниқки, Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганмиз. Уларнинг диллари бор-у - англай олмайдилар, кўзлари бор-у - кўра олмайдилар, кулоқлари бор-у - эшитмайдилар. Улар чорвалар кабидирлар, йўқ, улар (беақл, бефаҳмликда чорвалардан ҳам) адашганроқдирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир”. (Аъроф сураси, 179-оят).

102. Улар фақат ўзларидан илгари ўтган (кофир) кимсаларнинг кунларига ўхшаш (кунларни, яъни, Оллоҳнинг азоби тушиши)ни кутмоқдалар, холос. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом, уларга) айтинг: «Бас, сизлар кўз тутаверинглар. Мен ҳам сизлар билан бирга кўз тутгувчиларданман».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Оллоҳ таоло Танҳо Илоҳ эканига иймон келтирмайдиган, Сизни ёлғончи қиладиган Макка мушриклари ва уларга ўхшаганлар фақат илгари ўтган кофирларнинг кунлари - ўзларига юборилган элчи пайғамбарларни ёлғончи қилганлари учун Оллоҳнинг азобига гирифтор қилиниб, ҳалок бўлиб кетган кофирларнинг кунлари - уларнинг ҳам бошларига тушишини кутмоқдалар холос.
Илгари ўтган Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Шуайб ва бошқа пайғамбарлар қавмлари орасидаги кофир кимсаларга Оллоҳнинг азоби тушиб, ҳалок бўлиб кетишлари мумкинлиги хақида хабар бериб, ҳарчанд огоҳлантирсалар-да, улар Оллоҳ таоло юборган элчиларнинг сўзларига ишонмасдан: “Қани, агар ростгўй бўлсанг ўша айтган азобингни тезроқ келтиргин-чи”, дейишганида, бошларига турли-туман бало-офатлар тушиб қирилиб кетганлари тариҳдан маълумдир.
Энди Оллоҳ таолонинг сўнгги Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг замондошлари бўлган мушриклар ҳам у зотнинг огоҳлантиришларига ишонмай, худди ўзларидан олдин ўтган кофирларга ўхшаб: “Мана шу ваъда (қилинган азоб) қачон бўлади?”, (Намл сураси, 71-оят) дейишиб Расуллуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламни ҳамда мўминларни масхара қилишганида, уларга: “Бас, сизлар ҳам устларингизга тушадиган Оллоҳнинг азобини кутаверинглар, мен ҳам сизларга тушадиган ўша азобни кутгувчиларданман, чунки Оллоҳ Ўз ваъдасига хилоф қилмас”, деб жавоб қилиш буюрилди.

103. Сўнгра (яъни, азоб нозил бўлгач), Биз Ўз элчиларимизга ва иймон келтирган зотларга нажот берурмиз. Шундай қилиб, иймон келтирган зотларга нажот бериш Бизнинг зиммамиздаги ҳақ - бурч бўлди.
Юқоридаги ояти каримада Ҳақ таоло илгари ўтган қавмлар ўзларига юборилган элчи пайғамбарларни ёлғончи қилганлари учун бошларига Оллоҳ таолонинг азоби тушиб ҳалок бўлиб кетган мушрик-кофир қавмлар каби Макка мушриклари ҳам ўз ҳалокатларини кутаётганларини айтиб огоҳлантиргач, ушбу оятда Жаноби Ҳақ ўша аввал ўтган кофир қавмларни ҳалок қилганида улар орасидаги Ўзининг элчиларига ҳамда у элчиларга иймон келтирган мўминларга нажот бергани ҳақида, яъни, кофирларни Ер юзидан йўқ қилиб юборган турли бало ва офатлар Оллоҳ таоло юборган элчиларга ва уларга эргашган мўминларга бирон зиён етказмагани ҳақида хабар беради. Шунингдек, худди ўтмишда бўлгани каби келажакда ҳам мўмин бандаларига нажот бериш Ўзининг зиммасида эканини айтади. Ҳақ таолонинг бу Сўзи ҳар бир инсон учун ҳаёти дунёда ҳам, Охират диёрида ҳам нажотга эришишнинг, ҳалокатдан қутулишнинг бирдан-бир йўли - иймон, яъни, мўмин-мусулмон ҳолда ҳаёт кечириш эканини уқтиради.
Демак, одамзот ҳаётидаги барча ёмонлик, нопоклик, ҳақсизлик, турли фалокатлар ва ҳалокатлар, бир сўз билан айтганда, барча бахтсизликлар иймонсизликдан - Яратганга ишонмасликдан, Ундан қўрқмасликдан келиб чиқар экан. Бугина эмас! Одамларнинг иймонсиз - динсиз ҳаёт кечиришлари, Оллоҳдан қўрқмаганлари касофатидан нафақат уларнинг ўзлари, балки уларнинг атрофидаги ҳайвонот-у наботот ҳам, ҳатто сув ва ҳаво ҳам зиён тортиши, заҳарланиши аниқдир. Агар кишиларда иймон, диёнат бўлмаса, ҳеч қандай илмий, фанний тараққиёт уларнинг бахтли қила олмаслиги кўзимиз ўнгидаги ҳақиқатдир. Хусусан, осмон билан Ер ўртасида тез-тез содир бўлиб, бутун-бутун қишлоқ-шаҳарлар вайрон бўлишига, минг-минг одамлар қирилиб кетишига сабаб бўлаётган бўрон, тўфон, ёғин, ёнғин ва зилзила каби бало-офатлар ҳам зулм, зўравонлик, ваҳшиёна очкўзлик билан ерни, сувни, ҳавони булғаётган, заҳарлаётган иймонсиз кимсаларга Яратган томонидан мана шу ҳаёти дунёнинг ўзидаёқ берилаётган жазо-азоб эмасми?! Бас, одамзот учун бу каби фалокат ва ҳалокатлардан нажот топишнинг ягона йўли Иймон йўли экани аниқдир.
Ояти каримада Ҳақ таоло мўмин бандаларига нажот беришни “Бизнинг зиммамиздаги ҳақ - бурч” дейди. Ҳолбуки, барча мавжудот Ёлғиз Оллоҳ таоло олдида бурчдордир, аммо У Зот ҳеч кимнинг олдида бурчдор эмасдир. Маълум бўладики, Жаноби Ҳақ наздида Уни кўрмасдан туриб: “Оллоҳ Бор ва Бир”, деб иймон келтирган, Унинг элчиларига итоат қилган мўминларнинг иймонлари бениҳоя қийматли экан. Шунинг учун ҳам Меҳрибон Парвардигоримиз Ўз Фазлу Раҳмати билан: “Мўмин бандаларимга ҳар турли фалокат ва ҳалокатлардан, ҳар қандай душмандан нажот бериш Менинг зиммамдаги бурч бўлди”, деб марҳамат қилади.

104. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Эй инсонлар, агар сизлар менинг Динимдан шак-шубҳада бўлсангиз, бас (билингизки), мен сизлар Оллоҳни қўйиб сиғинадиган бутларингизга ибодат қилмайман, балки мен сизларнинг жонингизни оладиган Зотга (яъни, Ёлғиз Оллоҳга) ибодат қилурман. Ва мен мўминлардан бўлишга маъмурман (амр этилганман)”.
Ушбу ояти каримада Ҳақтаоло Ўз Элчиси Ҳазрати Муҳаммад сололлоҳу алайҳи ва саламга хитоб қилиб буюради: Эй Муҳаммад алайҳис-салом, қавмингиздан Мен Сизга ваҳий юборганимга ҳайрон бўлиб, ишонмай турган мушрикларга айтинг: “Эй инсонлар, агар сизлар менинг Диним Оллоҳ таоло ҳузуридан нозил қилинган Ҳақ Дин эканидан шубҳаланаётган бўлсангизлар, у ҳолда билиб олинглар - сизлар Оллоҳ таолога ибодат қилиш ўрнига ўзларингиз ясаб олган, ҳеч нарсани билмайдиган, кўрмайдиган, эшитмайдиган, ҳеч кимга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган консиз бутларга сиғинмоқдасизлар. Мен эса у сохта “илоҳларга” ҳеч қачон сиғинмайман. Балки мен Ўзи хоҳлаган вақтида жонларингизни оладиган, яъни, сизларга ҳаёт ва ўлим берадиган Ёлғиз Оллоҳга ибодат қиламан. Чунки менга мўмин бандалардан бўлиш - Танҳо Маъбуд бўлган Олтоҳ таолога ва У Зот менга нозил қилаётган Илоҳий ваҳийга иймон келтириш буюрилгандир.” (“Тафсири Табарий”дан).
Муфассирлар айтадилар: “Ояти каримада жамийки мушрикларга қарата ҳақли, мантиқий бир савол ўртага кўйилади, яъни, сизлар мусулмон инсоннинг ҳаёт ва ўлим бериш Қўлида бўлган Оллоҳга ибодат қилаётга-нидан шубҳаланиш ўрнига ўзларингизнинг ишларингиздан, яъни, кўлидан ҳеч нарса келмайдиган жонсиз бутларга сиғинаётганларингиздан шубҳалансангиз тўғрироқ бўлмайдими?! Ахир ақли-хуши жойида бўлган одам қандай қилиб тош ёки ёғочдан ўзи ясаб олган бутга: “Сен менинг илоҳимсан”, деб сиғиниши мумкин?! Қандай асос билан жонсиз тошдан ҳожатини раво қилишини сўраб дуо-илтижо қилиши мумкин?! Бас, эй мушриклар, агар шубҳаланадиган бўлсангизлар ўзларингизнинг мана шу на ақлга ва на нақлга тўғри келмайдиган ишларингиздан шубҳаланинглар! Сизларнинг барча иш Қўлида бўлган Оллоҳ таолога ибодат қилаётган мўминлардан, Дини Исломдан шубҳаланишларингиз эса тамоман ноўриндир, дейилгандек бўлади.”

105-106. Яна (менга Оллоҳ таоло шундай амр қилди: “Эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз Ҳақ Йўлдан) тойилмаган ҳолда юзингизни - ўзингизни Дин - Ислом учун тикиб қўйинг, ҳаргиз мушриклардан бўлманг ва Оллоҳни қўйиб, Сизга фойда ҳам, зиён ҳам етказа олмайдиган нарсага дуо-илтижо қилманг! Бас, агар (шундай) қилсангиз, у ҳолда албатта зулм қилгувчилардан бўлиб қолурсиз!»
Муфассир уламолар: ‘Тарчи ушбу оятларда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса-да, аслида у зотнингумматлари ирода қилинади”, дейдидар. (“Тафсири Қуртубий”). Ҳақиқатдан ҳам, Пайғамбар алайҳис-салом бутун ҳаётлари давомида Оллоҳ таоло буюрганидек, ўзларини Ҳақ Дин учун тикиб бошқа бирон динга эгилмасдан, бурилмасдан, бирон нафас ширк ёки зулм томонга мойил бўлмасдан, комил иймон билан Ёлғиз Оллоҳ таолога ибодат қилиб ўтдилар. Зотан, Ҳақ таоло Ўзининг Элчиси қилиб танлаган зот томонидан Ҳақ Динга тўғри келмайдиган бирон иш содир бўлиши мутлақо мумкин эмас эди. Бас, маълум бўладики, ушбу оятлардаги Илоҳий Фармонлар Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам орқали у зотнинг умматларига, яъни, ҳар бир мусулмон инсонга буюрилмоқда. Ҳақ таоло бу ўринда мусулмон бандасига ўзининг бутун ҳаётини Дини Ислом асосига қуришни, бошқа бирон динга мойил бўлмасдан бор умрини фақат Исломга бағишлашни, бирон ишда мушрикларга ўхшаб қолмасликни, яъни, Оллоҳни қўйиб, ҳеч қандай фойда ёки зиён етказа олмайдиган бут-санамларга дуо-илтижо қилмасликни буюради ҳамда агар инсон Оллоҳ таоло буюрганидек комил мусулмон бўлмасдан, У қайтарган ишларни қиладиган бўлса, у ҳолда албатта ўз жонига жабр қилган золим кимсалардан бўлиб қолиши аниқ экани ҳақида огоҳлантиради. Чунки бутун борлиқнинг Эгаси, Танҳо Маъбуди Барҳақ Оллоҳ таолога бирон сўз ёки ишда ширк келтирган кимса албатта золимларнинг золимидир. “Эсланг, Луқмон ўғлига панд-насиҳат қилар экан, деган эди: «Эй ўғилчам, Оллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк келтириш катта зулмдир.” (Лукмон сураси, 13-оят).

107. Агар Оллоҳ Сизни бирон зиён билан ушласа, уни фақат Ўзигина кетказа олур. Агар (Оллоҳ) Сизга бирон яхшилик (етказиш)ни ирода қилса, Унинг Фазлу Марҳаматини қайтара олгувчи йўқдир. У бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларга яхшилик етказур. У Мағфиратли, Меҳрибондир.
Юқоридаги оятлар мазмунини таъкидловчи ушбу ояти каримада бандаларга яхшилик ёки ёмонлик, манфаат ёки зиён етказиш Ёлғиз Оллоҳнинг Қўлида экани, бу ишларда Унга ҳеч ким шериклик қила олмаслиги, демак, ибодат қилинишга мустаҳиқ бўлган Зот ҳам Танҳо Оллоҳ таолонинг Ўзи экани уқтирилади. Бас, ҳеч кимга фойда ҳам, зиён ҳам, етказа олмайдиган бут-санамларга топиниб дуо-илтижо қилиш, у жонсиз нарсаларни Тенгсиз Қудрат Эгаси бўлган Оллоҳ таолога шерик деб эътиқод қилиш ақлли инсонларнинг иши эмасдир.
“Агар Оллоҳ Сизни бирон зиён билан ушласа, уни фақат Ўзигина кетказа олур.”
Ояти каримада гарчи Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилинган бўлса-да, барча инсонлар назарда тутилади. Ҳақ таоло қай бир киши ўзининг қилган гуноҳи сабабли Оллоҳ таоло томондан касал-лик, камбағаллик ёки шу каби бошқа бирон зиён-мусибатга гирифтор қилинса, у зиёндан қутулишнинг бирдан-бир йўли Оллоҳ таолога тавба қилиб, гуноҳ ишлардан тийилиш эканини, ана шунда, Мағфиратли, Меҳрибон Парвардигорнинг Ўзи у кимсанинг бошига тушган балони кетказишини таъкидлайди. Банданинг бошига бало-мусибат келишига фақат унинг қилган қилмиши сабаб бўлиши ҳақида бошқа бир оятда шундай дейилади: “(Эй инсонлар), сизларга не бир мусибат етса, бас, ўз қўлла-рингиз қилган нарса - гуноҳ сабабли (етур). Яна У кўп (гуноҳларнинг жазосини бермасдан) афв қилиб юборур.” (Шўро сураси, 30-оят).
“Агар (Оллоҳ) Сизга бирон яхшилик (етказиш)ни ирода қилса, Унинг Фазлу Марҳаматини қайтара олгувчи йўқдир. У бандаларидан Ўзи хоҳлаган кишиларга яхшилик етказур. У Мағфиратли, Меҳрибондир.”
Ояти кариманинг ушбу жумлаларида Оллоҳ таоло бандасига Ўз Фазлу Марҳаматини кўргазиб, гарчи банда лойиқ бўлмаса-да, унга диний ёки дунёвий яхшилик - офият, барака ва ғалаба каби неъматлар ато этишни ирода қиладиган бўлса, у неъматларни ҳеч ким тўса олмаслиги таъкидланади ва бандалардан кимга Фазл-Марҳамат кўргазиш Ёлгиз Оллоҳнинг инон-ихтиёридаги иш экани уқтирилади. Демак, ҳар бир инсон зиён -ёмонликлардан омонда бўлиш учун ҳам, яхшиликка - Илоҳий Фазлу Марҳаматга эришиш учун ҳам гуноҳлардан тавба қилган бандалари учун Мағфиратли, тоат-ибодат қилгувчи бандалари учун Марҳаматли Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ёлғиз Ўзига дуо-илтижо қилиши лозимдир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам: “Бутун умрингиз бўйи яхшилик сўраб дуо қилинглар, Парвардигорингизнинг Фазлу Марҳаматига кўз тутинглар! Албатта, Оллоҳ таолонинг Ўз Файзу Раҳматидан бўлган шундай ҳадялари бордирки, уларни Ўзи хоҳлаган бандаларига етказур. Ва доимо Оллоҳ таолодан сизларнинг аврат - камчиликларингизни беркитишини, хавфу хатарлардан паноҳ беришини сўранглар”, деб буюрдилар. (Ҳофиз ибн Асокир ривояти. “Тафсири Мунийр” китобидан).

108. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), айтинг: «Эй инсонлар, аниқки, сизларга Парвардигорингиздан Ҳақ - Куръон келди. Бас, ким Тўғри Йўлга юрса, фақат ўз фойдасига юрган бўлур. Ким (у Тўғри Йўлдан) адашса, фақат ўзининг зиёнига адашган бўлур. Мен сизларнинг устингизда вакил - қўриқчи эмасман».
Яъни, эй Муҳаммад алайҳис-салом, Сиз барча инсонларга - Сизни кўриб, сўзларингизни эшитиб турган замондошларингизга ҳам, шунингдек, Сизнинг даъватингиз етиб борадиган, кейинги асрларда дунёга келадиган инсонларга ҳам мана шу Сўзни етказиб қўйинг: “Эй инсонлар, сизларга барча оламларнинг Эгаси бўлмиш Оллоҳ таоло томонидан нозил қилинган, ҳар бир калимаси Ҳақ бўлган, сизларга Ҳақ Йўлни кўрсатадиган Ҳақ - Қуръон келди. Бас, ким ушбу Китоб Каломуллоҳ эканига иймон келтириб, У кўрсатиб берган Тўғри Йўлга юрса, ўзи учун манфаатли йўлга юрган бўлур. Чунки ушбу Китоб кўрсатган соф Исломий ақийдага эга бўлган, У буюрган амалларни қилган, У қайтарган ишлардан ўзини тийган инсон ҳаёти дунёда ҳам, Охират диёрида ҳам шак-шубҳасиз бахт-саодатга эришади.
Аммо ким ушбу Китоб кўрсатган Ҳидоят Йўлини тарк қилиб залолат йўлини танласа, яъни, Ёлғиз Оллоҳга ибодат қилмай, турли-туман бут-санамларга сиғинса, қаттиқ адашган бўлади ва бу адашиши сабабли унинг ўзи зиён тортади. Мен сизларнинг устингизда вакил эмасман, яъни, менинг зиммамдаги вазифа сизларнинг устингизда қўриқчилик қилиб, сизларни зўрлаб иймон йўлига киритиш эмас, балки мен фақат сизларнинг орангиздаги Ҳақ Йўлдан юз ўгирган ва мени ёлғончи қилган кимсалар учун Оллоҳнинг азоби борлиги ҳақида огоҳлантиргувчи, Ҳақ Йўлга юрган инсонларга жаннат хушхабарини бергувчи бир элчидир-ман холос”.
Ояти карима мазмунидан аниқ маълум бўладики, одамларнинг Ҳақ таоло томонидан нозил қилинган Ҳақ Каломга иймон келтириб, Ҳақ Йўлга юришларидан Оллоҳ таоло манфаатдор эмас, балки ана ўша мў-минларнинг ўзлари манфаат кўрадилар, шунингдек, одамлар Ҳақ Йўлни тарк этиб, залолат йўлини танлашларининг Ҳақ таолога ҳеч қандай зиёни йўқдир, балки бу қилмишларидан ана ўша кофирларнинг ўзлари зиён кўрадилар.
Инсонлар мана шу Ҳақиқатни англашга ўта муҳтож бўлганлари сабабли Оллоҳ таоло Ўз Китобида бу мавзуга оид оятларни бир неча сураларда қайта-қайта нозил қилди: “Эй инсонлар, бу Элчи сизларга Парвардигорингиздан Ҳақ (Дин)ни келтирди. Бас, иймон келтирингиз, ўзингиз учун яхши бўлур. Агар кофир бўлсангизлар (ўзингизга зарар қиласиз, холос). Зеро, Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Оллоҳникидир. Оллоҳ Билим ва Ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир.” (Нисо сураси, 170-оят).
Юқорида ўтган оятлардан Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳақ Пайғамбар эканликлари аён бўлгач, ушбу ояти каримада Ҳақ таоло барча инсонларга хитоб қилади ва уларни Ўзининг бандаси ва Расули Муҳаммад алайҳис-салоту вас-саломга иймон келтиришга буюради, у зот инсониятга Парвардигорлари Оллоҳ таоло томонидан Ҳақ Динни келтирганини айтади ва иймон келтириш уларнинг ўзлари учун яхши эканини таъкидлайди. Дарҳақиқат, Оллоҳ ва Унинг Расулига иймон келтириш инсонни моддий ва маънавий нопоклик, кирликлардан поклайди, унинг дунё ва Охиратда бахтли-саодатли ҳаёт кечиришига сабаб бўлади.
Пайғамбар алайҳис-саломга нозил бўлган Қуръони Азим оятларини тадаббур қилган киши у зотнинг Ҳақ Пайғамбар эканликларига аниқ ишонч ҳосил қилади. Чунки у Азиз Китобдаги ўтмиш ва келажак ҳақидаги ғайб хабарлари, Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Зоти ва Сифатлари хусусидаги оятлар, Қиёмат Куни, ҳисоб-китоб, жаннат, дўзах тўғрисида келган хабарлар Ёлғиз Оллохдан ўзга ҳеч кимга маълум бўлмаган, фақат ваҳий орқали Унинг Элчисигина етказа олиши мумкин бўлган хабарлардир.
Энди Каломуллоҳдаги буюрилган ишлар - яхшиликка, савобга, сало-ҳиятли бўлишга, Тўғри Йўлга, адолатли бўлишга, чиройли амал қилишга, ростгўй бўлишга, қариндош-уруғни йўқлашга, гўзал хулқли бўлишга... чақириқлар; ёмонлиқцан, бузуқликдан, зулмдан, зўравонликдан, ёмон хулқдан, ёлғондан, ота-онага оқ бўлишдан... қайтаришлар - буларнинг барчаси Қуръони Карим Билим ва Ҳикмат Эгаси бўлган Оллоҳ таоло томонидан келган Ҳақ Китоб эканига ҳеч ким рад қила олмайдиган равшан далиллардир.
Банданинг илму тафаккури кучайган сари, Қуръонни яхшироқ англагани сари унинг иймон ва ишончи ҳам қувватлана боради. Иймон эса мўминлар учун Оллоҳ таоло томонидан ато этилган энг буюк неъматдир. “Бас, иймон келтирингиз, ўзингиз учун яхши бўлур”. Иймон мўминларнинг баданлари учун ҳам, қалблари учун ҳам, руҳлари учун ҳам, дунёлари учун ҳам, Охиратлари учун ҳам яхшидир. Ҳозир ёки келажакда савоби тегадиган ҳар қандай амал - иймон мевасидир. Нусратга, Ҳидоятга, фойдали илмга, солиҳ амалга, бахт-саодатга, жаннатга ва ундаги неъматларга, энг Буюк Неъмат бўлмиш Оллоҳнинг дийдорига - буларнинг барчасига фақат иймон билан етиш мумкин.
Аммо иймонсиз кимса эса дунёда ҳам, Охиратда ҳам бахтсиз бўлади. Киши қалбидаги иймони сабабли қандай яхшиликларга етса, иймонсиз кимса уларнинг барчасидан маҳрум бўлади ва бунинг устига инсон зотига нолойиқ бўлган иллатларга мубтало бўлади, яъни, кимсанинг иймонсизлиги унинг ўзига зиёндир. Оллоҳ таоло эса унинг иймон келтиришига муҳтож эмас, У барча оламлардан Беҳожат Зотдир.
“Агар кофир бўлсангизлар (ўзингизга зиён қиласиз холос). Зеро, Осмонлардаги ва Ердаги бор нарса Оллоҳникидир”. Яъни, осмонлар ва Ердаги ҳамма жонли-жонсиз мавжудотни Унинг Ўзи яратган ва уларнинг барчаси Унинг тасарруфидадир. Бас, Унга кофирнинг куфридан, зулмидан, жиноятидан бирон зиён етмас. Бу хусусда яна шундай ояти карима бор: “Мусо яна деди: «Агар сизлар ўзингиз ва Ер юзидаги барча кишилар кофир бўлсангизлар ҳам (Оллоҳга бирон зиён етказа олмайсизлар). Зеро, Оллоҳ (сизларнинг шукр қилишингиздан) Беҳожат, ҳамду сано Эгасидир». (Иброҳим сураси, 8-оят).
“Оллоҳ Билим ва Ҳикмат Эгаси бўлган Зотдир”.
Бас, У ким ҳидоят ва иймон неъматига лойиқ эканини жуда яхши билади ва уни ҳидоят қилади ҳамда ким залолатга лойиқ эканини ҳам жуда яхши билади ва уни тўрт кунлик ҳаёти дунёда адашиб-улоқиб юришига кўйиб бериб, кейин мангу Охират азобига гирифтор қилади.

109. (Эй Муҳаммад алайҳис-салом), ўзингизга ваҳий қилиб юборилаётган нарсага (яъни, Илоҳий Амру Фармонларга) эргашинг ва то Оллоҳ Ўз Ҳукмини қилгунича, (даъват йўлидаги машаққатларга ва кофирлар томонидан етадиган озорларга) сабр қилинг! У Зот ҳукм қилгувчиларнинг энг Яхшисидир.
Сура хотимаси бўлган ушбу ояти каримада Ҳақ таоло Ўзининг Элчиси Ҳазрати Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга хитоб қилиб, ҳар бир ишда - эътиқодда ҳам, амалда ҳам, даъватда ҳам фақат ўзларига ваҳий қилинаётган Қуръон оятларига эргашишларини, яъни, одамларни нимага даъват қилаётган бўлсалар, қандай ақийда устида бўлишга, қандай амалларни қилишга чақираётган бўлсалар, ўзлари ҳам мукаммал тарзда ўша даъватларига амал қилишларини буюради. Демак, Дини Ислом фақат чиройли, таъсирли сўзлар сўзлашни эмас, балки ўша айтилган сўзга амал қилишини буюрадиган Диндир. Қуръони Азим Ҳақ Йўлга даъват қилгувчи кишидан унинг ўзи ўша Йўлда одамларга пешқадам бўлишини талаб қилади. Хусусан, Ҳақ таоло нозил қилган ваҳийни инсонларга етказаётган Элчига ана ўша Илоҳий ваҳийга амал қилишда барчага улгу - ибрат бўлиш буюрилди. Бас, Расулуллоҳ соллоллоху алайҳи ва саллам ўз элчилик вазифаларини қандай мукаммал тарзда адо этган бўлсалар, ўша ўзлари даъват қилган Буюк Дин аҳкомларига амал қилишда ҳам барча мусулмонлар учун ибрат бўлдиларки, Жаноби Ҳақ: “(Эй мўминлар), албатта сизлар учун Оллоҳнинг Элчисида гўзал намуна бордир”, деб у зотни шарафлади. (Аҳзоб сураси, 21-оят).
Шунингдек, Пайғамбар алайҳис-саломга то Оллоҳ таолонинг Ҳукми билан Дини Ислом ғолиб бўлгунича даъват машаққатларига ва мушриклар етказаётган озор-азийятларга сабр қилиш, қанчалар қийин бўлмасин, зиммаларидаги элчилик вазифаларини адо қилиб, ҳокимларнинг энг Яхшиси бўлмиш Оллоҳ субҳонаҳу ва таолонинг Ҳукмини кутиш буюрилди. Албатта, Расулуллоҳ соллоллоҳу ва саллам Яратганнинг Амрига итоат этдилар ва сабр қилишда барча инсонларга буюк ибрат бўлиб қолдилар. Оллоҳнинг Ҳукмига рози бўлиб, бало-мусибатларга сабр қилиб, охир-оқибатда Оллоҳ таоло ваъда қилган нусрат-ғалабага эришдилар. Аммо у ёруғ кунларга етгунларича мушрик-кофирлар томонидан не-не кулфатларга, озор-у азиятларга йўлиқмадилар! Ана ўша оғир кунлардан бири ҳақида Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу ривоят қилади: “Биз Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга Масжидул-Ҳаромда эдик. У Зот намоз ўқиётган эдилар. Мушриклар ўша жойда бир туяни ўзларининг бутларига атаб қурбонлик қилишган ва унинг қорин, ичаклари қолган эди. Абу Жаҳл: “Қайси бирингиз мана бу нажосатни олиб бориб Муҳаммаднинг устига ташлай олади?” деган эди, Уқба ибн Абу Муайт ўрнидан турди-да, ҳалиги қоринни олиб бориб сажда қилаётган Пайғамбар алайҳис-саломнинг устларига ташлади. Бу ҳолни кўриб турган мушриклар кула-кула бир-бирларига суялиб қолдилар. Биз энди ўрнимиздан қўзғалганимизда Фотима розияллоҳу анҳо биздан олдин чопиб келиб оталари устидан уни олиб ташлади ва мушрикларни лаънатлади”. (Насоий ривояти).
Ҳазрати Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Оллоҳ таолонинг Амри билан бу каби озорларга сабр-тоқат қилдилар ва асҳобларига ҳам сабр қилишни буюрдилар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Ушбу ояти карима нозил бўлганида Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ансорий саҳобаларни йиғиб: “Сизлар мендан кейин айрим одамлар томонидан албатта худбинликларга дуч келасизлар. Бас, то Ҳавзи Кавсар устида мен билан учрашгунларингизча сабр қилинглар”, деб марҳамат қилдилар. (Буҳорий ривояти).
Алҳамдулиллоҳ, Оллоҳ таолонинг мадади билан Юнус сурасининг тафсири ўз ниҳоясига етди.

Яна мақолалар...

  1. 114. Нос сураси
Switch mode views:
  • Font size:
  • Decrease
  • Reset
  • Increase